"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Йўлдош Солижонов. Зулфия ижодида Фарғона ва фарғоналиклар

Ўқилди: 782

СолижоновҲа, Зулфия ижодида ҳам Фарғона мавзуси замондошлари Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Миртемир ижодидаги сингари алоҳида саҳифани ташкил этади. У ҳам Фарғона ва фарғоналиклар ҳақида талай шеърлар, мақола ҳамда очерклар ёзган, алоҳида оилалар, кўплаб кишиларнинг чигал тақдирларини ўнглашга, ҳаётининг тўғри йўлга тушишига қўлидан келганича амалий ёрдам берган. Чунки опа Фарғонага гоҳ расман (Давлат ва жамоат арбоби, “Саодат” журналининг бош муҳаррири сифатида ҳамда адабий учрашувлар сабабли), гоҳ норасмий равишда (ўз ихтиёри билан дам олиш ниятида) жуда кўп келган. Бу сафарлар ва учрашувлар шоирага ҳар доим катта илҳом бағишлаган. Зулфия опа Фарғонага ҳар келганида янги-янги дўстлар, шогирдлар орттирган, шеърлар, очерк ва мақолалари учун мавзу ҳамда қаҳрамонлар топган. Бу фикримизни исботлаш учун шоиранинг 3 жилдлик “Асарлар”ларига бир қур назар ташлаш, унинг беғараз кўмаги, бағри кенглиги, самимиятидан баҳраманд бўлган одамларнинг миннатдорлик сўзларини тинглаш кифоя қилади. Шоира Фарғонага ташриф буюрганида ҳар сафар албатта, ҳаваскор қаламкашлар билан учрашар, улар орасидан энг яхшиларини танлаб, шеърларини олиб кетар, “Саодат” журналида эълон қиларди. Устознинг бағри кенглиги ва беғараз ёрдамидан руҳланган кўпчилик ёшлар эса атай Тошкентга бориб, унинг кўригидан ўтиб келардилар. Бунинг натижасида жуда кўп ижодкорлар адабиёт аталмиш мўъжизалар маконини танлаб, устоз-мураббийнинг ишончини оқладилар.
Шуларни ҳисобга олиб мен Зулфия ҳаёти ва ижодида Фарғона ҳамда фарғоналикларнинг ўрни, Зулфиянинг фарғоналик ижодкорларни кашф этиши ва рўёбга чиқариши, давлат ва жамоат арбоби сифатида оддий одамларга берган амалий ёрдами, муруввати, бағри кенглиги тўғрисида ҳикоя қилишни истадим.

З у л ф и я В о д и л д а
Мулоҳазаларимизни дастлаб ўзи томонидан “Фарғона илҳомлари” деб номланган туркум шеърлари киритилган “Ўйлар” тўпламидан бошлай қолайлик. Зулфия 1965 йил июнь ойи ўрталаридан то августга қадар водийнинг энг сўлим, хушҳаво гўшаси саналган Водилда дам олган (тўғрироғи, ижод қилган). Бу ерга келишининг сабаби тўғрисида журналист Анвар Жўрабоевга шундай деган эди:
“Таваллудимнинг 50 йиллигини нишонлашмоқчи бўлишди. Ҳамма мева ҳам тезпишар бўлмаганидек, менинг ижодим ҳам ўшанда “инқироз”да эди: деярли икки йилки, шеър ёзмаганман, журнал, жамоат ишлари…
Охири меҳнат таътилига чиқиб, узоқ ижодий уйлардан бирига кетдим. Бир неча кун яшадим – шеър дарди қийнади, қанча-қанча қоғозларни қоралаб ташладим-ку, лекин ҳеч нарса ёзолмадим… Негадир Фарғона водийсига кетгим келаверди. Бордим… Водилдаман. Дала айланаман, табиатга тўймай боқаман, одамлар билан суҳбатлашаман. Кўз олдимда шеърдан-да гўзал, мукаммал бир дунё! Қарабсизки,бахт дариб, уч кун деганда сатрлар ёнига сатрлар кела бошлади. Инсон ва табиатнинг ҳар бир неъмати: ақиқ юлдузлар, зумрад далалар, жилдираб оққан тиниқ-тиниқ сув остидаги палак гулларини эслатувчи ранг-баранг тошчалар – ҳамма-ҳаммаси шеърга айланар, қўлга тутиб кўрса бўладиган мунчоқлар шодасидай тизилиб келарди… мендан бахтлироқ одам йўқ эди, назаримда ўшанда!
“Ўйлар” номли шеърий тўпламим ана ўша масъуд қирқ беш кунда Водилда ёзилди.”
1965 йил декабрида ўқувчилар қўлига етиб борган ана шу тўпламдан шоиранинг 23та шеъри ўрин олган. 25000 нусхада чоп этилган бу китобдаги шеърлар кўплаб ижодкорларнинг эътиборини ўзига тортган ҳамда водийнинг ўпкасини тозалаб турадиган мусаффо об-ҳавоси, шарқираб оқадиган сойлари, серҳосил далалари, боғлари билан машҳур бўлган Водил ҳамда унинг меҳр-оқибатли ва самимий одамлари ҳақида эди. Ҳар бир шеъри остига ёзилган куни ва жойи ёзиб қўйганига қараганда Зулфия опа Водилга июннинг 15-куни етиб келиб, то август ойигача қолиб кетган. Аслида 10-15 кунни мўлжаллаб келган шоира бу ердаги одамларнинг меҳр-оқибатини, самимийлигини, Водил иқлимининг мусаффолигини кўриб, бир ярим ой қолиб кетади ва бир кун ҳам ёлғиз қолмайди, зерикмайди. Бу ҳақда “Дружба народов” журналининг мухбири Александр Наумовга қуйидагиларни айтган эди: “Мен “Ўйлар” номли тўпламимдаги ҳамма шеърларни Водилда, жуда ҳам сўлим ва сокин табиат бағрида ёздим. Бундай жойга кўпдан бери орзуманд ва муштоқ эдим.”
Шоира деярли ҳар куни қишлоқни айланган, далаларга чиқиб, шийпонларда аёллар, мактабларда ўқитувчи ва ўқувчилар билан мириқиб суҳбатлашган. Бундай тадбирларни уюштиришда қишлоқ кутубхонасининг мудири Саодатхон Юнусова асосий рол ўйнарди. Бунинг устига Зулфия опанинг қишлоққа келганини эшитган ёшу қари, айниқса, бадиий ижодга ишқибоз ёшлар ҳар куни оромгоҳга гурас-гурас келишар, ҳовлида чинакам мушоира бўларди. Буларнинг барчаси ўзи айтганидек, “гўзал, мукаммал бир дунё”дан баҳраманд бўлиб, “ҳамма-ҳаммаси шеърга айланар, қўлга тутиб кўрса бўладиган мунчоқлар шодасидай тизилиб келарди…”
Бу ерда топган дугоналари, мухлислари билан Зулфия бир неча марта Шоҳимардонга ҳам бориб келади. “Атроф ниҳоятда гўзал, — дейди шоира бу сафарини эслаб.- Оқсув билан Кўксув кўм-кўк, осмону қушлар парвозини ўз тўлқинларида сувратлантириб, оқиб ётибди. Қорли тоғлар этагида минг хил чечаклар. Пойида нур, бошида нур, шабада уларни эркалайди. Руҳим шундай енгил эдики, гўё мени юзлаб кўринмас қўллар кўтариб, яйратиб юргандай…” Шоҳимардон таассуротлари натижасида шоиранинг “Сўроқлайди шоирни шеърим” достони юзага келди.
“Ўйлар” тўпламидан ўрин олган шеърлар ана шу серзавқ онлар ва кўтаринки илҳом самаралари бўлиб, шоиранинг суюкли Фарғона ва унинг меҳнаткаш, саховатли одамларига меҳру муҳаббатини изҳор этувчи гўзал гулдаста сифатида қимматлидир. Бу ҳақда шоиранинг ўзи шундай дейди: “Шеърларимда мен учратган ва кўрган, менда яхши таассурот қолдирган кишилар ва уларнинг тақдирлари кўринади. Асар қаҳрамонларини махсус қидириб юришнинг ҳожати йўқ, улар биз билан ёнма-ён яшайдилар. Уларнинг юмуш ва ташвишлари – менинг юмуш ва ташвишларим, уларнинг дунёни сезиши меникига яқин.” Чиндан ҳам Водилда яратилган шеърларни ўқиб, шунга амин бўламиз, чунки ундаги барча шеърлар шоиранинг ўзи кўрган, суҳбатлашган одамлар ҳақидадир.
Масалан, “Гузар”, “Раис шундай бўлса”, “Боғбон”, “Мироб”, “Бир бола бор оти Алишер” каби шеърлари айнан меҳмондўст, меҳнаткаш, самимий водилликларга бағишланган. Аммо Зулфия бу шеърларида биргина Алишердан бошқа биронта қаҳрамонининг исмини тилга олмайди. Назаримда, шоира ўзи суйиб қаламга олаётган манзаралар, кишилар – раис, боғбон, мироб, сут соғувчи қиз, гузарда яйраб юрган хушчақчақ одамлар–барчаси бутун ўзбек юрти, халқимиз фазилатига хос деб билган.
Гарчи исмлари берилмаган бўлса-да, унинг шеърларидаги шоирага бир пиёла яхна чой тутган чол, “магазиндан башанг кийиниб” чиққан “мисли тўлин ой”дек уч қиз, “Эл, қуш тинар”-у, ҳордиқ нималигини билмайдиган “сеҳргар яхши раис”, “шуҳрати сути оқимидай юртга ёйилган” сут соғувчи қиз, бир “Қўлида гулқайчи”-ю белбоғига теша қистирган “Боғбон”, “Шу қишлоқлик агроном”, мироб, “Меҳмон (Зулфия)га шоҳи рўмолча” тутган қизларнинг аниқ-тиниқ қиёфасини кўриб турамиз. Шунинг учун мен уларнинг кимлигини аниқлаш мақсадида атай Водилга бориб, ўтган асрнинг 60-70-йилларида турли масъул лавозимларда, жамоа хўжалигида меҳнат қилган 70-80 ёш атрофидаги Абдухалил Абдуҳакимов, Абдуллажон Тўйчиев, Мўминжон ҳожи Абдураҳмонов, Ортиқали Жўраев каби мўйсафидлар ҳамда туман тарихи музейининг бошлиғи Холдорали Қулфиддиновлар билан учрашдим.* Уларнинг айримлари қишлоқ кўчалари, гузар ва далалардаги шийпонларда Зулфия опани кўрган, шеърларини эшитганлигини айтиб, мени хурсанд қилишди. Мен уларга шоиранинг “Гузар”, “Раис шундай бўлса…”, “Боғбон”, “Мироб” шеърларини ўқиб бергач, уларда исми айтилмаган чойхоначи, раис, мироб, сут соғувчи қиз кимлигини сўрадим ва ишонч ҳосил қилдимки, юқоридаги шеърларда тилга олинган “чой тутган чол” ҳам, “Эл, қуш тинар,” аммо ўзи тиним билмайдиган “сеҳргар яхши раис” ҳам, у ўқишга юборган “сут соғувчи қиз” ҳам, унинг онаси ҳам, “Қўлида гулқайчи, белбоғда теша” бўлган боғбон ҳам, сув дардида тиним билмай югурадиган мироб ҳам – барчаси тарихий шахслар экан.
Маълумки, Водилда Чинортаги деб аталган машҳур гузар бор. Қишлоққа ташриф буюрган киши борки, бу ерга кирмай, бир пиёла чойидан ичмай кетолмайди. Бу жой ўзининг салқинлиги, ҳавосининг тўйимлилиги, тоза ва шинамлиги, қизиқчилар, дорбозлар ўйини билан катта сайлгоҳга айланган ва кўпчиликнинг эътиборини тортган. Ҳозир ҳам бу гузар одамлар билан гавжум. Бу ердаги чойхоналарда дамланган чойлар танани яйратади. Шоиранинг 18 июнь куни ёзилган “Гузар” шеъри мана шу оромбахш жойга бағишланган. Шеър шундай сатрлар билан бошланади:
Ёз қўйнида чоққина қишлоқ,
Ором кафтида гузар.
Хиёл ҳорган мен ўтирмаёқ
Бир чол яхна чой тутар.
-Зулфия опага яхна чой тутган чол Чинортагидаги энг катта чойхонани
* Ушбу мақолага доир материалларни тўплашда менга холисона кўмаклашгани учун водиллик шоир Аъзам Исмоилга миннатдорчилик билдираман..
бошқарган Жамбил самоварчи бўлган, -деди Абдулла ака.- У жуда шинаванда,
эпчил, хушчақчақ одам эди. Чойхонага келган бирон киши унинг назаридан четда қолмаган. Меҳмон оҳорли тўшаклар солинган сўриларга ўтирар-ўтирмас олдига нон, майиз, ўрик, ширинликлар, битта чойнак ва пиёла солинган патнисни кўтариб келарди. Ёз фаслида эса Шоҳимардонсойнинг сувига ташлаб қўйилган бидонлардаги яхна чойдан улашарди. Ундан татиган одамнинг танаси яйрарди-да ўзиям! Шоира опамиз “мен ўтирмаёқ бир чол яхна чой тутар” деган гапи билан у кишининг ана шу фазилатига алоҳида эътибор берган экан-да!
-“Жамбилчой” лақаби билан машҳур бўлган Жамбил ака Қирғизбоев (1908-1976) водилликларнинг жони-дили эди. Чойхонасидан қўшиқ, аския аримасди,-деди музей раҳбари, тарихшунос Холдорали Қулфиддинов.- Бу ерга айниқса, ёшлиги Водилдаги аммасиникида ўтган халқ ҳофизи Маъмуржон Узоқов кўп келар экан. Улар бир кун туз ичган жойига қирқ йил салом беришни унутмаган оқибатли одамлар эди-да!
Кейин суҳбатимиз “Раис шундай бўлса” шеъри ҳақида кетди. Ундаги одамлар “Меҳр, ишонч билан изидан боқиб, Эл, қуш тинар, у билмас ҳордиқ. Яхши раис!” деб мақтайдиган хўжалик раҳбари кимлиги ва қандайлигини сўрадим.
-Мен Водил марказидаги дастлаб “Коммуна”, кейин Ҳамроқул Турсунқулов номи билан аталган ана шу хўжаликда бир неча йил чорвачилик бўйича ҳисобчи бўлиб ишлаганман. Раисимиз Ғанижон Умаралиев деган ажойиб тадбиркор, меҳрибон, ақлли, ҳалол одам эди,- деб ҳикоя қилди Абдухалил ота.- У 15 йил раислик қилган бўлса, ҳеч кимни норози қилмаган. Бригадирлар уйқудан уйғонмай туриб, у киши далаларни айланиб келар, қаерда, қандай ишлар қилиниши кераклигини режалаштириб оларди.
— Бунга яна шуни қўшимча қилиш керакки,-деди Ортиқали Жўраев,- айнан Ғанижон ака иш бошлагач, одамлар қўлига пул теккан. Унгача қарздор бўлиб чиқишарди. Шунинг учун халқ уни жуда яхши кўрар, ҳурмат қиларди. Хўжаликни қисқа вақтда бой ва обод қилиб юборган. Камтарлиги, ҳалоллигидан у киши яна кўп йиллар Водил қишлоқ кенгашига раислик қилди, туман ижроия қўмитасида масъул лавозимларида ишлади. Ҳақиқатан ҳам шеърда айтилганидек, Ғанижон ака тиним билмас “Яхши раис!” эдилар.
Раис онасини кўндириб, духтирликка ўқишга юборган сут соғувчи Фаридахон исмли қиз бўлган экан. У институтни битириб келиб, Водилдаги марказий шифохонада бир неча йил ишлаган. Кейин турмуш тақозосига кўра бошқа ёққа кўчиб кетган. Бундан ташқари Азизахон, Муфода, Юлдузхон, Маърифат, Сабоҳатхон каби кўплаб қизларнинг Фарғона, Андижон, Марғилон шаҳарларидаги олий ва ўрта махсус ўқув юртларига кириб ўқишларига ҳам Зулфия опа сабабчи бўлган эканлар.
“Қайнаб оққан ариқ бўйида тиз чўккан оқ соқолли мироб” эса водилликларга жуда яхши таниш бўлган ва барча севиб “опоқи” деб атайдиган Мастон полвон Усмонов (1887-1965 йиллар) бўлиб чиқди. Мастон мироб Водил аҳолисининг томорқаларини Шоҳимардондан шиддат билан оқиб келаётган сойлар суви билан таъминлаш ниятида уларга чорпоя тайёрлаб, тўғонлар қурдирган ва бу ишда ўзи алоҳида ўрнак кўрсатган. Иссиқ ёки совуқ демай, тошқин сувга тўш урарди деб эслашди ўша миробни даврадаги суҳбатдошларим. Зулфия ҳам “Миробнинг дилини бутун бир қишлоқ эртаси” эгаллаган бўлиб, “Сув етарми, қандай келар куз, Қолмасми сел ё дўл остида?!” деган хайрли ташвиш билан яшаётганига алоҳида урғу беради. Чунки сув деҳқон учун “Бу – шон, бу – нон, бир элга обрў” эканлигини яхши англайди.
Шоира меҳр билан тасвирлаган боғбон Зарифбой Сариқов деган қўли гул инсон бўлиб (1907-2001), Водил-Фарғона йўлининг икки тарафини гулу-гулзор, узумзору мевазорга айлантирган. Бу боғлар ҳали ҳанузгача кўрку-тароватини йўқотмай, соҳибига дуо-ю савоб келтирмоқда. “Бир бола бор оти Алишер” шеърининг қаҳрамони Алишер Юнусов ҳозир иқтисод фанлари номзоди, доцент бўлиб етишган. Умуман, Зулфия опанинг маслаҳати, кўмагидан кўпчилик баҳраманд бўлганлигини водилликлар миннатдор бўлиб эслайдилар.
Бу мулоҳазалар шуни исботлайдики, Зулфия опа Фарғонани бениҳоя севар, унга талпинар, гоҳ расман, гоҳ норасмий равишда бу ерга кўп келарди. Шоира 1968 йил июль ойида яна Водилга келиб дам олганлигини унинг 2-жилдига киритилган “Дафтарларни варақлаганда” бўлимидаги “Нақадар ер жамоли ажиб” сатри билан бошланган шеъри ҳам исботлайди. Шеърнинг остига “Водил. 31.V11.68” деб ёзиб қўйилган. Ҳар ҳолда мана шу туркум шеърларнинг ўзи ҳам Зулфиянинг Фарғона ва фарғоналикларга бўлган чексиз меҳру муҳаббатини аниқ-равшан кўрсатиб турибди.

Зулфия кашф қилган ижодкорлар
Тўғрисини айтганда, бутун мамлакатимиз миқёсида ҳисоблайдиган бўлсак, Зулфия кашф қилган ижодкорларнинг сон-саноғига етиб бўлмайди. Устоз-мураббий қаерга, қандай мақсадда бормасин, албатта, ёш қаламкашлар билан учрашар, улар орасидан энг истеъдодлиларини танлаб, рўёбга чиқаришга уринарди. Танишми-нотанишми, ишчими-ижодкорми, раҳбарми ёки оддий уй бекасими, уларнинг ҳар бирини:
Салом, менинг азиз дугоналарим,
Азизим, лобарим, чеварим қизлар!
Эй, тоза қалбимнинг ошнолари,
Куйларим илҳоми, севарим қизлар!
дея ҳурмат ва муҳаббат билан кутиб олар, бағрига босиб эркаларди. Ўтган асрнинг 50-йилларида айтган бу гапларига шоира умрининг охиригача қатъий амал қилди. Унинг муҳаббатига сазовор бўлган аёллар опанинг Дўрмондаги ижодхонасигами, шаҳардаги ҳовлисигами, тортинмай кириб келишаверар, унинг очиқ кўнгиллилигидан, самимий суҳбатидан, беминнат ёрдамидан баҳраманд бўлардилар.
Зулфиянинг бундай саховатидан фарғоналик қаламкашлар ҳам бенасиб қолмаганлар. Чунки шоира Фарғонага ҳар келганида ёки Тошкентда ўтказилган ижодий семинарларда албатта, фарғоналик ижодкорларга алоҳида эътибор берар, улар орасидан янги истеъдодларни қидириб топар, ижодининг рўёбга чиқиши ва камолга етишига бажонидил ёрдам берар ва мунтазам хабарлашиб, кузатиб турарди. Бунга жуда кўп мисоллар келтириш мумкин.
Масалан, ҳозир Фарғона адабиётининг пешқадам вакиллари бўлиб етишган Малика Мирзаева, Энахон Сиддиқова, Дилбар Ҳамзахўжаева, Мақсуда Эгамбердиева,Карима Ашурова,Мўътабар Ғуломова каби ўнлаб қаламкашларни бемалол Зулфия қизлари деб аташимиз мумкин. Зеро,уларнинг ҳар бири Зулфия мактабидан сабоқ олган шогирд сифатида устоз-мураббийни ҳали-ҳанузгача меҳр ва соғинч билан эслайдилар.
— Мен устоз билан танишиш ва маслаҳатлар олиш бахтига талабалик йилларимдаёқ эришган эдим,- дейди Маликахон.- 1960 йилда республика ёш ёзувчиларининг 1-семинарига таклиф этилганимда Эътибор Охунова, Гулчеҳра Жўраева, Мушарраф Зайниддинова сингари шогирдлари қаторида мен ҳам устоз назарига тушдим. Ёш ижодкорлар билан Зулфия опа ўтказган машғулотлар жуда жонли ва самимий ўтди. Чунки “Қуш тилини қуш билади” деганларидек, у киши қизларни ўзига яқин олар, эркалар, самимий суҳбатлашарди. Биз Миртемир, Шайхзода, Туроб Тўлаларга тортиниб айтолмаган гапларимизни устоз шоирага бемалол айта олардик. У киши ҳар биримиз билан алоҳида суҳбатлашиб, шеърларимизни эътибор билан тинглар, қўлёзмаларимизни текшириб, йўл-йўриқ кўрсатардилар. Шахсан мен устоздан ижодкор масъулияти ва бурчи қандай бўлишини, сўз устида ишлаш заруриятини ўргандим. Менга “Фарғонанинг Маликаси” деб мурожаат қилганлари қулоғим остида ҳалигача жаранглаб, қалбимга ҳарорат бағишлаб туради.
Чиндан ҳам Маликахон шеърлари билан танишган Зулфия унинг қиёфасида ўзининг севган мавзусини изчил давом эттира оладиган издошини кўрди. Чунки бу ёш шоира ҳам устози каби ўзбек аёли қадр-қимматини улуғлашни ижодининг бош мақсади деб биларди. Шунинг учун унинг талай шеърларини олиб қолиб, “Саодат” (у пайтда “Ўзбекистон хотин-қизлари” деб аталарди) журналида оқ йўл тилади. Бу ишонч бўлажак шоирага куч-қувват бағишлади, Тошкентдан қайтиб, ижод билан астойдилроқ шуғуллана бошлади. Устози ижодидан ўрганиши туфайли ўзбек аёли тақдирини, оналарнинг оила ва жамиятдаги ўрнини янада чуқурроқ англаб етган Малика Мирзаева биринчи тўпламини “Оналар уйғоқ” деб атади ва бу билан устозига жўровоз эканлигини кўрсатди. Уларнинг устоз-шогирдлик алоқалари кейин ҳам мунтазам давом этди. Агар Зулфия Малика Мирзаевани назардан қочирмай, ижодини доим кузатиб борган бўлса, шогирд ҳар гал Тошкентга борганида устозини зиёрат қилиб турди. Ҳатто устозини сўнгги манзилга кузатиш ҳам тақдирига ёзилганини Маликахон кўзида ёш билан эслайди.
Устоз-мураббий назарига тушган ва ундан кўп мурувватлар кўрган ижодкорлар орасида қўқонлик Дилбар Ҳамзахўжаева билан Мақсуда Эгамбер-диева ҳам бор. Улар ҳам ўтган асрнинг 70-йилларидаёқ Зулфия билан танишиш ва сабоқларини олиш бахтига муяссар бўлдилар. Дилбарнинг илк шеърлари “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “ЎзАС”) газетасида эълон қилингандан бир неча кун ўтиб, уни “Саодат” журналининг бош муҳаррири Зулфия йўқлаётганини айтишди. “Қанот боғлаб учиб бордим, — дейди у биз билан суҳбатда.- Мен бу учрашувни бир умр унутмайман. У киши одамга ниҳоятда самимий кулимсираб, покиза нигоҳ билан тикилар эканки, бундан ҳар қандай одамнинг вужуди яйраб кетади ва ўзини бемалол ҳис қилади. Ўзимни таништиргач, устоз жуда қувониб кетдилар: “Ҳа, сиз ўша Дилбармисиз? Қандай яхши! Қандай гўзал! Мен шеърларингиз билан танишдим. Улардаги образлиликни бу ердаги қизларга роса мақтадим ва ҳануз таъсирланиб юрибман. Шеър шундоқ бўлиши керак. Қаранг, қандай гўзал сатрлар: “Теракларнинг баргларида нурларнинг шаршараси…” “Дарёларни суя-суя дарё бўлди бу бағрим.” Булар нақадар яхши, гўзал ва топиб айтилган образли иборалар.”
Зулфия шоира қизларни учрашувларга олиб борар, уларнинг ҳар бирини мухлисларга мақтаб-мақтаб таништирарди. Дилбарни ҳам эртасига пойтахтдаги тиббиёт билим юртларидан бирида ўтказилган учрашувга олиб борди, бошқа шогирдлари қаторида унинг шеърларидан ёд ўқиб,сўнгра мушоирага таклиф этди. Устоз сифатида Зулфия шогирдлари ҳаётидаги ҳар бир янгиликни, ижодидаги заррача ёғдуни тез илғаб олар, ана шу гўзалликнинг бардавом бўлишини истарди.
Мақсуда Эгамбердиева эса Зулфия ҳузурида шеър ўқиб, унинг олқишини эшитганида ҳали 6-синф ўқувчиси эди. Қўқондаги кимёгарлар саройида бўлиб ўтган учрашувда ўқиган шеърларидаги ҳароратни ҳис қилган Зулфия уни ёнига чақириб, илиқ сўзлар айтди. Устознинг баҳоси ёш ҳаваскорнинг руҳини кўтарди. Тошкент давлат университетида (ҳозирги ЎзМУ) ўқиб юрган йилларида эса улуғ шоиранинг суюкли қизларидан бири бўлиб қолди. Устоз назаридан ўтган талай шеърлари журнал саҳифаларида эълон қилинди. Тошкентдан катта илҳом ҳарорати билан қайтган Мақсуда тез орада “Гулбарг” (1978 йил), “Мактуб” (1980), “Насиба” (1985) каби тўпламларини нашр эттирди ва уларнинг ҳар бирига меҳр билан дастхат ёзиб, устозига тақдим этди. Устоз-мураббий шогирди шеърларини ўқиб, хат орқали ўз фикрларини билдиришни унутмасди. Мана ўша меҳр билан ёзилган хатлардан бири:
“Мақсудажон, “Мактуб” учун раҳмат. У мени беҳад севинтирди, ўқиб ҳам ҳузур қилдим, ҳам қувондим. Нақадар тиниқ фикрлар, тўлиқ мисралар. Айниқса, табиат манзараси – ҳар майса, ҳар томчи жарангли, шаффоф. “Севаман”, “лаҳза”, “дарё”, “эзгу илҳом”, “ҳуркак-ҳуркак оҳулар” жуда эсда қоладиган, мўъжаз, оригинал, яна такрорлайман, жарангли, оҳангли шеърлар. Сиздаги фикр тиниқлиги, шеър маданияти қувонтиради, бу жуда муҳим фазилат ҳақиқий шеърият учун! “Олтин беланчак”дан парвозга кўтарилишингизни шодланиб қутлайман.
Сизни суйиб: Зулфия (имзо).”
1980.
Бу мактуб Мақсуданинг ўзига бўлган ишончини ҳанузгача орттириб келаётган энг ардоқли бойлиги саналади.
Булар-ку, Зулфиянинг қайноқ меҳр-муҳаббатидан кўп йиллар баҳраманд бўлган ижодкорлар. Атиги бир марта учрашиб, устоздан икки оғиз ширин сўз эшитган, маслаҳат олиб, ўзини еттинчи осмонда тасаввур қилиб юрганлар қанча! 1977 йилда “Дўрмон” ижод уйида ташкил этилган ёш ижодкорлар семинарида иштирок этган Энахон Сиддиқова, 80-йилларда журнал таҳририяти жойлашган кўп қаватли бино олдида ишга келаётган Зулфияни учратиб,эшик олдида дардини йиғлаб айта олган боғдодлик Карима Ашурова ҳам ўша тансиқ онларни қувониб эслайдилар. Каримахоннинг айтишича, кўзидаги ёшини кўрган шоира “Ие, нега йиғлайсиз? Ижодкор ҳам шунчалик иродасиз бўладими? Биз, ижодкорлар, энг мустаҳкам иродали кишилар бўлишимиз шарт. Айниқса, биз, аёллар!” дебди. “Бу сўзлар менга бир умр ҳаёт ва ижод қийинчиликларини мардона енгишга ундаб келмоқда” дейди Каримахон. Аёл зотининг кўз ёши тўкишини сира истамаган шоира ўша жойдаёқ унинг шеърларидан бир нечасини ажратиб олиб, журналда эълон қилди. Мана, шу кунгача талай китоблари нашр этилган Карима Ашурова “Ҳозирги даражага етишимга, ҳаёт синовларини енгиб ўтишимга, эл-юрт орасида топган обрў-эътиборимга Зулфия опа билан бўлган ўша оний учрашув сабаб бўлди, деб ўйлайман” дейди миннатдорлик билан.
Булар барчаси муҳтарам Президентимиз айтганларидек, “Меҳрибон ва талабчан устоз Зулфияхонимнинг маҳорат мактабидан” бошланган истеъдодли ёшлар дарёсининг ҳанузгача тўлиб оқаётганидан далолатдир. Биз эса ундан атиги бир неча ирмоқлари ҳақида тўхталдик, холос.

З у л ф и я д а н р а ҳ м а т э ш и т д и м

Менга Зулфия опа билан шахсан танишиш, юзма-юз суҳбатлашиш бахти насиб этмаган. Аммо касбим тақозосига кўра шоирани адабий учрашувларда, йиғилишларда кўп кўрганман. Опа жуда салобатли ва сирли аёл эдилар. Шунинг учун у кишининг олдига боришга унча-мунча одамнинг юраги дов бермасди. Лекин ўзи ёқтирган ижодкорларни, асосан аёлларни ёнига чорлаб, самимий суҳбатлашар, кўнглини кўтарарди. Биз каби нотаниш мухлислари эса бир четда ҳавас билан қараб турардик. Шунга қарамай, узоқдан бўлса-да, Зулфия опанинг менга берган баҳосини эшитишга муяссар бўлганимдан ҳали ҳанузгача фахрланаман. Бу ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида рўй берган эди…
Талабаларга ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи фанидан Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Миртемирлар қаторида вафо ва ҳижрон куйчиси Зулфия ижоди тўғрисида ҳам эҳтирос билан дарс ўтардим. Бунинг учун шоира ҳаёти ва ижодига оид илмий манбалардан кўпроқ фойдаланишга, Зулфия ҳақидаги тасаввуримни янада кенгайтиришга, ижодининг ўзига хос хусусиятларини теранроқ англашга ҳаракат қилардим. Бора-бора шоира ижодини ўрганиш асносида унинг тафаккур дунёсига чуқурроқ кириб боравердим, ўзига хос услубини кашф эта бошладим. Айниқса, шоиранинг 70-80-йилларда яратилган “Шалола”, “Камалак”, “Тонг билан шом аро” сингари туркум шеърлари ўзининг шакли ва мазмун-моҳиятига кўра фақат умумўзбек адабиётидагина эмас, балки жаҳон адабиёти миқёсида ҳам янги саҳифа очди. Аввало, бу туркумлардаги шеърлари ўзининг ранг-баранг образлилиги, мураккаблиги билан ажралиб туради. Аммо бу мураккаблик Зулфиянинг ўзи таъкидлаганидек, қуруқ “дабдаба, жимжимадорликдан холи, теранликка, фалсафийликка, замон заминига асосланган эди.” Шу боисдан шоиранинг асарлари ифодасида илгари учрамаган янгича шакллар ва усуллар намоён бўлган эди. Шулардан бири полифоник оҳангнинг кириб келишидир (бу хусусиятни шоиранинг ўзи “кўп садоли” деб атайди). Бунинг натижасида шоира шеърлари янги фазилатлар билан бойиди, уларда фалсафий теранлик янада кучайди. Бу пайтда чиндан ҳам Асқад Мухтор айтганидек, “Ўзганинг дардини дардим деб билиш, чексиз гуманизм Зулфия поэзиясининг моҳиятига айланди.”
Жаҳон адабиёти мезонлари билан ўлчашга арзигулик бундай янгиликлар ҳар қандай хушёр адабиёт мутахассисини фикр билдиришга чорларди. Эсимда, бирин-кетин С.Мамажонов, О.Шарафиддинов, Л.Қаюмов, Ҳ.Акбаров, М.Султонова, И.Ғафуровдек таниқли олимлар ушбу туркумларнинг фалсафий моҳияти, жанр хусусиятлари, поэтикаси тўғрисида салмоқли мақолалар ёзишди. Биз ҳам таниқли адабиётшунос Азимжон Раҳимов билан ҳаммуаллифликда “Камалак жилолари” сарлавҳали мақола эълон қилдик (“Сияние радуги”. “Ферганская правда” газ. 3.04.1976).
Кейинроқ ҳамкасбимнинг розилигини олиб, мақолани ўзим қайта ишладим, кенгайтириб, янги мулоҳазалар билан бойитиб, “Шеъриятнинг сирли жилвалари” деб аталган адабий-танқидий мақолалар тўпламимга киритдим. Ушбу рисола 1986 йилда Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти томонидан беш нафар адабиётшуноснинг тадқиқотларидан ташкил топган “Сўз масъулияти” номли жамоа тўпламида нашр қилинди. Қарангки, шу йили яна бир мақолам матбуотда чоп этилди. Адабиётшунос дўстим Ортиқбой Абдуллаев менинг Зулфия ижоди бўйича изланишларимдан хабардор эди. Бу пайтда у “Шарқ юлдузи” журнали-нинг адабий танқид бўлимини бошқарарди. Бир гал учрашганимизда Зулфия опанинг “Тонг билан шом аро” тўплами босилиб чиққанини айтиб, шу китобга тақриз ёзиб беришимни сўради. Мен бажонидил қабул қилдим. Китобни топиб, иштиёқ билан ўқиб чиқдим ва мақолани тайёрлаб, журналга бердим. Ушбу тақриз “Шарқ юлдузи” журналининг 1986 йил 9-сонида “Ижоднинг содиқа ҳамдами…” сарлавҳаси остида эълон қилинди. Хурсандчилигимнинг чеки йўқ. Лекин бу китоб билан журнални опага қандай етказаман? Ўзимнинг олиб боришим мақтанчоқликдек туйилди-да, бу вазифани бажаришни ўғлимга топширдим.
Катта ўғлим Музаффар ўша йили ҳозирги ЎзМУнинг филология факультетига ўқишга кирганди. Унга китоб билан журналдан биттадан бердим-да, Зулфия опанинг ўзбек адабиёти кафедрасида ишлаётган муаллима қизи Ҳулкар Олимжоновага бериб қўйишни тайинладим. Ўғлим эса бу ишни аъло даражада бажарди. Қарангки, Зулфиянинг энг суюкли шогирдларидан бири сирдарёлик Тўра Сулаймоннинг Юлдузхон исмли қизи Музаффарнинг курсдоши экан. Шоир қизини аллақачон Зулфия опа билан таништириб қўйгани учун бу хонадонга тез-тез бориб турар экан. Бундан хурсанд бўлган ўғлим Музаффар “дадам таниша олмаган шоира билан ўзим танишиб келақолай” деган ниятда курсдоши Юлдузхон билан шоиранинг уйига бориб, китоб ва журнални опанинг ўз қўлига топширибди. Зулфия опа ўзи ҳақидаги мақолаларимни ўқиб, жуда хурсанд бўлибди ва “Қаранг-а, Фарғонада ҳам бизни биладиган, ижодимизни ўрганадиган, яхши таҳлил қиладиган олимлар бор экан-ку! Дадангизга саломимни ва раҳматимни етказиб қўйинг, ўғлим!” дебди. Ижоднинг захматини ҳис қилган ва қадрлаган шоиранинг бу баҳосидан бошим осмонга етди ва ҳанузгача бу ҳароратли сўзлар қалбимни илитиб турибди.

Сайт бўлими: Адабий танқид

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ