"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Дилшод Ражаб. Бахши бола — яхши бола (туркум)

Ўқилди: 1 454

Дилшод-РажабДилшод Ражаб ўзбек болалар шеъриятининг истеъдодли вакилларидан бири. У 1964 йил Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида зиёли оиласида туғилди. 1982 йил А.Навоий номли 4-ўрта мактабни олтин медаль билан битириб, Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институти (ҳозирда университет) ўзбек тили ва адабиёти факультетига ўқишга кирди. 1983 – 1985 йиллар ҳарбий хизматда бўлиб қайтгач таҳсилни давом эттирди. 1990 – 1993 йиллар Низомий номидаги ТДПИ аспирантурасида ўқиб. “80-йиллар ўзбек болалар шеъриятида поэтик маҳоратнинг айрим масалалари” мавзусида номзодлик ишини ёзиб, ҳимоя қилди.
У 1994 – 2004 йилларда Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитасида, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси  “Адабиёт жамғармаси” нашриётида, Республика “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармасида  турли лавозимларда ишлади. 2005 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг “Муҳофаза+” журнали, “Вазият” газетаси бирлашган таҳририятида бош муҳаррир ўринбосари сифатида фаолият юритмоқда. Юздан ортиқ илмий, илмий-оммабоп ва публицистик мақолалари чоп этилган.
Журналистика соҳасида VI “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлов совриндори (2011 йил).

Бахши бола — яхши бола
(туркум)
Алқисса бахши бола, одоб-хулқи яхши бола, сўзлари дил нақши бола, қўлга олиб созини, янгратиб овозини, шундай баён этибди, завқию дил розини:

Ўзбек ўғли бўламан,
Кичик бекман, тўраман.
Элим айтган ўланга
Жўр бўламан, жўраман.

Орзудан қанотим бор,
Дил тўла баётим бор.
Элимдан айтар бўлсам,
Тилимда новвотим бор.

Бағри қуёш, ой бу эл,
Яхшиликка бой бу эл,
Кафти очил дастурхон,
Сахий, ҳотамтой бу эл.

Қалби қайнар хумчадай,
Завқи қайнаб тинмагай,
Атойи худо, дея
Меҳмонларин сийлагай.

Ниятлари пок-асл,
Ичда йўқ кир-қораси,
Унинг жондан суйгани
Даласию боласи.

Тўкиб ҳалол терини,
Яшнатган юрт-ерини.
Ҳалол топиб едириб
Ўстирар қиз-ўғлини.

Шу эл маним, агарда
Барин ёзсам дафтарга,
Қувончдан қанот қоқиб
Учади у каптардай.

Ўзбек ўғли бўламан,
Кичик бекман, тўраман.

Наврўзи олам келди

Эй бахтиёр болалар,
Қалби ёниқ лолалар,
Сиз учундир қаймоқдай
Қувноқ қўшиқ-яллалар.

Қўлга олиб торимни,
Айтай дилда боримни.
Нур сочган баҳориму
Гул очган диёримни.

Ватан – обод макондир,
Эркин, озод замондир.
Элим омон-омондир,
Йўлим қуёш томондир!

Яхшиликни ўйлайин,
Яхшиликни сўйлайин.
Ёмонларни қўяйин,
Айёмларни куйлайин.
Наврўз келди оламга,
Юрт тўйин тўй-тўйлайин.

****

Наврўз келди хуш келди,
Завқимизга эш келди.
Борлиқ тўлди ифорга,
Осмон тўла қуш келди.

Чуғур-чуғур наволар,
Бирам майин ҳаволар.
Онам кафтин эслатар,
Силаб ўтган саболар.

Кўк чеҳраси очилди,
Меҳр нури сочилди.
Боғ-бўстонлар яшнади,
Гул поёндоз ташланди.

Гулдай учар капалак,
Қизлар сочи жамалак.
Қиқир-қиқир кулади
Дошқозонда сумалак.

Сумалакни яланглар,
Камалакка қаранглар –
Еру кўкни боғлаган
Нурли кўприк бу ранглар.

****

Наврўз келди хуш келди,
Дала тўла иш келди.
Деҳқон бобо қалбига
Ғайрат келди, жўш келди.

Жилға чопар чулдираб,
Булут гоҳо гулдираб,
Ёмғир қуяр шовуллаб,
Лола чиқар ловуллаб.

Қирда ёнар лолалар,
Қирга чопар болалар.
Шўх елларга соч чайиб
Бирга чопар болалар.

Қанот ёзган бургутдай
Кенгайган қир-далалар.
Эртакларда топилмас
Бу ажойиб паллалар!

Наврўзи олам келди,
Бахтимиз чаман келди.
Элга ҳам байрам келди,
Дилга ҳам байрам келди!

Яхши ва ёмон

Бахши боладан яхши ва ёмон ҳақда айтиб беришни сўрашганда, у бироз жим қолиб, узоқларга назар солиб, ота-бобоси айтганларни ёдга олиб шундай дебди.

То замину замон бор, яхши билан ёмон бор,
Яхши билан ёмон бор, то замину замон бор.

Яхшига эҳтиром бор, эл дилида, тилида,
Эл дилида, тилида яхшига эҳтиром бор.

Ёмонликка товон бор, қочиб бўлмагай сира,
Қочиб бўлмагай сира, ёмонликка товон бор.

Яхшиларга омон бор, бу олам тўфонидан,
Бу олам тўфонидан яхшиларга омон бор.

Ёмонликка қопқон бор, тушар бир кун бўридай,
Тушар бир кун бўридай, ёмонликка қопқон бор.

Яхшида нур-иймон бор, устун каби сақлагай,
Устун каби сақлагай, яхшида нур-иймон бор.

Сен яхшилик томон бор, ёмонликдан йироқ бўл,
Ёмонликдан йироқ бўл, сен яхшилик томон бор.

“Қуён йили” тилаги

Болажонлар, шўх қуёндай
Сакраб-ўйнаб чопинг ҳар ён.
Ғам-ташвишлар ета олмай,
“Ҳап сени!” деб бўлсин сарсон.

Устозларни тинглаб, пухта –
Илм олинг, нодон бўлманг.
Шўх-шўх ўйнанг танафусда,
Лекин дарсдан “қуён” бўлманг.
Ўтюраклар
Юртимизнинг тўрт фасли —
Бизга аталган асли.

Ёз – очиқ айвонимиз,
Куз – тўкин дастурхондир.
Қиш – момиқ чопонимиз,
Баҳор – яшил майдондир.

Алмашар фасллар-да,
Камол топиб борамиз,
Юрт меҳрини дилларга
Нондай ёпиб борамиз!
Қалби қайноқ боламиз!

Қорқизга олқиш

Ким айтар: у паримас?!
Ундан чирой аримас!
Ҳар йил бир ёш ўсса ҳам,
Қорқиз сира қаримас!

Чунки дили пок унинг,
Орзулари оқ унинг.
Номи қордан бўлса ҳам,
Меҳри кўп қайноқ унинг.

Худди гўзал оқ қайин.
Боқишлари бир майин.
Яшариб, очилгандай
Қорқизимиз йил сайин!

Шундай, қишда ҳам яшнаб,
Сарғаймасин, сўлмасин.
Ёшлик кетмасин ташлаб,
Сира кампир бўлмасин!

Сайт бўлими: Болалар адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ