"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Николай Ильин. Қалбимда юксалар камалак тоғи

Ўқилди: 814

Ильин

* * *
Ярқирар олисдан тоғларинг азим,
Тоғлар этагида шарқирар дарё.
Бағрингда умрбод қоламан шаҳрим,
Гўзал гулбоғларинг кездим бебаҳо.

Барглар ҳаяжондан куйлар жўравоз,
Ариқлар шилдирар ажиб оҳангда.
Шаҳрим, бир умрга созларингга соз,
Торларингга торман, рангингга рангдай.

Боқсам қуёшингга, очилар баҳрим,
Жой қолмас кўнгилнинг кемтикларига.
Бағрингда бир умр қоламан, шаҳрим,
Мангулигинг сингган битикларимда.

Қор

Қор остида майсалар яшил,
Қор остида япроқлар қизғиш.
Қовжираган поялар хил-хил,
Қор остида шохлар кўрган туш
Мовийлашган осмонда кезар,
Бунда эса: мен, сен, сиз, бизлар.

Қор остида оқаради соч,
Изтиробу ҳавас ва ҳасад.
Очилади моҳият қийғоч,
Бунда эса: мен, сен, сиз, бизлар абад –
Ҳақ бўлсак ҳам, ноҳақ бўлсак ҳам…

Ҳақ бўлсак ҳам, ноҳақ бўлсак ҳам…

Варақлаб болалик китобларини

Менинг эриб кетган болалик чоғим
Синггиди бўялган варақларга жим.
Қалбимда юксалар камалак тоғи,
Субҳидам қушларнинг куйлари сим-сим.
Ярқирайди ҳарир тонг кўзида ўт,
Паяндоз, гиламлар узра тўкиб зар.
Пилта ниналардан ўтади милт-милт,
Бувимнинг тилидан тушмас эртаклар.

* * *
Ишонманг қуёшли баҳорга,
У сизни сеҳрлаб аврайди.
Туш бағрига чўкманг бекорга –
Надоматлар сизни қайрайди.

Бироқ сизни алдамайди куз,
Аямайди нур, оҳангларни.
Офтоб ташлаб қўяр бир қур кўз,
Ярқиратиб заҳил рангларни.

Косино
(Онамнинг қишлоғи)

Бир қишлоқ бор даласи яшил,
Унда баҳор, кетмас ажиб ёз.
Субҳидамдан бошлайди булбул
Қалин қуюқ бутоқларда соз.

Тарк этмайди уни оқ тонглар,
Майсалар бош кўтарар бесас.
Болаликнинг завқини тинглар
Ундан азиз макон топилмас.

Одамлари оддий, соддадил,
Яшар ўтмиш, ёшарар бугун.
Тиним билмас вақт – бамисли ел
Фақат бунда собит, тинч, беун.

Кўз ўнгимга қадрдон чеҳра –
Онам келар, қондошлар, сокин.
Кунлар нурдан олишар баҳра,
Пилталарда товланар бетин.

Бўлмаганман унда, эҳтимол,
Боролмасман, шу лаҳзаларда.
Соғинчларим янграр безавол
Болаликнинг лаҳжаларида.

Барча йўллар келади ундан –
Йўл топилмас етгали унга!..

* * *
Бир зумда қўлингдан кетмоқлиги бор:
Оила, мол-дунё, амал ва унвон –
Шундай, бу тақдирнинг сийлови бисёр.
Фикрларинг жамла-да, тингла, бегумон
Сенда яшаётган вақт урмоқда бонг.

Аввал – охир улуғ донишманд абас
Ажрим қилиб қўйган, аён бу қисмат:
Меники деганинг – сеники эмас,
Ягона улушинг – сенга насиб вақт.

* * *

Ёшимга ёш қўшилар, шошилмайман, лек,
Қаршимда – мангулик, у ермас, бунда.
Мени кутаётир ажиб гўзаллик,
Туганмас юмушлар елкангда, бундан.

Мен синиб кетмайман, енголмайди дард,
Дунёларим ичра дунё тутаман.
Борлиғим, руҳимга юқтирмайин гард,
Қариш нималигин билмай ўтаман.

Куйлайман, қураман, қаламим – шайдо,
Дўстлик, муҳаббатсиз кўнглим тўлмайди.
Эҳтимол, ошиқлик ярашмас, аммо,
Ҳаётда севмасдан яшаб бўлмайди.

Рус тилидан
Ойгул СУЮНДИҚОВА таржимаси

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Жаҳон шеърияти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ