"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Йўлдош Солижонов. Сўз устидаги дунё

Ўқилди: 1 770

СолижоновБундан уч-тўрт йил аввал ёзувчилар уюшмасининг таклифига кўра Андижон-га кетаётганимизда Энахон йўл-йўлакай янги шеърларидан ўқиб берди. Улар орасида менга айниқса,
Ким айтар, бу чархи дун ҳўкиз устида турар,
Ким айтарки, тафаккур, тамиз устида турар.
Ҳақнинг дастида олам, зарра иштибоҳим йўқ,
Оҳ тортсам икки дунё сўзнинг устида турар
деган эҳтирос ва аланга уфуриб турган банд билан бошланган шеъри жуда ёқди. Шеър чуқур ижтимоий фалсафа, инсоний ўкинч, дунёнинг биркамлигини англаш ва уни бутун қилиш учун курашиш истаги билан йўғрилган эди. Атиги тўрт банддан иборат бўлса ҳам мазмун ғоят кенг қамровли эди. Мен баъзи маслаҳатларим, истакларим билан ўртоқлашдим. Энахон бу шеърини эълон қилишга шошилмади, узоқ ишлади, қайта-қайта ўйланди. Ниҳоят, 7 банддан иборат “Сўзнинг устида турар…” сарлавҳали шеър дунёга келди.
Маълумки, дунёни англаш юмушларнинг энг мураккаби, илмларнинг энг оғири ҳисобланади. Улуғ аждодларимизнинг аксарияти узоқ йиллар яшаб, дунё деб аталган мураккаб қурилманинг ҳеч кимга маълум бўлмаган сир-асрорлари ҳақида ўнлаб фалсафий, тарихий, астрономик асарлар ёзиб қолдирганига қарамай, умри сўнггида ҳеч нарсани билмай ўтиб кетаётганлигини бежиз таъкидламаган эдилар. Энахон ҳам бир ожиз банда сифатида бу даҳри-дун сирларини англашга уринади, унинг мушкулотлари олдида ҳайратга тушади, ўзича хулосалар чиқаради. Шеърнинг 7 банди гўё етти иқлим, етти минтақа, етти қават осмон, етти қават ер сингари муҳим маъно қатламларига эга бўлиб, ҳар бир банд лирик қаҳрамон-шоирнинг ана шу мураккаб дунё олдидаги ҳайратини босқичма-босқич очиб беришга хизмат қилади. Яхлит олганда ушбу шеър тарихимизнинг ўтган юз йиллигида рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларни худди кино лентасидагидек кўз олдимизда намоён қилади.
Хусусан, биринчи бандда айтилганидек, атеистик тарғибот авжига чиққан йилларда оғзига кучи етмаган кимсалар муқаддас динимизни ғорат қилиш учун “Худо йўқ, ер шари ҳўкизнинг шохи устида туради. Ҳўкиз толиқиб, ерни у шохидан бу шохига ўтказганида кучли зилзила бўлади” деб ишонтирмоқчи бўлдилар. Ҳеч биримиз, “Ҳой, жаноб, ерни кўтариб турган ўша ҳўкизнинг ўзи ниманинг устида туради?” деб сўрашга ботина олмадик. Иккинчи бандда эса ана шу мутелигимизнинг мудҳиш оқибатлари ҳақида гап боради. Чунки ўша пайтда тил учида турган сўзларни айта олмай, дилимиз эзилиб, фарёд чексак, “Икки қулоч тупроғу бўзнинг” ичига гум қилинардик. Кейинги икки бандда шоира мустамлакачилик сиёсати авж олган тоталитар тузум даврида халқимиз “Кўнгилгамас, минг қўйли бойларга” қуллуқ қилишга, “Мунглиғгамас, зўрларга зарбоф чопон” кийдириб кўнглини олишга, “Муттаҳамни пир тутиб” айтганини сўзсиз бажаришга мажбур бўлганлигини афсус билан қайд этади.
Шукурки, халқимиз иймон-эътиқодини мустаҳкам асраб, тузини ҳалоллаб еган экан (“Аё, Бахт бир кафт ҳалол тузнинг устида турар”), ХХ аср сўнггида эмин-эркин ҳаётга эришди. Мустақиллик туфайли тафаккуримиз янгиланиб, бу кўҳна олам Ҳақнинг дастида қойим эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Бироқ шоирани ер шарининг гоҳ у, гоҳ бу ерида бевақт отилаётган ўқлар, унутилаётган меҳр-оқибат, бу “чархи кажрафторнинг қил устида тургандай” бесаранжомлиги изтиробга солади. У бошқаларни ҳам бу масалага бефарқ қарамасликка чақиради ва шундай мурожаат қилади:
Аё, дўст, юрагимга увлаб кирар хавотир,
Тошларни муштлаб-муштлаб дарёлар кетаётир.
Ишқ кетган юраклардан чаккалар ўтаётир,
Бу дунё қалқиб, гўё музнинг устида турар.
Шоиранинг бундай дардли, аламли, изтиробли, фарёдкор нолаларини тинглаган қайси кўнгил ташвишга тушмайди? Бу туйғулар ўқувчи қалбида ҳам бевосита акс-садо беради, унинг ҳам руҳиятини жунбушга келтиради. Чунки дунё катта хавф остида турибди. Табиатнинг емирилиши, ичимлик сув, озиқ-овқат заҳираларининг тобора камайиб бораётгани етмагандек, йирик давлатлар ожизроқ юртларни ямламай ютиб,дунёга ҳукмронлик қилишга очиқдан очиқ уринаётгани инсониятни инсоф билан иш кўришга, хушёр бўлишга чорламоқда. Шу боис шоира ўз замондошини огоҳликка чақиряпти. Зеро, инсон музнинг устида қалқиб тургандек омонат бу борлиқнинг жонли бир зарраси экан, у бошқарув ҳаракатида хушёр туриши, ўз ўрни ва ролини ҳис қилиши лозим. Буни англаган ҳар бир ўқувчи Энахоннинг даъватига лаббай деб жавоб беради.
Гарчи биз мустақил юртимизда тинч, осойишта яшасак-да, бир киприк қоқиш асносида юз бериши мумкин бўлган қалқишлардан холи бўлолмаймиз. Лирик қаҳрамоннинг кўнгли ана шундан безовта. Шунинг учун ижодкор “Дўстлари(ни) кўзин(и) (катта) очиб атрофига (зийракроқ) боқ”ишга (қўшимчалар бизники – Й.С.) даьват қилади. Бу шеърни мутолаа қилар эканман, ижодкорнинг сўз устида ишлаш, фикрини ўқувчига етказиш учун унинг энг зарурини танлай билиш маҳоратига тан бераман. Биргина “Аё” ундов сўзнинг турли ўринларда тўрт марта такрорланиши лирик қаҳрамон қалбининг безовта оҳ-ноласини англатишга ёрдам беради. Айниқса, келтирган мисолимиздаги хавотирнинг инсон юрагига “увлаб” кириши, дарёнинг “Тошларни муштлаб-муштлаб кетаёт”ганлиги, “Ишқ кетган юраклардан чаккалар ўтаёт”ганлигини таъкидлаш муҳим аҳамият касб этади. Гарчи “юрак” ва “кетмоқ” сўзлари икки марта такрорланса-да, ўқувчига ортиқча туйилмайди. Аслида дарёга нисбатан “кетаётир” сўзидан кўра “оқаётир” сўзини ишлатганида қофия ҳам тўлиқроқ, тушунча аниқроқ, ҳаракат табиийроқ чиққан бўларди. Бунинг устига учинчи сатрда “кетган” сўзининг ишққа нисбатан такрор (“ишқ кетган”) келиши оҳангни бироз сусайтиргандек туйилади. Кейин ўйлаб кўрсам, Энахон бу сўзларни маълум мақсадни кўзлаб, ғоявий ниятини ўқувчига етказиш истаги билан такрорлаган экан. Сабаби – “оқаётир” сўзи дарёнинг шунчаки одатдаги табиий ҳаракатини ифодалайди. Гап эса дунёнинг ўткинчилиги, унинг юрагига увлаб кираётган хавотирларнинг беҳадлиги ҳақида бормоқда. Шу маънода “кетаётир” сўзи “Тошларни муштлаб-муштлаб” ибораси билан бирикиб, мазмунни янада кучайтиради. “Ишқ кетган юраклардан чаккалар ўтаёт”ганлиги, “Бу дунё қалқиб гўё музнинг устида” турганлиги ўқувчини сескантиради, ўйга толдиради.
Яхшиямки, лирик қаҳрамон бахтига унинг ташвишлару хавотирига барҳам берувчи тинч-осойишта Ватани бор! Шеьрнинг кейинги банди Энахоннинг она Ватанига бўлган буюк муҳаббатининг туганмас изҳори сифатида жаранглайди:
Жонимнинг устидадир, Ватан, шону шарафинг,
Иймоннинг устунидир ҳар валий, ҳар салафинг.
Кўзимга тўтиёдир ҳар чўпинг, ҳар тарафинг,
Ўзбекистон – жаннатим кўзнинг устида турар.
Ватанни кўз қорачиғидек асрашнинг бундан зиёд таьрифини келтириш амри маҳол.
Бу шеър таҳлилига узоқроқ тўхталишимизнинг боиси шундаки, фарғоналик оташнафас шоира Энахон Сиддиқованинг “Сўз устидаги дунё” деб аталган навбатдаги китобининг бутун мазмун-моҳиятини англашга бадиий тезис бўлиб хизмат қилади. Етти фаслдан иборат китобга шоиранинг қирқ йиллик ижоди намуналаридан энг саралари танлаб олинган. Улар “Бир шеьрнинг дардида қалби ўртанган”, дунёнинг ташвишларини елкасига ортган, кўрган-кечирганларидан ўзига тегишли хулосалар чиқара олган шоиранинг ижтимоий, маънавий-маърифий тафаккури қанчалик улғайиб, кенгайиб борганлигини исботлайди. Ушбу тўпламга кирган шеьрлари билан Энахон кўз ўнгимизда ўз дардларини ўта назокат, теран нафосат билан ифодалай оладиган ижодкор қиёфасида намоён бўлади. Китобни мутолаа қилган ҳар бир ўқувчи шоиранинг ижодий уфқлари янада кенгайиб, тиниқлашиб қолганига ишонч ҳосил қилади.
Ўзбекистон Қаҳрамони атоқли шоир Абдулла Орипов таъбири билан айтганда, “Энахон куюнчак шоира. Шеьрлари самимий. У ўз шеьрларида аёл қалбининг туғёнлари, инсон ҳаётининг турли лаҳзаларини қаламга олади. Ватанга муҳаббат, мустақилликка садоқат мавзулари, озод ва обод юрт манзараларини бир қаламкаш сифатида ғурур билан куйлайди. Фикр ва тасвир уйғунлиги, мавзунинг ҳиссий-эмоционал оҳангга йўғрилганлиги, образларнинг предметлашгани шеьриятда бағоят қадрланади. Энахоннинг шеьрларида ана шундай хусусиятлар кўзга ташланади.”
Дарҳақиқат, Энахон Сиддиқова “Кўнгил тугунларини ечмоқлик мушкул” бўлган ишга жазм этган шоиралардан. Унинг нияти “Бедорликнинг туғини” баланд кўтариб, “Сўзларни гулханлар янглиғ оловлантириш”дан иборатдир. Шу боисдан ҳам Э.Сиддиқованинг кейинги пайтда ёзган шеьрларида фалсафий руҳ, ижтимоий мазмун янада кучайганлигини, шоиранинг кўнгил уфқлари тағин ҳам кенгайганлигини, меҳр билан йўғрилган самимий Сўзнинг қудратини чуқур англаб етганлигини сезамиз. Оташнафас шоиранинг инсоният қисмати, Ватан тақдири ҳақида қайғурган қонталаш дил туғёнлари бундан-да ранг-баранглашиб, таъсир кучи янада ортишини тилаб қоламиз.

 

Сайт бўлими: Адабий танқид

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ