"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Фарида Афрўз. Шеърлар

Ўқилди: 4 571

фарида-афруз2

Aрғумчоқлар учгин, камалак билан,
Гир айлан,  рақс  туш, капалак билан,
Яшасанг, яша, фақат, жон ҳалак билан,
Умр асли бир кундир, ўша кун — бугундир.

Эртани  ўйламоқ  сен  учун эмас,
Ўтганга йиғламоқ сен учун эмас,
Жазони қўлламоқ сен учун эмас,
Умр асли бир кундир,  ўша кун — бугундир.

Этагингдан шамол ўтдими, басдир,
Тириклик олдида ҳар неки, ҳасдир,
Бошинг омон бўлса, тоғлар ҳам пастдир,
Умр асли бир кундир,  ўша кун — бугундир.

Ота-онанг қайтмади, сен ҳам қайтмассан,
Бу олам тубига  сен ҳам етмассан,
Ки, Навоий айтмади, сен ҳам айтмассан,
Умр асли бир кундир, ўша кун — бугундир.

Нуҳдайин умр кўрмоқ истасанг ҳам — шу,
Вақтнинг тулпорини қистасанг ҳам — шу,
Яхши ном олсанг ҳам, олмасанг ҳам –шу,
Умр асли бир кундир, ўша кун — бугундир.

Эй, Фарид, лаҳзалар, шукри-ла, яша,
Бу дунё байрамдир,  қилгин, тамоша,
Ошиқ номинг қолар асрлар  оша,
Умр асли бир кундир,  ўша кун — бугундир.

* * *  Йигирмага кирди, истиқлол – ўғлим,
Йигирма ёшдадир, қизим – ҳуррият.
Мен нега қувнамай, фахр этмай, айтинг,
Олдинда нурдайин кулар ҳидоят!
Йигирмага кирди, ихтиёр, инон,
Йигирма ёшдадир, дориломонлик.
Ўзлигига қайтди пароканда халқ
Бирдамлик  қавмига кирмас ёмонлик.
Йигирмага кирди, шуҳрат ҳам шон ҳам ,
Йигирма ёшдадир, камолот, шараф.
Жаҳонга нур сочар, “ЎЗБЕК” деган ном,
Шу ном-ла, ифтихор, ғурур, ҳар тараф.
Йигирмага кирди, бобом орзуси,
Йигирма ёшдадир, озодлик, сафо.
Тўкинлик, ғалаба,  барака, хирмон
Ҳар фидо қонида садоқат, вафо.
Йигирмага кирди, тинчлик, тотувлик,
Йигирма ёшдадир, ҳотиржам, сурур.
Қушлар учиб ўтмас тоғлардан ошдик,
Тиғ етмас чўққимиз, қоямиз – мағрур.
Йигирмага кирди, жонимнинг ёши,
Йигирма ёшдадир, қўшиғим, баёт
Дилимни куйладим, дилимни чалдим,
Яна гўзал бўлди, гўзал бу ҳаёт.
Йигирмага кирди, шу буюк  ВАТАН,
Йигирма ёшдадир, юртбошим, султон.
Шул боис,  ғайрат –туғ, адолат- қомус,
Шул боис, навқирон, мангу навқирон!

*** Даланинг қоқ ўртасида,
саратон  мавжида,
тут соясида,
гўдагини бағрига босган жувон –
менинг Ватаним!
Пахтасининг гулларин ўпиб,
эгатларга жон терин тўкиб,
кўсагининг кулганин кўриб,
кўзларига ёш олган деҳқон-
менинг Ватаним!
Ёз чилласи дошқозонида,
қовурдоқдек қовириб,
гаримселда совуриб,
шимолга шафтоли тутган боғбон–
менинг Ватаним!
Бобосининг белбоғин —
Адолатнинг байроғи қилиб,
“Ҳалол, ҳалол!” дея, рақибин,
курагини ерга босган полвон
менинг Ватаним!

Миллатим, юртим  — ориятим деб,
Тинчлик  муддаомдир,  пок ниятим деб,
Темурий тулпорин миниб,
Кўкрагини ўққа тутган,
ялангтўш  султон –
менинг Ватаним!

***Дилимни  оғритди  дилимдагилар,
Туну  кун  номлари  тилимдагилар,
Офтобим  шамолим  селимдагилар,
Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,
Аллоҳим, меҳрингдан бир ҳилват бергин.

Заҳарлар  келтирди, шароблар  тутдим,
Ғийбатлар  уйдирди,  жавоблар  тутдим,
Қасамлар  ичдилар,  савоблар  тутдим,
Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,
Аллоҳим, меҳрингдан бир ҳилват бергин.

Дастурхон  тўримда  шарбат  тотдилар,
Ўгрилдим,  ортимдан  тошлар  отдилар,
Улар  мени  бунча  осон  сотдилар,
Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,
Аллоҳим, меҳрингдан бир ҳилват бергин.

Душманим  айёрдир,  пайтлар  пойлайди,
Дўстим  эса  нодон,  сувни  лойлайди,
Иккиси  бир  бўлиб  кўзим  бойлайди,
Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,
Аллоҳим, меҳрингдан бир ҳилват бергин.

Жонимга жазодир, жонимдагилар,
Кўзимнинг қароғи, қонимдагилар,
Эй, воҳ, бегонадир ёнимдагилар,
Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,
Аллоҳим, меҳрингдан бир ҳилват бергин.

Аслида дўст ҳам бир душманнинг тури,
Душманнинг энг зўри, душманнинг шери,
Чунки  қўлидадир кўнглингнинг сири,
Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,
Аллоҳим, меҳрингдан бир ҳилват бергин.
Бошимга балодир, балодир кўнглим,
Бир сўзнинг тиғидан яродир кўнглим,
Дўсту душман аро адодир кўнглим,
Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,
Аллоҳим, меҳрингдан бир ҳилват бергин.

Ўзингдан йўқ ўзга маҳрами жоним,
Ўзингсан Султоним, ўзинг Ҳоқоним,
Ўтда куйдирмагин икки жаҳоним,
Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,
Аллоҳим, меҳрингдан бир ҳилват бергин.

***Она ер – туфроқ қолиб,  осмон билан овворамиз,
Жон бериб,     жонинг  олар,  жонон билан овворамиз.

Кўзларингга    жовдирар, сарсон висол, саргашта ишқ,
Ёш тўкиб,  йиртиб  яқо,  хижрон билан овворамиз.

Теграмизда       хур  малаклар,  бири сингил, бири ёр,
Инсоф қолиб, инсон  қолиб,  шайтон билан овворамиз.

Отамиз  мезбон  эди,  оҳ, онамиз мезбон эрур,
Зор этиб   ҳар  иккисин,  меҳмон билан овворамиз.

Ҳар нафас  ёнингда  дилдош,  ҳар мушкулотингга ечим,
Яхшилар   бунда  қолиб,  ёмон билан овворамиз.

Чин ҳақиқат   йўли  бошқа,  чин вафолиқ ўзгадир,
Ҳақ қолиб,  иймон  қолиб,  ёлғон билан овворамиз.

Кўнгли  уммон   кимсаларнинг   жилғасидин сув ичиб,
Роз қолиб,    шукрон  қолиб,  тўғон билан овворамиз.

Бизни Ҳақ  ҳур  айлади,  нур айлади, озод этиб,
Ҳар тарафга  қулф  уриб,  қўрғон билан овворамиз.

Ҳар кишики,  кўзи очдир,  кўр қилар, тўзони ганж,
Йўл кўрсатар  сарбон қолиб, карвон билан овворамиз.

Кимки  бизга  интизордир,  Фарид Афрўз чин сўзим,
Жоним нисор,  чин    дўст  учун қурбон билан овворамиз.

***Эй дўст,  нима десанг, дегил, шу бугун,
Юрагингда қолмасин тугун,
Армон узун, надомат узун,
Эртага  бугунни  топиб  бўларму?!
Айт, айтақол, айтавер, шошил,
Тўкил бугун, тариқдай сочил,
Гафлат қотил, пушаймон қотил,
Эртага  бугунни  топиб  бўларму?!

Эй, ёр!  айтарингни тутмагил, пинҳон,
Севаман, де, ёлворгин нолон,
Ишқдан бошқа ҳаммаси ёлғон,
Эртага  бугунни  топиб  бўларму?!

Ҳижолатнинг умри қуроқдир,
Гумондорнинг жони қийноқдир,
Андишанинг оти қўрқоқдир,
Эртага  бугунни  топиб  бўларму?!
Эй дўст!   Кел, ёнимга гул очса чирой,
Этакларинг кўзимга сурай,
Сен келмасанг, мен ўзим борай,
Эртага  бугунни  топиб  бўларму?!
Кел, елкада тоғинг билан кел,
Ҳазонрезги боғинг билан кел,
Дилда ҳасрат, доғинг билан кел,
Эртага  бугунни  топиб  бўларму?!
Эй ёр!  Ҳар коримиз тақдир азалдир,
Лабингда қон ёҳуд асалдир,
Тамшанганинг балки ажалдир,
Эртага  бугунни  топиб  бўларму?!
Фарид Афрўз, бугунингни қуч,
Ҳар лаҳзага тутолгин ҳовуч,
Бугун яша, топа олгин куч,
Эртага  бугунни  топиб  бўларму?!

***Руҳ  шамоли танни қақшатди,
Чақмоқ  вужуд олов сачратди,
Кеча      ёққан ёмғир чарчатди,
Кел,  бугунни байрам қилайлик.
Ўтган  куним надомат, армон,
Ором     билмас саргардон бу жон,
Эсиз,       умр ўртада сарсон,
Кел, бугунни байрам қилайлик.
Азал   жонга завол андеша,
Бу   дунёда ёлғиз ишқ пеша.
Айрилмоқда   ўчмиз ҳамеша,
Кел,  бугунни байрам қилайлик.
Ўпиб      турса сочларингни нур
Бахт      нелигин капалакдан сўр,
Не бўлса   ҳам тур, ўрнингдан, тур,
Кел,  бугунни байрам қилайлик.
Ахир   сени кўрганим тушмас,
Хаёлингсиз      ҳушларим ҳушмас,
Осмон   синиб заминга тушмас,
Кел, бугунни байрам қилайлик.
Бир   хўрсинсам қайтиб келар сой,
Айт,      тилагинг айт, деб келар сой,
Қайтиб   жонни қаердан олай,
Кел, бугунни байрам қилайлик.
Тонгим   балки армонларга соз,
Ишқ      қисмати иккимизга рост,
Мен   энтикиб чорладим, холос,
Кел, бугунни байрам қилайлик.

Сайт бўлими: Ўзбек шеърияти

Қўшимча:

БИРИНЧИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ БИРИНЧИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ
БАЙРАМ  ШУКУҲИ БАЙРАМ ШУКУҲИ
Суратга муҳрланган мангу лаҳзалар Суратга муҳрланган мангу лаҳзалар
МУТОЛААГА ЧОРЛАЙДИ ИЖОД МУТОЛААГА ЧОРЛАЙДИ ИЖОД