"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Содиқжон Иноятов. Ўйнагани жўнади коптогини қучоқлаб

Ўқилди: 912

41896967

Ғалати бола

– Тушунмадим, бобожон,
Бу ғалати болага,
Онамнинг аллалари
Ўхшар эмиш нолага.

Ўзгача нигоҳлари,
Менгзамайди бировга,
Отамнинг оқ сочларин
Қиёслайди қировга.

Саҳар уйғониб, баъзан,
Ўйчан кезар далани,
Тушунмайман бобожон
Бу ғалати болани…

– Тушундим, ҳайратингни
Ичларингга ютавер.
Бу боладан шеър деган
Мўъжизани кутавер.

Кетмон

Сув тарай деб, полизга
Мактабдан кела солиб,
Қўшни Носир акадан
Кетмонин сўраб олиб,
Енг шимариб, жадаллаб,
Ишга киришганим он,
Сўраб келди кетмонин
Кичик ўғли – Қаҳрамон.
– Ўзимизга жудаям,
Зарур эди шу маҳал.
Қоратўри юзлари
Қизиқ, қизарди сал-пал.
Шумлигим тутдими ё,
Матоҳини узатиб,
Секингина девордан
Қараб турсам кузатиб,
У кетмонин омборнинг
Тўрига қўйиб, жойлаб,
Ўйнагани жўнади
Коптогини қучоқлаб.

Хонадон

Дадам ишга кетар чоғи
Таъкидлайди бобомиз:
– Ишдан сўнг, тез уйга қайт,
Биз хавотир оламиз.

Мактабга жўнар бўлсам,
Таъкидлар отам, онам:
– Дарсдан кейин, уйга чоп,
Ҳаяллама сира ҳам.

Опам ҳам тақлидчи-да,
Доно билиб ўзини,
Синглимга дер: – Икки қилма,
Катталарнинг сўзини.

Бувим хурсанд, юзида
Кулгилари мавж уриб:
– Яшаш қандай яхши-я,
Бир-бировга қайғуриб.
Қовун

– Пишиқчилик чоғида
Полизга боринглар, – деб,
Таклиф этди Муроджон.
– Кетасизлар қовун еб.

Қовун пишди,
Авжи ёз,
Атрофга бўй таратиб.
Лекин бизни Муроджон
Қўйди ҳайрон қаратиб.

Чайласига борганда,
Кўзларини этиб лўқ,
Деди: – Бекор келибсиз,
Қовунлар пишгани йўқ!

Шунда …
Ёмон уялдик.
“Дув” қизарди юзимиз.
…Тушганди-да, сўйилган
Қовунларга кўзимиз.

Хоразм

 

Сайт бўлими: Болалар адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ