"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Дилором Салоҳий. Ҳубоб тақдири

Ўқилди: 975

m2Инсон умрини Навоий бир йўл деб тасаввур этади. Ҳаёти давомида ҳеч қандай йўлни кўрмай, билмай ўтиб кетадиганлар ҳам бор. Аммо шоирнинг тингловчиси, дил ёрувчиси, ҳамдарди мазмун бор йўлни мақсад қилган, яъни ҳаётни осон ва чиройли тарзда ўтказиш учун заминлар бор йўлни топишга интилган “аҳли хирад”, “аҳли ҳуш” ақл эгаларидир.
Шоир тафаккурининг мўъжизаси шундаки, унга кўра, маъно ва ҳикмат истаб йўлга чиққан хирадманд асл маънони топгач, ҳушу хирад унга ортиқча эканини тушунади ва бу юкдан ўзини халос қилади. У маънони ақл билан эмас, покиза туйғу билан ҳис этади. Ақл йўлчини маъно эшигига қадар етаклаб келади. Шунда унга намоён бўлган мукаммал моҳиятнинг бир заррасигина уни ошиққа айлантиради. Шундан бошқа ҳамма нарсадан у безор, ҳамма нарса унинг учун беэътибор бўлиб қолади. Унинг аҳволи худди қуёш янглиғ ёнишдангина иборат бўлади. Бу ёнишга на ақл, на ҳуш, на фаҳм, на ҳис парда бўла олади, уни пинҳон тутишнинг имкони йўқ:

Меҳрим ўтин ҳушу ақлу фаҳму ҳис ёшурмади,
Меҳри ломиъ тўрт бурқаъ кейнидин пинҳон эмас.

Навоий шеъриятида васф этилган барча ошиқлар ҳаётдан чин маъно истаб йўлга чиққан соликлардир. Улар шоир девонларида турли бадиий тимсоллар сифатида намоён бўладилар. Навоийнинг шундай ҳаммаслакларидан бири – ҳубоб экан.
“Бадоеъ ул-бидоя” девонидан ўрин олган бир ғазалда шоир тақдир ҳақида фикр юритади. Чуқур мушоҳадага ундовчи бу ғазал шоир услубида жуда кам кўринадиган ҳодиса – матлаъсиданоқ ўгит билан бошланади.
Тақдир ҳукми ўзгармас, дея сабоқ беради шоир, гарчи фалак ёрқин дур сингари юлдузларини бошингдан тўкиб турса ҳам, эмин бўлмаки, офатлар билан тўйинган бир булут устингдан ғам жалаларини ёғдириши мумкин:

Сочса анжумдин фалак бошингға юз минг дурри ноб,
Жолайи ғам, билки, ёғдурғай бир офатлиқ саҳоб.

Бало ёғдирувчи булутнинг бундай қилишдан мақсади, албатта, сенинг умринг ниҳолини синдириб, гул хирмани янглиғ танингни хароб қилишдан ўзга нарса эмас:

Не ғараз бу жолани ёғдурса андин ўзгаким,
Умр нахлин синдуруб, тан гулбунин қилғай хароб.

Кейинги байтда Навоий яна тақдир ҳукми ва Яратгувчи ҳикмати хусусида мушоҳадага берилади. Ризқу рўзи ортиқ ёки кам бўлишини ҳар ким тақдирдан кўради. Адашган, гумроҳлар ҳам қилган амалларини Яратгувчи тақдири деб биладилар. Шу нуқтада шоирнинг жабария ва қадария масалаларига муносабати яққол намоён бўлади. Адабиётшунос олим Ёқубжон Исҳоқов Навоийнинг исломий, шаърий дунёқарашида жабария ва қадария ақидаларининг ўрни, намоён бўлиши, ижодидаги талқини хусусида равшан далилланган тадқиқотлар яратиб, аниқ хулосаларини баён этган. Албатта, аҳли сунна вал-жамоа эътиқодидаги шоир қадария тариқида бўлган. Яъни ҳар бир яратилмиш аввалдан белгиланган илоҳий тақдир билан дунёга келади. Жабария аҳли ўзларини тўла маҳкуми ҳукм ҳисоблаб, ҳаёти гузаронликда ҳеч қандай масъулият ҳис этмайдилар. Аҳли сунна эса инсонга берилган идрок, эрк, танлов ҳуқуқи нуқтаи назаридан тақдирга ўзгартириш киритилиши мумкин, деб ҳисоблайди. Масалан, инсон умрининг қанчалиги тақдир қилинган. Бинобарин, яхшиликни инсонларга фақат яхшилик истовчи Яратгувчидан, ёмонликни эса инсоннинг ўз феъли ва амалидан деб билган шоир биз англашга интилаётган байтда Зол тимсолини ийҳом қилади. Зол – ҳаётда адашганлар, ўзларининг гумроҳликларини Яратгувчи ҳукмидан билиб, унга хитоб қилар эканлар, ҳақиқатан, эътиқодда ҳам адашибдилар, дейди шоир:

Рўзий ортуғ бўлмағин ҳар кимки билгай чархдин,
Зол янглиғдурки розиқ чархини қилғай хитоб.

Шоир Яратгувчини денгизга қиёс қилади. Ҳубоб – ҳар йил кеч сумбулада сув юзида айланиб, сузиб чиқиб кетадиган сув пуфакчалари. Ҳубобнинг сув юзида бўлгани – у денгиздан устун дегани эмас. Чунки, сув манбаи денгиздир. Қани ҳубоб бирор кимсага бир қатра сув берсин-чи?

Офариниш баҳридин гардун ҳубоби пеш эмас,
Борму имкон кимсага бир қатра сув бермак ҳубоб?

Ҳубоб денгиздан ҳосил бўлади. Унинг яратилиши ҳам, инон-ихтиёри ҳам, тақдири ҳам денгизга боғлиқ. У ўзи учун бирор нарса қила олиш қудратига эга бўлмаганлиги сабабидан ўз ҳолига ҳайрон, бошини ҳар тарафга уради. Ана шу ўринда, шоирнинг қўлига қалам олиши сири очилади. Шоир ўзини ҳубоб тимсолида тасаввур қилади. Ҳубобнинг сув юзида сирғалиб кетишидан мақсади номаълум. Ҳақиқат толибининг эса мақсади маълум, аммо ҳар қанча ғайрат қилмасин, қасд қилганини топмоғи номаълум. Шоир ҳубоб тақдири васфини давом эттиради:

Бўлса эрди қудратиким, лаҳзае топқай қарор,
Туну кун тинмай бу навъ этгайму эрди изтироб?

Ул доғи ўз ҳолиға ҳайрон эрур андоғки мен
Анда ҳам саргашталиқ андоқки, менда печу тоб.

Жисми онинг ҳам ҳаводис зарбасидин нилгун,
Топмайин мақсудини мендек неча айлаб шитоб.

“Нилгун” сўзини ийҳом қилиб, шоир ҳубобнинг кўкиштоб ранги ва толибнинг ҳаёт зарбаларидан кўкариб кетган танига ишора қиляпти. Шоир кейинги байтда ҳам ўзининг тақдирини ҳубоб тақдири билан солиштиришда давом этади. Тақдир қўлидаги икки саргашта бир-бирига ҳисоб ҳам бермайди, сўрамайди ҳам:

Қудрат илгида бўлуб ул ҳам забун андоқки мен,
Олмай ул мендин ҳисоб, андоқки мен андин ҳисоб.

Мақтаъда яна шоирнинг тақдир масаласидаги нуқтаи назари аниқ-равшан намоён бўлади. У – солик, ўзини қиёслагани ҳубоб ҳам – солик. Ҳубоб денгиздан ҳосил бўлади, демак, ўз манбаига – денгизга интилмоғи лозим. Навоий эса, фақатгина Ҳақ вужуди мавжуд эканлигини тушунган. Шу вужуддан мавжудлик топган ҳамма нарса – мосиваллоҳ, яъни Ҳаққа қўшилиб кетгувчидир. Солик ақл ва илҳом билан Ҳақни таниди, унинг борлиғида йўқ бўлиб кетишга интилди ва бу борада ҳам Ҳақ таолонинг ўзига таваккул қилди:

Эй Навоий, солик эрсанг Ҳақ вужудин бил вужуд,
Мосиваллоҳни адам, валлоҳу аълам бис-савоб.

Шу тариқа, Яратганнинг бениҳоя ожиз, сирли ва яширин мўъжизаси бўлмиш ҳубоб Навоий шеъриятининг бетакрор бадиий тимсолларидан бири сифатида янги маъно касб этади. Ҳақиқатан ҳам, ҳубобни ҳамма ҳам кўравермайди. У йилда бир марта қиш чилласи келишидан олдин, кеч тийрамоҳда денгиз, дарё юзидан кўкиш кўпиклар йиғиндиси шаклида сузиб қаёққадир ўтиб кетади. Уни Яратган истаганларгина кўриб қолади. Худди шундай Яратган яширин одамлар наздида ожиз, сирли, мўъжиза бўлмиш орифини ҳам ўзи танлаганларгагина танитади. Ғайр, бегоналар кўзидан рашк пардаси билан тўсиб қўяди. Орифни, соликни, толибни таниганлар, баъзан ҳолини, баъзан сўзларини англаганлар эса, у ва Яратган орасидаги сирни муқаддас деб билмоқлари, омонат сақламоқлари лозим. Агар, аксинча бўлса, бошларига офат етмоғи эҳтимоли бор. “Лисон ут-тайр”да шоир шу маънода огоҳлантиради:
Шарт буким, англағон шарҳ этмагай,
То тилидин бошқа офат етмагай.

Навоий ушбу ғазали орқали Тангри таоло ўзи яратган барча махлуқот ва махлуқот гултожи бўлмиш инсонлар орасидан танлаганлари билангина сирлашади, маърифатидан баҳраманд этади, демоқчи.
Бу Навоий эътиқод қилган ваҳдат ул-вужуд таълимоти. Навоий шеърияти мухлиси ҳам шоир дардини тинглаш учун танландими, демак, соҳиб эътибор бўлибди.

Сайт бўлими: Адабий танқид, Ўзбек мумтоз адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ