"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ҳайдар Муҳаммад. Бобурнинг йигитлиги (ҳар кимки вафо қилса)

Ўқилди: 1 162

Хайдар-МуҳаммадҚатнашувчилар:

Бобур- 22 ёшли Қобул подшоси
Ёш Бобур- 12 ёшлик Андижон подшоси
Қутлуғ Нигор- Бобурнинг онаси 40 ёшларда
Маъсума- Бобурнинг севгилиси

Қосимбек- Бобурнинг садоқатли амири
Мулла Бобойи- Бобурнинг хос бекларидан
Хисравшоҳ- Хисор юртин подшоси. Пойтахти Қундуз
Хожа Ривож- Хисравшоҳнинг бош вазири
Боқибек- Хисравшоҳнинг иниси, уч вилоят ҳокими
Зулунбек- эси оғиб қолган бек
Маматқул- етимлар қўзғалонининг бошлиғи
Қамбарали- Дам Бобурга, дам Хисравшоҳга ўтиб юрувчи беклардан.
Орзубек- ошиқ йигит
Қумрибека- Орзубекнинг севгилиси, Зулунбекнинг синглиси
Ҳамзавий- Шайбонийхонинг амирларидан
Муҳаммадали- Бобурнинг лашкарбошиси
Қаландар- Хисравшоҳнинг айғоқчиси
Масхара- Хисравшоҳнинг қизиқчиси
Хиндубек- Бобурнинг хос табиби
Ширимтоғойи- Бобур хизматидаги мўғул беклардан
Жаҳонгир мирзо- Бобурнинг укаси
Булбул отин- Бобурга шайдо бўлиб қолган қиз
Деҳқонбобо
Абдулносир- меъмор
Воқеалар асосан Хисорда кечади.

Адабий маслаҳатчи санъатшунослик фалари доктори Мухсин Қодиров

I парда
(мусиқа янграйди)
Муқаддима
Қобул тахти. Бобур асабий  тик турибди. Боқибек тиз чўккан бош яланг. Салласи билан оёқ-қўли боғланган. Ерда ханжар ётибди.
Қосимбек қавчин, Орзубек, Мулла Бобойлар туришибди.

Бобур-  Олиб чиқинг! Бу кўрнамак вазири аъзам Боқибек тархон Чағанёнийни!

Уни Орзубек ва Мулла Бобойилар олиб чиқишади.

Ҳар ким-ки вафо қилса вафо топғусидир,
Ҳар ким-ки жафо қилса жафо топғусидир
Яхши киши кўрмагай ёмонлик харгиз
Ҳар кимки  ёмон бўлса жазо топғусидир.

Қосимбек-  Иншоллоҳ жазо топғусидир.

(Ҳаёлий мусиқа янграйди)

12 ёшлик ёш Бобур киради.
Ёш Бобур-  Ассалому алайкум!
Бобур-  Валайкум.  Жуда танишсиз. Кимсиз шаҳзодам?
Ёш Бобур- Мен 12 ёшлик Заҳириддин Бобур Мирзодирмен. Фарғонада шоҳлик тожини 12 ёшда кийган Бобур.
Бобур- О менинг беғубор покиза ўсмирлигим. Хотирамни ғоят тиниқлаштирдингиз. Ҳазор қуллуқ. Ташрифингиз муборак бўлсин.
Шу пайт судралган, оғзи бир ёққа тортган, соқоли ўсиқ                                                                                 Қаландар пайдо бўлади.
Ёш Бобур- Ҳазратим, бу турқи совуқ ким?
Бобур- Бу менинг шарпам. Ўз ихтиёри билан менга шарпалик қисматини танлаган.
Ёш Бобур- Қандай қилиб?
Бобур- О менинг қизиғувчан ёшлигим! Бунинг тарихи узоқ. Оҳиста-оҳиста сизга аён бўлур.
Мулла Бобойи киради.
Мулла Бобойи- Шойим,  Ширим тоғойи Хиротдан  тунда карвон бирлан қайлиғингиз Маъсума Султонбегимни оналари Ҳабиба Султонбегим ва бир қанча канизаклар билан эсон-омон келтирдилар. Рухсатму? Фирсатму?
Бобур- Маъсума Султонбегим…?! Мулла Бобойи ул зоти бокирага на фақат Қобул салтанатининг дарвозалари балки дил мулкининг қопқонлари ҳам очиқдир. Рухсатларим бўлсин!

Мулла Бобойи чиқади.

Ёш Бобур- Ҳазратим. Эсингиздаму ул малокиани мен 11 ёшга тўлганимда отам
Умаршайх мирзо Хиротга илк бор олиб борганларида бола кўзларим билан кўриб, қалбимга аллақандай туйғу қуюлган эди. Маъсумабегимнинг қувноқ кулгулари мехр кўзгусида ўчмас бўлиб қолган эди. Сўнгра тақдир Ойша Султонбегим билан қовуштириб юборди. Мен ўзим кутиб олай.

Ёш Бобур чиқади.

Мусиқа янграйди.

Воқеа боққа кўчади.
Маъсума канизаклар билан рақс тушади.

Бобур- Сенинг рухсори олинга етказган тангри таолога ҳазор шукур!
Маъсума
(куйлайди)

Кўрар кунлар бор экан-ку Бобурим,
Ёрсиз дунё тор экан-ку Бобурим.
Ёр васлини зор-интизор кутганга
Ғаму ҳасрат ёр экан-ку Бобурим.

Бобуримни тангри менга етказди.

Бобур-                              Маъсумамни тангри менга етказди.
Маъсума-                        Қўлларимга бахт қушини тутқазди.
Бобур-                             Қўлларимга бахт қушини тутқазди.
Маъсума-                       Юрагимга ишқ гулини ўтқазди.
Бобур-                             Юрагимга ишқ гулини ўтқазди.
Маъсума-                        Кўрар кунлар бор экан-ку Бобурим.
Бобур-                              Кўрар кунлар бор экан-ку Маъсумам.
Маъсума-  Бобурим.
Бобур- Маъсума Султонбегим, қаро тунларимни равшан чароғи.Ҳаётимнинг олтин вароғи, кўзим дийдасига ташрифинг муборак бўлсин.
Жонимда менинг хаёти жоним сенсан,
Жисмимда менинг рухи равоним сенсан,
Бобурнинг сенингдек ўзга йўқ ёри азизи,
Алқиссаки, умри жовидоним сенсан.

Бобур Маъсума Султонбегимни қўлидан ушлаб боғ томон узоқлашадилар. “Тўйлар                                                                         муборак” руҳида рақс ижро этилади. Бобур ва Маъсума Султонбегим қайтиб саҳна                                                                          олдига келадилар. Қаландар пайдо бўлади.

Маъсума. (Қаландарни кўрсатиб) Ҳазратим. Бул кимса даргоҳингизга келгандан бери кўзлари бирлан мени таъқиб этадир. Ким эрур бу соя сифат?
Бобур- Чўчимангиз. Бу менинг шарпам.
Маъсума- Ё алҳазар! Шарпам?!
Бобур- Ҳа, шарпам. Бул зот аввал мени ўлдирмоқ ниятинда Хисравшоҳдин хуфия бўлиб келиб, қўлга тушти. Сўнгра ўлимдан кўра шарпаликни тилаб олди.

(Қаландар Маъсумага эгилиб таъзим қилиб ер ўпади).

Қаландар- Сизга ҳавасим келади шоҳим. Яратган оллоҳ ҳаққи ҳасад эмас. Ҳавас.
Бобур- Шарпаликдан чарчамадингизми?
Қаландар- Тилаб олинган қисматдан нолимоқ ножойиздир. Тангрим сизнинг ҳақлигингизни кўрсатди. Сизнинг ёш жонингизга тиғ тортмоқчи бўлганлар ўзлари кунпая-кун бўлдилар. Бул зафарлар сизнинг ниятингиз пок, орзу-умидингиз улуғлигидандир деб билдим. Ана шу улуғ ва пок ниятингизни тангрим қачон дилингизга солғонини жуда ҳам билмак истардим.
Бобур- Буни ёшлигимдан сўра. Эй менинг ёшлигим.

Ёш Бобур пайдо бўлади.
Ёш Бобур- Лаббай, ҳазратим.

Қаландар Ёш Бобурга таъзим қилади.
Қаландар- Эй иқтидорли шаҳзода Бобур менинг истагимни ерда қолдирмаслигингизни тилайман.
Ёш Бобур- Ал қисса, қулоқ тутинг. Хижрий саккиз  юз тўқсон тўққизда, яъни Исавий йил бирлан  1495 йилда тангрим  шафоати ва чаҳорёри  васофаларнинг  ҳиммати бирлан сешанба куни рамазон ойининг бошида  Фарғона вилоятида 12 ёшда подшоҳ бўлдим. Падари бузрукворим Умаршайх Мирзо Ахсикатни пойтахт қилғон эдилар.

(чироқ ўчиб ёнади)

Қосимбек, Қутлуғ Нигор, Мулла Бобойи, Ширим Тоғойи ва бошқалар қаторинда сарой шухсупасинда 12 ёшлик Бобур шоҳлик либосида кўринади.
Қосимбек- Заҳириддин  Муҳаммад Бобур Мирзо шоҳлик мартабаси муборак бўлғай.
Ҳамма- Муборак бўлғай! Муборак бўлғай!
Қосимбек- Подшоҳимизни бир қўлларида раҳм-шафқат чароғи, белларида адолат шамшири, дилларида имон-эътиқодлари бут бўлсун. Илоҳо омин!
Ҳамма- Илоҳо овмин!
Мулла Бобойи- Шоҳимизни умрлари узун, салтанатлари пойдор бўлсин илоҳо овмин!
Ҳамма- Илоҳо овмин!
Қутлуғ Нигор- Амирзодам, отангиз ўрнини босиб, шоҳлик тожини кийдингиз. Бу тож ниҳоятда оғир ва маъсулиятлидир. Шу қувончли дамда дилингизда не ҳаёллар кечмакдадир? Орзу истакларингиз, тангри таолодан тилакларингиз недур?
Ёш Бобур- О мени дунёга келтириб, шоҳлик тахти-бахтига олиб келиб, ёнимда қувонч ёшини тўкаётган онамхоним холис ниятларимни сўрадингиз. Жавоб айламак бурчимдир. Амирларим ҳам қулоқ тутсинлар.
Овозлар- Сўзларингизга мунтазирмиз шоҳим.
Бобур- Энг улуғ орзуим улуғ бобом Соҳибқирони муаззам Амир Темур Кўрагонийнинг Ўрта Ер уммонидан  то Чиғача чўзилган буюк салтанатини яхлит холга келтириб, якка туғ остинда тузмоқ. Бобом пойтахти бўлғон Самарқандни яна дорусалтана этиб бўйи бастини Мағрибу Машриқдан кўринадурғон қилиб тикламоқдир.
Қосимбек- Во ажаб! Кичик бир қалбда шундай буюк тилакнинг жой бўлиши кўп яхши фазилатдир.
Қутлуғ Нигор- Илоҳо овмин. Ниятингиз холис, тилакларингиз ижобот бўлмоғига тангрим ўзи ёр бўлсин.
Ҳамма- Илоҳо овмин! Илоҳо овмин! Оллоҳу акбар!
Қосимбек- Шоҳим бу тилагингизда икки қишлоқ бир подшоҳ қилиб юрган Темурийзодалар жунбушга келиб, сизга хужум қилмоқлари эҳтимолдан холи эмасдур.
Ёш Бобур- Темурийзодалар бирлашмоғимиз даркор. Акс ҳолда кўп ўлкаларни ўз тасарруфига  киритаётган Шайбонийхон тезда ва осонгина босиб олиб Темурийзодаларни қириб битирур.
Қосимбек- Темурийлар бирлашса яхлит салтанатни ким тузаолур?
Ёш Бобур- Тангрим насиб этса мен. Йўқ эрса умрим зое деб билурмен.
Қутлуғ Нигор- Ёмон кўздан асрасин. Фаришталар овмин десин. Оллоҳу акбар.
Ҳамма- Оллоҳу акбар!
Бобур чиқади.

Ширим Тоғойи- 12 ёшлик ўспиринда бундай  қатъият ва шижоат!
Мулла Бобойи- Товонидан миясигача ақл ва идрок бу шоҳимизни тангрим паноҳида асрасин.
Қосимбек- Иншооллоҳ ёш шоҳимизнинг юзидан нури ҳидоят ёғилиб турибдур. Идроки ўткир иқтидори буюкдир ҳукмдоримизни.

Чироқ ўчиб ёнади.

22 ёшли Бобур ва Қаландар кўринади.

Бобур- (куйлайди)
Чархнинг мен кўрмаган дарду балоси қолдиму.
Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму.

(Қаландарга) Бобом салтанатин тиклаш учун Самарқандни икки бор олиб, икки дам қўлдан чиқардим. Темурийзодалардан афсуски мадад бўлмади. Шайбонийхон Хоразм, Бухоро, Тошканд, Туркистон, Самарқандни қўлга киритди. Темурийзодаларни якка-яккалаб қириб чиқмоқда. Искандари соний эканлигини исбот қилмоқда. Менга мана ўн йилдирки хиёнат йўлдош. Ҳиёнат мени салтанатимни барбод қилиб ўзимни 150-200 га яқин киши бирлан Хисор тоғлари этагига чекинтирди. Ишооллоҳдан чекинмағай. Хисравшоҳга Қосимбек қавчин билан Мулла Бобойини элчи қилиб жўнатдим.
Қаландар- Бу ёғидан огохман, шоҳим.

I кўриниш тамом.

Чироқ ўчиб ёнади.

II кўриниш.

Хисравшоҳнинг базмгоҳи. Шохсупада Хисравшоҳ икки гўзал ўртасида ўтирибди. Икки ёнида икки гўзал шароб қуйиб узатмоқда. Раққосалар тизилишиб “Ялла” айтиб кириб келишади.

(ялла)

Шоҳимизнинг базми ширин, ялли, ялли, яллией,
“ Гулим” дейсиз қайси бирин ялли, ялли,яллией
Ҳамма гуллар жам бўлишиб ялли, ялли,яллией
Олсам дейди шоҳим дилин ялли, ялли,яллией

Шоҳимизнинг юзлари нур ялли, ялли,яллией
Дилларида мардлик ғурур ялли, ялли,яллией
Кимга агар этсалар им ялли, ялли,яллией
Эй жонона айшингни сур ялли, ялли,яллией

Хисравшоҳ- Бас! (қўли билан “кетларинг” ишорасини қилади)
Қизлар кетади. Харамбека киради.

Харамбека- Шоҳим, бугун харамга кирасизми?
Хисравшоҳ- Йўқ. Жуда тинкам қуриди. Икки кун дам олай.
Харамбека- Шоҳим. Хожа Ривож-амири аъзам йигитлари Шаҳрисафодан 16 ёшлик бир муаттар нафис гул келтирдиларким, бай-бай боқиб кўз тўймайдир. Исми ҳам Ризвонбека. Ойга боқса ойни хира қиладир. Кўзларининг чароси дилни ёндирадир. Ундай гулнинг булбули ягона Хисравшоҳ бўлғусидир.
Хисравшоҳ — Шундай дегин Харамбека. Унда ҳозирлик кўравер.
Харамбека чиқади. Хожа Ривож, Қамбар Али ва бошқа аъёнлар киришади.

Аъёнлар (баробар)- Ассалому алайкум аълоҳазратим!
Хисравшох- Ва алайкум. Қани ўтиринглар-чи. Хўш? (Хожа Ривожга қарайди).
Хожа Ривож- Шоҳим содиқ қулингиз… харамингизга
Хисравшоҳ- Таърифини эшитдим. Бу садоқатинг инъомга лойиқ. Хўш яна қандай муждалар бор?
Хожа Ривож- Дарбадар Бобур Мирзодан элчилар келганини айтган эдим. Ҳузурингизга кирмоқ тилайдирлар.
Хисравшоҳ- Яхши, қабул қилурмен, яна…..?
Хожа Ривож- Яна чумчуқ солиғини жорий этдим.
Хисравшоҳ- Бу не солиқдир Амири Аъзам?
Хожа Ривож- Хос табибингиз айтдиким. Сизга дармон бўлмоққа чумчуқ гўшти зарур экан. Ки, палов, шўрва, кабоб қилиб тановвул этилса ҳосияти кўп эрмиш. Ўзи бир сиқим пат бўлса ҳам…. Шолини орқасидан курмак сув ичибди дегандек. Камина қулингизга ҳам дармон…
Хисравшоҳ- Дуруст. Ўзлари ҳам, а лаббай. Харамбекалари таътилдами дейман. Ҳа, майли… Яна не…?
Хожа Ривож- Бошқа гап йўқ шоҳим.

Қамбарали йўталиб қўйди.

Хисравшоҳ- Қамбар Али бирор гап айтмоғимидирсиз?
Қамбар Али- Ижозатингиз билан шоҳим. Бешга беш дегандек Хожа Ривож жанобларининг хотираларидан фаромуш бўлди шекилли. Етимлар қўзғалон кўтаришмоқчи эмиш.
Хисравшоҳ- Етимлар?!… Қўзғалон кўтармоқчи эмиш. Ё фармони худо. Бу не ходисот тағин…?
Хожа Ривож- Ҳа, ёдимдан андак кўтарилибдур. Шундай шум хабарни додҳоҳ келтирган эди. Бетга чопар, тўнг темирчи Маматқул бошчилик қилмоқда эмиш.
Хисравшоҳ- Шу исқирт темирчи сира тинчимади-да…Яқинда солиқ йиғувчиларни тутволиб урган эди. Боқилаётган бўриларга емак бермай туришсин! Қўзғалон нелигин бир кўрсатиб қўяй худо қарғаган етимлару темирчиға.
Қамбар Али- Зулун Бурундуқбой…
Хисравшоҳ- Нима? Зулун Бурундуқбой?!
Қамбар Али- Шоҳим бошқа беш дегандек, Зулун Бурундуқбой ҳам Амири Аъзамнинг хотираларидан фаромуш бўлди шекилли.
Хожа Ривож- Ҳа, ҳа дуруст Қамбар Али…Ҳалиги Зулунбек синглиси Қумрибекани харамингиздан олиб кетаман деб тик қараганда, Ўлим минорасидан тириклай улоқтиринг деб фармон берган эдингиз.
Хисравшоҳ- Эсимда.
Қамбар Али- Худди шундай.
Хожа Ривож- Улоқтирдик. Қаранг-ки, шу пайт минора тубинда бир пичан ортган арава пайдо бўлиб, унга юмшоқ тушиб ўлмади. Лекин ақлдан озиб кўча-кўйда эртак айтармиш. “Бор экан,йўқ экан…” Одамлар Савдойибек деб ном қўймиш.
Хисравшоҳ- Келтирилсин. Мен бир кўрай Савдойибекни.
Хожа Ривож- Аъло ҳазратим амрингиз вожиб.

Хожа ривож чиқади. Боқибек жаҳл ва шиддат билан киради.
Йўлига енгил таъзим қилади.

Хисравшоҳ- Авзойинг бузуқроқ кўринадир, Боқибек иним? Кундузда не важдин юрибсен?
Боқибек- Хожа Ривожнинг йигитлари менинг тасарруфимдаги 16 ёшлик Ризвонбекани ўғирлаб харамингизга келтирибди.
Хисравшоҳ- ҳа-ҳа-ҳа. Шунга шунча тажангликми? Бибилар каммидир? Мен бирон нохуш иш бўлибдурму дебмана.
Боқибек- Оға бундан ҳам  нохушроқ иш бўлурми?
Хисравшоҳ- Уят бўладир. Оға-ини бир ожизани тортишиб ўлтиришса.
Боқибек- Бу кўнгил иши.
Хисравшоҳ (киноя қилиб)- Ё тавба…кўнгил иши эмуш. Иним муҳим гапдан гаплашайлик. Уч йилдан бери вилоятларинг солиғини тўламайдирсен. Оға-инилик ўз йўлига. Билиб қўй. Эртага кечгача солиқлар хазинамда бўлсин!
Боқибек- Шоҳим, солиқларни чеки бўлмай қолди. Фуқарони еярга нон, киярга либоси қолмади. Сичқонлар ҳасса таяниб юрмиш.
Хисравшоҳ- Фитначиларни гапини йиғиштир!
Боқибек- Шоҳим, Ризвонбекани чиқариб берсунлар!
Хисравшоҳ- Бас қил, шоҳнинг дамини қайтармоқлик, қиличнинг дамига бўйин тутмоқликдир.
Боқибек- Оғо, онамнинг оқ сутига қизил қон қўшмоқчи эркансиз, унда тақдирдан кўрдим. Бир бошга бир ўлим.

Терс бурилиб чиқиб кетади.

Хисравшоҳ- Иним, онча пишқирибдир. Мен инъом этган хокимлик қутуртирибдир. Тошга боши қичимоқда шекилли. Бошини қашиб қўймоқ даркор.

Қарс уради. Хожа Ривож киради.

Дарбадарнинг элчиларини чорла! Аввал, ҳа, гўзаллар кириб ёнимдан жой олсин!

Хожа Ривож- Аъло ҳазратим фармонингиз олий.
Чиқади.
Гўзаллар кириб шоҳ ёнида туришибди. Хожа
Ривож, Қосимбек, Мулла Бобойини бошлаб киради. Хисравшоҳ қадах уриштириб ичаётган бўлади.
Элчилар одатга кўра таъзим қилишади.
Хисравшоҳ ишораси ила масҳара элчиларга рўбарў бўлади.

Масҳара- Жаноблар, қайси тоғу-тош, қайси шоҳнинг элчисидирсенлар?
Қосимбек- Мирзо Бобур элчиларидурмиз.
Масҳара- Бобур, Бобур…ҳа, “оёқ етганча кетгайман” ғазали бор-а. Ҳозир у қай қумлоқнинг шоҳи?
Қосимбек (ўзини босиб)- У Темурийзода, Фарғона, Самарқанд ҳукумдори бўлғон?
Масхара- Ҳозир қай тошни тахт қилиб ўлтирур?
Қосимбек- Янглишманг. Тошконда тоғойиси Маҳмудхон. Бобур Мирзо Жайхун қирғоқларинда ҳозирча омонат макон  тутмуш. Ғазаллар битиб, девон тартиб этмоқ ила машғул.
Масҳара- дилрабонинг қоши ёйи бирлан киприк ўқларин отиб,
дил мулкини забт этмоқдилар денг.
Хисравшоҳ- Бас, Масҳара. (Қосимбекка) Бобур Мирзо ҳозир неча ёшга бормуш?
Қосимбек- 21бахор фаслини қаршиламиш.
Хисравшоҳ- Нечун 21 ёшлик Темурийзода тож-тахтсиз?
Қосимбек- Аълоҳазрат, маълумингизким Бобур 12 ёшида Фарғона вилоятиға хукумдор бўлиб тож соҳиби бўлғон. Мана қарийиб 10 йилдирки хиёнат соядек эргашиб, ҳар қадамда панд бермоқда. Самарқандни қайта қўлга киритишда сиздан ёрдам сўради. Сиздан кўмак бўлмади. Хулласи калом Шайбонийхонинг қўли баланд келиб, энди етти иқлимга таҳдид солмоқда.
Хисравшоҳ- Ўтган ишга салавот, тилаги недур?
Қосимбек- Сизнинг навкарларингиз ёғий фаҳм этиб хужум этмасин деган ният бирлан бизни юбормуш.
Хисравшоҳ- Бошқа бирон фитна йўқмидур?
Қосимбек- Тангрига қасам ичиб айтмангки, фитна йўқдир.
Хисравшоҳ- Хужум бўлмайдир. Аммо бир нарса менга аёнким Темурийзодалар чириб битган. Энди улардан на шоҳ, на султон чиқур. (Хожа Ривожга) Амири аъзам Мирзоға савғони келтур!
Хожа Ривож- Аълоҳазратим, мен ҳозир (тез чиқиб, бир халтача олиб киради).
Хисравшоҳ- Жаноб элчи-Қосимбек Қавчин. Сизни Умаршайх саройиндан билурмен. Сиз бунда гаровга қолурсиз.
Қосимбек- Нечун?
Хисравшоҳ- Темурийзодаларга ишониб бўлмас, жинни қўзиб тахт даъво этмоғи мумкин. Мулла Бобойи сиз қайтурсиз. Амири аъзам савғони топширинг. Мирзонинг ўзи очсин. Зиёфат!
Хожа Ривож мухрланган совға-халтачани Мулла Бобойига беради. Кўзача ва
баркашларда кабоб ва шароблар келтиришади. Масҳара хажвий қўшиқ хиргойи қилади.

Масхара-

(ҳажвий қўшиқ)

Эй дарбадар Бобур Темурваччажон
Насиб этмас тож-тахт сенга ҳеч қачон
Тожу тахтни мақтаб шеър-пер ёзиб юр,
Хоким инъом тутса эмаклаб югур.
Темурийлар қони бузилган қондир,
Сендан Темур чиқмас минг жонинг ёндир,
Сендан чиқар боғбон, ёки отбоқар,
Тахтдан қўлингни торт, Бобур дарбадар.

Хисравшоҳ- Зулун Бурундуқбек!?
Хожа Ривож- Аълоҳазратим. Саломхонада.
Хисравшоҳ- Келтиринг!

Хожа Ривож чиқиб Зулун Бурундуқбек ва икки навкарни бошлаб киради.

Хожа Ривож- Бурундуқбек, таъзим қил!
Зулунбек- Бор экану йўқ экан, оч экану тўқ экан. Маймун таъзимчи экан, мана бундай таъзим қиладурғон экан. (таъзим қилатуриб бирдан ўзгаради. Хисравшоҳга) Мен эмас сен менга таъзим қил! Мен аҳир Хисравшоҳмен.
Хисравшоҳ (кулиб)- Сен Хисравшоҳ бўлсанг унда мен киммен?
Зулунбек- Бўри баковул, тулки ясовул, қарға қақимчи, чумчуқ чақимчи экан. Сен харомнамак маймунсан. Ҳа, ҳа маймун (Бир қўли билан бошини, бир қўли билан қорнини қашиб соқолида бир нарса олиб). Мана, бит. (тирноқлари орасида ўлдириб) Ма, эзиб ич, дармон бўлади. Банияти шифо деб ич!
Хисравшоҳ (ғазабдан довдираб)- Банияти шифо,э туфе….
Масҳара- Ия, шоҳим, ноним яримта бўб қопти-ку.
Хожа Ривож (Зулунбекка жиддий)- Шоҳ оллоҳнинг ердаги соясидир унга тил теккизиб бўлмас. Тавба қил!
Зулунбек- Менга ақл ўргатмакка қандай ҳаддинг сиғди хотин маймун. Мен фармон берурман Хожа Ривож уруғу-аймоғинг билан бошингни сапчадек узиб ташлайдур. Хожа ривожни фармонни ёнига қўшиб-чатиб бажаришга суяги йўқдир. (Хисравшоҳга) Шундайми?
Хисравшоҳ- Шундай.
Зулунбек (Хисравшоҳга)- Шундай дединг, сени арвоҳ уради. Тожу тахтинг кампирнинг тишидай ликиллаб турибди. Менга шундай башорат келяпти.

Хисравшоҳ (Х.Ривожга)- Синглиси Қумрибекани чақиртиринг! Кўришсин. Тағин уволи мени бўйнимда қолмасин.
Масхара- Шоҳим, мени ҳам минорадан ташлатинг. Масҳараликда Зулунбекдан енгилдим. Тасқара бўлиб қолдим. Бор экану…
Зулунбек- Йўқ экан…
Масхара- Оч экан…
Зулунбек- Тўқ экан. Сенга ўхшаган тескари одам бор экан.
Масхара- Тескари одам. Қизиқ-ку.
Зулунбек- Худди сенга ўхшар экан.
Масхара- Бўлди, бўлди. Энди Масхара-тасқараман.

Харамбека Қумрибекани бошлаб киради.
Қумрибека акасини кўриб, югуриб боради.

Қумрибека- Оғо! Оғажон, бормисиз!
Зулунбек-
Ҳай, ҳай, янглишма, мен Хисравшоҳмен. (Хисравшоҳни кўрсатиб). Мана бу оғанг бўлади.
Қумрибека (эсидан оғганлигини фаҳмлаб)- Вой дод! Оғажон, шўримиз қуриб қолибди-ю.
Зулунбек- Юр оғангни маймун қилиб устидан бир куламиз. юр!(қўлидан тортиб маймунинг қилиғини қилади).
Қумрибека
(ария)
Дод этарман, фарёд этарман сендай шоҳнинг дастидан,
Тупроғингни олмишлар ким балчиқларнинг энг пастидан
Ёш жонимиз увол қилдинг-ку, ифлос нафсинг туфайли
У дунёю бу дунё асло қайтмас дилим қастидан.

(Зулунбек синглисининг фарёдига шўх ўйнайди ва бирдан жиддийлашиб қолади).

Зулунбек- Номусли шоҳ унаштирилган қизни тортиб олмас.
Хисравшоҳ- Куёвга тортиқ қиладурман.
Зулунбек (Бирдан айнаб, маймун бўлиб) Бундай тортиққа номусли эркак кўнмас.
Мен Хисравшоҳ кўнишим мумкин фақат. Иншоллоҳ, сени арвоҳлар ургайлар. Итдек хор бўлгайсен. Маликаларинг кимларгадир эрмак бўлғай.
Хожа Ривож- Шоҳим, фармон беринг, бу жиннини дорга остирай.
Хисравшоҳ- Энди буни ўлдириш гуноҳ. Мамлакатдан узоқроққа кетаётган бирон карвонга қўшиб юбор. Синглисини ҳам.

Хожа Ривож ишора қилади. Навкарлар ва Харамбека ака-сингилни олиб чиқишади.Шоҳ ҳам чиқади.

Қосимбек- Мулла Бобойи бу оғо-сингилни ўзингиз билан олиб кетинг. Ҳа, куёв бўлмишни ҳам қўшиб олинг. Бобурнинг хос табиби Саид Ҳиндубек ажабмас даволаса.   Мулла Бобойи- Қачон йўлга чиқай?
Қосимбек- Эрта тонгдан. Мактуб битиб берурман.

Боқибек шиддат билан киради.

Боқибек- Хожа Ривож сиз оға-ини орасиға нифоқ солдингиз. Аҳд қилдим оғом тасарруфидин чиқурмен. Бобур Мирзоға қўшилурмен. (тез чиқади).
Хожа Ривож (орқасидан)- Жаноби Боқибек мен фақат фармони олийни бажардим.

Хожа Ривож чиқади.

Қосимбек- Бу икки бегуноҳнинг уволи Хисравшоҳни ёқасиндан бир кун тутур Қамбар Али Саллох.
Қамбар Али- Саллохлигимни эсимга солманг. Беш карра беш йигирма бешдек. У тераклар Тошканда Юнусхон замонинда кесилиб кетган. Куним шу Хисравшоҳга қолган.
Қосимбек- Тераклар кесилишида айбингиз ҳам бор-да…Бобур Мирзодан кетиб нима ортирдингиз?
Қамбар Али- Унга содиқ қолиб сиз не ортирдингиз. Бугун омонат жонингиз гаровда турибди.
Қосимбек- Соҳибқирон зурриёдлари ичинда Улуғбекдан сўнг улкан истеъдод соҳиби Бобур Мирзодир. Ўсмирлик даври ўтиб кетди. Ул хозир ақли баркамол йигит. Энди бошиға бахт қуши қўнса, илкиндин чиқармас. Унга кўмак  жойиз.
Қамбар Али- Кўмакка шаймиз. Беш карра бешдек.

Қосимбек ва Қамбар Али чиқишибди. Хисравшоҳ бирлан Хожа Ривож, Қаландар киришади.

Хисравшоҳ- Боқибек Бобурға қўшилса…демак иш оғирлашур. Бобурға тегмасликка чакки ваъда берибман.
Хожа Ривож- Пинхона йўқотмоқ даркор. Хуфия Қаландарни эвазиға Шахрисафоға  ҳоким этурмен. Тадбирини ўзинг ўйлаб топ, Қаландар
Қаландар- Шоҳим, у шоирнинг жони не эканлигин яхши билурмен.

III кўриниш
Тоғ бағридаги гўзал гўшага қурилган чайла.   Чайлада Бобурнинг онаси ёлғиз.

Қутлуғ Нигор
(ария)

Дунё ишларин бир-бир дил кўзгуга солурман,
Шоҳларнинг найрангидан лолу хайрон қолурман,
Саҳарларда шул боис тангримга ёлборурман
Ўғлимни душмага зор, номардга мухтож қилма.

Мухтожу зор кимсанинг қалбида минг бир алам,
Хар бир алам меваси хамишадир дарду ғам.
Тоғу-тошда беватан дарбадар юрмиш Бобур
Ўғлимни душманга зор, номардга мухтож қилма.

Бобур тушкун кайфиятда киради.

Бобур- Ассалому алайкум онамхоним!
Қутлуғ Нигор- Ва алайкум ассалом амирзодам. Нечук кайфиятингиз паст кўринур?
Бобур- Ёшингиз улғайган замонда мендай бесамар ўғил туфайли бошингизга тушган азиятлар чексиз бўлса. Мен нечук хуш кайфият бўлай.
Қутлуғ Нигор- Тангрига шукурким, Пайғамбаримиз хадисларида фикр қил, шукр қил деб айтмишларким. Алҳамдилиллоҳ, фикр қилмоққа ақлим, зикр қилмоққа тилим, шукр қилмоққа тўрт мучам соғ, арслондай ўғлим ёнимда. Тақдиримдан нолимайман. Хотирангизда бўлса ёшлигингизда бир нақл айтардим. Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғдир деб.
Бобур- Эсимда, менга қизиқ туюларди, нечук қоронғу бўлур деб.
Қутлуғ Нигор- Ҳа балли, ўғлим.
Бобур (рубоий ўқийди).

Ишлари бори кўнгилдагидек бўлғусидур,
Инъому вазифа буюрулғусидир.
Ул ғалла у мухмалки деб эрдим, бердим
Мухмалга бўю ғалладан уй тўлғусидур.

Қутлуғ Нигор- Тангрига шукур, сизни шоир қилиб яратган экан. “Насиҳатномаи Кайковус” китобинда ноумидлик вақтинда яхшиликдан умидвор бўл деб битулмиш ўғлим. (Чалғитиш учун) Маъсума Султонбегимдан хабар борму?
Бобур- Хиротдан чопар орқали нома юборибдур.

(воқеа ҳаёлга кўчади)
Маъсума- Эй кўнглимнинг хуши, дилимнинг қувончи, умидимни чароғи Бобур Мирзо.

(куйлайди)

Мен неча жафоу жабринга сабр этай,
Бир зарра вафоу меҳр йўқ сенда нетай,
Бедард хабиб билмадинг дардимни
Туфроқча кўрмабсан руҳу зардимни.
Сени шундоқ тасаввур қилмас эрдим,
Бу янглиқ раҳмсиз ҳам билмас эрдим,
Хажри ғаминг этти зулму бедод
Эй жону жаҳоним фиғону фарёд.
Қутлуғ Нигор- Бу номадан маълумки сизни ортиқ севадур. Бир жойда муҳим бўлсак чақиртирурмиз. Тўй ҳам қилурмиз. Бу мактуб,ўғлим яхшиликдан нишона. Ойшабегимга болалигингиздан бешиккерти қилиб қўйилғон эдингиз. Удумга биноан уйландингиз. Беъмани урф экан. Рағбатингиз ҳам бўлмади.
Бобур- Ўзимни кўндира олмадим.
Жонимдан ўзга ёри вафодор топмадим,
Кўнглимдан ўзга маҳрами асрор топмадим.
Ҳа. Ойшабегим сендан нима кўрдим қувғинди Мирзо деб Тошкандда эгачисиникида қолиб кетди. Шайбонийхон Тошкандни олғонда амирлариға тўқол хотун қилиб бериб юборибди.
Қутлуғ Нигор- Тақдир бу, болам, тақдир. Айб ҳаммамизда ҳам бор.
Бобур- О менинг суянган тоғим, мени деб сиз ҳам дунёдан роҳатлиғ кўрмай ўтяпсиз. Бир ўғил бўлиб сизни азизлай олмоғонимда қийналурман.
Қутлуғ Нигор- Ўғјлим мени деб азият чекманг. Мен дунёни аччиқ-чучугини озми-кўпми татиб кўрдим. Тангрига шукур-ки хонлар авлодидан эрканман. Салтанатнинг бу ташвишлар гўдаклигимдан қонимга сингган. Салтанат ишлари таҳликасиз бўлмас. Сиз энди йигит бўлиб камолга етдингиз. Тангримнинг сизга атоғонларин энди сандуғи очилғай.
Бобур- Онамхоним, Ҳазрати Навоий
Оналарнинг оёғи остиндадир равзаи жаннату ризвон боғи
Равза боғин висолини тилар бўлсанг бўл онангнинг оёғин туфроғи деб сизга битган бўлсалар керак.
Ширим Тоғойи киради.

Ширим Тоғойи- Амирзодам, элчиларингиз келишди. Рухсатму фурсатму?
Бобур- Рухсат.
Мулла Бобойи кириб Бобур билан  қучоқлашиб кўришади.
Мулла Бобойи сафардан мурод ҳосил ўлдиму?
Мулла Бобойи- Шукур, омон келдим.
Бобур- Қосимбек Қавчин кўринмайдур?
Мулла Бобойи- Қосимбекни Хисравшоҳ гаровга олиб қолди. Темурийзодаларга ишониб бўлмас деб.
Бобур- Қизиқ. Сўзланг қай ҳолда қабул қилди Хисравшоҳ?
Мулла Бобойи- Қабул қилди дейишга ҳам тил бормайдур. Масҳара қабул қилди десак тўғри бўлур. Биз ҳам масҳара бўлдик.
Бобур- Хай, шоҳларнинг дил кўзгуси масҳарадир. Бу унинг дили қийшиқлигидан бир белгидир. Қундузда аҳвол қандай?
Мулла Бобойи- Қундузда қаҳатчилик, очарчилик. Халқининг аҳволи ниҳоятда хароб. Бунга зид ўлароқ шоҳдан бекларгача манманлик савдосиға гирифтор бўлғонлар. Кетарда мана бу совға халтачани, фақат Мирзо очсин деб тутқизишди. Қосимбек илтимосига биноан ташқаридан меҳмонларни олиб келдим. Қосимбек мана бу мактубни бериб юборди.
Хатни Бобурга беради.

Бобур (хатни ўқийди)- “Бобур Мирзо салтанатда парокандалик. Бу оғо-сингилни паноҳингизга олинг. Куёв бўлмиш Орзубек яхши йигит кўринадир. Бемор хон Сайид Хиндубек табобатиндан шифо топса ажаб эрмас. Кўп савоб бўлур.

Яхши қани энди совға халтачани очайлик-чи…(мухрни бузиб халтачани ичига қўлини тиқиб, бир сиқим тупроқ олади). Во ажаб!
Ширим Тоғойи- Амирзодам, бу не ишора бўлмиш?
Бобур- Менга элчи юборган хукумдорни муқим турувчи тупроғи кишвари бўлмоғи лозим демоқчи Хисравшоҳ.
Мулла Бобойи- О бетофиқ. Кўрнамак. Отангиз Умаршайх Мирзонинг туз-нони хам хурмат қилмаптия…
Бобур- “Агар бандга тушса уни хорликдан деб ўйламанг,
Ит Саройда турса эътиборликдан деб ўйламанг”, демушлар донишлар. Онамхоним, қандай журъат қилди экан Қосимбекни гаровга олиб қолмоққа.
Қутлуғ Нигор- Соҳибқирони муаззам Амир Темур наслидансиз. Сизнинг номингизни ўзи тизига титроқ келтирғай. Эҳтиётин қилган ул туллак, мабодо жунбушга келсангиз…Ўғлим вазият идрок ила иш тутмоқни тақазо қилур…
Бобур- Ҳа…Қосимбек Қавчинни гаровга олиб қолишнинг ўзи қўрқув аломатидир.
Меҳмонлар ва табибни чорлангиз!

Ширим Тоғойи чиқади ва Зулунбек, Қумрибека ва Орзубекларни бошлаб киради.
Таъзим қилишади. Зулунбек эгилмай виқор билан туради.

Ширим Тоғойи (Зулунбекка)- Юкун Бобур Мирзоға!
Зулунбек (аввал эгилмоқчи бўлади, сўнгра туриб олади)- Бор экану, йўқ экан, оч экану тўқ экан. Маймун юкунсун. Мен Хисравшоҳмен. Фармон бирла бетофиқ каллангни олдираман. Мен кесилган бошлар устидан юриб, ўйнаб келганмен. (ўйин қилади). Хиқ.
(ашула айтади)

Қалқонни қиқоқ, хиқ
Қилични ўроқ, хиқ
Ханжарни пичоқ, хиқ
Қиламан! Ҳа, ҳа, хиқ, хиқ
Товада жўжа ўйнайди хиқ, хиқ,
Қозонда қази қайнайди, хиқ, хиқ,
Ханжарда қовун сўяман, хиқ, хиє
Дод десанг кўзингни ўяман, хиқ, хиқ
Мен Хисравшоҳмен!
(Бобурга) Ия сенинг бичилинг дуруст. Менга навкар бўлурсан. (Маймун қиёфасига киради. Бобурнинг белидаги олтин камарни кўриб қолади). Ия, олтин камар! Сенга ярашмабди. Менга бер!
Бобур- Сенга ярашса (камарни ечиб) Ма, олақол. (Зулунбекка беради).
Ширим Тоғойи- Амирзодам, бу не қилганингиз?
Қутлуғ Нигор- Сиз аралашманг.

Зулунбек камарни бўйнига осиб олади.
Зулунбек- Мен олтин камарни тунда шимиб ётурмен. Хиқ, хиқ, хиқ.

Табиб киради ва тўғри
Зулунбекнинг олдига боради.

Зулунбек- Юкин. Эгил. Таъзим қил! Хиқ, хиқ, хиқ.
Ҳиндубек- Сен кимсен?
Зулунбек- Мен Хисравшоҳмен. Олтин камаримни кўрмаяпсанми?
(олтин камарни ҳавода айлантиради)

Ҳиндубек (бақириб)- Сен Хисравшоҳ бўлсанг, нега шу вақтгача қарзингни тўламайсан?! (оёғидан кавишини ечиб пешонасига бир уради).
Зулунбек- Лаънати Хисравшоҳни урасанми?
Ҳиндубек- Тўламайсанми, қарзингни (яна кавуш билан уради).
Зулунбек- Вой бошим, қанақа қарз?
Ҳиндубек- Тез жавоб бер, отинг нима?
Зулунбек (заиф овозда)- Зулун Бурундуқбек (хиқичоғи қолади. Чўққайиб ўтиради).
Қумрибека (хурсанд)- Оға! Оға!
Зулунбек- Синглим! (яна айнайди) Маймун ёнғоқ ўйнайди. (ёнғоқ отиб, илиб олади)
Орзубек- Жонби Зулунбек
Зулунбек- Орзубек бу қаер! Қай макондамиз? Сен кимсен?
Ҳиндубек (Бобурга)- Беморни қирқ кун чилла ўтқазиб махсус дори-дармон билан даволаймиз. Розимисизлар?
Қумрибека- Тузаладими?
Ҳиндубек- Оллоҳ билади.
Орзубек- Қумрибека розилик беринг. Бу кунидан кишининг ўлгани афзал.
Қумрибека- Розиман.
Бобур- Сайид Ҳиндубек бемор  сизнинг ихтиёрингизда, тангрим мадад берсин.
Орзубек- Менинг кўмагим даркор бўлса, хизматингиздамен табиб жаноблари.
Қутлуғ Нигор- Қумрибека билан мени ёлғиз қолдиринглар.

Бошқалар чиқади.

Қизим ўзингиз ҳақингизда қисқача сўзлаб беринг?
Қумрибека- Зулунбек билан бир ота-онанинг фарзандимиз. Отамиз Асєарбек уч йил бурун жангда шаҳид кетганлар. Волидаи муҳтарамамиз гўдаклигимизда кўз юмганлар. Кейинги онамиз Хисравшоҳнинг узоқ қариндоши. Бир ҳафта бурун қўл-оёғимни боғлаб арзимас совғага Хисравшоҳга инъом этиб юборганлар. Фотиҳа қилинган боши боғлиқ қиз бўлишимга қарамай. Оғам қутқармоқ бўлганда Хисравшоҳ уни минорадан улоқтириб шу кўйга солди. Орзубек ёшликдан бирга ўсган қўшни йигит. Унга кўнглим мойил. Жуда покиза йигит. Ул мени қаттиқ севадир. Мен энди ит теккан қовундек покиза йигитга ҳаромман.(йиғлайди.) Муҳаббатим етим қолди. Илтимос Орзубекни Қундузга қайтариб юборинглар. Мени деб йигитлик шаъни букилиб, умри увол бўлмасин.
Қутлуғ Нигор- Ўзингиз гаплашинг қизим. Мен чорлайман.
Қутлуғ Нигор чиқади. Орзубек киради.
Орзубек- Қумрибека тинчиликми, йўқлабсиз?
Қумрибека- Сиз Қундузга қайтинг. Мен оғам соғайгунча бунда қолурман.
Орзубек- Мен сизларсиз қайтмасмен.
Қумрибека- Хисравшоҳ орзуларимизни паймол қилди. Энди мен қабрга қайлиқмен. Мендан кўнглингизни узинг. Йигит умрингизни ўтказманг. Қиз боланинг қисмати шунчалар аччиқми, эй тангрим.
Орзубек- Сиз гуноҳкор эмассиз. Томиримдан қонимни чиқаришим мумкину аммо сизни кўнглимдан чиқаролмасман.
Қумрибека- Менга раҳмингиз келса, ўлдириб қўя қолсангиз яхши бўларди.
Орзубек- Қўйинг, бундай хунхорлик қўлимдан келмас.
Қумрибека- Лекин ҳеч қачон кечираолмайсиз ҳам, йигитлик ғурурингиз бугун бўлмаса, эртага ғолиблик қилади. Индинга маломат тоши бошимни ёради. Яхшиси мени ўлдиринг! Келинг ўлдиринг! Ўзим тилайдирман ўлимни. Сизнинг қўлингизда жон бермоқ менинг орзуимдир.
Орзубек- Қўйинг, бундай орзуни, яхши ният қилинг. Сиз менинг манглайимга битилгансиз. Пешонамда борини кўрурман.
Қумрибека- Пешонам аччиқ деб қисобланг. Ушалмаган орзулар қурбони бўлмоқ эр кишининг иши эрмас. Ялинаман, ёлвораман, оёғингиз тагига йиқиламан, мени ўлдиринг.

Орзубек ёлғондан ўлдирмоқчи бўлади.
Томоғини енгил бўғади.
Орзубек томоғимни  қаттиқроқ бўғинг кучиз борми ахир.
Орзубек- Кучим бор. (бошини олиб бағрига босади) йўқ-йўқ қўлимдан келмайди. Мен ўз юрагимни ўлдиролмайман. Ахир мен сизни севаман-ку. (итариб юбради).
Қумрибека
(ария)

Тақдир бермуш менга етим муҳаббат,
Етим муҳаббатда фиғондур қат-қат.
Етим муҳаббатда бўлмайди шафқат
Етим муҳаббат тонги отмайди ҳеч вақт.

О етим муҳаббат! Етим муҳаббат!
Сени сўнги йўлинг ўлимдир фақат.

Рўмолини судраб чопиб чиқиб кетади.
Орқасидан Орзубек ҳам чиқади. Бобур
Раҳимбой хаттот билан киради.

Бобур (рубоий ўқийди)

Аҳбобга хар хатки савод этгайсен,
Бизни доғи ул битукда ёд этгайсен.
Мақсудки қосида келса бу ён
Бу нома била кўнглумни шод этгайсен.
Раҳимбой- Ниҳоятда пур маъно рубойи бўлибдир.
Бобур- Ташаккур. Дафтарга кўчиринг.
Ширим Тоғойи киради.
Ширим Тоғойи- Амирзодам. Бир Қаландар Хиротдан Шошға кетаётган эркан. Навоий ҳазратлари тириклик вақтларинда дастҳат қилиб “Ҳамса”ларин сизга юборторғон эрканлар. Ана шу омонатни топшириб кетар эмуш.
Бобур- Сизга қолдириб кетсун.
Ширим Тоғойи- Ўз қўлим ила топшириб кўнглим тинчисин дейдур.
Бобур- Яхши, анда бошқаларни ҳам чорланг. “Хамса”ни кўришиб кўзлари яйрасин.
Ширим Тоғойи чиқади.
“Хамса”! О, “Хамса” битганлар буюкдир. Хамса битган улуғ алломалар Низомий Ганжавий, Хисрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоийлар шеърият осмонининг тўрт устунларидурким то қиёматғача номлари муборак бўлғай.
Раҳимбой- Бобур Мирзо сизда ул улуғ зотларнинг руҳи бор. Айниқса Алишербекнинг нафаси сезилиб турмуш. Насиб этса сиз ҳам…
Бобур- Раҳимбой, ул ҳазрат бирлан мени тенглаштирмоқ уммон ила жилғани бир сафга қўймоқдек кулгиликдир. У зоти шариф ғазал мулкининг султони бўлса мен бир навкардурмен.

Хиндубек, Орзубек, Ширим Тоғойи, Қутлуғ Нигор, Қаландарлар киришади.

Қаландар (ер ўпиб)- Ов, мавлоно Бобур Мирзо сизнинг кўпгина ғазалларингизни ёд билурмен. Хуросон ва Турун, Эрон ва Шомда, Миср ва Ироқда ғазалларингиз куйланиб довруқ ёймуш.
Бобур- Қадамим етмаган жойларга ғазалларим етганлигин хабарин айтган кишига ташаккурим бўлсин. Олинг “Хамса”ни кўрайлик, ҳазратнинг муборак дастхатларин ўқийлик.
Қаландар- Ҳозир. Ҳазратим (хуржунидан оқ матога ўралган китобни олиб матосини ечиб, китобни Бобурга узатади).
Бобур (китобни олиб)- “Хамса”! Ўқимоқ орзусинда эдим. Тангрим ўзи етказди.
Қаландар- Ҳа, бале, зар қадриға заргар етур деганларидек сиз бу нодир жавоҳирнинг қадриға, иншоолоҳ, етгайсиз.
Бобур- Қаландарим китоб ҳар қандай жавоҳирдан улуғдир.
Қаландар- Офарин! Тасанно! Мавлоно! Айни дилдаги муддаони айтдингиз.

Бобур энди китобни варақламоқчи бўлганда, Мулла Бобойи ховлиқиб кириб келади.

Мулла Бобойи- Амирзодам! Амирзодам! Китобнинг варақлариға заҳар қотилмиш! Қаландарни банди қилинглар! Жосус!
Қаландар- Тухмат!

Қаландарни банди қилишади.
Бобур- Аблаҳ! Нечун “Хамса”ни заҳарладинг?!
Єаландар- Бобур мирзо, ўлдирманг содиқ қулингиз бўлурман.

Бобур- Мулла Бобойи қайдан хабар топдингиз?
Мулла Бобойи- Қосимбек Қавчин махфий чопар юборибдур. Боқибек сиз билан қўшилурман деганидан сўнг Хисравшоҳ саросимага тушуб ушбу жосус, қотил Қаландарни юборибдир. У шоҳнинг бир юз қирқ тўққизта нозик хос топшириғини бажарғон, хос хуфия эркан. Юз эллигинчи сизнинг бошингиз бўлишини ваъда қилибди.
Бобур- Тўғриму?
Қаландар- Рост.
Бобур- Бир юз эллигинчи бўлиб ўз бошинг кесилур, иншоолоҳ, эссиз дурустгина хийланг, ақлинг бор экан.
Қаландар (йиғлаб)- Ҳазратим, сизга итлиғ қилдим. Жоним омон қолсин.
Бобур- Китобға қандай заҳар қотилғон?
Қаландар- Кучли эмас. Қўл-оёқларни шол қилур холос. Хисравшоҳ қўлларингизни қилич ва қалам тутмоқдан махрум қилиб, сизни тирик мурда, майиб-мажруҳ соя тусинда кўрмоқчи эди. Мени ўлдирманг. Шафқат қилинг. Касофатим ўзимга уриб, сизни шарпангиз-соянгиз бўлай.
Бобур- Хисравшоҳ ният қилғон сояликни душманингизға ҳам раво кўрмайдирман. Аммо сен сояликни ўзинг танламоқдадурсен. “Хамса”ни тун кун қироат қилиб поклаб борурсан. Ҳар ким қилса ўзига демушлар.
Қаландар- Марҳаматингизга, ташаккур!
Бобур- Мулла Бобойи бу иблис, ўз жазосини ўзи танлади. Яхши сақланглар, камолотимни кўриб ўртансин. Майли мусибатимни ҳам кўриб қувонсин. Олиб чиқинглар!

Олиб чиқишади.
Ширим Тоғойи киради.

Ширим Тоғойи (ҳаяжонда)- Амирзодам! Амирзодам! Боқибек Чағанёний истиқболингизни тилайдур. Рухсатму фурсатму?
Бобур (тажжубда)- Хисравшоҳнинг иниси Боқибек?
Ширим Тоғойи- Ҳа, ҳа. Боқибек Чағанёний!
Бобур- Аъёнларимиз жам бўлишсин, сўнг рухсат!

Ширим Тоғойи чиқади. Бобур аъёнлари  кириб туришади. Сўнгра Ширим тоғойи                                                                      Боқибекни аъёнлари билан бошлаб киради. Боқибек Бобур билан улуғ салтанатларнинг                                                                          султонларидек улуғвор сўрашади.

Боқибек (хушомад ила)- Ҳазрати Захриддин Муҳаммад Бобур Мирзо Сиз Жайхун сувидин ўтканингиздан беҳад хурсандмен.
Бобур- Жаноби Боқибек Чағанёний нечук хурсанд бўлғайсизким, мени бу юртларға қувғинлик келтирмуш бохабарсиз. Муродға кўчайлик.
Боқибек- Мурод шулким, биз лашкарларимизни бирлаштирсак сўнгра улкан мушт бўлиб, таҳдид солаётган ёғийларга зарба берсак.
Бобур (кинояли кулиб)- Улуғ ният! Аммо менда айтгулик лашкар, тургувлик кишвар йўқ. 150-200 чоғлик хеш-ақраболаримнинг қуроллари таёқ, уловлари   оёқдир.
Боқибек- Мирзо Бобур сиз Темурийлар ичинда энг иқтидорли, зукко, баҳодир шаҳзодадирсиз.
Овозлар- Айни ҳақиқат! Тангрим инояти бу! Жуда тўғри!
Боқибек- Бирлашсак сўзсиз  кўп яхши муродларимиз хосил бўлур.
Ширим Тоғойи- Амирзодам, ғоятда адолатли фикр.
Мулла Бобойи- Ўйлаб кўрмоқ жоиз.
Бобур (мойиллик билдириб)- Оғонгиз Хисравшоҳ монелик қилмасму?
Боєибек- Оғом ўз салтанатин подшоси. Мен ўз вилоятларим ҳокимимен. Шу кунда оғомнинг онча такаббурлиғи ошмоқдаки, чидаб турмоқ мушкул бўлиб қолди.  (Бобурга ялтоқланиб). Элчиларингизга ҳам беҳурматлиғлар қилғонини ўз кўзим билан кўриб кўп ранжиғандим. Сулҳ тузайлик, ҳазратим. Сулҳ…
Бобур- Жаноби Боқибек Чағанёний фурсат беринг. Кенгаш айлай.

IV кўриниш

Хисравшоҳ саройи. Хожа Ривож, Қосимбек,
Қамбар Али ўтиришибди.

Хожа Ривож- Қосимбек, Боқибекнинг Бобур билан сулҳ тузғонин не деб шархлаш мумкин?
Қосимбек- Бирор нарса айтмоққа ақлим ожиздир.
Хожа Ривож- Сиз не дерсиз Қамбар Али?
Қамбар Али- Боқибек, кимгадир тобе бўлишни ўрганган ҳоким. Бешга беш дегандек, паноҳ қидирадир. Шул боис ақллироқ одамга юкинадир. Бул ҳам ақлдан.
Хожа Ривож- Хуфия Қаландар ҳам банди бўлди. Хуфияликда тенги йўқ эди. Қўлга тушғанига ақлим бовар қилмайдир. Ичимизда Бобурнинг айғоқчиси бор кўринадир.
Қосимбек- Зулунбек чилладан зўр башоратчи бўлиб турғон эрмуш. Балки унинг кароматидир. Қаландарни қўлга тушиши.
Қамбар Али- Эҳтимолдан ҳоли эрмас.
Қосимбек- Ёр Али Билол 10 минг йигитлари бирлан Бобур Мирзоға келибдир дейишади. Наҳотки рост бўлса.
Хожа Ривож- Рост. Кўрнамаклик қилди.
Қамбар Али- Буни эси борида этагини ёпиш дейдилар. Мен лашкарларимдан хабар олай. Дунё нотинч бўлиб кетди.  (Қосимбекка кўз қисиб кетади).

Хисравшоҳ аъёнлари билан киради.
Хожа Ривож ва Қосимбек таъзим  билан кутиб олишади.

Хисравшоҳ (тахтга ўтириб)- Хўш амири аъзам, не янги муждалар бордир?
Хожа Ривож- Аълоҳазратим, ихтиёрингизга мингта қўй,  беш юзта арғумоқ қўшдим.
Хисравшоҳ- Маъқул, тангрим, қаёқдан иноят қилди?
Хожа Ривож- Туркманлар билан чопқиндан. Арғимоқлар кўкка сапчийди, жониворлар!
Хисравшоҳ- Балли, Хожа Ривож! Баҳодир Ёр Али Билол навкарлари бирлан ҳазар бўйларига чопқинға борсин. Хуфия сайёҳлар айтишича молу дунё кўп эрмиш.
Хожа Ривож- Аълоҳазратим, бир қошиқ қонимдан кечинг. Не тил билан айтайким, ҳароми Ёр Али Билол навкарларин бошлаб Бобур Мирзоға кетубдур.
Хисравшоҳ- Воҳ, кўрнамак! Қўлимға тушса, чўғланган сихга ўтқазурмен! Қамбар Алини чорлашсин!

Ташқаридан шовқин-сурон эшитилади.
Ним гап Хожа Ривож?
Хожа Ривож- Етимлар исёнининг бошлиғи Маматқулни гаровға банди қилдурғон эдим. Уни озод этишни талаб этмоқдалар бебошлар.
Хисравшоҳ- Шоҳга талаб қўйишга қандай хаддилари сиғди эркан ялангоёқлару худо қарғаган етимларнинг. Саройда кимлар бор, беклардан?
Хожа Ривож- Муҳаммад Мазид Тархон, Саидкомил мужум, куёвингиз Ҳасан Ёқуб каби содиқ бекларингиз ўз лашкарлари билан собит турибдирлар. Ҳа, шоҳим, Бобур Мирзодан чопар келиб, ўзингиз тортиқ этган халтачани “фақат шоҳ очсин!”- депти.
Хисравшоҳ- Дарбадар ҳали ҳаётму?
Хожа Ривож- Ҳаёт! Хуфиялар уддалай олмай, ўзлари банди бўлдилар.
Хисравшоҳ- Ношудлар! Оч-чи, не дебдир, дарбадар Мирзо.

Хожа Ривож халтачани очиб ичидан ёнғоқ пўчоқларини олади.
Ёнғоқ пўчоқлари…? Бу не дегани бўлди, Хожа Ривож?
Хожа Ривож (айёрлик қилиб)- Ақлим ожизлик қилмоқдадир.
Хисравшоҳ- Ҳа, майли бир нарса деганидир-да (хатни ўқийди) Шоҳ ақилини пешлаш учун рубоий:
Хожа Ривож рубоийни сен ўқи, кўзим тиниб кетди. (хатни беради)
Хожа Ривож (ўқийди)

Душманики бу дахр забардаст қилур,
Навҳат майидан бир неча кун маст қилур.
Ҳам емаки еткурса бошини кўкка
Охир ер киби они паст қилур.

Хисравшоҳ- “Охир ер киби они паст қилур”…Қосимбек қувғинди Мирзо нечук журъат этти экан. Менга бундай рубоий битмакка?
Қосимбек- Шоҳим, сизнинг юборган совғангиз мирзонинг суягидан ўтган кўринадир.
Хисравшоҳ — Сен айтчи, ёнғоқ пўчоқлари нега ишорадир?
Қосимбек- Сен лашкарингга ишонма, ёнғоқдек чақиб пўчоқ қилиб ташлайдиган кучлар бор демоқчи. (чалғитиш учун) Мури малақдай ёпирилиб келаётган Шайбонийхонни назарда тутқон бўлиши ҳам мумкин.
Хисравшоҳ- Афсус қароқчилар деб қириб ташласам бўлар экан ўша вақтда.
Ёш бўлса ҳам ақллик Темурийзода эканлигини билардим.
Хожа Ривож- Аълоҳазратим. Сиз кимсизу у ким, жаҳлингиз чиққанига арзимайди. Бир тадбирким, қоронғуда танишган инингиз Боқибек билан Бобур устиға қўшин тортмоқ керак.
Хисравшоҳ- Қай қўшинни айтурсан, бари бобурга қочмоқда.

Маматқулни навкарлар уриб олиб келишади ва тиз чўктиришади.
Хисравшоҳ- Сен кимсен?
Маматқул- Маматқул темирчимен.
Хисравшоҳ- Безориликдан не мақсад?!
Маматқул- Безорилик эмас, етимларнинг оҳу-фарёди бу. Очликдан болалар шишиб ўлишмоқда. Қурбақа, сичқонларни тутиб ейишмоқда. Устига-устак буқадек пишқирғон навкарларингиз хотин-қизларимизни ор-номусини топтаб отга ўнгариб олиб кетишмоқда. Чиройли йигитларни “боғча” қилишмоқда. Бундай қилиқларни ваҳший ҳайвон ҳам қилмайдир. Тилагимиз-тўқлик бўлсин! Хотин-қиз-йигитларимизга навкарлар тажовузи тўхтатилсин!
Хисравшоҳ — Тангрининг ҳар бир бандасиға ўлчаб берилган ризқи бор. Санаб берган куни бор. Ҳар кимнинг манглайиға битилғони бўлур. Етимлар ризқини Худодани сўрасин. Уларга улашгудек менда емак йўқдур. Уқдингми?
Маматқул- Шоҳим, хотин-қизларимизға…
Хисравшоҳ- Бас! Сенинг хотининг ҳам олиб кетилдими?
Маматқул- Ҳа!
Хисравшоҳ- Хотининг билан неча йил айшу-ишрат қилдинг?
Маматқул- 20 йил бирга яшадим. Икки фарзандим бор.
Хисравшоҳ- Додлама, навкарларим хотининг билан 20 кун ишрат қилса ҳеч нарса бўлмайдур.
Маматқул (ғазабланиб)- Хали сендан паноҳ тилаяпмизми? Лаънат сендек иблис шоҳга! Етимларнинг уволи, зиноларнинг гуноҳи ҳали сени ёқангдан тутади. Тилинг калимага келмай қолади. Ҳайф сенга тож!
Хисравшоҳ- Хожа Ривож бу баттолни оч қолдирилғон бўриларға улоқтир.

Чопар киради. Таъзим қилади.

Чопар- Он ҳазратим, Шайбонийхоннинг махфий чопаридан мана бу нома қўлга туширилди. (хатни узатади)
Хисравшоҳ (хатни олиб ўқийди) “Номиға бирон марта ҳам Хутба ўқилмағон Хисравшоҳ тавқи лаънат қилинсун! Хиёнат бирлан эгаллаган тожу тахти забт этилсин! Кўзларим тиниб кетди. Хожа Ривож нажот йўлини кўрсат.
Хожа Ривож- Нажот йўли… Нажот йўли… Нажот йўли…
Хисравшоҳ — Бойсунқур Мирзо ва Маъсуд Мирзоларнинг қони тутмоқда шекилли мени. Тушларим ҳам безовта.
Хожа Ривож- Нажот йўли…топдим. Бобур Мирзоға қулликка бормоқ. Уни душманға рўбарў этиб, сўнгра қайтиб келмоқ. Бу нажот йўли…Бирдан бир тадбир шу, шоҳим.

V кўриниш.

Яна тоғ бағри. Чайла манзараси.
Қумрибека ғамгин.

Қумрибека
(ария)

Томчи, томчи томчилар кўзларимдан томдилар,
Кўзларимда томчилар бамисоли ёндилар.
Оташланиб бормоқда муҳаббатнинг алами
Мени ғамга отганлар ишларидан қондилар.

Томчи, томчи томчилар юзларимда шашқатор,
Тунлар менинг ноламдан юлдузлар тўлғондилар.
Томчилардан сарғайди юзимдаги атиргул
Изтиробдан тоғлар ҳам ҳаёлга чўлғондилар.

Орзубек оҳиста киради. Қумрибека ўзини олиб қочиб, чиқмоқчи бўлади.

Орзубек- Қумрибека, азизим. Сабр қилинг! Бир оғиз дардимни тингланг! Тўхтанг!
Қумрибека- Илтимос, мени қийнаманг!
Орзубек- Ўзингиз ҳам мени оташга отдингиз. Вужудим ёнмоқда, вужудим.
Қумрибека- Қўйинг, мени, мен бахти қародан ҳам ўзга қизлар бор-ку,сиздек гўзал йигитга.
Орзубек- Яна ўша гап. Айтдим-ку менга фақат сиз кераксиз! Сиз! Сиз!

(ария)

Само бағрида юлдуздек
Учиб сизга етолмасман,
Мисли хаёлий бир қушдек,
Пару болдин тутолмасман.

Қаро эрмушми бу бахтим,
Висолим тонги отмайдир.
Бу кўксимни ёрай дерман
Ханжар ҳам сира ботмайдир.

Қумрибека- Йўқ, висол тонги Хисравшоҳ харамида қаротунга айланган. Мен сизга чўри бўлмоққа розиман, болангизни боқай, кирингизни ювай, ҳовлингизни супурай. Фақат сиз бошқа қизга уйланинг. Мен сизни саодатингизни кўрай. Сизни пок умрингизни ўксик шароби бирлан заҳарлашни ўзим учун гуноҳи азим деб билурмен. Жуда бўлмаса менга савоб тиланг. Сизга чўри бўлмоқни савоб деб билурман.

Бобур Раҳимбой хаттот ва оёқлари судралган оғзи                                                     қийшайган Қаландар киради.

Бобур (қўлида китоб)- Мавлоно Раҳимбой, ғоятда миннатдормен, ғазалларни гўзал кўчирибсиз. Кўзим яйрамоқда.
Раҳимбой- Ҳазратим, яхши ашъор оққа ўзи бамисоли оппоқ кабутардек ўйнаб қўнур. Кўнглим яйраб нақш этурмен. яна янги битукларингиз бўлса, беринг.
Бобур- Мавлоно, тилагим “Воқеанома”нинг янги битукларин оққа кўчириб берсангиз.
Раҳимбой- Бош устига, ҳазратим беринг!
Бобур қўлидаги ёзилган қоғозларни беради.

Қаландар- Ҳазратим, “Воқеанома”ни битирдингизми?
Бобур- Бу менинг умр китобим.

Қутлуғ Нигор, Қумрибека,
Зулунбек киришади.

Қутлуғ Нигор- Амирзодам, Зулунбек бир арз айтмоқчи-ким тингланг.
Бобур- Зулунбек сихатларингиз тузукму? Тинчлик-му? Бир нарсадан сиқилғон кўринурсиз?!
Зулунбек- Тангрига беадад шукур-ким, мен ғарибни сизга етказган. Дилим кўзгусиға бир нарса тушмушки, сизга айтмоққа истихола қилиб, онамхонимға айтдим. (тиз чўкади). ҳазратим, аввало, мени афу этгайсиз. Ижозат беринг кўнглимдан тошиб келаётган гапларимни айтай.
Бобур- Сўзланг Зулунбек, тортинманг ўз жигарингиздек дил ёзиб сўзланг.
Зулунбек- Дил ойнасинда башорат бўлаётган гап шулким, сизни буюк зафар кутадир. Эл-улус тезроқ хат-саводли бўлишни ўйлаб хатти Бобурий алифбосини ихтиро қилурсиз.
Бобур (ҳаяжонланиб)- Во ажаб, бу сирни  кўнглимдан бўлак ҳеч кимса билмас эди- ку. Сиз қайдан огоҳ бўлдингиз?
Ширим Тоғойи (кириб)- Амирзодам, инингиз Жаҳонгир Мирзо узур айтмоққа келибдур.
Бобур- Иним гуноҳин тушунғон бўлса афу этурмен. Бир фурсат сабр этсин, сўзланг Зулунбек.
Зулунбек- Амирзодам, дил башоратлариндан менга шулар аён бўлмоқдаки, 22 ёшингизда бошингизга шоҳлик тожини кийурсиз. 32 ёшингизда яхлит салтанат пойдеворин яратурсиз.Ашъорларингиздин бир девон тартиб этгайсиз. Кўп мамлакатлар элчилари таъзимга келгай. 42 ёшингизда улуғ Салатанат султони бўлғайсиз. Замонлар сизни Бобуршоҳ номи бирлан танурлар. Хазиналардаги гавҳар, ёқут, олтин жавоҳирларни доналаб санаб эмас, тошу тарозуда пудлаб ўлчайдилар. 4 ўғил, 3 қиз кўрурсиз. Юзлаб иншоотлар: янги шаҳарлар, йўллар, мадрасалар, масжидлар қурдиргайсиз. улар то қиёматгача авлодлар ақлини лол қилиб, жаҳон мулки бўлиб турғай. “Воқеаномалар” китобингиз жаҳонда     “Бобурнома” бўлиб машҳур бўлғай.
Қутлуғ Нигор- Тангрим қўлласин, фаришталар овмин деса ажаб эрмас. Илоҳо овмин. Яхши тилакларингиз ижобат бўлиб, ўғлим Бобур Мирзоға улуғ бобоси Соҳибқирон Амир Темур йўлини берсин. Оллоҳу акбар!
Ҳамма- Илоҳо овмин! Оллоҳу акбар!
(фотиҳа тортишади).

Зулунбек- Елкамдан тоғ тушиб, қушдай енгил бўлдим. Тангримга шукур.
Бобур (ҳаяжонда)- Улуғ башоратингиз учун миннатдормен Зулунбек. Назириға қарздормен. Ўшал улуғ кунларга бирга етайлик.
Қаландар (ўзига)- Мен гумроҳ шундай азиз инсонга қасд қилибмана. Менга бу  жазо ҳам кам.
Зулунбек-  Йўқ, мен  қарздорингизман. (Бобур  камарини қўйнидан чиқариб) Мурувват ва мардлигингиз рамзи бу. Олинг камарингизни, бу сизга ярашур.
Бобур- Бу ахир инъом этилган.
Зулунбек- Йўқ. Мен савдойилик васвасаси бирлан тилаб олганмен. Сиз ҳиммат қилиб бергансиз. Тилаб олинган нарса инъом эмасдир.
Бобур- Маъқул. Енгдингиз.
Зулунбек- Сиз менга ўз ҳимматингиз ила сиҳатлик инъом этдингиз. Синглимни  волидаи меҳрибонингиз ўз бағирларига олдилар. Биз оғо-сингил сизлардан бир умр қарздормиз. (Бирдан ака-сингил тиз чўкишиб). Агар сизга ҳиёнат қилсак ота-онамиз арвоҳи урсин.
Орзубек- Азизлар, менинг ҳам аҳду қасамимни қабул қилинглар. (улар ёнига тиз чўкади). Сўнгги нафасимгача Бобур Мирзоға хизмат қилурмен.
Бобур- Садоқатларингиздан миннатдормен. Зулунбек пароканда кунларимда кўнглимга умид чўғини ташладингиз. Сиз каромат қилғон бахтиёр онларимда ёнимда кўрмоқ тилайман. Сизларни қиёматли жигар деб билурмен.
Қутлуғ Нигор- Зулунбек-ўғлим, кўкрак сути бермаган бўлсам ҳам ўз ўғлимдай азиз бўлиб қолдингиз.
Зулунбек- Миннатдормен, онамхоним.
Қутлуғ Нигор- Зулунбек Олтин камарни олмадингиз. Энди менинг қўлимни қайтарманг. (Енгидан белбоғ олиб Зулунбекни белини боғлайди). Қизим Қумрибека сизга шу кунлардан хотира бўлсин (бармоғидан тилло узугини олиб, Қумрибека бармоғига тақади).
Қумрибека- Ундай қилманг, онамхоним, мен узукка нолойиқмен.
Қутлуғ Нигор- Сизнинг чиройлик бармоғингизга ярашди.
Зулунбек (осмонга қараб)- Амирзодам, осмонга қаранг. Сухайл юлдузи тўла жамол кўрастибдир.
(Ҳамма осмонга қарайди).
Сухайл юлдузин кўрган кишин кўзи кимга тушса унда улуғ давлат бўлур. Мен кўргоч кўзим Бобур Мирзоға тушди.
Бобур- Мен ҳам кўрдим.
Зулунбек- У сизнинг порлоқ юлдузингиз бўлиб қолур.
Ҳамма- Тавба биз кўрмадик.
Қутлуғ Нигор- Фаришталар овмин десин Оллоҳу акбар!
Ҳамма- Оллоҳу акбар!

Қаландар осмонга ниҳоятда синчиклаб  қарайди. Лекин ҳеч нарса кўрмайди. Ҳеч                                                                                       нарса кўрмаганини ишорасида бош силкийди.

VI кўриниш.

Яйловдаги чайла. Бобур танбур чертиб, ғазал битмоқда.

Бобур- Ҳазон япроғин янлиғ гул юзинг хажрида сарғардим,
Ширим Тоғойи ҳовлиқиб киради.

Ширим Тоғойи- Амирзодам, амирзодам! Хуш ва нохуш хабар! Қай бирин олдин сўзлай?
Бобур- Аввал нохушин айтинг.
Ширим Тоғойи- Амир Ҳамзабий манғит Шайбонийхон черигин бул томон бошлаб келмоқда эмуш.
Бобур- Хуш хабар-чи?
Ширим Тоғойи- Хуш хабарни Қосимбек Қавчин келтурмуш. Рухсатму фурсатму?
Бобур- Рухсат!

Қосимбек қулоч ёзиб киради.

Қосимбек- Ассалому алайкум, амирзодам!
Бобур- Ох устози азиз қадамларингизга ҳасанот! Хуш келибсиз!
Қосимбек- Тайёрланинг. Хисравшоҳ сизга қулликка келмуш. Вазиру беклар сизни подшоҳ кўтаришмоқчи.
Бобур- Во, ажаб Қосимбек! Бу не ҳикматким кеча пишқириб турғон хокими мутлақ бугун э йўқ бе йўқ қулликни ихтиёр қилса?
Қосимбек- Қуръони каримда битилмишки тангрим шоҳликни кимга насиб этса шунга берур. Шул боис таажубга ўрин йўқдир, амирзодам.
Ширим Тоғойи- Амирзодам, Хисравшоҳға рухсатму фурсатму?
Бобур- Аввал аъёнларимиз келиб ўз жойларин тутсинлар. Сўнгра Хисравшоҳ аъёнлари ила кирсун.

Ширим Тоғойи чиқади. Бобур аъёнлари келиб туришади. Сўнгра Хисравшоҳ, Хожа Ривож билан киради. Хисравшоҳ Бобурға бир неча бор ва қолғонларга ҳам қуллуқ таъзимини қилади. Охири йиқила ёзади. Йиқилай деганда, Хожа Ривож суяб қолади. Хисравшоҳ Бобур билан қучоқлашиб кўришмоқчи бўлиб қучоқ ёзади. Бобур                                                                    кўришишни истамайди.

Бобур (истамай)- Масофа сақлансин. (Хисравшоҳнинг қулочи ёзиғлик қолади). Шоҳим хуш келибсиз, дарбадар Мирзонинг номуқум кишвариға.
Хисравшоҳ (кинояни тушунмагандек)- Хуш вақт бўлинг, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзо. Умаршайх саройинда амирлиғимда ҳали сиз таваллуд топмоғон эдингиз. Мана, қаранг умрнинг ўтишини. Сиз гўзал, адл қомат, дуркун, хусни Юсуф йигит бўлибсиз. Мен юборғон тупроқ рамзи сизнинг идроклигингизни синаш учун ҳазил эди. Зўр иқтидор соҳиби экансиз. Тасанно! Фақат дилга қаттиқ олманг. Ҳазил деб билинг.

Бобур Қаландарни кўрсатиб.

Бобур- Бу қотил ҳам, ҳазил учун юборилғон эдиму?
Хисравшоҳ- Бобур Мирзо, гуноҳларим бисёр, хом сут эмган бандамен. Афу этгайсиз. Шайтон йўлдан ураркан бандасини. Лекин қуллуқ қатъий ихтиёримдир. Шоҳлик тожини сизга кийдириш ниятидадурмен.

(Ҳамма ҳайрон “Вой-вой, яхши” деган овозлар келади).

Бобур- Нечук менга?
Хисравшоҳ- Шоҳликка Темурийлардан ёлғиз сиз лойиқсиз.
Овоз- Амирзодам, сизга тож ярашгай.
Овоз- Сизга лойиқ тож.
Бобур- Йўқ. Сизнинг мунофиқ бошингизда харом бўлган тождан хазар қилурмен.
Хисравшоҳ (гуноҳкорона)- Нечук ҳақорат?
Бобур- Тожу тахт орзусинда юрғон инингиз Боқибекка кийдиринг.
Хисравшоҳ — Иним Боқибекка қишда қорни, саратонда иссиқни ҳам бермасмен. У менга хиёнат қилди. Сиз ҳам эҳтиёт бўлинг! Унинг чиркин бошига тож хайф!
Боқибек- Оғо қулликни ихтиёр эътибсиз. Тожни ташлаб, этакни силкиб кетаверинг-да. Нима қиласиз сувни лойқалатиб. Бир оёғингиз гўрда турғон дамда, тилни тийинг. Кейин пушаймон бўлмайсиз.
Бобур- Ха. Хисравшоҳ сиз ҳақ мустафо йўлиндан юрмадингиз. Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи вассалам ҳадисларида айтганларидек икки жағингиз ва икки бутингиз орасиндағи аъзоларни тиймадингиз. Касофати букун бошингизга етди. Фахш ва куфирлик авжиға минди. Юрт оч-яланғоч қолди. Сиз билан, аслида, сўзлашмак ҳам ножойиз.
Хисравшоҳ- Бу кунги фаторатларим тангрининг менга жазосидир. Бобур Мирзо сиз карам қилинг, аҳли-аёлларим ва ихтиёр билдирғон бек-бекотларим ила Хуросонға ўтиб кетай. Фикрим ва зикрим ўзимга аён.
Бобур- Ҳа, барбод бўлғон салтанат юкин менга ортиб. Бостириб келаётган Шайбоний қаҳридан қутулиш учун қилаётган шайтонлиғингиздир бу, Хисравшоҳ! Идрок этиб турибмиз. Майли, тўрт томонингиз қибла. Отингиз боши қаёққа йўл солса шу ёққа боринг. Тож ихтиёрингизда ҳоҳланг қолдиринг, хоҳланг олиб кетинг.
Хисравшоҳ- Миннатдормен Бобур Мирзо. Тож шу ерда қолур. кишвари йўқ шоҳга тож не даркор.
Бобур- Хожа Ривож ҳам сиз билан кетсин. Бундай ялтоқларга бизда эҳтиёж йўқдир.                                                               Хисравшоҳ тожни тахтга қўйиб юриб чиқади. Орқасидан Хожа Ривож ва бошқа аъёнлари
ҳам эргашади. Ҳамма жим.

Бобур- Боқибек, ана тож, марҳамат бошингизга кийинг! Кейин мен билан тож талашиб юрманг!
Ширим Тоғойи- Амирзодам. Бу не қилганингиз?

Боқибек тож олдига келиб, қўлига олиб бошига  киймоқчи бўлади. Бирдан норозилик руҳи
гувиллайди. Сўнгра кийишга журъат этолмай жойига қўяди.

Қосимбек- Амирзодам, Шайбонийхонинг лашкари мўри-малахдай бостириб келмоқда. Уни даф қилмоқ сиздек жангу-жадалда суяги қотган баходирнинг қўлидан келур. Салтанат сизга мунтазир. Қўшинлар  фармонингизни кутадир.
Қутлуғ Нигор- Бобуршоҳим. Мавлоно Шерозий демуш:
Урушни бурун бошлаган чоқда ёв
Гуноҳкор ўзи, қир уни беаёв.
Боринг ёвни даф қилинг! Ёв билан курашмоқ эр йигитлар ишидир.
Бобур- О, онамхоним, биринчи бўлиб мени Бобуршоҳим дедингиз-а. Мен уни оқламоғим лозимдир. Ёғийни енгсам билинг-ки, сизнинг бу сўзингизни оқлағон бўлурмен. Оқ фотиҳа беринг. Тангрим мадад берса оқ сутингиз ва оқ фотиҳангизни оқлай.

Онасига таъзим қилади. Қутлуғ Нигор пешонасидан ўпади. Кўзида ёш ҳалқаланади.

Қутлуғ Нигор (фотиҳага қўл очиб)- Овмин! Ёвуз ниятли ёвнинг балоси ўзига урсин. Соҳибқирон бобонгиз Амир Темур руҳи қўлласин, худо ёр, пирлар мададкор бўлсин! Тангрим ўз паноҳида асрасин. Пешонангизда нури ҳидоят билан ғозий бўлиб қайтингиз Оллоҳу акбар!
Ҳамма- Оллоҳу акбар! (ҳамма фотиҳа тортади).

VII кўриниш

Тоғ бағри. Жанг холатида. Бобур атрофида  Муҳаммад Али, Орзубек, Боқибек четроқда.
Қаландар юради. Зулунбек киради.
Зулунбек- Бобур Мирзо томиримда ҳаво юрмоқда. Бу тўфон башорати Термез шамоли қўзғалур. Бир тадбир лозим. Ё бу ердан кетмоқ керак керак ёки…
Бобур- Шошманг! Шошманг! Термез шамоли? (тоғларга тикилиб) Зулунбек, анави тоққа чиқиб бўрон вақтинда дараға тош думалатилса қандай бўлур?
Зулунбек- Офарин, мен шу таклифни айтмоқчи эдим. Юз чоғлик йигит бўлса тепага чиқиб олиб қувиб келаётган ёғий чериги устиға бўронда тош думалатса иншоллоҳ, ҳар қандай ёв кунпая кун бўлур.

Бобур- Балли идрокингизга.
Зулунбек- Менга юз чоғлик йигит ва арқонлар беришни амр қилинг. Арқонлар ила ўзимизни боғлаб қўюрмиз. Шамол учириб кетмаслиги учун.
Боқибек (шубҳа билан)- Мирзо шошманг, бу ниҳоятда хавфли тадбир ўзимизникилар бўронда қолиши мумкин.
Бобур- Лашкарларни ортиқча талофатга қўймоқдин не фойда. Бу ўринли тадбир. тош думалатишга талабгорларгина юборилур. Борму талабгорлар?
Қамбар Али- Мен 20 нафар сара йигитим билан тайёрмен. Беш карра беш дегандек.
Муҳаммад Али- Мен бўрон кўчиш олдидан ёлғондан чекиниб Ёғийни дараға олиб кирмен.
Бобур- Тасанно Муҳаммад Али жанг-жанг. Сиздан шу таклифни кутган эрдим. Тўқай томон чекиниш, агар дарадан ёғий омон ўтса қамишлар орасинда беркиниб турғон Ёр Али билан навкарлари кутиб олур.
Ширим Тоғойи- Мен чап тарафдаги тоғда 20 чоғлик йигитлар билан тош думалатурман.
Қосимбек- Мен ўнг томонга навкарларим билан чиқурмен.
Орзубек- Мен Ширим Тоғойига кўмакчи бўлурмен.
Зулунбек- Мен бошқариб турурмен тоғ бошинда?
Қамбар Али- Сиз қай томонга чиқурсиз Боқибек?
Боқибек- Мен Бобур Мирзоға ҳамроҳ бўлурмен.
Қамбар Али- 25 ни 5га бўлса иш беш демоқчисизда Боқибек жаноблари, а лаббай…
Бобур- Тоққа чиқиш ихтиёрий Қамбар Али Саллоҳ.
Қамбар Али- Ха, албатта, амирзодам, бизга ижозат.
Бобур- Боринглар! Омад ёр, тангрим мададкор бўлсин! Омон кўришайлик.

Боқибек билан Бобур қолади. Қаландар шарпадай юради.

Боқибек- Мирзом, менга не юмуш?
Бобур- Сизга юмуш йўқ. Сиз биз билан. Тақдиримиз дара орасинда хал бўладир. Мен ҳам тоғ бошиға чиқурман.
Қаландар- Мен ҳам.
Бобур- Сен шу ерда бўл. Тоғ шарпаларни ёқтирмайдир. (кетади).
Боқибек- Эй қодир эгам, ёғийга зафар бер. Бобур ғалабасин кўрмоқ менга ўлимдан даҳшатлироқдир. Ҳа, чекиниш ва мадад манзилгоҳи тўқайни  ўртамоқ керак.  (Бирдан Қаландарни кўриб) Эй, шарпа сен ҳеч нарса кўрмадинг. Хеч нарса эшитмадинг.
Қаландар- Ташаккур, ташаккур бек! (Боқибек чиқади).  Иккимизнинг фарқимиз йўқ. Менинг вужудим мажруҳ сенинг қалбинг қалб мажруҳлиги вужуд мажруҳлигига келтирар экан, мен энди билдим.
Чироқ ўчиб, ёнади.

Ўша жой. Жанг тугаган. Хамзабий банди бўлган, оёқ қўлида кишан тиз чўктирилган.
Қосимбек- Амирзодам, Шайбонийнинг ялоқхўри Ҳамзабий манғитнинг қисмати бандилик экан-да.
Бобур- Амир Ҳамзабий дилингда  шу фурсатда не кечур?
Ҳамзавий- Ўлим!
Бобур- Қаро ер бағрига бунчалик нечун шошилурсен? Хотун бола чақанг, аҳли аёлинг йўқмидир?
Ҳамзабий- Мен қўлимға қилич тутиб отга минганимда ўлимни бўйнимға олиб Ғазовот урушиға шайлонғонмен. Ўлдирсам ғозий, ўлсам шаҳид бўламан деб тулпорға минғонмен. Шаҳидлик у дунёда улуғ мартабадир. Мен Темурийзодалардин оламни покламоқчи эдим. Афсус… Мени ўлдирасан лекин имоми замон ҳалифаи раҳмон Искандари соний Муҳаммад Шайбонийхонни енгувчи куч йўқдир. Ул кароматли валий ул хон Темурийзодаларға қирон келтирур, иншоолоҳ.
Бобур (Боқибекка)- Ана садоқат, ана жасорат, бундай эътиқод билан дунёни эгаллаш мумкин. Мана Шайбонийхоннинг кучи қаерда экан.
Боқибек (ялтоқланиб)- Сизнинг амирларингиз ҳам шундай бўлур.
Бобур- Амир Ҳамзабий Темурийлар сенга не жабр, ситам етказдилар?
Ҳамзабий- Шариатни буздилар. Маишатга ружу қўйдилар. Оғо-инига тиғ тортабошлади. Зино, баччабозлик авжига чиқди. Бундан осмонда қуёш куймоқда. Ерда ўлат кезмоқда. Касофати етти иқлимға урмоқда.
Бобур- Темурийзодаларнинг ҳаммаси ҳам сен айтгандай эмасдир.
Ҳамзабий- Бирники мингга, мингники туманга урур демишлар.
Бобур- Наҳотки, сен май ичмайсану илкингга тушган асира қиз-жувонларнинг номусига тегмайсан. Шунчалар бегуноҳ фариштадурмисан?
Ҳамзабий- Жангу жадал, ўлат қирғинда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Аммо тинч-осойишта жойда нафсимни тийурмен.
Бобур- Демак фаришта эмассан. Сен оёғинг тукидан то сочингнинг толасигача куфрга гирифтор бўлибсан. Темурийзодаларни фарқига бормай устидан ноҳақ ҳукм чиқарибсан. ҳа қирғинларинг боисин оқлашинг керак-да.
Ҳамзабий- Билурмен, мени қатл этурсен. Аммо сен Шайбонийхонинг шамширлари домида кетгайсен.
Зулунбек- Ҳазратим. Сиз бу бандининг довдир гапларига эътибор берманг. Бу башоратчи эмас, қўрқинч алахсирашидир бу.
Бобур- Қосимбек Ҳамзабий манғитни ғирт яланғоч қилиб қафасли аробада шаҳар бўйлаб саззойи қилинг. Уятдин ёрилиб ўлсин. Сўнг халойиқ келиб бир кафтан кўзига туфроқ сочсин. Агар тепа ҳосил бўлса, “ланъати тепа” деб аталсин. Тепа ёнидан ўтганлар Хисорға ўлим олиб келган Ҳамзабий манғитга ланъат ўқиб ўтсинлар.
Ҳамзабий ўкириб ўзини ерга отади.

Ҳамзабий- Бобур Мирзо жаллод бошимни кессин, аммо яланғоч саззойи қилманг.
Бобур- Нечук?
Ҳамзабий- Жаллод бошимни кесса бир одамнинг қўлида ўлурмен. Бунда ҳамманинг кўзида уят қиёфам қолур.
Бобур- Йўқ, мен сени ўлдирмоқчи эмасмен. Саззойидан сўнг хонинга юборурмен. Ахир Хонзодабегим опам Шайбонийхонинг никоҳинда, жияним ҳам бор Хуррамшоҳ номлиғ. Қариндошлиқ хурмати бор, ахир.
Ҳамзабий- Йўқ, мени қатл этинг! Қатл этинг илтимос!
Бобур- Олиб чиқинг!
Ҳамзабийни судраб олиб чиқишади.
Қутлуғ Нигор киради.

Қутлуғ Нигор- Бобуршоҳ, ўғлим. Музаффарлик муборак!
Зулунбек- Зафар муборак бўлсин, шоҳим!
Орзубек
Ширим Тоғойи   Иншоолоҳ, бундан буён зафарлар туғи баланд бўлсин!
Қамбар Али,  Мулла Бобойи киради.

Мулла Бобойи- Бобур Мирзо, тўқайга ўт кетмуш.
Бобур- Ким ўртамуш тўқайни?
Қаландар (Бобурни ўзига). Тўқайни ўртаганинг калити менинг қўлимда. Шоҳлик муборак! Мен эзилаяпмен.

I парда тамом.

II парда

VIII кўриниш
Қобул саройи. Бобур шоҳлик тахтида ўй  суриб ўтирибди. Онаси Қутлуғ Нигор                                                                                    касалманд киради. Бобур олдига бориб тиз чўкади.

Бобур- Ассалому алайкум, онамхоним, нечук юриб кетдингиз? Табиб Сайид Ҳиндубек қимирламай ётинг деган эдику.
Қутлуғ Нигор- Оҳ болажоним, сизни подшоҳ бўлиб Қобул тахтига ўтирганингизни бир кўргим келди-да, Бобуршоҳим. (дуога қўл очиб). Овмин, тахтингиз муборак ва азизу мукаррам бўлсин. Бобонгиз Соҳибқирон Амир Темур Кўрагонийнинг салтанати шавкатини берсин, тангрим, оллоҳу акбар!
Бобур- Иншоллоҳ, оллоҳу акбар!
Қутлуғ Нигор- Ана ниятларингиз ижобат бўлмоқда. Болалар яхши ният қилмоқлари керак дегани шу бўлса керак-да. Зулунбекнинг башорати ҳам тўғри чиқди. Бугун 22 ёшга тўлдингиз. Бошингизда муборак олтин тож. Хотиржам бўлинг. Иншоллоҳ, пешонангиз ёруғ бўлғай. Ўзингизни кеча подшоҳ деб эълон қилдингиз. Бугун Қобул, Ғазна, шаҳрисафо, Чағанён, Балҳ, Қундуз, Термез вилоятлари илкингизда қад тикламоқда. Болам, шоҳликнинг бош аъмоли дастурхондур.
Улуснинг дастурхони тўкин бўлса шоҳнинг икки дунёси обод бўлур.
Бобур- Элни шод, юрти обод кўрмакдин ўзга муродим йўқдир.
Қутлуғ Нигор- Ўғлим, энди фурсат етдиким, кўзим очиқлигинда Маъсума султонбегимни тўйини қилайлик. Қобулга олдиринг. Ширим Тоғойини элчи-совчи қилиб юборайлик.
Бобур- Хиротга сафар қилмоқликни режа қилмоқдаман.
Қутлуғ Нигор- Хирот сафариндан не мурод?
Бобур- Султон Хусайн Бойқаро вафотиндан сўнг Хиротда икки ўғли Бадиуззамон бирлан Музаффар Мирзолар бир тахтда подшоҳлик қилишмоқда. Ширкатликдаги яъни шерикчилик подшолик қандай бўларкин, кўрмоқчиман.
Қутлуғ Нигор- Бул Хадичабегимнинг иши. Аслида бир тахтга  икки шоҳ сиғмас.
Бобур- Мен ҳам ҳайронман. Майли бунинг менга аҳамияти йўқ. Лекин ниятим Темурийларни бирлаштириш учун аҳд тузмоқ. Мовароуннаҳр тўла Шайбонийхон илкига ўтиб кетди. Самарқандга мустаҳкам ўтириб олди.
Қутлуғ Нигор- Яхши ўйлабсиз Бобуршоҳим. Эгачингиз Хонзодабегимдан мактуб олдим. Шайбоний сизни буюк душманим дебдир. Хуросон ва Хиротга кўз тикмоқда эмуш. Демак сизга қарши қўшин тортмоғи аниқ. Лекин тўйни тезлатинг. Сиз суйган келинимга икки оғиз ширин сўз айтгим келур. Бағримга босиб пешонасидан ўпгим келур.(маъюсланиб). Бобуршоҳ болам, жон бор жойда қазо бор демушлар.
Бобур- Қўйинг, онамхоним, энди роҳатға етишганингизда….
Қутлуғ Нигор- Сизни шоҳ кўрдим. Шу роҳатлиғ етур менга. Ҳа, инсон минг йил ва биргина кун яшаса ҳам бир куни кўз юммоғи тайин. Бутун Тошкан хони бўлғон Бобонгиз Юнусхон тушимға кириб, қизим сени Шайхантоҳур боғларида ўйнатурман деб боққа етаклаб кириб кетдилар. Руҳиятим ўзимга аён: (йиғлаб) Ҳиндубек дорулари ҳам кор қилмай қолди.
Бобур- Онамхоним, тушга нималар кирмайди, душман нималар демайди дейдилар. Бир қўй сўйиб худойи чиқаринглар. Мен Ироқдин зўр табиб чорлайдурман. Тезда тўй қилурмиз. Худо берса набираларингизни ўзингиз тарбиялайсиз. Чўлда ҳам, саҳрода ҳам, совуқда ҳам, иссиқда ҳам отанг билан бирга юрганмен деб айтурсиз. Сизнинг жаҳонда буюк ва суюк она эканлигингизни  зурриёдлар билсунлар. Тошканда туғулиб ўсган она Қутлуғ Нигор Султон бегим набираларимиз деб фахрлансинлар.
Қутлуғ Нигор- Ўша кунларга тангрим етказсин. Эгачингиз ўғли Хуррамшоҳни ҳам кўраолмай ўтмоқдаман. Невара кўриш пешонамга битилмаганми билмадим. Сизга бир ўтинчим. Ҳамма бу дунёга меҳмон. Инсон у дунё иморатин бу дунё савобларидан қурур. Имону эътиқоддан безак берур.
Бобур- Иншоллоҳ имоним бут деб билурмен.
Қутлуғ Нигор-Сиз имкони бўлса бир савобли иш қилинг! Мен вақти соатим етиб қазо қилсам, жисму жасодимни Тошканда  Шайхонтоҳур бувамдағи отам Юнусхон мақбараси ёниға қўйинг!
Жаҳонгир Мирзо шошиб киради.

Жаҳонгир- Ассалому алайкум, Ҳазратим! Онамхоним!
Бобур
Қутлуғ Нигор   Ва алайкум ассалом, келинг Мирзо!
Жаҳонгир- Ҳазратим сизга айтурлик гапим бордир.

Мулла Бобойи киради.

Мулла Бобойи- Шоҳим ҳузурингизга бир ожиза кирмоққа ижозат сўрайдир.
Бобур- Не юмуши бор эркан ожизанинг?
Мулла Бобойи- Ниятимни ягона раиатпарвар шоҳим Бобурмирзоға айтурман демоқда.
Бобур- Сарой аҳли аёллари танирмикун? Исми не эркан?
Мулла Бобойи- Аҳли-аёллар яхши танур, онча шеър ҳам айтур. Исми Булбул отун.
Бобур- Унда кирсун.
Қутлуғ Нигор- Биз чиқурмиз.

Секин-аста чиқишади. Бобур ёлғиз қолади. Оқ чодирга ўралган, фақат жовдираган                                                                   кўзлари кўриниб турган, адл қомат қиз кириб келиб, таъзим қилади.

Бобур- Булбул отун, не ниятлар дил кўзгусиға тушмуш?
Булбул отун- Фуқаронинг меҳрибони, райиятпарвар шоҳим, бир қошиқ қонимдан ўтинг. Дилимдагин айтмоққа ижозат тилайдурман.
Бобур- Сўзланг. Одамлар арзини тинглаб, улар муродин бермоқ шоҳлар вазифаси, шоҳ олдидан бемурувват чиқмоқ баҳорда гулламай ўтган дарахт билан баробардир. Шояд муродингиз ҳосил қилсам.
Булбул отун- Шоҳим, мен бадавлат хонадонданмен. Тутунган инингиз Зулунбекнинг менга майли бордир.
Бобур- Зулунбек эътиборли беклар наслидандир.
Булбул отун- Аммо, мени ўзганинг ишқи вужудимни банд этгандир.
Бобур- Ҳа, бу кўнгил иши. Ошиғингизни сизга рағбати бормидир?
Булбул отун- Ул беҳабар.
Бобур- Хабардор этмоқ жойиз. Ҳа, икки кўнгил бир-бириға ризолиғи бўлмаса никоҳ ҳам буюрилмайдир. Фармон ва мажбурият ила кишини севдириб бўлмас. Қай йўл ила ошиғингизга етказишимни истар эдингиз?
Булбул отун- Шоҳим, мен аминман-ки ул йигит сиз айтганингизни қилур.
Бобур- Исми надур? Мен танурманму ул йигитни?
Булбул отун- Исмин айтолмасмен. Яхши танийдурсиз. Муашшах айтсам исмин билиб олурсиз.
Бобур- Қани айтинг-чи?
Булбул отун-                    Бағрим ўртар ишқ оташи
Ул ёра менга боқмайдур.
Оламға ёқмиш қуёш,
Кулбамға шам ҳам ёқмайдур.
Бахт қуши ўтмиш йироқдин,
Менга қанот қоқмайдур.
Унга тутдим атиргул,
Унга гул ҳам ёқмайдир.
Руҳимда кўклам кезар,
Нечук чақмоқ чақмайдур.

Бобур- Бобур. Мен!? Во ажаб!? Қай фазилатим сизни ишққа мубтало қилмуш?
Булбул отун- Ғазалларингиз.
Бобур- Ҳай, Булбул отун мушахга муашшаҳ ила жавоб.
Булбул отун- Қулоғим сизда.
Бобур- Яқинда битилғон.
Менга сенсан бу жаҳондин мақсуд,
Не жаҳон жисм ила жондин мақсуд.
Агар ботроқ йибармассен жавобим,
Бу хатдин ортиқ улур печу тобим.
Сени деб барча оламдин кечурмен,
Рафиқу ёру ҳамдамдин кечурмен.
Ушбу ҳолатда нотавон кўнглум,
Ғуссадин топмоғин омон кўнглум
Меҳринг расмини унутмагайсен,
Бевафолик йўлини тутмағайсен.
Аҳду қавлинг дуруст маҳкам қил,
Ваъда чун айладинг вафо ҳам қил.

Булбул отун- Маъсума!
Бобур- Ҳа. Маъсума султонбегим дилимни ром этган дилдори.
Булбул отун (чодирин тушириб гўзаллигини намойиш этиб)- Шоҳим, ўзингиз айтмоқчи шоҳ олдиндан бемурувват чиқмоқ баҳорда гулламай ўтган дарахт бирлан баробардир. (Бир дарахт тиз чўкиб йиғлайди). Нечун бунчалик дил ўртар ғазаллар битиб дилимни ром этдингиз? Энди мени йўқлик саҳросиға улоқтирмоқдасиз.
Бобур- Булбул отун сиз шоирсиз. Нечун ғазал эл мулки эканлигини билмасангиз.
Булбул отун- Билурмен. Лекин сизнинг ғазалларингиз биргина меникидир. Эй тангрим, ҳазратим дилиға ишқим оташин сол! Маликангиз бўлмоқ ниятим эрди. Балки канизакликка ярармен.
Бобур- Сиз канизакликка эмас, бир хонадоннинг бекалиғига лойиқсиз. Сизга рағбат-мойиллиги бор. Тутинган иним Зулунбек авлиё сифат йигит. Саройда қолинг. Шошилманг, эр кишин муҳаббатин рад этмоққа. Тўйимизни қилурмиз. Мени маъзур тутинг.

Булбул отун чодирини судраб йиғлаб  чиқиб кетади. Қосимбек киради.

Қосимбек- Аълоҳазратим, ижозат этинг.
Бобур- Сўзланг.
Қосимбек- Инингиз Жаҳонгир Мирзонинг сизга садоқати тангрига шукур беназир бўлмоқда. Боқибекнинг манфурлигини  зимдан кузатмоқда. Унинг икки марта оғаси Хисравшоҳга юборган хуфиясини йўлдан тутиб мактубларин келтирди. Мана мактублар. (хатларни беради).

Бобур- Жигар, барибир жигар экан. Мирзо хизматлари билан ёшликда қилғон гуноҳларин покламоқда. Садоқатин тақдирланг. Хокимлик беринг. Назоратни давом эттирсин. Қосимбек  ҳозирлик кўринг Хирот борурмиз. Бирикмоқ даркор, бирикмоқ. Шайбонийхон кўзи Хисору Хуросонда.
Қосимбек- Мен сафарга ҳозирмен.
Мулла Бобойи (кириб)- Аълоҳазратим, волидаи меҳрибонингиз тўсатдан оғирлашиб қолдилар.
Бобур- Онамхоним! Онахоним! (бор овозда) Онажоним!!!
Қуръон тиловати янграйди.
IV кўриниш.

Хирот. Саройда Бобур шарафига кичик базм.
Базмда Бадиуззамон, Музаффар Мирзо, Қосимбек, Бобур ва бошқа  аъёнлар ўтиришибди.

Бадиуззамон (Бобурга)- Улуғ меҳмон, Юсуф Али Кўкалтош сизга маҳоратин намоён этмоққа ижозат сўрайдир.
Бобур- Бағоят мамнунмен.

Бобур ғазали билан айтиладиган қўшиқ  янграйди. Юсуф Али рақсга тушади.

Ҳамма- Офарин! Барокалло! Тасанно! Раҳматлар бўлсин!
Бобур- Тасанно! Юсуф Али Кўкалтош соз дилкашлигингиз билардим. Ажойиб усул соҳиби эканлигингиздан беҳабар эрканман. Бу рақс усули кўп маъқулдир. Мақоминғизга ривож тилайман. Офарин! Ҳофизларға ҳам ташаккур ғоятда гўзал ўқишди. Кўнглим яйради. (Баркашга олтин танга ташлайди).
Музаффар- Бобур Мирзо Хиротда ўн беш кун бўлиб зерикмадингизму?
Бобур- Асло! Хирот улуғ Султон Ҳусайн Бойқаро падари бузрукворингиз даврида ғоят обод-кўркам зеби-зийнатли бўлибдирким, яхши масжид ва мадрасалар дорусалтонаға файз берибдур.
Музаффар- Ҳа отамиз ободонлиғ илму абётга кўп рағбатли киши эрди. Ҳазрат Навоийни кўп севардилар. Ўзларининг “Девони Хусайни” ашъорлари ҳам элда машҳурдир.
Бобур- Ҳа, мен Қўнондан бери маскан тутган Амирбек уйи унсия руҳимға аллақандай фарах бахш этмоқда. Ул зоти муборакнинг қурдирғон “Холосия”, “Ихлосия” мадраса, “София” ҳаммоми, “Шифоия” Дорул-шифоси Хиротга янада кўрк бўлибдир. Аммо Музаффар Мирзо қўрқинч булким Шайбонийхон Хуросонға от суриш ниятинда Хоразмда Чин сўфийни енгиб, Самарқандни пойтахт тутди. Буюк бобомиз тахти ғанимлар илкида Султон Хусайн Мирзо ибн Бойқаро Шайбонийхон билан урушга кетаётганларида у дунёға азимат қилдилар. Султон Хусайндан Шайбони чўчирди. Энди биз Темурийзодалар бир бўлмоғимиз ва Шайбонийни енгмоғимиз лозим. Биргаликда ўлмоқлик ҳам тўйдир демушлар. Соҳибқирон салтанати танланмоғи шарт. Йўқ эрса у дунёға қай юз билан борурмиз.
Бадиуззамон- Бобур Мирзо тилакларингизни бошқа Темурийзодаларға етказдик. аларда онча рағбат йўқдир. Бу ёнда қиш келмоқда қилич ўйнатиб. Қиш чиқсун. Бир нозик масалаким, қўшинға ким саркарда бўлур деган андишани билдирдилар. Ёғий қочмас, мирзом.
Бобур- Ул қаттол ёвким, мен икки бор савашдим. Унинг жанг усулларин яхши билурмен.
Бадиуззамон ва Музаффар Мирзолар бир-бирлариға маъноли қараб                                                  оладилар.Бобур буни сезади.

Музаффар- Бобур Мирзо, имоним комилки Шайбонийхон Хуросонға кирмайдир. Шул боис, онча хавотирга ўрин йўқдир.
Бадиуззамон- Базм навбати, эртага менинг Жаҳон аро боғимда бўлғай. Азиз меҳмонимиз бўлуриз Заҳириддин Мирзо. Менга ижозат.

Бадиуззамон чиқади. Музаффар Мирзо кузатади.

Бобур (Қосимбекка)- Бу мирзоларнинг айшу-ишратга суяклари йўқ. Аммо сипоҳликдан йироқ мардоналик ва жангу жадалдан узоқдирлар. Бу ишни кўкламға қолдирилса Хирот ҳам илкдан кетур. Сўнгра надомат фиғони фалакда етим қолур.
Қосимбек- сиз ҳақсиз шоҳим. Лекин наилож.
Бобур- Менку салтанатсиз қолмасмен. Лекин буюк бобомиз салтанати барбод бўлаётганидан ўртанурман. Во дариғ! Наҳотки Мирзолар буни идрок этмасалар.

Қосимбек чиқади.

(лейтмотив)

Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму
Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму

Маъсума (эгилиб)- Айб айламанг, мирзом.
Бобур- Маъсума Султонбегим сизни кўриб кўнглим чароғи ёришди.

Жонимда менинг ҳаёти жоним сенсан
Жисмимда менинг руҳи равоним сенсан.
Бобурнинг сенингдек ўзга йўқ ёри азизи
Алқиссаким, умри жовидоним сенсан.
Маъсума-                        Гарчи кўп фурқатингда қон ютдим
Мен доимо висола кўз тутдим.
Ким сенга номалар равон қилдим
Холатимнинг барини баён қилдим.
Энди мени отмағил хижрон ўтиға.
Бобур- Бегим, Хирот сафаримиз афсус бесамар қариди. Эрта Қобулга қайтурмен. Ширим Тоғойи сизни Қобулга етказур.
Маъсума- Қобулда дийдор кўришгунча хайр.

Х кўриниш.

Деҳқон хонадони. Ховли. Шоҳсупа ёнидан  ариқдан шилдираб сув оқмоқда. Тўрқовоқда
бедана тараклаб қўяди. Олисдан тоғ манзараси кўриниб турибди. Деҳқонбобо                                                                        хиргойи қилиб кетмон қайрамоқда. Супада  чойдишда буғи чиқиб турган чой ёнида сопол
пиёла. Бобур билан Зулунбек мусофирона  кийиниб халқ турмушини билиш учун                                                                          айланиб келиб қолишади.

Деҳқонбобо (хиргойи қилади)-
Хазон япроғи янглиғ гул юзинг ҳажрида сарғардим,
Кўриб раҳм айлағил, эй лоларуҳ, бу чеҳраи зардим.

Деҳқонбобонинг кўзи қўшиққа қулоқ тутиб  турган Бобур ва Зулунбекка тушади.

Ия, Ассалому алайкум, биродарлар, қани,қани марҳамат! Марҳамат!
Зулунбек- Ва алайкум ассалом. Деҳқонбобо, узр, мусофирларға бир пиёла муздек суп топилурму?
Деҳқонбобо- Топилур, азизларим, топилур. Сиздек азиз кишиларға жонимиз фидо. Марҳамат супага, бир чимдим хордиқ чиқаринглар. Олисдан келаётган кўринасизлар. Тангрига  шукур тандиримизда нон ҳам ёпилмоқда. Қаро қозонимиз қайнаяпти. Келинглар, келинглар!
Зулунбек- Илгари нон ёпилмасмиди?
Деҳқонбобо- Э нимасини айтасиз меҳмон. Яқингача тандиримиз ичидан майса ўсарди. Ҳа, майса, нон ёпиш қаёқда дейсиз. Қора қозон сувга оққан эди. Ҳа, хозир тандирда оловимиз, қозонда паловимиз бор, тангрига шукур. Бир пиёла чой ичиб кетасизлар,йўқ демайсизлар, киринглар.
Бобур- Раҳмат, муҳтарам бобо, сув бўлса кифоя.
Деҳқонбобо- Ўзи келган меҳмон атойи худо дейдилар. Кўпни кўрган кишиларға ўхшайсизлар, киринглар!
Бобур (Зулунбекка)- Ҳамроҳ отам дилкаш кўринадилар, бир дам қўнақолайлик, ҳафа бўлмасинлар.
Супага ўтришиб фотиҳа ўқишади.

Деҳқонбобо- Мен ҳозир. (ичкари кириб кетиб, дастурхонга ўроғлиє тўртта иссиқ нон келтириб, дастурхонни ёзади) Холамойингиз хозир тандирдан уздилар.
Зулунбек- Оҳ, оҳ иссиқ тандир нонининг ҳиди ҳуш ёқади-да. Шунинг учун пайғамбаримиз нон ушоғи тўкилган ерга тўрт паҳса девор урдирган эканлар. Тағин биров бехос босиб олмасин деб. Шул боис дон эккан инсон табаррукдир.

Деҳқонбобо нонни синдириб қўяди.

Бобур- Ҳазрати Мир Алишер Навоий Деҳқон меҳнатини кўп ажиб таърифлаганлар. Деҳқон хирмонини етмуш эшиги ва сонсиз тешиги бор. Муфти ва шайх, мударрис ва имом, муаззин ва ҳофиз, созанда ва хонанда, қози ва мунажжим, савдогар ва харидор, сайёху дарвеш ҳаммаси деҳқоннинг қўлидан дон ейди. Сонсиз тешигидан қурт-қумурсқа, осмондаги қушлар овқатланади.
Деҳқонбобо (кўзига ёш олиб)- Ҳазратим, зап айтган эканлар-да, ноннинг қадрини билган хор бўлмайдир. Очликни Хисравшоҳ замонида бир кўрдик. Энди ҳеч бир аждодимиз кўрмасин. Янги подшоҳимизнинг қадами қутлуғ келиб маъмурчилик бўлиб қолди. Ариғимизга сув келди, оғилимизга мол кирди.
Зулунбек- Сув серобми?
Деҳқонбобо- Шукр, подшоҳимизнинг умри узун бўлсин, ёш бўлсаям ақли ўткир экан. Ариқлар очилди. Ана шу шарқираб оқаётган ариқ 17 йил қуриб ётди. Ҳа, ўн етти йил. Бир сел келганда хов тепаликни бир чеккаси ўпирилиб ариқни босганди. Ҳеч зот қарамади. Оқсоқол доруғаларнинг ери кўп. Бошқа ариқларни тўғрилаб олишди. Кўпчилик кўчиб кетди. Мен қудуқ кавлаб жон сақладим.
Зулунбек (ўсмоқчилаб)- Жуда шоҳни мақтаб юбордингиз. Нима ариқни подшо қазибдими? Тағин қариндош эмасму?
Деҳқонбобо (ҳазилга буриб)- Нимасини айтасиз. Яқин қариндошимиз. Авағамни авағаси дегандек. Ҳазил. Қай қариндош бўлсин.
Бобур (қозиқдаги танбурга қараб)- Бобо танбур чертасизми?
Деҳқонбобо- Ҳа, сиқилганда. Баъзан хониш ҳам қиламан.
Бобур- Фарзанди қобуллардан борму?
Деҳқонбобо (ўпкаси тўлиб) — Бор эди…
Бобур- Нима бўлган?
Деҳқонбобо- Қариганда тилаб олган ўғлимни 15 ёшга етганда Қундузда бир темирчига шогирдликка берган эдим.
Зулунбек- Не бўлғон?
Деҳқонбобо- Етимлар Хисравшоҳга қарши бош кўтарганда, уни ҳам  устасига қўшиб оч бўрилар олдига ташлашибди. Суягиниям чайнаворибди болам бечорани. (кўзига ёш олади).
Бобур- Нақадар ёвузлик, жўжи-мўжилар ҳам бундай жазони ўйлаб топмагандир?
Деҳқонбобо- Ҳа, худо кўрсатибди у ёвузгаям, хору зор бўлиб қароқчиларга таланиб юрган эмуш деб эшитдим.
Бобур- Ҳа, тангрим ҳақни ноҳақ қилмас…Бобо бир танбур чалиб бермайсизму?
Деҳқонбобо- Синчи экансиз. (танбурни созлаб). Бир ҳофиздан эшитганим.
Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму
Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму
Кексалик, бўталарим қолғон сўзлари хотирамға келмади.
Бобур- Зап овозингиз бор экан, бобо.
Зулунбек (ўсмоқчилаб)- Бу қўшиғингизнинг сўзини ким битган, биласизми?
Деҳқонбобо- Билмадим, Кўп дардли шоир биткан-да. Сўзлари одамга жуда таъсирли.
Зулунбек- Ҳозирги подшоҳимизнинг ғазали бу.
Деҳқонбобо (чўчиб)- Ёпирай-а? Кўп дарди бор эканда. Бу улуснинг бахти. Кўп шоҳларнинг афсус дарди йўқ, зардаси бор.

Абдулносир оқсоқланиб сопол  пиёлада олча олиб киради.

Абдулносир- Ассалому алайкум Бобо! Мана бу олча нишонасини дадам бобонга олиб чиқ. Татиб, табаррук қилиб берсин дедилар. (пиёлани узатади)
Деҳқонбобо (таътиб кўриб)- Ажаб, ширин-нордон мева экан. Нақ лаъл кўзни оладия, бай-бай. (меҳмонларга узатиб) Мана сизлар ҳам таътиб кўринглар, олинглар! (меҳмонлар бир донадан таътиб кўришади) Бундай мева бизнинг бу иқлимда бўлмаган. Шоҳимиз ўз юртлари Андижондан кўчатларни савдогарлар орқали келтирибдилар. Тез хосилга кирар экан. Мана бу йигитни дадаси шоҳ боғида боғбон. Шоҳимиз ўз қўллари билан бир дона олча кўчати тақдим этибдилар. Барака топсин!
Бобур- Йигит оёғингизга не бўлғон?
Деҳқонбобо- Абдулносир ёш бўлсаям уста меъмор. Арк дарбозасин қурган катта меъморга шогирд тушган. Ўтган йили бир ўзи Қутбиддинбойнинг янги болхоналик уйини битирди. Хашарга борганда кўрдим, эй гул қилиб юборди-я, барака топгур. Ақл бовар қилмайди. Ҳали ёши 20 га бормаган йигит қурганлигига ҳамма “эй, отангга раҳмат”, “қўлинг дард кўрмасин”, дейишди. Кўз тегдими, билмадим эртасига оёғига катта ҳарсанг тош тушиб, бола бечора ногирон бўлиб қолди.
Бобур- Табибга кўрсатмадингизму?
Абдулносир- Кўрсатдик, бўлмади. Ноёб дори-дармонлар керак. Бундайларни тайёрлаш қўлимиздан келмайдур дейишди. Шоҳ саройинда Сайид Ҳиндубек деган зўр табиб бор, шу киши боқса тузалиб кетарди деди, отам. Лекин биздек фақир фуқароға қарармикан деб иймандилар.
Зулунбек- Отангиз бир мурожаат қилиб кўрсин, ажабмас…
Бобур- Шоҳга истеъдодли меъморлар керакди эшитганим бор. Саройга бир боринг сиздан нима кетди.
Зулунбек- Жуда тўғри, ётиб қолгандан кўра отиб қол дейдилар. Шоҳимизни истеъдодли хунармандларга ихлоси баланд эрмуш. Хар бир қўли гул хунарманд салтанат таянчи дер эканлар. тортинманг. Ўзиз боринг.
Абдулносир- Ҳа, шул хусусида, отам вазири аъзам Боқибекка маслаҳат солганларида, шоҳга меъморлар эмас, навкарлар керак деб қайтарибдилар.
(Бобур ва Зулунбек бир-бирларига маъноли қараб оладилар!)

Зулунбек- Шундай денг?!….Ҳай, Бобо қўшнилар ила тотувмисизлар?
Деҳқонбобо- Ҳозир яхшимиз. Бизнинг қишлоқ турклар қишлоғи. Эшитдим шоҳимиз фармон берибдиларким, ҳамма миллат худонинг бир бандаси. Салтанатнинг фуқароси кимда-ким бир-бирин камситса беш дарра урилур. Мулкининг учдан бир қисми баробар жарима солинур деб. Ҳамма жим бўлиб  қолди. Илгари бозорда араб сассиқ, ҳинду исқирт, авғон лўли, турк тўнка, тожик жиқ-жиқ деган ҳақоратлар пичоқбозликкача борарди. Тўғри-да ҳаммаси ҳам худонинг бир бандаси мисол учун менинг турклигим айбми, болам  Оқсоқол киради.
Оқсоқол- Хей, соқолинг кўксингга тўкилгур гўрсўхта, нечук тамға солиғини шу пайтгача тўламайдирсан? Сенга неча бор айтаман ахир?!
Деҳқонбобо- Оқсоқол сағал секинроқ ахир азиз меҳмонлар бор.
Оқсоқол- Эй, гўрсўхта, булар азиз меҳмонмас,булар қишлоқма-қишлоє изғиб юрган бекорчи гўрсўхталар. Бор солиғни олиб чиқ!
Зулунбек- Оқсоқол, иккита одам олдига кирганда мусулмончиликда салом берадир.
Оқсоқол- Хей, ҳов гўрсўхталар, билиб, қўйларинг, бизнинг қишлоқда оқсоқол салом бермайдир, алик оладур, гўрсўхта. Ундан кейин гўрсўхта мусофирлар оқсоқолга ақл ўргатмайдур. Тез тамға солиғини обчиқ, гўрсўхта чол!
Деҳқонбобо- Ҳозир азизларни кузатай.
Оқсоқол- Шулар азиз бўптими, дарбадарлар-ку гўрсўхта. Мен ҳозир сигирни етаклаб чиқаман. (ичкарига ўтади).
Деҳқонбобо- Тўхта, оқсоқол! Ўз хурматини билмаган. Яқинда намоз жумада имом тамға солиғини бекор қилинди, деди.
Оқсоқол- Гўрсўхта менга ҳали ёрлиғи келгани йўқ. Йўлимни тўсма!
Зулунбек- Эй, оқсоқол, бу қилмишингизни Бобуршоҳга арз қиладурман. Фармон келиб қолар,ахир.
Оқсоқол- Вой, гўрсўхта, сен шоҳга арз қиласанми, шоҳ сени қабул қиларканми? Шоҳлар билиб қўй, эрта фармон битадр, кечга бориб йиртадур. Ҳа, кўпини кўрганмиз, гўрсўхта. Шоҳлар кўпроқ айшини ўйлайди. Бобуршоҳинг тарновнинг учидаги сумалакдай лиқиллаб турибди. Туртворса учиб кетади. Боқибек, у менинг туғишганим, у одам хали подшоҳ бўлади. Кўрасан, билиб қўй гўрсўхта, додини сувга айтасан унда.

Қосимбек шошиб киради.

Қосимбек- Шоҳим, шоҳим нохуш хабар! Бурундуқбекнинг синглиси Қумрибека…
Зулунбек- Нима бўлди?
Қосимбек- Ўзини дарёга отибдир. Жасадини олиб чиқишибди.
Зулунбек- Вой дод! Синглимдан ажраб қолдим! Синглим! Сингилжоним!
Бобур- Зулунбек сиз йигит кишисиз  ўзингизни қўлга олинг, худо сабр берсин.
Оқсоқол- Бобуршоҳ?! (эси оғаёзади).
Бобур- Ҳа, мен Бобуршоҳмен.
(Оқсоқол ўзини шоҳ пойига ташлайди.)

Оқсоқол- Итингизни кечиринг. гўрсўхталик қилдим. Кечиринг шоҳим.(йиғлайди)
Бобур- Иғвогар, тухматчилар кечирилмайдур ҳатто, у дунёда ҳам. Қосимбек бу гўрсўхтани арк олдида қирқ дарра урдиринг. Омон қолса бахти. Иғвогарларга сабоқ бўлсин.
Қосимбек- Шоҳим хумоюн фармонингиз ижобат бўлғай.

Деҳқонбобо- Узр, шоҳим тузукроқ кутиб ололмадим.
Бобур- Шоҳлардан ортиқ кутиб олдингиз.  Халол, ширин суҳбатингиздан дил роҳатланди. Бундан ортиқ бўлмас Деҳқонбобойим.
Деҳқонбобо- Шоҳим, авф этинг яширин юришдан мурод недур?
Бобур- Эл-улус дилини билмоқ, шоҳларға доим ҳам ҳақиқатни сўзлаймайдурлар.
Деҳқонбобо- Икки дунёингиз обод бўлсин, болам, оллоҳу акбар!
Бобур- Оллоҳу акбар! Абдулносир эртага сизни саройда кутурман.

Чироқ ўчиб-ёнади. Сарой. Бобурга Раҳимбой ҳаттот Абдулносирлар мақбара
тарихини кўрсатмоқда.

Бобур- Жуда соз. Қобулда ўтган азиз авлиёларға ёдгорлик бўлур. Соҳибқирон Амир Темур ҳам кўп мақбаралар қурдурғонлар. Туркистонда авлиё Хожа Аҳмад Яссавийға. Ул зоти муборакни, Мадинада Муҳаммад, Туркистонда Хўжаҳмад деб халқ кўп улуғлаган. Соҳибқиронни Тошканда Занги отамга қурдирғон мақбаралари ҳам улуғ хотирадир. Боболар удуми бизга дастур бўлмоғи лозим азизларим. Истеъдодингизга ривож ва барака тилайдурман. Абдулносир энди қурилишни бошланг. Ҳа, оёғингиз соғайиб қолдиму?
Абдулносир- Шоҳим, оғриқлардан халос бўлдим. Тангрига шукур Ҳиндубек жаноблари қувватга кирсангиз оқсоқланиш ҳам қоладир дедилар. Ҳимматингиздан миннатдормен, шоҳим. Менга руҳсат этинг ишга киришай.
Бобур- Боринг, омад ёр бўлсин.

Абдулносир кетади.

Ноёб истеъдод соҳиби бундайларни эъзозлаш керак. Шулар оламни яшнатурлар  (хаттотга). Мавлоно Раҳимбой, тингланг, янги рубоий.
Юзида ул каби ҳандон кўринур,
Сутга кўп боқса бале қон кўринур.
Кўрмагай хотирани жамъ ўзга,
Кимга ул зулфи паришон кўринур.
Раҳимбой- Бағоят гўзал рубоий бўлибдур.
Бобур- Бу тун икки ғазал ва 3 рубоий битдим. Оққа кўчиринг мавлоно.

Қосимбек киради.

Қосимбек- Шоҳим, муҳим хабар, айтмоқчимен ижозат этинг.
Раҳимбой хаттот чиқади.
Бобур- Хўш?!
Қосимбек-  Маъсума Султонбегим келаётган карвонни…
Бобур- Карвонга не бўлибдур?
Қосимбек- Боқибек тархонинг паймонаси тўлган кўринадир шоҳим.
Бобур- Яна не иблислик содир этмуш?
Қосимбек- Жаҳонгир Мирзо айтишинча Қароқчиларни ёллабдур.
Бобур- Маълун! Нақадар разиллик Муҳаммад Али жанг-жангга айтинг қароқчиларни топсин! Маъсума Султонбегимни шоҳнинг маъшуқаси эканлигини билдириб, саройга келтиринг!
Қосимбек- Жаҳонгир Мирзо ўзлари қароқчиларни даф қилгани кетдилар. Нозик масала кўпчилик билмагани маъқул эди.
Бобур- Тадбирингиз ўринли устоз.
Қосимбек- Хотиржам бўлинг, шоҳим.
Бобур- Шоҳ севгилисига чангал солсая. Айтганингиздек Боқибекнинг паймонаси, менинг сабр косам тўлмоқда шекилли. Боқибекни чорлашсин.
Қосимбек- Хумоюн фармонингиз вожиб, шоҳим.

Қосимбек чиқади.

Бобур- Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму
Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдим
Шиддат билан Боқибек киради.

Боқибек- Шоҳ сўнгги илтимосим…
Бобур- Сўзланг?!
Боқибек- Хиндистонға азимат! Неча бор Мулла Бобойи орқали сўратдим. Ҳамиша рад жавобини олдим. Ниҳоят тоқатим тоқ бўлиб, пичоқ бориб суякка еткач, ўзим арзға келдим.
Бобур- Боиси надур азиматни?
Боқибек- Қадримни топмоқлик.
Бобур- Биз билан қадр топмадингизму?
Боқибек- Мутлақо!
Бобур- Сабаб?
Боқибек (шаллақилик билан) — Айтдим-ку қадр топмадим деб?
Бобур- Ахир сиз вазирсиз қанча кенту вилоятлар сизга қарайдур. Тархон унвони берганим учун шоҳга солиқлар тўламайдурсиз. Мендан эътиборингиз баланд. Мен подшоҳману сизнинг саройингизда нақара чалинадур. Машваратлар сизнинг саройингизда ўтадур. Яна не қадр тилайдилар?
Боқибек- Хиндистон! Рад этсангиз ҳам, кетишим муқаррар.
Бобур- Бунчалик қатъият?!
Боқибек- Эл-улус сиздан норози. Халқ бўронига чалинмоқчи эмасмен.
Бобур- Ҳа, билурмен фирибгар амалдорлар норзи. Аммо эл-улус миннатдорчилик қишлоқма-қишлоқ, шаҳарма-шаҳар яёв юриб билдим. Очиғини айтмоқ вақти етди. Сиз тожга  кўз тикмоқдасиз. Сизга инъом этганимда журъат қилолмадингиз. Энди маъзур тутурсиз. Аммо фитналарингиз тилларда қора миш-миш бўлиб юрибди. Мен ҳамон кенглик билан орқага ташлаб келмоқдаман. Яна не истайдилар?
Боқибек (енгидан ханжар олиб)- Янами? Тахтдан воз кечишингни истайман. (ханжарни кўтариб). Тахтдан воз кеч!
Бобур- Мен жони ширин келиб қочган қуён юрак, қўли титроқ кимсалар наслидан эмасмен. Мен Баҳодир Темур наслиданмен. Тахтдан номардлар воз кечадир.   Боқибек- Энди жаззоинг ўзингда!
Боқибек ханжар урмоқчи бўлганда Бобур  эпчиллик билан чап беради. Олишув бўлади.                                                          Пайт пойлаб Бобур Боқибекнинг қўлига тепиб ханжарини учириб юборади. Тиғсиз кураш
бошланади. Боқибекнинг салласи чувалаб оёғига ўралашиб йиқилади. Бобур тезда тиззаси билан босиб оёқ-қўлини боғлаб ташлайди. Сўнг тиз чўктиради.

Бобур- Хўш энди не истайдилар?
Боқибек- Хиндистон.
Бобур- Подшоҳга тиғ кўтарганнинг манзили дор эмасму?
Боқибек- Мулла Тархон унвони берганлари хотирадан кўтарилдиму?
Тархонлар тўққиз бор гуноҳ қилса ҳам шоҳ кечирадур.
Бобур- Билиб қўйким шоҳнинг бир яроғи фармон бўлса иккинчи яроғи назоратдир. Гуноҳларингиз ўн бирга етган.
Боқибек- Бекор! Санаб бер?!
Бобур- Бирламчи, жанг пайтинда тўқайга ўт қўйдирдингиз. Иккиламчи, тебранувчи қабр зиёратида пинҳона ўқ уздирдингиз, училамчи, қишлоқ тамға солиғини бекор этган фармонимни оқсоқолларга етказмадингиз. Тўртламчи “Ҳатти Бобурий” алифбоимга қарши фитна уюштирдингиз. Бешламчи, мени ҳидуга қайдаб иним Жаҳонгир Мирзони шоҳ кўтармоқчи бўлдингиз. Олтиламчи, шоҳ ғазалларини бир махбус шоирга ёздиради деб иғво тарқатдинг. Еттиламчи, менга ўқ узган баттолни зиндондан пинҳона бўшатдинг.
Саккизламчи, қароқчилар ёллаб севгилим Маъсума султонбегимни ҳибсга олдирдингиз. Тўққизламчи…
Боқибек- Бас, иқтидорингга тан бердим! Ниятим Ҳиндистон!
Бобур- Маъсума Султонбегим карвониға нечун хужум уюштирдингиз?
Боқибек- Қалбингни жароҳатламоқчи эдим.
Бобур- Ҳа энди рўйи рост ниқобингиз йиртилди. Афсуски, машқ кўрмаган заифона қўлларингиз тиғ тута билмади. Хиёнатнинг меваси ўлимдир. Ажал келмай туриб ўлим шаробини татиб кўрмоқ бу турур.
Боқибек (йиғлаб)- Йўқ! Йўқ! Юз ёшлик энам ҳаққи мен кўрнамакни кечиринг. Сиз олижанобсиз. Мен иблисман, мен итман, мен тўнғизман. Ахир тўқайингизда тўнғиз ҳам яшайди-ку. Бир тўнғиз бўлиб яшай. Эрта тонг юзини кўрмай Қобулдан чиқариб юборинг! Олийжаноблик қилинг, шоҳим.
Бобур- Ҳа, нопок тўнғизлардай илкингиз теккан, кўзларингиз тушган нарсаларни харом қилдингиз.. Сизга юртни муқаддас тупроғи, салтанатнинг олтин остонаси харом бўлсин. Майли, юз ёшлик онангиз ҳаққи жонингиз омон қолсин!

Қосимбек ва Орзубек, Мулла Бобойилар киришиб лол қолишади.

Мулла Бобойи- Ё тавба!
Бобур- Шундай устоз.
Қосимбек- Хиёнат гуллабдир.   Унинг паймонаси тўлди, менинг сабр косам тошди. Тинтув қилинг
Мулла Бобойи ва Қосимбек тинтув қилишади.
Мулла бобойи қўйнидан бир ўрам қоғоз олади.

Бобур- Менга беринг. (Мулла Бобойи қоғозни узатади. Бобур ўқийди).
Фармони олий, “Шоҳимиз Бобур Мирзоға бир ноъмалум кимса суйиқасд қилиб, ғойиб бўлибдур. Қотил изланмоқда. Ишончимиз комилким, қотил албатта дор остиға  келтирилур.  Бобур Мирзонинг валиаҳд шаҳзодалари йўқлиги боис Боқибек Чағанёний шоҳлик тожини кийдилар. Номлари хутбага қўшилиб масжиду мадраса ва машваратларда ўқилсин. Зоти муборак шоҳимизнинг жасадлари ислом ақидалари асосинда хурмат ва иззат ила оналари ёниға “Боғи Наврўз”ға дафн этилсин. “Қобул подшоси Боқибек”. (киноя билан) Чағанёний жаноблари тож муборак.
Боқибек- Менга жон муборак!

(Муқаддимадаги манзара такрорланади)

Бобур- Олиб чиқинг! Бу кўрнамак собиқ вазири аъзам Боқибек тархон Чағаниёнийни!
Орзубек ва Мулла Бобойилар олиб чиқишади.

Ҳар ким-ки вафо қилса вафо топқусидир,
Ҳар ким-ки жафо қилса жафо топқусидир
Яхши киши кўрмагай ёмонлик харгиз
Ҳар кимки  ёмон бўлса жазо топқусидир.
Қосимбек- Иншоллоҳ жазо топқусидир.
(Хаёлий мусиқа янграйди)
12 ёшлик Бобур киради.

Ёш Бобур- Мен 12 ёшлик Заҳириддин Бобур Мирзодирмен. Фарғонада шоҳлик тожини 12 ёшда кийган Бобур.
Бобур- О менинг беғубор покиза ўсмирлигим. Хотирамни ғоят тиниқлаштирдингиз. Ҳазор қуллуқ. Ташрифингиз муборак бўлсин.
Шу пайт судралган, оғзи бир ёққа  тортган, соқоли ўсиқ Қаландар пайдо бўлади.
Ёш Бобур- Ҳазратим, бу турқи совуқ ким?
Бобур- Бу менинг шарпам. Ўз ихтиёри билан менга шарпалик қисматини танлаган.

Муқаддима такрори тугайди.

Бобур- Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму
Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму
О онамхоним саройдан гоҳ думалаган бош, гоҳ чарақлаган қуёш чиқур дер эдингиз.

Мусиқа она сиймоси пайдо бўлади.

Қутлуғ Нигор- Бобуршоҳим, шоҳларнинг тахти-бахти мустаҳкам ва пойдор бўлмоғи учун адолат шамшири кескир бўлмоғи шарт акс ҳолда қабоҳат найзаси шоҳ дилиға  санчилур. Адолат диёнатда, адолат садоқатда, адолат ҳақиқатди. Адолатнинг қўриқчиси жасорат, шижоат, доноликдир. Тангрига шукрким сизда бу хислатлар  жамдир. Сиз бугун яна бир хиёнаткор устидан ғалабага эришдингиз. Адолатли шоҳга тангри ёрдир. Хиёнаткорларнинг жазосини тангрим ўзи бергай. Боқибек Чағанёнийни Ҳиндистон йўлида қароқчилар талб бошини кесибдилар. Молини талон қилиб, аҳли-аёлини хотун-чўри қилибдилар.  Хисравшоҳ қайта Қундузга хужум қилмоқчи бўлғонда Шайбонийхон одамлари бошини кесиб баркашда Шайбонийхон ҳузуриға  олиб борибдилар. Бизнингким, аларға тангрининг кўрсатган жазосидир Бу. Бобур шоҳ болам, энди сиз завол билмайсиз ншоллоҳ! Номингиз то қиёматгача тилларда зикр этилгай, дилларда ёд олингай.

Она сиймоси ўчади.

Қаландар 12 ёшли ва 22 ёшли  Бобурларга таъзим қилади. Зулунбек ва  Орзубек таъзим қилади.

Бобур- Ҳа, Қаландар-шарпа, билиб қўй, инсоннинг нияти пок, орзуси буюк бўлса саодат йўллари очилғай.

Қаландар яна таъзим қилади.

Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму,
Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму.

Парда.
Тамом.

Сайт бўлими: Драматургия

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ