"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

АФСОНАЛАРНИНГ БАДИИЙ ТАЛҚИНИ

Ўқилди: 645

 

Абдулла УЛУҒОВ

 Жаҳон адабиёти таҳлили кўзгусида

65268_1_o

Жаҳон адабиётида Чингиз Айтматов ижоди ўзига хос ўрин тутади. Унинг қисса ва романлари қирғиз адабиётини дунёга танитди ва ўзига хос янгилик сифатида Ғарбу Шарқнинг миллионлаб китобхонлари муҳаббатини қозонди. Чингиз Айтматов бу даврда жаҳоннинг энг машҳур адибларидан бирига айланди. Дастлабки асарларидан бири “Жамила”ни Луи Арагон “Дунёдаги энг гўзал муҳаббат қиссаси” деб атаган. Чингиз Айтматов ижоди тўғрисида сўз кетса, албатта, ушбу таърифни келтириш анъана тусини олган. Чингиз Айтматов асарлари инсонни улуғлаши, унинг заҳматкашлиги, яратувчанлигини шарафлаши билан эътиборни тортади. Асосий қаҳрамонлари – оддий одамлар. Жамила, Дониёр, Танабой, Бола, Мўмин чол. Адиб ана шу оддий одамларнинг турмуш тарзини кўрсатиб, умуминсоний, маънавий-ахлоқий  қадриятлар тўғрисида сўз юритади. “Асрга татигулик кун” қаҳрамонлари Эдигей, Абутолиб, “Қиёмат”да Авдий, Бўстон. Улар нафақат қирғиз, қозоқларнинг, балки барча миллатнинг адабий тимсоли бўлиб кўринади. Чингиз Айтматов қаҳрамонларининг машаққатли умр йўлини, қувончу изтиробларини кўрсатиш орқали кишиларнинг инсон сифатида ўз-ўзини англаши ғоят мураккаб жараён эканини гавдалантиради ва инсоният минг йиллардан бери маънавий жиҳатдан улғайдими ёки йўқми, деган муаммо тўғрисида мушоҳада юритишга ундайди. Мутолаа  жараёнида фан-техника юксак тараққий этган ахборот асрида ҳам одамзот аждодларни азоблаган, қирғин-барот урушларни келтириб чиқарган шуҳратпарастлик, бойликка ўчлик, ҳокимиятпарастлик каби зарарли иллатлардан халос бўлолмагани, худбинлик, манфаатпарастлик кишиларнинг қон-қонига сингиб кетгани, барча замонлардаги муаммолар ана шу давосиз маънавий-руҳий касалликдан келиб чиқаётгани тўғрисида ўйлаб қолади. Адибнинг “Оқ кема”, “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат”, “Охирзамон нишоналари”, “Тоғлар қулаётган замон” (“Абадий қаллиқ”) асарларида ҳозирги даврда умуминсоний аҳамиятга эга долзарб ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий муаммоларга эътибор қаратилади. Уларда мавжуд ҳаёт мураккабликлари турли миқёсларда кўрсатилади.  Санъаткор инсониятнинг бугунги аҳволи,  келажаги тўғрисида мушоҳада юритар экан, ўзи англаган ҳақиқатларга диққатни жалб этиш мақсадида афсона, ривоятларга мурожаат этади, ҳар бир кишининг ҳаёти бутун коинот билан чамбарчас боғлиқлиги, инсоният табиат учун масъул ва жавобгар эканлигини таъкидлайди. Қисса, романларнинг сюжетига сингиб кетган ушбу афсоналарда бугунги кун кишилари учун сабоқ, ибрат бўладиган ҳақиқатлар мавжуд. Олам пайдо бўлиши, табиат ҳодисалари, инсониятнинг илк ибтидоси тўғрисидаги хаёлий тўқималар “миф” (асотир) дейилади. Афсона ва миф нимани англатиши солиштирилса, улар мазмун-моҳиятига кўра ўзаро ўхшаш тушунча эканлиги аёнлашади. “Қадимги мифлар” деганда “қадимги афсоналар” назарда тутилади. “Прометей тўғрисида  миф” “Прометей тўғрисида афсона” дейилиши хато ҳисобланмайди. Жаҳон  адабиёти тарихи ва замонавий адабий жараёнга назар ташланса, унда афсона, ривоят, мифлар алоҳида ўрин тутгани аён бўлади. “Илиада”, “Одиссея” қадимги юнон  афсоналарига асосланса,  “Рамаяна”, “Маҳобҳорат” ҳинд, “Шоҳнома” форс, “Алпомиш”, “Манас”, “Қўрқут ота китоби” туркий халқлар афсона, ривоятлари заминида яратилган. Афсона, ривоят, эртакларда халқ ҳаёти, кишиларнинг орзу-армонлари ва муайян ҳақиқатлар акс этади. Шу боисдан “афсона – тарихнинг асранди қизи” дейилади. ХХ асрда афсона, ривоятлар санъат ва адабиёт учун мислсиз манба экани янада аёнлашди. Инсоннинг ички олами, қалб жумбоғини очишда ривоят, афсоналарнинг асосий омилга айлангани, асарларнинг энг қизиқарли, ёдда қоладиган жиҳати айнан афсона, ривоятлар билан  боғлиқ экани кишини ҳайратга солади. Чингиз Айтматовнинг “Оқ  кема”, “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат”, “Тоғлар қулаётган замон (“Абадий қаллиқ”) тилга олинганида улардаги афсоналар эсга тушади. Аниқроғи, ушбу афсоналар мазкур асарларининг мазмун-моҳиятига сингдириб юборилган. Бугунги кун кишилари тақдири асос қилиб олинган айни асарларда  афсона, ривоятлар сюжетнинг муҳим тармоғига айланиб, уқубат, изтиробга тўла ҳозирги ҳаёт хусусида ўйлантиради. Чингиз Айтматов асарлари марказида оддий одамлар туради. Адиб кундалик турмушда дуч келаётган муаммоларини кўрсатиш орқали бугунги куннинг долзарб масалаларига эътибор қаратади. Ушбу муаммолар барча кишиларга бирдай дахлдор эканлигини таъкидлайди. “Оқ кема” қиссасини “Шохдор она буғу”, “Асрга татигулик кун” романини “Найман она”, “Раймали оға…” ва “Чингизхонинг оқ булути” афсоналарисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Айни афсоналар асарда  бугунги кун кишилари ҳаётини кўрсатишда  зарурий унсурга айланган. Томас Манн, Габриэль Маркес ижодида ҳам ривоят ва афсоналар инсоннинг мураккаб руҳий-маънавий оламини ифодалашда ўзига хос восита вазифасини бажаради ва асарнинг бадиий тўқимасида муҳим ўрин эгаллайди. “Оқ кема” қиссаси “Унинг икки эртаги бўларди. Бири ўзиники бўлиб, уни ҳеч ким билмасди. Иккинчисини эса бобоси сўзлаб берганди. Кейин бирортаси ҳам қолмади. Гап шу хусусда” деб бошланади. “Оқ кема”да ҳаёт мураккабликлари, инсон ва табиат, инсон ва жамият муносабатлари, эзгулик ва ёвузлик  кураши юксак маҳорат билан тасвирланади ва бу муаммолар хусусида теран фалсафий мушоҳада юритилади. Қиссанинг асосий қаҳрамонлари: бола, унинг бобоси Мўмин, ўрмон хўжалиги бошлиғи Ўразқул ва унинг хотини. Адиб уларнинг ўзига хос характерини очиш орқали меҳр-муҳаббат ва зулм-зўрлик, хокисорлик ва ёвузлик курашини ёритади. Бола фақат бобосига суянади. Болага, бобосининг Шохдор она буғу ҳақидаги эртаги ёқади. Бобоси ўзини Шохдор она буғунинг авлоди деб билади. Бола Шохдор она буғу тўғрисида бобосидан эшитган эртакни портфелига айтиб беради. Ушбу афсона худди эртак сингари “бу жуда қадимда бўлиб ўтган” деб бошланади. Унда эзгулик ва ёвузлик кураши нақл қилинади. Зўравонлик, шуҳратпарастлик, азал-азалдан кишиларни азоблаб келгани қирғизларни қирғин қилган душманларнинг шафқатсизлиги мисолида гавдалантирилади. “Ўзга қабиланинг сўнгги одамигача қирган, молу мулкини тортиб олган киши энг ақлли, уддабурон, ботир саналган замон”да кечган хунрезликлар ҳақидаги бу афсона ўзининг бутун даҳшати билан хаёлни эгаллаб олади. Ўшанда киши қирғинбарот урушлар беҳад фожиали эканини тасаввур қилиб, одамлар ёвузлашганида нақадар тубанлашиб кетишидан даҳшатга тушади. Душманлар қирғизларнинг ер-суви, бойликларини эгаллаш учун уларни битта ҳам қолдирмасдан ўлдиришади. Лекин бир ўғил ва бир қиз бола душманлар ҳужум қилмасидан аввал қўлсават учун пўстлоқ шилишга кетгани боис омон қолади-ю ўрмондан чиқиб, мислсиз фожианинг устидан чиқишади. Душманлар “бу икки болани ўрмонга олиб бориб, шундай қилгинки, шу билан қирғиз зоти тугасин, хаёлга ҳам келмасин, номи абадий ўчсин” деб Чўтир Баймоқ кампирга топширишади. Кампир болаларни тубсиз жарликка итариб юборишдан олдин: “О, муаззам Энасой дарёси! Кел, энди икки қум заррасини – икки одам боласини ўз бағрингга олгин. Уларга Ер юзида жой йўқ…” деб мурожаат қилади. Асарнинг айни ўринлари ўқувчини ҳаяжонга солади. Шохдор она буғу ҳақидаги афсона бу жиҳатдан “Асрга татигулик кун” романидаги Найман она афсонасига ўхшайди. Унда ҳам кишилар қадимдан бир-бирининг устидан ҳукмронлик қилиш учун шафқатсизликнинг турли усулларини ўйлаб топишгани хусусида сўз кетади. Мислсиз азобдан ўлмай қолган асир охир-оқибат исмини, ота-онасини, бутун кечмишини унутиб, бошидаги теридан уни халос қилган кишини хўжайини билиб, ҳар қандай ҳукмини сўзсиз ижро этадиган ҳолатга тушади. Одамлар бир-бирларини ана шундай муте қул – манқуртга айлантиришни исташади. Чингиз Айтматов романда манқуртлик турли шаклларда намоён бўлиши ва у ҳамиша инсоният учун фожиа эканини ўз онасини отиб ўлдирган Жўломон ва отасининг вафот этганига қайғурмаган Собитжон, кишиларни қийнаш, азоблашдан ҳузур қиладиган Тансиқбоев хатти-ҳаракатларини кўрсатиш асосида гавдалантиради. Афсона, ривоятларда инсоннинг пайдо бўлиши, ҳаёти бевосита табиат билан боғланади. Шохдор она буғу тўғрисидаги афсонада ҳам бир қабиланинг омон қолишига табиат, ундаги ўсимликлар, жонзотлар сабабчи қилиб қўрсатилади. Шунинг учун табиат онага қиёсланиб, “она табиат” дейилади. “Оқ кема”даги афсонада Шохдор она буғу табиат тимсолидир. Одамлар қанчалик зарар етказса-да, табиат одамлардан неъматларини аямайди. Шохдор она буғу ҳам кишилар унинг иккита боласини отиб ўлдиришса-да, одам болаларига яхшилик қилади. У Чўтир Баймоқ кампирнинг огоҳлантиришига қарамасдан, қирғин қилинган қабиланинг омон қолган болаларини узоқ жойга олиб кетиб, сути билан боқиб, кечалари бағрига босиб, иситиб улғайтиради. Улар фарзанд кўрганида оппоқ қайиндан ясалган, бандида кумуш қўнғироқча жаранглаб турган бешик келтиради. Шохдор она буғу Чўтир Баймоқ кампирга: “Одамлар эгизларимни ўлдиришди, мен ўзимга бола излаб юрибман. Шу бола ва қизчани бер. Мен уларга она, улар эса болаларим бўлишади” дейди. Чингиз Айтматов Шохдор она буғу тимсолида табиат ва оналик бир-бирига бевосита боғлиқлигини шу тарзда кўрсатади. “Қиёмат” романида Исо алайҳиссаломнинг қатл қилиниши тўғрисидаги ривоятда қатл манзарасини осмонда бир қуш кузатиб тургани таъкидланади. Бу қушни Исо алайҳиссалом ҳам, уни қатл этишга ҳукм этган прокуратор Понтий Пилат ҳам кўради. Понтий Пилат Исо алаҳиссаломга “Бошингда ажал қуши айланяпти” деганида, у оҳисталик билан: “У ҳаммамизнинг бошимизда айланяпти” дейди. Қуш соқчилар қуршовида қатл қилиш учун олиб борилаётган Исо ортидан ўша жойга бориб, атрофни айланиб учиб юради. Понтий Пилат бу ҳолатдан таажжубланиб, ташвишга тушади. Исо алайҳиссаломни қатл қилишга фармон берган прокуратор ҳам жоҳил мустабид эмас.  Исо алайҳиссалом қатл қилинишини истамайди, бундай фармон беришга ботинмайди. Понтий Пилат у билан инсон моҳияти, феъл-атвори, эртанги куни тўғрисида суҳбатлашади, баҳс-мунозарада ҳукмдорларга хос такаббурлик қилиб, зуғум ўтказмайди. Чингиз Айтматов Понтий Пилатни ҳамма одамлар каби дунёвий фикр юритиб, аксарият кишилар сингари ўз сўзини ўтказишга ҳаракат қиладиган инсон сифатида гавдалантиради. Исо (а.с.) мунозара қилиб, уни аҳдидан қайтармоқчи бўлган прокураторга: “ Билиб қўйки, Рим ҳукмдори, охират мен туфайли эмас, табиий офатлар туфайли эмас, одам болаларининг душманлигидан келади” дейди.  Унинг ушбу сўзларида Шохдор она буғу, Найман она афсоналари ва Исо алайҳисалом тўғрисидаги ривоятнинг мазмун-моҳияти мужассамлашади. Адиб афсона, ривоятларни инсониятнинг маънавиятини кўрсатадиган ўзига хос кўзгуга айлантириб, бугунги кун кишилари билан уларнинг аждодлари ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ришталарини кўрсатади. Туркий халқлар фольклорида кийик гўзаллик, нафосат, меҳрибонлик рамзи сифатида таърифланади. Кийикнинг одамлардан жабр чеккани тўғрисида ривоятлар талайгина бўлгани ҳолда, ҳеч бир эртак, афсонада бу жонзотнинг кишиларга жабр қилгани нақл этилмаган. Чингиз Айтматов шунинг учун ҳам бола ва қизчага буғу оналик қилганини кўрсатган. Шохдор она буғу тўғрисидаги афсонада буғунинг ёш бола ва қизчани бағрига олиши ҳар жиҳатдан асосланади. “Қиёмат” романида она бўри Акбара ҳам кичкинтой Кенжашни кўрганида болалари эсига тушиб, у билан ўйнайди, юзини ялайди. Кенжаш у билан ўйнай бошлаганида болаларидан, жуфти Тошчайнардан жудо қилиб, уни манзил-маконсиз қолдирган одамлардан қасос олиш истаги бирдан сўнади. Асарда она бўри Акбаранинг ушбу ҳолати: “Бўри ўрнидан қимирламай маъюс кўзлари билан болага термилиб ётар, шунда бола яна орқасига қайтиб, унинг бошини силаб-силаб қўяр, Акбара эса уни ялаб-юлқар, бу болага бениҳоя хуш ёқарди. Бўри юрагида йиғилиб қолган барча меҳрини унга тўкиб солмоқчи, унинг бола ҳидларини кўксини тўлдириб-тўлдириб искамоқда. Бу бола менинг қоя тагидаги уямда яшаса қандай соз бўларди, деган ўй ўтди бўри калласидан” деб тасвирланади. Онанинг меҳри ҳамиша унинг қаҳридан устун келади. Одамларда ҳам, бошқа жонзотларда ҳам кузатиладиган ушбу ғаройиб сир-синоат халқ қўшиқлари, эртак, достон, афсона ва ривоятларида мадҳ этилади. Шохдор она буғу, она бўри Акбаранинг одам болаларига меҳрибонлик кўрсатиши заминида аввало уларнинг табиатидаги оналик ҳисси ётади. Чингиз Айтматов афсона, ривоятлардаги одамлар ва жонзотларнинг айни жиҳатига эътибор қаратиш орқали онани улуғлайди. У шохдор она буғу, она бўри Акбаранинг алам-қайғуси, дарду изтироби, меҳрини қаламга олиш асносида барча оналарнинг дардини кўрсатади. Оналар эса ҳамиша бутун инсониятнинг дарди, ташвиши билан яшайди. Бадиий асарлар воқеликни худди ўзидай аниқ, равшан, ишонарли ва таъсирчан акс эттиргани билан эмас, балки, инсон қалби, руҳияти, ички олами, унинг “мен”ини қанчалик теран тадқиқ этганлиги билан аҳамият касб этади. Чунки айни шу хилдаги асарларда инсон дунёсининг мураккаб сир-синоатлари очиб кўрсатилади. Чингиз Айтматов ҳам афсона ва ривоятларни қисса ва романлари сюжетига сингдириш асносида бугунги кун кишиларининг зиддиятга тўла руҳий оламини тадқиқ этишга интилади. “Оқ кема” қиссасида Шохдор она буғу асраб олган бола ва қизчанинг фарзандлари дастлаб буғуларга тегишмагани, ҳеч ким уларни ҳуркитмагани, ўша пайтларда кишилар буғуга дуч келган жойда отдан тушиб, унга йўл беришгани, ошиқлар севганларини оқ буғуга қиёслашгани таъкидланади. Аммо бу удум бир бойнинг ўғиллари бошқалардан устунлигини кўрсатиб қўйиш ниятида ўлган отасининг қабрига буғу шохини ўрнатишганидан кейин бошқалар ҳам ўша бойнинг шуҳратпараст ўғилларига тақлид қилиб, марҳумлар қабрига буғу шохи ўрната бошлагани айтилади. Одамлар бир-бирларининг бойлиги, мансаб-мартабасига қараб, муомалага киришади. Кўпроқ бадавлат кишиларнинг юриш-туриши, гапириши, турмуш тарзига ҳавас ва таассуб қилишади. Бойлар эса бошқалардан ажралиб туриш, атрофдагилардан устун эканини кўрсатишдан ҳеч қачон тийилмайди. Муттасил давом этадиган бу жараён ўз-ўзидан турли муаммоларни туғдиради. Одамлар табиатдаги мувозанатга путур етказиши, фирибгарликни, бир-бирини алдашни “ақллилик мезони”га айлантириши уларнинг бойлик тўплашга ружу қўйиши, шон-шуҳратга интилишидан келиб чиқади. “Оқ кема” қиссасидаги Ўрозқул буғу шохини отаси қабрига ўрнатган бойваччаларга ўхшайди. Афсонада бойваччаларнинг ҳам, ўғилларига катта мерос қолдирган бойнинг ҳам исми  айтилмайди. Унда шуҳратпараст, мақтанчоқ, зўравон кимсаларнинг тимсоли шу тарзда умумлаштирилади. Ўразқул бошқалардан устун эканлигини намойиш этишдан лаззатланади. Бунинг учун ўзгаларга зўравонлик қилишдан ҳам тап тортмайди. Барчанинг ўзига сўзсиз итоат қилиши, ҳамма истаклари бажо келтирилишини истайди. Ўразқул фарзанд туғмаётгани учун хотинини айбдор санаб, дўппослайди, қайнотаси Мўмин чолни назар-писанд қилмай, сўкиб таҳқирлайди. Ўразқул кишиларни мансаб-мартабаси, бойлигига қараб баҳолайди. У Мўмин чолга: “Муаллиманг ўзи ким бўлибди? Беш йилдан бери устидан битта пальто тушмайди. Фақат дафтар билан, сумка билан кўрасан. Доимо йўлда қўл кўтариб, машина кутгани кутган” дейди. Ўразқул мансабни бошқаларга ҳукмронлик қилиш воситаси деб билади. Каттароқ амалдор эмаслиги, овлоқ бир жойда кичкина ўрмон хўжалиги бошлиғи эканлигича қолаётгани уни кўп азоблайди. Мўмин чол Ўразқул сингари зўравонларнинг адолатсизлиги, зулми ҳақида ўйлаб эзилади. “Одамлар нега шундай бўлиб қолишар экан-а? Сен унга яхшилик қиласан, у сенга ёмонлик қайтаради. Уялмайди ҳам, уялишни хаёлига келтирмайди ҳам. Худди шундай бўлиши лозимдек ҳамиша ўзиники тўғри деб билади. Фақат унга яхши бўлса, бўлгани. Ҳамма унинг атрофида гирдикапалак бўлиши керак. Агар истамасанг, мажбур қилади” деб изтироб чекади. Ўразқул такаббурлиги, шуҳратпарастлиги билан қирғизлар қавмини қирғин қилиб, Чўтир Баймоқ кампирга  бола ва қизчани ўлдиришни буюрган хонга, Найман онанинг ўғлини манқуртга айлантирган золимларга ўхшайди. “Асрга татигулик кун” романидаги Собитжон характери, дунёқараши жиҳатидан ўз онасини отиб ўлдирган Жўломондан фарқ қилмайди.  Уларнинг бири замонавий, иккинчиси ўтмишдаги манқурт. Собитжон урф-одат, қадриятларни назар-писанд қилмайди. Уларни одамлар ўтмишда эрмак учун ўйлаб топишган, дейди. Отаси вафот этганидан қайғурмайди. Марҳумни унинг васиятига кўра Она Байит қабристонига элтиб, дафн этишга қаршилик қилади. “Узоқдаги Она Байит қабристонига олиб бориш шартми? Ўлган одамга қаерга кўмилишнинг нима аҳамияти бор?” дейди. Собитжон ёшлигидан  ота-онасидан узоқда бўлгани, мактаб-интернатда ўқиб, шаҳарда яшаб қолиб кетгани туфайли яқинларига меҳрсиз, урф-одат, таомилларга тушунмайдиган кимсага айланади. “Идорада зарур ишлар қолиб кетяпти, вақт бўлса тиғиз. Бошлиқларимиз қабристоннинг узоқ-яқинлигини суриштириб ўтирмайди, ишга фалон куни келасан, бошқасини билмайман, дейди. Бошлиқ нима бўлганда ҳам бошлиқ, ҳар ҳолда, шаҳарнинг шароити бўлак” деб ўзини оқлайди. “Асрга татигулик кун” рамонидаги Раймали оға ва Бегимой тўғрисидаги ривоят севги-муҳаббат мавзусида бўлса-да, унинг ҳам марказида худди Найман она, Шохдор она буғу афсонасидаги каби эзгулик ва ёвузликнинг кураши туради. Ушбу ривоятда жоҳил кимсалар севишганларга қанчалик қаршилик кўрсатишгани таъсирчан нақл қилинади. Мазкур ривоят муайян даражада адибнинг “Жамила” қиссасини ёдга солади. Қиссада эри урушга кетган Жамила урушдан қайтган бошқа эркак – Дониёрни севиб қолгани ҳикоя қилинади. Ривоятда эса ўн тўққиз ёшли Бегимой олтмишдан ошган Раймали оғани яхши кўриб қолиши билан боғлиқ драматик воқеалар нақл этилади. Қиссада Жамила ва Дониёр бирга кетади. Оқин Раймали оғага эса одамлар “ақлдан озган” деб қарайди. Укаси Абдилхон уни банди қилиб, дарахтга боғлаб ташлайди. Ушбу ривоятда Абдилхон золимлик тимсоли бўлиб кўринади. Жоҳил, золимларнинг бошқалардан фарқли жиҳати шундаки, улар ҳеч қачон ҳақиқатни тан олишмайди, бошқаларнинг ҳам хоҳиш-истаги, кўнгли борлигига эътибор қилишмайди. Фақат ўзларининг манфаатини ўйлашади. Раймали оғанинг укаси Абдилхон, бошқаларни бемалол оёқ ости қилиб кетадиган худбин кимсаларнинг ёрқин образидир. Раймали оға қариндошларидан “Куй қуйилиб келса, куйламоқнинг нима айби бор?” деб сўрайди. Унинг бу саволларига ҳеч ким, уруғ оқсоқоллари ҳам жавоб беролмайди. “Чингизхонинг оқ булути” қиссаси асосида ҳам афсона туради. Қиссада афсона мисолида шўро сиёсати зўрликка асосланганига ишора қилинган. Чингизхон тўғрисидаги афсона роман сюжетида алоҳида тармоқ бўлса-да, лекин асар умумий руҳига сингишиб кетган. Адибнинг олам ва одам тўғрисидаги фалсафий мушоҳадалари роман сюжетидаги барча тармоқларни, жумладан, ундаги афсона ва ривоятларни яхлит бирлаштирган. Найман она, Чингизхон афсонаси, Раймали оға ва Бегимой тўғрисидаги ривоят умумбашарий нуқтаи назаридан ёритилган. Чингиз Айтматовнинг санъаткорлиги шундаки, у асарларида шафқатсиз, золим кишилар образини фақат қора бўёқда кўрсатмайди. У бундай кишиларда ҳам озгина бўлса-да, инсоний хусусиятлар мавжудлиги, улар ҳам изтироб чекиши, йиғлашини маҳорат билан очиб беради. Беҳисоб қон тўккан мустабиднинг кўнгил кечинмалари, армон, изтироблари билан таништириб, унинг инсон сифатидаги мураккаб оламини кўрсатади. “Чингизхоннинг оқ булути” ҳажм жиҳатидан адиб асарларидаги энг катта афсона саналади. Шохдор она буғу, Найман она афсоналарида тўқима қаҳрамонлар образи яратилгани ҳолда, ушбу афсонада тарихий шахс – Чингизхон асосий қаҳрамон сифатида гавдалантирилган. “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат” асарларида ҳаёт ҳодисларини акс эттириш ва инсон дунёсини гавдалантиришда замонавий жаҳон адабиётидаги илғор тажрибалар мужассамлаштирилган. Бу мазкур асарларнинг композиция ва сюжети қурилиши, унда афсона ва ривоятларнинг жойлаштирилиши, қаҳрамонлар хатти-ҳаракати, кечинмаларининг улар хотиралари билан боғланиши ва энг асосийси, турли характердаги персонажларнинг ички оламидаги зиддиятларга эътибор қаратилишида кўринади. Ҳаёт ҳар бир кишининг олдига ҳар дақиқада кутилмаган муаммони қўяди. Шунинг таъсирида одамнинг кайфияти, борлиққа, кишиларга муносабатида муттасил ўзгаришлар рўй беради. Шу боисдан “инсоннинг қалби ғоятда нозик” дейилади. Кишининг қалбида эзгулик ва  ёвузлик ҳислари бир-бирига жуда яқин туради. Ана шундан қалбда  зиддиятли кечинмалар кечади. Инсон ҳар бир нарсадан хавотир олади, иккиланади, шубҳа, гумонга боради. Одам аслида табиатидаги ана шу жумбоқ боис азобланади. Чингиз Айтматов турли характердаги қаҳрамонлар образини яратишда ана шу ҳақиқатдан келиб чиқади. Адиб барча асарларида  инсон дунёсига турли ракурслардан қарайди. У қисса, романларида ўз манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиш истаги кишилар табиатига чуқур сингиб кетгани, ҳаётдаги барча муаммолар айнан шундан келиб чиқишини кўрсатади. Чунки ҳар бир одам бутун ҳаёти давомида ўз манфаати  сари интилади. Лекин бу ҳеч бир кишининг қабиҳлигини оқлаш учун асос бўлолмайди. Чунки ҳар қандай қабиҳлик жиноятдир. “Тоғлар қулаётган замон” (“Абадий қаллиқ”) романида табиат ҳам одамларнинг бир-бирига адоватидан азият чекиши тасвирланган. Адибнинг сўнгги асари бўлиб қолган мазкур романда “Абадий қаллиқ” афсонаси нақл қилинади. Афсонада севишганлар ҳасадчилар фитнаси туфайли бир-биридан айрилгани ҳақида сўз боради. Фитначилар тўй куни келинни “севган йигити билан кечаси қочиб кетди” деб гап тарқатиб, уни ўғирлаб кетишади. Лекин  дарёдан ўтишда фитначилар ҳалок бўлиб, қиз омон қолади. У тўй ўтган жойга қайтганида куёвнинг тоғларга бош олиб кетганини эшитиб, ўша томонга йўл олади. Куёвни ҳам, келинни ҳам ҳеч ким тополмайди. Куёв тоғларга кетишидан олдин одамларга: “Буткул одам зотини қарғайман! Одам бўлгандан кўра ҳайвон бўлганим яхши… Дунёда биронта одамни кўргани кўзим йўқ ва бундан буён мени ҳеч ким кўрмайди” деб айтади. Ушбу афсона асар сюжетини яхлит бирлаштириб туради. Адиб афсона билан боғлиқ саҳифаларда ўзини азоблаган аламли ўйларни ифода этади. “Охирзамон нишоналари” романида қаҳрамон океан устида иккита қуёш пайдо бўлиб, сувнинг чидаб бўлмайдиган даражада қайнаб кетганини туш кўриши, бу фалокатдан қутилиш учун китлар ўткир учбурчак ҳосил қилганча  уфққа қараб сузиши, у қутирган океанда китлар билан ёнма-ён сузиб бораркан: “Океан қайнаб кетади ва биз ҳаммамиз нобуд бўламиз!”  деб бақириши баён этилади. Бу жониворлар учун энг даҳшатлиси инсон ақли етмайдиган, пайқамайдиган ҳолат, яъни носоғ ижтимоий муҳитнинг, одамлар қилган ёвузликларнинг таъсирида дунёвий руҳ мувозанатининг бузилиши бўлса керак. Афтидан, китлар учун энг даҳшатлиси ана шу… Китлар инсон хулқидаги нопокликларга, шафқатсиз ва даҳшатли ёвузликларга чидай олмайди… Қаҳрамон тилидан айтилаётган айни сўзлар аслида адибнинг азобли ўйлари, унинг дарди, изтироби экани аниқ англашилади. Одам қандай фикрласа, шу тарзда ҳаракат қилади. Киши интилиши унинг фикри, ички ўйларга мувофиқ кечади. Чингиз Айтматов ҳам қаҳрамонлари образида айни ҳақиқатни гавдалантиради.

Абдулла УЛУҒОВ

 

Жаҳон адабиёти таҳлили кўзгусида

Сайт бўлими: Жаҳон насри

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ