"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Нусратулло Жумахўжа . “Навоийни ўрганиш” масъулияти

Ўқилди: 780

Н.Жумахужа 400“Ўз АС”да “Навоийни ўрганиш” номли янги рукн очилди. Ундан мақсад Навоийнинг ғояларини, образларини, ижодининг маънавий-маърифий моҳиятини тарғиб-ташвиқ этувчи, улуғ шоир ҳаёти ва ижодига оид янги маълумотларни ёритувчи ихчам мақолаларни ҳафтаноманинг ҳар бир сонида эълон қилиб боришдир. Бу хайрли ташаббус Навоий шахсияти ва ижодиётини тадқиқ этишни, янада теранроқ англашни жонлантириш, мутахассис ҳамда мухлисларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини фаоллаштириши тайин.
Айни пайтда, ушбу рукнни узлуксиз давом эттириш ҳафтанома ижодий жамоаси учун ҳам, мутахассис ва мухлислар учун ҳам катта масъулият демакдир. Негаки, Навоий ҳақида ҳамма ҳам илмий ва оммафаҳм услубда ёза олмайди, ҳар ҳафта янги ҳамда янги маълумотни мужассамлаштирган бир мақолани топиш осон эмас. Обуна туфайли уйимда тўпланган тахламларни ҳисоблаб чиқсам, ўтган йили ҳафтаноманинг 52 та сони чиққан экан. Агар ҳар йили ҳафтанома шунча миқдордан чоп этилса, демак, “Навоийни ўрганиш” рукни остида бир йилда 52 та мақола босилиб чиқиши лозим. Агар ҳар мақолада бир илмий янгилик ёритилса, йил давомида газетхон Навоий ижодини ўрганиш юзасидан 52 янги маълумот билан танишар экан. Бундан ташқари, “Навоий гулшани” ва бошқа рукнлар орқали ҳам Навоий ижодиётини изчил ёритиб бориш кўзда тутилиши табиий. Аммо, ҳафта сайин чинакам илмий-оммабоп мақолаларни тайёрлаб етказиш уддаланармикин ёки тезкорлик ва шошилинчда хом-хатала мақолалар ҳам саҳифаларни забт этармикин ? Дастлабки чиқишлар бизда шундай хавотирни туғдирди.
Айниқса, Ваҳоб Раҳмонов томонидан эълон қилинган “Фазилат васфида” (“Ўз АС”, 2014, 25 апрель) мақоласида чуқур текширилмаган, илмий асосланмаган, шубҳали маълумотлар мавжуд: “… нодирасон, нафрас, нафрасон Навоий томонидан ижод қилиниб, биринчи маротаба адабий муомалага киритилган сўзлардир. Қизиғи шундаки, бу уч сўз катта луғатларда учрамайди. Биз қизиқиб бир неча қадимий луғатларни ҳам кўздан кечирдик ва бу сўзларни учратмадик”. Афсуски, бундай фавқулотда дадиллик, қўлга тушган биринчи луғатни варақлашимиз биланоқ, авомни ишонтиришга мўлжалланганлиги аён бўлди. Мутахассис ва мухлислар қўлидаги энг бирламчи дастуриламал бўлган “Навоий асарлари луғати”нинг 464-бетида ўқиймиз: “Нодирасон а. – ф. Ягонадай, тенги йўқдай, нодира қатори”. Бор нарсани қандай йўқ дейиш мумкин ? В.Раҳмонов қайси “катта луғатлар”, қайси “қадимий луғатлар”ни “кўздан кечирган”, бу ҳақда ёзмаган.
Масъулият – манба ва маълумот аниқ бўлишини тақозо этади.
Бундан ташқари, муайян сўзларнинг луғатларда йўқлиги уларни Навоий ижод этганлиги ҳақидаги фикрни тасдиқлаёлмайди: “Навоий асарларида учрайдиган юзлаб сўзларнинг ўзаги ўзга тиллардан олинган бўлса-да, улар эски луғатларда қайд этилмаган. Шундан хулоса чиқариб айтиш мумкинки, уларни Навоийнинг ўзи ижод қилган”. Ниҳоятда юзаки хулоса. Бундай хулоса чиқариш илмий мантиққа зид. Биз Навоий тилига, Навоий даври луғатларига бугунги тилимиздан келиб чиқиб ёндашишимиз тўғри эмас. Навоий даври тил муҳитидан келиб чиқиб ёндашишимиз лозим. Ахир, Навоий истеъдоди шаклланган муҳитда форс, араб, туркий тиллари баравар муомалада, ўзаро фаол муносабатда эди. Навоий ва унинг замондошлари форс-араб манбаларини, масалан, исломга оид манбалар ёки Саъдийнинг “Гулистон” ва “Бўстон” асарларини аслиятда мутолаа-муҳокама этишган. Навоий замондошлари билан учала тилда бемалол сўзлашган, фикр алмашган, ёзишган. Биз луғатсиз тушунмайдиган сўзлар Навоий ва замондошлари учун оддий сўзлар эди. Шунинг учун улар эски луғатларда қайд этилмаган. Таваккалига “Навоийнинг ўзи ижод қилган” дейилган сўзлар Навоий муҳити ва ундан олдинги даврларда яшаган шоир-мутафаккирлар бадиий тил бисотида мавжуд эди. Рудакий, Низомий, Деҳлавий, Аттор, Румий, Саъдий, Ҳофиз, Жомий ва бошқа мутафаккирлар ижодий мероси қиёсий таҳлили асосида хулоса чиқарилса, ишонарли бўларди. Навоий шарафи жаҳон эстетик тафаккури тарихидаги маълум кашфиётларни унга ўзлаштиришга муҳтож эмас. Бу – илм шарафига ҳам номуносиб.
Муаллифнинг мана бу хулосаси ҳам илмий мантиқ талабларига жавоб бермайди: “… мен Алишер Навоий сиймосида бири иккинчисидан улуғ икки даҳони кўраман. Биринчиси, унинг адабий даҳо эканлиги; иккинчиси, маънавий-ахлоқий даҳолигидир”. Навоий сиймоси сунъий ва ортиқча бўрттиришга ҳам эҳтиёжсиз. Моҳиятан, адабий даҳолик билан маънавий-ахлоқий даҳолик ягона бир тушунча-ку, ахир. Адабиёт, яъни одобиёт – маънавият ва ахлоқ демакдир. Маънавият ва ахлоқ адабиёт негизида ёритилади, ўқитилади, шакллантирилади. Маънавият ва ахлоқнинг асоси адабиётдир.
Хуллас, “Навоийни ўрганиш” рукнида улуғ мутафаккир ижодидан сабоқ берадиган, асосли илмий далилларга бой маърифий мақолалар чоп этиб борилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Сайт бўлими: Адабий танқид

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ