"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Абдураҳмон Акбар. Шеърлар

Ўқилди: 847

Лола
(Сафо Матжонга)
Лола – девор-дармиён қўшним,
Туғилганмиз бир кунда икков.
Бир синфда ўқиймиз ҳар кун,
Иккимиз ҳам мисоли олов.
Тушликкача “миқ” этолмас у –
Чиқараман роса жаҳлини.
Ҳазиллашиб, жиғига тегиб,
Қақшатаман синфда уни.
Сумкасига чигиртка солиб,
Додлатган ҳам худди мен ўзим.
– Ҳали уйга борайлик! – дер у.
– Таъзирингни бераман, Рўзим.
Пешингача кунда шу аҳвол,
Ўн бор йиғлар камида Лола.
Яқинлашган сари сўнгги дарс
Шаштим тушиб борар тобора.
Дарс тугагач, ўзгарар аҳвол.
Уйга илдам жўнар Лолаой,
Итин олиб чиқар кўчага.
Мен қочгани тополмайман жой…

Ажойиб ҳодиса
(Лоф)

Тунов куни бир китоб ўқиб,
Бўлиб қолди итимиз ювош.
Шундан буён бўлар-бўлмасга
Уймайдиган бўлди Мошга “қош”.
Йўлин тўсиш, қувиш қаёқда,
Пойгакчага зар сомон тўшаб,
Ҳар шом унинг болаларини
Ухлатади майин аллалаб.
Бир китобга, бир итга боқиб,
Боши қотар мушук бекани.
Бир ҳовлида ит билан яшаб,
Кунлари шод ўтмоқда энди.
“Рост бўлсин-эй эси киргани”,
Деб ўзига сўйлар она Мош.
“Наҳот китоб унинг дилига
Меҳр солди?” – ўйлар оламош.
Мош дилидан кечган гапларни
Сезгандайин ит қилар ният:
“Бир қозондан ош еймиз ҳар кун.
Қариганда ёвлашсак,
уят…”

Тугамаган баҳс
Журналист Аҳмаджон Рихсибоевга

Сичқон зўрми ёки фил?
Сел кучлими ё олов?
Сал бўш қолсак синфда
Баҳс бошлаймиз дарров.
Озодбек дер: – Дунёда
Қудратли нарса – шамол!
У истаса, дарахтни
Ағдаради бемалол!
– Йўқ, шамолмас, – Асилбек
Қарши чиқиб, дер: – Қуёш!
У энг улкан Юлдуздир,
Бўлмас сира ҳам одош.
– Булутлар ҳам дунёда
Билсангизлар катта куч.
Агар ёмғир ёғмаса,
Уруғ унмас, бўлар пуч.
Ер юзи қақраб, қақшаб,
Қум, чанг босар ҳавони, –
Шундай дея Фаёзбек
Айтмас сўзин давомин.
– Куч-қудрат, матонатда
Инсон ҳамиша буюк.
Қаддин буколмас уни
Ҳар қандайин оғир юк.
Лола шундай деб баҳсга
Якун ясаган бўлар.
Бироқ бу фикрларга
Қўшилай демас Яшар.
У бир нафас тин олиб,
Ўз фикрин айлар баён:
– Вақт – кучли, вақт – тенгсиз,
Қудратлидир ҳар қачон!
Вақт истаса дарёни
Оқизади тескари.
Қитьаларни ўрнидан
Суради нари-бери.
У азим тоғларни ҳам
Айлантирар қум, гардга.
У устун ғам, кулфатдан,
Даво ҳар қандай дардга.
Шунинг учун дейдилар:
Вақт бу – энг олий ҳакам.
Унинг измида ахир
Инсон, табиат – олам.
Яшарнинг сўзларига
Ҳаммамиз берганча тан,
Баҳсга якун ясашни
Сўрадик муаллимдан.
Муаллим Жаббор ака
Дўстимиз фикрин ёқлаб,
Кутилмаганда бизга
Айтар жуда қизиқ гап.
Устоз дер: – Вақт қудратда
Танҳо-ю, якто шаксиз.
Шу боис бутун борлиқ
Унинг ҳукмида сўзсиз.
Коиноту мавжудот
Пойига чўкса ҳам “тиз”,
Фурсат оддий бир ишнинг
Қошида доим ожиз:
У маҳв этар, емирар
Неки чиқса йўлидан.
ИНСОН ҚАЛБИН ҚАРИТИШ
КЕЛМАС АСЛО ҚЎЛИДАН…

Туғилган кун
(Оғакелди Олланазардан)

Тўра туғилган куни
Уйида кутди бизни.
Тўкин дастурхон тузаб,
Сийлади ҳаммамизни.

Синфдошлар номидан
Совға топширди Санам.
Тўравойни табриклаб,
Сўнг мақтади чунонам.

Унга бахт, умр тилаб,
Қутлаётган пайтимиз,
Ўпиб олди Тўрани
Кутилмаганда Наргиз.

Қойил қолдим ошнамга
Деманг: Ҳо, ёқмай ўлсин!
Мен ҳам туғилган куним
Нишонлаганим бўлсин!

Сайт бўлими: Болалар адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ