"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Санжар Турсунов. Бобомнинг ҳикмати (ҳикоя)

Ўқилди: 1 083

SONY DSCҲаётнинг топишмоғини ҳар ким ўзича ечади. Ер юзида қанча одам бўлса, шунча ҳаёт, ва ўз ҳикмати бор. Бобом бир сўзни кўп айтарди: От минган ҳам йўл сўрайдими?..

Бир сафар, унда бола эдик, момом мен билан амакимнинг ўғлини ёнига чақириб майиз, қанд-қурс бераркан, шундай деди:

— Кеча бобонгни хафа қилиб қўйдим. Бечора тонггача йиғлаб чиқди. Эрталаб ҳеч бало емади. Бориб қаранглар-чи, қайёқларга ғойиб бўлдийкан.

Биз югуриб кетамиз. Кўчада, Сафар бобонинг уйи олдида суҳбатлашиб ўтиришган экан.

— Бобо кеча йиғладингизми? — дедик. Бобомнинг жавобини кутмасдан яна гапирдик. — Момом айтди, эрталабдан қаёққадир ғойиб бўлган экансиз…

Ўшанда бобом бизга пул бериб шундай дегандилар:

— Бориб сақич об чайнанглар, зора оғизларинг бир оз ёпилса. Ҳа, кейин момонгга айтгин, ўладиган ахмоғи йўқ. Устига битта хотин олмасам, юрган эканман.

Кейин нима бўлди денг… Ўша оқшом бобом билан момом яраш оши қилишди.

— Сизларни соғинсам, кампиримга бир икки-мушт тушириб қўяман. Албатта, кўзга ташланмайдиган жойига. Шундай қилмасам, биттанг хабар олмайсанлар. — деганди бобом.

Момом унга жавобан:

— Сизларни ўйлаб ярашдим… бўлмаса…

Эрталаб шаҳарга қайтаётгандим, момом яна қурт, туршак, қанд-қурс берди.

— Бобонг кеча яна йиғлаб чиқди…

— Ҳалиям-а?…

Момом бошини эгди. Кўзидан икки томчи ёш юзига думалади.

— Тушундим. Ҳозир…

Кўчада бобомни учратдим…

— Кеча яна йиғлабсиз…

— Ма, яхши кўрган қизингга сақич олиб бер… — Бобом бир сиқим пул узатди. У гапиришга оғиз жуфтлаган эдики, маҳкам қучоқлаб олдим…

— Бобо, сизни яхши кўраман…

Биз катта кўчада узоқ суҳбатлашиб қолдик.

— Бундан анча йил бурун, онам оламдан ўтганида, кўниколмай бағримни ерга бериб ётганман. Ўшанда шу момонг бошимни кўксига олиб, онамдай менга эртаклар айтиб берган. Бугун ёшим бир жойга бориб шуларни ўйлар эканман, момонгни умри узун бўлсин, деб тангридан сўрайман, болам. Бизнинг урушимиз, аслида меҳримиздан нишона. Биз мана шундай, урушиб, ярашиб эллик йил яшаб қўйдик. Агар билсанг, урушмасак, худди бир-биримизни севмайдигандек бўлиб қоламиз… Биз шунақамиз, болам…

Ўйлаб кўрсам, уларнинг ўзига хос турмуш ўйинлари бор экан. Биз ўзимиз билмаган ҳолда ўша ўйинлар таъсирида улғайдик. Ва бу ўйинлар яшашимиз керак бўлган ҳаётда асқотиши шубҳасиз. Ахир от от минган ҳам йўл сўрайдими, деган бобомнинг бу ҳикмати энди менга сир эмас. Йўлни сен топмасанг от топади. Тўғрироғи, ҳикмат сенга йўл кўрсатади. Йигитга от қанча керак бўлса, ҳикмат ҳам шунча даркор.

Ўйинни фақат болалар ўйнамайди. Ҳар бир инсоннинг ўз ўйини бўлади, худди кўзи, қулоғи бўлгани каби. Ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз. Майли, нима бўлса бўлсин, фақат бобо-момоларимиз омон бўлсин ва уларни яраштириб қўядиган набиралар ҳам.

 

Сайт бўлими: Ёшлар ижодидан

Қўшимча:

ДЎСТЛИК ДАРАХТИ ДЎСТЛИК ДАРАХТИ
“МИНГТЕПАНИНГ МИНГ БИРИНЧИ ТЕПАСИ”          “МИНГТЕПАНИНГ МИНГ БИРИНЧИ ТЕПАСИ”         
ДИЛЛАРДА БАРҲАЁТ МУҲАММАД ЮСУФ ДИЛЛАРДА БАРҲАЁТ МУҲАММАД ЮСУФ
КЕЛИШИ КУТИЛАЁТГАН ОЛИМА КЕЛИШИ КУТИЛАЁТГАН ОЛИМА