"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Нусратулло Жумахўжа. Эпопеянинг илк романи

Ўқилди: 657

Н.Жумахужа-400Миллий мустақиллик даврининг биринчи эпопеяси Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг салкам чорак асрлик ижодий изланишлари, машаққатли ва матонатли меҳнатлари эвазига вужудга келди. Эпопея Амир Темур ва темурийлар сулоласига бағишланган. Биринчи эпопеянинг темурийлар сулоласига бағишлангани қонуний ҳолдир. Чунки бу сулола мамлакатимизнинг тарихий сарҳадларидан етишиб чиқиб “икки аср ярим дунёни зир қақшатган” қаҳрамон сулоладир. Халқимиз, миллатимиз, Ватанимиз тимсолига айланган сулоладир. Мазкур сулола Ватанимиз ва халқимиз олдида улуғ тарихий  хизматга эга. Шунинг учун ҳам ёзувчи ҳақли равишда ўз эпопеясини “Улуғ салтанат” дея номлаган.
Шу пайтгача темурийлар сулоласи тўғрисида замонавий китобхонларга муфассал ва мукаммал маълумот берувчи яхлит бадиий асар ёзилмаган. Мавжуд тарихий асарларга эса кенг китобхонлар оммасининг қўли етмас ва тиши ўтмас эди. Бор тарихий-адабий асарлар мазмунини кимдир бадиий ижод ишловидан, қалб қайроғидан ўтказиб, оммафаҳм содда тилда туҳфа этиши лозим эди. Китобхон халқимиз шундай асарга узоқ йиллар маҳтал қолди. Мазкур хайрли ва шарафли вазифа “Сарбадорлар” номли дилогия роман, “Соҳибқирон ташрифи” ҳикояси, “Гумбаздаги нур” достони муаллифи чекига тушди. Катта адабий тажриба маҳсули бўлмиш бу асар фақат ўзбек адабиётидагина эмас, балки жаҳон адабиётидаги темурийлар сулоласига бағишланган биринчи тетрологиядир. У келгусида жаҳон тилларига таржима қилиниши ва ундан дунё афкор оммаси баҳраманд бўлиши шубҳасиз.
Тетрология 2000 бетга яқин ҳажмни ташкил этади. Бадииятда ҳажм ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмаса-да, Амир Темур ва унинг сулоласи ҳақида бу қадар бепоён саҳифаларда қалам тебратиш завқли, шавқли, шарафли бўлиш билан бирга, ўта масъулиятли ҳамдир. Бундай залворли ишни уддалаш улкан билим заҳирасини, бадиий ижод истеъдодидан ташқари, илмий иқтидорни ҳам талаб этган.
Эпопеянинг биринчи китоби “Жаҳонгир Мирзо” дея номланган, аммо унда бош қаҳрамон Амир Темурдир. Романнинг “Жаҳонгир Мирзо” деб аталишига асос, назаримизда, асар мундарижаси Амир Темурнинг Жаҳонгир Мирзодек фарзанди аржумандга эга бўлиши ва ниҳояда ундан ажралиб қолиши воқеаларини қамраб олишида. Албатта, Жаҳонгир Мирзо ҳам асосий қаҳрамонлардан бири. У Амир Темурга ёндош қаҳрамон. Асарда Жаҳонгир Мирзо образи жўмард, довюрак, қаҳрамон шаҳзода сифатида тўлиқ очилган. Жаҳонгир Мирзо жуда самимий меҳр-муҳаббат, назокат билан тасвирланади. У маънан ва жисмонан гўзал, баркамол, жасур, матонатли, жанговар, шерюрак шаҳзода,  айни пайтда, соддадил дилкаш йигит сиймосида ёритилади. У асарда пайдо бўлган онданоқ ёзувчи унда қандайдир жисмоний дард мавжудлигини шундай нозик ишора билан ифодалайдики, ўша ондан китобхон қалбида дардманд шаҳзодага нисбатан хайрихоҳлик, ихлос, муҳаббат, айни пайтда, унинг саломатлигидан, истиқболидан хавотир пайдо бўлади. Ҳолбуки, шаҳзодада муайян бир хасталик мавжудлиги муаллиф томонидан аён айтилмаган бўлса-да, китобхон кўнглидаги хавотир асар сўнгигача кучайиб боради. Шаҳзоданинг ҳаётдаги энг бахтли паллаларда фоже ўлими тасвири китобхон қалбини ларзага келтиради, дилига ғам, кўзига нам индиради. Бизнингча, бу бадиий маҳорат нишонасидир.
Ёзувчи Амир Темур сиймосини идеаллаштириш мақсади ва йўлидан бормаган. У Темурбекни халқ орасидан етилиб чиққан оддий бир инсон сифатида тасвирлаган. У ён-атрофидаги бошқа амирзодалардан ниҳоятда вазмин, чуқур мушоҳадали, нозик фаҳм-фаросатли, донишманд, жавонмард табиати билан ажралиб туради. Бошқа жанговар фазилатларда ҳам улардан устунлиги сезилиб боради. Муаллиф бугунги замондошларимизга эриш туюлиши мумкин бўлган айрим ҳаётий хусусиятларини, масалан, мағлуб амирларнинг мол-мулки, ҳарамини ўзлаштириши каби воқеаларни тарихийлик тамойилидан келиб чиқиб табиий, ҳалол ва ҳаққоний тасвирлайди. Мураккаб тарихий шахсиятни сохталаштиришдан сақланади. Навқирон Амир Темур фаолияти орқали адолатпарварлик ва ватанпарварлик туйғуларини тарбиялай оладиган образ яратишга муваффақ бўлади.
Амир Темурнинг илоҳий бир зот эканлиги, яъни унга давлат бошқариш салоҳияти, саркардалик қудрати, файзу футуҳ азалдан ато этилганлиги асосли равишда пири муршид Мир Саййид Барака томонидан изҳор этилади. Бундай ғоя асарда изчил давом эттирилади. Тасвирда Мир Саййид Барака ҳали Темурбек жаҳон шоҳсупасига кўтарилмасдан аввал унинг рўпарасида ғойибдан пайдо бўлади ва соҳибқиронлик ҳамда кўрагонлик толеи ҳақида башоратлар қилади. Унинг дастлабки башорати қуйидагича янграйди: “Сирли одам беш қадамча нарида тўхтади: — Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм, Темурбек жаноблари! – деди янгроқ овоз ила у. – Иншооллоҳ, Оллоҳ ҳимояси сизга посбондур. Ушбу ҳаворанг байроқни сизга берурмен, токи давлатингиз, бўй-бастингиз оламга аён бўлсун ! Ушбу табл-ноғорани ҳадя этурмен, токи довруғингизни дунёларга таратсун ! Улар салтанат ва подшолиқ аломатларидур. Билингизким, ҳазрати жалол субҳонаҳу таоло бу заиф бандани сиз Соҳибқиронға пир этиб юбормиш ! Камина Маккаи мукаррама шарифларидан Мир Саййид Барака турурмен ! Алҳамду лиллоҳир раббил оламин !” (46-бет)
Мир Саййид Бараканинг башорат қилишича, Амир Темур жаҳонга махсус бир илоҳий вазифа билан юборилган: “Олам тангрисининг хоҳиши шулки, давлат ноғорасини чалиб, жаҳон майдонига от солурсиз, эй Соҳибқирон ! Жаҳон у бошидан бу бошигача ўзлариники бўлғай ! Давлатга эришурлар, аслида, давлат сизга етишгай ! Сиз давлат бирлан буюклик мартабасига эришмайдурсиз, балки давлат сизнинг ташрифингиздан улуғлик топгусидур” (47-бет). Дарҳақиқат, чинакам йўлбошчи давлат билан буюкликка эришмаслиги, балки давлат унинг шарофатидан юксалиши илоҳий бир ҳикматдир. Ушбу ҳикмат жаҳон тарихининг жуда кўп чорраҳаларида ўз тасдиғини топган.
Амир Темур соҳибқиронлик салоҳиятининг фалакиёт ҳодисалари орқали қувватланганлиги башоратда қуйидагича ифодаланган: “-Темурбек жаноблари таваллуд топғонларида, яратғон эгамнинг карами кенг, осмону фалакда толебахш соатда Муштарий ва Миррих сайёралари бақамти келмишлар. Оре, рост, Муштарий – омаду иқбол, музаффарияту шодиёналар сайёрасидур. Миррих юлдузи эса куч-қувват ва шижоат-шавкат туғёнларини инъом айлагувчидир. Жаноблари ана шу икки сайёра дийдорлашуви дамларида дунёга кўз очмишсиз, илло қирон соҳиби бўлмишсиз. Шул важдинким, омаду иқбол, музаффарияту шодиёналар, куч-қувват ва шижоат-шавкат туғёнлари қалбингизнинг сарвату безаклари, давлатингизнинг шавкату тиракларига айланғай, иншооллоҳ ! Зеро, Соҳибқиронсиз !..” (48-бет). Соҳибқиронлик тушунчасининг бундай изоҳи ҳам диний, ҳам илмий жиҳатдан асосланган бўлиб, у ҳам каттаю кичикка, ҳам хосу авомга бирдай тушунарли бадиий ифодадир.
Амир Темур илоҳий сифатлари билан бирга, маънан илиги бутун, донишманд бир инсон эканлиги асарнинг дастлабки қисмлариданоқ тасвирланиб боради. Масалан, у Амир Ҳусайнга Ватан туйғуси, Ватаннинг мусофирликка қиёсан қадр-қиммати тўғрисида шундай маслаҳатомуз фикр баён этади: “… ўз юртингни ташлаб бегона ерда ватан тутмак кони хатардур, илло бошингга бир иш тушса, ёт одамлар жимгина томоша қилмакдан ўзгага ярамаслар” (53-бет). Мусофирчиликнинг энг оғир хусусиятларидан бири мана шу ҳикматда мужассам.
Бош қаҳрамон фақат соҳибқирон ва саркардагина эмас, балки олий инсоний фазилатлар эгаси сифатида ҳам тасвирланади. У инсонпарвар, халқпарвар, жасур, мард ва танти инсон тимсолидир. Улуғ шахсиятларда кечиримлилик фазилати устувор мақомда туриши Амир Темур маънавий қиёфасида аъло даражада мужассамлиги романда қатор тарихий воқеалар мисолида тасвирланган. Собиқ дўсти, курашларда елкадоши бўлган Амир Ҳусайн унга кўп маротаба панд беради, хиёнат қилади. Яхшиликларни, беғараз сийловларни унутади. Зимдан хусумат сақлайди, Амир Темурнинг душманлари билан тил бириктириб, уни тахтдан ағдармоқчи, салтанатни қўлга киритмоқчи бўлади.
Охири, шафқатсиз урушдан кейин Амир Ҳусайн енгилади. Хиёнаткорнинг касрига қолиб, қанчадан-қанча аскарлар, тинч аҳоли қурбон бўлади. Шундан кейин ҳам Темурбек муросасиз душманни афв этади. Амир Ҳусайн ҳаж сафарига боришни ваъда қилиб, аслида, яна хуфя равишда турли ҳийла-найрангларни ўйлаб, хусуматни давом эттириш пайига тушади. Лекин Оллоҳнинг иродаси билан шармандайи шармисор бўлади. Шунда ҳам Амир Темур олийҳимматлик қилади: “Амир Ҳусайн тонг отиши билан Ҳиндувондан омон-эсон чиқиб ўз йўлига кетаверсин, тўрт томони қибла”, деган фармон беради. Хоин Амир Темур қўлидан ўлим топмайди. Уни ўзи адолатсизлик қилган кишилар қувиб бориб, аёвсиз қатл этадилар.
Соҳибқирон узлуксиз хиёнат йўлини тутган Амир Мусони ҳам беҳад бағрикенглик билан афв этади. Унинг мана бу сўзларида ботиний андишалилик, одамийлик самимий ифодасини топган: “- Бағоят улуғ гуноҳ содир бўлди… Улуғ гуноҳ. Аммо орамиздаги қариндошлиқ ришталарига кўра сени афв этдим, соқолингнинг оқи ҳурмати, мухолифат мақомини тутсанг-да, гуноҳингдан ўтдим… – деди ниҳоят Амир Темур. У, маликанинг хешу ақрабоси бўлурсан, демакчийди, айтгиси келмади. – Ҳар бандага Оллоҳнинг ўзи инсоф берсун !” (321-бет).
Амир Темурнинг бу йўсиндаги кенгфеъл, некбин кечирувчанлиги  бошқа бир қанча хиёнаткор амиру умаролар қисматида ҳам намоён бўлади. Кечиримлилик – олижаноблик фазилати. Бироқ у Амир Темур ва унинг салтанатига, халқига жуда қимматга тушади. Унга сурункали маънавий жароҳат етказади. Мамлакатнинг тинчлиги ва равнақига талафот келтиради. Соҳибқирондаги бунчалар инсонпарварлик, бағрикенглик (толерантлик)ни ҳар ким ҳам тушуниб қадрлайвермайди. Буни, ҳатто, Амир Темурнинг жигарбанди, тўнғич ўғли, беназир шаҳзода Жаҳонгир мирзо ҳам тушуниб етмаганида, Амир Темур унга оталарча ғамхўрлик, сабр-тоқат билан юксак даражадаги одамийлик ва жавонмардликдан сабоқ беради. Бу сабоқ ота ва ўғил, шоҳ ва шаҳзода ўртасидаги дўстона мунозарада (424-425-бетлар) ўз ифодасини топган.
Шаҳзода хаёлан мунозарага киришади: “Беш марта гуноҳ қилса ҳам Амир Соҳибқирон, унинг бошини олинг, дорга тортинг, қатл этинг демадилар, балки ёнимга йўлатмангиз, ортиқ қорасини кўзимга кўрсатмангиз, дейиш билан чекландилар, холос” (424-бет). Руҳшунос донишманд ота ўғлининг хаёлини ўқийди ва унинг хаёлини кесиб, жавоб беради: “-Қарангиз, шаҳзодам, — шаҳзоданинг хаёлини кесди Соҳибқирон. – Ўзлари бош эгиб келадурлар, дегандим. Бош эгиб келдилар… Жета амири Қамариддин яна хуружга шайланармиш. Душманни ҳам дўстга айлантира олиш чинакам инсоннинг вазифасидур. Худонинг ҳар бандаси шунга интилсун” (424-бет).
Шаҳзода ортиқ чидаёлмай очиқ мунозарага киришади: “Сиздан яхшилик кўриб, дилга ёмонликни тугиб кетаберсалар… Ундоқ бадхоҳлар, салтанат ғанимлари жазосини қачон олурлар ?..” (424-бет) Подшоҳ шаҳзодага “муносиб, ишонимли, жўяли” жавоб айтиш мақсадида Нўширавони одил ҳақидаги ҳикоятни келтиради ва “Нечоғлик ўйламайин, дунёда лутфу эҳсон бандидан мустаҳкамроқ бир бандни тополмадим, кўнгилдан бошқа нозикроқ аъзони кўрмадим… Шу сабабдан унинг (хиёнаткорнинг – Н.Ж.) вужудидаги энг нозик аъзосига энг қаттиқ бандни (қимматбаҳо ҳадялар – Н.Ж.) солдим”, деган ҳикматли хулосасини баён этади. Шундан сўнг, ҳаёт тажрибасидан ўзи чиқарган хулосаси билан шаҳзодани иқрор этади: “Ёвузга ёвуз бўлмоқ оқилнинг иши эрмас. Оқил ва донишманд киши бадният, бадхоҳ, ёвуздил душманини ҳам лутфу эҳсон бирла ўзига қарата олиши керак. Яхшиликка яхшилик қилмоқ мумкин. Аммо ёмонликка яхшилик ила жавоб бериш фақат мардлар қўлидан келадур” (425-бет).
Амир Темур ҳаёти ва фаолияти орқали тасвирланган кечиримлиликка оид воқеалар, фикр-мулоҳазалар, аслида, унинг маънавий қиёфасидаги фазилатнинг, фалсафий дунёқарашнинг амалий ифодасидир. Кечиримлилик Ислом ахлоқ-одоби, жавонмардлик (футувват) сулуги фалсафасининг марказий ғояларидан биридир. Ҳар қандай жасоратли, қудратли паҳлавон ҳам кечиримли бўлолмаслиги мумкин. Лекин жавонмардлик фалсафасини ёрқин бадиий тараннум этган Паҳлавон Маҳмуд ҳам бир рубоийсида куйлаганидек, ўзи йиқитган рақибини тепиб ўтиш мардликдан эмас, балки уни қўлидан тортиб турғизиб қўйиш чинакам жавонмардликдир. Ушбу романда ҳам Соҳибқироннинг ҳаётий кечириш фалсафаси яққол ифодаланган: “Амир Темур бу гал ҳам ўзбошимча амир гуноҳини кечиришни истарди. У кимнидир жазоласа, ўзи ҳам руҳан жазоланишини, кўнгли эзилишини биларди, аксинча, бировни сийласа, эл олдида, худо олдида ўзи ҳам сийланадир. Бандасига умрни, жонни Оллоҳ берадир, нега энди у олиши керак ? Ёш Турон султони бир эътиқодга муқим дил боғлаган. У, кечира билиш мардликдур, кечира олмаслик номардлик саналур, деб ҳисоблайди” (323-бет). Амир Темур сиймосида тасвирланган бундай эътиқод замондошларимизга ҳам ибрат ва намунадир.
Соҳибқирон сиёсатининг бош тамойили адолат эканлиги асарда шоён тасвирланган. “Куч — адолатда” тамойили фақат забткорлик билан мамлакат сарҳадларини кенгайтириш, раиятга мол-мулк, ризқ-насиба улашиш, мушфиқ-камбағалларга раҳм-шафқат кўрсатиш, амалдорларга мансаб-мартаба улашишдагина эмас, балки гуноҳкорга жазо белгилашда ҳам устувор мақомда турмоғи муҳимдир. Амир Темурнинг гуноҳкорга жазо белгилашдаги одилона тутуми унинг ўз тилидан қуйидагича баён этилади: “Кимсанинг гуноҳкор-гуноҳкор эмаслигини аниқ билибгина, чорасини кўрмоқ керак. Бу адолат талабидур” (315). Агар гуноҳкорнинг гуноҳини аниқламай унга жазо белгиланса, жазоланмиш қайси гуноҳи учун жазоланганини билмаса ва жамоатчилик ҳам буни тушуниб етмаса, демак, адолат талабларига риоя этилмаган бўлади , бу эса хайрли натижа бермайди.
Йирик прозада ёзувчининг муҳим вазифаларидан бири бош қаҳрамоннинг портретини яратишдан иборатдир. Миллий адабий тажрибада кўплаб ёзувчиларимизнинг яратган адабий портретлари мавжуд. Портретлар галереясида мавжуд сиймоларга ўхшамаган, ўзига хос янги ва айни пайтда, бош қаҳрамон мансуб табақага мос шахсият портретини яратиш ёзувчидан анчайин ижодий изланиш ҳамда бадиий маҳорат талаб этади. Хўш, Амир Темур портретини қандай тасвирлаш мумкин ва маъқул ? Самарқанд шаҳрида тахтда виқор билан ўтирган қиёфадами ёки азим пойтахт Тошкентнинг Амир Темур майдонидаги чавандоз кўринишидами ? Бу муаммо ёзувчини узоқ ўйлантирган бўлса керак. Муаммонинг яна бир томони борки, портретни қандай қилиб холис яратишга эришиш мумкин ? Уни муаллиф нигоҳидан тасвирласа, тавсифий характер касб этиб қолмасмикин ? Назаримизда, ёзувчи муаммога муваффақиятли ечим топган кўринади. Амир Темур жанговар фаолияти от устида ўтган чавандоз, салоҳиятли саркарда, мубориз ва музаффар подшоҳ. Бинобарин, унинг портретини муаллиф эмас, дўст эмас, балки шум рақиб нуқтаи назаридан тасвирласа, холис ва ишонарлироқ чиқади. Ёзувчи шундай иш тутган. Амир Темурнинг жанговар портретини унинг душманларидан бири Амир Мусо нигоҳидан ифодалаган. У Темурбекка ҳар қанча ҳасад қилмасин, аммо рақибининг қўрқмас ва чапдаст жангчилигини, мардлигини ичида бўлса-да, тан олмай иложи йўқ эди. Мана, Темурнинг рақиб нигоҳидаги жанговар портрети:
“Ёпирай ! Ҳа, у тенги йўқ баҳодир ! Икки қўлида икки қилич ўйнайди, икки ёққа баббаравар қилич солади. Душманнинг кўпини ер тишлатиб ташлади. Ҳеч нарсадан қўрқмайди, ундаги ҳушёрлик, чаққонлик, баҳодирлик инсон боласида йўқ ! Яккама-якка курашда ҳам бало, ёқалашишга уста, муштлашишда биров унга тенг келолмайди. Моҳир чавандозлиги ҳаммасидан ошиб тушади. Гоҳ отнинг ёлига эпчиллик билан ёпишиб олади, узоқдан қараса, отнинг ўзи яйдоқ бўлиб кўринади. Гоҳ ўзини ҳимоя қилиб отнинг қорнига қапишганча найзавозликка киришади… Қўлларида қиличлар ярақлаб, ҳайқирганча душман ёққа от салса, ҳайбатидан ёв ҳар томонга тирқираб қочиб қолади. Ҳа, жангни Темурбекка чиқарган экан. Темурбек жанг майдонида чаппар урсину бошқалар у ёқда томоша қилиб тураверсин”. (216-бет) Бу душманнинг холис эътирофи бўлгани учун ҳам адабий портрет табиий чиққан. Биз ўйлаймизки, бу Амир Темурнинг ягона ва охирги портрети эмас. Эпопеянинг кейинги романларида яна бошқа портретлар яратилган бўлса керак. Ушбу портретни Амир Темурнинг навқирон соҳибқиронлик даври сиймоси сифатида белгилаш мумкин.
Тарихий асар яратишнинг ўзига хос машаққатларидан бири тирихий тил яратишдир. Бу ишнинг мураккаблиги шундаки, тарихий тил яратишнинг бирор умумий андозаси йўқ ёки адабиётимизда тарихий-бадиий тил меъёрлари ишлаб чиқилмаган. Ҳар бир тарихий асар яратадиган ёзувчи ўзининг билими, малакаси, диди ва салоҳиятидан келиб чиқиб иш тутади. Адибларимиз доимо ўрта меъёрни сақлашга, яъни ҳам тарихий давр руҳини ифодалайдиган, ҳам замонавий китобхонга оғирлик қилмайдиган, тушунарли бўладиган бадиий тил ижод этишга ҳаракат қилишган. Эпопея муаллифи ҳам шу анъанавий йўлдан борган. Унга олдин яратилган тарихий асарлар тажрибаси ҳам қўл келган. Романнинг дастлабки қисмларида тарихий тил қаноатлантирмагандай туюлади. Аммо, бора-бора ёзувчининг ўзига хос тарихий тил услуби мавжудлиги кўзга ташланади ва у тарихий муҳит ҳамда қаҳрамонлар нутқини ишонарли жонлантираётгани ўқувчини ўзига жалб этади. Мана, романдаги бадиий тил яратиш тажрибасидан бир намуна келтирамиз:
“-Халлоқи безаволга салламно ! – деб қўйди шу пайтгача хаёлларга чўмиб ўлтирган Амир Темур. Муҳаммад Чуроға додхоҳ машшоқларга: “Астароқ чалинсун !” ишорасини қилди. — … Бизлар салтанатда подшоҳона хайлу ҳашам чекмоқни хуш кўрурмиз, мурод улким, парвардигорнинг ўз бандасига нимани буюрғони-ю нимани маън айлағонини эл билсун. Баски, пайғамбаримиз раббоний илҳомдан қувват олиб, умматларига бўлинмакни тамоман маън қилдилар, билъакс, бирлашмак туғини баланд тутмакни уқтирдилар. Хоразм мўғул қадамидан топталган ўз юртимиздур. Мўғул қадамидан юрт пароканда, ҳар бир пучмоғ ёлғизлик азобини тортғондир. Бас, юрт ўз бўй-бастини тиклади. Жаҳонгир Мирзо билан Хонзода хонимлар тўйи қутлуғ тўйдир, Ватан, улус бирлигини муҳрловчи, мустаҳкамлагувчи ақди никоҳдур, салтанат ҳужжатидур…” (391-бет).
Ушбу парчада фақатгина адабий қаҳрамонлар эмас, ҳатто муаллиф нутқи ҳам тарихий тус олган. Аслида, ёзувчи нутқи тўлиғича ҳозирги ўзбек адабий тилига мос равишда ифодаланса ҳам бўлаверарди. Чунки асар ХХ1 асрда ёзилди. Бироқ ёзувчи тарихий муҳит ифодаси ва китоб ўқиётган ўқувчи руҳиятини тўла унга мутаносиб сақлаш мақсадида муаллиф нутқидан “ўлтирмоқ” ва “машшоқ” сўзларини қўллайди. Персонажлар тилига келсак, у тўлиқ тарихий тус олган, дейиш мумкин. Фақат “астароқ” сўзи ўрнига унинг “оҳистароқ” шакли ва “-дан” қўшимчаси ўрнига “-дин” қўшимчаси қўлланса, бадиий тил яна ҳам тарихийлашган бўларди.
Ёзувчи ХХ асрдаги мумтоз адибларимиз Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров каби  анъанавий замонавий наср бадиий тилида ижод этади. Кейинги давр айрим носирларимизнинг тили тўмтоқлашиб, қашшоқлашиб бораётган бир пайтда бундай бадиий тил ҳам ғанимат бўлиб қолди. Бу тилнинг аҳамияти шундаки, у мавжуд адабий-бадиий тил, умумхалқ нутқ маданияти меъёрларини сақлаш билан бирга, хақчиллик ва маърифийлик хусусиятига ҳам эга. Бу тил китобхонга фақат бадиий асар мазмунини баён этиб берибгина қолмай, балки халқ тилининг дурдона, ёмби мақоллари, ибора ва тасвирий ифодалари ҳақида ҳам маълумот беради. Уларни илмий асарлардагидай алоҳида келтириб, маъносини шарҳлаш йўли билан эмас, балки тасвирланаётган жонли ҳаёт воқелигига мутаносиб равишда, ўз ўрнида намунавий йўсинда қўллаб, ибрат кўрсатади. Бугунги халқ тили бойликларини тобора унутиш, тушунмаслик, чала тушуниш, нотўғри қўллаш ҳолатлари кўпайиб бораётган бир пайтда бундай намунавийлик катта таълимий-тарбиявий моҳият касб этади. Асарда қуйидаги кўплаб халқ тили бойликлари жуда ўринли қўлланганки, улар ёзувчи бадиий тили етук халқчиллик услубига эришганлигидан далолат беради:
“Бўларининг боласи ўн бешида бош бўлур, бўлмасининг боласи йигирма бешида ёш бўлур” (143), (ушбу мақол иккинчи қисмининг “қирқида ҳам ёш бўлур” шакли ҳам машҳур), “Ҳар ошиққа беш кунлик давр” (197), “Мен не дейману қўбизим не дейдир” (220), “Оламни сув олса, буларга нима ! Тўпиғига чиқармиди !” (220), “Камбағал бўлсанг, кўчиб кўр” (230), “Яхши сўз илонни инига қайтарар эмиш”, “Эшак тўйса, эгасини тепар, ит қопар” (248), “Итнинг кейинги оёғи бўлиб юрмоқ” (268), “Ҳаракатда баракат”, “Сакнинг орқа оёғи бўлиб юриш” (269), “Ёмоннинг ўлгунича кири аримас” (313), “Қоравой овга чиқди, ортидан ғовға чиқди” (318), “Думи хуржунда” (331), “Нотавон кўнгилга қўтир жомашов”, “Икки қуённи бир кесак билан урмоқ” (334), “Қўлтиғига сув пуркамоқ” (335), “Пичоқни ўзингга ур, оғримаса, бировга ур” (343), “Игна ташланса, ерга тушмайди” (346), “Тошга ёққан ёмғирдек бенаф” (353), “Тикилган қозон қайнамас” (362), “Юзини ерга қаратиш” (366), “Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит” (384), “Темирни қизиғида бос” (422), “Ўтган ишга саловот” (423), “Ўзингни эр билсан, ўзгани шер бил” (438), “Аяган кўзга чўп тушар” (440), “Ҳордиқ олмоқ” (445), “Сичқоннинг ини минг танга” (447).
Бадиий асарда ушбу халқ тили ифодаларини биринчи марта ўқиётган китобхон ўзининг сўз бойлигини оширади, уларнинг қайси бирини қайси ўринда, қандай ҳаётий вазиятда қўллаш ўринли эканлигини ўрганади. Улар билан таниш китобхон эса ўзидаги бошқа халқ таъбирлари шакллари билан қиёсий мушоҳада этади, маърифий билим ва нутқ маданиятини бойитади.
Ёзувчи романнинг қизиқарли, ўқишли бўлишини таъминлаш ҳамда услубининг халқчиллигига эришиш мақсадида воқеалар орасига айрим халқ оғзаки ижодиётидаги ривоят, ҳикоят ва афсоналарни олиб киради. Жумладан, бетоб ётган Жаҳонгир Мирзога Ахий Жаббор тилидан бўрининг туркийларга тотем эканлиги ҳақидаги афсона ҳикоя қилинади (111-117). Ушбу афсона оддий китобхон учун маърифий аҳамият касб этса, адабий қаҳрамон Жаҳонгир Мирзонинг муҳаббатга эътиқод, она бўрига ихлос, ровий Ахий Жабборга дўстлик туйғуларини жумбушга келтиради.
Асарда ўрни-ўрни билан миллий тарихнавислигимиздаги қадим анъана ва услублардан ҳам фойдаланилади. Тарихий воқеаларга мувофиқ Қуръони карим оятларидан келтириш, яъни содир бўлган ёки энди юз берадиган воқеаларни Қуръон оятлари билан асослаш ана шундай усуллардан биридир.Масалан, икки юз баҳодирнинг тўрт минг душман аскаридан ғолиб келишида илоҳий ҳикмат борлиги, бу Оллоҳнинг лутфу каромати эканлиги Амир Темур тилидан ғолиб аскарларга олқиш ва Тангрига шукрона сифатида ”Бақара” сурасидаги ояти карима воситасида ифодаланади: “Бари Оллоҳнинг лутфу карамидандур. “Бақара” сурасидаги қутлуғ оятга назар этингиз: “Қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Оллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилғон. Оллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадур !” Оллоҳга шукрлар айтайлик !”
Маликалар ўртасида ўтказилган мунозара мусобақаси тасвири романнинг энг мароқли саҳифаларини ташкил этади. Хоразмшоҳлар саройида анъана бўлган маликалар ўртасидаги баҳс-мунозара Темурнинг хоразмлик келини Хонзодабегимнинг дугонаси Иқбол бика ташаббуси билан бошланади. Мунозара мобайнида дин ва пайғамбарлар тарихи, табиат ва жамият мўъжизалари ҳақидаги жумбоқли саволлар ўртага ташланади. Ҳайратомуз савол-жавоблар интиҳосида Иқбол бика ва Хонзодабегимнинг нафосату назокати, ақлли, донишманд, ўқимишли, топқиру ҳозиржавоблиги сарой аҳлини лол қолдиради. Мунозара ташқи жиҳатдан бениҳоя гўзал маликаларнинг ички маънавий бойлигини ҳам намойиш этади. Беихтиёр, ҳозирги ёшларимиз ўртасида ҳам мана шундай маърифий мунозаралар ўтказиб турилса, фойдадан холи бўлмасди, деган истак пайдо бўлади китобхонда.
Умуман, эпопеянинг илк романи улуғ соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолиятининг навқирон бир даври тўғрисида тугал тасаввур беради. Китоб равон ўқилади. Унда кўплаб тарихий шахслар ва воқеалар билан яқиндан танишиш мумкин. Асарда тарихий ҳақиқат билан бадиий тўқима чамбарчас уйғунлашиб кетган. Зеро, тарихий-бадиий асар яратишнинг асосий шарти ҳам шу. У китобхонлар онгида тарихий хотирани жонлантира олади.

Сайт бўлими: Адабий танқид

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ