"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

БОБУРГА УЛФАТ БЎЛГАН КЎНГИЛ

Ўқилди: 663

Мирза Карим (Мирзакарим Пирматов) 1946 йил 27 декабрда Андижон  вилоятининг Бўз районидаги Жийдақатор  қишлоғида туғилган. Андижон давлат  педагогика олийгоҳини тугатган. Мирза Карим ўзининг сўнгги дамларида журналистлик фаолиятини   “Ёш ленинчи”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида давом эттирган.  Ёзувчининг “Юлдузлар жилмаяди”, “Иброҳим Эшонхўжаев”, “Қалбимни очай сизга”, “Биринчи секретарь”, “Хаёл қуши”, “Мунаввара эртаклари ёки Нўхатполвоннинг саргузаштлари”, “Моҳларойим” асарлари чоп этилди. Мирза Карим Бобур Мирзо ҳақида қисса ёзди. Бобур армонларидан гулдаста тузди ва Мирзо Бобур ёшида Бобурга улфат бўлди. Мирза Карим 1993 йил 27 мартда вафот этди. Қуйида Мирза Каримнинг “Бобур нидо”ларини азиз китобхонларга тақдим этишни лозим топдик.

 

БОБУР НИДОЛАРИ

 

МИРЗА  КАРИМ    ПИРМАТОВ

 

 000000003853

Дилим пора бўлди, иқболим нигун,

Ёй, қилич, балолар синди бошимда.

Ўзимнинг уйимга сиғмадим бугун

Юртимдан айрилдим йигит ёшимда.

Ўқ отди тоғойим, ўқ отди иним,

Ҳаловат топмадим еган ошимдан.

Паноҳ излаб ўзга элга отландим,

Юртимдан айрилдим йигит ёшимда…

***

Бу — Андижон, Ўш, Поп қўрғони,

Косону Санг, Марғилон мана.

Қайга борай, борми имкони

Қай бир қўрғон берар бошпана?

Юрдим сарсон подшоҳ номи-ла,

Ўз юртимга бўлиб интизор.

Бошим олиб надомат ила,

Тупроғимдан кетдим хору зор.

***

Умид қўлдан кетди, эл қўлдан кетди,

Қулаётган қалъа —  менинг юрагим.

Таянган тоғойим бошимга етди,

Қулаётган  қалъа – менинг юрагим.

Тўрт томоним қибла – тентирайман мен,

Қулаётган қалъа – менинг юрагим.

Чинор япроғидек титрагайман мен

Қулаётган қалъа – менинг юрагим.

***

Илдизи кесилган дарахтман, дарахт,

Бош қўйдим пойингга мисоли карахт,

Насиб қилармикан сенга қайтиш, бахт –

Хуш қол энди сен ҳам Ҳисор қалъаси!

Жоним қолур, жисмим  олиб кетурман,

Бу дунёдан соғинч билан ўтурман,

Заминимдан айри тушган Бобурман,

Хуш қол энди сен ҳам Ҳисор қалъаси!

***

Она юрт насими эсар-ей оғир,

Эл – улус ноласи эзар-ей бағир,

Қўш дарё ораси қолди-ей, сағир,

Кимларга дарвоза  очдинг-а халқим?!

Ул нокас, хазинанг қаърини тутди,

Шаробнинг дардида ўзин унутди.

Тандаги илигинг сўриб  қуритди,

Кимларга дарвоза  очдинг-а халқим?!

***

Ўн иккида шоҳ бўлдим, саҳрою тоғлар ошдим.

Андижону, Самарқанд йўлларида адашдим.

Гоҳ қувондим, ўртандим, гоҳида ёндим, шошдим.

Мен – Заҳириддин Муҳаммад Бобур.

Бир қўлимда қаламу, бирида қилич тутдим,

Урушдим, мағлуб бўлдим, ютдиму ғазал битдим,

Юртим дея сарғайдим, бу йўлда гадо ўтдим,

Мен – Заҳириддин Муҳаммад Бобур.

***

Одил бўл, одам бўл, сеники галинг,

Эл йиғласа йиғла, суюнса суюн.

Саломат бўлса гар, тўртов мучалинг,

Она юртга қайтгил, ўғлим, Хумоюн!

Дунё меникидур Ҳиндустон қадар,

Лек Мовараунаҳрда айланур қуюн.

Ёдингда тутгилки, сўнг сўзин падар,

Она юртга қайтгил, ўғлим, Хумоюн!

***

Бу ер гулзор бўлсин, бу жой эса боғ.

Олмаю анорлар ўссин гуркираб.

Амири қовунлар босганда чанқоқ,

Нашвати шарбати оқсин ярқираб.

Андижон, Самарқанд, Ахси нафаси,

Ўзга бир диёрда уфурса ҳам чин.

На гулзор чиройи, на боғнинг саси.

Босолмас Ватаннинг ўша соғинчин.

***

Бу беш кунлик дунё – деганлари, рост,

На дунё англадим, на бардан тутдим.

Менда ҳам бор эди соғинч, эҳтирос,

Нашвати сингари бир пишиб ўтдим.

Бу беш кунлик дунё – деганлари, рост,

Билмам яшадимми  ё муштоқ ўтдим?

Яшашни истардим одамларга хос

Умримни емирди айрилиқ ўти.

***

Яна юзим шувут. Қиличим синди,

Тағин ғанимларга йўл очди тақдир.

Кипригимга заҳар томчиси инди,

Нақадар оғир-ей, нақадар оғир!

Мунгли юрагимни чулғар ғалаён,

Табаррук заминдан айрилиш – ўлим!

Шу юрт омон бўлса, бош бўлса омон

Илоҳо, бир куни боғлангай йўлим!

***

Япроқ сарғаймади, юзим сарғайди,

Чирт узилган баргмас – менинг юрагим.

Кузнинг сокин қуйи мисоли дайди,

Ўқ еган турнадир орзу – тилагим.

Шикаста умримнинг хаста доғига

Мўмиё сингари малҳам қўёлсам.

Армоним йўқ эди юрт тупроғига,

Соғинч юзларимни лаҳза босолсам.

***

Онанг кўкрагини тутган маҳали

Ғунча лабинг билан энтиккан замон.

Дилбандим, менга ҳам келмиш-ей гали,

Дея талпинурман Андижон томон.

«Ўзинг қўлла, дея, ёлғиз оллоҳим!»

Ўксик дардларимни ўксиб айтурман.

Ҳинду тоғларида бўзлайдур оҳим,

Бўзланган оҳим-ла бир кун қайтурман.

***

Ато этган эди бир бора умр,

Кўкрак кериб ўтдим, бошим сарбаланд.

Пешонамга ёзиб қўйгандек сурур

Ўзга юрт шуҳратин кўтардим баланд.

Ато этса эди яна бир умр,

Шоҳлик либосини ташлаб кетардим.

Майли, юрагимда ёнмасин шуур,

Юртим тупроғига бошлаб кетардим.

***

Андижон, Самарқанд, Ахсини қўмсаб,

Соғинч илинжида сарғаяр умр.

Баъзан йиғини хуш кўргум, ажаб,

Ана шу томчида Ватан кўринур.

Кўзим қароғида Ватан кўринур,

Қулф ура бошлайди дилимда ҳавас.

Орзу уммонида ўтаркан умр,

Ватан ҳисларини асраб муқаддас.

***

Мен ғамга тегирмон ясай бошладим,

Унинг ғалласини янчмоғим керак.

Мусибат дардини ошай бошладим,

Курмак қовғасини очмоғим керак.

Биламан юрагим сари югурик –

Қон эмас, айланур дарднинг ҳосили.

Наҳот юрт доғида то ҳануз тирик

Юрибман хаёлий нурга осилиб.

***

Урушлар, курашлар эсар бўй-бўйлаб.

Мамлакат вайрондир, дилим вайрондир.

Юртимнинг эртанги қадрини ўйлаб

Умидим ҳайрондир, тилим ҳайрондир.

Оламнинг этаги сўкилиб борар,

Насибам яримлар, юзим заъфарон.

Не қилай, юрагим тўкилиб борар,

Яқинми дейман-ей борар ул макон?

***

Она юрт ҳажрида тугаркан бардош,

Япроқдай тўкилар дўсту қариндош.

Қайсар набирангнинг кўзида ҳам ёш.

Бобом Амир Темур, қўллагин ўзинг.

Шажаранг бандида бутун жонингман,

Ҳинд сори юзланган бир ғолибингман.

Юрт дея сарғайган ул Бобурингман,

Бобом Амир Темур, қўллагин ўзинг.

***

Ватан ортимдадир, Ватан қалбимда,

Ватан ғанимдадир, Ватан олдимда.

Она юрт доғида ўртаб ёндимда

Чирқиллаб қолди-ей боболар руҳи.

Ватан йўлларида интизор кўзлар,

Бу йўлда қаролиқ бўлди-ей юзлар!

Юрт йўлин тополмай Бобур ҳам бўзлар

Чирқиллаб қолди-ей боболар руҳи!

***

Менинг имон, менинг жоним,

Туғилган юрт – Андижоним,

Қайдан излай жон-жаҳоним,

Андижоним,  —  анда жоним

Кўзларим ёш, дилимдир хун,

Йўлим олис, йўлим мушкул.

Армонимдир бўлмоқ ўғил

Андижоним – анда жоним.

***

Ой элайди шуълани

Қарсак чалар ул баҳр.

Уммон аро  маёқни

Излар Мовароуннаҳр.

Ой ёғдуси камалак

Ўз нурига тўймайди.

Юрт доғида мен ҳалак

Кел, кел дея қўймайди.

Шукур-ей, изимдан  туёқлар қолар,

Мусофир юртларнинг  эсар насими.

Кўзи қора ўшал – турки боболар

Қанийди бир бора эсласа мени!

Ёшим ўтиб борар, соғинч авж олар,

Дилхаста юрагим қийнайди мени.

Қоши қалам ўшал – туркий момолар

Қанийди бир бора эсласа мени!

***

Мана сенга, жигар  беш мисқол кумуш

Шу юртнинг таянчи бўлганинг бўлсин.

Сендай мардлар ила чекинди уруш

Хонадонинг нурга тўлгани тўлсин.

Жигарим юрт дея сарсон юрсам-да,

Она замин доғи ўртар ҳар нафас.

Ийманмай олавер, азиз юртимда

Полизда қовунни сотмоқ расм эмас.

 

                                              Нашрга тўпловчи:

Мунаввара Пирматова 

 

Сайт бўлими: Ўзбек мумтоз адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ