"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Алексaндр Сергeевич Пушкиндан янги таржималар

Ўқилди: 1 204

Pushkin 400Уйғониш

Орзулар, орзулар
Қани у тотингиз?
Тунги шод туйғулар
Қайларда қолдингиз?
Ғойиб бўлди бари,
Ширин туш лаззати,
Яна қалбим сари
Тунларнинг зулмати
Босганда уйғондим.

Атрофга чойшабин
Ёйганда соқов тун.
Лаҳзада у салқин,
Ғойиб бўлди бутун
Шарпалар билан жим
Хаёлдаги севгим.
Ҳали-ҳамон лим-лим
Қалбимда истагим
Ёритар тушларим
Ўшал хотираларим.

Муҳаббат, дилрабо
Қилгайман илтижо:
Яна этгил ато
Сирли бир туш гўё,
Турайин субҳидам
Дилда завқ бир олам,
Майлига ўлсам ҳам
Уйғонмай ўшал дам.

1816
Қадаҳ сўзи

Қаҳрабо қадаҳ
Лиммо-лим азал,
Мавжлари фараҳ
Май ёнар ял-ял.
Дунёга тенгсиз
Дилга, не қилай;
Ким учун дейсиз
Майни сипқорай?

Шон-шараф учун
Ичайинми ё,
Ҳарб-у жанг нечун,
Эмасмиз ошно.
Улар шодликни
Шод этмайдилар,
Карахт дўстликни
Дўст тутмайдилар.

Аҳли самолар,
Феб куйчилари,
Фебга дуолар
Куйчилар, қани!
Ўйноқи тошлар
Лутфи – фалокат;
Иппокрен тошар
Сув эрур фақат.

Навқирон севги
Бахтига олинг –
Ёшлик ўткинчи,
Дўстларим менинг…
Қаҳрабо қадаҳ
Азал лиммо-лим.
Кўнглимда фараҳ –
Май учун олгум.

Альбомга

Муҳаббат ўткинчи, истаклар сўнар;
Бизларни ажратар бешафқат кунлар;
Ким эслар висолнинг сирли дамларин
Ўтмиш йиллар орзу ва ҳайратларин?..
Хотир саҳфасига, берсайдинг изн
Қолдирсам ўзимнинг шунчаки изим.
1817
Касалхона деворига ёзув
Мана бунда ётар талаба бемор;
Қил устида турар тақдири, илло.
Унга бошқачароқ бир малҳам даркор:
Муҳаббат азоби – дарди бедаво!

1817

Қария

(Мародан)

Энди ўша ошиқ эмасман, жўшқин,
Киборлар оламин ҳайратга солган.
Менинг гўзал баҳор ва оташ ёзим
Ўтиб кетди, ҳатто на изи қолган.
Навқирон ёшликнинг маъбуди Амур!
Содиқ хизматингни қилди камина;
Оҳ, қайта туғилса эди бу фақир,
Бошқачароқ хизмат қиларди яна!
1813-1817
* * *

Кечки ибодатдан қайтарда, оқшом
Пўм чиқди Антипьева Марфуша билан;
Антипьева қизишиб кетдики чунон:
“Тўхта,– қичқирди у,– чиққансан йўлдан,
Ўйлайсан, унутиб бўлган деб мени:
Ҳов, ўша кечани, овлоқда дайдиб…
Деҳқон Ванюшка-чи, ўйнашинг сени?
Барини эрингга бераман айтиб!”
–Аввал ўзингга боқ! – Марфуша бийрон:
–Ванюша не бўпти? Ҳали бола-ку;
Қуданг Трофим-чи, уйингда пинхон
Кеча-кундуз? Бутун шаҳар билару…
Жим, эгачи: сен ҳам мендай гуноҳкор,
Ҳар нарсани вайсаб, ранжитма мани;
………………….. чўпини кўрасан, беор,
Кўрмайсан ўзингда турган ходани.
1813-1817

Янгилик

– Янгиликлар борми? “Худо ҳаққи, йўқ”.
– Йўқ, алдама: бари сенга аён-ку,
Уят, ўртоғингга кўзинг қилиб лўқ
Ағёрдай, доимо дилинг пинҳон-ку,
Хафамисан мендан ё, оға, узр?
Ўжар бўлма: менга битта гап айт, бас…
“Оҳ, мени тинч қўйгин, билганим шудир:
Аҳмоқсан, бу эса янгилик эмас.”

1813-1817

* * *

Кечиринг, вафодор эманлар!
Кечир, сокин далалар бағри.
Ҳавойи дилхуши замонлар
Ҳаётимнинг чопқир кунлари!..
Кечир, Тригорск, бахт мени
Доим қарши олган эй, макон!
Меҳрингизни кеч англадимми
Сизни мангу тарк этажак он?
Сизни олиб кетгум хаёлда
Аммо шунда қолгайдир қалбим.
Балки (ширин орзум хаёлда!)
Далаларга мен яна қайтгум,
Тригорск ёнбағирлари
Ҳам серсоя жўказор бағри,
Ақл, шодлик, гўзаллик сари,
Эрк ва дўстлик ошиғи каби.

1817-1820

Тугатилмаган сурат

Қай тафаккур топди ҳайратда, бешак,
Англаб етди чин гўзаллик сирини?
Кимнинг мўйқалами чизди, о фалак,
Илоҳнинг самовий мўжизаларини?

Сен, даҳо!.. Муҳаббат азоби аммо
Уни маҳв этди. Нигоҳлар шунда
Ўзи яратганга бўлди маҳлиё
Ва сўнди юракда ёнган гулханда.

1819

Рус тилидан Ҳумоюн Акбар таржималари

Сайт бўлими: Жаҳон шеърияти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ