"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Усмон Азим. Поезд (драма)

Ўқилди: 1 594

1-poezd 2

Ўзбек Миллий академик драма театрининг 100 йиллигига бағишланади.

ҚАТНАШУВЧИЛАР:

РАҲБАР
ТоШТЕМИР СОБИРОВ
ТОЛҒИН МОМО
ТАНГРИҚУЛ ИНҚИЛОБЧИ
ЧОРИЁР
ЯХШИЛИК
ОРЗИҚУЛ
ТОЛҒИН МОМО
ТЎҚСУЛУВ
АРСЛОН
ОЙЧУЧУК
ҚУВВАТ
ЖАББОР
1-БОШЛИҚ
2-БОШЛИҚ
РАФИК

Шунингдек, темирйўлчилар, сағировулликлар, муалимлар мактаб ўқувчилари ва бошқалар.

1

Саҳродагиги қишлоқнинг харобгина гузари. Гузари дейиш ҳам қийин, шунчаки  одамлар кесишиб қоладиган яланглик.  Икки ҳовлининг дарвозаси, бир уйнинг эса деразаси гузарга чиққан. Ҳовлиларнинг деворлари ажойиб – баъзи жойлари  уваланиб борётган пахса, баъзи жойлари саксавулу жинғилнинг шох-шаббаси билан ўралган. Ёғочларнинг ҳам баъзилари қийшайган, баъзилари йиқилган… Бир тпарафда, лой тупроқдан бир жуфт “супача”; иккинчи тарафда, ерга кўмилган ёғоч тиргаклар устига бир тахта омонатгина қоқилиб, ўриндиқ ўрнатилган. Нимага кўзинг тушса, аллақандай ноиложлик ҳукм суради. Гўё саҳро бостириб келётгандай. Супада Ч о р и ё р, Я х ш и л и к  ва О р з у қ у л  қарта ўйнашаяпти. Т а н г р и қ у л  И н қ и л о б ч и  ўриндиқда таранзистор радиочани қулоғига босганча, ниманидир берилиб эшитяпти.

ЧОРИЁР. Мен билан ҳазиллашманглар дедим-ку, укалар. Ҳали акаларингга етишга анча бор!.. Хўш, мана олтигинани босинг-чи, Яхшиликбой.
ЯХШИЛИК. Икковларинг бир ташланиб кўрасизлар-да энди… қўрқадиган жойимиз йўқ… Ман бу валетбой олтингизни миққилатмай босади. Қани энди, Орзубой, сиз юринг-чи!..
ОРЗУҚУЛ. Биз ўйлаб юрамиз! Ўйламасдан бир қадам ҳам қўймаймаз! Хўш… (Қартага қараб, ўйланиб қолади).
ЧОРИЁР. Дунёда нима бўляпти, Тангриқул Инқилобчи?

Тангриқул қўли билан “жим” дегандай кескин ишора қилади.

Тангри бўлсангиз ҳам, дунёнинг ишларини бизга айтиб туринг. Биз ҳам эшитайлик, бундай… хабардор бўлайлик.
ОРЗУҚУЛ. Хабардор бўлсанг, дунёга маслаҳат берасан-да, а?
ЯХШИЛИК. Чориёр оти билан Чориёр! Ақлли! Дунёга маслаҳат беришни дўндиради. Фақат ўзига қолганда, ақли сал етмай қолади.
ОРЗУҚУЛ. Айби йўқ. Бизнинг Чориёр фидойи — бор ақлини отга сарфлайди, кўпакарига сарфлайди.
ЧОРИЁР. (ҳамон қартадан кўз узмай, уйланиб). Ақлимиз кўп. Бизнинг гапимизга кўнган муродига етади. Шу Горбачўпни кўп йўлга солдим. “Ўв, пошшоҳлик бундай бўлмайди! Душманнинг гапига кирма! Ҳовлиқма!” деб кўп айтдим. Айтганни қилмади! Мана, энди тахтидан ажралиб,гангиб юрибди. Гоҳ Америкага боради, гоҳ Францияга… Хўш… (Қарта ташлаб) Мана, бунга нима дейсан, умрида яхшилик қилмаган Яхшилик ука!
ЯХШИЛИК.  Бунингни эса…  Таппа босаман! (Қарта “уриб”, аввалги гурингни давом эттиради.) Горбачўвинг асли шпион!
ОРЗИҚУЛ. Американинг шпиони!
ЧОРИЁР. Ақлсиз! Ақлсиз одам шпиондан ёмон-да!.. Масалан, мана, икковларингни олайлик…
ЯХШИЛИК. (хезланиб). Бизга нима бўлган? Бизга нима бўлган?
ОРЗИҚУЛ. Во-ей! Бошланди!
ТАНГРИҚУЛ. (қулоғидан радиони олиб, бақиради). Секинроқ гапиринглар! Секинроқ! Дунёнинг тақдири ҳал бўляпти! Бирор нарсага қизақасанларми ўзи!
ЧОРИЁР. Энди қишлоғимизда электр ўчиб ётган бўлса, радио гапирмаса, телевизор кўрсатмаса… Тўлғон момонинг туяси бўталаганидан бошқа хабар бизга етиб келмаса!.. Нимага қизиқамиз?
ОРЗИҚУЛ. Э, Тўлғон момомнинг туяси болаладими! Зўр мояда лекин! Шундан бир зот олиш орзум бор-да. Шу моянинг зоти Чингизхоннинг нор туясига бориб тақалади, дер эди боболар… (Қарта ташлаб) Мана, бугинани босинг қани, Яхшибой!

Тангриқул уларга қўл силтаб, яна радиони эшитишга тушади. Ҳаяжондан у ёққа-бу ёққа юриб-бориб келаверади. Эшитаётган гапини гоҳ ўзини унитиб маъқуллайди, гоҳ ҳаяжонланиб,“Баракалло, ота ўғли!”, “Тўғри!”, “Зўр!” деган хитобларни ҳам айтиб қўяди.

ЯХШИЛИК. Орзиқул, Қаршига тўйга бориб келганингдан гапирмайсан? Божангнинг тўйи яхши ўтдими?
ОРЗИҚУЛ. Тўй-ку яхши ўтди… Аммо… (қарта ташлаб)  Буни босинг, қани!..
ЧОРИЁР. Тўй яхши ўтган бўлса, нимага чайналасан?
ОРЗИҚУЛ. Э, гапиргим ҳам келмайди!.. Бориш-келиш жуда қийнади-да!..
ЯХШИЛИК. Нима, пиёда бордингми?
ОРЗИҚУЛ. Пиёда борганим ҳам яхши эди. Бундан бир кун йўл босиб, поезд йўлга чиқдик. Поезд ана у мамлакатдан ўтмайдими? Кўрмаганинг кўргани қурисин! Ўзлар хон, кўланкалари майдон! Чегарчилари олти соат ушлади! Кейин божхоначилари чиқиб, ҳамма нарсани титди! На жамадон қолди, на тугун! Ичкилик сувларгани ичириб кўришди! Э, ака, бу сув десанг, кулишади!.. “Қаердан биламиз?”, дейишади… Ҳамммани тантинтув қилишди. Вагонимиздаги бир жувонни тинтиймиз деб, ортиқча ҳаракат қилишган эканми, жувоннинг эри божхонадагилар билан муштлашиб қолди. Ўзбекнинг ори келса, дунё кўзига кўринмайди! Ўзиям нор туядай йигит экан! Уч-тўрттасини уриб ташлади. Милиса келди! Жувон увввос тортган, одамлар бақирган… Бировга ишимиз тушмасин экан! Хор қилишди. Тўй ҳам таътимади-э!..
ТАНГРИҚУЛ. (радиони қулоғидан олиб). Улар давлатчилик кўрмаган халқ!(Яна радиони қулоғига тутади.)
ЧОРИЁР. “Йўл азоби, гўр азоби” .. (Қарта ташлаб)
Яхшилик. Бировнинг кўзига қарагандан ёмон нарса йўқ! Поездга етгунимизча бир азоб эди, етгандан кейин минг азоб бўлибди-да!
ОРЗИҚУЛ. (қўл силтаб). Айтма! Дунёдан узилиб қолдик!
ТАНГРИҚУЛ. Шу эрмакларингни йиғиштиринглар. Дунёда қандай зўр ишлар бўляптию, сенлар қарта ўйнаб ўтирибсан!
ЯХШИБОЙ. (Танги қулга парво қилмай). Юринг, Орзиқулбой!.. Нима бўлганда ҳам, дунё бу қишлоққача етиб келмайди, Инқилобчи. Ўз оти билан Сағировул! Дунёнг бизга келгунча, саҳрода адашиб-адашиб, “э, бор-э”,  деб қайтиб кетади. Кўп кўрганмиз. Дунё бесабр… (Бирдан орзуга берилиб.) Аммо бир келса эди. Шу саҳрони, ўлай агар, боғ қилиб юборар эдим.
ОРЗИҚУЛ. Топган гапингни қара! Боғ қилар эмиш!.. Дарё бу Сағировулдан юз эллик километр нарида. Олтмиш хонадонли Сағировул учун ким канал қазади. Бунинг устига қаҳатчилик! Дўконларда қуриб ётибди-я!..
ЧОРИБОЙ. Гарбачўпга айтдим, “Ўв, кўп гапирмасдан, ишингни билиб қил”, дедим. Гапимга кўнмади! Чорибойнинг гапига кўнмаганни ҳоли вой бўлади. Ўзи-ку майли, мамлакатни хор қилиб кетди. Унга ўхшаган ақлсизлар ҳамма жойда бор! Масалан, мана, икковингни олайлик…
ЯХШИЛИК. (бирдан тутоқиб). Э, биздан бошқа гапинг йўқми!
ТАНГРИҚУЛ. Жим! Жим! Ўв! Дунё бехабарлар, ажойиб ишлар бўляпти! Ажойиб ишлар!
ОРЗИҚУЛ. Э, туғилганингдан буён “ажойиб ишлар!” бўляпти дейсан!.. Қани ўша ажойиб ишлар!

Тўқсулув муаллим гузарни кесиб ўта бошлайди. Қарта ўйнаётганларни кўриб, тўхтайди.

ТЎҚСУЛУВ. Мен сенларга нима деган эдим? (Қарта ўйнаётганлар ийманиб ўрнидан турадилар). “Кўчада қарта ўйнаманглар”, деб айтмаганмидим! Ўқувчиларнинг тарбиясини бузяпсизлар.
ЯХШИЛИК.  Нима қилайлик, директор опа?
ОРЗИҚУЛ. Иш бўлмаса…
ЧОРИЁР. Ўзи одам ишсизликдан уялиб кетяпти, Тўқсулув опа! Эркакнинг иш бўлмаса, хотинга ўхшаб қолар экан. Масалан, (Орзиқул ва Яхшиликни кўрсатиб) мана бу икковига бир қаранг!.. Хотинга ўхшаб қолмайлик деб, жонҳолат қарта ўйнаяпмиз-да!
ТЎҚСУЛУВ. Мол-ҳолларингга қаранглар…
ЧОРИЁР.  Молни ҳам сотиб адо қилдик.
ТЎҚСУЛУВ. Магазинингни юритсанг бўлмайдими, Чориёр?
ЧОРИЁР. Мол йўқ. Саҳро ошиб, бормаган жойим қолмади. Бозор қуп-қуруқ. Олиб-сотарлар ўлат теккан тулкидай ранги сарғайиб юрибди. Ҳеч вақо йўқ…

Ҳамма жим қолади.

ТЎҚСУЛУВ. (жуда эҳтиётлаб, ҳар бир сўзни излаб айтганча). Уйларингда… у-бу нарса… етарлими ўзи?

Эркаклар жим қолишади. Фақат Тангриқул негадир қувониб, ҳаракатлари  билан қаерлардаги гапларга мадад берган кўйи, радио тинглаяпти.

ОРЗИҚУЛ.(жимликни аранг бузиб). Ҳаммаси яхши бўлади…
ЯХШИЛИК. (бирдан жаҳли чиқиб). Қачон яхши бўлади? Қачон! Ўзи шу жойдан кўчиб кетиш керак. Кетиш керак! Сағировул ҳеч кимга керак эмас! Сағировулнинг одамлари ҳам керак эмас! Биз ортиқча одамлармиз! Бу ердан кетиш керак! Тезроқ кетиш керак.

ТОЛҒИН МОМО (ичкаридан). Ким кўчиб кетмоқчи? Ким?

Уйидан Т о л ғ и н момо чиқиб келади. Жимлик чўкади.

Ким кўчиб кетмоқчи? Ҳозир ким Маман чолнинг итига ўхшаб, увуллаётган эди?!

Ҳамма жим турибди.

Қаёққа кетмоқчисан! Бу саҳро туғилган жойинг! Ит ҳам туғилган жойини ташлаб кетмайди. Ўн кунлик йўлга этиб ташла, қайтиб келади. Сенлар бўлса, бошларингга сал иш тушса юртни ташлаб кетмоқчи бўлиб турибсизлар! Сағировул қутлуғ жой! Менинг отам Шўроларнинг дастидан қочиб, шу ерга келиб қолишган. Мен ўшанда беш ёшар эканман. Сағировул бизни сотмаган. Мана бу саҳро бизни сотмаган. Сағировулнинг одамлари бизни кўринган каттага ота-бобоси Сағировулда ўтган деб гувоҳлик берган… Шундай лафзли одамлар яшаган жой хор бўлиб, қолиб кетадими? Бу овул сенларни кўкартирди. Одам қилди. Энди кетаманга тушяпсанми? Одамни бу жойдан фақат орзу олиб кетиши мумкин! Қаердаким биров орзусини амалга оширса, у дунёни ўстиради. Дунёга қўшилиб туғилган жойи ҳам ўсади… Сенлар энамиз Сағировулни саҳро ўртасига ташлаб кетмоқчисан. Яна нима учун? Қорин учун! Қаерларгадир  бориб семириб юриш учун… Бети қаролар!.. Беҳаёлар… Нодонлар!

Тўлғон момо ўртаниб-ўртаниб  гапира уйига кириб кетади.

ТАНГРИҚУЛ. (радиодан эшитган хушхабарни жар солиб, оламга эшиттиради). Зўр! Зўр!.. Ҳамма жой газ билан таъминланар экан! Сув билан таъминланар экан! Ҳамма жой!.. Зўр! Қойил! Сенлар бўлса, қарта ўйнаганларинг ўйнаган!.. Орқангни кўтарай демайсан.
ОРЗИҚУЛ. Нима қилайлик, Тангриқул Инқилобчи?! Нима қилайлик! Зерикиб ўлайликми? Ўзимизни осайликми? Қартадан бошқа нарса қолмади. Иш йўқ!  Сув йўқ! Газ йўқ! Электир чироқ ҳам, мана, беш ойдан буён ёнмайди!
ЯХШИЛИК. Куйинма-э!.. Миянгда бирор томир-помиринг узилиб кетади-да, дард устига ҳарина бўласан!
ТАНГРИҚУЛ. Сенлар тушинмаяпсан. Ҳозир ўтиш пайти. Худога шукур, мустақилмиз. Мустақиллик келади. Мана шу ерга келади. Шундай Сағировулни тўзғитиб қўядими? Фақат орқаларингни кўтариб, интилиш керак! Ҳаракат қилиш керак…
ЧОРИЁР. Худди радиога ўхшаб гапирасан, инқилобчи!

Тангриқул унга қўл силтаб, яна радиони эшитишга тушади.

ТЎҚСУЛУВ. Шу Тангриқул тўғри айтаяпти! Ҳали йигитсизлар. Қирқдан ошиб-ошмагансизлар. Қарта ўйнаб ўтирганларинг билан юкларинг енгил бўлмайди.
ЯХШИЛИК. Директор опа, сиз ҳам бошладингиз! Қаёққа интилайлик?

Уйидан Арслон чиқади.

АРСЛОН. (Яхшиликка). Мен кетаман, ота!
ЯХШИЛИК. (кесатиб). Қаёқларга кетасиз, Арслонбек ўғлим.
АРСЛОН. Шу… Айтган жойимга… Тошкентга.
ЯХШИЛИК. (ногоҳ сўлиш олиб). Аҳволни кўриб турибсан. Ҳамма гангиб қолди. Сен ҳам гангиб кетаётган бўлсанг, бормай қўя қол.
АРСЛОН. Гангиганим йўқ. Ўша-ўша гап.
ТЎҚСУЛУВ. “Ўша гап”инг нимаси? Тушинтириб гапир.
АРСЛОН. Ўқишга бораман.
ЧОРИЁР. Ўқиб нима қиласан? Ана, Орзубой қурувчи. Техникумда икки йил бош кўтармай ўқиган. Саҳрода нима қаққайган бўлса, шу одам қурган. Мана, энди идораси тарқаб, ишсиз юрибди.
ОРЗУБОЙ. Ўқиган яхши. Боравер. Интилганга худо беради. Ўз ҳолимизга ўзимиз ачиниб, ўтираверамизми?
ТЎҚСУЛУВ. Сен ўқисанг, уддалайсан. Мактабда яхши ўқигансан. Бор, болам, бор.
ЧОРИЁР. Ўқийман деб гаранг совлуқдай кетаверма-да? Қаерда ўқишингни, ким бўлишингни биласанми?
АРСЛОН. Биламан.
ЧОРИЁР. Ким бўлиб, дунёга довруқ солмоқчисан, Сағировулнинг арслони?
АРСЛОН.  Машинист бўлиб.
ЧОРИЁР. “Шопир” бўлиб, де!
АРСЛОН. Йўқ. Машинист. Тепловоз ҳайдовчиси?
ЧОРИЁР (ҳайратдан бақириниб). Нима?

Ҳамма Арслонни энди кўраётгандай, унга қараб қолади.

ОРЗУБОЙ. Энди… Орзуга айб йўқ.
ЯХШИЛИК. Қайтмас экансан-да, а?
ТЎҚСУЛУВ. Нима бўлса ҳам, ўқи. Ўқиган бир кунмас, бир кун ютади.
ЧОРИЁР. Бунча ваҳима қилдинг! Тўплабўзни ўзи кўрганмисан?
АРСЛОН. Кўрганман… Телевизорда кўрганман.
ЧОРИЁР. (ҳафсаласи пир бўлиб). Э-ҳа!.. Қойил лекин! Хайрият, телевизорда ракетани кўрмаган экансан! Бўлмаса, сени излаб осмонга қарайвериб, умримиз адо бўлар эди.
ТЎҚСУЛУВ. Тепловозни яхши кўрасанми?
АРСЛОН. Ҳа, яхши кўраман.
ТЎҚСУЛУВ. Яхши кўрсанг, кетавер! Кўнглингга худо солган бўлса, ҳамма ишинг яхши бўлади.
ОРЗИҚУЛ. Айт-чи? Бир кунмас, бир кун тепловоз ҳайдашингни ўйлаб, кечалари уйқинг қочиб кетадими?
АРСЛОН. Орзиқул оға, ўйласам, баданим қизиб кетади. Ғужурга тўламан…
ОРЗИҚУЛ. Ундай бўлса бор!..
ТЎҚСУЛУВ. Кетишинг – кўнгил иши экан. Қани, энди фақат кўнгилга эргашиб яшасанг.
ЧОРИЁР. Дунё – қаттиқ. Кўнгилнинг устидан босиб-эзиб ўтиб кетаверади… Шу, бола ҳайф бўлиб кетмайдими? Туя боқиб, от миниб катта бўлдик, худога шукур ақлимиз жойида. Бировдан камимиз йўқ.
ЯХШИЛИК. Арслон… Улим… Қайтмайсан-да, а! Темир йўлларигнда поездингни гувиллатиб юравериб, бизни унитасан-да…
АРСЛОН. Унитмайман! Шундай Сағировулни ҳам унитиб бўладими?
ТЎҚСУЛУВ. (ўксиниб, армон билан). Сездингми, болам, шу гапингдан бу қушқўнмас Сағировул ҳам гуллаб кетгай бўлди.
ЯХШИЛИК. Арслон… Улим. Оталик қилиб, қўлингга уч-тўрт сўм пул ҳам беролмайман…
ЧОРИЁР. (анча сукутдан кейин). Кеча Тарғил тулпорни Кўганлидаги Амирқул чопоғонга сотган эдим… Мендан олиб туринглар. Бегона эмасмиз!..
ТЎҚСУЛУВ. (умумсукутдан кейин, жуда авайлаб). Чориёржон… Сағировулнинг марди! Шундай отни сотдингми?
ЧОРИЁР.(бошини кўтаролмай). Ҳа, энди, опа… Ўзингиздан қолар гап йўқ. От топилар…
ОРЗИҚУЛ. Топилмайди!.. (Юраги куйиб) Шундай от! Шундай от-а!
ЧОРИЁР. (сукут сақлаб, жони оғриб). Мени куйдирма, Орзиқул!.. От топилар деяпман-ку! Арслон, бор, бизнинг уйга кир-да, янгангга мўлжалингни айт. Йўл харажатингни бериб юборади.

Арслон отасига қарайди. Яхшилик бошқаларга сездирмай – бошини сарак-сарак қилиб,  “борма” дегандай ишора қилади.

ТЎҚСУЛУВ. (жуда майин — бировни оғринтирмай деб). Сен уринма, Чориёржон! Мана, мен ойлик оламан. Ҳар ойда келиб турибди. Арслонжон йўл харжини мендан олиб турсин… Ҳали мени поездларига миндириб, бир катайса қилдирса, бўлди!..
ЯХШИЛИК. Опа, мен ерга кириб боряпман…
ТЎҚСУЛУВ. Бўшашма. Яхшиликжон… Ҳеч қачон бўшашма. Худо, хохласа, бу кунларни ўйнаб-кулиб эслаб юрамиз! Кўпни бошига келган иш-да, Яхшиликжон.  Майли, мен мактабга борай… Арслон, менга бир учраш, айланай!.. (Кетади).
АРСЛОН. Директор опа, менда қолиб кетмайди! Қайтараман! Той олган бўлсам, от қилиб қайтараман.
ТЎҚСУЛУВ. Албатта, қайтарасан, болам! Ҳали ўзинг бутун дунёни қарз қиласан, болам. Майли, мен мактабга борай… Юр мен билан…

Тўқсулув билан Арслон чиқиб кетади.

ТАНГРИҚУЛ. (радиони қулоғидан олиб, рақсга тушгудай бир байрам важоҳатда). Зўр! Зўр! Қашқадарёда нефтни ишлаб чиқариш заводи қурилар экан! Беқиёс корхона бўлар экан! Зўр!.. Ҳали Ўзбекистон деган бу мамлакат гуллаб-яшнайди! Гуллайди!..

Ўнгдаги эшикдан Қиммат чиқади.

ҚИММАТ. (Орзиқулга). Отаси, тушлик бўлиб қолди. Бир овқатланиб олинг. Акалар, сизлар ҳам кирингизлар. Ош дамлаганман!
ОРЗИҚУЛ. (ноқулайлик тортиб, уялинқираб). Юринглар!
ЯХШИЛИК. Мен Жумақул акага “туш пайтлари уйингизга ўтаман” деган эдим, Қиммат келин… Раҳмат!
ЧОРИЁР. Менинг ҳам ишим бор. Ўзинг паловхон тўрани уравер, Орзиқулбой.
ОРЗИҚУЛ. Майли, эса…

У ўша ҳолида, ўзини ноқулай сезганча, Қимматнинг ортидан уйига кириб кетади.

ЧОРИЁР. Воҳ! бу Қиммат!.. Қиммат десанг, қиммат хотин-да!
ЯХШИЛИК. Отига ярашиқ!.. Норбўтабекнинг авлоди-да! Қони тоза!
ЧОРИЁР. Сир бермаслигини қара! Тушликка ош дамлаган эмиш! Нону чой бўлса ҳам катта гап! Паст тушмайди-я! Вой, хотинларнинг пошшоси!
ЯХШИЛИК. Э, одамнинг йиғлагиси келди, Чориёр!.. Шундай ҳам хотин бўладими?

Жимлик чўкади.

ЧОРИЁР.  (сукутни аранг кўтариб). Яхшилик.

Яхшилик бошини кўтаролмай ўтирибди.

Яхшилик, деяпман!
ЯХШИЛИК. Нима дейсан, Чориёр? Нима дейсан?
ЧОРИЁР. (зўриқиб). Ҳақиқатдан ҳам… а?
ЯХШИЛИК. Айтавер…
ЧОРИЁР. Айтишга кучим етмаяпти… Билансан-ку!..
ЯХШИЛИК. Айтавер.
ЧОРИЁР. (жон томири узилай деб). Чиндан ҳам ҳаммамиз — бутун қишлоқ жам бўлиб, кўчиб кетсак… нима қилади?.. Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё деган кенгиш жойлар бор дейишади… Сув кўп эмиш…
ЯХШИЛИК. (нафас ололмаётган хириллаб). Сағировул… Сағировул саҳронинг ўртасида чирқираб қолади-да, Чориёр?
ЧОРИЁР. (овози титраб). Воҳ, Сағировул! Сағировул!
ЯХШИЛИК. Ўйлаган билан ўйимнинг охирига етолмаяпман…  Ҳеч етолмаяпман. Ҳозир ўкириб юбораман!

Улар ўринларидан қўзғоладилар. Тангриқул эса радиони қулоғидан олиб, овозини баралла қўяди. Ажойиб бир мусиқа янграйди.

ТАНГРИҚУЛ (радиода эшитганларидан мастон бир руҳда, ҳайратила ним рақсга тушгандай). Машшоқлар! Созни чалинглар! Осмонлар жаранглаб кетсин! Режалар зўр! Ўзбекистон гуллаб-яшнайди! Гуллайди!

Яхшилик билан Чориёр оғир ўйлар гирдобида оғир юриб чиқиб кетяптилар.

ТАНГРИҚУЛ. Эй, қадни кўтаринглар! ЎЗбекнинг эр йигитлари, бошни баланд тутинг!  Мустақиллик!.. Режалар зўр! Ҳали бир юрт қурайлик! Дунёнинг ҳаваси келсин!..

Тангриқул ҳам  дўстларининг ортидан кетади. Арслон киради. У қўлбола ўриндиққа бориб ўтиради-да, Толғин момонинг эшигидан кўз узмай, қараб тураверади. Қувват ва Жаббор киришади. Арслон билан кўришадилар. Арслон улар билан кўришаётганда ҳам,  гаплашаётганда ҳам  Толғин момонинг ҳовлиси эшигидан кўз узмай тураверади.

ҚУВВАТ. Шу ердамисан? Кетадиган бўлдингми?
АРСЛОН. Ҳа.
ЖАББОР. Қачон жўнайсан.
АРСЛОН. Эрта тонгда.
ҚУВВАТ. Биз ҳам… шу…
АРСЛОН. Чайналма.
ЖАББОР. Катта-кичик бўйинсалар билан маслаҳат қилдик-да…
АРСЛОН. Хўш?
ҚУВВАТ. Биз ҳам сен билан кетсак, Арслон…
АРСЛОН. Тошкентда… пода боқасизларми?
ЖАББОР. Ундай дема-да! Бирор иш топилар. Бозордами, мозордами…
ҚУВВАТ. Аҳволни кўриб турибсан…
ЖАББОР.  Бор ҳам, йўқ ҳам гандираклаб қолди.
АРСЛОН. Кўзим кўр эмас, кўриб турибман.
ҚУВВАТ. Бизни ҳам йўлдош қилиб ол.
АРСЛОН. Неча кишисилар?
ЖАББОР. Олти киши. Қолганлар ҳам аста-аста боради.
АРСЛОН. (бўшашиб). Сағировулда ким қолади?
ҚУВВАТ.Уф!.. Ким билсин!

Сукунат чўкади.

АРСЛОН. Хўп,  тонгда жўнаймиз.
ЖАББОР. (Кетмоқчи бўлиб, қўзғолар экан). Э, қуриб кетсин бу дунёнинг ишлари!
АРСЛОН. (кескин). Жаббор!
ЖАББОР. Нима дейсан?
АРСЛОН. Дунёдан нола қилма! Йигитсан, ўзингни тут.
ҚУВВАТ. (кулиб). Бунинг арслонлиги тутди…
АРСЛОН. Эрта тонгда жўнаймиз.

Йигитлар сўзсиз – қўлларининг харакатлари билан хайрлашиб,  кетадилар. Арслон ҳамон Толғин момонинг ҳовиси эшигидан кўз узмай турибди. Бир пасдан сўнг супурги кўтариб, Ойчучук чиқади. У Арслонни кўрмагандай, эшик олдини супиришга тушади.

АРСЛОН. Ойчучук…

Ойчучук эшитмагандай супиришдан давом этаверади.

АРСЛОН.  Ойчучук!
ОЙЧУЧУК. (ишдан бош кўтармай, анчадан кейин). Нима дейсан?
АРСЛОН. Мен кетаяпман.
ОЙЧУЧУК. (ишдан тўхтаб, оҳиста қад тиклайди. Қўлидан супурги сирғалиб, ерга тушади). Кетяпсанми?
АРСЛОН. Ҳа.
ОЙЧУЧУК. Қайтиб келмайсан-да, а?
АРСЛОН. Ҳаммаларинг шундай дейсизлар. Нима, мен ўлгани кетяпманми?
ОЙЧУЧУК. Сен тақдирингни қувиб кетяпсан… Бўлмаса, шу поёни йўқ саҳрода, умрингда кўрмаганинг темир йўлни орзу қиласанми?
АРСЛОН. Худонинг кўнглимга солгани, Ойчучук…
ОЙЧУЧУК. Яхши бор.
АРСЛОН. Мени кут.
ОЙЧУЧУК. Пешонада бори бўлади!
АРСЛОН. Сенсиз пешона менга керак эмас! Бу дунёдан оладиганимни олиб, худо хоҳласа, ёнингга қайтаман. Олиб кетаман сени! Поездимга солиб олиб кетаман.
ОЙЧУЧУК. Поездинг бу Сағировулга қандай келади?
АРСЛОН. Келар… “Ойчучук мени кутаяпти” деб қамчи боссам, келади-да!
ОЙЧЧУК.  Айтганинг келсин, Арслон! Айтганинг келсин!
АРСЛОН. Мен кут! Мени соғин!..
ОЙЧУЧУК. Мен сени… Ҳозир ҳам…
АРСЛОН. Нима, ҳозир ҳам?..
ОЙЧУЧУК. Ҳозир ҳам… соғиниб турибман.
АРСЛОН. Мен ҳам, Ойчучук, мен ҳам…
ОЙЧУЧУК. Яхши бор…
АРСЛОН. Яхши қол.

Арслон ва Ойчучук бир-бирларига термулиб, хайрлашаяптилар… Арслон аста бурилиб, уйига йўналади.

ОЙЧУЧУК. (жон аччиғида). Арслон!…
АРСЛОН.(қайрилиб). Нима бўлди, Ойчучук?
ОЙЧУЧУК. Ростдан қайтасанми? Поездларингда юриб, Сағировулни унитиб юбормайсанми?
АРСЛОН. Ойчучук! Сағировулим бўлиб, мўлтираб турган Ойчучук! Мен қайтаман! Қайтаман! Бу дунё Сағировулнинг зорини эшитган бўлса, қайтаман! Албатта, қайтаман!
ОЙЧУЧУК. Қайтиб кел, Арслон! Қайтиб кел! Бу саҳролар арслонсиз қолмасин!

Уларнинг хайрлашуви асносида саҳна чироқлари ўчади.

2
Тошкентдаги катта, эҳтимол энг катта идоранинг кабинетларидан бири. РАҲБАР, 1-БОШЛИҚ ва 2-БОШЛИҚ мухтасар бир суҳбат-мажлис қилишмоқда. Катта экранлардан — кабинетнинг деразаларидан – ҳар хил мазаралар кўриниб турибди. Суҳбат давомида бу дераза-экранларда лойиҳаларнинг чизмалари, нефть вишкалари, экин майдонлари, шаҳар манзаралари ҳам  кўриниши мумкин. Зарур бўлганда, РАҲБАР ёки бошқалар улардан карта сифатида фойдаланилар ҳам.

РАҲБАР. Биз фақат ўзимизга ўзимиз ёрдам беришимиз мумкин. Ўз тақдирини ўзи белгилайдиган халқ фақат ўзининг қудратига, Ваатаннинг янги қиёфасини яратиш йўлидаги ҳаракатига ишонмоғи шарт. Бирор жойда тўхтаб қолмаслигимиз лозим. Мустақилликни ҳар соат, ҳар дақиқа мустакамлаб бормоғимиз кетак. Бунинг учун барча жабҳада харакат бошлашимиз лозим. Бировга мўлтираб қўл чўзиб бормайлик. Мана, ўзларинг кўриб турибсизлар нима бўлётганини?
1-БОШЛИҚ. Барака топгур қўшниларимиз ўтган йили биз учун ғалланинг нархини осмон қилиб юборишди.
2-БОШЛИҚ. Тоғдан оқиб келаётган сувни ҳам нархлаб, бизга сотишни ният қилаётганлар ҳам бор.
РАҲБАР. Энергетика мустақиллигимиз шунинг учун биринчи галдаги вазифа қилиб қўйдик-да! Илгари минг машақат билан терган пахтамизни сотиб, кўтарасига  нефть олишга мажбур эдик.  Мана, энди ўзимиздан чиққан машиналарга ўзимизнинг ёқилғини қуйиб одамларимиз роҳат қилиб юрибди. Тасаввур этинг, ўзимизнинг машина! Тасаввур этинг, Ўзбекистон автомобил ишлаб чиқарадиган йигирма беш мамлакатлар қаторига қўшилди!.. Биз мамлакатимизнинг ғалла мустақиллигига эришмоқ ҳам энг зарур ишларимиздан бири.  Бу ишга тайёргарлик қандай кетяпти?
1-БОШЛИҚ. Ҳар бир вилоятда, ҳар бир туманда ғалла экиладиган дала майдонлари белгилаб чиқилди…
РАҲБАР. Эскидан қолган одатимиз бор. Пахтага энг унумдор жойларни ажратамиз-да, бошқа экиннни четга суриб ташлаймиз.
2-БОШЛИҚ. Шўролар “Пахта! Пахта!” деб, деҳқонни ўргатиб ташлаган-да!
РАҲБАР. Худди шундай! Деҳқонларни, жойлардаги раҳбарларни ғалла экишнинг замонавий технологиясига ўргатиш зарурурати шундан чиқди-да! Европада ҳар гектардан саксон-юз центнерда ҳосил кўтарилади-ку! Тажриба ўрганиш керак…
1-БОШЛИҚ. Шу кунларда бир гуруҳ мутахассислар ва олимларимиз Голландияда. Германиядан аввал жўнатган гуруҳимиз қайтиб келди, улар ҳозир вилоятларда семинар олиб боришяпти. Яна икки гуруҳни жўнатишга ҳозирлик кўряпмиз…
РАҲБАР. Айтиб қўяй, ўйин-кулгу учун борадиганларни йўлини кесинглар! Синчков, масъулиятни ҳис қиладиган, фикрлайдиган мутахассислар борсин хорижга… Ҳа, яна бир вазифамиз бор – коммуникация. Автомобил йўлларни-ку қуришни-ку бошланиб кетган. Энди темир йўл қурлишини ўйлашимиз керак.
2-БОШЛИҚ. Шу… кучимиз етармикан? Бу соҳада тажрибамиз деярли йўқ…
РАҲБАР. Ана шу иккиланиши ёмон-да! Нима, мен раҳбар бўлиб туғилганманми? Мана, бажараяпман-ку!.. Одамда ирода бўлиши керак! Кечаю кундуз ўз ишини ўйлайдиган одам ҳамиша тўғри қарор қабул қилади. Оқибатда, қўрқмасдан, харакат қилади. Барака топгурлар,  билиб қўйинглар, ишни кўзини билиб ишласак, ҳар қандай оғир вазифани уддлаймиз! Темир йўл ҳам, ахир, энг зарур вазифаларимиздан!  Бир вилоятдан иккинчи вилоятга ўтамиз десак, қўшни мамлакатлардаги оғайниларимиз йўлимизни тўсиб ўтирибди. Хоҳласа поезни ўтказади, хоҳласа ушлаб туради. Шунчаки, ғашимизни келтириш учун! Йўловчиларимизни, чегара ёки божхона текшируви баҳона, хўрлашаяпти. Ҳозир-ку замон тинч, аммо бирор кори ҳол бўладиган бўлса, чегараларини қулфлаб ўтиришлан ҳам қайтмайди булар. Шунинг учун Ўзбекистон ўз ҳудудидан ўтадиган ягона темир йўл ҳудудига эга бўлмоғи лозим.  Ўшанда қўшни мамлакатлардаги “оғани”ларнинг ўйинидан озод бўламиз. Хўш, лойиҳалиш ишлари тайёрми?
1-БОШЛИҚ. Ҳа, ҳозир экспертиза ўтаяпти…
РАҲБАР. Тезлаштиринглар…Яқинда қарор қабул қиламиз. Бир нарсани тушиниб етинглар, барака топгурлар, мамлакатнинг қаддини юксалтириш йўлида тинмай ишлашимиз керак. Чунки мамалакатнинг қадди юксалса, одамларимизнинг қадди юксалади. Ҳар бир ишни шу юртнинг одамлариниг манфаатини кўзлаб қилайлик. Ахир, поезд ўтса қанча одамларнинг оғири енгил бўлади. Ҳозир баъзи вилоятларда бир дона шифер Тошкентдагидан икки баравар қиммат. Нима учун? Чунки поезд қўшни мамлакат ҳудудидан айланиб боради. У фалон долларни санаб олмаса, поездимизга йўл бермайди. Поездга ортилган шифер ана энди икки баробар қиммат бўлиб турибди. Жабрини ким тортади? Уй қураман деган бечора… Темир йўл ўтса, қанча одам ишли бўлади. Қанча қурилишу ободончилик ишлари амалга оширилади.
1-БОШЛИҚ.Одамларнинг ҳаёти ўзгаради-да!..
РАҲБАР. Албатта!
2-БОШЛИҚ. Маъмурчилик бўлади.
РАҲБАР. Худди шундай! Бунинг устига мамлакат жипслашади. Эркин нафас олади. Айтиб қўяй, ҳар бир амалга оширган ишимиз одамларнинг турмушини юксалтириши шарт. Ана, ўшанда мақсадга эришган бўламиз. Темирйўл галдаги муҳим вазифамиз. Ҳа, яна бир гап. Бу ишни амалга оширадиган фидокор, ғайратли бир одам керак. Ана у шалвираб юрганларинг бўлмайди.
1-БОШЛИҚ. Бир йигит бор… (2-бошлиққа). Собировни айтаяпман.
2-БОШЛИҚ. Уми? Зўр!.. Э-ҳа, у ҳамма ишни эплайди.
1-БОШЛИҚ(кулиб). Ишга тўймайдиган, ишлаб ўлмайдиган биттаси бор. Лекин жуда айтганидан қайтмайдиган.
2-БОШЛИҚ. Охиригача “гапим тўғри” дейдиганлардан. Сўз бердими, бажармаса, қўймайди!
РАҲБАР. Механика заводининг директорини айтаяпсизларми?
1-БОШЛИҚ. Ҳа, ҳа, ўшани!
2-БОШЛИҚ. Лекин аломат йигит… Ҳозир бошлиқнинг биринчи ўринбосари.
РАҲБАР. Аломат денглар… Уни менга бир учраштиринглар. Тез!…

Саҳна айланади…

3

Яна Сағировул. Ҳамма нарса ўша ҳолатда. Ўша аянчли манзара… Танриқул киради.

ТАНГРИҚУЛ (Орзиқулнинг уйига қараб чақиради. Орзиқул! Ҳўв, Орзиқулбой! Ие, қулоғи кар бўлмаганми? Орзиқул!..

Тўқсулув майдонни кесиб ўтаётиб, тўхтайди.

ТЎҚСУЛУВ. Ассалом алайкум, Тангриқул Инқилобчи!
ТАНГРИҚУЛ. Валайкум ассалом, директор опа!
ТЎҚСУЛУВ. Нима бу? Бақириб, дунёни бузяпсан?.. Одам сал маданиятли бўлади. Дарвозасини тақиллат!.. Бақираверасанми?
ТАНГРИҚУЛ. Раҳмат, директор опа! Таълим беришлан ҳеч чарчаманг! Ҳе, энди, опа, қишлоқ одамимиз! Бақирмасак, юрагимиз ёрилиб кетади. Хотинимиз билан гурунглашсак ҳам, беш овул эшитади!  Узр!..
ТЎҚСУЛУВ. Ишларинг билан чарчамаяпсанми? Яхши иш бошлабсан…
ТАНГРИҚУЛ. Эл-юрт учун ишлаяпман, опа! (радиони кўрсатиб). Каримов боқимандачиликни йўқотиш керак, тадбиркорлик билан шуғулланиш лозим деяпти… “Шу одам ҳам худога яқин одам, бўлмаса, подшоҳ бўладими, айтганини қилай” деб югуриб юрибман-да!…
ТЎҚСУЛУВ. Эшитдим!.. Эшитдим!
ТАНГРИҚУЛ. Туя жунини аёлларга тозалатиб, савалатиб, игиртириб – у-бу нарса тўқитаяпман, опа! Оёғи оғриганга пайпоқ, бели оғриганга белбоғ…  Шаҳарга абориб, савдогарларга кўтара топшириб келаман.
ТЎҚСУЛУВ. Баракалла, иним!..
ТАНГРИҚУЛ. Ҳарна ёрдам-да!.. Аммо шу туя жуни ҳам анқонинг уруғи бўлиб қолди! Ҳа, майли, хотин-халажга бирор эрмак юмуш топармиз. Лекин эркаклар… Нима қиларини билмайди. Уч-тўрт молу  ҳолни ҳам сотиб, еб бўлишди…
ТЎҚСУЛУВ. Бу дунёнинг ташвишлари ҳам қурисин…
ТАНГРИҚУЛ. Опа, ўзингиз ҳам бундай… Ташвишланиб юрибсиз?
ТЎҚСУЛУВ. Мактаб биноси тўкилиб қолган, Тангриқулжон. Томи босиб қолмаса, деб қўрқаман. Бундан қирқ йил аввал пахса уриб, тикка қилинган иморат-да! Бу ерини бутаймиз, бу ерини тузатамиз. Лекин эски эски-да, идраб кетяпти. Ўқутувчилар хонаси шундай ёрилганки, қараб қўрқиб кетаман…
ТАНГРИҚУЛ. Директор опа, ғам еманг, ҳозирча ҳашар қилиб, у ёқ-бу ёғини суваб турармиз… Кейин зўр бўлади!
ТЎҚСУЛУВ. (энсаси қотиброқ). Кейин нима бўлади?
ТАНГРИҚУЛ. Кейин Сағировулга мустақиллик келади! Бошқа жойларга келган. Ўзгаришлар бўляпти. Бизга ҳам келади. Ҳамма нарса янгиланади! Янги мактаб, янги уйлар!…
ТЎҚСУЛУВ (жуда ийманиб, ерга қараб). Тангриқул… (Гапини давом эттиролмайди.)
ТАНГРИҚУЛ. Опа, нима?
ТЎҚСУЛУВ. Сен айтгандай, шу мустақиллик… ростдан ҳам келармикан?
ТАНГРИҚУЛ. Келади, опа! Келади!..
ТЎҚСУЛУВ. Ҳокимга бордингми?
ТАНГРИҚУЛ. (эслагиси келмайроқ). Бордим, опа.
ТЎҚСУЛУВ. Айтдингми?
ТАНГРИҚУЛ. Айтдим. Ҳамасини айтдим. Гап қолмади. Сув йўқ, дедим, чироқ ёнмаяпти, дедим…  Президент айтаяпти, ҳеч бўлмаса, газ ўтказиб беринг дедим.
ТЎҚСУЛУВ. Нима деди?
ТАНГРИҚУЛ. Э, қўйинг, опа!..
ТЎҚСУЛУВ (жиркиброқ). Айт-э!
ТАНГРИҚУЛ (аччиғи чтиқиб). Масхара қилди, опа! Масхара қилди! “Темир йўл ўтказиб бермайми?”, деди… Опа, сиз ўйламанг. У одамни мустақилликка алоқаси йўқ…
Сукунат чўкади.

ТЎҚСУЛУВ (минг азобда). Ё… кўчиб  кетаверамизми?
ТАНРИҚУЛ. Опа, нима деяпсиз?
ТЎҚСУЛУВ. Бор туя жунини ҳам тўқиб сотдиларинг… Энди илож йўққа ўхшайди, Тангрижон…
ТАНГРИҚУЛ. Опа!.. (Бирдан бақиради.) Орзиқул! Тезроқ чиқсанг-чи!.. Юрагим ёрилиб кетади! Тезроқ чиқ!

Ичкаридан Орзиқул билан Қиммат чиқади.  Қимматнинг қўлида қаппайган тугун.

ОРЗИҚУЛ.  Нима бунча бақирасан?
ТАНГРИҚУЛ. Бундай… тезроқ чиқмайсан!
ҚИММАТ (Танриқулга). Яхшимисиз, ака! (Тўқсулувга) Яхшимисиз, опа! Нима бу ерга тикка турибсизлар? Уйга кирингизлар? Овқат қилиб қўйганман.
ТЎҚСУЛУВ. Овқатингни кўп еганмиз, Қимматхон.
ҚИММАТ (Тангриқул, қўлидаги тугунни супага қўяр экан). Мана, шу охиргиси. Қирқта пайпоқ, ўн иккита белбоғ!
ТАНГРИҚУЛ. Майли, бори-да!
ОРЗИҚУЛ. Бу атрофда туя жуни излаб бомаган бирор-бир жойим қолмади!.. Бир тутам ҳам туя жуни қолмади. Энди янаги йил туялар туллагунча, анқайиб юраверамиз.
ТЎҚСУЛУВ. Парвардигор бошқа бир юмуш жўнатар… Бандасини очдан ўлтириб қўймайди!..
ҚИММАТ. Хақ гапни айтдингиз, опа! Уч ой Сағировулни хотин-халажи ишлаб олди-ку! Бу ёғига яна худо подшоҳ! Худонинг айтгани бўлади!..
ТАНГРИҚУЛ. Э, унгача мустақиллик етиб келар!
ОРЗИҚУЛ. Қаердан биласан?
ТАНГРИҚУЛ (қизишиб). Орзиқул, менинг юрагим дунё билан боғланган! Сезиб турибман…
ОРЗИҚУЛ. Аллатовур гапларни гапирасан…

Ўртага жимлик чўкади.

ТЎҚСУЛУВ. Тангриқулжон… Яхшилик билан Чориёрни ҳам чақир!  Бир маслаҳатлашайлик.
ТАНГРИБОЙ (яхшиликнинг уйига қараб). Яхшилик! Ў, Яхшилик!
ЯХШИЛИК (ташқаридан). Ҳозир… Ҳозир… (Саҳнага киради.) Нима бунча бақирасан?
ТАНГРИҚУЛ. Оббо! Бугун булар бунча нозик бўлиб қетди!…
ҚИММАТ. Одамларда асаб қолмади-да, ака!..
ЯХШИЛИК. Тинчликми?
ТЎҚСУЛУВ. Маслаҳатли гап бор. Чориёрни ҳам чақир, Тангирқулжон!
ОРЗИҚУЛ. Чориёр чиқмайди…
ТЎҚСУЛУВ (негадир жуда авайлаб). Шу отига… шунчами?
ТАНГРИҚУЛ. Аввал билдирмасликка олиб, далли-ғуллилик қилиб юрди. Оти қочиб келгандан кейин, ушлаб, эгасига этиб берди-да, уйидан чиқмай қолди…
ҚИММАТ. Сағировуллик йигитлар ҳам узоқларда тентираб, шу отдай Сағировулни соғиниб юрган бўлсалар керак-да… Ўлсин шу турмуш ҳам!..

Ўртага жимлик чўкади.

ТЎҚСУЛУВ. Бир маслаҳат қилмасак бўлмайди. Тангриқул ҳокимга учрашиб келибди…
ЯХШИЛИК. Ишинг битибдими, Тангриқул?
ТАНГРИҚУЛ. Йўқ.
ОРЗИҚУЛ. Тавба, биз одам эмасми?! Тошкентга борсанг, ошхонада газ ёниб туради, краннинг жумрагини бурасанг, сув тушади…
ТЎҚСУЛУВ. Ҳокимни ҳам тўғри тушинайлик… Сағир овулнинг эллик хўжалиги учун бир юз ўттиз километрдан қувур тортиб, газу сувни олиб келишнинг ўзи бўладими?..
ҚИММАТ. Қудуқнинг сувига қараб бўлмайди!.. Қурғоқчилик сабабми, бошқа бало сабабми, суви қуйқа аралаш. Ажина чўмилиб чиққандай!
ЯХШИЛИК. Кўчиш керак. Кўчиш керак.
ОРЗИҚУЛ. Яшаб бўлмай қолди…
ТАНГРИҚУЛ. Эй, биродарлар! Бундай эрка бўлманглар! Мамлакат аста-аста қаддини кўтаряпти!.. Тегирмон навбати билан. Эрта-индин бизга ҳам навбат тегади!
ТЎҚСУЛУВ. Тангриқул, ўрлашаверма!.. Одамлар қийналаяпти… Биз ҳам одамга ўхшаб яшайлик… Бориб, бирор жойга учрашиб келинглар!
ОРЗИҚУЛ.  Қоладиган қолаверсин! Мен кўчаман!

Жимлик.

ҚИММАТ. Сағировулдай жойни ташлаб, кетаверамизми!
ОРЗИҚУЛ. Якка-якка тўзғиб юриш йўқ. Ҳаммамиз бирга кўчамиз! Тамом.
ТЎҚСУЛУВ. Сағировулнинг одамлари ҳалол. Меҳнаткаш. Қаерга борса, эл бўлиб кетади…
ТАНГРИҚУЛ (ҳаяжонда, қаътий). Мен кетмайман. Энасини ташлаб кетган нокасга ўхшаб, қаерлардадир санғиб юраманми?
ЯХШИЛИК (у ҳам жунбушга келади). Кўчамиз! Сен ўзинг биласан! Қолавер элдан айрилиб! Биз кўчамиз!

Шу пайт ҳовлисининг эшигидан Толғин момо чиқиб келади.

ТОЛҒИН МОМО. Ким у “кўчаман”га тушиб қолган. Ким у? Кўчиб бўпсанлар! Мен мана шу ерда зил тошдай бўлиб туравераман. Айтиб қўяй, аввал мени тириклай кўмиб, кейин кўчасанлар!

У бориб супага ўзининг айтган асно – “зил тош”дай бўлиб ўтиради. Шу пайт елиб келаётган отнинг дупури эшитилади. Сўнг жонворнинг аллақандай соғинч тўла ўртанган кишнаши эшитилади. Барча жим бўлиб қолади. Ҳовлисидан Чориёр отилиб чиқади.

ЧОРИЁР (аъзойи бадани титраб). Кўкқашқа! Қочиб келибди!.. Кўкқашқа!..

От яна кишнайди.

Яна келдингми?.. Нимага яна келасан? Мен сени сотганман! Иложим йўқ эди!

От яна кишнайди.

(йиғи аралаш) Сени сотганман деяпман! Сенинг эганг энди бошқа! Нима қиласан келиб? Кўкқашқа! Кет! Бор! Соғинмай кетгур, бор! Эгангга бор! Мени эсдан чиқар! Эганг бошқа!

От яна ўртаниб кишнайди.

ҚИММАТ (йиғлаб). Ака, соғинибди!.. Боринг!
ЧОРИЁР. Борсам, ўлиб қоламан! Жонивор, суйкалади, ҳидлайди, йиғлайди! Чидай олмайман!..

От безовталаниб. Соғинчга дунёни тўлдириб кишнайди.

ОРЗИҚУЛ. Чориёр, ўзингни тут. Бор…
ЯХШИЛИК. Бор энди, жўра!
ТАНГРИҚУЛ. Бунча эсли бўлмаса бу от!

Толғин момо туриб келади-да, далда бериб, ОрзиқулниНГ елкасига қоқади. От кишнайди.

ТОЛҒИН МОМО. Бердимурод оғамнинг ули! Отингнинг олдига бор! От соғинса, одамдан ёмон! Тикка турган жойида ўлиб қолади! Бор, кўриниш бер! Бор, улим! Бор!..
ЧОРИЁР. Кўкқашқа!..

От гуриллаб кишнайди.

ЧОРИЁР Кўкқашқа! Боряпман! Кўкқашқа!

Ташқарига югургилаб чиқиб кетади. Отнинг кишнаси эшилади.

ЧОРИЁР (ташқаридан). Бормисан? Кўкқашқа! Оббо! Арқонингни узиб қочибсан-ку! Ундай қилма! Эсли бўл! Ҳидлама энди! Э, жонивор!.. Ўлмаганман! Тирикман! Аммо сотганман сени! Тушин, сотганман!..

От кишнайди. Сўнг дупури эшитилиб, узоқлардан кетиб тинади. Ҳамма жим. Қиммат ва Тўқсулув билдирмай кўз ёшини артади. Яхшилик мадори қуригандай, супага бориб ўтиради. Орзиқул деворга суянади. Тангриқул  радиони қуядию, ўчиради.

ТОЛҒИН МОМО. Ана, сенларга Сағировулнинг сағирлари! Бир ҳайвонча бўлолмаяпсизлар…

Яна ҳамма жим.

ЯХШИЛИК (сергак тортиб). Мошина овози эшитиляптими?
ОРЗИҚУЛ. (қулоқ тутиб). Йўқ. Сенга шундай туюлган.
ЯХШИЛИК (жон қулоғи билан эшитиб). Мошина! Оқтошнинг арнасидан кучанибгина ўтяпти.
ҚИММАТ. Сағировулга биров келмаганига ҳам бир йил бўлди-ёв, отаси!
ТОЛҒИН МОМО. Киндик қони тўкилган жойини ташлаб кетаман деб турганларнинг уйига биров келадими?
ОРЗИҚУЛ. Ўтиб кетади…
ТАНРИҚУЛ.  Ҳа, биз томонга караб юрди.
ТЎҚСУЛУВ. Негадир меҳмон келаётганидан кўнглим ёришиб кетяпти…

Ҳамма қулоқ тутади. Ҳақиқатдан ҳам машинанинг овози эшитилиб, тобора кучайганча, яқинлашиб кела бошлайди. Ҳамма қулоқ солиб турибди, кўргани чўзиниб қарашаяпти ҳам. Машина овози яқинлашиб келиб, тўхтайди. Мотор овози. Эшиги очилиб, ёпилгани эшитилади. Саҳнага Тоштемир Собиров қиради. У ўзига ишонган, жуссасидан ғайрат таралиб турган одам.

ТОШТЕМИР. Ассалому алайкум! Яхшимисизлар! Момо, яхшимисиз?

Барчага ўзбеклар одатига кўра қўлини кўксига қуйиб, салом беради. Эркаклар билан қўл олиб кўришади.

ТОЛҒИН МОМО. Хуш келибсан, болам!
ТОШТЕМИР. Хушвақт бўлинг, момо! (Одамларга қараб) Шу саҳрони ким яхши билади? Дарёгача боришимиз керак.
ТЎҚСУЛУВ. Бизнинг ҳаммамизга бу саҳро уйимиздай…
ТОШТЕМИР. Дарёгача қанча чақирим?
ЯХШИЛИК. Юз эллик  бор-ов!
ТОЛҒИН МОМО. Саҳрога ишинг тушдими,улим?
ТОШТЕМИР. Ишим шунақа: гоҳ саҳрога тушади, гоҳ дарёга.
ТАНГРИҚУЛ. Сўраганни айби йўқ. Қаердансиз?
ТОШТЕМИР. Дарёнинг нарги ёғида туғилганман. Ҳозир Тошкентдаман. Узр, ишим жуда шошилинч! Ким менга ҳамроҳ бўлади. (Ногоҳ куйлаб қолган телефонни олиб). Алло! Валайкум! Менга у ҳаваскорликларинг ўтмайди! Айтганимни қилинглар! Мен бўлажак трассанинг йўлини кўриб юрибман. Нима? Бошқалар кўрса бўлмайди! Ўз кўзим билан кўришим керак! (Телефон ўчириб) Хўш, ким менга йўлдош бўлади?
ТОЛҒИН МОМО. Ҳозир Тошкент билан гаплашдингизми, улим?
ТОШТЕМИР. Ҳа, Тошкент билан.
ОРЗИҚУЛ. Шу ердан ҳам Тошкент билан гаплашса бўладими?
ТОШТЕМИР. Энди бўлади! Бир ҳафта бўлди — уяли телефон тўлқини бу саҳрони ҳам қамраб олди.
ТОЛҒИН МОМО. Яхшилик, телефон бир келиб қолибди! Тошкентдаги улинг билан гаплаш.
ЯХШИЛИК. Йўқ, меҳмонни безовта қилманг. Ўзи яқинда таътилга келиб қолади.
ТОШТЕМИР (ташқарига қараб). Рафик! Рафик деяпман!

Камарига телефону пейжик, бўйнига дурбин, осиб олган Рафик киради.

Телефонинг борми?
РАФИК. Бор.
ТОШТЕМИР. Бу ёққа бер…
РАФИК (сергак тортиб). Нима қиласиз?
ТОШТЕМИР. Бу ёққа бер деяпман сенга!
РАФИК (ноилож чўнтагидан телефонини олиб, Тоштемирга узатади). Яна…(Тўғрисини айтолмай) анақа қилманг-да…
ТОШТЕМИР (кулиб). Нима қилмай? Рафикбой хафа бўлманг. Бу телефонингиз халқ фойдаси мусадора қилинади. Тошкентга борсак, зўрини олиб бераман… Хафа бўлма энди.
РАФИК. Ҳеч нарсамиз қолмади. Совға! Совға! Бер! Бер!.. Олишни ҳам билиш кераг-э!..
ТОШТЕМИР (кулиб).Сени ўзи кўп эркалатиб юбордим!  (Яхшиликка телефонни узутиб). Бу сизга биздан совға! Уғлингиз билан гаплашиб турасиз. Бошқалар ҳам иши тушган жойи билан гаплашаверсин!
ЯХШИЛИК. Олаверайми?
ТОШТЕМИР. Олинг-да!
ЯХШИЛИК. (телефонни олиб). Э, барака топинг!
ОРЗИҚУЛ. Раҳмат! Лекин ажойиб иш қилдингиз-да!
РАФИК (кесатиб). Йўл-йўлакай фақат яхши иш қилиб келяпмиз… Бирор жойда ҳали машинани ҳам совға қилиб юборамиз!
ТЎҚСУЛУВ (Тоштемирга). Ота-онангиз кўп яхши тарбия берган экан. Ҳотамтой одам экансиз!
ОРЗИҚУЛ. Меҳмон, қани, бизнинг уйга марҳамат!
ҚИММАТ.  Тушликка ош қилганмиз. Ош еб кетинг, иним!..
ТОШТЕМИР. Йўқ, вақтим зиқ! Кетаман. Хўш, ким менга йўл кўрсатади?
ОРЗИҚУЛ. Мен-да! Сиздай одамга ўзим йўл кўрсатаман!
ТОШТЕМИР. Кетдик! (Ташқарига йўналаркан, жиринглайди. Тўхтаб) Алло! Саломалайкум, Мурод Дўстович! Трассада – Сағировул деган жойдаман. Тез етиб борай? Ким чақирди? Каттани ўзи дейсизми?.. (Хурсанд бўлиб) Албатта, бораман-да! (Бўлажак ҳамроҳига) Кетдик!

Тоштемир Орзиқулни эргаштириб ташқарига йўналади.

ТОЛҒИН МОМО. Ў, болам! Шамолдай тез одам экансан! Ҳеч бўлмаса, бу саҳрода нима учун кезиб юрганингни айтиб кет.
ТОШТЕМИР. Айтмадимми?
ТОЛҒИН МОМО. Йўқ-да!
ТОШТЕМИР. Темирйўл қурилади. Қишлоқларингнинг ёнгинасидан ўтади. Мен  бўлажак трассанинг ўрнини ўз кўзим билан бир кўрай, деб юрибман… Саломат бўлингизлар!

Бу гапдан лолу ҳайроликда қолган одамларга парво қилмасдан, у тезкорлик билан чиқиб кетади. Орзиқул ҳам ҳангу-манг бўлиб қолади. Аввал гангиб бошқа тарафга юради, сўнг ўзини ўнглаб, Тоштемирнинг ортидан югуради.

ТАНГРИҚУЛ. Нима деди?
ҚИММАТ.  Темирйўл қурамиз деди, шекилли, ака!
ТАНГРИҚУЛ (хавотирланиб). Ҳокимни олдига кирган бўлса, ҳалиги гапни эшитдимикан?
ТЎҚСУЛУВ. Йўқ, гап-сўзидан тарбия кўрган йигит. Хокимни бемаза гапини такрорлаб юрармиди?
ЯХШИЛИК. Э, бир ҳазиллашиб кетди-да!.. Қанча раҳбар келиб, “ундай қиламиз, бундай қиламиз” деб ваъда берган. Ҳа, бир гап бўлар…
ТЎҚСУЛУВ. Шу сафар шу йигитнинг гапи рост чиқса эди! Э, худойим!..  (Ташқарига йўналади.) Мактабга борай.

Ҳамма карахтланиб, бу хабарнинг росту ёлғонини билмай, ишига, уйига тарқала бошлайди. Фақат Тўлғон моммо ўтирган жойида ўтририбди. Ичкаридан Ойчучук чиқади.

ОЙЧУЧУК. Нима бунча олағовур бўлди, момо?
ТОЛҒИН МОМО. Бир одам келиб, тушга ҳам кирмайдиган гапларни гапириб кетди.
ОЙЧУЧУК. Нима деди.
ТОЛҒИН МОМО. Сағировулнинг ёнидан поезйўл ўтар экан.
ОЙЧУЧУК(типирчилаган бир ҳаяжонда). Нима дедингиз, моможон?! Нима дедингиз!?
ТОЛҒИН МОМО. Поезйўл ўтар эмиш…
ОЙЧУЧУК. Арслон!.. Арслон бу ишни бошлаган. Келаман деган эди…
ТОЛҒИН МОМО. Арслонинг қандай қилиб бошлайди?
ОЙЧУЧУК. Айтаверми?
ТОЛҒИН МОМО. Айтавер!.. Сирингни ҳамма билмаса ҳам, мен биламан, бети қаттиқ!
ОЙЧУЧУК. Моможон! Арслон мени соғинган! “Э, худо! Менга темирйўл қуриб бер! Ойчучукни кўргани борай!” деб парвардигорга ялинган. Фаришталар омин деган…
ТОЛҒИН МОМО (эркалаброқ). Сен тентак қиз бўлдинг…
ОЙЧУЧУК. Моможон! Йўл қачон қурилар экан?
ТОЛҒИН МОМО.  Ким билсин… Ҳеч ишониб бўлмайдиган гап…
ОЙЧУЧУК. Ундай деманг-да… Ундай деманг!..

Ойчучук югуриб бориб, момосини қучоқлайди.

4
Яна ўша идора. Раҳбар билан Тоштемир суҳбатлашяпти.

РАҲБАР. Темирйўлда ўн беш ёшдан ишлаган экансиз. Шу тўғрими?
ТОШТЕМИР. Бошга иш тушиб… ўн беш ёшда ишлашимга тўғри келди.
РАҲБАР. Қандай иш тушди?
ТОШТЕМИР. Отам “ўзбеклар иши” билан қамалди. Рўзғор юриб турсин деб, депога иш сўраб бордим. Бир яхши одам, “бошингга эрта ташвиш тушибди” деб, ишга олди. Шогирдчилик қилдим…
РАҲБАР. Қийин бўлган экан…
ТОШТЕМИР. Ишдан қочмайдиган,  бола эдим. Меҳнат икки кўздан иссиқ дегандай, ёш бўлсам ҳам, ҳеч ким яккаламади.
РАҲБАР.  Кейин… Нега ишдан ҳайдалгансиз?
ТОШТЕМИР. Ҳайдалмаганман… Бир нодон мени ишга қабул қилган одамни тагини кавлаб, “ёш болаларнинг меҳнатидан  фойдаланиб юрибди” деб тепага ёзди. Комиссия келиб, мени ишга олганни ҳам, мени ҳам ишдан бўшатди…
РАҲБАР (кулиб). “Тепа”га ёзилиш “шараф”ига жуда эрта муяссар бўлган экансиз!
ТОШТЕМИР. Рекорд қўйганман, деб юраман.
РАҲБАР. Армияга борибсиз…
ТОШТЕМИР. Қайтиб келиб яна депога ишга кирдим.  Тепловоз ҳайдадим.
РАҲБАР. Мен нима учун суриштираётганимга ҳайрон қолманг. Болалик,  ёшлик одамнинг ҳаётини белгилаб беради. Бола бошдан дейишади-ку!.. Хўш, кейин темирйўлчиларнинг техникумини аъло баҳоларда битириб, махсус тавсия билан Россияга – институтга ўқишга жўнатилган экансиз. У ерда нима бўлди?
ТОШТЕМИР.  У ерда…  ҳайдалдим.
РАҲБАР (кулиб). Ўқишни удда қилолмадингизми?
ТОШТЕМИР. Йўғ-е! Фақат “беш”га ўқиганман. Энди… шундай бўлиб қолди-да!.. “Институтнинг зўриман” деб юрган бир нодон билан муштлашиб қолдим.
РАҲБАР. Ишқилиб таёқ емадингизми?
ТОШТЕМИР. Уриб йиқитиб ташладим.  Чунки у нотўғри иш қилган эди. Нотўғри одам барибир енгилади…
РАҲБАР. Тўғри!
ТОШТЕМИР.  У ўзбекларни тегадиган гап қилди.
РАҲБАР. Ҳар жойда гапириб юрмангу, ўша нодонни уриб тўғри қилгансиз!

Икковлари кулишади.

Фақат ўзини эмас, оиласини, халқини ҳимоя қилган одам яхши одам!  У охир-оқибат адолатни, ҳақиқатни – бутун дунёни ҳимоя қиладиган шахсга айланади… Бу ёғи менга маълум оддий инженерликдан катта заводнинг бошлиқлигига кўтарилгансиз. Кейин бошлиқнинг биринчи ўринбосарлигига… Орқангизда ким бор?

Бундай дангал саволни кутмаган Тоштемир бир зум тўхтаб қолади.

ТОШТЕМИР. Ростини айтаверайми?
РАҲБАР. Айтаверинг.
ТОШТЕМИР. Ортимда… ўзим бор!
РАҲБАР (завқланиб кулади). Ўзини билган одам учун бу кам эмас… Хуллас, оғайни, сизни катта одам қилмоқчимиз… (Ўрнидан туриб юради.) Кўп ўйладим. Темирйўлчилар олдига катта вазифалар турибди. Режаларимиз улкан. Яқинда, темир йўллар қуришни бошлаймиз! Мамлакатимизнинг худудларини қон томиридай бирлаштириб турадиган темирйўллар барпо этилади. Шу иш қўлингиздан келадими? Ўйлаб гапиринг…
ТОШТЕМИР (ўйланиб, аммо қаътий). Келади. Бошқасини билмайман, аммо шу иш келади.
РАҲБАР. Нимага “бошқа ишмас, фақат шу иш қўлимдан келади”, деб ўйлайсиз.
ТОШТЕМИР. Шу қурилишларнинг шовури чиққандан буён, тезроқ ишга киришсак, деб ичим ёниб юрибди.
РАҲБАР. Баъзиилар бу иш ўзимизнинг қўлимиздан келмайди, хорижий компанияларни ишлатиш керак дейишяпти. Бунга нима дейсиз?
ТОШТЕМИР. Йўқ, ўзимизнинг қўлимиздан келади. Мен шу темирйўлчиларнинг орасида ўсганман! Биламан. Ўзимизга ишонсак, ҳамма жиҳатдан ютиб чиқамиз.
РАҲБАР. Барака топгур, яхши гапларни айтаяпсиз. Ахир, бизнинг аждодларимизнинг шуҳрати дунёни тутган. Энди биз, уларнинг авлодлари, бир темирйўл қуришни удда қилолмасак уят  бўлар…
ТОШТЕМИР. Уялтириб қуймаймиз! Халқимизнинг қўлидан ҳамма иш келади!
РАҲБАР. Сизни Ўзбекистон темирйўлига бош қилиб қўймоқчимиз. Менга фидокор одам керак.
ТОШТЕМИР. Ишлайман-да. Халқнинг иши-ку!
РАҲБАР. Шу гапни яхши айтдингиз!.. Биласизми, бу қурилиш орқали, қанча одам ишли бўлади, қанча одамнинг оғири енгил бўлади. Мамлакат эркин нафас олади. Мен одинга қўйган ҳар бир қадамимиз элу юрт учун бўлсин дейман! Элга фойдаси тегмаси, Ўзбекистонни юксалтирмаса, қилган ишимиздан фойда йўқ… Мен сизга мамлакатнинг асрларга татийдиган улкан ишини топшираяпман.
ТОШТЕМИР. Ишончингизни оқлайман!
РАҲБАР. Ҳали бу юрт бутун дунё ҳавас қиладиган мамлакатгага айланади.
ТОШТЕМИР. Мен шундай бўлишига ишонаман. Мана, сиз борсиз!..
РАҲБАР (илҳомланиб, ўрнидан туради-да, Тоштемирнинг ёнига келиб, елкасига қоқади). Сен ҳам борсан! Сен ҳам бор!.. Ҳар кўришганда, ёруғ юз билан кўришайлик, ўғлим!
ТОШТЕМИР. Албатта, ёруғ юз билан кўришамиз.
РАҲБАР. Ишингизга муваффақият тилайман! Бориб ғайрат билан иш бшлайверинг.

Улар қўл бериб, хайрлашадилар.

5
Сағировул. Олдинги кўринишлардаги жой. Тангриқул ҳовлиқанча, югуриб саҳнага киради.

ТАНГРИҚУЛ (овозининг борича бақириб). Эй, Сағировул! Чиқ ташқарига! Сағировул! Чиқ! Байрам қил! Ўйна! Кул! Мустақиллик келяпти! Мустақиллик келяпти! Мустақилликни кўриб қўй! Сағировул! Ташқарига чиқ! (У худди рақсга тушаётган каби аллақандай қувончли ҳаракатлар қилади).

Ичкаридан Орзиқул югуриб чиқади.

ОРЗИҚУЛ.  Нима бунча бақирасан? Бирор жойга ўт кетдими! Ё сигиринг учов тўғдими?
ТАНГРИҚУЛ. Сигирим мингта, йўқ, миллионта туғди! Орзиқулбой! Мустақиллик келяпти!.. Мустақиллик!
ОРЗИҚУЛ (шошиб, таъбиридан адашиб, тўрт томонга югуриб қолади). Э, келдими?! Бўйингдан айланай, қаердасан! Келдингми? (Тўрт тарафдан ҳеч нарса тополмай, ҳайрон қолиб) Тангриқул Инқилобчи… қани?
ТАНГРИҚУЛ (дунёни титратадиган ҳаяжонда). Келяпти! Келяпти! Ўз кўзим билан кўрдим! Ҳайқир, Орзиқул! Иссиқдан ҳаллослаб ётган Сағировул уйғонсин! Ҳайқир! Мустақиллик келяпти!.. Сағировул! Уйғон! Оламга жар сол! Мустақиллик келяпти!
ОРЗИҚУЛ (Тангриқулнинг забтига беихтиёр қўшилиб). Сағировул! Эй, Сағировул! Мустақиллик келяпти!
ТАНГРИҚУЛ. Сағировул!.. Сағировул!

“Тинчликми?”, “Нима гап?”, “Нима бунча бақирасанлар?”, деб Сағировулликлар – Яхшилик, Чориёр, Қиммат, Толғин момо, Ойчучук ва яна аллакимлар саҳнага ҳар тарафдан ҳовлиққанча, югургилаб кириб кела бошлайдилар. Охири Тўқсулув киради.

ТЎҚСУЛУВ. Бас қилинглар-э! Бунча бақирасизлар! Болаларнинг тарбиясини бузасизлар! Бас қилинглар!
ТАНГРИҚУЛ(шаштидан тушмай). Опа, мустақиллик келяпти! Мустақиллик!..
ОРЗИҚУЛ (Тангиқулнинг шаштига жўр ғайрат билан). Мустақиллик келяпти! Келяпти!..
ЧОРИЁР (Орзиқулга). Сен ўзи кўрдингми?
ОРЗИҚУЛ. Менми? (Бирдан шоштдан тушиб) Кўрганим-ку йўғ-у… (Тангриқулга ишора қилиб) Мана, Тангриқул айтаяпти-ку…
ҚИММАТ. Тангриқул ака, кўзингиз билан кўрдингизми?
ТАНГРИҚУЛ. Кўрдим! Мана шу кўзларим билан кўрдим! Келяпти! Сағировоул! Бахтинг чопти! Келяпти!
ЯХШИЛИК. Ҳовлиқмасдан тушунтир, ахир!
ТОЛҒИН МОМО. Тангриқул! Менга яқин кел!

Тангриқул Тўлғон момонинг яқинига келади.

ТАНРИҚУЛ. Мустақиллик келяпти, Тўлғон момо! Келяпти!
ТОЛҒИН МОМО. Кўзимга қара! Кўп дингилламай, кўзимга қара деяпман! (Момо Тангриқулнинг кўзига бир зум тикилиб қарайди). Алдамаяпти!.. Шу Тангриқул мустақилликни кўрган! Кўзлари айтиб турибди.
ЧОРИЁР. Бу ёққа қара! Мана бу Яхшилигу Орзиқулларга ўхшаб, сен ҳам кўп довдирайсан…
ЯХШИЛИК. Бизни қўшма-э!
ТОЛҒИН МОМО(Чориёрга). Ҳай!.. Алдаётгани йўқ деяпман!
ТАНГРИҚУЛ  Сағировулда ғафлатда ётибсизлар!.. Мотоциклни таранглатиб, овдан қайтаётсам, трактору бульдезорлар, срейперлару экскваторлар карвони биз тарафга келяпти. Шовқинига олам тор келади! Саҳро қуёнга ўхшаб титрайди! Еру осмон зириллайди!..(Қулоқ тутиб) Ана!.. Ана!.. Эшитинглар!..

Ҳамма қулоқ тутади. Хақиқатдан ҳам, олисдан моторлар гуриллаши элас-элас эшитила бошлайди.

ОЙЧУЧУК (бир четда, ўзича қувониб). Мени соғинганим Арслонга етиб борган!  Келяпти!..

Моторлар товуши аста-аста зўрайиб бориб, оламни тутади. Одамларнинг гапи эшитилмай қолади. Улар негадир хурсандлар: бир-бирларига ниманидир кўрсатадилар, тушинтирган бўладилар. Кимлардир супага чиқиб,  бўйлаб қарайди. Тангриқул худди мастдай рақсга тушади. Ногоҳ моторларнинг гувиллаши бирдан тинади.

ҚИММАТ. Во-ей! Акалар! Бу тракторлар дунёни олади. Ваҳимасини қаранг!..
ОРЗИҚУЛ. Қўрқма, хотин, ёнингда мен бор!
ЯХШИЛИК. Юрагимга бир фахр тушди-я! Шунча ваҳима мошинани Каримов юрғизиб қўйибди-да, а! Э, кўзингдан!
ЧОРИЁР. Бу мошиналарни бизга ўхшашаган бедов от минганлар бошқарса керак-да! Сен билан Орзиқул келсак, велоспедни ҳам “йиқиламан” деб минмайсизлар…
ТАНГРИҚУЛ. Қаранглар! Қаранглар! Техникани саф бўлиб тизилиб туришини қаранглар!
ТОЛҒИН МОМО.  Каримовни мақтаганларича бор экан!
ТЎҚСУЛУВ. Ойчучук!
ОЙЧУЧУК. Ҳа, опажон!
ТЎҚСУЛУВ. Югур, мактабга бор! Дарсни тўхтатишсин! Техникани томоша қилишга олиб чиқишсин! Яқин боришмасдан, олисдан қарашсин!..

Ойчучук югургилаб чиқиб кетади.

(Атрофдагиларга) Болаларга тарбиявий аҳамияти катта! Мамлакатимизда шундай мошиналар борлигини ўз кўзлари билан кўриб қўйишсин!

Шу пайт машина овози эшитилади. Овоз яқинлашиб келиб, тинади. Машина эшишигининг очилиб-ёпилгани товуши… Эшикдан бардам юриб, Тоштемир Собиров ва Рафик кириб келишади.

ТОШТЕМИР.  Ассалому алайкум, сағировулликлар!
САҒИРОВУЛЛИКЛАР (аралаш-қуралаш). Валайкум ассалом!
ТАНГРИҚУЛ. Келинг, меҳмон келинг!
ТОШТЕМИР. Шу Сағировулни Кабировул қилай деб Тошкентдан ғайрат билан келяпман…
ТОЛҒИН МОМО. Жуда шовқун солиб келдинг, улим! Сафарингдан муродинг нима?
ТОШТЕМИР. Темирйўл қурамиз.

Ҳамма лолу ҳайратда – жим қотиб қолади.

ЧОРИЁР (бир ишни бузиб қўядигандай бузиб, чўчибгина). Шу ерда ҳам… қурасизларми?
ТОШТЕМИР.Сағировулдан поездни учириб ўтказармидик? Албатта, бу ерда ҳам қурамиз-да! Рафик айт, қаердан ўтишини!
РАФИК (сумкасидан букланган катта қоғозни – лойиҳани, қартаними олади. Сўнг супа устига авайлаб ёйиб, бармоғи билан кўрсатади.) Мана, бу Сағировул…

Сағировулликлар қартанингми, лойиҳанингми устига уйлиқиб қарашади. Фақат Толғин момо жойида қимилламай ўтирибди.

ТАНГРИҚУЛ. Қани? Қани?
ЯХШИЛИК. Ўзимизнинг Сағировулми?
ОРЗИҚУЛ. Бу дунёда бошқа Сағировул бўлмаса керак-ов!..
ТЎҚСУЛУВ. Вой! Ана, ёзиб қўйибди! Са-ғир-о-вул!
РАФИК. Секин! Йиртиб юборасизлар!..

Унинг гапига ҳеч ким парво қилмайди!

ЧОРИЁР (жуда ҳайратга тушиб). Тавба, бизни ҳам билишар экан! Ёзиб қўйишибди-я!
ТАНГРИҚУЛ (ҳаяжони қайнаб). Э, биз мустақилликнинг доим эсидамиз! Мустақиллик бизни унитмайди! Унитмайди!..
ЧОРИЁР. Тўғри айтасан!
ҚИММАТ (ниҳоят қартадан кўз олиб). Акалар, поездйўл қаердан ўтар экан? Билдиларингми?
ЯХШИЛИК (қартага қараб). Ие, Сағировулни босиб ўтадими?
ОРЗИҚУЛ. Ҳа-я! Устидан ўтиб кетар экан!
ЧОРИЁР. Меҳмон, устимиздан поезд солманг-да!
ТОЛҒИН МОМО. Э, кўп самирдама, Чориёр! Шу қоғозни бу ёққа олиб кел! Ўз кўзим билан кўрай!
РАФИҚ (қартага чўзилган Чориёрнинг қўлини қайтариб). Ўзим…
ТОШТЕМИР. Менга бер! (қартани Рафиқнинг қўлидан олиб). Момомга картани ўзим кўрсатаман! (Момонинг ёнига боради.) Мана, бу чизиқлар темирйўллар! Мана бу чизиқ энди қуриладигани! Мана, бу митти гардиш эса Сағировулингиз, момо!

Толғин момо улуғвор режаларни ўйлаётган қўмондондай қартага синчиклаб қараяпти. Ойчучук киради.

ТЎҚСУЛУВ. Болаларни томошага олиб чиқишдими? Эҳтиёт бўлар экансизлар, деб тайинладингми?
ОЙЧУЧУК. Опа, мен боргунча, болалар трактору… (сўз тополмай) ана у бир бало мошиналарни ўраб олган! Баъзилари устига ҳам чиқиб юрибди!
ТЎҚСУЛУВ. Вой, ўлай! Мен борай! Нимага тракторнинг устига чиқишади? Синдириб қўйишса!..
ТОШТЕМИР. Опа, хавотир олманг! Болаларингиз бу техникага кўниксин! Бу таракторлар синмайди! Тоғни ағдаради!
ТОЛҒИН МОМО. Улим, бу суратда поездинг ҳақиқатдан ҳам Сағировулнинг устидан ўтар экан… Бундай қилма!
ТОШТЕМИР (кулиб). Момо, бу картада темирйўлнинг кичик бир сурати чизилган-да! Аслида, темирйўл анча наридан ўтади. (яна баланд овозда)  Рафик!..
РАФИК. Шу ердаман! Шу ерда!
ТОШТЕМИР. Сағировул билан билан трассанинг оралиғи қанча?
РАФИҚ. Ҳозир, аниқ қайтаман! (Сумкасидан яна бир қоғозни олиб қарайди.) Олти юзу етмиш метр…
ТОЛҒИН МОМО (сағировулликларга). Ваҳима қиласизлар! Бу йигитларнинг сину сумбатига қаранглар! Бировнинг устидан поезд соладиган одамлар шундай бўлдими! Болам, ишни қачон бошлайсан!
ТОШТЕМИР. Бизни нафас олишга вақтимиз йўқ. Ҳозир киришамиз.
ТОЛҒИН МОМО. Бўлмаса, улим, эскиларнинг удумини қилиб қуяйлик. Бир жонлиғ суйиб, қон чиқарайлик! Яхшилик, Чориёр бизникига киринглар! Яхши кунларга атаб қўйган бир панжи қучқорим бор. Шуни темирйўлга атаб сўйинглар!..
ТАНГРИҚУЛ (Ичига сиғмай). Ҳақиқатдан бугун молу жонни аяйдиган кун эмас!.. Менинг ҳам бир эчким бор! Сўямиз! Бизни мустақиллик йўқлаб келибди-ю, қараб ўтирамизми? Сағировул қараб ўтирмайди. Эй, шундай ҳам яхши кун бўладими!
ЯХШИЛИК. Менинг ҳам бир қўзим бор…
ЧОРИЁР. Уриниб ўтирманглар! Ният қилиб бир той олган эдим, шуни… А? Ҳаммага етади! Тошкентдан меҳмонларга, ўзимизга ҳам…
ҚИММАТ. Ака, шу тойни қўйинг! Қашқалари ўзига ярашган той!
ОРЗИҚУЛ. Бизнинг хотин бир гапни билмаса, гапирмайди! Бу тойга тегинма! Ҳали кучга кирсин, кўпкарининг ҳамма совринини йиғиштириб оласан!
ТЎҚСУЛУВ. Чориёржон! Шу тойингга тегинма!.. Кукқашқанинг ўрнини босади!..
ЧОРИЁР.  Кўкқашқанинг ўрнини босадиган от йўқ, опа!
ЯХШИЛИҚ. Нега босмас экан! Нега босмас экан! Босади!
ЧОРИЁР (бирдан нола қилиб). Кўкқашқа!.. Кўкқашқа! (Чидаёлмай) Эй!..
ТАНГРИҚУЛ. Чориёр… Ошна!.. Бугун — байрам! Байрам! Шу тойинг ҳали бир от бўлсин!..
ТОЛҒИН МОМО. Чориёрга индаманглар! Йигит деган оти учун куяди-да. От йигитнинг қаноти! Қанотидан айрилиб ўтирибди… Индаманглар!
ТОШТЕМИР. Менинг отамнинг ҳам бир оти бўлар эди. Саман от!.. Москвадан “ўзбеклар” иши деб дунёга жар солиб келганлар, отамга туҳмат қилиб, қаматиб юборган-да, шу от бир хасни оғзига олмай қўйган! Шўрлик икки ойда ўлиб қолди! Шундай ҳам вафо бўладими!.. Э, бу ўзбек  бошимиз нимани кўрмади!.. Энди ундай бўлмайди! Ўзимиз ўзимизни кўтарамиз! Энг зўр тулпорларни минамиз! Энг зўр вагонларда роҳат қилиб дам оламиз! Поездимиз эшигимизнинг олдигача келади…
ТОЛҒИН МОМО. Айтганинг келсин, улим!..
ТОШТЕМИР. Сизларнинг олдингизга иш билан келганман! Аввал ишни бажариб олайлик, кейин байрам қиламиз! (узоқдаги одамни чақираётгандай) Рафик!..
РАФИК.  Шу ердаман-ку.
ТОШТЕМИР. Худди узоқда юрганга ўхшайсан. Ҳозир биз бу қишлоқ билан аҳди паймон қиламиз! Сен гапларимизни ёзиб олавер!
РАФИК. Айтмасангиз, ҳам ёзаман-ку!
ТОШТЕМИР(кулиб). Ақлингга балли, Рафиқ! (Сағировул-ликларга) Бу ерда темирйўл бекати қурилади! Катта бекат! Биз  бу бекатда фақат Сағировулликлар ишласин деяпмиз!  Менга элликта йигит керак! Уларни Тошкентда темирйўлчиликнинг ҳар хил касбига ўқитамиз. Станция бошлиғи ҳам, ўринбосари ҳам, инженер ҳам, монтёрлар ҳам, йўл назоратчилари ҳам  — ҳаммаси шу қишлоқнинг одамлари бўлади… Бир гуруҳ қизлар бўлса ҳам, зарар қилмайди…
ТАНГРИҚУЛ. Баракалло! Баракалло! Мустақиллик! Қаддингни ур!
ТЎҚСУЛУВ. Отингиз нима, айланай.
РАФИК. Бу киши шу темирйўлларнинг бошлиғи Тоштемир Собиров.
ТЎҚСУЛУВ. Тоштемиржон!.. Бу қишлоқнинг йигитлари ишдан қочмайди! Аммо ҳозир улар бу қишлоқда йўқ…
ТОШТЕМИР. Қаёққа кетишган?
ТЎҚСУЛУВ. Энди… Ўзингиздан қолар гап йўқ… Ҳаммаси рисқини тергани, чумолидай ўрмалаб, бир жойларда юришибди-да!..
ТОШТЕМИР(сукунатдан сўнг). Чақирсаларинг… қайтишадими?
ТАНГРИҚУЛ. Қайтади! Нимага қайтмас экан!
ТОШТЕМИР. Ундай бўлса, қайтаринглар!
ЯХШИЛИК. Тошкентга Арслонга телефон қиламиз. У барча изғиб юрган қишлоқдошларини танийди…
ТОШТЕМИР. Ким у Арслон?
ОЙЧУЧУК (тўсатдан гапга аралашади. Яхшиликни кўрсатиб). Бу кишининг ўғиллари! Тошкентда! Жуда яхши йигит!
ТОЛҒИН МОМО. Ҳой, ҳой!.. Сен нега гапга қўшилаяпсан! Бор, уйга кир! (Тоштемирга) Бу менинг неварам! Ҳеч катталарнинг гапига қўшилмас эди. Бирдан!.. (Ойчучукка) Бор, уйга кир!..
ТОШТЕМИР. Шошманг! Ўша яхши йигит Тошкентда нима қилиб юрибди, қизим!
ОЙЧУЧУК (ўзининг журъатидан энди уялиб, ўзини момосининг ортига олган бўлади). Мен билмайман.
ЯХШИЛИК (Ойчучукни суйиб). Ўқияпти, де, ойқизим! Тепловоз машинистлигига ўқияпти, де!
ТОШТЕМИР (ҳайратга тушиш навбати унга келган). Нима? Тепловоз машинистлигига! Шу Сағировулдан бориб-а!
ТАНГРИҚУЛ. Бизнинг сағировулликларни нима деб ўйлаяпсиз! (чертиб-чертиб, уқдириб-уқдириб) Мана шу қишлоқдан чиққан йигит Тошкентга бориб, тепловоз ҳайдашга ўқияпти!
ТОШТЕМИР. Мен ҳам ёшлигимда тепловоз ҳайдаганман! Менга ўхшайдиган бола экан. (Баланд овозда) Рафик!.. Ие, шу ердамисан!.. Ўша йигитнинг номини ёз! Ёз! Бизнинг кадр экан!..

Рафик ёзишга шайланади.

ЯХШИЛИК. Менинг ўғлим. Жумаев Арслон… Менинг ўғлим!
ТОШТЕМИР. Бошқалар йигитларни қандай топамиз?
ОРЗИҚУЛ. Улар қаерга айтсангиз, ўша жойга етиб боради.
РАФИК. Бизга рўйхат керак.
ТЎҚСУЛУВ. Тоштемиржон, мен бу йигитларни ҳаммасини ўқитганман. Қандай ўқиганларини ҳам, феълу атворларини ҳам, нима иш қўлидан келишини ҳам биламан. Ўзим сизга қишлоқ билан келишиб рўйхат қиламан. Бир соатда қўлингизда бўлади.
ТОШТЕМИР.Бу бошқа гап, опа! Энди Сағировулда бўладиган янгиликлардан гаплашайлик. Хўш, қишлоғингизда темир йўл бекати биноси қурилади. Ёнида яна хизмат иморатлари. Бундан ташқари коттежлар қурамиз!..Рафик! Нечта уй қурамиз!
РАФИК. Йигирмата! Швециядан келтирилган лойиҳа асосида!
ТАНГРИҚУЛ. Э, Яшанглар-э! Яша-э, мустақиллик!
ОРЗИҚУЛ. Баракалла!
ЯХШИЛИК. Қойил!
ТОЛҒИН МОМО. Улим, “кўптиш” дегани нима?
ОЙЧУЧУК. “Кўптиш” эмас, момо! “Коттеж”!
ЧОРИЁР. Уй момо! Уй қуришар экан!
ТОШТЕМИР. Тошкентда ўқиб келган мутахассислар ўша уйларда яшайди! Сизларга ҳам иш топилади! Илгари ким бўлиб ишлагансизлар, бирин-бирин айтинглар, қани!
ЯХШИЛИК. Мен қурувчиман. Прораб бўлиб ишлаганман.
ТОШТЕМИР. Рафик, ёз. Бу киши коттежлар қурилишида бригадир бўлади.
ЧОРИЁР. Ҳар ишни қилиб кетавераман-у… Энди биз чорвадормиз.
ТОШТЕМИР. Э, худонинг ўзи етказди! Сағировулда темирйўлчилар учун чорвачилик фермаси ташкил қилмоқчимиз. Ўша жойда ишлайсиз! Ҳозирдан иш бошланг!.. Ферма учун жой танлайверинг!
ОРЗИҚУЛ. Мен ҳам шу. Ота-бобомиз чорвадор ўтган… Аммо бошқа ниятим бор! Сағировулда бир боғ қилсам…
ТОШТЕМИР. Сизни ҳам ишга оламиз…
ТАНГРИҚУЛ Менинг касбим ҳисобчилик.
ТОШТЕМИР. Жуда яхши-да! Бўлажак бекатда ҳисобчилиги сизга. Ҳозирча, чорвадор акага ёрдам бериб туринг! Бўлдими? (Тўқсулувга) Опа, қишлоқдаги бошқа ишга кираман деганлар бўлса, (Рафикни кўрсатиб) мана бу каттамизга учрашсин! (Ойчучукка кўзи тушиб) Сен ўқишга бормайсанми?
ОЙЧУЧУК (момосига бир қараб олиб). Бораман…
ТОЛҒИН МОМО (эркалаброқ). Ҳа, бети қаттиқ! Момонгдан олдин гапирасан-а!
ТОШТЕМИР (Тўлғонойга). Опа, шу қизимизнинг исмини ҳам рўйхатга тиркаб қўйинг!
ҚИММАТ. Вой, худонинг етказганига шукур! Бир пасда ҳамма ишли бўлди-я!
ТАНГРИҚУЛ. Мана, мустақиллик! Мана!..
ТОШТЕМИР. Яна қиладиган ишларимиздан гапирай. Газ олиб келамиз!
ТЎҚСУЛУВ. Газ дедингизми, Тоштемиржон? Қаердан келади?
ТОШТЕМИР. Бир юз йигриа километрлик қувур тортамиз! Янги электр линияси ўтказамиз! Сув ҳам келади. Сув учун бир юз ўн километрлик қувур ётқизамиз!

Сағировулликлар эшитганларига ишониб-ишонмай карахтликда турибди.

ЧОРИЁР (жуда эҳтиётлаб). Шу гаплар… ростми?
ТОШТЕМИР. Э, одамнинг соддаси! Нега рост бўлмайди! Президент айтиб турибди. Президент!
ТАНГРИҚУЛ (бирдан куйлаб юборади).
Серқуёш, ҳур ўлкам – элга бахт, нажот.
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!
Яшагай то абад илму фан, ижод.
Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!..

Сағировулликлар ҳам, Тошкентдан келганлар ҳам унга ҳайрон қараб турибди.

Зўр! Мустақиллик!..
ТОШТЕМИР. Оббо! Сиз-ей! Қойил қилдингиз!
ТЎҚСУЛУВ. Тангриқул! Анграйиб қолдик!.. Қўшилайлик десак билмасак!..
ЧОРИЁР. Лекин Тангриқул инқилобчи! Ватанпарварсан-да! Мана, Орзиқул билан Яхшилик юришибди оғизларини очиб!..
ОРЗИҚУЛ. Эй, бизни тинч қўй!..
ТЎҚСУЛУВ (ўнғайсизланиб). Тоштемиржон… бир арзим бор… Эшитасизми?
ТОШТЕМИР. Сиз арз қиласизу мен эшитмайманми?
ТЎҚСУЛУВ. Оғажон… Элнинг бир иши бор! Мактабимиз тўкилиб қолган… Шуни, бир яхшилаб… таъмирлашга кўмак беролмайсизми?…
ТОШТЕМИР. Шу гапни ҳам минг ийманиб айтасиз-а! Опа, йўлда мактабга кўзим тушди! Уни таъмирлаб ўтирмаймиз!
ТЎҚСУЛУВ. Ундай деманг, оғажон… Ёрдам беринг!..
ТОШТЕМИР. Сағировулда янги мактаб қурамиз! (кулиб) Аммо менинг ҳам бир шартимиз бор!
ТАНГРИҚУЛ. Айтган гапингизни бажарамиз! Ҳар айтган гапингиз ҳозир Ватаннинг сўзи бўлиб турибди.
ТОШТЕМИР. Шу Сағировулликларнинг кўпчилиги ЎЗбекистон мадҳиясини билмас экан-да!
ҚИММАТ. Энди оз-моз камчиликларимиз бор…
ОРЗИҚУЛ. Бизнинг хотин тўғри айтаяпти. Камчиликларимиз бор. Албатта, камчиликларимизни тузатамиз, катта!
ТОШТЕМИР. Бўлмаса, гап бундай! Биз янги мактабнинг қурилишини бошлаймиз! Сизлар эса янаги келганимда, юртимизнинг мадҳиясини ўрганиб турасизлар!
ТАНГРИҚУЛ. Буларга ўзим ўргатаман!
ТОЛҒИН МОМО. Нима десак, муҳайё бўляпти! Қон чиқармасак бўлмайди! Чориёр, бор, бизни уйга кир! “Аллоҳу акбар, берган мустақиллигингга минг шукур” деб панжи қўйни сўй!..

Чориёр кампирнинг ҳовлисига йўналади. Шу пайт Тоштемирнинг телефони жиринглайди.

ТОШТЕМИР (телефонга).  Тайёрмисизлар!.. Бошланглар!

Олдин битта трактор мотори ўт олади. Сўнг иккинчиси унга жўр бўлади. Бирин-кетин бошқа моторлар ҳам гуриллайди. Дилларга завқ берадиган қудратнинг сурури оламни тутади. Сағировулликлар ва Тошкентлик меҳмонлар бир-бирларига қувонганча, нималардир деб гапиришади. Тангриқул Инқилобчи эса ҳайқираяпти…

6
Яна Сағировул.  Янги бекат. У шинам ва замонавий эканлиги кўриниб турибди. Деворда поездлар жадвали. Катта телевизор осилган. Темирйўлчиларнинг байрам формасини кийиб олган Жаббор ва Қувват деворга “Яшасин мустақиллик”!” деган шиорни ҳозиргина осиб бўлишган. Бировининг қўлида болға, бировининг қўлида мих… Тангирқул, Яхшилик ва Орзиқул уланинг ишига маслаҳатчи сифатида туришибди.  Улар ҳам тўйга борадигандай кийиниб олишган.

ТАНГРИҚУЛ (Шиорни завқ билан ўқиб). “Яшасин  мустақиллик”! Яшасин!.. Зўр!
ОРЗИҚУЛ(шиорга ҳар тарафдан қараб). Сўл тарафини сал кўтарсанми, Жаббор?
ЯХШИЛИК (гоҳ олдинга юриб, гоҳ орқага тисланиб). Йўқ, сўл тарафини кўтарма! Сўл тарафи жойида! Ўнг тарафини озроқ тушир!
ЖАББОР. Мен ўлчаб осдим…
ҚУВВАТ. Полга нисбатан мутлақ паралель турибди.
ОРЗИҚУЛ. О,  буларинг олим бўлиб кетибди-ку, Яхшилик!
ТАНГРИҚУЛ(Қувват ва Жабборга). Ҳаяжонланмаяпсизларми?
ҚУВВАТ. Биринчи поезд қаъбул қилишимиз-да, Тангиқул ака. Озроқ…
ЖАББОР. Нима қилиш кераклигини биламизу, аммо озгина ҳаяжон бор!
ТАНГРИҚУЛ. Бундай катта ишни қилаётганда, Ватанни кўз олдиларингга келтиринглар!.. Ҳамма ишларинг беш бўлади!
ҚУВВАТ. Биз бекатга борайлик! Ҳали замон поезд келади…

Жаббор ва Қувват шошиб, чиқиб кетишади.

ТАНГРИҚУЛ (уларнинг ортидан, ҳазиллашиб қолади). Эй! Янги коттежларингга оталарингнинг чориғини осиб қўйингларингми?
ЯХШИЛИК. Поезд келишига қанча вақт қолди?
ОРЗИҚУЛ. Ўн дақиқа!
ЯХШИЛИК. Ичим қизиб кетяпти-я!..
ОРЗИҚУЛ. Ҳа, энди ота фарзанди учун ишқибоз бўлади-да! Аммо сен хавотир олма! Бу Арслонинг ғайратли йигит! Поездни кўзини юмиб бошқаради!
ЯХШИЛИК. Орзиқул! Тасаввур қил, ошна! Менинг улим Сағировулга поездни бошқариб келяпти!.. Тасаввур қил!
ОРЗИҚУЛ. Тушга ўхшайди!… Уч йилда нималар бўлмади! Газ ҳуриллаб ёниб турибди! Сув шалдираб оқаяпти! Телевизор дунёни кўрсатаяпти!.. Ниҳоллар мева берай деб қолди! Гуллар очилиб ётибди! Бировга айтсанг. ишонмайди!
ТАНГРИҚУЛ. Яшасин мустақиллик!

Шу пайт ташқарида от туёғининг гупири, сўнг кишнаши эшитилади.

ОРЗИҚУЛ. Кўкқашқа!..
ЯХШИЛИК. Оббо! Яна қочиб келдими?..
ТАНГРИҚУЛ. Э, шу от увол бўлди!

Чориёр ичкарига югуриб киради. У чавондозларга хос кийинган. Қамчиси этигининг қўнжида. Ниҳоятда хурсанд – қуёшдай чарақлайди, боши осмонга етган, дунёга сиғмаяпти…

ЧОРИЁР. Кўкқашқани олиб келдим!
ТАНГРИҚУЛ. Чориёр… Ўғирлаб келдингми?
ЧОРИЁР. Нега ўғирлар эканман! Қайтариб сотиб олдим! Э-ҳе-ҳей! Қашқа ўзимники! Сенлар мошина олдинг. Мен эса Қашқани!  (Ташқарига қараб) Кўкқашқа!..

Ташқарида от ер тепиниб, кишнайди..

Қувониб кетяпти, жонивор! Сариғовулга қараб, елишини бир кўрсаларинг эди! Жиловини тортмасам, учиб кетаман, дейди! (Ташқарига қараб)  Кўкқашқа! Тулпор!

Яна отнинг ер тепиниб, кишнаши эшитилади.Қиммат киради.

ҚИММАТ. Ассалому алайкум, акалар!  Поезд келиб кетмадими, отаси?
ОРЗИҚУЛ. Сенга поезд велоспедми? Келса, еру кўк ларзага тушади!
ҚИММАТ. Овқат тайёр! Акалар, овқатланиб олмайсизларми?
ТАНГРИҚУЛ. Қиммат, газ келгандан буён овқат қилишни машқ қиляпсанми? Э, тавба! Бизнинг уйда ҳам шу! Ҳар кун неча маҳал овқат!
ҚИММАТ. Ҳуриллаб олов ёниб тургандан кейин, ҳавасига овқат қилар экансан!
ЯХШИЛИК. Сув ҳам зўр-да!.. Чой ҳам керак эмас! Бир коса ичиб, сериал кўрсанг, бўлди! Беш кунлик чарчоғинг беш дақиқада чиқиб кетади!

Тўқсулув киради. У ҳам байрам либосда.

ТЎҚСУЛУВ (девордаги шиорга қараб). Жуда зўр бўпти! Байрамни байрам қиладиган шиор!
ТАНГРИҚУЛ. Директор опа! Аввал бу шиорни бир ўқинг! (ўқиб) “Яшасин мустақиллик!”
ТЎҚСУЛУВ. Яшасин, Тангриқул! Яшасин!… Ҳозир бу ёққа келётиб, ортимга бурилиб, бир бир қарадим. Янги уйлар савлат тўкиб, тизилиб турибди. Мактаб осмондан тушган тушдай… Эртакнинг ичида юргандайман, Тангриқул!… (Чориёрга). Отинг қуллик бўлсин, Чориёр! Олиб келибсан-да!
ЧОРИЁР. Опа, бахтимни олиб келгандайман!..

ТОЛҒИН момо киради. У ҳам қадимги либосларини сандиқдан олиб, кийиб олган. Бўйнида қадимги тақинчоқлар.

ТОЛҒИН МОМО. Тўқсулув, эсингдан чиқмасин! Мен ҳам ҳамма қатори қўшиқ айтаман!
ТЎҚСУЛУВ. Албатта, айтасиз! Ўртамизда туриб айтасиз!
ТОЛҒИН МОМО (нимагадир қулоқ солиб). Шошманглар!.. Ер зириллаяпти!..
ЧОРИЁР (вужуди билан тинглаб). Ҳа, зириллаяпти! Юз минг тулпор от югуриб келётгандай…

Сағировулликлар жим қолиб, ерни тинглашаяпти.

ЯХШИЛИК. Поезд!… Поезд келяпти! Арслон бошқариб келяпти! Менинг ўғлим!
ТАНГРИҚУЛ. Поезд! Поезд!

Ҳамма бирдан ёш боладай қувониб, бир-бирларини қутлайди. Бир пасдан сўнг поезд овози кучайиб, саҳнани тутади. СаҳнагА Сағировуллик бошқа одамлар ҳам кириб келишади. Бир-икки муаллима бошчилигида, қўлларига гуллар тутган мактаб ўқувчилари югуриб киришади. Темирйўлчилар кийимидаги хизматчилар у ёқдан-бу ёққа шошилиб ўтишади. Ҳамма поезд келадиган тарафга қараб турибди. Поезд гудоги байрамона янграйди.

ТАНГРИҚУЛ (овозини ҳайқириб). Яша мустақиллик! Яша!..

Поезнинг “тақа-туқи” секинлайди. Сўнг тинади. Яна тепловознинг ғолибона гудоги таралади. Эшикдан Тоштемир Собиров бошчилигида темирйўлчилар кириб келишади. Ўқувчилар уларга гуллар беришади. Кондуктор кийимидаги Ойчучук югуриб келиб, Толғин момонинг бўйнига осилади. Арслон Отасини кўчади. Уларни Сағировулликлар бири қўйиб, бири бағрига босяпти. Тоштемирни ҳам одамлар қадрдонларини кўргандай қучоқлаб кўришмоқдалар.

ТОШТЕМИР. Бугун байрам! Ниҳоятда катта байрам. Бу замонавий темир йўл Ўзбекистоннинг қудрати билан барпо этилди! Биз буюк ишларни амалга ошираётган мамлакатга айланиб боряпмиз! Мен барчаларингни қутлайман! Сағировулликлар! Сизларга темир йўл муборак бўлсин! Янги ҳаёт муборак бўлсин!
ТАНГРИҚУЛ. Ура-а-а!..

Барча бу шаън олқишга ҳамма қувонганча, жўр бўлади.

ТЎҚСУЛУВ ва ТАНГРИҚУЛ (бирдан қўшиқ бошлайдилар).
Серқуёш, ҳур ўлкам…

Уларга Яхшилик, Орзиқул, Чориёр, Тўлҳон момо, қўитувчилар, ўқувчилар – жаъми Сағировулликлар жўр бўлади.

…элга бахт, нажот,
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!
Яшагай то абад илму фан, ижод.
Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!..

Аста-аста Ўзбекистон мадҳияси тантанавор тус олади. Ўзбекистон гимни катта байрамлардагидай дунёни тўлдириб янграй бошлайди. Барчанинг қўллари кўксида – фахр билан турибдилар. Шу аснода саҳна прожекторлар нури одамларни оралаб, тепадаги экранни ёритади. Унда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг темирйўл билан боғлиқ фаолиятидан йиғма кинокадрлар кетади. Мана, Президент темирйўлчилар билан суҳбатлашаяпти. Мана, янги темирйўлни очаяпти. Мана, тезюрарпоедда хурсанд кайфиятда кетяпти…

Шу кўтаринкиликда  томоша сўнгига етади.

ТУГАДИ

Сайт бўлими: Драматургия

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ