"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Янгибой Қўчқоров. “Юракда боғ вақти бўлди…”

Ўқилди: 1 553

Янгибой-Кучкор

(20 февраль – ҳассос шоир, таниқли таржимон, истеъдодли адабиётшунос  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Офарин” мукофоти совриндори Матназар АБДУЛҲАКИМ (1948-2010) таваллуд топган кун)

Ғазал мулкининг бетимсол султони Низомиддин Миралишер Навоий ҳазратлари ўзининг бетакрор “Мажолис ун – нафоис” асарини “Бисмиллоҳир роҳманир раҳим” дея “Юз ҳамд ангаким ясаб жаҳон бўстони, Айлаб юзу зулфидин гулу райҳони” мисраси билан бошлайдилар. Ва қиёси йўқ заргар маҳорати билан “Бу туҳфаки, хушмен ибтидоси бирла, Ҳам назм латойифи адоси бирла” деб ёзадилар. Дарвоқе назм латофати, сўз латофати, ғазал латофати қодир Аллоҳ томонидан бизга берилган энг нафис, энг гўзал, энг сара туйғулардан биридир. Эзгу сўз, нафис шеър, тароватли ғазал бизни яратган эгам томонидан бир борагина берилган ҳаётни севишга, асрашга, эъзозлашга ундайди. Чинакам адабиётнинг кучи, шеърнинг қуввати, ғазал қудрати шу қадар юксакки, устозимиз, академик шоир Ғафур Ғулом 1945 йилнинг сентябрида Алматида, буюк мутафаккир Абай Қўнонбой ўғли таваллудининг 100 йиллиги тантанасида шоирни “ўлмас асарлари билан кенг қозоқ саҳросини тўлқинлата олган улуғ оқин” деб атаган эди. Дарҳақиқат чин шоир ўзининг теша тегмаган сўзи, ўзининг асл оҳангга эга сози, ўзининг бошқаларга ўхшамайдиган ўктам овози билан уммонларга мавж, дарёларга шиддат, саҳроларга сабр, тоғларга сабот, юракларга ҳаяжон бахш этади. Шу боис асл шоирларни буюк Ҳофиз Шерозийнинг оташ даъвати ила: “Сўз пирларини дуо билан айланг ёд!”
Ҳеч шубҳа йўқки, бизнинг завқли замонамизда миллий адабиётимизнинг Миртемир ва Зулфия, Матёқуб Қўшчонов ва Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповдек тан олинган карвонбошилардан кейинги авлодга мансуб бадиий сўз пирларидан бири истеъдодли шоир, таниқли таржимон, ажойиб адабиётшунос, адабий тилимизнинг беқиёс билимдони Матназар Абдулҳаким эди. Бизнинг чекимизга бу кўп қиррали инсон билан деярлик ўттиз йил давомида яқин оға-ини бўлиш, қатор анжуманларда бирга қатнашиш, узундан узоқ адабий суҳбатлар қуриш, Амударё, Ақчакўл, Шўркўл, Шовот арнаси соҳилларида жаҳон шоирларидан беш соатлаб шеър ўқиш, айрим китобларини нашрга тайёрлашда иштирок этиш шарафи тушган эди. Биз неча марталаб Бибимарям янгамиз ёйган беминнат дастурхондан нон-туз тотган бўлсак, Матназар оға ҳам ўз навбатида неча бора менинг рафиқам Ҳожибекахоним дамлаган ошларни тановул қилган эди, Устознинг фарзанди аржумандлари Музаффарбек билан Умарбек бизга қанчалар қадрдон ини мақомида бўлсалар, менинг азиз ўғилларим Бунёдбек билан Ҳаётбек ҳозир ҳам устозни камоли эҳтиром ила ёдлаб юрадилар. Ушбу адабий очеркни янги 2015 йилнинг 3 январь куни ёзаётганимни ҳисобга олсак, 4 йилу 4 ой яъни 1566 кундан буён Матназар оға орамизда йўқ. Бошқачасига айтганда Матназар оға бу ёруғ оламда 62 йил 6 ой 27 кун яшадилар. Аммо айрим адабиёт чаламуллалари 620 йил яшаса ҳам бажара олмайдиган залворли ишларни уддалаб кетдилар. Унинг ўзи жисман орамизда бўлмаса ҳам бетакрор китобларини ахтарувчи инсонлар, асарларини қайта -қайта босмага шайлаётган нашриётлар сони кундан кунга кўпайиб бормоқда. Мисол учун куни кечагина Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи шоир ва мунаққиднинг “Тафаккур чорраҳаларида” (“Таржимон талқинлари”) номли бебаҳо китобини адабиёт ихлосмандларига тортиқ қилди. Мен бир оддий китобхон сифатида кейинги пайтда етук адабиётшунослар( таъбир жоиз бўлса тилга олинадиган мунаққидларнинг барчаси азиз устозларим ҳисобланадилар)дан Собир Мирвалиевнинг “Абдулла Қодирий шеърияти”, Иброҳим Ғафуровнинг “Китобсиз яшаб бўлади, аммо бу яшаш ёввойи яшаш бўлади”, Сайди Умировнинг “Олтин зангламас”, Иброҳим Ҳаққулнинг “Маъно ва тафаккур зиёси”,  Нуъмон Раҳимжоновнинг “Лирикада замон туйғуси”, Султонмурод Олимнинг “Мавлонолар мавлоноси”, Аҳмаджон Мелибоевнинг “Бозор адабиёти истеъдодни сўндиради”, Каримбой Қурамбоевнинг “Холисликка не етсин”, Қозоқбой Йўлдошевнинг “Холис эътироф эҳтиёжи”, Сувон Мелининг “Истиқлол фалсафаси ёхуд дунёни маънавият қутқаради”, Йўлдош Солижоновнинг “Сўз устидаги дунё”, Нусратулло Жумаевнинг “Навоийни ўрганиш масъулияти”, Ҳамидулла Болтабоевнинг “Маснавийи шариф” маънавияти ва давомчилари”, Нурбой Абдулҳакимнинг “Абадиятга айланган лаҳза”, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Ҳаёт ва хаёл ҳақиқати”, Эргаш Очиловнинг “Ҳайрат олами”, Раҳматулла Баракаевнинг “Бола қалбининг чечаклари”, Адҳамбек Алимбековнинг “Адабиёт кўнгил ишими?” каби мағзи тўқ мақолалар(аслида уларнинг сони етмишдан ортиқ бўлиб, мен йигирмага яқинини санаб ўтдим)ини мароқ билан ўқидим. Аммо шулар баробарида бир пайтлари Матназар оға ёзган “Илоҳий дийдор ёки бир ғазал шарҳи” мақоласини қайта ўқиб чиқдим. Келинг, сиз ҳам бу ширали мақоланинг кичик бир қисмига эътибор қилинг:
“Ҳазрат Навоийнинг бу машҳур ғазали ҳақида суҳбатлашишдан аввал, ота-боболаримиз коинотни ўн саккиз минг оламдан иборат, деб англаганликларини эслаб ўтишимиз жоиз. «Ошуб» — ғавғо, тўполон дегани. Хўш, нима учун шоир «Ўн саккиз минг олам ошуби» дейди?
Ўн саккиз минг олам ошуби агар бошиндадур,
Не ажаб, чун сарвинозим ўн саккиз ёшиндадур

Маълумки, бизга ана шу «ўн саккиз минг олам»дан кичик бир қисм — Ер юзининг ўзимиз яшайдиган бўлагидаги ғам-ташвишу ғалаёнлар, жунбушларгина аён. Чексизликдаги жамики «ошублар»нинг ҳайбатини ҳатто тасаввур қилишга ҳам ожизлик қилиб қоламиз. Бироқ, Алишер Навоий идеалидаги инсоннинг, мумтоз маҳбубанинг етуклиги шу даражадаки, унинг бошида нафақат мазкур «ўн саккиз минг олам ошуби» ҳақидаги тасаввур, балки ана шу ошуб, ана шу ғалаён бор. Шу ўринда, Алишер Навоийнинг ҳар бир инсон шахсига нақадар буюк аҳамият берганлиги, қанчалик залворли юк ортганлигини таъкидлаб қўйиш лозим. Инсоннинг, ҳар бир шахснинг ўзи алоҳида бир оламгина бўлиб қолмасдан, балки «Ўн саккиз минг олам ошуби»нинг соҳиби эканлиги буюк шоиримизнинг бу борадаги ўзига хос кашфиётидир. Биз ҳар лаҳзада дунёга неча минглаб одамлар келиши ва ҳар лаҳзада қанчадан-қанча гўзаллар ўн саккиз ёшга қадам қўйишларини, бир ўйласак ва ҳар биттасининг бошида ўн саккиз минг оламда содир бўлаётган ғалаёнлар мавжудлигини фикр қилсак, буларнинг барчаси ва булардан ташқари Навоий лирик қаҳрамони томонидан васф этилаётган ўн саккиз минг олам муаммоларини ўз бошига жам қилган маҳбубанинг зоҳирий ва ботиний кўрки нақадар бетимсол эканлиги аён бўлади. Гъазалдан аёнки, ҳар бир кун шунчаки кун эмас, ҳар бир лаҳза шунчаки лаҳза эмас, балки қанчалаб мумтоз гўзалларнинг ва улар орасидаги битта энг етук соҳибжамолнинг ўн саккиз ёшга тўлиб турадиган оний бир мў‘жизаси ўлчамидир. Бир лаҳзадаки шунчалик мў‘жизалар қудрати мавжуд экан, ўн саккиз йил қанчалик ҳусндан иборат эканлигини кўз олдингизга келтираверинг. Шунинг учун ҳам Алишер Навоий ушбу маҳбубанинг илк байтдаги таърифи билан кифояланиб қолмасдан, ўз соҳибжамолида ҳар бир лаҳзаси ана шундай баркамол кўрклардан иборат бўлган яна тағин ўн саккиз йилнинг ҳусни борлигидан хабар беради. Мазкур ҳусннинг чексизлигига чексизлик қўшади.”
Яширмасдан айтиш керакки, Матназар Абдулҳаким улуғ Навоий ижодининг ёғли ёнғоғини чақа билган бармоқ билан санарлик донишмандлардан бири эди. Айни чоғда у ҳам илмий, ҳам адабий жамоатчилик томонидан тан олинган йирик огаҳийшунос эди. Ишонмасангиз, устознинг “Зоҳирий фақр, ботиний қудрат”
“Муҳаммад Ризо Огаҳий ҳазратларининг қаламига мансуб «Ашъори форсий» манзумалар туркуми муборак анъаналар асосида битилган, моҳиятан тасаввуфий шеъриятнинг улкан тарбиявий аҳамиятга эга бўлган оҳангларда ижод этилгандир:
Ё раб, сенинг туфайлидир мартаба, ашку оҳимиз,
Сен айбимизни айла авф, кечир бизим гуноҳимиз.
Шоирнинг «Таъвиз-ул-ошиқин» девонининг таркибий жузви бўлмиш «Ашъори форсий» туркумининг дастлабки ғазали мана шундай матлаъ билан бошланади. Ушбу мисралардан аён бўладики, шоир қаламга олган мавзуларнинг мавзуи, инсонни камолотга сазовор қиладиган фазилатларнинг манбаи, унга барча неъматларни турли воситалар орқали туҳфа этгувчи Аллоҳдир. Модомики, бизнинг бир-биримизга қилган эзгуликларимизни юзимизга солиб, таъна қилишга ҳақимиз йўқ, билъакс, бу эзгуликларга бизни сазовор этишга воситачи қилиб танлаганлиги учун, аввало, Аллоҳдан, қолаверса, бир-бирларимиздан миннатдор бўлмоғимиз, миннатдорлигимизнинг мантиқий натижаси ўлароқ, шукроналик тарзида, мазкур яхшиликларимизни яна ҳам зиёда қилиб ҳамда мустаҳкамлаб бормоғимиз керак бўлади.”
Устоз Навоий ва Огаҳий гулшанининг миннатдор мафтунигина эмас, ўзига замондош шоирлар шеъриятини теран тадқиқ эта олган атоқли адабиётшунос эдилар. “Йироқларга етаклади мени бир сурон” мақоласи фикримизнинг ёрқин далили бўла олади. “Адабиётшунослигимизда, янглишмасам, ижод психологияси алоҳида фан сифатида ажралиб чиқмаган. –деб ёзади муаллиф. — Бироқ ижод ғалаёнига қаттиқ берилган шоирки бор, бадиий ижод кечинмаларининг шуурий ҳамда ғайришуурий жиҳатларига ўз шеърларида муайян даражада тўхталмай иложи йўқ. Айниқса, ижод жараёнининг бу тафсилотлари улкан тарихий эврилишлар билан бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлса. Ёдингизда бўлса, Алишер Навоий ҳазратлари “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асарида ижод руҳшунослигининг бир жиҳатидан нафис пардани қия очиб, ўқувчига ижодхонасининг айрим қирраларини кўрсатиб қўяди. Асарда Паҳлавон Муҳаммаднинг табиб сифатидаги маҳорати унинг ижодкор руҳий ҳолатини нақадар нозик илғай олиши сифатида ҳам намоён бўлади. Паҳлавон табиб ўзининг ана шу салоҳияти туфайли шоирни қалтис асаб касаллигидан халос қилади.
Шоирлар, албатта, ижод руҳшунослиги масалаларини тадқиқ этишни ўз ижодларида бош мақсад сифатида танламайдилар; улар мазкур руҳий жараёнга муайян даражада “тегиб” ўтадилар.
Абдулла Ориповнинг “Сароб” шеъри ҳам, гарчи ушбу мавзуга буткул бағишланган бўлмаса-да, унда тарихнинг яхлит бир парчаси шоир ижодий кечинмалари билан йўғрилган ҳолда, бадиий-маънавий жиҳатдан поэтик таҳлил қилинади.”
Бу ўринда устоз адабий меросидан ўнлаб мисоллар келтириш мумкин. Энг муҳими Матназар Абдулҳаким адабий меросини қадрлайдиган, эъзозлайдиган, уни дунё меридианлари бўйлаб тарғиб қиладиган фидоийлар сафи ҳам соат сайин кенгайиб бормоқда. Хулосамизнинг далили сифатида электрон босма нашрлардаги “Книжний форум” рукнида таниқли шоирнинг истеъдодли шогирди, 2012 йили Вьетнамда ўтказилган Осиё шеърият анжумани иштирокчиси Гўзалбегим томонидан эълон қилинган ушбу сатрларни келтирмоқчимиз:
“Мен учун устоз Матназар Абдулҳаким Хоразмнинг энг баланд чўққисидир. Бу табаррук инсон билан бир замин ва бир замонда туғилганим мен ва бошқа хоразмликлар учун ҳам ажойиб сийловдир. Ахир, сен билан бир асрда шундай улуғ инсон яшаганини билиб, ҳис этиб яшашнинг ўзи бахт-ку! Мана – Хоразмнинг кўзимиз етиб, юрагимиз ета олмаган бемисл қояси. Устоз менда, мен каби неча ўнлаб ёшларда мутолаага, бадиий Сўзга ва гўзалликларни ҳис этиб яшашга раҳбат уйғотган. Матназар Абдулҳаким – Хоразм характери, бойлиги, унинг дукиллаб ураётган юраги бўлиб кўринади менга. “Оҳини ҳасса” қилиб яшаб ўтган боболарим – Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Муҳаммад Ризо Огаҳийлар сафига Матназар Абдулҳакимнинг офтобдай иссиқ номини ҳам қўшиб гапиргим келади, келаверади…” Москвадаги Жаҳон адабиёти институтида таҳсил олган, МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари таржимонлари анжуманларининг иштирокчиси, 2008 йилда Алматида ўтказилган поэзия фестивали совриндори, шеъриятда ўзининг асл йўлини излаётган Гўзалбегимнинг бу серҳаяжон сўзлари тафаккурнинг теран томирларидан куч олади. Келинг, йигирманчи аср ўзбек миллий шеъриятига бир назар ташлаб кўрайлик. Агар шартли равишда шеъриятимизга 1901 йили Абдулла Авлоний, 1902 йили Аваз Ўтар ўғли, 1903 йили Ғуломхалил Тошмуҳаммад ўғли Мискин, 1904 йили Муҳаммадшариф Сўфизода, 1905 йили Ҳожи Муин Шукрулло ўғли, 1906 йили Абдурауф Фитрат, 1907 йили Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, 1908 йили Ғози Юнус, 1909 йили Ғулом Зафарий, 1910 йили Абдулҳамид Чўлпон кириб келган бўлса, кейинги тўқсон йилнинг ҳар бирида камида бир нафардан яна 90, жами 100 истеъдодли шоир шеъриятимиз боғига ўз ниҳолини ўтқазган бўлади. Табиийки шеърият боғидаги юз дарахтнинг ичида бўй-басти, ифори билан олис-олислардан кўзга ташланадиган азим чинорлар, қайрағочлар, сарвлар, бойтераклар бўлади. Бизнингча Матназар Абдулҳаким томонидан миллий адабиётимиз боғига экиб кетилган дуркун гужум ана шундай минг йилча завол билмайдиган тафаккур дарахтидир.
Бу безавол гужум биринчи навбатда шеърият гужумидир. Матназар оға ёзган юзлаб шеърлар бугунги поэзиямизнинг Шукрулло, Ҳуснитдин Шарипов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Али,  Омон Матжон, Абдулла Шер, Ҳалима Худойбердиева ва бошқа пешқадам вакилларининг энг гўзал ашъорлари каби адабиёт мухлисларининг қалбига муҳрланган. Биз тилга олган устозлар ёзган шеърларнинг ўзига хослиги шундаки, улар чинакам шеърий санъат даражасига кўтарилган. Матназар Абдулҳаким шеърлари ҳам. Бунга муштарийнинг ўзи ишонч ҳосил қилиши учун устознинг “Ибодат” номли ажойиб шеърини тўлиқ келтирамиз:
Рад этмагил даҳрий деб мени,
Мустажоб эт эзгу дуойим.
Ўғил кўрсин ўғли йўқ одам,
Қизи йўққа қиз бер, Худойим.
Умид билан дунёга келган
Фарзандсизлик доғин туймасин
Ҳеч парранда, ҳеч дарранданинг,
Қўй, илойим, пушти куймасин.
Қулунлар бер саодатманд эт
Ҳар бир тулпор, ҳар бир дулдулни.
Авлодидан мосуво қилма
Бирон тўти, бирон булбулни.
Қўраларга солади қирон,
Уяларда қилади бузғун.
Бола кўрсин, барибир, бўри,
Жўжа очсин, барибир қузғун.
Қорайса ҳам дастидан фалак
Жунжикса ҳам дастидан боғлар,
Зағчалар кўп сернасил бўлсин,
Ўзларидан кўпайсин зоғлар.
Узумлар кўп мева берсинлар,
Гужумлар кўп соя берсинлар.
Майли, печак, майли, алаф ҳам,
Илдизини ёя берсинлар.
Менга шеър бермасанг бермагил,
Бошқаларни қилма нолонлар.
Майлига, бошқоронғи бўлсин
Менинг юрагимга илонлар.
Шудир сенга ўтинчим, нолам,
Илтижо ҳам фарёдим доим.
Бахтимизга Ўзинг ёлғизсан,
Шу бахт бизга басдир, Худойим.
Эсимда: 2008 йилнинг 21 февраль тонги қадимий ва навқирон Хивада осойишта, улуғворлик билан отган эди. Ўзим тунаган «Собир арқончи» меҳмонхонасининг ораста, жимжит ҳовлисига чиқдим. Меҳмонхонанинг шундоқ рўпарасида минг йилдан кейин истиқлол шарофати ила қайта қад тиклаган Маъмун академиясининг салобатли биноси сукутга толган.  Академиянинг баланд, ўймакор эшиклари ҳали очилмаган. Уяли телефонимдан таниқли шоир, истеъдодли насрнавис, иқтидорли драматург Қурбон Муҳаммад Ризога қўнғироқ қилиб, муборак етмиш ёши билан қутладим. (Матназар аканинг 60, Қурбонбой аканинг 70 йиллик юбилейлари ёзда ўтказилиши белгилаб қўйилган.) Қўшадарвоза билан Боғчадарвоза оралиғидаги уч юз қадамлик йўлакни уч бора одимлаб ўйга толдим. Хоразм наинки улуғ алломалар, атоқли ҳофизлар, шириннафас бахшилар, балки дунёга донг таратган шоирларнинг ҳам олтин бешиги ҳисобланади. Бармоқ букиб эринмасдан санайдиган бўлсак, назм ва насрда ноёб иқтидор эгаси бўлган Абубакир Хоразмий (935-993), академик илм билан шуғулланишдан ташқари гўзал шеър ва достонлар битган Абу Райҳон Беруний(973-1048), тил илмининг тенгсиз билимдони Маҳмуд аз-Замахшарий(1075-1144), фалсафий лирикада янги саҳифалар очган Сулаймон Боқирғоний(XII аср), донишманд шоир Нажмиддин Кубро(1145-1221), “Муҳаббатнома”дек ажойиб асар муаллифи Хоразмий (XIII аср охири), насрда бебаҳо дурдоналар яратган Носириддин Рабғузий (XIV аср боши), улуғ файласуф шоир Паҳлавон Маҳмуд(1247-1326), беназир таржимон Қутб Хоразмий(XIV аср), эзгулик куйчиси Сайфи Саройи (XIV аср), “Гулшан-ул-асрор”дек ажойиб асар муаллифи Ҳайдар Хоразмий (XV аср), пурмаъно ғазаллар муаллифи Ҳофиз Хоразмий(XV аср), “Шайбонийнома” асарини ёзган улуғ шоир Муҳаммад Солиҳ(1455-1535), тарихчи ва тилшунос Абулғозий Баҳодирхон(1603-1664), атоқли маърифат пешвоси Муҳаммадниёз Нишотий (XVIII аср), Нурмуҳаммад Андалиб (XVIII аср), истеъдодли шоир Роқим(1742-1814), етук шоир, таржимон, тарихчи Мунис(1778-1829), улуғ шоир, таржимон, тарихчи Муҳаммад Ризо Огаҳий(1809-1874), атоқли шоир ва мусиқашунос Комил Хоразмий(1825-1899), таниқли сўз заргари Рожий (XIX аср ўрталари), иқтидорли шоир ва бастакор Муҳаммад Расулмирзо(1840-1923), шоҳ ва шоир Муҳаммад Раҳимхон – Феруз(1844—1910), шоир ва тарихчи Муҳаммад Юсуф Баёний(1858-1923), ажойиб шоира Хоним Халфа(1858-1939),  атоқли маърифатпарвар Илёс Сўфи (1860-1918), бадиий сўз заҳматкаши Мутриб Хонахаробий(1865-1925), лирик шоир Роғиб(1865-1935), етук шоир ва олим Аҳмад Табибий(1869-1910), халқпарвар шоир Абдураззоқ Фақирий(1880-1924), туғёнли шоир Аваз Ўтар(1884-1919), шоир ва созанда Комил Девоний(1887-1938), шоир ва бастакор Чокар(1889-1952)  ва ниҳоят аруз вазни устаси Ота Махсум Партав(1905-1956)лар Хоразм заминида туғилган юзлаб шоиру шуаронинг унчалик тўлиқ бўлмаган рўйхатига безак бўлиб турибди. Бу тонгда хаёлимга келгани шулар. Аслида уларнинг сони биз қайд қилганимиздан уч – тўрт бора кўп. Бу ҳақда ўйлар эканман, назаримда не-не асрлар юкини азот кўтариб турган Хевоқи латифнинг ўзи ҳам эсиб турган салқин шабададан жунжикиб хаёлга толгандай эди. Табиийки бу тонг ўзим яшаётган замонда Хоразм адабий муҳитида фаол ижод қилаётган сўз усталарини ҳам кўз олдимга келтираман. Навқирон чоғимда Тошкентдаги нуфузли мехмонхоналардан бирида Юнус Юсупов – Айёмий билан ҳамхона бўлганман. Қотмадан келган, негадир қора кўзойнак тақиб олган бу тетик қария ҳали сиёҳи қуримаган ғазалларидан ўқиб бергани ёдимда. Ҳали мактабни битирмай туриб “Хоразм” романининг жилдларини ўқий бошлаган эдим. Ўн беш йилча аввал Ёзувчилар уюшмаси раисининг кабинетига таклиф қилишганида устоз Абдулла Орипов “Тўқсон ёшдан ошган отангдан фотиҳа олгин!” деб трилогия муаллифи Жуманиёз Шарипов билан таништирган эдилар. Ўрта бўйли, миқти гавдали бу қария Қодирийни кўрган, Чўлпонга чой узатган, Усмон Носирнинг саломига алик олган, Усмон Юсупов билан қўл бериб кўришган. Самарқанддаги педагогика академиясида Ҳамид Олимжон билан бирга ўқиган. Нашриёт директори, беш йил раҳматлик дўсти Ҳ.Олимжон бажарган лавозим – Ёзувчилар уюшмаси бошқарувининг масъул котиби ҳам бўлган. Ёшлигимизда Урганчдаги адабий давраларда оқсоқол ижодкорлардан Эгам Раҳим, Дўстжон Матжон, Раҳим Бекниёз, Жаббор Жуманиёзовлар айтган ҳар бир табаррук сўзга жон деб қулоқ солардик. Рўзимат Отаев, Сафо Очил, Уллибиби Отаева, Жумабой Матёқубов, Қурбонбой Қулимов, Рустам Назар, Қадам Саидмурод каби ўткир қалам эгаларининг, Юсуфбой Иброҳимов, Виктор Прутян, Шавкат Худойберганов каби журналист дўстларимнинг ҳаётдан нақадар эрта кетганини эсласам, айримлари ичи кўмирдан минг бора қора кимсалардан ботмон-ботмон жабр кўрганини ўйласам кўзларимга ёш келади. Улуғ ёшга кирганларида оқсоқол адиб Фозил Зоҳиднинг суҳбатини олганимиз билан фахрланиб юрамиз. “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинган қутлуғ 2015 йилда воҳа қаламкашларининг азиз устози Қодир Матжон 90, таниқли шоир, йирик насрнавис, сермаҳсул драматург Эркин Самандар, ажойиб болалар шоири Оллоберган Пўлат 80 ёшга тўлади. Қадрли устозларимиз Эркин Мадраҳимов (Ошиқ Эркин), Қурбон Муҳаммад Ризо, Комил Аваз, Қўзи Давлат, Бибисора Отаева, Ҳусайн Раҳмон, Қўзи Исмоилларнинг сиёҳдонларида ҳам янги-янги асарлар учун қувват кўп. Катта авлод журналистларидан Неъматжон Солаев, арслон отажонов ўрта авлод орасида ижодлари ярқираб турган Абдулла Собиров, Зарифбой Иброҳимов, Қадамбой Солаев, Абдулла Сафоев, Шержон Машариповларга ҳурматимиз катта. Пойтахтда Халқ шоири Омон Матжон, устоз журналист Жаббор Раззоқ, дўстларимиз Баҳром Рўзимуҳаммад, Даврон Ражаблар фаол ижод қилишяпти, Юқорида таъкидлаганим “катта” Гўзалбегим, “кичик” Гўзалбегим (икковининг ҳам фамилияси Матёқубова), Зебо Нурмонова, Насиба Юсупова, Фароғат Жаббороваларга ижодда ҳамиша омад ёр бўлсин. Яна Хоразмга қайтадиган бўлсак, бизнинг авлодимизга мансуб Сотим Аваз, Отабек Исмоилов, Исмоил Оллоберганов, Содиқжон Иноятов, Гавҳархон Ибодуллаева, Райимбой Каримов, Ойбек Раҳим, Феруза Тангриберганова, Муҳаббат Сафоева, Шарқия Эшжоноваларнинг ижоди асад чоғи Амударё тўлиб-тошганидек жўшмоқда. Аслида Хоразмда ҳар уч кишидан бири ё шеър, ё мақола ёзади. Сафдошларимдан айримларининг муборак исми-шарифлари хотирамдан кўтарилган бўлса, чин кўнгилдан узр сўрайман.
Яна ўша февраль тонгига қайтаман. Ана шу куюқ ўйлар билан Боғчадарвозага тўртинчи марта борганимда чапга, бироз юргач ўнгга, карвонсарой ва деҳқон бозорига бурилдим. Бозор дарвозаси ёнига икки юк машинаси келиб тўхтади. Биттасидан энг аввало бир пайтлари менинг онам ипак қурти боққанида устига сўкчак ўрнатадиган ёғоч хариларни туширишди. Кейин Хоразмнинг «олахомма» навли қовунларини эҳтиёткорлик билан қўлма-қўл олиб ўша хариларга илишди. Устидан кигиз ёпишди. Иккинчи юк машинасини очишганида унинг ичи лиқ тўла исириқ – адраспан эканлигини кўрдим. Бу шифобахш кўкатлар бир вақтлари донишманд бобомиз шайх Кубро отда айланган, Сулаймон Боқирғонийнинг оқ туяси кезган ўркач-ўркач қумларда, Полвон Пир ҳинд заминига бораётиб ором олган саксовуллар соясида ўсгандир. Беш даражали совуқда устоз Ғафур Ғулом ибораси билан айтганда «тилими тилни тилим-тилим» қиладиган мазали қовун бўлса ҳам тановул қила олмайсиз. Исириқ эса айнан менга керак нарса: бугун миллатимизнинг мукаррам шоирларидан бири, таниқли таржимон, адабиётшуносликка оид ажойиб асарлар муаллифи, Маъмун академиясининг илмий ходими, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Офарин» мукофотининг соҳиби, устозим ва оғам Матназар (Муҳаммадназар) Абдулҳаким ўғли олтмиш ёшга тўлди. Оғамизга академияда ҳам, Урганчдаги уйида ҳам кўз тегмасин деб икки боғлам исириқ харид қилдим.     Меҳмонхонага қайтиб келсам, унинг мутасаддиси Собир оға Ҳасанов ўн йиллик «қадрдони» — «Нексия»нинг юкхонасидан ул-бул тушираётган экан. Қарашиб юбордим. Бу заҳматкаш инсон Оврупо-ю Осиё, Амриқо-ю Африкадан келаётган кўплаб сайёҳларнинг дуоси-ю, раҳматини олган. Хивада бир неча меҳмонхонаси бор. У 1948 йили Ичонқалъада, Паҳлавон Махмуд кўчаси, 10-уйда таваллуд топган. Отаси Қодир Ҳасанов(1912-1971) ажойиб инсон, муаллим эди. Собир оға 1966 йили Аваз Ўтар номидаги 1-сон ўрта мактабни тугатиб, кўп йиллар пахта тозалаш заводи, гилам комбинатида ишлади. Мустақиллик шарофати билан туризм фирмаси очди. Собир оғага ўхшаган юзлаб, минглаб тадбиркорларга муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов тоғдек таянч бўлиб турибдилар. Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Пўлат Бобожонов, туман ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Давронбек Аллақулиев ҳам ҳудудда туризм тараққиётига изчил эътибор беришмоқда.
Нонушта чоғида Урганчга, Матназар аканинг ўғли Музаффарнинг уяли телефонига қўнғироқ қилдим. «Ўзимнинг уйимдаман, Янгибой ака. Ўн беш дақиқадан кейин катта уйга бориб дадам билан гаплаштираман!» деди. Кеча шоирнинг уй телефони ўчиб қолган, туғилган кунига эса энг яқинлари йиғилган эдик. Бир неча кун олдин эса Урганч давлат дорилфунунида устознинг ижодий кечаси ўтказилиб, у ерда каминаи камтарин ҳам шоир ижоди ҳақида икки оғизгина сўзлаган эдим. Мана, бугун Маъмун академиясидек мўътабар даргоҳда у киши билан ҳаёти ва ижоди тўғрисида суҳбат қурмоқчиман. Халқимнинг ардоқли ижодкори олтмишга чиққанида бир ука, бир шогирд сифатида унга айтадиган сўзларим ҳам оз эмас. Уяли телефоним жиринглайди:
— Ассалому алайкум. Қаердасиз, Янгибой?
— Ассалому алайкум, устоз. Хивадаман. Яна бир бор туғилган кунингиз билан табриклайман. Кеча Хевоқ қудуғидан сув ичишга келишган эдик-ку?
— Эсимда. Ўн беш дақиқадан кейин йўлга чиқаман. Келишилган вақтдан сал кечикиб боришим ҳам мумкин: негаки мен Олмонияда эмас, Осиёда туғилганман. Зерикмай ўтиринг!
Эрталаб ҳар хил касб эгалари ҳар хил жойга отланадилар. Аммо журналист халқи эрталаб албатта газета дўконига йўл олади. Сал кейин газета харид қилиш учун ташқарига чиққанимда бирдан шу қадар кучли қор бўрони пайдо бўлдики, беш дақиқа ичида Ичонқалъа деворлари беш бармоқ энидаги қор билан қопланди. Боғчадарвоза томон боряпману қор қуюни кўз очирмайди. Ҳалигина ҳамма ёқ жимжит эди. Бу нима? Кубро бобо қалбида жунбишга келган изтироб бўронларининг нафасими? Гандимиёнда қўлидаги қалами титраган Ферузнинг фарёдими? Бунёдкорлиги бошига бало олиб келган Исломхўжанинг сўнгги дақиқаларида тортган «уҳ»ими? Ё шоир ўз шеърларига жойлаган тизгинсиз туғёнми?!
Билмадик. Троллейбусдан бир даста китоб қўлтиқлаган Матназар Абдулҳаким тушганидан кейин қор қуюнидан асар ҳам қолмади. Беш дақиқадан сўнг қадимий шаҳар ёнбошида қуёш гардиши ярқиради. Унинг ҳаётбахш нурлари Исломхўжа минорига, Оқшайхбобо кўшкига, Паҳлавон Маҳмуднинг муқаддас мақбараси гумбазига таралди.
Қадим ва навқирон диёримиз дилбандлари орасида расули акрамнинг муборак исмларига соҳиб бўлган олимлар, муҳаддислар, шоирлар бисёр бўлган. Жаҳон математика илмининг пири Муҳаммад Хоразмий, ислом оламининг пешво муҳаддислари Муҳаммад Бухорий, Муҳаммад Термизий, файласуф Муҳаммад Розий, беқиёс аллома Муҳаммад Беруний, шоҳ ва мутафаккир Муҳаммад Тарағай яъни Мирзо Улуғбек ва бошқа ўнлаб буюк зотлар шулар жумласига кирса, улуғ алломалардан Чағминий, Фарғоний, Замахшарий, Али Қушчининг, жасур саркарда Султон Жалолиддин ва буюк авлиё Баҳоуддин Нақшбанднинг падари бузрукворлари ана шу исмнинг эгалари бўлишган. Хоразмда пайғамбаримиз исмига ном қўшиш анъанаси ҳам борким, у ҳозиргача давом этиб келади. Айнан шу йўсинда Нишотий ҳазратлари Муҳаммадниёз, Огаҳий ҳазратлари Муҳаммадризо, Матназар оға Муҳаммадназар исмига эга бўлганлар.
Ҳа, 1948 йилнинг 20 февралида, буюк Навоий ва буюк Бобур билан бир бурж остида, Урганч яқинидаги қадимий Қоровул қишлоғида, оддий деҳқон ва адабиётнинг, Огаҳий меросининг ошиғи Абдулҳаким Оллобергановнинг оиласида ўғил дунёга келганида чақалоқнинг она томонидан бувиси Ҳавожон аянинг қарори билан Муҳаммадназар исми берилади. Кўзи ёриган аёл Тўхтажон опа узоқ умр кўрмайди: Муҳаммадназарнинг маънавий тарбиясида бувиси Ҳавожон аянинг туғишган оғаси Маткарим охун ҳақидаги ибратли ҳикоялар ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Ҳурфикрлиги учун Маткарим охун Украинага сургун қилинган, ҳоки ҳам ўша жойда қолган. Шу зайлда болакай гўдак ёшидан Хива нафасига, мадраса ҳавосига, мударрислар мажлисига ошно бўлади. Қолаверса Абдулҳаким ака, унинг отаси Оллоберган оға, бобоси Раҳимжон, унинг отаси Шербобо, Шербобонинг падари Баротбобо ислом динининг мусаффо ва муборак сувларидан қониб ичган художўй инсонлар эдилар. Абдулҳаким ака ўттизинчи йиллардаги таъқибларни ўз бошидан кечиргани учун ўғлини араб имлосини ўрганишга унчалик рағбатлантирмади. Лекин Муҳаммадназарнинг дилига охун бобоси солган учқун уни барибир шу йўналишнинг билимдони қилиб тарбиялади. Ўрта мактабда уни адабиётдан ўз касбининг устаси Роза Аҳмедова ўқитган эди. Лекин шеър ёзишга физика фани муаллими Назира Юсупова сабабчи бўлади. Бўлғуси адиб бола пайтидан газеталарга шеър ва мақолаларини йўллар эди. Шеър ва мақолаларидаги юқори савия учун Урганч туман газетасининг муҳаррири, устоз Қодир Матжон 1966 йили Муҳаммадназарни ишга қабул қилади. У ва ҳозирги таниқли ёзувчи Ҳусайн Раҳмон таҳририятда адабий ходим бўлиб ишлашади. 1967 йили навқирон қаламкаш Таганрог давлат педагогика институтига ўқишга киради, беш йил буюк Чехов ватанининг тузини ичади, рус ва жаҳон адабиётини қунт билан ўрганади, Кавказни, Пушкин ва Лермонтов, Сергей Есенин кезган жойларни айланади. Муҳаммадназарда рус шеъриятига ихлос мактабдаёқ уйғонган, ўзбек тилидан «тўрт», рус тилидан «беш» баҳо олган эди. Тўққизинчи синфда ўқиб юрганида буюк Пушкиннинг «Я Вас любил» деб бошланадиган шеърни қуйидагича таржима қилган эди:
Мен Сизни севардим, севгим эҳтимол
Дилда буткул сўниб битмаган чўғдир.
Бироқ Сиз меҳримни олмангиз малол,
Сизни заррача ҳам ранжитгим йўқдир.
Мен Сизни севардим ҳаяжонда лол
Гоҳ ҳайиқиб, гоҳи рашк-ла мулойим.
Самимий ва ёниб севганим мисол
Бошқа ҳам севолсин Сизни илойим.
Буни Пушкин шеърининг энг мукаммал, гўзал ва жозибали таржималаридан бири дейиш мумкин. Александр Сергеевич Пушкин меросидан ташқари Михаил Лермонтов, Сергей Есенин, Александр Блок, Иван Бунин, Борис Пастернак, Николай Рубцов, ғарб адабиётидан Шиллер, Байрон, Гейне поэзияси ёш шоирни сеҳрлаб қўяди. Лекин Паҳлавон Маҳмуд, Нажмиддин Кубро, Маждиддин Бағдодий, Мирзо Абдулқодир Бедилнинг мунаввар мероси шоирни таржима кемасининг елканини баланд кўтаришга ундайди. Айни кунда бу улуғ сиймолардан қилинган мукаммал таржималар адабиётимиз узугига зумрад қошдек ярашиб турибди. Туркман шоирларидан Омондурди Аннадурдиев, Гўзал Зарипова, Итолмас Худойберганов, Ойтуғди Назаров, Маматназар Бобоназаровдан, замонамизнинг забардаст шоирлари Евгений Евтушенко ва Андрей Вознесенскийдан, улкан лирик Николай Рубцовдан қилинган таржималар ҳам аллақачон китобхон эътиборини қозонган.  «с тилидан «хлос мактабда уймонтови ичди, рус ва жа00000000000000000000000000000000000000000000000000000000000000000000000000
Шоир 1972 йилда Россия Федерациясининг  Таганрог шаҳридаги педагогика институтини битиради. Шундан сўнг Урганч туман рўзномасида бўлим мудири, қишлоқ мактабида ўқитувчи, 1982-1997 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимида адабий маслаҳатчи бўлиб хизмат қилади. 1997 йилдан бошлаб то умрининг охири яъни 2010 йилнинг 17 сентябригача Хоразм Маъмун академиясида илмий ходим вазифасида ишлади.
Шоирнинг биринчи китоби “Тиниқ тонглар” 1984 йилда Ғафур Ғулом нашриётида чоп этилади. Шундан кейин “Фасллар қўшиғи”, “Қор қўшиғи”, “Мавж”, “Ёнимдаги дарёлар”, “Қорачиқдаги дунё”, “Ойдинлик”, “Бир қучоқ гул”, “Ёлғиз япроқ” каби шеърий, “Иймон туҳфаси”, “Ялдони ёритган нур”, “Иккинчи муаллим сабоқлари” каби илмий ҳамда Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Маждиддин Бағдодий, Паҳлавон Маҳмуд, Мирзо Абдулқодир Бедилдан таржималар, «Жавзо ташрифи”, “Азизлар анжумани”, 2009 йилда «Кўприк», «Мангулик жамоли» китоблари нашрдан чиқди.
2008 йилнинг 7 июнида куни бўйи азиз устоз, таниқли шоир, истеъдодли таржимон, кўзи ҳам, сўзи ҳам ўткир мунаққид, энг муҳими содда ва самимий, беғубор инсонга ҳамроҳлик қилган эдим. Ишларимиз ниҳоясига етай деб қолганида устоз «Уйдан тут еб кетарсиз!» деди оҳистагина. Мана, Урганч билан Қоровул шаҳарчасини бирлаштириб турган Ҳаким Обидов кўчаси, 48-уй. Яқиндагина ана шу хонадондан тўйиб-тўйиб оқ тут еб кетган эдик. Ҳали ҳам шоирнинг тути соб бўлмабди. Бу тутдан Маҳбубий домладан тортиб Жўшқингача, Тўлапберген Қаипбергеновдан тортиб Виктор Соснорагача, Омондурди Аннадурдиевдан тортиб Усмон Азимгача, Рауф Парфидан тортиб Йўлдош Эшбеккача ўнлаб шоиру шуаролар тотишган. Айниқса Рўзимбой Ҳасан, Набижон Боқий, Баҳром Рўзимуҳаммад, Йўлдош Эшмуродов Юсуфжон Латипов Исмоил Шомуродов Шуҳрат Маткарим, Маҳмуд Ражаб, Даврон Ражаб, Шокир Бек, Болтабой Бекметов, Гўзалбегим,  Жуманазар Юсупов, Эрпўлат Бахт ва бошқалар бу тутнинг илҳомбахш таъмини яхши билишади. Бу ажойиб мева тўғрисида азиз устозимиз Эркин Самандар шундай ёзади:
Нималар бўлмайди, дейсиз ҳаётда,
Огаҳий тут экди боғи Қиётда.

Уни ихлос билан этди тарбият,
Бир оқ тут емоқлик дилдаги ният.

Бирам мўл бўлдики оқ тут дегани,
Бутун Қиёт келди ҳосил тергани.

Ҳар йил тут пишиғи сайли аломат,
Тутмисан – тут эди, азим валломат.

Ўша йили Матназар оға олтмиш ёшини нишонлаб элга дастурхон ёзди. Таваллуд санасида муҳтарам устозимиз, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов, таниқли адибу шоирлардан Эркин Самандар, Шароф Уснатдинов, Ошиқ Эркин, Ўрозбой Абдураҳмонов, Муротбой Низанов, Рустам Мусурмон ва бошқалар билан иштирок этдик. Бу кеча адабий солномамизга бир саҳифа бўлиб қўшилганига шак-шубҳа йўқ. Тадбирда вилоятнинг ўша чоғлардаги раҳбари Оллоберган Оллобергановнинг самимий иштирок этгани эсимизда қолган.
Яна ўша баҳор билан қиш қаттиқ курашган, қор бўрони қўзғалса-да қуёш ғолиб чиққан Хива тонгига қайтамиз. Шоир билан биз бир неча соат суҳбатлашдик. Болалиги, падари бузруквори, бошланғич синфда ўқиганлари, юқори синфларда самбо(мураббийи Рустам Йўлдошев) ва курашда эришган ютуқлари, Таганрог таълими, Таганрогга курсдоши Аширбой Мамбеткаримовнинг Ошиқ Аёз(Ибройим Юсупов) китобларини олиб келиши, Ичонқалъада олим Комил Худойберганов туҳфа қилган эски қўлёзмалар, Гуржистонда ҳарбий хизматда бўлиши, Руставидаги ҳаяжон, Ҳарбий аэродромда ёзилган шеърлар, Е.Бертельснинг ноёб китобини топиб олганидаги қувонч, академик Азиз Қаюмов берган қўлёзма, Бедилхонлик билан ўтган бедор тунлар, чақмоқдек бир чақнаб сўнган дўстимиз Баҳодир Содиқов, Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари таржимасига шўнғиш, устоз Эркин Воҳидовнинг Ёзувчилар уюшмасига тавсия ёзиб бериши, вилоят ҳокими Маркс Жуманиёзовнинг шоир ижоди учун моддий ва маънавий рағбатлар белгилаши, Тўлепберген Қаипберганов билан мулоқот, Огаҳийнинг форсийдаги матнлари устида ишлаш, қорақалпоқ, қозоқ, туркман адиблари билан дўстона алоқалар ўрнатиши, Омондурди Аннадурдиев ижодига қизиқиш, Мунис, Рожий, Комил Хоразмий, Аҳмаджон Табибий меросини ўрганиш, адабиётшунослар Ҳамдам Абдуллаев, Сафарбой Рўзимбоев, Абдулла Аҳмедов ва бошқалар билан ҳамкорлик, Маъмун академиясидаги сермазмун фаолият, Элликқалъа адабий учрашувлари суҳбатимизнинг қаймоғи бўлган эди.
Истиқлол мамлакат мулкдори, тадбиркори, барча касб эгалари қатори бадиий адабиёт аҳли олдида ҳам ижодий меҳнат эшикларини кенг очиб берди. Қаҳрамон шоирлардан Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати”, Абдулла Ориповнинг “Адолат кўзгуси” китоблари, янги шеърий туркумлари, Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат” тетралогияси, Халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг “Янги Тошкентнома”си, Халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев, Халқ шоирлари Анвар Обиджон, Тўлан Низом, Охунжон Ҳаким, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Жиянбой Избосқонов, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзонинг янги китоблари фикримизга яққол далил бўла олади. Айни пайтда яқин йилларда орамиздан кетган устозларимиз адабий меросини улуғлаш борасида ҳам баракали ишлар бажарилмоқда. 2014 йилда Муҳтарам Президентимиз Фармонига биноан бутун мамлакатда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллиги кенг нишонланди. Айнан давлатимиз раҳбари Фармонига кўра янги йилда Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллик тантаналари бошланиб кетди. Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Қаҳрамонлари – Ибройим Юсупов ва Тўлепберген Қаипбергенов, Қашқадарёда Халқ шоирлари Жуманиёз Жабборов ва Нормурод Нарзуллаев, Сурхондарёда Халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев, Сирдарёда Халқ шоири Тўра Сулаймон, Наманганда Халқ шоири Ҳабиб Саъдулла, Фарғонада Халқ ёзувчиси Иброҳим Раҳим, Бухорода давлат мукофоти лауреати Омон Мухтор, Жиззахда таниқли болалар шоири Иброҳим Донишни эслаш, асарларини қайта чоп этиш борасида катта ишлар амалга ошириляпти. Хоразмда Матназар Абдулҳаким номидаги иншолар кўриги бор. Ҳар йили 20 февралда Урганчга улкан ижодкорнинг устозу шогирдлари, кўп сонли мухлислари жам бўладилар.
“Хоразм адабий муҳитида яна бир ўзига хос шоир Матназар Абдулҳакимдир. – деб ёзади академик Матёқуб Қўшчонов “Жайҳун жилолари” китобида. – Теран, кенг маъноли, гўзал шеърлар битиш билан бирга адабиёт олдидаги энг катта хизмати таржима бўлган бу ижодкор Паҳлавон Маҳмуднинг услуб ва мазмун жиҳатидан мураккаб шеърларини ўзбек тилига таржима қилиш билан шуғулланди. Улуғ аждодимиз унинг таржимасида қайта туғилгандек, адабиёт оламида қайта қад кўтаргандек бўлди. Матназар Абдулҳаким шайхлар шайхи, халқ қахрамони саналмиш яна бир хоразмлик азим сиймо – Нажмиддин Кубро рубоийларини ҳам алоҳида меҳр билан ўзбек тилига ўгирди. Кейинги вақтларда у форс адабиётининг етук намояндаси Бедил ғазалларининг таржимаси билан ҳам машғул бўлди.”
Ойбек ва Абдулла Қаҳҳордек атоқли адибларнинг ижод маҳоратини кенг қамровда очиб бера олган, Шукур Холмирзаевдек профессионал ёзувчининг икки юз бетлик эссесига бош қаҳрамон бўлган, шу жумладан, қўшсоҳил адиб, шоирлари тўғрисида ҳам ажойиб асар ёзиб қолдирган академикнинг бу мухтасар фикрлари адабий очеркимизга якуний жумлалар бўлиб кирганидан бахтиёрмиз. Ҳақиқий ижод эса ҳамма асрларда, наслларда, фаслларда ўзининг асл баҳосини олиб келган. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолаверади!
2015 йил

Сайт бўлими: Адабий танқид

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ