"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Салим Ашур. Қанотли товушлар

Ўқилди: 885

Дунёнинг бахти шундаки, унинг яхши шоирлари кўп. Шоирлар дунёни ичкарисидан юлдуз бўлиб ёритиб турадилар.
Ўз йўли, ўз услубига эга шоир Рустам Мусурмон ижодида «ичкари» тушунчаси алоҳида моҳият касб этади. Шоир оламнинг жавҳари бўлмиш Инсонга яхлит моҳият сифатида ёндошади, унинг «ичкариси» «ташқари»нинг қиёфасини белгилаб берувчи қатлам эканига аҳамият қаратади. Умуман олганда, «ичкари»-«ташқари» поэтик тушунча сифатида мумтоз адабиётимизда, замонавий шеъриятимизда турли ракурсларда атрофлича ишланган. Рустам Мусурмон янги давр шоири, шу боис бу эски мавзуни янгича талқин этади. Унингча, «ичкари» озурда, таъсирчан, ҳатто, қайсидир даражада курашчан эмас. Бу ўринда «курашчан» тушунчасига ижтимоий маъно юклаб бўлмайди. Дунёи олам, инсонлар ўртасидаги муносабатлар мукаммалликдан йироқлигини ҳис этган «ичкари» озорланган. Айни пайтда бу озор тушкунлик эмас. Лирик қаҳрамон узоқ келажакка катта умид, орзу, мақсад билан кўз тикади. Ёруғ ниятлари ижобат бўлишига ишончи мустаҳкам. Шу ишонч лирик қаҳрамонни бадиий образ доирасидан ижтимоий тимсол ҳудудига олиб ўтади. У энди ижтимоий ҳаётда ўз «борлиги»ни билдиришга тайёр ва ўзини намоён этишга киришади. Лирик қаҳрамоннинг шеърдан шеърга ўсиб борувчи динамик – тадрижий йўли уни ижтимоий индивид сифатида намоён этади. Шарқда инсон камолоти, ташқи ва ички гўзаллиги ҳақидаги асрлар давомида шаклланган бадиий-эстетик қарашларига кўра, кишининг зоҳирий (ташқи) ва ботиний (руҳий-маънавий) гўзаллиги орасида мувозанат, мутаносиб­лик мавжуд бўлгандагина у ҳақиқий гўзал, комил шахс ҳисобланади.
Шоирнинг 1994 йилда нашр этилган «Руҳимнинг товуши» (Тошкент, «Камалак», – 1994 йил. Иқтибослар шу китобдан – С.А) китобида шундай шеър бор:

Кўкрагимга муштлайди биров,
Муштлайверар ичкарисидан:
– Нима бўлди, очингизлар-ов,
Бу вужуднинг ташқарисида?!.

«Ўзим»нинг ичидаги жабрдийдага нима бўл­га­нини, ҳақиқатни айтиш оғир. Гап шундаки, «Худди сендек (юракдек – С.А.) бировни боғлаб, Олиб кетди бир сар­виқомат…»
«Юрак» шеъри шундай бошланади:

Юрак – менинг дулдулим,
Кўкрагимда қозиғи…

Юрак – «ичкари»нинг маркази, «мен»нинг мо­ҳияти. У ой, юлдузларни – юксакларни кўзлайди, уфқ­­лар сари югуриб, «мен» – лирик қаҳрамон кўк­ра­гини кўпчитиб юборади. Юқорида таъкидлаганимиз – шоирнинг катта мақсадлар сари интилаётган лирик қаҳрамони ўз орзу манзилларига етмоқ йўлида машаққатлар чекишга ва уларни енгиб ўтишга тайёр. Бундай кучни, шиддатни «мен»га юрак – «ичкари»нинг моҳияти беради: юрак «Мени судраб кетади, Қозиғини суғуриб…»
Муҳаббатни ҳар бир шоир ҳар хил «кўради». Рустам Мусурмоннинг талқинида муҳаббатнинг («Му­ҳаб­бат» шеърида):

Юраги қўшалоқ бўлади,
Ошиқлар тушунар тилини…

Бу ўринда шоир, бир томондан, муҳаббат икки киши – йигит ва қиз ўртасидаги ҳодиса эканлиги ман­тиғидан келиб чиқиб, «муҳаббатнинг юраги қў­шалоқ бўлади», деяётган бўлса, бошқа томондан, мазкур сатрларга муҳаббат шундай улкан кучки, унга битта юрак торлик ва камлик қилади; учинчи томондан, муҳаббат қўрқмас, қайтмас, чунки юраги иккита; тўртинчидан, муҳаббат мард, ботир, жасур, чунки юраги иккита, деган маъноларни сингдирган. Шеър:

Кўрмадим унингдай гадони,
Ор қилар садақа сўрашга, –

деб якунланади. Ўзи гадо бўлса, садақа сўрашга ор қиладими? Ор қилса, гадо бўлмасди-ку. Бу тескари мантиқда шоирнинг эски мавзуни янгича талқин этгани кўринади, яъни гадо садақа сўрашга ор қилади. У ғурурли, мағрур гадо. У унча-мунча нарса эмас, унча-мунча нарсани олмайди ҳам, муҳаббат сўрайди. У муҳаббат гадоси. Унинг сўрагани фақат муҳаббат. Шеърнинг яна бир маъно қатлами шундан иборатки, ошиқ ҳамиша гадо ҳолатига тушади, садақага фақат муҳаббат сўрайди. Одам гадога кўп нарса бериши мумкин, муҳаббатни эса кўп ҳолларда беролмайди.
Рустам Мусурмон шеъриятига бутун вужуд сифатида қаралса, бу вужуд, биринчидан, замонавий гўзал шеъриятимиз: узоқ асрлик бадиий тараққиёт натижасида ва дунёнинг энг бақувват шоирлари ва шеърлари, асарлари таржимасидан баҳраманд бўлиб, айни қиёмдек етилган, шаклланиш жараёни узлуксиз давом этаётган гўзал ва мукаммал бугунги поэзиямиздан; иккинчидан, халқ оғзаки ижодидан, яъни ҳали ҳаёт бўлган боболаримиз, момоларимизнинг оғиздан оғизга ўтиб келаётган бой ва бетакрор хазинасидан; учинчидан, ёзма фольклордан, битмас-туганмас бадиий хазинадан; тўртинчидан, дунё адабиётидаги катта умрзоқ бадиий оқим; аслида оқим эмас, бадиий санъат кўринишлари ва изланишлари мужассам бўлган ифода услуби – модернизмдан; бешинчидан, мумтоз адабиётимизнинг чексиз уммонидан озиқланади. Аслида, катта, кенг кўламли адабиётда ҳам, кичик бир шеърда ҳам, агар у чинакамига яхши бадиий асар бўлса, буларнинг барчаси бир пайтнинг ўзида зуҳур этади. Жумладан, санъаткор шоир сифатида Рустам Мусурмон ижодида ҳам шу тўлалик, уйғунлик кузатилади.
Адабиётшуносликда лексик-семантик таҳлил деган тушунча бор. Унга кўра, асарга, жумладан шеърга матн сифатида ёндашилади ва бир конкрет шеър матни ўзига хос услуб ва ифодани аниқлаштириб берадиган, шунингдек энг кичик ҳажмда мантиқни акс эттирадиган даражагача парчаланади. Мана шу энг кичик матн-парчада ижодкорнинг услуб-қиёфаси намоён бўлади. Бу кичик парча қайсидир шоирда тўртлик, бошқа бир шоирда сатр, яна кимдадир сўз, яна кимдадир сатрдан катта, тўртликдан кичик ёки сўздан катта, сатрдан кичик ҳажмдаги матн бўлиши мумкин. Бадиий дунёқараши шеърга санъат асари, шоирга санъаткор, деб ёндашиш принципида шаклланган Рустам Мусурмон шеърларига лексик-семантик таҳлил нуқтаи назаридан ёндашилса, у кўз ўнгимизда алоҳида, ўзига хос шоир сифатида гавдаланади. Бундай таҳлил инсон характерини, феъл-атворини алоҳида «токча»ларга тахлаб ўрганишга ёки қурилган иморатни қайтадан ғиштларга ажратиб чиқишга ўхшайди. Аниқроқ қилиб айтганда, Рустам Мусурмон шеърнинг энг кичик, сўздан ҳам кичик унсури – товуш билан ишлайдиган шоир сифатида намоён бўлади: оҳанглар, товушлар шоири. Кўнгли, қалби катта шоиргина эмас, катта билим эгаси бўлган шоир. Санъаткор шоир.
Рустам Мусурмон шеърларида товуш алоҳида маъно, бутун мантиқ, ҳатто кўп қатламли маъно жо бўлган мустақил унсурга, дахлсиз объект даражасига кўтарилади. Товуш – маъно, товуш – манзара, товуш – қиёфа шакл-шамойилларига эврилади. Аксарият ҳолларда товушдан, товушнинг олий босқичи, мукаммал тадрижи – қўшиқ даражасига ўсиб боради, товушдан қўшиққа айланади. Бу жиҳатдан устоз шоир Икром Отамуродга бағишланган «Руҳимнинг довуши» шеъри ёки «Руҳимнинг довуши» иборасининг ўзи ҳам Рустам Мусурмоннинг ижодий портрети бўла олади.
«Руҳимнинг довуши» иборасини қўллар экан, у товуш, товушлар шоирнинг руҳидан, руҳ қаъри, қа­ват­лари ва қатламларидан чиқиб келишига ишора қилади. Қизиқ жиҳати, у сўзни «товуш» эмас, айнан «довуш» тарзида қўллайди. Халқ жонли тилида ҳам довуш тарзида ишлатилади. Санъаткорона шу бир ўзгариш ҳам шеърнинг жонли, тирик бўлишини, айнан Рустам Мусурмонга хос услубни таъминлайди. Шоир – руҳда тажассум топган. Руҳ чолғуси нафас олмоқда, ҳаётнинг шарти эса наво. Шоир мен – найга, найдан нафас олаётган ҳавога ўтади. Шунда:

Куй барҳаёт, мусиқа мангу…
И-фу-у-ув…
И-фу-у-ув…
И-фу-у-ув…

Ушбу товушлар найни, най ушбу товушларни пуфламоқда. Шеърдаги «мен» = «жон»; «мен» «жон»га тенг. Жон тонг ўлғунчаҳ (аҳамият беринг, ўлгунча эмас, ўлғунчаҳ; бу ўринда «ча» қўшимчаси булбул сайрашига қиёсан «чаҳ» тарзида қўлланилмоқда. «Ча» қўшимчасига бундай ижодий, янгича ёндошув «Гул экурман жаҳоо-на…» шеърида ҳам акс этган; сатрда «булбул» сўзи борлиги учун «ча»ни «чаҳ» тарзида қўллаш ўзини оқлайди, акс ҳолда, шунчаки адабий олифталик учун ишлатилган сунъий топилмага айланади) булбулнинг томоғидан чиқаётган жон. Сўнг эса «гунғунчаҳ ҳам қизил гулнинг қулоғидан кираётган жон». Аҳамият беринг, жон томоғидан чиққанда оғриқдан булбул сайраб юборади; жон қулоғидан кирганда гулғунча ва қизил гул – ёр инграб юборади: «Иҳ-ҳу-у-увв…»

Тор тортилган, торнинг қорнида
Юрагимнинг пардасидир у.
Бир дунёнинг икки ярмига
Тенг бўлиниб айтади турку…

Торнинг қорнида унча-мунча эмас, юрак пардаси. Демак, тор – юрак. Юрак икки бўлиниб, дунёни ҳам ик­кига бўлган. Бўлинган юракнинг ҳар бир қисми дунёга эшиттириб дард айтмоқда. «Иҳ-ҳа-а-а…». Бу бандда шоирнинг рассом нигоҳи «ишга тушади»: чиндан ҳам, бизнинг тасаввуримиздаги юрак шакли қай даражададир тор қорнига ўхшайди. Иккаласи ҳам тасаввуримиздаги олам шаклига ўхшаб иккига бўлиниб, жон чекиб, дард чекиб ётибди.
Мазкур шеърнинг ҳар банди етти сатрдан иборат, товушларнинг чўзиқ-қисқалиги ҳам, унли-ундошлиги ҳам маъно касб этади: сатрларнинг тўрттаси шеър, учтаси товуш, яъни шеърни тўлдирувчи товушлар. Шоир шеърда энг кичик деталлар – ҳарфлар, товушларни ҳам назарда тутади, яъни ҳар бандда най навоси сифатида синграётган товушлар айнан такрорланмайди, балки турланиб, товланиб, ҳар гал буралиб келади: «И-фу-у-увв… Иҳ-ҳу-у-увв… Иҳ-ҳа-а-а… Жа-қа-ла-аа…» Товушлар товланган сари маъно ҳам товланади; товушлар қай томонга ўзгарса, маъно ҳам ўша томонга ўзгаради. Маъно ва товуш «қўл ушлашиб» келаркан, қўллар силкинишларда қўйиб юборилмайдиган даражада бир-бирини қаттиқ сиқиб тутган.
Рустам Мусурмоннинг «Тўлғоқ», «Гул экурман жаҳона», «Қўриқчи», «Бул кеча…», «Чўмилиш», «Ўл­лалла», «Севги», «Гул базми», «Хиргойи», «Жоним, ишқ фаслида гул экдингизму» каби шеърлари унли ва ундош товушларнинг қисқа ва узунлиги асосига қурилган. Шу билан бирга бу шеърларда маъно ва мантиқ мувозанати ҳам сақланган.
«Тўлғоқ» шеърида сўзлар «ҳавоолар», «ичиммдан», «синн-диринг», «иссииқ», «Дудооғ», «қадооғ», «чўўғғ», «жоон» шаклида ишлатилади. Баъзан унли, баъзан ундош товушлар иккилантирилади. Бу билан сўзда урғу ўзгаради. Шеърда – бутун матнда асосий ёки таянч сўзлар пайдо бўлади. Товушлар сўзларнинг маъносини кенгайтиради. Сарлавҳада таъкидланганидек, бутун шеър товушлар тўлғоғига айланади.
Товушларнинг кучайтирилиши ҳодисасига «Ру­ҳимнинг товуши» китобида қайта-қайта дуч келасиз: «гулл», «жаҳоо-на», «гул-зоор», «кушоод», «гул­мо­оҳим» каби сўзларда баъзан оддий тиниш белгиси – чизиқча (-) ҳисобига ҳам бундай ҳолат олдинги шу сингари ҳолатга нисбатан бошқача қиррада намоён бўлади. Бундай ўринларда чизиқча (-) ўлик белгига эмас, жонли, тирик унсурга айланади ва матн билан фаол муомала-муносабатга киришади.
Шоир айрим сўзларга қўшимча товуш қўшиш билан ҳам шеърнинг эстетик таъсирчанлигини оширишга эришган:

Гул экурман жаҳона
Гулзор ўлмағунчаҳ,
Жон чекурман, жонона
Дилдор ўлмағунчаҳ.

Айрим сўзларнинг «турпоғ», «дайро», «кетти», «ўтти», «ёоор», «иффор», «гуффтор» шаклида қўл­ланиши, сўзлардаги фонетик ўзгаришлар, ҳатто «Кашта» шеърида бир сўзнинг икки кўринишда – «ямоқ» ва «йамооққ» шаклида қўлланилиши, баъзан бир сўз­нинг охирги товуши кейинги сўзнинг биринчи товуши билан бирлашиб-уюшиб: «…неча-га-ё, ёр-аллаёр; ке­­чага-ё, ёр-аллаёр», «дам, о; дам» тарзида келиши шеърнинг оҳангдорлигини, жарангдорлигини оширишга хизмат қилади. Умумий матнда бу каби сўзларнинг табиийлиги, жонли тилга яқинлаштирилгани мисраларнинг му­сиқий теранлигини оширади.
«Чўмилиш», «Иқрор» шеърларида («Хиргойи» ки­­­­тобидан, Тошкент, «Ёзувчи» нашриёти, 1997 йил. Иқтибослар шу китобдан – С.А ) бир сўзнинг бўғинларга – катта товушларга бўлинган ҳолда такрорланиши натижасида шоир янги сўз ясашга, товушлар воситасида бир сўздан бошқа сўзга, бошқа маънога ўтишга эришган:

Либ-о-сим-либ-о-сим-либ-о-сиб…

Ёки:

Кўй-ла-гим-кўй-ла-ки-кўй-ла-тибб –
Ла-куй-ла-куй-ла-куй-лааа-а…

Биринчи иқтибосда мисрани: «Либосим либосин осиб» шаклида ўқиш мумкин. Албатта, бундай товуш ўйинлари шеърнинг умумий маъноси, шеър руҳи доирасида бўлсагина ўзини оқлайди. Акс ҳолда, сунъий, зўрма-зўраки шаклбозликка айланиб қолади. «Чўмилиш» шеърида чўмилиш манзараси акс этганлиги, «ҳўл», «қуруқ», «либос» сўзлари матннинг таянч сўзлари эканлиги учун ушбу товушлар силсиласи ўзини оқлайди.
Юқорида келтирилган иккинчи иқтибосда «куйлагим», «кўйлак», «куйла» сўзларини ясаш мумкин. «Ла» товуши нотанинг олтинчи товуши «ля»га уйғунлиги, товушдошлиги билан шеърнинг мусиқийлигини оширади. Шу шеърдаги «ур-син», «чал-син», «ён-син», «син-син» тарзида ажратиб ёзилган сўзларнинг иккинчи бўғини мустақил сўз – «син» билан шаклдош. «Син» сўзининг маъно тақозоси туфайли сўзларнинг ажратиб ёзилиши ўзини оқлайди.
«Иқрор» шеърининг биринчи бандида «Сим-сим-о-чил-чил-сим-сим-очил-гин-о-чил… Чил-чил-чил-чил» бўғинларидан «сим-сим, очил, очилгин, очил; чил-чил, син» сўзларини ўқиш мумкин. Иккинчи бандда «тешар», «кесар» сўзларига «шар-шарр-шар-шарр» тақлид товушлари мантиқан тўғри боғланган. «Тиғ устида… Темир ковуш кийиб ҳам пўлат қўлқоп – зил-зил-зил-зил» мисраларида темир ковуш, пўлат қўлқопнинг оғирлигига ишора тарзида «зил» сўзининг бўғинлаштирилиши ўз ўрнига тушган.

Ўтти, ўтти, ўтти-ёвв…
Ҳамма ўтииб кетти-ёвв…
Ул сарвиноз ўтмади-увв…

Беш бандли «Жоним, ишқ фаслида гул экдингизму?» шеърида ушбу иқтибос тўрт марта такрорланган. Ушбу уч мисранинг сўнгги сўзларига диққат қаратайлик: «ўтти-ё» га «в» товуши қўшилиб «ёв» товуши ясалган, бу, бир томондан, оҳангдорликни кучайтирса, иккинчи томондан янги «ёв» сўзини ясайди. «Ёв»га «в» товуши қўшилганда «ёв»нинг товуш маъноси ҳам кучаяди, яъни қаттиқ ёки жиддий ёв. Демак, ўтган – ёв, ёв ўтди, кучли ёв ўтди. Бу ёв – бевафо ёр. Бевафо ёрнинг маъноси эса кенг. Энди шу иқтибосдаги «ўтмади-увв» сўзига тўхталайлик. «Ўтмади»нинг ўзида лирик қаҳрамоннинг ўксиниши, озурдалиги сезилади. Сўзга қўшилган «увв» йиғи товушини, айнан «увв» шаклида – «в» товушининг иккилантирилиб, кучайтирилиб ишлатилиши қаттиқ йиғи – сиқташ овозини юзага чиқаради. Шеърхоннинг кўз ўнгида ғоят озор чеккан лирик қаҳрамон қиёфаси гавдаланади.
Бу ўринда «ўтти» шоир томонидан ўринли танланган сўз. Негаки, мазкур сўз катта фалсафий маънога эга. Дунё ўтади, инсон ўтади, умр ўтади, ҳатто муҳаббат ҳам ўтади. Мавжуд бўлган ва келган нарсаларнинг ҳаммаси ўтади. Шоирнинг муваффақияти шундаки, у ана шундай бироз ғамгин хулосага олиб келувчи мантиққа мос шакл, энг муҳими, оҳанг – зарур товушлар топа олган.
Шоир яна бир бадиий усулни ўз ижодий тажрибасида қўллар экан, ижодкор-санъаткор сифатида ўзи ҳам, айтиш мумкинки, усул ҳам яна бир бор синовдан ўтади. Бу усул, айниқса, унинг «Хиргойи», «Умр тасвири» сингари шеърларида яққол кўзга ташланади. «Умр тасвири»да кўпдан-кўп сифатлар билан сийланган дунё­га шоир оригинал таъриф беради:

Дунё – тескарига қараб турган қиз…

Тескари қараб турса, қизнинг узун сочи кўринади. Соч узун, қора. Сочга, демак, қизга ошиқ ва ошуфта лирик қаҳрамоннинг нияти оқ. Демак, қора соч билан оқ ният лирик шеърнинг ички динамикасида бирикади, соч ниятга, ният сочга, яъни қора оққа, оқ қорага қўшиб ўрилади. Шеър сюжетининг ички ривожланиши қорани тунга, оқни кунга олиб чиқади. Бу энди умрнинг манзарасига айланади. Албатта, ҳар қандай умр ҳам оқ ва қорадан, кун ва тундан, яъни манфий ва мусбат хоссалардан иборат. Шоир шеърнинг, матннинг умумий мантиғидан келиб чиқиб, умр манзарасини қиз сочининг шаклида кўрса, умр мазмунини ўрилган қиз сочининг ҳалқаларида – кун ва тунда, оқ ва қорада ва шу ҳалқаларнинг – кун-тун, оқ-қоранинг силсиласида, шу силсиланинг «мен» билан вобасталигида кўради. Бу вобасталикда, доимийлик, маром мавжуд. Ҳазрат Алишер Навоий: «Менинг заволиму сенинг камолинг – тун ила тонг…» мисрасида Инсон тириклигининг икки улкан қутбини заррадек бир нуқтада жамлаган. Шоирона, санъаткорона нигоҳ билан кўрган манзарасини Рустам Мусурмон ҳам сўзлар воситасида мусаввирона чизади:

кун-тун
ман
тун-кун
ман
кун-тун
ман
тун-кун
ман
кун-тун
ман
йўқ.

«Хиргойи» шеърининг умумий манзараси чиндан ҳам хиргойига ўхшайди: барча сўзлар бўғинларга ажратилган. Шеър матнидаги таянч сўзлардан бири – «тарам-тарам». Яъни «кўйлагимнинг йўли тарам-тарам». Бўғинлаштирилганда бу сўз хиргойига жуда мос: «та-рам-та-рам». Шеър шундай шакллантирилганки, бутун матн яққол ҳолда тарам-тарам кўринади. Шоир матндан шакл, шаклдан матн ясайди. Маъно-мазмуннинг уйғунлигини ҳам таъминлайди. Ва ижодий муваффақиятга эришади.
Юқорида Рустам Мусурмон ижоди мумтоз шеъриятимиз ва халқ ижодидан тўйинган, деган эдик. «Китобий» ғазали, «Дарвеш», «Ирсоли масал ёхуд ечими мушкул чистон» сингари шеърлари мумтоз шеъриятимиз қуёшида пишган, тоб еган мисралар арқоғидан иборатдир:

Басе Рустам, сиғин ёра, ёрангни ёр бугун ёра,
Китобдаги ўшал ёра китоб тузган Китобийман.

«Китобий» ғазали мақтаида «ёр» ва «китоб» сўз­ларининг бир неча маъно оттенкалари санъаткорона тарзда очиб берилган, бир сўзнинг бир неча маънолари ўз ўрнида қўлланилган. Тажнис санъатидан тўғри фойдаланилган.

Деди: «Гар кашкулингда
Динор йўқдир қаландар,
Қувонурсан, кулурсан –
Кўнглинг тўқдир, қаландар?!»

«Дарвеш» шеъри архитектураси мумтоз адабиётимизнинг анъаналари доирасида «Деди…», «Дедимки…» шаклида қурилгани ва мазмун, оҳангнинг мутаносиблиги билан қадим замонларда бармоқ вазнида айтилган шеърлар таассуротини беради.
«Кашта», «Қўриқчи», «Ўллалла», «Совчи», «Овутиш» шеърлари халқ оғзаки ижодининг бой хазинасидан эркин баҳраманд бўлган, бу хазинадан олинганларни ўз инжа истеъдоди билан бойитиб, янгича шеърий намуналар яратган шоирнинг топилдиқларидир.

Ла-лай-чилар қабоқ уйиб кетсин-эй,
Ўз ёғида ўзи куйиб кетсин-эй!
Шум совчилар Санамжонга келгунча,
Менинг икки кўзим ўйиб кетсин-эй!

«Совчи» шеъридан олинган ушбу тўрт сатр сўз­лари, сўз қурилиши, оҳанги билан халқ қўшиқларига жуда яқин, дафъатан у шоирнинг шеъридан парча эканлиги хаёлингизга келмайди ҳам.
Тасвир ва ифодадаги янгиликлар, бадиий воситалардан ўринли фойдаланиш ҳар қандай шеъриятнинг «чиройини очиб юборади».

Қорлар қоялардан ўзин ташлайди,
Тоғларнинг энг чуқур дараларига.
Чечаклар эмаклаб чиқа бошлайди,
Қишнинг бўйсунмаган қалъаларига.

«Энг қадимги турку» сарлавҳали ушбу шеърда қадим оҳанглар – ёз билан қишнинг уришиши янгича талқин этилган. «Қишнинг бўйсунмаган қалъалари», «Чечакларнинг эмаклаб чиқиши» – қиш билан ёзнинг тортишиши, сўз санъатининг боқий мавзуси – яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузликнинг курашида, яхшилик ва эзгуликнинг ғалабасини қадим санъат фонида акс эттиради. Қишнинг бўйсунмаган қалъалари – ҳали қиш ва қор исканжасидан тўла озод бўлмаган тоғлар, қоялар; у ерларга чечаклар қатъиятли аскарлардек эмаклаб чиқади. Майсалар, чечаклар пастдан тепага қараб униб, кўкариб боради. Негаки, паст илиқроқ, баланд жойлар эса нисбатан кейинроқ кўкаради. Табиатнинг бу ҳодисасини синчковлик билан кузатган шоир «чечаклар эмаклаб туша бошлайди» деб эмас, аксинча – чиқа бошлайди, деб ўринли ишлатган. Негаки, ўт-ўлан аввал пастда, кейин тепада жонланади.
«Мени тушунсайди одамлар…» шеърининг лирик қаҳрамони – ошиқ. Ёр – унинг учун бутун борлиқ ва буткул мақсад. У китоб шаклига киришни истайди, шундай китобки, ёрнинг қўлидан ҳеч тушмаса. Ёр уни шунчалар ҳижжалаб, берилиб ўқисаки, у ёр қўлида титилиб кетса… катилиб кетса…

Ҳар кун дарсхонада гўзал толиба
Қолдирмай ўқиса вароқларимни.
Ҳар кун ошхонада гўзал соҳиба
Билдирмай тўғраса юракларини…

Титили-иб кетсайдим, кати-илиб кетсайдим…

Рустам Мусурмон кейинги йилларда насрга ҳам қўл урди. Айниқса, унинг «Муқанна» қиссаси мавзуси, тили ва услуби билан ажралиб туради. Муаллиф мавзуни қаламга олишдан олдин кўплаб манбаларни синчиклаб ўрганган. Қисса насрий достон каби ўқилади. Асарда ўқувчига воқеаларга, фактларга асосланган янгилик бериш бирламчи эмас, китобхонга ҳиссий-руҳий таъсир ўтказиш услуби устуворлик қилади. Шу жиҳати ва шоирона пафоси билан қисса тарихий мавзудаги бошқа кўпгина асарлардан ажралиб туради. Қиссани ўқишни бошлаган китобхон тугатмагунча ундан узилолмайди.
Рустам Мусурмон ижодий имкониятлари кенг, ижодий заҳираси бой, сўзнинг чин заргари бўлган санъаткор шоир. У шеърда, таржимада, насрий асарларда ҳам бирдек баланд пардани ушлай олади. Шубҳа йўқки, у ҳалол ижодий меҳнати билан адабиётимиз ривожига муносиб улуш қўшади.

“Ёшлик” журнали. 2014  йил, 7 (279)-сон

Сайт бўлими: Адабий танқид

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ