"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Нусратулло Жумахўжа. Қомус қачон якунланади?

Ўқилди: 895

Н.Жумахужа-400“Навоий қомуси” (у баъзи ҳужжатларда “Навоий энциклопедияси” деб ҳам юритилади) ўттиз йиллик яратилиш (1985- 2015) тарихига эга бўлиб қолди. Бу каттагина тарихий давр ҳисобланади. Агар Навоий қомуси вақтида якунланиб, чоп этилганида, Марказий Осиё минтақасида адабий қомусни биринчи бўлиб Ўзбекистон яратишга эришган бўлар эди. Навоий қомуси асосчиси, марҳум устоз Абдуқодир Ҳайитметовнинг орзуси ҳам шу эди. У “первопроходец” сўзи ва тушунчасини яхши кўрарди. Қомус вақтида юзага чиққанида, у ва унинг бошчилигидаги навоийшунос олимлар “первопроходец”, яъни адабий қомус яратиш йўлини биринчи бўлиб босиб ўтган ижодкорлар бўлишарди. Аммо, бу орада қозоқ биродарларимиз Абай қомусини биздан кейин бошлаб (Навоий ва Абай қомуслари залвори баробар бўлмаса-да), вақтида тугаллаб, нашр этишга муваффақ бўлишди. Мана, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси” ҳам қисқа муддатларда яратилиб, муносиб тарзда нашр этилди.
“Дарҳақиқат, шуни алоҳида эътироф этмоқ жоизки, — деб ёзилади ушбу нашр ҳақида “Ўз АС”нинг 2015 йил 9 январдаги сонида босилган мақолада, — “Бобур энциклопедияси” нашри мамлакатимизда фуқаролик жамияти шаклланганининг яққол намунаси, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, кенг жамоатчилик ўз саъй-ҳаракати, жонкуярлиги билан бундай хайрли ишларни ўз зиммасига олаётганининг амалий ифодасидир. Албатта, бу нашрни тайёрлаб, чоп эттиришда фидойи зиёлиларимиз, бобуршунос олимлар, мутахассислар беғараз фаоллик кўрсатишдики, мазкур қомуснинг юзага келишида уларнинг холис, ҳеч қандай манфаатларсиз, давлатдан кўмак кутмай қилган меҳнатлари, айниқса, таҳсинга лойиқдир”. Навоий қомуси эса давлат ташкилотида, давлат маблағи эвазига яратилмоқда. Мазкур иш дастлаб Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтининг 10 йиллик (1986-1995) илмий тадқиқотлар режасига киритилган бўлса, кейинчалик Ўзбекистон Фан ва техника давлат қўмитаси шу иш учун яна 5 (2012-2016) йиллик грант ажратган. Бу дегани – Институтнинг Навоий қомуси билан шуғулланувчи ходимлари 15 йиллик маош билан таъминланган. Бас шундай экан, Навоий қомусининг яратилиш тарихини бир сарҳисоб қилиш, унинг якунланишидан ташвишланишга асос бор.
Қайта қуриш ва ошкоралик авжига чиққан 1985-йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясига янги президент сайланди. У киши (Пўлат Қирғизбоевич Ҳабибуллаев) Академия илмий тадқиқот институтларини бирма-бир айланиб, уларнинг ишлари билан танишиб чиқа бошлади. Ўшанда мен Тил ва адабиёт институтининг Ўзбек адабиёти тарихи бўлимида ишлар эдим. Янги президентнинг ўта талабчан экани, институтлар фаолиятини синчиклаб ўрганаётгани, бўлимма-бўлим юргани, ҳар бир хонага кираётгани, илмий ходимлар билан бевосита суҳбатлашаётгани, ҳар бир бўлим ҳисоботини тинглаётгани, агар ҳисоботда ёхуд бўлим режасида бирор “пичоққа илинадиган” жиддий иш бўлмаса, ундай бўлимни ёпиб юбораётгани ҳақидаги ўзига хос ваҳимали миш-мишлар илмий ходимларни шошириб қўйди. Раҳбарнинг ташриф навбати Тил ва адабиёт институтига ҳам етиб келди. Ўзбек адабиёти тарихи бўлими мудири А.Ҳайитметов доимо янги ғоя ва режаларга тўлиб юрарди. Муҳокамаларга ўқланган милтиқдек тайёр турарди. Бўлимнинг амалдаги иш режаси бажарилиб тугалланмасдан, илмий ходимлар билан навбатдаги истиқбол режаларини муҳокама қилиб пишитиб борарди. Бу сафар ҳам у катта мажлисгача бир неча янги мавзуни қизғин муҳокамадан ўтқазиб қўйди. Уларнинг орасида Навоий қомусини яратиш энг қизиқарли ва муносиб мавзулардан бири эди. Лекин Академия президенти қаршисида минбарга чиққанида, А.Ҳайитметов қайси мавзуни ўртага ташлашини ҳеч ким билмас эди. Бу ўша пайтдаги вазият ва А.Ҳайитметовнинг келган қатъий тўхтамига боғлиқ эди. Олим таваккал қилиб Навоий қомуси яратиш ғояси ва режасини ўртага ташлади. Устоз нишонга аниқ урган эди. Раҳбарга бу режа жуда маъқул тушди ва шуни маҳкам ушлади.
П.Қ. Ҳабибуллаев билан бўлган учрашувдан сўнг, жуда талабчан ва қаттиққўл илмий раҳбар А. Ҳайитметов Навоий қомуси лойиҳаси (проспекти)ни тузиш устида бўлим ходимлари билан қаттиқ ишлади. Ўша даврдаги оғир ва мураккаб ишчан вазият, жиққамушт тортишув-талашишлар ҳақида ҳамкорларимиз Суйима опа Ғаниева ва Ёқубжон ака Исҳоқовлар билан ҳалигача эслашиб юрамиз. Хорижий мамлакатлар ва собиқ Иттифоқдаги республикаларнинг адабий қомус яратиш тажрибаси зудлик билан кўздан кечирилди. А.Ҳайитметов тажриба ўрганиш учун бир-икки республикага хизмат сафарига бориб келди. “Навоий қомуси” яратиш ишига барча навоийшунос олимлар жалб этилди. Қомус лойиҳаси тўғрисида А.Ҳайитметов Институт Илмий кенгашининг 1986 йил 1 мартидаги йиғилишида (6-баённома) ахборот берди. Лойиҳа бўйича, Навоий қомуси 2 томдан ташкил топиши, иш 10 (1986-1995) йилга режалаштирилиши, 1-том 1991 йилда ёзиб тугалланиши ва нашр этилиши, 2-том 1995 йилда ёзиб тугатилиши ва нашр этилиши кўзда тутилган. Раҳбарият томонидан Навоий қомуси сўзлигини 6 ойда тузиб тугаллаш топширилган. Институтнинг 1987 йил 11 декабрдаги ҳисоботига кўра, 3871 сўз-мақоладан иборат Навоий қомуси сўзлиги тузилган. (Мақоладаги маълумотлар бизнинг хотирамиз ва ЎзР ФА Марказий архивининг 52-фондида сақланаётган ҳисоботларга мувофиқдир – Н.Ж.).
Архив маълумотларига биноан, Навоий қомусини яратиш ишлари жадал ва изчил давом этган. Масалан, Ўзбек адабиёти тарихи бўлимининг 1988 йилги ҳисоботига кўра, 586 мақола ёзиб тугатилган (ҳажми 31,25 б.т.), 1989 йилги ҳисоботга кўра, 248 мақола ёзиб тугатилган (ҳажми 30,5 б.т.). Илмий-ижодий ишлар айни шундай қизғин тус олган паллаларда мазкур сатрлар муаллифининг “Ўз АС”да (1989 йил, 24 март сони) “Навоий қомуси яратилмоқда” сарлавҳали мақоласи ҳам босилиб чиққан. Унда 1988 йили нашр этилган “Навоий энциклопедияси” сўзлигининг мазмун-мундарижаси, ундаги асосий йўналишлар, яратилаётган қомуснинг мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берилган.
Сақланган маълумотлардан аён бўлишича, қомус ишларининг асосий бажарувчилари 12 нафар илмий ходим: А.Ҳайитметов, А.Абдуғафуров, С.Эркинов, С.Ғаниева, Ё. Исҳоқов, Т.Аҳмедов, М.Мирзааҳмедова, Т.Ғафуржонова, Н.Жумаев, А.Ҳабибуллаевлар бўлишган. Баъзи баённомаларда И.Ҳаққулов, Р.Баракаевлар ҳам лойиҳа бажарувчилари сифатида тилга олинган. Афсуски, бугунда “Навоий қомуси”ни яратишда иштирок этган асосий муаллифларнинг бир қисми (А.Ҳайитметов, А.Абдуғафуров, С.Эркинов, Т.Аҳмедов) вафот этган, бир қисми пенсияга чиқиб кетган ёки Тил ва адабиёт институтидан ишдан бўшаган (С.Ғаниева, Ё.Исҳоқов, М.Мирзааҳмедова, Т.Ғафуржонова, Н.Жумаев (Жумахўжа), А.Ҳабибуллаев). Маълумотларда бажарувчилар ёзиб топширган мақолаларнинг номи, сони ва ҳажми (босма табоқларда) аниқ кўрсатилган.
“Навоий қомуси”ни яратиш билан боғлиқ илмий-ижодий сафарлар ҳам ташкил этилган. Масалан, С.Ғаниева Ленинграддаги Пушкин уйида 1987 йил 17-27 ноябрь кунлари бўлиб, Лермонтов ва Пушкин энциклопедиялари билан яқиндан танишганини, ўзи учун ҳамда “Навоий қомуси”нинг бошқа бажарувчилари учун ҳам тажриба тўплаганини, И.Ҳаққулов эса 1986 йил март – 1987 йил апрелда Боку шаҳрида “Навоий қомуси” учун материал тўплаганларини ўз ҳисоботларида алоҳида қайд қилганлар. “Навоий қомуси” учун ёзилган илмий-ижодий ишларни қабул қилиш ва баҳолашда илмийлик, аниқлик, тартиблилик ва одиллик тамойиллари асосида ёндашилган. Баъзи бажарувчилар Фанлар академиясининг, мазкур Институтнинг моддий-маънавий мукофот ва рағбатлантиришларини олганлиги ҳам баённомаларда расман қайд этилгани шундан далолат беради.
Бир ўринда “Навоий қомуси” учун жами 3800та сўз-мақола жамлангани ҳақида далил мавжуд. Бу – “Сўзлик”да режалаштирилганидан 71та кам, холос. Хусусан, бўлим бошлиғи, “Навоий қомуси” лойиҳаси раҳбари А.Ҳайитметовнинг ўзи тузган ва имзолаган 1989 йил 5 июндаги ҳисоботда “Навоий қомуси” якунланиб, Огаҳийнинг “Таъвиз ул-ошиқин” девонини нашрга тайёрлаш режалаштирилганлиги қайд этиб ўтилган. Бундан ташқари, 1990-1995 йиллар орасидаги баённомаларда ҳам лойиҳа раҳбари А.Ҳайитметовнинг “Навоий энциклопедияси”ни нашр қилиш ҳақидаги кўрсатмалари учрайди. Дарвоқе, ЎЗ Р Фанлар академияси Президиумининг 1991 йил 15 октябрдаги 21-у 125-қарорида (Ижтимоий-гуманитар фанлар бўлимининг тақдимномаси бўйича) “Адабиёт институти “Навоий қомуси”нинг адабиётга оид қисмини тузиб нашрга топширди” дейилган ва “Ўзбекистон Давлат матбуот комитетидан 1993-1994 йилларда “Навоий қомуси”ни нашр этиш сўралсин”, деб қарор қилинган. Бу далилларнинг ҳаммаси “Навоий қомуси” А.Ҳайитметов фаолияти давридаёқ тугалланганлигини билдиради. Лекин нима сабабдан бу иш ҳали ҳам якунланмай, юзага чиқмай ётибди ? Ушбу муаммо мазкур сатрлар муаллифининг “Тафаккур” журналининг 2001 йил, 2-сонида эълон қилинган “Абадий даҳо” сарлавҳали мақоласида ҳам кўтарилган. Унда таклиф этилганки: “…Эзгу ишнинг кечи йўқ, тайёрланган материалларни миллий истиқлол руҳи билан янгилаб, якунлаб, халққа етказиш вақти келди. Ҳатто, бошқа айрим тадқиқотлар ва майда-чуйда тадқиқотнамо ишлардан маблағ ҳамда қоғозни иқтисод қилиб бўлса ҳам, мана шундай улкан ишларга йўл очиш керак… ” Шундан кейин ҳам ўн йил ўтиб, давлатнинг ҳотамтойлигини қаранг, битган ишга яна беш йиллик грант ажратган.
Аввало, шуни англаш керакки, ўз даврининг етук навоийшунослари тузган “Навоий қомуси” қайтадан ёзадиган даражада ночор бўлмаган. Улар миллатпарвар зиёлилар эдилар. Чунки миллий ўзликни англаш ва мафкуравий янгиланишлар адабиётшунослигимизда ўтган асрнинг 80-йилларидан бошланган. Тасаввуф тадқиқи ва тарғибига кенг йўл очилган. Буни ўша “Навоий қомуси” яратилган бўлимнинг ишларидаёқ кўришимиз мумкин. Жумладан, забардаст навоийшунос олим Ё.Исҳоқовнинг 1983 йилда чоп этилган “Навоий поэтикаси” тадқиқотида навоиёна ишқ концепцияси батамом янгича баҳоланган. 1980-йилларда бўлимда “Тасаввуф ва ўзбек адабиёти” мавзуида 3 йиллик тадқиқот режалаштирилган. Иш уч қисмдан иборат бўлиши, Навоийгача бўлган қисмини И.Ҳаққулов, Нақшбандия ва ўзбек адабиёти қисмини Ё.Исҳоқов, Қаландарийлик ва ўзбек адабиётини С.Рафиддинов ёзиши керак эди. Ё.Исҳоқов қаламига мансуб китоб чоп этилган. Қолган икки қисмининг тақдири эса муаллифларнинг саъй-ҳаракатларига боғлиқ бўлиб қолган. Ўша йиллари чоп этилган бошқа юзлаб мақола ва тадқиқотларда ҳурфикрлик эпкинлари юз кўрсатган. Диний-тасаввуфий асарларни нашр этиш ва оммалаштиришга 1985-йиллардан жиддий киришилган. Бу соҳада “Адабиёт ва санъат” нашриёти “Ўзбек адабиёти бўстони” номи билан янги рукн очган. Унинг “Мангу булоқлар” деб номланган 1-китобидан Бурҳониддин Рабғузийнинг диний асари “Қисаси Рабғузий”нинг катта қисми ҳам ўрин олган бўлиб, у 1986 йил 100 000 нусхада нашр этилган. Аҳмад Яссавийнинг “Ҳикматлар” китоби худди шу рукнда 1990 йил 300 000 нусхада чоп этилган . Агар китобнинг 1989 йил 25 октябрда босмахонага берилганини инобатга олсак, демак, “Ҳикматлар” бир неча йил олдинроқ нашрга тайёр бўлган. Илмий тайёргарлигининг етуклиги, билим заҳирасининг бойлиги, ёзма услубининг пишиб етилганлиги жиҳатларидан ҳам катта авлод навоийшуносларининг мероси камситишга лойиқ эмас.  Албатта, ҳар қандай иш учун таҳрир зарур. Таҳрир тадқиқотни янада сайқал топтиради. Бироқ таҳрир қайтадан ёзиш ёки тайёр тадқиқотни ўзлаштириш дегани эмас. Ҳуқуқий жиҳатдан қараганда, тугаллаб топширилган тадқиқот давлат тасарруфига ўтган интеллектуал мулк ҳисобланади. Уни ҳаракатдан тўхтатиш, беркитиш, ўзбошимчалик билан ўзгартириш ёхуд муаллифлик ҳуқуқини ўзлаштириш давлат мулкига хиёнат бўлиб, бунинг учун жавобгарлик белгиланган.
Келгуси йили Алишер Навоий таваллудига 575 йил тўлади. Шунингдек, улуғ ва фидойи навоийшунос олим Абдуқодир Ҳайитметов таваллуд топганига 90 йил бўлади. Муддао шуки, шояд ҳеч бўлмаганидан кеч бўлса ҳам, 2016 йилда “Навоий қомуси”ни тайёрлаб, нашр этилса, мазкур икки қутлуғ санага ажойиб туҳфа тайёрланган бўларди.

Сайт бўлими: Адабий танқид

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ