"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Йоханн Вольфганг Гёте. Ёр нигоҳи чорлар уни юрак-юракдан (шеърлар)

Ўқилди: 1 194

GyoteБуюк немис шоири ва мутафаккири Йоханн Вольфганг Гёте (1749-1832) жуда мураккаб замонда яшади ва ижод қилди. У илм-фан, бадиий ижодга муносабатда маълум маънода Шарқ мутафаккирларига ўхшаб кетарди, кўламни ниҳоятда кенг даражада олиш жиҳатидан ўша пайтда Европада унинг монанди учрамасди. Лессинг, Шеллинг, Шиллер, Гегель, Гейне сингари буюк истеъдодлар силсиласида Гётенинг ўрни алоҳида ажралиб туради. Адиб яшаган Веймар шаҳри XIX аср бошларида Европанинг ўзига хос адабий марказига айланди, бу ерга замонанинг таниқли шоир ва адиблари У.Теккерей, А.Мицкевич, В.Жуковский, Г.Гейне ва бошқалар ташриф буюришган эди.
Гёте замондоши бўлган тадқиқотчилардан бири, даҳо ижодига назар ташлар экан, унинг кучи, салоҳияти, бемисл ғайрати, ижодий интилишлари амалий ҳаётда кенг майдонларни талаб қилганини, воқелик эса қанотни кенг ёзишга имкон бермайдиган даражада биқиқ ва аянчли эканини ўринли таъкидлаб ўтганди.
Гёте адабиётнинг жуда кўп жанрларида қалам тебратди. Илм-фан соҳасида, турфа адабий жанрларда ижод қилган, романлар, фожиалар, хусусан, “Ёш Вертернинг изтироблари”, “Фауст”, “Эгмонт”, “Яқин кўнгиллар” сингари оламшумул асарлар яратган адиб, умр бўйи шеърият билан ошно бўлди, кўплаб лирик шеърлар ёзди, “Ғарбу Шарқ девони”ни иншо этди.
Бу йил буюк адиб туғилганига 265 йил тўлди. Улуғ адиб ва мутафаккирнинг турли йилларда ёзилган лирик шеърларидан бир туркуми шоир ихлосмандларига тақдим этилмоқда.

Ҳаёт

Ҳаёт, мени санама ожиз,
Такрор-такрор тегма жонимга!
Хотиржамлик тилайман ёлғиз,
Сола кўрма чанг имонимга!
Не йўл танлай? Кетайми бадар,
Азоблайсан бевақт, бемаҳал.
Бахтга ноил бўлмасам агар,
Ақл бергил менга лоақал!

Жасорат

Олисларга дадил боқ, ўғлон,
Ҳали ҳеч ким босмаган қадам –
Майдонларни забт айла шодмон,
Ўз-ўзингга йўл оч муаззам!

Сал оғирроқ бўлгин, юрагим!
Дарз кетса – ҳеч айлама парво!
Ёрилса – муз, сен эмас асло!

1775-1776
Жасорат

Олисларга дадил боқ, ўғлон,
Ҳали ҳеч ким босмаган қадам –
Майдонларни забт айла шодмон,
Ўз-ўзингга йўл оч муаззам!

Сал оғирроқ бўлгин, юрагим!
Дарз кетса – ҳеч айлама парво!
Ёрилса – муз, сен эмас асло!

1775-1776

Алвасти[ Шеърнинг асл номи “Ольха қироли”. Рус таржимони “Лесной царь” дея таржима қилади. Мазмунидан келиб чиқиб “Алвасти” деб ўгирдик (изоҳлар таржимонники).
]

Ким бемаҳал, тунда ўрмон ичра от солган?
Ўғилчасин мингаштирган отлиқ, кеч қолган.
Қути учиб отасига ёпишса ҳам, воҳ,
Исимайди, болакайни босади титроқ.

“Намунча сен қисинасан пинжимга, болам?”
“Алвастини кўрдим, ота… кўзлари ола…
Бошида бор қора тожи, соқоли ўсган…”
“Йўқ, оқарган тумандир у, дарёни тўсган”.

“…Яхши бола, мен томонга ташла бир назар;
Кўп ғаройиб нарсаларни кўргунг муқаррар:
Феруза гул, турфа гуллар, дур-гавҳар бисёр,
Нақ олтиндан қуйилгандир қасрим улуғвор”.

“У алвасти, юр, қасримни кўрасан, дейди,
Дур бераман, ўйнаб-кулиб юрасан, дейди!..”
“Йўқ, йўқ, ўғлим, сенга шундай туйилгани рост,
Алвастимас, шамол ўйнар баргларни холос…”

“…Кел, болажон! Билсанг агар, эманзорим зўр,
Гулдай-гулдай қизларим бор, сен уларни кўр.
Биргалашиб, елиб-чопиб ўйнагайсизлар,
Ҳориб-толсанг, ухлатишиб қўйишар қизлар”.

“Ота, қаранг! Қизларини чорлар алвасти;
Ана, шохлар орасидан имлашар аста…”
“Йўқ, ҳаммаёқ тинч; кўрганинг қизлар эмас, йўқ:
У ҳурпайган дарахтлардир, кўнглинг бўлсин тўқ”.

“…Ширин бола экансан-да, ялинмам ортиқ:
Йўқ десанг гар, зўрлик билан олурман тортиб!”
“Ота! Ота!.. Қувиб бизга етай деб қолди!
Нафас қисар… ана… мени ушлаб ҳам олди!..”

Ваҳимага тушган отлиқ ўқдай елади;
Ингранади бола, гоҳ-гоҳ оҳ-воҳ қилади…
Уйга етди ота боқмай ўнгу сўлига…
Бола ўлиб ётар эди ота қўлида.
1782

Филина

Бас, етарли, кўз ёшлар ютиб,
Тун узун, деб ёзғирмоқ нечун?
Йўқ, Филина, тун яратилган
Сайли сафо, хуш дамлар учун.

Эркаклар дер: “Қўш мағизмиз биз!”
“Ярим”ларин тутиб назарда.
Кун ярми – тун, шу бизга азиз,
Тун гўзалдир азал-азалдан!

Кундуз ташвишларга ҳамроздир,
Кундуз доим ғурбат-ла боғлиқ.
Кундузнинг тез ўтгани создир,
Унда бўлмас ҳеч вақтичоғлиқ.

Лекин кечда сокин тун бағрин
Равшан айлаб ёнганида шам,
Нозлар ширин, сўзлар ҳам майин,
Бол томади дудоқлардан ҳам.

Қўшилишиб кетар нигоҳлар,
Амур[ Амур – антик дунё афсоналарида ишқ маъбуди. Қўлида ўқ-ёйи бўлган қанотли бола қиёфасида тасвирланади.
] – ошиқларнинг муҳиби,
Бизни ишқий ўйинга чорлар,
Тун туйилар бир роҳат киби.

Севишганлар узра ногаҳон
Бахт қўшиғин куйласа булбул,
Кўнгилларга жойлайди фиғон,
Руҳларни ҳам айлайди малул.

Онт ичурмиз шунда баякбор,
Кузатурмиз соат бонгини,
Ўн иккинчи занг билан такрор
Қаршилармиз висол тонгини!

Ким кундузи зерикса беҳад,
Диққат қилсин шундай маънога:
Ғамга ботса гар кундуз қат-қат,
Тун тўлиқдир сайли сафога!

1795

Онт ичурмиз шунда баякбор,
Кузатурмиз соат бонгини,
Ўн иккинчи занг билан такрор
Қаршилармиз висол тонгини!

Ким кундузи зерикса беҳад,
Диққат қилсин шундай маънога:
Ғамга ботса гар кундуз қат-қат,
Тун тўлиқдир сайли сафога!

1795

Чўктирма ҳеч кўнглингни, зинҳор!
Ёшсан, мард бўлур эрлар.
Изласанг, бас, топасан бешак,
Ноумид шайтон, дерлар.

“Афсус! Бари беҳуда сўзлар!
Топиш осонмас бироқ.
Топай десам қўл етмас, ора –
Юлдузлар қадар йироқ”.

Нечун излай юлдузларни мен?
Улар ҳусни кўкка зеб.
Тунда осмон тиниқ чоғ, боққин,
Осмон кўрки шулдир, деб.

“Осмон тиниқ бўлганда қараб,
Кўзларимни олмайман.
Тунда… кўзда қанча ёш бўлса,
Тўка-тўка толмайман…”
1803

Дўсти учун дўст

Қўнғироқгул ўсади,
Ҳаворанг гул, ҳаворанг.
Бошин баланд кўтармиш
Майсалар узра, қаранг.

Ширинтомоқ болари
Шарбатин тотар нуқул:
Ахир дўсти учун дўст
Асалари билан гул.
1814

Паж[ Паж – маҳрам, зодагонлар ёки подшо саройида хизмат қилувчи ўғил бола, ўсмир.
] ва тегирмончи қизи

П а ж
Қаёққа? Тўхта бирпас!
Гаплашайлик бир нафас!
Исминг нимадир?

Т е г и р м о н ч и  қ и з и
Лиза.

? Шошилма, пари!
Қўлда хаскаш билан чопмайдилар, бил.

Т е г и р м о н ч и  қ и з и
Яқин ўтлоғимиз, бизларнинг манзил
Ҳов анови қўрғондан нари.

П а ж
Қўрқмайсанми ёлғиз юрмоққа?

Т е г и р м о н ч и  қ и з и
Узоқ эмас ўтлоққа!
Аммо ишим жуда шошилинч:
Ҳил-ҳил пишди боғда ноклар ҳам,
Ўримдан сўнг тераман кам-кам,
Қушлар чўқиб қўймаётир тинч.

П а ж
Йўқми бунда шийпон биронта?

Т е г и р м о н ч и  қ и з и
Иккита бор икки томонда,
Ҳў-ў, панжара олдида бири.

П а ж
Соз бўларди, Лиза фариштам,
Унда икков танҳо олсак дам,
Салқин ҳаво гаштини суриб!
Нокингни ҳам қоқиб берардим…

Т е г и р м о н ч и  қ и з и
Сал қийналиб қолмасмикансиз?

П а ж
Сўнг қучоқлаб, кўкрак керардим…

Т е г и р м о н ч и  қ и з и
Хийлагина шум, қув экансиз…

Ўз ҳаддини билсин ҳар киши,
Дейдилар-ку, тенг-тенги билан.
Оқартирмоқ – доим ун иши…
Кийимингиз қоп-қора экан,
Кир қилади унга тегиб ун,
Чўтка ҳам йўқ, тозалаш учун…

Йигитим бор, батрак, мард ўғлон,
Удир кўнглим ёритган зиё.
Ун билан ун чиқишар осон,
Ун унни ҳеч кир қилмас, асло!

1797
Тоғдаги қаср

Чўнг қоялар аро қўр тўкиб,
Қаср турар юксакда, ана.
Миноралар бир пайтлар мағрур
Рицарларга эди бошпана.

Гўрда ётар рицарлар бироқ,
Миноралар куйиб бўлган кул.
Нураб ётган деворлар бўйлаб,
Ичкарига мен оламан йўл.

Бир замонлар ертўла ичра
Сақланарди қимматбаҳо май.
Оқсоч қиз ҳам энди бу томон
Кўза тутиб қўйганди кирмай.

Аввалгидек шошилмас залга,
Меҳмонларни олмайди кутиб,
Майдан қуйиб қутлуғ байрамда
Попга лутфан юрмайди тутиб.

Елиб-чопар экан, паж томон –
Чўзилмайди қадаҳ тутган қўл:
Пинҳон қилган сийлов учун қиз –
Пинҳон ҳадя этмайди қабул.

Деворлар ҳам, шифту пештоқ ҳам
Зинапоя – ҳаммаси вайрон.
Қулаб тушган ибодатхона,
Хоналардан кўринмас нишон.

Аммо хушнуд бир кунда, ёнда –
Ёш қайлиғим, суюклим, жоним,
Қўлда шиша, ўзга қўлда уд,
Тик қояда турган замоним,

Вайронага файз кирди гўё,
Ҳаётбахш руҳ кезди ҳар ёқда.
Аввалгидек байрам айёми,
Шовқин-сурон эшитилмоқда.

Хаёлимда, нозик меҳмонлар
Масрур келишмоқда изма-из.
Хаёлимда, ўтган замондан
Бир жуфт бўлиб кирмоқдамиз биз,

Кашиш кутар минбар олдида,
Ҳузурига чиқгаймиз аста,
У сўрайди: “Розимисизлар?..” –
Ерга боқиб деймиз секин: “Ҳа…”

Жаранглайди фараҳли қўшиқ,
Ёш қалблардай покиза ва соф,
Ҳаёт ишқи, ёруғ туйғулар
Юраклардан ўтади шаффоф.

Шом киради ҳаш-паш дегунча,
Тинар, тугар ишқнинг эртаги.
Ботаётган кун қоялардан
Йиғиштириб олар этагин.

Хонимлардай юрар оқсоч қиз,
Паж рицардай кезади шахдам.
Пажни меҳмон қилар, сийлар қиз…
Ҳадя берар сахий йигит ҳам…
1802

Эҳтирос сегоҳи[ Яъни, “Трилогия страсти”. Бу машҳур туркум, Гётенинг ўзи эътироф этишича, ҳеч бир бошқа асарларига ўхшамайди. Шоир 74 ёшида ўн етти яшар Ульрика фон Левецов деган қизга қаттиқ кўнгил қўяди ва унга уйланмоқчи бўлади. Аммо қизнинг ота-онаси қаршилиги билан бу ният амалга ошмайди. Айрилиқ юз беради. Туркумда ўша айрилиқ азоблари ўз аксини топган.
]

1. Вертерга[ Вертер – Гёте асари қаҳрамони.
]

О, кўзларни аччиқ ёш-ла сийлаган сиймо,
Гўё ўтмиш соясидай бўлдинг намоён,
Меҳмон каби кутиб олди бу ёруғ дунё,
Ҳайиқмасдан рўбарўмда турасан шу он.
Сен ёдимга солдинг, ўша олтин дамларни,
Яшнарди биз учун гуллар далалар аро.
Ҳайдаб нари бор кундузги ташвиш-ғамларни,
Айлар эдинг кун ботишин завқ-ла томошо.
Сен-ку – кетдинг, қисмат экан яшаб қолдим мен,
Кетдинг, аммо кўп нарсани йўқотмадинг сен.

Аслида-ку, бахт-толе деб берилган ҳаёт:
Кундуз кўрки, тун чиройи, само, коинот.
Аммо жаннат боғларин бир кезган одамзод,
Офтоб нурин симираркан, дам ўтмай, ҳайҳот, –
Қисматда бу – жим турмайди, дарҳол шу пайти
Ўз-ўзи-ла, ўзга ила кураш бошлайди.
Аммо бири иккинчисин босолмас ўрнин!
Ташқарида – тун, кўнгилда – кўргаймиз нурни,
Ё чулғаса қалбни зулмат чароғон кунда,
Қандай бахтни бой бердик биз – англаймиз шунда.

Мана ўша! Сен қанчалар ҳаяжонда лол,
Аёл кўркин кучин кўрдинг нечоғ бемисол!
Мафтун йигит ёрқин, порлоқ рўёларга ғарқ,
Баҳор сари одим отар, баҳордай ярқ-ярқ.
У ҳайратда: бағрин очмиш унга кенг олам,
Уникидир жумла борлиқ, еру осмон жам.
Ҳозир унга уй ҳам тордир, қасрлар ҳам тор,
Йироқларга интилади пуркуч улуғвор.
Қуш мисоли уфқларга этади парвоз,
Осмонларга учар, яйрар, чарх урару боз –
Ерга томон қанот қоқар осмон-фалакдан,
Ёр нигоҳи чорлар уни юрак-юракдан.

У барибир билар, бир кун – эртами ё кеч,
Асир тушар, парвозга ҳам илож қолмас ҳеч.
Висол они – фароғатдир, ҳижрондир – дўзах,
Яна висол! Шаксиз тутгай ҳар ённи фараҳ!
Бир лаҳзада йиллар шавқи бўлгай жобажо!
Аммо ортда пойлаб тургай ҳижрон, алвидо.

Кўзларингда ёш ялтираб, маҳзун кулдинг сен,
Ўлим билан донг таратдинг, машҳур бўлдинг сен,
Ҳамма кўз ёш тўкди аччиқ сўнгги фурсатда,
Ташлаб кетдинг бизни шодлик, ғаму ғурбатда.
Уч-қуйруқсиз тақдир бизни тинч қўймас асло,
Эҳтироснинг чалкаш-чулкаш йўллари аро
Бошлайди биз бебахтларни: “Тўхтама, юр!” деб,
Замирида ўлим пинҳон ҳижронни кўр, деб.
Ишқ куйчиси куйлар, кўнгил йиғлайди зор-зор,
Видо – ўлим, суйганингдан айрилма зинҳор!
Алам тортган руҳсизларга юпанч эт ато,
Дардларидан сўз очишга имкон бер, худо!
1824

2. Элегия

Азобдан лол қолиб қийналганда жон,
Дардимни айтишга йўл берди раҳмон.
Торквато Тассодан[ Торквато Тассо – 1544-1595 йилларда яшаган итальян шоири. Асарлари классицизм ва барокко услубларида яратилган.
]

Не келтиргай интиқ қилган висол оқибат,
Ҳали-ҳануз очилмаган, ул бокира гул?
Дўзахми ул, жаннатми ул – шодликми, ҳасрат?
Оҳ, кўнглингга шубҳа-гумон излаётир йўл.
Ул гул жаннат сари борар, яқин кирмоғи,
Севгисида – яшнар сенинг самовий боғинг.
Аста жаннат боғларига босарсан қадам,
Мангу умр соҳибидай, мангу руҳ каби.
Бунда йўқдир умидлар ҳам, хоҳиш, азоб ҳам,
Бунда – сенинг Эрам боғинг, орзу-матлабинг.
Дунёдаги ўшал танҳо нигоҳга тик боқ:
Кўз ёшларинг қурир тамом, боққил яхшироқ.

Кун судралар амал-тақал маъюс ва мунгли,
Зерикарли лаҳзаларни санайсан бир-бир.
Аммо кундуз, қоқ тушдаги офтоб ҳам тунги –
Бўса изин йўқотишга эмасдир қодир.
Лаҳзалар ҳам бир-бирига ўхшашар, қаранг:
Ака-ука янглиғ бир хил, аммо турфа ранг.

Сўнгги бўса ширин… ҳайҳот, мастсан лаззатдан,
Лаб босасан дудоқларга ташна ва чанқоқ.
Шошиласан ортга қараб, қочиб жаннатдан,
Гўё сени қувиб солар фаришта шу чоқ.
Олдга боқсанг қоронғу йўл, – дилга чўкар ғам,
Ортга боқсанг – ёпиқ жаннат дарвозаси ҳам.

Юрак ногоҳ узлат сари чекинар гўё,
Гўё қизга мутлоқ сирин очмаган мисол,
Толени ҳам ҳис этмаган, билмаган ҳатто,
Ёғдуси-ла юлдузларни қолдирмаган лол…
Шубҳа-гумон, қайғу-алам, гина, маломат
Қамраб келар эди уни мисли фалокат.

Ёки олам йўқ бўлдими? Наҳотки тоғлар
Тонг нурида олтинланмас, кўрсатмас чирой?
Далаларда йўқ зироат, шабнамсиз боғлар,
Ўрмон аро ўтмас энди дала томон сой?
Ярақламас бошлар узра гумбази даввор,
Сўнг булутлар тарқар, кўк-чи – анвор ул-анвор…

Ана, кўргил, юксакларда, осмон тоқида,
Нур, ҳаводан бино бўлган ойжамол мисол,
Фариштани танг қолдириш иштиёқида,
Ярақлайди ўшал гулга ўхшаган тимсол.
Бал, зиёфат, базмларда барқ урган жонон
Бўлар эди кўз олдингда шундоқ намоён,

Фақат бир он ҳайрат ила боқиб қоласан,
У жонсиздир, соя холос, руҳ, бир ҳавойи.
Ўша, ўша, хаёлингда яшаган суман,
Ҳар лаҳзада ўзгаради аммо чиройи.
Ўзи ёлғиз, бироқ юз хил тажассуми бор,
Ҳар тажассум шуълавордир, порлоқ, улуғвор.

У дарвоза қаршисида турарди доим,
Жаннат сари юриб кетдик зиналар боса.
Кетар чоғи ўпар эди мени мулойим,
Сўнг ортимдан бориб такрор берарди бўса…
Мангу тинмас ҳаракатда беором тимсол,
Ўт-ла қалбда нақшланмиш ёрқин, баркамол.

Ўшал қизга борлиғини бахш айлаган қалб
Ундан топди излаганин – муқаддас ҳисни.
Ўзин тўла кашф этолди ўша гул сабаб,
Зеро, ул гул сиймосида кўролди ўзни.
Ва ҳар лаҳза жўшар экан томирдаги қон,
Асирликни эркдан ортиқ кўрди бегумон.

Аллақачон совуқ ҳолат чулғамиш мени,
Совигандай қоним ҳам; йўқ майл ила ҳавас.
Бирдан босиб келди, ажаб, ҳаёт тўлқини:
Орзу, умид, мақсад, ният – бари басма-бас.
Шунда билдим, туғилганда янги тилаклар,
Ишқ ўтидан тириларкан севган юраклар.

Ҳаммасига ўша сабаб! Ғам-қайғу эзар,
Ҳориб-толдим, кўнглим ўксик, жоним ҳалакда.
Кўз олдимда ғира-шира арвоҳлар кезар,
Ёруғлик йўқ тунги кўкдай бўм-бўш юракда.
Бирдан кўнглим ёришди-ку – жамол очди гул:
Қуёш янглиғ рўбарўмдан ёниб чиқди ул.

Ҳақ яратган сирли хилқат – қалбнинг давоси,
Китобларда битилмишдир бу бори ҳикмат.
Шу ҳилқатдек ҳаётбахшдир севги маъвоси,
Дилдор билан қовушмоқлик – ошиқда мақсад.
Ёр ёнимда – ҳар не бўлса борим бахшида,
Бахтим, тахтим, аҳдим, касбу корим бахшида.

Талпинамиз биз нурафшон тимсолга томон,
Унга етмоқ, таъзим қилмоқ орзу муқаддас.
У мангудир, уни англаб бўлмас ҳеч қачон,
Унга ўзни топширмоқлик энг олий ҳавас.
Бу тақводир! Ёр олдида турибман, ёҳу:
Юрагимдан сизиб ўтар бу улуғ туйғу.

Кўклам тафти, оҳори бор ёр нафасида,
Нигоҳида – офтоб нури, шуъла, ёғдуси.
Юрагининг қат-қатида, дил қафасида
Тўнгиб ётган худбинликнинг эрийди музи.
Қадамларин кўриб, қочар ғаразлар нари,
Улуғворлик даъвосию кибрлар – бари.

Ёдимдадир, дилдоримнинг айтган сўзлари:
“Ҳар он ҳаёт туҳфа айлар, фароғат, ҳузур.
Қалбимизда йўқдир асло ўтмиш излари,
Келажакни бироқ ҳеч ким қилмас тасаввур.
Сен кутдинг-ки оқшом олиб келар ғам-алам,
Йўқ, кун ботди, ўзни сездик бир бахти бекам,

Тут ўзингни қувноқ, дадил, бўлма фаромуш,
Сен лаҳзанинг кўзига боқ! Шунда ҳамма сир!
Ишқ дейсанми, ё жасорат, ё оддий юмуш,
Ҳаёт сенга инъом этар барин бирма-бир.
Болаларча соддалик-ла айлагил қабул:
Бари ҳукми фармонингда жам бўлғуси, бил”.

Ўйлар эдим: “Тўғри, шундоқ сийлайди тақдир,
Лаҳзаларнинг муруввати сенга армуғон.
Сенга боқиб кўрдим, шак йўқ, бу рост, аниқдир:
Яратганнинг суйган қули экансан аён.
Аммо турса олдда машъум айрилиқ қараб,
Унда сенинг ўгитингдан бизларга не наф?..”

Ва… сен кетдинг!.. Шу лаҳзадан бошлаб мен ночор,
Не қилмоқни билолмасман, ғам-дард қаърида.
Турмушимда ҳаловат йўқ, руҳим беқарор,
Ҳеч нимарса эмас даркор, тўйдим баридан.
Мисли даштда танҳо янглиғ ўртаниб, ёниб,
Фақатгина кўз ёшларга қолдим ишониб…
Ўчмас асло, бурқсиб ёнар ичимдаги ўт,
Оқинг, дарё бўлиб оқинг, кўз ёшлар, алъон!
Қалбим қонар, парканд-парканд бўлсам дер вужуд,
Ҳаёт-мамот жанги кетар, жангки – беомон!
Дардим зил-зил, давосига дармон керак-да…
Лекин рағбат, журъат йўқдир, ҳол йўқ юракда.

Ақлим етмас, мангуликка бўлдим мен жудо,
Суйганимдан куппа-кундуз айрилдим ногоҳ.
Офтобжамол мени чорлар ёнига, аммо
Гоҳ кўринар, йироқларда ғойиб бўлар гоҳ.
Юпантира олмас мени дунё – бири кам,
Орзулар ҳам, парвозлар ҳам, инқирозлар ҳам.

Хайрлашмоқ керак, дўстлар! Дилда кўп армон,
Тик қоялар орасида қолгум мен ёлғиз.
Ёруғ жаҳон, кенг жаҳонга юз буринг шодмон,
Ҳашамату дабдабадан завқ олингиз сиз!
Барин билинг – осмону ер, дара, дарёни,
Табиатнинг туб-тубини, борлиқ дунёни!

Болаликдан манглайимни силамиш Худо,
Ўз-ўзимни бой бердим мен, бор умрим хароб.
Пандоранинг[ Пандора – Зевснинг қизи, юнон маъбудаси; унинг сандиқчасида оламнинг бутун азоб-уқубати, бало-офати жам бўлган эмиш (Юнон афсонасидан).
] сандиқчасин кўрдилар раво,
Унда жамдир бойлик, жами уқубат, азоб…
Бахтли эдим, гулрў бирлан ўтдим никоҳдан,
Рад этилдим, ўладурман энди оҳ-воҳдан…
1823

3. Ярашув

Эҳтирослар изтиробга йўл топар осон,
Азобли дил айрилиққа бера олмас дош.
Қайдадир ул масъуд онлар, кетдилар қаён
Ул гўзаллик, ул нафосат, ул сулув сирдош?
Руҳим синган, не иш қилсам самарсиз бари,
Олам кўркин ҳис этмайди қалбим меҳвари.

Ногаҳонда бошинг узра жаранглар наво,
Фаришталар қанотида куй келиб етар,
Борлиғингга қутқу солиб шовқину ғавғо,
Оҳангларнинг ғалаёни қалбинг забт этар.
Кўз ёшларинг оқмоқдами? Йиғла, роҳат қил,
Кўз ёшлар ҳам мусиқадек илоҳийдир, бил!

Юрак сезар: қўр, ўт олар, шавққа минар боз,
Тепа бошлар, янги ҳаёт куйини чалар.
Ҳадяларга ҳадя берар, роз деганга роз,
Ўзлигини бахш этмоққа тайёр шунчалар.
Тирилурсан, икки бахтдан чиқмасин бошинг,
Мусиқа-ю, эҳтирос, бас, бўлсин йўлдошинг!
1823

Рус тилидан
Муҳаммад АЛИ таржималари

Сайт бўлими: Жаҳон шеърияти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ