"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Зиё Нажмий. Занжирбанд шеър ((фожиа – фантасмагория))

Ўқилди: 856

Зиё Нажмий 1955 йилда Андижон вилоятида таваллуд топган. Тошкент Давлат унверситетининг филогогия факултетида таҳсил олган.
Зиё Нажмий “Занжирбанд шеър” ва “Гесубурида ёхуд қирқилган кокиллар” номли пъесалар ва бир қатор телесценарийлар муаллифи.
Драматургнинг Абдулҳамид Чўлпон ҳаётига бағишланган “Занжирбанд шеър” пьесаси Андижон шаҳат Ёшлар ва болалар театрида   муваффақиятли саҳналаштирилган.
Иштирок этувчилар
Ч ў л п о н
Ё ш  Ч ў л п о н
С о л и ҳ а
А л и ш е р  Н а в о и й
Г а м л е т
И л ҳ о м  п а р и с и
Ф о и қ а
Ш о и р
Ё ш  ш о и р
Ё ш   и ж о д к о р
Ё з у в ч и
Т а н қ и д ч и
Н о в в о й   қ и з
Б о й в а ч ч а
М у а л л и м

БИРИНЧИ  ПАРДА
Биринчи кўриниш
Сўзсиз саҳна
Кўча. Бир оддий одам атрофга қўрқинч билан аланглаб кириб келади. Саҳна ўртасига етай деганда нимадир орқасидан шитирлайди. У чўчиб орқасига қарайди. Яна қўрқа – писа эҳтиёткорлик билан чиқиб кета бошлайди. Шу пайт унинг изини пойлаб келаётган иккинчи одам кўринади. У ўзига хос эпчиллик билан ўзини йўлнинг гоҳ у четига, гоҳ бу четига олиб, биринчи одамга кўринмай, уни пойлаб чиқиб кетади.
Саҳна ичида Илҳом париси кўринади. У оққушдай енгиллик билан шарқона бир куйга рақс туша бошлайди.
Шу пайт Чўлпон пайдо бўлади. У илҳом парисидан завқланади. Бутун диққати илҳом парисига қаратилган, атрофидаги воқеаларга эътибор қилмайди. Нималарнидир ёзади.
Шу пайт кўчада яна бир одам пайдо бўлади. У билинтирмай Чўлпонни кузатади.  Саҳна ўртасига келиб одамлар томонга қараб ички бир ўкинч ва надомат билан ўз-ўзига гапиради.
Ш о и р
Мен ҳам шоир, аммо нетай, буларни-
Кўролмайман, кўролмайман бир умр.
Ёнларида доим илҳом париси,
Ёзганлари элга маъқул ҳамиша.
Не қилайки, матбуотда тинимсиз,
Босилса-да ёзганларим, эл мени-
Танимайди, ҳурмат қилмас улардай.
Мен билан халқ ўртасида ғов улар.
Шунинг учун топиб улар айбини,
Фитна билан гумдон қилмоқ истайман!

(Секин пойлоб саҳнанинг бир четига ўтади. Саҳнага иккинчи одам кириб келади. У ҳам Илҳом парисини кузатаётган Чўлпонга қарайди. Ва аста саҳна олдига келади.)
Ё з у в ч и
Ёзувчиман, ёзганларим не сабаб,
Буларники каби элга маъқулмас.
Бу ҳол менинг ичу-бағрим кемириб,
Юрагимни ҳасад билан тўлдирди.
То Чўлпонни йўлдан йўқотмагунча,
Тинчим бўлмас, тинчим бўлмас сира ҳам.
Айбни топиб авахтага тиқмасам,
Ҳасад ўтим ўчмас ловуллаб.
(Саҳнанинг яна бир бурчагига бориб пойлай  бошлайди. Учинчи одам ҳам киради. У ҳам Чўлпонни кузатади.)
Т а н қ и д ч и
(Чўлпонни имлаб кўрсатади)
Шоир эмиш, ҳанузгача билмайди
Танқид қилиб ёзган чиқишларимни.
Бировига жавоб ёзмас, итвачча!
Ўз наздида гўё катта, зўр олим.
Бу ёқдаги одам асло одаммас.
Шундай брплаб бир адабин берайки,
Халқ душмани бўлиб қолганин билмай қолсин!
(У ҳам Чўлпонни пойлаб бир четга ўтади. Тўртинчи одам саҳнага кириб келади. У ҳам Чўлпонни кузата бошлайди.)
Ё ш   и ж о д к о р
Комсомолман, юртнинг келажагиман,
Ижод қилиб элга хизмат қилмоқни-
Хоҳлаб, мен шу Чўлпон деган шоирга,
Шогирд тушдим, аммо унинг Ватанга,
Хиёнатин кўргач, чидолмай қолдим.
Давримизнинг одамимас бу одам.
Ёт ғояли бу шоирлар дарахтдай ғовлаб,
Кун бермайди сира биздай ёшларга.
Шунинг учун ёлғон гапга чин қўшиб,
Йўл бўшатай  ёруғ куним учун тез.
Бу йўлимда менга тиргак НКВД!

(Саҳнанинг тўртинчи бурчагига бориб кузата бошлайди. Чўлпон ҳануз Илҳом парисининг ўйинига маҳлиё. Улар тўртта томондан сиқиб кела бошлайдилар. Илҳом париси ва Чўлпон саҳна ўртасида уларга аланглаб туриб қоладилар. Улар тўрттови ваҳимали тарзда қўлларини юқорига чўзиб, Чўлпон ва Илҳом париси устида бирлаштирадилар. Даҳшатли мусиқа янграйди. Чироқ ўчади. Чироқ ёнганда саҳна ўртасида кишанланган Чўлпон ҳолсиз ётгани ҳолда намоён бўлади.)

Иккинчи кўриниш

(Чўлпон аста бошини кўтаради. Атрофга мажнуннамо боқади. Илҳом парисини излайди. Тополмайди. Қўлларига қарайди. Кишанларга боқади. Кўзларига ишонмайди.)

Ч ў л п о н
Зулмат қаъридаги зах босган кулба…
Не-не тутқунларнинг сўнгги макони…
Мен – Чўлпон, эл суйган, кўкка кўтарган…
Наср ва назмнинг содиқ куйчиси…
Бугун ўлимтикнинг ҳиди анқиган…
Энг ваҳший  қотилга ярашиқ бўлган,
Шу бадбўй кулбада тутқунман  наҳот?!…
Шунга лойиқмиди қилган ишларим?!
Наҳотки кимгадир керак шу қадар,
Менинг тирик жисмим маҳву сароби…
Йўқ… Бу бир янглишиш… Машъум бир хато.
Шўрлик пешонамга битилган тақдир!
Г а м л е т
(аста кириб)
Ҳа, бу чиндан ҳам маъшум мусибат.
Барча оқилларнинг бошига тушган,
Олдиндан ўйланган даҳшатли режа…
Ч ў л п о н
(гарансиб)
Айт, кимсан сен?!…
Арвоҳимсан ёҳуд шайтонмисан, айт?!…
Агар Шайтон бўлсанг, Худо ҳаққи, қайт!
Танлаган йўлингдан қолмагин сира!
Магар одам бўлсанг ёруғ дунёдан,
Забардаст қуролли соқчилар билан,
Ўралган зоғ кирмас ушбу метиндек
Мустаҳкам деворлар ичра қай кучла,
Қайси йўсин билан кира олдинг сен?!
Г а м л е т
Мен Гамлет! Дания қиролин ўғли!
Ч ў л п о н
Ё, Раббий! Ақлимни омон сақлагин,
Тирикманми ўзи ёхуд ўликман?!!
Тирик бўлсам, нечун менинг теграмда,
Тирикдай юрибди безовта Руҳлар?!!…
Г а м л е т
Ақлим танибманки, қувғиндир Руҳим,
Теграмда қабоҳат ғужғон ўйнайди.
Юзимга кулишиб боқарлар, аммо
Ортимдан иғво-ю фитналар ясаб,
Мен зиндон деб атаган юртим Даниядан
Амаким қувғинга олганди бир вақт.
Бугун эса ушбу лахатдай бадбўй,
Зим-зиё зиндондан, эй Тангрим, мени,
Қувмоқ истайдилар безовта Руҳим…
Майли, кетсам кетай бундан нарига!…
Ч ў л п о н
Йўқ, Тангрим!!! Кетмасин! Майли, у қолсин!!!
Фақат у сўзласин яхши кечмишдан.
Г а м л е т
Кечмишим ҳаммаси алам, изтироб!
Руҳимга омухта хиёнат заҳри.
Қалбимнинг ардоғи Офелия ҳам,
Мени тушунмаган! Ожизлик қилган!
Бас! Шундай аҳволда безовта Руҳим.
Қайси яхши ҳолдан сўзлар бу фурсат?!…
Ч ў л п о н
Муҳаббат… Муҳаббат бор-ку, оламда,
Унинг такрорланмас илк латофати,
Ҳамон жилваланар кўзим ўнгида!…
(Чироқ ўчади. Мусиқа.)

Учинчи кўриниш
Чироқ ёнади. Саҳнанинг иккинчи бир бурчаги ёритилади.   Чўлпон олис сафардан қайтиб, қўлида жомадон билан келади.
Ч ў л п о н
(қаттиқ овоз билан)
Ассалому алайкум, бону, бормисиз?!!…
(Солиҳа ичкаридан чиқади)
С о л и ҳ а
Келдингизми?!… Хуш келибсиз, шоирим!…
(Бахтиёр ёшлар бир икки қадам босиб бориб, яқин боргач, тўхтаб, аста қўлини узатадилар. Чўлпон Солиҳанинг қўлидан ушлаб бағрига тортмоқчи бўлади.)
Вой, вой, уят, куппа-кундуз куни-я?!…
Ч ў л п о н
Соғинган қалб учун вақтнинг фарқи йўқ,
Ахир тугаб борган сабру қарорим…
(яна бағрига тортмоқчи бўлади).
С о л и ҳ а
(Ўзини Чўлпоннинг оғушидан қутқариб)
Вой, қўйсангиз-чи, бесабр шоир,
Шунча кунга етган сабру тоқатни,
Бир неча соатга етказинг яна…
Ундан кўра айтинг, фақирангизга –
Нелар келтирдингиз олис ўлкадан?!…
Ч ў л п о н
Совға сўраб чалғитмоқчи бўласиз.
Майли, совғам аввал ўзим, сўнгра қалбим!…
Сизга бўлган муҳаббатим тотли ҳидини,
Доим аён айлаб турсин, дея у ёқдан,
Фарангистон боғларининг хушбўй гулларин
Ҳиди анқиб турган атрин келтирдим сизга!
(Солиҳага атирни узатади. У атирни олади.)
С о л и ҳ а
(ҳидлаб кўради).
Бунча ширин, бунча ёқимли.
Ч ў л п о н
Ушбу рўмол жамолингиз номаҳрамлардан
Мен йўқ чоғим паноҳ қилиб турсин ҳамиша…
С о л и ҳ а
Шу холосми?!… Бу совғалар камлик қилар.
Ч ў л п о н
(Шаддодлик билан)
Ҳа, камига мана ўзим садоғаман,
Ширин жоним қурбон бўлсин ўзингизга,
Порлаб турган чарос каби кўзингизга.
С о л и ҳ а
(яна баттарроқ эркаланиб)
Молингизу жонингизни қабул қилдим,
Хўш, камига яна нима келтирдингиз?
Ч ў л п о н
Раҳм қилинг бу камтарин қулингизга,
Борин фидо қилди, ахир, шу дам сизга!
С о л и ҳ а
Йўқ! Борингиз ҳали менга бермадингиз!
Руҳингиз-чи?!! Уни ҳадя қилмадингиз?!!…
Ч ў л п о н
Оооо… Руҳимнинг фидолигин айтай, десам!
Эҳтиросу завқу шавқдан олдингизда,
Ожиз тилим боғланади, айтолмайман!
Руҳим ҳолин қалам битган оқ қоғозга!!!
(Бир варақ қоғозни олиб узатади. Солиҳа олиб ўқий бошлайди. Чўлпон овози, фонда шеър ўқийди.)
Гўзалларнинг маликаси экансан,
Буни сенинг кўзларингда ўқидим.
Ўқидим-да, истиқболим қушига,
Хаёлимдан олтин қафас тўқидим.
Бинафшалар қулоғимга мадҳингни,
Сўзлаб, сўзлаб чарчадилар, битмади!
Аламзада булбул йиғлаб кечалар,
Аламингнинг сўнгин тамом этмади.
Йўлларингда шитир этса тушган барг,
Қулоғимга мусиқалар келтирур,
Қачон сенинг мусиқали овозинг,
Сенинг мени суйганингни билдирур…
С о л и ҳ а
(Яна эркаланади)
Яхши-яхши, лекин бу ҳам кам эрур.
Ч ў л п о н
Шафқат қилинг, кўп қийнаманг қулингиз!…
С о л и ҳ а
Нечун қийнай?!!! Руҳингиз банд этолмай,
Минг азобда қийналяпман ўзим ҳам!!!…
Ч ў л п о н
Унда тингланг буни! Балки бу шеърим,
Қафасдаги қушдай бандингиз бўлган-
Юрагимни очиқ равшан кўрсатар…
(Солиҳага иккинчи варақни узатади. У олиб ўқий бошлайди. Фонда Чўлпон ва Солиҳа навбат билан шеър ўқийдилар.)
Ч ў л п о н
Қоронғу кечада кўкка кўз  тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан сени сўрайман..
Ул юлдуз уялиб, бошини букиб,
Айтадир, мен уни тушда кўраман.
Тушимда кўраман шунчалар гўзал,
Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!!!
С о л и ҳ а
Кўзимни оламан ой чиққан ёққа,
Бошлай мен ойданда сени сўрмоққа,
Ул-да айтадирки: қизил яноққа,
Учрадим тушимда, кўмилган оққа.
Оққа кўмилганда шунчалар гўзал,
Мендан-да гўзалдир, кундан-да гўзал.
Ч ў л п о н
Эрта тонг шамоли сочларин ёзиб,
Ёнимдан ўтганда сўраб кўраман.
Айтади: бир кўриб, йўлимдан озиб,
Тоғу тошлар ичра истаб юраман!
Бир кўрдим мен уни  шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!!!
С о л и ҳ а
Ул кетгач, кун чиқар ёруғлик сочиб,
Ундан-да сўрайман сенинг тўғрингда.
Ул-да уятидан беркиниб, қочиб,
Айтадир: бир кўрдим тушдамас, ўнгда,
Мен ўнгда кўрганда шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!!!
И к к о в и
Мен йўқсил на бўлиб уни суюбман,
Унинг — чун ёнаман, ёниб куйибман,
Бошимни зўр ишққа бериб қўйибман,
Мен суюб…  мен суюб… кимни суюбман?!!!
Мен суйган суюкли шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!!!
(Солиҳа жим туриб қолади)
Ч ў л п о н
(Афсусланиб)
Шеърларим ожиздир, англатмас қалбим…
С о л и ҳ а
Англатар, англадим ошиқ қалбингиз.
Ч ў л п о н
Кўзларим кўрмайдур англаганингиз.
(Солиҳа секин келиб Чўлпоннинг елкасига бошини қўяди.)
Ч ў л п о н
Чин бирлик шу… ҳақиқий бирлик!…
И к к о в и

Илоҳим бизларни ҳеч айирмасин!!!…

Тўртинчи кўриниш

(Чироқ ёнади. Яна турма намоён бўлади)
Г а м л е т
Ё Раббий!!! Ё Раббий!!! Бу қабиҳ дунё,
Роҳатлари нақадар тубан ва олчоқ,
Бўлиб кўринади менинг кўзимга…
Бу каби лаззатли онлар ташрифи,
Эсимга солади жирканч кунларни!
Йўқ… бас энди бу тўғрида ўйлаш!!!…
Шўрлик отам тобутини кузатиб,
Необея каби кўзин ёшига,
Ғарқ бўлибон қабристонга борганда
Кийган ковуши ҳали эскирмай туриб,
Онам наҳот шундай хотин… Ё, Раббий!!!
Амакимга рози бўлди тегишга.
Ч ў л п о н
Аёлларни хиёнат кўчасига,
Алдаб, авраб олиб кирган ким асли?!
Ер юзида шундай эркаклар борки,
Улар учун ҳис-туйғунинг ўзи йўқ.
Буқанамо бир пода сигир ичра,
Юрса ҳамки нариги яйлов аро,
Юрган бошқа бир сигирни кўрган чоғ,
Забт этмоқни истайдилар уни ҳам.
Новвой қизим, дил ардоғим ўшандай,
Бойваччанинг ҳайвоний ҳирсларига,
Қурбон бўлган эди ўша машъум кун.

(Бошида сават кўтарган Новвой қиз саҳнанинг бир четида пайдо бўлиб ўта бошлайди. Чўлпон ва Гамлет қоронғуликда уни кузатиб турадилар).
Н о в в о й  қ и з
Иссиқ нон, кеп қолинг, оп қолинг!!
Б о й в а ч ч а
(Остонадан уни чақиради).
Ҳой, қизча, кел, қани, нонингни кўрай,
Иссиқми ишқилиб, ҳа яхши, яхши…
Чошгоҳда зиёфат уюштирамиз.
Шу сабаб нонингнинг барин олурман.
Қани, кир, киравер, аянглар олур…
(Новвой қиз ичкарига киради. Бойвачча эшикни ёпиб киради Чўлпон билан Гамлет қоронғу бурчакдан уларни кузатиб туради).
Н о в в о й  қ и з
(ичкаридан)
Вой, тегманг! Тегмангиз!… Нима қиляпсиз?!!…
Ч ў л п о н
(Турган жойида изтироб билан).
Ана, у ит итлигин бошлади, Ё, Раб!
Б о й в а ч ч а
(Ичкаридан)
Кел, энди, ноз қилма, жоним, бу қадар!
Мен йиллаб кутганман ахир бу кунни!!!…
Н о в в о й  қ и з
Қўйворинг, додлайман, қўйворинг дедим!!!
Б о й в а ч ч а
Додлайвер, барибир ҳеч ким эшитмас.
Н о в в о й  қ и з
(ичкаридан додлаб бақиради).
Қўйворинг, одамлар, ёрдам беринглар,
Инсофсиз! Диёнат борми сизда ҳеч!
Ч ў л п о н
(Ташқарида изтироб билан)
Шер чангали остида ётган оҳуга,
Ким ҳам ёрдам берар жонидан кечиб!
Қизга ёрдам бермоқ истаган кимса,
Бу иблис қўлида бўлган бойликнинг,
Бўғма илон каби бўғишларига,
Бардош бера олмай ўлиб кетади.
Н о в в о й  қ и з
(ичкаридан бақиради).
Ойи… Ойиииии…. Ойижоооон!!!….
(Гамлет тарашадай қотиб қолган. Чўлпон чуқур изтиробда.)
Ч ў л п о н
Новвой қиз!…. Новвой қиз!… Маъсума гўдак!!!
Сен латиф нафосат тимсоли эдинг,
Гул эдинг муаттар, алвон чеҳрали,
Қалбимнинг суюкли ардоғи эдинг….
(Ҳолсизланади. Ичкаридан бўшашган Новвой қиз чиқади. Унинг ортидан қўлида сават билан бойвачча чиқади.)

Б о й в а ч ч а
Вой-бу, бўлди энди… Шунга шунчами?
Бас қил! Ма! Ол! Нонингнинг пули!
Бари бир бир куни бошингда бор иш!
Хоҳласанг, бундан сўнг ёмон кўзлардан
Ўзим ҳимоямга оламан сени.
Сен бўлсанг келиб тур, хоҳлаган пайтинг!
(Новвой қиз силтаниб нари жилади)
Ҳа, намунча энди… Осмон узилдими?!…
Шунчаки бир мазза қилдик-да ахир!
Н о в в о й  қ и з
Мазза бўлмай ўлсин…
(Бойвачча кулиб кириб кетади).
Ё, Раббий! Гуноҳим нимайди менинг.
Сен менга бахш этган ҳусним айбимми?!…
Мен қандай қарайман энди ойнага?!…
Фахр этган чиройим узра чапланган,
Кўринмас балчиқдан ўзимни қандай,
Аввалги покиза, мусаффо ҳолга –
Келтира оламан энди, эй,  Раббим!…
Мени дунёдаги барча нарсадан,
Ортиқ кўриб юрган дилбар йигитниг,
Биллурдек мусаффо, пок севгисига,
Айт, қандай ўзимни лойиқ кўраман…
Ночор бандаларинг каби мен энди,
Сўнгги хулосамга бандиман, холос.
(Новвой қиз йиғлабюгуриб чиқиб кетади. Чўлпон унинг ортидан изтироб билан боқиб қолади).
Ч ў л п о н
Ана, ўша буқа!… Бундайлар доим,
Маъсума, иффатли қизни забт этиб,
Унинг қалби узра гуллай бошлаган,
Муҳаббатни хор қилмоқ – чун яшайди!
Ер юзида қанча-қанча илк севги,
Мана шундай эшаксимон жонзотнинг,
Туёқлари билан ерга топталди.
Очилмасдан хазон бўлган бу каби,
Илк севгилар сағанаси устига,
Инсоният тортган тупроқ жам бўлса,
Ажабмаски, кўк тоқига етгудай –
Буюк бир тоғ барпо бўлса ер узра!…
Г а м л е т
Хўп, у ҳолда менинг онам бегуноҳ,
Барчасига амаким айблими?!!…
Йўқ-йўқ! Асло! Айбдордир онам ҳам!!!…
Ўша ифлос амаким таклифини,
Рад этмасдан, ризо бўлган аёл у!
Бу тўғрида илоҳий рухсат билан,
Менга далил берган отамнинг Руҳи!
Ч ў л п о н
Разолатга далил керак бўлса гар,
(чўнтагиддан сурат олади)
Мана  менинг қўлимдаги ишончли,
Дўстлар берган суйган ёрим сурати.
Шу бўлмаса ишонмасдим мен асло,
Жондан севган аёлимнинг шаънига,
Душманларим битган минг-минг бўҳтонга!
Фаришта деб ўйлаганим шунчалар,
Тубанларнинг ичидаги энг тубан,
Ҳиссиётнинг қули эканлигини,
Менга кўрсатувчи очиқ далил бу!
(Чироқ ўчади.Саҳнада Солиҳани кузатаётган мусиқа муаллими ва Солиҳа пайдо бўлади.Уларни шоир беркиниб пойлайди. Солиҳанинг қўлида дутор бор.)                          М у а л л и м
(эҳтирос билан)
Мен жуда мамнунман бугунги дарсдан.
Яхши ўзлаштира олдингиз уни.
Фақат авж пардани уйда бир карра,
Қайта ишласангиз кифоя, холос.
С о л и ҳ а
(эҳтирос билан)
Раҳмат, устоз! Мен ҳам жуда мамнунман!
Хўп, яхши қолинг, майли, мен борай!
М у а л л и м
Шошманг, яна бир гап! Эртан кун бўйи,
Мен бўшман! Агарда вақтлироқ келиб,
Шу жойда соз чалиш машғулотингиз
Бажарсангиз рости устозингизни –
Беҳад мамнун қилган бўлар эдингиз!
С о л и ҳ а
(бир оз ўнғайсизланиб)
Агар сизга малол келмаса, унда,
Келарман вақтлироқ, чунки ўзим ҳам,
Шоирсиз ёлғизман! Улар сафарда!
М у а л л и м
Ҳа-а! У ҳолда, жуда соз!
Унда сизни қийнаб бунда чақирмай,
Уйингизга ўзим борсам бўлмасми?!…
С о л и ҳ а
Нима десамикин… Майлига, устоз!
Қай бири сизга маъқул бўлса,
Бу бизга маъқул…

М у а л л и м
Унда мен бораман эртароқ, хўпми?…
С о л и ҳ а
Майлингиз устоз. Хайр, яхши қолинг!…
М у а л л и м
Хайр, яхши боринг, суюкли шогирд…
(Солиҳа чиқиб кетади. Шоир келади.)
Ш о и р
Салом, салом дўстим! Ишлар зўр-ку-а!?…
Зўрсиз, аммо қойил, сизга! Тасанно!…
М у а л л и м
(ҳазилнамо)
Раҳмат, раҳмат, ёмон эмас авжимиз!
Ш о и р
Ҳа, Ҳа-а!… кимсан Чўлпоннинг хотинига,
Мусиқани ўргатувчи аллома,
Ёмон эмас авжим, деса, ё Худо!!!
Авжим баланд, десам, дунё тамом, денг?!!!
М у а л л и м
(яна ҳазилнамо)
Йўғей, шоир, бу нима деганингиз?
Мен шунчаки сал камтарлик қилдим-да!
Сиз айтгандай анча баланд авжимиз.
Аммо чатоқ, ростин айтсам, завжамиз.
Бўлар-бўлмас нарсаларга рашк қилиб,
Бир йил аввал ташлаб кетди ношукур!!!
Ш о и р
Тушунаман, сизга қийин, муғанний!!!…
Хотинингиз, рости, сизни билмади!…
Кўр бўлади ҳали, мана, кўрасиз!!!…

М у а л л и м
(жиддийроқ)
Ким билади, шоир, балким Худойим,
Асли мени шундай сўққабош қилиб,
Яратганми, дейман баъзан ўртаниб!?…

Ш о и р
Эр кишига хотин олиш шарт эмас!
Айниқса у мусиқадан дарс берса!
Ёнингизда беданадай диккилаб,
Булбул каби сайраб турса ёш жувон,
Сиз “бўйдоқман” деб юрсангиз, суф сизга!!!
Эркак зотга ҳеч ярашмас бу қилиқ.

М у а л л и м
Эй, қўйингей… ҳазилингиз бор бўлсин!…
Шоир, ахир, биласизку… бу аёл…
Кимсан шоир Чўлпоннинг тан маҳрами…
Ш о и р
Қизиқмисиз, ким бўлса ҳам хотин-да!…
Билшимча Чўлпон анчадан буён,
Бедаво бир дардга дучор, дейдилар…
Диабитми?.. Қанд касалми?.. Шунақа…
Сиз биласиз қанд касалли эрлардан,
Аёллари доим куйиб юради…
Яъни куйиб қўчқоридан, бечора,
Ичи ёниб, ташна юрар, илиқиб.
Подадаги ҳар қўчқорга кўз сузиб…

М у а л л и м
Шунақа денг, ўйловдим-а бунча ҳам,
Серҳаракат суркалмоқда менга, деб…
Ш о и р
Ҳе, ўйламай ҳар балолар бўлинг сиз.
Билмайсизми? Ўйчи ўйига етгунча,
Таваккалчи никоҳ тўйига етади.
Ўйланмасдан орқасидан боринг-да.
“Сегоҳ” чалиб, “Дугоҳ” айтиб ўйнатиб,
Қизиғида босиб қолинг темирни.
Чунки, ўзи фурсат пишган муғанний.
Чўлпон ҳозир уйда эмас, сафарда!
Боринг энди, қон босимингиз ошмасдан.

М у а л л и м
Шундаймикин…

Ш о и р
Ҳе, ўйланманг, бўлинг, боринг ортидан!
(Уни туртиб йўлга солиб юборади. Қўйнидан фотоаппаратни чиқариб ортидан кетади. Шу пайт саҳнада қўлида дутор билан Солиҳа пайдо бўлади. Чўлпон ундан юз ўгиради).
С о л и ҳ а
Нима бўлди, шоир, нега сиз мендан,
Юзингизни тескари ўгиряпсиз?…
Нима… мендан хафамисиз, шоирим?!…
Ч ў л п о н
Йўқ, йўқ, ўзим шундай, бир оз чарчадим.
С о л и ҳ а
Чарчадим, денг, унда шу фурсатдаёқ,
Барча юмушларни тўхтатамиз-да,
Шу чарчоқни ёзмоққа жазм этамиз!
Ч ў л п о н
Биз?!… Ким билан?!…
Яна ким бор сиз билан?!
С о л и ҳ а
Ким бўларди… қўлимдаги дутор-да!
Яхши ҳамки, мени шундай чолғуга,
Ошно қилиб қўйганингиз, бўлмасам
Сизнинг олис сафарингиз чоғида,
Ёлғизликдан ўлиб қолган бўлардим.
Ч ў л п о н
Шунақа денг?!…
Мен сафарда юрган чоғ…
Сизни овутдими шу дутор?… Наҳот?!…
Балким билиб-билмай Шайтон измида,
Бошқа бирон кимса овунчоқ бўлиб,
Менинг йўқлигимни билдирмагандир?…
С о л и ҳ а
Вой, бу нима деганингиз, шоирим?!…
Тавба денг-е, Худо ўзи асрасин!
Мен кўз очиб фақат сизни кўрганман.
Сизу чолғу юрагимнинг ҳамроҳи.
Мана, тингланг, шу кунларда устозим,
“Галдир” куйин чалмоқликни ўргатди.
Қўшиқ матни ўша сизнинг шеърингиз.
(Бир жойга ўтириб, “Галдир” куйини чалиб, қўшиқ айта бошлайди.)
Мен дутор билан туғишган кўҳна бир девонаман,
Ул туғишгоним билан бир ўтда доим ёнаман.
Дилларида ғам тўла бечораларга ёрман,
Вақти хуш, ғам кўрмаганлардан тамом безорман.
Мен дуторнинг торларига беркиниб олсам агар,
Пардаларнинг ҳар бири бергай бўлак ғамдан хабар.
Пардалар узра юриб турган одам бармоқлари,
Кўкрагимдан кўп босар шундан бўлар толмоқлари.
Икки торим қақшатиб бармоқлар ўтса тўхталиб,
Ғамли ун чиқмас ўшал торларда “Галдир” йиғламай,
Йўқ ишим ҳоким, амалдор, шоҳу ҳоқонлар билан,
Биргадурман доимо ҳамдард бўлганлар билан.
Аҳли ғамлар мен каби мажнунсифат, галдир бўлар!
Шул сабабдан банданинг номини “Галдир” қўйдилар.

Ё ш   Ч ў л п о н
Бас!! Бас қилинг…
(чиқиб кетади)
К а т т а  Ч ў л п о н
Бас! Бас қилинг…
Бармоғингиз чертмоғидан таралган,
Ҳар бир оҳанг юрагимга бир оғу,
Қани айтинг, сизнинг устозингиз ким?!
С о л и ҳ а
(Ажабланиб)
Устозим… Сиз! Яна ўзингиз мени,
Олиб бориб таништирган созанда.
Чолғу сирин ўргатувчи муаллим.
Ул зотдан ҳам жуда-жуда мамнунман.
Ч ў л п о н
Ҳа-а-а… Мамнунсиз… Жуда-жуда мамнунсиз…
Чунки сизнинг кўнглингизнинг торларин,
Худди ушбу дуторнинг торларидай,
Чертган бўлса кўнглингизга хуш ёқиб,
Унинг ифлос иссиқ бағри ичра сиз,
Қўй ёғидай эриб кетганингизни,
Сезиб-сезмай қолгандирсиз, малагим?!
С о л и ҳ а
Бу не деганингиз, уят эмасми?!…
У шунчаки устоз менга шоирим…
Зиғирча ҳам бошқа туйғу ё истак,
Йўқдир менинг юрагимда унинг – чун!
Ч ў л п о н
Ҳа… Сизда йўқ!… Аммо унинг мўридай,
Қора кўнглин энг чуқур жойларида.
Дунёдаги энг заҳарли илондан,
Заҳарлироқ бўлган ана шундай ўй,
Борлигини билиб қолдим, афсус, кеч!
С о л и ҳ а
Билиб қолдим?!… Ё, тавба-ей, кулгули…
Бўлса бўлар, аммо мен ўз қалбимга,
Ўз севгимга туширмайман зарра доғ!
Бу ёғини гар билмоқчи бўлсангиз,
Сиздан кейин қолсам агар, мабодо,
Тўнингизни тўғри илиб, ҳаммага
Ўша менинг эрим, дея айтаман, ё
Турмуш қурмай ўтажакман бир умр!
Ч ў л п о н
(Солиҳага қараб изтироб билан)
Бир илтимос, фақат, мени алдаманг!…
Сўзланг энди менга фақат ростини.
Устозингиз сизга ғараз ниятда,
Бирон бир иш қилганмиди илгари?!…
С о л и ҳ а
Шоир, наҳот мени шундай енгилтак,
Хиёнаткор аёл деб ўйлагайсиз?!…
Билинг, сизга хиёнат қилмоқликдан,
Ўлим афзал эрур менга шоирим!…
Ишқимиз ҳурмати қасам ичаман!!!…
Ч ў л п о н
Қасам ичманг! Акс ҳолда, қасамхўр,
Деган номни олмаслик – чун ўзингиз,
Ўлдирмоқдан ўзга чора қолмағай!…
С о л и ҳ а
Ўз оғзига кучи етмас одамлар,
Айтган сўзга наҳотки ишонсангиз!!!….
Нима бўлди сизга, ахир, шоирим?!….
Ишонмангиз!… Ишонмангиз, уларга!…
Ч ў л п о н
Ишонмайми?!… Хўш… Нимага ишонай?!…
Сизнинг ёлғон, риёларга ўралган,
Гапингизга ишонайму, бўлмаса?!…
С о л и ҳ а
Ахир, софман, покизаман, ишонинг!…
Олдингизда ҳеч гуноҳим йўқ менинг!
Ч ў л п о н
Шунақа денг?!… Сиз софмисиз?!…
Тозамисиз бутунлай,
Вужудингиз биллур каби оппоқми?!…
Муғаннийнинг ғараз ниятли, ифлос
Кир қўллари сизнинг нозик белингиз,
Қайириб тортмаганми, сира, ўзига?!…
С о л и ҳ а
Шоир… Уят!… Уят!… Уялинг ахир!…
Ч ў л п о н
Уят, иффат тўғрисида, илтимос,
Фақат сиз сўзламанг!!! Сўзламанг, зинҳор!…
Фақат меники деб ўйлаганларим,
Бу мушкин сасларнинг ҳидини унинг,
Ифлос димоқлари сезмаганми ҳеч?!…
Шу ол дудоқлардан унинг лаблари,
Эркалаб бўсалар олмаганми, ҳеч?!…
Ё, Раббий!!!… Бугун шу ёлғон гапларга,
Елкамда бошиму, елкамда қалбим.
Бўла туриб қандоқ ишона олай!…
С о л и ҳ а
Ёлғон, бу! Бу туҳмат! Далилсиз бўҳтон!
Ч ў л п о н
Ҳ-а-а-а-а-а-а-а!!!… Далил керакми, сизга!,,,
Унда, мана далил, кўриб завқланинг!…
(Чўнтагидан бир сурат олиб Солиҳага узатади. Солиҳа суратни кўриб, гарнгсиб қолади. Олмоқчи бўлади. Чўлпон бермайди.)
С о л и ҳ а
Сурат?!… Йўқ… йўқ… Қандайин сурат?!…
Вой ўлмасам?!… Йўқ… Йўқ…
(Ортига тисланади)
Ч ў л п о н
Рангингиз ўчмасин!… Титраманг!!!… Жоним!!!…
Ҳ-а -а -а, бу сурат! У сизнинг қирқта туяга,
Юк бўлар макрингиз барин мажақлаб,
Ҳақиқат ўтида ёқиб ташлайди.
Менга ҳам бир умр ёруғ дунёда,
Хиёнат борлигин эслатиб турар!
С о л и ҳ а
Ёлғон! Бу сурат ҳам сохта бутунлай!
Ё, Раб! Нима қилай?!… Қайси гуноҳим,
Эвазига менинг ёлғиз бошимга,
Бунчалик туҳматлар тошин беаёв-
Ёғдириб ташладинг?!… Гуноҳим нима?!…
(Дод, деб йиғлаб чиқиб кетади. Оғир мусиқа чалинади. Илҳом париси кириб келади. Унинг қанотлари сингган. Нозик қўлларида Чўлпонникидагидай кишанлар. Қадамлари оғир – вазмин. Чўлпон изтироб билан унга боқади.)
Ч ў л п о н
(ички монолог билан)
А-й-й-й! Фариштам!… Нима бўлди сўйлагин ?!…
Қани сенинг енгил-енгил учишинг?!
Хаёлимни бир лаҳзада фалакка,
Етказгувчи яшин каби кўчишинг?!…
Ким кишанлар солди нозик қўлингга?…
Латиф, майин қанотинг ким қайирди?!.
Мени мафтун қилган ойдай ҳуснингдан,
Қай шафқатсиз бир лаҳзада айирди?…
И л ҳ о м   п а р и с и
(Солиҳа овозида ички монолог билан жавоб беради. Рақсга тушади.)
Бир маккорнинг қилган минг найранги,
Ўткир тиғдай кесди латиф қанотим.
Севгингизга унинг урган зарблари,
Кишан бўлди менинг нозик қўлимга!
Унинг отган бўҳтонлари ҳуснимни,
Хира қилди! Чиройимдан айирди….
Узр, шоир, энди сизни севгининг
Боғларига бошламоққа ожизман.
(Оғир юриб чиқиб кетади).
Ч ў л п о н
(Изтироб билан Гамлетга қараб)
Қай гуноҳим, қайси айбим-чун менинг,
Юрагимга бу қадар зарб бердилар?!
Нима билан энди ўзим овутай?!
МажРуҳ дилда ул покиза муҳаббат,
Мадҳиясин қандай куйлайман, дея,
Москов томон жўнаб кетдим ўша пайт.
Дардманд бўлиб юрсам ҳамки тинмайин,
Кўп асарни ўз тилимга ўгирдим!
Душманларим иғволардан тўхтамай,
Тинмай фитна ясадилар теграмда!
Юрагимга зарб устига зарб уриб,
Забун қилиб ташладилар Руҳимни!
Ўша чоғлар мен Гамлетга айландим…
(Гамлет саҳна олдидан юриб ўтиб боради.Чўлпон биргаликда ўқийди. )
Ё ўлиш, ё қолиш, шудир масала!
Қайси бири булардан бизга муносиб?
Шу дилозор фалакнинг таҳқирларига,
Шикоятсиз, шивасиз чидаб турмоқми?!
Йўқса, унга рад-бадал бериб қўзғалмоқ,
Қурол олиб, Ё енгмоқ, ё, маҳв бўлмоқми?!
Ўлиш… Унутилиш, масала тамом.
Танамизга ўралган минг-минг ташвишнинг,
Занжирин илол абад узди ўлим!
Зотан дилнинг азамат армони шу-ку!
Ўлмоқ – ғафлат тушида ухламоқ демак!
Тушлар?!… Қандай тушлар у?!… Тушлар эмиш-а?!…
Дунё туйғуларидан тўкилган либос,
Гўрда ечиб олинган бўлса, у ҳолда,
Ўликлар уйқусига кирарми, тушлар?!…
Мана!… Ҳамма сирларнинг ҳикмати шунда!….
Мана, бизнинг ҳаётда ғамларимизнинг
Муҳлатин йилдан-йилга чўзаётган сир!
Йўқса, шу киборларниннг жаҳолатига,
Ҳокимларнинг жабрига, сохта кибрига,
Шу мунофиқ муҳитнинг айёрлигига,
Бировига ҳасрат ҳам қилолмасликка,
Муҳаббатнинг хору зор эзилишига,
Мардакларнинг кўзларида ҳар қандай ҳиммат,
Анойилик саналиб топталишига,
Бутун бу разолатга ким чидарди, ким?!!!…
Ваҳоланки, ханжарнинг битта зарбаси,
Бу мужмал тугунларни ечар кўп осон.
Ўлимдан сўнг у ёқда нелар бўлғуси?
У қандай диёрдирки, унга борган кўп,
Аммо ҳануз қайтолган бирор йўлчи йўқ!
Бу ваҳима ром этар иродамизни,
Номаълум бир диёрга қочишдан кўра,
Бизга таниш балога бўламиз рози!…
Ч ў л п о н
Бўламиз рози? Ҳа! Бўламиз рози…
Йўқ, мен эмас, улар рози бўлдилар!
Ҳатто, хиёнатга қўл урдилар жим.
Бири ўз устозин, бири ўз дўстин,
“Замона зайли”, деб сотиб юборди.
Мен ҳам шу риёкор зотларга ўхшаб,
Оқни қора десам кўзим чирт юмиб,
Айшу фароғатда ўтарди куним…
Аммо қиёматда Тангрим қошида,
Бебурд бўлиб сарсон, аросат йўлда,
Қолиб кетар эди шарманда Руҳим!…
Мени-ку, энди, майли бўлганим бўлди…
Лек, энди ёзувлар менинг касримга,
Қариндошларимни тинч қўймас, асло.
Шўрлик пешонамга манфурлар босган,
Ҳақорат муҳридан қариндошларим,
Эркин бош кўтариб юрмоғи қийин…
(Фойиқа пайдо бўлади).
Ф о й и қ а
Йўқ, йўқ, ака! Сира сиз ташвиш тортманг,
Қазо-ю қадарга биз ҳам розимиз!
Сиздек бир шоирни қадрига етмай,
Турмага ташлаган бебурд кимсалар,
Бизга зулм қилмас, деб, хом хаёл ила,
Улардан мурувват, шафқат кутмоқлик,
Чаёндан асални умид қилмоғу,
Илондан қаймоқни тилашга тенгдир!
Биз бунга тайёрмиз, ака, ишонинг!
Ч ў л п о н
Жон синглим, Фойиқам, Фойиқабонум,
Ҳеч фойдам тегмади акангиз бўлиб,
Ёрдам қилолмадим сизга оғадай!
Энди бундан буён ёзган шеърларим,
Уйимиздан чиқиб қолса тинтувда агар,
Сизнинг бошингизга кўп ташвиш ортар.
Шуунинг-чун уларни ёқиб ташлангиз.

Ф о й и қ а
Ёқиб ташлаш!… Нима деяпсиз ўзи?!
Не-не мухлисларнинг қалбида қолган,
Сирли мисраларни, наҳотки, йиғиб,
Ёқиб юбормоқнинг имкони бўлса?!…
Қалбимиз қаътидан жой олган абад!
Токи биз тирикмиз, асарларингиз,
Биз билан яшайди, ҳамиша ҳар вақт!
Ўзингиз биласиз, қанча шеърингиз ,
Менинг вужудимга айланиб кетиб,
Умрбод ёд бўлиб кетган-ку, ахир!
Ч ў л п о н
Оҳ, синглим, шеърларим сен ҳам унутгин!
Ҳеч жойда ўқима уларни ошкор!
Чунки, ушбу итдай исковуч зотлар,
Агар билиб қолса менинг ашъорим –
Бирор жойда ёддан ўқиганингни,
У ҳолда сенга кўп ёмон бўлади!
Ф о й и қ а
Майли, ёмон бўлсин, майли, майлига!
Бизни ҳам турмага солишсин майли!
Уларнинг қалбига шу таскин берса,
Бизни ҳам сиз билан бирга қийнашсин!
Ч ў л п о н
Йўқ, синглим, бу сўзни зинҳор ва зинҳор,
Оғзингга олмагин бундан кейин ҳеч!
Бу юртда Чўлпонга қариндош бўлган,
Кимсага кун бермас ёвузлар энди,
Шунинг-чун сир сақла менга туғишган,
Сингил эканлигинг бундан сўнг синглим.
Ф о й и қ а
Ака! Бас! Сўзламанг бағримни тилиб,
Наҳотки ўзимнинг жонимни ўйлаб,
Жисмимдаги жондан, тандаги қондан,
Мен қандай тонаман, акажон, айтинг!
Ундан кўра мен ҳам шулар қўлида,
Жон таслим қилганим минг марта афзал!
Ч ў л п о н
Йўқ, синглим, ундай дема, пайтлар келар-ки,
Мени оқлайдилар! Улуғлайдилар!
Ўша яхши кунлар келган дамларни,
Кўрмоқ-чун сен албат, яшашинг керак!
Ф о й и қ а
Ахир, Сизсиз бизга ўша фахрнинг
Ўша ифтихорнинг не кераги бор.?!!!…
Ч ў л п о н
Жуда кераги бор! Менинг-чун керак!
Ижодимнинг қадр топган кунларин,
Авлодимдан биров кўрганин билсам,
Ўлган бўлсам шу кун қабрим ичида,
Шодлик ва қувончга тўлиб, хотиржам,
Қиёматга қадар шодон ётарман!…
Агар, бирортангиз ўша кунларни ,
Кўрмасангиз, у чоғ изтироб билан,
Очиқ  қолар рўзи қиёматгача,
Дунёга тўймаган иккала кўзим!!!
Ф о й и қ а
Демак, улар ҳукми қатъийми, ака?!…
Ч ў л п о н
Ҳукм қатъий синглим, шикоят сиғмас!
Кел, энди сен, билан видолашайлик.
Ф о й и қ а
Йўқ ака, сира ҳам ишонгим келмас!
Ахир, нима учун?… Нега, акажон?!…
Миллатим демаклик айбингизмиди?!…
Элни суйганингиз гуноҳингизми?!…
Юртни куйламоқлик хатойингизми?!…
Нега шундай ёрқин юлдузни улар,
Сўндирмоқ истарлар?!… Эй, Тангрим, нега?!…
Нега бу ватанннинг зукко зотлари,
Доимо ёвларнинг қўлида бандидир?!…
Нечун бу ўлкада яшаётганлар,
Ҳимоя қиломас ўз ўғлонини?!….
Ишонмайман сизнинг ўлишингизга ҳеч,
Ёлғон, денг, жон ака, ёлғон денг, ёлғон!!!…
(Икки назоратчи Фойиқани судраб олиб чиқиб кетади).
Ч ў л п о н
(ортига қараб)
Ўлим ҳақ, жон синглим, на илож, энди?!…
Тақдирга шундай кун битилган бўлса?!…
(Саҳна ортидан қора кучлар Чўлпоннинг қўл ёзмаларини ёқадилар. Чўлпон ёнаётган қўлёзмаларга қарайди. Ўртанади.)
Алвидо жигарим қонидан пайдо –
Бўлган мисраларим, алвидо энди!
Сиз асли одамлар кўнглига яқин,
Бўлганингиз учун юртфуруш, олчоқ,
Манқуртларга сира ёқмагайсизлар!
Ким сизни сақласа, ёхуд ўқиса,
Ёвузлар қаҳрига учраб бир зумда,
Отилиб кетиши ҳаммага аён.
Шунинг-чун розиман, ёнинг, майлига!…
(Саҳна ортида аланга пайдо бўлади. Гамлет ёнаётган қоғозлардан бирини олади)
Г а м л е т
(шеърни ўқийди)
Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку!
Асрлик тош янглиғ бу хатарли йўлда қотдим-ку!
Карашма денгизин кўрдим, на нозли тўлқини бордир,
Ҳалокат бўлғусин билмай, қулочни катта отдим-ку!
Ажаб дунё экан бу ишқ  дунёси, аё, дўстлар!
Бу дунё деб, у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку!
Унинг гулзорида булбул ўқиб қон айлади бағрим,
Кўзимда ёшни жў айлаб, аламлар ичра ботдим-ку?!!
Қаландардек юриб дунёни кездим топмайин ёрим,
Яна кулбамга қайғулар, аламлар бирла қайтдим-ку!
Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар,
Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай ерга ботдим-ку!                        Ч ў л п о н
Ерга ботдим-ку…, ерга ботдим…, йўқ, йўқ!
Мен ботмоқни истамас эдим,
Ижод осмонига неча асрлар,
Порлаш ниятида кўтарилгандим!
Бироқ сотқинликнинг оташ ўтидан,
Пайдо бўлган қуёш кутилмаганда,
Мавҳумлик уфқининг зулмат қаърига,
Мени ботмоқликка мажбур айлади…
Эй, пирлар! Устозлар! Айтинглар менга,
Макр ва ҳийладан бинога келган,
Бу қуёш ўзининг уфқига қачон,
Бош қўйиб даф бўлар юртнинг бошидан!

(Мавҳум хорижий мусиқа бағрини ёриб узоқ-узоқлардан сатода “Сегоҳ” ноласи янграй бошлайди. Қоронғулик бағридаги ҳазрати Ҳизрсифат оқ салла, оқ чопон, яшил чакмон кийиб, қўлида ҳасса тутган Мир Алишер Навоий пайдо бўладилар.)
Н а в о и й
Даҳр ишидан бунча ўртаб, куйма тез,
Чун азал олим хору, жоҳил азиз!
Гар жаҳон ёқлар экан зулмни абад!
Мева ерда хору зор, шохча баланд!
Ч ў л п о н
Ҳазрати Навоий?!… Устози аввал?!…
Н а в о и й
Жаҳон ўзига зулмни касб айласа,
Итнинг боши чиққуси мис тобоққа1
Разолат ривожда, илм аҳли ранжда!
Тош тоғнинг устида, зар ер остида!
Ёмонлар кўкда-ю, яхшилар пастда.
Бу ҳол бугун эмас, шу чарх кажрафтор,
Яралган кундан-да такрор ва такрор,
Сайхун суви каби оқиб келади…
Шундан бу фалакнинг ғамхонасини,
Ҳасратда мен тубсиз зиндон атадим.
Унга дил берганни нодан атадим.
Бу чархнинг зиндодин занжири олтин,
Кўзни қамаштриб, ақлинг олади!
Билиб-билмай, ўзинг ихтиёринг-ла,
Ўзни бу занжирга банд этма асло!
Бари бир кун бу кўҳна олам,
Айланма занжири ҳар бир кимсани,
Ер ости қаърига банди этгуси.
Демак, ўлим асли ҳақ бўлгач, унда,
Ўлмасдан ўзингни ўлдирмоқ нега?!…
Ч ў л п о н
Ўлмасдан ўзингни ўлдирмоқ нега?!…
Ҳа,ҳа! Англадим! “Ҳайрат-ул аброр”!!!
Яхшилар ҳайрати! Мен суйган “Ҳамса”!
Афсус ўқий билмас, авлодлар уни!!!…
Эсимда муборак сатрлар бари…
Бошингга ғам тушса жонинг койитма!…
Н а в о и й
Бошингга ғам тушса жонинг койитма!
Бир ғамни ўзинг-чун икки ғам этма!
Ўртаниб, жисмингни қийнама ортиқ,
Бу билан яхшилик этмаслар тортиқ!
Дунёнинг ўткинчи ишларин дебон,
Ранж чекиб рангингни қилмагин сомон!…
Ч ў л п о н
Чунки жаҳон боғин вафоси йўқдур,
Ҳам умр гулининг бақоси йўқдир!!!…
Н а в о и й
Вале Тангрим неъматин унутган,
Шукри йўқ банда ул-жинга ҳамтабақ!
Неъматким, ул нафас ҳар дам тортурсен,
Олганинг озуқа, чиқмоғи қувват.
Демак ҳали ҳамон нафас олурсен,
Унинг шукронасин қачон қилурсен?!…
Ч ў л п о н
А-й-й-й…! Мен ўқиб уқолмаган ношуд бир шогирд!
А-й-й…! Қадрсиз замонадан қадр истаган,
Ожиз, нурсиз кўзларимда зиё қидириб,
Бу оломон кўзларига нур бўлай, дебон!
Ўзин ўтдан чўққа урган қадрсиз кимса…
Миллионларнинг орасида ёлғиз парвона…
Оқибатда камситилган одам! Мана, мен кимман!!!…
Энди нима қилай, куйсам бефойда,
Дардлашишга деворлар бермаслар изн.
А-й-й, пирим, ҳазратим, устозим, қуллуқ!…
Туҳмату хиёнат заҳридан гангиб,
Нуқул суҳбатлашиб ўз-ўзим билан,
Яратганим кўрсатган йўлни кўрмабман!
Н а в о и й
Эмишким, бечора, бир оқил кимса,
Маҳрига кўп ранжу ситам тушубдир.
Бу бедод фалакнинг зулмин қаранг-ким,
Бу ҳам етмагандек шўрлик бошига,
Туҳмат тоши тегиб, жазоси, дебон,
Бир қўлин кесмакка амр этмишлар!
Кундаги қўймишлар, қўлин кесмишлар,
Зулм жон-жонидан ўтибди, лекин,
Ул зот миқ этмабди. Оҳиста бориб,
Кесилган билагин бағрига босиб,
Боши оққан томон йўл олмиш шўрлик!
У ҳолни кузатиб турган бир оқил,
Кўнгли пок бир одам, унинг ортидан,
Билдирмай йўл олмиш, аста кузатиб!
Ул туҳмат қурбони девонасифат,
Паришон одимлаб чиқмиш шаҳардан!…
Олисда кўринган вайронасифат,
Бир кулба томонга йўл олмиш аста!
Харобат ичида худди унингдек,
Туҳматнинг касрига қўли қирқилган,
Кўплаб аламзада зотлар бор экан!
Шунгача миқ этмай келагн ул кимса,
Худди юрагига тиғ санчилгандек,
Кесилган билагин отиб юбориб,
Шеърнинг наърасидек фарёд кўтармиш!…
Унга қўшилмишлар қолганлар бари.
Аларнинг зоридан, нолаларидан,
Бу ишни билмоққа орзуманд бўлган,
Писиб ортда келган ҳалиги кимса,
Кўриб бу сингари азабозликни,
Ўз фаросатида хулоса қилмиш:
Зулмга учраган кимсага фақат,
У каби зулмнинг дардини тортган,
Аламкаш зотгина ҳамдард бўлғуси.
Хулоса шул эрур, фоний дунё-чун,
Ғам чекмак ҳақиқий инсон ишимас!
«Жаҳонга чу йўқтур бақо, эй кўнгул!
Тамаъ қилма ондин вафо, эй кўнгул!»
Жаҳон недурур, бир улуғроқ кесак,
Йироқ тортқил сен ул кесакдин этак!…
(Мир Алишер Навоий чиқиб кета бошлади.)
Ч ў л п о н
«Жаҳон недурур, бир улуғроқ кесак,
Йироқ тортқил сен ул кесакдан этак!…
Кексасифат сотқин, хиёнатчилар!
Кенг дунёга сиғмас аломатчилар.
Ана, олинг! Сизга шу, баланд, совуқ,
Девор ортидаги дунёни бердим!
Олинг!!! Шу бевафо дунё сизники!!!
Мангу ошиқ эдим мен Яратганга,
Қай чоғ йўлдан оздим:!… Ўзим ҳайронман!
Энди ҳожати йўқ пушаймонни ҳам!
Мен энди тайёрман қайси бирингиз,
Азроил ишини қилсангиз, мана!
Дардли юрагимга ўқ отинг, майли!!!
(Чўлпон кафтларини деворга уриб таяммум қилади, сўнгра намоз ўқий бошлади. «Халқ душманларига ўлим», «Долой врагам народа!» шиорлари билан ёзувчи, шоир, танқидчи, комсомолшогирди ва бошқалар падо бўладилар.)
Ш о и р
Ўртоқлар!
Шонли октябрнинг йигирма ёшин,
Нишонламоқ учун барчамиз бугун,
Тайёргарлик кўриб турган бир фурсат,
Орамизда ҳамон жирканч ўтмишни,
Буржуйча ҳаётни, пантуркизмни,
Миллатпарастликни тарғиб қилувчи,
Шум ният, шум қадам, шумғияларнинг,
Борлиги, минг афсус, мунгли бир ҳолат!
Яхшиям, партия бизни вақтида –
Сергак турмоқликка ўргатди, йўқса,
Бизга ёт туйғули буржуйча ғоя,
Сутини симирган жосус кимсалар,
Даҳшатли ўпирилиш содир этарди?!!
Мана, ўшалардан бири, гўёки,
Бегуноҳ, беозор мусича каби,
Қаршимизда бўйнин эгиб турибди.
Аслида бу одам сиёсий хавфли,
Ғоявий бузғунчи, Руҳоний кўнгил,
Ва бизга билсангиз росмана душман!
Бу кишим тинмасдан ер кўкни мақтар!
Янги қурилишнинг ютуқларин кўролмас,
Негаки, аламзада ул…
Биз бугун сўнгги бор унинг юзига,
Кимлигин ошкора кўрсатмоқ учун,
Тўпланган эканмиз, менинг фикрим, шу:
Бундай сўқирсифат чиғатойчини,
Кўрарга кўзим йўқ, отарга ўқим!
Ким дўсту, ким душман, энди биламан.
Пролетар шоири ниқоби билан,
Аксилинқилобчи юртфурушларни,
Ғоявий қуроли бўлган бу зотга,
Бугун муносибдур энг олий жазо.
(қарсаклар)
Т а н қ и д ч и
Ўртоқлар!
Таниқли шоирнинг қайноқ нутқини,
Ҳаяжон-ла тинглаб, ғазабим ошди!
Негаки, биласиз, ўн йилча аввал,
Йигирма еттинчи йил эди чоғи…
Илк бор, Чўлпон киму, қандай шоир у,
Ижодининг салбий томонлари не?
Шулар тўғрисида ҳеч иккиланмай,
«Қизил Ўзбекистон» да чиқиш қилгандим.
Афсуски, ўшанда эътибор билан,
Менинг хулосамга қаралгандайди,
Бизнинг пролетар адабиётин,
Зарҳал варақлари бу ёт унсурнинг,
Кўнгил оздирувчи, йиғлоқи, ишқий,
Шеърияти билан булғанмасмиди?!…
Ахир, ўн йил аввал айтган сўзларим,
Бугун исботини топди-ку, мана!
Аслида йўқсилларга ҳақиқий душман!
Йўқса, ёш давлатнинг кўз ўнгимизда,
Кундан – кун равнақи сезилган дамлар,
Навоий йўлида суяги қотган,
Ёшларни шу йўлга чалғитиб келган.
Ҳамон пантуркизм, панисламизм,
Ғояси кўксида армон бўп қотган,
Бу зотлар, Шўронинг нонин ейди-ю,
Қора мақсадидан сира кечмайди!
Қани, айтинг дўстлар, бу не деган гап?!
Тузлуққа тупуриш эмасми, ахир!
Нега билиб туриб, бу ҳолга ҳануз,
Бағрикенглик қилиб келамиз, нега!
Яхшиям толе-ю бахтимиз учун,
Бизни ўйлагувчи буюк доҳий бор!
Бизни ўйлагувчи доҳий бор,
У кишининг доно раҳбарлигида,
Бошланган жараён – сиёсий поклаш,
Биз кутган, истаган улкан иш бўлди!
Хуллас кўп гапирмай хулосам айтсам!
Чўлпон – халқ душмани! Ҳақиқий душман!
Бундайлардан тезроқ она заминни
Покласак, эркинроқ нафас оламиз!
Ё з у в ч и
Ўртоқлар!
Сиёсий шабкўрлик – манфур бир иллат!
Унинг заҳри ёмон! Ўта зарарли!
Қаранг-ким, биз суйган ёш давлатимиз,
Йигирма ёшига етиб кепти-ю,
Ҳамон «Ўтган кунлар» деб, феодализмнинг
Бағрида йўқсилни эзиб қақшатган,
Тўралар ҳаёти суйиб куйланса!
Шуям гап бўлди-ю, ахир, ўртоқлар!
Буюк доҳиймизнинг ҳаммамиз учун,
Ибратли сўзига қулоқ тутинг-а!..
«Пролетар шоири суратчи эмас,
Социал қурилиш ударниги у!
У энди тўрадек кабинетдамас,
Колхозу совхозда, завод фабрика,
Ичинда бўладур ҳамда ҳамиша,
Промфинплан учун курашар тинмай!»
Хўш энди ҳақиқат қандай, аслида,
Қандайдир алдоқчи «чиғатойчи» лар,
«Олтин сарой»чи-ю, «Қизил қалам»чилар,
Ўсаётган бизнинг адабиётни,
Аксиинқилобий мақсад билан,
Ортга сураётир! Мана ҳақиқат!
Бу ҳолга биз бугун бефарқ қарамай,
Беаёв курашга бел боғламасак,
Бизни кечирмайди келажак авлод!
Чўлпон деб,  аслида вақтни беҳуда,
Ўтказиш не ҳожат?! Масала аниқ!
Йигирма йил аввал  ким бўлган бўлса,
Йигирма йилдан сўнг ҳам у ўша-ўша!
Савдойи ишқпараст! Интим қули у!
Навоий – устози, Ҳайём бобоси!
Бизга ёт кимса у! Тамом, вассалом!
Ҳамидни, Уйғунни, Усмон, Ойбекни,
Чалғитган худди шу. Бунинг устига,
Доҳий Ленин ишонмаган худога,
Ишонмаслик туйғусида бугун биз,
Авлодларни тарбияга олган чоғ,
Устимиздан кулиб юрган одам бу!
Хуллас, халқ душмани Сулаймоновга,
Энг олий жазони талаб қиламан!!!
Ё ш   ш о и р
Муҳтарам ўртоқлар!
Ёш ўзбек совет адабиётининг,
Энг ёш вакилига, яъни менга ҳам,
Бугунги туғёнли анжуман ичра,
Гар изн берсангиз, сўзласам дейман!
(Сўзла, сўзла, комсомол,  деган хитоблар эшитилади).
Негаки, мен каби, тенгдошларим ҳам,
Масъулмиз бугунги адабиётга!
Бизнинг илҳомчимиз – доҳиймиз Ленин,
Ва буюк Сталин, мен сизга айтсам!
Буюк пролетар иш бизнинг мавзумиз!
Тўғри, адашибмиз! Энди англадик!
Чўлпону Ботулар, Элбек, Фитратлар,
Навоий, Яссавий, Фурқат, Муқимий,
Бизга ёт туйғуни куйловчи зотлар!
Улар янги замон шеъриятида,
Адашиб юрмоғи сира мумкинмас!
Қандайдир «ойдан-да, кундан-да гўзал»,
Дегувчи сатрлар бизлар учун ёт!
Биз бугун кунма-кун, дақиқа сайин,
Ўз эркин қўлига киритаётган,
Ишчи-деҳқон учун ижод қиламиз!
Бизнинг устозимиз – доҳиймиз Ленин!
Ҳам буюк Сталин! Бошқаси бекор!
Чўлпондек кимсалар энди биз учун,
Устозлик  қилолмас, қилолмас асло!…
Биз янги давр учун янги қўшиқлар,
Янги дунёқараш ёзамиз энди!
Мана, бир мисолни тинглаб кўринг-а:
Тикиш марши
«Ишлар машина, ишлар машина,
Ишларни тишга ташлар машина!
Тиқир-тиқирлаб, ишни зикрлаб,
Хотин-халажни йўқлар машина!
Айтайми сизга, бу тикиш марши,
Тикинг, тикинг, тикинг қўллар,
Сапчиб, тепчиб тикинглар!
Қизил аскар чопонига,
Пахта солиб тепчинглар!»
Мана, янги шеъриятнинг янги нусхаси,
Меҳнат ва ҳурликнинг муқаддас марши!
Бизларга шу керак эмасми, ахир?
Қандайдир йиғлоқи исломий ғоя,
Сўфий таълимидан нима фойда бор?!
Биз янги замонни қурар эканмиз,
Эски унсурлардан озод бўлайлик!
Чўлпонлар йўқ бўлсин сафларимиздан!
Йўқ бўлсин, йўқ бўлсин, мангу йўқ бўлсин!
(қарсаклар, хитоблар)
Сўзимнинг сўнгида битта тўртликни,
Шахсий ҳукмим, дея ўқиб бераман!
«Бизга устоз улуғ Ленин
Чўлпон бизга устоз эмас!
Худо деган Чўлпонларни
Бугун ҳеч ким устоз демас!»
(Қарсаклар. «Халқ душманларига орамизда ўрин йўқ!», «халқ душманларига ўлим!» каби хитоблар янграйди. Бу ҳолни ибодат устида кузатган Чўлпон секин ўрнидан туради. )
Ч ў л п о н
Аслида одамзод бу олам аро,
Йиғлаб туғилади, кетар чоғи ҳам,
Афсус, надоматда йиғлаб кетади…
Шукур-ким, эй, Тангрим менга ушбу кун,
Кулиб ўлмоқликни насиб айладинг!…
Мен бугун ҳақорат, хўрлик зарбидан,
Тиниқлашган зеҳним, оғриқ қалбимда,
«Ўзингники ўзагингдан олади»,
Деган мақол маъносини англадим!…
Ҳай, кўзимга қараб бўҳтон тўқувчи,
Кечаги ҳаммаслак, ҳамфикр юртдош!…
Эй, тор йўлак узра ўз кўзин ўйиб,
Сўқирларча бахт қидирган кечаги шогирд!…
Сизга ачинаман, э-й-й-й-й…. эссиз…. эссиз…
Ана олинг, олинг! Сизга қолди бу бефайз,
Изингиздан безиб турган шу улкан кесак!
Гарчи бугун жисмимни маҳв этарсиз,
Руҳим сизни тинчитмагай сира ҳам!
Таним тупроқ аро қоришар, лекин,
Ҳамиша безовта Руҳим юрт узра,
Унинг озодлигин кутиб учади!
Ўша кун келади! Худо хоҳласа,
Ўшанда балки сиз хижолат бўлиб,
Юзингиз уятдан қизарган ҳолда,
Тавба – тазарру-ла авлодлар авфин,
Сўраб эгиларсиз ёлғон саждага…
Мен эсам ўшанда, она ватанга,
Сиздан-да қадрли, сиздан-да буюк,
Суюклик фарзанддек тирик қайтаман.
(Ўқ овози эшитилади. Чўлпон бир қалқиб олади.)
Эй, Руҳлар! Қанисиз?!… Мана, тенглашдик!
Энди насибамиз Тангри қўлида!…
Г а м л е т
Мен ҳам яраландим… Мен ҳам ўламан!
Хиёнат алдаган бечора онам!…
Шўрлик қиролича!… Алвидо, Сизга!…
Эй, сиз! Даҳшатлардан оқарган зотлар!
Бу мудҳиш манзара томошабини!…
Беайб шаҳид етган танларни кўриб,
Забонсиз турганлар! Сиз гувоҳ бўлинг!
Чунки, сиз хабардорсиз барча сирлардан!
Демак, вақти келиб биздан норизо,
Бўлганлар олдида бизни оқлайсиз!!!
Бу ёғи бизларга энди сокинлик…
Фақат сокинлик холос…
Н а в о и й
Дунё борки, кишанланмиш ҳақгўй тил,
Лек у кишан чириб битар бир кун, бил!
Ҳақни куйлаб занжирибанд бўлган шеър
Енгилмайди, ҳар доим енгаман дер!!!
(Туғёнли мусиқа. Илҳом фаришталари, Чўлпон, Гамлет ва Навоий билан арши аъло сари йўл оладилар. Саҳна оқ, яшил, мовий рангларга ўралади.)

П А Р Д А
ТАМОМ

Сайт бўлими: Драматургия

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ