"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Уйғун Рўзиев. Ялпиз тераётган қизалоқ (ҳикоя)

Ўқилди: 15 475

300400Кўкламнинг енгилгина шабадаси дарахт гуллари ва майсалар исини тинмай атрофга таратади. Бундай ҳаводан нафас олган кишининг бир зумда чарчоғи чиқади. Мактабдан одатдагидан эртароқ қайтган Бер­димурод муаллим қийғос гуллаган ўрик дарахти соясидаги сўрига чиқиб, шохлардаги маржондай тизилган гулчаларни ҳавас билан томоша қилди. Хотини Ҳафиза бешикдаги чақалоғини ухлатгач, дарров сўрига дастурхон ёзди. Кейин ошхонадан бир коса мастава олиб чиқиб, дастурхонга қўйди. Маставадан ялпиз иси уфурди. Бердимуроднинг кайфияти янаям кўтарилиб, иштаҳаси очилиб кетди. У ялпизларни Умида териб келганини пайқади.
Ялпиз териш қизалоғининг жону дили. Баҳор келиши билан ҳовли этагидаги сойда булоқ сувлари жилдираб оқа бошлайди. Сойнинг икки қирғоғини ям-яшил майсалар қоплайди. Айниқса бодроқдек потирлаб чиққан ялпизлар дилни яйратади. Ана шунда Умида челакчасини кўтариб сойга югуради. Ўзича қўшиқ хиргойи қилиб ялпиз теради. Ҳатто улар билан гап­лашади, эркалаб ҳам қўяди. Челакчасини тўлдириб ялпиз териб келганида уйни кайфиятни кўтарувчи ислар тутиб кетади. Бердимурод қизалоғининг хушбўй қўлчаларини юзига босади, кафтларидан ўпади. Ҳо­зир овқатга қўшилиб димоғини чоғ қилган ис ҳам ана шу ялпиз бўйлари эди.
У овқатни хуш кўриб тановул қила бошлади. Боядан бери офтобрўяда урчуқ йигириб ўтирган Ойсара момо ҳам аста келиб сўрига ўтирди.
– Вақтлироқ қайтибсанми? – деди момо яна ишини давом эттириб.
– Дарслар тугади, эна, эртадан баҳорги таътил бошланади, – деди Бердимурод.
– Соз бўлибди. Шу таътилингнинг ичида Тошкентга бориб синглингдан бир хабар олиб келсанг бўларди-да, болам, – дея момо анча аввал айтган гапини яна такрорлади. – Қиш бўйи тушимга кириб чиқди. Ичимда бир хавотир ғимирлаган эди-я, касал бўлган экан шўрлик. Ўзи-ку, тилпонда гаплашганидаям билдирмаган эди. Ҳанифа холанг тунов куни набирасининг бешик тўйига бориб келган экан, ўша ерда кўрибди. Совуқда оз-моз шамоллаган экан, деб келди. Булар оз-моз деб айтаверади. Ўзинг кўзинг билан кўриб келганинг дуруст. Жўжабирдай жон, қаерда, қандай яшаяпти, бир ҳол сўраб келсанг кўнглим хотиржам бўларди-да.
Бердимурод бир дам ўйланиб қолди. Момо илгари ҳам бир-икки марта шу гапни айтган эди. Лекин қишнинг қиронли кунларида Тошкентга сафар қилиш ҳазилакам гап эмас. Бир ёғи, эртадан кечгача мактабда бўлади, ишдан ортиб бир жойга чиқишнинг иложи йўқ эди. Баҳорги таътил эса айни экин-тикин ишлари қайнаган, ҳамма чумолидай томорқада ивирсиган пайтга тўғри келади. Шу таътил вақтида ерни ағдариб, экинларни экиб олмаса, кейин яна мактаб ишига шўнғиб, қўли тегмайди. Тошкентга бориб келишга камида икки кун кетади. Шундай тиғиз пайтда икки кун тугул, икки соат ҳам ғанимат. Аммо Назокатни кўриб келмаса ўзининг ҳам, момонинг ҳам кўнгли тинчимайди. Тошкентга бормаганига ҳам кўп йиллар бўлган. Институтни ўша ерда ўқидию, орадан бир неча йил ўтиб, Назокат эри ва болалари билан кўчиб кетаётганида юкларини кўтаришиб борган, шундан сўнг у ёқларга қадами етмаган эди. Энди яна бир бориб жиянларини кўриб келса хўб иш бўлишини ўйлади. Баҳонада Умидани ҳам шаҳарда айлантириб келади. Ҳайвонот боғини телевизорда кўрганидан бери мениям ўша ерга олиб боринг, деб ялинади. Уни хурсанд қилса ўзи ҳам яйраб кетади. Ахир, беш йилми, олти йил деганда Худодан тилаб олган қизи. Унга Умида деб исм қўйганидан кейин, мана, у мактабга чиқай деганда укаси дунёга келди.
– Майли, эна, борсам бориб кела қолай, – деди у ниҳоят бир қарорга келиб. – Умидани ҳам бирга олиб борсаммикан? Эртага саҳарлаб поездга чиқсак, индинга кечқурун қайтаверамиз-да.
– Барака топ, болам. Майли, қизингни ҳам олиб бор, баҳонада шаҳарни бир кўриб келади.
Сой томондан челакчасини ялпизга тўлдириб келаётган Умида кўринди. Момо тезроқ кел дегандек қўли билан ишора қилди. Қизалоқ югуриб келди.
– Қаёқларда сандироқлаб юрибсан, қизим, калишингни қара, жиққа ҳўл бўлибди. Тез офтобга қў­йиб қурит, эртага шаҳарга кетасизлар, – деди момо қизалоқдан суюнчи оладигандек.
– Шаҳарга?
– Ҳа, аммангни кўриб келасизлар, чироғим, мазаси йўқ экан.
– Аммам касал бўлибди? Унда мен мана бу ялпизларни олиб бораман, майлими?
– Майли, қизим, амманг хурсанд бўлади.
– Ҳайвонларниям кўрсатасизми, дада?
– Кўрсатаман, худо хоҳласа, ҳайвонот боғига олиб бораман, – деди Бердимурод ҳам ўзида йўқ хурсанд бўлиб.
Қизалоқ бениҳоя қувониб кетди. Югуриб бориб калишини офтоб қиздираётган девор ёнига қўйди. Босиб кийилаверганидан йиртилиб адо бўлаёзган қора калиш қуриган сайин кулранг тусга кира бошлади. “Шаҳарга борганимиздан кейин аввал оёғига янги калиш олиб бераман, кейин ҳайвонот боғини айлантираман, – деб кўнглига тугди Бердимурод. – Лекин… Пулимиз йўл харжига етармикан? Аттанг, маошимни беришмагани чатоқ бўлди-да. Энди таътил тугаганидан кейин қўлга тегади. Унгача нима қиламиз? Ҳали қишки намгарчиликда қулаб тушган оғилхонани тик­лаш учун ҳам анча-мунча харажат қилишга тўғри келади. Энамни хурсанд қилишга қилдиму, лекин чўнтак эсга келмабди-ку”.
– Эна, ёки ойлик маошимни олганимдан сўнг бориб келсакмикан, а? – деб юборди у бехосдан.
– Ойлигинг нимаси, уни кутиб ўтирсанг яна ишингдан чиқолмай қоласан-ку. Ўтган ҳафта сотган шолғомингнинг пули турибди. Шуни йўл харжи қилиб бориб келасан.
– Энди… касал сўрагани борганга яраша…
– Бу ёғидан хотиржам бўл. Олма-анорлардан ортгани бор, майиз, ёнғоқлардан тугиб бераман. Пенсиямдан ҳам йиғиб қўйганим бор, шуниям ола кетасан. Кўнглинг тўқ бўлсин, болам.
Момонинг айтганидай бўлди, тугунлар иккита катта сумкага жойланди. Бердимурод уларни зўрға кўтариб, қизалоғи билан ҳали тонг ёришмасдан темир йўл бекатига борди. Кўклам салқини этни жунжиктирарди. Бердимурод ўзи юпун кийинганига ачинмади-ю, лекин Умиданинг ҳам енгилроқ кийиниб олганини кўриб безовталанди. Қизалоқ пайпоқ ҳам киймаган, илвираган калиш ичида оёқлари совқотаётгани сезилмоқда эди. Хайриятки, бироз кутганларидан сўнг поезд келди. Вагон ичи иссиққина экан, уларнинг жонига оро кирди. Поезд юриши билан қизалоқ ойна олдига туриб олди. У ортда қолаётган қир-адирлардан кўз узмасди. Далалар худди бувисининг урчуғига ўхшаб айланаётгандек туюларди унга.
Шаҳарга етиб борганларида машиналарнинг тутунию бошқа ислар аралашиб кетган бўғиқ ҳаводан қизалоқнинг сал бўлмаса кўнгли айний деди. Лекин у чуқур-чуқур нафас олиб, шу ҳавога кўника бошлади. Тўрт тараф ҳайратли нарсаларга тўла эди. Одамлар ниҳоятда кўп, бир-биридан баланд бинолар, катта-катта чиройли суратлар, кўчаларни тўлдириб ғиз-ғиз ўтаётган машиналар, йўлчироқлар, қаёқдандир эшитилаётган баланд мусиқалар… эҳ-ҳе, қизалоқнинг бо­ши айланиб кетаёзди. У оғзини ланг очганча дадасининг сумка кўтарган қўлидан ушлаб, атрофни томоша қилиб кетаверди. Шаҳар дегани худди эртакка ўхшаган сеҳрли жой эди қизалоқнинг назарида.
Бердимурод ҳам гўё бошқа шаҳарга тушиб қол­гандай бироз довдираб қолди. Вокзал бутунлай янги бўлган, бекатлар ҳам, йўллар ҳам нотаниш, кўчаларда илгариги автобуслар ҳам кўринмайди, ҳаммаси янги. Бу аҳволда шаҳар чеккасида турадиган Назокатнинг уйини топиб бориши қийин. У ўйлаб-ўйлаб охири такси тўхтатса манзилни адашмай топиб бориши мумкинлигини чамалади. Томига шахмат белгиси ўр­натилган машинани тўхтатиб, манзилни тушунтирди. Ҳайдовчининг имосидан сўнг қизалоғи билан машинага ўтирди. Таксичи мусофирни афт-ангоридан дарров пайқаб, хизмат ҳақини икки баробар кўп айтган бўлса ҳам, ҳар ҳолда сарсонликдан нари. Бердиму­род машина ойнасидан кўчаларни томоша қилиб бораркан, талабалик давридаги шаҳардан асар ҳам қолмагани, бу ерлар бутунлай ўзгариб кетганидан ҳай­­ратда эди.
Назокатнинг хонадони тўққиз қаватли уйнинг охирги қаватида эди. Бу ерда лифтнинг борлиги Бердимуроднинг эсига ҳам келмади. Улар тўққизинчи қаватга қийнала-қийнала чиқиб олишди. Лекин зиналардан бир-бир қадам ташлаб юқорига кўтарилиш қи­залоққа янада бошқача завқ берарди.
Назокат қариндошлари келганидан хурсанд бў­либ, йиғлаб юборай деди. Унинг каттагина бўлиб қолишган уч боласи Умидани нафас ростлашига ҳам қўймасдан ўйнагани тортиб кетишди. Назокат эрига телефон қилиб, меҳмон келганини айтди ва вақтлироқ қайтишини илтимос қилди. Улар мана шу бир хонали каталакдай уйда ижарада туришади. Бердимурод бу тор уйга киргач, ҳаммомга тушиб қолгандек нафас олишга қийналди. Сўнг балконга чиқиб, очиқ дераза ёнига туриб олди. Назокат акасининг келганидан ўзини қўярга жой тополмай, тинмай гапирарди. Дастурхон ёзиб, чой қўйди. Умида териб келган ялпизларни кўриб, қишлоқ ҳавосини туйди, баҳри дили очилди. Пастдаги дўкондан ул-бул олиб чиқди. Хамир қориб, ялпиздан чучвара тугишга киришиб кетди.
Назокатнинг эри кечқурун соат тўққизларда кириб келди (унинг эртароқ келгани шу экан, бошқа пайтларда ўн иккиларда қайтаркан). Бердимурод куёви билан алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтирди. Болалар ҳам уйқуни эсдан чиқариб, роса ўйнадилар. Шунча одам бу торгина уйнинг қаерида ҳам ухлаши мумкин? Қай бир пайт ўтирган ёки деворга суянган кўйи ҳаммаларининг кўзлари илинди. Шунда ҳам Бердимурод дарров уйғониб кетди. Тонг ёриша бошлаган эди. У балконнинг очиқ деразасидан кўчаларни томоша қилиб, бошқаларнинг ҳам уйғонишларини кутди. Лекин қуёш анча кўтарилиб бўлди ҳамки, улар уйғонай дейишмасди. Болаларни қучоқлаб ухлаб қолган Назокат юзига қуёш нурлари туша бошлагандагина кўзини очди-да, шошилганча эрини ҳам уйғотди. Эри ишга кеч қолаётганини билиб, апил-тапил ювинди-ю, нонушта ҳам қилмасдан, Бердимуроддан узр сўраб хайрлашди ва шоша-пиша ишга кетди. Бу орада бир-бирини уйғотган болалар ҳам чуғурлашни бошлаб юборишди.
Хайрлашар чоғи Бердимурод рўмолчага ўралган бир даста пулни синглисига узатиб:
– Мана буни энам бериб юборди, кам-кўстингга ишлатаркансан, – деди.
Назокат пулни олмади.
– Йўқ, йўқ, бизнинг ҳамма нарсамиз етарли, ака. Куёвингиз қурилишда ишлаяпти, кўп-кўп уйлар қуряпти. Мен ҳам ҳадемай жиянларингизни боғчага бериб, бирон иш топиб ишламоқчиман. Биздан сираям хавотир олманглар, – деди у.
– Энам пенсиясидан атайлаб сенга деб йиғиб юрган экан. Олмасанг яна мени уришиб беради-да, сен бермасдан қайтариб олиб келгансан, деб. Олақол, дори-дармонингга ишлатарсан.
– Ака, энамга айтинг, мен соппа-соғман. Фақат бу йил қиш сал қаттиқроқ келди-да, батареялар яхши ишламай, уйимиз бироз совуқ бўлди. Шунга озроқ шамоллаган эдим, оёқларим ҳам бироз оғриди. Худога шукур, тузалиб кетдим. Ҳартугул болаларим шамоллашмади, шунисига хурсандман. Бу пулга сиз, яхшиси, энамга рўмол сотиб олинг. Ўтган сафар кўр­ганимда рўмоли анча унниқиб қолган экан. Кейин оёқларига мойдори олинг. Доим оёқлари оғришидан қийналиб юрадилар. – У ичкарига кириб, дорилар ту­­радиган қутини титкилаб, бир дорининг қутисини олиб чиқди. – Мана бу қутини дорихонадагиларга кўрсатсангиз худди шунақасини топиб беради. Мен мана шу мойдорини суртганимдан кейин оёғимнинг оғриғи қолган эди. Энам ҳам албатта оёқларига шундан суртсин.
Бердимурод жиянлари билан хайрлашгач, қиза­лоғини етаклаб кўчадаги автобус бекати ёнига бориб турди. “Аввал шу ердан бозорга бориб Умидага калиш сотиб оламиз. Энамга рўмол билан мойдорини ҳам ўша ердан оламан. Бу ердан бозорга қайси автобус олиб бораркан?” дея ўйланиб қолди у. Шу пайт бекат ёнига оппоқ “Ласетти” келиб тўхтади. Кейин машина дарров юриб, Бердимуроднинг рўпарасига келди.
– Ўв, Бердимурод, – деб чақирди ҳайдовчи машина ойнасидан мўралаб.
Бердимурод ҳайрон бўлиб унга қаради.
– Ўзингмисан? Нега шалпайиб турибсан, ўтир машинага, – деди ҳайдовчи қора кўзойнагини ечиб.
Бердимурод синфдош дўсти Исоқулни кейин таниди.
– Ие, Исоқ, сенмисан, бу ерда нима қилиб юрибсан? – деди Бердимурод шошиб қолганидан бошқа гап тополмай.
– Оббо, аммамнинг бузоғи-ей, саволинг милтиқ­нинг ўқидай бўлди-ку. Менинг-ку, капам шу яқин ат­рофда, сен нима қилиб юрибсан бу маконларда? Ўтир-е, лаллаймай.
Икки ўртоқ шу бугун мана шу манзилда учрашиб қолишни хаёлларига ҳам келтиришмаганидан икковларининг ҳам ҳайратларининг чеки йўқ эди. Бердимуроднинг каттакон иркит сумка билан машинага ўтираётганини кўрган Исоқул тезда машинадан тушиб, унинг қўлидан сумкани олди.
– Бу ёққа бер хуржунингни, юкхонага солиб қўяман, – деди у. – Вой-бў, бу ёғ босган қанорни қаёқ­дан олдинг, бобонгдан қолганми? Ичида ҳеч вақо йўқ-ку. – У сумкани очиб, бурнини жийирди. Ҳақиқатан ҳам сумкада бир даста пулдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди (рўмолчага ўралган бўлса ҳам унинг пул эканлиги яқ­қол билиниб турарди).
Машинага яна икки киши ўтирди. Исоқул Бердимуроддан қаерга боришини ҳам сўрамасдан шаҳар ичкарисига қараб машинани шамолдек учириб кетди. Йўл-йўлакай ҳалиги икки йўловчини тушириб қолдиришгач, Бердимурод мақсад-муддаосини билдирди:
– Исоқ, қаёққа кетяпмиз ўзи? Биз бозорга, кейин ҳайвонот боғига бормоқчи эдик…
– Ие, афанди, шуни нега бояроқ айтмадинг?
– Анави иккита одам сенинг раҳбарларингмикан деб индамай турган эдим.
– Қанақа раҳбар, улар оддий йўловчилар-ку. Ҳар куни эрталаб ишга келишда қуруқ бўлмасин деб бекатдан уч-тўртта йўловчи олволаман, қайтишда яна шундай, тирикчилик-да. Машинанинг ғилдираги текинга айланмайди, тақсир. Бензин сарфланади, запчас-папчас дегандай. Сен билмайсан-да, шаҳарда яшашнинг ўзи бўлмайди, жўра. Ҳамма нарсани пулга сотиб оламиз. Кимга маза – сенга маза. Қишлоқда юрибсан, ҳеч нарсага пул сарф қилмай. Мева-чевани тайёргина дарахтдан териб оласан, сабзавотлар ер остида етилиб турибди, сут, қатиқ, қаймоқ деганига сигир сендан чойчақа сўрамайди.
Исоқул машинасини мактабнинг спорт залига ўхшаган катта бир бинонинг ёнида тўхтатди.
– Мана шу каминанинг ишхонаси, деди у. – Қани, юр, бирга кириб чиқамиз. Қизчанг машинада ўтириб туради.
Бердимурод машинадан тушди-ю, лекин қизининг мўлтираб турган кўзларига қараб иккиланиб қолди.
– Биз… ҳалиги… бозорга… – Унинг гапи оғзида қолди.
– Қўйиб тур ўша бозорингни, – дея жеркиб ташлади Исоқул. – Бозор кўрмаганмисан? Озиб-ёзиб бир келиб қолибсан, бундай бир отамлашайлик-да энди. Чаққонроқ юр, шалпайма.
Улар бино ичкарисига киришди. Бу босмахона экан. Ускуналар шовқин солиб ишлаб турибди. Қоғоз ўрамларини юмалатиб юрган ишчилар ҳам, ускуналарни юргизаётганлар ҳам Исоқулни кўришлари билан салом беришди. Исоқул бу ерда ўзининг обрўйи баланд эканлигини намойиш қилиб, ҳали у ишчига, ҳали бунисига турли топшириқларни бериб кетаверди. Цехни оралаб узун йўлакка ўтишди, ундан сўнг ялтироқ қора чарм қопланган эшикка киришди. Бу Исоқулнинг кабинети эканлигини унинг хона тўридаги курсига бориб ўтирганидан ҳам билса бўларди. Бердимурод дераза ёнидаги стулга омонатгина ўтириб, Исоқулнинг ишларига халақит бермаслик учун бир оғиз ҳам гапирмади. Исоқул гоҳ стол устидаги телефонлардан, гоҳ қўлидаги телефондан одамларга қўн­ғироқ қилиб, ҳар хил масалаларни гаплашар, қизиғи, ҳар ким билан турлича оҳангда суҳбатлашар эди. Унинг бундай узундан-узоқ суҳбатлари тугагунча кун чошгоҳ бўлди. Бердимурод безовта бўлиб у ёқ-бу ёққа қимирлаб қўяверди.
– Зерикиб қолдинг-а? – деди Исоқул ниҳоят телефонларидан бўшаб. – Мана, кўрдингми, ишимиз шу­нақа, ошна, бир дақиқа тиним йўқ. Ҳар ҳолда бу сенга мактаб эмас, болаларни оғзингга қаратиб гапириб ўтириб вақтни ўтказадиган. Мана бу телефонлар бемалол нафас олишингга қўярмиди. Цехни кўрдинг, газета, журнал, китоблар пешма-пеш босиляпти. Ҳа, айтганча, сен ҳам бир пайтлар дурустгина шеър­лар ёзиб юрардинг, а? Ўшаларни тўплаб бир китоб қилдириб қўймайсанми?
– Э, улар талабаликдаги шунчаки ҳавасаки шеър­лар эди, эсимдан ҳам чиқиб кетган. Китобга йўл бўл­син.
– Ўлардай уятчансан-да. Уялган ҳамма нарсадан қуруқ қолади. Ётоқхонани бошингга кўтариб шеър ўқиганларинг ҳалиям эсимда. Ҳамма мақтар эди. Мендай жўраларингнинг борида отингни қамчилаб қолмайсанми? Китобингни мана шу ўзимизнинг босмахонада чоп этамиз, арзонроқ баҳода. Нашриётда ҳам танишлар бор, улар ҳам қиммат айтишмайди. Хуллас, бу ёғини келишиб кетаверамиз, жўра. – У қўл соатига бир қараб олди. – Ҳозир кафега борамиз, ўша ерда бир мириқиб суҳбатлашамиз. Кейин қаёққа бораман десанг ҳам майли. Ҳозир Тоштемирни, Асом билан Шодини ҳам чақираман, мактаб даврларини бир эслаймиз.
– Эҳ-ҳе, мендан бошқа ҳамма шу ерда экан-ку.
– Ҳа, шундай. Жўраларнинг ҳаммаси зўр, кў­ри­шиб, гаплашиб турамиз. Тоштемир фирмада ишлайди, асосан қоғоз олиб сотади. Айтганча, ҳалиги, чиқарадиган китобингга ундан қоғоз сотиб олсанг бўлади, арзонга тушади. Асом бозорда паттачи, тушуми зўр. Шоди дўкон очиб олган, ҳар ой хорижга бориб келади. Яқинда “Жип” олди, кўрсанг оғзинг очилади.
– Ўзимам сизларни жуда соғинган эдим. Се­ни учратиб қолганим яхши бўлди-да, баҳонада жў­ра­ла­римни бир кўриб кетарканман. Раҳмат сенга.
– Раҳматинг нимаси, қирқ йиллик қадрдонлар бир кўришиб қолибмиз. – Исоқул қўл телефонини олиб, рақам терди. – Тош, қалайсан, шу десанг, сенга сюрприз бор, – деди у телефонда Тоштемир билан гаплашиб. – Нима? Э, қоғозингни қўйиб тур. Берди келган, қишлоқдан. Кўчадан топиб олдим. Ҳа, тангага ўхшаб думалаб ётган экан. Биз ҳозир тушликка чиқаяпмиз. “Аёз” кафесида ўтирамиз. Ҳар ҳолда чеккароқда, хотиржам ўтирганга нима етсин. Асом билан Шодини ҳам олиб борарсан. Бўпти, кутамиз.
Улар кўчага чиқишганда Умида бетон ариқча ёнидаги крандан ҳовучига сув олиб ичаётган эди. Бердимурод ўртоқларини ўйлаб, қизалоғини буткул унутиб қўйганини фаҳмлади.
– Нега машинадан тушдинг? – деди у хавотирланиб.
– Сувсаб кетдим, – деди Умида кафтининг орқаси билан лабини артиб. – Энди ҳайвонот боғига борамизми?
– Ҳозир… бир жойда тамадди қилиб олайлик, кейин борамиз.
“Аёз” кафеси ҳақиқатан ҳам хилватгина жойда экан. Унга етиб боргунча йўл-йўлакай ёқилғи қуйиш шохобчасига тўхтаб ўтишди. Исоқул машинасини бензин қуядиган ускуна олдида тўхтатиб, Бердимуродни туртди:
– Ҳов анави туйнукчага бориб айт, ўн литр бензин қуйиб юборсин, мен унгача бакнинг қопқоғини очиб тураман.
Бердимурод бориб айтди. “Фалон сўм бўлади”, деди сотувчи туйнукчадан мўралаб. Бердимурод бир зум каловланиб турди-да, сўнг чўнтагидан пул чи­қариб узатди. Кейин машина янаям тезроқ юраётгандай туюлди унга.
Кафенинг шинамгина ҳовлисига кириб, шун­доқ­қина дарвозанинг рўпарасидаги жойга ўти­риш­лари билан Исоқул алламбало салатлару ов­­қатларга буюртма бериб ташлади. Унинг ростакамига ишбилар­мон, дадил одам эканлиги ҳар бир ҳаракатида се­зиларди. Бердимуроднинг унга ҳаваси келди. Ҳов­лининг ўртасидаги ариқдан шарқираб сув оқаяп­ти. Дарахт шохларига илинган тўрқовоқлардан сай­­роқи қушларнинг ёқимли овозлари эшитилади. Лекин ўз­лари кўринмайди. Қи­залоққа эса бу овозлар жуда ёқди. У атрофга кўз ташлаб, ҳайвонот боғи дегани мабодо шу ер эмасмикан, деб бир зум ўйланиб ҳам қолди.
– У ёқ-бу ёқни қўй, қишлоқ қалай? – деди Исоқул стаканларга шарбат қуяркан. – Муаллимнинг иши осон, бизга ўхшаб куну тун югур-югур қилмайсан. Жонингнинг ҳузурини биласан сен. Лекин деҳқончилик­ка уқувинг зўр эди. Мева-чеваю узумларни кўпайтириб, тонна-тонна майиз олаётгандирсан?
– Тонна бўлмаса ҳам, ишқилиб, насибага яраша бўп турибди.
– Ҳалиям камтарлигинг қолмабди-да.
Суҳбатнинг авжида Тоштемир, Асом, Шодилар биргалашиб кириб келишди. Собиқ синфдошлар роса яйраб кетишди. Ҳаммалари хушчақчақ, аъло кайфиятда, ҳазилни ҳазилга улаб кетишади. Лекин Бердимурод ҳарчанд уринмасин, улардай яйрай олмай, қимтинибгина ўтирарди. Буни Умида ҳам пайқади: мана бу одамлар ниҳоятда қувноқ, атрофдаги бошқа одамларга парво ҳам қилмай шарақлаб кулишади, қўллари силлиқ, юзларидан мой томай деб турибди; дадаси эса улардан анча ёш катта, сочлари оқарган, қўллари қаварган, кулишни ҳам эплолмай, хуржунини йўқотган мўлтонидай шалпайиб ўтирибди…
– Гавдангни кўтариб ўтирсанг-чи, вэй. Худди тўқсонга кирган бобойга ўхшайсан, – деди кулги орасида Шоди Бердимуродни туртиб. – Қишлоқда нима иш қиляпсан ўзи, шундан гапир.
– Берди мактабда катта ўқитувчи, она тилидан дарс беради, – деди Исоқул у ҳақда ҳамма нарсани билиб олгандай.
– Ия, шунақами, мактаб жойидами, мактаб? – деди Шоди пешонасидаги терни арта-арта. – Лекин муаллим бўлганинг яхши. Она тилини ўқитиш керак. Айниқса, қишлоқда она тили – энг долзарб тил. Мана бу шаҳарнинг болаларини қара, она тилида бирон нарсани сўрасанг ҳам бошқа тилда жавоб бераман деб чиранишади. Ота-онанг ким, бобо-момонг ким, десанг, ёқангдан олишдан ҳам тойишмайди. Шунинг учун шаҳар мактабларигаям сендай жонкуярлар керак аслида, Берди муаллим.
– Бердининг яхшигина шоир эканлигиям эсларингдами? – деди Исоқул. – Худо хоҳласа, яқинда ки­то­би чиқади.
– Ҳа, айтганча, институтда ўқиб юрган давримизда ажабтовур шеърлар ёзарди бу хумпар, – дея гапни илиб кетди Тоштемир. – Агар китоб чиқариш ниятинг бўлса, менга кел.
Исоқул дарров ҳушёр тортди:
– Ҳой, Тош, сен ўзингнинг томорқангда айлансанг-чи. Китобни бизга қўявер. Сен қоғозингни ўтказсанг бўлди, қолганига аралашма.
– Энди, қўлдан келганча ёрдам қилсак, дегандим-да.
– Ҳалиям ўша-ўша Бердимуродсан-ей, ҳеч ўзгар­магансан. Шунча катта ишларни бошлаб қўйибсану, яна ҳеч нарса кўрмагандай бўйнингни қисиб ўти­ришингни қара, – деди Асом ҳозиргина официант келтирган иссиқ овқатни ейишга шўнғиб. – Қишлоқ қалай, баҳор келдими ишқилиб, баҳор? Ҳамма ёқ кўкарчин бўлиб қолгандир, а?
– Баҳор-ку, ҳар йили келиб турибди, фақат сизлар оёқ узиб кетдинглар-да, жўралар, – деди Бердимурод. – Биз, қишлоқдагилар баҳордан кўра сизларни кўпроқ соғинамиз.
– Вой хумпар-ей, баҳор ўзимизники, дегин? – илжайди Асом. – Жа нозик жойдан олди-ку бу. Муаллимлар ўзи шунақа, тагдор қилиб гапиришни билишади. Лекин, кўриб турибсан-ку, оғайничалиш, бош қашишга ҳам вақт йўқ, доим бандмиз. Елиб-югурмасанг бўл­майди. Бир сония тўхтадингми, тамом, ҳаётдан орқада қолиб кетасан. Баҳорнинг эса қолиб кетаётган иши бўлмаса, айланиб келаверади-да.
Лунжини тўлдириб олган Тоштемир ҳам луқма ташлади:
– Ўзи, ўша баҳорнинг шундан бошқа иши ҳам, бошқа борадиган жойи ҳам бўлмаса керак, фикри ожизимча.
– Менга қара, Берди муаллим, анави келишик­лар, от, сифат, сонлар ҳалиям ўша-ўшами? – деди Шоди ҳиринглаб.
Бердимуроднинг ўрнига Исоқул лўндагина қилиб жавоб бериб қўяқолди:
– Қўйсанг-чи, тузсиз гапларингни. Ҳаётда шунча ўзгаришлар бўладию, келишик қолармиди. Илгари сифат номигагина бўлган бўлса, энди росмана сифатни кўриб турибсан, рақобат бор-да. Сон деганлариям вақт ўтиши билан ортиб бораверади. Ўзинг шундан хулоса қилиб олсанг бўлмайдими? Нима қиласан шунга ҳам муаллимнинг бошини оғритиб.
Унинг бу ҳазилидан яна қийқириқ кулги кўтарил­ди. Шу пайт дарвоза олдидан уч-тўрт киши ўтиб кетаётганини кўриб қолган Тоштемир уларни қўли билан имо қилиб чақирди.
– Анув кўзойнак таққани Жовли Жуман деган шоир, – деди у. – Танишиб қўйсанг зиён қилмайди, Бер­ди муаллим, бир куни фойдаси тегиб қолиши мумкин.
Столга яна бир столни қўшиб узайтиришди. Жовли Жуман учала шериги билан келиб, тортинмасдан ўтирди. Тоштемир Жовли Жуманнинг биқинига ўтириб олиб, Бердимуроднинг таърифу тавсифини қилди. Официантни чақириб, даврага қўшилган меҳмонлар учун таом буюрди.
– Адабиёт уммондай кенг даргоҳ, қанча шоир бўлса ҳам бағрига сиғдира олади, – деди Жовли Жуман “ижод боғида яна бир ғунча очилганидан, у билан баҳорнинг шундай фараҳбахш кунларида танишиб турганидан” бағоят хурсандлигини изҳор қилиб. – Ижод ниҳоятда нозик масала. Унинг маҳсулини мухлислар дастурхонига туҳфа этиш яна ҳам нозик иш. Муҳими қўрқмаслик, довюраклик. Сиз билан бизнинг ишимиз ижод қилиш. Уни мухлислар қандай хоҳлашса, шундай ҳазм қилиб олишсин. У ёғининг бизга қизиғи йўқ. Шоирлик – бу талант, бу эзгулик. Бунинг учун айнан бирон жойда таҳсил олмоқликнинг ҳожати ҳам йўқ. Мана, камина ҳам ўрта мактабдан сўнг ҳеч қайси олий билим даргоҳининг эшигини тақиллатмаган. Аммо бу билан ижод тўхтаб қолган эмас-ку, биродар. Биз кайфият одамларимиз, шу боисдан бизга мана бундай дўстлар саломат бўлса бас, – дея у Тоштемирнинг ел­касига қўл ташлади. Тоштемир фурсатдан фойдаланиб ундан ниманидир шивирлаб сўради. – Тош, азизим, ҳамма гапларингиз эсимда. Мана бу ёнимдаги йигитлар санъаткор укамизнинг продюсерлари, яқинда каттагина кон­церт уюштиришмоқчи. Ҳамма афишалар учун қо­ғозни албатта сиздан олишади. Ҳали ўзим қўнғироқ қиламан.
Жовли Жуман “Берди Мурод деган истеъдодли шоир билан танишгани шарафига” қадаҳ кўтариб, яна насиҳатгўйлик қилишда давом этди. Шу лаҳзада дарвоза олдида яна икки киши кўриндию, Тоштемир чаққонлик билан бориб улар билан саломлашди. Ке­йин қўлини кўксига қўйиб, уларни ҳурмат билан даврага таклиф қилди. Улар ҳам бамайлихотир даврага келиб қўшилишди. Тоштемир Бердимурод томонга энгашиб шивирлади:
– Бу одам бир катта фирмада таъминотчи бў­либ ишлайди. Қурилиш ашёлари савдоси билан шу­ғулланади. Уй қураман, дўкон қураман, деган борки, ҳаммасининг мана шу одамга иши тушади. Мен билан ака-укадай бўлиб қолган. Сен ҳам танишиб қўйсанг зарар қилмайди…
Фирмачи ака юзинг-кўзинг деб ўтирмайдиган дан­галчилар хилидан экан.
– Очиғини айтай, шеър деган нарсага ҳушим йўқ, – деди у Бердимуродни шоир деб таништиришгач. – Азалдан феълим шунақа. Мактабда ҳам бир балоларни ёдлатмоқчи бўлиб ўқитувчимиз кўп уринган. Мақтаниш бўлса бўла қолсин, битта ҳам шеърни ёдламаганман. Принципим шундай. Шунинг учун менга шеъриятдан гап очмай, ундан кўра ғишт, бетон, арматура деган нарсалардан сўйланг, ҳузур қиламан. – Ҳаммалари шодон кулги билан чапак чалиб уни олқишладилар. Бундай хайрихоҳликдан нотиқ бир ботмон семирди. – Шу замондаям шеър ёзиб, китоб титкилаб юрган одамни ҳеч тушунмайман. Баландпарвоз гапларнинг кераги йўқ, индаллосини айтганда, ҳозир энг муҳими пул топиш. Керак бўлса, ҳозир ўнг томонимда ўтирган одам узатган бир пиёла чойни чап томонимдаги одамга тутқазиб, минг сўм пулини олишим мумкин. Ишнинг кўзини билган киши ҳар қандай пухта одамнинг ҳам сездирмай кўзини ўйиши мумкин…
Тоштемирнинг телефони жиринглаб қолиб, гапнинг белига тепди. – Алло, ҳа, ойиси, нима гап? Меҳ­мон келди? Э, Саттор аками? Биз жўралар билан “Аёз” кафесида ўтирибмиз. Меҳмонлар тўғри шу ерга келаверишсин, бирга овқатланамиз. – У телефонини ўчи­риб, чўнтагига солиб қўйди. – Саттор ака деган на­манганлик бир танишимиз оиласи билан меҳмон бўлиб келибди. Болаларини таътилда бир айлантириб кетай деган-да. Чақирдим, ҳозир келиб қолишади. Лекин аломат инсон, кўпчиликка фойдаси тегади.
Саттор ака дегани хотини ва икки ўғли билан кўп ўтмай етиб келишди. Давра яна ҳам кенгайди. Четдан қараган одам бу ерда тўй бўляптими, деб ўйлайди.
– Бердимурод ўртоғимиз ҳавас қилса арзийдиган ишларни бошлаб қўйган экан, шуни нишонлаб ўтирибмиз, – деб Тоштемир меҳмонларга Бер­димурод­ни таништирди.
Исоқулнинг кўзлари бежо бўлиб, Тоштемирни ас­та ўзига тортди:
– Менга қара, нафсингга ўт тушкур, бизнесингни бошқа жойда қилсанг бўларди. Индамаса бутун уруғ-аймоғингни чақириб оласан. Шунча одамнинг харажатини ким кўтаради?
Тоштемир парво қилма, дегандай қўл силтаб қўйди.
Қадаҳ устига қадаҳ кўтарилди. Бир-биридан ға­ройиб салатлар қайта-қайта олиб келинди. Иссиқ-иссиқ овқатлар ҳам келтирилди. Бердимуроднинг ҳа­ли ўзининг хаёлига ҳам келмаган китоби учун қадаҳ сўзлари айтилди. Бердимурод ҳеч нарсага тушунмай, уларнинг шарақлаб кулишларига жилмайиб қўшилиб ўтираверди. Умида эса стакандаги шарбатни ҳар замонда ҳўплаб қўярди. Оғзиларидан боди кириб, шоди чиқаётган, маст бўлганлари сайин қийқириқлари ҳам тобора авжига кўтарилаётган одамларнинг башаралари унинг кўзига хунукдан-хунук кўринмоқда эди. Стол устидаги нотаниш егуликларнинг ҳам ҳеч бири унга ёқмади. Ароқнинг ҳидидан-ку, кўнгли айниб, зўрға чидамоқда эди. Яхшиямки ҳар шарбат ҳўплаганида кўнгли айниши босиларди. У ўзини игна устида ўтиргандек сезарди. Кун кеч бўлаётганини, ҳайвонот боғини кўролмай қолишини ўйлаб, бетоқат бўлди.
– Дада, кеч бўляпти, кетайлик, – деди ниҳоят қизалоқ Бердимуроднинг қулоғига шивирлаб.
Бердимурод эса шу тобда поездга улгуролмай қолишдан хавотирланаётган эди.
– Қизчанг нима деяпти, шарбат қуйиб берайми? – деди Исоқул Бердимуродга қараб.
– Ай, ҳайвонот боғига олиб бораман, деб эдим, шуни эслатяпти.
– Эҳа, дарвоқе, унга ҳайвонларни кўрсатаман, дегандинг-а? Аттанг, энди кеч, зоопарк ёпилиб бўлди. Лекин афсусланиш шарт эмас, қизим, мана, қара, қанча ҳайвон керак бўлса кўриб ол, бўри дейсанми, тулки дейсанми, товусу ҳаккалар ҳам, ҳамма туридан бор, – дея у хи-хилаб ёқимсиз илжайди.
Шу лаҳзада Исоқулнинг телефони жиринглади. У телефондаги одам билан тик туриб, ўнг қўлини кўксига қўйиб гаплашди.
– Энди мен ишхонага бормасам бўлмайди, бош­лиқ чақириб қолди, – деди Исоқул ва шошилганча хайрлашиб, машинаси юкхонасидан Бердимуроднинг яғири чиқиб кетган сумкасини жиндек ижирғаниш билан олиб узатди-да, жўнаб кетди.
Ўтирганларнинг кўпчилиги маст бўлиб, алжираб қолишди. Энди бу ёғига ўтиравериш эзмаликдан бошқа нарса бўлмайди. Ҳаммалари бирин-кетин ўрин­ларидан туриб, алкаш-чалкаш қадам ташлаганча кафени тарк этишди. Бунақа мижозларни кўравериб кў­зи пишиб кетган официант югуриб келиб, дарвозага яқинлашаётган Тоштемирга ҳисоб қоғозини узатди. Тош­темир қоғозни ушлаб ҳам кўрмасдан ҳануз стол ёнида мунғайиб ўтирган Бердимурод томонга сузилиб кетаётган кўзлари билан ишора қилиб, узоқлашди.
Официант тутқазган ҳисоб қоғозига кўз югуртирган Бердимуроднинг тиришган пешонасидан муздай тер чиқиб кетди. У тўлов ўзига қолганидан эмас, бунча катта ҳисобдаги пулни тўлашга пули етмай қолишидан ташвишга тушган эди. У қўллари қалтирай-қалтирай сумкани очиб, рўмолчага ўралган пулни олиб санади. Хайрият, пул етди. Чўнтагидаги чўғи қолмаган пулдан бир-икки сўм қўшди, холос. У кафтларини ишқаб турган официантдан бехижолатлик билан қутулганидан енгил нафас олиб, кўчага чиқди. Боягина унинг шаънига қадаҳ сўзлари айтиб ўтирган таниш-нотаниш одамлар худди ер ютгандай аллақачон кўздан ғойиб бўлишган эди. Нарироқдаги катта йўлда қоп-қора аломат машинанинг кетаётганини кўриб, Шодининг “Жип” деган машинаси шу бўлса керак, деб то кўринмай кет­гунча ҳавас билан ортидан қараб қолди. Кун кеч бўлган, ҳайвонот боғию бозорлар ёпилгани аниқ, энди фақат поездга етиб бориш қолган эди. У қизалоғининг авзойига қараб, ўзидан хафа бўлиб кетди. Қишлоқда бўлганида бир кунда дунёнинг юмушини бажаришга улгурган бўларди. Бу ерда эса бутун бошли бир кун ҳеч қандай мазмунсиз ўтиб кетганига ҳайрон қолди.
Энди нима қилмоқ керак? Яна бир кунча синглисиникида қолай деса, каталакдай уйга ўзлари зўрға сиғишаркан. Аксига олиб пули ҳам тамом бўлди ҳисоб. Чўнтагида қолган пулни чамалаб кўрса, вокзалга бориш учун таксига минса, поездга етмайди, поездга чипта олиш учун эса таксига пул бермаслиги керак. Бекатда турган одамлардан сўраб, вокзалга қайси автобус боришини аниқлаб олди. Шуниси маъқул, арзонгина. Фақат… қизалоқнинг кўнгли ўксиб қолди-да…
Поездга чиққанларидан кейин ҳам Умиданинг чеҳ­­раси очилмади. У ўриндиқда қовоғини уйиб ўтир­ганича ҳеч кимга, ҳеч нарсага қарагиси келмасди. Энди вагон ойнасидан қоронғилик қаърига шўнғиётган шаҳар теваракларини, ҳиссиз далаларни томоша қилишнинг ҳам қизиғи йўқ. У ҳаммадан, ҳамма нарсадан, ҳатто орзусидаги эртакка ўхшаш шундай катта шаҳардан ҳам хафа бўлди. Ахир, бу ерга ҳайвонот боғини кўриш учун шунча олис йўл босиб келса-ю, кўрмай қайтса – нега алам қилмасин? Бердимурод унинг кайфиятини кўтариш учун ҳазиллашиб:
– Асал қизим, паррандаю даррандалар сенга ёқ­дими? – деди.
– Йўқ, ёқмади, – деди қизалоқ баттар тумшайиб. – Ҳақиқий ҳайвонлар яхши эди улардан.
– Сенга ёқмаган бўлса ҳам, улар мен билан бир қишлоқда туғилиб катта бўлишган, бир мактабда, ҳатто кейин бир шаҳарда ўқишган, жоним қизим. Ҳаммалари ажойиб болалар эди.
– Дада, улар сизнинг яқин ўртоқларингизми? – сўради қизалоқ астойдил ҳайрон бўлиб.
Бердимурод бир муддат ўйга толди.
– Билмасам, қизим, тўғриси, ўзим ҳам уларни та­ниёлмадим, – деди кейин хўрсиниб. – Орадан кўп йиллар ўтиб кетди-да.
Шундан сўнг қизалоқ бошқа савол бермади. Кеча эрталаб уларни олиб келган поезд тез юрган эди. Мана бу кечки поезд эса оралиқ бекатларда узоқ туриб қолди. Қизалоқ зерикди. Уни уйқу элитди. Бердимурод унинг илвираб кетган калишчаларига қараб туриб, хижолат чекди.
– Оёқларинг совқотиб қолмадими, қизим? – сў­ради у.
Қизалоқ индамади. У дадасига суяниб ухлаб қол­ди ва то қишлоққа етгунларича уйғонмади.
Қишлоққа етиб келганларида эса қуёш чарақлаб, ўт-ўланлар устидаги мунчоқдек шудринглар жимирлаётган эди. Уйга киришлари билан қизалоқ югуриб бориб бешик ёнига чўккалади. Укасини соғинганидан, жуда-жуда соғиниб кетганидан, онасининг ҳай-ҳай­лашига ҳам қарамасдан бешик жилдини аста очиб, пишиллаб ухлаб ётган чақалоқнинг лўппи юзидан чўлп-чўлп ўпди. Қандай хушбўй, қандай чиройли, қан­дай ширин чақалоқ. Қизалоқ ўпиб тўймасди. Ке­йин у онаси ва бувисининг саволларига узуқ-юлуқ жавоб берганча севимли челакчасини олиб, сойга югурди. Ялпизларидан хабар олди. Улар кўпайиб қо­лишибди. Ҳатто ўтган куни терилган жойлардан ҳам янги ялпизлар митти япроқчаларини кўрсатиб бодраб чиқибди. Уларга челакчаси билан сув сепди. Энди сойда фақат сув эмас, ялпиз бўйлари ҳам оқа бошлагандек эди гўё. Қизалоқ хушбўй ҳаводан тўйиб нафас олди ва аста шивирлади:
– Оҳ, ўзимнинг ялпизжонларим!

Сайт бўлими: Ўзбек насри

Қўшимча:

БИРИНЧИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ БИРИНЧИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ
БАЙРАМ  ШУКУҲИ БАЙРАМ ШУКУҲИ
Суратга муҳрланган мангу лаҳзалар Суратга муҳрланган мангу лаҳзалар
МУТОЛААГА ЧОРЛАЙДИ ИЖОД МУТОЛААГА ЧОРЛАЙДИ ИЖОД