"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Нусратулло Жумахўжа. “Адабиёт” дарсликлари – адабиётшунослик маҳсули сифатида

Ўқилди: 946

Н.Жумахужа-400Янги нашр этилаётган “Адабиёт” дарсликлари йил адабиётшунослигининг маҳсулоти ҳисобланади. Лекин шу пайтгача ҳеч ким янги дарсликларга бу нуқтаи назардан ёндашмаган. Аслида, адабиётшуносликнинг энг катта аудиторияга эга бўлган, муқаррар равишда ўз истеъмолчиларига етиб борадиган, мажбурий таълим жараёнида кенг халқ оммасининг фарзандларига мажбуран ўқитиладиган, бевосита амалий аҳамиятга эга бўлган соҳаси “Адабиёт” дарсликларидир. Шунинг учун дарсликларнинг бу қадар муҳим янги ва қайта нашрларини минбаъд назардан четда қолдирмай, Танқид ва адабиётшунослик кенгашининг йиллик ҳисоботида алоҳида маъруза орқали таҳлил этишни анъанага киритишни лозим топдик.
“Адабиёт” дарсликлари, умуман, қаноатланарсиз аҳволда эмас. Шунинг учун ҳам улар асосида таълим ишлари юритилмоқда. Улар истиқлолий тафаккур билан яратилмоқда. Адабий меросимиз ҳеч бир мафкуравий чекловларсиз, ҳурфикрлик асосида талқин этилмоқда. Шу билан бирга, дарсликларимизда мутлақо қаноатланарсиз ҳолатлар ҳам борки, улар нашрдан-нашрга ўтиб келмоқда.
2014 йилда умумий ўрта таълим мактабларининг 8-синфлари учун “Адабиёт” дарслик-мажмуаси ва 9-синфлари учун “Адабиёт” дарслигининг 3-нашри босилиб чиқди ҳамда таълим жараёнига татбиқ этилди. Ушбу китобларнинг барча қисмлари таҳлилини бир маърузанинг ҳажм имконияти кўтармайди. Шунинг учун уларнинг айрим қисмлари таҳлилига оид мисоллар билан чекланамиз.
8-синф “Адабиёт” дарслигининг янги нашрида айрим ижобий ўзгаришлар кўзга ташланади. Масалан, дарсликнинг 1- ва 2-нашрларида Алишер Навоийнинг машҳур “Муножот” куйи билан айтиладиган “…Ул сарви гулрў келмади” ғазали ҳақида қуйидагича фактик хато бор эди: “Навоий ғазалларининг ёзилиш йиллари маълум эмас. Тахмин қилиш мумкинки, бу ғазални шоир устози ва пири Абдураҳмон Жомий вафотидан, яъни 1492 йилдан кейин битган”1. Дарсликнинг бу қисми филология фанлари номзоди Султонмурод Олимов томонидан ёзилган. Навоий ижодиёти бўйича диссертация ёзиб ёқлаган, Навоий тўғрисида китоблар чоп эттирган олимнинг бундай хатоларга йўл қўйишини тасаввурга сиғдириш қийин. Ахир, 1492 йилда Навоий 51 ёшда бўлган. Бу шоирнинг қарилик даврига тўғри келади. Ҳолбуки, “…Ул сарви гулрў келмади” ғазали Навоийнинг илк девонида мавжуд. “Илк девон” эса шоирнинг дўстлари ташаббуси билан, унинг тобора қўлма-қўл тарқалиб бораётган асарларини тўплаш асосида Навоийнинг 24 ёшларида тузилган. Аниқки, ғазал Навоийнинг ёшлик лирикасига мансуб. Навоий Жомийга 1476 йиллардан кейин мурид тутинган ва Жомий унга қўл берган. Биз 2011 йили малака ошириш институтига ишга ўтиб, дарсликлар таҳлили билан шуғуллангунимизча, ҳеч ким бундай хатоларни пайқамаган. Бундай хатолар икки нашр мобайнида, ўн йил давомида ўқувчи ва ўқитувчилар онгига сингдирилган. Биз ҳар ойда малака оширишга келган ўқитувчилар гуруҳидан ҳам, 2013 йили билимлар беллашуви ғолиблари дам олаётган оромгоҳда ўқувчилар билан учрашганда, улардан ҳам сўрадик: бир овоздан дарсликдагидай “ғазал шоирнинг устози ва пири Абдураҳмон Жомий вафотидан, яъни 1492 йилдан кейин ёзилган”, деб жавоб беришди. Дарсликнинг янги нашрида мана шу далил тузатилган.
Дарслик муаллифи  “Лаҳза-лаҳза чиқтиму чектим йўлида интизор, Келди жон оғзимғаю, ул шўхи бадхў келмади” байтидаги “бадхў” сўзини “бадхоҳ”, яъни “ёмонлик истовчи” маъносида янглиш тушунган ва тушунтирган. Дарсликнинг 1-2-нашрларида ўқиймиз: “Бетоқат ёр ҳар замон-ҳар замон чиқиб, маъшуқ йўлига интизор бўлди, ҳатто, жон унинг оғзига келди-ю, у ёмонлик истовчи шўх гўзал келмади”2. Байтдаги “бадхў” сўзи луғатлардаги шарҳ ва изоҳларда “ёмон одатли, ёмон феълли, ёмон қилиқли” деб берилган бўлса-да, дарсликдаги талқин муаллифи “бадхў” сўзини “бадхоҳ” сўзи билан чалкаштириб юборган. Ҳақиқатан ҳам, форсий “бадхоҳ” сўзи ўзбекчада “ёмонлик истовчи” маъносини англатади. Бироқ, байтдаги “бадхў” сўзи ҳам форс тилидан олинган бўлиб, у “бад” – “ёмон”, “хў” – “феъл-атвор” маъноларини англатади. Аслида, шоир “шўхи бадхў” иборасини ҳазил-мутойиба аралаш эркалаш маъносида қўллаган. Негаки, висолга ваъда бериб, ўз вақтида келмай, ошиқнинг сабр-тоқати, иродаси, садоқатини синаш ҳар бир маъшуққа хос ҳаётий хусусият. Шу боисдан, ёрнинг “бадхў”лиги ваъда бериб, ваъдасида турмаслиги, холос. У – асло бадфеъл эмас. Акс ҳолда, лирик қаҳрамон уни севиб қолмас эди. Янги нашрда мана шу хато ҳам тузатилди.  Аммо, бу тузатишлар осонликча амалга ошмади. Биз не машаққатлар билан мазкур дарсликлар аҳволи ҳақида малака ошириш институтида ва Низомий номидаги педуниверситетда маърузалар қилишимизга, илмий тўплам ва матбуот саҳифаларида танқидий мақолалар чоп эттиришимизга, Республика Таълим маркази раҳбариятига расмий мурожаат йўллашимизга, телерадиоканаллар орқали чиқишларимизга тўғри келди.
Янги нашрда бошқа кўп камчиликлар тузатилмаган. “…Ул сарви гулрў келмади” ғазали матнига тўққизта матний ўзгартириш киритилган. Уларнинг айримлари устидагина тўхталамиз. Қачонки Навоий асарларининг Ҳ. Сулаймон ва П. Шамсиев нашрлари, танқидий матнлари, илм дунёсида тан олинган “Мукаммал асарлар тўплами”, “Тўла асарлар тўплами” мавжуд экан, дарслик муаллифи улардаги асил матнларни ўзбошимчалик билан ўзгартиришга ҳақли эмас. Дарслик синов ва мунозара майдони эмас. Баҳсли ўзгартиришлар ғазалдай мўъжаз бадиий асар иморатини, мазмун-моҳиятини бузиб юборади.
Дарслик муаллифи ғазал матнини ўз хусусий талқини мақсадига бўйсундирмоқчи бўлади.
Толиби содиқ топилмас, йўқса ким қўйди қадам
Йўлғаким, аввал қадам маъшуқи ўтру келмади
байтидаги ҳеч бир нашрда қўшиб ёзилмаган “аввал” ва “қадам” сўзларини “аввалқадам” шаклида қўшиб ёзади. Бу билан матнда йўқ “пешқадам пир” тушунчасини ҳосил қилмоқчи бўлади. Дарсликдаги талқинга эътибор беринг: “Байтнинг сўзларидан келиб чиқадиган маъно-мазмуни қуйидагича: Содиқ толиб топилмайди, шундай бўлмаса эди, кимки йўлга қадам қўйса, “аввалқадам”, яъни ундан олдинроқда юрадиган бир маъшуқ рўбарў келмайдими”3. Бу ерда муаллиф ўзининг асоссиз тасаввуридаги олдинда юриб бораётган “аввалқадам”, яъни пешқадам пир Жомий ва унга эргашган мурид Навоийни назарда тутган. Бу талқин – мантиқсиз. Ахир, ошиқдан олдинроқда кетаётган маъшуқ олдинга қараб кетаверади-да, қандай қилиб “ўтру” – рўбарў келади ? Ўқувчи ва ўқитувчи бу талқинни қандай тушунсин ?
Талқин давомида гап тасаввуф фалсафасига боғланиб кетадики, муаллиф матн мазмунидан буткул ташқарига чиқиб кетади. “Бу ерда нозик фалсафий-тасаввуфий масала кўтарилган, — дея давом этади у. -“Йўл” байтда тасаввуфни, Аллоҳ ишқини билдиради. Бу йўлда эса садоқатли талабгор (ошиқ) топилмаяпти. Айни гап билан шоир пирга ишора қилган. Чунки пир ҳамиша бу йўлни муриддан аввалроқ босиб ўтган, яъни у “аввалқадам” бўлади. Аввалқадам ошиқ эса Аллоҳ васлига етиб, маъшуққа айланади. Мурид ана шу шайхнинг этагидан тутиб, унга эргашмоқчи. Чунки Оллоҳни севиш учун мурид аввал пирни севиши керак. Бошқача айтганда, Аллоҳга муҳаббат йўли бевосита пир қалби орқали ўтади. Чунки тасаввуфда пирга комиллик тимсоли сифатида қаралади” (ўша бет). Муаллиф наинки ғазал матнидан четлашиб кетди, ҳатто, ғазал матни ва мазмунида бўлмаган тасаввуфий образ ва тушунчаларни ўйлаб чиқариб, талқинга сунъий равишда татбиқ этди. Хўш, ғазал матнига ёпишмайдиган бу мавҳум талқинни қандай қилиб адабиётни тушунишни энди ўрганаётган 8-синф ўқувчисига тушунтириш мумкин ?
Аслида, байтнинг мазмун-моҳияти анчайин содда ва ҳаётий. Байтда изчил ёритилаётган мавзу юзасидан хулоса, ҳукм чиқарилган. Муаммонинг фалсафий ечими баён этилган. Маълумки, олдинги байтларда лирик қаҳрамон, яъни ошиқ ҳижрондан шикоят қилиб келаётган эди. У заиф ва нолакор бир вазиятда турганди. Байтда шоир ошиқнинг бундай вазиятига танқидий муносабат билдиради. “Толиби содиқ”, яъни садоқатли талабгор топилмас экан, дея фикр юритади шоир. Ваъдага вафосиз ёрнинг жабру ситамларидан оҳ-воҳ чекиш билан кифояланиш чинакам ошиқнинг иши эмас. “Йўқса”, яъни бўлмаса, ёрнинг йўлига ким “аввал”, яъни биринчи бўлиб журъатли, дадил қадам қўйдиким, у маъшуқи рўпарасига пешвоз чиқмади ?! Риторик сўроқ бор бу ерда.
Биз ўтган йилги навоийшунослик анжуманидаги маърузамиз ва матбуотда чоп этилган мақолаларимизда Навоийнинг “Қоши ёсинму дейин…” ғазали мақтасидаги охирги сўз “эт” эмас, балки “эп” бўлиши тўғрилигини қайта-қайта исботлаб берган эдик4. Дарслик муаллифи эса ё бу мақолаларни кўрмаган ёки била-кўра Ҳ. Сулаймон нашридаги тўғри вариантни қабул қилмай, Навоий “МАТ” ва “ТАТ”даги “Эй Навоий, дема қошу кўзининг васфини эт” нуқсонли шаклини янги нашрда яна такрорлаган.
Навоий тилидаги “киби” сўзи “МАТ”нинг дастлабки томлари нашрларида ғалат тарзда “кеби”шаклида ёзилган эди. Биз ўша даврдаёқ “Ўз АС”да эълон қилинган “Ғаройиб чечаклар” сарлавҳали мақоламизда бу – хато эканлигини, бундай ёндашув Навоий тилини ўзгартириб юбориши мумкинлигини айтган эдик. Навоий “ТАТ”да бу хато тузатилди, “кеби”лар “киби”га айлантирилди. Лекин дарсликнинг янги нашрида ҳам бу хато тузатилмаган. Ушбу далиллар дарслик муаллифи илмий жараёндан узоқлашиб қолганлигини, қайта нашр жараёнида фан янгиликларидан фойдаланолмаганлигини кўрсатади. Дарслик маълумотлари илмий-адабий жараён янгиликларига мувофиқ бўлиши керак.
Навоийшуносликда энг машҳур баъзи сўз-тушунчаларнинг чуқур ўйланмай, текширилмай қўлланган нотўғри талқинлари ҳам бемалол нашрдан-нашрга ўтиб келаверган. Масалан, “Кўҳкан” – Навоий қаҳрамони Фарҳодга нисбатан қўлланадиган лақаб. Бу форсий сўз “кўҳ” (тоғ) ва “кан” (қази) ўзакларидан ясалган ва у тоғ қазувчи маъносини англатади. Ушбу сўз-тушунча дарслик янги нашрининг 105-бетида “тош йўнувчи”деб шарҳланган. Ҳолбуки, “Кўҳкан” тош йўнувчи эмас. Навоий ва бошқа Шарқ мумтоз адабиёти намояндалари тош йўнувчини “сангтарош” деб ифодалайдилар. Сангтарошлик Шарқ меъморчилиги ва амалий санъатида алоҳида ҳунар ҳисобланади. Кейинги 106-бетда энди “Кўҳкан” – “тоғ йўнувчи” дея талқин этилади. Тоғни эса йўниб бўлмайди. Навоийшуносликнинг бундай нозик “калит” сўзларидан навоийшунос огоҳ бўлмоғи ва ўқувчиларни сўз-тушунчаларнинг асл моҳиятидан чалкаштирмаслиги лозим эди.
Дарсликда адабиёт назарияси нуқтаи назаридан ҳам нотўғри фикрлар илгари суриб келинмоқда. С. Олимов ғазалшунослик назариясида йўқ “бегона байт” тушунчаси ва терминини сунъий равишда дарсликнинг 1- ва 2- нашрларига олиб кирган. Унингча, ғазалда мақтадан олдин келадиган лирик чекиниш тарзидаги фалсафий байтлар, хусусан, “…Ул сарви гулрў келмади” ғазалининг “Толиби содиқ топилмас” деб бошланадиган байти “бегона байт” эмиш. Аввало шуни англаш керакки, нафис адабиётнинг энг фаол ва энг нафис лирик жанри бўлмиш ғазалга нисбатан “бегона байт” тушунчасини қўллаш нафосатдан эмас. Нафис санъатга нафосат билан ёндашган маъқул. “Бегона байт” эса қўпол ва дағал атама. Мумтоз шеъриятимизда “бегона байт” деган тушунча мавжуд”, деган маълумот асоссиз. Шу дарсликкача бирор илмий манбада бундай тушунча қўлланмаган.
Дарслик янги нашрининг назарий маълумот қисмида “бегона байт” тимсолида гўёки “Америка кашф этилган”. Гўёки ғазалдаги учта байтнинг алоҳида номи бор эмиш. Булар матла, мақта ва бегона байт эмиш. Ҳали илмий муҳокамага олиб чиқилмаган, эътироф этилмаган тушунчани умумэътироф этилган минг йиллик “матла” ва “мақта” терминлари қаторига қўйиш илмий этикага ҳам тўғри келмайди. Терминология илмида расмийлашганлик тушунчаси бор. Муаййян атама соҳа олимлари томонидан тан олиниб, маъқулланса ва у умумэътироф этилиб, илмий жараёнда ҳамма мутахассислар томонидан фаол қўлланса, ўшандагина у махсус соҳага расмийлашган ҳисобланади ҳамда термин мақомини олади. Терминнинг атамадан асосий фарқи ва ўзига хос хусусияти ҳам мана шунда. Расмийлашмаган атама дарсликка олиб кирилмайди. Бу – қоида.
Мана, гўёки илмий асослашдек тасаввур уйғотишга уринилган ва дарслик  услуби учун хос бўлмаган яна бир тушунтириш: “Ғазалчилигимиз, хусусан, Навоий ғазалларидаги бу типик хусусиятни кўплаб навоийшунослар кузатган, таҳлил этган. А. Ҳайитметов буни умумий қилиб “лирик чекиниш”, Ё. Исҳоқов “бегона ёки қистирма байтлар”, Н.Комилов эса “гардиш”, “бозгашт” (“қайтиш”) деб номлайди. Аслида, Навоий ғазалларида асар мазмуни билан боғланмаган байт бўлмайди. “Бегоналик” – нисбий тушунча. У “лирик чекиниш” маъносини муайянлаштирган ҳолда ифодалаб келган. “Чекиниш” билан “бегоналик” – бир-бирига жуда яқин тушунчалар ҳисобланади” (140-бет). Аввало, дарслик илмий исботнинг ўрни эмас. Дарсликка фақатгина исботланган ва тасдиқланган фикрлар киради. Қолаверса, иқтибосда асарларига ҳавола қилинган бирорта навоийшунос “бегона байт” атамасини қўлламаган. Муаллиф Ё. Исҳоқовдан кўчирма келтира туриб, “Навоий поэтикаси” китобида йўқ “байтлар” сўзини қўштирноқ ичига киритиб, китобхонни очиқ-ойдин алдайди. Гўёки, Ё.Исҳоқов “бегона байт” атамасини қўллагандай кўрсатади. Мана, Ё.Исҳоқовнинг саҳиҳ жумласи: “Тавсифий (таъриф, мадҳда ҳам) ғазалларда лирик чекиниш характеридаги байтларнинг “бегона” ёки қистирмалиги яққол сезилиб туради”5. Ё.Исҳоқовнинг “бегона” сўзини қўштирноққа олгани ва “яққол сезилиб туради” дегани мақтадан олдинги байтнинг “бегона байт” деб аталишини билдирмайди. У профессор А.Ҳайитметовнинг “лирик чекиниш” атамасини қўллаб турибди. Қуйироқда бундай байтни у эпиграммага ҳам ўхшайди дейди. “Бегона байт” ҳам – лирик чекинишнинг айнан ўзи экан, “бегона”лик – нисбий тушунча экан, ясама “бегона байт” тушунчаси ва атамасини умумтаълим мактаблари дарсликларига олиб киришга нима зарурият бор ?
Ғазал таҳлили жуда нозик соҳа. Навоийшунослигимиз бисотида “Қаро кўзум…” ғазалининг шоир ва олимларимиз томонидан яратилган ўнлаб таҳлиллари мавжуд. Лекин ҳамма ғазаллар ҳам “Қаро кўзум…”дек ҳар томонлама ёндашув ва турли-туман талқинларга асос беравермайди. Шунинг учун дарсликдаги “Жонға чун дермен…” ғазали таҳлили бизнинг 10-синф дарслигимиздан, “Ёрдин айру кўнгул…” ғазали таҳлили Н.Маллаев қўлланмасидан ўзлаштирилганлиги кўриниб турибди.
9-синф “Адабиёт” дарслиги янги 3-нашрининг ютуқлари билан бирга ўта жиддий камчиликлари ҳам борки, улар ижобий хусусиятларига раҳна солиб турибди.
“Абдулла Орипов туйғулари қуруқшаган ўзбек шеъриятига ўйчил ғам ва ғамга қоришган ўй олиб кирди” (3-нашр, 102-бет). Ушбу жумлалар олдинги нашрда хиёл юмшоқроқ ёзилган эди: “Абдулла Орипов туйғулари ўзбек шеъриятига ўйчил ғам  ва ғамчил ўй олиб кирди”6. Қандай чиройли, гўзал жумлалар ! Дарслик муаллифи “ўйчил ғам ва ғамчил ўй” каби тарди акс санъати намуналарини қўллайди. Офарин ! Бироқ икки нашр оралиғида ўзбек шеърияти туйғулари қуруқшаб қолганига қойил қолмадик. Назаримизда, миллий шеъриятимиз ҳамиша туйғуларга бой, ҳассос бўлган. Ҳеч қачон қуруқшамаган ва қуруқшамайди ҳам. Шунинг учун иккинчи нашрдаги баҳо меъёри дуруст эди. Учинчи нашрда нима сабабдандир ошириб юборилган. Яна бир қизиқ муқояса. Иккинчи нашрда ўқиймиз: “Ўтган асрнинг 60-70-йилларида Абдулла Орипов шеърияти ўзбек миллатининг соф туйғуларини сақлаб қолди” (213-бет). Маъқул гап. Энди шу жумланинг учинчи нашрдаги “такомил”ини кўринг: “Ўтган асрнинг 60-70-йилларида Абдулла Орипов шеърияти ўзбек миллатини туйғуларнинг қуриб қолишидан сақлаб қолди” (102-бет). Жуда қизиқ. Ўзбек миллати туйғуларининг қуриб қолиши фақат битта шоирга боғлиқ эканми ? Энг муҳими, буни 9-синф ўқувчилари қандай тушуниб, қандай қабул қилишаркин ? Агар шу баҳо ҳақ бўлса, Абдулла Ориповгача бўлган бошқа шоирларни ўқитмай қўяқолган маъқул эмасми ? Абдулла Орипов менинг ҳам энг севимли шоирларимдан. Бироқ, бир шоирни кўкка кўтараман деб, бошқа кўпчилик шоирларни ерга уриш ҳам инсофдан эмас-да. Абдулла Орипов бу йўсиндаги шарафлашга муҳтож ҳам эмас. Буюк шоирнинг “Менсиз ҳам мукаммал экан бу дунё” деган ўз иқрорномаси ҳам бор. Қолаверса, Абдулла Орипов шеърияти тўғрисида ёзишга дарсликда атиги икки бет имконият бор экан. Мавжуд имкониятдан филологик таҳлил учун фойдаланган маъқул эди, назаримизда.
Ўзбек мумтоз адабиёти қисмига келганда, дарсликдаги қусурлар олдинги нашрлардан мисли кўрилмаган даражага кўтарилади. Машраб ҳақидаги қисм қуйидагича публицистик пафос билан бошланади: ”Ҳаёт йўли афсоналарга қоришиб кетган, суратию сийрати ривоятларда баён этилган, халқ орасида ҳалоллик, тўғрилик, Ҳаққа ошиқликнинг тимсоли бўлиб гавдаланган Машрабдек шахси ва ижоди машҳур зотни топиш қийин. Фарҳод ва Қайс севиклилари Ширину Лайлига интилгани каби Машраб ҳам Яратганнинг васлига беқарор интилган ошиқи аналҳақдир. Киши унинг шахсини билгани сайин ва ижодини ўрганиш мобайнида ўзининг ҳам тозариб бораётганини туяди, буюк Тангрига яқинликни ҳис қилади. Шунинг учун ҳам уни ўқимоқ, уқмоқ керак” (113-бет). Бундай баландпарвоз жумлалар матбуот учун ёзилган мақолаларга, юбилейлардаги нутқларга, машрабхонлик байрамларига ярашади. Лекин улар аниқлик, ихчамлик, сиқиқликни талаб қиладиган дарслик услубига  мувофиқ эмас. Ана шундай жумлалар ва анча-мунча ортиқча маълумотлар эвазига кейинги даврда дарсликларимиз ҳажман кенгайиб кетиб, оғирлиги ўқувчининг жисмоний имкониятига тўғри келмагани учун, бир дарслик иккита китоб ҳолида нашр этилмоқда. Бу давлатга ҳам қимматга тушади, дарсликни ижарага оладиган ота-онага ҳам ортиқча харажат бўлади. Болаларимиз эса ярим йил бир китобни, иккинчи ярим йил иккинчи китобни кўтариб юришади.
Машрабнинг таваллуд санаси тўғрисидаги илмдаги мунозараларда, турли тарихий саналар тўғрисидаги тафсилотлар ҳам дарслик учун ортиқча. Улар 9-синф ўқувчисига керак эмас. Ўқувчига ягона аниқ маълумотни бериш кифоя. Бундай баҳсталаб маълумотлар муҳтарам Тест маркази экспертларига, арзимаган чойчақа эвазига уларга тестлар тузиб берадиган тесттузар биродарларимизга жуда қўл келади. Улар ютоқиб ҳар бир маълумотни, иложи борича, ҳар бир жумлани тестлаштирадилар. Қарабсизки, ёзги олий ўқув юртларига қабул жараёнларида болаларимизга ортиқча бошоғриқ кўндаланг бўлади.
Мана, яна шундай ортиқча маълумотлардан бири: “Шунингдек, мутахассисларгагина яхши таниш бўлган “Мабдаи нур”, “Кимё” каби бадиий-фалсафий, диний-ахлоқий асарлар ҳам Машраб қаламига мансуб деб қаралади” (114-бет). Биз ҳам вақтида шу маълумотни 10-синф дарслигига киритганмиз. Унда ҳам маълумот айнан шундай шаклда акс этган. Лекин ҳозир вазият бошқача-ку. Орадан салкам чорак аср вақт ўтди. Дарсликни қайта ишлаганда илмий-адабий жараён натижаларига ҳам қараш керак-да. Ўтган даврда бу асарлар Машраб номидан нашр этилди. Мазкур асарларнинг муаллифи масаласида матбуотда баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Машрабнинг ушбу асарларга муаллифлиги шубҳа остида турибди. Бу вазиятда юқоридаги маълумотга ҳам муносабат ўзгаради. Шундан тегишли хулоса чиқариб, маълумотни дарсликнинг янги нашридан олиб қолиш керак эди. Бу ортиқча маълумот етмаганидай, “Савол ва топшириқлар” қисмида қуйидагича савол ҳам турибди: “”Мабдаи нур”, “Кимё” каби бадиий-фалсафий, бадиий-ахлоқий асарларнинг муаллифи ким ?” Бир бадиий фильмда шундай пароль бўларди: “Савол бериш осон, жавоб бериш қийин”. Дарҳақиқат, ушбу саволга илм-фан намояндалари жавоб беролмаяптилар-ку, мактаб ўқувчиси қандай жавоб берсин ? Муболағасиз, бу саволга ҳозирги шароитда наинки Ўзбекистонда, балки бутун дунёда ҳеч ким жавоб бера олмайди. Баҳс-мунозара қизиганида, мен ҳам “Мабдаи нур” асарини синчиклаб ўрганиб чиқдим. Кўп маълумот тўпладим. Асар муаллифи кимлиги ҳақида узил-кесил, қатъий хулосага ҳам келдим. Бироқ, бу хулосани илмий муомалага киритиш учун игна билан қудуқ қазигандай узоқ ва машаққатли меҳнат қилиб, фундаментал тадқиқот яратиш керак. Олинадиган натижа сарфланадиган вақт ва меҳнатга арзимайди. Шунинг учун йиққан материалларимни, ҳозирча, заҳирага сақлаб қўйдим.
Муҳтарам дарслик муаллифлари илмда ечими топилмаган масалаларни дарсликка олиб кираётганлари билимли, салоҳиятли ёшларимизнинг истиқболига зомин бўлаётганини, улар дарслик маълумотига ишониб тестологиянинг маккор ўйинларига қурбон бўлаётганларини билишармикин ? Масалан, билимдон абитуриент Дамиржон Солиев кириш имтиҳонлари синовларида 2006 йилда 156, 2007 йилда 190 балл тўплаган бўлса, 2008 йилда 214 балл тўплаган. Лекин, афсуски, ўша йили ўзи орзу қилган институтга кириш учун ўтар балл 214,8 баллни ташкил этган ва у бу сафар дарсликдаги нотўғри маълумот туфайли ўқишга киролмаган. Дарслик асосида тузилган ва абитуриент истиқболига раҳна солган тест қуйидагича тузилган:
Савол: Машраб ижодида тарғиб этилган қаландарлик маслаги қайси тариқат шахобчаси ҳисобланади ?
Жавоблар: А) Қодирийлик; В) Кубравийлик; С) Яссавийлик; Д) Нақшбандийлик.
Абитуриент ўзи ўқиб таълим олган 10-синф “Адабиёт” дарслигидаги маълумотга мувофиқ равишда “С” жавобни тўғри белгилаган. Ушбу дарсликнинг амалдалиги шу билан асосланадики, у ДТМ   томонидан 2007 йили олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовларига тайёргарлик кўраётган абитуриентларга тақдим этилган дарсликлар рўйхати (“Маърифат” газетаси, 2007 йил, 5 май сони)да мавжуд.10-синф “Адабиёт” дарслигида қуйидаги маълумот берилган: “Машрабнинг айрим шеърларида ХУ11-Х1Х асрларда Туркистонда кенг ёйилган қаландария мазҳабига мойиллик сезилади… Қаландария аслида Аҳмад Яссавийдан бошланган “жаҳрия”нинг бир кўриниши”. (Бегали Қосимов,Боқижон Тўхлиев,Қозоқбой Йўлдошев. Адабиёт. 10-синф учун дарслик.Тошкент,”Ўқитувчи”, 2004.306-бет).
Д.Солиев ўз тақдирига нажот излаб Давлат тест маркази апелляция комиссиясига мурожаат қилганида, 9-синф дарслигидаги мана бу жавоб тўғрилигини таъкидлашган: “Машраб нақшбандийлик шахобчаси бўлмиш қаландарлик маслагини тутган ва уни ижодида тарғиб этади”.(Қозоқбой Йўлдошев, Валижон Қодиров, Жалолбек Йўлдошбеков.Адабиёт.Умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синфи учун дарслик-мажмуа.Тошкент, “Янгийўл Полиграф сервиси”, 2006, 126-бет). Мазкур маълумот дарслик учинчи нашрининг 116-бетида ҳам айнан такрорланган.
Энди аниқ бўлдики, тестнинг тўғри жавоби иккита экан. Қоида бўйича, ҳар қандай тест саволи битта тўғри жавобга эга бўлиши керак. Иккита тўғри жавобга эга бўлган тест брак тест, яъни нотўғри тузилган тест ҳисобланади. Д.Солиев ўз жавобида тўла ҳақли. У амалдаги умумтаълим ўрта мактаб дарслигидаги бор жавобни белгилаган. У – оддий мактаб битирувчиси,  мутахассис ҳам, олим ҳам эмас. У тестнинг жавоби икки хиллигига ҳам, дарсликларда жавобнинг турлича талқинлари мавжудлигига ҳам айбдор эмас. Тестнинг дарсликлар бўйича иккита тўғри жавобга эгалигига ва дарсликларда тестнинг икки хил жавоби мавжудлигига дарслик муаллифлари, тест тузган мутахассис ҳамда шу тестни Давлат кириш имтиҳонларига киритган ДТМ экспертлари айбдор. Улар нафақат айбдор, ҳатто жавобгар ҳам. Чунки битта тестнинг нотўғри тузилганлиги инсон тақдири нотўғри ҳал қилинишига сабаб бўлмоқда.
Тасаввуф таълимотига тааллуқли аниқ илмий маълумотлар шуни тасдиқлайдики, тестда сўралган “қаландарлик” – маслак ҳам, мазҳаб ҳам, бирорта тариқатнинг шахобчаси ҳам эмас. Қаландарлик ўзи алоҳида тариқат бўлмагани сингари, бирорта бошқа тариқатга мансуб ҳам бўлолмайди. 9-синф “Адабиёт” дарслиги муаллифлари  қаландарликни “маслак” деб атайдиларки, бу – нотўғри. Чунки, “маслак” термини “тариқат” термини билан маънодош, яъни синоним. Ҳар иккала  термин ҳам  бир хил – диний-фалсафий йўл деган тушунчани англатади. Аслида, қаландарлик – маслак ҳам, тариқат ҳам эмас. 9-синф “Адабиёт ” дарслиги  муаллифлари қаландарликни яна  “нақшбандийлик шахобчаси бўлмиш”, деб ёзадилар. Бу қараш ҳам ҳеч қандай илмий асосга эга эмас. Бирорта манбада нақшбандийликнинг шахобчаси мавжудлиги ёки  қаландарлик нақшбандийликнинг шахобчаси бўлганлиги ҳақида маълумот йўқ. 10-синф “Адабиёт ” дарслиги муаллифлари қаландарияни “мазҳаб” деб атайдилар. Аммо, дин тарихида саноқли диний мазҳаблар тасниф этилган, қаландария уларга нисбатан жуда тор ва кичик тушунча. ”Мазҳаб” термини йирик диний партиялар тушунчасини билдиради. Масалан, ханафия мазҳаби, шиа мазҳаби каби. Қаландарлик эса  мазҳабга нисбатан майдароқ – маслак, тариқат даражасида шакллана олмагани сингари, мазҳаб сифатида ҳам шаклланмаган. Умуман, қаландарликнинг оқим сифатидаги асосий қирралари илм-фанда ҳанузгача ҳам аниқланмаган. Шундай бир вазиятда, тасаввуфдек мураккаб ва чигал соҳа бўйича мутахассис бўлмай туриб, дарслик муаллифларининг юқоридаги асоссиз фикрларни таваккалига ёзиб юборганликлари катта хатодир. Мактаб дарсликларида бундай маълумотларга асло эҳтиёж ва зарурият йўқ эди. Бундай таги йўқ маълумот мамлакатдаги миллионлаб ўқувчиларни, қирқ мингдан ортиқ она тили ва адабиёт ўқитувчиларини, ниҳоят, ДТМ экспертларини ҳам чалғитиб, чалкаштириб келмоқда. Бу чексиз маънавий зарардир.
Педагогика фанлари доктори Қ.Йўлдошев ўзи ўзбек мумтоз адабиёти бўйича мутахассис бўлмай туриб, айрим мумтоз адабиёт вакилларини чеккага суриб чиқариб, бир неча дарсликларга муаллиф бўлиб олди. Бу ҳам етмагандек, тендер баҳонасида, уят ва андишани унутиб, адабиётшунос мутахассис бўлмаган, оддий журналист ўғли Жалолбек Йўлдошбековни 9-синф адабиёт дарслигига ҳаммуаллиф қилиб олди. Ҳақиқий муаллифларни четлатишдек қилмишини хаспўшлаш учун, “мутахассисми-мутахассис” дегандек, матбуотда бирор кичкина мақола эълон қилса ҳам, мутахассислар томонидан “акс-садо” орқали тузатилмасдан иложи йўқ бўлган Валижон Қодировни ҳаммуаллиф қилиб олди. Ҳамма соҳалардагидек, ишга ихтисоссиз ёндашув дарсликлар сифатида ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқарди.
Абитуриент Д.Солиевнинг йўқотилган 2,1 балини тиклаш учун нажот излаб мурожаат қилмаган идораси қолмади. У қуйи идоралар раҳбариятига ҳам, Давлат қабул комиссиясига ҳам мурожаат қилди. Улар маъмуриятчилик услубидаги жавоб билан чекландилар. Муаммони фақат биргина чора, суд орқали ҳал қилиш йўли қолди, холос. Д.Солиев, одил судлов йўлидаги демократик ислоҳотлар сиёсатига ишониб, ўз тақдири учун судлашишга аҳд этди. Чунки суд абитуриентнинг битта тўғри жавоб учун 2,1 балл қонуний ҳақини ундириб бериши ва у 216,1 балл билан ўқишга бемалол кириб кетиши мумкин эди. Суд жараёни узоқ чўзилди. Аммо, суд ҳам жабрдийда йигитга нажот беролмади. Давлат Тест марказини айбдор қилолмади. ДТМ эксперти суд залида очиқ-ойдин агар бу абитуриентнинг йўқотган бали тикланадиган бўлса, миллиононлаб одамлар кўтарилиши мумкинлигини эътироф этди. Абитуриент дарслик муаллифини ҳам судга бериб кўрди. Аммо қонунларимиз ҳали бундай оқибатлар жавобгарини аниқлаш ва унга нисбатан ҳуқуқий чора қўллаш даражасида такомиллашмаган экан. Суд осонгина ажрим чиқариб, жабрдийдага қабул комиссиясига ва таълим муассасаларига мурожаат қилишни тавсия этди. Толиққан талабгор орзусидан воз кечишга мажбур бўлди.Отанинг қарғишдан бошқага кучи етмади.
Янги 9-синф дарслигининг энг аянчли томони шундаки, унга кўчирмакашлик иллати оралаган. Дарсликни ўқиётиб, ўз жумлаларимни таниб, унинг муаллифлиги масаласида иккиланиб қолдим. Қаландарлар ҳақидаги мана бу жумлаларни ўзаро қиёслаб кўрайлик: “Улар ҳар қандай дунёвий исканжадан озод бўлиш учун муқим уй-жой, макон тутмаганлар” (9-синф дарслиги,117-бет). Энди 10-синф дарслигида ўқиймиз: “Қаландарлар ҳар қандай дунёвий исканжадан озод бўлиш учун доимий макон ҳам қурмаганлар”7.
Дарсликнинг Огаҳий қисмида “Устина” радифли ғазал таҳлили” (138-140-бетлар) тўлиғича биздан кўчирилган. Муқояса учун айрим жумлаларни келтирамиз. 10-синф дарслигимиз 4-нашрининг 343-бетидан: “Мушкин қош”, яъни қора ва нафис қош туклари “чашми жаллод” – жаллод кўзлар атрофида ҳайъат аъзоларидек саф тортишган. Кўзнинг қатл этувчи, жон олувчи жаллод сифатида тасвирланиши анъанавий ҳолат. “Мушкин қош” ибораси ҳам анъанавий. Бироқ мушкин қош тукларининг ҳайъат сифатида жонлантирилиши ва жаллод кўзлар билан иттифоқ туздирилиши Огаҳийнинг ижодий кашфиёти – новаторлигидан далолатдир. Новаторликнинг қиёмига етган ҳосиласи шундаки, қошлар кўзлар билан иттифоқ тузиб, ошиқни қатл этиш учун ҳукм чиқарадилар. Бунинг бадиий ифодаси ҳам жуда мароқли”. Энди 9-синф янги нашрининг 138-бетидан ўқиймиз: “Мушкин (қора ва хушбўй) қош” туклари, “чашми жаллод” – жаллод кўзлар устида ҳайъат аъзоларидек саф тортишган. Кўзнинг қатл этувчи, жон олувчи жаллод сифатида тасвирланиши анъанавий ҳолат. “Мушкин қош” ибораси ҳам анъанавий. Бироқ мушкин қош тукларининг ҳайъат сифатида жонлантирилиши ва жаллод кўзлар билан иттифоқ туздирилиши Огаҳийнинг ижодий кашфиётидир. Кашфиётнинг қиёмига етган ҳосиласи шундаки, қошлар кўзлар билан иттифоқ тузиб, ошиқни қатл этиш учун ҳукм чиқарадилар. Бунинг бадиий ифодаси ҳам жуда мароқли”.
Биз дарсликларнинг бошқа қисмларини қиёсий     текшириб кўрмадик ва бунга ортиқча вақтимиз ҳам йўқ. Лекин бир яхлит қисмини бошқа олимнинг интеллектуал мулкидан ўмарган муаллифларнинг дарсликларнинг бошқа қисмларини ўзлари ёзганларига ишониб бўладими ? Йўқ, “Ёлғончининг жазоси” эртагида одамлар ёлғончининг рост гапига ҳам ишонишмаганидек, ўғриларнинг ҳалол меҳнатига ҳам ишониб бўлмайди. Хўш, нега дарсликларимиз бундай аҳволга тушиб қолди ? Бу саволга жавоб тариқасида хулосаларимизни умумлаштирсак ҳам бўлади.
Аввало, дарсликларнинг назоратдан четда қолиб кетганлиги бош сабаблардан бири. Дарсликлар адабиётшунослик маҳсулининг бир йўналиши сифатида илмий-адабий жамоатчиликнинг доимий диққат марказида бўлиши лозим. Иккинчидан, дарсликлар соҳанинг атоқли вакиллари, миллатнинг виждони бўлган зиёлилар томонидан ёзилишига эришиш, бу соҳада юқорида кўрилгани сингари монополиялаштиришга, худбинлик, ўзбошимчалик ва манфаатпарастликка йўл қўйилмаслиги зарур. Учинчидан, дарсликлар нашрдан олдин амалда таҳрир ва тақриз қилинмай келган. 8-9- синф дарсликларининг ҳар учала нашрларига ҳам В.Раҳмонов масъул муҳаррир этиб белгиланган. Бу шахсни жамоатчилик синчков бир мутахассис сифатида яхши билади. Агар у ҳақиқатан ҳам масъул муҳаррирлик қилганида, дарсликлардаги бирорта хато унинг назаридан қочмаган бўларди. У дарсликларнинг ақалли бирорта нашрини ҳам, ҳатто, ўқиб чиқмаган. Ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қараб келган. Кейинги нашрларда Таълим марказининг етакчи методистлари Н.Ғуломова ва К.Усмонова В.Раҳмоновга шерик масъул муҳаррирлар бўлиб олишган. Лекин улар бу ишнинг уддасидан чиқадиган мутахассислар эмас, қандайдир манфаатни кўзлашган, холос. Минбаъд бундай масъулиятсиз муҳаррирлардан воз кечган маъқул. Тақризчилар ҳам хўжакўрсинга белгилаб келинган. Дарсликлар нашр олдидан ҳақиқий. Ҳалол тақриз қилинмаган. Танқид ва адабиётшунослик кенгашининг папкасида филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоевнинг 8-синф дарслигининг бир нашри учун ёзилган тақризи сақланади.У жуда юзаки ёзилган ва бирорта камчилик кўрсатилмаган, демакки, муаллиф қўлёзмани ўқимаган. 8-синф дарслигининг учала нашрида ҳам шоир Усмон Қўчқоров тақризчи деб ёзилган. Аниқланишича, У.Қўчқоров бу китобларга тақризчи эканлигини билмаган ҳам. Биз виждонли, ҳалол бу шоир, таржимон, муҳаррир билан суҳбатлашганимизда, у дарсликка тақриз ёзиш масъулиятли иш эканлигини, ҳатто, ундан илтимос қилишганида ҳам, рад этган бўлишини, шаънига нолойиқ иш қилишганини афсус билан таъкидлади. Бу – учига чиққан кўзбўямачилик эмасми ? Ахир, бу ошора давлат ва жамиятни алдаш – хиёнат-ку ! Эндиги нашрларда бундай қусурлардан сақланишимиз лозим.

Сайт бўлими: Адабий танқид

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ