"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Қўчқор Норқобил. Биз ҳам одаммиз… ёхуд икки оёқли бўри (пьеса)

Ўқилди: 954

Қўчқор-Норқобил-240x160Қатнашувчилар:
1. Жайрон бобо — чўпон. 80 ёшда.
2. Гулсум момо — Жайрон бобонинг кампири.
3. Эсонқул бобо — чўпоннинг ошнаси. 80 ёшда.
4. Бутунвой — чўпоннинг тутинган ўғли. 35 ёшда.
5. Сора — Бутунвойнинг севгилиси. 35 ёшда.
6. Қулмирза — “Катта”нинг югурдаги. 40 ёшда.
7. Тиловолди — чўпоннинг ўғли. 20 ёшда.
8. Земфира — Тоҳир Тоҳировичнинг жазмани.
9. Тоҳир Тоҳирович — шаҳарлик бойвачча. 60 ёшда.
10. Мухбир — 30-35 ёшда.
11. Ҳайдовчи — 30-35 ёшда.

БИРИНЧИ САҲНА
Авжи баҳор. Олисда юксак тоғлар кўринади. Тоғ ёнбағирларига ям-яшил адирлар туташиб кетган. Адирлар пойида қизғалдоқлар очилган. Гулчечаклар барқ урган. Хуллас, баҳорнинг тароватли кўриниши. Шундай фусункор манзара чўпоннинг чоғроқ қўним жойидан яққол кўзга ташланиб турибди. Бу жойни ўтов десак ҳам, одми бир ҳовли десак ҳам бўлади.
Ҳовли ўртасида супа. Бир тўп дарахт соя ташлаган. Кўримсиз пастқам деворлар билан ўралган ҳовлининг бир бурчида, супадан уч-тўрт қадам нарида сўри. Девордаги қозиқилгакларга чўпон рўзғорига асқотадиган ашқол-дошқоллар осилган.
Чол билан кампир супада чой ичиб ўтиришибди. Нарироқдаги сўрида эса уларнинг тутинган ўғли — Бутунвой. Бошини ерга эгиб, икки қўли билан чаккаларини маҳкам қисиб олган. Шу алфозда ўтириб, беаёв оғриқ азобида титраб-чайқалаётган бошини қўллари билан янада қаттиқроқ сиқиб иҳрайди. Ўтирган жойида инграб, қалтирай бошлайди, иккала қўли ҳамон силтаниб-чайқалаётган бошида.
Саҳнадаги туйқус карнайдан ўқ овози, портлаш ва гумбирлашлар эшитилади. Қақшатгич жанглардаги тўс-тўполон, қий-чув, ваҳимали отишмалар акс-садо бермоқда.

Бутунвой:

Сўрида ғужанак бўлиб ётиб олади. Оёқларини худди жони узилаётган қўйдай типирчилатиб:
— А-а-а-а! Нее…сс…три…лай. Нет-нестрииил-а-а-ай. А-а-а-а-а!

Гулсум момо:
Саҳнадан ирғиб туриб Бутунвой томонга оёқяланг югургилайди…
— Боламов, болама. Менгина ўлайин болама… Яна бошландима-а, болама…

Жайрон бобо:
У ҳам ўрнидан даст туриб кетади. Бутунвойга қараб, бошини сарак-сарак қилади…
— Ов, худойима. Яна қўзғолдими-я… Кампир сув олиб бер. Ўзинг узоқроқ тур. Ана челакдаги сувни сеп…
Гулсум момо шайтонлаётган Бутунвойнинг устидан бир челак сув сепиб юборади. Бироздан сўнг Бутунвой ўзига келади. Ўқ овози портлаш тинади. Чўккалаб олиб ҳўнг-ҳўнг йиғлайди…

Гулсум момо:
Бутунвойнинг бошини бағрига босиб
— Болажонима, болам. Ўзингни бос айланай. Жони тошдан бўлган болам… Мени қўрқитма, айланай Бутуним! Энанг ургулсин болам… Сенга нима бўлди, қўй, йиғлама болам йиғлама…

Жайрон бобо:
Сўрида. Боши қуйи. Елкалари силкинади.
— Уйи куйсин шу урушни бошлаганни. Уйгинаси куйсин. Шундай йигитни яримжон қип ташлади-я. Шундай йигитни хор қилди-я.

Гулсум момо:
— Айланайин Бутуним. Тур ўрнингдан. Тур энди. Супага чиқ. Чой ичасанми, болам?
Бутунвой бош ирғаб йўқ ишорасини қилади. Бир нуқтага тикилиб ўтираверади.

Жайрон бобо:
— Қўй, индама. Тинч қўй. Ўз кўйига қўйиб бер. Ҳоли қолдир уни. Бир ўзи пича ўтирсин. Енгил тортади.
Гулсум момо Бутунвойдан кўз узмай туради-да, ортига аянчли алфозда қараб-қараб супага, чоли ёнига келади. Супага чиқиб чоли қаршисида чўкади. Улар бир пас жим қолишади.

Гулсум момо:
— Шугинани яна бир табиб-мабибгама, дўхтир-пўхтиргами кўрсатмадик-да.

Жайрон бобо:
— Бормаган дўхтиримиз қолмади-ку, кампир. Ҳали Термиз, ҳали Денов, ҳали Душанбе дединг олиб бордим. Эскичиликдан ҳам армон қолмади. Чироқ дединг қилдик. Чилтон дединг қилдик… Қушноч дединг, фол дединг… Қанийди нафи бўлса. Айт яна нима қилай?

Гулсум момо:
— Бовоси, Обшир қишлоқдаги Хожар фолчига ҳам бир олиб боринг. Ҳамма мақтаяпти. Дап-доира чалиб дам ҳам соларкан. Жуда биланғич дейишаяпти. Қаерида нима касали бор шундай юзига сер солиб айтиб берармиш. Тўхтасин кампирнинг келини Мелихолни ҳам кўрсатишмаган табиби қолмаганди. Шунга олиб боришган экан бўйида бўпти. Инси-жинсниям қувармиш.

Жайрон бобо:
— Табиб-дўхтирлар билмаган давони фолчи хотин қаердан билсин.

Гулсум момо:
Бутунвойга қараб қўйиб:
— Сизам дўхтирнинг гапини гапирасиз. Тентак-пентак, жинни-пинни бўлсаям майлийиди, давоси йўқ дердим… Ақли-ҳуши жойида. Касали вақти-вақтиминан қўзийди. Уволида қолманг бовоси…
Гулсум момо рўмоли учи билан кўзини артиб, йиғлай бошлайди.

Жайрон бобо:
— Бўлди қил! Бўлди қил, энди… Бозор куни азонда олиб бораман. Сўнг оғир уҳ тортиб, бир нуқтага тикилиб: “Қанийди шу шўрлик болам Ҳажар кампирга борсак тузалсайди… Бунинг бошига кирган оғриқни яратган эгамдан бошқа ҳеч ким чиқариб ташлолмайди…” — дейди ўзига-ўзи.

Гулсум момо:
— Худойимнинг раҳми келсин бовоси. Буям бир сабабда энди. Шу баҳона бўлиб тузалиб кетса ажабмас…

Жайрон бобо:
— Бўлди қил… кампир. Якшанбада борамиз дедим-ку…
Сўнг Бутунвойга қараб:
— Ўғлим бу ёққа ке. Бир пиёла чой ичиб ол. Ке, ўтираверасанми, энди.
Бутунвой ўрнидан туради. Чол-кампир томонга кела бошлайди. Бобо чой узатади. Бутунвой боши билан йўқ ишорасини қилади. Супа ёнидаги чўпон таёғини олиб, ортига бурилиб кетмоқчи бўлади. Ўнг қўлини чўзиб, кафтини чўмич шаклига келтиради.

Жайрон бобо:
— Ҳа, носвойдан берайми? Хумори тутдими, хумпар?
Бобо ўзини хушчақчақ кўрсатмоқчи бўлади. Бутунвой тасдиқ маъносида бош ирғайди.
— Ма ол… Носвой сендан ўргилсин, полвон.
Иштони липпасидан носқовоғини олиб узатади.

Гулсум момо:
— Бутунвой ке, ўтир болам. Овқатланиб ол. Кейин чиқасан. Сурув қочиб кетмайди. Қорнингни тўйғизиб ол, айланай.
Бутунвой кампирга ҳам бош ирғаб йўқ ишорасини қилади-да носвойдан тил тагига ташлаб таёқни судраб ҳовлидан чиқиб кетади. Жайрон бобо ҳам, Гулсум момо ҳам унинг ортидан термулиб қолишади.

Саҳна:
ИККИНЧИ КЎРИНИШ
Яна ўша — чўпон ҳовлиси. Тонг пайти. Кампир билан чол ўша супада нонушта қилишмоқда. Сўрида Бутунвойнинг жойи бўм-бўш.
Жайрон бобо:
Бутунвой ётадиган сўрига қараб:
— Бутунвой сурувдан қайтмаса, ўзим бориб келаман… тили забони йўқ бўлгани билан ишига пишиқ, хумпар…

Гулсум момо:
— Бовоси, қишлоқдан Турди кал келувди кеча… Ҳали сиз тоғдан қайтмагандингиз.

Жайрон бобо:
Синчиклаб назар ташлаб:
— Нима иши бор экан?
Гулсум момо:
— Ўғлини уйли-жойли қилаяптийкин. Чолингиз бир дириққи бўлсаям қўзи бериб туролмасмикин, дейди.

Жайрон бобо:
Қаҳрнома
— Менинг қўй-қўзиларим дирриқи, ориқ, деб ўша исқоти чолга ким айтибди?

Гулсум момо:
Кулимсираб
— Ҳазиллашади-да бовоси. Икковингизнинг ҳеч замонда бир-бировингизга тўғри гапингиз йўқ-ку… Ҳа, кейин айтдики…
бироз саросимага тушади…

Жайрон бобо:
Жаҳлланиб
— Мунча ланжиллайсан. Кейин нима деди. Тимирскиланмай гапир… Қўзи бўлса, ана, ўзимизнинг қўзидан бировини бер. Ёмон бўлсаям минг йиллик ошнам. Сен бошқа гап гапирмоқчийдинг?

Гулсум момо:
— Пардабой қизи Сорани Омон партияга эрга бераётганмиш.

Жайрон бобо:
Ортга бир тисланиб:
— Нима, нима?.. Нима деяпсан ўзи. Эсинг жойидама?

Гулсум момо:
— Эсим жойида. Турди кал ошнажонингиз Сизни шу — Соранинг тўйига ҳам айтиб кетди…

Жайрон бобо:
— Омон партия Пардабойнинг жўраси-ку, ҳаммамиз тенг-тушмиз. Сора унинг кенжа боласидан ҳам кичик-ку?
Гулсум момо:
— Замон бузилди бовоси. Пардабойингизди худо урганга ўхшайди. Омон партиянгиздан ҳам тавфиқ кўтарилибди…
Жайрон бобо:
— Сора рози бўлибди де.
Гулсум момо:
— Мен не билай?
Жайрон бобо:
— Энди Бутунвойнинг ҳоли… Бечора боланинг шўри кўп эканда… Сора шуни деб шу пайтгача эрсиз юрди.
Гулсум момо:
— Нимасини айтасиз бовоси. Дудуқ бўлсаям, одамови бўлса-ям шуни дейман. Ўла-ўлгунимча Бутунвойингизни дейман. Бунинг мен учун ҳеч бир камчилиги йўқ. Ҳалиям яхши кўраман момо,  деб йиғлаб-йиғлаб юрагини очар эди, қизалоқ шўрлик…

Жайрон бобо:
— Бутунвой армияга кетишидан олдин Сора икковига нон синдирилиб фотиҳа ўқилганда, устида эдим. Ахир шу Омон партиянинг ўзи Сорага совчилик қилувди-я. Ҳа, иймонсиз-а? Ҳай иймонсиз…

Гулсум момо:
— Ҳой, даври даврон кетгач, омад қайтгач, бошингга осмон тушади, дегич эди отам раҳматли. У пайтлар Бутунвойнинг отаси Шердулло шўронинг қўли узун эди…

Жайрон бобо:
— Шердулло шўрони пахта иши, ўзбек порахўр деб ўрис терговчилари қамашгач, хотини Кунсулувга қийин бўлди. Касалванд бўп қолди.

Гулсум момо:
— Нимасини айтасиз… Эри қамоқда ўлгач Кунсулув ҳам бу дардни кўтаролмади. Бир ойдан сўнг омонатини топширди. Ичи куйиб, эзилиб кетганаканда, бечоранинг…

Жайрон бобо:
— Ёлғиз ўғил Бутунвой эса ариза ёзиб Афғон урушига кетди. Боласи тушмагур шу жойда хомлик қилди.

Гулсум момо:
— Қўлинг сингур Бердиқассоб Бутунвойни синглимнинг ортидан эргашма деб ўтган куни ўласи қилиб калтаклабдиям. Салим шопир ҳай-ҳайлаб ажратиб олибди денг…

Жайрон бобо:
— Ит ҳам, қуш ҳам жуфтига талпинади. Бу ахир бир бизён одам боласи-ку, кампир. Гапиролмагани, одамови бўлгани билан ақли бут.

Гулсум момо:
— Чойингизни ичинг бовоси. Бутунвойга адир этагидаги ғумойзорни ўрдиртираман. Қишлоққа жўнатмайман. Алағда бўлманг олинг.
Шу тобда эшик тақиллайди. Ташқаридан овоз келади

Овоз:
— Жайронқул! Ҳой Жайронқул! Оч эшикни. Нима бало чол кампир бекиниб олиб пул санаяпсанларми? Отингни сот, молингни сот чўпон бўл экан-да-а?!

Жайрон бобо:
— Ҳой, ке-келавер, Эсонқул. Эшик очиқ. Итар, яхшилаб… Ке-келавер!
Чол-кампир ўрнидан туришади…

Эсонқул бобо:
ўоз юриш қилиб кириб келади
— Эй ошнажон, бу дейман кампиринг билан ўта искритний гаплардан олаяпсизларми, дейман-а. Ке, бир бағримга босай. Омонмисан. Кўришмаганимизга ҳам йил ўн икки ой бўлиб-ди-я?
Жайронқул ва Гулсум момо Эсонқул бобога супадан жой кўрсатади… Гулсум момо супадан тушиб ўчоқ бошига югургилайди. Човгумга чой қўяди…

Эсонқул бобо:
Сўрида ёнбошлаб олиб Жайрон бобога сирли қараш қилади…
— Хўш, Жайронқул аҳволинг не ҳол? Суяк енгилми? Димоқ чоқми…

Жайрон бобо:
Бош ирғаб, қўлда пиёлани айлантириб
— Шукр. Худога шукр. Бир нави. Юрибмиз сурувнинг орқасидан судралиб. Ўзингдан сўрасак. Бола-чақанг яхшими? Кампирингнинг тани-жони соғми? Қишлоқда нима гаплар?..

Эсонқул бобо:
— Шу чўпонлик деб эл-эломондан узилиб ҳам қоласан-да.

Жайрон бобо:
— Нима қил дейсан? Мовриди кемаяпти. Бораман дейман, ҳали у иш чиқади, ҳали бу иш чиқади…

Гулсум момо:
Чой кўтариб келади. Супага келиб ўтиради… Чолларга чой узатади.
— Қишлоқда нима гаплар Эсон бово?

Эсон бобо:
— Бойбича гап кўп. Яхши гапам бор, ёмон гапам бор. Тунов кун Хидир омборчи тўй қилди. Одам мўрмалахдай бўлди. Буёғи Мўминқул, Обшир, Жобу, Қорлиқ, Ипоқ, Чеп, Миршоди, хуллас, тумандаги ҳамма қишлоқдан эл-эломон келди. Шўрчи, Денов, Қумқўрғону Жарқўрғоннинг полвонлари-да келди. Хидир омборчи икки томонидаги қўшнисининг ҳам ҳовлисини булдузор билан суриб, девор-певорини текислаб, истодион қилди. Мунча одамни сен тушунгдаям кўрмагансан. Сўнг Тошкентдан телевизорга чиқадиган зўр-зўр артист қизларни олиб келиб ашула айттирди. Ўйинчиларни опкелиб ўйнатди.

Жайрон бобо:
— Артист қизларинг ўз йўлига. Кўпкари бердими? Кураш бўлдими?

Эсонқул бобо:
— Артист қизлар ўз йўлига дейсан… Сен ўзинг телевизор кўрмасанг, қўшиқ эшитмасанг, артист қизларнинг фарқига борармидинг…
Чол айёрлик билан кулимсирайди

Жайрон бобо:
— Телевизор кўрмасам ҳам, мана митти радио бор. Шу, ҳозирги қўшиқчи қизларингниям, қўшиқчи болаларингниям қўшиғига тушунмайман-да, Эсонқул. Тўғрими, момоси… Уларнинг айтган қўшиғи бошқача, ҳалиги тушунарсиз. Бақиргани-бақирган… Уятсиз гапларниям айтаверишади қўшиқ қилиб.

Эсонқул бобо:
— Эй, ўқимаган. Неварамнинг айтишича қўшиқни кампутур айтаркан. Булар қуриққина қилиб оғзини қимирлатиб тураркан… Шу-шу, шундай қилиб.

Жайрон бобо:
— Демак, демак, буларинг қўшиқ айтмас эканда. Овози ўзиникимас эканда? Оғзини қимирлатаркан-да?

Эсонқул бобо:
— Вей, нега мунча ғалчасан? Замонавий қўшиқлар ҳозир шундай. Эй, бор-э!

Гулсум момо:
— Ҳай-ҳай. Эсон бово… Оғир бўлинглар. Барака топгурлар. Чойдан олинглар. Дастурхонга қаранглар.

Жайрон бобо:
— Хўп, сен доносан. Энди бундан кейинги авлодлар, ўз оғзи билан эмас, кампутурнинг оғзи билан гаплашадими? Кампутур одам бўлолмайди-ку…

Эсонқул бобо:
Чол тин олиб, ўйга чўмиб, юқори қарайди.
— Ҳей, Жайронқул, Комилжон Отаниёзов, Отажонларнинг қўшиқлари бошқача эди-я… Одамнинг ўмганига ўт ёқиб, юрак-бағрини титратиб юборарди… Билмасам, невара-чевараларим бошқача қўшиқ эшитадиган бўп қолди-да…

Жайрон бобо:
— Невара чеварангнинг бақир-чақир, уятли қўшиқлардан қулоғи тош битиб қолмасин… Эсингдами ёшлигимизда бир қўшиқларни хиргойи қилардик…
Гулсум момо, Жайрон бобо, Эсонқул боболар бир зум ерга қараб сукут сақлашади. Саҳна фонида Жанон бўламан деб ҳаммани куйдирасанми… деган қўшиқдан парча берилади…

Жайрон бобо:
— Ҳей, у қўшиқлар бошқача эди.

Эсонқул бобо:
— Сен ҳақсан, Жайронқул…
Гулсум момо:
— Замон ўзгарди-да, бовоси.
Жайрон бобо:
— Замонда эмас, гап одамда, одамнинг кўнглида. Ҳа, майли яна нима гаплар бор, мулло Эсон? Қишлоқда яна қандай гап-сўзлар бор?

Эсонқул бобо:
— Ҳимм, (ўйга толиб… уҳ тортиб) бевафо дунё. Тўхтасин кампирнинг келини Мелихол бандачилик қилди.

Гулсум момо:
Бир силтаниб, анграйиб қолади.
— Туппа тузук эди-ку, шунча йилдан бери энди бўйида бўлибди дейишаётувди.

Жайрон бобо:
— Касал-пасал бўлдибдими? Шўрлик Тўхтасин кампирга қийин бўпти-да.

Эсонқул бобо:
— Нимасини айтасан. Биттагина ўғлиям пияниста эди. Кампирнинг раҳматли келини тилло эди. Ўғли кампирни уриб-сўкса ҳам келин ўртага тушарди.

Гулсум момо:
— Нима бало, Саттор палакат уриб-нетибдими?

Эсонқул бобо:
— Зуби бор экан. Бўқоғи боракан… Ҳаммасига мана шу завод, алюминий заводи сабабчи. Ҳозир қишлоқдаги бўз болалардан тортиб, бўй етган қизларнинг деярли бари касал. Бўқоқ. Бепушт.

Жайрон бобо:
— Ҳақ гапни айтдинг. Завод Тожикистонда қурилгани билан заҳари бизга оқиб келаяпти.

Гулсум момо:
— Тупроқ ҳам заҳарланди… Томорқадан ҳам ҳосил олиш маҳол бўлиб қолаяпти.

Эсонқул бобо:
— Кўпчилик ёш-яланглар Тошкентга мардикор бозорга кетишаяпти… Кун кўриши керак-ку барибир. Ҳа, қўйинглар энди. Шу-шу, шундай қилиб бошқа, яхши гаплардан гаплашайлик. Сурувингда нима гап? Қўй-қўзинг кўпаяяптими?

Жайрон бобо:
— Кўз тегмасин. Бу йил ўт яхши. Сурувни Бутунвой ўтлатаяпти бугун.

Эсонқул бобо:
— Яхши бола. Лекин, шу-шу, шундай қилиб, ҳалол садоқатли бола. Дардини берган худо шифосиниям беради.

Гулсум момо:
— Тиловолдим кетгандан бери, бобосига шу Бутунвойим суянчиқ бўп турипди.

Эсонқул бобо:
— Дарвоқе, эсим қурсин… Дунё дардлари билан бўлиб, Тиловолдингни сўрамабман. Қалай, хат-хабар кеп турибдими? Ишлари қандай? Сендай бир оддий чўпоннинг боласини, чет давлатга бориб, ҳалиги проктик қилиши, энди катта гап-да…

Гулсум момо:
— Хат-хабар кеп турибди. Худо хоҳласа ёзда отпуска олиб, келаркан…

Эсонқул бобо:
— Чин бўлсин. Чин бўлсин. Худойим қўллаб-қувватласин. Боланг анча эсли-ҳушли чиқди.

Жайрон бобо:
— Эсонқул, бу Сорага Омон партия совчи қўйибдими?

Эсонқул бобо:
— Сўрама… Қариганда ўзини номусга ўлдирди бу чол. Бутун қишлоқнинг оғзида шу гап, қизнинг отасиям розилик берибди. Омон партия ҳовли жойимни хатлаб бераман, деса.

Жайрон бобо:
— Нафснинг қули бўлибди-да. Аввалдан ҳам унинг кўзи оч эди. Хотинини раисга эрга бериб, раис қамалгач тағин қайтариб олган нотовонда. Садқай одам кетсин шу Пардабой…

Гулсум момо:
Тараддудланиб:
— Мен адирга чиқаман бовоси. Бутунвойдан хабар олай. Нон-туз олиб борай.

Жайрон бобо:
— Бор. Сурувни ғумайзорга ҳайдамасин. Сув ичмаган ғумой ўт қўйни ёриб ташлайди. Эртага тўл олгани келишади. Қўзиларни алоҳида қўтонга қамасин. Айтиб қўй, териси яхши қўзиларни алоҳида қамасин.

Гулсум момо:
— Ўтган кунгидай кўз ёш тўкиб жанжал қилади… Бутунвойнинг кўнгли бўш.

Жайрон бобо:
— Қўзи бўлгандан кейин сўйилади-да… Эртага сурувга чиқмайди. Шу ерда, уйда қолади. Ким айтади буни урушда бўлган деб.

Гулсум момо:
Ҳовлида у бу нарсаларни йиғиштирган бўлиб йўлга чиқади…
— Мен кетдим, бовоси. Бинойидай ўтиринглар.
Гулсум момо чиқиб кетади. Икки чол бир-бирига зимдан назар ташлаб сукут сақлашади. Сўнгра Эсонқул бобо томоқ қириб гап бошлайди.

Эсонқул бобо:
— Хўш. Шу-шу, шундай қилиб, Ошнажон бир илтимос билан келувдим.
Чол желаги ичига қўл солиб, белига боғланган белбоғини дастурхонга қўяди…
— Шу-шу…

Жайрон бобо:
— Шу-шуламасдан мақсадга кўч. Бу нима?

Эсонқул бобо:
— Пул. Неварамни уйлантираяпмиз. Биласан, отасининг қўли калта. Бировларнинг уйида мардикорлик қилади… Хуллас, шу-шу, шундай қилиб, десанг, келиннинг қалинига юборишга учта қўзи берсанг. Ўзим йиққаним шу… Кам албатта. Лекин, ўлмасам қайтараман. Бозорда бу пулга биттагина қўзи беради…

Жайрон бобо:
Ўйланиб
— Тўй қачон?

Эсонқул бобо:
— Кейинги бозор куни.

Жайрон бобо:
— Бераман. Лекин, ўзимнинг қўйларимдан бераман. Хўжаликнинг қўйи шундоғам камайиб кетди. Тугаяпти десам ҳам бўлади.

Эсонқул бобо:
— Бўри кўпайдими. Қиш совуқ келди, чўзилди. Нима бало, қўйингни бўри қийратдими?

Жайрон бобо:
— Бўрилардан-у қўриқлай оламиз, бўриларни яқинлаштирмадик… Лекигин, икки оёқли бўрилар билан муросага келолмаяпман.

Эсонқул бобо:
Ёқасига туфлаб
— Ё тавбангдан, нима деётганингни тушунмадим…

Жайрон бобо:
— Нимасини тушунмайсан. Балодай тушуниб турибсан. Ҳа, бу икки оёқли бўрилар ёмон. Бўрини отсанг ўлади. Қувласанг кетади. Булар эса ҳеч нарсадан қўрқмайди.

Эсонқул бобо:
— Кимлар экан шу-шу, шундай қилиб икки оёқли бўрилар?

Жайрон бобо:
— Кўрмаганман. Фақат уларнинг номидан келишади.

Эсонқул бобо:
— Ном-поми бордир. Биларсан? Таажжубланади…

Жайрон бобо:
— Бор. Номини “катта” деб келишади. Уларнинг ҳаммасининг исми-шарифи “катта” бўлса керак.
Ерга чирт туфлаб, тиззасига шапатлайди.

Эсонқул бобо:
— Кўп қўйингни қийратишдими?.. Ўша бўрилар, эй-йўғе “катта” деганларинг.

Жайрон бобо:
— Туманга нима кўп келади, комиссия кўп келади. Келганларнинг ҳаммаси “катта” дейиларкан…

Эсонқул бобо:
— Шундай қилиб қанча қўйингни еб қўйдилар?

Жайрон бобо:
— Билмадим, ҳисобидан ҳам адашдим… Кейинги пайтлар кўпайиб бораяпти…

Эсонқул бобо:
— Ундай бўлса, берма. Муттаҳамлигинг борми, тилинг қисиқми?

Жайрон бобо:
— Қўй давлатники… Сиз боқаверинг… Нима қилишни “катта”лар ўзи билади, дейди шотирлари келиб.

Эсонқул бобо:
— Ҳисоб-китоби бор. Эртага мен жавоб бераман демайсанми?

Жайрон бобо:
— Дедим. Ундай бўлса, сурувни топширинг. Сиздан бошқа ҳам чўпон бўламан дегувчилар кўп, дейишди…

Эсонқул бобо:
— Вой ярамаслар-ей. Устинглардан арз қиламан демадингми?

Жайрон бобо:
— Эй, уларга гапириб бўладими? Умрим сурув орқасида ўтди. Қўй ортидан эргашиб нон едим… Сурувдан айрилсам ёлғиз болам Тиловолдининг ҳоли нима кечади? Бутунвойим нима қилади?
Шу маҳал ташқарида юк машинасининг гуриллаши эшитилади. Жайрон бобо жим қолади. Қўрқув аралаш Эсонқулга қарайди.

Жайрон бобо:
— Келди…

Эсонқул бобо:
— Нима келди? Ким келди?

Жайрон бобо:
— Бўри келди… Йўқ… йўқ, бўрининг шотири келди.
(Эшик дурс-дурс урилади. Ташқаридан овоз келади)

Овоз:
— Жайрон бобо эшикни очинг. Нима бало қўй гўшти еб бослиқиб, мудраб ётибдими бу чол? Ҳой, ким бор. Очинглар.

Жайрон бобо:
Ўрдак юриш қилиб югургилайди
— Ҳозир очаман. Ҳозир. Мана, бораяпман…
Ичкарига қотмадан келган, дароз, керилиб қадам ташлаб Қулмирза кириб келади.

Қулмирза:
Атрофга аланглаб… Сўнг Эсонқул бобони кўриб:
— Эй-е, ўзлари ҳам шу ерда экан-да-а, бобой? Марака-мажлисма, ё кампирлар ҳақида ғийбатми? (Ҳе-ҳелаб кулди) Дунёнинг ғавғоси йиғилса бутун, чоллар ғийбатидан келолмас устун…

Эсонқул бобо:
Энсаси қотиб
— Во алайкум ассалом Қул, қул ҳалиги Қулмирзавой, — дейди киноя билан…

Қулмирза:
Бошини ликиллатиб, қўли кўксида, истеҳзо аралаш
— Ва алайкум ассалом! Хуш кўрдик, Эсонқул бобо. Хуш кўрдик… Ўзлари ҳам шу ерда денг…

Эсонқул бобо:
— Ўзларини хуш кўрдик, Ботир чориқнинг кенжагина ўғли, Қул… Қулмирза…

Қулмирза:
— Бобой, гапингиз ўқдай, ўзингиз… ҳалигидай…

Жайрон бобо:
Аланглаб, суҳбатни юмшатиш ниятида
— Шу, Эсонқулбой тўйга айтгани келган экан-да, иним. Ҳа, ўзингиз қалай. Дамлимисиз. Суягингиз енгилми. Менинг Ботир ошнам, чопиб-чопқиллаб юрибдими? Умри узоқ бўлсин. Зап яхши одам…

Эсонқул бобо:
— Ҳей, Жайрон жўра, Ботир ошнамиз отдай. Бизнинг эски улфат-а. Лекин ичимизда ҳалиги ўлгирга, оқ шайтонга шугина ошнамизнинг садоқати зўр бўлди-да. Ҳалиям отангиз шиша қурғурни қўйнидан қўймайди-да. Омборчининг тўйида Тошкентлик ўйинчилар билан тулпордай гижинглаб ўйинга тушди. Эл-эломон қойил қолди ўзиям.

Қулмирза:
— Эсон бобо, шу пичингларингизни сира ташламадингизда. Мени кўрсангиз орқангиз тутиб, ажинангиз отланаверади. Димоғингиз осмонни ёради-я…

Эсонқул бобо:
Кесатиб
— Эй, болам, бизда димоғ нима қилади. Димоғ сизда-да. Кимсан — Қулмирза. Катталарнинг ҳалигиси… нимайди, яқинисиз ишқилиб.

Қулмирза:
Жаҳли чиқади. Эсонқул бобога еб қўйгудай бўлиб қарайди. Сўнг Жайрон бобога қарата:
— Менинг вақтим оз, бу ерда масхарабозлик қилишга.
Костюми ёнидан буклоғлик қоғозларни чиқариб Жайрон бобога тутади.
— Мана, шуларга қўл қўйинг, Жайрон бобо.

Жайрон бобо:
— Нима қоғоз булар, болам?

Қулмирза:
— Индамай қўл қўяверинг. Сизга нима? Ҳужжат. Шунчаки, ҳужжат. Катта айтди. Топшириқ шу!

Жайрон бобо:
— Майли, майли… Лекин билиб қўйганим яхши-да… ўзингиз тушунтиринг Қулмирзавой.

Қулмирза:
— Бу ведомост. Ем-хашакка. Сурувга бериладиган ем-хашак.
Жайрон бобо:
— Худога шукр бу ёғи баҳор! Кўкламга етдик. Қишда бўлганда майли эди. Ҳозирча унчалик зарурат эмас, Қулмирзавой.

Қулмирза:
— Ҳали ҳам бу ем-хашакларни чиқим қилиб юборганмиз. Қўй-қўзингиз ўт-ўланни ейверади, яйловда ўт белурди бўлиб қолган-ку…

Жайрон бобо:
— Шу, чиқимга мени аралаштирманг, болам…

Қулмирза:
— Унда кимни аралаштираман? Чўпон сиз-ку бобой.

Эсонқул бобо:
Қовоғини уюб зардали оҳангда:
— Қулмирзавой, ҳужжат-пужжатсиз, қоғоз-қаламсиз гаплашсак бўлмайдими? Келинг, ўтиринг, бошқа гурунглардан олинг.

Қулмирза:
— Вақтим зиқ. Нарги қирга — Қосим чўпоннинг ҳам олдига ўтаман. Давлатнинг иши ўйинми, сизга, бобой?!

Эсонқул бобо:
— Ўйинмас, ўйинмас… Лекигин, Жайронбой ҳам нимага қўл қўйишини билиши керак-да, болам.

Қулмирза:
— Эсонқул бово, ёмонам закунчисизда. Одамлар беҳудага сизни шундай демайди…

Эсонқул бобо:
— Сен закун сўраяпсан. Бу индамай турсинми? Ўқишни билмайди, саводи йўқ. Бундан фойдаланиб ҳамма нарсага қўл қўйдираверасанми? Йўқасам, кутиб тур Гулсум кампир келади. Қоғозларингни чолига ўқиб беради. Кейин қўл қўяди.

Қулмирза:
— Сизга нима? Ҳурматингизни билинг, бобой.

Жайрон бобо:
— Тортишманглар. Қўйинглар энди, болам.
Ялинганнамо оҳангда гапиради…

Қулмирза:
— Унда манавингга қўл қўйинг. Катта айтди, дедим-ку…

Эсонқул бобо:
Тағин ўртага тушади…
— Қани, менга берчи Жайрон.
У қоғозни Жайрон бобонинг қўлидан юлқиб ён-чўнтагидан кўзойнак олиб тақади-да қоғозларни ўқий бошлайди.

Қулмирза:
Қулмирза аланглаб, эсанкираб туради-да Жайрон бобога еб қўйгудай бўлиб термулади.

Эсонқул бобо:
Қоғозларни ўқияпти
— Хўш, шу-шу, шундай қилиб, эшит Жайрон: 5 тонна салярка, яъни ер мойи, 80 тонна селос, 35 тонна арпа, 75 тонна беда, 25 тонна сомон, 700 тонна кунжара, 100 тонна кепак олган экансан. Хўш, шуларни олганмисан?

Жайрон бобо:
— Йўғе, умуман бу йил ем-хашак олмадим. Қўйга бунча самоннинг нима кераги бор. Кунжара билан кепак анча замонлардан бери отлиққаям топилмайди-ку. Хўжаликда беда экилмади-ку. Ер мойи ҳам олмаганман.

Эсонқул:
Кинояномуз
— Мана олди деб ёзишган. Шунча нарсани қаерга гумдон қилдинг?

Жайрон бобо:
— Бу йил ем-хашак бўлмади-ку…
Қулмирзага жовдираб қарайди.

Эсонқул бобо:
— Унда қўйни нима билан боқдинг?

Жайрон бобо:
— Кузда… ҳалиги мактаб ва коллеж ўқувчилари бир ой ўқимасдан тикан ўриб йиғишди-ку… Барака топишсин. Шу, қўйлар тикан еб қишни ўтқазди…

Эсонқул бобо:
Қулмирзага
— Мана кўрдингми, сен эса, шунча нарсани бу шўрликнинг бўйнига осаман дейсан…

Қулмирза:
— Сиз нега бурнингизни тиқасиз. Сизга нима? Ёшингиз бир жойга борганда охиратингизни ўйлаб, уйингизда оёқ узатиб ётсангиз бўлмайдими?

Эсонқул бобо:
Дарғазаб бўлиб ўрнидан туради…
— Менга қара, кўзингди олайтирма бола. Мени билмайди дейсанми? Колхознинг қаерига ем-хашак экдинг? Қаери бедазор, кўрсат менга. Гектарлаб ерга картошка-пиёз экиб гумдон қилдинг. Колхознинг омборига кирмаган тонна-тонна кунжара, кепак оёғи узангидагиларнинг ҳовлисига кириб кетганини билмайди, дейсанми? Отанг тенги одамнинг охиратини куйдирмоқчимисан? Кўзингни оч бола. Пайтавангга қурт тушганиниям биламан. Текширувчи келаётганини ҳам биламан. Ёзувчилигимни энди кўрасан, зумраша…

Қулмирза:
Довдираб қолади. Орқага тисланади… Дудуқланади…
— Бово оғзингизга қара-а-аб, гап, гап, гапиринг. Катта-а катталар айтди. Шу, ҳалиги…

Эсонқул бобо:
— Елкангдаги нима, каллами ё нима? Чориқчининг боласи? Катталар жардан ташла деса ташлайверасанми?

Жайрон бобо:
— Қўй. Шовқин солма, Эсонқул!

Эсонқул бобо:
Ҳалиги қоғозларни қўйнига солиб эшикка қараб юради… Ҳовли ўртасига бориб тўхтаб туради-да, қоғозларни қўйнидан олиб отиб юборади.
— Ҳей, Жайрон! Шу жинқарчанинг олдида тилинг қисиқми? Ўргилдим сендан. Менга деса, шулар билан билган нарсангни емайсанми? Хайф сени-я!
Чиқиб кетади.

Қулмирза:
Ортидан дадилланиб
— Чаёнчол. Турган битгани заҳар!
Ҳовли ўртасига келиб ҳалиги қоғозларни олади.
— Бу мияси айниган чол валдирайверади. Ҳеч ким сўрамайди. Қўл қўйинг.

Жайрон бобо:
— Шу қоғозларсиз ҳам нима десаларинг айтавераман. Нима кераги бор, болам… Мен бир оми чўпон бўлсам…

Қулмирза:
— Вақт зиқ бобой. Бўлмаса, сурувни топширинг. Каттанинг ғазаби ёмон… биласиз.
Жайрон бобо:
Қалтираган кўйи ноиложликдан қоғозларга имзо чекади.
— Мана, Қулмирзавой. Катта нима деса шу-да.
Қулмирза:
Қувониб
— Маладес, бобой. Бу бошқа гап. Аммо лекин, анови сассиқ чолнинг юриғига юрманг. Дарвоқе, кейинги шанбада ёнингиздаги сувлисойга Тошкентдан меҳмонлар келади. Каттанинг дўстлари. Тушундингизми, бобой?

Жайрон бобо:
— Меҳмонлар келгани яхши-да.

Қулмирза:
— Хўш. Иккита ширбозни, семизидан бўлсин, тандир кабобга босасиз. Иккита қўчқорни эса сўйиб тайёрлаб қўясиз. Оп кетишади. Катта айтди. Ўзлариям келади. Нега рангингиз оқаради. Қўрқманг. Буниям қонуний қиламиз. Акт бўлади. Битта имзоингиз, вассалом.
Ҳе-ҳедаб кулади…

Жайрон бобо:
— Қулмирзавой, кеча одам юборган экансиз. Улар ҳам “катта”нинг келини “дугона чақирди” қилаяпти, базм қиляпти деб. Юк машинага икки қўйни босиб кетишди. Ундан олдинги кун яна бир катта тумандаги йиғилишга тандир гўшт тайёрлатиб олиб кетганди. Хабарингиз бор, эртага каттанинг неварасини чипрон қилишаркан. Ҳисори қўчқордан бирининг оғзига туз ташлаб қўйсин. Сўйиб гўштини тайёрлаб юборсин дебди. Ана боғлилиқ турибди. Сурувдан олиб келиб боғладим. Шу, Қулмирзавой бироз истиҳола чиқиб турибди.

Қулмирза:
— Шалвираманг бобой. Айтаверинг.

Жайрон бобо:
— Бу ишларнинг эртага жавоби бормикин, деб қўрқаман кейинги ойларда юзга яқин қўй кетди-ёв.
Қулмирза:
— Эй нега қўрқасиз. Каттанинг ўзи соябон бизга. У киши Сиз билан мени четга суриб қўймайдилар. Эътибордасиз, бобой. Бу ишни бугун қилаётганингиз йўк-ку (кулади).

Жайрон бобо:
— Тўғри-ку-я. Лекин авваллари бунча кўп “ҳадя” қилмас эдик-да. Кейинги пайтлар кўпайиб кетди. Шу дейман, “катта-катта”, дейсиз, мен у кишини ҳеч кўрмаганман. Катта ўзи қандай одам, ўзларини бир тоққа, биз томонга олиб келсангиз яхши бўларди.

Қулмирза:
— Каттани кўришингиз шартмас. Лекин у киши сизни ҳар куни, ҳар дақиқада кўриб туради. Ҳа, шундай.

Жайрон бобо:
Ортга бир тисланиб, қўрқиб кетган кўйи, яктаги ёқасидан ичига туфлаб:
— Ростданми? Қулмирзавой. Қандай қилиб?

Қулмирза:
— Каттанинг кўзи кўп, қулоғи кўп. Яъниким, биз кабилар ҳам каттанинг кўрар кўзи, эшитар қулоғимиз.
Жайрон бобо:
— Қулмирзавой, шу катта ўзи нечта одам. Катта кўпми? Битта одам эмасми? Чунки, бир каттага шунча дов-давска, тўй-ҳашам, йиғин-анжуман кўплик қилади-да. Чунки, бир одамнинг қорни бир коса шўрвага тўяди, ҳар қандай оилага эса бир қозон овқат етади, деб ўйлайман…

Қулмирза:
— Содда кўринганингиз билан айёргинасиз бобой. Устозингиз Эсонқул тирриқ бўлгач, саводингиз ошади-да-а?

Жайрон бобо:
— Гапида болам. Гапи. Шайтон улгур ҳар хил хаёлларга бошлайди.
Қулмирза:
— Шайтонга ҳай беринг. Шайтонга!
Жайрон бобо:
— Майли болам, майли…
Қулмирза:
— Катта сизни мукофотга ёзмоқчи. Илғор, донгдор чўпон бўлиб дунёга таниласиз ҳали.
Жайрон бобо:
— Қуллуқ, қуллуқ… (таъзим қилади…)
Қулмирза:
— Бобой, шундайроқ, ўртача қўчқорча бўлса ҳам бўлаверади… Кечқурун, ҳалиги, ҳалиги келинингизнинг укаси келади… “Нива”нинг орқасига босиб жўнатарсиз…

Жайрон бобо:
Бош эгиб, ерга киргудай бўлиб…
— Тушундим, Болтажон келарканда, яна…

Қулмирза:
— Болтажонмас. Болтажон радной қайиним-ку. У касофатни бу ерга йўлатмайман. Баҳодир келади. Иккинчи келинингизнинг укаси.

Жайрон бобо:
— Ие, қуллуқ. Одамлар айтишувди. Ишонмовдим. Қосим қассобнинг қизи ҳалиги, оти нима эди, эрини қаматган Хайринисога уйланибсиз-да…
Қулмирза:
(Ўқрайиб) — Ҳей, бобой! Сизга нима даҳли бор бунинг. Айтганимни қилинг, вассалом!
Жайрон бобо:
— Тузук… тузук… Хўш, Хайринисо қачон келади.
Қулмирза:
(Жаҳлланиб) — Хайринисомас, Баҳодир келади.
Жайрон бобо:
— Майли, майли болам. Сиз нима десангиз шу. Катталар ишини билиб қилади.
Қулмирза:
— Бўпти. Мен кетдим… Кўнгилни тўқ қилинг. Қаддингизни тутинг бобой, қаддингизни тутинг.
Чолнинг елкасига қоқиб, шахдам қадамлар билан чиқиб кетади.

ИККИНЧИ САҲНА
БИРИНЧИ КЎРИНИШ
Адирлик. Олисда қўй-қўзилар. Гуллаган дарахт тагида Жайрон бобо ва Бутунвой ўтиришибди.
Жайрон бобо:
Чўпон таёғини Бутунвойга кўрсатиб:
— Умр тезоқар дарё деганлари шу экан. Кечагина шу қирларда товонимдан ўт чақнаб турардим. Ҳаммаси кечагидай — ҳеч нарса ўзгармаган. Мана шу адирлар. Мана шу сурув… Қуёш. Осмон. Ҳатто қўлимдаги манови таёқ ҳам. Бундан ўттиз йил олдин раҳматли отам шу таёқни топширувди. Ўшанда Бош чўпон бўлувдим. Ўзимни ҳамма нарсани дўндирадиган, ҳамма нарса қўлидан келадиган, чинаккам эр деб ҳис қилувдим. Қувонганимни айтмайсан. Шу адир-қирлар, сурув-сурув қўйлар, ўтов у қўра-қўтонларни фақат ўзимники деб билганман. Юрагим ҳам отнинг калласидай эди. Бировга гап бермасдим. Ади-бади айтишиб ўтирмасдим. Ноъмақбулнинг нони егудай бўлса, майда гап қилса, чангитиб сўкардим. Жайрон чапани деб чўчишарди. Қўрқув бегона эди менга болам. Отарга бўри ораласа, йиртқични икки-уч кунда тинчитмагунча ўзимам тинчимасдим.

Бутунвой:
Анграйганнома бош силкийди…

Жайрон бобо:
Ерга қараб, худди ўз-ўзига сўзлаётгандай…
— Гапирмайсан. Балки тўғри қиларсан… Беҳудага оғизни чарчатгандан нима фойда? Балки дунёнинг ғавғоларидан безиб кетганингдан гапирмассан, болам? Ким билсин, балки сен гапирсанг бу дунёни ларзага соларсан. Нима бўлгандаям кўзларинг гапиради. Кўзларингга қараб туриб, нима демоқчилигингни, тилингга чиқмаган қувончни ҳам, ғазабни ҳам билиб оламан, болам…

Бутунвой:
Бошини сарак-сарак қилиб…
— Ях…ши. Ях…ши… ях…ши…

Жайрон бобо:
— Мен ҳам сени яхши кўраман, болам. Ўз боламдай яхши кўраман. Моманг ҳам яхши кўради. Уфф, тақдир-да буям, сенга суяниб қолдик… тилаб олган ёлғиз Тиловолдимиз олисларда. Ҳей, бир нарсани тушунмайман… Олим бўламан, янгилик қиламан деб олис жойларда кўўп ўқигандан кўра, ўз эли, ўз она-тупроғида ҳам шу қиладиган ишини қилса бўмасмикан, деб ўйлайман… Масалан, манови дарахтни қара… Гуллайди, ҳосил беради, меваси пишади, эл-эломон баҳраманд бўлади. Шугина дарахтнинг ҳам нафи тегади элга… Билмасам, мен оми одамман… Лекин, мана шу юртга, Ўзбекистонга, халққа нафи тегса-ку хўпу-хўп. Лекигин, шу жойнинг шароити, шу жойнинг тупроғи, ҳавоси тўғрисида чет жойда илм қилиб, оввора-сарсон бўлиш шартмикин, деб ўйлайман-да, болам. Қизиқ, пахтачиликни ўрганаман, деб чет элга ўқишга жўнабди, боласи тушмагир Тиловолдим… Шундай ўйлаб қарасанг ўзбекка пахтачиликни, деҳқончиликни, боғбонликни ўргатиб бўлараканми? Тоғай сувчи, Эшмат тракторчи, ўулом биргат ҳар қандай олиминг билан бемалол беллашади… Шундай одамларга экин-тикинни ўргатиб бўлармикан?.. Мен бекорга айтмаяпман. Мана, ўтган ойда, ёш бир олим келди, шу чорва бўйича ўқиган экан. Практик қилди… Сурувнинг қўтонини дориланг, укол уринг деб минг бирта мол дори ёзиб бошимни гаранг қилди… Биринчидан, қўра очиқ, адирда, шамоллайда. Буни нимасини шамоллатаман дедим. У айтган ҳалиги зормонда дориларисиз ҳам сурув зиён кўрмайди. У дориларни туманда кундуз чироқ ёқиб ҳам тополмайсан. Одам касал бўлса биз томонда, дори-дармон топилмайди-ю… Сурувга, қўй-қўзига дори-укол топилсинми? Хуллас куракда турмаган гапларни қилди. Бир балоларни ёзди-ёзди, дўқ-пўписа ҳам қилди. Кейин… алдаб-сулдаб, яхши гапириб жўнатвордим… Баччағар уям қуруқ кетмади… Ундай деди, бундай деди… икки қўйнинг шўрига шўрва тўкди. Эй, билмадим, буларга нима бўлган?…

Бутунвой:
Бошини сарак-сарак… қилиб
— Кат…та, кат…та, кат…та-а-а!

Жайрон бобо:
— Ҳа, уям катта-да. Қўлида папкаси бор. Дўқ-пўписасиям бор. Ҳей, нимасини айтасан…
Сўнг Жайронбобо қўлини елпана қилиб олисга қарайди. Ўрнидан туриб:
— Бутунвой болам, биз томонга кимдир келаяпти. Келбатидан момонга ўхшамайди. Қўлида тугуниям бор.
Бутунбой ҳам ўрнидан туриб қарайди. Бир қалқиб кетади. Бехосдан Жайрон бобонинг қўлини ушлаб ўша ёққа қараб бошини сарак-сарак қилади…

Бутунвой:
— С-со-со-Сора!
Жайрон бобонинг қўлини қўйвориб у ёқдан-бу ёққа югира бошлайди. Ҳаяжонланган кўйи
— С-с-о-оора! Соо-ра!

Жайрон бобо:
— Тўғри айтасан, Сора келаяпти… Болам, Сора келаяпти.
(овози титрайди)

Бутунвой:
Сора келаётган томонни қўли билан кўрсатиб…
— С-с-оо-ра… Соораа!

Жайрон бобо:
— Ҳовлиқма, жон болам. Ўзингни бос, болам. Сора бизни, Сени кўргани келаяпти.
Саҳнага Сора кириб келади. Бошида рўмол, одми қишлоқ жувонларига хос кийинган. Қўлида тугун…

Сора:
(Ерга қараб) — Ассалому алайкум Жайрон бобо (қимтиниб туради…)

Жайрон бобо:
— Эй, ваалайкум ассалом, Сора қизим! Тани-жонинг соғми, она қизим… Хуш келибсан болам…

Сора:
Бутунвойга қараб, лабларини пирпиратиб, яна кўзи билан ер чизади…
— Бова, Сизларга сумалак оп келдим. Оғзингиз тегсин дедим, бобо…
Бутунвой ҳамон Сорага тикилиб тош қотиб турибди…

Жайрон бобо:
Соранинг олдига келиб қўлидан тугунни олади.
— Яхши қипсан. Мен ҳам, Бутунвой болам ҳам бу йил ҳисобидан сумалак татимагандик. Сенинг қўлингдан сумалак ейдиган бўлдик…
Бобо белидаги белбоғини ечиб Бутунвойга узатади.
— Ҳой, бола! Нега қоққан қозиқдай серрайиб қолдинг. Мана, дарахт тагига туша. (Кейин Сорага юзланиб) Қани, юр. Мана, шу дарахт таги Бутунвой болам икковимизнинг хордиқжойимиз. Шу ерда сурувни кузатамиз.
Бутунвой югиргилаб бориб, Сора ўтириши лозим жойга белидаги белбоғини ечиб тўшайди. Бобога эса белбоғини қайтариб беради. Бобо кулимсирайди… Сора қимтиниб бориб ўтиради. Ёнида Бутунвой чўкади… Бобо ҳам ўтириб фотиҳага қўл очади…

Жайрон бобо:
— Болаларим ризқларинг бутун, тани-жонларинг соғ бўлсин… Умрларинг зиёда бўлсин… Эл-юртимиз тинч бўлсин. Яратган ҳаммамизни ўз паноҳида асрасин…
Сора билан Бутунвой бир-бирига ер остидан титраб қараяпти… Бу ҳолни сезган Жайрон бобо ўрнидан туради. Бутунвой мўлтираб Жайрон бобога қарайди:
— Болаларим, сизлар пича гурунглашиб туринглар. Сурувнинг олди анча олислабди. Хабар олиб қайтай.
Бобо таёғини олиб адир томонга кетган бўлиб саҳнани тарк этади…
Бутунвой билан Сора юзма-юз турибди. Сора рўмол учи билан юзини тўсиб йиғлайди. Бутунвой ерга боқади. Қўллари билан юзини тўсади. Йиғлай бошлайди. Елкалари титрайди… Бир оз сукут. Саҳнада куй янграйди. Иккови бир-бирига қараб турибди…

Куй-қўшиқ:
Чекка бир қишлоқнинг чекка уйида,
Сунбул сочларини тараб-урган қиз…
Кечалари яшаб висол ўйида
Тунги тушларида мени кўрган қиз…
Икки ошиқ ҳамон бир-бирига термулади. Бутунвой қалтираган қўлларини узатиб Соранинг юзини силайди. Юзидаги кўз ёшларини артади. Сора ҳам унга қўл чўзади. Бутунвойнинг сочларини силайди. Иккаласи бир-бирининг қўлидан тутиб ўрнидан туришади… Саҳна ўртасига юриб келишади. Соранинг рўмоли бошидан тушиб кетади. Бутунвой энгашиб олади-да уни юзига босади… Сора тағин унга термулиб қолади.

Бутунвой:
— Со-о-с-сор-а! М-ме-нн. Ммм ях-яхши…
Сора:
Ҳазин ва хаста овозда
— Мен ҳам сизни яхши кўраман, Бутунвой.
Бутунвой:
— Ммм-мм-м. (Қийналади… титрайди)
Сора:
— Нима қилай Бутунвой, тақдирим шу экан Бутунвой. Тақдирим ўйилсин Бутунвой. Ёзиғимда шу экан Бутунвой…
Бутунвой:
— С-с-соо-ра (инграйди).

Сора:
— Кўкайларим қуриди. Кўк томирим чириди. Сизни яхши кўрсам нима қилай… Узоқлардан бўлса-да кўргай дейман… Ўз дардим ўзим билан, ўт-оловим ўзим билан. Куйдим, куйиб кул бўлдим, Бутунвой…. Бирга ўсдик, бирга ундик. Ўн йил бирга ўқидик… Биргина сизни кўрдим, биргина сизни билдим… Сиз туфайли бу дунёдан умидларим кўп эди. Армия дедингиз кутдим. Лекин бу номард дунё чаппа кетди. Урушига ўт тушсин… Ҳаётимни ағдар-тўнтар қилди, Бутунвой. Ҳалиям Сизни яхши кўраман Бутунвой… Сизни демасам икки кўзим кўр бўлсин, Бутунвой…
Айтинг нима қилай… Ўзимни ўлдирайми, юрак-бағримни тилкалайми, Бутунвой… Куйиб адо бўлдим…
Сора ерга чўккалаб олиб, қўлларини ёзиб, зор-қақшаб йиғлайверади…

Бутунвой:
У ҳам Соранинг қаршисига чўк тушиб…
— С-со-ора… ммм-мм. Имм… (Бошини силкийди…)

Сора:
— Мен йиғламай ким йиғласин Бутунвой… Кўр бўлиб қолсаям омон келсин дедим. Майиб мажруҳ бўлсаям ўлмай келсин дедим. Илоё қилдай жони омон бўлсин деб икки йил туну кун дуои жонингизни қилдим. Бутунвойим омон-эсон келади дедим. Ўла-ўлгунимча Бутунвойим билан бирга бўламан дедим. У менга ваъдалар берган дедим. Бутунвойим меники бўлади, дедим… Уввв, тақдирим ўйилсин-а… Шу куним ҳам кўплик қилдими Бутунвой? Сизни деб ёлғиз ўтишимга ҳам қўйишмаса нима қилай, Бутунвой?

Бутунвой:
Қўлини қишлоқ томонга кўрсатиб…
— К-киим?

Сора:
— Мени тинч қўймаяптилар… Шугина тоғлар томондан шамол эса Бутунвойимнинг исини оп келаяпти деб энтикаман… Шугина тоғлар бошига булут чиқса Бутунвойим ёмғирда қолмасин дейман. Кечаси ой-юлдузга қараб Бутунвойим ҳам ой-юлдузни кўриб турибди дейман… Ҳар кун, ҳар тун Сизни хаёлимда олиб юраман. Сизни унутолмайман. Лекин булар мени тинч қўймайди. Мен буларга нима ёмонлик қилдим, Бутунвой.
Увв тортиб йиғлайди…

Бутунвой:
Қўлларини мушт қилади. Бор вужуди қақшайди…
— Киим…м. Киммм! Им-ммм…мммм (ўкиради).

Сора:
— Отам, акам, гўрингда тўнғиз қўпқир Омон партия! Мени шу отам тенги чолга узатишмоқчи. Нима қилай Бутунвой! Омон партия менга кун бермаяпти. Менга эр керакмас, Бутунвой.

Бутунвой:
— О…т. О…т..! Имм…

Сора:
— Йўқ… Уларни отмайсиз. Ўлдирмайсиз. Отиб қўлингизни қонга бўямайсиз. Бировнинг қонини тўкманг. Бировнинг кўнглини тушунмаганни худонинг ўзи уриб қўйгани эмасми?

Бутунвой:
— Ме-еенн… Қоон-қ-ўл! Қо-о-н!

Сора:
— Ундай деманг. Сизнинг қўлингиз қон эмас. Қўлингиз қон бўлган бўлса, бу сизнинг айбингизмас. Минг бир лаънатлар бўлгур урушнинг айби… бу!

Бутунвой:
Қўшни тоғ томонга кўрсатиб…
— Т…о…ғ… Жаа…й… Жа…ай…

Сора:
— Қанийди шундай бўлса, Бутунвой. Иложи бўлса сиз билан тоғ тугул дунёнинг нариги чеккасига ҳам бирга кетмасмидим. Йўқ бизга Жайрон бово ёрдам беролмайди… Ҳеч ким бизга ёрдам беролмайди…

Бутунвой:
— Н…н…н…и…им…

Сора:
— Нима қиламиз дейсизми? Билмайман… Билмайман. Йигирма йилдан бери нима қиларимни билмайман. Йигирма йилки элнинг оғзидаги эрмакман. Йигирма йилки чора изладим топмадим… Шу кунимга ҳам розийдим. Сизни онда-сонда кўриб турганимгаям розийдим. Тақдиримга тан бергандим… Энди иложим қолмади. Бу ерлардан бош олиб кетмасам ўзга чорам йўқ… Ўлсам ўламан… Отам тенги Омон партияга хотин бўлмайман. Мендан рози бўлинг Бутунвой. Мен қишлоқдан кетаман.

Бутунвой:
Ўрнидан туриб кетади. Сорага даҳшатли қиёфада қарайди…
— Қ…қ…қаёқ…а? Қаёқ…қ?

Сора:
У ҳам ўрнидан туриб:
— Бошим оққан томонга. Жуда узоққа… Майли одамларнинг уйида чўри бўлай, кирини ювай, овқатини пиширай, бола-чақасини боқай, нима хизмати бўлса қилай. Лекин мени ҳеч ким Омон чолнинг қўлига топширишолмайди… Мен Бутунвойимнинг хаёли билан, Бутунвойимнинг муҳаббати билан яшайман.
Худди ўзига ўзи гапираётгандай, телбанамо кўйи саҳнага қайрди…

Бутунвой:
Ўз кўксига муштлаб
— Мммее…н. Я…х…ш. Я…х…ши!

Сора:
— Биламан Бутунвой. Биламан. Мен ҳам яхши кўраман… Сиздан рози-ризолик олгани келдим. Изн беринг, мен бу ерлардан кетайин. Пешонамдан кўрдим.

Бутунвой:
Бошини силкитади. “Йўқ” маъносида бошини қимирлатади…

Сора:
— Мени яхши кўрсангиз изн беринг. Сиз мени яхши кўрасиз-а?

Бутунвой:
Лабларини тишлаб тасдиқ маъносида бош силкийди.

Сора:
Бутунвойнинг қўлидан тутади. Улар саҳна четидаги дарахт тагига юра бошлашади. Улар ҳалиги гуллаган дарахт тагига ўтиришади… Сора ўзини бир мунча қўлга олган. Бироз жилмаяди. Бутунвойга қараб:
— Эсингиздами, Сиз айни мана шу кунлари, ўшанда тўққизинчи синфда ўқирдик, тоғдан бир қучоқ қизғалдоқ териб келиб бергандингиз. Қизғалдоқлар энди очилай деб тугунчалар пайдо қилганди… Мен уларни уйимизга оп келиб дераза рахига сувли идишга солиб қўйгандим. Қизғалдоқлар уч кун ўтмай чарақлаб очилганди. Мен уларни сувини кунига икки марта янгилардим. Уларнинг сўлиб қолишини ҳеч истамасдим. Агар қизғалдоқлар сўлиса, гуркираб яшнаётган ҳаёт гулларимиз сўлийди, деб тасаввур қилардим, гўё. (У жим бўлиб ерга қараб қолади…) Бироқ бир бора очилишнинг сўлиши борлигини кейин пайқадим…

Бутунвой:
(Лаблари пирпираб)
— М…мак..т..а… мак… мак…таб…

Сора:
— Мактабда доимо математикадан мисолларимни ишлаб берардингиз. Сизни ҳамма ҳурмат қиларди. Ўқитувчилар ҳам. Айримлари чўчирди. Кимсан раисполкомнинг ўғли Бутунвой дейишарди.

Бутунвой:
Уҳ тортиб, чуқур нафас олади…

Сора:
— Эсингиздами, сиз Бойсунлик машҳур шоирнинг шеърларидан ўқиб берардингиз.

Бутунвой:
Бироз чеҳраси юмшаб бош силкийди. Кейин қўлларини осмонга кўтариб…
— О…с. ос…осм…он…

Сора:
— Ҳа. Эсингизда экан… Шеър шундай бошланарди:
Осмонга ҳам отгум тош
Гуноҳкор бўлса қуёш…

Бутунвой:
— Юл…юл… д…у..уз…

Сора:
— Буниси ҳам эсимда:
Юлдузлар порлаган шу осмон ҳаққи
Она-замин ҳаққи қасам ичаман.
Сен менинг қалбимда бир ўзинг балқи
Истасанг шеъримдан мен воз кечаман…

Бутунвой:
Юзи бироз ёришиб кўрсаткич бармоғини ўз кўксига ниқтаб:
— С…с..е..ен… Ме…е..ен… Шо…о…о..оир.

Сора:
— Ҳа, мен Сизга Сиз шоир бўласиз дердим. Сизнинг юрагингиз тоза, сиз бошқачасиз. Сиз шоирсиз дердим.
Кейин яна жим қолиб, уф тортади…
— Бироқ, қуёш гуноҳкорми йўқми, бир кун келиб бизнинг бошимизга осмонга отилган тош эмас, осмон қулаб тушишини билмасдим. Бироқ, югирик вақт ёшликнинг қасамларини тан олмаслигини билмасдим…

Бутунвой:
Сорани бағрига тортади. Бошини силайди…
Иккови ҳам бир мунча сўзсиз қолишади… Шу пайт яқиндан юк машинасини гуриллаши эшитилади. Иккови ҳам сапчиб туришади. Сора рўмолини бошига илиб қалтираган қўллари билан унинг юзларини сийпалайди…

Сора:
— Кимлардир келишаяпти. Мен кетай. Рухсат беринг… Бутунвой, мендан рози бўлинг. Мендан рози бўлинг Бутунвой…
Бутунвой қалтираб яна титрай бошлайди. Сора ҳамон ялиниб:
— Мен энди кетай. Қишлоқдан кетаман. Тақдир насиб қилса кўришамиз. Сизнинг юзингизга оёқ қўймайман. Рози бўлинг… Рози бўлинг.
У Бутунвойни қучоқлаб ўпади. Сўнг жон ўҳмида унинг бағридан ситилиб… кўча томон йиғлаган кўйи югириб чиқиб кетади. Бутунвой серрайиб унинг ортидан қараб қолади… Юк машинаси келиб бўлганди… Бутунвой икки қўли билан бошини чангаллайди… ўтириб қолади. Саҳнада портлашлар, гумбурлашлар, ўқ овози эшитилади. Худди биринчи саҳна бошидаги ҳолат намоён бўлади. Бутунвой ғужанак бўлиб ётиб олиб, тўлғониб бақира бошлайди… Бир оздан сўнг уруш даҳшати акс этган садо тинади.

Ўша саҳна
ИККИНЧИ КЎРИНИШ
Бутунвой беҳол бўлиб ётибди. Саҳнада Қулмирза пайдо бўлади… У Бутунвойга қараб тўхтаб қолади. Унинг ёнига келади… Юталган бўлиб овоз чиқаради… Бутунвой иҳрайди…
Қулмирза:
Бутунвойнинг тепасида
— Энағарнинг боласи! Мастга ўхшайдию… Қайси гўрдан ичиб олдийкин… Ҳе, молга ўхшамай ўл. Сурувга энанг қарайдими? Бутунвойни зарб билан тепади. Бутунвой ингранади.
— Ўзингни билмай қопсан-ку, айиқполвон. Тур ўрнингдан. Шу ивирсиқ чолнинг ҳам энасини… сен худо урганни шерик қилиб олиб юрганига ҳайронман.
Қулмирзанинг ортидан шафёр йигит келади…

Шофёр йигит:
— Чолдан дарак йўқ. Нариги қирга кетганмикин-а?

Қулмирза:
— Ким билади дейсан… Кампириникига кириб кетгандир-да. Анграйма, бор. Ўзинг бор… Пичоққа ярайдиганида иккита семиз қўчқорни ушлаб мошингга бос… Катта кутиб ўтирмайди. Кечиксак теримизни шилийди. Бугун настрайнаси йўқ…
(Шафёр чиқиб кетади…)

Бутунвой:
Иҳраб… ўрнидан қўзғалади. Инқиллаб ўтириб бошини ушлайди.
— М…м-иммм… Мм…мм…м!

Қулмирза:
— Мимиллама, пиёниста…. Бошингни чангаллайсан… Калланг ёрилай деяптими? Кўпроқ ич энағар. Чол қани? Қаерга йўқолди.

Бутунвой:
Қўли билан тоғ томонни ишора қилади
— М-иимм… т…т…т…о…оғғғ!
Шу пайт саҳнага қўлида чўпон таёқ Жайрон бобо кириб келади…

Жайрон бобо:
Бутунвойга қараб, унинг аҳволини тушунади. Қулмирзага эътибор бермай Бутунвойнинг ёнига бориб уни турғизмоқчи бўлади. Бутунвой керак эмас ишорасини қилиб қўл силтайди-да, бир амаллаб ўзи ўрнидан турмоқчи бўлади.

Қулмирза:
Чолнинг беэътиборлигидан, салом-аликсиз Бутунвойга мулозамат кўрсатаётганидан қаҳрланиб
— Нега бу ароқхўрни тетапоя қилмоқчи бўласиз. Бу ғирт мастку… Эси кирари чиқари бўлиб ётибди-ку… Ундан кўра шопирга ёрдамлашсангиз ўласизми?

Жайрон бобо:
ўазаб билан Қулмирзага юзланиб:
— Оғзингизга қараб гапиринг. Бечора бир бегуноҳ боланинг устидан кулманг. Буям худонинг бандаси ахир.

Бутунвой:
Ўрнидан туриб, қўлини Қулмирзага бигиз қилади
— Б..б..б-ў…ўри. Б-б-ўри!

Қулмирза:
(Хезланиб) — Нима, нима?! Ким бўри? Сенга кўрсатиб қўяман бўрини…
Бутунвойга ташланмоқчи бўлади. Жайрон бобо ўртага тушади. Уни тўхтатиб қолади…

Жайрон бобо:
— Ҳай, ҳай… Шу бола билан тенг бўласизми, Қулмирзажон. Бу бир касалванд бола бўлса. Шайтонга ҳай беринг, Қулмирзажон.

Қулмирза:
— Ҳалиям тили йўқ бунинг! Тили чаённинг заҳрига ботирилган. Бекорга дудуқ бўлмаган бу! Худонинг ургани шуда бу гўрсўхтани (Бутунвойга қараб) Нега кўзингни чақчайтирасан.

Бутунвой:
У ҳам Қулмирзага удағайлайди… тутилиб дудуқланиб:
— Х..х..х-а…ар…ом. Хар…харом!
Қулмирза жон уҳмида унга ташланади… Саҳнага шофёр югириб кириб ҳай-ҳайлаб Қулмирзанинг қўлини ушлаб ажратади…

Шофёр:
— Қўйинг ака, бу нодонга тенг бўлманг. Эси пастку… Фалокат босиб, ўлдириб-нетиб қўйманг. Тиригидан ўлиги қиммат бунга ўхшаганларнинг.

Қулмирза:
Бироз ҳовуридан тушиб:
— Ҳой нори-мода… Хотинчалиш. Сен бировга сиғиндисан, энағар!..

Жайрон бобо:
Энди тутақиб кетади…
— Ҳой оғзингга қараб гапир. Бу бола ҳеч кимга сиғинди эмас. Хотинчалиш деб сени айтса бўлади… Қулсан. Катталарнинг пойи-патигисан. Югурдагисан, баччасисан…. чориқчининг боласи! Бугун одам бўп қопсан-да… Сен бу болани сўкма, тақдирида шу ёзиғи бор экан… Лекигин бунинг палаги тоза. Отаси юрт сўраб, эл устида юрган одам эди. Отаси раҳматлининг бугун номи оқланган… Отаси тириклигида авлодинг билан соясига салом бериб юрардинг. Отнинг ўлими, итнинг байрами деб шуни айтишса керак ноумид бўлгур! Хайф сенга… Йўқол, бу ердан…
Бутунвой дарахт тагига югуради-да, панада ётган милтиқни олиб Қулмирзага ўқталади… Қулмирза қўрқиб орқасига юриб тислана бошлайди. Шунда Жайрон бобо ўртага тушиб, милтиққа кўксини тутади.

Жайрон бобо:
Қўлини ҳаволатиб
— Отма болам. Ўзингни бос болам!
Бутунвой милтиқни ерга ташлаб юборади-да, ортига терс ўгирилиб, дарахт тагига бериб ўтириб бошини чангаллаб қолади.

Қулмирза:
Ҳайдовчи етовида саҳнадан чиқиб кетаётиб Жайрон бобога удағалайди:
— Икковингниям тилинг бир, кўрилон. Ҳали кўзингни очиб қўяман. Икковингниям турмага тиқаман. Чиритаман… Сенлар мени отаман дединг-а, шошмай тур ҳали…

Бутунвой:
(Тишларини ғижирлатиб)
— Б…б…б-бў…ў-ри… Бў-ў-ри!..

Қулмирза:
(Яна ҳезланиб ортига кета туриб)
— Тилингни суғуриб олмасам отимни бошқа қўяман.

Жайрон бобо:
— Сени худога солдим, нонкўр. (Қўлларини фалакка чўзиб) — Омин, у дунёи бу дунё ҳаловат топмагин.

Қулмирза:
(Қўлини бигиз қилиб)
— Каттани ҳам ҳақоратладинг. Сўкдинг. Уйинг куймаса, одаммасман…

Жайрон бобо:
— Шундоғам одаммассан. Катта-паттанг билан қўшмазор бўл, юлғич, муттаҳамлар!

Қулмирза:
Саҳна четида, чиқиб кетаётиб, ҳайдовчига:
— Эшитдингга, гапини. Сен гувоҳсан. Энди ўлдим дейвер сассиқ чол.
Қулмирза ва ҳайдовчи чиқиб кетади… Юк машинасининг гуриллаши эшитилади.

Жайрон бобо:
Жайрон бобо ўтирволиб елкалари силкиниб йиғлайверади.

Бутунвой:
Бутунвой ҳам бемажол саҳна ўртасига келиб қишлоқ томонга қўлларини чўзади. Тиззанлаб юраркан, унсиз йиғлайди.
Қўлларини ҳамон қишлоқ томонга чўзиб:
— С…с..о..ора! Со…ра! Мим…мим… имм… Со..р…ор…а.. Со..о…ра…
Ҳазин мусиқа. Парда ёпилади.

Саҳна
Яна ўша саҳна. Адирлар. Баҳор тасвири. Чеккада дарахт. Саҳна ўртасида стол-стул. Стол яхшигина тузатилган. Мева-чева, турли хил ичимликлар. Стол атрофида тўртта стул. Қадди-басти келишган, костюм-шим, оқ кўйлак кийиб, галстук таққан жуда пўрим кийинган Тоҳир Тоҳирович столдаги жомларга ароқ ва шарбат қуяяпти. У бу ишни чаққонлик билан бажаргач, қўлларини бир-бирига ишқаб, қарсак чалади. Ўзига ўзи шундай дейди:
Тоҳир Тоҳирович:
— Мана буни дам олиш десак бўлади. Оҳ..ҳ… Табиатни қаранг. Табиатни. Одамнинг яшагиси келади. Сокин ва тинч жойлар… Асабнинг роҳати (кейин… ҳавони ҳидлаб) О-о-о, тандир кабобнинг ҳидини… Димоғни ёраман, дейди… Беш кунлик дунёда даври-даврон сурганинг қолади-да. Ҳайём деган шоир бор-ку, топиб айтганда-а… Ёнингда бир жонон бўлса, бир қўйнинг сони бўлса, кейин манови май ўлгурдан бўлса… бундай маишатни жаҳон султони ҳам тополмайди, деб. Ўлай агар шу ёшга кириб шу шеърдан бошқа шеърни ёддан билмайман, буям давраларда такрорланаверганидан хаёлга қуйилиб қолган албатта. Ҳе-э, шеър ўқишдан бошқа ишим йўқми, шеърни шоирларга чиқарган, ўзлари ўзларини мақтаб бир-бирига ўқийверишсин. Мингта шеър ёдлаганинг билан ёнингда бир чақанг ҳам бўлмай, чўнтагинг тешик бўлиб юришдан худо асрасин. Ҳозир шундай шоирлар истаганча топилади. Зўрға кунини кўришади-ю, димоғлари осмонни ёради. Ўргулдим, сенлардан…
У теварак атрофга аланглаб, чеккадаги дарахтга қараб овоз беради…
— Ҳоов, Земфира, Земфирочка… Келинг энди, сув бўйида кўп турманг. Тоғ ҳавоси… шамоллаб-нетиб қолманг тағин… Земфирачка…

Дарахт томондан қиз боланинг овози:
— Ҳозииир… Ҳозиир… Бораяпмаан…
Тоҳир Тоҳирович… Столни айланаётиб қўлларини ишқалайди-да, дарахт томонга қараб анграйиб қолади. Земфира чиқиб келаяпти. Сочларини ёйиб олган. Эгнида ёқаси кўксигача қия очилган халат ташлаб олинган. Юрганда халат баридан оппоқ оёқлари кўриниб турибди. Қўлида елим халтача, кийимларини алмаштириб чиқаётганини пайқашингиз мумкин…

Тоҳир Тоҳирович:
Бир оз тараддудланиб… ҳайратланиб…
— Ооо! Оҳ-ҳов, ўзингизмисиз… Клеопатра бўлиб кетинг-э… Ана қомад, оҳ-ҳо…
У ҳирс билан Земфирага термулади. Земфира чиндан ҳам гўзал, қадди-қомати келишган, чизиб қўйилгандай хушбичим қиз эди.

Земфира:
(Эркаланиб) — Раҳмат Сизга акагинам… Шундай гўзал жойни биринчи кўришим. Тунов куни мақтаганингизча бор экан. Бу ерда уч кун эмас, уч ҳафта қолсам ҳам розиман. Ҳаш-паш дегунча уч кун ўтибди-я. Тўғриси, бу ерлардан кетгим келмай қолди.
Келиб столга қараб ҳаяжонланади.
— Войбу… столни безатишни ҳам қийиворибсиз акагинам.
Столдаги шарбат солинган қадаҳни олиб ичади.

Тоҳир Тоҳирович:
— Сиз учун ҳамма нарсани ест қиламиз.
Қиз томонга юради. Унинг қўлларидан тутади.
— Марҳамат, ўтиринг Земфиричка! Мен ҳам жон деб қолардиму, лекин вақт… вақт… вақт… Худо хоҳласа ёзги таътилда бир ойга олиб келаман.

Земфира:
Эркаланиб, кўз сузиб стулга ўтиради.
— Раҳмат, акажоним…
Тоҳир Тоҳирович ҳам унинг ёнига ўтиради. Қизнинг иягидан ушлаб ўзига қаратади…

Тоҳир Тоҳирович:
— Сизнинг соғлигингиз учун.
Улар ичишади. Сўнг газак қилишади.

Земфира:
— Шундай қилиб бугун қайтамизми?.. Ҳалиги масалани ҳал қилиб берасиз-а?
Тоҳир Тоҳировичнинг бўйнига осилади.

Тоҳир Тоҳирович:
Бироз безовталанган кўйи:
— Албатта, эркакнинг гапи битта бўлади.
У кўрсаткич бармоғини ҳаволатади.
Земфира:
Тоҳир Тоҳировичга ўн қўлини узатиб:
— Ташланг бешни!
Т.Тоҳирович унга қўл беради.
— Сиз ягонасиз. Сиз мардсиз Тоҳир ака! Ўзимни акажоним! Сизни яхши кўраман!

Тоҳир Тоҳирович:
— Бўлди… бўлди… Мақтаворманг. Ҳорижга борасиз. Дарвоқе, домлаларингиз билан бир ойга гаплашаман. (Бош силкиб кинояли бурун тортиб) — Ҳалиги болачани ҳам ўзингиз билан олиб қайтасиз… Бир ойдан сўнг иши тугайди унинг ҳам. Қарабсизки, тўйни бошлаворасиз. Ўзим бош бўламан.

Земфира:
(Айёрона боқиб) — Ишқилиб ишкали чиқмасмикин?

Тоҳир Тоҳирович:
— Нега ишкали чиқаркан. Шундай ҳурлиқога етишгани учун у бола ақлдан озади-ю, шўрлик. Айтасиз-ку, ишқимда куйиб-ёниб кул бўлаяпти, ҳар куни мактуб оламан деб. Шундай, аммамнинг бузоғига турмушга чиқсангиз, номига албатта, менга ҳам, Сизга ҳам яхши бўлади. Кейин яна унинг ёлғиз ўзини хорижга жўнатамиз, илм уммонига ғоввос бўлиб шўнғийверади… Сиз эса ўқишни давом эттирасиз. Кундуз ўқиш, кечқурун менинг бағримда бўласиз (хо-хо-лаб кулади).

Земфира:
(Ўйчан) — Кечаги ҳафта врачга боргандим… Ҳалиги, ҳомиладорлигимни тасдиқлади.

Тоҳир Тоҳирович:
(Салмоқланиб, бепарво) — Хабарим бор! Сиз қўрқманг, ҳаммаси жойида бўлади.

Земфира:
(Синамоқчи бўлиб) — Ёки олдириб ташласаммикин?

Тоҳир Тоҳирович:
(У ҳам синовчан назар билан)
— Кейин ҳомилангиз бўлмай қолиши мумкин. Тўйни тезлатсак, ҳалиги аммамнинг бузоғи билиб ўтирибдими? Шунинг учун ҳам Сиз уни бурнидан ип ўтказиб, бир ой кўнглига ўт солиб, бу ёққа олиб келинг деяпман… Ҳаммаси яхши, режа асосида кетаяпти…

Земфира:
(Қовоғини уюб) — Мени қишлоққа олиб кетаман деяпти. Ота-онасининг ёлғиз ўғли экан. Ота-онаси кекса эмиш. Қишлоқи бўлиб юраманми, энди? Мол боқиб, таппи ёпиб… Ҳимм…

Тоҳир Тоҳирович:
(Кулиб) — Аввал тўйни ўтказиб олайлик, қолгани бир гап бўлар.

Земфира:
Яна жонланиб, эркаланиб
— Сиз барибир зўрсиз. Мардсиз Тоҳир ака! Дугонам бор эди-ю, Роза! Ана ўшани, мақтаган кавалери, тепакал акажони қилар ишни қилиб қўйиб ташлаб кетди. Тўғри, уй олиб берди… Хотини билиб қолиб жанжал кўтарибди. Ҳозир ишининг ҳам мазаси йўқ эмиш. Терговда дейишибди. Сиз эса анчагина тадбирлисиз Тоҳир ака!
У чўзиб, эркаланиб айтади охирги жумлани…

Тоҳир Тоҳирович:
— Ундай икки сўзли, икки ҳалигиси борларни бизга гапирманг Земфирахон.

Земфира:
— Тоҳир ака-а-а! (яна чўзади)

Тоҳир Тоҳирович:
— Ҳа, гапираверинг.

Земфира:
— Айтаверайми?

Тоҳир Тоҳирович:
— Бемалол.

Земфира:
— Менинг бир яна дугонам бор ўн саккиз ёшда. Жудаям гўзал кетворган қиз… Шу дугонам айтдики, агар Тоҳир акангдай мард эркак топилса, бемалол унга ўзимни топширардим. Бўйнига осилиб олмайман, фақат қўли узун бўлсин, топар тутарли бўлсин, деди.

Тоҳир Тоҳирович:
(Хохолаб кулиб) — Фақат қўли узун бўлсин дедими-а? Ҳа-ҳа-ҳа… (кулади).

Земфира:
Гўёки озорлангандай, эркаланиб:
— Боринг-э, мен сизни тушунадиган одам десам…

Тоҳир Тоҳирович:
— Яхши. Яхши… Менинг бир ўртоғим бор. Бизнесмен… Шуни бир илинтириб кўрсин-чи. Дугонангиз ишқилиб ўзингизга ўхшаганми?.. Аммо менинг дўстим, аёл деса ўзини томдан ташлайди…

Земфира:
— Қачон учраштирасиз?

Тоҳир Тоҳирович:
— Шаҳарга етволайлик. Эртага кечқурун. Ўзингиз билган жойда бир пиёла чой ичамиз.

Земфира:
— Лекин жуда яхши қиз. Дўстингиз қадрласа бас. Дарвоқе, дўстингизнинг ёши неччада?

Тоҳир Тоҳирович:
— Худо хоҳласа бу йил роппа-роса олтмишга тўлади.

Земфира:
— Ҳа, жуда соз… Тенгдош экансизлар. Ҳар ҳолда майда-чуйда хира пашшалардан тузук-ку-а, шундайми-а?

Тоҳир Тоҳирович:
Бош силкиб, кўзини юмиб:
— Нима деяпсиз? У ҳар қандай мишиқининг патини юлиб, писиллатиб босиб қўяди. Кимсан, Қилич бойвачча деган номи бор…

Земфира:
— Бўлди. Ест! Сизга ишонаман.

Тоҳир Тоҳирович:
— Ҳалиги, аммамнинг бузоғи, севгилингиз, хушторингиз сизга нима деса хўп деб туринг… Ўзиям сиз уни йўқлаб боришингизни эшитса юраги ёрилиб кетса керак ҳаяжонланганидан…да, албатта.

Земфира:
— Ҳа-ҳа. Хат ёзувдим. Бечора ўзини қўярга жой тополмай қолганмиш. Нодон, пулни қаердан топаяпсан, ким сенга ёрдам бераяпти, деб ҳам сўрамайди-я…

Тоҳир Тоҳирович:
— Севги шунақа. Одамнинг кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўяди. Сўрамабдими, демак яхши. Бошқа нарсаниям билмайди.
У Земфиранинг қорнига ишора қилади.

Земфира:
— Тоҳир ака! Хорижга чиқмаган эдим. Сиз туфайли омадим юришаяпти, шу баҳонада Германияни ҳам кўрадиган бўлдим. Бу ёғини менга қўйиб беринг. Уни тамоман ўзимники қилиб олиб қайтаман.

Тоҳир Тоҳирович:
(Чайқалиб кулиб) — Лекин сиз эса тамоман уники бўлмайсиз. Тушунарлими… Тағин, тўйдан сўнг акажонингизнинг қучоғида эс-ҳушингиздан айрилиб, бизни унутворманг…

Земфира:
Кўзларини ола-кула қилиб, ўзича хафа бўлгандай
— Нималар деяпсиз, Тоҳир ака! Мен аллақачон сизники бўлганману. Кўз очиб кўрганим Сиз. Бунинг устига… (қорнини силайди).

Тоҳир Тоҳирович:
Керишиб, қўлларини бир-бирига уриб:
— Оҳ, аёллар, аёллар. Одамми телба қиласизлар-а? Жодуми бу, сеҳрми бу билолмадим… Кўзимиз кўр, қулоғимиз кар энди…

Земфира:
— Биринчидан, аёллармас. Аёллармас. Мен ҳали аёл эмасман. Қиз боламан (тумтаяди). Ахир ҳали тўйим бўлмаган-а, Тоҳир ака… (У яна айёрона жилмаяди).

Тоҳир Тоҳирович:
— Майли Сиз айтгандай бўлади. Сиз ҳали онаси ўпмаган қизсиз. (Кейин, димоғини тортиб) Ҳалиги бўлажак ёрингиз шундай ўйлай қолсин…
Шу пайт Тоҳир Тоҳировичнинг қўл телефони жиринглаб қолади. У саросималанади. Лабига кўрсатгич бармоғини теккизиб Земфирага “жим” ишорасини қилади. Сукунат. Телефон ҳамон жирингламоқда…
— Ало, ало! Ҳа, салом Сайёра! Яхши ўтирибсизларми? Болалар қалай? Қудалар келиб кетишгандир? Кўрмайсанми, иш… иш… иш. Командировкасиям жонга тегди. Тоғма-тоғ, оч-наҳор, ҳориб-чарчаб юрибмиз, хотинжон. Текширувимиз ҳам бугун ниҳоясига етади. Ҳа, албатта, йўлга тушаман, хотинжон. Хавотир олма. Сени соғиндим. Хўп, ҳозир ёнимда ҳамкасбларим бор, кейинроқ ўзим қўнғироқ қиламан.
У қўл телефонни ўчириб, оғир хўрсиниб нафас олади…

Земфира:
(Кулимсираб) — Ҳа, акажоним. Терлаб кетдингиз-а? Қўрқдингизми?

Тоҳир Тоҳирович:
(Қўл силтаб) — Эй, хотин зотининг пойлашдан ўзга иши йўқ-да… Асабингни эговлайди-да. (Кейин, тоғ томонга қараб, қўлида қўлтелефонини ўйнатиб) — Ана цивилизация! Мана цивилизация! Уйинг куйгир сотивойнинг шу тоғлар орасида ҳам ишлаганига ҳайронман. Шу ерларга ҳам алоқа тўлқинлари юбориладиган бўпти-да. Замон бошқача бўлиб бораяпти. Энди тоғ тугул, ернинг остига бекинсанг ҳам қўлингга қўнғироқ қилишиб топиб олишади.

Земфира:
(Яна табассум билан) — Лекин Тоҳир ака, сиз ҳар қандай вазиятдан ҳам бемалол қутилиб чиқоласиз, буни аллақачон пайқаганман.

Тоҳир Тоҳирович:
(Эшитмаганга олиб) — Қани жонидан яна биттадан олайлик. (У қадаҳларга ароқ қуйиб бирини Земфирага узатади.)

Земфира:
Қадаҳни олиб Тоҳир Тоҳировичнинг қўлидаги қадаҳга уриштиради — Хўш, дунёдаги энг танти инсон Тоҳир Тоҳирович, Сиз учун ичаман. Бахтимга омон бўлинг.
Улар ичишади. Шу пайт машина овози эшитилади. Ичкарига таъзим қилиб Қулмирза кириб келади. Тоҳир Тоҳирович билан қўшқўллаб кўришади…

Қулмирза:
— Ассалому алайкум, Катта ака! Яхшимисиз катта ака! Бола-чақа, уй-ичи, ошна-оғайни, хели-хеш омонми? Суяк енгилми катта ака! Кейин Земфирага сирли қараб қилпанглаб:
— Чечажон, сизам яхшими? Суяк енгилми… Хўш…
Унинг яна узундан-узун сўрашиши мумкинлигини пайқаган Тоҳир Тоҳирович “тўхта” ишорасини қилиб қўлини кўтаради.

Тоҳир Тоҳирович:
— Суяк енгил. Суяк енгил. Жудаям енгил, Қулмирзавой… Хўш, биз бугун қайтамиз. Шунга… (У бироз чайналгандай бўлади) шунга…

Қулмирза:
Тоҳир Тоҳировичнинг ёнига келиб энгашиб чўнтагидан конверт олиб, унинг қўлига тутади
— Мана ака, каттанинг ўзлари бериб қўй, дедилар.
Секин киши эшитилмасин маъносида.
— Бешта. Кўкидан.
Кейин секин Земфира томонга қараб қўяди. Земфира унинг бу гапини эшитиб, кўзлари чақнаб кулимсирайди… Тоҳир Тоҳирович эса атайлаб, мағрурона қиёфада қовоқ уюган бўлади.

Тоҳир Тоҳирович:
Гўёки бепарводай конвертни салмоқлаб кўриб ён чўнтагига солади.
— Хўш, каттангизнинг ўзлари қаердалар?

Қулмирза:
Жовдираб хушомад билан
— Срочно вилоятга чақиришди. Юқоридан одамлар кепти… Минг бора узр сўрадилар. Дарвоқе, туман марказига тўхтаб ўтасиз Земфирага жилмайиб қараб қўйиб:
— Чечам яхши кўрадиган коньякдан икки яшик тайёрлаб қўйдик. Кейин писта-бодом деганларидай…

Тоҳир Тоҳирович:
(Мағрурона) — Ҳа, майли. Ҳалиги, бошқа масалалар-чи?

Қулмирза:
— Хотиржам бўлинг. Машинангизнинг калитини берсангиз, бас. Иккита ҳисори қўчқорни тандир қилдик. Кейин ўнта барра… Камчилик бўлса айтасиз.

Тоҳир Тоҳирович:
Земфирага хушкайфиятда боқиб
— Ҳа, энди одамни шундай қилиб уялтирасизлар-да, Қулмирзавой. Бизлар проста бир тоғ ҳавосини қумсаб, дам олгани келувдик. Ортиқча ташвишнинг нима кераги бор? Оббо, Қулмирзавой-ей…

Қулмирза:
(Жилмайиб) — Эй, катта ака! Ойда йилда бир келасизу, Сиздай табаррук инсонларга арзимас хизмат қилсак қилибмизда, ака! (Кўча томонга олазарак бўлиб қараб қўяди)
— Узр катта ака, яна бир меҳмон бор эди. Машинада ўтирибди. Тошкентдан кепти. Мухбир экан. Сизлар бемалол тайёргарлик кўраверинглар. Мен у кишини зериктирмаслигим керак.

Тоҳир Тоҳирович:
— Ҳа энди Қулмирзавой мухбир-пухбир дегани кейинги пайтлар жуда кўпайиб кетди. Сиз бемалол ўша мухбир томон бораверинг. Биз тайёрмиз. Йўлга тушамиз. (Кейин Земфирага ўгирилиб) — Қани, кетдикми, тайёрмисиз…

Земфира:
Земфира эгнидаги халатига ишора қилиб, гўёки уялгандай
— Ахир, кийиниб олмадим-ку…

Тоҳир Тоҳирович:
— Ие, юраверинг. Ҳали борадиган жойимизда ҳам бир пиёла чой қилиб, алоҳида жой тайёрлашган. Ўша ерда иккаламиз бир оз дам олиб, мириқиб ҳордиқ чиқариб, кечқурун йўлга тушамиз, жонидан.

Қулмирза:
— Албатта. Чорбоғдаги меҳмонхонада чой қилиб қўйганмиз. Бемалол ўша ерда овқатланиб оласизлар.

Тоҳир Тоҳирович:
Қулмирзага қараб қўл чўзиб:
— Хўш, унда! Биз қайтдик. Эътибор учун ташаккур. Агар кўролмай қолсам, каттангизга миннатдорчилигимни етказасиз. Шаҳарга борганда албатта киринглар. (Земфирага қараб) — Қани, кетдик.

Қулмирза:
— Раҳмат катта ака. Хизмат бўлса тайёрмиз. (Таъзим қилади. Қўли кўксида) — Сизларни тумангача кузатиб қўяй…

Тоҳир Тоҳирович:
— Ий, йўқ. Сиз қолаверинг. Анови, мухбирми, ким дедингиз, ўшани зериктирманг.
Қўли билан тузатилган столга ишора қилиб, кинояли жилмаяди.

Қулмирза:
— Сиз нима десангиз шу, катта ака.
Уларни саҳна эшигигача кузатиб, орқага қайтади.
Тоҳир Тоҳирович билан Земфира чиқиб кетар-кетмас ортга югиргилаб келиб, безатилган столни яна тузатган бўлади. Қадаҳларни тўғирлайди. Шоша-пиша бир қадаҳни тўлдириб ичиб юборади-да, кейин саҳна эшиги томон юради. Ташқаридан мухбирни бошлаб киради.

Мухбир:
Костюм-шим кийиб, бўйинбоғ таққан. Ёнида фотоаппарат. Хуллас, ҳозирги учар мухбирларнинг типик бир вакили. Атрофга ола-зарак бўлиб қарайди.
— Оҳ-воҳ. Ана тоғлар. Қир-водийлар, сурув-сурув қўйлар.
Кейин безатилган столга қараб, қўлларини ишқаб:
— Қойил-э! Тоғ ён-бағри, тубканинг тубида ҳам зиёфат бор, денг. Бу каттангиз жудаям одамохун, ташкилотчи, тушунган одам-да, Қулмирза ака! Бизни ҳурматимизга шу ерда ҳам жой тайёрлабсизларда. Маладес. Хўш, қани Қулмирза ака, ишни нимадан бошлаймиз. Бу чўпон, ҳалиги Сиртлон бобомиди, Қоплон бобомиди, оти нимайди, хуллас чўпонни қандай топамиз?

Қулмирза:
— Эй у қариб қолган. Жайрон бободан гап олиш қийин. Уни безовта қилиб нима қиласиз.
Мухбирни стол томон бошлайди. Стулга ўтиришади. Қўйнидан буклоғлик қоғоз чиқазиб мухбирга тутади.
— Мана чорва бўйича факт ва маълумотнома. Ишончли, тайёрлаб қўйганман. Катта ака, шундан фойдаланаверинг. Мухбирларнинг кўпчиллигига шундай маълумот берамиз, чўпон билан учрашмай ҳам кетаверишади. Овора бўлиб нима қиласиз? Чўпонга одам юбордим, ўзи келади.

Мухбир:
— Чўпон кекса денг. Шогирд-погирди бордир… барибир кўрсак яхшимиди, дейман-да.
Кўзи столда, ютиниб қадаҳларга қарайди. Буни сезган Қулмирза дарҳол қадаҳга ароқ қуйиб мухбирга узатади.

Қулмирза:
— Шогирди бор. Афсус у гапиролмайди. Дудуқ. Бунинг устига кантузин. Афғондан ҳалигиндақа бўлиб қайтган. Эси пастроқ. Ундан гап ололмайсиз. (Қадаҳларга яна қуяди. Ичишади.)
— Ҳа, майли. Йўлини қиламиз. Мақола бизнинг гарданда.

Мухбир:
— Хўш, бу ерларда тандир гўшт-пандир гўшт бордир… О, тоғ ҳавосини кўринг. Қанча гўшт бўлса, бемалол ҳазм бўлади, бу жойларда. Ойда-йилда бир сафарга чиқибмизда энди.
Қулмирза:
— Катта ака, қани яна биттадан олайлик. Тандир айтилган. Ҳалиги қайсар чолга, Жайрон бобога айтганман.. Тайёрлаяпти. Қани, олинг катта ака!

Мухбир:
(Димоғдор ҳолда, ҳаволаниб)
— Нега катта ака дейверасиз. Бемалол, исмимни айтиб чақираверинг.

Қулмирза:
(Жовдираб) — Кечирасиз, мухбир ака. Қаранг-а, шу исмингизни сўрамабмана. Барибир, биз учун ҳурматли катта акасиз. Кимсан мухбир, пойтахтдан келгансиз-а… Ака келинг, шу биттадан тўлдириб ичайлик (ичишади).

Мухбир:
Энди анча тетик. Мағрур. Ширакайф.
— Исмим Нишонбек. Ҳиқ. Хўўп, эшитган чиқарсиз. Нишонбек Осмоний… Ҳиқ… Газетамизда далага гўнг чиқариш, гўнг сочиш усуллари ҳақида ҳиқ-ҳиқ-ҳиқ… кичик ахборотлар бериб тураман… Ҳиқ-ҳиқ (у чайқалганнамо) Хўш… баъзи-баъзида… далалардан дараклар ёзаман. Ҳиқ… Масалан, трактор мавсумга шайми, деган руҳдаги, ҳа, шундай долзарб руҳдаги чиқишларим ҳам бўлади. Ўқигандирсиз?.. (Бироз тебранади.) — Деҳқонга гўнг чиқариш мавсуми ҳақида ҳам бонг уриб хабарлар ёзаман. Ўқиганмисиз?

Қулмирза:
(Ҳушёр тортиб) — Албатта, кат-катта ака, эй, ҳалиги Осмон ака…

Мухбир:
(Иягини ҳаволатиб) — Осмон ака эмас, Нишонбек Осмоний. Осмоний бу тахаллус бизга…

Қулмирза:
— Ҳа, ҳа… Ҳамма шоирларнинг тахаллуси бўлган. Ойбек, ҳалиги, Уйғун ва бошқалар…

Мухбир:
— Во, ана шундай. Тахаллус, кишига виқор бағишлайди. Онда-сонда шеърлар ҳам ёзиб тураман. Ижод, илҳом, талант бу одамни ҳиқ-ҳиқ, ҳиқ… юксалтиради. Қани, қуйинг… ҳиқ. Бизнинг ишимиз нозик. Ёзганимизни катталар ўқиса, биз ёзган объектларга анча фойдали. Матбуот катта куч — тўртинчи ҳокимият!

Қулмирза:
(Эпчиллик билан) — Мана акажон, мана… Қани яна бир олайлик. Сизнинг парвозингиз учун. Бизнинг туманимизни яхшилаб ёзишийиз учун. Фойдангиз тегиши учун!

Мухбир:
Гандираклаб, чайқалиб, Қулмирзага қарайди
— Ёзаман… Во, мана бундай қилиб (бош бармоғини зўр ишорасида кўрсатиб) мана бундай қилиб, ҳиқ-ҳиқ… ёзаман. Буни ҳатто юқори ҳам ўқийди. Бу мақола Сизларга обрў олиб келади… ҳиқ… Қулмирзавой, сизни республикага танитаман. Ҳиқ…

Қулмирза:
— Қуллуқ акажон. Қуллуқ.
У ён чўнтагига қўл солиб конверт олиб, мухбирга узатади:
— Мана катта ака, олинг сизга бизнинг каттадан совға.

Мухбир:
Бирдан хушёр тортиб конвертни олиб термулиб қолади. Кўзлари ўйнаб қарайди. Сўнг Қулмирзага қараб:
— Қанча?

Қулмирза:
Бир ишни қойиллатгандай, секин овозда:
— Икки юз. Кўкидан икки юз… Сизга ва каттангизга иккита тандир ҳам тайёрланаяпти, акажон.

Мухбир:
Шоша-пиша шими чўнтагига конвертни уриб:
— Ҳим, ҳиқ-ҳиқ… (гўё ҳеч нарса бўлмагандай) — Хўш, ҳиқ… нима, нима ҳақда гаплашаётгандик? Ҳа-я, ҳиқ, қани яна биттадан қуйинг, ака.
Қулмирза яна бошқа шишани очиб ароқ қуяди, улар ичишади.

Қулмирза:
У ҳам гапидан адаша бошлайди
— Хўш, хўш, ака шу чўпонни, ҳим-ҳим, ҳиқ… Чўпонни, исми-памилиясини мақолангизда ёзиб ўтирманг. Бу чол, хўш… уфф… ҳиқ. Бу чол арзимайди. Билдингизми? Бу чол ярамас. Яқинда, яқинда-а… уни тинчитамиз. Наборот, наборот уни қўрқитиб қўйиш керак. Уфф…

Мухбир:
(Бошини ликиллатиб) — Арзимаса, ёзмаймиз. Гапингиз гап. Ҳиқ… ҳиқ… Ёз-м-май-миз… Та…мо…мом. Вас….са..салом! Ҳиқ… ҳиқ!

Қулмирза:
(Сархуш ҳолда) — Осмоний ака, ҳимм… Осмоний ака! Яқинда бизга комиссия келармиш. Ҳимм… Текширармишмией. Ҳимм… Хабарингиз бордир-а?!

Мухбир:
Валдираб. Парвоси фалак қўл силтаб:
— Ҳеч нарса бўлмайди. Ҳиқ… Мана, ўзим… мен бор… ҳиқ-ҳиқ. Матбуот бор… сиз… сиз… Бизга, матбуотга суянинг. Тушунарлими? Ҳиқ… менга қаранг, тушундингизми? Ҳиқ… Газетада… бир саҳифа мақола ёзаман. Ҳиқ… ҳа… бир саҳифа.

Қулмирза:
У ҳам ўзини эркин тутиб, дадилланиб
— Яшанг катта ака! Сиздай инсонлар учун ичсак арзийди. Яхши ака! Ҳимм… ҳиқ. Қани олдик.

Мухбир:
(Бошини тебратиб) — Ҳиқ… ҳиқ… ҳиқ… Ака, келинг бир қучоқлаб қўяй. (Қучоқлашади) — Ҳиқ. ҳалиги… ҳалиги… Кечқурун… меҳмонхонада тунаймизми?

Қулмирза:
— Хоҳишингиз. Меҳмонхонадан жой ажратганмиз.

Мухбир:
— Ҳалиги ҳиқ… ҳиқ… Ташкилий масалаларни ҳам ҳал қиларсиз-а? (Қулмирзага маъноли қарайди) — Бир ўзим зерикмаслигим керак. Йўлини қиларсиз. Ҳиқ… Офатижон бирортасини топинг, ҳиқ…

Қулмирза:
(Бош силкиб) — Ест қиламиз ака. Зўрлари бор… топамиз. Сизни зериктирмаймиз.

Мухбир:
(Қучоғини очиб) — Қани келинг… Битта қучоқлаб қўяй (қучоқлашади).
Улар стулда ўтириб бир-бири билан қучоқлашиб, бир бирига бош уриштириб столга суянишади. Шунда саҳнага Жайрон бобо билан Бутунвой кириб келади. Улар саҳна ўртасига бориб ўтириб олишади-да, маст-аласт ҳолда столга бош қўйиб валдираётган мухбир ва Қулмирзага аянчли, афсус надомат билан термулиб туришади. Шунда саҳнада ҳофизнинг “Чорвадор-чўпоним, бободеҳқоним, Сен йиллаб ўтирган қору бўронда мард бўлсалар бир кун туриб берсинлар…” деган мазмундаги қўшиғи янграйди.

Бутунвой:
Уларга қўлини бигиз қилиб:
— Б…б…б. Б…б-ўри. Бў-ўри! Бў…ўри. (Саҳна ёпилади)

Биринчи саҳна
ТЎРТИНЧИ КЎРИНИШ
Чўпоннинг тоғ ён бағридаги ўша аввалги ҳовлиси. Сўрида Гулсум момо билан Жайрон бобо чой ичиб ўтиришибди.
Жайрон бобо:
— Ҳей кампир кўнглим музлаб бўлди. Катта дегичларида ҳам инсоф қолмаяпти. Ор-номус кўтарилди, замоннинг юзи очилдими билмай қолдим. Ҳаммасидан воз кечиб ҳаё-ҳайт деб кетворайми-а?

Гулсум момо:
— Уйтманг бовоси, уйтманг. Оғир бўлинг, оғир бўлинг боваси… Тиловингизни уйли-жойли қилайлик… Келса ўзи қишлоққа кўчириб кетади. Шу Қулмирза билан ўчакишиб нима қиласиз? Олса-олаверсин. Қўй камайса ўзлари жавобини берамиз, деётган бўлса. Мунча сиқилманг бовоси.

Жайрон бобо:
(Бош чайқаб) — Ҳе, билмадим-да кампир, билмадим. Қулмирза шайтон, қип-қизил шайтон. Бу боланинг бировга ётуви йўқ. Отасига яхшилик қилмайди бу. Бориб-бориб қариган чоғимда элга шарманда қилмасайди булар. Буларнинг қўлидан ҳар нарса келади. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин момоси. Уят-андиша қолмади, момоси. Кеча келган ҳалиги узоқдан келган катта қизи тенги жувон билан куппа-кундуз куни айтишга тил бормайди… Тоғнинг сувиям, ҳавосиям ҳаром бўлди. Мен ўз қизини тоғда томоша қилдиргани олиб келибдими десам, у энағарнинг боласи, ўйнашини етаклаб кепти. Бир бечоранинг навниҳолгина боласини йўлдан уриб шарманда қилиб ўтирибди, гўрингда тўнғиз қўпқур…

Гулсум момо:
— Қайси каттани айтаяпсиз?..

Жайрон бобо:
— Шаҳардан. Кеча бир қизни етеклаб келувди тоққа. Шу падарлаънат Қулмирзаям бор эди. Айтгулик-дегилиги йўқ, кампир. Ке, шу ердан кетайлик. Қишлоққа кетайлик. Қўйниям топширайлик. Сурувданам баракаси учди, еб тугатишди. Бир кунимиз ўтар. Тиловолдимизам ўқишини тезроқ тугатсайди.

Гулсум момо:
— Ўзингизни босинг, бовоси. Биз қишлоққа кетсак Бутунвойнинг аҳволи нима бўлади?

Жайрон бобо:
(Уҳ тортиб) — Унда нима қил дейсан? Булар одамни тепкилаб, оёқ ости қилишаяпти-ку… Ўзимдан ўтганини ўзим биламан, кампир.

Гулсум момо:
— Ёмонларга худонинг ўзи жазо берсин. Қўйинг шуларга тенг келманг.

Жайрон бобо:
(Уф тортиб) — Худо уларни жазолашини кўраманми йўқми, билмадим, лекин давлат мени ҳам аниқ жазолайди. Мунча талон-тарожнинг ҳам ҳисоб-китоби бордир. Ҳой кампир баъзида тушунмай ҳам қоламан десанг. Шу сурувни нима учун боқаяпсан. Сурув давлатники. Давлатни мана шу катталар, Қулмирза, Ботир чориқчининг супурақоқдиси (истеҳзоли жилмаяди) айтган, ўша бола пойи-патак бўладиган катталар бошқаради. Давлатни мулкини унинг эгалари хомталаш, талон-тарож қилаверса, оддий халқ нима қилсин? Давлат халқ учун тузилган бўлса, оддий одамлар, мен, сен, Бутунвой, Сора, Эсонқул закунчи хуллас, биз ҳам ўзимизни халқ деб биламиз. Лекин, давлатнинг мулки халқнинг мулки деган гап ҳам бор. Шу баъзида кечалари ётиб ухлайолмайман. Ўйлаб чиқаман, агар давлатники халқники бўлса, сурувдан кунора қўй опкетаётган катталар халқнинг мулки, халқнинг ризқини олиб кетаётган бўлиб чиқади-да. Адирдаги қўй-қўзини олиб бориб сўйди нима-ю, халқнинг қўрасидаги қўй-қўзини ўғирлаб олиб бориб сўйди, нима. Икковиям, бир ҳодиса эмасми? Мен эса ана шу ўғриларга шерикман.

Гулсум момо:
— Эсонқул бово ошнангиз тўғри маслаҳат берибди, эй нима бўса бўпти, нима бўлаётганини органга ёзиб беринг. Ай, шу қўйданам, машмашадан қутилардингиз.

Жайрон бобо:
(Бош ирғатиб) — Ҳей, кампир, сен ниманиям тушунардинг. Булар осонликча жон берадиганлар хилиданмас. Булар шайтонга дарс беради-я. Шугина Қулмирзанинг ўзи ўн шайтонни сувга олиб бориб суғормай қайтади-я. Бунинг тепасидаги, бу суянадиган катталарига бир нарса деб бўладими? Сен билан менинг, Бутунвойнинг овози етиб борармикан?

Гулсум момо:
— Қулмирза ҳа деб катта айтди, катта буюрди, дейверади. Бовоси шу каттасини кўрганмисиз ўзи?

Жайрон бобо:
(Елка қисиб, кулимсираб) — Уни кўриб нима қиламан. Кўрмасам ҳам биламан-ку. Биз томонларга шу одам катта бўп келгандан бери ҳамма ёқ ташмачилик бўп кетди. Қулмирзаларнинг куни туғди-ку, момоси. Балиқ бошдан сасийди деганлари шу бўса керак момоси.
Шу пайт саҳнага ҳайдовчи — Қулмирзанинг шафёри кириб келади.

Ҳайдовчи:
— Ассалому алайкум, Жайрон бова. Омон-эсонмисиз. Суяк енгилми? Димоғ чоқми? (Гулсум момога қараб) — Момо яхшимисиз. Дамлимисиз. Чарчамаяпсизми?
Чол билан кампир ҳам у билан ҳол-аҳвол сўрашган бўлади.

Жайрон бобо:
— Эй, мулла Қудрат… Хуш кепсиз. Қандай шамол учирди. Ё катталарнинг бўрони юбордими бу ёққа, битта-яримта қўйни учириб, оёғини осмондан қип олиб келасан деб.
Жайрон бобо кинояли, кесатиб гапиради.

Ҳайдовчи:
Қувлик ва шумлик билан истеҳзо аралаш:
— Ҳов бобожоним! Биз бир майда одаммиз. Буйруқни бажарамиз. Айтишса, қиламиз. Давлатнинг иши. Хўш, мақсадга ўтсам бовожон, мен ҳеч қандай қўй-пўй олиб кетмайман. Кўнглингиз тўқ бўлсин.
У ён чўнтагига қўл солиб буклоклик қоғоз олиб чиқаради. Ва, Жайрон бобога тутади:
— Хўш, бовожон. Мановинга қўл қўйинг.

Жайрон бобо:
Ортга тисланиб, сесканиб:
— Бу нима, бу? Яна нима опкелдинг?
Ҳайдовчи:
— Акт, қўл қўйинг тамом!
Жайрон бобо:
— Қандай акт?
Ҳайдовчи:
— Акт. Оддий акт. Имзонгиз бўлса бас.
Жайрон бобо:
— Гапни айлантирма?
Ҳайдовчи:
— Сувли сойга сел келиб, сурувнинг бир қисмини оқизиб кетгани ҳақида. Сел сурувга анча зиён етказгани ҳақда.
Жайрон бобо:
— Ҳай, ҳай, болам. Ўйлаб гапираяпсанми? Худодан қўрқинглар. Худога шукр. Ҳалигача сел-пел келгани йўқ. Сурувниям оқизгани йўқ. Яхши ният қил болам.

Ҳайдовчи:
— Мен билмадим. Шундай қилсак яхши бўлади деди, Қулмирза акам. У кишига катталар айтибди. Хўжаликда чорвани тугатишмоқчи. Невигидний дейишибди. Шундай қилсак кирминал бўлмайди. Жайрон бобонинг ўзига ҳам яхши. Тегишли улушини олади. Сурувни селга оқди деб тугатмасак бўлмайди, деяпти Қулмирза акам.

Жайрон бобо:
— Чорвани, сурувни тугатсак, ҳалиги селга оқди десак, кир… Кир нима бўлмайди дединг.

Ҳайдовчи:
(Кулимсираб) — Кирминал… Жиноят бўлмайди. Ҳеч ким билмайди.
Гулсум момо ўчоқ бошидан човгумда чой олиб келиб уларнинг олдига қўяди ва ўзи ҳовлининг бир бурчидаги сўрига бориб ўтиради. Урчуғини йигираяпти…

Жайрон бобо:
— Сел бўлмаганини, сув тошмаганини одамлар билади-ку… Худодан қўрқайлик, ука. Бу ўзинг ҳам Қулмирзанинг йўриғида йўртанглайдиган бўп қопсанда-а… Бор айт, акт-пактга қўл қўймайман. Нима бўса пешонамдан кўраман…

Ҳайдовчи:
Бундай бўлишини кутмаган каби…
— Энди бовожон, ўзингиз ҳам дунёнинг ваҳимасини кўтариб юрасизда.

Жайрон бобо:
(Кесатиб) — Нима сел келмаганини элу халқ билмайдими? Одамлар нима дейди. Эртага шу сўрайдиган киши, буни ҳисоб-китобини қиладиган киши одамлардан гап олмайдими?

Гулсум момо:
Ҳайдовчига қаҳрли қараб:
— Менга қара иним, бовонгни тинч қўйинглар. Биз энди қишлоққа қайтамиз. Ҳозиргина, бу тоғларниям ғубор босди, палакат оралади деб турувди. Одамни бунча тепкиламанглар…

Ҳайдовчи:
Бир Гулсум момога, бир Жайрон бобога қараб:
— Мен катталарнинг айтганини қилаяпман.
Қўлидаги қоғозни кўрсатиб:
— Мана катталарнинг ҳаммаси қўл қўйган. Гувоҳлар ҳам бор. Бир сизнинг имзоингиз керак бова. Эртага текширувчилар келаяптийкан. Шундай қилишимиз керак экан, бово. Қўл қўймасангиз Қулмирза акамдан оладиганимни оламан.

Жайрон бобо:
Бир нуқтага тикилиб:
— Қулмирза акангнинг ўзи қаерда?

Ҳайдовчи:
(Жонланиб)
— Туманда. Текширувчиларга жой тайёрлаяпти. Чой-пой  дегандай…

Жайрон бобо:
(Кулимсираб)
— Ҳа, унинг касби кори шу! Катталарнинг қўлига сув қуйишдан бошқа нарса қўлидан келмайди.

Ҳайдовчи:
(Жовдираб)
— Бова, менга отам, ёнингда чўпни тикка қилиб қўйсалар ҳам шу сенга раҳбар, ўша чўпга ҳам қуллиқ қил, таъзим қил деб тарбия берган. Нима қилай ахир, Қулмирза акам актга имзо қўйдирмасанг келиб ўтирма, машинани ҳам гаражга қама… Тўрт томонинг қибла деб айтган. Бово хўп денг, бола-чақам бор, шу каттанинг ортидан кун кўраяпман, эски шалдироқ араваниям олиб қўймасин…

Жайрон бобо:
(Хомуш тортиб) — Тўғри айтасан болам… Отанг ҳам, мен ҳам шундай ақида билан яшадик. Кетмондастга шляпа кийгизиб даланинг бошига тикка қип қўйишса бас, шуни катта деб, шунга сиғиниб ишлайверардик. Катта нима деса шу дедик, каттаники жуфт бўлди болам, бизники эса тоқ бўлди. Шундай бўлгандан кейин Сенга, отанг Алиқул сувчи бошқа қандай ҳам маслаҳат берарди. Каттанинг айтганини қил дейди-да. Сени айбинг йўқ, биламан, шопир болам, биламан…

Ҳайдовчи:
— Отамнинг жўрасисиз Жайрон бово. Отамни юзхотир қилинг. Қўл қўйинг. Каттанинг сўкишини эшитиш менга дорими, менга нима кераги бор, бово…

Жайрон бобо:
— Йўқ болам… Овора бўлма. Мен қўл қўймайман. Энди кет. (Гулсум момога қараб) — Мен тоққа чиқаман. Бутунвойнинг олдига борай. Кечқурун уни юбораман. Овқат-повқат қип қўйгин.

Ҳайдовчи:
— Қўл қўймайсизми? (Кескин оҳангда)

Жайрон бобо:
— Айтдим-ку!!!

Ҳайдовчи:
— Одам-подам эмасакансиз. Мен Сизни отам тенги одам деб ҳурмат қилиб ўтирибмана…

Жайрон бобо:
(Кинояномуз) — Ҳурмат қилганинг шуми? Қинғир ишга қўл урдиришинг ҳурмат бўптими? Отам тенги дейсана, тағин?

Гулсум момо:
(Орага тушади) — Оғир бўлинг бовоси, оғир бўлинг… (Ҳайдовчига) — Ҳой, иним, сизам бир гапдан қолинг энди.

Ҳайдовчи:
— Шу пайтгача тўғри иш қилиб келганмисиз? Айтиб қўяй, яқинда бўтингиз осмондан бўлади. Сизга яхшилик қилган кўр бўлсин, мен кетдим.

Жайрон бобо:
— Сен аввал отангга, Алиқул чуррага яхшилик қил. Энанг Ойдин кампирга яхшилик қил. Чол-кампирни ташлаб қўйиб, Қулмирза билан нима ишлар қилиб юрганингни, нима ноъмақулчиликлар қилаётганингни эл-элат билмайди дейсанми, чурранинг боласи.

Ҳайдовчи:
— Ўчир овозингни. Қари каламуш. Сурувни ютиб юбориб ақлинг энди кирдим?..

Гулсум момо:
(Жаҳлланиб) — Ҳой бетавфиқ бола… Оғзингга қараб гапир. Кекса одамни ҳақорат қилма. Кет бу ердан.

Ҳайдовчи:
— Кетаман. Ўзингдан кўр энди. Найнов…
Ҳайдовчи чиқиб кетади. Жайрон бобо бошини ҳам қилиб ерга тикилиб қолади. Ўйчан. Гулсум момо чолнинг ёнига келиб ўтиради. Чол йиғлайди. Елкалари учиб-учиб йиғлайди. Эзилиб йиғлайди. Гулсум момо ҳам кўз ёш тўкади…

Жайрон бобо:
— Бу нима кун момоси. Бу нима кун? Тиловолдимиз тезроқ кесайкан. Тезроқ сен билан менга эгалик қилсайкан, момоси.

Парда ёпилади
Саҳна
Жайрон бобо ва Гулсум момо қишлоққа кўчиб келишди… Мўъжаз ва кўримсиз ҳовли. Қишлоқнинг оддий бир ҳовлиси. Ўртада сўри. Гулсум момо, Эсонқул бобо, Бутунвой ўтиришибди. Жайрон бобонинг боши ҳам. Тоғда сурувни ташлаб келганига уч-тўрт кун бўлган.

Эсонқул бобо:
(Гулсум момога қараб) — Қани Гулсум бойбича, чойдан қуй. (Сўнг Жайрон бобога қараб) — Эй, ошна қўй, куйинма. Бир ҳисобда шу палакатлардан қутилиб, шу-шу десанг, шу олғир, еб тўймаслардан қутилиб яхши қилдинг. Сен қўрқма… Давлат ким ҳақу ким ноҳақ ўзи ажрим қилади.
Гулсум момо:
(Жонланиб) — Менам ошнангизга шундай деяпманда… Уҳ тортгани, уҳ тортган…
Жайрон бобо:
(Уф тортиб) — Қариган чоғимда қамоққа тушиш қолувди энди. Шу пайтгача кўрган қийинчиликларим каммиди-а? Булар айбни менга тўнкашданам қайтмайдилар.
Эсонқул бобо:
— Кеча хўжаликнинг идорасиниям, тумандаги катталарнинг ишхонасиниям комисса босибди. Ўроз почтачи топиб келди бу гапни. (Жайрон бобога қараб) — Ҳали сен эшитмаганмидинг?
Жайрон бобо:
Ажабсиниб бош чайқайди:
— Нимани текшираяпти? Қўйларни текшираяпми. Энди нима бўлади?
Эсонқул бобо:
(Ошнасига ҳайратланиб) — Нима бало, дунёни фақат қўй-қўзидан иборат деб ўйлайсанми? Булар фақат сени сурувингниямас, хўжаликниям бутунлай талон-тарож қилиб ташлашганакан. Узумзорларни таниш-билишчилик қилиб, ака-укаларига бўлиб беришган экан. Шу-шу, шу десанг Хазорбоғ канали пастидаги боғлар қоровсиз қолиб қовжираб йўқолиб кетувди… Буниям текширишаяпти. Деҳқонга келган силитрани ҳам гумдон қилишибди. Ҳалиги шу-шу, шу десанг ҳали чала ётган мактабнинг устидан ҳам ёзув-чизув бўлган экан. Халқам кейинги пайтлар норози бўлиб кетувди-да. Тоғма-тоғ юриб сен билмайсан. Йиллаб ойлик олмовдик. Шуларнинг барини Ўроз почтачи юқорига — Тошкентга ёзган экан… Текширувчилар кепти. Газетадаям пелетон бўп чиқибди…
Жайрон бобо:
Кутилмаган хабардан ҳайратланиб:
— Пелетон деганинг нимаси?
Эсонқул бобо:
Қўлида пиёлани айлантириб:
— Танқид дегани, ёмонлаб газетага чиқаришса, пелетон бўлади, шу-шу, шу десанг.
Гулсум момо:
— Кеккайиб кетган катталарниям газетда танқид қилса бўларканда-я? Ёмонласа бўларканда-а?
Эсонқул бобо:
(Чой хўплаб) — Нимага бўлмасакан. Бўлади. Энди… баъзи бир газетачиларам шу-шу, шу десанг катталарнинг айтганини қилиб мақтаб ёзиб кетаверганда…
Жайрон бобо:
— Мухбир ҳам ёлғон гапирганда…
Бутунвой:
Дастурхонга дуо қилиб… ўрнидан туради
— Мим… мим…
Қўли билан эшик томон кўрсатади
— Н-н-о…сс… Ноо-оос!
Жайрон бобо:
— Ҳа, майли болам боравер. Нос опке. Ма!
У иштони липпасидан носқовоғини олиб Бутунвойга тутқазади.
— Ма, менинг носқовоғимниям тўлғазиб ке. Хурсан калнинг носидан ол… Тошмир тирриқнинг носи бўлмайди. Ҳой, ма, Липпасининг бу бурчидан пул олиб узатади
— Ма, мановининг ҳаммасига олавер. Тез қайт. Кўча-куйда гангиб юрма, болам.
Бутунвой чиқиб кетади
Эсонқул бобо:
Орқасидан қараб қолади…
— Шўрлик бола. Эси-ҳуши жойида. Қобил-мўмин йигит. Тақдирида бора эканда…
Жайрон бобо:
— Эсонқул, эшитдингми Сора Тошкандан қайтиб кепти.
Гулсум момо:
— Тунов кун бу ёққа келиб кетди. Бутунвойга бир кастурул кесган ош қип кепди, қиз шўрлик. Бутунвойга қараб ўтираверди, ўтираверди. Кейин йиғлаб-йиғлаб кетди.
Эсонқул бобо:
— Менга қара, Жайронбой. Қизнинг аҳди қаттиқ чиқди… пешонада. Шу икковини бошини қовуштириб қўйсак… Сорани бутун эл билади бошқага эрга чиқмайман деб онти қасам ичди. Отаси оқ қисаям, кўк қисаям шу Бутунвойингни деди. Буни бутун эл-эломон билади-ёв. Аҳли қишлоқ ҳам сендан рози бўларди. Мана, Омон-Партияни ҳам Соранинг қарғиши урди. Шу Омон чол ўлса қишлоққа қайтаман деб Тошкентга кетиб ким кўринганнинг уйида ишлаб чўричилик қипти, дейишади…
Жайрон бобо:
— Аввало худо. Омон партиянинг бетавфиқлиги бошига етди. Омон партия ўлиб Сораям қайтди.
Эсонқул бобо:
— Шу-Шу, шу десанг, Омон партиянинг отдан йиқилиб ўлгани ростми?
Гулсум момо:
(Орага қўшилади) — Наймид бўлгирни от тепиб ўлдирган… Отдан йиқилгани ёлғон.
Жайрон бобо:
Гулсум момога ўртага суқилганидан норизо бўлиб қараб
— Чин гап. Омон партия Соранинг акаси Берди қассобга қалин пули учун тўриқ отини ином қилмоқчи бўлиб қассобни ўз уйига бошлаб келган экан… Қассобга тўриқни мақтаб у ёғ-бу ёғини қашилаган киши бўпти. Партиянинг бу бетавфиқлиги худойимга хуш келмаганми, ишқилиб, тўриқ Омон партиянинг қоқ манглайидан шартиллатиб забт билан тепибди. Чалқайрамон (осмонга қараб демоқчи) йиқилган партия шу заҳоти жон берибди. Буни устида Омон партиянинг қўшниси Ҳамид чирилловуқ ҳам бўлган… Қўрқиб кетган Берди қассоб партия отдан йиқилиб ўлди деб гап тарқатади. Лекин, Ҳамид чиролловуқнинг оғзида гап ётармиди, отнинг қандай қилиб тепкани, партиянинг қайтиб учиб кетгани, Берди қассобнинг гарангсиб, қўрққанидан қовуғини ушлаб ҳовлидан қочиб чиққанини ҳаммага айтиб чиқди… Хумпар гоҳида ўзидан қўшиб қассоб иштонини ҳўл қилиб қўйганиниям ҳаммага маънилатиб чиқди, ўзиям… Биласан-ку, чириловуққа гап тегмасин, элга ёяди. Ўшандан бери Берди қассоб партиянинг болаларидан бекиниб Ойша беванинг этагига кириб кетди, деб юрибди, хумпар.
Гулсум момо чолнинг гапидан уялган бўлиб юзини тескари буради.
Эсон бобо:
— Менга қара, савоб иш, элу-халққаям маъқул бу. Ке шу Сорами билан Бутунвойнинг бошини бириктирайлик. Зора, бола-чақали бўп, шу шўрликлар ҳам кун кўрса… Кўрган қайғу-алами унут бўларди-да, Жайронбой…
Жайрон бобо:
— Мен бир нима деяпманми… Розиман. Тиловолдим ҳам эрта-индин келиб қолса, худо хоҳласа уйлантирмоқчиман. Неваранг Қирмизигулни бегона қилмайсанда, Эсонқул ошна.
Эсон бобо:
(Иккиланиб) — Ҳозирги ёшлар ўзи билади… Бу масалада ёшлар билан гаплашиш керак.
Гулсум момо:
(Шошқалоқлик билан) — Тўғри, тўғри… Шу Ўроз почтачи тунов кун хат олиб келувди. Тиловим шу ўзи билан бирга ўқийдиган бир қизга кўнгли борлигини… Олиб келиб бизга кўрсатишини ёзган экан…
Эсон бобо у ёқ-бу ёққа қараб ўзини йўқотиб ҳижолат тортади. Ерга қараб қолади…
Жайрон бобо:
ўазаб билан кампирга ўшқиради:
— Ҳой вайсақи, тур ўрнингдан. Эркакларнинг гапига тумшуқ тиқма. Тур, мол-ҳолга ўт бериб қўй. Бузоқни томорқага боғла. Эшакка беда бер. Сувигаям қара.
Гулсум момо:
Мулзам тортиб ўрнидан туради
— Хўп, хўп… бовоси мен бир нима дедимми? Ҳали келсин болажоним, кўрайлик… Кейин бир гап бўлар…
Жайрон бобо:
— Ўчир овозингни. Кимни кўрмоқчисан? Болангними ё… Бор энди гапни гапга қўш.
Гулсум момо чиқиб кетади. Бир нималар деб гапириб ғудранади. Момо чиқиб кетгач, қўлида тугун кўтариб Бутунвой Сора билан кириб келади. Икки чол улар бирдан қараб анграйиб туришади.
Бутунвой:
— Б…б…из… Би-и-ир-га-аа!
Сора:
(Ерга қараб) — Бовожон, уйингиздан ҳайдаманг мени… Нима ишингиз бўлса қилай. Қўлим косов, сочим супурги бўлсин… Бовожон, мени сизникидан бошқа борар жойим йўқ, бова…
Жайрон бобо:
Ўрнидан туриб… улар томонга юра бошлайди. Соранинг бошидан ушлаб манглайидан ўпади. Изиллаб йиғлайверади. Бағрига босади…
— Айланай она қизим, айланайин Сора қизим ким сени ҳайдайди, ким сени бегона деяпти. Уйимнинг тўриям, юрагимнинг тўриям Бутунвойим икковиники! Сен ҳеч жойга кетмайсан болам. Сен шу ерда қоласан болам… Илоё Бутунвойим билан қўша қари. Омин, қани (Эсон бобога қараб) Эсонқул бовоси, буларга бир дуо беринг, булар бир-бирига кўзи қош, булар бир-бири билан Тоҳир-Зуҳра… Қани бу ёққа юринглар…
Уларни сўрига бошлайди. Биргаликда дастурхон четида ўтиришгач Бутунвойга қараб…
Жайрон бобо:
(Эсонқул бобога) — Эсонқул бовоси келаси ҳафтанинг пайшанбасига Бутунвойимнинг тўйини белгилаймиз. Икковиям ўзимнинг болам… бири қизим, бири ўлим. Хўш, Эсонқул бовоси, элдаги гапга етар тўрт-беш чолни келаси пайшанбага чақиринг, уйга келсин… Хурсан калга айтинг катта қозони билан сомоворини эртага опкелиб ташласин.
Сора билан Бутунвой ерга қараб ўтирибди. Икки чол дуога қўл очади. Улар ҳам қўл очадилар… Саҳнада Қуръондан суъралар ўқилади. Саҳна ёпилади…

Саҳна
Жайрон бобонинг ўша ҳовлиси… Жайрон бобо билан Гулсум момо сўрида. Келинлик либосидаги Сора чойнакда чой олиб келиб, уларнинг олдига қўяди.
Гулсум момо:
Барака топ болам. Сен уйимизга келиб, мениям тани-жоним роҳат топди.
Жайрон бобо:
— Ҳа айтмоқчи, Бутунвойнинг ўзи қани?
Сора:
— Чорбоғдан молларга ўт ўриб келгани кетди.
Гулсум момо:
— Чой-пой ич демабсанда қизим…
Сора:
Айтдим… Кун қизимай бориб келгани маъқулда, момо.
Жайрон бобо:
— Жуда меҳнаткаш. Кўз тегмасин. Иши ҳам пишиққина. Ўн эркакнинг ишини бир ўзи қилади.
Гулсум момо:
— Эна қизим, Бутунвойим тол-тушда келса чанқайди. Чалоп-полоб (айрон демоқчи) қилиб бер. Тушга юпқа (хамирни юпқа қилиб ёйиб, сариёғда пиширадилар) қилиб қўй. Очқаб келади, болам. Тортинма, шу уйдаги бор нарса сизларники, болам.
Сора:
— Раҳмат момо, айтганингизни қиламан… Лекин эрталаб Мостон момо Бутунвой акамни уйига ҳашарга айтган эди.
Гулсум момо:
— Шу Мостон машакниям куни Бутунвойимга қолиюдими? Ана, тойдай тосирдаб юрган ўғли. Қулмирзага айтсин. Шўрлик кампирни ташлаб қўйиб, ўзини ким тутиб гердайгани гердайган. Катталарнинг пойи-патаги бўлгунча жувонмарг қари энасига қараса ўладими?..
Жайрон бобо:
— Бўлди қил энди. Шу елпатакнинг отиниям айтма… Бўпти, мен Суфи Оллоёр бовомнинг қабрига бориб келаман… Эсонқул кеп қолади, ҳозир. Хўржинни бўшатиб, оп чиқ, бор…
Гулсум момо ўрнидан қўзғолмоқчи бўлади…
Сора:
— Эна, ўтираверинг… Ўзим бўшатиб, отхона эшигига қўяман…
У югургилаб чиқиб кетади. Кўчада мошина овози эшитилади. Машина тўхтайди. Чол билан кампир бир-бирига разм солиб олгач, кўча эшикка қараб қолишади…
Кўча эшик томондан кулги ва баланд овозлар эшитилади… Ҳовлига жуда пурим, костюм-шим кийиб, бўйинбоғ боғлаган, қўлида портфел тутган йигитча кириб келади… Чол билан кампир ҳайрон… Тош қотиб турибди. йигитча ҳам қўлидаги портфелни қўйиб уларга қараб серрайиб қолади. Шу пайт саҳнага Эсонқул бобо ҳам “ҳой ким бор, Жайрон бой бормисан” деб кириб келади-да, бир йигитчага, бир чол кампирга қараб анграяди…
Эсонқул бобо:
— Жайронбой, уйга меҳмон кептида… Ҳовли ташқарисидаям бир қиз турибди. (Йигитга қараб… туйқус) — Оббо, ўзингмисан, буни қара-я Жайрон… Бу… Шу-шу, шундай қилиб…
Бобо бақириб юборади.
Йигитча:
Ўзи томон оҳиста қадам босиб келаётган чол кампирга…
— Ойи, ойижон… Дада-дадажон!
Кампир вой боламлаб йигитчага қараб югуради. Уни қучоқлаб олиб ўпа бошлайди… Жайронқул бобо эса саҳнани айланиб шодлигидан ўзини қўярга жой тополмай югиргилай бошлайди.
Гулсум момо:
— Жон болам-а… Жон болам. Бўйингдан энанг айлансин. Ўргилай болам, Тилаб болам, тушимми ё ўнгимми, болам?
Жайрон бобо:
(Югургилаб) — Тиловим келди. Тиловжон келди энаси… Тиловим қайтиб келди… Ҳой Эсон нимага бақраясан. Тиловолдим-ку, бу! Қара, Тиловжон келди…
Йигитча момонинг бағридан ситилиб бобо билан қучоқлашади… Сўнг Эсон бобо уни ўз бағрига тортади. Хуллас, ҳаяжонли ҳолат…
Жайрон бобо:
— Яхши келдингми, ўғлим… Тани-жонинг соғми?
Гулсум момо:
— Ўзим айланай, болам.
Эсонқул бобо:
— Оббо, азамат-ей… Одам таниб-бўлмай қопти-я. Йигитмисан йигит. Кўз тегмасин, болам.
Гулсум момо:
— Қани, сўрига чиқ болам… Бўйингдан айланай ўғлим…
Жайрон бобо чопқиллаб сўри устидаги у-бу нарсани тузатади… Момо, ўғлини қўлидан етаклаб сўрига олиб келаяпти. Эсонқул бобо ҳам уларга эргашаяпти. Йигитча бир оз тўхтаб орқасига қарайди. Бошқалар унга тикилишади.
Тиловолди:
— Ойи… Шу ойи, ҳалиги ташқарида…
Жайрон бобо:
— Чақир, чақиравер. Ошна-билишинг борми? Меҳмондан айланай чақир…
Бобо сўридан тушиб кўча эшикка қараб югургилайди…
Гулсум момо:
Ўғлини сўрига ўтқазиб шошганидан, нима қиларини билмай, дастурхонни йиғиб, чой-нонни Эсонқул бобога тутади. Бобо ҳам чойнакни ушлаб довдираб момога қарайди:
— Чарчамадингми, болам? Ўқишинг битгани чин бўлсин болам. Кўзим тўрт бўлди…
Эсонқул бобо:
Чойнак ҳамон қўлида:
— Гулсум, нима қилай чой дамлайинми? (Кулимсирайди)
Гулсум момо:
— Вой, Эсон бовоси, буни қаранг. Чойнакни менга беринг. Шошиб қолдим бовоси. Сиз набирангиз билан чақчақлашиб ўтиринг… Яхшиси, ошнангиз билан тўқлини сўйинглар, қўни-қўшни чиқади. Болам кепти, жим ўтирманглар бовоси…
Эсонқул бобо:
(Кулимсираб) — Тўқлининг оғзига туз соп қўйганмисизлар? Анча бўлувди қайнатма шўрва ичмаганимга.
Момо чойнакни олиб саҳнадан чиқиб кетади… Эсонқул бобо Тиловолдига қараб:
— Эй, яша йигитнинг гули! Олим бўп қайтибсанда-а?
Тиловолди:
— Шундай! (Бош силкитади…)
Эсонқул бобо:
(Ҳовлига имо қилиб) — Отанг, энанг — шуларнинг бағри тўлди болам… Сенга кўз тикиб турушувди.
Қўлида сўмкача, қимматбаҳо матодан иштон-кўйлак кийиб, бошига дурра боғлаган, қилпиллаган қиз билан Жайрон бобо ичкарига, саҳнага кириб келишади. Бобо қизга ҳайратланиб, қизиқсиниб, алланимадан қўрққандай қараб-қараб қўйган кўйи унинг ёнида келаяпти… Қиз эса ўзича уялгандай ерга қараб келаяпти…
Қиз:
Сўридаги Эсонқул бобога:
— Ассалому алайкум, отахон.
Эсонқул:
(Ўрнидан туриб) — Ва алай… Ва… Ва… алайкум ассалом, қизим. Қани ке, қизим, сўрига чиқ… тортинма…
Қиз:
(Яна оҳиста) — Раҳмат, отахон…
Тиловолдига ёвқараш қилади. Тиловолди ўрнидан дик этиб туриб унинг қўлидан тутиб сўрига чиқишига кўмаклашади…
Эсонқул бобо:
— Бу дейман она қизим, сенам шу ўзимиз томоннинг қизимисан дейман-а… Тиловбой билан бирга ўқийсизларми?
Жайрон бобо ийманиб сўрининг бир бурчига ўтиради.
Қиз:
— Йўқ, отахон. Мен бирга ўқимайман. Шаҳарликман, ҳалиги… (гўёки уялгандай) Тилов акам мени бу ёққа олиб келдилар…
Жайрон бобо:
Бир қўзғалиб қўйиб, томоқ қиради. Эсон бобога қараб томоқ қиради…
— Бинойи қипсиз қизим, бинойи (яхши маъносида) бўпти қизим. Тоғ-тошларни кўриб, томоша қилиб кетасиз-да, қизим. Бу ерлар яхши жой кенг-кўлам жой.
Эсонқул бобо:
— Бинойи, бинойи… Қаердан, қайси уруғдансиз қизим…
Жайрон бобо энди норизо қарайди унга…
Қиз:
— Отахон, уруғ нима у отахон… Мен ҳалиги… Тиловолди акамлар билан…
Эсонқул бобо:
(Бош силкитиб) — Тушунарли болам, тушунарли…
Тиловолди:
Ўртадаги ҳижолатни йўқотиш, ўзини хушчақчақ кўрсатиш учун
— Эсон бобо, ойимни топшириғини қилайлик… Вой-бу…
Қўлидаги соатига қараб:
— Обед вақти ҳам бўлиб қолибди-ю. Ҳалиги, қўй сўймаймизми? Мен сизга ёрдамлашаман. Турдикми, бобо, қани… (қўлини дуога очади).
Эсонқул бобо:
— Ҳа-я… Тўқлини бўғизлаймиз. Жайронбой сен меҳмон билан чақчақлашиб тур. Биз ўғлинг билан тўқлини сўямиз… (улар туришади…)
Жайрон бобо:
Ҳижолатли ҳолда кўзини ерга тикиб:
— Қизим, қани нон-тузга қаранг. Бу жой қишлоқчилик… Кам-пами бўлса хафа бўлманг… қизим.
Қиз:
(Гўёки қимтингандай…) — Йўғ-е, ота! Мен кўникаман Тилов акамлар ҳаммасини айтиб берганлар.
Шу пайт чойнак кўтариб пилдираб Гулсум момо кириб келади-да, қизга қарайди.
Гулсум момо:
— Вой бўйингдан айланай, болажоним.
Сўрига эпчиллик билан чиқиб қизни бағрига олиб пешонасидан ўпади…
— Қизмисан, қиз, гулмисан гул хушчирой экансан болам. Тиловимдан айланай, яхши кепсан болам… (бобога қараб) Бовоси шундай қизни етказганига шукр… Бундай хушчиройни ер юзидан тополмайсиз… Одобли, эси-хушли экан, бовоси…
Қиз бошини эгиб уялинқирайди гўё. Чол-кампир ва қиз сўрида ўтиришибди. Қиз чойнак-пиёлани момонинг қўлидан олиб чой қайтариб, таъзим билан бобога, сўнг момога чой узатади…
Гулсум момо:
Бобога ер қараш билан кўрдингизми дегандай қилиб имо қилади…
— Бобоси, Тиловим ақлли. Келинниям ақли бутидан топади демабмидим. Ўроз почтачи олиб келган хатда сиз тўғрингизда Тиловим ёзувди. Қандай қизакан деб ўйлаб, бовонгиз билан кечалари гурунглашиб чиқардик. Ҳой, бовоси ерга қараб ўтираберасизми? Бир нарса денг…
Жайрон бобо:
— Яхши… яхши. (Ерга қараб) Шу тақдирда энди буям. Шу қизим, кўзимга иссиқ кўринаяпсиз. Қаричилик-да энди (қизга сирли қарайди…)
Қиз:
Кўзларини пирпиратиб, шошиб гапини йўқотган одамдай…
— Йўқ… йўқ, отахон… кимгадир ўхшатаётгандайсиз. Мен бу ерларга келмаганман.
Жайрон бобо:
Юрагини ушлаб, бир сесканиб уф тортади
— Ҳим… қизим яхши қиз экансиз. Эсли-ҳушли. Қизим отингиз нимайди?
Қиз:
Хавотир алфозда тутилинқираб:
— Исмим Земфира! Земфира, ота!
Жайрон бобо:
Яна юрагини ушлаб афтини бужмайтириб уҳ тортиб инграйди…
— Буям тақдир-тақдир экан болам…
Гулсум момо:
(Чолга қараб) — Ҳой бовоси… Сизга нима бўлаяпти. Шундай кунда… Қувонганингиздан ўзингизни йўқотиб қўяпсизми? Бунча ҳаяжонланманг бовоси.
Жайрон бобо:
(Баъзўр) — Хурсандчилигимдан момоси, мен хурсанд бўлмай ким хурсанд бўлсин. Шундай қиз, шундай келин остонамизга келиб турибди.
Саҳнага Сора кириб келади…
Сора:
Земфира билан кўришиб, сўрашиб:
— Ҳа, ота, шундай кунда, мазангиз қочгани нимаси?
Жайрон бобо:
(Сорага ўкиниб қараб) — Хурсандман болам, хурсандман… Сен Земфира қизимга бир қишлоқни, сувлисой томонларни кўрсатиб кел. Мен ўзимга келиб олай. Айланиб келсанглар, кейин бафуржа гурунглашамиз…
Сора билан Земфира ўнидан туриб чолга ачиганнамо қараб сўридан тушиб кўча эшикка қараб юришади. Кампир чолнинг оёқ-қўлини уқалаяпти…
Гулсум момо:
— Бовоси, сизга нима бўлди? Шундай кундаям мазангиз қочадими-я? Қувонғанингиздан бу, ўтиб кетади. Боламиз бағримизга қайтди. Энди армонимиз йўқ бовоси, ўзингизни қўлга олинг… Мана, иссиқ чойдан бир хўпланг.
Жайрон бобо:
Унинг чой тутган қўлини қайтариб:
— Ҳой кампир, соддасан-да… Уф… ичим ёниб-куяяпти. Эсонқул қаерда? Чақир Эсонқулни.
Гулсум момо:
(Ҳайратланиб) — Ўғлингиз билан қўй сўяяпти. Ўзингиз айтдингиз-ку…
Шу тобда желаги барини белбоғига боғлаган, яхтаги енгини шимариб Эсонқул бобо кириб келади.
Эсонқул бобо:
— Мана, Жайронбой дирриқи қўзингниям тинчитдим.
Кейин Бобога қараб:
— Нима учун шалпайиб ётибсан, тур-э ўрнингдан… Шундай кундаям нағмангни бошладингми?
Жайрон бобо:
(Уҳ тортиб) — Менга қара, Эсонқул, шу сени неварангга Қирмизгулга ҳали ҳеч ким оғиз солмабмиди? Ҳалиги тўнғич ўғлингнинг қизи бориди-ку… Шуни айтаяпман…
Эсонқул бобо:
Жайрон бобога синчков назар ташлаб:
— Эй, нодон чол сен ҳозирги ёшларни билмайсан-да. Ана, кўриб турибсан-ку, кўнгли-кўнглига мос келса, гапи гапига қовушса ўзлари топишганиям маъқулда… шу… шу…
Жайрон бобо:
(Бош чайқаб) — Сен билан менинг кўнглимга қарашмайдими, булар?
Эсонқул бобо:
— Қарашади. Шу-шу, аммо лекин, кўриб турибсан Тиловолдингни топган қизиям ақли-ҳуши ҳавас қилгудайга ўхшайди. Иккови бирга ўқиркан… Қизам умид қилганга ўхшайди… Нима бало чиндан қарилик ақлингдан олаяптими дейман?
Жайрон бобо:
— Ҳей, кошкийди шундай бўлса. Кошкийди ақлимни йўқотиб, ақлимди еган бўлсам… Афсус афсус… бундай эмасда, Эсонқул…
Эсонқул бобо:
— Тушунтириб гапир.
Жайрон бобо:
— Нимасини тушунтирай. Гапиролмайман. Гапириб бўлмайди, буни… Эсонқул!
Гулсум момо:
Чолига таажжубланиб қараб:
— Озгина ухланг. Чарчабсиз…
Жайрон бобо:
(Кампирига) — Гулсум, Сенга уйланганимда уйингдан нарини кўрмаган қиз эдинг. 16-17 яшар навниҳол эдинг. Бировнинг кўзига қараёлмасдинг, қарамаган эдинг. Тўғри, ўқимаган, саводсиз эдинг. Лекин, кўнглинг тоза эди-да…
Гулсум момо:
— У даврлар бошқача эди, бовоси. Тўрт деворнинг ичида ўтираверардик. Бугун замон бошқа. Қиз-жувонлар ҳам ўқимишли…
Эсонқул бобо:
— Баракалла, Гулсум. Бу эски қирчанғига шундай деб тушунтир-да. Шу-шу, шундай қилиб.
Жайрон бобо:
— Ўқимишли дегин. Соддасан… уф… Ҳа, боринглар мен пича ухлай… Ишларингни қилинглар.
Гулсум момо:
— Бовоси, қозон осаверайликми? Қўни-қўшни чиқади…
Жайрон бобо:
Маъқул деб бош силкайди. Оғриқли иҳраб қўяди…
— Мен нимаям дердим…
Эсонқул бобо:
Ҳазиллашиб, уни чалғитмоқчи бўлиб:
— Ҳой, зиқна-ей, шу эти-суягига ёпишиб қолган, ориқ қўзини сўйганингга ичингни ит таталаяпми-а? Ҳей, сени қара-я…
Жайрон бобо:
— Қўй ҳазилингни Эсонқул… бирмас ўн қўй демайсанми, ҳамма мол-ҳолимни айтмайсанми, барини Сенинг неварангнинг Қирмизигулнинг оёғи остига ташлашгаям розиман… Нима қилай айт? Йўл кўрсат.
Эсонқул бобо:
— Сен ақлингни еб қўйибсан. Ўғлинг эшитса нима бўлади? Ўзинг ҳам билардинг-ку, ўғлингни кўнгил қўйгани, суйгани борлигини Сен ҳам билардин-ку. Бугун, ана олиб келди, кўрса-кўргудай, ойдай қиз. Ўғлинг айтиб берди, ота-онасиям ўқимишли, бадавлат кишилар экан. Қўли узун амаки-ю тоғалари кўп экан. Тўғри булар сени қизиқтирмайди… Лекин…
Жайрон бобо:
Эсонқул бобога ва Гулсум момога ётган жойида беҳол қўл силтаб кетинглар ишорасини қилади…
— Боринглар энди, мен ухлай.
Улар чиқиб кетишади. Жайрон бобо, кўксини ушлаб бироз ётади. Кўзини юмади.
Жайрон бобо ётибди. Земфира билан Сора келишади. Улар саҳнада.
Земфира:
— Сора опа, ҳалиги гапни қандай қилиб айтсак бўлади? Тўйни тезлатмасак бўлмайди.
Сора:
— Мен момомга айтаман. Тўйни шундоғам кейинги ойга белгилашган. Сизни кутишаётувди. Момомга маъқул келдингиз. Бобом ҳам рози бўлсалар керак. Бугун негадир тоблари қочиб турибди.
Земфира:
(Хавотирланиб) — Шу ўн кун ичида тўйни ўтказайлик, опа. Сиз уларга тушунтиринг. Яна бирор ишкал чиқиб ўтирмасин.
Бобога боши билан ишора қилади.
Сора:
— Бу нима деганингиз айланай?
Земфира:
— Чолли соғлиги ёмонга ўхшайди. Тағин ҳалиги… Қаричилик-да, бир гап бўлса, тўй орқага сурилиб кетади.
Сора:
— Вой, ундай деманг айланай. Яхши ният қилинг. Бобом анча бақувват ҳали. Бугун хурсандчиликдан шундай бўлди, шекилли…
Земфира:
— Тўйдан сўнг Тилов акам билан Истамбулга кетмоқчимиз. Мармар денгизининг бўйларида айланмоқчимиз. Амаким асал ойининг сарф ҳаражатларини ўзим кўтараман деяптилар. У киши зўр одам.
Сора:
— Мен бундай гапларни киноларда эшитганман.
Земфира кулади…
Тиловолди кириб келади. Уларга қараб:
Тиловолди:
— Яхши айланиб келдингларми? Қалай Сизга бизнинг тоғлар ёқдими? Бу жойларда биринчи бор бўлган одам албатта мўъжизага дуч келгандай бўлади, Земфирахон. Таассуротлар қалай?
Земфира:
— Менга ёқди. Чиндан ҳам мўъжиза. (Эркаланиб) Лекин, лекин Истамбул Истамбулда, барибир.
Тиловолди:
(Отасига қараб) — Бобой, тузалсинлар… Албатта рухсат оламиз.
Сора уларни ҳоли қолдириб чиқиб кетади.
Тиловолди Земфиранинг қўлларини кафтига олиб ўпади.
— Земфирачка, Земфирачкам, (у ёқ-бу ёққа олазарак қарайди) зерикмадингизми? Хавотирланманг, ҳаммаси яхши бўлади… Айтганингиздай бўлади.
Земфира:
— Тўй ўн кун ичида бўлиши шарт. Тоғам билет олиб қўядилар. Сўнг срази шаҳарга қайтиб Истамбулга жўнаймиз. Тоғамни сиз ҳам эшитгансиз. Тоҳир Тоҳировични эшитганмисиз?
Тиловолди:
— Ҳа эшитганман, айтувдингиз. Майли сиз айтгандай бўлади.
Шу пайт нимадир тарақлагандай бўлади. Йигит билан қиз бир-бирини қўйворишади. Саҳнага Гулсум момо кириб келади. Қўлида исриқ тутаётган оташкурак. Кампир тутаётган оташкуракни йигит билан қизнинг бошидан, елкасидан айлантиради.
Гулсум момо:
— Илоё кўз тегмасин, суқдан, ёмоннинг кўзидан асрасин. Инси-жинслардан асрасин. Болаларим, доимо ўйнаб-кулиб, чопиб-чопқиллаб, эсон-омон юринглар…
Сўнгра Гулсум момо исириқни бетоб ётган чолининг бошидан айлантиради. Чолининг юзига қўлини қўяди. Чол бошини кўтаради. Ёстиққа суянади. Ва, саҳнадаги ўғли ва Земфирага қараб қўлини юзи билан тўсади. Йиғлайди, елкалари силкинади. Йигит ва қиз бир қадам олдинга босади. Тиловолди келиб отасининг ёнида чўкаллайди. Эсанкираб боқади… Земфира саҳна орқасида тош қотиб турибди…
Тиловолди:
— Дада, дада… ахир… Сизга нима бўлаяпти? Нега бундай қилаяпсиз?
Жайрон бобо:
— Ўзим шундай болам. Ўзим шундай. Сенлар бораверинглар… Бориб Эсонқулга қарашинглар. Кечқурун қўни-қўшни келади.
Тиловолди баъзўр ўрнидан туриб Земфиранинг ёнига келади. Гулсум момо чолнинг билаги, қўлларини уқалаяпти. Шу пайт ташқарида машина гуриллаши эшитилади. Саҳнага Қулмирза югургилаб кириб келади. Ва саҳнада турган Тиловолди ҳамда Земфиранинг олдида таққа тўхтаб қолади. Земфирага термулиб…
Қулмирза:
— Сиз! Сиз! Сиз шу ердамисиз?..
Земфира:
(Сесканиб кетади…) — Кечирасиз, Сизни… Сизни танимайман.
Қулмирза:
Тиловолдига бир қараб мийиғида кулиб:
— Тушунарли… Балки… адашгандирман…
Уларга қўл силтаб Жайрон бобо ётган сўри томон боради. Чол билан кампир қўрқув аралаш унга қарашади. Земфира билан Тиловолди ўша заҳоти саҳнадан чиқиб кетишади.
Гулсум момо:
Қулмирзага заҳархандалик билан:
— Яна нега бу жойларда биноат (пайдо демоқчи) бўлиб қолдинг? Сенга нима керак?
Қулмирза:
(Айёрлик билан) — Моможон, бовомда ишим бор эди. (Сўнг чолга қараб) — Бовожон мазангиз қочдими, бир кўриб келай девдим. Сиз менга отамдай азиз одамсиз. Кўп йўл-йўриқлар кўрсатгансиз. Панд-насиҳатлар қилгансиз, бово. Бетоблигингизда ҳол сўрамасам қандай одам бўлдим. Яхшимисиз, дамлимисиз, суяк енгилми, бово?
Гулсум момо:
(Ўртага тушиб) — Кўриб турибсан-ку аҳволини. Аҳволи хурсанд бўлгудаймас. Касал. Муддаога ўтавер Қулмирза.
Қулмирза:
Сиз аралашманг дегандай:
— Бово, бир гапим бор, бовожон.
Чол баъзўр қимирлаб, ўзини ўнглаган бўлади.
Жайрон бобо:
(Инқиллаб) — Айт гапингни.
Қулмирза:
(Ялинганнома) — Бовожон, хабарингиз бор. Катта қамалиб кетди. Хўжаликдаги катта ҳам қамалаяпти. Терговда. Туманни текширувчилар ағдар-тўнтарини чиқаришди. Бу номард катталар ҳамма ёқни расво қилиб ташлашган экан. Буларнинг касофати бошқаларниям ураяпти. Эртага чорвани текширишаркан. Мени тақдирим қўлингизда. Шу чорвани сел олиб кетган десангиз кифоя, бовожон… Бўлмаса, менам қамаламан. Жон бово, айланай бово, ёрдам беринг бовожон.
У чўккаллаб ялинишга тушади. Ён чўнтагидан қоғоз чиқаради.
— Мана акт… қўл қўйинг. Эртага сизни олдингизгаям келишади. Сурувни сел оқизди деб туриб олинг бово…
Қулмирза йиғлай бошлайди…
Жайрон бобо:
(Инқиллаб) — Уф… мен, мен, сурувни сенларга топширганман… Мени тинч қўй. Бундай қилмайман. Бундай ноъмақулчиликни кўп қилдим. Бир оёғим гўр оғзида турибди. Охиратим шундоғам куйиб турибди… (уҳ тортиб, ингранади) Энди кет.
Қулмирза:
Ўрнидан сапчиб туриб:
— Бова, ахир, ахир, мени қамашади-ку. Раҳмингиз келсин. Отамнинг жўрасиз-ку, бово!
Гулсум момо:
— Бовонгни қийнама, бор кет.
Қулмирза:
(Йиғламсираб) — Момо, мени қамашади.
Гулсум момо:
— Нима бало сени мукофотлашсинми бўлмасам. Қилган ишингга жавоб берда, энди. Энди сенга чолим бово, мен момо бўлиб қолдикми-а?
Қулмирза:
— Жайрон бово, қўл қўйинг, бово… Мени қутқазинг бова.
Жайрон бобо:
— Мен ўзимни ўзим қутқазолмай ётибман-ку.
Қулмирза:
— Сиз ўзингизни нимадан қутқазишингиз керак?
Жайрон бобо:
(Инқиллаб) — Виждон азобидан, охират азобидан. Ҳалол бўлолмадим. Мени ҳам сенлар йўлдан урдиларинг. Кўнглим бўшлиқ қилди. Нима десанглар хўп дедим. Мана оқибати.

Қулмирза:
— Мен нима қилай?
Жайрон бобо:
— Энди, ҳеч бўлмаса охирида мард бўл. Ҳалол бўл. Айбингни тан ол.
Қулмирза:
(Титраб қақшаб…) — Сиз, сиз… одаммассиз. Барибир ўчингизни олаяпсиз. Ҳалоллик дейсиз. Ҳалолман дейсиз. Уйингизни ғархона қилиб қўйибсиз.
Гулсум момо:
(ўазаб билан) — Нимаааа? Нимааа дединг, исқиртнинг боласи.
Қулмирза:
— Эшитганинг. Қари макиян. Ҳовлинг ғархона! Ана, анаву турган қиз кимларнинг қўйнида ётмаган дейсан. Манави сассиқ чолинг ҳам билади. Бир ой олдин, шаҳардан келган бойвачча билан шу қиз бирга келиб адирда айш-ишрат сурувди. Манови ҳалол чол эса шуларнинг хизматини қилувди. Бу кунингдан ўлганларинг яхши, қари каламушлар!
Гулсум момо:
(Анграйиб) — Нимаа… Ҳой оғзингга қараб гапир!
Сўнг чолга қараб:
— Нима дейди бу. Шу бўйнинг сингурнинг гапи чинми?
Жайрон бобо:
(Кўзини юмиб…) — Чин… чин… ҳаммаси тўғри.
Инқиллаб кўзларини юмиб бошини ёстиққа ташлайди…
Қулмирза саҳнадан чиқиб кетади.
Гулсум момо:
(Бошини чангаллаб) — Сорааа! Соораа! Сорааа… Берман ке, Сораа!
Сора югуриб киради…
Сора:
— Нима бўлди? Нима бўлди, Энажон?
Гулсум момо:
Сорани бағрига босиб йиғлайди…
— Болам, болама… Анови, анови… шаҳардан келган қиз… Қўй, болама… болам (уввос тортиб йиғлаяпти). Орзу умидимни кул қилган болам… (йиғлаяпти).
Шу пайт… Бутунвой саҳнага кириб келиб момонинг бошини силайди. Сора эса Жайрон бобонинг кўксини силаб, бошига нам латта босаяпти. Момо жим. Чол иҳранди.
Гулсум момо:
— Сора қизим. Бутунвой болам… (йиғлаяпти) Бу нима кўргулик-а, болаларим.
Жайрон бобо:
(Иҳраниб ўқчияпти…) — Эсон…қ…уул… Эс-оон… Иҳ-ҳ. Эсон…
Гулсум момо:
Даҳшатга тушиб Бутунвойга:
— Бор болам, бор… тез чоп… Эсонқул бовангни чақир. Тез чоп.
Бутунвой лўкиллаган кўйи саҳнадан чиқиб кетади…

Саҳна
Яна ўша ҳовли. Жайрон бобо ўзига келиб қолган. Соғлиги яхши. Сўрида бош эгиб ўтирибди. Ёнида ўғли Тиловолди. У ҳам ерга қараган…
Жайрон бобо:
(Ерга қараб) — Хўш, болам… ёшлик қилма. Ўйлаб кўр… Шу ишинг чакки бўлди. Мен у дунёи бу дунё рози эмасман…
Тиловолди:
— Дада, ахир.
Жайрон бобо:
— Дада демай ота десанг ҳам бўлаверади.
Тиловолди:
— Ота… Ота…
Жайрон бобо:
— Нима дейсан?
Тиловолди:
— Бунинг иложи йўқ.
Жайрон бобо:
Ҳамон ердан кўз узмай:
— Нимани иложи жўқ?
Тиловолди:
— Ахир Земфира…
Жайрон бобо:
— У қизни менга отини ҳам айтма…
Тиловолди:
— Қулмирза Сиздан ўч олиш учун туҳмат қилди.
Жайрон бобо:
— Менинг икки кўзим кўрамас. Ўзим кўрганман.
Тиловолди:
— Адашаяпсиз.
Жайрон бобо:
— Ана, Бутунвой гувоҳ…
Тиловолди:
— Шу лаънати дудуқнинг қадами шум келди.
Жайрон бобо:
Бошини илкис кўтариб:
— Уни дудуқ дема. Уни ҳақоратлама…
Тиловолди:
— Мен нима қилай?
Жайрон бобо:
— Қизни жўнатиб юбор… Қизга жавоб бер… Ўзингниям, бизниям номусга қўйма…
Тиловолди:
(Ўрнидан туриб) — Ахир, режаларимиз бор… Биз шаҳарда яшаймиз. Земфира туфайли кўп нарсага эришамиз. Ота-онаси, амакиси, тоғалари.
Жайрон бобо:
Тишларини ғижирлатиб:
— Сенга ҳеч ниманинг фарқи йўқми?
Тиловолди:
— Нимани айтаяпсиз?
Жайрон бобо:
— ўуруринг борми? Шу қиз кўзингни кўр, қулоғингни кар қилиб ташлабди.
Тиловолди:
— Нима десангиз денг мен у билан бўламан. Барибир бу чол-девор ичида, ҳароб ҳовлида қололмайман…
Жайрон бобо:
Ўзини баъзўр тутиб:
— Тушундим. Сени… Барибир сендан умид йўқ. Энанг ҳам чидайди. Мен ҳам чидайман. Сенга ялиниб ёлвордим кўнмадинг. Йиғладим кўнмадинг. Энангни гапига кирмадинг… Сени ҳаром аралаштириб боққанимни энди англадим… Шу ҳароми Қулмирза бўлди, катта бўлди, бошқа юлғичлар бўлди, шуларга шерик бўлган пайтларим ҳам бор… Шу, ҳаром-харишларнинг касофати сени уриб кетибди, болам… Ёшлигингда ўлиб қўя-қолсанг бўлмасмиди, бундай қилиб қийнагандан кўра… (Бобо йиғлаяпти.)
Тиловолди:
— Ота… мен нима қилай, ахир уни яхши кўраман.
Жайрон бобо:
Бошини ачиниб силкитади… йиғлайди…
— Бор энди, бора бер. Кўзимга кўринма бола… Кетсанг яхши. Яхши бўлади. Ҳа, мениям, энангниям ўлиги кўчада қолмайди. Эл юрт бор… Бутунвойим бор. Сора бор. Ташлаб қўймайди… Болам, сени қарғамайман. Фақат менинг сендай болам йўқ дейман. Кет энди… Нимага анграясан…
Чол уввос тортиб йиғлаб юборади. Тиловолди орқасига тисланиб саҳнага орқа юриш қилади. Саҳнага шу лаҳзада Земфира чиқиб келади. Замонавий очиқ-сочиқ кийимда. Юзидан қаҳр ёғилади. Чолга ғазабланиб қарайди. Чол ҳамон йиғламоқда… Земфира Тиловолдининг қўлидан тутиб олиб чиқиб кетади. Улар кетишади…
Саҳнага Гулсум момо кириб келаяпти. Юзи аянчли, худди эс-ҳушини йўқотган алфозда. Момо секин, бир-бир босиб қадам ташлаяпти. Сўрида ерга боқиб йиғлаб турган чолга қараб:
Гулсум момо:
— Кетдими, бовоси… Тилов кетдими. Оп қололмадингизми?
Жайрон бобо:
— Кетди. (Ердан кўз узмайди…)
Гулсум момо:
— Энди мен, биз нима қиламиз, бовоси?
Кампир инграниб гапиради.
Жайрон бобо:
— Пешонамизда бори шуякан, кампир…
Гулсум момо:
— Биз кимга суянамиз энди, бовоси…
Шу пайт саҳнага Сора билан Бутунвой ҳам момонинг ортидан секин кириб келишмоқда… Бобо ўрнидан бир амаллаб туриб қўли билан Бутунвой ҳамда Сора томонга ишора қилади.
Гулсум момо:
(Ўгирилиб) — Бутунвойим, Сора қизим…
Улар келиб момонинг кўксига бош қўяди… Жайрон бобо тик турган кўйи қўлларини фалакка чўзади. Момоқалдироқ гумбирлайди… Сўнг… олисдан бўриларнинг увиллаши эшитилади…
Сора:
Момонинг бағридан бош олиб олисга қулоқ тутгандай…
— Бўри… Бўрилар увиллаяпти… Бўрилар.
Бутунвой:
У ҳам қулоқ тутиб, бош силкийди…
— О…о…дам… о…д…даам… Бу Бў-ўрии… маа…ас… Од…д…д…а..м…

Саҳнага қоронғулик чўкади.
Тамом.

Сайт бўлими: Драматургия

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ