"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Йўлдош Солижонов. Покиза ниятнинг нурли йўллари (Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим портретига чизгилар )

Ўқилди: 932

СолижоновҲозирги ўзбек шеъриятида ўз йўлини топган, ўз овозига эга бўлган, ўзига хос поэтик олам яратган ижодкорлардан бири шубҳасиз, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимовдир. Шоир илк ижодий қадамларидан бошлаб, замондошини ғафлат уйқусидан уйғотиш, ўзига келтириш, хушёр торттириш, ўзлигини англаш ҳамда англатиш ниятида турли жанрлар ва шаклларда асарлар яратиб келаётир. Бу покиза ниятларини амалга ошириш учун у ўқувчи билан ранг-баранг оҳангларда суҳбат қуради, ҳар хил усуллар билан кўнглига йўл топишга уринади. Дастлаб шуни таъкидлашни истардимки, Усмон Азим шеъриятдан кўзлаган бу ғоявий-бадиий ниятларини, энг аввало, китобларига муносиб ном қўйишдан бошлайди. Одатда, бадиий асар учун танланган ном санъаткорнинг поэтик оламига очиладиган эшикнинг олтин калити ҳисобланади. Калит қулфга қанчалик мос бўлса, эшик шунча тез ва осон очилади, бинонинг кўрку-таровати бутун гўзаллиги билан намоён бўлади. Сарлавҳа орқали ижодкор ўзи айтмоқчи бўлган асосий фикрнинг биринчи дастлабки ғиштини қўяди. Шу билан бирга бу номлар муаллифнинг ижодий ўсишини, бадиий-эстетик принципларининг такомиллашувини босқичма-босқич англатиб ҳам туради.
Шу нуқтаи назардан қаралганда, Усмон Азимнинг илк тўплами “Инсонни тушуниш” деб аталган (1978). Ўз-ўзидан англашиниб турибдики, шоир биринчи галда инсонни тушунишни, унинг қалбига киришни хоҳлайди. Шоир ижодига хос бу фазилатни тўпламга ихчамгина сўзбоши ёзган атоқли шоир Шуҳрат ҳам қувонч ва қониқиш билан Усмон Азим дастлабки шеърларидаёқ “ўзига хос, ҳали тенгдошлари идрок этиб олмаган янги гап айтди. Бу гаплар чиндан ҳам шеъриятимизда янгилик бўлди” дея таъкидлаган эди. Бу янгилик шундан иборат эдики, Усмон Азим ўзи учун муқаддас ҳисобланган адабиёт даргоҳига кириб келар экан, дастлаб ўз олдига “Инсонни тушуниш керак!” деган қутлуғ ниятни қўяди ва бу принципига то ҳозиргача қатьий амал қилиб келаётир.
Биринчи тўплами нашр этилгандан кейин бир йил ўтгач, шоирнинг “Ҳолат” деб аталган иккинчи китоби босилиб чиқди. Тўпламда шундай сарлавҳали шеър йўқ, бироқ ундаги барча шеърлар инсон руҳиятини, психологик ҳамда психофизиологик ҳолатини, сурати-ю сийратини англаш ва тушунишга бағишланган. Ижодкорнинг эстетик нияти айниқса, “Параллель чизиқлар” сарлавҳали шеърида очиқ кўринади. Унда тўғриликнинг нурли истиқболи, эгриликнинг фожиали якун топиши, қинғир йўллар билан ҳаёт кечирувчи кимсаларнинг “Ел қўзғалса қалтирашиб, сокин паноҳ излашиб”, чақмоқлардан чекиниб, ҳатто оловлар олдида музлаб яшашларидан норозилик кайфияти аниқ поэтик образлар орқали ифодаланади. Уларни рад этар экан, лирик қаҳрамон-шоир эгри йўллардан юриб мақсадига эришгандан кўра, параллель чизиқлар сингари одамлар билан ёнма-ён ҳаракат қилишни афзал кўради. Бу шеърни ўқиб, тўғрилик ва эгрилик ўртасидаги кураш туғёнлари китобхон қалбида ҳам давом этади. Назаримда, У.Азимнинг шеърлари инсонга хос ана шундай жўшқин туйғулар даражасини аниқ кўрсатадиган барометрга ўхшайди. Чунки бу шеърлар шахснинг мураккаб кечинмаларини, оний кайфиятларини, изтироб ва қувончларини жуда равшан, ишонарли ва таьсирчан акс эттира олади. Шу жиҳатдан мана бу сатрларига қулоқ солинг-а:
Кетгин энди. Севмайман-ку,
Мени қолдиргин ёлғиз!
Тугаяпти сабрим… Тағин –
Оёғингга чўкмай тиз…
Изоҳсиз ҳам тушунарлики, бу парчада муҳаббати рад этилган ошиқнинг севгилиси олдидаги ҳам мағрурона ҳолати, ҳам айни пайтдаги ожизлиги параллел равишда аниқ ва жозибали тасвирланган.
Усмон Азим ўз мақсадини амалга ошириш йўлида тинмай изланадиган ижодкор. У энди ўз “Ҳолат”ини англашни ҳам истамаётган кимсаларга бундай кўникиш “Оқибат”и (шеърлар ва достон. Т., АСН, 1980) оғир йўқотишларга олиб келишини айтиб огоҳлантирмоқчи бўлади. Эҳтимол, шунинг учундир, ушбу тўпламдаги шеърларнинг ҳаммаси ҳам кўтаринки руҳда ёзилмагандек таассурот қолдиради. Аммо бу лирик қаҳрамоннинг тушкунликка тушганлигини англатмайди. Аксинча, бугунини ўтказиш билан овора бўлиб, эртасига бефарқ қараётган замондошининг ҳақиқий башарасини кўрсатиш учун юзига “Кўзгу” (1983) тутади. Айнан ана шу номдаги шеърни ўқиб, бу рамзий поэтик тимсолда шоир қандай улуғвор ниятларни кўзда тутганлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Унда тасвирланишича, ўзи хийла ёш бўлса-да, аллақачон “Юзига ажин, Сочига оқ оралаган одам Кўзгуга боқди. У кўрмоқчи эди ўзини.” Бироқ кўзгуда унинг қиёфаси эмас, балки “бир жуфт қўл” кўринади. Бу қўллар “ялмоғиз чўнтакка, юҳо қоринга хизмат қилиб” келган. Бу билан кўзгуга боқаётган шахснинг умри бекор, ёлғонлар оғушида, кунлари “ёзилмаган варақлар каби бўм-бўш”, фақат қорин ғамида ўтганлигига ишора қилинади. Афсуски, бу одам ўзининг эртаси, келажагига ҳам бефарқ: шоирнинг ачиниш билан тасвирлашича, у “Беғубор кўзларида осмон акс этган Бола”га ёрдам бериш ўрнига қўлларини ушлаб, пулдор бир одамнинг тинимсиз муштлашига кўмаклашади. Шоир “Бошини чангаллаб, кўзгуга” ҳиссиз термулиб турган бу одамни уйғотишни истайди. Аммо бу ғоят душвор вазифадир. Шунга қарамай, шоир ўз ниятини амалга ошириш учун бундай кимсаларга уйғониш йўллари ҳақида “Дарс” (1986) беришга уринади. Усмон Азимнинг “Уйғониш азоби” (1991) деб аталган навбатдаги китоби ҳам ана шундай лоқайд, бепарво кимсаларга уйғотиш азоблари ҳақида сабоқ беради.
Бунинг учун шоир аввало, ижодда ростгўйликни мақсад қилиб олади. Ўйлаб кўринг, Шўро сиёсати мамлакатдаги барча миллатларни йўқотиб, русларга қўшиб юбориш (ассимиляция) билан “умумсовет халқи”ни яратиш, ягона маданият, адабиёт ва санъатни вужудга келтириш, бунга қарши чиқувчиларни ким бўлмасин жазога мустаҳиқ этиш учун заҳарли тишини қайраб турган бир шароитда ўз миллатининг дардига шу йўл билан малҳам излашга интилиши чиндан ҳам янгилик ва жасорат эмасми?! Шоир бу ниятини қатьият билан амалга ошириш учун шундай онт ичган эди:
Қалбингизга дарё бўлиб кираман бир кун,
Шеър юртидан садо бўлиб кираман бир кун.
Умрим ўтар бағрингизга баҳор солгани,
Куз билан жанг қила-қила ўтаман бир кун.
Кўриниб турибдики, шоир она халқининг бағрига баҳор (истиқлол тимсоли) нафасини олиб кириш учун бутун умрини “Куз (мустамлакачи рамзи) билан жанг” қилишга бағишлайди. Ажабки, шоир ижодида ушбу рамзий тимсоллар шеърдан шеърга, тўпламдан тўпламга барқарорлашиб, ўсиб, кенгайиб, тиниқлашиб бораверди. Масалан, навбатдаги шеъларидан бирида шундай сатрларни ўқиймиз: “Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида, Юлдузларни ўчирмоқда гулгун шафақ.” Агар У.Азим қўллаган куз, баҳор тимсолларини унинг поэтик нияти мезонлари билан ўлчайдиган бўлсак, тонг (истиқлол арафаси) умрининг сўнгги кунларини кечираётган кузак (куз эмас! Тугаб қолган, чириган кузак-Й.С.) бағрида титраб-титраб бўлса-да,“гулгун шафақ”қа (мустақиллик) интилаётганига ишора қилинади. Бу Усмон Азим шеърларида образ, фикр, туйғу доимий ҳаракатда эканлигидан далолат беради. Бу ҳаракат мунтазам давом этади, гоҳ иккинчи бир ҳаракат билан тўқнашади, баьзан улар бирлашиб ягона мақсад сари йўл олади. Ҳаракатлар динамикаси, тўқнашуви ва бирлашиши натижасида шеьрларда кучли драматизм, чуқур психологик ҳолат вужудга келади.
Шоирнинг куз фаслига бағишланган талай шеърлари ва туркумларидан ташқари алоҳида “Куз” деб аталган тўплами ҳам нашр этилган (2001). Тўғри, уларнинг барчасида ҳам бу фасл юқоридаги рамзий тимсол сифатида тасвирланмаган бўлиши мумкин. Бироқ шуниси аниқки, шоир учун куз шунчаки табиатнинг олтин фасли эмас, балки висол онларини кутиб сарғайган севги, умр дафтарининг заъфарон варақлари, қиш олдидан изҳор қилинаётган тазарруь фасли бўлиб кўринади. Хуллас, куз бу ўткинчи ҳаётни фалсафий мушоҳада қилишга уринаётган шоир Усмон Азимнинг қалб кечинмаларини турли ранг ва бўёқларда акс эттиришга хизмат қилувчи образ даражасига кўтарилади.
Усмон Азим шеърларининг асосини Ватанни англаш, ўзликка қайтиш, вафодорлик, фидойилик туйғуси ташкил этишини алоҳида таькидлаш зарур. Унинг шеърларни ўқиб, Ватан тақдири шоирнинг “улуғ дард”ига айланганини, агар “Шеърда суратин чизса Тўрт мучаси соғ” бўлишини истаётганини англаш қийин эмас. Мабодо лирик қаҳрамон-шоир минг бир бўлакка бўлиниб кетса ҳам “Ватан” деган сўзни эшитганда қайтадан бирлашиб, тирила бошлайди, қаддини тиклайди. У Ватан сўзидан вужудига қувват, мақсадига журъат, юрагига жасорат олади. Шоирнинг хулосаси шуки, “Ватандан бошқа бир сўз қалбимга мос тушмади.” Бу мўътабар сўзнинг туб маъносини ўқувчига чуқурроқ англатиш учун Усмон Азим ижодда турли шакл ва усуллардан фойдаланади. Унинг китобларини варақлар эканмиз, гоҳ халқона ўланлар-у, Ғарб адабиётига хос балладаларга, гоҳ “чапани ёки жайдари шеърлар”га, буюк “Хамса”га татаббуъ тарзида ёзилган сатрларга, японча хокку билан ёнма-ён ўзбекона учликларга дуч келамиз. Лекин ҳаммасининг асоси, илдизи битта: Инсонга муҳаббат, муҳаббатда вафо, вафода қатьият, қатьиятда интизом, интизомда имонлилик…
Шоир ижодида Ватан образига параллел равишда Эрк тимсоли ҳам мунтазам ифодаланади. Усмон Азим катта гап айтадиган, дангалчи шоир сифатида бўлинган, майдалашган, “Мисқол-мисқол эрк”ни тан олмайди, унга “Эрк керакдир бутунлигича.” Ижодкорнинг “Эрк ҳақида шеърлар” деб аталган алоҳида туркуми ҳам бор. Эркка ташна лирик қаҳрамон учун “Эрк – манзилмас, эрк – йўл”дир. Бу йўл жуда олис ва машаққатли, уни фақат юриб, излаб, курашиб топиш мумкин. Бироқ у бундан чўчимайди, чунки бундай фазилатлар Усмон Азимнинг лирик қаҳрамони табиатига хосдир. У шоир шеърларида танлаган йўлидан қайтмайдиган, ўзини аямайдиган жасур инсон қиёфасида намоён бўлади. У уйқусираганларга, лоқайдларга, эътиқодсизларга ашаддий ёв! Шу боисдан Усмон Азим шеърларининг хулосалари ниҳоятда бақувват, залворли, ҳайқириқ, жонкуярлик, изтиробдан иборат. Халқини, миллатини уйғотишни истаган шоирнинг дарди шу қадар ҳароратлики, уларни кўтаролмай “Қоғозлар ёнди”, энди “Дардимни битгани менга тош керак” дейди шоир.
Усмон Азим ўз шеърларида ҳаёт ҳақиқатини янада таьсирлироқ ифодалаб бериш учун талай бадиий образлардан фойдаланади. Бунинг учун Элбек бахши билан Эломон бахши, Оқботир билан Қоработир, Алпомиш образларига ва яна табиат унсурлари ҳамда йил фаслларига кўп мурожаат қилади. Масалан, шоирнинг “Бахшиёна” тўплами бошдан охиригача Элбек бахши билан Эломон бахши айтишувлари асосига қурилган. Уларнинг айтишувлари орқали ижод аҳлининг халқ олдидаги бурчи, сўз қадри, инсон эрки улуғланади. Кейинги йилларда босилиб чиққан “Ғусса” (1994), “Узун тун” (1994), “Бор экану йўқ экан” (1995) сингари тўпламларида шоирнинг бу идеаллари янада кенгаяди. “Сайланма”си эса (1995) оташнафас шоир Усмон Азимнинг ўқувчилари олдидаги чорак асрлик ижодий ҳисоботидир. “Сайланма” шоирнинг аввалги китоблардан олинган сара шеърларидан ташқари, шартли равишда, “Кўнгил”, “Тазарруъ боғлари”, “Турмуш суратлари”, “Ҳурлик ҳақида шеърлар”, “Балладалар”, “Севги ҳақида шеърлар”, “Чапани ёхуд жайдари шеърлар”, ““Хамса”га татаббу”, “Уч драматик баллада” деб номланган бўлимлардан ташкил топган. Улар таркибидаги ҳар бир шеър орқали маълум мақсад илгари сурилади. Ҳам шаклан, ҳам мазмунан бундай ўзига хослик шоирнинг “Куз” деб аталган тўпламида (2001) янада мукаммалроқ намоён бўлган.
Тўпламни шоир етти дафтарга ажратади. Ҳар бир дафтарга киритилган шеърлар мундарижасига қараб алоҳида номлар қўйилган. Биринчи дафтар “Севги” деб аталиб, унда шоир кўнглининг энг тубидан жой олган муҳаббати ҳақида сўз боради. Маълумки, ҳар бир шоир қаламида ишқ васфи ўзига хос парда ва оҳангларда куйланади. Ижодкорларнинг муҳаббатга қараши ҳам ранг-баранг, бир-бирига ўхшамаган ташбеҳлар билан бойитилган, баьзида эса бири иккинчисини тўлдирадиган дил изҳорларидир. Алқисса, “Муҳаббат инсониятни ҳайвонот оламидан суғириб олган куч” (Зигмунд Фрейд) экан, ҳар бир санъаткор бу мавзуга қўл уриши, уни ёниб куйлаши табиий ҳолдир. Айниқса, инсон ҳаёти ва унинг ҳис-туйғуларини куйлашга масъул бўлган санъат тури – адабиёт бу мавзудан ҳеч қачон воз кеча олмайди. Зеро, муҳаббат мумтоз адабиётимизнинг илк намуналаридан тортиб, то ҳозирги кунгача абадий ва ўлмас мавзу бўлиб қолаверади.
Усмон Азим ҳам қалбига “титроқли дунё” солган севги хусусида жўшиб ёзади, уни ўзича талқин қилади. Назаримда, бу шоир ўқувчига муҳаббатнинг лаззатли висол онлари, айрилиқнинг ширин азоби ёки маҳбубанинг истиғноли ноз-карашмалари ҳақида ёниб-куйиб шеърлар ёзмайди. У кўпроқ инсон зотининг муҳаббат қаршисидаги ҳайратини, унга қандай қилиб лойиқ бўлиш ва эришиш ҳақидаги ўй-фикрларини, аросатдаги ошиқнинг ҳис-туйғуларини тасвирлашга эътибор беради. Ошиқ-шоирнинг кўзига рўпарасида турган реал маъшуқа эмас, балки “қайтмас бўлиб кетиб бораётган Икки шафақ аро бир ёруғ жаҳон…” кўринади. Бинобарин, Усмон Азимнинг севги ҳақидаги шеърлари яхлит олганда ана шу шафақ олдидаги ҳайратидан туғилган, унга етишиш истагини ифодаловчи дил изҳоридир. Чунки ўзи айтганидек:
Ҳатто қалбимдаги энг юксак осмон (ҳам)
Бундай шафақзорни тополмас ҳаргиз.
Шу билан бирга унинг дилида шубҳа уйғонади: “Энди қандай яшайман?” Чунки ошиқнинг қалбини “Бениҳоя, бесарҳад соғинч” емиряпти. Натижада унинг умри вайронага айланиб, вужуди завол топмоқда. “Руҳим (эса) бир хўрсиниш, бир қатра ёш”га айланди. Шу боис лирик қаҳрамоннинг жони азобда, вужуди дарддан тўлғонади. Эски аламлар унинг жисмини эзади, ёндиради, андуҳлар қалбидаги умид ғунчаларини уза бошлайди:
Бу кеча келтирди қанақа хатар,
Қай олис аламлар эзар жисмимни?
Қалбга яқин келди қай улуғ кадар –
Жонимдан бир ингроқ узди исмингни?
Бироқ, лирик қаҳрамон-шоирнинг бу оҳ-нолалари кишини севгининг азоб-уқубати олдида таслим бўлишга чақирмайди, узлатга чекинган ошиқнинг руҳий тушкунлигини англатмайди ва ўқувчини ҳам шу кўйга солмайди. Аксинча, ижодкор муҳаббатнинг бу қирраларига урғу бериш орқали уни қадрлаш, эҳтиёт қилиш ғоясини илгари суради.
Тўпламдаги иккинчи дафтар “Тазарру боғлари” деб номланган. Дафтардан “Муқаддима” ва “Хотима”дан ташқари йилнинг тўрт фасли номи билан аталган “Қишки боғдан келган шеърлар”, “Баҳорги боғдан келган шеьрлар”, “Ёзги боғдан келган шеьрлар”, “Кузги боғлардан келган шеърлар” ўрин олган. Боғ бу – инсон (лирик қаҳрамон-шоир) умрининг рамзий харитаси. Шоир бу боғ қаршисида чуқур ўйга толади, “Термулдимми – йиғи томоқда” хиқиллайди, ақл ўткинчи “фалакнинг чархи, инсон умрининг нархи” ҳақида мушоҳада юритади. Киши умрини йил фаслларига нисбат бериб тасвирлаш анъанаси буюк Шарқ адабиётига хос хусусиятдир. Бунинг энг яхши намунаси Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маъоний” девони ҳисобланади. Бизга аёнки, Навоий ҳазратлари инсон умрини йилнинг тўрт фаслига кўра тартиб билан Баҳор-Ёз-Куз-Қиш тарзида белгилаган. Усмон Азим эса устоз Навоийдан дуо олган ҳолда бу тартибга бошқачароқ ёндашади. Усмон таснифининг фарқли томони шундаки, у умр дафтарини ёшлик давридан эмас, балки кексалик пайтини ифодаловчи “Қишки боғ” кечинмаларини тасвирлашдан бошлайди. Менимча, Усмон Азим қўллаган ушбу ретроспектив усулнинг чуқур фалсафий ҳамда бадиий асоси бор. Гап шундаки, одамзод ўз ҳаётининг “Бу гўзал боғ ичра баҳор денгизи, Мавжлари – ям-яшил, уфқи – қирмизи” рангга бўялган ёшлик даврини, ҳеч нарсага парво қилмай “Ҳурлик ичра мастона” кечган ёз – йигитлик пайтини бошларига қор ёққан, қиш ва куз енгиб, “Ёлворса ҳам қайтмайди(ган) баҳор”ини қўмсаш ҳолатига тушган паллада эслаши, уни ақл тарозисида ўлчаб, ўша ўткинчи кунлардан маьлум хулосалар чиқариши бадиий мантиққа кўпроқ тўғри келади. Зеро, бу ёшда фикр юритаётган лирик қаҳрамон мутафаккир қиёфасида намоён бўлиб, тавба-тазаррусини, руҳий кечинмаларини ишонарли тасвирлайди.
Шоир ҳар фаслдаги руҳий кечинмаларини табиат ҳодисаларига муқояса қилган ҳолда қоғозга туширади. Лирик қаҳрамон юрагига тинмай қор ёғади, гўё “Навоийнинг сатридай йиғлаб” ёғади оппоқ қорлар. Баҳор келади. Ошиқ кўнглида яна умид ғунчалай бошлайди. Ёз фаслида эса соғинчига соғинч қўшилаверади. Қайси фаслда бўлмасин, ошиқ дард чекади, алам ютади, изтироб симиради. Аммо бу тушкунликка олиб келмайди. Чунки:
Юлдузлар ўтида бошим машъалдир,
Ернинг зах қаьрида оёқларим – муз.
Юрагим – наврўзу руҳим – ҳамалдир,
Жонимда – саратон, қисматимда – куз.
Зеро, вужудида саратон ҳарорати уфуриб турган, юраги наврўздан, руҳи ҳамалдан қувват олаётган ошиқ кузга осонликча бўйин эгмайди.
Ажабки, ушбу бўлимдан ўрин олган “Кузги боғлардан келган шеърлар” бошқа боғлардаги шеърларга қараганда ҳажми кўпроқ, мазмун томонидан чуқурроқ ва изтироблироқдир. Бунинг сабабини шоир ёш жиҳатдан умрининг куз фаслига қадам қўйганлиги (“Дунёнгда мен қирқ йил яшадим тикка”, “Мана, мен қирқ йил дардингга тўйдим”), энди баҳор узоқ, ёз олисга чекиниб, қиш фаслини хотиржам кутиб олиш учун тавба-тазарру қилиш муддати яқинлашганлигидан излаш тўғрироқ бўлади. Бу фикримизни “Кузги боғлардан келган шеърлар”нинг уч дафтарга ажратилганлиги ҳам тасдиқлайди. Агар “Кузги боғ 1”да лирик қаҳрамон кайфиятида озгина исёнкорлик мавжуд бўлса, “Кузги боғ 11”га кирган шеърларида куз фасли заҳматларига кўникиш (“Куз – мана сен томон узатган қўлим, Боққа чўз қўлингни… Ярашамизми?”), сўнгги “Кузги боғ 111”да эса юрак тош каби бироз оғирлашиб қолганлиги, энди “Унда имон азон” айтишга даьват қилаётганлиги,ана шу йўл билан “тош кўнгилни тарошлаб”, “Поклик сари сокин” қадам ташлаш, ўтган гуноҳларни куз хазонлари сингари ёндириб, тиниқ бўлишни истаган лирик қаҳрамоннинг шукрона ҳолати устуворлик қилади.
Китобдан жой олган учинчи дафтар “Тоғ ва дашт қўшиқлари”, тўртинчи дафтар “Хотира парчалари”, бешинчиси “Баҳсларнинг давоми”, кейингиси “Сукунатлар ва қичқириқлар”, сўнггиси “Тугалланмаган китоб” деб номланган. Номлар тагмаъноли бўлиб, ижодкорнинг ғоявий ниятларини аниқ ифодалашга хизмат қилади. Аввало, бу етти дафтар рамзий маънода дунёнинг етти қитьасини англаш истагини уйғотади. “Тугалланмаган китоб” эса ҳаётнинг давомийлиги, санъаткорнинг халқ ва адабиёт олдидаги масьулиятини чуқур англаб ижод қилаётганлигига ишорадир. Бинобарин, Усмон Азим ҳали бу тугалланмаган китобини ижодининг бош принципига айланган ростмана сўзлар, образлар, оҳанг ва ранглар билан янада бойитади.
Усмон Азим шеърлари ҳаёт ҳақиқатини, кўнгил оғриқларини бехато акс эттиради. Шоирнинг мавзу кўлами ғоят кенг ва ранг-баранг. Унинг ижод хазинасидан ҳаётий ва илоҳий ишқ мотивлари, тавба-тазарруъ, табиатдаги эврилишлар, бахшиёна ўланларгина эмас, балки ижтимоий ҳаёт инсоният олдига қўяётган долзарб муаммолар тўғрисидаги шеърлар, достонлар, драмалар, насрий асарлар, публицистик мақолалар ҳам кенг ўрин олган. У қайси жанрда асар яратмасин, юрагидаги дардларини тўкар экан, “…оқ қоғизга ногаҳон тушди Қисматимнинг қоп-қора қони” дейди. Зеро, шоир қисмати у мансуб бўлган она халқининг қисматидир. Шунинг учун ҳам лирик қаҳрамоннинг юраги эзилади, унинг ҳатто кулгусида ҳам дард бор, йиғи бор: “Юракка айланди ҳатто суягим, Ҳатто кулгуларим – ҳарир йиғига.” Шу билан бирга Усмон Азим ижодида шеър ва шоир қисмати ҳам устувор масала сифатида илгари сурилади. Бир ёндав аёвсиз дардлардан қийналаётган шоир, бир ёнда эса унинг ҳукмидаги лирик қаҳрамон. У ўз соҳибини мени “Уйқу босди, мана кўзимни,Уйғонмоққа сўз топгин қутлуғ” деб изланишга мажбур қилади. Шу маънода шоир шеърларида бўй кўрсатаётган лирик қаҳрамон қатьиятли, ростгўй, имонли, сабрли, иродали инсондир, у Усмон Азимнинг ўзидир деб хулоса чиқарсак, тўғрироқ бўлади.
Биз шоирнинг ўтган 40 йил мобайнида эълон қилган китоблари номларидан сизиб чиқадиган маьноларга асосланиб, унинг ижодий камолотини қуйидаги босқичларга ажратишни лозим топдик: 1. Усмон Азим дастлаб “Инсонни тушуниш”, унинг мураккаб “Ҳолат”ини англаш ва тадқиқ қилишни ўрганди. 2. У замондошларига бепарволик, лоқайдлик, мутелик фожиали “Оқибат”ларга олиб келишини айтиб огоҳлантирди ва ўқувчиси юзига ҳақиқатнинг олмос “Кўзгу”си (шеърият)ни тутди ҳамда уларга ўзликни англаш, кўзни эртароқ очиш мавзусида “Дарс” бера бошлади. 3. Шоир одамларнинг қиёфасини бўлиб ташлашдан манфаатдор бўлган (“Сурат парчалари”) ва ёлғон асосига қурилган жамиятда рост сўзни айтолмай қийналган (“Бахшиёна”) халқининг “Уйғониш азоби”га ҳамдард бўлди. Уни уйғотиш қийинчиликларидан “Ғусса”га тушди, “Узун тун”лар азоб чекиб, тўлғаниб чиқди. 4. Аммо ҳар доим Эрк “Соғинч”и билан яшади, охири “Юрак”ни худди Данкодек юлиб олиб, “Фонус” сингари боши узра баланд кўтарди-да, халқини эзгуликка бошлади. У ҳамон йўлда, манзил эса нурафшон…
Ҳа, Усмон Азим мудроқ кўнгилларни уйғотиш истагида ҳамиша бедор яшаб, рост сўзларга суяниб қалам тебратаётган шоирлар сирасидандир. Айнан ана шу фазилати билан бу шеърлар ўқувчилар қалбига ўрнашиб, акс-садо бермоқда. Чунки шоир ҳанузгача устози Шуҳрат домла фотиҳа берганидек, ҳар доим “янги гап айтиб” келаётган, тенгдоши Мирза Кенжабек таькидлаганидек, ҳамиша ростгўй шоир бўлиб қолаётир. Зеро, шеъриятнинг ростгўйлик “пичоғини қалбига санчиб” ижод қилаётган бу шоир ҳеч қачон ёлғон гапирмаган ва гапирмайди ҳам (“Шоирлар айтади фақат ростини”, “Курашда ҳам, ғамда ҳам, Байроғим бўлди виждон…”). Чунки у ўз ижодига ҳадисларда айтилган қуйидаги дуони асос қилиб олган: “Одамларга ҳақ сўздан кўра яхшироқ садақа йўқдир.” Буни шоирнинг ўзи ҳам қаҳрамони Элбек бахши тилидан “Шоирлари ёлғон айтса ўлади эл” деган. Бу сўзлар Усмон Азим учун шунчаки шиор эмас, балки ҳаётий ва ижодий аъмолига айланганлигини барча асарлари исботлаб турибди.

Сайт бўлими: Адабий танқид

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ