"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Содиқжон Иноятов. Кекса отнинг ҳикояси (шеърлар)

Ўқилди: 753

Кекса отнинг ҳикояси
Ёш эдим бир маҳаллар
Ўтлар чақнаб туёқдан.
Ғолиб бўлиб келганман
Неча пойга, улоқдан.

Нурафшон кунлар эди
Силашганда бошимни.
Меҳрдан энтикиб, мўл
Тўкканман кўз ёшимни.

Умр – нурдай югурик
Қолдим афсус кексайиб
Яшаяпман оғилнинг
Чеккасида мунғайиб.

Маҳзун ўтади кунлар
Энди пойгага йўл йўқ.
Емиш мўл-у, бошимни
Силагани бир қўл йўқ.

Қуённинг ҳикояси
– Сен яша,
Мен ўлайин,
Деган мардни кўрмадим.
Шу боис нодонларнинг
Йўлларидан юрмадим.
Биламан, бизни мазах
Қилишарлар “қўрқоқ” деб,
Умр бўйи Бўридан
Қочиб юрган қочоқ деб.
Ҳаёт ширин,
Умр оз.
Ким яшашни истамас
Ночорларни мазамат
Қилишни тўхтатинг, бас.
Ерга урдингиз бунча
Ғарибларнинг отини
Зўр бўлсангиз Бўрининг
Бериб қўйинг додини.
Тунлари уйқум қочиб
Шуни ўйлайман фақат.
…Шукур, болаларимнинг
Оёқлари бақувват.

Қашқирнинг ҳикояси
Бизда қабр бўлмас,
Ўқ,
Мозор деган тушунча.
Яшаймиз то овчининг
Ўқига дуч келгунча.
Қонимизга қонхўрлик
Руҳи синган биламиз.
Қашқир – сўнгги дамгача
Қашқир бўлиб қоламиз.
Туғилишдан ўққача
Бўлган масофа – умр.
Нафс йўлида кечар
Чопа-чопа, югур-югур.
Кунлар ўтар, қорин тўқ.
Тап тортмаймиз ҳеч кимдан.
Лекин кўнгилда ғашлик,
Алам ўртайди зимдан.
Билдим, бу тахлит яшаш
Юз йил этса ҳам давом.
Ёмонлардан ҳеч қачон
Қолмас экан яхши ном.

Байрамда
Йўқлади у тоғасин,
Йўқлади бу тоғасин.
Етти ёт бегона, бой
Йўқлади уч “оға”син.

Тарқатиб совғаларни
Қайтди уйига хушхол.
…Тополмай онасига
Оддийгина чит рўмол.

Ошиқ бола
Хаёлларим бетизгин
Учаверар сен томон.
Бир кун кўрмаган куним
Ёмон кунимдир, ёмон.
Боқайин деб йироқдан
Маюсгина юзингга
Келаётсам йўлакдан
Тушганимча изингга.
Бирдан учта синфдошинг
Тўсганича олдимни
Дўқ қилишди:
Қалайсан?
Қўлга тушиб қолдингми?
“Қарс”, муштлашув бошланди,
Хомлик қилдим-да, андак
Бас келолмасдан ёлғиз
Едим озгина калтак…
Майли,
Қошим ёрилиб,
Кўкартирдим кўзимни
Хайрият, кўрдим ўйчан,
Маюсгина юзингни.

Меҳр
Таъриф этиб бўлмайди
Оддийгина сўз билан.
Улашади яхшилар
Ширин калом,
Кўз билан.
Отамнинг юзларида
Онамнинг кўзларида
– Ака, – деб эркаланган
Синглимнинг сўзларида.
Дунёларга сиғмаган
Дунёларча меҳр бор.
…Шунча сероб нарсага
Нега кўнгил бунча зор?

Китоб дўконида
У китобни варақлаб,
Бу китобни қарақлаб,
Танлайверди тинимсиз
Кўзида нур чарақлаб.

Саралаб сайлагани
Салкам бир қоп, Эмас кам
Болакай мамнун, яна
Жилмаяр дўкондор ҳам.

Қийин бўлди озгина
Гал етганда тўловга.
…Янгигина телпагин
Қўйиб кетди гаровга.

“Оқ кема”ни ўқиб..
Оқ кема – оқ орзуга
Сузиб кетди болакай.
Қўлин силкиб, дунёдан
Ўтиб кетди болакай.
Манзилига етолмас
Кўнглим йиғлар, нетай мен.
Ўзинг билан олиб кет,
Сен-ла бирга кетай мен.
Кириб бориб хаёлан
Ғамгин қисса қаърига.
Армонларим қўшилар
Мўмин чолнинг зорига.
Мўмин бобо, нега сен,
Мўмин бўлдинг, бунчалар
Қандай чидар юрагинг
Қабоҳатга шунчалар?
Қара, бошинг устида
Бедодликнинг ялови
Куйдиради елкангни
Мутеликнинг олови.
Қўзингни оч,
Қўлда тут.
Адолатнинг қиличин.
Ғаддор Ўрозқулдан ол
Мазлумларнинг ҳақ-ўчин.
Шунда…
Оқ кема нурдай
Елиб қирғоққа томон
Она Буғу бешикни
Келтиради бегумон.

Сеҳрли калом
Бир юз бешга кирди ёлғиз
Ойша момо кузакда.
Хасталаниб анча фурсат
Ётиб қолди тўшакда.
Хабарини олиб турди
Қўни-қўшни бетўхтов.
Шунданмикан момомизнинг
Кўнгли тўлиб кетди-ёв.
– Сиздан ўзга ҳеч кимим йўқ.
Мендан рози бўлинглар.
Кетар бўлсам, номим тутиб,
Дуо қилиб туринглар.
Носир тоға кўп ҳазилкаш,
Гапга ёмон чечанда.
– Момом, – деди, – қўшничилик.
Шундай бўлар эканда…
Нега энди кетаркансиз
Ғалати-я сўзингиз
Шундай яхши қўшниларни
Қиядими кўзингиз?
Шу бир калом сеҳримикин
Момо дили чоғ бўлиб
Сўғайиб ҳам кетди, Яшар
Мамнун, кўнгли тоғ бўлиб.

Сайт бўлими: Болалар адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ