"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Нурилло Аббосхон. Ўзбекча рақс (трагикомедия.)

Ўқилди: 1 910

Асосий  қаҳрамонлар:

Қумри  — Нурли ўзбек аёли. Асар давомида 50 ва 70 ёшларда, хокисор, беғубор,
хасраткаш, меҳнаткаш, покдамон, мехрибон, қўрқоқ, соддадил. Бироз энкайиб юради. Қишлоқча кийинади.
Маша   —      Оқ юзли, кўк кўзли, босиқ сўзли, хаёлпараст, кўнгилчанг ўрис қиз. 20 ва 25              ёшларда. У аввалига ўзбек тилини мутлақо билмайди. Кейинчалик эса ўзбек
тилида қийналиб, нуқсонли гапиради. Қ, Ғ, А, О харфларини талаффуз  қила
олмайди. Баъзи гапларни тушунтиришда қўл ва юз имо ишораларидан
фойдаланади. Асосан қайнонаси Қумрининг харакатлари, сўзлари ва сўз охангларини ўзлаштириб, уни ўзида такрорлайди ва ўзига хос сиймода шакл топади.
Марям —    Машанинг улғайган даври.  Оқ рўмолли, оқ  юзли, кўк кўзли, халим сўзли,
ўзбеклашган ўрис аёли. 40 ва 60 ёшларда.  Воқеалар Марямнинг тилидан хикоя қилинади.
Турсунбой —   25 ва 45 ёшларда намоён бўлади.   Мехнаткаш, соддадил қишлоқ йигити.
Доим  кулиб туради. Асар якунида эса оғир бемор.
Рус тилида сўзловчи  иштирокчилар:
Василий   —    50 ёшли. Ўрмончи либосида. Машанинг отаси.
Вера         —     50  ёшда.  Машанинг онаси.
Павел     —      50 ёшда.  Ўрмончи либосида. Машанинг амакиси.
Борис       —      20 ёшда.   Машанинг синфдоши,
хамда  Машанинг бир гурух  дугоналари.
Ўзбек тилида сўзловчи  иштирокчилар:
Шахобжон  —     50 ёшда. Қумрининг укаси. Чопон ва дўппи кийган, мўйловли колхозчи.
Қувноқ. Рус тилини жуда бузиб гапиради.
Дилбар      —      50 ёшда. Қумрининг овсини.  Ғаразгўй.
Тошвой     —      30 ёшда. Лаганбардор, шахвоний активист.
Мулла       —       60 ёшда. Йиғлоқи охангда сўзлайди.
Сартарош  —      40 ёшда. Шопмўйлов, беғам, мақтанчоқ.
Шарифа     —      20 ёшда. Атлас куйлак ва нимча кийган.

Кичик сахналарда Тожибоева, Врач, Хоким, Мехмон, Харидор, Колхозчи, Марямнинг болалари, вояга етган чоғдаги болалари ва келинлари,  карнайчилар гурухи, колхозчилар, милиция ходимлари ва бошқалар иштирок этадилар.

***

( Биринчи  кўриниш. )

Машенька.

Россия. Панамарёвлар хонадони. Тайга ўрмони  яқинидаги кичик қишлоқ.
Ёғоч уй ортида қарағайзорлар кўзга ташланади.  Ховли панжара девор билан ўралган.Уй
олдидаги ялангликка русча стол ва сурилар қўйилган. Балалайка ва гармон жўрлигида рус
халқ мусиқаси янграйди. Рус қизлари гурухи ва Маша рақсга тушадилар.

Марямнинг овози:  Мен Панамарёва Мария Васильевна, 1947 йили Россиядаги Амур вилоятида туғилганман. Отам Василий Егорович билан онам Вера Михайловна ўрмон хўжалигида ишлардилар. Мактабни тамомлаган йилим, қишлоғимиз клубида очилган рақс тўгарагига қатнай бошладим.  Бўлажак эрим Турсунбой қишлоғимизга жойлашган харбий қисмда хизмат қиларди. Тўгаракка қатнашиш бахонасида, шу ўзбек йигити билан учрашиб юриб, уни қаттиқ севиб қолдим. 1967 йили бахорда уни хизмат муддати тугаб, Ўзбекистонга қайтадиган бўлди. Ялиниб-ёлбориб, ота-онамни хол-жонларига қўймай, уларни розиликларини олдим.

Мусиқа тинади. Қизлар рақсни якунлаб қах-қах кулиб қучоқлашадилар. Маша ва қизлар гурухи чиқадилар. Василий ва Вера кирадилар.

Василий:    Ну что, мать, благословим детей?
Вера:    Ой, Вася, не знаю, не знаю…
Василий:    Не переживай, мать, всё  нормально.
Вера:    Говорят, узбеки люди злые.
Василий:    Не верь злым языкам, мать. Узбеки люди трудовые. Толик наш тоже человек порядочный, добрый, трудолюбивый. Не курит, не пьёт.
Вера:    Узбекистан на другом конце света, Вася. Душа разрывается. Как она там проживёт, не знаю.
Василий:    Что поделаешь, дочь наша влюбилась.
Вера:    Машенька ещё ребёнок. Ей снятся сахарные горы, молочные реки. А там сейчас  разруха. Землетрясение разрушило Ташкент.
Василий:    Ничего, заново построят.
Вера:    Она там пропадет, вот увидишь, Вася. Забудет нас, забудет бога и потеряет веру. Она уезжает навсегда. Как ты это не понимаешь…
Василий:    Христос учит нас любить. Разлучать влюблённых большой грех, Вера. Не гневи бога. Благослови детей.

Турсунбой парад формада киради. Улар билан қўл олишиб сўрашади.

Турсунбой:    Здравствуйте, Василий Егорович.
Василий:    Здравствуй, сынок. Когда отъезжает поезд?
Турсунбой:    Через час.
Василий:    (қўлсоатига қарайди) Ого, тогда быстрее  собирайтесь в путь. А то можете и опоздать. Поезд не такси, ждать не станет. Позови её.

Турсунбой чиқади. Вера йиғлайди.

Вера:    Дети наши как птицы  разлетаются один за другим. От чего им дома не сидится?
Василий:    Русские люди больны романтикой, Верочка.
Вера:    Жизнь не романтика, а нескончаемый труд.
Василий:     Она об этом потом узнает. Пока в жилах кипит кровь, ей этого не понять.

Турсунбой ва Маша кирадилар. Маша Верани қучоқлаб. ўпади.
Маша:    Не плачьте, мамочка.
Вера:    Хорошо, дочка. (Йиғлашда давом этади)
Маша:    Папа, скажите ей. Сколько можно…
Василий:    (кулади) Что поделаешь, дочка, мать есть мать. Ей плакать не  запретишь.
Вера:    (Турсунбойга) Толик, Христом богом прошу тебя, береги её.
Турсунбой:    Не беспокойтесь, Вера Михайловна.
Мухаббатни тараннум этувчи рус халқ қўшиғи янграйди. Машанинг дугоналари
кирадилар. Машанинг йўл анжомларини хозирлайдилар. Вера эса Машани бағрига босиб
сурида ўтиради. Ўз крестини бўйнидан ечиб Машанинг бўйнига тақади. Она-бола
чўқиниб ибодат қиладилар. Паравоз гудоги янграйди. Омма чиқади. Зулмат чўкади. Вагон
ғилдиракларининг  тарақлаши эштила бошлайди.
Марямнинг овози:  Шундай қилиб  1967 йил, июнь ойида Ўзбекистонга  йўл олдим.   Мен
ўз хаёлимда, эртаклар мамлакатига кетаётган эдим. Узоқ-узоқларда мени афсонавий саргузаштлар кутаётгану, мен кеч қолаётгандек, интиқиб вагон дарчасидан олға тикилардим. — Қандай юрт экан жанубдаги ўша серқуёш  ўлка! Уерда умуман совуқ бўлмас эмиш. Боғларида йил бўйи  ширин-шарбат мевалар пишармиш. Нахотки шу рост бўлса?

****

( Иккинчи кўриниш.)

“Келин салом”

Қумри чеварнинг   чекка қишлоқда жойлашган    хонадони.  Уй-дахлиз ва дарвоза
ортидан тоғ ва адирлар кўзга  ташланади. Ховли ўртасида узум ишкомлари. Ишком
остида супа. Супага кўрпачалар тўшалган. Радио узел орқали ўзбекча  куй янграйди.
Супада Қумри ва солдат формасида Турсунбой чой ичиб ўтирадилар.

Марямнинг овози:  Хаёл бошқаю хаёт бошқа экан.  Хаёлимда гавдаланган афсонавий  дунё сароб бўлиб чиқди. Эрим мени Ўзбекистондаги бир чекка қишлоққа олиб келиб, тоғаси Шахобжонникига яшириб қўйди.  Ўзи эса онаси билан кўришиш мақсадида уйига кетди.  Уни  кутиб уч кун  Шахобжон тоғаникида ўтирдим.

Қумри мамнун бўлиб Турсунбойнинг пешонасидан ўпиб қўяди.

Қумри:     Бўйларингдан ўргилай, болажоним. Худога айтганим бор экан, эсон-омон  бағримга қайтиб келдинг! Келгунингча кўзларим тўрт бўлди! Ўтган йили Тошкентда ер қимирлаб анча одам нобуд бўлди. Эшитгандирсан?
Турсунбой:    Ха, эшитдим, ойижон.
Қумри:    Ўшаларни орасида сенам бормидинг деб ташвишланиб бирам қўрқсам! Бирам қўрқсам! Кўрсатган кунингга шукур худойим. Худо хохласа, сени тез кунда уйлантираман, ўғлим.
Турсунбой:    (ноқулай) Уйланиш… Уйланиш бир гап бўлар, ойижон.
Қумри:    Астағфуруллох! Вой тавба-а! Ха нега бир гап бўлар дейсан?! Қачонгача хувиллаган ховлида бир ўзим ўтираман. Эрта-индин ишга  кетсанг яна ёлғиз қоламан. (Қувониб кулади) Қишлоқни қизлари сени кўриб оғизлари ланг очилиб қолди. Аскар формангам роса ярашибди-да, ўғлим. Уч-тўрт кун формангни ечмай юравер. Келинлар уйимизга ўз оёғлари билан кириб келишади. Тарвуз танлагандек  чертиб-чертиб  танлаб олиб бераман.
Турсунбой:    Керакмас, ойи…
Қумри:    (ташвишли) Нега ундай дейсан, болам?
Турсунбой:   Энди уйланолмайман.
Қумри:    (қўрқиб) Ха? Касал бўлиб қолдингми?
Турсунбой:    Шундай десаям бўлади.
Қумри:    (ғамга ботиб йиғлаб, уни бағрига босади) Вой, болагинам, бу балолар бизга қаерда қараб турган экан! Э, худо, яккаю ягона боламга нега бу дардни бердинг? Сенга нима ёмонлик қилгандим, парвардигор! Ахир орзу хавасларим катта эдику!
Турсунбой:    Мен соппа-соғман, ойи. Битта гунохим бор холос. Шуни кечирсангиз бўлди.
Қумри:    (йиғидан тўхтаб юрагини ишқалаб) Вой тавба! Ха мингта гунохинг бўлса кечираман, ўғлим. Тану жонинг соғ бўлса бўлгани менга… Юрагимни ёриб юбордингку… Хўш, нима гунох қилдинг?
Турсунбой:    Россиядан ўрис хотин олиб келдим, ойи.
Қумри:    (шошилиб) Хотин?!
Турсунбой:    Ха.
Қумри:    Алдама. Уч кундан бери қаерда юрибди ўша хотининг? Қани у? (кулади) Хазилинг қурсин, ўғлим.
Турсунбой:    У хозир тоғамларникида.
Қумри:    Астағфуруллох! ( сукутга толади) Ростдан айтяпсанми, ўғлим?
Турсунбой:    Ростдан.
Қумри:    Нега мендан сўрамай хотин олдинг?
Турсунбой:    Сиз буерда бўлсангиз, қандай  қилиб сўрайман?
Қумри:    Хазиллашма, Турсунбой!   Хазилинг қурсин…!   Хой, ростдан айтияпсанми?!

Ташқи эшик очилиб Шахобжон киради. Ортидан чемадан кўтарган Маша киради.У
ноқулай ахволда атрофга назар ташлаб, чемоданини ерга қўяди. Қумри Машани кўриб
каловланиб қолади. Аста  унга яқинлашиб бошдан оёқ  назар солади. Маст Шахобжон
атрофга ишора  қилади.

Шахобжон:     Киравер, қизим. Уялма. Эту твою дому. Твою ховлу.
Қумри:    (бошини чангаллаб) Вой тавба-а-а! Рост экан-да?! Эй, парвардигор! Сенга
нима гунох қилувдим! Нега мени бунчалик шарманда қилдинг!
Шахобжон:    Эту твою маму, Маша. Қайнушка Қумру. (Қумрига) Ароққа пулдан чўзинг, чевар. Тўйни бошлаворамиз хозир!
Қумри:    Ароқ ичгунча захарни ич, пиёниста! Йўқол уйимдан!
Шахобжон:    Опа, қўйинг энди. Тўйни бузманг.
Қумри:    Йўқол! Мени уйимда ўрис келинга жой йўқ!
Шахобжон:    Бўлар иш бўлди энди, опа. Ўрисам одам-да. Ана, Тошкентдаги қурилишда миллионта ўрис ишлаяпти.  Бу халқ зўр халқ, опа. Бундан ортиқ келинни қаердан топасиз? Боринг, ундан кўра битта винога пул олиб чиқинг.
Қумри:    (бақириб) Йўқол дедим сенга, Шахоб!

Шахобжон қўрқиб чиқади.

Қумри:     (Турсунбойга) Шуми хотининг?
Турсунбой:    Ха, ойи…
Қумри:    (титраб-қақшаб бақиради)  Ойи дема мени! Ойи дема-а! Сени шу умидда боққанмидим?  Сени деб дунёдан бева ўтдим! Сени деб  бир коса аталага сабр қилиб, колхозда эртадан кечгача ишладим! Уч йил кўзим тўрт бўлиб армиядан келишингни кутдим! Сен бўлсанг мени элу юртга шарманда қилдинг! Шарманда! (тўлиқиб йиғлайди)  Шарманда бўлдим. Энди хамма устимдан кулади! Ёшлигимда ёруғлик кўрмадим, қариганимда кўрарман деб умидвор бўлгандим… Хаммасини барбод қилдинг!
Турсунбой:    (ялинчоқ) Севиб қолган бўлсам нима қилай ахир… Мени кечиринг, ойижон.
Қумри:    (йиғлайди) Кечиринг дейсана… Туғилганимдан бери  мехнат-захматда  кўзёшимни ичимга ютиб умр кечирдим. Ёлғиз умидим сендан эди. Тўй қилиб, элга дастурхон ёзиб, қудаларни уйини тўрида керилиб ўтирмоқчи эдим. Сочи белига тушган қаламқош  келинни қўлидан чой ичмоқчи эдим. Пешонам шўр экан,  мен ғарибга шуям насиб қилмади.  Сўрамай-нетмай, нега бошимга бу сариқ маймунни олиб келдинг?! (йиғлашдан тўхтаб) Бунинг лоақал ўзбекчани тушунар?
Турсунбой:    Йўқ, тушунмайди…

Қумри Машага яқинлашади. Унинг сариқ сочлари ва юзини силаб кўради. Енгсиз
куйлагини ушлаб ажабланиб томоша қилади.  Машанинг  кўзларига узоқ тикилади.

Марямнинг овози:    Қайнонам Қумрихон чевар мени мана шу алфозда кутиб олди. Бу оқибатни кўриб Россияга қайтиб кетмоқчи бўлдим. Лекин, “уйимга қайси юз билан бораман, хамқишлоқларимни кўзига қандай қарайман,” дея ўйлаб ўз фикримдан қайтдим.    Бизни “келин салом”имиз жуда антиқа бўлган эди.
Маша:        (эгилиб) Здравствуйте…
Қумри:    ( бақириб) Хе! Даспиданя!

(Зулмат чўкади)

****

(Учинчи кўриниш.)

Никох.

Қумри чеварнинг ховлисида тўй бошланган. Боғ тамондан одамларнинг ғовур-ғувири
эштилиб туради. Идишлар жаранги, арра ва болта товуши, қиз-жувонларнинг кулгуси
янграйди. Ора-чора товоқ  кўтарган аёллар кириб-чиқиб турадилар. Супада Мулла ва
Шахобжон  ўтирадилар. Қумри Мулла ёнига келиб, юзини рўмоли билан тўсиб бир
нарсаларни ўқдириб ўтинади. Мулла бош чайқайди.Чопон ва дўппи кийган  Турсунбой
билан бошига катта рўмол ташлаган  Маша, улардан нарироқда туриб никохга тайёрлик
кўрадилар. Маша пичирлаб қўлидаги қоғозга ёзилган  калимани  ёдлайди. Ғойибдан отнинг қишнаши, туёқ товуши ва Жарчининг чақириғи эштилади.

Жарчи овози:    Хо-о-ой, Тўхтавой тракторчиникига тўйгаё-о-о-о! Тўйго-о-о-о-о!
Марямнинг овози:    Қайнонам  эртасига кўнгли юмшаб,   тўйимизга розилик берди. Қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар тўпланишди. Боғимизга қозон ўрнатилиб, катта ош дамланди. Жарчилар халқни тўйга чорлашди.   Махалла мулласи  руслигимни билиб қолиб, никох ўқишдан бош тортди. Бундан ғазабланган қайнонам, менга калимаи шаходатни ёдлашимни буюрди.
Маша:    (хижжалаб ўқийди) Ла илюха…
Турсунбой:    (тўғрилайди) Ло илоха.
Маша:    Ло иляха илял-лах. Мухамма-дан росиял-лох.
Турсунбой:    Не Росияллох а Росулиллох.
Маша:    Росулиллох. Ашхаду оля…
Турсунбой:     Не оля, а алла.
Маша:    Аш-хаду алла иляха илял-лох , вашхаду аня Муха-мадан абдуху Варошилов.
Турсунбой:    Не Ворошилов, а варосулух. Читай медленно.
Маша:    (аччиқланиб) Да замолчи! Обманщик! Где твои курорты, где твои дворцы, сволочь! Ты меня обманул! (ўқишга тутинади)  Ло илюха илял-лох, Муха-мадян росиял-лох. Аш-хаду оля иляха илял-лох, ваш-хаду аня Муха-мадан абду-ху Ворошилов.

Қумри уларга яқинлашади.Машанинг бўйнидаги крестга ишора қилади.

Қумри:    Зуннорингни еч, ғайридин!
Маша:    (Турсунбойга ) Что ещё?
Турсунбой:    Убери крест, Маша. Примешь  нашу веру.
Маша:    (тисралади) Нет, мы так не договаривались! Я крещённая!
Қумри:    (ғазабланиб) Агар кўнмаса хозироқ уйимдан чиқиб кетсин!
Турсунбой:    Э, шошилмай туринг, ойижон! (Машага) Сними крест, Маша.  Прошу тебя.
Маша:    (йиғлайди) Нет! Нет!
Турсунбой:    Сними хоть на время, Маша. Ради нашей любви. Это всё формальность. Ведь бог наш единий, Маша!

Маша бўйнидаги крестни тутамлаб йиғлайди. Черков хори ижросида диний қўшиқ
янграйди. У тараддудланиб узоқ  туриб қолади.

Маша:    (крестни ўпиб бўйнидан ечади) Прости меня, отец небесный!  Прости меня грешную! (Кетмакет чўқиниб олгач, крестни Қумрига узатади)
Қумри:     (крестни олиб киссасига солади) Мулла кутиб қолди. Юринглар.

Турсунбой  Шахобжоннинг ёнига тиз чўкиб ўтиради. Қумри ва Маша супанинг бир четига ўтирадилар.

Мулла:    Хўш, синглим, ўрис келинингиз иймон келтирадиларми?
Қумри:    Келтирадилар, домла, келтирадилар.
Мулла:    (хаяжонланиб) Мошоллох! Мошоллох! Бошланг, қизим…
Қумри:    (Машани нўқийди)  Ўқи.
Маша:        (қоғозга қараб ўқийди) Ла илюха илял-лах. Муха-мадан росиял-лох. Аш-ха-ду оля илаха илялах, ваш-хаду аня Муха-мадан абдуху ворошилов.
Мулла:    (кўзига ёш олади) Алхамдулиллох! Алхамдулиллох! Синглим Қумрихон, сиз бугун икки дунё савобига эга бўлдингиз. Бу хонадон энди молу давлатга, бахт саодатга тўлади. Наинки, бир ғайри динни исломга киритиб, унга Аллохни танитмоқ унча-мунча фотихлару авлиёларни қўлидан келмаган. Муборак бўлсин! Мен ғариб хам қиёмат куни бу муслимадан иймон қабул қилганим учун,  фахрланаман. (Шахобжонга) Келин болани  исмлари нима?
Шахобжон:    Мария, тақсир.
Мулла:    Оталариникичи?
Шахобжон:    Отасини оти Василий, тақсир.
Мулла:    Исмлари сал ғалатику. Тилим келишармикин…
Қумри:    Отасини оти Асилбек. Ўзини оти Марямой, домла.
Мулла:    Ана холос! Оталариниям, ўзлариниям исмлари китобий эканку. Маъқул, маъқул. (Пичирлаб оят ўқигач, юзига фотиха тортиб никох маросимини бошлайди) Аузубиллахи минаш-шайтонир ражим. Бисмиллахир Рохманир Рохийм. Асилбекни қизлари Марямой, ўзингизни Тўхтавой ўғли Турсунбойга танмахрамликка бахшида этдингизми?
Қумри:    (Машани нўқиб ўргатади) Ха-а!
Маша:    (баланд) Хия-а-а-а-а!
Мулла:    Боракаллох.  (Турсунбойга) Тўхтавой ўғиллари Турсунбой, Асилбек қизлари Марямойни танмахрамликка қабул қилдингизми?
Турсунбой:    Қабул қилдим.
Мулла:    Илохо омийн. Никохларингиз боқий бўлсин. Орангизда дунёга келган азиз фарзандларингиз ахли солих, ахли муъмин бўлишсин. Омийн Аллоху Акбар!

Омма фотиха ўқийди. Мулла билан Шахобжон дарвоза орқали чиқадилар. Қумри билан
Турсунбой уларни дарвозагача кузатиб ортга  қайтадилар.  Маша  рўмолини ечиб
дахлиз эшиги орқали чиқади. Бироз ўтгач катта чемодан билан кирада ва  дарвоза
тамон йўналади.

Турсунбой:    Ты куда?
Маша:    Хватит с меня, Толик. Уеду домой. Прощай!

Маша дарвоза орқали чиқади. Ғойибдан карнай-сурнай, ноғоралар товуши ва
йигитларнинг ёввойи қийқириқлари эштилади. Маша қўрқиб додлаб    қайтиб   киради.
Машанинг ортидан чопиб кирган Шахобжон  уни тинчлантиради.

Шахобжон:    Не бойся, Машу! Это духовую оркестру нашу!
Маша:    Ой, мамочка! Что я наделала?! Куда я попала!

Очиқ дарвозадан карнайчи ва раққос йигитлар гурухи кириб, қичқириб ўйинга
тушадилар. Маша қўрқиб додлаб,  боққа тамон югуриб қочиб чиқади.

Қумри:    Хо-о-ой! Қўрқма, бу ўзбекча рақс холос! Қўрқма!  Вой боласи тушмагур!

Қумри Машанинг ортидан   боғ тамонга чопиб  чиқади.

(Зулмат чўкади)

****
(Тўртинчи кўриниш)

Устоз.

Қумри чеварнинг ховлиси. Қумри супада ўтириб дўппи тикади. Ўзбекча кийинган
Маша эса ховлини супиради.

Марямнинг овози:    Тўйимиз ўтгандан кейин эрим Турсунбой, далада трактор хайдай бошлади. Мен  қайнонам билан уйда ўтирдим. Қайнонам қўли гул чевар эди. Уни тиккан дўппилари, қовиган чопонларини бозорчилар талашиб-тортишиб олиб кетишарди. Қумри чеварнинг овози қўнғироқдай эди. У кун бўйи қўшиқ куйлаб ишларди. Иккимиз тил билмаганимиз сабабли, соқовчасига гаплашардик. Қайнонам ишдан қўли бўшаганда хасратлашгани одам тополмай зерикар, аламини кимдан олишни билмасди шўрлик.
Қумри:         (хиргойи қилади)  Мен буерда ўт ёқсам Фарғонада тутуни.
Бу дунёда бормикин юрак-бағри бутуни.
Қадамингга гуллар очилсин.
Бу дунёда бор бўлса юрак-бағри бутуни,
Қоғоздан ўчоқ ясай, гулдан қилай ўтини,
Қадамингга гуллар очилсин.
Маша:    (хиргойи қилади)    Ой, цветёт калина в поле у ручья.
Парня молодого полюбила я.
Парня полюбила на свою беду,
Не могу открыться, слов я не найду.

Қумри томоқ қириб унга қараб қўяди. Маша куйлашдан тўхтаб супуришда давам
этади. Қумри ишини ташлаб супадан тушади. Машани ёнига келиб унга назар ташлайди.

Қумри:    Овозинг чиройли, ашулангам қулоққа ёқимли, дардлигина экан.  Сениям шўрлик онанг соғиниб, йўлингга кўз тути-и-б уйида эзилиб ўтиргандир-да. Шунақа, дунё бевафо. Бир парча этдан катта қилган, оқ ювиб, оқ тараган. Қишни совуғидан, ёзни иссиғидан эхтиётлаб кўзингга термулиб умри ўтган. Энди бўлса, тилини тишлаб, кўзини ёшлаб Российда ўтирибди шўрлик… Мени боламни деб онангдан, юртингдан кечгансан-да, девонагинамей… (Мехри товлаб Машанинг сочларини тутамлайди, юзини силаб кўради.) Сени сочларинг тилларанг экан. Кўзларинг  кўм-кўк, юзинг оқ. Қошингга ўсма қўйсанг ярашиб ўлиб қолса керак ўзиям. Ака-ука, опа-сингилларингам роса соғинишгандир. Шундай қиз уйидан кетадию соғинмасинми. Мени бўлса, укам Шахобдан бошқа хеч кимим йўқ. Отам рахматлини сени юртингга сургун қилиб олиб кетиб қамаб юборишди. Дом-дараксиз йўқолиб кетдилар. Шунақа, дунё бевафо. (Кўксига уриб) Мана буерни ёриб кўрсанг бир олам хасрат бор. Китоб қилиб ёзсангам адо бўлмайди. Онам рахматли  очарчилик йилида ўлиб қолдилар. Ўттуз учинчи йилдаги очарчилик борку. Ўшани айтаман-да. Шу махалла-кўй орага олиб укам Шахобидин иккимизга нон берди, ош берди. Мен бўйга етиб,  тракторчи  Тўхтавойга тегдим.  Кимсан тракторчини хотиниман деб керилиб юрдим. Бирин-кетин икки фарзанд кўрдим. Пешонамга битмаган экан, икковиям ўлиб қолди. Учинчи боламга Турсунбой деб от қўйдим. Худо рахм айлаб шу Турсунбой ўғлим туриб қолди. Энди буёғини айтсам сенам йиғлаворасан.  Эрим қуруқ мақтовларга учиб, катталарга яхши кўринаман деб жонини жабборга бериб ишларди. Тонг отмай тракторга ўтирарди. Баъзида тунлариям сўткалаб ўхламай ер хайдарди. Бир куни ғафлат босиб ухлаб қолиб тракторидан йиқилиб тушди. Катта ғилдирак кўкрагидан босиб ўтди. У пайтда дўхтирхона қаерда дейсан. Колхозчилар эримни ана шу супага олиб келиб ётқизишди. Кейин, бечора.. (йиғлайди)  Кейин бир кеча қон қайт қилиб, тонг отганда қўлимда жон берди. Шу кунгача хеч ким уни эслаганиям, йўқлаганиям  йўқ.  Катта рахбарлар зиёфатга бўкиб, эрим бўлса қон қусиб  ўлиб кетаверди. Шунақа, дунё бевафо. Қирқ саккизинчи йилдан бери, мана, ўн тўққиз йил бўлди, танхо яшаб умрим ўтди. Энди Аллохни қудрати экан сен билан яшаяпман.   Сен қандай қилиб ёнимга келиб қолдинг ўзи, хайронман. Ёки отамга қариндошмисан, а? (Маша рўмолчаси билан Қумрининг кўзёшларини артиб қўяди.)  Юрагим сезишича, отагинам ўлмаганлар.  Россияда хотин олиб бола-чақали бўлиб кетган бўлсалар керак. Анави Брежнев деган ўрис пошшо борку, ўшани қош-кўзлари отамникига ўхшайди.  Шу қорақош Брежнев пошшо бўлгандан бери бизга жон тортиб, бизни унчалик хафа қилмади. Бошқа бирорта пошшони даврида қорнимиз тўйиб нон емаганмиз. Шу пошшо аслида ўзбек. Хеч кимга айтмагину, мени отамни ўғли бўлади. Сипо туриши, кулишлари отамникига қуйиб қўйгандек ўхшайди.  Сениям аллақаеринг ўзбекка ўхшаркан. (Машани нўқийди) Марям, ўзбек қариндошларинг йўқмиди?
Маша:    (кифтини қисади) Што?
Қумри:    Иштон?! (ўзига келиб, асаби бузилиб, супага бориб ўтиради) Э, ардона қолгур! Бу ахир ўзбекчани тушунмайдику! Астағфуруллох! Астағфуруллох! Нега энди бунга жавраяпман! Э, кўрган куним қурсин! Чой обкел десам нон олиб келади. Сув олиб кел десам учоққа ўт қалайди. Тухум билан картошкани ё сувга солиб қайнатади ё ёққа солиб қовуради. Бошқа овқатни тушидаям кўрмаган. На кўнглимни ёзиб хасрат қила оламан, на хумордан чиқиб уруша оламан! Нима гап гапирмай, “иштон?” деб тўраверади! Қўшним Абдурайимникида жанжал бўлса маза қиламан! Қайнона-келин бақиришиб уришади. Идиш-товоқларни ирғитишади. Кейин ярашиб олиб ош дамлаб, хохолашиб кулишиб ўтиришади. Бу чулчит қачон ўзбекчани ўрганади, қачон бунга уй-рўзғорни ўргатаман. (Машага ишора қилади) Хой, бошоғриғим, буёққа кел.
Маша:    (супургиси билан супага келиб ўтиради.)  Что  вам надо?
Қумри:    Сенга ўзбекча гапиришни ўргатаман. Ўтир. Дафтарингни  ол.

Маша унинг ишорасини англаб, супургини ёнига қўйиб,  киссасидан дафтарча ва қалам
олади. Қумри  супургини  кўрсатади.

Маша:    Говорите.
Қумри:    Бу нима эди?
Маша:    Супруга.
Қумри:    Супурги деб тўғри айт. Супурги.
Маша:    Супурги.
Қумри:    Тузук. Чиройли гапирмасанг одамлар кулишади. Бизни халқимизда шунақа ёмон одат бор. Зўр бўлсангам, хўр бўлсангам устингдан кулишади. Мени келиним бўладиган бўлсанг, устингдан хеч ким кулолмасин. Бўптими? (Ёнидан дўппини олиб кўрсатади) Бу — дўппи.
Маша:    Топпи?
Қумри:    “Топпи”мас дўппи. Ўхшатиб гапиргин-да Дўппи!
Маша:    Доппи.
Қумри:    Доппимас, дўппи! Дўппи!
Маша:    Дўппи…
Қумри:    Маладес, Марям. (Юқорига ишора қилиб) Бу нима эди? Эсингдами? Кеча ўргатганман! (Маша сукутда) Унутиб қўйдингми?
Маша:    (дафтарини варақлаб) А-а-асман. Правильно сказала?
Қумри:     “Асман”мас, осмон, дегин.
Маша:    О-осмон.
Қумри:    (ерни тепиб кўрсатади) Буни оти нима эди?
Маша:    (дафтарни ўқийди) Ер.
Қумри:    (хурсиниб) Осмон узоқ, ер қаттиқ…
Маша:    (ёзиб олгач ўқийди)  Осмён узёк, ер катйик.
Қумри:    (кулади) Балосанку! (хурсинади) Шунақа, Марям, шунақа. Бу бевафо дунёда осмон узоғу ер қаттиқ.  Қаттиқ, дечи? Қ-қаттиқ-қ!
Маша:    (“қ” харфини талаффуз қилолмайди) Каттик.
Қумри:    (томоғини қириб) Қхрр қа-а-а, дегин.
Маша:    Қхрр қа-а-а.
Қумри:    Қаттиқ.
Маша:    Қаттиқ.
Қумри:    Ха, хийла ўхшатдинг.  Шуни унутмагин. Ўзингга нолойиқ лақаб оттиришни истамасанг бирортаям нуқсонга йўл қўйма.  Ўзбекча яшаш жуда қийин. (Энкайиб сал наридаги ўсмали пиёлани қўлига олиб Машанинг қошига ўсма қўя бошлайди) Бир замонлар қизим йўқлигидан куйиниб армонда юрардим. Мана, омадим бор экан, қизгаям эга бўлдим. Шу битта ўзбекча гапирмаганинг ёмон.
Маша:    Ямон-н-н.
Қумри:    Ха, ёмон. Энди қандоқ қилай, болам. Пешонамга ёзилганига шукур қиламан-да. Хе-е-е, берган қисматимга чидамасанг, осмонимдан чиқиб кет, деган Аллоху таоло, қизим. Ана, бўлди. Бироздан кейин ювиб оласан.

Ташқаридан трактор моторининг товуши эштила бошлайди. Қумри ва Маша
ўринларидан турадилар. Дарвозадан комбинизон ва дўппи кийган Турсунбой шошилиб
киради. Супага яқинлашади.

Турсунбой:    Маша, липёшка дай.
Маша:    Обедать будешь?
Турсунбой:    Нет. На работу опоздаю.
Маша:    Сейчас принесу. (Маша  чиқади)
Қумри:    Ўзбекчани ўрганиб олгунча ўрисча гапирма дегандим сенга.
Турсунбой:    Хўп, ойижон. Энди гапирмайман. Шошилиб турувдим-да. Гараждан келяпман. Тезроқ етиб бормасам бўлмайди.
Қумри:    Анави дорисочар тракторда ишламагин, ўғлим.
Турсунбой:    (супадаги чойнакдан чой ичади) Бошлиқларни буюрганини қиламан-да, ойи. Мен колхозни раиси бўлмасам ахир.

Маша нон кўтариб киради. Турсунбой белбоғини ечиб унга нонни тугиб, белига
боғлайди.

Қумри:    Отангни хатосини такрорлама, Турсунбой. Одам дунёга бир марта келади.
Турсунбой:    (Машани эркалатиб бурнини чимчилайди) Ўхў! Ўсмалар зўрку! Ярашибди. Бўпти, ойижон, яхши қолинглар. Мен бугун кечроқ қайтаман. Ховотир олманглар.

Турсунбой чиқади. Трактор моторининг товуши кучаяди.

Қумри:    Агар сен ўзбекчани билганингда сенга хаммасини тушунтириб қўярдим. Уни йўлга солган бўлардинг.  Эринг жонини жабборга бериб ишлагани билан битта қора нонга эга бўлади холос. (шипшиб ўқдиради) Анави захарли дорисини далага сочганда, қурту қумурсқалар қирилиб кетаркан. Одамниям қуртга ўхшаб битта жони бор-да. Ишқилиб мени қисматим бошингга тушмаса бўлди… Худойим ана шунисидан асрасин…
Маша:    Што?
Қумри:    (қўл силтаб) Яна “иштон” дейдия. Э, бор-э!

(Зулмат чўкади)

Марямнинг овози:    Турсунбой   отасига ўхшаган  мехнатсевар инсон эди. Белига бир нонни тугиб, тонг отмай далага кетиб, тун қоронғисида уйга қайтарди. Ўша кезларда пахтазорга захарли дорини  тракторда сочиларди. Эрим менга ўз иши тўғрисида гапирмасди. Тил билмаслигим менга панд берди. Эримни захарли дори сочувчи тракторда ишлаётганидан бехабар қолдим.

Трактор моторининг товуши пасая бориб бутунлай тинади.

****

(Бешинчи кўриниш )

Комиссия.

Қумри чеварнинг ховлиси. Супа устига бешик, тувак-сумак, кўза, обдаста, чилобчин,
қозон, чойнак-пиёла , товоқлар, ўқлов-тахта, рапида, енгча, хокандоз, оташкурак ва
хоказо буюмлар қўйилган. Қумри ва фартук боғлаган Маша идишларни артиб
тозалайдилар. Маша  товоқни артаётиб  кўрсатади.

Маша:    Эта што?
Қумри:    “Ота иштон”, дейверма! Биров эшитса кулади. “Бу нима”,  деб сўрагин. “Бу нима,” дечи?
Маша:    Бо немя?
Қумри:    Бу — товоқ.
Маша:    Тавёк?
Қумри:    Тавёк эмас, — товоқ.
Маша:    Аха. (Чилобчинни бошига кияди) Бо немя? Это шляпа да?
Қумри:    Вой! Палакатни нега бошингга киясан, жинни ўлмагур?! Бер буёққа. Бу – чилобчин. Мехмонлар келганда  анави обдастадан сув қуясан. (Қўлига обдаста ва чилобчинни олиб кўрсатади) Чап қўлингда чилобчин, ўнг қўлингда обдаста бўлади. Елкангда сочиқ туради. (Қўл силтаб, буюмларни ерга қўйиб, ўз  ишига куйманади) Э, сен барибир гапимни тушунмайсан.

Маша тувакни чап қўлига, сумакни ўнг қўлига  олади. Буюмларни коса ва қошиқ деб
ўйлайди.

Маша:    В этом  что кушают? (Овқат еётгандек харакат қилиб кўрсатади) Это ложка?
Қумри:    (қотиб кулади) Вой бу қошиқмас! Қошиқмас!
Маша:    А, понятно! Это – трубка! (сумакни оғзига тўғрилаб чекиб кўрсатади) С этого табак курят, да?
Қумри:    Э, оғзингга солма! Бу эрингни болалигидаги тувак-сумаги!  Сенга қандай  тушунтирсам экан-а, бошоғриғим!  Бер буёққа. (Буюмларни қўлидан олиб бешикка жойлаштиради.) Кўрдингми? Бу – бешик. Бунда чақалоқлар ётади. (Супага ётиб“инга”лайди, туриб бешикка ишора қилади) Тушундингми? Туққанингда болангни шу бешикка белайсан.
Маша:    ( бешикни текширади)  Всё понятно. Это значит колыбель.  Но зачем тут кувшин? За чем трубка? (кифтини қисиб) Может, это канализация? (тебратиб) А канализация зачем?
Қумри:    (қўрқиб, шошиб уни тўхтатади) Эй, болам! Бундан кейин зинхор бўш бешикни тебрата кўрма! Билдингми?! Тебратма!

Қумри сўниқиб, хурсиниб яна товоқ арта бошлайди. Маша унга тикилиб қолади.
Кифтини қисиб сал нарида турган оташкуракни қўлига олиб кўрсатади.

Маша:    Бо немя?
Қумри:    (хушламайгина) Бу – оташкурак.
Маша:    Бо нимя киляди?
Қумри:    Буни бизда ўтга солиб қиздирилади. Кейин эрига хиёнат қилган аёлларни кетига босилади. Тушундингми?
Маша:    (бош чайқаб) Ёк.
Қумри:    Сен жуда чиройлисан. Боламга хиёнат қила кўрма, Марям. Мени оташкурагим доим чўғни ичида туради.

Ташқаридан юк машинаси моторининг товуши эштила бошлайди. Дарвоза қаттиқ
тақиллайди. Аёллар чўчиб кетадилар.

Тошвой овози: Эшикни очинглар! Қомиссия! Очинглар! Хо-о-ой! Қумри опа?!
Қумри:    (қўрқиб) Вой ўлмасам! Марям, комиссия келди! Шўримизга шўрва тўкилди! Тез-да яширин! Уйга кир! Тезроқ!
Маша:    (тушунмай) Что случилось?! Что?
Қумри:    (уни суриб уйга киритиб эшикни ёпади) Унингни чиқармай жим ўтир!
Тошвой:    Очинг, Қумри опа! Тожибаева ояни ўзлари келганлар! Очинг тезроқ!
Қумри:    Хозир! Мана, хозир! (дарвозани очиб эгилади) Ассалому алейкум, оя. Хуш келибсиз…

Дарвозадан дафтар-ручка ушлаган хайбатли Тожибаева киради. Ховли ўртасига
келиб атрофга ғазабланиб  назар ташлайди.

Тожибаева:    Яна ким бор бу ховлида?!
Қумри:    (қўрқиб букчаяди) Мен билан келиним…
Тожибаева:    Нега теримга чиқмадинглар?!
Қумри:    Энди чиқамиз деб турувдик…
Тожибева:    Терим бошланганига неча кун бўлди?!
Қумри:    Хозир чиқамиз, ояжон…
Тожибаева:    (дағдағали)Мен сиздан сўраяпман?!
Қумри:    Ўн кун…
Тожибаева:     (дафтарига ёза бошлайди) Нима қиляпсиз шунча кундан бери?
Тошвой:     Нима қилардилар, дўппи тикиб пуллаяпганлар-да.
Тожибаева:    Мен сенларга кўрсатиб қўяман дўппи тикишни! Сенларга райкомни учинчи секретари подачи бўлиб қолдими? Совет халқи партия наказани бажариб, пахтазорда мехнат қиляпти! Фамилянгиз нима?!
Қумри:    (йиғлаб ялинади) Худо хайрингизни берсин… ёзманг… ояжон… Худо мартабангизни бунданам улуғ қилсин. Ёзманг…
Тожибаева:    Сен текинхўрларни партия нима учун боқяпти?! Нега уйингни ичидан бекитиб ўтирибсанлар?! Масалангни бюрода кўрамиз! Шошмай турларинг!
Қумри:    Рахмингиз келсин… Қари бир хотинга рахмингиз келсин…
Тожибаева:    Хозироқ йўлга отланинглар! Бугундан бошлаб хар куни дарвозангизда калладай қулфни кўрай! (ёзишдан тўхтаб) Дарров машинага чиқинглар! Мен кутиб ўтирмайман!
Қумри:    (эгилиб) Хўп-хўп. Илоё бола-чақангизни орзу хавасини кўринг… Рахмат…

Тожибаева билан Тошвой чиқадилар. Қумри хонага кириб Машани етаклаб чиқади.
Иккиси югуриб, этак олиб дарвозадан чиқиб дарвозани қулфлайдилар. Машина
моторининг товуши эштилиб туради.

(Зулмат чўкади)

Марямнинг овози:    Пахта компанияси даврида қишлоқликлар нари турсин, шахарликлар хам эркин яшолмасдилар. Активлар хаммани далага хайдашарди.  Шу куни бизни юк машинасида ўтирган бир гурух аёлларга қўшиб далага олиб кетишди. Пахта даласида ишлаб юмшоқ қўлларим, оппоқ юзларим қорайиб тарс-тарс ёрилди. Кўсак учлари санчилиб, тирноқларим ораси тилиниб зирқираб оғриди. Кун бўйи тиришиб ишлаб беш кило пахта тердим. Қайнонамни далдаси билан аста-секин мехнатга кўника бордим. Бу азобли мехнат қор ёққунча давом этди. Тонг отиб, кун ботгунча далада пахта терардик.  Хаёлларимда туғилган  романтик хаёт, азобу уқубат бўлиб чиқди.   Қийналган чоғларимда она юртимни қумсаб, ғўзалар орасида биқиниб, хеч кимга сездирмай йиғлардим.

Машина моторининг товуши тинади.

***

(Олтинчи кўриниш)

Қорхат.

Қумри чеварнинг ховлиси. Қиш мавсуми. Орқа тамондан қорли тоғ-адирлар кўзга
ташланади. Қахратон шамоли гувиллаб туради. Ховлидаги  дарахт ва ток япроқлари
тўкилган.Қарғаларнинг қариллаши эштилади.  Қумри, Маша ва Турсунбой  қишки
либосда. Турсунбой посилка қўтисини супага қўйиб, теша ёрдамида қопқоғини  оча
бошлайди. Аёллар уни кузатиб турадилар.

Марямнинг овози:     Қиличини яланғочлаб қиш кириб келди. Ўзбекистонда қиш шунчалик қаттиқ   бўлади деб  ўйламагандим.  Ўзим совуқ ўлкада туғилган бўлсам-да, умримда биринчи бор мана шуерда қаттиқ совуқ едим.  Янги йил арафасида ойимдан посылка олдик.  Эрим посылка қутисини очганда ундан она ватанимни хиди келди.  Ойим  совға-соломлар орасида бир кило дудланган сало жўнатган экан. Бошим осмонга етди.

Турсунбой қутидан сало олиб супага қўяди.

Турсунбой:    Ана, Марямой, сахий тайгани нозу неъматлари сизга мунтазир!
Маша:    ( шодланиб чапак чалиб сакрайди)  Сало! Сало! Ой, спасибо тебе, мамочка!
Қумри:    (Турсунбойга) Ўғлим, бу нима?
Турсунбой:    Чўчқа ёғи-да, ойи. Шамоллашга даво бўлади.
Қумри:    (ғазабланиб) Астағфуруллох! Астағфуруллох! Ха даво бўлмай ўлсин! Қавмимдан ажратиб охиратимга ўт қўясанларми мени?! Эл-юрт эшитса нима деган одам бўламан! Бер буёққа хозироқ! (Машанинг қўлидан салони тортиб олиб, енги билан ушлаб девор ортига  улоқтириб юборади.) Ит-пит еб кетар… Ха илоё савилгина қолсин!
Маша:    (йиғлайди) Зачем вы так…? Что я вам сделала?
Турсунбой:    Оббо, яна бошландику…  Мени гаражда ишим бор. Кечқурун келаман.

Турсунбой шошилиб дарвоза орқали чиқади. Маша хафа бўлиб супага ўтиради.

Қумри:    (юмшаб) Мендан хафа бўлма, Марям. Агар бу гап кўчага чиқса, одамлар косамиздан сув ичмай қўяди. Мусулмончиликда  чўчқа гўшти харом қилинган.  Шу эл билан эш-қўш яшамасанг бўлмайди энди. (Қутини қўлига олади) Юр, ойинг юборган  мевалардан еб, сандалда мазза қилиб исиниб ўтирамиз. Сенга ўзбекчани ўргатаман. Юрақол.
Маша:    (бош чайқайди) Ёк!
Қумри:    Кирақол, сандалда исиниб ўтирамиз.  Қайсарлик қилма. Совқотасан.
Маша:    (аразлаб) Ёк! Сандял ямон! Сало якши!
Қумри:    Ха салагинангга ўт тушсин!

Қумри хона эшиги орқали чиқади. Маша супага ўтириб ёнидан дафтар олиб, йиғлаб
хат ёза бошлайди.

Марямнинг овози:    Шу куни аламимга чидолмай, онам Вера Михайловнага қайнонам устидан арз қилиб хат ёзишга киришдим. “ Салом, ойижон, соғ-саломатмисиз?  Дадам яхшимилар? Сингилларим, акаларим саломат юришибдими? Мендан сўрасангиз… Мени ахволим яхши эмас, ойижон. Мени Толик алдади. Биз яшаётган Дехқонобод қишлоғи ёзда жуда иссиқ, қишда жуда совуқ. Хеч қандай курорт эмас, оддийгина пахта плантацияси экан. Кузда мени пахта теришга олиб боришди. Бармоқларим ёрилиб кетди. Қор ёққунча пахта тердик. Оз терганим учун  бригадир мени роса урушди.  Хозир яшаётган уйим жуда совуқ, ойижон. Золим қайнонам   печка қуришга рухсат бермади. Ўзбекларда сандал деган бир стол бўларкан. Остига чуқурча  кавлаб, шу чуқурчага чўғ солишаркан. Устига кўрпа ёпишаркан. Шу столни ичига оёғимни тиқиб исиниб ўтираман. Кечасиям шуерда ётиб ухлайман. Оёғим иссиқда, бошим эса совуқда.  Илтимос, мени тезроқ буердан олиб кетинг. Жудаям қийналдим. Мени кечиринг, ойижон. Адашган қизингиз Понамарёва Мария Васильевна.”

Қумри киради. Машанинг ортидан келиб хатга назар ташлайди.

Қумри:    Ха, Марям? Нега совуқда ўтирибсан?
Маша:    (аччиқланиб хатни силкиб ўқдиради) Бу Россия боргян. Она келгян. Машани олгян.  Ичига Россия кетгян!
Қумри:    Шунақами?
Маша:    Шуняка.
Қумри:    (хатни қўлидан олиб томоша қилади) Оллох, оналарига қорхат ёзибдилар-да! Э, ўзбекчани ўқиёлмайману, ўрисчангни қандай ўқий. (Хатни йиртиб улоқтиради) Хатингам бормаган, онангам келмаган, сенам хеч қаерга кетмагансан. Болагинамни номини хунук қилиб, энди ташлаб қочмоқчимисан? Қани кетиб кўрчи!  Кир уйга, шамоллаб қоласан! Кир, дейман!

Қумри билан Маша чиқадилар. Қахратон шамоли увиллайди.

(зулмат чўкади)

****

(Еттинчи кўриниш)

Ўрисча рақс.

Бахор.  Дала шийпони. Колхозчи қизлар гурухи чилдирма чалиб куйлайдилар.
Чилдирмачиларга рубобчи йигит рубоб чалиб беради.  Шарифа ва бир гурух қизлар рақсга
тушадилар. Колхозчи аёллар даврасининг бир тамонида Маша билан Қумри чапак чалиб
томоша қиладилар. Қарши тамонда Дилбар чапак чалиб туради. Сал нарида Тошвой,
Шахобжон, Турсунбой ва бошқа колхозчи эркаклар турадилар. Ўша даврда машхур
бўлган вальс услубидаги қўшиқ ижро этилади.

Бахор келса алвон-алвон очилгай гуллар.
Хандон сайраб шўх ғазалхон куйлар булбуллар.
Зулфи райхонлар, мохи тобонлар,
Қувнаб, яйраб рақсга тушар гузал жононлар.

Марямнинг овози:    Буернинг бахори  шошқалоқ экан. Февраль ойи якунланмай туриб ерга иссиқ тушди. Пахта даласида яна қизғин мехнат бошланди. Колхозчи  қиз-жувонлар, пахта даласига ўн ёшиданоқ кўниктирилган бўлиб, ишлаб чарчамасдилар.  Улар иссиқ кунларда тушликдан сўнг куйлаб-ўйнаб дам олишарди.  Мен эса Амур ўлкасида, олти ойлик қиш давомида иссиқ печка устида ухлаб улғайганман. Кун бўйи ишлаб, кетмон дастасидан қўлларим қавариб, оёқларим толиб, бошимдан офтоб ўтиб, қовурилган овқатлардан жиғилдоним қайнаб қийналардим. Кеч кирганда чарчоқдан судралиб базўр  тушагимга етиб олардим.

Қўшик якунланиб рақс тугайди. Қизлар ўртадан чиқадилар. Қахқах куладилар.Маша эса
қаварган кафтларига туфлаб, пуфлаб, оғриғини босиб, қўлларини сиқимлайди.

Дилбар:    (Қумрига, баланд) Овсин?!
Қумри:    Нима дейсиз?
Дилбар:    (мазахлаб) Келинингизни ўрнига ўзингиз ўйинга ташланг. Ашулани мен айтай. Ўйинчи жононларга суқланиб ўтираверасизми?
Қумри:    Келин олганимдан бери жононларга суқланмай қўйганман, ўргилай. Юрт бахосига тенг келиним бор.
Дилбар:    Келинингиз қаварган қадоқларини пуфлаб ўтирибди. Этигини судрай олганида  ўйнаб берарди-я.
Қумри:    Мени келиним ўйинга ташлаганда-чи, бу шийпонни чанги осмонга чиқиб, бетингизга упа бўлади, овсин.
Дилбар:    Йўғе-е-е!
Қумри:    Хўпам дейверинг! (Машага) Марям, буларга битта ўйнаб бер!
Маша:    Мин узбекчя уйнямагян. Мин ўрисчя музика уйнягян.
Шарифа:    (Рубобчига) Домла, сиз “Катюша”га чалиб беринг. “Катюша”ни айтамиз, а қизлар?! (Машага) Марям янга, ўйнанг! Ўрисчасига айтиб берамиз!

Домла ва чилдирмачи қизлар русча куй чалиб, қўшиқчи қизлар гурухи куйлайдилар.

Расцветали яблони и груши,
Поплыли туманы над рекой.
Выходила на берег Катюша,
На высокий берег на крутой.
Выходила песню заводила,
Про степного сизого орла,
Про того, которого любила,
Про того, чьи письма берегла.

Маша тўхталиб туриб ўйинга тушиб юборади. Омма чапак чалиб уни қўллайди. Қумри
ғурурланиб, Машага мехрли термулади. Тошвой эса Машага суқланади.

Шахобжон:    (қичқириб) Яша, Марямой! Қандингни ур, келин! Ха-ха-ха-а-а!

(Зулмат чўкади)

***
(Саккизинчи кўриниш)

Ўқлов.

Қумри чеварнинг ховлиси. Бахор. Қушлар навоси ва ўзбек миллий куйи  янграйди.
Супада Қумри ва Маша ёнмаён намоз ўқийдилар. Маша  қовушмай харакат қилади,
атрофга аланглайди.

Марямнинг овози:     Ўзбек тилини ёзиб олиб, сўзларни ёдлаш йўли билан ўрганиб бордим. Фойдаланадиган луғатим “Русча-ўзбекча”  эди. Тилни осон ўрганишим учун эса менга “Ўзбекча-русча” луғат керак бўлиб, бундай луғатни тополмадим. Бир йил деганда қайнонам билан савол-жавоб қила оладиган бўлдим. У эса мени зўр бериб эски урф-одатларга ўргата бошлади.   Бу зулумларга чидолмай, бир неча бор  қочишга уриндим. Лекин уддалолмадим.  Кампир тушмагур жуда зийрак эди. У кийимларимни беркитиб, дарвозани  ичидан қулфлаб қўярди.  У қилди бу қилди, бир амаллаб мени ўз йўлига юргизди.

Қумри ва Маша рукуъдан сўнг саждага бош қўядилар. Саждада ётган Машанинг
товони қичийди. Бир қўли билан товонини қашлайди.  Мувозанатни йўқотиб, Қумри
тамон йиқилади. Қумри хам унга қўша йиқилади.

Қумри:    Астағфуруллох! Жувон ўлгур, ичингда қуртинг борми! Намозимниям расво  қилдинг!
Маша:           (кўрсатиб) Мин  аёк кичишгян. Бу кул кашлягян.    Мен йикилгян.
Қумри:    Намоз пайтида хеч қаерингни қашлама. Гунох бўлади.
Маша:        Кичишгянда нима килгян?
Қумри:    Чидагин-да энди, болам. Намозингни бузсанг Аллох сендан хафа бўлади.
Маша:        Нига? Аллах узи аёкни кичиштиргян, узи хафя булгян?
Қумри:    Оёғингни Аллох эмас шайтон қичиштирган, болам.
Маша:        Аха, тушюндинг, тушюндинг. (Оёғини узатиб ўтиради ва овозини пастлатади) Ойи, табельщик Тошвой ямон экян одям.
Қумри:    Сенга нима оғирлиги тушяпти уни?
Маша:    (тақлидан) Шундёк килиб, минга  куп-куп  карягян. Кузини шундёк-шундёк килгян. (кўзини қисиб кўрсатади) Качён а, качён? — дегян. Бугун уйингга мин боргян, Турсунбой йук булгян, иккаляммиз мазза килгян, —  дегян.
Қумри:    (аччиқланиб) Келиб кўрсин, онасини Учқўрғондан кўрсатиб қўярман!
Маша:    (ўхшатиб) Кампир качён уклягян, а, качён? — дегян.
Қумри:    Вой ергина ютгур Тош! Агар яна шундай деса, сол айлантириб!  Жавобини ўзим бераман! (асабийлашиб, Машанинг оёғига нўқийди) Ўзингдаям айб бор. Доим айтаман, оёғингни тарвайтириб ўтирма. (этагини тортиб қўяди) Бу этак ўлгурни нимага чиқарилган? Оёқни беркитиш учун чиқарилган.  Оёғингни очиб ўтирсанг гап сотади-да.  Малла сочингни кўзкўзлаб бошингдан рўмолингни олганинг олган! Оёғингни очасанмией! Билагингни очасанмией! Шундай қилиб ўтирсанг хар қандай эркакни кўнгли кетади-да.
Маша:    Миники терлягян,  совуккиня шамёлга  очилгян! Унга очилмагян!
Қумри:    Ха терламайгина ўлсин! (ўтириб кўрсатади) Бундоқ қилиб энгашиб оёғингни жуфтлаб ўтиргин. Икки қўлинг доим тиззангда бўлсин. Номахрамларни олдида керишма, эснама, қаттиқ кулма.
Маша:    (тиз букиб ўтиради) Бу утиргян ямон. Аёк  огригян.
Қумри:    Кейин мослашиб кетасан.  Айтганимни қил! (юмшаб) Бўпти, кел, урушмайлик. Расийга қочиб-нетиб кетсанг эрингдан балога қолмай. Бор энди, Дилбар холангникидан манти қозонини сўраб чиқ. Бугун манти қиламиз. Хўпми?
Маша:    Хоппа! Хоппа!
Қумри:    Эй, шошма. Ўзим олиб чиқақолай. Яна кўчада Тош ўлгур бўлса сенга тирғалмасин. Сен ўқлов-тахта билан супрани супага олиб чиқиб тур.  Вой Тошгина ўлгур. Бугун эрингга айтиб уни пўстагини қоқтириб қўяман. Шошмай турсин хали!

Қумри дарвоза орқали чиқади. Маша ошхонадан буюмларни олиб чиқиб супага ёзиб
тайёрлай бошлайди.  Маст  Тошвой гандираклаб  киради. Маша дарров супага ўтиради.

Марямнинг овози:    Ўша куни мени нотўғри тушунган Тошвой, қайнонам чиқиб кетиши биланоқ дарвозамиздан кириб келди. Мен ўшанда бу юзи, феъли нотаниш, камар-белбоғига қинли пичоқ осган кишилардан хадиксираб  юрардим. Қўрқиб кетиб дарров қайнонам айтгандек тиззамни букиб ўтириб олдим. Шундай қилиб ўтирсам қайтиб кетармикан, деб ўйладим.
Тошвой:    Как дела? Кампир где? (иршайиб Машага яқинлашиб белини ушлаб қўяди)
Маша:    Астакфуруллок! Мен тугри утиргян!  Аёкни очмагян! Сиз нега меники бельни ушладинг?! Сизники  хотин бель ёк?!
Тошвой:    Бору сени белинг бошқа-да. Сени белларинг хипча… Ўзинг оппоқсан… (Яна бир бор белини ушлаб ёнига ўтиради) Жуда гузалсан-да, Марям.
Маша:    (қўрқиб  бақиради) Вой тавба-а-а! Астакпуруллок!

Супрадаги ўқловни олиб сакраб туради   ва Тошвойнинг бошига кетмакет уч бор
уради.

Тошвой:    Вой! Войдод! (эси оғиб хушидан кетиб ерга йиқилади.)
Марям:    (қўрқиб) Ой, мамочка! Убила насмерть! (унинг устига энгашиб, ўқлов билан нўқиб кўради. Тошвой қимирламайди.) Хой, сеники ўлгян?! (Ўқлов билан қаттиқ нўқиб кўргач йиғлайди)  Ой, мамочка-а-а!

Қумри мантиқозон кўтариб дарвозадан киради. Ахволни кўриб мантиқозонни ташлаб
юборади.  Энгашиб Тошвойни текшириб кўргач дод солади.

Қумри:    Вой, шўрим! Ўлдириб қўйибсан, Марям ўлмагур?! Бошини ёриб қўйибсанку! Ўлган бўлса ўлдинг энди! Қамалдинг энди!
Маша:    (баланд йиғлаб) Сис капирдинг! Соль айлянтириб!  Мин жавёб биргян!
Қумри:    Сол дегандим. Ўлдир демагандим! Ўлдир демагандим!  Вой манти емай захарни есам бўлмасмиди! (Тошвой аста қўзғолиб бошини кўтаради. Маша дарахт ортига ўтиб яширинади. Қумри  севинади. ) Худога шукур, ўлмаган экан!
Тошвой:    (инқиллаб ўтиради) Вой! Вой, энажон… (бехол, атрофга аланглаб таниёлмайди) Мен қаердаман ўзи? Вой! Вой бошим! (Қумрига қараб танимайди) Келинг, мехмон? …  (аланглаб) Буер қаер? Сиз кимсиз, опа?
Қумри:    (четга) Вой тавба… Эси оғиб қолибди… (Тошвойга, баланд) Буер Тўхтавой тракторчини ўйи, Тошвой. Мен Қумри чевар деган опангиз бўламан.  Қалай, хийла тузукмисиз, уй-ичи, бола-чақалар омонми, ўргилай?
Тошвой:    Рахмат, рахмат. Мен уйимга борай бўлмаса… вой…
Қумри:    Борақолинг, борақолинг. Бошингиз озгина ёрилиб қолибди. Йиқилиб тушганга ўхшайсиз! Уйингизда кигиз куйдириб бошингизга босиб олинг.
Тошвой:    (бошини ушлаб кўриб қўрқади) Вой, бошим қонабдику! Ёмон йиқилибман-да. Буерда нима қилиб юрибман ўзим? Вой бошим… Вой… вой… вой…

Тошвой гандираклаб дарвоза орқали чиқади. Қумри унинг ортидан дарвозагача кузатиб
боради. Қумри дарвозани беркитади.

Қумри:    Ўзингга шукур, худойим. Ўлмай қолди. Хайрият. Турсунбой ўлмагурга неча марта айтганман, хой бола, ўқловни енгилроқ ёғочдан йўниб бергин, деганман. Қани энди қулоқ солса!

(Зулмат чўкади)

Марямнинг овози:    Бу воқеа менга катта дарс бўлди. Шу кундан бошлаб, қайнонам ўргатгандек  ўзбекча  юриш-туриш қоидаларига тўлиқ  амал қила бошладим. Аммо доим ўй ўйлаб, хаёл суриб яшардим. Мехрибон онам Вера Михайловнани кўп қумсардим.  Қайнанам мени бирор марта онам каби эркалаб, бошимни силаб бағрига босмасди.

***

(Тўққизинчи кўриниш)

Севинчли хабар.

Қумри чеварнинг ховлиси. Дилбар ва Қумри супада овқатланиб ўтирадилар. Маша
уларга чой келтириб қайтариб қуйиб узатади.

Дилбар:    ( кинояли) Марямхон келинингиз чой қайтаришниям биларканлар а, овсин. Сизниям пешонангизда шўрингиз бор экан. Уйимда ўтириб, сизни ўйлаб йиғлаворибман, денг. Якка ўғлингизни пешонасига ўзбекдан ёзмаганини кўринг. Хасратни яна ёстиққа айтиб ётибсиз-да, овсин. Овқат пиширишни ўргатиб олдингизми?
Қумри:    (хушламайгина) Худо хохласа хаммасини ўрганиб олади. Бу бола бўладиган бола. Хозирча ош пиширса шавла еяпман.  Шавла пиширса  мастава ичяпман.
Маша:    (тушуниб қолиб, аччиқланади) Вой тавба-а-а! Нимяга сис мини ямон кургян? Мин картошка пиширди, ямон деди, еди! Мин тукум пиширди, ямон деди, еди! Пельмень пишириб берди, ямон деди, еди. Ямон булся, миники, сис нига еди?
Қумри:    (Дилбардан уялиб, Машага) Астағфуруллох! Мен сени ёмонлаганим йўқ. Бор гапни айтдим, қизим.
Маша:    Мин  пловни ямон пиширгян?
Қумри:    (баланд)Ха! Ёмон пиширдинг!  Атала қилиб қўйдинг! Бўлдими?!
Маша:    Аха-а-а?!  Ямон булся, сис нега еди?! Вой тавба-а-а!
Қумри:    Ха, ейман-да! Очимдан ўлайми сенга? Ўлганимни кунидан едим-да.
Маша:    Ямон булгян кашани еб булмагян! Якши булгян сис еди. Марям ишлайди-ишлайди. Марямга демайди ракмат. Хар ичида кун  гапиргян – ямон, ямон, ямон!
Қумри:    Аллох! Қумри қолди балога! Бунга ўзбекчани  ўргатиб, ўз бошимга ўзим балони ортирдим! Радио ўлгурни уни ўчади, дилбузарни уни ўчади, буники ўчмайди. Энди кун бўйи ортимда юриб қулоқ-миямни ейди.  Бориб асрни ўқиб чиқай. Бу  билан урушаман деб тахоратим кетиб қолмасин яна.

Қумри чиқади. Дилбар имлаб Машани ёнига чақиради Маша ёнига ўтиради.

Маша:    Ха, Дилбяр коля?
Дилбар:    (атрофга аланглаб, шипшиб) Овсиним ўзи ёмон хотин, Марям. Эриниям бошини шу  еган. Буни гапига парво қилма.  Бу жинни чеварни қандай қўлга олишни сенга ўзим ўргатаман.  Гах десанг қўлингга қунадиган бўлади. (кулади) Ош дамлаб чақирарсан кейин?
Маша:    (ғазабланиб) Вой тавба-а-а! Вот бессовестная! Ах ты змея! Не благодарная!  Сис нега шуняка? Қомрийники нонни йигян? Комрийники чойни ичгян? Ошни бесплатно на халява йигян? Яна уни ямон дигян? Сисники ка-а-атта…
Дилбар:    (каловланиб)  Кимники катта экан? Оғзингга қараб гапир.
Маша:    Сисники… (ўйланиб туриб) ка-а-атта э-э-эфлёс!
Дилбар:    Хечам ифлосмас-да! Алхамдулиллох тахорат қилиб юраман! (четга) Буям овсинимга мос жиннигина экан. Бир бало бошланмай туриб уйимга чиқақолай. (ўрнидай туриб кетишга чоғланади)
Маша:    (йўлини тўсиб) Аха,  токта!  Комрийга хаммя кап мен айтгян.
Дилбар:    (ялиниб) Жон қизим айтиб-нетиб қўйманг. Овсиним  бичиб-тикиш, йиртиғ-ямоғ ишларимни  қилиб бериб туради Орамизни бузманг, ўргилай.
Маша:    Сис хамма айтганим килясан, бупти, мен айтмагян.
Дилбар:    Хамма айтганингизни қиламан, Марямхон. Айтиб қўйманг, а? Тузукми, а?
Маша:    (лаб буриб) Ха, тузюк-тузюк.   (елкасига уриб хайрлашади) Бор, дам ол. Хуш келибсис.
Дилбар дарвоза орқали чиқади. Маша супага ўтириб чой ичади. Қумри кириб супага
ўтиради.

Қумри:    Марямой, чойингдан қуйиб бер, қизим.
Маша:    (чой қуйиб узатади) Маня, ич чёй.
Қумри:    (олиб ича бошлайди) Дилбар холанг кетдими?
Маша:    (қўл силтаб) Ха, кетдинг. Кетдинг.
Қумри:    Мени шу овсинимни олдида нотўғри изза қилдинг.
Маша:    Сис мени куп-куп ямон кургян. Бунга мен келгянга бир  йил булгян. Сис бир мартя  кучоклятинг — ёк. Бир мартя  уптинг — ёк.
Қумри:    (четга) О, кўнглимни кўчаси.  Аламлари ичларида экан-ку. Бир камим шу эди. (Машага)Ана, қанча керак бўлса эринг ўпсин. Саримсоқни нонни ўрнига ейсан, энди сени ўпибам қўяйми!  Аммо бугун мени бопладинг. Сенам бир кун қайнонана бўларсан.
Маша:    Сис кафа бульмя. Мен кусгиси келгян, жяхл чиккян. Таксикоз. (қорнини силаб) Корин ичида бор боля. Кичкиня, кичкиня, боля.
Қумри:    (шошилиб) Нима?! Бўйингда борми?!
Маша:    Буйиндя ёк, кориндя бор. Торт ой. (бармоқлари билан кўрсатиб) Торт ой.
Қумри:    (хаяжонланиб) Алхамдулиллох… Ўзингга шукур, парвардигорим, ўзингга шукур… (Машани қучоқлаб, юзидан қайта-қайта ўпиб) Бўйларингдан ўргилай сени! Умрингдан барака топ, Марям!  Мана ўша сен сўраган ўпич! (ўпади) Сен хали кўрасан, бу хонадонда хар йили тўй бўлади. Қумри чеварни авлодлари бу кўчаларни тўлдириб ўтади. Одамлар “ана Қумри чеварни болалари кетяпти, буларни савлатини кўринглар, одобини кўринглар, чиройини кўринглар!” – деб хавас қилишади.

(Зулмат чўкади)

Марямнинг овози:    Қайнанам бир йил деганда биринчи бор мени бағрига босиб юзимдан ўпди. У неварали бўлишни, ўз аслзода зотини давом этишини жуда-жуда хохларди. Хомиладорлик кезларимда менга кўп мехрибонликлар қилди. У мени оғир мехнатга солмасди. Ейман деган нарсамни югуриб-елиб  топиб келарди. Беш ойдан кейин тўнғич ўғлим Дилшоджон туғилди. Қайнонам қўй сўйиб хамқишлоқларни мехмонга чақирди. Бешиктўйига йиғилган мехмонлар, шўрва ичиб, ош еб,  болам билан мени узундан-узоқ  дуо қилиб алқашди. Лекин қайнанамнинг ўзбекча зулми сира тугамади. Тишимни тишимга босиб яшашда давом этдим.

***

(Ўнинчи кўриниш.)

Хўрда.

Қумри чеварнинг ховлиси.Супа устида бахмал ёпқичли бешик.   Қумри  хокандозда
исириқ тутатиб, бешик атрофида айлантиради. Бошига дурра ўраган, чопон кийиб
белини боғлаб олган Маша дўппи тикиб ўтиради. Чақалоқ йиғиси янграйди.  Қумри чиқиб,
хокандозни ташлаб қайтиб киради ва супага ўтириб бешикни тебратади. Машанинг
тикаётган дўпписини олиб, текшириб  кўргач қайтариб беради.

Қумри:    (кўрсатиб)Манави қалампирни  сўкиб қайтадан тик, қизим. Хўпми?
Маша:    Хоппа. (сўка бошлайди)
Қумри:    Неварам ашулачи бўлади шекилли. Жағи ёмон очиқ чиқди-да буни.
Маша:    (норози) Сисниям богляб куйся йигляйсис.   Дилшёдни ечиб  куяман. Хоппа?
Қумри:    Аралашма. Йиғлаб-йиғлаб кўникиб қолади.
Маша:    У кийнальди. Сисни бешикка богляймиз. Чидяйсиз? Тагингизгя канализация куямиз. Тувяк-сумяк! Тоже мне канализация! Боляни унитазга яткизиш нега киряк? У сисга канчя жой ифлёс килгян?
Қумри:    Гап ундамас, қизим.
Маша:    Кулини нега киряк богляш? Кулини озгиня ечи.
Қумри:    Қўлини ечсанг юзини тимдалаб қўяди. Бешикка кўниб улғайса, катта бўлганда гапингдан чиқмайдиган одобли бола бўлади. (Бола йиғиси тингач, чақалоққа) Тўғрими, Дилшоджон? Айланай сендан. (Машага) Ана ухлаб қолди.
Маша:    Йигляб-йигляб шунчя кийналгяндя, сисам укляб колясис. (чопонини ечмоқчи бўлади) Боля  сисга угрими кулини богляйсис.
Қумри:    Белбоғингни ечма.  Чопонингниям.
Маша:    Иссиклядим.
Қумри:    Ечма дедим! Ичинг шамоллаб қолади. Бизни аёллар туққандан кейин саратондаям чопон кийишади.
Маша:    (белбоғини кўрсатиб) Бу нигя керяк? Корним кисилиб кетди.
Қумри:    Белингни боғламасанг қорнинг осилиб, эрта кунда букчайиб  қоласан. Хали бу қорин сенга кў-ў-ўп керак бўлади.
Маша:    Корин богляйвериб терляган, сассик булгян.
Қумри:    (кулиб) Вой қуриб кетмагур, ўзбекчаниям боплаб гапирасан-да, Марям. “Сабр қилсанг ғўрадин халво битур”, дейишган машойихлар.

Қумри дўппи тика бошлайди. Шарифа киради. Қўлида тугунча. Супага яқинлашиб
аёллар билан  кўришиб супага ўтиради.

Қумри:    Ха, Шарифа, тузукмисан? Шахобжон тузукми? Ойинг яхшими?
Шарифа:    Рахмат, амма. Сизга салом айтиб юборишди.
Қумри:    Саломат бўлишсин.
Маша:    Шярпа, передача кандяй ош?
Шарифа:    Ойим  сизга хўрда пишириб юбордилар, янга. (Шарифа тугунни ечиб Машанинг олдига қўяди.) Иссиққина. Хозироқ ичиб оларкансиз.
Маша:    Уф-ф-ф! Уйдя кордя!  Передача кордя!
Қумри:    Ундай дема, Марям.
Маша:    (зардали) Качён мин картошка, гошт, тукум ейди? Качён?
Қумри:    Оз қолди. Сабр қил, қизим. Агар қирқ кун пархез қилсанг ичинг тозаланади. Иккиқатлигингда хар нарсани тиқиштириб егансан.
Маша:    Корнидя боля бор булгян, йигян.
Қумри:    Гапинг тўғри. Унда қорнингда бола бор эди. Икки киши учун овқат егансан. Энди қорнингда бола йўқ.
Маша:    Вой тявба, сут-чи? Сут? Бу биття гурюч, биття сув! Бошкя витамин ёк!
Қумри:    Хўрдани қатиқлаб ичсанг жуда яхши сут бўлади.
Маша:    (буришиб) Хар биття соат кордя ичяди, корин тоймяйди.
Қумри:    (кулади) Ха энди хўрда шунақа бўлади-да. Менга деса қозонни устига ётиб олиб хўрда ич.
Маша уф тортиб хўрда ича бошлайди.
Шарифа:    (кулади) Марям янгам ажойиблар-да!
Қумри:    (мақтанади) Янганг ўзбекча одобга анча ўрганиб қолди. Йиғинларга борганимизда қўлини кўксига қўйиб  салом берганини кўр. Ўзбекдан фарқи йўқ. Дилшоджонни чилласи чиқсин яна йиғинларга олиб бораман қизимни. А, Марям?
Маша:    (қўл силтаб)  Йигинга бормяймян. Хаммаси ялгон!
Қумри:    Нима ёлғон экан?
Маша:    Хаммаси гап ялгон. Ўзбекча хотинлар ялгон гапиргян. Аня, Дильбяр коля кюшнини отяси улгянда (тақлидан) “вой оня-а-ам! Вой оня-а-ам!” деб йиглягян. Ялгончи!
Қумри:    (энсаси қотиб) Овсинимам қариб қолди бечора. Адаштириб қўйган бўлса бордир-да. Яна ғийбат қилишни бошладингми, тилгинанг кесилмагур?! Ўтирган жойида етти махаллани ғийбатини қилиб ўтиради!
Маша:    (куйиниб) Мехмёнлар келди. Мен овкят куйди. Мехмёнлар “вой рякмят, вой рякмят! Кёрнимиз тьёк ” деди. Хаммаси гапи ялгон. Кёрни очгян.  Кёрни кулдур-кулдур килгян. Мен эшитгян. Ўзи эшитгян. (кифтини қисиб) Нига хаммаси гапиргян ялгон?
Шарифа қотиб кулади.
Қумри:    Уялишгандир-да, қизим. Сенам  одобни ана шулардан ўрган.
Маша:    (кескин)Эй, керак ёк!  Нига киряк ялгон? (тўхталиб) Хаммаси хотин, Шакнёзани туйига боргян. ( қилпиллаб тақлид қилади)“Вой Шакнёза якши киз, вой  Шакнёза якши киз!” дигян. (аччиқланади)Хаммаси хотин эртяга даляга боргян. (қилпиллаб яна тақлид қилади)“У-у-ул, Шакнёз гар! Шакнёз гар!”  дигян. Хаммаси ялгончи хотин! (тўхталиб, паст овозда) Ойи, Шакнёза гар булгянми?
Қумри:    (қўрқиб)  Бешикни устида бундай гапларни гапирма! Ўзимга — тавба! Боламга — тавба! Неварамга — тавба! Чеварамга — тавба! Ким бировни ғийбат қилса, бир куни ўз бошига келади. Боласидан, неварасидан, чеварасидан  тортади. Сен ундай гапларга қулоқ солма. Эшитган жойингда тавба қилиб қулоқларингни беркитиб ол. Хаммасини гунохи ўзи билан келиб, ўзи билан кетсин. (Чақалоқ йиғлайди, у бешикни тебратади.) Ана, болагинамни шайтонлар уйғотиб юборди. Тилингни тий, Марям! Бўптими?! (Алла айта бошлайди.)

Осмондаги юлдузимо, алла.
Дарёдаги қундузимо, алла.
Ухлаб ором олсинларо, алла.
Тезроқ катта бўлсинларо, алла.

(Зулмат чўкади)

Марямнинг овози:  Ортиқча дахмасаларга бой ўзбекча хаёт жонимга тегди.   1971 йил май ойида эрим ва қайнанамдан рухсат олиб, икки ёшли ўғлим Дилшод билан Россияга жўнадим.  Кетаётганимда бутунлай қайтиб келмаслик ниятида, уларга сездирмай паспортимни руйхатдан чиқартириб олдим.

Поезд гудоги ва ғилдираклар тарақлаши эштилиб туради.

****

(Ўнбиринчи кўриниш)

Қумсаш.

Рус халқ мусиқаси янграйди.  Россия.  Понамарёвлар хонадони. Ховли ўртасидаги
столга дастурхон тузатилган. Сурида русча куйлак кийган, бошига  дурра боғлаган, маюс
Маша ва Вера ўтирадилар. Маша дўппи тикади.

Марямнинг овози:     Тўрт йил она юртимни қумсаб, қаноти синган қушдек Россияга  талпиниб яшадим. Орзуларим ушалиб, Россияга  бориб, ота-онам бағрида яйрадим. Туғилиб ўсган қишлоғимни, болалигим ўтган далаю ўрмонларни кездим. Ота-онам хулқимдаги ўзгаришни кўриб хайрон бўлдилар. Мен энди аввалги Машенька эмас эдим.

Вера Машанинг қўлидан дўппини олиб айлантириб томоша қилади.

Вера:        Зачем тюбетейку вышиваешь, Машенька?
Маша:    Просто, от скуки.
Вера:    Тебе тут скучно?
Маша:    (хурсиниб) Не знаю, мама.
Вера:    Или обратно уедешь?
Маша:    Нет, не уеду.
Вера:    Косинку свою поправь, узбечка.
Маша:    Что, разве  не красиво?
Вера:    (эзилиб) Ой, горе ты моё… Что с тобой случилось?
Маша:    Она одна,  мама, совсем одна. Она такая мылая…
Вера:    Раз так, езжай к ней.

Ўрмончилар формасида елкасига милтиқ осган Василий билан Павел  кирадилар.
Маша беихтиёр дуррасининг учини тишлаб, қўлини кўксига қўйиб  ўрнидан туради.

Маша:    Здравствуйте, дядя Паша.
Павел:    (кўтаринки) Здравствуй, коль не шутишь!

Улар стол атрофидаги суриларга ўтирадилар. Маша ўрнига қайта ўтириб,  беихтиёр
фотиха ўқиб юборади ва атрофга ноқулай қараб қўяди. Атрофдагилар буни сезмай
қоладилар.

Вера:    Чего вы так долго пропадали?
Василий:    Пожар,  мать. Что поделаешь, работа есть работа.
Вера:    Потушили, или ещё пойдёте?
Павел:    Потушили окончательно.
Василий:    Утром  к нам  в подмогу ополченцев послали.  Слава богу, справились. (Машага) А, где наш  маленький узбек? Спит?
Маша:    Да, папа. Разбудить его?
Василий:    Пусть отдыхает. Адаптироваться к другому климату  дело не простое.
Павел:    Адаптация во сне легче проходит. Правильно, Машенька.  Пусть поспит.
Где Амурская тайга, а где солнечный Узбекистан.

Ишчи кийимларда Борис ва раққоса дугоналар кириб чуғурлашиб, Маша билан
саломлашадилар. Маша ўрнидан туриб уларга пешвоз чиқади. Қизлар у билан ўпишиб
кўришадилар. Унга ажабланиб қарайдилар. Борис хам унга қўл чўзиб, юзидан ўпмоқчи
бўлади. Маша уни қўққисдан кўкрагидан суриб юборади. Борис йиқилади.

Борис:    (кулади) Да ты что, Маша?
Маша:    (румолини тишлаб) Извини, Боря.
Борис:    (ўрнидан туради) Чудная ты какая-та. Подменили тебя что ли?
Қиз:    (Машага) Что с тобой, подружка?
Маша:    (кифтини қисиб) Ничего.
Вера:    (ноқулай) Садитесь за стол, дети. Ей как-то не здоровится. Наверно, в дороге устала.

Борис ва қизлар стол атрофига ўтирадилар. Омма ноқулай ахволда Машага қараб
сукутга толади.

Павел:    Да. Она сильно изменилась, Вася. Её не узнать.
Василий:    Что поделаешь, Паша, другой народ, другая культура.
Павел:    Значит, восток дело тонкое, да? (қадахларга ароқ қуяди) Вот и пожар потушили. Как говорится, кончил дело, гуляй смело. Отдохнём малость.
Василий:        Логично.

Машадан ташқари хамма қадахларни қўлига олади. Ичиб овқатланадилар. Жўрликда
куйлайдилар.

Ой, мороз, мороз, не морозь меня.
Не морозь меня,  моего коня.
Моего коня белогривого,
У меня жена ой ревнивая.

(Зулмат чўкади)

Марямнинг овози:    Мени халқимни турмуш тарзи мутлақо бошқача. Русларда қахри қаттиқ урфу одатлар айтарли  йўқ.  Мехнат қилгач яйраб дам олишади. Ароқ ичиб, қўшиқ айтиб, ўз вақтларини ўзлари чоғ қилишади.  Мен Қумри чеварни эслаб,  виждоним қийналди. “Ўғлим Дилшоджон уни ягона шодлиги эди. Бу шодликни ундан тортиб олиш инсофданми,” дея ўйладим. Уни алласи қулоғимда жаранглаб юрагим эзилди.  Ўйлаб-ўйлаб яна Ўзбекистонга қайтишга қарор қилдим.

Қўшиқ садоси тинади. Поезд  ғилдираклари жаранги  ва  Қумрининг алласи янграйди.

Осмондаги юлдузимо, алла.
Дарёдаги қундузимо, алла.
Ухлаб ором олсинларо, алла.
Тезроқ катта бўлсинларо, алла.

****
(Ўниккинчи кўриниш)

Хатна тўйи.

Қумри чеварнинг ховлиси. Хатна тўйи бормоқда. Ховлида Шарифа ва икки қиз куйманишиб юрадилар. Шопмўйлов Сартарош  қайроққа туфлаб, пичоғини чархлаб супада ўтиради.  Мехмонлар ва мезбонлар гурунги, болалар шовқини эштилиб туради. Бола кўтарган Маша қўрқа-писа Сартарошнинг ёнида унинг харакатларини  кузатиб туради.

Марямнинг овози:     Ўзбекистонга қайтиб келиб, боламниям, ўзимниям ўзбекларни жабрига дучор қилдим.  Қайнанам болаларни чақалоқлигиданоқ покизаликка кўниктирарди. У ўғлимни йўргакдан ёки бешикдан ечиб олаётганда, тагини хўллаб қўйгани учун думбасига тарсаки уриб йиғлатарди. Юраги безиллаб қолган  бечора болам,  ёзилгиси келганда қўрқиб йиғлаб юборарди. Унга ачиниб хўрлигим келиб менам йиғлардим. Айниқса  1972 йили кеч кузда мен кутган дахшатли кун етиб келди.  Эрим билан қайнанам, “болангга тўй қиламиз холос, ховотир олма хатна қилдирмаймиз,”  деб мени алдашди.  Тўй бошланди. Сўқим сўйиб элга ош бердик.
Маша:        (пичоққа ишора қилиб, Сартарошга) Сис шу пичёгда Дильшодники чучёк киркасиз?!
Сартарош:    (мақтаниб) Ха, шу пичоғда, қизим, шу пичоғда. Бу  менга дадам рахматлидан қолган.
Маша:    (ташвишли) Киркся конь чикяди?
Сартарош:    (бепарво) Пичоғда кесгандан кейин қон чиқади-да, қизим. Бу пичоғ билан дадамлар Дехқонбоддаги хамма болаларни хатна қилганлар. Ха. Бу хунар бизга отамеърос, қизим. Мени қўлимдан чиққан болалар хозир катта-катта амалдор бўлиб кетишган. Кўчада  мени кўришса танимай ўтиб кетишади. Яқинда кесилганлари бўлса, жуда яхши танийди. Кўчада мени кўришлари биланоқ   шаталоқ отиб қочишади. (хохолаб кулиб чархлашда давом этади) “Хой, тўхта-а-а, чаласи қолган, ўшани кесиб олай!” деб қувласам, дод солиб уйларига кириб, эшикларини ичидан беркитиб олишади. Ўзимам  оз бўлмаса беш юзтача  болани хатна қилганман. Ха. Бизни бу касбимиз отамеърос, қизим, отамеърос.

Марям  атрофга бир аланглаб олгач,   дарвоза орқали қочиб, чиқади.

Шарифа овози:    (қичқириб) Амма, Марям янгам Дилшодни олиб қочдилар!

Боғ тамондан Қумри, Турсунбой, Шахобжон кириб, югуриб дарвозадан чиқадилар.

Сартарош:    (чўчиб) Ха-ха, мусулмонлар?! Нима бўлди ўзи? Нега югуряпсизлар?!

Бироз ўтгач дарвозадан ташвишга ботган Қумри, Шахобжон ва  Дилбар  кирадилар.

Қумри:    (куйиниб) Вой тавба-а-а! Бу жувон ўлмагур мени қачонгача шарманда қилади а? Қачонгача?!  Эшитган-ўққан нима дейди?! Озиб-ёзиб умримда бир марта элга тўй бердим. Шуям бехархаша ўтмади-я! Астағфуруллох! Астағфуруллох!
Шахобжон:    Ташвишланманг, опа, Турсунбой уни  хозироқ тутиб келади.
Дилбар:    Нима бўлди ўзи, овсин?
Қумри:    Нима бўларди. Марям Дилшодни олиб қочиб кетди.
Дилбар:    (тушунолмай) Нега олиб қочади?
Қумри:    (аччиғланиб) Нега бўларди, сизам одамни эзманг, овсин. Анави Али сартарошни пичоғини кўриб қўрқиб кетди.  Буям пичоғ ўлгурини уйида чархлаб келмай, шуерда қайроқлаб ўтирибди-да! Ха савилгина қолсин!
Сартарош:    (хижолат)  Мен қаердан билай, опа… Кечирасиз-да энди.

Дарвозадан бола кўтарган Турсунбой киради. Ортидан эрчиб, йиғлаган холда  Маша
киради.  Сартарош, Шахобжон ва Турсунбой хона ичига кириб кетадилар. Маша уларни
ортидан ичкарига интилади. Аёллар уни қўлларидан ушлаб тўхтатиб қоладилар.

Маша:    Дильшодни немедля кайтариб беринглар! У меники боля!
Қумри:    Тақдирга тан бер. Уч кундан кейин тузалиб қолади, қизим. Мени қачонгача қийнайсан?
Маша:    (баланд) Прокурорга боряман!  Жалобу напишу на вас! Вот увидите!
Қумри:     Ўша прокурорингам сартарошни қўлидан чиққан! Бор!  Кимга арз қилсанг қилавер!
Маша:    (пастлаб, хафа) Э-э-эх! Сисга якши курйиб мен Россиядан кайтиб келгян! Сис йиглягян диб, Дилшёдни сисга олйиб килгян! Сис мени  болямни  суйдиргян! Э-э-э-эх! Яна сис   онями!
Қумри:    Вой тавба!  Болангни сўймайди! Озгина кесиб қўяди холос!
Маша:    Кичкина боля,  Дильшёд йигляйди! Уники  огрийди!
Дилбар:    Эртага эсидан чиқариб қўяди, қизим. Яна ўйноқлаб кетаверади. Сен қўрқма.
Маша:    Эртяга?!  Бугун нимя килгян у?! Бугун огриб йигляган!  Куйиб юборинг! (уриниб улар билан олишади.) Куйиб юборинг мени болямга-а-а!
Қумри:    (қизларни чақиради) Шарифа-а-а! Гулзода! Ўғилой! Хой, ушламайсанларми?!

Қизлар чопиб кирадилар. Кампирларга ёрдам беришади. Маша улардан қутилолмайди.

Маша:    (баланд) Сис каняка адямляр?! Янги тугилгян боляни кулйини бешйикка богляйсис! Сийиб куйся урясиз!  Йиглятиб чучёгини кесясис! Кичкиня боляни хаммаси ишни килдирясис! Даля ичидя иссикка ишлятясис! Совук ёмгиргя кичкиня боля “пактя тер! пактя тер!” диясис!  Сис хаммяси ямон адамляр!! Ямон адамляр!

Хона ичидан эркакларнинг “чулалош!” деб бақирганлари ва боланинг чинқириб
йиғлагани эштилади. Марям типирчилаб додлайди.

Дилбар:    Ана бўлди! Иш битди, овсин!
Маша:    (чақиради) Дилшёд! Сыночек! Не бойся, я здесь!  Родненький!
Қумри:    Махкамроқ ушласаларингчи! Жонинг борми хаммангни!
Маша:    (йиғи келаётган тамонга интилиб) Прости меня, сыночек! Прости меня! (типирчилаб, оммага) Да отпустите меня, звери! Отпустите!

Хотинлар уни махкамроқ ушлаб турадилар. Хона ичкарисидан Шахобжон чиқади. У
Машани ёнига келиб, ёнғоқдек қонли  тугунчани  узатади.

Шахобжон:    Мана, Марямой. Ўғлинг мусулмон бўлди. Сартарош айтди: буни деворни кавагига тиқиб қўяркансан.

Маша тугунчадаги  қонни кўриб,  хушидан кетиб йиқилади. Хотинлар уни тутиб
қоладилар. Қумри чопиб чиқиб сув олиб кириб Машанинг юзига сепади. Маша сесканиб
ўзига келади.

Қумри:    (харсиллаб) Ха миянг ачимай ўлгур, ука. Уни бунга нега кўрсатасан?!
Шахобжон:    Мен қайдан билай, опа, сартарош “онасига бериб қўйинг,”  деди-да!
Қумри:    (Машани қучоқлайди) Ха кўнгилгинангдан ўргилай сени, болажоним. Одамам боласини шунчалик яхши кўрадими. Бола деганга қаттиққўл бўлиш керак. Бўлмаса бошингга чиқиб олади. Сени қара-ю!  (хохолаб кулиб, аёлларга) Кўтаринглар! Буни боққа олиб чиқиб каравотга ётқизиб қўйинглар! Озгина дам олса ўзига келиб қолади.

Аёллар  Машани кўтариб боққа тамон  чиқадилар. Карнай-сурнай товуши янграйди. Очиқ дарвозадан колхозчи йигитлар ва карнайчилар гурухи кириб ўзбекча рақс
ижро этадилар.

(Зулмат чўкади)

***

(Ўн учинчи кўриниш)

Зикруллох.

Қумри чеварнинг ховлиси. Оқшом. Супада ғамгин Қумри намоз ўқиб ўтиради. Бойқуш сайрайди.

Марямнинг овози:    1973 йили иккинчи ўғлим Бехзоджон туғилди. Болам уч ойлик бўлганда бошимизга кулфат тушди. Захарли дори сочувчи удайин тракторида ишлагани сабабли, эрим Турсунбой оғир дардга чалинди. Уч кеча-кундуз  дард билан олиша-олиша холдан тойиб, комага тушиб қолди.  Бир хафта давомида кўзини очмай, ўлик уйқуда ётди.  Қайнанам шу бир хафта ичида  туз тотмади,  мижжа қоқмади.  Касалхона ховлисида беш кун ўтирди. Охири шўрликнинг умиди узилиб, уйимизга қайтиб келди. Икки кеча-кундуз бетиним намоз ўқиди.

Қумри ибодатни якунлаб, гандираклаб  ўрнидан туради. Бойқуш сайрайди.

Қумри:    (бойқушга бехол зорланиб) Эй, худони азиз бандаси! Бошимга шундай мусибат тушиб турганда, ховлим устига келиб сайрайсанми? Бор,  тоғу тошларга бор! Чўлу биёбонларга бор! Илохим икки дунё азиз бўлгин, бойқушжон! Борақол энди! Борақол…

Дарвоза аста очилиб, тугун кўтарган  хорғин Маша киради. Қумри умидвор бўлиб,
Унга савол назарида тикилади. Маша маюс бош чайқаб дарвоза ёнига чунқайиб ўтиради.

Маша:    Увкат ядингизми, ойи?
Қумри:    Бир марта бўлсаям кўзини очдими, қизим?
Маша:    (бош чайқаб) Ёк…
Қумри:    Дўхтирлар нима деди?
Маша:    Хидо биляди, диди.
Қумри:    ( рухсиз) Ха-ха… Худо билади…  Худо билади, болам…  Ёлғиз мен хеч нарсани билолмайман! Хеч нарсани тушунолмайман! Бировни ғийбат қилмасам, бировга озор бермасам… Нега шундай бўлади? Нега?  Нега парвардигорим мени бунчалар жазолаяпти! Қайси хатойим учун?! (титраб-қақшаб йиғлайди)  Қайси гунохим учун?! (додлаб бақиради) Гунохим нима-а-а?! Гунохим нима-а-а?!

Қумри жазавага тушиб бақириб, ховлида зир югура бошлайди. Маша қўрқиб уни
қувлаб  тутиб олади ва   қучоқлаб  тинчлантиради.

Маша:    (йиғлаб, шошқин)  Хватит, мама, хватит! Не пугай меня!  Возьми себя в руки.     Вот увидишь, он поправится. Я  сердцем чувствую. Его вылечат! Успокойся, успокойся, родная …
Қумри:    ( тинчланиб, мунгли ) Марям, уйга кир, қизим. Онанг бугун ақлдан озди…  Алқдан озди… Балодан хазар! Уйга кир! Дилшоджонни махкам қучоқлаб эшикни ичидан бекитиб ўтир! Мен бугун Аллохга ичимдаги бор хасратимни тўкиб соламан! (Машани зўрлаб хонага киритиб эшикни ёпади ва осмонга юзланади)  Қачон болажонимга шифо берасан, Аллохим?! Бир хафтадан бери кўзини очмади у! Бир хафтадан бери йиғлайвериб кўзёшларим қуриди! Бойвачча зодагонни қизи эдим.  Ота-онамдан жудо қилдинг. Уйсиз-жойсиз қолиб дарбадар яшадим. Эшик-эшикда чурилик қилиб катта бўлдим. Эрга тегсам эримни, бола туғсам боламни ўлдирдинг. Етим эдим, есир бўлиб қақшадим. Қаро мехнатда атала ичиб умрим ўтди.  Бир нотавон бандангга шунчалик кўп азоб берасанми? (Ховли ўртасига гандираклаб бориб, ғойибга қулоқ тутади.)  Ха, ха эшитганман, Аллохим. Севган кишингни аямай синаркансан. Мен бир ожиза бўлсам, Мухаммад пайғамбар тортган азобни қандоқ кўтарай? Пешонамга битган ёлғиз ўғлимни кўп кўряпсанми? А? (йиғлаб)  Болагинамни биронта оғзи бузуқ қарғаб қўйдими ё, мехрибоним?!  Илоё боламни қарғаганлар балога йўлиқсин, раббим, балога йўлиқсин! Болаларимга келаётган балою қазоларни менга бер! Жон керак бўлса мана, меникини ол! (баланд) Удунё-ю бу дунё дўзохингга қопқоқ бўлсам бўлай! Боламни доғини кўрмай, раббим! Кўрмай!  (Момақалдироқ гумбирлаб чақмоқ чақади. Қумри қўрқиб осмонга боқиб ялинади) Қахринг келдими, мехрибоним… Нима қилсам кўнглинг юмшайди?  Сенга  зикруллохга ўйнаб берсам болажонимга шифо берасанми, а? Шифо берасанми, Алохим? Жавоб бер, Аллохим! ( зикр туша бошлайди) Аллоху-у-у!  Аллох! Аллоху-у-у! Аллох!

Дўл ноғора бир маромда гумбирлай бошлайди. Қумри ховлида кезиб, ер тепиниб, икки
қўли билан бир  юқорига бир ерга ишора қилиб, зикри само рақсига тушади.Зикр каломи
нақоратини бехисоб  такрорлаб  жазавага тушади. Зикри само давомида чақмоқ чақиб
ёмғир ёғади.

Жалла жалоли Рахмон,
Жалла жалоли Рахийм.
Ёлғиз ўзинг мехрибон,
Рахм айла, тингла охим.

Аллох хай, Аллоху! Аллох хай, Аллоху!

Бохурмати Мустафо
Бохурмати Байтуллох,
Бахаққи Каломуллох,
Рахм эт боламга, Аллох!

Аллох хай, Аллоху! Аллох хай, Аллоху!

Қумри ”Аллоху” каломини бетиним такрорлаб ванихоят экстазга тушиб қолади.
Ёмғир ва қаландарларнинг  зикр тушган  товуши бардавом янграб туради.

(Зулмат чўкади)

Марямнинг овози:    Қайнанам ўша ёмғирли тунда холдан тойиб йиқилиб қолгунча рақс тушди.  Уни рақси муъжизакор рақс эди.  Тонг отганда Турсунбой кўзини очиб хушига келди. Бола доғининг ёмонлигини кўрингки, кечагина оёғидан ўт чақнаган аёл, бир кечада  сочлари пахтадай оқариб, қадди букилиб, мункиллаган кампирга айланди.

Ёмғир ва зикр товушлари тинади.

***

(Ўн тўртинчи кўриниш)

Мажбурий рақс.

Турсунбойнинг ховлиси. Ховлида янги оқ уйлар қад кўтарган. Ток ишкомлари баланд.
Хоналарнинг олди айвон.  Дарвоза аввалгидан каттароғига алмаштирилган. Дорходага
болаларнинг ювилган кийимлари ёйилган. Қартайган Қумри чевар ва ўртаёшли Марям
супа ўрнидаги сурида дўппи тикиб ўтирадилар. Ўзбек миллий мусиқаси янграйди.

Марямнинг овози: 1986 йилгача осуда умр кечирдим. Тўрт ўғилли, икки қизли бўлдим. Дехқончилик, чеварчилик, пазандачилик хунарларини ўзлаштирдим. Эрим тузалгандан кейин табельшик бўлиб ишлади. Кейинроқ уни бригадирликка тайинлашди. У  жуда мехнаткаш, одобли  киши эди. Йилдан йилга обруси ошиб борди.  Мен хам эримга гап тегмаслиги учун далага чиқиб ишлардим. Қайнанам   эса болаларимни  боқиб, озиқ-овқат, кир-чир, супур-сидирни уддалаб уйда ўтирарди. Боши мехнатдан чиқмаса-да, бирор марта зорланмасди. Доим  табассум қилиб хушнуд юрарди. У чинакамига бахтли эди.

Ўрта ёшли, салобатли Турсунбой шошилиб хона эшигидан киради. Супага яқинлашиб
Қумрининг қўлидан ўпиб, Марямнинг елкасига уриб қўяди.

Қумри:    Ха, бригадир? Бугун дам олавермайсизми?
Турсунбой:    Участкага бориб келай. Тез-да қайтаман. Сувчилар катта пайкални суғоришга бошлашганди. Дизель насосдан ташвишдаман.
Қумри:    Ўғлим, одам ўзиниям ўйлаши керак.
Турсунбой:    Эртага албатта дам оламан, ойижон. Бўпти. Яхши ўтиринглар. Мен кетдим.
Қумри:    Марямой қизим, эрингизга сизам айтинг.  Олтита болани уйлаб-жойлашни
ўйласин. Одам деган хафтада бир кун, жуда бўлмаса бир ойда икки кун дам олиши керак. Одам темирдан эмас.
Марям:    Буларни феълларини биласизку, ойижон. Хўп бўлади, деб ўз билганларидан қолмайдилар. (Турсунбойга) Дадаси, дам олиб ишланг. Ўз вақтида овқатланинг. Ўз вақтида ухлаб олинг.
Турсунбой:    Хўп бўлади.

Аёллар бирбирларига қараб куладилар. Турсунбой  дарвоза орқали чиқади. Ташқаридан
мотоцикл моторининг товуши эштилади ва бироздан сўнг тинади.
Марям:    Ойи?
Қумри:    Лаббай, қизим?
Марям:    Набираларингиз бугун чўмилиб келишга рухсат сўрашганди. Уй ишларини мен қилай. Бугун бир дам олиб келишсин. Майлими?
Қумри:    Сойга борарканми?
Марям:    Ха.
Қумри:    Бугун сойга бориб чўмилса, эртага анхорга бориб шўнғийди. Ундан кўра уй ишларини қилсин.
Марям:    Бола деган ўйнаб-кулиб ўсиши керак, ойижон. Қачонгача буларни эзиб ишлатамиз?
Қумри:    Ундай деманг, қизим. Бола мехнатга кўникиб улғайса ёмон бўлмайди. Хазрати пайғамбаримиз “болани беш ёшгача пошшо тутинг, беш ёшдан ўнбеш ёшгача қул тутинг, ўн беш ёшдан ўтгандан кейин дўст тутинг”, деганлар. Баховуддин пирим мехнат қилиб худони дийдорига етишганлар. Мехнатни таги рохат. Хали хеч ким мехнат қилиб ёмонлик кўрмаган. Гапим тўғрими, болам?
Марям:    /хохламайроқ/ Тўғри, ойижон.

Беш ва ўн бешлар орасидаги ёшда икки қиз ва тўрт ўғил бола  бирин-кетин дарвозадан
кирадилар. Келиб супага сумкаларини ташлаб ўтирадилар.

Қумри:    Астағфуруллох! Бу қанақаси? Мен сенларга эшикдан қандай киришни ўргатмаганмидим? Боринглар, кўчага чиқиб бошқатдан киринглар.
Болалар:    (норози) Бувижон?
Қумри:    Боринглар! Боринглар! Айтганимни қилинглар!

Болалар дарвоза орқали чиқадилар. Қумри ўрнидан туриб мункиллаб нари-бери
юради.  Болалар  кириб, бирин-кетин салом берадилар.

Болалар:    Ассалому алейкум!
Қумри:    Ваалейкум ассалом, болажонларим. (Ишора қилиб) Қани кўрпачага ўтиринглар-чи. (Болалар супага ўтирадилар) Бир нарсани ўргатилгандан кейин ўшанга албатта амал қилиш керак. Салом — сехрли сўз.  Мен сизларга нима деб ўргатгандим? — Бирор эшикдан бесалом кирма. Ёши улуғларни  олдидан ўтганингда бесалом ўтма.  Доим қўлинг кўксингда бўлсин. Ўзингдан каттани кўзига тик қарама. Ота-онангни гапини икки қилма. Уларни дуосини ол. Ичадиган, чекадиган, ўзи бузуқ, сўзи бузуқ кишиларга яқинлашма. Бировни ғийбат қилма, уриб-сўкма. Бировни игнасига хиёнат қилма. Ўз уйингда бўлсаям, ота-онангдан сўрамай бир бурда нонни ема. Нафсингни тийгин. Тилингни тийгин. Қўлингни тийгин. Қариб сочингга оқ тушгандаям, ота-онангдан бесўроқ  бирор ишга қўл урмагин. Покиза юр. Юз-қўлингни бир кунда беш марта юв. Кийимларингни тоза тут. Доим мехнат қил. Доим илм ўқи. (тўхталиб) Хўп, энди боринглар. Кийимларингни алмаштириб чиқиб, овқат тайёр бўлгунча мол-қўйларга қаранглар. Эшик-эликни супуриб тозаланглар.
Бехзод:    Бувижон, қачон  ўйнаб дам оламиз? Хадеб  ишлайверамизми?
Қумри:          Хохласанглар хозироқ ўйнаб дам оласизлар.
Дилшод:    Ундай бўлса, сойга бориб бир чўмилиб келайлик.
Қумри:    Йўқ,  мана шуерда ўйнайсизлар.  Бор, Бехзод, ўйин тушадиган товоқни қўйиб юбор. (супа устидаги хивични қўлига олади.) Ўйнагиларинг келиб қолдими?! Жуда яхши! Қани, ўйна-чи хамманг! Ўйна! Ўйна!

Бехзод пластинкали приёмникни ишга солади. Андижон полкаси янграйди. Болалар
аввалига хохламай, кейин берилиб ўйинга тушадилар.  Қумри ва Марям қахқах куладилар.
Мусиқа товуши пастлайди.

(Зулмат чўкади)

Марямнинг овози:    Ўзбеклар гўдак ёшданоқ  мехнатга кўниктирилиб, шарқона ахлоқ-одобга ўргатилади. Шу сабабли, барча  ўғил-қизлар ота-оналар амрига бўйсинишади,  хар қандай  мехнатдан бўйин товлашмайди. Қайнанам мени болаларимни жуда  қаттиққўллик билан тарбиялади. Улар мактабда тиришиб ўқидилар.  Уй-рўзғор ишларини қулоқ қоқмай бажардилар.   Хамма тенгдошлари қатори суяклари пахтазорда қотиб, мехнат ичида  улғайдилар.

Мусиқа товуши бутунлай тинади.

***

(Ўн бешинчи кўриниш)

Ўзбекча рақс.

Турсунбойнинг ховлиси. Турсунбой супа ёнида этигини чўткалаб йўлга отланади.
Сурида Қумри ўтиради. Набираси унинг тиззасига бош қўйиб ётади.Қумри набирага
пиёз билан  кинна солади. У  анчагина кучдан кетган,  судралиб харакатланади, бироз
харсиллаб, ялинчоқ охангда чўзиб  сўзлайди.

Қумри:    Кўздан кирган бўлсанг чиқ! Сўздан кирган бўлсанг чиқ! Чўлу биёбонга бор! Эски қабристонга бор! Чиқ-чиқ!  Чиқ-чиқ!  Енгилдим деб тезроқ айт, бу шаштингдан тезроқ қайт! Чиқ-чиқ! Чиқ-чиқ! Болагинамни тинч қўй. Қайтмасанг ёмон  ўзингга! Аччиқ пиёз кўзингга! (Пиёзни набирасининг оғзига тўғрилайди) Туфлаб қўйинг, болажоним. (Набира пиёзга туфлайди) Ўргилай сиздан.
Турсунбой:    (чўткани ўрнига қўйиб)  Ойижон, мен борай энди. Бугун мажлис бор эди. (болани бошини ушлаб кўради) Хийла тузукмисан? Хайрият. Иситманг тушиб қолибди. Бувингни қўллари енгил-да ўзи.
Қумри:    (ёнидаги косадан қошиқда гўшт олади) Турсунбой, шуни еб олинг, ўғлим. Сизга илиндим.
Турсунбой:    Ўзингиз ейвермайсизми, ойижон?
Қумри:    Томоғимдан ўтмади, ўғлим. Қўлимни қайтарманг. (Қошиқда ошатиб қўяди.)
Турсунбой:    (чайналади) Бўпти, ойижон, яхши ўтиринглар.
Қумри:    (фотихага қўл очиб) Илохим бахту тахтингизга кўз тегмасин.  Парвардигорим хаммангизни ўз панохида асрасин.

Турсунбой ва Қумри фотиха ўқишади. Турсунбой дарвоза орқали чиқади. Қумри қўлига
гугурт олиб набирасини кинналашда давом этади. Болалар мактабга отланиб, бирин-
кетин хона эшиклари орқали кирадилар. Қумри ёнидаги товоқдан қанд олиб болаларни
имлайди.Улар яқин келадилар. Қумри уларга қант улашади.

Қумри:    Бу сенга. Мана бу катта новвот сенга. Буниси дўмбалоғимга. Бу аълочимга.
Дилшод:    Пул-чи? Бувижон?
Қумри:    Пулми? Хозир пулниям оласизлар. (Танга улашади) Катталарга йигирма тийиндан. Кичикларга ўн беш тийиндан. (Фотиха ўқиб) Илохо омийн, ой бориб омон келинглар. Худойим сизларни бало-қазодан ўзи асрасин. Оллоху акбар!
Болалар:    (чуғурлашиб) Рахмат, бувижон. Рахмат!
Қумри:    Мендан хафамасмисизлар, гиргиттонларим?
Болалар:    Йўқ, бувижон, йўқ!    Хафамасмиз!

Болалар чиқадилар. Қумри уларнинг ортидан мехрли термилиб қолади. Яна
набирасини кинналашда давом этади.

Марямнинг овози:    У кейинги йилларда жуда тортинчоқ бўлиб қолди. Қулоғи бироз вазминлашиб, кўзлари хиралашди. Хожатга кўп боришдан уялиб, чойни кам ичиб, овқатни кам ерди. Бизга оғзидаги ошини илиниб, атрофимизда парвона бўларди. Қўни-қўшни, қариндош-уруғларни йўқлаб, уларниям кўнглини овларди.

Қумри набирасини гугурт билан йўйиб бўлгач, гугурт чақиб  олослайди.

Қумри:    Чиқ, баттол, чиқ! Чиқмаганингга қўймайман, чиқ! (гугурт чақиб олослайди) Олос-олос! Болажоним хамма дарддан холос! (гугуртни оғзига тутади) Шунга туфланг, болажоним. (набира туфлайди, Қумри фотиха ўқийди) Омийн, дардингизга худойим шифо берсин. Ўргилай, ўзимни тойчоғим. Энди кўчага чиқиб бир айланиб келинг.

Набира чиқади. Қумри кўзойнагини тақиб дўппи тика бошлайди. Марям хона эшиги
орқали киради. Иккиси одатдагидан баландроқ овозда сўзлашадилар.
Марям:    Ойижон, чой ичасизми?
Қумри:    Рахмат, болам. Чой ичдим. Вақтингиз бўлса ёнимда ўтиринг.
Марям:    (сурига ўтиради) Дўппини якунлабсизку, ойи?
Қумри:    Бугун битказдим. (косасидан қошиқда гўшт олиб Марямнинг оғзига тутади.) Шуни сизга илиндим. Еб олинг.
Марям:    Доим шундай қиласиз. Ўз ризқингизни ўзингиз есангиз бўлмайдими, ойижон? (ноилож гўштни ейди)
Қумри:    (тикишда давом этиб) Бировни ризқини биров еёлмайди, қизим. Қари одам озгина овқатга тўяди. Сизни хали ишларингиз кўп. Ўз вақтида овқатланинг. (тўхталиб) Кўпдан бери сиздан бир нарсани сўрагим келадию, истихола қиламан.
Марям:    Сўрайверинг, ойижон. Нега истихола қиласиз?
Қумри:    Мендан хафамасмисиз?
Марям:    Нега сиздан хафа бўлай, ойижон? Мабодо ўзингиз мендан хафамасмисиз?
Қумри:    Худо сақласин. Сиз  келиб хувиллаган  хонадоним гавжум бўлди.  Қариганда сиз билан қорним нонга тўйиб давру даврон суриб, қўй сўйиб, думба-жигар едим. Бир етим-есир эдим, бахтим очилиб, қўш-қўш неварали бўлиб, қатор-қатор тўй қилиб, элга ош бердим.  Энди, гапни сирасини айтганда, фавқулодда кўзим юмилгудай бўлса, бардам бўлинг, болам. Болаларимни сизга, сизни  Аллохга топширдим.
Марям:    (кўнгли бузилиб ўрнидан туради) Қўйинг, юрагимни эзиб бундай гапларни гапирманг, ойижон…
Қумри:    Эхе-е-ей…  Бу алғов-далғов дунёдан тинч яшаб ўтишни ўзи жуда катта бахт. Бошингизга хар қандай иш тушса ўзингизни йўқотманг. Кўзёшингизни бировга кўрсатманг. Хеч қачон паст кетманг.  Ризқингизни халол мехнатдан топинг. Хонадонни бахту саодати  оналарга боғлиқ бўлади, болам.  Бу дунё ўлим олдидан беш кунлик саёхат. Худони кўрсатган кунига рози бўлиб, етказган ризқу насибасига шукур қилиб яшаш керак. Шундай яшангки, етти пуштингиздан ота-онага нописанд, ахлоқсиз  фарзанд чиқмасин.  Ана шунда, авлодингизни зоти  айнимайди. (тўхталиб) Сиздан бир нарса сўрамоқчиман:  Йигирма йил хизматимни қилдингиз.  Халқимизни урфу одатлари, кўнглингизга харчанд оғир ботсаям чидадингиз. Қилган хизматларингизга розимисиз, Марям чевар?
Марям:    (хурсиниб) Қўйинг энди, ойижон…
Қумри:    Жавобингизни айтиб, кўнглимни хотиржам қилинг…
Марям:    Розиман, ойижон… розиман…
Қумри:    (дуога қўл очиб) Ўтиринг, сизни бир дуо қилай. (Марям ўтириб дуога қўл очади.) Илохим кўп яшанг. Худо сизга сабру тоқат, куч-қувват ато этсин. Ёшликдаги мехнатларингиз қариганда рохат бўлиб қайтсин. Бошингиз тўй-тантанадан чиқмасин. Фарзандларингиз хоки пойингиз бўлиб, бир умр сизга ходимлик қилсин.  Бадавлат бўлинг. Хажга бориб хожи она бўлинг. Сизни боқиб катта қилган ота-онангиз икки дунё азизу мукаррам бўлиб, муродларига етсинлар. Сизам муродингизга етинг. Аллох қиёмат куни юзимизни ёруғ қилиб, яна бирбиримизга қовуштирсин. Омийн Аллоху Акбар! (Фотиха ўқийди)
Марям:    (йиғлаб фотиха ўқиб) Ойижон, сизга нима бўлди ўзи?
Қумри:    (дўппини унга бериб) Бу дўппи мендан сизга эсдалик бўлсин. Хунаримни сизга бердим. Оқ фотихам мана шу.  Сизни келажакда катта синовлар кутиб турибди. Синовлардан эсон-омон  ўтиб олсангиз, хамма давру даврон сизники бўлади. Ўргилай сиздан. Халиги “Муножот”ни товоғини қўйиб беринг.  Сизга бир ўйнаб берай, чевар.
Марям:    (четга) Ана бўлмаса! Йиғлатиб, йиғлатиб ортидан  ўйнабам берадилар.
Марям приёмник ёнига бориб товоқни қўяди. Ўзбек халқ чолғу асбоблари ижросида
“Муножот” куйи янграйди. Қумри қариларга хос рухда  рақс тушади.
Марямнинг овози:   Қумри чевар шу куни тунда оламдан ўтди. Буни олдиндан  била олганимда, у билан бошқачароқ видолашган бўлардим. Мен унга миннатдорчилик изхор этишга, у билан розилик талашишга улгуролмадим.
Қумри чевар Марямга таъзим қилади. Иккиси қучоқлашадилар.  Мусиқа тинади.
(Зулмат чўкади)

***
(Ўн олтинчи кўриниш)

Синовли йиллар.

Зулматли тун. Пахта даласи. Чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбирлайди. Жала ёғиб,
дўлга айланади. Тракторнинг мотори товуши, колхозчиларнинг бақир-чақирлари
эштилади. Хира ёруғлик остида  кетмон кўтарган Турсунбой ва Колхозчи пайдо
бўладилар.
Турсунбой:    Э худойим! Хамма карталарни яганадан чиқариб бўлгандик! Бу бало
қаерда қараб турган экан! Дамариқни сувини очиб юбордингларми?!
Колхозчи:    Очмадик хали, Турсунбой ака!
Турсунбой:    Чоп, тезроқ сувни ағдариб юбор! Бўлмаса ўн  гектарликни сув босиб кетади!
Колхозчи:    Фойдаси йўқ, ака. Дўл хамма пайкалларни ер билан яксон қилди!
Турсунбой:    Нега хозирданоқ хосилга кафан бичяпсан?! Худо мехрибон, у бизни ноумид қўймайди! Югур! Югур дейман!
Колхозчи:    Хўп бўлади! (чопиб чиқади)
Турсунбой:    (бақириб) Хо-о-ой, шийпонда ким бор?!
Овоз:    Хо-о-ов, Турсунбой?!
Турсунбой:    Катта йўл тамондан сел келяпти! Кетмонларни олиб чопинглар! Тезроқ! (юқорига юзланиб) Рахминг  келсин худойим! Ризқимизни қийма-а-а! Рахминг келси-и-ин!
Турсунбой югуриб чиқади. Зулмат чўкиб,  товушлар тинади.

***

Қамоқхона. Камера эшиги  зулфинларининг  шарақлаши ва залворли қадам товушлари
эштила бошлайди. Хира ёруғлик тушади.   Марям  пайдо бўлади. Икки милиция ходими
кишанланган Турсунбойни олиб кирадилар.
Ходим:    Бир-бирингизга яқинлашманг! Таъқиқланган мавзуда сўзлашманг!
Марям:           Дадаси?!
Турсунбой:    Тинчмисизлар, Марям?
Марям:    Қийинчилик йўқми? Мазангиз қочмаяптими?
Турсунбой:    Хаммаси жойида, ташвишланма. Болалар  соғ-саломатми?
Марям:    Нима бўлади энди? Гунохингиз нима?
Турсунбой:    Қўшиб ёзгансан, пулни қаерга жойладинг деб сўроқ қилишяпти.
Марям:     Қўйиб юборишадими?
Турсунбой:    Мени хеч қандай гунохим йўқ, онаси. Худо хохласа хаммаси яхши бўлади. Ташвишланма.
Марям:    (ғазабланиб, ходимларга) Уни нега кишанладинглар? Қўли қадоқлигини кўра туриб  кишан соласизларми, ноинсофлар?!
Ходим:    /қўпол/ Учрашув вақти тугади! Хайрлашинглар!
Турсунбой:    Болаларни эхтиёт қил, онаси. Ташвишланма. Мени гунохим йўқ! Менга хеч нарса бўлмайди! Хеч нарса бўлмайди!
Ходимлар Турсунбойни олиб чиқадилар. Зулмат чўкади. Қамоқхона камераси эшиги
зулфинлари шарақлаши, залворли қадам товушлари эштилиб туради.

***
Шифохона. Хира ёруғлик остида оқ халатли  Врач ва Марям пайдо бўладилар.

Марям:    Унга нима бўлган ўзи?  Нега соғайиб кетолмаяпти?
Врач:    Хурматли Марямхон, матонатли бўлинг.   Биз баъзи бир дардлар қаршисида ожизмиз. Турсунбой аввалроқ ногиронлик нафақасига ўтиб, жигар церрозига қарши курашиши лозим эди. Қамоқдан сал олдинроқ олиб чиққанингиздаям бир илож қилсак бўларди.
Марям:    Умид йўқми?
Врач:    (хурсиниб) Муъжиза юз берса қани эди…
Марям:    Нахотки бирор чора кўриб бўлмаса?
Врач:    Биласизми,  кимёвий захарлар таркибида оғир   металлар мавжуд. Шу метал эрингизни жигарига ўрнашиб қолган.  Жигарни ювилганда хар қандай чўкмаларни чиқариб юборса бўлади. Лекин захар таркибига кирган  металлни  чиқариб бўлмайди. У жигарни чирита бориб беморни ўлим холатига олиб келади. Бундан ташқари Турсунбойни ўпкаси шамоллаган, бўйраги ишдан чиққан. Турмадаги зах шароитни ўзингиз яхши тушунасиз. Бардам бўлинг, синглим. Мени маъзур тутинг.

Марям йиғлайди. Зулмат чўкади.

***

Шифохона ховлиси.  Ёруғлик. Пижама кийган бемор Турсунбой ва Марям етаклашиб
борадилар.
Турсунбой:     Марям?
Марям:    Ха, дадаси?
Турсунбой:    Сендан бир нарса сўрасам  майлими?
Марям:    Сўранг, дадаси?
Турсунбой:    Мендан хафамасмисан?
Марям:    Бекорчи гапни гапирманг…
Турсунбой:    Сени бахтли қиламан деб онамиз Вера Михайловнага ваъда берган эдим. Сўзимни устидан чиқолмадим…  Мана энди сенга дунёни мехнатини, ўзбекни сердахмаса хаётини, олтита фарзандни ташлаб кетяпман.
Марям:    (йиғлаб) Қайтиб бундай гапларни гапирманг. Сиз  албатта соғайиб кетасиз.
Турсунбой:    Мени хамма гапдан хабарим бор.    Агар лозим топсанг, мени кечир…
Марям:    Бу гапни қайтиб тилга олманг, дадаси… Бизларни худони ўзи бириктирган. Бундан кейинам худо подшох. Бир кунимиздан кўрармиз… Сиз гуноху хатолардан пок инсонсиз.
Турсунбой:    Илохим умринг узун бўлсин.  Хаёт гаштини суриб соғу саломат яшагин. Болаларимизни орзу хавасларини кўргин.  Рахмат… Хаммаси учун рахмат…

Икковлари қучоқлашадилар. Зулмат чўкади.

***

Бозор. Бозорчиларнинг ғала-ғовури эштила бошлайди. Ёруғлик тушади. Қўлида
сумка ва дўппилар кўтарган Марям, Харидор ва  Мехмон  пайдо бўладилар.  Харидор ва
мехмон дўппи танлашади.
Харидор:    Турсунбой оламдан ўтибдилар. Эшитиб жуда  қайғурдик, Марямхон. Таъзиямни қабул қилинг. Илохим Қумри холамниям, эрингизниям жойлари жаннатда бўлсин. Яхши одамлар эдилар.
Марям:    Рахмат…
Харидор:    Биз оиламиз билан фақат Қумрихон хола тиккан дўппиларни киярдик. У киши  жуда бежирим,  чиройли дўппи тикардилар. (кўрсатиб) Бу дўппиларни ким тиккан?
Марям:    Ўзим тикканман. Ойимни хунарлари менга меърос қолган.
Харидор:    Ростданми? (хайратланиб, Мехмонга) Буни кўринг, ака, қўлингиздаги дўппини рус аёли тиккан!
Мехмон:    (ажабланиб) Сиз чиндан русмисиз?
Марям:    Ха.
Мехмон:    ( тўлқинланиб, Марямга) Қизим, тўлиқ исм-шарифингиз нима?
Марям:    Панамарёва Мария Васильевна.
Мехмон:    (эгилиб) Мухтарама Мария Васильевна! Қўлларингиз дард кўрмасин.  Сиз дўппи эмас, санъат асари яратибсиз.  Хамма дўппиларингизни менга сотинг. Мен буларни  пойтахтдаги дўстларимга совға қиламан.

Зулмат чўкади.
***

Зулмат ёришади. Марям, Хоким ва хамқишлоқлар.
Хоким:    (оммага). Мен худо рахмати Тўхтавой акани, шу пахта далаларига универсал тракторда ишлов берганини  кўрганман.  Худо рахмат қилсин, Қумри опам  умрини охиригача пахтазордан чиқмади. Мархум дўстимиз Турсунбой Тўхтаев тўғрисида айтиб ўтиришим шартмас. У билан хаммангиз хамнафас ишладингиз. Умри қисқа экан, орамиздан эрта кетди. Жойи жаннатда бўлсин. Турсунбойни олти фарзанди билан турмуш ўртоғи Марямхон шу колхозда ишлашмоқда. Дехқонободликлар Марямхонни яхши танийдилар.  Бу киши халолу пок, мехнаткаш инсон. Фарзандлариям муъмин қобил, мехнатга бош эгиб улғайишди. Биз бу кишини аризаларини инобатга олиб ўн гектарлик экин ерини беришга қарор қилдик.   (Марямга хужжат узатади) Худо сизга куч-қувват берсин, синглим. Бардам бўлинг.  Омад тилаймиз.
Омма чапак чалади. Марям қуллуқ қилиб папкани Хокимнинг қўлидан олади.  Зулмат
чўкади.

***

Зулмат ёришади. Дала.  Кўтаринки рухда куй янграйди. Марям ва унинг
каттаю кичик фарзандлари бир сафда туриб кетмон чопадилар.
Марямнинг овози:  Қайнанам Қумри чеварни хамма ўгитларига амал қилдим.  Биров
билан урушиб-талашмадим. Замон бузилганда хам ўзимни бузмадим. Қийналганимда хам кўз ёшимни бегонага кўрсатмадим.  Қайнонамдан пухта тарбия олган болаларим, буйруқларимни қулоқ қоқмай бажаришарди.  Дилшод билан Бехзодни институтдаги ўқишларини сиртқи бўлимга ўтказдирдим. Ўғил-қизларимга бош бўлиб, халол мехнат қилиб, тирикчиликни йўлга солдим.  Орадан йиллар ўтиб, экин ерларимиз яна-да кенгайди.  Ўз хусусий чорвамиз, трактор,   машиналаримизга эга бўлдик.  Холимга айланадиган хамқишлоқлар билан қуда-анда бўлиб, ўғил-қизларимни уйлантириб-жойлантирдим. Болаларим олийгохларни тамомлаб, қўш-қўш фарзандли бўлиб, халол мехнат қилиб, халқ орасида обру эътибор қозонишди.
Мусиқа тинади. Зулмат чўкади.

***

(Ўн еттинчи кўриниш)

Қайнона Марям.

Зулмат ёришади. Марям чеварнинг хашаматли ховлиси. Марямнинг ўғиллари,
келинлари,  қизлари, куёвлари  ховлидаги сурида, стулларда ўтириб,  уни хадикда  кутадилар. Баъзилар кўнгиллари ножам холда нари бери юрадилар.

Марямнинг овози:    Қайтар дунё деганларидай, мени тақдирим кенжа келиним тақдирида такрорланди. Аллохни қудратига тахсин ўқидим. Кенжа ўғлим курсдош қизини севиб қолиб уйимга бошлаб келди. Ота-онадан сўроқсиз босилган қадамни хаммасиям яхши бўлавермайди. Ота-онага нописанд фарзандларни аксарияти ўзигаям, ўзгагаям жабр етказади. Шуни назарда тутиб, шахарлик қиз дилимга ўтирган бўлса-да, фарзандларимга сир бермай, уларни қўрқитиб, бироз сиёсат қилдим.

Дарвозадан оқ  рўмол ўраган,  Марям киради. Омма қўлини кўксига қўйиб, қуллуқ қилиб кутиб олади. Катта ўғиллар пешвоз чиқиб қўлидан ўпадилар. Келинлар чилобчин ва обдаста келтириб қўлини ювдирадилар, сочиқ тутадилар. Стул келтириб стулга ўтқазадилар. Оёғидаги  калишини  артиб тозалайдилар.

Марям:    /қахрли/  Анави бебош студент кетдими ё шуердами?
Омма:        Шуерда, ойижон! Шуерда!
Марям:    Эргашиб келган қизни жўнатиб юбордими?
Омма:        Уям шуерда, ойижон! Шуерда!
Марям:    (баланд) Астағфуруллох! Хозироқ икковини уйдан хайдаб чиқаринглар! Буерда қорасиниям кўрмай!
1-ўғил:    Рахмингиз келсин, ойижон.
2-ўғил:    Кенжа кенжалигини қиларкан-да. Жуда чакки иш бўлди-да…
1-қиз:    Укамизни хатосини кечиринг, ойижон.
Омма:    Кечиринг, ойижон.
Марям:    Астағфуруллох!  Хозиргача бирорта фарзандим мендан бесўроқ, бозордан пайпоқ олишга ботинмаганди! Вой тавба-а-а! Бу ярамас студент, оз эмас кўп эмас,  бут-бутун хотинни уйимга етаклаб келди! Мени махалла-кўй, қариндош-уруғ, қуда-андалар  олдида шармандаи шармисор қилди! (бақириб) Чақир буёққа уларни!
1-келин:    Хўп бўлади, ойижон.
1-келин чиқиб, замонавий кийинган Кенжа билан шим кийган Келинчакни бошлаб
киради. Улар Марямнинг рўпарасида бош эгиб шумтираб  турадилар. Марям Келинчакка
яқинлашиб, унга  бошдан оёқ синчиклаб разм  солиб, жиғибийрон бўлади.
Марям:    (четга)  Вой тавба-а-а! Вой, астағфурулло-о-ох! Бу келин эмас, қип-қизил маймунку?!
Келинчак:    ( дудуқланиб) Ассалому…  ва алейкум ассалом…
Марям:    (ғазабланиб) Нима?! Бу қандай бемаза салом бўлди?!
Келинчак:    (қўрқиб) Хал-халиги… хаяжонланиб… кеч-кечирасиз…
Марям:    (Кенжага) Шуми танлаб топган хотининг? Ассаломалайкимни бутун айтолмайдиган ўзбек қайда қараб турган экан менга?! Бу шахарлик олифтангни қўлидан нима келади? Қариган чоғимда шу билан яшайманми энди?
Кенжа:    Бу жуда абжир қиз, ойижон. Ишонмасангиз синаб кўринг.
Марям:    (тўхталиб) Синаб кўрайми? (1-келинга ишора қилади) Ху анавини олиб келинг, қизим. Агар шуни отини айтиб бера олса абжирлигига ишонамиз. (1-келин чилобчинни олиб келиб, Келинчакни қўлига тутқазади, Марям ишора қилади) Бу нима, олифта келин? Қани, шуни номини топ-чи?
Омма:    (ғивир-шивир қилиб) Чилобчин! Чил-об-чин!
Марям:    (Оммага) Жим тур хамманг!
1-ўғил:    Хозир айтиб беради. Мана кўрасизлар. Бу барибир топади.
2-ўғил:    Бу интеллектуал қиз! Нима қилсаям олий маълумотли!
3-келин:    Шуни билмасмиди. Топади, ойижон, албатта топади.
2-келин:    (шивирлаб) Чилобчи-и-ин.
Келинчак:    (тутилиб) Ш-шля-шляпача…
Омма:    (ташвишли) Ола-а-а…! О-о-о! Эх!
Марям:    Нима? Шляпа?
Келинчак:    Ха, шляпача…
2-келин:    Чилобчин денг, овсин! Чилобчин!
3-келин:    (афсусланиб) Оддий чилобчинниям билмайсизми-я…
Келинчак:    Шлёбчин? Шундай сўз борми? Бунга овқат солинадими ёки бошга кийиладими?
Омма:    О-о-о! Иш расво бўлди! Ола-а-а!
Кенжа:    (ялиниб) Чилобчинни домда яшаганлар қаердан билсин! Илтимос, бошқа савол беринг, ойижон? Яна битта шанс беринг!
Марям:    (Келинчакка) Дўппи тикишга қизиқасанми?
Омма:    (шивирлашиб) Ха, денг! Қизиқаман денг!
Келинчак:    (иккиланиб, Марямга) Б-б-бо-бошга киядиган дўппими?
Марям:    (ғазабнок) Нима?! Астағфуруллох! Бу дунёда оёққа киядиган дўппиям борми? (Оммага) Мана сизларни менга кўрсатган кароматингиз! Эртага бу келин тувакни — коса, сумакни қошиқ фахмлаб, келтириб дастурхонимга қўйса вақтларинг чоғ бўладими?! Чилобчинни бошига кийиб, дўппини оёғига кийиб ўтирса, мен бу билан қандай яшайман?!
Омма сукутга толади. Келинчак йиғлайди. Марям кўнгли бузилганини сездирмаслик
учун юзини четга буради. Келинлар ва қизлар кўзларига ёш оладилар.
Келинчак:    Майли… (йиғлайди) Майли… Мен хамма нарсага розиман… Мени ёмон кўрсангизам, хайдасангизам ўғлингизни севавераман… Қишлоққа тегишимга отам билан онам розилик бермай мени кўп қийнашди.  Мен севгилим учун  пойтахтдаги қулай хаётдан кечдим. Сиз мени қанчалар фидокор эканлигимни билмаяпсиз…  Мен ўз мухаббатим йўлида хамма нарсага тайёрман…
Марям:    (ўзгаради) Ха бўпти,  тўхтат йиғингни. Аммо мен билан яшайдиган бўлсанг бир шартим бор.
Келинчак:    Қандай шарт?
Марям:    Мен рахматли қайнонам Қумри чеварга ваъда берганман. Сен туфайли ваъдамга хилоф иш қилолмайман.  Бу хонадондагилар ўзбекчасига рақс тушиб, ўзбекчасига яшайди. Ўзбекча яшашга  розимисан?
Келинчак:    Розиман.
Марям:    (Келинчакка узоқ тикилади) Обби сеней! Фидокорман дегин, келинпошша?
Келинчак:    Фидокорман.
Марям қахқах кулади. Омма бирбирини  қутлаб, қучоқлашиб, қий-чув кўтарадилар.
Зулмат чўкади.

Хотима.

Дилхирож  куйи янграйди. Бироздан сўнг зулмат ёришади. Рангбаранг нур
ёғдулари остида танхо Марям рақсга тушади.

Марямнинг овози:     Мана, мен хам барча ўғил-қизларимни уйлантириб-жойлантириб бўлдим. Шу ёшгача яшаб бир нарсага амин бўлдимки, хар бир оқила аёл, ўз бахтини ўзи яратаркан. Аёл аввалига шогирд тушиб яшашни ўрганади. Кейин ўзи устозга айланиб бошқаларга яшашни ўргатади.  Инсон тақдири жуда хам бир ажойиб яралган экан-да.  Бу ажойиботни кўрингки,  русларнинг қизи бўлиб туғилиб, ўзбекларнинг онасига айландим. Рақсни ўрисчасига бошлаб, ўзбекчасига якунладим. Мабодо мени фарзандларимни учратиб қолсангиз, илтимос, уларни хам ўз болаларингиз қатори севиб ардоқланг. Оламдаги барча миллатлар бирбиридан яхши. Чунки уларнинг хаётида иймон, умид ва мухаббат туйғулари хукмрон.

Марям рақсни якунлаб  томошабинларга таъзим қилади.

П а р д а.

2006   ва  2007 йиллар. Чортоқ шахри.

Сайт бўлими: Драматургия

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ