"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Саъдулло Қуронов. “Ўтмишдан эртаклар” қиссасининг юраги

Ўқилди: 794

1379056465_img094ХХ аср бошлари олдинига тилшунослик илмида акс этган структурализм, кейинчалик адабиётшунослик, умуман, бутун санъатшуносликнинг асосий методларидан бирига айланади. Структурализм баддий асарга систем бутунлик сифатида қараб, ҳар бир қисмни мазмун учун даҳлдор санайди. Унга кўра қисмларнинг узвий боғлиқлиги, шаклда уларнинг ўзаро таъсири маънони ҳосил қилади. Айни дамда маъно шаклнинг ҳосиласи сифатида ўрганилади.

Структурализмнинг давомчиси сифатида юзага келган постструктурализм эса маънони нафақат асар қурилишидан, балки бу тартиботнинг яралиш силсилаларидан ҳам қидиради. “Постструктурализмга кўра, матнни тушуниш “деконструксия” орқали амалга ошади: аввалига матн элементар узвларга ажратилади (“деструксия”), кейин қайта йиғилади (“реконструксия”) ва шу асно матнга ижод онлари контекстида муаллиф ихтиёридан ташқари, англанмаган тарзда ёки ўзи яширишни хоҳлаганига зид ўлароқ кириб қолган маъноларни очишга интилади” . Таъкидлаб ўтиш жоизки, постструктурализм ҳозирги кун санъатшунослигининг энг илғор методларидан саналади.
Абдулла Қаҳҳорнинг машҳур “Ўтмишдан эртаклар” қиссасини ҳам юқоридаги тамойилларга монанд тадқиқ этиш мумкин. Зеро, асар структураси жудаям ўзига хос бўлиб, у нисбий мустақилликка эга боблардан таркиб топган. Яъни бу бобларга матндан узиб олиганда ҳам яҳлит ҳикоя сифатида қараш мумкин. Асар структураси мустақил ҳикоялардан иборат эса-да, у ўқувчида бир бутун таассурот уйғотади. Тўғри, биз роман жанрига хос асарларнинг шу йўсинда ташкил топишига кўп гувоҳ бўлганмиз. Аммо бутун бир ижтимоийликни, характерлар ҳилма-хиллигини акслантирувчи романдан фарқли ўлароқ, муайян қаҳрамон тасвирига асосланган қиссанинг структурал бутунлигини ҳам мустақил ҳикоялар воситасида таъминлаб бўлармикан?
Албатта, “Ўтмишдан эртаклар” қиссаси давр манзараларини кўрсатишда романдан сира қолишмаслигини тан олмоқ керак. Аммо роман деганлари зиддиятли, бутун бир муҳит билан қарама-қарши муносабатда тура олувчи қаҳрамон воситасида яратилади. “Ўтмишдан эртаклар” қиссасида эса, айни, шу қаҳрамон мавжуд эмас. Адиб қолоқ, жаҳолатга ботган халқни тасвирлашга уринаркан, буни қаҳрамонлар ҳарактерини таснифлаш баробарида амалга оширади. Аҳамиятлиси, асарга кириб келаётган ҳар бир қаҳрамон бир мақсадда – ўз-ўзига чоҳ қазиётган жамият манзараси ифодаси йўлида умумлашади. Бу қаҳрамонлар – уста Абдуқаҳҳор: адиб идеалига яқин, янгича фикрга эга шахс. Уста замонанинг бошқа кишиларидан фарқли ҳолда янгиликларни тўғри қабул қила олади, кези келганда ҳақ сўзни тап тортмай айта олади. Шу хислатлари туфайли замон уни хушламайди. Ҳар ёққа кўчиб юришга мажбур қилади. Ёлғиз отнинг чанги чиқмаганидай, энди уста Абдуқаҳҳор ҳам бошқалардай бўлишга, улардай фикрлашга маҳкум бўлади.
Устанинг онаси бўлмиш кампирга қарияларнинг типик вакили сифатида қараш мумкин. У бир муҳитда қотиб қолган, ўзгаришларга кўниколмайди ва бошқаларни ҳам шунга мажбурлайди.
Тўрақул вофуруш “ўликни ёғини ялаган”, фақат ўз манфаатини кўзлаб иш тутувчи, зиқна ва муғамбир инсон эди.
Валихон сўфи даврнинг “илмли” шахсларидан бўлиб, одамларга сўзи ўтгудай. Аммо обрўйи баланд, “зиёли” кишиларининг бундай худбинлиги, ўқувчида замона ҳақидаги тасаввурни янада кенгайтиради.
Яна шундай одамлар ҳам бор эдики, улар йигитларини ҳезалакликда айблаб, барчани оёққа турғизади, лекин юзбошининг хуни учун йигирма деҳқонни олиб кетишаётганда жим қараб тураверади. Али-лайлак каби йигитлар ноҳақликларни кўриб, билиб турар, бунга нафрат кўзи билан қарар, лекин бирор чора кўришга келганда юракларидаги қўрқув бунга йўл қўймас эди.
Санаб ўтган образларнинг бари “Тешиктош” ҳикоясидаги Бабар сиймосида бирлашади. Бабар даврнинг умумий кўриниши, у ўзида замонни ортга тортувчи жаҳолатни, мутеликни ва қолоқликни мужассам этади. Аммо “Тешиктош” боби адиб болалигига боғлиқ сюжет воқеаларига бевосита таъсир этмаслиги билан бошқа ҳикоялардан ажралиб туради. Яъни ҳикоя қаҳрамони Бабар, унгача яратилган бошқа образлардан (Кампир, Тўрақул вофуруш, Валихон сўфи ва ҳ.к) фарқли ўлароқ адиб ҳаёт йўлига алоқадор эмас. Шундай экан “Тешиктош” ҳикоясининг асарга киритилишига сабаб нимада?
Аввало, асар Абдулла Қаҳҳорнинг болалик хотиралари билан боғлиқ эканлигига эътибор қилиш даркор. Зеро, ёзувчи қисса аввалидаёқ Бабар исмли йигит ҳақида эслаб ўтади. Балки, у болалигини, яратилажак асарини бу воқеаларсиз тасаввур эта олмагандир? Иккинчи тарафдан “Тешиктош”нинг асар композициясида тутган ўрни беқиёс даражада муҳим. Аслида қиссани қисса қилиб турган, ундаги изчиллик ва бутунликни таъминлаб турган омил ҳам шу ҳикоядир. Яъни “Тешиктош” ўзидан олдинги ҳикояларни умумлаштиради, маълум маънода якунлайди. Умуман, асарни қўлга олган ўқувчининг уни “силлиққина”, бир бутунликда ўқиб чиқишига сабаб ҳам ҳикояларнинг тўғри тартибланганию бу тартибда бир ҳикоянинг доминантлик касб этганидир.
“Tешиктош”да лақма, “отқоровул юр деса юрган, тур деса турган, устидан ошириб ўқ узганда киприк қоқмаган” Бабар образи тасвирланади. Ёзувчи уни туҳмат билан отқоровул қўлига тушиб қолишида ҳам, совуқдан музлаб ўлишида ҳам, аввало, ўзи айбдор эканлигини таъкидламоқчи бўлади. Айни пайтда бу муаллиф илгари сураётган фикр, ўтмишдагиларнинг турмуш тарзи, ижтимоий-маданий ҳаётидаги қолоқлик ва мутелик тасвири учун мос эди. Ёзувчи асарга қаҳрамонларни кетма-кетлик билан олиб кираркан, даврнинг салбий кўриниши димамик равишда ўсиб боради. Ҳар бир қаҳрамон умумлашманинг маълум бир қисмини тўлдиради ва замонани жаҳолат сари тортади. Энди жамиятнинг шундай бир вакили бўлсинки, унда даврнинг умумий кўриниши мужассам бўлсин. Изчил сюжетга алоқадор бўлмасада “Тешиктош”нинг асарга киритилиши ана шу муаммони ҳал этади.
Демак, “Тешиктош”нинг аҳамияти асар сюжетида эмас, балки, композиция ва мазмунда муҳимроқ. Шу маънода у қиссанинг кулминацияси вазифасини ўтаб беради. Яъни умумлашиб бораётган қолоқ жамият кўриниши Бабарга келиб ўзининг чўққисига чиқади. Энди ундан ўртиғи, ундан-да тубанроғи бўлиши мумкин эмас.
“Ўтмишдан эртаклар” қиссаси турли рангдаги гўзал тошлардан терилган мозаика кабидир. Агар мозаикани жуда яқиндан туриб кузатсак, гўзал тошларни-ю, уларни улаб турган чокларнигина кўра оламиз, холос. Лекин унга узоқдан қараганимизда, у бор гўзаллиги билан бутун бир санъат асарини ифодалайди. Аммо ўша бутунликни бирданига юқоридан кузата олмаймиз. Аввало, қисмларни ўрганиб, ўзимизни бутунлик сари тайёрлашимиз керак бўлади.
“Ўтмишдан эртаклар” қиссасида жами ўн саккизта боб бўлиб, “Тешиктош” буларнинг ўн биринчиси. Биз уни асарнинг маркази деб биларканмиз, шартли равшда қиссани иккига: “Тешиктош”гача ва “Тешиктош”дан кейинги ҳикоялар тарзида ажратиб таҳлил қилишимиз ҳам мумкин. Дастлабки ўн ҳикоя “Бир-икки сўз”, “Фалокатнинг шарофати”, “Индамас”, “Зингерли бой”, “Ҳур қиз”, “Худо”, “Тўрақул вофуруш”, “Бир палла тарвузнинг пўчоғи”, “Валихон сўфи”, “Одам заводи” кабилардан иборат. Агар биз “Тешиктош”ни асар кулминацияси деб билсак, бу ўн ҳикоя сюжетнинг дастлабки унсурларини ўзида жамлаган бўлиб чиқади.
“Тешиктош”гача бўлган ҳикояларда сюжетдаги ўсиш, ривожланиш яққол сезилиб туради. Буни уста оиласининг узлуксиз кўчиб юриши ва асарга киритилаётган қаҳрамонларнинг жудаям сермаҳсуллиги билан изоҳлаш мумкин. Дейлик, сюжетдаги тугунни биринчи кўчишга сабаб бўлган воқеа – Олим буванинг опаси, устанинг “шайтон аравасидан” чўчиб ўлгани ва буванинг қизи устани ҳаёсизликда айблаб, отасига айтиб бергани яратаса, каҳрамонларимизнинг турли жойларга кўчиб юриши воқеалар ривожини таъминлайди. Ўз-зидан бу кўчиб юришлар ёзувчи ниятидаги жамият картинаси шакиллантира боради.
Айни “Тешиктош”дан кейинги ҳикояларда асар мазмуни ва структурасида кескин бурилиш пайдо бўла бошлайди. Албатта, бу кульминациядан кейин ёзувчининг ечимга томон бурилиши эди. “Тешиктош”дан кейин “Оқпошшонинг арзандаси”, “Дукчи эшон кўланкаси”, “Арафа”, “Кўзалар”, “Муҳаммаджон қори”, “Бир бошга икки ўлим”, “Қўқон харобалари орасида”, ҳикоялари ўрин олган. Эътибор қилинса бобларнинг номланишидаёқ жиддий фарқни сезиш мумкин. Яъни асарга муайян қаҳрамон билан боғлиқ воқеалар тасвиригина эмас, балки бутун бир ижтимоий-сиёсий вазиятни қамраб олган ҳикоялар ҳам кирита бошланади. Умуман, бу ҳикоялар ҳам юқоридагиларига ўхшасаб кетса-да, адиб улардан ўзга мақсадларда фойдалангани яққол сезилиб туради. Айтмоқчи бўлганимиз, кейинги бобларда ҳам қаҳрамонларнинг кўчиб юриши, янги образларнинг киритилиш ҳолатлари кузатилади, аммо буни ёзувчи бошидан ўтказганларининг шартли баёни сифатида шарҳлаш ўринли бўлади. Зеро, сўнги етти ҳикояда ёзувчининг асл мақсади жаҳолатга ботган жамиятни тасвирлаш бўлмай, балки “Тешиктош”гача яратилган жамиятнинг маълум ҳодисаларга бўлган муносабати орқали, вазиятни таҳлил қила бошлайди. Мардикор олиш, “босмачилар” ҳаракати, инқилобдан кейинги ҳолатларга муносабат – буларнинг барчаси жамиятнинг ўта қолоқлашиб кетганлигидан далолат бериб турарди. Энди асар ифодасида “Шу ҳолимизда нимага ҳам эришиш мумкин эди?” қабилидаги саволларнинг чарҳ ураётганини пайқаш мушкуллик туғдирмайди.
Бабар адибни умри давомида ўйлантирган, қийнаб келган одамлардан бўлса ажаб эмас. Зеро, асарнинг биринчи “Бир- икки сўз” бобидаёқ Абдулла Қаҳҳор Бабарни тилга олади: “Ўттизинчи йилларнинг ўрталарида болалигимни ўйлаганимда чалакам-чатти туш кўргандай бўлган эдим: думли юлдуз чиққан эди; Бабар (Бобир бўлса керак) йигитни отқоровул милтиқ билан отганда ўлмаган эди, шунда отқоровул одамларга юзланиб: “Ёпирай, бунақа баттол ўғрини умримда кўрган эмасман, устидан ошириб ўқ узибману киприк қоқмайди-я!” деган эди”. Воқеани кўриб турган Абдулланинг жажжи юраги бундан таъсирлангандир? Ҳаёти давомида бундай одамларни кўп кузатгандир? Бошқа бир қанча асарларидаги қаҳрамонлар ҳам шунинг аксидир? Балки асарнинг яралишига сабабчи бўлган омиллардан бири ҳам шу Бабардир?..

2008 йил

Сайт бўлими: Адабий танқид

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ