"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Барно Ҳасанова. “Фано ва бақо” ҳикояси – фалсафий теранлик

Ўқилди: 1 081

asqad_muxtorХХ аср ўзбек адабиётининг йирик адиблари Ойбек, Ғ.Ғулом, Ҳ.Олимжон, А.Қаҳҳор, Уйғун сингари иккинчи адабий авлод вакилларидан сўнг кириб келган учинчи адабий авлод орасида прозаик, шоир, драматург, бадиий-публицист, болалар ижодкори, таржимон Асқад Мухторнинг ўрни алоҳида ажралиб туради. Серқирра адибдан ўзбек адабиёти хазинасига “Пўлат қуювчи”, “Катта йўлда” поэмалари, “Дарёлар туташган жойда”, “Қорақалпоқнома қиссаси”, “Бўронларда бордек ҳаловат”, “Бухоронинг жин кўчалари“, “Кумуш тола” қиссалари, “Опа-сингиллар”, “Туғилиш”, “Давр – менинг тақдиримда”, ”Аму“, ”Чинор“ романлари ва йигирмага яқин катталар ва болаларга атаб ёзилган ҳикоялари, “Уйқу қочганда…” мўъжаз эсселари, адабий жараён, бадиий адабиёт, ижод, таржимонлик маҳорати ва унинг заҳматлари ҳақида ёзилган битиклари мерос бўлиб қолди.

Асқад Мухтор ҳаёти ва ижодини тадқиқ этиш адиб тириклигидаёқ бошланган эди ва бу ишлар адибнинг вафотидан кейин ҳам давом этмоқда. Хусусан, бу илмий изланишлар орасида О.Тоғаев, М.Султонова, Б.Сайимов, С.Ширинов, И.Ҳасанов, О.Шарафиддинов, Б.Назаров, У.Норматов, Н.Владимирова, Ш.Турдиев, Н.Каримов, Ҳ.Каримов, О.Жўрабоевларнинг ишларини эслаш ўринли.
Истеъдодли адиб ижодининг дастлабки йилларида, асосан, саноат, ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида фаолият олиб борган янги совет кишиси образини акс эттиришга бел боғлаган бўлса, 90-йиллардан сўнгги ижод намуналарида кутилмаган шароит, кутилмаган вазият ва ҳолатга тушиб қолган инсоннинг кечинмалари, туйғулари, ўзгарувчан мураккаб характери, руҳий манзаралар талқинига эътиборни қаратди. Булар қаторида Асқад Мухторнинг “Инсонга қуллуқ қиладурмен”, “Кўк тош”, “Омон қолган одам”, “Қора домла”, “Атир”, “Фано ва бақо”, “Тақдир кимнинг қўлида”, “Тафт” ҳикояларини эслаш кифоя қилади.
“Фано ва бақо” ҳикоясида танланган воқелик, қаҳрамонларнинг бир-бирига чоҳ қазиши – чуқур психологик кайфият, руҳий коллизиялар асосига қурилгани билан эътиборни тортади. Ҳажм жиҳатдан бироз чўзилган ҳикояда икки асосий қаҳрамон Холхўжа ва Очил иштирок этади. Асарда социалистик метод асосида яратилган бадиият намуналарида анъанавий қолип, канон даражасига кўтарилган битта ижобий ва унга антипод сифатида салбий қаҳрамон яратилмаган. Ҳар иккаласи гуноҳкор бандалар. Персонажлардан бирининг ўз сўзи билан айтганда, “одам боласи дунёга соф ҳолда келади ва ҳамма ёмонликни шу дунёда ўрганади, шу ерда орттиради”. Улар шундай деб, гўёки ўзларига ўзлари кўнгиллик беради. Шу тариқа гуноҳларини юмшатмоқчи, ўзлари тушиб қолган қора ишлардаги айбини ювмоқчи бўлишади. Ёзувчининг маҳорати шундаки, гуноҳкор бандалар кунлардан бир куни кучли зилзила пайтида кўпқаватли уйнинг ертўласига қамалиб қолишади. Албатта, икки қаҳрамоннинг ертўлага қамаб қўйилиши – чорасизлик ва йўлсизлик гирдобига ташланиши ёзувчининг аниқ бадиий шартлилик мақсади ўлароқ шундай қилинганлиги аён. Уларни очлик, сувсизлик, чорасизлик, бахтсизлик, ҳар бир сонияда ўлим даҳшати ўз исканжасига олади. Ҳар сонияда ўлимни ҳис қилиб турган икки қаҳрамон бақо остонасида покланмоқ исташади. Холхўжа қандай қилиб, бойвучча, танти бўлиб қолганлиги, айбсиз бир мусулмон кишининг қамалиб кетишига сабабчи бўлганлигию ёлғон гувоҳ берганлигини тасодифий ҳамроҳига гапириб беради. Холхўжадан анча ёш бўлган Очил ҳам ҳамроҳидан баттарроқ гуноҳга қўл урган. Яъни хўжайинининг ёшгина аёли билан дон олишган. Очил ҳам, Холхўжа ҳам нафсининг қуллари. Улар омонат дунё (фано) билан абадий дунё (бақо) ўртасидаги ингичка йўлда туришар экан, барча айбларига иқрор бўлишади. Гўёки, Оллоҳ олдида истиғфор айлашади. Ижтимоий иллатлар маънавий бузуқилик, юзсизлик, порахўрлик, алдамчилик, қаллоблик уларнинг қон-қонига сингиб кетган. Адиб Холхўжа ва Очил кирдикорлари мисолида юқорида саналган ижтимоий иллатларни кўрсатиб беради. Табиат ҳодисаси зилзила туфайли ертўлага тушиб қолган тасодифий ҳамдардлар шу пайтгача ҳеч кимга айтмаган, айта олмайдиган “сирлар”ини, яъни қаллобликларини бир-бирига фош этади. Аммо буни қарангки, вазият ўнгланиб, бақо остонасидан тирик қолган икки қаҳрамон ҳаётга қайтгач, “сирлари” туфайли бир-бирига гўр қазий бошлайди. Улар ўртасида даҳшатли даражада ички-руҳоний кураш бошланади. Биттасининг тинч, хотиржам яшаши учун иккинчиси албатта, ўлиши шарт. Назаримизда, адиб инсониятнинг тубан руҳий ҳолати ҳақида фалсафий мушоҳада юритади. Холхўжа билан Очил ташида бир-бирига жуда мулойим, жуда меҳрибон гапиргани ҳолида бир-бирига ўлим ваҳшатини солади. Ҳикояда мазкур ўринлар ниҳоятда таъсирчан, жонли акс эттирилган. Ҳикоя том маънода психологик характерга эга. Чуқур психологизм билан суғорилган ҳикоя ўқувчи қалбини осонгина забт этади, қаҳрамонлар қилмиши нафратимизни қўзитади. Холхўжа, Очил каби ярамас инсонлардан ҳазар қила бошлаймиз. Улар тушиб қолган чоҳ нақадар жирканч, қора эканлигини ҳис этиб, наҳотки, “инсон шу қадар тубан, шу қадар жирканч” – деган мушоҳадалар, муҳокамалар орасида сарсон кезинамиз.
Адабиётшунос У.Норматов мазкур ҳикоя ҳақида шундай қайд этган эди: “…персонажлар бисотидаги, руҳиятидаги туғма хусусиятлар таҳлили олдинги ўринга ўтади. Персонажлар бир эмас, икки бор бу фоний дунё чегарасидан чиқиб, боқий дунё чегарасида кўринади. Худди ўша чегарада улар ўзлигига қайтадилар. Оллоҳни ёд оладилар, бу дунёда қилган гуноҳлари учун пушаймон ейдилар, бир-бирларига юрак розини, сирларини рўй-рост айтадилар”. Олим жуда тўғри эътироф этганидек, қаҳрамонлар бир эмас, икки бора бақо остонасидан тирик қолиб, фоний дунёга қайтишади. Назаримизда, бу қайтиш улар учун берилган энг даҳшатли азоб, энг даҳшатли жазо тариқасида берилгандек.
Ҳикояда воқелик, инсон руҳияти билан табиат ҳодисаси бўлган зилзила ўртасида қандайдир шартли рамз бордек. Зилзила шунчаки табиат ҳодисаси эмас, руҳониятдаги, инсон маънавий оламидаги дарз кетишлар ҳақида эмасмикан? – деб ўйлаб қоласиз.
Асқад Мухтор “Фано ва бақо” ҳикоясида халқ эртак ва достонлари, қолаверса, жаҳон насридаги мавжуд мотивга янгича руҳ берди. Жумладан, ҳайвонлар ҳақидаги мажозий эртакларда “бир-бирига сирларини айтиш”, “тасодифан эртак қаҳрамонининг сирга шоҳид бўлиши”, “сирнинг фош бўлиши”, “сирни фош этган қаҳрамон изига тушилиши” мотивлари бор. Адиб халқ эртак ва достонларидаги мазкур мотивга янгича тўн кийдиради, натижада, оригинал ҳикоя намунаси яралган. Беихтиёр бу мотивлар детектив адабиётининг етук намуналарини яратган Агата Криста асарларидаги қотиллик, жиноят, жиноятчиларнинг бир-бирини ўлдиришга интилишлари сингари анъанавий сюжет қурилмасини ҳам эсга солиб юборади.
А.Мухтор ҳикояга Машрабнинг “Бўлмаса васли манго, икки жаҳонни на қилай” мисрасини, америкалик машҳур ёзувчи Эдгар Понинг “Ёзганларим бари – ҳаёт ва ўлим ҳақида” ҳикматли сўзини, муқаддас “Қуръони карим”дан эса “Оллоҳнинг ваъдаси ҳақ. Дунёи дун сизни ҳаргиз алдаб қўймасин”, деган ҳикматларини эпиграф сифатида танлаган. Асар қаҳрамонлари икки дунё оралиғида қолиб, тириклар дунёсига қайтиб келишади. Улар жуда оғир синовни бошларидан кечиришган бўлсалар-да, ёлғон дунёнинг ёлғон амалларига, дунёи дунига учиб, бир-бирини ўлдирмоқ учун ҳийлалар ўйлаб топишади. Кенгроқ маънода оладиган бўлсак, Асқад Мухторнинг мазкур асарида ҳаёт ва унинг жирканч тарафлари, ўлим даҳшати олдида покланишга ҳаракат қилган икки нотавон кимса ҳақида заҳарханда киноя билан ҳикоя этади.
Бадиий асар матнида адиб халқ мақоллари, иборалар, мумтоз Шарқ адабиётининг ҳикматларидан жуда ўринли фойдаланган: “Келса гумон – кетар иймон”, “Дунё йиғиб нетарсан – бир кун ташлаб кетарсан”, “Ёриладиганинг бўлмаса ёмон, ичингда кетади”, “Одам одамнинг дардини олади”, “Ёвғон ошинг – беғалва бошинг”, “Қизилни кўриб, Хизр йўлдан озган экан”, “Зўрники тегирмон юрдирар”, “Жоним қилнинг учида турибди”, “Бир бошга бир ўлим”, “Жон бор жойда – қазо бор”, “Ким тирик, ким ўлик – маълум эмас”, “Оғзи бўш мақтанчоқ”, “Оғзи қулоғида эди найновнинг”, “Ҳаёсизга ҳар куни ҳайит”, “Отни тепмайди дема, итни қопмайди дема”, “Пиёзнинг пўсти кўп, ёмоннинг – дўсти кўп”, “Чилласи чироқ кўрмаган беғам аравакашда сир ётиши маҳол”, “Турма деса, сочининг томиригача музлаб, ҳадиксираб юрган Холхўжа”, “Сир совун кўпигидай ер устида омонат учиб юраркан”, “Хурмачадан чиққан бу жинни Холхўжа”, “Песнинг чекига мохов тушса, шундай бўлади”, “Оқбошдан ўтин бўлмас, ўйнашдан – хотин”, “Яқин олиб, ўзини ака, эчкисини така деб…”, “Қарзни олиш ҳам, бериш ҳам …гуноҳ эмас”, “Кўча хандон, хона гирён… Холхўжа”, “Ҳазилинг ёқангдан олгур”, “Шошган ишга шайтон оралайди”, “Бостириб бормасанг – босилиб кетасан”, “Олмоқнинг бермоғи бор, емоқнинг қусмоғи”, “Оғриқ тишнинг давоси – омбур”, “Илон юз йил яшаса, аждаҳо бўлар экан”, “Сақлансанг сақланасан, сақланмасанг ўтга қоқланасан”, “Қовоқ ари ғужғон ўйнайди”, “Бош кўтариб қарашга юрак бетламади”, “Итнинг тилаги қабул бўлганда, осмондан суяк ёғарди”, “Ётдан ёруғлик, итдан – чоруғлик чиқмас”, “Жин кўзачага қайта қамалди”, “Ичидаги сир ичида, уни сиртга чиқарадиган аҳмоқ Холхўжа ўлди”, “Икки шумшук – ит-мушук”, “Иймонни бой берганга иккаласи ҳам ҳаром экан…”.
Ҳикоя қаҳрамонларининг руҳий ҳолати, кайфияти, уларнинг ички ва ташқи монолог ва диалоглари, муаллиф баёни мана шундай халқона қочиримли, нозик ибора, мақол ва маталлар билан безатилган. Бундай халқона, қадимий гаплар китобхонни завқлантиради, айни дамда, бадиий воқеликдан оқилона хулоса-ҳукм чиқариб олишига туртки беради.
Кўриб турганимиздек, Асқад Мухторнинг “Фано ва бақо” номли битта ҳикояси матнида ўнлаб халқ мақоллари, халқона иборалар, қочиримлар ишлатилган. Назаримизда, бугунги кун ёзувчилари насрида айнан шу жиҳат оқсаяпти. Улар халқ тилидан, халқнинг содда, аммо пурмаъно сўз бойлигидан етарлича фойдалана билмаганлиги учун ҳам улар яратган асарлар қуруқ чиқаяпти. Халқ тили, асрлар давомида сайқалланиб ишланиб келинаётган фольклор ижоди бугунги ёзма адабиёт учун бебаҳо хазина, мустаҳкам пойдевор бўлиши даркор, деб ўйлаймиз. Шу маънода устоз адиб Асқад Мухторнинг халқ ижодининг минг йиллик ҳикматлари, донишмандлиги билан безалган насри янгича таҳлилий методлар асосида жиддий ўрганилиши лозим.

 

Сайт бўлими: Адабий танқид

Қўшимча:

Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча
Ҳорманг, оппоқ олтин ижодкорлари! Ҳорманг, оппоқ олтин ижодкорлари!
Она тил қудрати Она тил қудрати
Маънавий-маърифий учрашувлар Маънавий-маърифий учрашувлар