"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Усмон Азим. Бир қадам йўл (драма)

Ўқилди: 1 208

Усмон-Азим

Иштирок этувчилар:
Чол — 70 ёшларда.
Жўра — Чолнинг катта ўғли, 40-45 ёшларда.
Саодат — Жўранинг хотини, 40-45 ёшларда.
Шокир — Чолнинг ўртанча ўғли, 40 ёшларда.
Беғам — Шокирнинг хотини, 40 ёшларда.
Қосим — Чолнинг кенжа ўғли, 30 ёшларда.
Салима — 25 ёшларда.
Эшматов
Болтабоев
Учувчи
1

Тонг чоғи. Саронжом-саришта ҳовли. Дабдабали эмас, лекин ҳамма нарса жойида эканлигиданми, ораста. Чап томонда кўча эшиги. Рўбарўда яна иккита эшик. Уларнинг биридан чолнинг хонасига кирилади. Уйнинг кенг айвонидаги столда телефон. Ўнг томондаги дарчадан боққа ўтилади. Ҳовлидаги дарахт тагига ёғоч кроват қўйилган. Кроватда бемор учун ўрин тўшалган. Қўш-қўш ёстиқлар қўйилган. Сентябрь ойининг бошлари. Боғлардаги турфа дарахтлар оша тошиб ҳовлига энгашиб турибди. Айвонда
Ч о л ва Қ о с и м намоз ўқишаяпти. Юзларига дуо тортиб бўлишгач, Қосим ўрнидан туриб, айвондан туша бошлайди.

Ч о л — (ҳали ўрнидан қўзғалмаган) Қосим… (Қосим тўхтайди) Йўл бўлсин:….
Қ о с и м — Масжидга…
Чол — Мен касал билан бўлиб чиқолмай қолдим. Устини ёпиб олдиларингми?
Қ о с и м — Ёпиб олдик.
Ч о л — Мендан мулла Раҳматуллага салом айт.
Қ о с и м — Салом айтмайман.
Ч о л — Нимага?
Қ о с и м — Толибонларни мақтайди.
Ч о л — Ким улар?
Қ о с и м — Афғонистонда уришаётганлардан.
Ч о л — Бир хаёли кетиб мақтаганда…
Қ о с и м — Уруш қўзғаганларни мақтаб бўлмайди.
Ч о л — Пайғамбаримиз ҳам урушганлар.
Қ о с и м — “Мен хақ” деб жанг қилмоқ учун пайғамбарларча ҳақиқатни билмоқ керак.
Ч о л — Кечиримли бўл.
Қ о с и м — Хўп. Фақат айтиб қўяй художўйларингизнинг кўпи менга ёқмайди..
Ч о л — Художўйлар сенга нима қилди?
Қ о с и м — Менга ҳеч нарса қилолмайди. Эшагим бу дунёнинг сувларидан қарийб ўтиб бўлган…
Ч о л — Болам, оғзингга келган ҳар хил гапни тонг саҳардан гапираверма. Яхши ният қил…
Қ о с и м — Парвардигорга таъмасиз кўнгил бермоқ керак. Буларнинг кўплари дўконга кириб қолган одамга ўхшайдилар. Мен сенга тоат-ибодат қиламан, сен жаннатингдан бер…
Ч о л — Кўнглингни кенг қил.
Қ о с и м — Ота, кўнглим кенг. Жуда кенг. Ичида шундай катта дардлар ётибдики, айтсам…
Ч о л — Айт, болам, айт. Менга айт. Отанга айтмасанг, кимга айтасан. (сукунат) Болам, йўли йўқ одамдай гарангсиб юрибсан. Мени сезмайди деб ўйлайсанми? Йўл топиш учун ҳаракат қилиш керак… Кейин тихирлик қилаверма, пешонага ёзилгани бўлади. Салима билан ораларингдан нимаики ёмон гап ўтган бўлса, унутиш лозим. Аёл боши билан орқангдан эргашиб юрибди. Унга бир аниқ гапингни айт. Жоним болам, уйланмасанг, уят ҳам бўлиб кетди. Афғондан келганингдан буён жонсараксан-бир тўхтамга кел. Салиманинг отаси Чорибой билан деворма-девор ҳамсоя бўлсак… Бир тайин гапингни айтсанг, ҳозир ўзим Чорибой билан тўйнинг маслаҳатини қилиб чиқаман. Чорибойнинг уйи, ана, бир қадам йўл… Қизнинг номуси ёмон бўлади, болам. Чорибойнинг суягига пичоқ қадалиб юрибди… Сен – мўмин-мусулмон йигитсан…
Қ о с и м — Хўп… Яна бир гапим бор.
Ч о л — Гапир. Ҳаммасини гапир, болам.
Қ о с и м — Акам кеча анаву милисани – Болтабоевни меҳмонга чақираман деди. У милиса уйимизга келмасин.
Ч о л — Ҳали мен тирик эканман, болам, бу уй ҳаммаларингнинг уйларинг! Шокиржонинг ҳам уйи…
Қ о с и м — Барибир! У одам келмасин.

У чиқиб кетади. Чол хонасига киради. Боғдан бўйнига сочиқ ташлаб Ж ў р а чиқади. С а о д а т ошхонадан нонушта олиб киради. Ж ў р а н и н г олдига қўяди-да, эрига бир пиёла чой узатгач, устунга суяниб, қаршисида тик туради.

С а о д а т — Олинг.
Ж ў р а — Раҳмат.
Сукунат.

С а о д а т — Бугун бозордан у-бу нарса олиш керак шекилли.
Ж ў р а — Нима олиш керак?
С а о д а т — Мемонлар келган… Меҳмонларга нима лозим бўлса-да…
Ж ў р а — Бўпти. Шофёр келиб, ташлаб кетади.
С а о д а т — Тошкентга, болаларга ҳам бир оз пул жўнатиш лозим.
Ж ў р а — Пулинг бўлса, жўнатавер.
С а о д а т — Мен борини қоқиб, дўкондан уну ёғ олдим.
Ж ў р а — Яхши қилибсан. Аммо менда пул йўқ.
С а о д а т — Шокиржон Чаганадан борса, қўлига қарашади… “Отанг бериб юборди”, деса, хурсанд бўлишарди-да…
Ж ў р а — Менда пул йўқ. Бўлса жўнатармиз.
С а о д а т — Нега пулингиз йўқ? Пулингиз йўқ бўлса, айб ўзингизда, ношудсиз. Ким айтади сизни колхоз раиси деб!… Орқангиздан ҳамма кулиб юрибди… Латифа ҳам тўқишган. “Жўра раис-Марксдан хам ўтган” деб…
Ж ў р а — Қандай қилиб Марксдан ўтган эканман?
С а о д а т — Маркс ҳам Энгельсдан олган экан, сиз эса ҳеч кимдан олмас эмишсиз!
Ж ў р а — Э лақиллама!
С а о д а т — Болалар Шокиржонни қўлига қараб қолмасин дейман-да…
Ж ў р а — Эрталабдан бўғзимдан оласан… Майли, кечгача бирор иложини топармиз.. . (Сукунат) Отам анча тузуклар…
С а о д а т — Нимасини айтасиз! Самарқандга борадиган бўлганларидан кейин, чеҳралари бирам ёришди… Чой қуйиб берайми?
Ж ў р а — Шошма… ўтир
Сукунат.

С а о д а т — Гапингиз борми?
Ж ў р а — Ҳа…
Сукунат

С а о д а т — Айтинг.
Ж ў р а — Сен … мендан хафа эмасмисан?
С а о д а т — Сиздан? … Нега хафа бўлай?
Ж ў р а — Мендан хафа бўлма…
С а о д а т — Айтдим-ку…
Ж ў р а — Сен яхши аёлсан
С а о д а т — Сиз ҳам яхшисиз.
Ж ў р а — Йиғлама…Йиғламасанг-чи!…
С а о д а т — Йиғламаяпман… (ўзини босиб) Бошқа гапингиз йўқми?
Ж ў р а — Майли…

Телефон жиринглайди. Ж ў р а телефонни олади. Ичкаридан Ш о к и р отилиб чиқади. Уни телефон қўнғироғининг овози уйқудан уйғотгани шундоқ сезилиб турибди.

Ж ў р а — Алло! Ким? Ассасомалайкум… Ҳа, ўзимман.
Ш о к и р — (ҳовлиқиб) Кимни сўрашаяпти?
Ж ў р а — Мени…. Мени… Алло, гапираверинг!.. Топшириқ бор? Айтаверинг, топшириқдан бошқа нарса йўқлигига кўникиб қолганмиз… Хўш…Хўш…Хўш… Каллаларинг борми? Шу етмай турувди!… Биз ҳаммамиз у ерда кун бўйи бўлсак, ишни ким қилади?… Бормайман!… Қўрқитма!… Билганингни қил! Бормайман!
Ш о к и р — Янга, менга кечаси ҳеч ким телефон қилмадими?… (Саодат боши билан “йўқ” ишора бериб, ошхонага қараб кетади) Ака, ким билан тонгдан уришяпсиз?
Ж ў р а — Ҳокимиятдан биттаси… Бугун туманда алламбало қўшиқ танлови ўтказилади, шунга туманнинг юз фоиз раҳбарлари иштирок этиши зарур эмиш. Пахта теришни бошлай деб турган пайтимиз …. Яна “бу-сиёсат” деб қўрқитмоқчи-я!… Қўрқиб бўлганман. Московдан бир Гдлян дегани келиб, роса олти ой подвалга қамаб, қўрқитмоқчи бўлган эди…. Қўрқитолмаган!
Ш о к и р — Гапни ўролини гапирдингиз! Ҳеч кимдан қўрқманг! Сизларни қўрқитмоқчи бўлгани онасини Учқўрғондан кўрсатаман
Ж ў р а — Мен фақат худодан қўрқаман… Учқўрғонни эса ишбилармонлар муносабатларида қуриб оласизлар. Менинг атрофимда ундай жой йўқ.
Ш о к и р — Ҳеч кимдан қўрқмайсизми?
Ж ў р а — Жамоа хўжалигимизни шу йилнинг ўзида етти марта текширтиришди.Менга ёпиштиришга бир чанг топишолмади.Умидвор бўлиб ликиллаб кўришди. Бир тийин бермадим. Менинг принципим бор. Ҳаромхўрларга бир тийин ҳам бер-май-ман!
Ш о к и р — Ўзингиз хам бир тийин емайсиз…
Ж ў р а — Емайман.
Ш о к и р — Бу тартибда ишлашингизда жамоа хўжалигидаги одамлар қочиб кетишгандир?
Ж ў р а — Менга маош белгиланган… Кейин, ука, Ҳамманинг ўзининг қисмати бор.Мана, сен йигирма йил йўқ бўлиб кетдинг. Қариндош-уруғдан кечиб, ўзинга бир йўл излагандирсан-да! Билишимча, топибсан ҳғам! Московда бир уйинг бор, айтишингча, хорижда ҳам ҳовлинг бор эмиш. Тошкентга келиб-кетарга бир уй қилиб қўйибсан…
Ш о к и р — Ака, мен бу қишлоқдан “бой бўлмасам, қайтмайман”, деб чиқиб кетганман. Бой бўлдим-қайтиб келдим. Бечорачиликнинг қамоқдан фарқи йўқ. Ягона озодлик бор-пул. Мен пулга қулликка ёлланганларни ҳурмат қилмайман. Пул инсоннинг хизматкори бўлмоғи керак. Кечирасизу ака, сизда ана шу хизматкорлардан жуда камчил. Мен хўжалигингиздаги пулларни айтаётганим йўқ. У кўпники. Ўзингизнинг шахсий хизматкорларингиз бўлиши шарт. Айниқса, Америкадан келган кўк хизматкорлар кўп бўлса, ундан ҳам яхши….
Ж ў р а — Мен эскича одамман. Ҳар ҳолда халққа, Ватанга хизмат қилиш керак деб ўйлайман. Бир одамнинг умри эса, очми, тўқми ўтади. Кўпчилик тирикчилик ташвишида изғиган ҳозирги шароитда эса, кекириб яшаш… Уят!
Ш о к и р — Коммунизмни илк бор сизга ўхшаган уятчанлар орзу қилганлар, ака! Оқибати нима бўлганини кўрдингиз. Аввал кекирганларни отишди, сўнг “отма” деганларни йўқ қилишди. Кейин бир-бирларини қамашди…Ортиқча фаришта ролига киришиб кетиш-аҳмоқликнинг ўзи! Сиз фариштасиз, аммо янгам чўрилигингизни қиляпти, фарзандларингиз қийналяпти… Ўзи ҳаётни тушунмайдиган бефахм одамсиз, ака! Ҳозир бирламчи сормоя йиғиш даври келяпти. Эрта-индин сиз яратган умумхалқ мулкини пулдорлар таг-туги билан сотиб олиб қўяди. Юрасиз кейин бир пулдорнинг қошу қовоғига қараб….Сиз-ку майли, аммо фарзандларингиз ҳам отасининг бугунги фаришталиги эвазига бировнинг хизматини қилиб ўтадилар. Сиз туфайли, сизнинг “халқ” деган аҳмоқона хомхаёлларингиз туфайли улар қайсидир бир бойваччага хизматкор бўлишади! Тушунинг, бугун ким бой бўлишга улгуриб қолса, марра ўшаники…
Ж ў р а — Бугунги ўзгаришлар бировни бой, бировни камбағал қилиш учун бўлаётганига мени ҳеч қачон ишонтиролмайсан. Ислоҳотларнинг манфаати бир кунмас, бир кун барчага баробар тегади. Мана бу йил – “Инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганидан ўзинг хабардорсан…
Ш о к и р — Ака, сиз ва сизга ўхшаганлар манфаат ҳам кўрмасдан ўлиб кетасизлар. Кўзингизни каттароқ очиб қаранг! Катталар ҳам, кичикроқ укағар ҳам йўлини қилиб, молу давлат ортириш билан овора. Қанчаси хориждаги банкларига ақчаларини жойлаб қўйгани менга маълум! Халқни ким ўйлаяпти? Тепада ҳам, пастда ҳам икки-уч Дон Кихотнинг пешонасигина “ҳақу халқ” деб тиришган, холос! Ака! Бу мамлакатнинг идоралари пора териб оладиган мосламага ўхшаб қолган…
Ж ў р а — (бирдан бақириб) Сен менга маҳмадоналик қилма! Мени кўр деб ўйлайсанми? Мана, кўзим очиқ! Ҳаммасини кўриб турибман! Аммо бу одамларни ким ўйлайди? Сенми? Ўзинг отангдан йигирма йилда бир хабар олдинг! Шундан буён ҳар йил бир зипиллаб келиб, зипиллаб кетасан… Мамлакатни порахўр қилган менми? Сенлар-ку! “Фалончини сотиб олдим” дейиш учун ҳам пул тиқиштирасанлар! Одамларни ночорлигидан фойдаланиб, ҳамма нарсани нархини қўйиб бўлдиларинг! Ор ҳам, номус ҳам, Ватан ҳам, халқ ҳам сотиладиган бўлди…
Ш о к и р — Ака, “Муштум” журнали ҳозир ҳам чиқадими?
Ж ў р а — Кўзим бир тушган эди… Нима эди?
Ш о к и р — Ўша журналга сизни муҳаррирликка жўнатиш керак…

Кулишадилар.

Ж ў р а — Ростини айтсам, ука, сендан хурсандман. Отамни Самарқандга зиёрат эттирмоқчи бўлганинг…Зўр иш бўлди-да! (тўсатдан) Самарқандга бормаганимга йигирма йил бўлибди. Институтни битирганимдан кейин кўрганим йўқ.
Ш о к и р — Йўлингизнинг усти-бир кўшиш қилсангиз, тушиб ўтасиз.
Ж ў р а — Боролмайман-да… Мен талабалик чоғимда Самарқандда бировни яхши кўрганман…. (ҳаяжонланиб) Бир шахсий илтимос бор… Самарқандга борсанг, уни бир бориб кўр, турибдими…
Ш о к и р — Тушунаман… Бизнинг зотимизни ўзи худо урган! Бировни яхши кўрсанг, жони чиққанича яхши кўради…
Ж ў р а — Уни биринчи бор ўша қайрағочнинг тагида кўргандим.Охирги марта ҳам ўша жойда кўрдим. Эри билан машиналарида ўтиб кетишди… Ичим куйиб кетди…. Шундан буён Самарқандга боролмайман. Борсам… сен айтгандек, жоним чиқиб кетадигандай туюлади….
Ш о к и р — Кечадан буён акам билан нимамиз ўхшайди деб ўйлаб тополмаётган эдим. Топдим. Сиз Самарқандга боролмайсиз. Мен эса… Мен ҳам ўзимнинг Самарқандимга боролмайман. Ака, Самарқандим мени ёмон кўради. Мен унга тавоф қилавераман, тавоф қилавераман, у нима қилаяпсан ҳам демайди…
Ж ў р а — Нима деганингни тушунмадим…Бугун меҳмонлар келадими?
Ш о к и р — Ҳа.
Ж ў р а — Кимлар келади?
Ш о к и р — Ҳоким билан милисанинг бошлиғи.
Ж ў р а — (ижирғаниб) Шулар билан олди-берди қилмасанг бўларди… Иккови ҳам-ўтирган жойини бозор қилган муттаҳамлар. Ўткинчи одамлар.
Ш о к и р — Ака, биз ишбилармонлар одам танлаймиз. Зарурият юзасидан гаплашаверамиз.
Шу пайт Шофёр киради.
Ш о ф ё р — Ассалому алайкум! Раис бобо, хизматга келдик. Тайёрмисиз? Кетдикми?
Ж ў р а — Кетдик. Тикка Қўшкамарга жўнаймиз…
Ш о ф ё р — Идорага бир кирмасак бўлмайди, раис. Икки уч одам зориллаб ўтирибди.
Ж ў р а — Нима ишлари бор экан.
Ш о ф ё р — Бировига пул керак экан, бировига ун…Салим қайнотасини худойисини ўтказмоқчи экан. У ҳам шу ерда айланиб юрибди…”Қуп-қуруқман. Раис ёрдам бермаса, эл олдида шарманда бўламан”, дейди… Кечаги тентак бригадир ҳам кепти. “Икки йиллик ҳақимизни бергани йўқ. Агар ҳисоб-китоб қилмаса, пахтани тердирмасдан, шудгорлатиб ташлайман” деб бақираяпти…
2
Ҳовли. С а о д а т гоҳ пақир кўтариб, гоҳ супурги кўтариб у-бу ишни қилиб юрибди. Кўча эшигидан югуриб Б е ғ а м киради. Қўлида бир даста кийикўт. У шашт билан бориб негадир телефон трубкасини кўтаради. Сўнг оҳиста жойига қўяди. Ичкаридан С а о д а т чиқади.

С а о д а т — Беғамхон, қўлингиздаги нима?
Б е ғ а м — Кийикўти, опажон, кийикўти… Бир идлаб кўринг… Жаннатнинг ҳидидай!
С а о д а т — (ҳидлаб кўриб) Рост айтасиз… Қаердан топдингиз, Беғамхон, бу атрофда битмасди-ку
Б е ғ а м — Тоғнинг этагидан.
С а о д а т — Эринмаган овсиним-эй! Шундан-шунга бордингизми? Шаҳарликка ҳам ўхшамайсиз…
Б е ғ а м — Азонда жўнадим-да… Келиш эса осон-эниш… Қандай келганимни ҳам билмай қолдим….
С а о д а т — Биз шу ерда яшаб, шу кийикўтини теришга ҳам қунтимиз йўқ… Ҳозир ҳам кийикўти бор эканми? Бу пайтда молнинг жазридан тоғда бир хас қолмасди.
Б е ғ а м — Қидириб-қидириб топдим, опажон… Бир харсангнинг тагида шундай улуғлаб турибди.
С а о д а т — Антиқа аёлсиз-да, Беғамхон…
Б е ғ а м — Бобом хурсанд бўладилар.
С а о д а т — Кийикўтисиз ҳам хурсанд бўладилар! Самарқандга борадиган бўлиб турибдилар-ку…
Б е ғ а м -Тонгда ҳовлига чиқсам, айвонда қушдай бўлиб ўтирибдилар…Галасидан ажралиб қолган қушдай. “Беғам, яна бир ёз ўтди-я”, дедилар. “Ўтди” дедим. Қариликнинг ҳам бир армони бўлса керак-да, опажон, у кишига қараб юракларим эзилиб кетди. Кейин ўзлари билан ўзлари гаплашаётгандай: “Баҳор ўтибди, ёз ўтибди, шу йил кийикўтини ҳам ҳидламабман-а”, дедилар.
С а о д а т — Вой, Беғамхон-эй, омон бўлгур-эй…Кийикўти десалар, тоққа қараб чопиб кетавердингизми? Тошкентдан ўзи ҳориб келган бўлсангиз… Тошкентлик келинга ўхшаб меҳмон бўлиб ўтирмайсизми? Ким айтади сизни Шокирбойваччанинг хотини деб!…
Б е ғ а м — Бу ерларни яхши кўраман, опа. Куз кириб қолибди. Қирлар бирам ҳувиллаган. Тоғлар нима қиларларини билмай гарнгсираб турганга ўхшайдилар. Вой, опажон, тоғлар… ғариб…ғарибга ўхшаб кўринди кўзимга.
С а о д а т — Ўлманг, Беғамхон! Аллатовур гапларни айтасиз. Акангизнинг Афғон укалари ҳам шунақа гапларни кўп гапирадилар. Икковларинг тус ўхшайсизлар.

Сукунат

Б е ғ а м — (шунчаки сўраётгандай) Опа, телефон бўлмадими?
С а о д а т — Бўлди. Сизларни раис сўрадилар. У кишининг шунақа ишлари кўп. Меҳмонлар билан ўтиришга ҳам вақт тополмайдилар. Рўзғорлари бўлса мана бу…Ўтни сувга уриб, сувни ўтга уравериб ўлар бўлсам, ўлиб бўлдим. Шунча йил директорлик қилиб, раислик қилиб, уйга бир хас кўтариб келмаганлар. Иккита ўғиллари, ана, Тошкентда ўқишаяпти. Шокиржон бўлмаса, сиз бўлмасангиз, шаҳри ғулғулада болаларим, билмадим, кунларини қандай ўтказишарди… Қайнакангиз бўлса, ойлигини олиб келади, бўлди. Бир гап айтсанг, осмон ерга ўйилиб тушгандай сапчиб кетади. Ҳамма ҳалол ўлиб, дунёда бу киши қолганлар. Илгари “коммунистик виждонларини”рўкач қилардилар…. Кўрдик, бу кишидан бошқа битта ҳам коммунист йўқ экан бу мамлакатда! Энди эса “Ватан” деб жонлари халак. Кеча-ю кундуз югурганлари югурган. Ана, ҳоким билан милисанинг бошлиғи Шокиржон билан бамайлихотир базм қилиб ўтиришибди. Бу киши бир коса ёвғонларини ҳам шошиб ичадилар. Буни устига, катталар билан тортишганларини айтмайсиз. Рангларига қаранг, ичида ўт ёнгандай чуркаб кетган.Сочларида битта қораси йўқ. Бир очилиб кулганларини билмайман.(Йиғлайди.)
Б е ғ а м — (Саодатни бағрига босиб) Йиғламанг. Опа, эрингиз ноёб одам… У кишидай одамлар бу дунёда жуда кам… Ўзи дунё юкини елкасига ортмоқлашни тақдир пешонасига ёзган одамлар бўлар экан, опажон…
С а о д а т — Ким билсин!… Шу ерга келин бўлиб тушибманки, бир зум тинмайман. Нон ёпган ҳам-мен, кир ювган ҳам-мен… Итда тиним бор, менда тиним йўқ. Ана, ўнта қорамолни, йигирмата қўйни бўрдоқига боқаяпман. Ким учун? Раис ҳолига бировдан кам бўлмасин дейман. Бу киши бўлса, биргадир-миргадирларга айтиб келтирганим емиш-пемишга ҳам, мендан яширин идоралари билан ҳисоб-китоб қилар эканлар. Билмадим, фаришта бўлиб осмонга чиқиб кетмоқчиларми? Менинг эса, бу уйнинг чўрилигини қилавериб, қўлларим тараша бўлиб кетган. Қаранг! Кечалари суякларим зирқирайди… Қисматим шунча шўр бўладими? Дўзахда яшаётгандайман… (яна тўлиқиб, гапдан тўхтайди)
Б е ғ а м — Опажон, ҳамманинг бу дунёда ўз дўзахи бор. Тавба қилинг! Худо денг!
С а о д а т — Қайнатамга қараб туриб. Ўйлайман, хотин бошим билан аъмолим
шу кишининг тақдирига ўхшади. Умр бўйи “Самарқанд, Самарқанд” деб орзу қилиб ўтдилар. Самарқанд дунёнинг бир четидаги шаҳар эмас-ку! Бир қадам йўл… Ташвишлардан қутулиб, ҳозиргача Самарқандга борганлари йўқ. Тоблари қочгандан буён-ку, оғизларидан тушмайди. Кўрмаган Самарқандларини баъзан менга ҳикоя қилиб ўлтирадилар. Кимсан, фалончиларнинг отаси бўлсалар…
Б е ғ а м — Худо хоҳласа, энди кўрадилар…Шокиржон қайнағангиз атайлаб келганлар. Овга чиқиб қайтиб келганларидан кейин, бобомни олиб Самарқандга борамиз. Тўйганларича томоша қиладилар. Шокиржон айтганини бажарадиган одам, опажон. Кейин биз Тошкентга ўтиб кетамиз. Бобом хоҳласалар, биз билан кетадилар, истамасалар, машинада бир зумда қайтариб ташлаб кетамиз. Ҳозирги машиналар олдида, Самарқанд, айтганингиздай, бир қадам йўл…

Телефон жиринглайди. Б е ғ а м таҳликада чўчиб тушади. Сўнг С а о д а т д а н ўзиб, телефон трубкасини кўтаради.

Б е ғ а м — Алло! Алло… Қўйиб қўйди… (Бир яширин хавотирни ошкор этгудек ҳаракатда ўтириб қолади) Опажон, соат неча бўлди?
С а о д а т — Ўн бир.
Б е ғ а м — Ҳеч ким телефон қилмадими? Балки эшитмагандирсиз?
С а о д а т — Эшиттирмасдан қўядими! Бир жирингласа, ҳовлини бошига кўтаради. Беғамхон, шундай дам олгани келганларингизда, ҳамма телефон-мелифонни шаҳарга ташлаб келмайсизми? Шўрлик милиса бошлиғи Болтабоев ҳам ҳар соатда чиқиб, телефончи қизлардан сўраб турибди…
Б е ғ а м — (кулишга уриниб) Шаҳарликларнинг одати, опажон, телефон бўлмаса, кўнглимиз жойига тушмайди… (қўлидаги кийикўтига кўзи тушиб) Вой, бобомга олиб келгандим-ку!..

Чолнинг хонасига қараб юради.

 

3
Чолнинг боғи. Ниҳоятда чиройли бир тарзда тартиб берилган анвойи боғ. Боғни яхши кўрадиган одамнинг қўли текканлиги кўриниб турибди. Ҳовуз бўйида стол безатилган. Мебеллар жуда янги – атайлаб шу учун олиб келингани билиниб турибди. Стол шаҳардан келтирилган ва шаҳарликлар қишлоққа келганда кўнгли тусайдиган нозу неъматлар билан безатилган. Оппоқ фартук кийган о ш п а з й и г и т хизматда. Дастурхон безашига қараганда, у катта шаҳарлару катта базмлар расм-русумларига қатъий риоя қилиши кўриниб турибди. У бу базм давомида гап-сўзсиз ва фақат Шокирнинг имоси билан хизмат қилади. Столнинг атрофидаги янги креслода Ш о к и р милтиқ тозалаб ўтирибди. Э ш м а м а т о в билан Б о л т а б о е в меҳмону мезбонлик ўртасидаги бир ҳолатда базмда иштирок этяптилар.

Ш о к и р — Бир милтиқли бўлиш орзумиз бор эди. Йигитлар Англиядан келтиришди. У ерда ҳар хил клублар қадимдан расм бўлган. Овчи лордлар клубидан йигирма минг фунт стерлингга сотиб олдик. Эшмаматов, лордлар кимлигини биласизми?
Э ш м а м а т о в — Лордлар… Бу…
Ш о к и р — Болтабоев, сен билмаган гап йўқ. Лордлардан ҳам хабаринг бордир?
Б о л т а б о е в — Лордларданми? Биламан.
Ш о к и р — Йўқ билмайман, укағарди ўли. Умрингда каллангни ишлатмагансан, Болтабоев. Ўриснинг замонида “Естъ” дегансан, ўсгансан, ҳозир эса тўхтовсиз “хўп” дейсан – истаганингга эришаяпсан… Бошқа нимани биласан? Ҳозир “китоб топиб кел” деб буюрай, топиб келолмайсан, чунки китобни кўрмагансан. Газетани эса орқангни артиб турганинг учунгина билсанг керак. Э сен орқангни ҳам артмайсан.
Э ш м а м а т о в — (гапнинг мавзусини буришга ҳаракат қилиб). Зато, бу киши яхши дўст.
Ш о к и р — Эшмаматов ака, ўзингиздан қолар гап йўқ. Пулдан олди-бердиси бор одамлар бир-бирига ҳеч қачон дўст бўлишмайди. Мана сиз ҳокимсиз, эртага ишдан бўшанг, ҳозир чўнтагингизга пора солиб ўтирганлар, эртага сизни танимаганга солиб ўтадилар. Чунки улар аллақачон янги ҳокимнинг қиёматли дўстига айланганлар. Агар пулингиз кўп бўлса, бошқа гап. Ҳа, айтгандай пулингиз бор. Бу каламушлардан сиз қўрқмасангиз ҳам бўлади.
Э ш м а м а т о в — Бизда пул нима қилсин! Бор бойлигимиз – ўзингиз билан ҳамкорликда топган беш-тўрт сўм…
Ш о к и р — Камтарга камол! Сиз ҳам ўласиз. (Сукунат) Овга ҳам кечикиб кетаяпмиз… Болтабоев, милтиқни қара!..
Б о л т а б о е в — (милтиқни букиб қарайди Сўнг атрофдаги нималарнидир мўлжалга олиб чақитиб кўради) Бешотар! Зўр! Бу билан қобон овига чиқса… Қийратади!
Ш о к и р — Чўчқахўр! … Овга кечикаяпмиз…
Б о л т а б о е в — Тоғ, ана, қочиб кетгани йўқ. Бир қадам йўл…
Ш о к и р — Шу бир қадам йўлни йигирма етти йилдан бери босиб ўтолмайман. Йигирма етти йилдан бери овга чиқсам дейман. Мамади кал деган бир база мудири бўлгучи эди. Шунинг Толик деган ўғли мени эргаштириб овга олиб чиқарди. Оти Тўлқин бўлса керагу ўрисча ўқигани учунми, ҳамма – ҳатто отаси ҳам Толик дерди. Милтиғини кошки бир отишга берса деб, югургилаб хизматини қилардим. Эшагини орқасидан ҳайдаб, юкини кўтариб, сойма-сой, қирма-қир ҳалиқлаб юрардим. Барибир милтиғини бермасди энағар. Кечалари худодан бир милтиқ сўраб, ухлай олмай чиққанларим бор. Худо насиб қилиб, милтиқ олсам, шу укағарни бир овга олиб чиқмоқчи эдим-да! Милтиқ қайда дейсиз! Отамизнинг топгани рўзғорга етмаса. Ўшанда “бой бўламан” деб қасам ичганман. Ўлай агар, шу бола менга милтиғини бир отишга бермагани умр бўйи алам қилди… Болтабоев бор! Менинг мерседесимга ўтир-да, Толикни машинага босиб олиб кел! Президентлар ўтирадиган машинада бир юриб кўрсин! Ов қандай бўлишини укағарга кўрсатиб қўяй! Милтиқни укағарни ўзига бераман – ҳоҳлаганича отсин… нимага қаққайиб турибсан? Бор!
Б о л т а б о е в — Толик… йўқ …
Ш о к и р — Сени мелица бошлиғи қилганнинг падарига минг лаънат! Осмонга чиқса оёғидан, ерга кирса қулоғидан тортиб келмайсанми? Ё КГБдан олган эски таълимларинг эсдан чиқиб кетдими?
Б о л т а б о е в — Йўқ одамни қаердан топаман?
Ш о к и р — Нима бунча хотинга ўхшаб минғирлайсан? Агар ҳозир ўрнингдан қўзғалмасанг, оғзингдан отаман! Ё биз бехабар, у шунақа ҳеч кимни писанд қилмайдиган зўр бўлиб кетганми? Мен унақа зўрлардан ғижимланган қоғоз қилиб орқамни артаман!…Бор деяпман!..

Болтабоев довдираб ўрнидан қўзғалади.

Э ш м а м а т о в — Шокиржон, ҳақиқатдан ҳам Толик йўқолди. Кеча кўп қаторига қўшдик….
Ш о к и р — Нима?! Ўлдими?
Э ш м а м а т о в — Ўзингиз биласиз, Шокиржон, замона қаттиқ. Ҳаётимизни тубдан ўзгартириш лозим бўлган ислоҳотлар ўз-ўзидан қурбонсиз амалга ошмайди…
Ш о к и р — Э фалсафага бало борми! Нимага ўлади? Мен у билан овга чиқмоқчи эдим. Кеча ўлдими? Бир ҳафта олдин келай деб, қанча йўлга отлангандим-а! Кўнглим сезган экан. Бир армонимга етай деб турганимда… Нимага ўлади?!
Э ш м а м а т о в — Толик ишлайдиган идора янги шароитга мослашолмасдан тарқаб кетди. Ишсиз қолди. Ҳаракат қилдик, аммо ишсизлар муаммоси бир кун-икки кунлик эмас-да… Хуллас, айтишларича….(Болтабоевга) Абдуқаҳҳор Жабборов, сиз гапиринг, сиз текшириш олиб боргансиз…
Ш о к и р — Эшмаматов! Ака, шу пайт “вич-вич” ламай туринг!… Болтабоев! Онанг анқовсираб туққанми? Гапир-э!
Б о л т а б о е в — Бола-чақаси сал қийналиб қолган шекилли, қўшнилардан нон сўраб чиқиш зарурати туғилган. Бола-чақаси “Сўрайвериб, қўшниларни юзига қарай олмай қолдик” деб туриб олишган дейишади. Толик хотинини бир шаполоқ уриб, аччиқ билан ўзи қўшниларникига чиққан. Эшикни қўшнини хотини очган. Толик қўшни хотинга илтимосини айтиб-айтмас, ранги оқаргану дарвозага суянган. Қўшни хотин сув олиб келгунча, жон берган экан. Э, одамнинг умри шу — Парвардигорга омонатни қачон топширади, билмайди.
Ш о к и р — Ўзинга ярашадиган ишни қил! Шайтондан бошқа ҳеч кимни танимайдиган одам Парвардигордан гапириб турса, одамни ғаши келаркан… Болтабоев! Бу ерда ўлтирган ҳаммамиз муттаҳаммиз! Агар яна иккиюзламачилик қилиб, Парвардигор ҳақида валдирасанг, ҳар бир ёлғон гапинг учун улушингдан чегириб қоламан. Бизнинг ишни дўзахни бўйнига олганлар қилади. Индамасанг, ўғирлик қилиб, ҳажга ҳам бориб келаяпти булар, масжид ҳам қурдираяпти… Толикнинг болалари борми?
Б о л т а б о е в — Саккизта бўлса кераг-ов…
Ш о к и р — (чўнтагидан бир даста доллор чиқариб) Мана буни Толикни хотинига элтиб бер.
Б о л т а б о е в — Ў! Кўкидан-ку! Кўксултон! Тахи бузилмаган. Ҳаммаси яп-янги.
Ш о к и р — Огоҳлантириб қўяй, бирортаси аталган жойга етиб бормаса…
Б о л т а б о е в — Ким берганини айтайми?
Ш о к и р — Ҳа укағарди ули-я! Ҳа укағарди ули-я! Калланг заррача ишламайди-я! Азага этиб, портретимни осиб қўй!… Эшмаматов, шуни ишдан бўшатинг!… (Болтабоевга) Умрингнда хайри худойи қилганмисан? Ё фақат пора бериб, пора олишдан қўлинг бўшамаганма?… Борасанда, “бировни Толикдан қарзи бор экан” деб, хотинини қўлига тутқазиб келасан?…Тушундингми?… Соат неча бўлди?
Э ш м а м а т о в — Ўн бир ярим.
Ш о к и р — Ҳар ярим соатда телефондан хабар олиб тур, деб сенга айтганмидим? (Эшмаматовга) Шуни ишдан хайдаш керак, Эшмаматов…. Ҳа, дарвоқе, ишдан ҳайдаш ҳам қўлингиздан келмайди. Тепадан рухсат олмасангиз, бирор иш қилолмайсиз… Ўзим бўшаттираман. Ҳозир вилоятларингда милиса бошлиқлигининг ўрни қанча бўлди? Икки баравар бераман. Ўрнига… ана, ошпазни қўяман! Ҳар қалай сендан яхши ишлайди… Бор! Бор! Телефончи қизларингга яна яхшилаб тайинла, телефон қилишса дарҳол бу ёққа улашсин!

Болтабоев чиқиб кетади.

Э ш м а м а т о в — Шокиржон, деловойлик шаҳарга ярашади. Бу ер қишлоқ! Иш эргашиб келган бўлса, Тошкентга қайтариб юборинг…
Ш о к и р — Сафардаги оғайнилар олдинги кун “Қозоғистондан ўтамиз, Россияга етганимиздан телефон қиламиз” дейишганди. Ҳисобимча, кеча қўнғироқ қоқишлари керак эди. Негадир ҳаяллаб қолишди…
Э ш м а м а т о в — Ўрисияда нима кўп-ароқ кўп, нима кўп-қизлар кўп…. Бирор хилватда жонон маишат қилиб ўтиргандир-да….
Ш о к и р — Маишат қилиб ўтиришган бўлса-ку яхши… Аммо оғайниларим аввал ишни ўйлайдиган одамлар… Мени ўйлантираётган жойи-ўғлим ҳам улар билан кетган.
Э ш м а м а т о в — Ўғлингиз нимага кетади? Йўлдан қайтармадингизми?
Ш о к и р — Эшмаматов, сизга осон. Мўмайгина пулни олиб бемалол ўтираверасиз. Экадиган биров, сотадиган биров, жонини жабборга берадиган биров… Ўғлимни ўзим жўнатдим! Ҳамкор оғайниларимиз билан ўртамизга озроқ шубҳа аралашгандай туюлди менга. Машинада, давлатнинг поезди-ю тайёрасида қорин тўйдириш ғамида довдираган ғариблар молини олиб юради. Нима, мен шу ердан молларингни эшакка ортиб кетдимми?
Э ш м а м а т о в — Вертолётда…
Ш о к и р — У ёғига ҳам вертолётми, самолётми топилар… У сиз, тоғ ошириб- Тожикистондан эшакда юк ташийдиган….Ҳа, ана дўстларингга бир гапини айтиб қўяй, шу сафарги қорадори тоза эмас экан. Бир бало аралаштирибсизлар. Йигирма фоиз ҳақларингдан чегириб қоламан. Болтабоевга айтинг ҳар бир одамдан синчиклаб текшириб олсин… (Тўсатдан) Аммо ўғлимга бир нарса бўлса ҳаммасининг калласини узаман!
Э ш м а м а т о в — Хавотир олманг, Худонинг буюргани бўлади
Ш о к и р — Мана шу гап менга ёқди! Бандасининг буюргани бир тийин! Шунинг учун мен ҳар қандай бандасини буюрганини бир тийинга олмайман! Қорни борнинг – лафзи йўқ. Жони борнинг – жонидан умиди бор! Бу Оллоҳнинг бандасиман деган укағарни ҳаммасини сотиб олмоқ мумкин!… Э қўйинг шу гапларни! Мен-мен деганларни кўрдим! Эсласам кўнглим айнийди…Айтгандай, Эшмаматов, шу келишда бир яхши ният билан келдим. Отамни Самарқандга зиёрат қилдириб келмоқчиман.
Э ш м а м а т о в — Яхши ният қилибсиз, Шокиржон! Самарқанд бир қадам йўл-кўз очиб юмгунча…
Ш о к и р — Шуни айтаманда! Юз эллик километрми?
Э ш м а м а т о в — Юз эллик беш!
Ш о к и р — Шунга боролмаганлар-да! “Қўлим тегмади” дейдилар! Ишонасизми, отам Самарқандни ёд биладилар. Гапиртириб бемалол Самарқанднинг харитасини чизиш мумкин. Бизларга ҳам болалигимиздан Самарқандни гапираверганлар, гапираверганлар…. Калламизга сингиб кетган эканми, уч ака-ука ҳам Самарқандда ўқидик…. Овдан қайтиб келамиз-да, “хаю-хут” деб Самарқандга!… Қани , Эшмаматов, энди бир қадаҳ сўз айтинг! Юрагим ғаш бўлиб кетяпти, бир қизисин!
Э ш м а м а т о в — Авваломбор, бир муҳим нарсани таъкидлаб ўтишни истардим. Бозор иқтисоди сари дадил бораётган мустақил Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошира бориб, катта ютуқларни қўлга киргизмоқда. Сиз каби, Шокиржон, ишбилармонларнинг пайдо бўлиши ҳам мустақиллик шарофатидан! Юртбошимиз бошчилигидаги ҳукумат, Ватанни гуллаб-яшнатиш йўлида…
Ш о к и р — Ҳай-ҳай-ҳай… Эшмаматов! Эсингиз жойидами? Атрофга қаранг.! Неча киши ўтирибмиз?… Минбардаги, ўзингизга ўхшаган ёлғончилар даврасидаги қуруқ гапларингизни менга ҳам ҳар эҳтимолга қарши ўқийсиз-а!… Инсоф қилинг! “Юртбоши”, “Ватан”,”халқ” билан қачон сизнинг ишингиз бўлган. Бечора Шўро даврида ҳам гапни кўпиртириб, ўзингизнинг ишингизни битириб юравергансиз. Сизнинг шиорингиз зўр: лўли эшагини суғор, пулини ол!… Ҳеч бўлмаса, мени олдимда уялинг! Иккаламиз қилаётган гапларни она Ватан билиб қолса, пешонамиздан отади-ку!
Э ш м а м а т о в — (иккиланиброқ) Мен барибир Ватанимиз Ўзбекистон учун ичаман!
Ш о к и р — . Э одамни сиз билан ичгиси ҳам келмайди. Сизлар билан ўтирсам худди шайтон билан ўтирганга ўхшайман!

 

4

Ҳовли. Ч о л каравотда ёнбошлаб Б е ғ а м билан суҳбат қиляпти.

Ч о л — Келин, худди фариштага ўхшайсан. Одамнинг ўнг елкасида жами яхшиликка “омин” деб турадиган фаришта бўлар экан-худди ўшанинг ўзисан. Нима истасам, “омин” дейсан – муҳайё бўлади… Мана, кийикўтига ҳам етказдинг… Тоққа бориб келибсан-а! Чарчамадингми?
Б е ғ а м — Аксинча, чарчоғим чиқди, бобожон. Қирларда бир яхши шамол. Тоғлардан арчанинг, яна аллақандай гиёҳларнинг бўйи гуркираб турибди. Ҳаво бирам тоза!..
Ч о л — Болалигимда, олти-етти ёшлар эдим чамаси, Наврўз ўтар-ўтмас қаттиқ касал бўлиб қолдим. Иссиғим баланд. Ташқарида момогулдирак гуриллайди, чақмоқ чақади… Ака-укаларим кечқурун уйга устлари шалаббо бўлиб келишади. Қўлларида гоҳ қўзиқорин, гоҳ бойчечак… Уларга ҳавасим келади, уларга қўшилиб, югуриб дала-даштга чиқсам дейман… Бир кун чидай олмадим. Тонг саҳар, энам сигирни подага қўшгани кетганларида, гандираклаб турдиму далага чиқдим. Ипор излаб, адирнинг этагига жўнадим. Боришга бордиму келишда мадорим қуриб қалтирай бошладим. Уйдагилар йўқлигимни пайқашиб, излашга тушишган экан. Олисда энамнинг қорасини кўрган заҳоти йиқилдим… Кўтариб уйга элтишди. Ҳамма гапни эшитиб турибман, ҳамма нарсани сезиб турибман, лекин кўзимни очолмайман. Қўшни кампир кириб, “болани тамом қилибсизлар”, деб чиқиб кетди. Аммо ўзи шифо берса, ҳеч гап эмас экан, икки ҳафтада оёққа туриб кетдим. Раҳматли энам ипорга бориб касал бўлганим учун ният қилганлар эканми, бир кун “юр, ипорга борамиз” деб қолдилар. Бошига дард тушса, бола ҳам аллатовур бўлиб қолар экан. Ўшанда ипорларни узгим келмади. Бир гуллаб турган ипорга энгашдим-у, ҳидладим. Шунда агар ўлиб кетганимда, бу ипорларнинг бўйини ҳеч қачон тўйиб ҳидлаёлмаслигимни тасаввур қилдим. Ўша йил баҳор ҳам баҳор бўлганди-да! Ўту ўлан айқашиб ётибди. Жами гуллар Худо яратган барча рангларда гуллаган. Шамол турса, дашт тўлқин отади! Ҳалиги тасаввурдан кўзим ёшланиб, ипорнинг баргларига лабимни босдим. Энам ҳаммасини кўриб, тушуниб турган эканлар. Югуриб келиб, тиз чўкдилар-да, маҳкам қучоқладилар… Раҳматлик йиғлайдилар-ўпадилар, йиғлайдилар-ўпадилар…

Б е ғ а м чолнинг гапини тинглаб, ҳовли ўртасида қотиб туради. Ч о л хаёлга толади.

Сукунат.
Б е ғ а м — Яхши одам эканлар.
Ч о л — Ким?
Б е ғ а м — Онангиз-да
Ч о л — Табаррук эдилар
Б е ғ а м — У киши… сизни ҳеч урганмилар?
Ч о л — (кулимсираб) Китоб ўқиган келинимнинг саволини қаранг! Урганлар. Икки марта урганлар. Ўзимдан ўтган… Икки марта ҳам укаларимни урганим учун… “ўзингдан кучсизни яна урасанми” деб роса орқамга туширганлар… Ўзидан кучсизни хафа қилиш гуноҳ эканлиги ўшанда бир умр ёдимда қолган… Э ҳаммаси ўтди-кетди.
Б е ғ а м — Мени болалигимда ҳеч ким ургани йўқ. Аммам “акамдан қолган ёдгорим” деб эркалаганлари-эркалаган эдилар…
Ч о л — Беназир аёл.

Сукунат. Б е ғ а м қўзғалмоқчи бўлади.

Ч о л — Шошма.. Агар менга бир гап бўлиб қолса, сен “отам” деб йиғлагин, нордай уч ўғлим-ку сўнгагимни ерда қолдирмайди, аммо қизим йўқ… Отанинг азасини қизи обод қилади… Тушундингми?… Саодат келинга ҳам тайинлаганман.
Б е ғ а м — (овозини титратмасликка тиришиб) Ҳа… Тушундим, бобожон!… Фақат ундай деманг!… Тузалиб кетасиз…
Ч о л — Ўлим ҳар бир кишининг бошида бор, қизим. Кези келганда айтдим-қўйдим-да… Насиб қилса, Самарқандга бир бориб келсам… Кейин омонатимни топшириб кетавераман….
Б е ғ а м — Насиб қилади, бобожон, насиб қилади…
Ч о л — Айтганинг келсин.

Саодат чиқади

Ч о л — Саодат, чарчамадингми, қизим. Чой-пой ичиб ол… Ўзингни кўп ҳам уринтирма…
С а о д а т — Хамир қориб ташлай, кейин бир йўла ўтирарман.
Ч о л — Ҳозир хамир қормоқчимисан? Қўй, шу хамирингни. Бир кун-икки кун дўкондан нон олиб келиб турсаларинг ҳам бўлади.
С а о д а т — Уйнинг нони бошқача бўлади, бобо. Меҳмонлар келган. Жайдари нондан тотиб кўришсин.
Ч о л — Нон ёпаман дейсан, кир юваман дейсан, умрнинг ўтганини билмай қоласан, қизим. Мен сенга айтсам, одам боласи булоқ бўлиб дунёга келар экан. Булоқман дер экану, қараса, жилға эмиш. Булоқман дер экану, бундоқ қараса… денгизга-умрнинг сўнгига ҳам етиб келибди. Шунда-икки соҳил орасидан чиқмасдан, нимагадир орзиқиб, ниманидир кутиб, фақат югурганини сезиб қоларкан. Армон деган ҳасрат ўшанда пайдо бўлади, болам! Орқага қайтиб бўлмаса-умр ўтган-кетган… Шуларни ўйлаб баъзан сизларга бир гапларни айтгим келади. Аммо ичдаги дард сўзга айланавермас экан. Кейин айтган билан тушунасизларми, йўқми…Инсон зоти борки, ўзи бошини деворга урмагунча, бировдан ўтганини англамайди.
Б е ғ а м — Сиз ўксинманг, бобожон. Сизнинг умрингиз бекор ўтмаган.
Ч о л — Ҳамма одамни ҳам етмаган нарсаси бўлади-да… Мен бу жойга кўчиб келганимда, қорайган бир дарахт йўқ эди. Боғ қилдим. Чагананинг атрофидаги чексиз-чегарасиз боғларнинг ҳаммасини мен бош бўлиб эктирганман, кўкартирганман. Илк мевасини татиб кўрганда қувонганларим!… Шу жойларни обод қиламан деб, туман марказини ҳисобга олмасак, ҳеч жойга чиққаним йўқ. Мана, Самарқанд… Бир қадам йўл. Ишдан қутулиб шуниям кўролмадим-э!
С а о д а т — Худо хоҳласа, энди кўрасиз! Кеча ўғилларингиз — ака-укалар ўтиришиб роса маслаҳат қилишди. Раис ўғлингиз Жаҳонгаштани роса мақтади. “Яхши ният қилибсан. Отамдан биз оломаган дуо, худо хоҳласа, сенга насиб қилади”, деб алқади.
Ч о л — Жўрабойни дарди кўп… Умри узун бўлсин.
С а о д а т — Жаҳонгаштани айтмайсизми? Самарқандда сизни энг қимматбахо — четдан келадиган пошшолар турадиган меҳмонхонага жойлаштирармишлар…
Б е ғ а м — Нимага жойлаштирмас экан, жойлаштирадилар. Ҳеч бўлмаса, оталарини дуоларини олишлари керак-ку!
Ч о л — (хаёлланиб) Барака топишсин… Самарқандга бориб, яхшиларнинг қадамгоҳларини бир зиёрат этсам, бу ёруғ дунёда армоним қолмасди.
С а о д а т — (бахтиёр) Самарқандларни мен ҳам бир кўрсам… Телевизўрда кўрсатишади…Бирам чиройли… Байрамларида осмонларга шундай мушаклар отишади… Осмонга гулдасталар сочиб ташланганга ўхшайди…

Ч о л С а о д а т н и биринчи кўргандай аллатовур бўлиб қарайди.

Ч о л — Ичкарига кириб, бир оз дам олай…

Икки келин чолни ҳар бир ҳаракатини кузатиб, эшиккача борадилар.

Б е ғ а м — Опа, Самарқандни кўргингиз келаётган бўлса… юринг эртага биз билан.. Кейин Тошкентга борамиз. Тошкентни роса томоша қилдираман…
С а о д а т — Айланай Беғамхон!… Бу рўзғорни кимга ташлаб кетаман. Бу рўзғорнинг ғори мени ютиб юборган, эгачим…

Сукунат. Иккаласи бир ҳолда турадилар.

Б е ғ а м — Бу телефон қурғур ҳам гунг бўлиб қолди…. Опа ичимга чироқ ёқса ёришмайди..
С а о д а т — Нима гап ўзи…
Б е ғ а м — Мен ўзим бесабр аёлман. Биров бир хабарни кеча етказмоқчи эди. Дараги бўлмаяпти. Сиқилганимдан юрагим ёрилиб кетай деяпти.
С а о д а т — Беғамхон! Ой эгачим! Хавотир олманг! Дараги бўлади! Ё бир мушкулкушод қилиб юборайми? (Бирдан телефон жиринглайди) Айтмадимми! Мушкулкушодбибимдан айланай, номларини тилга олганимдан…

Беғам югуриб бориб телефонни олади.

Б е ғ а м — Алло! Алло! Ҳа Жўра аканинг уйлари… (бўшашиб) Опа, Бўри акани сўрашяпти.
С а о д а т — “Йўқ” денг. Адашиб тушишибди.
Б е ғ а м — Кечирасиз, бу бошқа кишининг уйи..

Болтабоев боғ эшикдан киради.

Б о л т а б о е в — Телефон бўлмадими, янгалар?
Б е ғ а м — (йиғлаб) Бўлмади! Бўлмади!…

 

5

Боғ. Базм давом этмоқда. Энди У ч у в ч и ва Х о р и ж л и к ҳам ўтирибдилар.

Ш о к и р — Бу Чаганаликларнинг илдиз отмаган жойи йўқ. Америкада ҳам томир отишибди-я. Мен сиз сўраган отанинг ўғиллари бўламан. Исмим Шокир. Бу киши туманнинг ҳокими Эшмаматов ака. Америкачасига айтсак, губернаторми, мерми, шунга ўхшаш катта одам.
У ч у в ч и — Мен Самарқанддаги авиаотрядда вертолёт учувчисиман. Мен ҳам Чаганаликман. Шу ерда мактабни тугатганман. Кориз гузарданман…. Америкадан келган меҳмон билан биз икки ака-уканинг неваралари эканмиз. Топишганимиздан кейин, суриштиришиб, шу қарорга келдик. Исму шарифлари Муҳаммад Чагана.
Х о р и ж л и к — (у аллақандай шарқ тилининг нуқси урган ўзбек тилида салмоқлаб, ҳар бир сўзида тўхтаб сўзлайди) Отамиз қишлоғимизнинг номини фарзандлар унутиб юбормасинлар ниятида исму шарифимизга Чаганани ҳам қўшганлар.
У ч у в ч и — Бу кишини қишлоғимизга келаётганларини эшитиб, мен ҳам ҳамма ишни йиғиштирдим-да, эргашиб келавердим. Отангизни бир кўрмоқ ниятим бор эди.
Ш о к и р — Бизнинг ота машҳур-да, учувчилар ҳам осмонларини ташлаб, ҳузурларига ташриф буюрадилар.
У ч у в ч и — Отангиз табаррук одам. Менга бир яхшиликлари ўтган… Ана шунгаям ўттиз йил бўлибди! Вақтнинг ўтишини қаранг! Амакини бир кўриб, кўнгилларини олай деб юраман. Охир мана, Муҳаммад ака билан топишганмизда, насиб қиладиган бўлиб турибди.
Х о р и ж л и к — Биз асли Чаганаликмиз. Ота-боболаримиз киндик қони тўкилган тупроқ- шу жой. Мен Афғонистонга кетганимда уч ойлик чақалоқ эканман. Отамни шўролар қамашган. Ўшанда “тилло топ” деб ўзбекни қама-қама қилишган экан. Қариндошлар маслаҳатлашиб, Афғонга кетишмоқни ихтиёр этишган. Кечаси битта-битта “Ё Афғонистон қайдасан?” деб кетишаверишган. Мен ҳам онамни қўлида мусофир бўлиб кетганман… Аввал Афғонистонда яшадик. Кейин Маккада ўн беш йил бўлдик, ҳозир Америкада истиқомат қилаяпмиз.
Э ш м а м а т о в — Ватанни соғиниб келибсиз-да. Мустақиллик шарофатидан…
Х о р и ж л и к — Соғинчдан гапирманг. Хамманинг Ватани бор, бизнинг Ватанимиз йўқ. зди… Фарангистон бир қадам йўл, Жапон бир қадам йўл. Фақат бизнинг Ватанга йўл йўқ. Умр бўйи юр — етолмайсан. Қанчадан-қанча одам “Ватан, Ватан” деб қон йиғлаб, ўлиб кетди.. Маккада бир Музаффар маҳзум деган одам бор эди.. Ўша “Шўро барибир йўқ бўлади. Одамларга шунча жабр-зулм ўтказганни Парвардигори Эгам соғ қолдирмайди. Агар Ватан озодликка эришганини эшитсам, оёқ-қўлим шол бўлиб ётган эрсам ҳам, Ватан сари ўн қадам ўрмалаб, сўнг ўламан” деб ғурур билан лутф этардилар. Истиқлолни мен Америкада эшитдим. Маккалик биродарларимизнинг айтишларича, бу мужда етганда, Музаффар маҳзум жон узаётган эканлар. Қулоқларига қичқириб айтишибди. “Жон бераётган бечоранинг кўзи ярқ очилди — худди пайғамбарни кўрган одамнинг кўзидай ярақлаб кетди” дейишади.
Э ш м а м а т о в — Шу гапингиз тўғри эмас. Одамлар Маккага бориб ўлишни орзу қилишади.
Ш о к и р — Муҳаммад ака, мана шу Эшмаматов жуда мусулмон одам. Куни тоат-ибодатда ўтади. Бировни ҳақига хиёнат қилмаган. Тумандаги одамларни мурод-мақсадига етказиб, коммунизмни… кечирасиз… Америкадан ҳам ўтказиб, бозор иқтисодини бошлаб юборди. Энди бир орзуси қолган — Маккага бориб ўлмоқчи…
Х о р и ж л и к — (Шокирнинг оҳангини англамай) Муродларига етсинлар.. Одамнинг кўнгли худога яқин бўлса, Макка ҳамма жойда бор..
Ш о к и р — Қишлоққа меҳмонга келиб яхши қилибсиз…
Х о р и ж л и к — Онам раҳматлик Чаганадан кўп ҳикоя қилар эдилар. “Чагананинг тўрт тарафини тоғ ўраб турибди. Ҳовлимиз Чаганани кесиб ўтган катта сойнинг ёқасида. Уйимиз Чаганадаги энг кўркам уй. Ҳовузи бор. Тегараси тол” … У-бу жойга кириб чиқдик, хеч ким билмади. Одамлар, билса, сизнинг отангиз билишини айтишди.
Ш о к и р -. Бизнинг ота ҳамма нарсани билади!

Эшикда ч о л кўринади. Бошдан-оёқ оқ кийимда. Қўлида ҳасса. У шу туришида, пайғамбаргами-ей, авлиёгами-ей ўхшайди. Ч о л н и ортидан Б о л т а б о е в ҳозиргина халқни қойил қилган сеҳргардай, икки қўлини ёйиб, қувонч билан юриб келяпти. Ҳамма ўрнидан туради.

Б о л т а б о е в — Мана, бобой соғ-саломатлар! Бир “куф-суф” дедим-да, касалларидан фориғ қилиб, меҳмонлар истиқболига олиб чиқаяпман!
Ш о к и р — Э худога шукур ота! Ўзингиз юриб боққа чиқибсиз-а! Келинг! Келинг.

Ч о л бирин-кетин ҳамма билан қўл олишиб, Х о р и ж л и к ва У ч у в ч и билан қучоқлашиб кўришади. Кейин стол атрофига ўлтирмоқчи бўлади, аммо дастурхондаги ичимликларга кўзи тушгач, нарироққа стул қўйишни ишора қилади. Учувчи чаққон туриб икки стулни олиб, нарироққа қўяди. Бирига Ч о л н и ўтқазиб, иккинчисига ўзи ўтиради.

Э ш м а м а т о в — Ҳеч касалга ўхшамайсиз. Туманимизнинг пешқадам меҳнат фахрийси “касалман” деб ётаверса, ислоҳотларни амалга оширишда раҳбариятга ким ёрдам беради! Бу ёшларни сизга ўхшаган фахрийларимиз бошқариб турса, бозор иқтисодига тезроқ кириб борамиз. Доим соғ бўлинг!
Ч о л — Қуллуқ. райкум улум, қуллуқ!
Б о л т а б о е в — Эшмаматов акамлар, райком эмас, туманимизнинг ҳокими бўладилар… Райком энди қолиб кетди!
Ч о л — Майли, ким бўлсалар ҳам райкумлар-да! … Бугун тузукман… Самарқандга сафарга боришимизни эшитиб, бирдан енгил тортдим… Меҳмонлар йўқлаган эканлар, ўзим юриб чиқмасам, уят бўлади деб… (Хорижликка) Хуш келибсиз!
Х о р и ж л и к — Хушвақт бўлинг!… Бу Самарқандга дам олиш кунлари тушиб турсаларинг керак-да?
Ч о л — (кулиб) Бир умр меҳнат қилиб, дам олиш куним энди келганга ўхшайди, меҳмон. Насиб этса, Самарқандга биринчи боришим бўлади.
Х о р и ж л и к — Тушунмадим. Қайси Самарқандни айтаяпсиз?
Ш о к и р — Меҳмон, ажабланманг, ўша Амир Темурнинг пойтахти Самарқандни айтаяпмиз…
Х о р и ж л и к — Самарқанд бир қадам йўл-ку! Наҳотки… Баракала-э сизларга!
Ш о к и р — Э бизнинг халқ, меҳмон, қўйдай гап. Қорни тўйса иссиқда эриб ётаверади. Фақат сўйишётганда бир “ба-а” дейди холос. Оёқ-қўлини боғлагунча ҳам индамайди. “Мени оёқ-қўлимни боғлаяпти-ку” деб ўйлаб ҳам кўрмайди. Фақат бўғзи шартта кесиб ташлангандан кейин жон ҳолатда типирчилайди… Мен Америкага ҳар борганимда қойил қоламан. Битта хўжайин бор. Қонун! Бизда қонунни ёзганларнинг ўзи бузади. Мана, иккита қонунбузар ўтирибди! Халқининг бошида нима савдо борлиги билан бир тийинлик ишлари йўқ! Чўнтаклари тўлса, бўлди!
Э ш м а м а т о в — Сиз ўзингиз халқни кўп ўйлайсиз-да, Шокиржон! Бошқа ишингиз йўқ, топ-тоза имонингизни устида ястани-и-иб, фақат халқни ўйлайсиз!
Ш о к и р — Сен итдан тарқаганлардан менинг фарқим шуки, мен ўзимни кимлигимни яширмайман. Ичим билан, ташим бир. Сен укағарларга ўхшаб артист эмасман! Болтабоев! Сени нимага юборган эдим! Телефон қилишдими, йўқми?
Б о л т а б о е в — Сўрадим… Қилишмабди….
Ч о л — Шокир! Сен бегона юртларда юравериб… ўзингни сал ташлаб юборибсан… Меҳмонларни олдида, оғзинга қараб гапир, болам.
У ч у в ч и — (Гапни чалғитиб) Ота, акам сизни йўқлаб келганлар…
Ч о л — Нима хизматлари бўлса, бош устига.
Х о р и ж л и к — Биз ғамхона юртларга кетишимиздан аввал шу Чаганада ҳовлимиз бўлган экан. Худо соҳиб, агар омон қолган бўлса, бир кўриб тавоф қилсам деган ниятда…
Ч о л — Кимларнинг авлодидан бўласиз?
Х о р и ж л и к — Бобомни Абдусамад Тўқсоба дер эканлар. Падари бузрукворим Тангриқулибек…
Ч о л — Ана гапу мана гап!.. Тангриқулибекдан туёқ қолган экан-да!… У билишимча, ўттиз биринчи йил йўқ бўлиб кетган. “Отишибди” деб гапириб юришди… Йигирма бир ёшларида кетди валламат!… Мен у кишидан етти ёш кичикман… Суюнчини ҳозирлай беринг, меҳмон! Сизларнинг ҳовлингиз бор!
Х о р и ж л и к — (ҳовлиқиб ўрнидан туради) Қаерда?
Ч о л — Ўтиринг! Ўтиринг…
Б о л т а б о е в — Чаганада қадимги уйлар қолмади ҳисоб…
Ч о л — Абдусамад Тўқсобанинг ҳовлилари қолган. Раҳматлик боболари ҳавас билан қурдирган эдилар. Раҳмат калнинг улини идорасини оти нима?
Э ш м а м а т о в — “Заготзерно”ни айтаяпсизми?
Ч о л — Худди шу идора жойлашган иморат – Абдусамат Тўқсобанинг ҳовлиси!
Х о р и ж л и к — Ҳовузиям борми?
Ч о л — Бор!
Х о р и ж л и к — Теграсида толлари…
Ч о л — Қучоққа сиғмайдиган толлари бор!
Х о р и ж л и к — (кўзи ёшланиб) Етказганга шукур! Энамнинг орзуларини ўнгимда кўрадиган бўлдим…Бизга узр! (Учувчига) Бўлинг, кейин келиб ўтирамиз… Ота, дастурхонга бир фотиҳа ўқинг!
Э ш м а м а т о в — Меҳмон шошманг… Бу… қизиқ бўлди-ку! Янги тижорат бозори қурамиз деб…
Х о р и ж л и к — (чўчиб) Ҳоким ака, биз борайлик…
Э ш м а м а т о в — Қаёққа борасиз? Янги тижорат бозори қурилишини бошлаганмиз. “Заготзерно”нинг иморати шу бозор қуриладиган жойда экан. Ўн беш кун бўлди – бузиб юбордик…
Х о р и ж л и к — Ўн беш кун! … Парвардигор! Кароматингдан!…

Сукунат.

Ш о к и р — (хахолаб кулади) Меҳмон, Эшмаматовдан хафа бўлманг. Бу киши одамларни орзусини бузиш бўйича мутахассис. Коммунистлик чоғларида “коммунизмга элтамиз” деб одамларни эргаштириб жўнаганлар. Кейин халққа шаматалоқни кўрсатдилар-да, “мамлакатни қайта қурамиз” деб енг шимариб ўртага тушдилар. Ҳамма ишониб, ширин орзу-хаёллар сураётган пайтда, “бозор иқтисоди сари олға” деб югурдилар… Энди Абдусамат Тўқсобанинг ҳовлисини бузиб, роҳат қилиб ўтирибдилар…

 

6

Ҳовли. Қ о с и м н и С а л и м а суяб киради.

Қ о с и м — Барибир касал бўлиш яхши! Ҳеч бўлмаса, суяб юришади… Меҳрибонликлари учун раҳмат…
С а л и м а — Юринг, каравотга ётинг.
Қ о с и м — Энди бошимда алла айтиб турадиган энага топиб берсангиз. Худди Пушкиндай ухлаб қоламан. Пушкиннинг худди ўзидай. Тушимда “узоқ соҳил ва ўзга ҳаёт”ни ҳам кўришим мумкин. Тушимда “узоқ соҳил ва ўзга ҳаёт”нинг қоқ ўртасига бориб, барча дарду ташвишлардан фориғ бўлганимча, осмонда қушдай учиб юришим мумкин. Аммо мана бу – сизларнинг соҳилларингизга қайрилиб қарамайман. Чунки қайрилиб қарасам, бир томчи ёшга айланиб, Салима, сенинг ёноқларинга томаман.
С а л и м а — Мени юрагимга аллақачон ёш бўлиб томгансиз. Менга қаранг, кўз ёшдан нима фарқим бор?
Қ о с и м — Иккаламизнинг ҳам кўз ёшдан фарқимиз йўқ, Салима!
С а л и м а — Илоё, хор бўлманг, аммо мени хор қилдингиз!
Қ о с и м — Сен мени хор қилдинг, Салима! Сен мени хорликдан ҳам хор қилдинг. Юрагимга қара, зўриққанидан парчаланиб кетай деяпти… Парвардигордан кейин энг яхши кўрган одамим-сен! Ҳар кун намоз ўқиётганимда сени ҳаққингга ҳам дуо қиламан. “Қодир Эгам”, дейман, шу аёлни бахтиёр қил дейман! Мен уни яхши кўраман дейман! Мени бандам деб билсанг, шу аёлни ўксинтирма дейман! Ҳар бир заррам билан, ҳар бир хужайрам билан, руҳимнинг ҳар бир тола ёруғи билан сени алқайман!Яна нима қилай. Салима?
С а л и м а — Мен сизни деб уят-ҳаёни йўқотдим!… Тўққиз йил бўлди оромим йўқ! Сизни деб ҳамма нарсамдан кечдим! Ота-онамни юзини ерга қаратдим! Оиламдан воз кечдим! Эримдан ажралдим! Мана, орқангиздан шармандаликни бўйнимга олиб, эргашиб юрибман! Ёлвораман, бандимдан узилай-узилай деб турибман, тўкилмасимдан олинг мени! Хотинликка олмасангиз, канизликка олинг! Чўрингиз бўлай!…

Беғам ва Саодат кирадилар.

Қ о с и м — Ана, янгалар келишди! Энди тўйни бошласак ҳам бўлади…
С а о д а т — Афғон, сизга нима бўлди? Нега рангингиз оппоқ? Салимахон, тинчликми?
С а л и м а — Ўзларидан сўранг!…Қон берганмишлар!… Қизлар мени чақириб чиқишди. Борсам, қон топширган сахий йиқилиб ётибди… “Ҳам қўшнисисан, ҳам ҳамширасан-қарайсан” деб мени ҳамроҳ қилиб юборишди…
С а о д а т — (Қосимга) Акангизни чақиртирайми?
Қ о с и м — (Саодатга) Янга … Шаҳарлик келинойимни қўрқитиб шовқин солманг-да!
С а л и м а — Сиз ҳам ҳаммани қўрқитиб юрманг!
Қ о с и м — Гуноҳкормиз!
Б е ғ а м — Нима бўлди ўзи? Тушунтиринглар!… Қалтираб кетяпман.
Қ о с и м — Э, келинойи, нимага қалтирайсиз? Янга, тинчланинг. Ҳозир бир бошидан гапириб бераман! Фақат гап ўртада-акаларим билмай қўя қолишсин… Мен … қон бердим.
Б е ғ а м — (хаяжонланиб) Кимга?
Қ о с и м — Билмайман кимга.
С а о д а т — Афанди Афғон қайноғам…
Қ о с и м — Кўчадан ўтиб кетаётиб, симёғочга ёпиштириб қўйилган: “Азиз фуқаролар! Донорлик — эзгу ишдир. Ҳар томчи қонингиз кимнидир ҳаётини сақлаб қолади” деган эълонни ўқидим-да… қон топширдим. Менга бу эълондан икки жумла ёқди. “Азиз фуқаро!” деб ўқидиму мурожаатнинг самимийлигидан кўзларимга ёш келиб кетди. Чиндан “азиз фуқаролар” қаторига қўшилгим келди. Кейин “Ҳаёт” сўзи… Ҳаёт! Қандай буюк сўз! Мен-Қосим энди ҳаётни асраб қоламан!
С а о д а т — Афғон, ўзингиз аранг юрибсиз, сизда ортиқча қон нима қилади…
Қ о с и м — Чиндан исталса қон топилади… Аммо энг муҳим гап бошқа жойда… Энди мен мангу яшашим мумкин! Масалан, Навоийдай, Бобурдай… Улар одамларнинг юрагида яшасалар, мен томирларида яшайман.
Б е ғ а м — Сиз … томирларида?..
Қ о с и м — Ҳа, мен! Янга! Келинойи! Билиб қўйинглар, бу Афғоннинг қони тоза! Мени ҳеч кимни олдида уялтириб қўймайди….Тасаввур қилинг, менинг қоним махсус жойларда авайлаб сақланади. Масалан, олтинни қандай асрашса… Кейин бир кечаси, менга бу воқеа негадир кечаси бўладигандай туюлаяпти – қонсираб ётган беморга қонимни қуйишади. Менинг қоним, тушунаяпсизми, менинг қоним беморнинг вужудига янги ҳаёт олиб киради! У яшайверади, яшайверади! Мен ўлиб кетсам ҳам у яшайверади! Қоним ундан фарзандига ўтади. Фарзандидан неварасига ўтади, неварасидан чеварасига, эварасига… Хуллас, мен мангу яшайман! Устидан кулган айёр дунёдан Қосим афғон шу тарзда ўч олди! Бопладим уни! Мени енголмади – бировга бир кун бахт берса, ўн ҳафта бебахтлик улашадиган дунёларинг…
Б е ғ а м — У ҳаммамизнинг дунёмиз, Афғон, ҳаммамизнинг дунёмиз…

У беихтиёр телефонга қарайди. Бориб телефонни ушлайди. Шу ҳолда қотиб туради-да, йиғлаб юборади.
7
Боғ. Эшматовдан бошқа олдинги саҳнадагиларнинг ҳаммаси шу ерда. Ш о к и р билан Х о р и ж л и к боғнинг тўрида гаплашиб туришибди. Болтабоев уларнинг суҳбатига қўшилолмасдан, нарироқда айланиб турибди. Ч о л , Ж ў р а ва У ч у в ч и алоҳида гурунглашаяптилар.

Ж ў р а — Ота, бу киши сизни танир эканлар!
У ч у в ч и — Амаки, мен сизни танийман.
Ж ў р а — Бу кишини танидингтзми?
Ч о л — Қариликда, болам, кўз қурғур…
У ч у в ч и — Мени танийсиз, амаки… кўргансиз…
Ч о л — Шошма… шошма…
У ч у в ч и — Танидингизми?
Ч о л — Ёшлар тез ўсади, болам. Ойда, йилда кўзим тушиб турганларни танийман.
У ч у в ч и — Менга кўзингиз тушмаганига ўттиз йил бўлди. Мени отмиш еттинчи йил, қовун пишиғида – бозорда кўргансиз.
Ч о л — Э шунақами?
Ж ў р а — (кулиб) яқинда танишган экансизлар…
У ч у в ч и — Энди эсладингизми?
Ч о л — Кечирасан, болам…
У ч у в ч и — Менга қовун олиб бергансиз…
Ч о л — Эллик саккизинчи йил… Эллик саккизинчи йил…
У ч у в ч и — Қовун сотувини эсланг… Ориқ, кўзлари нурсиз одам эди…. Танимадингиз, амаки, танимадингиз…(Жўрага) Олтмиш еттинчи йил баҳорда отам қазо қилган эдилар. Беш бола онам билан қолдик. Болаларнинг энг каттаси мен. Мен ҳам нечага кирганман? Ўн тўртга! Отамизга суяниб яшаганмиз-ўзимизни бу ёққа урамиз, у ёққа урамиз…Онам бирдан чўкиб, камгап бўлиб қолдилар. Баъзан қилаётган ишларидан тўхтаб, бир нуқтага тикилиб қолардилар. Кўзларига қарасам, жиққа ёш… Қовун пишиғига келиб, отамнинг ғуссаси онамни йиқитди. Тушунарсиз бир касалга мубтало бўлдилар… Бир кун ётган жойларидан қўлимга бир сўм тутқаздилар-да, “Қовунга кўнглим кетаяпти, болам, бозорга чиқиб кел”,- дедилар. Ҳозир ҳам эсимда, ғижимланган, эски бир сўмлик. Тернинг хиди келарди… Хуллас, бозорга бордим… Кўзимга яхши кўринган битта қовунни танлаб, бир сўмни сотувчига узатдим. Сотувчи кўзимга бир қараб: “Бор, тошингни тер” деди.
Ж ў р а — Вой, уйинг куйгур-эй! Ўша пайтда ҳам бор экан-да! Буларнинг уруғи қачон қурийди…
У ч у в ч и — Савдолашган ҳам бўлдим, ялиндим ҳам – бермади, номард. Хўрлигим келиб кетди. Йиғлаб юбордим… Отангиз четдан бу машмашани кузатиб турган эканлар. Шитоб билан келиб, сотувчининг қўлидан қовунни шартта юлиб олдилар-да, менга тутқаздилар. Худди совуқ қотгандай қалтирайдилар денг… Бир даста пулни ҳалиги шўрликнинг тумшуғига тиқиб уруша кетдилар, уруша кетдилар… “Қанча пул керак сенга! Инсофинг борми? Кошки шу гўдакнинг бир қатра ёшига арзисанг…”
Ж ў р а — Бизнинг ота молодец!
У ч у в ч и — Энди танидингизми, амаки?
Ч о л — Эсим қурсин болам, эсимда қолмапти… (гапни буриб) Хизматлар қаерда?
У ч у в ч и — Самарқандда…
Ч о л — Ана холос! Мен ҳам Самарқандга кетяпман, болам. Барака топгур Шокиржон, “бўлинг, тез кетдик” деб турибди. Улуғларнинг қадамгоҳларини зиёрат қилмоқчиман…
У ч у в ч и — Эшитдим, ота, эшитдим… Яхши ўйлабсизлар! Самарқанд зўр жой! Бизнинг тирик тарихимиз!
Ч о л — Регистонни, Гўри Амир, Шоҳи Зиндани… ҳаммасини бир айланиб кўрмоқчиман…
У ч у в ч и — Амаки, уларни юриб эмас, учиб томоша қилмоқ керак. Қадимги бинолар осмондан жуда гўзал кўринади. Атрофда кўп қаватли, замонавий иморатлар, асфальт кўчалар, машиналар… улар эса салобатларидан, залворларидан ўзларини ноқулай сезаётгандай хомуш турадилар…Шошманг, кўнглимда бир яхши ният туғилди… Ҳозир туғилди!… Амаки, сизни ўзим Самарқандга олиб бораман. Кейин сизни вертолётимга чиқараман-да, осмондан туриб, Самарқандни томоша қиласиз! Ўшанда осмондан Самарқандни кўриш бошқача эканлигига ўзингиз ҳам амин бўласиз. Ерда юргингиз келмай қолади.
Ч о л — Қуллуқ, болам, қуллуқ! Ҳимматли йигит экансиз! Аммо Шокирнинг иши битиши билан жўнайдиган бўлиб турибмиз…
Ж ў р а — Дўстим, ҳақиқатдан ҳам учувчи экансиз. Мен ҳам бу дунёнинг ишларига бир осмондан туриб қарашим керак… Жуда ичида яшаяпман-да!..Хоҳламасам ҳам тегиб кетаман, истамасам ҳам устимга ўзи бостириб келади…
У ч у в ч и — Биз ҳам ерга тушиб турамиз… Фақат осмонда яшашга керосин ҳар сафар етмай қолади. Осмоннинг ҳам нархи баланд… Хуллас, амакини ўзим олиб кетаман.
Ж ў р а — Отам бу сафар Шокир билан бормаса бўлмас…
Ч о л — Шокир оғринади… Болам, ҳали Самарқандга кўп бораман. Сенга ҳам навбат тегиб қолар…
У ч у в ч и — Фақат ваъдангизда туринг-сизга Самарқандни осмондан кўрсатаман… Худо хоҳласа, бир атайлаб келаман. (Қўзғалади)

 

8

Б е ғ а м телефоннинг ёнида ўтирибди. Боғдан Шо к и р чиқади.

Ш о к и р — Беғам… Нега кўзларинг қизарган? Йиғладингми?
Б е ғ а м — Йиғладингми?
Ш о к и р — Нега йиғлайсан?
Б е ғ а м — Мен сизга турмушга чиқаётганда, бир умр йиғлашни бўйнимга олиб чиққанман.
Ш о к и р — Беғам, сени яхши кўраман. Сен эса менга йигирма йилдан буён ёвга қарагандай қарайсан. Мен билан пинҳона жанг қиласан. Ўзингнинг бир чегараларинг бор. У жойга мени яқинлаштирмайсан хам…
Б е ғ а м — Дадаси, эски гапларни қўзғаманг.
Ш о к и р — Тошдан қаттиқ экансан. Бировни шунча ёмон кўриб ёнида ҳар кун яшашни сендан бошқа ҳеч ким уддалай олмайди. Бир қарашда шундай мўмин-қобил аёлсан. Аммо ичинг…Тош!…
Сукунат.

Б е ғ а м — Огоҳлантириб қўяй, сафарда ўғлимга бирор зиён етадиган бўлса…
Ш о к и р — Етмайди!
Б е ғ а м — …Икки қўлим ёқангизда бўлади. Ўзим билан бирга сизни гўргача олиб кетаман.
Ш о к и р — Беғам!… Оббо!..
Б е ғ а м — Энди сиздан бир илтимосим бор. Ўғлим эсон-омон қайтиб келса, иккаламизни алоҳида яшашимизга рухсат беринг.
Ш о к и р — У менинг ҳам ўғлим!
Б е ғ а м — Ўғлингиз нашафурушликдан нарироқда ўссин…
Ш о к и р — Беғам, сенга ҳеч қачон рухсат бермаслигимни биласан-ку!
Б е ғ а м — Биламан.
Ш о к и р — Сени яхши кўришимни биласан-ку!… Воҳ укағарнинг қизи! Сендан бошқа ҳаммани енгдим. Дунёнинг қайси четига бормай, кўзимга мўлтираб қарашади…. Фақат сен таслим бўлмадинг…
Б е ғ а м — (овози титраб) Бирор ҳаракат қилинг! Ўғлимдан нега хабар йўқ. Одам ҳам ўз боласини қорадорифурушларга ишонадими? Сизда юрак қолмаган ўзи.
Ш о к и р — Мен ўғлимни ҳақиқий йигит бўлмоғини истайман… Исроилнинг ўзининг ҳаракати бор. Каратэдан учинчи қора белбоғ соҳиби, боксдан, ўзбекча курашдан спорт устаси, милтиқ отишдан ҳам шундай… Бировга бурнини қонатиб ўтирмас…Яна бир гап – ҳамма жойда мард ютади.
Б е ғ а м — Сизми мард?
Ш о к и р — Мардлигим учун ҳам мендан нафратланадиган аёлни бир умр хотин қилиб юрибман…
У боққа кириб кетади. Тоғора кўтарган Саодат саҳнага киради.

С а о д а т — Беғамхон! Жаҳонгашта билан уришдингиз-а…Уришманг. Шундай одам билан ҳам уришасизми? Еганингиз олдингизда, емаганингиз орқангизда, устингизда кийимларнинг асли, бунинг устига эрингиз қош-қовоғингизга қараб турса….
Б е ғ а м — Опажон… Опа … (титраб-қақшаб ўзини Саодатнинг елкасига ташлайди. Саодат Беғамни бир ажиб меҳрда овутади.) Мен уни ёмон кўраман, опа…
С а о д а т — Нега ёмон кўрасиз? Хотин ҳам эрини ёмон кўрадими? Яхши кўришиб, Самарқанддай шаҳарларда ўйнаб-кулиб юриб турмуш қилган бўлсаларинг…
Б е ғ а м — (ўзини босиб олиб, ўзини тартибга солар экан) Қанақа севги опа… У … бир ҳайвон-ку!
С а о д а т — Ойэгачим…Ойэгачим! “Астағфируллоҳ” денг!
Б е ғ а м — Самарқандда ўқиб юрганимда мени бошқа яхши кўрган одамим бор эди. Қайнағангиз орқамдан эргашиб олди. Яхши гапни ҳам тушунмайди. Ҳеч нарса кўринмайди кўзига. Менинг одамим билан муштлашиб ҳаммани безор қилди. Ётоқхонадан чиқолмай қолдим. Бир кечаси хонага бир ўзим қолганимда кириб келди… Кучим етмади. “Энди менга тегмасдан иложинг йўқ” деди кейин. Мен шу иложсизликнинг орқасидан эргашдим.. Ҳозиргача эргашиб юрибман…Яхши кўрган йигитим эртаси келди. Мен Шокиржонни яхши кўришимни, унга турмушга чиқишимни айтдим… Ҳозир ҳам эсимда турибди: менга тикилиб, кўзидан ёши оқаяпти, оқаяпти.. мен ҳам йиғладим… Шу туришимда билмадим қанча турдик… Сўнг бир оғиз сўз демасдан чиқиб кетди… Ўн йиллардан кейин ўлганини эшитдим… Ичиб-ичиб, жигарини ароққа едириб-едириб ўлибди…
С а о д а т — Худо раҳмат қилсин….
Б е ғ а м — Менинг бир аммамдан бошқа ҳеч кимим йўқ. Дардимни кимга айтаман. Исроилжонга бош қоронғу бўлиб қолган эканман …Тўй ҳам қилмасдан яшаб кетавердик. Хуллас, шу опа… Юрибман қандай яшаётганимни билмасдан…

Саодат билан Беғам жим қоладилар. Сукунат.

С а о д а т — Бу дунё савдосининг охирига етиб бўлмайди. Ана, Афғон ҳам юрибди-“оҳ” урса, ўт пуркаб…
Б е ғ а м — У кишига нима бўлган опажон?
С а о д а т — Афғон бола Самарқанддан ўқишини битириб келган йили қўшнимизнинг қизи Салимага ошиқ бўлиб қолди. Салима мактабни эндигина тамомлаган – гулдай очилган пайти.. Бир қариндошларига унаштирилиб ҳам қўйилган эди. Афғон бўлса, Мажнунни ўзи — тоғни талқон қиламан дейди. Салима эса ёш — ота-онасининг этагидан чиқолмади… Гапи ерда қолганини сезган Афғон Афғонистонга урушга кетишга ариза ёзди. Айни Салиманинг тўйи куни, армияга кузатиб келдик… Афғонистондан урушни тугатиб чиқар куни, Афғон Амударёга етай-етай деганда, ярадор бўлибди. Уруш тугагандан кейин озиб-тўзиб кириб келди. Салима бир кун Афғонни кўчада кўриб қолибди… У ёғи менга қоронғу. Салима эридан ажралди. Отасиникида яшаяпти… Иккови ҳам бир-бирини яхши кўради, аммо билмасам, нимага турмуш қилмайдилар… Бир-бирини азоблаб юришибди-да… (Қўзғаларкан) Худо инсофларини берсин…

У ташқарига чиқади. Шокир қайтиб киради.
Ш о к и р — Беғам…
Б е ғ а м — Ҳа …
Ш о к и р — Мен сени яхши кўраман.
Б е ғ а м — Барака топгур, менга ўғлимни соғ-саломат қайтариб беринг…
9

Боғ. Э ш м а м а т о в билан Ж ў р а боғда ниманидир қизғин баҳс қилиб, айланиб юришибди. Қ о с и м билан Б о л т а б о е в столнинг атрофида.

Б о л т а б о е в — Ука, сенга акаларингнинг ҳурмати тегинмай юрибмиз… Ўзинг бўлсанг…. Афғончи аскарларнинг йиғинида мени “нашафурушларнинг бошлиғи-мафия” дебсан-а! Қисиб юр! Мен сендай афғончиларни кўпини кўрганман!
Қ о с и м — Мен нашаванд эмасман, яхши биласан. Аммо Афғонистондаги ифлос урушда бўлганингда, фақат нашани эмас, бутун дунёни чекиб юборардинг… Буни сен тушунмайсан.
Б о л т а б о е в — Сизлаб гапир….
Қ о с и м — Ҳозир ҳам худди урушдагидек. Ҳеч кимни бу дунёга кераги бўлмай қолди.. Одамнинг қадри йўқ. Сенга ўхшаган нашафурушлар эса мендай хасталарни кўпайтирмоқчи бўляпсанлар. Чунки сизларга соғ одам керак эмас. Соғ одам ноқулай-ҳуқуқини талаб қилади, озодлик бер дейди, нон бер дейди, камчиликларингни гапиради… Бизни эса бошқариш осон: бир фасл бўлса ҳам озодлик берадиган оғуга-игнанинг учидек қорадорига – бор топганимизни бериб, имонимизни топтаб, ору номусимизни сотамиз…Аммо биз ўзимизга ўхшаганлар кўпаймасин деймиз
Б о л т а б о е в — Мен бор гапимни айтдим. Афғон бўлсаларинг ҳам қисиб юринглар Қўлларингдан хеч нарса келмайди!
Қ о с и м — Сен… Ҳаромни еявериб семирган чўчқа…тилингни тий. Ҳамма ёқни сотиб ололаман, деб мақтанаяпсанми? Дунёда ҳақиқат бўлмаса ҳам, бир сен учун ҳақиқатни кўрсатиб қўйиш қўлимдан келади. Пешонангдан отаман!
Б о л т а б о е в — Сенми? Ҳезалак! Икки сонингни ўртасига қара, ҳеч нарса йўқ! Отиш йигитларнинг қўлидан келади.
Қ о с и м — Нима дединг?
Б о л т а б о е в — Рангинг оқариб кетди-ку! Яширин сиринг ошкор бўлиб қолдими? Мен билмаган гап йўқ.. Шунинг учун айтаяпман, қисиб юр… Менинг ишимга бурнингни тиқма…
Қ о с и м — Болтабоев!… Иблис экансан!
Б о л т а б о е в — Қосим! Мен ҳақимда яна бир гап айтсанг, сенинг бу сиринг ҳам ҳамма жойга тарқайди…
Қ о с и м — Болтабоев! Буни тупроқ қилиб, устидан ғарчиллатиб босиб юраман, деб ўйлашинг хато… Шу гапларингни бекор гапирдинг… Воҳ бекор гапирдинг!

Ж ў р а билан Э ш м а м а т о в баҳслашиб столга келиб ўтиради.

Ж ў р а — Мен сизнинг ўрнингизда бўлсам, ҳокимликдан бўшаб, бошқа ишимни кўрардим.
Э ш м а м а т о в — Жўрабой. Бир пуфласам учиб кетадиган одамсан… Аммо Шокирбойнинг ҳурмати аяб юрибман….Ўчакишма.
Ж ў р а — Шокирни бунча ҳурмат қилиб қолдиларинг.
Э ш м а м а т о в — Шокиржон туманга катта ёрдам бермоқчи. Мармар заводини ҳамкорликда қурмоқчимиз. Фабрикани хорижлик дўстлари билан бирга қайта жиҳозламоқчи… Режалари кўп… Сизга ўхшаб фисқу фасод қилмасдан, укангиз амалий иш билан туманимизга ёрдам беряпти. Яқин келажакда – мустақиллик шарофати билан, Шокиржонга ўхшаб элим деб, юртим деб ёниб яшаётганларнинг саъйи ҳаракати туфайли туманимиз иқтисоди беҳад юксалиб кетади….
Ж ў р а — Бу ишларинг-ку яхши, аммо …
Қ о с и м — Ака, соддасиз шу гапларга ишониб ўтирибсизми? (Шокир боққа киради. Бир четга бориб ўтиради, унга ҳеч ким эътибор бермайди) Акам билан булар шерик…
Б о л т а б о е в — Оғзингни юм!
Қ о с и м — Булар ҳамма ишларини юз қилиб бўлишди!… Забт этмаган қасримиз қолмади, деб юришибди ўзларича бу ботирлар. Ҳозир наша бозорининг ишларини йўлга қўйишмоқчи. Бу иккаласи (Болтабоев билан Эшмаматовни кўрсатиб) тоғда кўкнори-ю наша эктиришади. Етмаганини Тожикистондан тоғ ошириб келишади. Шокир акам эса харидор!
Б о л т а б о е в — Қанжиқ, сенга ҳозиргина нима дегандим! Оғзингни йиртаман!
Ж ў р а — Ўв милиса, онангни!
Б о л т а б о е в — Сен аралашма! … Агар Шокирнинг ҳурмати бўлмаса….
Ш о к и р — (даврага яқинлашиб) Нима бўларди? Айт, мени ҳурматим бўлмаса, нима қилардинг буларни!… Ҳе, туққанингни!… (Болтабоевни ёқасидан ушлаб турғизади-да, қорнига бир уради) Беш грамм наша билан икки гилза ташлаб бажарадиган ишларинг буларга ўтмайди….
Ж ў р а — Ука… Шокир… Қосимнинг гапи тўғрими?
Ш о к и р — Ака, Қосим нима билади? Оғзига келганини валдираяпти-да.
Ж ў р а — Ҳали отам тирик. Мен ҳам ўлганим йўқ.Агар бу гаплар рост бўладиган бўлса, хафа бўламан…Ака-укачиликдан ажралиб кетамиз, Шокир.
Б о л т а б о е в — Қосимнинг боши наша чекавериб, айланиб қолган…
Ш о к и р — Сен қўшилма. Ҳали алоҳида гапим бор сен билан….Овга боргим келмай қолди бу машмашалардан сўнг…Толик хам… Бемаҳал ўлганини қаранг! Толга осиқ милтиқ сенга, ҳар хил майда гапларга қулоқ тутгунча, овга чиқ. Кўнглингни ёз…(милтиқни Қосимга туқазади) Зўрми?

Б е ғ а м эшикдан югуриб киради.

Б е ғ а м — Телефон!… Телефон!…(Шокирга) Сизни сўрашаяпти!

Қ о с и м д а н бошқа ҳамма ҳовлига йўналади. Қ о с и м қўлидаги милтиққа тикилиб тебранганича ўтиради. Унинг ўйлари узун…. Боққа Чол чиқади. Қ о с и м г а кўзи тушади. Аммо унга бирдам тикилиб тургач, боғнинг тўрига қараб юради. Бир фаслдан сўнг С а л и м а киради.

С а л и м а — Милтиқ қуллуқ бўлсин…
Қ о с и м — (тебраниб) Қуллуқ,… қуллуқ…қуллуқ….қуллуқ.
С а л и м а — Яна келдим.
Қ о с и м — Келавер, бу дунёда фақат сенинг келишинг учун яшайман…
С а л и м а — Мен бу дунёда фақат сизнинг борлигингиз учун яшайман!…
Қ о с и м — Мен сени кўзларингга термулиш учун яшайман!
С а л и м а — Мен сизнинг овозингизни эшитиш учун, ёнингизда бир лаҳза мана шундай тик турмоқ учун, қаршингизда дақиқада гуллаб, дақиқада хазон бўлишим учун!… Фақат сиз, сиз, сиз, сиз, сиз, сиз учун яшайман!!
Қ о с и м — Йўқ! Мен сен учун яшайман. Менинг орзуим, аъмолим, армоним, қисматим, бору йўғим-сенсан!…
С а л и м а — Фақат мени кечиринг! Унутинг ҳаммасини! Наҳотки, ёшлигимда ота-онам раъйини қайтаролмаганим учун шунча жазо берсангиз!..
Қ о с и м — (ғайритабиий овозда) Мен сенга … уйланолмайман…
С а л и м а — Нимага? Ғурур-иккаламизнинг ҳаётимиздан азизми? Мана, мен ҳамма нарсага тайёр турибман! Мени бағрингизга боссангиз-чи! Суякларимни синдириб, бағрингизда эритиб юборсангиз-чи!… (бирдан овози пасайиб) Сизга нима бўлган?!
Қ о с и м — Менга…ёмон… бўлган… Урушда… Афғонистонни ташлаб чиқаётганимда, Амударёнинг кўпригига етар-етмас мина парчаси теккан…
С а л и м а — Бунга тўққиз йил бўлди! Худога шукур, туппа-тузуксиз…
Қ о с и м — Мен сени яхши кўраман, Салима!… Ҳозир сенга бир гап айтаман, шу билан…
С а л и м а — Нима “шу билан”! Нима “шу билан”?!
Қ о с и м — Шу билан ёнимга қайтиб келмайсан… Ўша ярадор бўлганимда… Хуллас эрлик қилолмайман! Ҳеч кимга-дунёдаги бирор-бир аёлга ҳам эрлик қилолмайман! Кечириб ҳам, кечирмасдан ҳам эрлик қилолмайман! Яхши кўрсам ҳам эрлик қилолмайман, ёмон кўрсам ҳам эрлик қилолмайман! Салима! Кет энди! Худо ёрлақагур, тўрт тарафинг қибла!
С а л и м а — (орқага чекинаркан) Алдаманг… жон Қосим ака… Алдаманг…
Қ о с и м — Бор. Бор….
С а л и м а — (ундан чекина бошларкан, Қосимга бемажолликда қўл чўзиб) Ўзимнинг бебахтим… Бахтиқаром… Бахти қурбонликка сўйилган Қосим акам! Мен туфайли бахтини урушларда ёқиб келган, суйганим…Бу дунёда сен ҳам, мен ҳам хор бўлдик!.. Хазон бўлдик. Иккаламиз ҳам очилмасдан тўкилдик… Боғларимиз ёнди…. Тоғларимиз кесик бўлди… Бирга юрай десак, ҳатто саҳромиз ҳам йўқ… Ўзимнинг бебахтим.. Бахтиқорам.. Ўн гулидан бир гули очилмасдан сўлган баҳорим! … Дунёнинг ҳамма кузлари жамланган баргихазоним! Мен бир бўйларинга тўймасимдан тўкилдингми?.. Бу хазон бўлгур дунё сени ҳам хазон қилдими? Воҳ! Куйиб кетдим! Дўзахларингни ўти ёндирди мени!… Ўзимнинг бебахтим!.. Бахтиқорам…

У чекина-чекина, Қ о с и м г а қўл чўза-чўза талпинганича чиқиб кетади. Қ о с и м тирик-ўлик бир тарзда қолади. Ч о л ҳаммасини эшитган. У Қ о с и м н и н г ёнига келади.

Ч о л — Қосимжон, тур, болам! Ғам ичида ўтирма! Ўзингни силкиб ўрнингдан тур.
Қ о с и м — (ўрнидан туриб) Ота…
Ч о л — Гапирма, болам, гапирма. Эшитдим, ҳаммасини эшитдим.. (Бирдан Қосимни қучоқлаб) Воҳ болам! Мен гумроҳни кечир!.. Нимага мен сени урушларга юбордим! Нега йўлларинга тоғ бўлиб ётиб олмадим, болам! Сенга ота бўлиб, бу дунёда сабру тоқат қилганинга нега тушунмадим… Қосимжон! Кенжатойим! Сени бу кунларга қолдиргунча, ўлсам бўлмасмиди? Сени урушга олиб кетаётганларида нега мен қараб турдим? Ўша урушда мен ўқларга учрасам, армон қолмасди! Воҳ болам! Воҳ ёруғ дунёдан бетуёқ кетадиган тансиқ фарзандим!
Қ о с и м — (титраниб) Ота… Мен бу дунёдан изсиз кетмайман… Ишонинг, ота, менинг… изим қолади … Мен қон бердим…
Ч о л — Қанақа қон, болам, қанақа қон? Қонинг сени шунчалар кўпми ҳамма жойга тўкиб ташлайдиган?
Қ о с и м — Ота, мен.. Дўхтирга қон бердим…. Энди мен ўлмайман. Қонимни бир беморга қуядилар.. У тузалиб кетади. Қоним ундан фарзандига ўтади…
Ч о л — Бечора болам… Бек болам! .. Хон болам!
Қ о с и м — … Фарзандидан неварасига ўтади, неварасидан чеварасига ўтади…
Ч о л — Болам, гапирма…
Қ о с и м — Чеварасидан эварасига ўтади…
Ч о л — Хаёлкаш болам! Армонли болам!
Қ о с и м — Мен беиз кетмайман… Мен беиз кетмайман…
10

Ҳовли. Ч о л , Қ о с и м ва С а л и м а д а н бошқа ҳамма шу ерда. Ошпаз ҳам тик турибди. Энди у чарм курткада.

Ш о к и р — Алло.. Гапир! Гапир! Эшитаяпман! Сен гапиравер, аҳволимни сўрамасдан!.. хўш.. хўш… яна нима гаплар.. Бўлдими? Энди мендан эшит. Мен етиб бораман. Молнинг икки баравар ҳақини берамиз деб ушлаганларга қатъий сўз беринглар!… Ишонтиринглар! Қолганини ўзим тўғирлайман. Тушундингми? Тушундингми деяпман! (Трубкани зарб билан қўйиб) Қўлга тушибди, ношудлар!..Тезлик билан етиб бориш керак.(Ошпазга) Тумандан чиқаверишда Телпакли деган яйлов бор. Ўша жойга вертолёт чиқар… Мен фақат иккита йигитинг билан учаман.. Қолганларни Москвада оламан.
Э ш м а м а т о в — Мен энди борай, Шокиржон, ишлар кўп, бугун қўшиқ танловимизнинг якуни…
Ш о к и р — Бораверинг, Эшмаматов, бораверинг.. Чўкаётган кемани тарк этишга мудом ҳозир каламуш эканлигингизни яхши биламан.
Э ш м а м а т о в — Болтабоев, шляпам қаерда?
Б о л т а б о е в — Ўтирган жойимизда. Боғда.. Юринг, бирваракайига ўша ёқдан сизни кузатиб қўяман…
Ш о к и р — Шошманг. (Ичкарига кириб дипламат кўтариб чиқади) Эшмаматов… Болтабоев! Мана сизларники… (Жўрага тушунтириш бериб) Дўстларни сийлашни яхши кўраман… Болтабоев олинг! (Гўё ҳазилдай) Ўзи шу совғани бермасам кетмасдиларинг. Ичида эллик минг кўк қоғоз бор… Биздан розимисизлар?
Э ш м а м а т о в — (шошинқираб) Раҳмат, раҳмат….
Ш о к и р — (уларни боғ эшиги томонга кузатиб юраркан, фақат иккаласига эшитиларли қилиб) Эшмаматов, иштонингизни ҳўл қилиб қўйдингиз-ку! Бундай ишлар кўп бўлиб туради. Фақат ўғлимнинг борлиги озгина кўнгилни ғаш қилди… Мен икки ҳафтада келаман. Мол тайёр турсин.
Б о л т а б о е в — Омонлик бўлса, мол тайёр…
Ш о к и р — Болтабоев! Каллангни узаман! Нега омон бўлмас эканмиз?… Ҳа, сизларга ёқадиган гап. Мен ўша молларни ушлаганлар билан бирга икки хафтадан кейин меҳмонга келаман. Россиялик меҳмонларни бир яхшилаб меҳмон қиласизлар.
Э ш м а м а т о в — Улар танишларингизми, Шокиржон?
Ш о к и р — Пул ҳаммани танийди.. Яхши боринг.. Болтабоев, сен Эшмаматовни кузатиб, қайтиб кел. (Уларни кузатиб орқага қайтади. Беғамга кўзи тушиб тўхтайди.) Сен хам кетасанми?… Жўнайдиган бўлсанг, “Мерседес”да борасан..
Б е ғ а м — Исроил… Тинч эканми?
Ш о к и р — Тинч. Озгина…Хуллас, қўлга тушишган.
Б е ғ а м — Мен ўғлимни сўраяпман.
Ш о к и р — У.. қочибди. Бу … яхши. Уларнинг қўлига тушгандан кўра.. Сен қўрқма. Ўғлинг уч кундан кейин бағрингда бўлади… мен сени бирор марта алдаганманми?
Б е ғ а м — Менга қаранг, сочим бирдан оқариб кетяпти.
Ш о к и р — Ҳаяжонланма!
Б е ғ а м — Худо кечирсин, ҳозир сизни қандай қилиб ўлдиришни билмаяпман.. Агар боламга бир гап бўлса…
Ж ў р а — Нима гап ўзи? Ҳеч тушунмадим.
Ш о к и р — Россияга жуда кўп миқдорда мол жўнатгандик. Бир икки шўх божхона ходимлари йўлда ушлашибди…Бориб, бир кунда тўғирлаб келаман.
Ж ў р а — Ҳеч гап эмас экан-ку… Келин, бекорга асабийлашаяпсиз….
Б е ғ а м — Ўғлим…
Ж ў р а — Божхонада ўғлингизни божга олиб қолишмас… Айтгандай, Самарқандга бориш нима бўлади?

Боғ эшикдан Ч о л чиқади.

Ж ў р а — (нимадир бўлганини сезиб) Ота!

Ч о л тўғри хонасига қараб юради.

Ш о к и р — Ота! Биласизми, ҳозир Ўрисиядан қўнғироқ қилиб қолишди… Мен тезлик билан кетишим керак. Икки хафтадан кейин келаман. Келаману дарҳол ҳаялламай сизни Самарқандга олиб кетаман…
Ч о л — Қаерга олиб кетасан?
Ш о к и р — Самарқандга…
Ч о л — Ҳа, Самарқанд… Боролмайдиган бўлдикми?
Ш о к и р — Икки ҳафтадан кейин борамиз…
Ч о л — Аттанг… Шу сафар астойдил йўлга отланган эдим….
Ш о к и р — Мен ҳозир жўнайман…
Ч о л — Самарқандга йўлда кириб ўтолмайсанми?
Ш о к и р — Йўқ, мен учиб кетаман…
Ч о л — Мен сенинг ўрнингда бўлсам, Самарқандга ҳамиша тўхтамасдан ўтмасдим…. Шундай жойни кўрмасдан қандай ўтиб кетасан. Кетмоқчи бўлсанг, бир фасл шошмай тур. Мен ичкарига кириб бир оз дам олай… Кейин сенларга айтадиган бир оғиз гапим бор. Хўпми?
Ш о к и р — (соатига қараб) Хўп.

Ч о л хонасига киради. Орқасидан хавотирланиб Ж ў р а киради.

Ж ў р а — (хонадан чиқиб) Отамдан хавотир олаяпман…. Ука, шу ваъда деган қурғурни ўйлаб берсанг бўлмайдими?
Ш о к и р — Бунақа бўлишини ким билибди?
Ж ў р а — Камида бешинчи марта ваъда беришинг…
Ш о к и р — Дунёни иши тескари бўлса, мен нима қилоламан! Мен ваъдани ўйламай берган бўлсам, сиз ўзингиз ўйлаб ваъда беринг-да, отангизни Самарқандга элтинг.
Ж ў р а — Мен сенга эрталаб нима дедим!? Самарқандга боролмайман дедим-ку!?
С а о д а т — (ошхонадан чой кўтариб чиқиб) Урушманглар….

Чолнинг хонасига кириб кетади. Бирпасдан кейин қайтиб чиқади. Ғалати сукунат.

Ж ў р а — Тинчликми?
С а о д а т — Бобомни кўп қаторига қўшибмиз … (йиғлайди) Отажон!
Б е ғ а м — Ота! …Отажон…

Шу пайт боғдан ўқ овози эшитилади. Оғир жимлик чўкади. Анчадан сўнг, боғ эшиги ғижирлаб очилиб
(у балки илгари ҳам ғижирлагандир, аммо ҳеч ким эшитмаган) милтиқни судраганича, Қ о с и м киради.

Қ о с и м — Болтабоевни…пешонасидан отдим.

Ҳамма жой-жойида қотиб қолган. Парда шу ҳолатда ёпилади.

 

11

ХОТИМА

Ҳовли. Эндигина Ч о л н и н г маъракаларидан бири ўтган. Бир четда дошқозонлар тўнтарилиб ётибди. Поёндозлар, идиш-товоқлар тартибсиз сочилган. Стол атрофида С а о д а т ва Ж ў р а ўтирибди.

С а о д а т — Чой ичинг…
Ж ў р а — Раҳмат.

Сукунат.

С а о д а т — (тўсатдан йиғлаб) Тумонат одам келди-я…
Ж ў р а — Отам одамларга фақат яхшилик қилган эдилар.
С а о д а т — Яхши эдилар… Самарқандни бир кўришни орзу қилардилар….

Сукунат.

С а о д а т — Бечора Афғон! … Оталарининг қабрларига бир сиқим тупроқ ташлай олмади.
Ж ў р а — Пешона-да!…Энди тақдирида борини кўради.

Сукунат.

С а о д а т — Молларга қарай…
Ж ў р а — Ўтир… Самарқандга этсам, борасанми?
С а о д а т — Этсангиз ….бораман….
Ж ў р а — Бўлмаса тайёргарлигингни кўравер. Қиш ҳам келиб қолди. Менга таътил беришса керак. Иккаламиз тўғри Самарқандга борамиз.
С а о д а т — Рўзғорга ким қарайди? Моллар бор.
Ж ў р а — Бир гап бўлар…

Кўча эшиги очилиб, У ч у в ч и кириб келади.

У ч у в ч и — Кечирасизлар, яна тўғри бостириб келаяпман. Бобой қалай? Самарқандга бориб келдиларми? Яна Самарқандга олиб кетмоқ ниятида келдим… Нима бўлди? (Жўра ва Саодатга, ҳовлига синчиклаб қарайди-ю, нима бўлганини тушунади. Секин чўккалайди) Яхши одам эдилар. Мен у кишига Самарқандни осмондан кўрсатмоқчи эдим. Самарқанд осмондан бошқача кўринади…. Қани бир тиловат қилиб юборинг…

Ҳамма Қуръон ўқилишига ҳозирланиб, бош эгади. Шу пайт, қайлардандир олисдан-эҳтимол фалакдан, эҳтимол бошқа бир муқаддас олисдан Қуръон тиловати эшитилади. У аста-аста садоланиб, баландлашиб саҳнани, зални тутади. Бу ёғи режиссёрнинг ихтиёрида — балки шу тиловат остида саҳна ёпилар, балки қаҳрамонлар фотиҳа ўқишгач, тинмай жаранглаётган тиловат остида томошабин рўпарасига-таъзимга чиқарлар…

П А Р Д А

 

Сайт бўлими: Драматургия

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ