"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Тозагул Матёқубова. Ўзлаштириш эстетикаси: ижодкор микрооламига кечинмадошлик

Ўқилди: 806

Академик Бахтиёр Назаровнинг “Ғафур Ғулом олами”1 рисоласида олимнинг таҳайюлга тўйинган гипотетик мулоҳаза ва фикр-хулосалари Ғафур Ғулом ижодий феноменини инкишоф этиш асосига қурилган. Мунаққид унинг ҳаёти ва ижодий меросига умумбашарий мезонлар асосида илмий-назарий муносабат билдириш, шоир ва носир поэтик оламининг концептуал асосларини белгилашни ҳам назарда тутади. Шу маънода рисола ҳануз адабиётшунослик ва танқидчиликнинг жиддий ютуғи саналиб, мутахассислар томонидан ҳақли тарзда эътироф этилиб, кенг илмий-адабий жамоатчиликнинг назарига тушиб келмоқда. Биз мақолада бу китобнинг моҳияти ҳақида баҳоли қудрат фикр билдиришга уриндик.
Ғафур Ғулом ижодий йўлининг асосини ўз қалбига ишониб яшаш, ижод этиш ва эътиқод бутунлиги ташкил этади,-деб билган академик Бахтиёр Назаров унинг ҳаёт йўли ва таржимаи ҳолига доир фактларни қайта идрок этади. Шу орқали Ғафур Ғулом болалигига хос жадид мактаблари ва мадраса таҳсили, мустақил ўқиш-ўрганиш каби миллий илдизлардан озиқланувчи манбаларни белгилайди. Жумладан, ўз замонасининг машҳур бойларидан саналмиш Мулла Муборак Сиддиқмухамедов хонадонида маълум муддат тарбия топгани, “Бароқхон” мадрасасида мударрис Саидаҳрор қўлида таҳсил олгани, бўлажак шоирга устоз томонидан бир сандиқ нодир китоблар тухфа этилгани сингари бир қарашда аҳамиятсиздай туюлган ва адабиётшунослик  эътиборидан четда қолиб келган фактик материаллар илмий истеъмолга киритилишининг ўзи ижобий ҳодисадир.
Фалсафийлик Ғафур Ғулом иждий услубининг муҳим белгисидир. Шунинг учун ҳам шоир шеъриятининг муштарак белгиси лирик қаҳрамон табиатининг умуминсоний қадриятларга эҳтиром билан қарашида намоён бўлади. Тарих туйғуси ва тарихийлик унинг аксарият шеърлари етакчи принципи даражасига кўтарилади. Рисолада олим мазкур жиҳатларнинг ижодий ният ёрқин ва тўлақонли ифодасига, тасвир ҳаққонийлиги ҳамда эстетик таъсирчанликнинг юзага чиқишига хизмат қилишини кузатади. Шоир ижодида учровчи замонасозлик ва мадҳиябозлик иллатини Ғафур Ғулом камол топган жамият адабий иқлими билан бевосита боғлайди. Мавзу кетидан қувиш, кундалик воқеа-ҳодисаларни адабиётга олиб кириш, замонасозлик руҳидаги асарлар на муаллиф ижодида, на адабиёт тарихида сезиларли из қолдирмади,- деган позицияни ёқласа-да, тадқиқотчи ана шундай асарлар бағридан ҳам ғафурона буюклик ҳамда донишмандлик билан суғорилган талай фалсафий образларни топа олади. Назаримизда, шу ўринда 20-30- йилларда Ғафур Ғулом ҳали маҳорат сирларини эгаллаш йўлида изланишда бўлгани, яъни шоир “мен”и энди камол топаётган палла эканлиги ҳам эслатилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Олимнинг 20-30-йиллар адабиёти, умуман шўро даврида яратилган асарларга муносабат масаласидаги мана бундай фикрлари ғоятда муҳим назарий-методологик аҳамиятга моликдир: “…адабиётшунослик ўтган асрнинг 20-30-йиллар адабиёти ҳақида фикр юритганда, умуман шўро даври асарларини баҳолаганда, энди мезонларни ўзгартирмоғи, янги принципллардан келиб чиқиб баҳоламоғи лозим… Энди бадиий асарга одамийлик, истиқлол, ватанпарварлик, умуминсоний қадриятларнинг нечоғлик бадиий теран, гўзал ва ҳаққоний акс эттирилиши нуқтаи назаридан баҳо бериш бош мезондир.” (15-бет) Адабиётшунослик олдига қўйилаётган бундай талабларга тадқиқотчининг ўзи ҳам рисолани ёзиш жараёнида тўла амал қилади. Китобда Ғафур Ғулом асарлари муаммонинг нечоғлик бадиий ва ҳаққоний, маҳорат билан тасвирланганлиги нуқтаи назаридан таҳлил қилинади, шу асосда холис ҳамда ишончли хулосалар келтириб чиқарилади.
Инсонпарварлик Ғафур Ғуломнинг яхлит ижодий меросига, жумладан насрига ҳам хос хусусиятдир. Бахтиёр Назаров унинг насридаги оила ва ахлоқ муаммолари талқини хусусида тўхталар экан, адиб ўз даврининг ва реал хаётнинг талаб-эхтиёжларидан келиб чиққанлигини кўрсатади. Қиссаларини характерларнинг тўқнашувлари асосига қуриш, қаҳрамонлар руҳиятини очиш, сюжет ҳаракатининг муайян бир тугунига китобхон диққатини жалб этиб туриш ва “сир тутиш” маҳоратини Ғафур Ғулом Абдулла Қодирий ижодий тажрибалари орқали ўзлаштирганлиги хусусидаги фикрлар олимнинг ижодкор эстетик оламини ўзлаштириш эстетикаси нуқтаи назаридан кузатганлиги, адабий маҳорат масалаларини кенг миқёсларда олиб қараганлигини кўрсатади. Шу маънода Бахтиёр Назаровнинг Ғафур Ғулом ҳикоя ва қиссаларидаги миллий характер яратиш санъати ҳамда бадиий тил маҳоратини ёш ижодкорлар учун ибрат мактаби санаши ғоятда асослидир. ( 16-бет)
ХХI аср Ғафур Ғулом ижодий меросининг қайси жиҳатларига аҳамият бериши керак? –деган масалани кўндаланг қўйган адабиётшунос шоир ижодининг қиммати ва қадрини Ватанни, халқни улуғлашга қаратилган асарлари билан белгилаш лозимлиги ҳақида қатъий ҳукм чиқаради. “Ғафур Ғулом ўзини оқлашга, кимдандир ҳимоя қилишга муҳтож шоир эмас. Ғафур Ғулом асарлари ўзини, ўз муаллифини ҳимоя қилишга қодир ва бундай асарлар унинг ижодида бисёрдир”-деб ёзади рисола муаллифи (5-бет)  Демак, олим Ғафур Ғулом ҳаёти ва ижод йўлини тадқиқ этган Ҳ.Ёқубов, С.Мамажонов, Н.Шукуров. А.Акбаров сингари олимларнинг фикр-мушоҳадалари билан яқиндан таниш. Уларнинг шоир маҳорати хусусидаги нозик кузатишларини қадрлаган ҳолда, Ғафур Ғулом ижодий меросига бўлган муносабат масаласида ўзбек адабиётшунослиги тарихида кузатилган гоҳ шўровий жиҳатларга урғу бериб шоирни олқишлаш, гоҳида эса Ғафур Ғулом асарларида учровчи замонасозликни ҳадеб конкрет давр ва замонга боғлаш орқали гўё уни оқлашга бўлган интилишдан иборат тенденциозликка барҳам бериш йўлидан боради. “Адабиётшуносликнинг бундан буёнги вазифаси, -деб таъкидлайди олим, -Ғафур Ғулом меросидаги ўзига хосликларни, бу улуғ адибни элга, юртга, унинг канорасидан олисларга машҳур этган белгиларни мафкура ва сиёсатга боғламай, улардаги бадиийлик ва маҳоратни ўрганишдан иборатдир.” (5-бет) Аён бўладики, тадқиқотчининг диққат эътиборида бадиийлик ва маҳорат муаммоси туради.
Масалалар моҳиятига тарихан тўғри ёндошган олим Ғафур Ғуломнинг у ёки бу асари хусусида сўз кетганда, уларни яратилган даври хусусиятларидан келиб чиқиб баҳолайди. Шоирнинг айрим шеър ва достонларида бадиийликдан кўра баёнчилик, эҳтиросдан кўра эътироф устунлик қилиши ҳақли тарзда танқид қилинади. Бахтиёр Назаров 20-30- йилларда яшаган реал инсоннинг дунёқараши, яшаш тарзидаги ўзига хосликларни бадиий конкретликда тарихий акс эттирган “Кўкан” сингари достонларни “бадиий тарих” сифатида баҳолайдики, унинг бирёқлама талқинларга таянилган асарларни –да ёппасига инкор қилиш эмас, балки улар қатидаги фазилатли жиҳатларни инкишоф этиш позициясида турганлиги аён бўлади. “…достон (“Кўкан” назарда тутилмоқда Т.М.) ўзбек деҳқони тафаккури, дунёқараши ва яшаш тарзидаги кескин ўзгаришларнинг бадиий ҳужжати тарзида аҳамиятлидир”, — сингари хулосалар юқоридаги фикримизни далиллайди. (9-бет)
Рисолада “Шум бола” қиссаси рус адабиётида ўтган асрнинг 30-йилларида яратилган М.Горькийнинг “Болалик”. “Одамлар орасида”, “Менинг университетларим”; ғарб адабиётида машҳур бўлган М.Твеннинг “Том Сойернинг бошидан кечирганлари”, “Геклберри Финнинг саргузаштлари” сингари асарларига хос илғор тажрибалар билан боғлиқ жиҳатлар кузатилади. Олим Ғафур Ғулом қиссасида жаҳон адабиётининг юксак савияли комик ва юмористик асарларидаги каби муайян ҳолат ва вазиятларда туйғулар қоришиқлигини маҳорат билан ифода этиш балқиб туришини қайд этади.
Шуниси эътиборга лойиқки, “Шум бола”да даставвал, ўзбек фольклори ва мумтоз адабиётидан, қолаверса, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор каби сўз санъаткорларидан ижодий ўзлаштирилган тилдаги лирик гўзаллик, китобхон диққатини сюжет ҳаракатининг муайян бир тугунига жалб этиб туриш, ихчамлик ва аниқликка эришиш сингари хусусиятларга ҳам эътибор қаратилади. Қиссани безаб турувчи миллий жозибани олим серқочиримлик ва халқчилликда, қаҳрамон тилидаги бетакрорлик билан муаллиф нутқидаги гўзалликнинг бирлашувида кўради. Асарнинг бадиийлиги ва муваффақиятини таъминлаган асосий белгилар сирасига миллий тиниқлик, аниқлик, ёрқинлик ва ўзига хосликни киритади.
Кўринадики, олим конкрет асарлар ҳақида сўз кетганида мавзу ва ғоя долзарблиги каби чекланган қарашлар доирасида қолмайди. Ғафур Ғуломнинг ҳаёти ва ижодини ўзаро узвий боғлай оладигина эмас, муайян тарихий ҳодисанинг бадиий инъикоси, у ёки бу асарнинг индивидуал белги-хусусиятларига ҳам диққат қаратади. Мазмун серқатламлиги, фалсафий образлилик, лирик қаҳрамон табиати, ижодий услуб масалаларига тамомила янгича ёндошади. Бу ҳол Бахтиёр Назаров оила ва ахлоқ муаммоларининг ҳаққоний ифодасига, бадиий маҳорат, мазмун ва ғоя мутаносиблигига, адибнинг миллий характер яратиш йўлидаги ижодий ютуқларига теран нигох ташлашида, ўрни билан салафларига чоғиштиришга харакат қилишида намоён бўлади. Агар ана шу қиёслар аниқ мисоллар асосида конкретлаштирилганида рисоланинг қиммати янада ошган бўлар эди. Бироқ олим Ғафур Ғулом насрини яхлит ва теран таҳлил этишни эмас, балки айрим ҳикоя ва қиссаларига назар ташлашни кўзлаганки, шу маънода рисолада ёзувчи насри хусусида сўз кетган ўринларга бундай катта талабларни қўйиш ҳам дуруст бўлмаса керак. Зеро китобда асосан, Ғафур Ғулом шеърияти , “Алиқулнинг қарзи”, “Ҳасан кайфий” ҳикоялари адабиётшунос ва тарихчи сифатидаги баъзи илмий қарашлари кенг таҳлилга тортилади. “Шум бола”нинг жанр табиати миллий фазилатлари хусусида эса ихчам тарздаги фикр-қарашларгина илгари сурилади.
Ғафурона инсонпарварлик пафоси, шоирнинг тафаккур, тасаввур ва илҳоми умумлаштирувчилик кучидан тўйинганлиги “Соғиниш” шеъри мисолида кузатилади. Шеър замиридаги олийжаноб ғоянинг ифодасида миллий туйғулар кучлилиги, қаҳрамон кечинмаларининг руҳий-психологик далилланганлиги, образлар тасвирида муайян даражада тарихий ҳақиқат ҳам акс этганлиги матн таҳлилидан келтириб чиқарилади. “Соғиниш” шеъри табиатидаги гўзалликнинг китобхон руҳиятида уйғотувчи ҳиссий-эмоционал таъсири, маърифий-эстетик аҳамияти кенг ва чуқур ёритилади. Умуман, рисолада Ғафур Ғулом ижодий меросининг тарих синовларига бардош бера олган, эл-юртнинг бугуни ва эртасига хизмат қила оладиган, ғоявий-бадиий жиҳатдан бетакрор, ифода гўзаллиги балқиб турган асарларига Ватан ва Миллат тақдири, китобхон маънавий-эстетик олами нуқтаи назаридан баҳо берилади.
“Бир кўксига инсониятнинг кўнглини сиғдира олган”, бани Одам болаларига аслида яхлит бир халқ деб қарай олган, Ғафур Ғуломнинг “Мен яҳудий” каби шеърларида бутун инсоният номидан сўзланади. Бу шеърнинг жаҳон халқлари эътиборини торта олган бадиий сеҳрини шоирнинг инсоният номидан сўзлаш услубида кўрган олим ўша давр умумшўро адабиётида инсонпарварлик пафосининг нисбатан кучайишини Ғафур Ғуломнинг номи билан боғлайди. Чунки Ғафур Ғулом ХХ асрнинг жамиийки оғриқлари билан ҳамнафас яшаган, инсоният дардини юракдан кечирган, бутун залворини елкасига ортган, илҳом уфқлари кенг, тафаккур дунёси серқамров ва салмоқли Шарқ шоири эди. Унинг орзу-армонлари, дард-интилишларининг бадиий ечими шоир қолдирган поэтик сатрлар бағрида тажассум топганки, Бахтиёр Назаров нуктадон заршунос сифатида ҳар бир сўз, ҳар бир ифода қатидан Ғафур Ғуломнинг безовта нигоҳини, қалб ҳароратини, руҳ интилишини, юрак талпинишини кўра олади, интуитив тарзда ҳис этади. “Ғафур Ғулом , бир жиҳатдан, ўзбекона камтар, камсуқум, ялангтўш ва айни вақтда, ўзига ишонган, ўз сўзининг кучи ва қудратини яхши билган, ғурури баланд, ўзбек номини улуғлашни умрининг мазмуни деб билган, бу номга тушиши мумкин бўлган гардни киприги билан артишга тайёр шахс эди”,- деб ёзади олим.(29-бет) Устоз олимнинг бундай хулосалари Ғафур Ғуломнинг тарихдаги ўрни, инсоний қиёфаси, донишмандона кўнглини яққолроқ англашга хизмат қилади.
Ғафур Ғулом аксарият асарларида поэтик ниятни умумлаштириш мақсадида тарихга мурожаат қилади. Тарихни теран билган шоир шу орқали замондошининг фалсафий мушоҳадаларини поэтик талқин этишга муваффақ бўлган. Ёрқин ташбеҳ ва муболағалар қўллаб, ижтимоий муаммоларга нисбатан кескин қутбий муносабатини ифода эта олган. Аммо Ғафур Ғулом бадиий оламининг марказида ижтимоий муаммолар ифодасигина турмайди. Шоир табиий олам ва инсон табиатини, ҳаёт шавқи ва завқини куйлаган истеъдод соҳиби эди. Рисоланинг эътиборли жиҳатларидан бири шундаки, Бахтиёр Назаров ана шундай хусусиятларни шоирнинг давр мафкураси атрибутлари акс этган асарлари бағридан излаб топади. У ХХ аср адабиёти, хусусан Ғафур Ғулом меросида мавжуд ҳар бир алохида асарнинг туб моҳияти, мақсади, етакчи пафосини аниқ ажратиб олиб таҳлилга тортади. Ўтмиш меросига бўлган бундай муносабат адабиётшунослигимиз учун муҳим методологик аҳамият касб этади. Бу ҳол рисолада Ғафур Ғуломнинг бир қадар замонасозлик руҳида битилган асарларида ҳам ҳаёт ва инсоннинг абадий муаммолари, инсон қалбининг нозик тебранишлари ифодаланганлиги, шоирнинг бетакрор образларидаги миллий гўзаллик таровати кашф этилганидаёқ кузатилади. Жумладан, “Тол чивиқ қизларга бўлди сочпопук”, “Саъвалар кўк узра сайраб кетдилар” сингари сатрлар, оқшом чоғлар қўзилар маърашидан Ернинг қучоқлари ҳаётга бурканиб кетиши ҳақидаги жозибали мисралар қатидан Ғафур Ғуломнинг оддий бир инсон сифатидаги завқ-шавқи кузатилади. Бу жиҳатдан, олим Ғафур Ғулом шеъриятида сунъий оптимизмни кўришга интилган айрим тадқиқотчилардан анча юксакликка кўтарилади, шоир руҳиятига имкон қадар ёвуқлашади.
Бахтиёр Назаров Ғафур Ғуломни “ўзбекнинг паҳлавон шоири ”,- деб олқишлайди. Унинг “Мен яҳудий”, “Поль Робсонга”, “Сен етим эмассан”, “Вақт”, “Соғиниш”, “ Шараф қўлёзмаси” каби асарларидаги бадиий ҳақиқатлар ХХ аср дардларига ҳамоҳанглиги, давр синовларидан ўта олганлиги ўз исботини топади. Чунки тадқиқотчи шоир безовта юрагининг жаҳоний изтироблар билан тепиши билан конкрет асар томирининг вобасталикда уришини тинглайди. ХХ аср тарихий воқеаларининг шоир юрагидан ўтиб, поэтик мисраларда акс садо берганини ишонарли ва ҳаққоний таҳлил этади. Инсон ва халқ муаммоси билан боғлиқ шеърлар қатига яширинган дардларнинг поэтик фикр ифодасидан изланиши натижасида бутун инсоният яхлит бир вужуд, аммо ҳар бир заррасининг тузуми ва тўзими мавжудлиги ҳақидаги дадил фикрларга диққат қаратилади. Улар қайсидир маънода ўша давр ҳукмрон мафкурасининг раддияси ҳам бўлганлиги шоир эстетик идеалига боғлаб талқин қилинади. Зеро, ҒафурҒулом тафаккурини мудом банд этган, дилида яширин орзулардан бири миллатни озод кўрмоқ эди. Бу эса поэтик ифодада инъикос этмаслиги мумкин эмас. Илло, ҳар бир инсон қалбига яқин идрок этилувчи шеърлар аслида умуминсоний руҳга йўғрилгандир.
Англашиладики, Бахтиёр Назаров Ғафур Ғулом қарашларига умуминсоний қадриятлар нуқтаи назаридан ёндошади. Аслида ҳам, шоир бадиий ниятида алоҳида инсон халқнинг бир зарраси сифатида олиб қаралади. Инсоний қудрат жамият билан бевосита алоқадорликда юзага чиқишига урғу берилади. Ғафур Ғуломнинг ижтимоий муаммоларни талқин қилишдаги индивидуаллиги ҳам шоирнинг ҳаётсевар дунёқарашида намоён бўлади. Бахтиёр Назаров шоир лирик қаҳрамони табиатига хос умуминсоний дардларни теран ҳис этадики, ифодадаги бедилона дунёвий мушоҳадакорликни ҳам, камалакранг образлилик ва маъно серқатламлигини ҳам кўра олади. Шоир поэтик лафзидаги давр ва замон учун ижтимоий салмоқ касб этган “атом қудрати”, “инсон ижодкорлиги” каби долзарб муаммолар ифодасидаги ўзига хосликларни кашф этади. Зеро, Ғафур Ғулом ижтимоий адолатсизликларга қарши ҳамиша шоирона поэтик муносабатини дадил ифода этган. Шарқу Ғарб ўртасидаги муносабатларга чуқур ҳурмат билан қараган. Шу маънода адабиётшунос олимнинг вокеа-ҳодисалар моҳиятини абадиятга дахлдорлик билан боғлаб талқин қилишдек шоир поэтикасига хос муҳим хусусиятни Ғафур Ғуломнинг бадиий тафаккур услуби билан боғлаши тўла ўзини оқлайди.
Адабиётшунослигимизда шу пайтгача сиёсий-мафкуравий чорлов руҳида ёзилган деб баҳоланиб келинган асарларнинг фалсафий моҳияти, ғояси, образлар дунёсига хос талай гўзалликларини топиш орқали тадқиқотчи Ғафур Ғулом фикр-қарашларида мантиқий изчиллик мавжуд эканлигини келтириб чиқаради. Олимнинг синчков назаридан мумтоз поэтика анъаналарининг ижодий давом қилдирилиши ҳам, фалсафий теран образлилик ва мушоҳадакорлик ҳам, услубий индивидуаллик ҳам четда қолмайди. Ижодкор руҳининг қудрати шоир лирикасига хос халқона соддалик ва пурҳикматлиликнинг асосида туради. Унинг лирик қаҳрамони жавҳарини бутун инсоният номидан гапиришга журъат этган Ғафур Ғулом жўшқин қалби ташкил этади. “Ғафур Ғулом лирик қаҳрамони ХХ аср ташвишлари, аламлари, ўкинчу армонлари, азобу уқубатлари, қувончлари билан дарманд яшаган киши. Унинг кўп шеърлари бунга мисол бўла олади. Лекин шундай бўлса ҳам, бу лирик қаҳрамонлар фақат шўро инқилоби қонларидан юзиб чиққан, иккинчи жаҳон уриши уқубатидаги хонумонликни ортда қолдирган, “совуқ уруш” талолумларида юрак-бағри хун бўлган мажруҳнамо одам эмас. Унинг лирик қаҳрамонлари мана шу азоб уқубатларни кўрган, бошдан кечирган, лекин иродаси синмаган, руҳи чўкмаган, доим ҳаёт завқи, яхши кун шавқи, умид гулоби билан яшаган ва улардан ўзига нимадир ола билган кишилардир” — деб ёзади олим.(47-бет)
Шу пайтгача “шўро одами” деб қаралиб келингани ҳолда ҳаётга чанқоқ, содда ва софдил, ожизлигини эътироф этадиган, оддийлиги билан ҳаётий, ҳаққонийлиги билан ишончли, сўзда собитлигию мардлиги билан БАЛАНД турадиган Ғафур Ғулом лирик қаҳрамонлари оддий инсонлар сифатида олиб қаралади. Демак, олим Ғафур Ғулом қалбининг нозик сезувчанлиги, илғамларидаги донолик, некбин ишонч, баланд ғурур каби қоришиқ туйғуларнинг поэтик ифодасини инжалик билан кузата олган.
ХХ аср фуқароси бўлган Ғафур Ғулом — жаҳоншуъмул шоир. Чунки унинг шоирона нигоҳи ўткир, тафаккур уфқлари кенг. Шоир жаҳон миқёсидаги воқеа-ҳодисаларни инсоний туйғуларга боғлаб, умуминсоний қадриятлар мезони билан ўлчаб бадиий таҳлил эта олади, ўзига хос тарзда нафис ифодалашга муваффақ бўлади. Сўз юргизилаётган китоб бизни Ғафур Ғуломга хос салобат, файласуфона донишмандлик, фавқулодда истеъдод ва маҳорат сирлари билан яқиндан таништиради. Чунки олим Ғафур Ғулом қалбининг тубидаги инсоний меҳр-муҳаббат, эркка ташналик орзу-армонларини кашф эта олган. Адабиётшунос 40-50- йиллар ўзбек шеъриятига хос хусусиятларни кузатар экан, шоир шахсиятидаги темперамент, инсонпарварлик, донишмандлик ва адолат учун куюнчаклик хусусиятларини давр адабий жараёни аспектида идрок этади. “Бир қатра симоб янглиғ титраб, қалқиб турган” жаҳон воқелигига ўзбек шоири ҳамиша ўзини дахлдор деб билган. У лоқайдлик иллатидан тамомила бегона бўлган. Бахтиёр Назаров Ғафур Ғуломнинг “Тинчлик минбаридан”, “Тонг отди”, “Ғолиблар шарафига”, “Тинчлик нашидаси”, “Она қизим Жамилага” каби ўнлаб шеърлари лирик қаҳрамони табиатини ишонарли инкишоф этади. Шоир қалб торларининг нолишларига, савтларию авжларига китобхонни ошно этишга эришади. Ғафур Ғуломнинг “Қуёш теварагида”, “Қуёшдан салом” сингари шеърларини таҳлил этиш жараёнида олим космос ва инсоният муаммоларининг фаол бадиий талқинига диққат қаратади. Бутун олам ва коинотни, заминни яхлит бирлик сифатида кўрган, идрок этган, бадиий ифодалай олган Ғафур Ғуломни “Космогоник йўсинда бадиий фикрлайдиган шоир эди”, — деб баҳолайди.( 51-бет)
Адабиётшунос олим Ғафур Ғулом ижодидаги тарихан ўзини оқламаган айрим фикр-мулоҳазалар, жумладан, фан-техника тараққиёти ва инсон қалби муносабатлари каби масалаларга етарлича эътибор бермаслик ҳолларини асосли тарзда танқид қилади. Муҳими шундаки, мазкур танқидлар танқид этикаси доирасида бўлиб, шоирнинг тарихий хизматларини камситиш руҳидан мутлақо йироқдир. Мунаққиднинг танқидий фикрлари теран андишалар билан, шоирни оддий бир инсон ўлароқ ҳис этиш орқали баён этилади.
Ғафур Ғулом улкан ижтимоий-тарихий ҳодисалар силсиласида яшаётган инсон қалби ва руҳиятига эътибор қаратишни энг муҳим вазифа санаган эди. Адабиётшунос олим жажжи болажонлар қалб дунёсига хос гўзаллик ҳам шоирнинг синчков нигоҳидан четда қолмаганлигини “Ола бузоқча” шеърини таҳлилга тортиш орқали кўрсатади. Таҳлил жараёнида жажжи китобхон завқига эътибор бериб яратилган бадиий кашфиётларга хос оригинал миллий образларнинг маъно ва мазмуни, ҳиссий туйилган манзаралар жозибаси жилвалари кашф этилади. Тадқтқотчи Ғафур Ғуломнинг қарашларини реаллик билангина чеклаб тушунмайди. Балки шоирнинг орзу-идеалларига боғлаб талқин қилади.
Давр ёлғон идеалларига эргашиш натижасида шоир таҳайюлида пайдо бўлган айрим янглиш хулосалар рисолада ўринли тарзда кўрсатиб ўтилади. Ғафур Ғулом ҳам ҳукмрон мафкура жозибасига гоҳ алдангани, гоҳ адашгани ҳақида сўзлар экан, адабиётшунос чуқур таассуф билан       “… элнинг шоири алданмасин экан. Шоири алданган эл тез алданади”- деб ёзади. (57-бет) Ижодкор фаоллигининг ботиний жиҳатлари у яшаган давр билан узвий алоқадорликда англанади. Дарҳақиқат, Ғафур Ғулом ижодий меросида дўстлик, тинчлик мавзулари санъаткорона бадиий идрок этилган. У яратган асарларда ўзбекона соддалик, пурмаънолик, самимият – теран инсонийлик етакчи хусусият сифатида акс этган. Шоир лирик қаҳрамонни бутун инсоният номидан гапиртириш орқали намоён этиш услубини чуқур ўзлаштиргангина эмас, тадрижий тарзда ривожлантириб борган. Бахтиёр Назаров шоир поэтик қарашлари ифодасидан унинг юраги нозик тебранишлари жаҳон тараққиётининг истиқболини маънавий-маърифий ҳамкорликда ҳис этганини келтириб чиқаради. Шоир лирикаси ички моҳиятининг ўзи мустақиллик даврига келиб Ғафур Ғулом ижодий мероси ижтимоий-эстетик салмоғигага эътиборни кучайтириш заруриятини юзага чиқарди,- деган фикрни илгари суради.
Мамлакатнинг оддий бир фуқароси бўлган бу иқтидор соҳиби элнинг яловбардори, воқеликни санъаткорона бадиий идрок этиб яна халқнинг ўзига тақдим қилишга масъулликни ҳис этган шоир эди. У шоирнинг талқинлари ҳамиша холислик ва ҳаққонийликка йўғрилган бўлиши лозимлигини англаган эди. Шунга асосланган мунаққид ҳам чинакам санъат асарлари олдига мавзунинг бадиий теранликда, санъаткорона идрок этилиши ва маҳорат билан ифодаланиши талабларини қўяди. Ғафур Ғулом ижоди туб моҳиятини айрим декларитив шеърлар эмас, балки содда, пурмаъно, чуқур самимиятга йўғрилган, теран инсонийлиги билан ажралиб турувчи асарлар белгилайди,- деган хулосага келади. Демак, рисолада Ғафур Ғулом шоирона лафзининг ижтимоий-маърифий салмоғига хос залвор теран таҳлил ва талқин этилади. Бинобарин, олим Ғафур Ғулом шеъриятининг ХХI аср тонги учун ҳам муҳим бўлган жиҳатларини эстетик идрок эта олган.
Бахтиёр Назаров “миллий ва умумбашарий тўлқинларда қулоч отган шоир”нинг ҳаёти ва ижодига ғоятда эҳтиёткорлик ҳамда синчковлик билан ёндошади. Бу эса мунаққидга Ғафур Ғуломнинг Бедил мактабидан олинган сабоқлар нури остида бадиий матн тагструктурасига жойлай олган кўчма маънолар – қалбида яширинган дард-изтиробларини илғаш имконини беради. Ғафур Ғуломнинг асл дардлари у мансуб бўлган авлод яшаган мураккаб замон драмасининг улуғ шоир қалбида қолдирган асоратларида тажассум топгандир. Ғафур Ғуломдай катта шоир қалбидаги пинҳон дардларини асарларининг қатига моҳирона яширмаслиги ҳам мумкин эмасди. Адабиётшунос олим бадиий матнннинг зоҳирий жиҳатларигагина эмас, ижодкорнинг матн тагқатламига жо этган руҳиятидаги фалсафага, бадиий гўзалликка, кўчимдаги фикрлар жозибасига диққат қаратади. Адабий танқид фанининг табиати, моҳиятига таяниб гипотетик қарашлар асосида кашф этиш йўлидан боради. Мазкур усул олимга илмий-назарий хулосаларини мустаҳкамлаш ва янада чуқурлаштириш имконини беради. Сўз санъаткори асарларини “янгича ўқиш”ни олим ғоятда камтарона тарзда “уринишларим” деса-да, бундай уринишга журъат этиш ва уни муваффақият билан уддалаш зинҳор осон кечмаганлиги аниқ. Бахтиёр Назаров Ғафур Ғуломнинг иқрорномалари, яқинларининг хотиралари асосида шоир мукаммал аниқликни топгунича кечирган мураккаб ҳаёти жисми ва руҳида қолдирган асорат изларини битта-битталаб “қонталаш маржонлардек териб олган”, ҳатто айрим имо-ишораларигача кўздан қочирмасликка интилган.
Эҳтимол, айримларга мунаққид фикр-қарашлари гўё матндан узиб олинган парчаларга асосланган ва шеърнинг умумий руҳига у қадар монанд бўлмаган тусмоллардай ҳам туюлиши мумкин. Бизнингча, шундай иштибоҳга боришдан олдин ижтимоий-адабий ҳодисанинг сабаблари ва хусусиятларини тушунтиришга хизмат қиладиган асосли тахминлар ҳам инсон билимларининг ўзига хос шакли эканлиги масаласини ёдга тушириш керакка ўхшайди. Зеро, адабиётшунос ўз фикрларини теран таҳлиллару кузатишлар, умумлаштиришга етакловчи мулоҳазалар асосига қурадики, китобхонда ўрганилаётган муаммо ҳақида бир қадар ишончли билимлар ҳосил бўлишига туртки бера олади. Бахтиёр Назаров қайд қилувчи фактлар адабиётшунослик истиқболида мўлжални тўғри белгилашга йўналтирилган бўлиб, адабий ҳодисани чуқурроқ тадқиқ қилишга ёрдам беради.
Шуниси эътиборга лойиқки, мунаққид таҳайюлида қайта ишланган ҳаёт ва адабиёт ҳақидаги талқинлар, аналогияга асосланган эҳтимолий хулосалар китобхон қарашларида ҳам кўпқатламликни келтириб чиқаради. Чунки у ўз гипотезаларини шунчаки силлогизм сифатида тақдим этмайди. Уларнинг мавжуд фактларга қанчалик мувофиқлигини ҳам аниқлашга – верификация қилишга, дедуктив йўл билан мантиқан келтириб чиқаришга интилади. Демак, олим версиялари Ғафур Ғулом ҳаёти ва ижоди табиатининг янги қирраларини очишга хизмат қилувчи, ҳақиқатни англашда муҳим қиммат касб этувчи мантиқий асосга эга бўлган шархлардир. Шу боисдан ҳам, олим ўз фикр-мулоҳазаларини узил-кесил ҳукм-хулосалар тарзида ўтказишга уринмайди. Бинобарин, бундай гипотетик-дедуктив муҳокама юргизиш усули адабиётшунослигимиз учун муҳим методологик аҳамиятга моликдир.
Олим Ғафур Ғуломнинг қоғозга тушмаган, лекин ўз миллатининг маърифатли зиёлиси, жонажон Ватанининг фуқароси, нозиктаъб истеъдод ва улкан иқтидор соҳиби сифатида туйиши мумкин бўлган хаёллари – ички оламини ўқийди. Шоирнинг 20-йиллардаги ижодида Чўлпону Фитратларнинг Ватан, Халқ ва Миллат дарди, умид-орзуларига тўйинган шеърларига ҳамоҳанглик ғоятда кучли ифодаланган. Мазкур руҳ кейинчалик ҳам, унинг айрим асарлари бағрида, анча яширин тарзда бўлса-да яшаб келган. Абдулҳамид Чўлпон 1931 йилдаёқ Норин бўйларида ажиб ҳаволардан кўксини тўлдириб симирганида, шарқироқ сувлар юзида ўйнашаётган ой нурлари жилвакор гўзаллигига маҳлиё бўлганида Ғафур Ғулом шаънига ашъор битганлиги бежиз эмас. Абдурауф Фитрат аруз вазни масаласини кенг муҳокама қилар экан, адабиёт муаллимлари ва илм толиблари учун битилган “Аруз ҳақида” (1936) рисоласида ўз илмий фикрларини далиллаш мақсадида Ғафур Ғулом шеърларидан ҳам мисоллар олади. Фитратни шоир шеърининг вазнигина эмас, “қонли тўфонлар” заҳархандаси, “қанот ёзган қора булутлар чойшаби”, табиат юзини қоплаган минг йиллик “қора пардалар” ваҳми “тош қалбли қора аждар” янглиғ қучоғини очган ўлим даҳшати ҳақидаги рамзий-мажозий образлари, ҳар қадамда бир фалокат кутиб турган, миллат гулларини қирқмоққа қиличлар қайралган 30- йиллар ҳаётига вобасталиги ҳам мафтун этган бўлса ажаб эмас. Бундай ҳаётий фактларни кенг истифода этган Бахтиёр Назаров 30-йилларнинг иккинчи ярмида Ғафур Ғулом феъл-атворининг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида махсус муҳокама қилиниши сабабларини келтириб чиқаради.
Маълумингизким, ўшанда Ғафур Ғулом Чўлпон ва унинг даврасидагиларга ҳамсуҳбат бўлганига-да кечирим сўрашга мажбур қилинган эди. Демак, адабиётшуноснинг “Аросатда қолган Ватан дарди, Халқ орзу-армонлари, умид-интилишлари шоирнинг изтиробидир”- деган хулосага келиши ўзининг миллий-руҳий асосларига эга ва ҳаётий фактлар асосида далиллангандир.
Турли йилларда ёзилган ва Ғафур Ғуломнинг эҳтиёткорлиги важҳиданми, ноширларнинг ўта талабчанлиги боисиданми шоирнинг ҳаётлиги даврида чоп этилмаган айрим шеърлар олимнинг диққатини жалб этади. Бу шеърларда мадҳиябозлик — Ватанга хиёнат даражасида баҳоланган. Миллатни уйғотмоқ, эркка умидворлик, халқ кучига ишонч руҳи қабариқ тарзда ифодасини топган. “Миллиард сатрларга занжирбанд сўзлар”да шоирнинг дардли ва ларзон фикрларини – эрки бўғилгани боис хушёр ва эҳтиёткор бўлиб қолган тафаккури ва қалбини кўрган олим уларни Ғафур Ғуломнинг “кўнгил тафтишидан ўтган, юрак садолари жо бўлган асарлар – порлоқ шеърлар ”- деб баҳолайди. Чунки, мазлум халқнинг аламли нидолари муқаррар интиқом туғдиради. Бу вулқон золимлар ваҳшати ва офатини барбод этажакдир, — қабилидаги фикрлар жойланган шоҳбайтлар 50- йилларда ўзига хос ифода йўсинини топиб айтилган эди.
Рисолада Чингиз Айтматов асарларида мифологик мотив ёрдамида ифода этилган мақсадлар бундан ярим аср олдин шеърий шаклда, реалистик йўсинда Ғафур Ғулом ижодида ҳам акс этганлиги қиёслар орқали кўрсатилади. Бундай чоғиштиришлар олимга “Тинчлик минбаридан”, “Вақт”, “Соғиниш”, “Мен яҳудий”, “Сен етим эмассан”, “Шараф қўлёзмаси” сингари шоир шеърлари моҳияти, бадиий теранлиги, қиммати ва аҳамиятини янгича инкишоф этиш имконини беради. Асардан асарга силжиб, сайқаллашиб бораётган “карвон”, “тева”, “етим бўта” каби шоир бадиий тафаккур булоғидан сув ичган образлар замиридаги маъноларга асосланиш Ғафур Ғулом тафаккурининг ҳамиша халқ эрки, ҳуқуқи, ҳурлиги, ўзлиги, дарди масалалари билан банд бўлганлигини кўрсатиш сари етаклайди. Зеро, Ғафур Ғулом хоҳ шуурий, хоҳ ғайришуурий тарзда бўлсин, умуман, озодлик, эрк, мустақиллик ҳақида сўзлаганида наинки ўз халқи ва ватанининг, балки ўз “мен”ининг армонларини, умидларини асарларига сингдириб юбора олган, жаҳоний орзулар қучоғида яшаган улуғ шоир эди.
Демак, Бахтиёр Назаров Ғафур Ғулом меросини ўзбек халқи номидан янгича ўқишга шоир руҳидан ҳуқуқ олади, миллат фарзанди сифатида бунга бурчдорлик сезади. Сатрлар қатига шоир яширган ва келажак насллар илғашига ишонган, ишонгани билан зинҳор янглишмаганини исботлайди. Жаҳон халқларининг армонлари ҳақида ёзилган, адабиётшунослигимизда шу пайтгача ер куррасининг турли қитъаларида ўз мустақиллиги учун курашаётганлар орзу-ниятларининг ифодаси деб талқин қилиниб келинган асарлар биринчи навбатда ўз эрки, ўз ҳуқуқидан маҳрум бўлиб келган халқимизга дахлдор эканлигини зукколик билан кўра олади. Дарҳақиқат, “шабнамдан тўлдириб жом” саодат манзили сари ошиққан, ўзини енгилмас карвон – халқ сафида ҳис этган, Ватан, халқ қалби ва замин обод, инсонлик шаъни улуғ, одамзод бахтиёр бўладиган     “азиз фурсатларнинг тарихига кирмоқ”қа ўзини лойиқ топган ҳар бир пок инсон каби Ғафур Ғулом ҳам ўша кунларни орзу тўла дил билан мунтазир бўлиб кутганлиги, шубҳасиз. Ғафур Ғулом ўзи орзулаган истиқлол замонида мустақил Ватан чаманзоридан муносиб ўрин олиши, асарлари билан иккинчи умрининг навқирон фаслига қадам қўйиши, қалб илҳомидан туғилган, иродасига қувват берган сатрлар том маъноси-ла аждодлари тамонидан англаб етилишида академик олим ўткир зеҳнининг қудратидан яралган “Ғафур Ғулом олами” рисоласининг ҳам муносиб ўрни бор.
Маълумингизким, туркий халқлар қадим-қадимдан ўз тақдирини бирликда кўрган, тараққиётини ҳамжиҳатликда англаган. Ўзи яралган заминни, шу ҳудудда яшовчи барча қабила ва элатларни “ умумий уй” манфаатлари йўлида жон фидоликка даъват этиб келган. Кундалик ҳаёт ташвишларидан халқ ва мамлакат дардлари, алоҳида шахс интилишларидан эл-юрт орзу-армонларини ҳеч қачон ажратиб қарамаган. Умуминсонийликни бош мезон санаб, ер куррасидаги мукаррам зот—инсонни улуғлаган, шарафлаб келган. Диний бағрикенглик, биродарлик, дўстлик, мехр-муҳаббат, маънавий-ахлоқий комилликка эҳтиром Шарқ кишисининг улуғ фазилатидир. ХХ асрда ўзлигидан сунъий тарзда узиб қўйилган халқ ҳақида сўзлаған шоир ёзади:

Зўр карвон йўлида етим бўтадек,
Интизор кўзларда ҳалқа-ҳалқа ёш.

Бахтиёр Назаров ўша “зўр карвон”нинг қадим боболаримиз анъаналари, “етим бўта”нинг карвондан орта қолиб, ногирон кўзларидан ҳалқа-ҳалқа ёшлар оқизаётганлигини эса шўро давридаги халқ тақдири деб билиб ибратли хулосалар чиқара олади.

Энг кичик заррадан Юпитергача
Ўзинг мураббийсан, хабар бер, Қуёш.
.
каби шоир шоҳбайтларини борлиқ, уни яратган Аллоҳ ва Тангрининг адолати маъноларида талқин этади. Шу орқали шоирнинг космогоник образлари силсиласидаги маъно серқатламлигини келтириб чиқаради. Шубҳасиз, тадқиқотчи Ғафур Ғуломнинг шўро даври шоирлари байроқдори мақомида турганини, давр пафосини акс эттиришга сафарбар этилганини жуда яхши билади. Ҳатто, Ғафур Ғулом ўз ижтимоий мавқеини қўлдан чиқармасликка астойдил уринганлигини ҳам назардан қочирмайди. Аммо, кенг маънодаги адабий жараёнга хос характерли хусусиятлар: халқаро миқёсдаги озодлик ҳаракатларини улуғлаш, Шарқ халқлари истиқлолига муносабат билдириш имкониятидан усталик билан фойдалана олган шоирнинг БУТУН ИНСОН сифатидаги жасоратини кўрсатишга алоҳида аҳамият билан қарайди.
Мунаққид адабиётшунослигимиз учун бир қадар ноанъанавий бўлган йўлдан боради. Яъни у Ғафур Ғулом қаламига мансуб айрим мисраларни шеърнинг умумий матнидан узиб олиб таҳлилга тортади. Олимнинг фикрича, Ғафур Ғуломнинг асосий мақсади бутун шеърда эмас, айнан алоҳида мисра ва байтларда берилган. Чунки шўро мафкурачиларига, цензорларига маъқул келадиган фикрлар ортига бош мақсадини яшириш орқали турли гумон-шубҳаларни Ғафур Ғулом ўз шахсиятидан йироқлаштиради. Бу ҳол рисолада фикр ва эътирофлардан, турли қайдлардан, шунингдек, бадиийликка бўйсундирилган образлар моҳиятидан келтириб чиқарилади. Аён бўладики, Ғафур Ғулом ҳатто юрагини ларзага солган ўта шахсий, оилавий дардларида ҳам зимдан тузумга, жамиятга бўлган муносабатини ифода эта олган экан. Шоир яшаган замоннинг ниҳоятда қалтислиги назарда тутилса, Ғафур Ғулом айрим лавҳалар, кичик шеърий парчалар, алоҳида мисралар, кўчим маънолар ортига яшириниш услубини махсус қўллаганлиги иштибоҳ туғдирмайди.
Демак, Ғафур Ғулом шеъриятида метин-мустаҳкам риоя қилингандек туюлган мафкуравий талабларни баъзан зоҳирий белги, ўзига хос ҳимояланиш усули деб идрок этиш куюнчак шоир илҳом уфқларини, миллатпарвар, дардманд қалбини, тафаккур қамровини ёрқинроқ англаш имконини берар экан. Илло, шоир изланишларининг азобли йўли, фикр-ўйларида кечган пўртаналар, қалбини ўртаган кечинмалар миқёси у қолдирган адабий меросдан кўра минг чандон кенгроқ, қамровлироқ, босими залворлироқдир. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг:

Ғафур Ғулом туйган ғурурни,
Қилмоқ мумкин дунёга достон.

дея ифтихор туйиб, шеърий илҳоми жўшганлиги ҳам бежиз эмас эди. Ўтган асрнинг 70-йиллари миёнасидаёқ А.Орипов адабий ҳаётимизда эндиликда Ғафур Ғуломлар йўқлигининг ўзи катта йўқотиш эканлигини, унинг қалб оламини тамомила янгича кашф этиш зарурлигини шоирона интуиция билан пайқаган бўлса ажаб эмас. “Ғафур Ғулом олами” рисоласи узоқ давр мавжуд бўлган ўша заруриятни қондирмоқ умидида, адабиётшуносликдаги муайян бўшлиқни тўлдирмоқ мақсадида яратилган ва шоирнинг номини чинакам маънода дунёга достон қилишга арзигулик тадқиқотдир.
Албатта, олим Ғафур Ғулом асарларини нуқул олам ҳодисалари, ижтимоий муҳит талотўмларигагина боғлаб қўймайди. Шоирнинг нозиктаъб кўнгли, ўз-ўзини англаган тафаккури улардан нечоғлик юпанч топа олганлигини ҳам назарда тутади. Мутаржим Ғафур Ғуломнинг юрак парчасига айланган А.С.Грибоедовнинг “Ақллилик балоси” асари таржима варианти қатларидан шоир кўнглини ром этган талай ҳайратларни топа олади. “Ақллилик балоси” аллақачон адабиёт тарихига айланган. Ўзга жуғрофий-ижтимоий муҳитда, бошқа бир мақсад-муддаоли ғояни А.С.Грибоедев услубида ифода этган асардир. Таржима замирида уриб турган Ғафур Ғулом юраги садоларини тинглай олган олим шоир ҳаёлида кечган ўйларга яқинлашишга уринади. Ғафурона маҳорат туфайли мазкур асарнинг муайян вазият-ҳолатдаги ўзбек шоири дард-аламларининг-да ифодасига айланганлигини кўрсатиб беради.
Адабиётшунос олим Ғафур Ғуломнинг яширин дард-орзулари, тузумга раддиялари, келажакка йўллаган пинҳоний умидларини “Ҳасан Кайфий”, “Алиқулнинг Қарзи” каби айрим ҳикоялари ифода қатларидан ҳам топади.
Халқ эртаклари фабуласи асосига қурилган “Ҳасан Кайфий” (1965) ҳикоясини мунаққид ғоявий-бадиий жиҳатдан носир ижодининг“оққуш қўшиғи”- деб атайди. ”(93-бет) Юмористик ҳикоя устаси ва“табиатан ҳазил-мутойиба кони”(92-бет) бўлган Ғафур Ғулом шўро мамлакати бошчиси сиёсатини фош этиш ижодий ниятини яширин амалга ошириш учун эртак жанрини махсус танлаган, — деган хулосага келади, олим. У Ҳасан Кайфий тилидан айтилувчи Ҳофиз Шерозий мисраларидан нафақат ҳикоя қаҳрамони таъбини, балки ёзувчи юклаган теран мақсад ва маъноларни ҳам топади. Ҳасан Кайфий тимсоли ишоравийлик хусусиятига эга. Шу орқали асар ёзилган пайтда ўз тарихи, шажараси билан қайтадан дийдорлашув умидидаги бутун бир халқимиз тақдирига нозик ишоралар қилинган. Жумладан, Ҳасанни ўзи белгилаб берган йўриғига йўрғалатиш умидидаги подшо эркин тафаккур ва ижодий меҳнатнинг душмани эканлиги билан шўро сиёсати раҳбарининг рамзи даражасига кўтарилган. Шубҳасиз, қаҳрамон тилидан подшо “маҳлуқ”- деб баҳоланганида, “соядан бирон нарса умид қилган киши аҳмоқ бўлади”, — қабилидаги Ҳасаннинг теран хулосаларида ўзига хос рамзий-образли ифодавийлик мавжуддир.
Ҳукмдор ҳақида икки оғиз илиқ гап айтиш, унга ялтоқланишдан тийилган, эътиқоди мустаҳкам, ҳалол, меҳнатсевар, беозор Ҳасан образи замирида аслида ўз умри ниҳоясида жамиятнинг расолигию мазкур тузумни бошқараётган раҳбар адолатидан ҳафсаласи қолган Ғафур Ғулом қалби мужассамлиги теран туюлади. Адибнинг алам-армонлари имо-ишораларга яширилган, кўчимли маънолар орқали ифода этилгандир,-деган тўхтамга келинади. Дарҳақиқат ҳикояда подшонинг номатлуб фикри ва феъл-атвори –“расво нафс”лигига Ҳасаннинг итоаткорлик ва кимсага тобеликдан ҳазар қилувчи, эркинлик ва ҳурликка ташна, ўз-ўзигагина ишонган табиати контраст қўйилади. Ҳикоя эртакнамо жанрий услуб ва юмористик характерда битилган бўлиб, унда акс этган фикрлар мантиғи бадиий меъёр талабларига мутаносибдир. Бахтиёр Назаров ҳақли эътироф этганидай, катта ижтимоий дард ва миллий-ижтимоий ғояларнинг яшириб айтилиши шунчаки тасодифий ҳол бўлмай, жиддий тайёргарликлар билан, онгли равишда амалга оширилган ҳамда ёзувчи ижодий услубининг ўзига хос хусусиятини намоён эта олади. Шунингдек, мунаққид бир ҳикоя доирасидаги кузатишларининг ўзида портрет тасвири, бадиий тил маҳорати, тарихийлик тамойилига содиқлик каби Ғафур Ғуломнинг насрдаги услубий индивидуал қирраларини инкишоф этишга муваффақ бўлади.
Адиб эртакнамо мазмунни ҳамиша ҳам ҳажвий-юмористик услубда баён этмаган. У ҳаётий воқеаларни изчил реалистик услубда ҳам акс эттирган. Китобда бу жиҳат “Алиқулнинг қарзи” ҳикояси таҳлили орқали кўрсатилади. Олим чуқур мулоҳазакорлик орқали Ғафур Ғулом пахта монокултураси ҳақидаги пинҳон дардларини ҳам имкон топиб айта олганлигини англаб етади. У тагматн маъноларини ўқиш орқали ҳикояда мавзу ва даврнинг атайлаб шўродан олдинги замонлардан танланиб, асар ёзилган замон руҳи унинг замирига сингдирилганлигини очади. Тадқиқотчининг синчков назари ҳикоя қаҳрамонининг исми (“Алиқул”) ва қишлоқнинг номи (“Юпун”) каби унсурларга-да адиб юклаган жиддий ишоравий маъноларгача яққол кўриб туради. Нозик шаъмалар орқали очилган асосий ғоя – Алиқул тақдирида ўзбек пахтакори қисмати ифода этилганлиги кашф этилади. Мўйсафид чолнинг она ер билан тиллашиб ханнот (комиссионер)нинг бетига тупуриш ҳақидаги қарорга келиши, аслида нафратга тўла Ғафур Ғулом дилининг ҳам очилиши, ички аламли туйғуларининг вулқонланиши эканлиги ҳаққоний тарзда ўз баҳосини олади.
Мунаққид масала моҳиятини шахс табиати ва нутқида тажассум топган разолат билан боғлаб, ёзувчининг қаҳрамон руҳий-психологик оламини ифодалашдаги усталиги, бадиий сўз қудратидан ғоятда эҳтиёткорлик билан фойдалана олганлигини кўрсатади. Эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, тадқиқотчи ҳикоядаги қаҳрамон нутқини шартли равишда алоҳида-алоҳида бўлиб кўрсатиш – жонли мулоқот тилига кўчириш усулидан фойдаланади. Натижада, тасвир аниқлиги, ифода тўкислиги, фикр тиниқлиги, бадиий маънонинг кўламдор ва теранлиги каби кўплаб белги-сифатларни ойдинлаштиришга эришади. Бадиий такрорларнинг адабий-эстетик функцияларини кўрсатишга муваффақ бўлади. Ҳикояни ўрни билан Ч.Айтматовнинг “Момо ер” қиссасига қиёслаш, Алиқул ва ижтимоий куч қиёфасини мужассамлаштирган комиссионер образларининг ўзаро контрастлигини кузатиш, мазмуннинг ишора-шаъмалар қатига яширилганлигига диққат қаратиш олимга Ғафур Ғуломнинг носир сифатидаги маҳоратини кенг тарзда англаш имконини беради.
Китобдаги Ғафур Ғулом асарлари ҳақида илгари сурилган юқоридаги сингари назарий-методологик қарашлар шоирнинг феъл-атвори, бетакрор табиати, эътиқод-маслаги, мураккаб ҳаёт йўлида учраган азобли изтироблар, қувонч-ташвишлару турли зиддиятлар, у тарбия топиб камолга етган муҳит, оила қувончи, дўст биродарлар даврасида ҳам олиб кузатилади. Бинобарин, Ғафур Ғуломни замон ва жамият омили таъсиригагина боғлаб қўйишдек ғоятда примитив ақидалар доирасидан анча четга чиқилади. Ижод олами ва ижодкор руҳий-психологик дунёсининг жон томирларига дадил кириб борилади. Ғафур Ғулом табиатига хос талант, иқтидор, салоҳият туфайли Ватан дардлари, эл-юрт армонларини теран туйган, ҳиссий идроки ва тафаккурида қайта ярата олган даҳо санъаткор бўлишида юқорида саналган факторлар ҳам муҳим роль ўйнаганлиги назардан қочирилмайди. Айнан мазкур жиҳатларнинг барчасини ягона фокусга жамлай олиш натижасидагина сўз санъаткори асарларининг юзага келиш сабабларини аниқлаш, маҳорат омилларини белгилаш имкони туғилади.
Айтиш мумкинки, Бахтиёр Назаров ёзувчи табиати ва шахсини ўрганишда мумтоз ва замонавий адабиётшуносликнинг кўп асрлик анъаналарини муваффақият билан давом қилдиришга муваффақ бўлган. Биографик метод имкониятлари доирасида Ғафур Ғуломнинг психологик-биографик портретини тиклашга, адабий-бадиий асарларининг ғоявий-бадиий ўзига хосликларини юзага чиқарувчи омилларни шу билан боғлаб таҳлил ва тадқиқ этишга эришган. Шоирнинг ижодий лабараториясига чуқур кириб бора олган.
Ғафур Ғулом ота-онасининг шеърий иқтидори борлиги, тоғаларидан бири девон тузиш даражасига етгани мунаққид унинг шоир бўлиб етишувида ирсият ҳам муҳим роль ўйнаганини аниқлаши учун ўзига хос очқич вазифасини ўтайди. Ғафур Ғулом ҳофизасининг кучи фавқулодда эканлигини назарда тутиш унинг иқтидори, лисоний уқуви, билимдонлиги, уй сабоқлари билан чекланмай, мадраса ва жадид мактабларида таҳсил олганлиги каби шахсияти ҳамда ирсиятига дахлдор фактларни эътироф этиш сари етаклайди. Ғафур Ғулом табиатида ҳазил-мутойиба завқи кучли эканлиги, хушчақчақ, дилкаш ва дилбар инсонлиги адибнинг ҳажвий ва юмористик асарларини ана шу хусусиятлар билан боғлаб ўрганишга ундайди. Дарҳақиқат, серзавқлик, қувноқлик, ҳаётсеварлик, шавқ ва завқ жозибаси ҳам, етимликнинг дилда қолдирган оҳлари ҳам Ғафур Ғуломнинг ижод маҳсулларига ўз таъсирини ўтказган.
Ғафур Ғулом халқаро миқёсларда машҳур шоир эди. Бунга адиб нафақат яратган асарлари, балки давраларга тез сингиша олиши, турли миллат вакиллари билан меҳр-муҳаббат ришталарини биродарлик асосида боғлаб, доимий тарзда мустақил давом қилдириши, фавқулодда билимдонлиги сабабли ҳам эришган. Шоир ўз атрофига нафақат тенгқурлари, балки ёш ижодкорларни ҳам жипслаштира олган. Ташаббускорлик, меҳмондўстлик, одамшавандалик, етимпарварлик, оламга тийраклик билан назар ташлашга интилиш унинг табиатига хос характерли белгилар бўлган. Ғафур Ғулом зиёлий бир инсон сифатида халқаро миқёсдаги адабий ҳаёт ва адабий жараёндан воқиф бўлиб, атрофидагиларни ҳам шунга ундаб яшаган. Унинг хотираси ғоятда кучли бўлиб, эллик минг байтни ёдда тутиб ғазаллар ўқиган экан. Бахтиёр Назаров Ғафур Ғулом ижодий феноменининг ана шу каби хислатлари ва бадиий фикрлаш йўсини, ижодий тафаккури – ҳоли ва хаёли ҳақида сўз юргизар экан, фақатгина шоирнинг ижодий меросида мавжуд далиллар билангина чекланиб қолмайди. Шоирнинг рафиқаси Муҳаррам ая, қизи Олмосхон опа, шоир ва драматург Мақсуд Шайхзода, Ўзбекистон Қаҳрамони ёзувчи Саид Аҳмад, фарангистонлик адиб ва арбоб Поль Вайян-Кутюрье ва бошқа ўнлаб журналист, педагог ҳамда адабиётшуносларнинг қимматли маълумотларига ҳам таянади.
Ижод тараддуди, ёзиш истаги Ғафур Ғулом қалби ва тафаккурини ҳеч қачон тарк этмаган. Шоир анашу жараён ичида – ўз оламида яшаган. Бахтиёр Назаров Ғафур Ғулом характери табиатининг мужда беришига асосланиб, унинг ижод йўсини монотонликдан холи, камалакранг эканлигини келтириб чиқаради. Мунаққид адибнинг асарлари ёзилмасидан олдинги ҳолатлари, ижодий мўлжаллари, ёш қаламкашлар олдига қўйган талабларида ҳам юксак масъулият белгиларини кўради. Ғафур Ғулом хоҳиш-истаклари кредо даражасига айланган эди, — деган мунаққид бунинг сабабларини муайян ижодий ниятнинг туғилиши, янги асар яралиши ва эл назаридан ўтказилиши жараёнларининг қаламкаш тафаккури ва ички олами тафтишидан изчил тарзда ўтказилганлигида кўради. Шоирнинг ижодий тафаккур имкониятлари ғоятда кенг бўлиб, у фикри йўналган масалаларнинг ҳамиша янги қирраларини кўра олади, кўрсата билади, кутилмаган бадиий образлар топишга эришади.
Англашиладики, Бахтиёр Назаров ғафурона фикрлаш йўсини ва шоир тафаккури ҳаракатининг ҳар бир ҳалқасини бир-бири билан узвий алоқадорликда, изчилликда кузатади. Ҳатто, унинг қўлёзмалари ҳошиясида сақланиб қолган айрим график белгию портрет эскизларгача кузатиш, синчиклаб ўрганиш орқали Ғафур Ғулом ижодий лабараториясига имкон қадар теранроқ кириб боришга интилади. Айтиш мумкинки, бадиий тафаккур шаклий садоларига ҳам ботиний, ҳиссий нигоҳ билан кўз ташлайди, қулоқ тутади.
Табиатан ғоятда таъсирчан Ғафур Ғулом жамият ва инсон талабларига жавоб бермасдан яшай олмас эди. У эл-юрт ташвишларини ўзига қаттиқ олганидек, ўзганинг хурсандчилигидан астойдил қувонган. Кимсанинг қайғусини ҳам баб-баравар бўлиша олган. Шу боисдан ҳам, одамларга ҳамдард, оламга ҳамнафас инсоннинг бадиий оламида унинг шахси намоён бўлиши-да табиийдир. Бахтиёр Назаров Ғафур Ғуломнинг аксарият асарларини “бадиий сўзларга кўчган эътиқод”, — деб баҳолаши ҳам ана шундай асосларни назарда тутишдан келиб чиқади. ( 109-бет) Образли қилиб айтиш мумкинки, олим Ғафур Ғулом табиатидаги ҳамдардлик туйғулари турфа жилваларининг тўлқинларида сузишга, асов жиловидан ушлашга муваффақ бўлган. Шоир тафаккурини жунбишга келтирган ҳароратли лаҳзалар нафасини сезиб, ўта талабчанлик билан сўз суворийси лашкарини улуғ манзилларга бошлаган.
Ғафур Ғулом халқимизнинг урф-одати, удумлари, табобати , тилимиз бойлиги ва назокатига хос жамики икир-чикирлару нозик қочиримларигача синчковлик, ҳурмат, эътибор билан қараганлигига асосланган Бахтиёр Назаров: “… ўзбек миллати учун хос деярли барча фазилатлар Ғафур Ғулом шахсида мужассам эди”- деган хулосага келади. (110-бет) Мунаққид рисолада ижодий жараён намоён бўлиш тарзининг ғафурона индивидуал хусусиятларини кузатиш асносида ҳам, айрим вазият-ҳолатлар жилвасидаги Ғафур Ғуломнинг шахс ва ижодкор сифатидаги феъл-атвор қирраларини назарда тутади. Мазкур жараённи олим ҳаётийлик, жонлилик, теранлик, чуқурлик имконларини янада кенгайтириш, тафаккурда куртак очган бадиий фикрнинг чоппар уриб гуллаши, воқеалар оқимида характерлар эркинлигини таъминлашдаги улуғ ижодкорларда кечадиган тантилик сингари ўнлаб факторлар муштараклигида олиб қарайди.
Натижада, Ғафур Ғулом табиатида мавжуд бўлган қомусийликка мойиллик ва туғма талант билан боғлиқ бўлган барча қирраларни батафсил ёритишга эришади. Шоирнинг ўй-фикрлари, хотира-хаёллари, мухокама-мулоҳазалари, ҳаракат интилишлари, ижодий тамойилларини инкишоф этади. Рисолада илмий-бадиий ижодга бахшида инсоннинг умр дафтари гўзал туйғуларга йўғрилган пок виждон, мусаффо кўнгил, куйинчак қалб, самимий эҳтиром, бемисл эъзоз, олимона ҳалоллик билан теран туйилган, англаб етилган. Ғафур Ғулом феноменининг адабиётимиз тарихидаги ўрни, бугунги кундаги мавқеи, ўзбек адабиётшунослиги олдида шоирга ва умуман ХХ аср қалам соҳибларига бўлган муносабат муаммолари, Ғафур Ғуломнинг ёш ижодкорларга сабоқ бўларлик хусусиятлари каби масалалар кенг тарзда ёритилган. Адабиётшуноснинг барча таҳлилу талқинлари оддийлиги билан мукаррам, соддалиги билан улуғ, истеъдоди билан қадрли инсон – Ғафур Ғулом кўнгил олами манзаралари, асарларида акс этмиш мусиқий оҳанглар ритми, кўпларнинг дардига вобаста бўлган мазмун салмоқдорлиги, ифода гўзаллигини англатишга қаратилган. Шунинг учун ҳам, унинг услубига хос нозик хусусиятларни яхши илғаган олим Ғафур Ғуломни,  ёзган нарсасига ўзини сингдириб, инсонни кўкка кўтарган шоир, дея таърифлайди. Муҳими, Ғафур Ғуломни ўз даврининг “темир оқими”га қарши қўймайди. Унинг асарлари қатидаги тусмол қилаётган тагмаъноларига ҳам айнанлик мақомини бериш даъвосидан йироқ туради.
Бахтиёр Назаров Ғафур Ғулом асарларини эринмасдан қайта-қайта ўқийди. Баъзан китобхонни ҳам шундай йўл тутишга ундайди. Хаёлларига эрк бериб улардаги бир қарашда оддийгина туюлган ҳолат-манзараларни жонлантира олади. Хотира ва туйғулар жилови ечилиб, соғинч ҳислари учқур парвозларга кўчганида адабиётшунос олим ва шоирнинг самимияти, бокиралигига хос дунёлар дийдорлашади. Сатрлар сеҳри сизни гоҳ олимона, гоҳ шоирона тарзда сўз гавҳарлари шодасини тизиб ўзаро ғойибона сирлашаётган икки буюк қалб олами туташган сониялардаги ғафурона донолик, виқору эркаликлар, бахтиёрона назаркардалик ва руҳ рассомлигининг ғоятда вобасталигидан масрур бўлмоқ бахтига насиб этса не ажаб. Шубҳасиз, бу қунт ва бардош билан амалга оширилган ижодкор-олим заҳмати ҳосилининг хушбўй атридан келувчи фарахбахш лаззат туғдирган масрурликдир.
“Қаламида сўз ўйнаган” ( 120-бет) шоир ҳақида сўзлаганида олим ҳам баъзан сўз шодаларига жон киритиб юборади, гўё илмнинг шоири бўлиб кетади: “…қуйма фирлайди, илҳом ҳам булоқдек қайнаб тошади, ўзбакий тилдаги жозиба, қочирим, лутф, ўйноқилик, салобат, донишлик, кези келса, қамчиндек кескирлигу гулдек товланиш, ҳазил мутойибаю кўтаринки эҳтирос – ҳамма-ҳаммаси бор гўзаллиги билан ишга тушади. Сўз фикрга чирмашиб, поэтик образлилик билан тўйинганда эса, маъно ҳазор қадар юксалгандек бўлади. Пўртанавор пафос ғафурона образларга тўқингач, айтилаётган фикр, илгари сурилаётган ғоя қалб ва онгимизда бирдек жой талашиб, мустаҳкам ўрин эгаллаганини сезмай қоламиз.”(123-бет) Рисолада нафақат шоирона муждалар, балки талай назарий бақувват фикр-қарашлар ҳам илгари суриладики, улардан айримларини келтириш орқали даъволаримизни асослаш ўринлидир. “…маълум гапларни айтишдан шеър яралмайди. Шеър ана шу маълумлар ичидаги номаълумни айтиш, айтганда ҳам, маълумдан кўра маъқул қилиб айтиш, ҳаёт ҳақиқатига, эҳтимол, тўла мос келмаса-да, уни бадиий ҳақиқат даражасига етказиб айтиш билан яратилади ва шу фазилати туфайли у онг ва туйғунинг уйғун ҳосиласи сифатида гўзал ҳодисадир.”(143-бет) “Шоир ижодига ( Ғафур Ғулом назарда тутилмоқда. Т.М.) сиртдан қараб эмас, ҳар бир конкрет асардан келиб чиқиб муносабатда бўлиш лозим” (141-бет) “…ҳар бир асарга муаллифнинг аниқ мақсадидан келиб чиқиб ёндашув муҳимдир. Бир асар доирасида шодлик ҳам ,ташвиш ҳам бўлиши мумкин.”(136-бет)
Бадиий ҳақиқатни ҳаёт ҳақиқати билан айнанлаштирмаслик, уни онг ва туйғунинг уйғунлигидан ҳосил бўлувчи гўзаллик сифатида идрок этиш, назарий фикр қарашларни бевосита матнга таянган ҳолда илгари суриш, мазмун серқатламлиги ва муаллиф мақсад-муддаосини таҳлилу тадқиқ жараёнида доимо эътиборда тутиш ҳақида илгари сурилаётган назарий қарашлар наинки Ғафур Ғулом ижодий мероси учун, балки умуман бугунги адабиётшунослигимиз учун ҳам муҳим аҳамиятга моликдир. Рисоладан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бироқ гап уларнинг сонида эмас, балки моҳиятан адабий-эстетик тафаккуримизни янгилашга йўналтирилганидадир.
“Ғафур Ғуломни Ватан ва халқ куйчиси сифатида белгилаш тарихий ҳақиқатга яқинроқ бўлади”,- деб ёзади олим. (133-бет) Шоир ижодий меросида “Қуёш”, “Ўзбекистон” каби қайта-қайта мурожаат қилинувчи образлар борки, улар ҳар гал янги-янги маъно қирралари ва руҳият ифодасига бўйсундирилади. Мунаққид бундай образлар тажаллийси, эврилишу тадрижини Ғафур Ғуломнинг яхлит бадиий олами тизимида олиб қарайди, меҳр-эътибор билан теран бадиий таҳлил этади. Шоирнинг ижтимоий-эстетик қарашлари ва шахсий дардларини, умумўзбек адабиётидаги қуёшли Ўзбекистон образининг бадиий талқинлари доирасида кузатади. Ғафур Ғулом ватан ва ватандош сиймосининг янги қирраларини очиши жиҳатидан Чўлпон, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов билан қиёсланади. Ўзбек тупроғини эркалаганида виқор ва ғурур туюши, поэтик образларининг кўламдорлиги сингари жиҳатларга диққат қаратган олим: “… минг йиллик тарихий ҳақиқатни поэтик далиллар билан исботлаб улуғлашда даврининг шоирлари ичида ҳақиқатан Ғафур Ғуломга тенг келадиганини топиш қийин”,- дейди комил ишонч билан. (123-бет)
Дарҳақиқат, Ғафур Ғулом қаламида олам манзаралари, Ватан жамоли табиий тиниқлиги, анвойи гўзаллиги билан руҳоният назаридан ўтказилиб самимий туйғуларда, бадиий бўёқларга бурканган тарзда ифода этиладики, поэтик идрокка кучли таъсир ўтказа олади. Жамият риёсини тагматнга жойлаб, хос китобхон тасаввурларига ишониб, ҳаёт зиёсини даражама-даража баланд пардаларга кўтариб борган шоир баъзан асл ниятларини зирҳ ва қалқонлар билан тўсишга, яъни ғанимона нуқтаи назарларнинг таҳликали тусмолларига мадҳиялар орқали чек қўйишга мажбур бўлади. Шунинг учун ҳам олим муайян матн қатида шунчаки қайд қилинувчи, патетика учунгина жалб этилган субъектларга эмас, балки бадиий асарни ҳаракатга келтирувчи пафосга диққат қаратади. Шеърнинг жавҳари ва моҳиятини шоирнинг қалб олами, поэтик мулоҳазалари билан чамбарчас боғлайди. Мунаққид интилишлари онглардан, қалблардан бадиий ижодга сиёсий-мафкуравий кўзойнак орқали қараш занжирининг даҳшатли изларини тамоман йўқотишга қаратилганлиги билан муҳим методологик аҳамият касб этади. Шеърий мисралардан илғамли туйғунинг ифодасини, оҳори тўкилмаган, янги образлар бадииятига хос табиийликни, самимийлик ва миллий бетакрорликни – кўнгил ҳаракатини излаган олим ҳамиша фикр-туйғулар қоришиқлиги ва муаллиф кўзлаган аниқ мақсадлардан келиб чиқиб ўз қарашларини илгари суради. Адабий жараённинг бадиий ва илмий тафаккур яхлит бирлигида воқеъ бўлишини ҳаётий фактлар асосида кузата олади.
Маълумингизким, адабий танқид ҳар бир давр миллий адабиёти билан ҳамқадам тарзда ўз эстетик принциплпларини ишлаб чиқади. Даврнинг зарурат ва эҳтиёжларига нафақат профессионал танқидчилар, балки бадиий асарлари билан элга манзур бўлган журъатли, дадил, ўктам қаламкашлар ҳам ўз изланишлари билан сезиларли улуш қўша оладилар. Ўзининг 20-йиллардаги адабий-эстетик қарашларидаёқ Ғафур Ғулом ҳажвиёт соҳасида қалам тебратаётган адибларни халқ ижодидан ўрганишга даъват этди. Кулгили ҳангомаларнинг ижрочилик ва актёр маҳорати билан боғлиқ эканлигига диққат қаратди. Ҳазил ва юморнинг халқона бўлиши лозимлигини ёқлар экан, адабиётни ҳаддан ортиқ ижтимоийлаштириш тенденциясини инкор этди. Буларнинг барчаси, ўтган асрнинг 20-30- йилларида адабиётга мафкуравий-синфий ёндошиши жиҳатидан аксар янги авлод вакилларига хос бўлган нуқсонлардан тамомила холи бўлмаган инсоннинг бадиий асарни нозик ҳис қила билганлигини кўрсатади. Демак, Бахтиёр Назаровнинг Ғафур Ғулом ҳажвий асарлари илк назарий асосларини унинг ўша йиллардаги адабий-эстетик қарашларидан келтириб чиқариши ғоятда асослидир.
Зеро, “сўз кулгиси” ва “маъно кулгиси” мутаносиблигини таъминлашга интилган Ғафур Ғулом ўз назарий қарашларида адабиётнинг шакл ва мазмун масалаларига аҳамият қаратган эди. “Назариёт билан амалиёт унга қўш қанот бўлди”, — деб ёзган олим (151-бет) Ғафур Ғулом назарий жиҳатдан етиб келган фикр-хулосаларини ҳажвий асарларида амалий жиҳатдан-да тасдиқлаганлигини назарда тутади. Бинобарин, ўша даврдаги Ғафур Ғуломнинг назарий қарашлари қиммати бадиий асарларидан зинҳор кам эмас. Сатирик-юморист адиблар олдига Ғафур Ғулом тамонидан қўйилган аксар талаблар ҳозирги кунда ҳам ўз қимматини йўқотмаган. Бахтиёр Назаров унинг адабий танқидий мақолаларини ҳам тафаккур услуби, образли ифодалари, шунингдек топқирлик, донишмандлик, ҳазил-мутойибага чанқоқлик каби шахсий феъл-сифатлари билан уйғунликда олиб қарайди. Айрим-айрим мақолаларида мавжуд бўлган тарқоқ фикрларини бир ипга тизиб чиқар экан, Ғафур Ғуломнинг адабий-эстетик тафаккурида ижтимоийликдан чинакам санъат моҳиятини англаш сари кучли силжиш мавжуд эканлигини белгилайди.
Адабий меросга эътибор, классиклардан ўрганишни ёқлаш каби масалаларда Ғафур Ғулом ворислик категориясининг моҳиятидан келиб чиқади. Бугунги замондошимиз учун акдемик Ғафур Ғуломнинг ўрнак бўлиши мумкин бўлган фазилатларидан бири иқтидорларни кашф этиши, уларга самимият, талабчанлик ва бағрикенглик билан муносабатда бўлишидир. Ғафур Ғулом 30 — йиллаорда ҳам ўзбек танқидчилигидаги мавжуд вазиятнинг ўнгланиши йўлида жонфидолик кўрсата олган. У адабиётнинг юксалишини етук адабий танқид билан боғлайди. Ҳаётни теран идрок этиб, бадиий гўзалликка айлантириш талабларини кун тартибига қўяди. Ғафур Ғуломнинг мақолалари адабиётшунослик тараққиётига таъсир этиши даражасидан келиб чиққан мунаққид уни адабиёт тарихи ва адабий жараённинг катта билимдони сифатида қадрлайди. Рисолада Ғафур Ғулом бадиий-публицистик услубига хос бўлган кўплаб хусусиятлар ҳам аниқланган. Бахтиёр Назаровнинг Ғафур Ғуломни Абдулла Қодирий қаторида турган, Абдулла Қаҳҳор эътирофига сазовор бўлган етук адабиётшунос сифатида ардоқдлашида ҳам заррача муболаға унсурлари йўқ. Бунга амин бўлмоқ учун Ғафур Ғулом кулгининг: “чақалоқ кулгиси”, “латифа кулгиси”, “қитиқ кулгиси”, “қувонч кулгиси”, “ юпанч кулгиси”, “ беозор кулги”, “ заҳарханда”, “ беодоб кулги”, “сипо кулги”, “ аския кулги”, “ ҳазил аралаш қувонч кулгиси”  каби турларини бир-биридан ғоятда нозик ажратганлиги фактини келтиришнинг ўзиёқ етарли бўлса керак.
“Ғафур Ғуломнинг айрим тарихий фикр-мулоҳазаларини ўқиб, уларни шоир киши ёзаётганини унутасиз… шоирнинг қомусий билим эгаси бўлганига яна бир карра ишонч ҳосил қиласиз”, — деб ёзади Бахтиёр Назаров (157-бет) Ғафур Ғулом мозийнинг чуқур билимдони — қомусий олим эканлигини келтириб чиқариш учун мунаққид даставвал, унинг мақола, очерк ва суҳбатларида учровчи “қуроқ” маълумотларни имкон қадар жипслаштиради. Сўнгра, академик Ғафур Ғуломнинг илмий-назарий манбаларни қиёсий таҳлил этиб, улкан хулосалар чиқара олганлигини конкрет фактлар асосида далиллайди. Энг кичик деталь ва тафсилотлардан тортиб, бирламчи манбааларгача кузатганлиги, мамлакатимизнинг қадимги даврлари тарихини теран ўрганиб умумлаштира олганлигини келтириб чиқаради. Зеро, Ғафур Ғулом ҳамиша жаҳоннинг энг илғор олимлари фикр-қарашларига нисбатан хайрихоҳ позицияда турган эди. Ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихини бузиб талқин этувчиларга қарши ҳақиқий тарихимизни имкон қадар тиклаш ишига фидойилик билан бел боғлаган Ғафур Ғулом аслида халқнинг миллий ғурурини уйғотиш мақсадини кўзлаганлиги шубҳасиз. Демак, Ғафур Ғуломнинг фавқулодда билимдонлиги ҳақида айрим замондошлари тамонидан билдирилган фикрлар ўзининг реал асосларига эгадир.
Рисолада Ғафур Ғулом ўйларини банд этган оилага бўлган сабрсиз соғинч, завол билмас меҳр, бу шахс феълини кўрсатувчи тўғри сўзлик, очиқ кўнгиллик, муҳаббат илинжининг порлоқ саҳифаларини муҳрлаган сатрларни ҳам Бахтиёр Назаров унинг мактублари, шеърлари, айрим публицистик мақола ва табрикномаларидан, шунингдек шоир ҳақидаги хотиралардан излаб топиб, алоҳида ихлос, ҳавас ва ҳайрат билан ёритади. Китобда Ғафур Ғулом интим ҳаётини акс эттирувчи поэтик иқрорномалардаги образлар ижодкор маҳорати, самимияти нуқтаи назаридан баҳоланади. Натижада, жаҳоннинг улуғ шоирлари, жумладан Ғафур Ғулом учун ҳам хос бўлган ажиб бир қонуният кашф этилади. Адабиёт уммонида юзага келувчи юксак маҳобатли барча асарлар аслида муаллифлар шахсий-интим ҳаёти, табиати, феъл-атворига дахлдор ҳодисалар, ҳиссиёт- кечинмалар уруғидан униб чиқар экан. Бундай типдаги асарларда шоир қалбидаги бетимсол меҳр бўй кўрсатгани ҳолда, моддийлашган сатрларнинг аниқ адресга йўналтирилгани, қаҳрамонларининг тарихий конкретлиги, асарда қаламга олинган макон ва замоннинг ҳужжатли асосга эгалиги, фабула ва сюжет чизиғидаги ҳодисаларнинг воқеийлигига қарамасдан, Бахтиёр Назаров уларда акс этган Ғафур Ғулом юраги садоларининг миллионлар кўнглига вобаста эканлигини кўрсатиб бера олади.
“Ғафур Ғулом, — деб ёзади олим ,- шеър билан яшаган, шеър билан нафас олган”. (171-бет) Демак, Ғафур Ғуломнинг катта миқёсларга чиқувчи гуманизми учқур қанотлари дастлабки кучни, қувватни шоир умрининг ажралмас ва муҳим қисми бўлган оилавий муҳитдан, моҳиятдан олади. Ғафур Ғуломни ана шундай кенг миқёсларда кузатиш унинг ижодкор ва шахс сифатидаги қиёфасини янада ёрқинроқ намоён этиш имконини берган. Академик Бахтиёр Назаров Ғафур Ғуломнинг наинки ижодий мероси, балки меҳрибон феъл-атвори – қалб оламига кириб, инсоний қиёфасини атрофлича кашф этади.
Ўзбек танқидчилиги ва адабиётшунослигида санъаткор оламига теран кириш борасида услуб жиҳатидан тамомила янгича йўсинда битилган мазкур рисоланинг кейинги нашрларида муаллиф эътиборга олиши мумкин бўлган айрим мулоҳазаларимизни ҳам баён қилиш ўринли бўлар эди. Китобда “иршодпаноҳ”, “дафина”, “хотиф”, “мушакхандон”, “муосир”, “кишту кор”, “”вовайло”, “мужодала”, “лузум”, “тарафайн”, “маҳзан”, “хоссатан”, “ҳазорсола” сингари бир қатор форсий-арабий сўзлар ҳам қўлланилган. Эҳтимол, уларнинг ўзбекча эквивалентларини излаш лозим бўлар. Шунингдек, рисоланинг 82-, 86-, 102-, 152-, !61-, 172-, !77- бетларида айрим имловий ғализликлар кузатилса, 26-, 99-, 116-, 130- саҳифаларида фикрий такрорлар ҳам кўзга ташланиб қолади. Шубҳасиз, уларнинг бир қисми ноширларнинг жиндай эътиборсизлиги туфайли юзага келган. Аммо, бундай жузъий нуқсонлар тадқиқотнинг қимматини заррача камайтира олмайди.
Умуман,  рисолада Ғафур Ғулом шеърияти ва насри, адабиётшунос ва тарихчи сифатидаги илмий-назарий қарашларигина эмас, балки ижодий феномени чўнг ихлос, ҳавас ва ҳайрат билан, ижодкор микрооламига кечинмадошлик асосида эстетик ўзлаштирилади. Академик олимнинг диққат марказида Ғафур Ғулом ижодий меросини умумбашарий мезонлар асосида илмий-назарий таҳлил ва тадқиқ этиш асносида, умуман ХХ аср ўзбек адабиёти поэтикасининг айрим ноаён қирраларини ҳам ёритиш туради. Тадқиқотнинг бутун асоси, етакчи йўналиши ва моҳиятини истиқлол орзу-армонлари муҳрланган шоир дил изҳорларини матн тагмазмунидан ўқиш ва уқиш, ғафурона яширин услуб асрорини очиш ташкил этади. Олимнинг таҳайюлга тўйинган гипотетик мулоҳаза ва фикр-хулосалари китобхонни доимо мушоҳадага чорлаб туради. Шу маънода, бизнинг камтарона кузатишларимиз ҳам субъектив мушоҳадалар тарзида қабул қилинар деган умиддамиз.

Сайт бўлими: Адабий танқид

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ