"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Қозоқбой Йўлдош. Айрилиқнинг умидбахш тасвири

Ўқилди: 674

Қозоқбой-ЙўлдошМеванинг тоти у етишган оғочга қанчалик боғлиқ бўлса, ижодкорнинг битганлари унинг шахсиятига ҳам шунчалик алоқадордир. Собиқ шўро давридаги ижодкорлар орасида Зулфия шеърияти шу жиҳатдан, айниқса, ажралиб туради. Унинг нозик чизгилар, гўзал ташбиҳлар билан бир вақтда “инсон руҳиятини ғажиб ташлай оладиган” айрилиқдан туғилган тийиқсиз изтироб, тақ­дирнинг нотантилигига пўртанавор исён акс этган лирикаси шоира шахсияти ва руҳиятидаги инжа манзаралардир, дейиш мумкин.
Зулфия ижодида ҳижрон, садоқат тўғрисидаги шеърлар салмоқли ўрин эгаллайди. Бу – табиий ҳол. Негаки, у ўзининг икки киши учун яшалган узоқ умри давомида айрилиқнинг эллик икки йиллик йўлини босиб ўтиб, ҳижрон куйчиси ва садоқат тимсолига айланди. Шоиранинг ниҳоясиз айрилиқнинг ҳасратлари акс этган шеърларида бадбинлик, умидсизлик, ношукурлик, сўнгсиз қайғуга асирлик туйғулари йўқ. Унинг ҳижронзада шеърларида суйгувчи, суйгани боис айрилиқдан қаттиқ куйгувчи, аммо ҳаётдаги ёруғликларни кўра олгувчи ва кўрганига шукроналик қилгувчи шокира аёл сезимлари акс этган.
Зулфиянинг машҳур “Баҳор келди сени сўроқ­лаб” асарида унинг ҳижрон мавзусидаги барча бошқа шеърларидаги каби кучли дард, чегарасиз ҳижрон акс этган. Улкан инсоний алам, ўкинчнинг шеърга йўғрилган самимий ифодаси шеърхоннинг кўнглини титратади. Чунки титраган кўнгилнинг манзараси ўқирман руҳияти ва ҳиссиётини ҳам титратиши тайин. Шеърда ифода этилган шоира, баҳор, ел тимсолларининг бари соғинч дардига мубтало. Уларнинг учаласи ҳам ўрик гулларига мафтун бўлиб, баҳор елларини “бахтим борми дея” сўроққа тутган, шоиранида, баҳорнида, елнида яхши кўрган жингала сочли хаёлчан йигит Ҳамид Олимжонни бирдай соғинишган. Бу дард уч қайғукашни бир-бирига яқинлаштиради, уларни бир-бирини суяшга, бир-бирини туйишга ундайди.
Биринчи тўртлик мазмун-моҳияти билан шеърга кириш вазифасини ўтайди. Лирик қаҳрамоннинг атрофидаги ҳамма нарса баҳор қайтиб келганидан дарак беради. Табиат марҳаматли, унда фасллар айланиб келаверади. Кўклам гўзаллигига бурканган олам – тўкис. Унда бултур бор бўлган нарсаларнинг деярли барчаси бу йил ҳам мавжуд. Лекин лирик қаҳрамон, баҳорнинг ўзи ва сарин ел учун олам тўкис эмас. Улар кимнидир қўмсайди, қидиради, топгиси келади.
Шеърнинг иккинчи бандида лирик қаҳрамон излаётган одамининг табиати қандайлигини туйдиришга диққат қаратилади:
Қанча севар эдинг, бағрим, баҳорни,
Ўрик гулларининг эдинг мафтуни.
Ҳар уйғонган куртак ҳаёт берган каби
Кўзларингга суртиб ўпардинг уни.
Ўқирман кўкламни яхши кўрган, ўрик гулларига мафтун бўлиб, шаънига шеърлар битган, баҳорда уйғонган ҳар бир куртак гўё унга ҳаёт бергандай кўзларига суртиб ўпадиган одамнинг табиати, ҳиссиёт оламини сезгандай бўлади. Баҳорнинг уни излаб сарсари кезишини ҳам бу шахснинг қандайлигини кўрсатувчи белги дейиш мумкин. Шеърда баҳорнинг ҳолати: “Қишнинг ёқасидан тутиб сўради сени, Ул ҳам ёш тўкди-ю чекилди нари” мисралари орқали берилиши кўкламга муҳаббат қўйиб, уни ҳам ўзига шайдо қилган шахс табиати ҳақида муайян тасаввур уйғотади. Баҳорнинг қиш ёқасидан тутиши шоира кўнгил ҳолатини ифодалаши билан бирга яралиш фасли кўкламнинг йўқотиш фасли қишга муносабатини ҳам акс эттиради. Оламни рамзий идрок этишга одатланган халқимизнинг бадиий тажрибаси бу ўринда “қиш” тимсоли ўлим рамзи сифатида келаётганлигини англатади. Қишнинг баҳор берган ҳақ саволга жавоб тополмай кўз ёши тўкиши, нари чекиниши билан лирик қаҳрамоннинг кўклам ели сўроқлари қошида лол қолиши ҳолатидаги уйғунлик тасвири шеърхонни ўзига ром этади. Ўқирман ўз ҳусну кўркини кўрсатмоқчи бўлиб шоир йигитни боғлардан, яшил қирғоқлардан қидирган шаббоданинг уни тополмагач, қаҳр билан бўронга айланиб жарликларга бош олиб кетиши, аламдан тоғларнинг тошини сойларга қулатиши тасвирини табиий қабул қилади. Сезгир ўқирман лирик қаҳрамоннинг яноқлари заъфаронлиги сабаблари тўғрисида ҳам ўйга толади.
Шеърда лирик қаҳрамон ётоғига кириб, уни саволга тутган тонг елининг дарди инсоннинг дарди каби самимий ва чин тасвирланган. Бу мисралар билан танишаётган ўқирман томоғига йиғи тиқилгандай бўлади. Лирик қаҳрамон, ел ва баҳорнинг шеърда акс этган қайғузада ҳолатларини туйиш шеърхон ҳиссиётини жунбушга келтиради. Шеърнинг кучи ҳам одамни ана шу ҳолатга сола билганида:
…Қани ўша куйчи, хаёлчан йигит?
Нечун кўзингда ёш, туриб қолдинг лол?
Нечун қора либос, сочларингда оқ?
Нечун бу кўкламда сен паришонҳол?
Елнинг соғинч ва алам тўла бу саволлари қар­шисида лол қолган, ўттизга ҳам кирмай сочларига оқ оралаган, қора либос кийган паришонҳол маъшуқа не қиларини билмай, унинг этагидан тутиб, у билан бирга қабристонга – ошиқ ёнига кетади. Елнинг алам зўридан афтода кезиб, оғочларнинг ҳали уйғонмаган куртак­ларига ғамнок сўзлаши, ҳали очилмаган ғунчалар бағрини чок-чок этиши ҳолати тасвири катта таъсир кучига эга. Шеърда табиат ҳодисалари билан шоира дардининг моҳирона уйғунлашуви инсон ҳам, табиат ҳам тақдир иродаси олдида ожиз эканини кўрсатади. Кўклам ҳам, ел ҳам маъшуқа сингари бу йўқотишга кўнишга мажбур. Улар кўнмай иложлари йўқлигини билишади, аммо айрилиққа кўникиш ҳам қўлларидан келмайди. Тирик жонки бор ҳаётнинг азалий қонунлари билан ҳисоблашишга мажбур. Ана шу мажбурият шеър қаҳрамонини яшашга маҳкум этади. Қолаверса, шоира суюклисининг ҳаётини давом эттириш, жўшқин овозини сўндирмаслик учун ҳам яшаши керак. Шеър­нинг сўнгги бандидаги: “Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда, Ҳаётни куйлайман, чекинар алам. Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда, Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам” мисраларида акс этган некбин самимият, икки киши учун яшаш масъулиятини зиммасига олган лирик қаҳрамоннинг қатъий ишончи ўқирман кўнглида чуқур из қолдиради. Сўнгги банднинг ифода тарзига эътибор қилган шеърхон шоиранинг қатор бадиий кашфиётини сезади. Чунончи, мисраларда “ҳ” товушининг тўрт бор қайтарилгани, “т” билан бошланадиган икки сўзнинг ёнма-ён келтирилгани, “қалбимда”, “қўлимда”, “ёдимда” сўзларининг мусиқий оҳангдошлигидан моҳирона фойдаланиш шеърнинг таъсир даражасини ошириб, уни ҳижрон лирикасининг юксак намуналаридан бирига айлантирган.
Шоиранинг айрилиқ ифодаси бўлмиш яна бир шеъри “Кўрганмидинг кўзларимда ёш” деб аталади. Шеърнинг биринчи бандида гул беришнинг икки шакли тасвир этилган. Олдин ошиқ лирик қаҳрамон – маъшуқага гул келтирган бўлса, ўлим уларнинг ўрнини алмаштиради. Лирик қаҳрамоннинг: “Энди ҳар чоғ мен элтаман гул”, – деган ҳасрати сабаби шунда.
Зулфиянинг ҳижрон лирикасида унга ҳамиша табиат ҳамдард. Бу ҳолат шеърнинг иккинчи бандида яққол акс этган:
Келдим. Узоқ қолдим мен сокин,
Сенинг азиз бошингда ёлғиз.
Осмон тиниқ эди ва, локин
Парча булут етиб келди тез.
Осмон тиниқ бўлишига қарамай, йўқ ердан парча булутнинг етиб келиши, лирик қаҳрамоннинг кўзларида ёш кўриб, унинг изтиробларига бардош қилолмай, дув-дув ёш тўкиши тасвирининг таъсир даражаси, самимийлиги, ҳаққонийлиги, ҳаётий асоси шеърхонни ўйга толдиради.
Шеърнинг сўнгги бандидаги дастлабки икки мисра ўқилганда, икки мунглуғ жоннинг ҳолатидан ўқирман юрагида ҳам исмсиз бир оғриқ пайдо бўлиб, кўзга ёш қалқитади. Бу мисралар ўқирман кўнглида қани эди, шоира излаётган одам: “Келдингми?”- деб ётган жойидан бош кўтара қолса, деган истакни уйғотади. Шеърхонда ана шундай туйғуни пайдо қилишнинг ўзи шоир учун энг юксак натижага эришмоқдир. Асл интим лирика намунасигина шундай қувватга эга бўлади. Одам ўзганинг эмас, ўзининг туйғулари тасвирини бергандагина самимий бўла олади. Зеро, синчков адабиётшунос Файзулла Салай қайд этганидек, интим лирика: “…самимий дўстлик, муҳаббат, вафо ва садоқатни тараннум этувчи лирик асарлардир. Интим лирика пайдо бўлиши жиҳатдан ғоят қадимийдир. Негаки, илк санъат асарларида кишилараро муносабатлар етакчи ўрин тутганлигига шубҳа йўқ. …Дил рози, муҳаббат изҳори, ҳижрон дарди, висол қувончи барча халқлар шеъриятининг доимий мотивларидан саналади”.
Зулфиянинг “Сен қайдасан, юрагим” шеъри Ҳамид Олимжон вафотидан бир йил ўтгач ёзилган бўлиб, унда ҳижрон ўтида қоврилаётган аламдийда аёлнинг чин туйғулари ёрқин акс эттирилган. Ўқувчини шеър­нинг оҳанги ўзига жалб этади. Мазмуни ғамдан иборат шеърнинг оҳанги ҳам ғамгин. Бу оҳангда адоқсиз ғам оғушидаги шоиранинг шикаста овози, йўқсил руҳи акс этади. Ҳазин оҳанг ўқирман туйғулари кўзини очиб, шеър руҳи туйилишини осонлаштиради.
Зулфия учун Ҳамид Олимжон ҳам севимли ёр, ҳам маслакдош дўст, ҳам устоз эди. Энди у – йўқ. Йиғ­ламаслик, ғамга чўкмаслик имконсиз. Ирода ожизлик қилмоқда. Атрофда одам кўп-у, лирик қаҳрамон “якка-ёлғиз”. Чунки унинг суйгани оламда биргина эди, холос. Унинг ўрнини босиб, қаҳрамонни ёл­ғизликдан ха­лос эта оладиган одам йўқ. Унинг хаёли ўзи билмагани ҳолда йўқотганини излаш билан овора. Ёрини йўқотганидан дунёнинг рангсизланиб қолганини шоира: “Бирдан қалбим кексариб”, – дея ифодалайди. Бор-йўғи ўттиз ёшдаги шоиранинг дарду ҳасрати шеърда бандма-банд ошиб бораверади: “Қайга кетдинг, юрагим, Битди бардош ва тоқат. Суҳбатингдир тилагим, Тилда ҳасратим қат-қат”. Айрилиқ зўридан тили ва дилида ҳасратлар қат-қат бўлган муштипар аёлнинг руҳияти ушбу мисраларда яққол акс этган.
Зулфия ёридан айрилган кезларда одам ўз ға­мини айтиш имконидан ҳам маҳрум экани фожиа кўламини яна кучайтиради. Негаки, ҳукмрон мафкура совет тузумида яшаётган одамларнинг ҳаммасидан ёппасига бахтиёрликни талаб қиларди. Қайғу ҳақида гапираётган одам мавжуд тузумнинг душмани саналарди. Зулфияга, юраги аламлардан пора бўлган ёрга, ҳижрондан ўртанаётган бева аёлга, норасида фарзандларининг сўроқларига жавоб топиб бера олмаётган бағри қон онага, бахтсизликдан ўртанаётган шоирага ғам тўғрисида, ҳижрон тўғрисида керагидан ортиқ ёзмоқда деган айб қўйилади! Бу даъвони бегоналар эмас, уни яхши биладиганлар, ёнида юрганлар қилишади. Ушбу ҳолат шеърда, гарчи, “Йиғлайсан деб дўстларим таъна қилар. Нетай мен?” тарзида мулойим бир ҳазинлик билан ифодаланган эса-да, бу мисралар замирида адоқсиз ва унутилмас алам силқиб ётибди.
Аҳдида устувор ва туйғуларига хиёнат қилмаган шоиранинг кечинмалари совимайди. Алами, ҳижрони ҳар зумда янгиланиб, тобора  кучайиб бораверади. Рўзғори, фарзандлари, китоблари, дўстлари йўқотган кишисини қайта-қайта эсга солавергани боис қуйидаги ўтли сатрлар қоғозга инади: “Совуш бермайди менга, Ёқиб кетганинг олов”. Муҳаббатнинг олови – мангу ёнгулик қудратга эга. Ақл ёрнинг қайтиб келмаслигига иқрор бўлса ҳам, руҳ бунга кўникмайди, у бераҳмлик билан қайтмас бўлиб кетган ёрга талпинаверади. Садоқатли шахснинг азоблари тинимсиз давом этаверади. Ушбу драматик ҳолат шоиранинг шахсигагина тегишли бўлса-да, у кечирган туйғулар чин бўлгани боис бошқаларга ҳам бегона эмас.
Шоиранинг “Не балога этдинг мубтало” шеърида Ҳамид Олимжон номи тўғридан-тўғри тилга олинмайди. Аммо шоиранинг ҳаёт йўли билан бирмунча таниш бўлган ҳар бир ўқирман шеърнинг у ҳақда эканлигини туйиши тайин. Шеърдаги аламли мурожаат, жавобсиз саволлар кимга аталганини аниқлашга уриниш шунга олиб келади. Шеър 1945 йилда ёзилган. Фожиа рўй берганига йил ўтган, лекин унинг аламлари эскирган эмас. “Ўтди ойлар ғам билан оқиб, Дил топмади зарра тасалло” мисраларида шоиранинг инсоний дарди кўлами тасвир этилади. Ойларнинг ғам билан оқиши тасвири туйғунинг миқёси ва шиддатини ўқирман тасаввурида гавдалантиришга хизмат қилади. Айрилиқ туфайли пайдо бўлган ғам дарёдай оқмоқда. Ҳижрон ойлари ана шу ғам ўзанида оқиб бормоқда. Вақт тинимсиз ўтиб бораётир. У ҳар қандай дардни унуттириши керак. Лекин вақтнинг ўтишидан шоира дили зарра қадар тасалли топа олмаяпти. Ҳақиқий ва улкан йўқотиш олдида вақт ҳам ожиз.
Иккинчи банддаги “Кўз очгани қўймайди алам, Бошим қўйсам куйдирар болиш” мисраларида теран поэтик маъно ўта таъсирли шаклда ифода этилган. Аламнинг зўридан кўзини очолмайдиган ҳолга тушган, юрагидаги ғам ўтининг кучи бева аёлнинг аслида муздай бўладиган болишини куйдирар даражага етгани ифодаси шоира туйғуларини ўқирманга ҳам тўла юқтиради. Кўнгилда ёнаётган айрилиқ алангаси сабаб ёстиқ бошни куйдириши ифодасининг шу қадар шоирона берилиши ўқирманни бефарқ қолдирмайди. Шеърда изтиробли туйғулар ғоят изчил тасвирланган: вужуд ва юрак қийноғи ифодасидан кейин бу қийноқларни босиш учун китоб ва қаламга қўл урилгани, аммо на китоб, на қалам қаҳрамонни юпата олгани акс этади. “Мисраларим кўтарар нолиш” сатрида эса кучли мантиқ жуда чиройли ифодасини топади: айрилиқ исканжасидаги одам ғамни унутмоқ учун қўлига қалам олса-да, қалам ўз-ўзидан яна нолани, яна дардни, яна ҳижронни ифодалайверади! Чунки чинакам шеър кўнгил ҳолатининг манзарасидир. Кўнгилда эса айрилиқ дарди ҳукмрон. Шоира ўз ҳиссиёти хуружининг қуюқ манзарасини бергач, сўрайди: “Наҳот шунча маъсум, шунча пок Севишмоқда алам бор шунча”. Сиртдан қараганда, бу сўзлар ошиққа қаратилгандай кўринса-да, аслида тақдир, қисмат сўроққа тутилмоқда. “Шунча” сўзининг такрор ишлатилиши ғамининг нақадар катталигини ўзи ҳам тузукроқ тасаввур қилолмаётган киши ҳолатини акс эттирган. Ҳушёр шеърхон юқоридаги мисраларда Ҳамид Олимжоннинг машҳур “Офелиянинг ўлими” шеъридаги “Ҳали севишмоқда шумидир маъно? Фақат азоб бордир қисматда, наҳот?” сатрларининг нуқси борлиги ва бу табиий эканини англайди.
Шеърнинг сўнгги банди ўқирманни ўйлашга ундаши, туйғулар ранг-баранглигини сезишга йўналтириши билан ажралиб туради:
Эриб кетмагандим севгингдан,
Бўлмасликчун бахтингдан жудо,
Бирга қолиш учун сен билан
Куяману бўлмайман адо.
Шоира вужудидаги туйғулар мавжи уни бахтиёр дамлар қатланиб ётган хотиралар қирғоғига келтириб ташлайди. У армон билан эслайди: тириклигингда сен­дан айрилмаслик, бахтдан жудо бўлмаслик учун оловли муҳаббатинг тафтида эриб кетмагандим. Энди қабринг пойида сен билан бирга қолиш учун шамдай куяману, аммо адо бўлмайман! Демак, аввал, эриш мумкинлигида айрилмаслик учун атай эримагандим, энди сенга қўшилиш учун атай куйиб кетмоқчиману эрий олмаётирман! Бир юксак туйғунинг икки қарама-қарши маънолар ташийдиган байтларда ифодаланишидаги ифода гўзаллиги шеърнинг бадиий қимматини оширади.
Зулфиянинг “Сенсиз” шеъри 1970 йилда ёзилган. Мазкур шеърни шоира ҳаётидаги фожианинг бевосита акс-садоси дейиш қийин, чунки орадан чорак асрдан кўпроқ вақт ўтган, оддий тасаввурларга кўра, ҳар қандай ғам-алам унутилиши учун етарли фурсат кечган. Шеърнинг оҳиста бошланган дастлабки мисралари ҳам шуни тасдиқлагандай бўлади: “Мана бир умрни яшадим сенсиз, Қайтмас шодликларнинг қайтишин кутиб”. Ўқувчи илк мисраларнинг маъносини чақиб, улар замиридаги гўзалликни кўра олса, қуйидагиларни кашф этган бўларди: шодликлар ошиқ билан қабрга кирган, шу боис қайтмас, лирик қаҳрамон буни жуда чуқур ҳис этади. Аммо у умидвор инсон, барибир қандайдир мўъжиза юз бериб ёрининг қайтишини кутаверади. Шу тахлит алдамчи умид билан бутун бир умр яшаб қўйилибди! Шунинг ўзи – бир инсонга етгулик фожиа. Аммо шеърдаги фожиавий оҳанг мисрама-мисра янада юксалиб бораверади. Чунки лирик қаҳрамоннинг ярадор қалбини бахт ҳам, баҳор ҳам, қиш ҳам қийнайди. Негаки, бировнинг бахти ўзининг бахтсизлигини эсига солади, ёрнинг севган фасли баҳор қайтиб келаверади, баҳорни севувчи инсоннинг ўзи эса йўқ. Қиш – оғир кечадиган фасл, шу боис бари- бир баҳорни – йўқотилган севгини эсга тушираверади. Қайғуга ҳам бефарқ бўлолмайди, зотан, ҳар қандай инсоннинг ҳар қандай қайғуси қаҳрамон қайғусига ўх­шаш, ҳамоҳанг!
У севиклисини унута олмайди, эсдан чиқаришга уринса ҳам, бунинг уддасидан чиқолмайди. Ва ай­рилиқдан ҳадсиз қийналиб кетганларида хаёлан ёридан сўрайди: “Тирик экан нега ташлаб кетмадинг?” Бу мисра – суйган одамнинг иложсизликдан, муҳаббат ва айрилиқ қаршисидаги ожизликдан билдирган норозилигининг авж ифодаси. Шундан кейинги мисраларда ёрнинг тириклигида шоирани ташлаб кетишига сабаб бўлиши мумкин бўлган хаёлий гўзалнинг сифатлари келтирилади. Шоиранинг тасвирича, суйганидан тирикликда айрилганда, кейинги ҳижрон бу қадар оғир кечмаган бўларди!
Лирик қаҳрамоннинг туйғулари – покиза. У билади ҳижрон азобли, тирик туриб айрилиш ҳар недан қийин, лекин севган кишисининг ҳаёти учун ҳар қандай азобга-да тайёр: “Билардим, қайдадир оласан нафас”. Шоира туйғулар тасвири маромини бузмайди. Лирик қаҳрамон севгиси рад этилган ҳар қандай аёл сингари: “Биламан, рашк мени этарди ҳалок, Афзал кўрганингни қарғаб ўтардим”, – деган сўзлари билан ўзининг бир аёл сифатидаги асл туйғуларини очиқ айтади. Жонидан ортиқ яхши кўрган кишисининг қандайдир бошқа биров билан қайдадир нафас олишини ҳис қилиш қаҳрамон учун осон эмас. Гарчанд, у бугунга келиб, қайтарилмас йўқотишлар қаршисида шунга ҳам рози эсада. Шу боис у нега тириклигингда ташлаб кета қолмадинг, айрилиқни кечириш осонроқ бўлармиди деб иддао қилади.
Зулфия шеърларининг аксариятида кучли образ, порлоқ фикр кўпинча сўнгги бандда берилади. Лирик қаҳрамон ўз қисматининг тахирлигидан нолиб келар экан, туйғулар жунбуши борган сари юксалиб бораверади. Сўнгги бандда, ниҳоят, шоира тан олади: “Маъ­юс тақдирингга яшаб мен шерик,  Мушкул бўлаётир шодлик яратмоқ”. У ёрининг қисматисиз, унинг маъюс тақдирига шерик бўлмасдан яшай олмайди. Нораво ҳаёт эса ундан “шодлик яратишни” талаб этади. Шу боис лирик қаҳрамон суйганидан норози бўлади, шу сабаб алам билан унга мурожаат этади: “Нега тирик экан ташлаб кетмадинг, Ташлаб кетмадинг-са бошлаб кетмадинг?!” Лирик қаҳрамон ҳолатининг, туйғулари кўламининг ёрқин ифодаси шеърнинг сўнгги икки мисрасига гўзал жойланган. Шеърнинг энг сўнгги қаторида “экансан” сўзининг “са” тарзида ўта қисқартириб берилиши ҳам, -са шакли туфайли жумла қурилишидаги ўзгаришлар ҳам қаҳрамон руҳий ҳолатини қуюқроқ ифодалашга, тасвирнинг таъсирчанлигини оширишга хизмат қилган.
Зулфия фақат ўз шахсий ҳаёти қобиғида қолиши мумкин бўлмаган миқёсдаги ижодкор эди. Шоира айрилиқдан ўзга ҳаётий йўналишларда ҳам кўплаб севги шеърлари, достонлар, поэтик манзаралар яратган ижодкордир. Жумладан, шоиранинг “Ойдинда” шеърида кўкламнинг ёмғирдан кейинги тунларидан бирида юлдузлар чарақлаган осмон, оламни оқликка ўраган ой, хаёл каби тўзғин булутлар гўзаллигини кўриб ҳаяжонга тушган шахснинг кечинмалари, ҳайратлари қайтарилмас йўсинда акс эттирилган. Бу асар шоира шеърияти йўналишининг сертармоқлигини кўрсатиб, ҳассос қалбли ижодкорнинг айрилиқ шеърларидан кескин фарқ қиладиган бадиий юксак яратиқлари ҳам борлигини билдириши билан аҳамиятли. Шеърда ойнинг “жилиб-жилмас”лиги, “анҳорда қулун той”лиги-ю, “гилосда шиғил-шиғил” акс этганлиги, “булутнинг хаёлдай енгил”лиги тасвири ўқирман кайфиятинида лирик қаҳрамонникига шерик қилади.
Анҳор тинимсиз тўлқинланиб оқади, шу боис унда акс этаётган ой қулундай югурик. Ёмғир ювиб кетган гилос меваларининг ҳар бирида биттадан ой жилва қилади, шу боис гилосда “ой шиғил-шиғил”. Ҳовуз оқмайди, шу боис ой унга яхлит ойнадай бўлиб ёйилган, ойни яхшироқ кўрмоқ илинжида эгилган шоира яна бир Ойга – ўзига рўбарў келади. У гўзал малика янглиғ минг-минг юлдузни сидирғасига чайқаб, ерга судраб кетмоқда. Чунки тиниқ осмоннинг ҳовуздаги акси кўкдагидан-да тиниқ кўринади. Ортидан минглаб юлдузларни эргаштириб кетаётган ойдай малак ўқувчи кўз олдига келади. “Сел унутган кўлмаклар Мисли ойнинг сингани” мисраларидаги чиройли ўхшатишдан ташқари “сел унутган кўлмак” образли ифодаси ҳақида ўйга толиш, унинг тагига етишга уриниш шеърхонни юксалтиради. Самимий туйғулар ифодаси бўлмиш шеърдан ҳайратга туша оладиган, чинакам шеърий сатрлар бағридаги сеҳрни ҳис қилишга қодир ўқувчи маънавий оламида эзгу сифатлар шаклланиши шубҳасиздир.
Шоиранинг “Тун” шеърида кўнгил ҳолати табиат манзарасига маҳорат билан уйғунлаштирилган. Бу асарнинг дастлабки икки мисрасиёқ киши диққатини тортади: “Тоғ ортига ўтиб кетди кун, Секин чўкди тоза, салқин тун”. Бир қараганда куннинг тоғ ортига ўтиб кетиши ва туннинг кириб келиши табиатнинг жўн бир ҳолати. Лекин бу ҳолатнинг шоирона тасвири, бу тунда шоиранинг бедорлиги, қоп-қоронғилигининг ўзи билан кўнгилларда ҳадик уйғотувчи туннинг тоза деб ифодаланиши, унинг кириши “чўкди” тарзида таърифланиши кишини ён-веридаги нарса-ҳодисаларга бошқачароқ, шоирона кўз билан қарашга ундайди. Шеърга кириш вазифасини ўтаган бу икки мисра тингловчини руҳан тун қучоғига етаклагандай бўлади. Улар замиридаги сокин ва бетакрор оҳанг ўқувчини шу ҳолатга олиб киради.
Шеърнинг кейинги банди оҳанги эса тамомила ўзгачалик касб этади: “Мен дераза очганим чорбоғ, Сокин ухлар тун кўрпасида. Майин қўшиқ ёйилар ҳар ён, Эсиб ўтган ел шарпасида”. Кириш мисралардаги тунга муносиб сокинлик ўрнига илк бандда қувноқ ҳаётбахш оҳанг, табиатнинг чексиз гўзаллигини кўра оладиган, ундан завқлана биладиган, тошиб чиқаётган туйғуларини ифодалашни уддалайдиган лирик қаҳ­рамон тийнати акс этади.
Мисраларда “тун кўрпасига бурканган чорбоқ”қа дераза очган шоира туйғулари, ел шарпасидан таралаётган майин қўшиқни илғагандаги кўнгил ҳолати ўқирман тасаввурида гавдаланади. Иккинчи бандда шеърхон диққати тунни аллалаб оқаётган сувга тортилади. Ўқирман сувнинг тунни аллалаши тасвирига илк бор дуч келгани учун бу чиройли ташбиҳ уни ўзига ром қилади. Банддаги қолган уч мисра шоиранинг бедорлиги ҳолатини ифодалайди. Унинг ҳамроҳлари: “парча қоғоз”, “кичик бир қалам”, боши узра порлаб турган чироқ ва сув аллалаётган сокин тун. Маҳорат билан қилинган тасвир ўқувчи кўз олдига бедор лирик қаҳрамон “берилиб қулоқ сол”аётган туннинг куйи, қуйилиб келаётган хаёлларнинг ранг-баранглиги ва кўнгилдан кечаётган туйғулар ифодасига сўз тополмай шошиб қолган қаҳрамон ҳолатини келтиради. Сокин тунда кўнглида содир бўлаётган кечмишларга ранг ахтариб, топа олмай қийналаётган инсоннинг ҳолатини ҳиссиёт қўзғайдиган тасвирга айлантириш чин истеъдод эгасининггина қўлидан келади.
“Тун”нинг тўртинчи бандида парвона тимсоли тасвирга тортилади: “Соф ел эсар… Парвона учар, Чироқ атрофида ўргилиб, Ўзин уриб парт бўлади-ю, Столимга тушади келиб”. Шоира чироғи атрофида “ўргилиб”, ўзини оловга уриб “парт бўлган” парвона мумтоз адабиётда кўпинча ишқ ўтида ўзини қурбон қилган ошиқ тимсолида намоён бўлади. Мазкур шеър ўқувчиларни парвона кимнинг тимсоли экани тўғрисида ўйлашга мажбур қилади. Кейинги бандда тун таъсирида шоира кўнглидан кечган исмсиз туйғуларнинг шеър шаклида бир парча қоғозга тўкилиши жўнгина “мен ёзаман” шак­лида ифодаланган.
Шоиранинг юраги дунёдаги эзгулигу ёвузлик, гў­заллигу хунукликка очиқ экани боис ҳаётдаги ҳамма нарса унга таъсир қилиб, мувозанатдан чиқаради. Ҳаёт ҳодисалари туфайли кўнглида содир бўлаётган безовталик, дард унга тинчлик бермайди. У ёзмаса, тузалмайди, енгиллашолмайди. Унга тунлари уйқу бермай бедор қилган ҳам шу – дард. Самимий кўнгилда пайдо бўлган ва сўз билан моддийлашган дард қайсидир даражада, бошқаларга ҳам хослиги, уларнинг кўнгил торларини черта билгани учун ҳам шоиранинг шеърлари ўзгаларга таъсир қилади, ҳузур бағишлайди. Ўзгаларгада “юқади”ган дард туфайли лирик қаҳрамон тунни бедор ўтказиб, тонгни кутиб олади. Тун гўзаллигидан шунча таъсирланган шоира ёруғ тонгнинг тасвирига киришиб ўтирмайди. Чунки унинг тасвирига қалам ожиз…
Шеърнинг: “Кўзларимда эриб кетди тун, Ёйил­моқда, ёрқин жувон кун” тарзидаги сўнгги икки мисраси салмоқли бадиий ва мажозий маъно ташийди. Кўзининг олдида эриб кетган тун гўзаллиги кўнглида ғалаён қўзғаган лирик қаҳрамон ёйилаётган “ёрқин жувон кун”ни катта умидлар билан қаршилайди.
Ёрқин истеъдод, бетакрор шахсият, камёб тақдир эгаси бўлган шоира Зулфиянинг таъсирчан шеърияти узоқ йиллар миллат аҳлига самимият сабоқларини беришда давом этаверади.

Сайт бўлими: Адабий танқид

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ