"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Анвар Обиджон. Шеърлар

Ўқилди: 1 075

anvar_obidjon1

Одам бўламан!

– Кезаман кўп жойларни
Мой томчиган кийимда.
Баъзан китоб титкилаб,
Дам оламан уйимда,
Мен шофёр бўламан, дада.
– Майли…

– Ҳайинчакда акамдан
Анча баланд учаман.
Катта бўлсам, яхшиси –
Бориб ойни қучаман,
Мен фазогир бўламан, дада.
– Ихтиёринг…

– Чалғитаман майдонда
Болаларнинг кўпини.
Кеча битта тепишда
Тешдим Норнинг тўпини,
Мен футболчи бўламан, дада.
– Ҳм-м… Уриниб кўр-чи…

– Кесволибди бармоғин
Ўтган куни Мираъзам.
Қотиб қолди яраси
Жиндеккина туз сепсам,
Мен дўхтир бўламан, дада.
– Ёмонмас…

– Тағин ўйлаб кўраман,
Ҳаммаси ҳам яхши иш.
Фақат ялқов бўлмайман,
Ҳечам тортманг Сиз ташвиш,
Мен… одам бўламан, дада!
– Балли, азамат!
Биринчи мақтов

– Кўринмайсан, Мамажон?
– Ўқияпман, аммажон.
– Ўқишларинг дурустдир?
– „Балли!“ деди директор.
– Нега „балли“ деди у?
– Шошиб келар эди у,
Мен дарров йўл бўшатиб,
Салом бердим ўхшатиб!
Бугун байрам

Ичиб олиб
Чойингизни,
Миниб чиқинг
Тойингизни.

Миниб олиб
Тойингизга,
Гул опкелинг
Ойингизга.
Уч ёшлилар

Олманиям
Ғажийман,
Ҳолваниям
Ғажийман…

Дема, нечта
Тишинг бор?
Сени нима
Ишинг бор!

Сўнгги ахборот

Бўлиб ўтди қишлоқда
Кеча зўр шамол.
Натижада рўй берди
Анчайин кор-ҳол.
Узум, боши айланиб,
Бўп қолди касал.
Шохдан йиқилиб Олма,
Ётибди ўсал.
Ҳатто Гилос лат еди,
Бўлса ҳам абжир.
Тўқнашувда Анорга
Чапланди Анжир.
Шамоллатди қорнини
Ошқовоқ полвон.
Пачоқ қилди бурнини
Мулла Бақлажон.
Уйқучироқ бир Тарвуз
Юмалаб бориб,
Уйғонибди, Қовуннинг –
Бошини ёриб.
Ноклар ерга тўкилди
Бўлишиб бир жом.
…Аммо зарар кўрмади
Сабзи ва Шолғом.
Ўрмонда зиёфат

Шер ошхона очибди
Ўрмонда бугун,
Ёввойи ва хонаки
Ҳайвонлар учун.

Пишар турли таомлар
Қозонда „жаз-жаз“.
Бўривой – ўт қаловчи,
Қуён – бош ошпаз.

Юмронқозиқ масаллиғ –
Тайёрлашда банд.
Ҳўкиз бобо – қоровул,
Эчки – официант.

Ошхонаки – ҳашамдор,
Кўринмайди гард.
Эшикка хат ёзилган:
„Туёғингни арт!“

Бирин-кетин ҳайвонлар
Келди ҳар ёндан:
Тоғу қишлоқ, яйловдан
Ҳамда ўрмондан.

Хўрандалар беҳисоб,
Зўрға етди жой.
Кучук суяк буюрди,
Маймун – лимончой.

Мушук деди: „Келтиринг –
Сутга тўғраб нон.
Йўқми сизда, мабодо,
Янгироқ сичқон?“

Тулкивой дер: „Бугун сал
Ташқари совуқ.
Менга – қайноқ какао
Ва тирик товуқ“.

Қўзи беда сўради,
Олмахон – ёнғоқ.
Тўнғиз эса буюрди
Чирик ошқовоқ.

Талаб қилди Бузоқча
Кунжара, сомон.
Ёқиб тушди Кирпига
Чағир сувилон.

Иштаҳадан нолимай
Сули кавшар От.
Икки лаган бақани
Еди Бегемот.

„Менга ҳанг…
ҳам қаранг!“ деб
Бақирди Эшак.
Секингина деди Фил:
„Бир тонна хашак!“

Хўп яйрашди ҳайвонлар,
Бўлиб жамулжам.
Фақатгина Тошбақа
Эди бунда кам.

Тошбақа ҳам узоқдан
Кўринди, ана…
Афсуски, у келгунча
Беркир ошхона.

Оббо, каламуш-ей!

Каламушвой,
Каламуш.
Саводинг сал
Чаламиш.

Ёз десалар
„Темир“ деб,
Сен ёзибсан
„Кемир!“ деб.

Келинпошшо

Мушук биби
Миёв, деди.
Менга қаранг,
Куёв, деди.

Бозорга тез
Бориб келинг.
Ширин сичқон
Олиб келинг.

Сайт бўлими: Болалар адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ