"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Есенғали Равшанов. Оққуш (бадиа)

Ўқилди: 846

oqqushКўҳна Каспийнинг номи тарихда неча бор ўзгармади дейсиз. Каспий, Гиркон, Хвалин, Хазар… Биз буларга қўшимча қилиб, уни Оққуш денгизи  деб ҳам атаган  бўлардик. Ўзингиз ўйлаб кўринг,   сатҳи 510 миллион квадрат километрга тенг  бўлган Ер куррасида ҳайвон ва  жонзотларнинг бир миллиондан ортиқ тури яшар экан. Ана шу миллионлардан бири эса—Оққуш. Каспий соҳилида туриб,  саркаш тўлқинларни тенг иккига ажратиб, эмин-эркин сузиб юрган оппоқ қушларни кўрганда,  дунёда ягона денгиз бор, у ҳам бўлса Каспий, дунёда ягона қуш бор, у эса, Оққуш, деб куйлаган шоирнинг ҳақлилигига имон келтирасиз ва албатта,   денгизга ана шу нафосат тимсоли бўлган   қушнинг номи берилишини сиз ҳам истаб кетасиз. Чиндан ҳам Каспийдан ўзга денгизда Оққуш сузармиди?!
“Оққушлар олти турдан иборат бўлиб, шулардан  беш тури Шимолий ярим шарда, бир тури эса, жуда олисда, экваторнинг нариги тарафида яшайди. Ўлкамизга   икки тур—шивирлоқ ва қурқулдоқ  оққушлар қишлагани келишади”—дейишади орнитолог олимларимиз.  Кейинги пайтда Тундрада яшайдиган ғоздан улканроқ, оққушдан кичикроқ оқ паррандани ҳам  оққушлар қаторига  киритиладиган бўлди.
Билишимизча, паррандалар ичида гўзалликда шивирлоқ Оққушга етадигани йўқ. Ғарбдаям, Шарқдаям шивирлоқ оққушнинг тасвирини чизмаган мусаввир топилмаса керак. Мўйқалам усталари, айниқса, унинг эгилган нафис бўйнини ўзгача илҳом  билан тасвирлашади.  Бўйин демоқчи, қадимда,  лотин алифбосини яратган  аллома навбат  S ҳарфига келганда, уй олдидаги ҳовузда эркаланиб  сузаётган бир жуфт оққушни кўради-ю, худди  Архимеднинг “Эврика!” деган хитобидай,  “Топдим, ҳарф қандай бўлишини  топдим!”—деб хитоб қилади. Шундан сўнг, анча зхамонларгача,  бу ҳарфни  “оққуш бўйини” деб аташган бўлишлари мумкин. Замонлар ўтиши билан булар ҳам унут бўлиб кетди. Ўзи дунёда унутилмайдиган нарса борми?!
Бу қуш қордан ҳам оқроқ. Халқ қўшиғида куйлангандай:

Ақрабда  ёғади қор қат-қат бўлиб,
Қадам боссанг қораяр ботқоқ бўлиб.
Ўтирганми, ётганми ой юзлигим,
Ойдиндаги оққушдай оппоқ бўлиб.

Оққушнинг тумшуғи билан оёғи қизил, кўзларининг атрофи худди сурма тортилгандай қоп-қора бўлади. Унинг  мана шу кўриниши шарқ шеъриятида,  ғазалларда—гўзаллик ва нафосат тимсоли сифатида жуда кўп куйланган. Аҳли шуаронинг айтганларига  инонадиган бўлсак, бошда аёллар  қошни сурмалаб, лабни қизилга бўяб, юзга упа суркашни оққушлардан ўрганганлар.  Ким билади дейсиз, балки чиндан шундай бўлгандир. Инсон инсон бўлгандан бери  яшашни табиатдан ўрганганлигини инкор этолмаймиз-ку.
Оқ, қора, қизил ранглар… Четдан қараганда,  бир-бирлари билан уйғунлашмайдиган уч хил ранг бир вужудда жамланиб, тасвирга тил ожизлик қиладиган, қараб кўзинг тўймайдиган, гавҳарга бергусиз, нафисдан ҳам нафисроқ   чирой кашф этган. Анов бир йили хизмат сафари билан Туркманистонга бордик.  Ашхобод яқинидаги  Феруза тоғининг этагида асил туркман отлари етиштириладиган завод бор.  Туркман заминига келиб, Ахалтака арғумоғини кўрмасдан кетиш мумкинми сира? Дунёга донғи кетган  туркман айғирининг яқинига бориб,  яғринини силасангиз, хавотирланиб, ўқрайиб қарайди. Жонивор узукнинг кўзидан ўтадигандай  депсиниб турибди. Афсуски,  мана шундай  сулувликда тенгсиз бўлган отнинг овози қандайдир…  ғалатироқ, кишнаганида ингичка эшитилади. Мана шундай гўзал жонзотга чиройли овоз муносиб эмасмиди? Шивирлоқ  оққушнинг овози ҳам ана шу ахалтака арғумоқникига ўхшаб кетади. У мана шу гўзаллигига яраша хушхониш ҳам бўлганда эди! Табиат унга булбул, лоақал  майқут ёки тўрғайнинг хонишини ато қилса нима бўларди?! Қадимги чолларнинг “бир кам дунё” деганлари шу бўлса керак-да!
“Оққуш қўшиғи”, “Оққуш ноласи” каби  асарлар мавжуд.  Эсхилнинг  “Агамемнон”, Платоннинг “Федон”, Шекспирнинг “Венециялик савдогар” пьесаларида “шивирлоқ” оққуш  қўшиқ айтади.  Байроннинг шеърларида ҳам оққуш хониши куйланади. Булардан ортда қолишни истамаган ўзимизнинг қозоқ шоирлари  оққуш хонишини дўмбира садоси, қил қўбизнинг вужудингни  жимирлатувчи ғамгин ноласига қиёслашади. Яқинда саҳнага чиқиб, элнинг назарига туша бошлаган ёш хонанда қиз ҳақида ёзилган мақолада бундай дейилади:
“Оққуш қўшиғи… Чексиз дашт узра оққуш қўшиғи қанот ёзади. Нақадар  ажойиб бу қўшиқ!” Хонанданинг қўшиғини оққуш парвозига қиёслаш, умуман, нотўғри. Негаки Оққуш—сайрамайди. Дашт узра парвоз этди,  дейиш мумкиндир, лекин қўшиғи дашт узра қанот ёзиши мумкин эмас. Мана шундай, айрим ҳолларда шоир ва ёзувчиларнинг фантазияси ўқувчини чалғитиб қўяди.
Қурқулдоқ оққуш ҳам чиройли. Унинг овози, бизнингча, қурқуллагандан кўра, ғознинг қанқиллашига ўхшаб кетади.  Шоир Асқар Ўрозақин  тўплаган “Қозоқ халқ   ўланлари” да:

Қуёш қучган ойдин кўлда ёлғиз қув
Қанқиллар қаноти-ла сачратиб сув.
Таранар-у қаранар атрофига,
Гўзалликда ягона, якка сулув,—    деб куйланиши ана шундан бўлса керак.

У шивирлоқ оққушдан нимаси билан фарқ қилади?
Фарқ бўйнида.  Шивирлоқнинг бўйни эгилган, у эса бўйнини тик тутади. Эгмайди, эгилмайди. Овози дағалроқ. Сузганида шивирлоқдай эмас, танасини сувга ботириброқ, думини кўтариброқ сузади.
Қишда  Иссиқкўлга йўлим тушиб қолди. Кўлга қурқулдоқ оққушлар қишлагани учиб келишар экан. Кўл юзи оққушлардан  оппоқ бўлиб кетган. Йил сайин декабрь, январда кўлга мингга яқин  оққуш келиб, шу ерда қишлаб, баҳор келиши билан учиб кетишади.  Бу ерлик болалар оққушларнинг бир-бирлари билан уришганини томоша қилиб, куни бўйи соҳилдан кетишмайди.  Оққушнинг “овули”га бегона қуш тасодифан  келиб қолса, эркаги    “жой бергандан—жон берган  афзал” деб, “оиласини” жон-жаҳди билан  ҳимоя қилади. Баъзан, болалар  томоша кўриш учун икки эркак оққуш ўртасига хўрак ташлаб, уларни уриштиришар  экан. Балиқчи қирғиз чол ўша йили қурқулдоқ оққушнинг  ўзига  ҳамла қилган тулкини қаноти билан уриб, ҳушидан кетказганини ҳаяжонланиб  ҳикоя қилган  эди.  Дарҳақиқат, бу қушнинг жанг пайтидаги  важоҳатини кўрибоқ, унинг ўзини ҳимоя қила олишига  ишонч ҳосил қиласиз.
Қурқулдоқ оққушларнинг сони йилдан-йилга камайиб бормоқда. Авваллари  Иссиқкўл билан Каспийдан бошқа, Жамбил вилоятидаги Бийликўл, Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги Шалқар ва Арқалиқ кўлларида, Балхаш билан Оролга, Зайсан билан Илига қўниб ўтадиган сулув қушлар эндиликда йилдан йилга  камайиб бормоқда.  Албатта, оққушларнинг ҳар иккала тури ҳам қозоқ даштида бир фурсат“меҳмон” бўлиб, учиб кетишади. Уларнинг доимий  қўналғаси  Ўрта Ер денгизи, Яқин Шарқ ва Форс замини. Юқорида айтганимиздай,  ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, Оқтов шаҳри ҳам  оққушларнинг яна бир қўналғасига  айланган.
Оққуш 30-40 йил яшайди.  Баъзан жаҳон орнитологиясининг мана шу хулосасига тескари далиллар ҳам учраб туради.  Масалан, 1887 йилда, Британия оролларининг бирида 1771 йилда халқаланган, яъни 116 йил умр кўрган қурқулдоқ оққуш  ушланган! Қуш шунча  узоқ яшаши мумкинмикан? Бундан аввалроқ Германияда ҳам, биров айтса ишониб бўлмайдиган воқеа содир бўлган эди. 1492 йили немис балиқчилари тўғондан ушлаган чўртан балиқда  “ мазкур чўртан 1230 йилда халқаланди” деган халқа чиққан.  Унга кўра, ўша чўртан 262 йил яшаган бўладими? Бунга ким ишонади? Мазкур ҳодисалар борасида зоологлар орасида ҳалигача мунозара давом этиб келмоқда. Қарғани минг йил, айримлар  300 йил яшайди, дейишса, олимлар уни  50-75 йилча яшайди дейишади.  Қарға шунча йил яшаганида,  нега энди    оққушлар 30-40 йил яшашмас экан?
Қорақушнинг ватани –Австралия. Бу нафис қушларни турк султонлари сарой ҳовузларида  боқишган. Марҳум шоир Жусип Қидировнинг:

Боғчасарой боғининг ҳовузида
Бир қорақуш кўрган эдим бирам сулув,—

деган баъмани сатрлари бор. Қрим татарларининг ота юрти бўлган машҳур Боғчасарой биз учун ҳам қадрдон. Буни ҳар биримиз, ҳеч иккиланмасдан,  таъкидлашимиз мумкин. Руслар истилосидан аввал  бу ерда усмонли турклар маданияти ҳукм сурган.  Боғчасройликлар  Истамбул, Бурса, Онадўли зодагонларига тақлидан  ҳовузларда қорақуш асрашган.
Шундай қилиб, оққуш ҳамда қорақуш мавжуд. Табиатда бу икковининг урчитилишидан кулранг-қўнғир қушлар пайдо бўлади, десак ишонрамидингиз? Оқтов шаҳри яқинида  қишловчи оққушлар билан бирга денгизда  ўрдак-ғозлар, балиқчи чағалай қушлар ҳам сузиб юришади.  Шаҳарликлар қушларга тегишмайди.   Қушлар ҳам одамларга шунчалик ўрганиб кетишганки, ҳуркмасдан, чўчимасдан соҳилга яқинлашиб,  қўлдан хўрак ейишади. Ана шундай пайтда, четдан кузатсангиз, ғозга ҳам, ўрдак ва оққушга ҳам ўхшамайдиган қўнғир қушларга кўзингиз тушади. Биринчи гал кўрганда, буларбизга номаълум   қандай  қушлар экан, деб ажабланишингиз табиий. Аслида ундай эмас. Булар оққушларнинг  полапонлари, ёки кўкимтирлари. Нега кўкимтир? Сабаби бизга  номаълум. Уларнинг пати кўк билан кўкимтирдан кўра, кулга  ёки тупроққа  белаб олингандай  оч кулранг. Демак, оққуш тухумдан чиққанидан  оппоқ бўлмасдан, оч кулранг бўлади. Халқ қўшиғида:

Айланайин, қароғим, кокиллим-ай,
Полапони нақ оққуш, шекиллим-ай,—

дейилишига сабаб  шу бўлса керак?!  Эътибор берган бўлсангиз, “ Полапони нақ оққуш, шекиллим-ай” дейилади, “ўрдакнинг, булбулнинг, лайлакнинг” ҳам дейилмасдан, фақат оққушнинг полапони айтилади. Сабаби у онасидай оппоқ бўлмаса-да, кўкишлигининг кўркамлиги ўзгача, кўзга яқин, суюкли бўлади. Уларга қараб туриб, “улғайганда ҳам худди  шу рангда  қолгани яхши эди,” деб ўйлайсан.
Шундай қилиб, оққуш уч-тўрт ёшгача оқ эмас, кулранг /агар шундай дейиш мумкин бўлса/ бўлиб ўсади.  “Бешикдаги беш турланар” деган мақолга мос, у ҳам  уч-тўрт бора турлангандан кейингина, чинакам оққушга айланади.
Қушнинг ғаними—илон. У тухум борки, бутунича ютади, танлаб, саралаб ўтирмайди,  чумчуқ, тўрғайникидан тортиб,  йирик қушларнинг ҳам тухумларини омон қўймайди. Ривоятларда айтишларича, илон фақат оққушнинг тухумигагина тегмас экан. Биологлар оққушнинг тухуми ўта катта бўлганликдан /114х 74 мм/ илон уни ютолмайди, деб тахмин қилишади.
Турумтойдан тортиб, шунқору бургутгача бўлган йиртқич қушлар осмонда  учадиган  қушдан тортиб, ерда  югуриб, судралиб  юрадиган жонзот борки,  барчасини хўрак ўрнида кўради. Қанотли йиртқичлар, айниқса, қушларнинг  полапонларига ўч бўлишади. Яна ривоятга ишонадиган бўлсак, ана шу “қанотли қашқирлар”нинг бирортаси ҳам оққушнинг  кўкиш полапонларига тегмас экан. Бунисига нима дейсиз, қандай изоҳлайсиз?!
Қушбозлар ҳеч қачон оққушга қуш солишмайди. Фалончи қушбознинг  бургути, шунқори оққуш олибди, деган гапни шу пайтгача  эшитмаганмиз.
Оққуш жуфти билан қўша қарийдиган қуш.
Тўрт ёшгача у кулранг полапон бўлиб, оталиқ, оналиғи билан яшайди. Ана шундан кейин у тўлишиб, бўйни эгилиб, оёқлари қизил,  кўкраги кенг, писта бурун, сумбул қанот, чинакам қушга айланганида, оталиқ—оналиқ бўлиб, жуфтлашади. Жуфтлашганда ҳам ўзга қушлардай “Бирда бору, бирда йўқ—соядайсан” бўлиб эмас, ўла-ўлгунча бир-бирларидан ажралмасликка, то сўнгги нафасгача бирга бўлишга “аҳдлашиб”, қовушадилар. Оналиқ оққушни отаси “узатиб” келади,  оталиқни эса,  онаси  бошлаб келади. Худди қуда тушиб, қиз узатгандай тантанали маросим бўлиб ўтади. Ана шу кундан бошлаб жуфтлашганлар бир-бирларидан ажралишмайди. Кундузлари бирга сузиб, бирга сайр қилишади, кечаси бир-бирларига суяниб ухлашади.  Бу пайтда оққушнинг вазни 15-20 килограмм, қанотининг узунлиги икки метргача етадиган бўлади. Иссиқ ўлкаларга қайтишда оққушлар ўзлари сайлаган йўлбошчига эргашиб 8500—9000 метр юқорига кўтарилиб, соатига 95-100 километр тезликда учишади.  Юксак Ҳимолай оша,  қанотлари толмай, бемалол  учиб ўтадиган саноқлигина қушларнинг бири—мана шу оққуш.
Оққуш учдан тўққиз донагача тухум қўяди. Полапонлар 38-40, айрим ҳолларда, 45 кунда тухумдан  чиқишади.  Уянинг кенглиги  икки метрча бўлади. Тухумни оналиқ чайқалтиради. Бу пайтда оталиқнинг мўйнали қулоғи “ёстиқ кўрмай”, макиёнига тун-кун хўрак ташийди. Қизиғи шундаки, қурқулдоқ оққуш сувга шўмғий олмайди.  Бунга қалин пати, йиғиш қийин бўлган  улкан қанотлари йўл бермайди. Шунинг учун ҳам у хўракни соҳил атрофидаги   қамишзору, ўт-ўланлар орасидан ахтаришга мажбур.
Оққушнинг  оталиғи билан оналиғини бир-биридан ажратиш мушкул. Фақат кўкламда оталиқнинг тумшуғи устидаги  қора доғ кенгайиб,  узоқдан кўзга ташланиб туради, макиёнининг тумшуғидаги қора доғ кичик бўлади. Шунингдек, оналик қушнинг танаси кичикроқ, эркагиники  йирик, суякдор,  қанотлари бир қаричга узунроқ  бўлади. Улар жуда иноқ яшашади. Бошқа қушлардай бижирлашиб, шақиллашиб, чўқишмайди. Бир-бирларини унсиз тушунишади. Уларга хос бўлган чирой одамларнигина эмас, ўзга қушу паррандани  ҳам лол қолдиради, шекилли. Оққушлар  сузиб ўтишаётганида ўрдак-ғозлар ортга чекиниб, уларга йўл беришади. Буни нафосатга шайдолик  дейсизми,  ёки қудратли  қушдан ҳайиқиш дейсизми— ўзингизнинг подшо кўнглингизга ҳавола!  Бўйинни  кўтариб, қанотларини йиғиб, сувда қалқиб турган оққушнинг кўриниши  ғоят гўзал бўлади. Унга қараб  завқланмаслик, бир-бирларини унсиз англашга қодир оққушларнинг жуфт бўлиб, сузиб юришларига қараб, уларнинг  садоқати, вафосидан лол қолмаслик  мумкин эмас!
Шеригидан жудо бўлган оққушнинг “бундан кейин яшашдан мақсад не?”— дегандай, ўзини тошга уриб, ҳалок этганлиги  ҳақидаги ривоятлар, қўшиқ ва куйлар кўп. П.И. Чайковскийнинг “Оққуш кўли”, М. Мақатаевнинг “Оққушлар ухлаганда”, Н.Тилендиевнинг “Оққуш” номли асарларида улардаги  ана шу жонфидолик хусусиятлари  мадҳ этилади.
Руслар, негадир, оққушни атасалар, ғоз билан биргаликда, яна негадир биринчи бўлиб ғозни айтишади. /”Гуси-лебеди”/. ХIХ асрда Россияда оққуш пати билан мўйнаси юқори баҳоланган. Архив маълумотларига қараганда, 1893 йилда Оқмўла вилоятида бўлиб ўтган Константин ярмаркасида 450 та, 1894 йилда  1600та оққуш мўйнаси савдога чиқарилиб, сотилган экан.  Шундан кейин қушларга меҳрибонлик ҳақида гап бўлиши мумкинми?
Оққушнинг яна бир ғаними—шомон-фолбинлардир.  Улар “оққуш гўшти минг бир дардга даво” деб, ҳукм чиқариб, жуд кўп оми овчиларнинг оққушларни  қиришларига сабабчи бўлганлар.
Хитойликлар оққушни фойдали беб, гўштидан ҳар хиллаззатли таомлар пиширишса, мўйнаси  билан патларидан ноёб буюмлар тайёрлаш учун хомашё сифатида фойдаланишган. Хитой халқ табобатида оққуш ўтини  қуритиб,  ҳовончада туюб, талқон ҳолига келтириб, ёндириб, кулини куйган яраларни даволашда қўллашади. Улар оққушниқуёш қуши санаб, ўтмишда унга  “Ян” /юксак, олий/ деган ном беришган.
Рим-Юнон тарихида Оққуш Зевс, Афродита, Орфей ҳақидаги ривоятларда  ёдга олинади.
Қадим ҳинд афсоналарида Ҳом ва Сом номли эгизак оққушлар ҳақида машҳур эртак бор. Саён-Олтой турклари ўзларини оққушлар авлодимиз  дейишади. Шунинг учун ҳам ёқут, бурят аёллари бош кийимларига  оққуш патини тақиб юришади.  Баҳорда  оққуш учиб келганида,  кўкка сут сочиб, қўшиқ ҳам айтишади:

Туб онамиз оққув  қуш,
Ота юртга етдингми?
Асқардан тик Асқар тоғ,
Ундан омон ўтдингми?!

Сибир татарлари афсона-эртаклари орасида шундай гаплар бор: “Осмон тангриси оққушга денгиз тагидан тупроқ келтиришни буюрди. Оққуш узун бўйнини чўзиб, сув тагидан бир сиқим тупроқ  олди-да, Тангрига келтириб берди. Тангри тупроққа бир “куф” дейиш билан  шайтонлар яратилди. Натижада, Ер юзига ажина-ю, парилар эгалик қилиб,  қутуриб кетишади. Бундан Тангри дарғазаб бўлиб, Шайтонман деганнинг барини етти тоғнинг нарёғидаги ўрмонга қувлаб тиқди-да,  оққушнинг иккинчи бор олиб келган тупроғидан “халқ” деган элни яратди. Тангрининг бу халқи бугунги туркларнинг илк аждодлари эди. Шунинг учун ҳам туркий элатлар оққушни муқаддас  деб билишади…”
Манғистовга бормоқчи бўлсангиз, қишда боринг.
Биринчидан денгиз соҳилидаги кўркам шаҳар ҳавоси қишда илиқ, бу ерда изиллаган бўрон, оқ қор, кўк музни  кўрмайсиз. Манғистовнинг қиши ёғ қотмайдиган, майин бўлади. Қариялар “Манғистовнинг қишида — қор ётмайди ичида!”—деб  бекорга айтишмаган. Ой туққан қиш оқшомларида денгиз соҳилида сайр қилишнинг завқи  ўзгача. Яна бир ғанимат ҳолат—худди шу кезда Каспийга оққушлар келади.
Манғистовга оққушлар илк бор 1974-1975 йилларда кела бошлаган эди.
Ўтмишига мурожаат қиладиган бўлсак, бундан кўп асрлар муқаддам Учқиян этакларида оққуш қўнадиган кўллар бўлган, дейишади. Алқисса, ўшанда доно Жонибек Султон 1 Улуғ  салтанатининг шуҳрати оламни тутган,  камолга етиб, қора тулпори маррага  етган бир олтин давр бўлган экан. Хоннинг  ҳусну жамолда ойни хижолатда қўядиган танҳо-ю тантиқ  қизи “Бундай гўзал ва улуғвор дориссалтанатга  оққушлар сузадиган ҳовуз етишмаётир”,— дейди-да, эрка Ёйиқнинг йўлига тўғон қуриб, уни шаҳар ўртасидан ўтказтиради. Муҳандислар бошчилигидаги  қуллар бир енгдан қўл, бир ёқадан бош чиқариб, тинимсиз ер қазиб, шаҳар марказида ҳовуз эмас, улкан кўл яратишади. “Хоннинг қаҳридан эмас, хонзода қизининг қилиғидан қўрқаман” деган сўз ўша замонлардан қолгандир, балки. Хонзода шу билан чекланмасдан, “Оққуш –ширинликка ўч қуш” деб, олис-яқиндан, карвон-карвон қанд-шакар ташитиб, кўлга тўктиради.  “Шакаркўл” деган ном ана шундан қолган дейишади. Натижада, ростдан ҳам   Шакаркўлга оққушлар қўнадиган бўпти. Уларга ҳеч ким тегмас, тегмоқ у ёқда турсин, ҳатто ҳуркитган одам ҳам хонзоданинг  қаҳрига учрар экан. Орадан кўп ўтмай  Шакаркўлнинг сатҳи оппоқ қушлардан кўринмай кетибди. Оқшом сайрга чиққан хон қизининг канизаклари олтин қайиқда  кўлнинг ўртасигача сузиб бориб, оққушларни қўллари билан оҳиста бир чеккага суриб, сув олишар эканлар. Кўҳна қозоқ заминида  мана шундай афсонавий шаҳарлар  бўлган. Қани ўша шаҳарлар? Уларни ким заволга чўктирди? Ким эмас, нима завол топтирди?  Манманликданми ёки беғамликданми?  Нодонликми? Ёлқовликми,  мақтанчоқлик билан исрофгарчиликми? Сабабини билмаймиз. Тарихий ҳақиқатни билмоқ мушкул. Чунки  ҳар бир авлод ўз қаричи, ўз нафсу  эҳтиёжидан келиб чиқққан ҳолда тарих яратади.
Ўтгандан улгу ол, келажакка улгу сол, деганларидай, ўша оққушлар бугун Каспийга қўнадиган бўлишди. Етмишинчи йилларнинг охири, саксонинчи йилларнинг бошида денгизнинг Манғистов яқинида ўн мингга яқин оққуш қишлади.  Ўша давр матбуотига ишонадиган бўлсак,  “Денгизнинг Иттифоққа тегишли қисми экологик жиҳатдан тоза бўлганлиги сабабли оққушлар  Эрондан  Совет Қозоғистони ҳудудига оғиб кела бошлашди. Ноёб қушларга  бу ерларда   ғамхўрлик кўрсатилмоқда”,—деб ёзилган эди.

1 Жонибек Султон –/Аз Жонибек/ Жонибек ибн Барокхон ибн Қуйручуқ ўғлон ибн Ўрусхон /15-аср/ —қозоқ хони. Чингизийлардан, Жўжихон авлодидан / Таржимон изоҳи/.

Аслида, бунинг сабаби  бутунлай  бошқа эди. Ўша йиллари, асосан, денгиз сувини чучуклаштириш мақсадида  Манғистов энергокомбинати қурилиб, ишга туширилди. Ҳақиқатни айтганда,  мазкур атом қурилмаси ўз  вазифасини ёмон адо этмади.  Станция ишлаб чиққан  илиқ сувнинг маълум миқдори денгизга қуйиларди.  Худди ана шу, денгизга қуйилаётган илиқ сув оққушларни ҳам бу ерларга жалб қилган эди.  Бир-икки ой мобайнида оққушлар илиқ сувда эмин-эркин сузиб, баъзан бола очиб, баъзан муддатдан аввал иссиқ ўлкаларга учиб кетиши  одат тусига кирди.
“Бизнинг соҳилга ҳар йили фақат бир гала оққушлар келишади, бегоналар келмайди”,—деб ёзишди газеталарда.
“Йўқ, бизга ҳар хил галалар учиб келишади”—деб эътироз билдиришди  орнитолог-олимлар.
Назаримда, биринчи тахмин тўғридай. Денгиз тўлқинларида ўйнаб, баъзан    соҳилга яқин келиб, баъзан эса узоқдан кўзга бир ташланиб, ғойиб бўладиган оппоқ  қушларнинг барчаси Манғистовга қадрдон бўлиб кетгандай туюлади. Манғистовни илгари  кўрмаган, билмган, илиқ сувида қанотларини кенг ёйиб, яйрамаган, сайр қилмаган қуш бу ерларнинг  қадрини қайдан билсин?!
Йил сайин, баъзан йил ўтказиб, она юртга бораман. Боришда ҳам, қайтишда ҳам Оқтовга тушиб  ўтаман. Олмаотага самолёт учадиган пайтда  аэропортда тўс-тўполон бошланиб  кетади.
—Оға, сиз ҳокимиятда ишлайсиз-а?
Орқамга  ўгрилиб,  кўзлари жовдираб, оққушга ўхшаб турган ёшгина қизга кўзим тушди. Бир  қўлида бир-бир ярим метрча келадиган қоғоз қути,  бир қўлида катта  сафар сумка. Мени кимгадир ўхшатиб, русча гапириб турибди.
—Ҳокимиятда ишламасмидингиз?—деб жилмаяди.  Жилмайиши ўзига бирам ярашар экан.
—Йў-йўқ,—дедим, ҳокимиятда ишламаганимдан ўзимни ноқулай  ҳис қилиб,—ҳокимиятда ишламайман, синглим.
—Кечирасиз, у ердан кетиб қолган экансиз-да, мен сизни ҳалиям ўша ердамикан десам…
—?
—Юким жиндай ортиқча экан,  қўшимча пул тўлашга тўғри келяпти. Малол келмаса, мана шу қутини самолётгача чиқариб беролмайсизми? Чиқариб берсангиз бўлгани,  у ёғини ўзим эплардим.  Сизни текширишармиди?
—Берақол, чироғим,—дедим қўлимда юким бўлмагандан кейин. Ўзи талабага ўхшайди, бундайларда ортиқча пул нима  қилади, деган хаёлда. Лекин қути хийла оғир экан. Бунга эътибор бермадим. Ҳозирда  узоқ-яқиндан майда-чуйда ташиб, савдо билан тирикчилик қилиб юрган қизлар озми?
Эсон-омон Олмаотага ҳам етдик.
—Соғ бўлинг, оға, раҳмат сизга!—деди у мамнунлик билан. Қиз ўзини  қарши олган  чўтир башара, барзанги,  қора йигитнинг қора “джип”ига бориб ўтирди.
—Арзимайди,—деб қолавердим…
Шу билан гап тамом. Сафардошлар тезда унутилади, буниси ҳам шундай бўлди. Ҳозир ўша қизни кўчада кўрсам, танимайман. Шу унутилганича унутилиб кетгани яхши эди-я…
Ўша кунлари юқори лавозимни эгаллаган, Олмаотанинг энг кўркам ерига дабдабали  уй қурдириб,  дабадабали машина миниб юрадиган бир дўстим уйига меҳмондорчиликка  таклиф этди. Бордик. Еб-ичдик. Мақтадик. Мақтандик. Шу билан зиёфат тугаб,  мезбон билан хўшлашиб, кетишга  чоғландик.
—Сен кетмай тур,—деди ошнам менга бошқалар билан хўшлашар экан туриб,—сенга кўрсатадиган бир ажойиб нарсам бор. Мановилар унинг маънисига тушунишмайди, ҳаммаси пустой /омий/ йигитлар.
Албатта, ошнам ўзини уларнинг тоифасидан эмас, деб ўйларди.
Кўпчилик ўртасида айта олмагани,  уй орқасидан ўтадиган    сой бўйига мини-зоопарк,  ҳайвонот боғи қурган экан.  Иссиқ хонада  бедана билан каклик бир қафасга қамалибди, иккинчи қафасда—қирғовул, унинг нарёғида—тўтилар,  яна бир катакда ёлғизгина  оппоқ ғоз бир бурчакка суқилиб, ухлаб ётибди.
—Ойман, тур, оғанг келди, саломлашмайсанми?—деди ошнам овозини баландлатиб.
Оқ ғоз аввал бўйнини олдинга чўзди, кейин истамайгина ўрнидан турди. Ё алҳазар, бу ғоз эмас, оққуш-ку! Оққуш бўлганида ҳам асили! Атрофимга  аланглай бошладим. Ошнам тоғ сойига тўғон солиб, унинг бир ўзанини ҳовлисидан, катта бостирма тагига қурилган  улкан  ҳовуз орқали ўтказибди. Мана бу бечора оққуш кундуз ўша ҳовузда сузиб, кечаси иссиқ катакка кириб ухлар экан.
—Танидингми?—деди ошнам ғурурланиб.
—Танимай нима? Шивирлоқ оққуш-ку бу.
— Худди ўзи, менам Манғистовнинг қушини таниса керак, деб ўйловдим. Ҳа, бу Манғистовдан олиб келинган оққуш. Номини Ойман қўйдим. Маde in Mangistau. Қандай қилиб олиб келинган дейсанми? Олиб келиш умуман қийин эмас. Анча чиқим талаб қилди, албатта. Пулидан қочмасанг бўлди. Яшириб нима қилдим, оддий қутига солиниб, самолётда олиб келинади.
Катакнинг бир чекасида ётган картон қутини кўрдиму, ҳайратдан қотиб қолдим. Бу ўшанда, Оқтов аэропортида ўзим самолётга кўтариб  чиққан картон  қути эди. Уни менга кўтартирган чиройли қизнинг исмини ҳам сўрамаган эканман. Сўраганда нима қилардим? Пулнинг қудрати  билан Оқтовни айириб, Қоратовни қайириб турган  манов ошнамнинг айтишига қараганда, бугунги кунда шаҳар чеккасида қад кўтараётган “янги қозоқлар”нинг барча вилла, фазендалари “мини-зоопарк”ли экан. Уники  уларнинг олди ҳам, кейини ҳам эмасмиш. Қараб турсам ошнам қай “зўр”нинг ҳайвонат боғи қанда-ю, унда  неча хил ноёб жонзотлар сақланишини бир чеккадан санаб чиқадиган. Гапни чувалатмасдан, ошнам билан хўшлашдим. Юракларим оғриб кетди.
Биз,  ота-боболари  “Оққушни отиб бўлмайди”, “Оққуш сузган сув сулув”, “Оққушнинг ёнида япалоқ қуш ярашармиди?”, “Оққушга ўқ узма—уволи тутади”, “Оққуш билан дўст бўлсанг— йўлинг оқ бўлар”, “Оқ деганда, ғоз ҳам оқ, лекин ғоз —оққуш эмас” каби мақоллар айтган қозоқнинг фарзандлари кейинги ўн-ўн беш йилда бутунлай  ўзгариб кетганимизни биламизми?!  “Элингга савдо киради, савдо билан ёв-да киради, дов-да киради,”,—деган экан донишманд  Матчон бий. Савдодан келгани  мана шу экан деб,  етти отамизу, етмиш етти бобомиз қўл кўтариш у ёқда турсин,  кўз олайтириб, озор беришдан ўзини сақлаган  муқаддас нарсаларни оёқ ости қила бошладик. Савдо билан кирган ёв ким? Ким эмас, нима? Бу—ўзимизнинг нафсимиз эмасми?!
Дўстимнинг уйидан,  юрагим қандайдир ғаш бўлиб,  ўксиб қайтдим. Қанотлари қирқилиб, балчиққа беланиб ётган ғамгин қуш кўз олдимдан кетмасди. Мен кўрган ўша, кўзлари қизариб  кетган жонзот  паррандалар  султони эмас,  қисматига, қоронғу  қафасга кўниккан, тутқунликдан  кўнгли озорланган, бир кунда қирқ бор  тараниб-товланиш ўрнига тайёр хўракни еб, тўйганига  шукр қилиб, нима берсанг шуни ейман деб ётган бир гадо эди у…

Қозоқчадан Меҳмон Исломқул ўғли таржимаси.

Сайт бўлими: Жаҳон насри

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ