"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Турсунбой Адашбоев. Болаларга шеър ёзиш…

Ўқилди: 1 900

Tursunboy-aka-400
I
“Кигиздан қозиқ ясаб,
Харсанг тошга қоққандай”,
Болалардай завқланиб,
Оламга тик боққандай.
Кутилмаган қофия
Кўкда чақмоқ чаққандай.
Ўқиганлар лол қолиб:
— Қойил, — десин. — Оҳ, қантдай!
Кичкинтойга шеър ёзиш
Ўйинчоқмас, ўйинмас.
Яхши китоб учраса,
Қайси бола суюнмас.
Суратлардан завқланиб,
Такрор ўқиб, тўйинмас.

II

Компьютер зўр кашфиёт
Тан берамиз, қойилмиз.
Сеҳрли тугмаларнинг
Хизматига мойилмиз.
Ҳар қандайин вазифа
Тезу-тоза битаркан.
Олтиндайин вақтингни
Ялмоғиздай ютаркан.
Қувнаб-яйраб ишлаймиз
Завқ билан, ҳузур билан.
Маслаҳатим, болажон,
Кўп ўйнашманг нур билан…

III

Интернет соз, мухлиснинг
Манзили бор, сайти бор.
Ёзувчи, олимларнинг
Эътирофи, қайди бор.
Қаршисида михланиб,
Мўъжизалар кутмангиз.
Электрон китобнинг
Зарарин унутмангиз…

* * *
Бир пайтлар ўғлим билан
Қатнагандик “Тир”га биз.
Энди-чи, интернетда
Набиралар бирга бизга.
Фойдаланиб турибмиз
Ундан гапнинг дангали.
Аммо баъзи кинолар
Даҳшатли ва жангари.
Текин томошаларни
Кўришга хўп устамиз
Оқибати мундайроқ,
Шулардан ташвишдамиз…

IV

Китобнинг ўрни бошқа,
Қиёси йўқ маъводир.
Билимдонларга суҳбатдош,
Бадбинларга даводир.
Содда сўз кўмагида
Қалб кўзларин ёриштир.
Табиат алифбосин
Омухта қил, қориштир.
Ҳар қандайин асарга
Китобхонлар холисдир.
Ишонмасанг уларга,
Сен ҳам ёз-да, солиштир…

V

Шоир дўстим, бағринг кенг,
Юрагинг тоза бўлса,
Ниятингга холислик
Эгиз, андоза бўлса,
Шунда шеъринг жой олар
Болаларнинг кўнглидан.
Омад сенга ёр бўлиб,
Ишинг келар ўнгидан…

* * *
Болалар адиби оз,
Кўп бор таҳлил қилдилар.
Сўнг, бу соҳа мураккаб,
Мушкуллигин билдилар…

Мерч шафтоли ва
резина нок ҳангомаси

Мевали боғ,
Шинам пакка.
Давра боши —
Олаҳакка.
Қораялоқ
Бўлди котиб.
Олақанот
Бутун нотиқ, —
— Турнақатор
Келар мошин,
Етолмайди
Унга Лочин.
Тар мевалар,
Ҳар мевалар,
Лол қоласан
Кўриб чиндан.
— Юклар қайдан?
— Чин Мочиндан.
Олма, ноклар,
Шафтолилар
Татиб кўрмай
Шарт олинар.
Дориланган,
Товланади,
Харидорлар
Довланади.
Ризвон хола
Олган нок ҳам,
Шафтолилар
Эди кўркам.
Ҳасанбойнинг
Кўзи ёнди,
Биттасини
Секин олди.
Жуда қизиқ
Бўлди ишлар:
Нокка ўтмас
Курак тишлар.
Чандирликда
Ўзинар нок,
Резинадай
Чўзилар нок.
Сўнг ирғитди
Олапарга,
Чўқимади
Ҳатто қарға…
Дон тўкилар
Сарагидан,
Қовун, тарвуз
Палагидан.
Шафтоли мерч,
Кўчмайди ҳеч
Данагидан.
Ҳусан шартта
Отди томга,
Мўлжал оғиб,
Тушди жомга.
Тўқол эчки
Қарамади,
Ҳатто уни
Яламади.
Ҳакка сўзлар:
— Азиз дўстлар,
Деҳқон бобом
Омон бўлсин,
Доруломон
Замон бўлсин.
Боғда ўтар
Ҳар чоғимиз,
Ёзилади
Чарчоғимиз.
Билмаймиз-да
Ҳаммамиз ҳам,
Қуртлар еган
Олмамиз ҳам
Четдан келган
Асаллардан
Жуда ширин
Азаллардан…

Ўрмадўз қамчи
(Тоғам Аббосхон Мажидовни хотирлаб)

Чойга чорлар тоғамлар,
Жавдар нонни ушатиб.
Кўзим михга осилган
Қамчи сопга тушади.
Тоғамнинг айтар сўзи
Аёндир сиёғидан.
Сабаби, қамчи даста
Кийикнинг туёғидан.
— Ёдингда бўлса керак
Саночсойлик Норбобо.
Асли исми Ҳайитбой,
Соч-соқоли Қорбобо.
Ҳайит куни туғилган,
Ҳайитбой деб аташган.
Юриш-туришин кўриб,
Нор лақабин маташган.
Тоғликка хос ҳунари,
Эгап чопар, қўм тикар.
Ўрмадўз қамчи ўриб,
Пўстинларни жўн тикар.
От-уловнинг апзалин
Пухта чоклар дўндириб
Юганлари таърифи
Ўзгача ўмулдуруқ.
Худди мешга ўхшайди
Ҳосиятли Саночсой.
Олти қишлоқ чорваси
Боқилувчи сўлим жой.
Бобомнинг қўналғаси
Номига мос — Дўнгбулоқ.
Ўн тутунли овулга
Жуда қулай, ўнг булоқ.
Норбой ёлғиз фарзанддир
Ота билан онадан.
Ўртада йўқ чегара,
Аҳил қўшни, хонадон.
Уйланмади Ҳайитбой,
Ўзи шуни хоҳлади.
Ўтди ота, онаси,
Кўкка ўрлаб оҳлари…
Дўнгбулоққа яқиндир
Қишлоғимиз қўраси.
Шу сабабли биз ёқдан
Танишлари, жўраси.
Таъмирлаймиз йил сайин
Хўжалик саройини.
Бобо дариғ тутмайди
Қази, кулчатойини.
Ниҳоят ишимизга
Нуқтани қўяр бўлдик.
Хўжалик ҳисобидан
Бир новвос сўяр бўлдик.
Бу воқеа аслида
Қуйидагича юз берган:
Қассоб сўраб борганда,
Бобо болта, туз берган.
Афсуски, биз ўшанда
Хатога юз тутганмиз.
Норбобога насиба
Беришни унутганмиз.
Ғурурли чол илинжни
Бошдан ҳавола қилиб,
Хуфтон намозидан сўнг,
Тангрига нола қилиб
Пинакка кетган экан,
Ёстиғи ёнбошида.
Тонгда недир дупурган
Япасқи том бошида.
Чиқиб кўрса, тепада
Кийик сергак турибди.
Ўнг оёғи ярадор,
Оқсоқланиб юрибди.
Чолни кўргач, жонивор
Ўзин урган қўрага.
Хайриятки, атрофин
Четан девор ўраган.
Ўқириқни бир нави
Илинтирган шохига.
Ёлғизнинг ёри худо,
Гувоҳ хоҳиш-оҳига.
Жонлиқнинг туёқлари
Чирмовиқда боғланди.
Дуо ўқиб Норбобо
Бўғизлашга чоғланди…
Кийикнинг бир сонини
Кўтариб, бизни кўзлаб,
Бобо шошиб келарди
Ўзича қувнаб, сўзлаб…

* * *
Ийди Рамазон эди,
Ҳимматни ортиқ қилган.
Шу ўрмадўз қамчинни
Норбобо тортиқ қилган…

1960 – 2015.

Сайт бўлими: Болалар адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ