"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Алексaндр Сергeевич Пушкиндан янги таржималар

Ўқилди: 1 491

Pushkin-400

Дўстларимга

Йўқ, маддоҳ эмасман, шоҳнинг шаънига
Холис олқишларим сатрлаб тизсам:
Мен дадил кўнглимни очгайман унга,
Чин қалб сўзларимни айтгум чинакам.

Мен уни шунчаки яхши кўраман.
У ҳушёр, ҳақиқат ила йўл бошлар;
Ногоҳ уйғотди у Русни, биламан
Уруш, умид, меҳнат билан, қалб тошар.

О, йўқ! Гарчи ёшлик қони кўпирар,
Қаттиққўл эмасдир, ўзини тутган;
Кимники ошкора жазолар, билар,
Сўнг зимдан яхшилик қилишга ўтган.

Қувғинларда ўтди менинг ҳаётим:
Ғурбатда, ҳижронда кездим саргардон,
У менга шоҳона қўл чўзгани зум –
Сиз билан биргаман, яна дўст-ёрон.

Эҳтиром кўрсатди, руҳ берди, ахир;
Озод қилди менинг тутқун ўйларим,
Шунда ҳам қалбимда жўш урмай меҳр
Уни алқамайин, турайинми жим?

Маддоҳман! Йўқ, дўстлар: маддоҳ ҳийлакор
Мақтаб, шоҳни ғамга қилгай гирифтор,
Шоҳона истаклар ичидан зинҳор
Раҳм ила шафқатни қилади бекор.

У айтар: халқингдан нафратлан, минбад,
Табиатнинг ажиб садосин ўчир,
У айтар: ҳосили бўлгай маърифат –
Фахш ва исёнкор руҳларнинг охир.

Юрт шўри, маддоҳ ва қул даври келиб
Тахтнинг атрофида парвона бўлса.
Осмонлар сайлаган шоир бош эгиб,
Ҳақ сўз айта олмай, ер чизиб қолса.

 

Унинг кўзлари
(Княз Вяземскийнинг шеърига жавоб)

У ғоят дилрабо – бу гап ўзаро –
Сарой ботирлари ичида ғавғо,
Жануб юлдузига ўхшайди гўё
Айниқса, шеърингда қиёсла, аъло,
Унинг черкас кўзлари, шаҳло.
Ажаб, нигоҳига бахш этар маъно,
Ундадир ҳарорат ва бунча раъно;
Аммо, тан ол, кўрганмидинг ё
Менинг Оленинам кўзин мабодо!
Қанчалар ўйчандир ундаги даҳо
Қанчалар соддадил, боладай бирам,
Қанчалар хуморли, қанчалар маъно
Қанчалар ноз-ибо, умид мужассам!…
Ерга боқса, гўё Леля ғамзаси –
Сиполиги унда жилвалар қилгай;
Кўтарса – Рафаэл ҳур-фариштаси
Мўъжиза шундайин телбалар қилгай.

1828

Ф. Т. ***га жавоб

Йўқ, йўқ, асло черкес қизи эмас у;
Гуржи водийсига асрлар бўйи
Тушмаган бунчалик париваш, оҳу
Казбекнинг ўшшайган тоғидан қуйи.

Йўқ, асло ақиқмас кўзида, жоду,
Аммо Шарқнинг бори ҳазиналари
Арзимас, сочганда фарахбахш ёғду
Чошгоҳ маҳалида унинг кўзлари.

1826

Қиш йўли

Тўлқин-тўлқин туманлар бағри
Ичра аста сингади қамар,
Рутубатли далалар сари
Ғамгин оқиш нурини тўкар.

Зерикарли қиш йўли бўйлаб,
Бедов учқур уч от елади.
Қўнғироқча бир хил жаранглаб,
Дилзада оҳанглар келади.

Қулоққа чалинар, қадрдон,
Аравакаш хиргойи қилса:
Гоҳи мардлар базми-ю, жонон
Ҳижронлари, қани йўл унса…

На олов бор, на қора кулба…
Овлоқ ва қор… беҳис қаршилар –
Олабайроқ кўрсаткич йўлда,
Йўлиққани биргина улар…

Дил танг, дил хун… Эртага, Нина
Эртага ёр, қайтиб қошингга,
Каминда унутгум, жимгина,
Ҳаммасини, боқиб ҳуснингга.

Чиққиллайди соат миллари
Айланар ўз йўлидан бутун,
Зерикарли кун ўтгач ҳали,
Ажратолмас бизни ярим тун.

Дилхун, Нина: ҳа, йўлим дилгир,
Аравакаш мудрар, йўқ саси,
Қўнғироқча жаранги бир хил,
Туман ичра ойнинг орази.

1826

* * *

Олтиндай Венеция салтанати томонда,
Тунда ёлғиз эшкакчи, қайиқ буриб ҳар онда,
Веспернинг ёғдусида дарёда сузиб борар,
Ринальдони, Годфредни, Эдминни куйлаб ёнар.
У севар ўз қўшиғин, куйлар кўнглин дардини,
Олис мақсад кўзламас; ҳам шон-шараф гардини,
На қўрқув бор, на умид, сокин куйлар авжида,
Яхши билар йўл босмоқ, тубсиз тўлқин мавжида.
Ҳаётнинг денгизида, тўфонлари бешафқат
Туман ичра қувғинда менинг елканим фақат,
Унингдек акс садосиз, дилхуш куйлаб келаман
Аммо сирли шеърларни тўқимоқни севаман.
1827

Рус тилидан Ҳумоюн Акбар таржималари

Сайт бўлими: Жаҳон шеърияти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ