"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Анна Ахматова. Шеърлар

Ўқилди: 1 029

Сиғинаман дарча нурига, –
Гўё рангпар назокатдир ул.
Тонгдан ғарқман сукут сирига,
Юрак эса чилпарчин буткул.
Мен жўмракка қарайман: обдон
Кўкиш тусга кирмиш сариғ мис.
Жилваланар унда нур ҳамон,
Ҳар боқишда уйғонар бир ҳис.
Гарчи оддий, шунчаки у нур
Тун сукути қўйнида, аммо
Бўм-бўш гўшам аро у – сурур,
Руҳим учун гўёки байрам
Ва ширин бир тасалло.

1910

* * *

Ярим очиқ эшикдан
Жўкилар бўй уфурар.
Қўлқопинг хивчин билан
Стол устида турар.

Шитирлайди нимадир,
Чироқ – сарғиш доира.
Нега сен кетдинг, ахир,
Тушунолмайман сира…

Эртага тонг отажак,
Сочиб қувонч, олтин ҳал.
Оқил бўлсанг-чи, юрак,
Боқ, ҳаёт қандай гўзал!

Айт, не учун бу “чим-чим”,
Ҳар уришинг бўғиқ уҳ…
Биласанми, ўқувдим
Ўлмайди сира деб руҳ.

1911

* * *

Пайванд эмас юракка юрак,
Истасанг – кет, йўлингни берсин.
Кулиб боқар бахт-иқбол, бешак,
Ким йўлини танласа эркин.

Арз қилмасман ёш тўкиб ҳеч вақт,
Бахтли бўлмоқ насибам эмас.
Ўпма мени, бу ҳорғин, карахт –
Ғамдийдани ўлим ўпар, бас.

Чексиз азоб кунларин бир-бир
Яшаб ўтдим мен қиши билан.
Бироқ нечун, сен нечун, ахир,
Айт, яхшисан танлаганимдан?

1911
Қўшиқ

Кун чиқар пайти ёлғиз
Ишқни қўшиқ қиламан,
Томорқада чўкиб тиз,
Шўраларни юламан.

Олиб отаман сўнгра –
Уволи менга, нетай?
Ана, бир қизча ҳўнграр
Четанга босиб манглай.

Фалокатнинг чинқириқ
Сасидан титрар ўйим.
Тобора анқир илиқ
Ўлик шўранинг бўйи.

Бўлгай ёвуз мукофот
Нон ўрнига чақир тош.
Бошимда гунг самовот,
Фақат овозинг йўлдош.

1911
* * *

Мен шунчаки бу ерга келдим,
Фарқсиз – қайда зерикмоқ бу кун!
Дўнгда мудрар елтегирмон жим.
Йиллаб бунда жим қолмоқ мумкин.

Қовжираган печакдан илинж –
Майин қанот қоқар болари;
Сув парисин чорлайман, кўл – тинч,
Биламанки, ўлган у пари.

Бақасалла, ўт хуружидан
Кенг кўл саёз  – на кўрк, на чирой.
Тоғтеракнинг титроқ учида
Ялт этади енгил тўлин ой.

Бари янги туюлар бу чоқ,
Теракларда намчил ҳид турғун.
Мен жим. Жимман. Жимман, эй тупроқ,
Яна сенга айланмоқ учун.

1911
* * *

Қорбўрондан, аёздан келиб,
Исинмоқлик гулханда не бахт.
Бироқ кимдир секин эгилиб,
Юрагимни олди ўша вақт.

Янги йилнинг базми зап қувноқ,
Хуш ёқади гуллар атири.
Эшитилмас кўксимда, бироқ,
Ниначининг энди питири.

Таниб қолдим ўғрини, ё-ҳу! –
Уни менга фош қилди кўзи.
Энг ёмони шуки, тезда у
Ўлжасини қайтарар ўзи.

1914

* * *

Қани энди, “частушка”лар айтсам мен шўх-шан,
Сен жўр бўлсанг сал хирилдоқ гармонинг билан!

Сулипоя ортига сўнг ўтсак қучишиб
Ва сочбоғим ўша куни йўқолса тушиб1.

Қани энди, ўғилчангни аллалаб ҳар кун
Мен тутқазсам бир сўлкавой сенга харж учун.

Йўқлов куни мозорбошдан вақтлироқ қайтсам,
Эгам берган ёруғ кунга шукрона айтсам.

1914

* * *

Азиз йўлчим, олиссан бугун,
Гаплашяпман сен билан лекин.
Шамларини ёққанча гардун
Ғарб ёлқинин кузатди секин.

Азиз йўлчим, сен ўнгга тезроқ
Қарат ёруғ юзингни, зеро:
Унда яшар айёр, бадқовоқ
Ҳукмдорим менинг аждарҳо.

Унинг ғори эркка тош тўсиқ,
На шафқат бор ва на қонун бор.
Айтмасин деб мени ҳеч қўшиқ,
Қамчин билан дўқ қилар девор

Ва қанотли махлуқ қутуриб,
Шукронага мени ўргатар:
Кулмасин дер қаҳқаҳа уриб,
Бўлсин дея сипо-ю камтар.

Азиз йўлчим, элт йўллар оша
Сўзларимни олис шаҳарга, –
Мен кимни деб яшасам, ўша
Тинглаб туриб ботсин ғамларга.

1921

Сергей есенин хотирасига

Одамлар кетади ҳаётдан бир кун
Тинчгина, оғриқсиз тугатиб йўлин.
Лекин Россиянинг шоири учун
Насибмас бунақа нуроний ўлим:

Қанотли қалб учса фалакка томон
Кўпинча қўрғошин солган йўлакдан,
Гоҳ бўғиқ хирилдоқ нафас ногаҳон
Ҳаётни чиқариб ташлар юракдан.

1925
* * *

Нега сувга қўшдингиз заҳар
Ва нонимни қордингиз лойга?
Нега сўнгги эркимни баттар
Беркитдингиз энг ифлос жойга?

Бу – хорланиб дўстлар ўлганда
Қилмаганим учунми байрам?
Ёки қолиб шўрбахт Ватанда
Дард чекканим учунми ҳамдам?

Жаллод билан кундани кутиб
Яшар экан шоирлар ҳар чоқ;
Бизга қисмат йиғлаб, шам тутиб
Гуноҳкорлик жуббасин киймоқ.

1935

* * *

Одатим бўйича чорларкан санаб
Дўстларим номини навбатма-навбат,
Антиқа шу йўқлов пайти, во ажаб,
Менга жавоб берар фақат сукунат.

Тошкент,
1943

* * *

Тағин ёнгинамда бари намоён:
Лоҳаслик, қизиган туннинг мавжлари
(Осиё алаҳлар – туши саратон),
Булбул Ҳалиманинг тенгсиз авжлари,
Беҳишт наргисларин хандон боқиши…
Ва кўзлар илғамас ғойиб олқиши
Ел каби шивирлар ўлкада шодон.

Тошкент,
1943

*  *  *

Ҳилол Чоржўй қовунининг тилими монанд
Деразамга қўнганида, димиққанда тун,
Осмон зангор япроқ каби ўз сеҳрига банд –
Этиб уйни, яширганда қўйнига бутун,
Сопол коса муздек сувдан жунжиккан палла,
Болаликда ёнганидек қўмсаб парвона –
Тунни қувиб порлаганда шамим мардона,
Сукут қаҳ-қаҳ урганида тингламай сўзим –
Ногоҳ недир ўрлаб чиқиб, йўқолур шу зум
Рембрандтнинг руҳи ҳоким қора бурчакдан,
Аммо бундан на дил чўчир, на титрайди тан…
Қора мушук юз йилларнинг кўзидек боқар,
Танҳоликнинг тутқунида юрагим балқар,
Ёрдам бермас, ойнадаги аксим ҳам турғун.
Ширингина ухлагайман, хайрли тун, тун.

Тошкент,
1944

Гуллаётган Тошкент

Мисли қудрати-ла олий фармоннинг
Тўсатдан шаҳарга қуйилди нурлар –
Хаёлий шарпадек ҳар хонадоннинг
Қону ўпкасига сингиди улар.
Уларнинг нафаси сўзу имодан
Аниқроқ, баъзиси маҳкум бирпасда
Зангори оловдек ёнган самодан
Ариқлар тубига чўкмоққа аста.

_______

Мангу олқиш нурига шоён
Ул серюлдуз азиз гўшани
Ва қирқкокил жувонлар шодон
Аллалаган чақалоқларни
Унутмагайман.

1944

* * *

“Ва буюрди деб менга кимдир:
Қани гапир! Неки борини…”
Леон Фелипе

Эшитгайдир қачондир ҳар ким,
Одамлардан қолмагай пинҳон:
Қамоқларда чириди ўғлим,
Қамчилардан илҳом бўлди қон.

Кимлар кетди, ким бор, ким келар –
Мен ҳаммадан кўра айбдор…
Менга ётмоқ бахтдек туюлар
Жиннихона катида бедор.

Она тупроқ

Биздек ўжар ва биздек хоксор,
Йиғи билмас халқ йўқ дунёда.
1922
Муқаддас тумордек кўкракда асраб,
Унга шеър битмаймиз кўтариб қий-чув,
Аламли тушларга бўлмас у сабаб,
Ё жаннат боғидек туюлмайди у.
Уни кўнглимизда қилмаймиз асло
Олди-сотди учун қимматбаҳо мол.
Уни унутамиз эслашни ҳатто
Бағрида гоҳ бемор, гоҳ бахтсиз, беҳол.
Ҳа, у ковушдаги лойдир биз учун,
Ҳа, у тишимизда ғичирлаган чанг.
Биз эзиб-топтаймиз, қиламиз кукун
Ҳеч бир гуноҳи йўқ шу хокни, қаранг.
Унга айланамиз, лекин, бир куни,
Шу сабаб меники деймиз биз уни.

1961

Рус тилидан
Абдулла Шер таржималари

Сайт бўлими: Жаҳон шеърияти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ