"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Михаил Зошченко. Кулфат (ҳикоя)

Ўқилди: 866

Zoschenko 400Гнилие Прудки қишлоғилик Егор Иванич, фамилияси Глотов, от оламан, деб икки йил пул йиғди. Қорни тўйиб овқат емади, тамаки чекишни ташлади, қўлбола ароқнинг эса таъмини ҳам унутди. Яъни худди пичоқ билан кесиб ташлагандай. Егор Иванични ўлдирса ҳам унинг мазасини эслай олмайдиган бўлиб қолди.
Бир-бир албатта, уни ёдига туширгиси келарди. Аммо эркаклиги тутиб кетиб, иродасини мустаҳкамларди. Отнинг қанчалик зарурлигини эса айтишнинг ҳам ҳожати йўқ.
“Аввал отни олай, – деб ўйларди, – ўшанда ичарман. Хотиржам бўлинглар”.
Бу деҳқон боласи икки йил маблағ жамғарди ва учинчи йилга ўтганда сармоясини санаб чиқди ҳамда йўлга чиқишга тараддуд кўришга киришди.
Энди кетаман, деб турганда эса қўшни қишлоқдан бир одам Егор Иваничнинг олдига келиб, ўзининг отини сотиб олишни таклиф қилди. Лекин Егор Иванич бу таклифни рад этди. Ҳатто чўчиб ҳам кетди.
– Йўқ, йўқ, отахон! – деди у. – Мен икки йил емай-ичмай пул йиққанман – от сотиб оламан, деб. Энди эса тўсатдан – “ма, ол отни”. Буни харид деб ҳам бўлмайди… Йўқ, мени қўрқитмай қўяқол, биродар. Яхшиси, шаҳарга бораман. Шунда ҳаммаси чинакамига бўлади.
Ниҳоят, Егор Иванич йўлга отланди. Пулини пайтава орасига тиқиб, этигини кийди, таёқни қўлига олди ва жўнади.
Бозорда эса Егор Иванич дарҳол битта отни ёқтириб қолди.
Бу оддий деҳқон оти эди. Қорни ўта шишган, ранги мавҳумроқ – қуриган лой ва гўнг тусида.
Сотувчи унинг ёнида турар ва ўзини отини сотиб олишлари ёки сотиб олмасликлари қизиқтирмаётгандай қилиб кўрсатарди.
Егор Иванич оёғини этик ичида қимирлатди, пулни пайпаслаб кўрди ва отга меҳр билан боқаркан, шундай деди:
– Бу қанақаси, азизим, отни нима дейди, сотамизми ёки йўқми?
– Отними? – писанд қилмай савол берди сотувчи. – Майли, сотармиз ҳам. Албатта, сотаман.
Егор Иванич ўзини отга эҳтиёжи йўқ қилиб кўрсатмоқчи эди, бироқ чидаб туролмади ва юз-кўзи кулиб, шундай деди:
– Азизим, от менга шундай зарурки… Сув ва ҳаводай. Камина, азизим, уни сотиб олиш учун уч йил похол кавшади. От менга ўта зарур… Бироқ отнинг нархи қанча? Фақат келиштириброқ айт.
Сотувчи баҳосини айтди, Егор Иванич эса бу нарх узил-кесил эмаслигини билганидан олди-сотди қоидаларига биноан баҳсга киришмади. У отни кўздан кечиришга тушди. Туйқусдан жониворнинг кўзлари ва қулоқларига пуфлади. Ке¬йин қошини учириб, тилини тақиллатиб, шундоққина отнинг калласи олдида бошини сарак-сарак қилди ва ювош отни шундай чўчитиб юбордики, у шу пайтгача жим тургани ҳолда аста-секин, аммо оёқларини Егор Иваничга тегизишга уринмай, депсина бошлади.
От кўздан кечириб бўлингач, Егор Иванич яна этиги ичидаги пулни пайпаслади ва сотувчига кўз қисиб, сўз қотди:
– Демак, от сотилади-а?
– Сотса бўлади, – деди сотувчи бирмунча ранжиб.
– Хўш, нархи қанча энди? Неча пул-а бу от?
Сотувчи нархни айтди. Шу заҳоти савдолашиш бошланди.
Егор Иванич қўнжига кафти билан ураркан, икки марта этигини ечиб, пулни олди ва икки бор кийди, чўқинди, қўли билан кўз ёшларини артди, олти йил похол чайнаганини ва от унга суву ҳаводай зарурлигини айтди. – Сотувчи нарх¬ни оз-оздан туширарди.
Ниҳоят, савдо пишди.
– Бўпти, олақол, – деди сотувчи, – Яхши от. Гавдаси ҳам катта, ранги, эътибор бергин, жуда жозибали.
– Рангими… Азизим, мен отнинг рангини зўр дея олмайман, – сўз қотди Егор Иванич. – Ранги унчалик эмас… Нархни яна тушир.
– Ранги сенга нима қилиб берарди? – деди сотувчи. – Рангида ер ҳайдармидинг?
Бу далил Егор Иванични тамоман мот қилди, у отга назар ташлади, телпагини ерга урди, оёғи билан тепкилади ва қичқирди:
– Бўпти, бор барака!
Сўнгра тош устига ўтирди, этигини ечди ва ақчани чиқарди. У пулни узоқ ва афсусланиб санади ҳамда сотувчига бошини сал четга бурган ҳолда узатди. Унинг пулларини акашак бармоқлар битта-битта санаётганлигини кўриб юраги эзилди.
Ниҳоят, сотувчи пулни телпаги ичига яширди ва унга “сиз”лаб мурожаат қилди.
– От сизники… Олиб кетаверинг…
Егор Иванич жониворни етаклади. У тантанавор одимлар, тилини тақиллатар, отни Маруська деб атарди. Майдонни кесиб ўтгандан ва ёндаги кўчада юриб кетаётгандагина ўзининг ҳаётида қандай воқеа юз берганини англади. У туйқусдан бошидан телпагини олди ва қандай қувлик билан ҳамда оқилона савдолашганини эслаб шодлигидан уни оёқлари билан депсий кетди. Ке¬йин хурсандлигидан қўлларини силкитганича пўнғиллади ва йўлида давом этди.
– Сотиб олдим!.. Отни-я… Вой онажоним-эй!.. Алдадим-а… Сотувчини-я…
Хурсандчилиги бироз пасайгач, Егор Иванич мийиғида кулганича йўловчиларга кўзини қисиб, уларни ўз харидига назар ташлашга таклиф этарди. Аммо йў¬ловчилар парво қилмай ўтиб бораверардилар.
“Бирдамлик учун бирон ҳамюртимни учратсам ҳам бўларди… Бирдамлик учун бирон ҳамюртимни…” – хаё¬лидан ўтказди Егор Иванич.
Тўсатдан у узоқроқ қишлоқдаги кўзга яқин бир одамни кўриб қолди.
– Қариндош! – қичқирди Егор Иванич. – Қариндош, тезроқ бу ерга кел!
Қорачароқ одам истар-истамас яқинлашди ва саломлашмасдан ҳам отга боқди.
– Мана… мен шу отни сотиб олдим, – деди Егор Иванич.
– От, – деди у одам ва нимани сўрашни билмай қўшиб қўйди: – Демак, аввал сенинг отинг йўқмиди?
– Ҳамма гап шунда-да, азизим, – деди Егор Иванич. – отим йўқ эди. Агар бўлганда вайсаб ўтирармидим… Юр, сени меҳмон қилгим келяпти.
– Эриркансан-да, демак-а? – сўради ҳамюрти жилмайиб. – Майли. Қаршилигим йўқ, борамиз. Қаерга, “Ягодка” қовоқхонасигами?
Егор Иванич бош силкиди, қўнжига шалоплатиб урди ва ортидан отни эргаштирди. Ҳамюрт олдинда борарди.
Бу воқеа душанбада юз берди. Чоршанба куни эрталаб эса Егор Иванич қишлоққа қайтмоқда эди. Ёнида от кўринмасди. Қорачадан келган киши уни немислар яшайдиган қасабагача кузатмоқда.
– Сен хафа бўлма, – дерди у. – Аввал отинг йўқ эди, бу ҳам от эмас. Сотиб, пулини ичиб қўйибсан – шунга нима бўпти? Эвазига, биродар, хари¬динг¬ни ювдинг. Энди бир умр эслаб юрасан.
Егор Иванич узун сар¬ғайган шалоғини туфлаганича жим борарди.
Қасабага етгандан сўнг ҳамюрти хайрлаша бошлагандагина Егор Иванич оҳиста тилга кирди.
– Мен эса азизим, икки йил беҳуда похол ебман-да…
Ҳамюрти аччиқланиб қўл силтади ва ортга қайтди.
– Тўхта! – тўсатдан қаттиқ ва даҳшатли овоз билан ўкириб юборди Егор Иванич. – Тўхта! Амаки… азизим!
– Сенга нима керак? – жиддий сўради у.
– Амаки… азизим… иним, – деди киприкларини пирпиратиб Егор Иванич. – Бу қанақаси? Ахир икки йил беҳуда похол ебман-да… Нега… Нега энди… вино сотишади?
Ҳамюрти қўл силтади ва шаҳарга йўл олди.

Русчадан  Нурбек Абдуллаев таржимаси

Сайт бўлими: Жаҳон насри

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ