"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

МАРОСИМ, ТАНГРИТОҚҚА ЎРЛАЁТГАН ЎҒЛОН

Ўқилди: 926

 МАРОСИМ

ИККИ ҲИКОЯ

Зуҳра МАМАДАЛИЕВА

Миниатюра-из-Месневи-Джалала-ад-дина-Руми-Миниатюра-Ирана.-90-е-годы-XVI-в.-открытка-1958-г.

Ариймаз кўзини очгани заҳоти ҳалиям тирик эканлигини англаб, “уҳ” тортди. Мана, бир неча ойдан бери силласи қуриши учун ўзини овқатдан тияди, бир неча кундан бери эса туз тотмайди, лекин барибир… ҳали-бери ўладиганга ўхшамайди. Асли болалигидан шундай – соғлом ва бақувват эди. Икки укаси ва бир синглиси гўдаклигиданоқ касалланиб нобуд бўлишди. У эса шу соғломлиги туфайли омон қолди. Йигит ёшига етганида ҳам жуфтликка ўзига ўхшаш соғлом қизни танлади. Аниқроғи ўзи эмас, томиридаги қони танлади қизни. Унинг исми Аниса эди, икки ёноғи тоғ лоласидан қизил, тани қуёшда пишган буғдой рангида эди. Тишларининг оппоқлиги, текислиги форс савдогарлари келтириб сотадиган, қабила аёллари кўрганида кўзлари ёнадиган марваридни эслатар, пешонасидан энсиз тасма билан боғлаб юрадиган қуюқ сочлари қизнинг ҳаракатига монанд тўлғонарди. Киядиган либослари гоҳ яшил, гоҳ сариқ, гоҳо қизил тусда бўларди. Удумга биноан бичими тўғри қилиб тикилган бу либослар қизнинг адл қаддига қуйиб қўйгандай ярашар, фақат ярашардигина эмас, қизга ўзгача жозиба бахш этиб, ошиғи юрагини тобора кўпроқ ёндирарди.

Белига “белбоғи мардон” боғланган йили Наврўз арафасида Ариймазнинг қариндошлари қизнинг уйига бош эгиб боришди-ю, хурсандлик билан қайтишди. Қизнинг отаси маросимга рози бўлибди. Бу хушхабар Ариймазнинг кўнглига озроқ хавотир ҳам солди. Гарчи у маросимда ҳаммаси рўйи рост бўлишини истаса-да, енгилиб қолишдан чўчирди, чунки қизнинг бақувватликда ўзидан қолишмаслигини биларди.

Маросим удумга биноан холис кишиникида – қабила оқсоқолининг уйида ўтказилди. Катта меҳмонхонага Эрон гиламлари тўшалган, деворда эса Тангри Хурмузнинг Ахурамазда инояти билан Зардуштга етти тимсолда кўрингани тасвирланган эди. Бу дабдаба Ариймаз ва унга ўхшаган “бечора”ларнинг деворини ҳеч қачон безамаслиги аён. Хайриятки, Аниса ўзи каби “бечора”лардан. “Тенг тенги билан…” деганларидай…

Мана, қиз кириб келди хонага. Йўқ-йўқ, қиз эмас, муборак Қуёш порлаб чиққандай бўлди гўё. Зардуштга кўриниш берган Хурмузнинг етти тажаллийси жонлангандай, ҳаракатга келгандай туюлди йигитга. Қиз Наврўз байрами, яна бугунги маросим муносабати билан ясанган – битта қилиб ўрилган сочларига баҳор чечаклари таққан, бошига эзгу ният, эзгу сўз ва эзгу амални мужассамлаштирган уч таркли тақя – дўппи қўндирган, эгнидаги хитойи шоҳидан тикилган яшил либоси ошиқ қалбига одатдагидай, балки ундан-да кўпроқ олов ёқиш учун кийилгандай эди.

Ариймаз ихтиёрини бой бермаслик учун бу гўзалликка қарамасликка қарор қилди. Йўқса мақсаддан чалғиб, мағлуб бўлиши мумкин. Мағлубият эса нафақат шармандалик, балки ҳалокат демак. У қизнинг майин табассум билан бош эгишига енгилгина таъзим билан алик олди-да, қаддини эгганча икки қўлини бургут қанотидай кериб, ҳужумга ва айни пайтда ҳимояга тайёрлана бошлади.

– Бунинг нима кераги бор? – кулиб юборди қиз. – Чиқиб айтинг, мен мағлуб бўлдим!

Бу кутилмаган эмас, айни кутилган, орзу этилган сўз эди. У ҳайратдан анграйиб қолди.

– Мендан кучли эканлигингизни биламан, – деди Аниса. – Қабила йигитлари билан қандай кураш тушганингизни кўрганман. Курашиб ўтирганимдан нима фойда, барибир мағлуб бўламан.

“Йўғ-эй? Қачон? Ҳа, бултур Наврўздами? Ахир яқин орада аёл зоти йўқ эди-ку! Демак, у ҳам мени пана-панадан кузатаркан-да!”

Ариймазнинг кўнгли фараҳга тўлди. Ҳовлига чиқди. Безовта бўлиб кутаётган қариндошлари унинг сўзларини шодумонлик билан қарши олиб, зоҳиран “хафа бўлган” қудаларига тасалли берган бўлишди.

Тўй дабдабали бўлмаса-да, ширингина бўлди. Тўйдаги курашда ҳам куёв қабила йигитларидан кучли эканлигини яна бир бор исботлади.

Тўйдан сўнг янги оила ўзига алоҳида туғ кўтарди.

 

* * *

Фарзандлари ҳам соғлом ва бақувват, бир сўзли, лекин қайсар бўлиб улғайишди. Катта ўғли Азамат ақли ва илми билан нафақат қабила аҳли олдида, балки шаҳар қабилалари уюшмасида ҳам обрў топди. Кўзини юмиб, “Авесто” готларини шундай гўзал ўқирдики, ҳазрати Довуд замонидан бери ҳеч ким бундай хушовоз бўлмагандир. Агар шу истеъдоди билан бироз итоатгўй бўлганида борми?! Ҳеч ким ундай обрў қозонолмасди!

Оташкада қошидаги мактабни битирар йили уни устозлари ибодатхона коҳинлигига тавсия этишди. Бироқ у… у Ариймаз ҳозир, айнан ҳозир адо этилишини кутиб ўтирган маросимни инкор этароқ оташкада коҳинларига қарши чиқди. “Зардушт бундай дейиши мумкин эмас, бу элатнинг кўчманчилик даврида ортиқча юкдан қутулиш учун ўйлаб топилган маросим, ҳозир бу одатнинг мутлақо кераги йўқ”, деди. “Жонивору ўсимликни ҳам азиз-авлон қилган зардушт дини инсонни бу қадар хўрламайди”, деди.

Мантиқан унинг сўзи тўғрига ўхшарди. Бироқ ҳар қандай янгилик каби бу фикр ҳам улуғларга ёқмади.

Ўтоғалари аввалига муроса қилишди. Илоҳий ҳукмни ўзгартиб бўлмаслигини, бу табиатнинг қонуни эканлигини, жониворлар орасида ҳам шундай одат ҳукм суришини далил келтириб, Ахурамазданинг хоҳиши шундайлигини исбот қилишга уринишди. Бироқ Азамат коҳинларнинг, бошқа ёши улуғларнинг, ҳатто ота-онасининг ҳам гапларига кирмади.

– Сизларга Зардуштнинг сўзи эмас, унинг ҳукми ўлароқ ҳозиқ бўлган бемаъниликлар керак, аслида унга суиқасд қилиб ўлдирган ҳам ўзларинг! – деди дадил.

Бу анчайин қаттиқ гап эди. Ариймаз ўшанда қўрққанди. Оқсоқоллар боламни ўлдириб қўйишади, деб ўйлаганди. Бироқ коҳинлар шафқат қилишиб, Азаматни сургунга ҳукм этишди. “Қайтиб келсанг, ўлдирамиз”, дейишди. Йигит эса пушаймонликни хаёлига келтирмасди.

– Энди қаерга борасан, болам? – сўраганди ундан энди аввалги ўтдай гўзаллиги ёнига ёшига яраша улуғворлик ҳам қўшилиб бораётган Аниса.

– Туркутлар қабиласига! – парвойи фалак жавоб берганди ўғли.

– Кўчманчилардан яхшилик кутиб бўлмайди.

– Бу ерда мунофиқ бўлиб яшагандан кўра, бошга тушганни кўрган маъқул. Бегуноҳлиги учун Сиёвуш оловдан ҳам тирик чиққан экан, – жавоб қайтарди Азамат.

Шу бўйи ўғли бирон йил бедарак кетди. Аниса гарчи эрига билдирмаса-да, ўғлининг кийимларини бағрига босиб йиғлаб олишини Ариймаз яхши биларди. Биларди-ю, билмасликка оларди. Бошқаларнинг “ноқобил ўғилнинг боридан йўғи маъқул” деган “тасалли”ларига сукут билан жавоб берар экан, фарзанди албатта қайтишини юраги сезарди.

Юраги алдамаган экан. Ўғли эрта кўкламда яширинча уйга келди. Елкасига аллақандай ёввойи ҳайвоннинг терисини ташлаган Азамат анча ўзгарган, юзлари қорайган, шундоқ ҳам бақувват билаклари яна-да йўғонлашган, қоғозу қаламга ўрганган қўллари дағаллашган эди.

– Қандайсан, болам? – уни қучоғидан қўймай сўраганди ўшанда Ариймаз.

– Маздага шукр. У мени қўллайди, – сокин, бироқ аввалгидай қатъият билан жавоб берди ўғли.

– Туркутлар қандай экан? – сўраганди ўшанда Ариймазнинг қизи акасига ҳайрат билан боққанча.

– Кўчманчилардан бекор қўрқар эканмиз. Улардай мард, бир сўзли одамларни кўрмаганман.

– Кўк бўрига сиғинаяпсанми? – сўради Аниса.

– Йўғ-эй, – кулди ўғли афтидан онаси кўчманчиларнинг эътиқодини билганидан ҳайрон қолиб. – Мен Маздага ибодат қиламан. Ҳеч ким менга халал бермайди. Улар ҳатто бизнинг эътиқодга қизиқиб қолишди. Чунки Ахурамазда билан Кўк Тангрининг сифатлари бир-бирига ўхшар экан. Биласизми, мен уларга нима дедим? Аслида Яратгувчи битта, биз билган номлари эса Уни бизга англатувчи турли йўллар, холос, дедим…

– Юринглар, ота, она, сизларни олиб кетаман! – ниҳоят мақсадга ўтди тонг отаётган пайтда Азамат.

– Қаерга, болам? – сўради келганидан бери унга термилиб ўтирган она маъюсгина овозда.

– Бемаъни одатлар йўқ жойга. У ерда ҳам кунимизни кўра оламиз.

– Туркутлар деҳқончилик нималигини билишмаса, ярим ёввойи бўлишса…

– Унчалик эмас. Улар ҳам чорва боқишади. Бунинг устига… овчилик яхши экан. Мен камондан отишни ўрганиб олдим.

– Қаерда бўлсанг ҳам, омон бўл, болам. Биз бормаймиз! – деди қатъият билан Ариймаз.

Ўғли ўшанда маъюсгина бош эгиб чиқиб кетганди. Ора-чорада ўшандай яширинча келиб турди. Бу орада қандайдир бир туркут қизга уйланганини ҳам айтди. Охирги келганида ота-онасини бирга юришга қистаб, роса ялинди.

– Ота, она, бошқа кўришмасак керак, – деди у кўзидаги ёшини зўрға тийиб. – Туркутлар бошқа жойга кўчиб кетишаяпти. Узоққа. Мен… улар билан кетаман.

– Оиланг билан бирга қайтиб кел, ўғлим. Қилмишингдан пушаймонлигингни айтсанг, ўтоғалари сени кечиришади. Ватандан узоққа кетиб бўлмайди, – зориллади она.

– Кейин уларнинг бемаъни эътиқодига бўйсунишим керак бўлади, она. Ахир Зардушт ҳам ўз эътиқодини сақлаб қолиш учун Эронга кетишга мажбур бўлмаганмиди?

– Сен киму, улуғ Хабарчи ким, ўғлим?

– Мен қайтмайман, она!

Ариймаз ўғлига эътироз билдирмади. Гарчи индамаган бўлса ҳам, ичида унинг сўзларини маъқулларди. Кетаётганда ҳам хотини ва болаларига шу ерда хайрлашишни буюрди-да, ўзи уни пана йўллар билан шаҳар ташқарисигача кузатиб чиқди.

Отасини қучоқлаб, хўшлашаётган ўғли унга бир гап айтди. Бу гапни Ариймаз кейинчалик кўп эслаб юрди. Шундан кейин ўғли бошқа қайтиб келмади.

 

* * *

Ягона қизи – Равшаной ҳам акасидан қолишмади. Бўйи етгач, уйга келган совчиларни қайтара бошлади. Маросимда учта йигитни чирпирак қилиб йиқитди. Шундан кейин қабила йигитларидан ҳам, бошқа қабилалардан ҳам уни сўраб келишга ҳеч ким ботинолмади. Коҳинлар эса Азаматнинг олинмай қолган ўчини унинг оиласидан олишга имкон туғилганидан севинишдими, ҳар қалай, атайлаб турмушга чиқмай, Мазданинг қонунларини писанд қилмади, дея айблаб, Равшанойни оташкада қошидаги сиҳатгоҳга ҳамшираликка жўнатишди. Қучоғидаги қизининг келин бўлиб эмас, беморлар қошига ҳамшира бўлиб кетаётганини кўрган Анисанинг кўзёши дарё-дарё бўлди. Энди унинг мағрурлигидан асар ҳам қолмаган, шундоқ ҳам фарзанд доғи эгган қадди букилиб, юзидаги ажинлари кўпайган эди.

Ариймаз қизининг нега бундай саркашлик қилаётганини тушунмади. Бироқ нимагадир унинг фикрини маъқуллагиси келарди. Шунинг учун у гарчи фикрини очиқ айтмаган бўлса ҳам, қизига бир оғиз қаттиқ гапирмади. “Тенг тенги билан…” деганлари тўғри. Бу – табиат қонуни. Равшанойга тенг йигит бу шаҳарда йўқлигини Ариймазнинг ўзи ҳам яхши биларди. Агар тенги чиқса, қизи ҳам худди онасидай курашмай таслим бўларди. Ота буни ҳам англарди.

Равшаной итоатгўй ҳамшира бўлиб ишлади. Дам олиш кунлари уйга келганида ҳам, онаси уни йўқлаб борганида ҳам бирон марта ўз ҳаётидан, ишидан нолимади. Бирон йил шу тахлит ўтгандан кейин қиз ўз-ўзидан ғойиб бўлди. Шифохонадаги ҳамширалар уни қандайдир қисиқ кўз туркий йигит билан кўришганини айтишди.

– Яна кўчманчилар. Уларнинг болаларимда нима қасди бор экан? – зорланди она.

Ариймаз эса гарчи буни ошкор билдирмаса-да, қизининг қароридан хурсанд эди. “Тенг-тенги билан”, деганлари тўғри. Ўша йигит олис юртдан Равшанойни излаб келибдими, демак, унинг тенги. Буни унга томиридаги қони билдирган. Ариймаз табиат қонуни адашмаслигини биларди. Қизи, албатта, бахтли бўлади!

– Подшоларимизнинг ўзлари туркийлар билан қудалашишаяпти-ку, – хотинига тасалли бермоқчи бўлди Ариймаз.

– Менинг орзу-ҳавасларим-чи?! Энди қизимни кўрмайманми?! Унинг болаларини ҳам кўрмайманми?! Биттасини дарди етмаётувдими менга?! – зор-зор қақшади хотини.

– Қўй энди, қаерда бўлсаям омон бўлишсин!

Полапонларини учирма қилиш – қушларга хос. Қарангки, одамзот бунга чидолмас экан. Айниқса, хотини. Равшанойнинг қилмишидан кейин қадди бутунлай букилиб қолди. Ариймазнинг ўзи ҳам эл-уруққа аралашишга ор қилиб, уйдан чиқмайдиган бўлди.

Уларнинг сўнгги умиди – кенжатой эди. Бу бола ўжарлигу эркаликда акаси, опасидан қолишмаса-да, ота-онасининг ягона умидига айланганлиги учун энди анча сипо бўлиб қолганди. Ота-она Азамат ва Равшанойнинг орзу-ҳавасини шу боладан кўришди. Яхши жойдан қудалашишди. Ўзидан итоатгўй, мўмин-қобил қизни келин қилишди. Унинг болалари ҳам шундай итоатгўй, шундай мўмин-қобил бўлишди. Мактабда номигагина ўқишди. Отаси, бобосига ўхшаб деҳқончилик қилишди. Уйда чорва асрашди. Шу билан умр ўтиб кетаверди. Неваралар ҳам балоғатга етган заҳоти уйланишди.

Шу пайтларда Аниса бетоб бўлди. Аввалига унинг ўзи ҳам, бошқалар ҳам буни ўткинчи дард деб ўйлашди. Лекин маълум бўлишича, бу бошқача касаллик экан. Аниса алаҳлайдиган одат чиқарди.

– Кўк бўри, Кўк бўри, – дерди у нуқул олисларга тикилиб. – Болаларимни қаерга олиб кетдинг? Уларни қайтариб бер, Кўк бўри!

Ариймаз бу ҳолга жим қараб туролмади. Оташкада коҳинларини чақиртириб, “Авесто”даги девларни лаънатлайдиган дуолардан ўқитди. Бироқ бу дуолар акс таъсир қилар, Анисанинг аҳволи ёмонлашиб борарди. Унинг алаҳлаши кучайиб, уззукун ғойибдаги суҳбатдошига нола қилиб, йиғлайдиган одат чиқарди.

– Кўк бўри, сенга нима ёмонлик қилдим? Болаларимни қаерга олиб кетдинг? Уларни қайтариб бер! Бағримга қайтар болаларимни!

Ариймаз хотинининг умри ниҳояланиб бораётганини сезиб турарди. Шунинг учун иложи борича унинг кўнглига қарашга ҳаракат қилар, ёнидан жилмай ўтирарди. Бир куни ҳуши жойига қайтгач, Аниса эрига деди:

– Беҳушлигимда нима деяпман, отаси?

– Нуқул Кўк бўри, дейсан. Қўй, онаси, болаларингдан рози бўл. Ўзингни ҳам қийнама.

– Мен улардан розиман. Лекин сиз ҳам бир нарсани билишингиз керак. Улар… улар мен туфайли туркийлар қавмига қўшилишди.

– Бу нима деганинг?! – ҳайратдан лол бўлди Ариймаз.

Хотини йўталиб, гапиришга қийналди. Ариймаз унга сув тутди. Кейин елкасидан ушлаб, ўрнига ётқизиб қўйди.

– Гапимни эшитинг, отаси. Кейин буни айта оламанми, йўқми, билмайман, – хотини кутилмаганда дадил овоз билан гапира бошлади. – Мен асли туркутлар наслиданман.

Ариймаз бу кутилмаган иқрордан шошиб, гапини йўқотиб қўйди. Анграйганча ўтираверди. Ниҳоят, тили сўзга келиб: “Боболарим сенинг аждодларингни яхши билишар эди-ку”, – деди.

– Буни боболарингиз ҳам эслолмайди, – деди Аниса. – Катта бобомнинг отаси туркут йигит бўлган. У ҳам худди бизнинг Азаматга ўхшаб, қавмидан қувилиб, биз томонга келган. Устушоналик қизга уйланган. Болалигимда ўша бобомнинг хотини – Оша бувим менга чоли Кўк бўри ҳақида айтганларини эртак қилиб сўйлаб берарди. Ўша эртаклар менинг кўнглимга шунчалик жо бўлганки… ўшандан бери Кўк Бўри деганлари ҳамиша менинг хаёлимда яшади. Йўқ, буни шунчаки хаёл деб бўлмайди. Болалигимда туркийларнинг онаси – ўша Она Бўри аллалаб ухлатганини, тушимга кириб, мени тўлин ойли тунда баланд тепаларга олиб чиққанини, мени ёнига ўтқазиб олиб, ойга қараб чўзиб-чўзиб улиганини биламан. Тўйимиз бўлаётганда у пешонамдан ўпиб, сизга топширган. Фарзандли бўлганимизда болаларимнинг бешиги тепасида увуллаб, алла айтарди. Ўша Кўк Бўри ҳали ҳам мен билан яшайди, ишонасизми?

– Ўзингни уринтирма, хотин, – Ариймаз хотинини тинчлантиришга ҳаракат қилди. – Тангри бизга шу кунларни раво кўрибдими, бу ҳам бежиз эмасдир… Ухла, хотин, кўзингни юм.

– Мен алаҳлаётганим йўқ! – кўзлари чақнади аёлнинг. – Ҳар доимгидан кўра ҳозир ҳушёрроқман… Ҳозир у қариган… Мадорсиз… Ҳатто улишга ҳам ярамайди… Яқинда ўлади… Болаларимизнинг дилига ҳам менинг кўнглимдаги ўша эътиқод ўтиб, уларни туркийларга яқинлаштирган. Шундай, отаси… болаларимиз… болаларингиз мен туфайли ўз қавмини ташлаб кетди. Шундай… отаси. Мендан рози бўлинг…

Хотинининг ёш қуйилган кўзлари мангуга юмилиб борарди.

* * *

Шундан кейинги воқеаларни Ариймаз аввалгидай ҳушёрлик билан эслолмайди. Невараларнинг болалари ҳам улғайди. Улар ҳам турмуш қуришди, фарзанд кўришди. Лекин уларнинг орасидан ҳеч ким мавжуд қоидаларга қарши бош кўтармади. Ҳаммалари тобора итоатгўй бўлиб боришарди. Одамлар Азамат ва Равшанойни ҳам, ўзларини ҳам унутиб юборишди. Балки Азамат билан Равшаной ҳам улуғ Ахурамазда ҳузурига равона бўлишгандир? Ахир уларнинг укаси – итоатгўй, мўмин қобил кенжатой ҳам ўтган йили бу дунёни тарк этди-ку. “Йўқ, йўқ, улар ҳаёт, мен тирикман-ку”, ўйларди Ариймаз.

Ариймаз сўнгги яқинидан ҳам айрилганлигини ўша кенжатойи вафот этганда сезганди. Кенжатойнинг бор-йўқлиги кўп-да билинмаса ҳам, отасига суянчиқ экан. Сўнгги суянчиқ. Невара-чеваралар Ариймазга яхши қарашди, иссиқ-совуғидан хабардор бўлишди. Лекин суянчиқ бўлишолмади.

Ариймаз кундузи шаҳарда бемақсад кезиб юрадиган бўлди. Унинг тенгдошлари ё нариги дунёга кетишган ё бўлмаса, болаларини дуо қилиб уйдан чиқмай ўтиришади. У эса… унинг жисмоний соғломлиги ва руҳий беҳаловатлиги муқимликка қўймасди. У шаҳар кезиб, ўзига яқин хотира қидирарди. Шаҳар четидаги оташгоҳ унга ана шундай хотира берувчи маскан эди. Бу даргоҳ қошидаги мактабда ўзи ҳам, болалари ҳам савод чиқаришган. “Авесто”хонлар уларга устоз бўлиб, муқаддас китоб ҳикматларини шарҳлаб беришган. Шу ерда Азамат ўша маросимга қарши чиқиб, нутқ сўзлаган. Шу даргоҳ қошидаги ҳов анави, қизлар тўпланиб турган жойда, сиҳатгоҳда, Равшаной бир йил ҳамшира бўлиб ишлаган. У ҳам гарчи сўз билан бўлмаса-да, амали билан мавжуд қонунларга қаршилик кўрсатган. Ҳозир улар қаерда экан? Соғ-саломатмикин?!

Тунлари Ариймаз бедорликдан қийналарди. Баъзан эса уйқу ҳам бедорликдай туюларди. Унинг Анисаси ёнида Кўк Бўри билан келиб, узоқларга – баланд тепаликка олиб борар, Кўк Бўри ойга қараб узоқ увлаётганида эрига қараб: “Қаранг, мунчаям чиройли манзара. Ўшанда туркутлар ёнига кетиш керак эди, отаси”, – дерди.

Чевараларнинг болалари ҳам бола-чақалик бўлишганда Ариймазнинг умри нафақат кечалари, балки кундузлари ҳам уйқу ва бедорлик орасида ўтадиган бўлди. Унинг авлодлари тобора ўзидан кўпайиб борар, Ариймазнинг назарида, кўпайгани сари кичрайиб, майдалашиб боришарди. Ой невара, пан невара деганларининг сони шунчалик кўпайиб кетган эдики (Аниса буни кўрганда, балки икки боласининг ҳажрида ўртанганига афсус қилармиди?), Ариймаз уларнинг бирини иккинчисига адаштириб юборар, бирини исми билан бошқасини чақираверарди. Авлодлар бунга хафа бўлишмас, “бобомизнинг эси кирарли-чиқарли бўлибди”, деб кулиб қўйишар, “лаббай”, деб жавоб бераверишар эди. Ариймаз энди аввалгидай шаҳар кезолмас, уйининг остонасида ўтириб, ўтган-кетганни томоша қиларди.

Тавба, унинг кўзига нафақат ўз авлоди, балки бошқалар ҳам кичрайиб, майдалашиб кетгандай эди. У ўтирарди-ю, гўё кўчадан, унинг кўз ўнгидан шарпалар юзиб боришарди. Узун-калта, катта-кичик шарпалар. Фақат ейиш ва ичишга, бир хил кун кечиришга ярайдиган шарпалар. Баски, уларнинг ҳеч қайсиси Ариймазнинг катта фарзандларидай бўлолмайди. Йўқ, Ариймазнинг эси оғиб қолмаганди. У ҳамон ўз фарзандларини, Кўк Бўрининг авлоди бўлган Анисасини яхши эсларди. Уларнинг сиймосини авлодларидан қидирарди. Қайсидир қилиғи уларни эслатса, қувониб кетарди. Афсуски, бундай қувонишлар тобора камайиб борарди. Бу ҳолатга қараб, Ариймаз ўзининг иззати битиб, бу дунёдан кетиш фурсати келганлигини англарди. Англарди-ю, унинг чорасини тополмай ҳайрон эди. Ариймаз имонли зардуштий сингари ўз жонига қасд қилиш учун Ахурамаздадан қўрқарди. Шунинг учун сўнгги куни келишини кутишга қарор қилди. Ўша кун эса келақолмай, Ариймазни интизор қиларди. Пан неваралар ҳам оилали бўлиб, ўзларининг туғларини кўтарганлари сари Ариймазнинг интизорлиги ошиб борарди. Энди у уйдан ҳам чиқолмас, бироқ ҳали ҳам ақли соғлом, олдига кириб-чиққан шарпаларни кўриш учун кўзлари саломат эди. Шарпалар эса тинмай юришар, туришар, киришар-чиқишар, тирикчилик дардида чумолилар каби тиним билишмасди. “Булар чарчамасмикин, ахир мен яшайвериб чарчадим-ку, бир хилликдан зерикмасмикин, – дерди Ариймаз. –Мен аллақачон зерикканман. Баски, жонимни олмасанг, ақлимни олиб, мени бу туссизликдан қутқар”, – деб Ахурамаздага илтижо қиларди. Афсуски, Улуғ Тангрининг қулоғи бу илтижоларни эшитмасди.

Ниҳоят, пан неварасининг катта ўғли бўйига етиб, “белбоғи мардон” боғлаган йили Ариймаз ўша маросим бўлишини англаб етди. У маросимни кун санаб кута бошлади. Овқатдан ўзини тийди. Мана, авлодлари оташкадага чақиртирилди. Ариймаз ўзича тасаввур қилди. Оташкаданинг энг улуғ коҳини – муъбад уларга бу маросим Улуғ Ахурамазданинг хоҳиши билан Унинг Элчиси – Зардуштга ваҳий орқали етказилган илоҳий буйруқ эканлигини, унга қарши чиқиш Яратганга қарши чиқиш билан тенглигини, бу маросим ҳатто ҳайвонлар орасида ҳам амал қилинишини тушунтираяпти. Авлодлари эса ибодатхонадаги мангу оловга термилганча бир сўз демай, сукутга ботишган.

– Бу ишни бегона авлоднинг биринчи вакили бажариши керак. Бу – муқаддас маросим!

Бош коҳиннинг метин нигоҳи ва иродаси қаршисида Катта Бегона “миқ” этмай бош эгган. Ниҳоят, улар юзларида розилик аломати зуҳур этган сукут билан бош руҳоний қаршисидан – ўзлари тиз чўкиб ўтирган эроний гилам устидан туришди. Бош коҳин маросим кунини белгилади.

Авлодлар оташхонадан келишгани заҳоти Ариймазга янада меҳрибон бўлиб қолишди. Кунда бир кирмайдиганлари соат сайин киришар, унинг соғлигини суриштиришар, аёллари турли-туман таомлар келтиришарди. Шунда Ариймазнинг эсига катта ўғли Азаматнинг ўша сўнгги видолашув куни айтган сўзлари тушди.

– Бу маросим гуноҳ, катта гуноҳ! – деганди у. – Бундай гуноҳ қилишдан бизнинг авлодни Ахурамазданинг Ўзи асрасин.

Ариймаз авлодини гуноҳга қўймаслик учун ўша гуноҳни ўзи қилмоқчи бўлди. Ўша кундан овқатга қайрилиб қарамади. Бироқ бандасининг айтгани бўлавермас экан. Маросим куни, барибир, келди.

Ариймазни ибодатхона яқинидаги баланд бинонинг томига олиб чиқишди. Унинг кўзига ўша қадрдон бино – оташкада кўриниб турарди. Деворларидан путур кетса-да, унча ўзгармабди. Анчадан бери кўрмаганди. Эллик йил бўлдими, юз йил бўлдими, кўрмаганига, Ўзи билади!

У орқасидан Катта Бегонаси итоатгўй ва майда қадамлар билан юриб келаётганини, қадам олишидан оёқлари титраётганлигини, бироқ маросим ҳақида ноўрин гапиришга, уни инкор қилишга тарбиясидаги итоатгўйлик йўл қўймаганлигини сезиб турарди.

“Демак, унинг қалбида мен ва хотинимнинг қайсарлиги бор. Лекин уни изҳор этишга журъати йўқ. Майли, ҳеч бўлмаса, қалбида у бундан норози бўлса, кўнглида қилаётган иши нотўғрилигини билиб, ундан нафратланса, мен шунга ҳам розиман!”

– Мен сендан розиман, болам! Бошла! – хаёлан бегонасига мурожаат қилди Ариймаз.

Катта Бегона титраётган ингичка, қувватсиз қўллари билан Катта бобосининг елкаларидан ушлади. Ариймаз беихтиёр кўзларини юмди. Шунда унинг эсига Азаматнинг отасини бақувват қўллари билан қучоқлаб айтган гаплари тушди: “Ота, яқинда Кун ботиш томондан оқ туя минган Халоскор келади ва бундай лаънати маросиму одатларни йўқ қилади. Унга эргашганлар эса саодат топадилар. Бу сўзни Улуғ Зардушт башорат этган, ота. Ҳадемай, шундай бўлади, ота, ҳадемай!”

* * *

 

Ариймаз ўзининг еттинчи авлоди – бегонаси томонида томдан итариб юбориш йўли билан қатл этилган куни Кун ботиш ёқдаги ўша Улуғ Халоскор оқ туясига миниб, Ясриб заминига кириб келганди.

 

 

ТАНГРИТОҚҚА ЎРЛАЁТГАН ЎҒЛОН

 

 

Истамин кўзини очганда ўтовнинг тепасидаги туйнук – тобдон очиб қўйилган, унда тонгнинг бўзариб отаётганлиги кўриниб турарди. Онаси доим шундай – жуда эрта туради-да, тобдонни очади. Эмишки, тонгда кўк узра учиб ўтаётган Умай она[1] шу туйнукдан ризқ-насиба ташлаб кетармиш.

Йигит ҳозиргина кўрган туши таъсирида карахт эди, кошки эди, кўзини юмса-ю, қайтадан уни кўрса. Шундай қилди ҳам, бироқ энди унинг кўз олдида фақат зулмат кўринди, холос.

Шу онда ўтов эшигининг очилгани эшитилди. Йигит кўзларини хиёл очди. Эшикда отасининг қораси кўринди:

– Турақол, ўғлим, Истамин баҳодир! – боласини эркалаб уйғотди ота. – Бугун овга чиқамиз.

Бошқа пайт бўлганда бу сўздан йигитча учиб кетгудай бўларди, ахир қанчадан бери қабиладошлари билан бирга овга чиқишни орзу қилади. Удумга кўра, овга чиқиш ўғил боланинг йигит бўлганлигидан нишона берар, биринчи овдан ўлжа билан келиш қабиладошлари мақтовига сазовор қилар, қабила аёллари уни куёвликка зимдан “кўз остига олиб” қўйишарди. Бироқ ҳозир йигитча кўрган туши таъсирида узоқ вақт хаёл суриб ётгиси келаётганди. Лекин иложи йўқ, овдан бош тортиб бўлмайди.

Истамин ўтовдан ташқарига чиққани заҳоти димоғига тоғ чечакларининг ҳиди келиб урилди. Тик турган кўйи ўчоқда пишган иссиққина нонни кавшаб, онаси келтирган бия сутини симирди-да, омонатгина тикланган отхонадан бетоқат ер тепинаётган тўриқ қашқасини олиб чиқди. Эгар-жабдуғини ургач, отнинг  бўйнига шапатилаб эркалатди-да, қашқанинг кишнаб қўйишидан завқи келиб, бир сакраб, устига минди.

Қабила эркакларининг писиб бориб ваҳший ҳайвонларга найза отишлари, жайрон овлашлари, камоннинг мўлжалга бехато санчилиши, ов қушларининг пастга ўқдай шўнғиши йигитчанинг томиридаги қонни жўштириб юборди. Кўрган туши тамоман эсидан чиқди. Отаси Бургут баҳодир билан қуён, ҳатто олқор овлашди. Отаси мамнун бўлиб унга кўз қисиб қўйди.

Туркийларда исм деганлари одам билан бир умрга қолмайди, у тез-тез ўзгариб туради. Чақалоқ туғилганда табиатсевар бу халқ чор-атрофдан улгу олиб бирон исм қўяди. Масалан, ўғил бўлса, Тўрғай ёки Бўрибий, қиз бўлса Юлдуз ё Ойчечак. Кейин эса эркакнинг эл корига ярашига, қиз боланинг қандай оилага “тушиши”га қараб исми ўзгартилади. Елдирим баҳодир ёки Элбилга бека каби. Лекин Бургут баҳодирнинг исми жисмига муносиб қўйилган экан. Унинг ўткир кўзлари нафақат ов чоғида, балки ёв босганда ҳам элга кўп хизмат қилди. Шунинг учун унинг исми ўзгартирилмади, балки унинг исмига беклардай “баҳодир” унвони қўшиб айтиладиган бўлди. Бургут баҳодир эса элдошларидан фарқли ўлароқ ўғлини улуғ Турк хоқони номи билан атади. Истамин – юртни қуллик занжиридан озод қилиб, ҳурлик кўкига олиб чиққан, элу юртини тенглар ичида тенг қилиб, не-не юртларни забт этган буюк Турк хоқонининг исми эди. Истамин хоқоннинг акаси Бумин баҳодир билан қилган жаҳонгирликларини туркий аёллар ҳали-ҳамон болаларига эртак қилиб айтиб беришарди.

Истамин кичкина чиройли жайронни кўрди-ю, ихтиёрини йўқотгандай у томонга от бошини бурди. Жайрон эса даштнинг кўм-кўк юлғунлари аро йигитга қараб-қараб, аввал секин, кейин эса тез югуриб кетди. Жайрон бир кўриниб-кўринмай чопиб бораркан, Истамин отасига тортган ўткир кўзлари билан уни таъқиб қиларди. Жайрон ва тулпор бир-бирларидан қолишмай елиб боришар, шамол йигитнинг бўрк остидан тошиб чиққан сочини тўзитар, шох-шабба юз-қўлларини тирнар, бироқ ов шавқига тушган ёш овчи буларни ҳам, қабиладошларидан анча узоқлашиб кетганини ҳам пайқамасди.

Бирдан юлғунзор йўқолиб, Истамин бийдай далага чиқиб қолди. Уни ўзи билан эргаштириб келган жайрон худди ер ютгандай ҳеч қаерда йўқ эди. Унинг ўрнида… унинг ўрнида эса… бийдай далада бирдан улкан саройлари бор катта шаҳар пайдо бўлди. Унинг деворлари туркийларнинг ўтови сингари қизил ҳам, сариғу яшил ҳам эмас, оппоқ, худди ёғду таратиб тургандай эди. Ўша улкан саройларнинг биридан… воажаб, Истамин бугун, эрта тонгда тушида кўрган гўзал қиз чиқиб келар эди. Гўзалнинг либослари ҳам нур сочиб тургандай, қордай оппоқ юзи, маъжусийлар сиғинадиган қуёшдай сержило сочлари, кўк сингари мовий кўзлари… ё Тангри, мадад бер, одам боласи ҳам шундай чиройли бўладими, ёки бу Истаминга Туркой момо айтиб берган чўпчаклардаги париларданми?

Қиз оёғи ерга тегиб-тегмай, худди Умай Она каби учиб кела бошлади. Йигитнинг қаршисига келган гўзал Истаминнинг алп келбатига, елкасига ташлаган йўлбарс терисига, қуёшда қорайган қўлларига, қоп-қора сочларига, ўт чақнаб турган қисиқ кўзларига ҳайрат ва аллақандай қувлик билан тикилди.

Тушида ҳам зулмат ичидаги ёғду каби худди мана шу қиёфа, мана шу чеҳра уни таъқиб этган, аммо бир сўз демай ғойиб бўлганди.

– Кетиб қолма! – жон-жаҳди билан пичирлади йигит. – Исминг нима, қаердансан?

Қиз бош чайқаб:

– Нафаҳидам, – деди.

“Тушунмаяпти шекилли”, – ўйлади Истамин ва бармоғи билан ўз кўксига нуқиб.

– Истамин! – деди ва ишорани қиз томонга қаратди:

– Исминг нима? Исминг?

– Ҳа, – қиз тушунди шекилли, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. – Равшанак.

– Равшан… ой! – хурсанд бўлиб қайтарди Истамин ва… кўз ўнгида еру кўк остин-устун бўлиб кетди. Бир зум ичида гўзал қиз ҳам, у чиқиб келган сарой ҳам, шаҳар ҳам йўқликка сингиб кетди…

Кейин нима бўлганлигини онасидан эшитди. Жайронни қувиб бораркан, отдан йиқилиб, ҳушини йўқотган, анча вақт бийдай даштда қолиб кетган. Эсли оти эса қайтиб келиб, қабиладошларини ўша ерга оборган…

– Ҳалиям Кўк Тангри асрабди, тўриқ қашқа хабар берибди, – деди Лочин бека ўғлининг устидаги йўлбарс терисини тўғрилаб қўяркан. – Бўлмаса болам бечорани қандай топардик?

Истаминнинг боши айланар, кўнгли эса, аллақандай ғалати ҳисдан беҳаловат бўлаётганди. Ўғлининг ён томонида чўккалаб ўтирган Бургут баҳодир ўнғайсизлана бошлади.

– Ҳаммаси яхши эди-я. Истамин биринчи марта овга чиқсаям, абжир йигитлардан қолишмаётганди.

– Бас, етар, – Лочин бека ўғлига қараб гапирса-да, эрига мурожаат этаётганлиги аниқ эди. – Энди ҳеч қаерга бормайди. Бир йил кейин эркак бўлса нима қилибди? Менинг ўғлим ўнта эмас.

 

* * *

 

Кўчманчи ҳаёт тарзида туғилиб, вояга етган Истамин тез тузалди. Уч кундан кейин ўтовдан чиқиб, атрофни кузатди.

Кўчманчи туркийлар қишлоғи бир-биридан анча узоқда жойлашган ўтовлардан иборат бўлиб, осмондан ёки бирор баландликдан кузатганда кенгликка сочиб юборилган донни эслатарди. Ҳар бир оиланинг чорваси, қозон-ўчоғи алоҳида бўлса-да, улар уруғларнинг кичик жамоасига бирлашган, бу жамоа эса айни пайтда қабила жамоасига тегишли бўлиб, бу мустаҳкам тартиб хоқонлик даражасигача юксалиб борарди.

Атроф-жавониб айни кўклам оғушида. Ён-вердаги дала ҳам, ҳув узоқлардан кўринган қирлар ҳам яшил либосини кийиб, дала чечаклари қизларнинг чаккаларини безаган. Ҳув анави ерда Истаминнинг бўй етган амакиваччалари йиғилиб, қиқирлаб алланимани муҳокама қилишганча ўсма қўйишяпти. Берироқда ўн-ўн икки ёшли қизчалар тойчоққа минишни ўрганишяпти. Аёллар бунга эътибор бермай ўз юмушлари билан андармон. Чунки туркийларнинг қизлари балоғатга етгунча рўзғор ишлари билан бирга от миниш, ўқ отиш, ов қилишни билишлари шарт эди. Истаминнинг онаси ўчоққа ўтни ланғиллатганча, шопириб-шопириб сут пиширяпти. Уни ёнида амакисининг хотини – чечаси ўчоқ қиздириб, нон ёпяпти. Уларнинг атрофида уч-тўрт ёшли болакайлар тол хивичдан от ясаб, ўйнашяпти. Анча нарида катта момоси Туркой момо кичик чевараларини қаршисига тўплаб, ниманидир сўзлаяпти. Момонинг гоҳ қўлларини силкитиб, гоҳ бош чайқатиб, гоҳ гавдаси силкиниб гапиришидан болакайларга чўпчак айтаётганга ўхшарди. Эртак балки Ўғуз Хон ёки Кўк Бўрининг туркийлар қавмини асраб қолгани ҳақида бўлса керак. Истамин ҳам бир вақтлар Туркой момодан шу эртакни эшитган. У шундай айтиларди:

Олис-олис замонларда ёв айёр бўлган экан. У туркийларни заминдан супуриб ташламоқ учун тунда қишлоққа ҳужум қилибди. Ҳаммани битта қолдирмай қиличдан ўтказган ёв тонггача ҳувуллаган қишлоқ оралаб юриб, омон қолганларни излабди. Лекин вайрон бўлган бир ўтов ичида жон сақлаб қолган икки болакай – бир ўғил ва бир қизалоқни топа олмабди. Кўк Тангрининг изми шундай бўлган экан-да. Болалар совуқ ва очликдан, кимсасизликдан йиғлаб ўтиришган экан. Шу пайт қишлоққа ёллари кўм-кўк бўри кириб келибди. Қўрққанидан қочишни ҳам унутган болаларни елкасидан беозоргина тишлаб, ўз инига олиб кетибди. Уларни ўзининг сути билан боқибди. Катта бўлишгач, уларга олқор, жайрон овлаб келтирибди. Шу болалар туркийларнинг авлодини давом эттиришибди…

Негадир бу кўз илғайдиган жойларда Истаминнинг тенг-тўшлари кўринмасди. Яна овга чиқишдимикин? Ё қир бағрида кўпкари чопишаётганмикин? Балки бирон овлоқ ўтовга кириб, қимизхўрлик қилишаётгандир? Истаминнинг хаёлига ов чоғида уни отдан йиқитган ўша мовий кўз гўзал келди. Юраги ўйнаб кетганини сезди. Воажаб, унинг сурати йигитнинг қалбига муҳрланиб қолган, кўзини юмди дегунча сирли сиймоси гавдаланарди. Лекин кўнгил ёриб айтишга бирор сирдош, дарддош қани дейсиз?

Йигит шу кунларда анча ўйчан бўлиб қолган, гўё уч кун ичида улғайиб, ҳаёт, муҳаббат, номус ҳақида ўз фикрлари шаклланиб қолганди. Йўқ, у муҳаббатни зўрлик билан ўлчайдиган, “от чоптириб, ов қилишни қойиллатсанг, ҳар қандай қиз тулпорингга мингашади”, деган тенгдошларининг фикрига қўшилмайди энди.

Истамин шуларни ўйларкан, ўша гўзални соғинганини ҳис қилди.

* * *

Истамин балки исми жисмига монанд бу гўзални унутиб юборармиди?! Агар қиз яна ва яна тушига кириб, уни безовта қилавермаганда. Тушларида энди у аввалгидай шўх-шаддод кулмас, балки сирли ва маъюс жилмаяр, кўринишидан уни интизор кутаётгандай бўларди. Лекин ўша сирли гўзалнинг хаёлига кундан-кун қаттиқроқ боғланиб бораётган бечора йигит, шўрлик ошиқ қаёққа боришни, бошини қаерга уришни билмасди. Ана бийдай дала, сарғайиб бораётган қирлар, ўша олис-олисларгача туркийларнинг ўтовлари яйраб ётибди. Уларнинг бирортасида бу мовий кўзли гўзал йўқ. Уларнинг ҳар бирида қора кўзларидан ўт чақнайдиган, от чоптириб юрадиган сулувлар бор. Лекин бу кўҳлик қизларнинг бирортаси Истаминнинг дардига даво бўлолмайди.

Муттасил иштиҳасизлик, тунлардаги бедорлик, тушкунлик ва умидсизлик ўз ишини қилди. Вақт ўтиши билан йигитнинг буғдойранг юзи сарғайиб, танасини дармон тарк эта бошлади. Унинг кўзларидаги ўт сўниб, қорачиғи хиралашиб борарди. Қишнинг рутубатли кечаларида юраги қаттиқ сиқилган ошиқ ўтовнинг кигизини йиғиб ташлаб, кўкрагини зах ерга босганда сал-пал ҳаловат туйди, буни одат қилгани эса бошига бало бўлди. Иситмаси кўтарилиб, дарди ошкор бўлгач, ота-она росмана талвасага тушиб қолишди. Энди унга туркона дорилару, шомонларнинг “алас-алас”и ҳам фойда қилмаётганди.

Тушлар эса… тушлар ўша гўзални такрор ва такрор эслатаверар, ҳайҳотки, у сулув ҳам айрилиқми ва ёки бошқа дард туфайлими, тобора хомуш бўлиб борарди.

Ота-она нажот истаб тўрт томонга югуришди, ота-боболар руҳига қурбонлик қилишди, шомону бахшиларга қаратишди. Мозорларга чироқ ёқишди, чалпак пишириб, қўшниларга чиқаришди. Қабиладаги кўпни кўрган кекса донишмандлар билан маслаҳат қилишди. Донолар аввало йигитнинг кўнглидагини билинглар, балки кимгадир кўнгил қўйгандир, дейишди. Ишқ дарди оғир, давоси эса фақат висолдир, деб тайинлашди. Лекин ота-она ўғилларини қанча ўртага олишмасин, қанча алдаб-сулдашмасин, Истамин фақат ерга қараб, сукут сақлар, кўзидаги ёшни кўрсатмаслик учун ота-онасининг юзига қарамасди.

Кўклам келгани сари Истаминнинг ҳалокати яқинга ўхшарди.

– Жонлиқ сўйиб, Умай онага қурбонлик қилиш керак. Ўшанда отдан йиқилганда, унга ёмон руҳлар теккан кўринади, болани яхшилаб қонлаш лозим! – нажот йўлини топгандай деди она.

– Йўқ! – деди қатъий овозда Бургут баҳодир. – Истамин аллақачон йигит бўлган. У энди Умай Онадан эмас, Кўк Тангридан насиба сўрайдиган пайт етди. Бор, чақир уни.

– Нима қилмоқчисиз?

– Чақир.

Ўтовга беруҳ ҳолда кирган Истамин аввал онасига, сўнгра отасига салом берди. Кейин эса уларнинг қаршисига тиз букиб ўтирди.

– Ўғлим, сенинг кўнглингда бир дард бор, лекин бизга айтмаяпсан, тўғрими?

Бургут баҳодирнинг сўзларидан Истамин юзи қизариб кетганини сезди-ю, бошини янада эгди.

– Бу балки номус ишидир, балки кўнгил иши, – Бургут баҳодир хотинига бир қараб олиб, давом этди: – Ота-боболаримиз Тангридан бир нимани тилаган бўлишса, баланд тоққа, Кўк Тангрига яқинроқ масканга чиқиб, Тангрига юзма-юз туриб, кўнгил дардини айтганлар. Сен ҳам шундай қил, ўғлим. Бор, Тангритоққа чиқ. Энг юксак чўққисига ёлғиз ўзинг ўрла. Тилагингни Тангри беради, ўғлим. Эртагаёқ йўлга отлан!

Истамин бош эгиб, розилик маъносини билдирди ва ўрнидан туриб, ташқарига чиқди.

Лочин беканинг ранги оқариб кетди, Бургут баҳодир ўғлини нақ ажалнинг қаърига юбораётган эди. Тангритоғ анча узоқ, юксак тоғ бўлиб, унга одам боласи чиққанлиги маълум эмас эди. Балки ҳали ҳеч ким уни ошиб ўтмагандир? У тоғда нималар, қандай ваҳшийлар, газандалар бор, ким билади?

Кўз юзини ювган бечора она эрига қарата:

– Нималар қилаяпсиз? – дея олди, холос.

– Охирги нажот шу, онаси. Тангри ўғлимизни бизга деб берган бўлса, қайтиб келади, йўқса, ҳеч бўлмаса, ҳалокатини кўрмаймиз.

Бургут баҳодир кўзёшини яшириш учун четга қаради.

 

* * *

Истамин тонгда тетик уйғонди. Бургут баҳодир ўғлини кўксига уч марта босиб, видолашди. Онаси кўзёшларини аранг тийиб йўл хуржунини узатди. У жун ипдан соддагина нақшлар тикилган хуржунни тўриқ қашқанинг устига ёпди-да, “Ё, Тангрим!” – деб бир сакраб минди. Тўриқ Тангритоққа, азиз маскан зиёратига бораётганини сезгандек олдинги икки оёғини кўтариб, осмонга сакради. Отнинг кайфияти йигитга ҳам таъсир қилиб, кулиб юборди.

Кейин шиддат билан от чоптириб кетди. Тонг шабадаси йигитнинг бўрк остидан чиққан ўсиқ сочларини эркалатиб ўйнар, мўйлови сабза урган юзига тегиб сийпалар, Истамин эса кўнглидаги ишқ оғриғини унутгандай, боболари неча марталаб от чоптириб ўтган бу даштларда шамолдай елиб борарди. Кўксидаги пинҳон иштиёқ – боболаридан ўтган жангарилик қонини кўпиртириб, юзларига қизиллик югуртирган, кўзларида яна ўт чақнаётганди.

Уч кунгача хуржун кўзи очилмади. Меҳмондўст туркийлар отлиқ сайёҳни ўтовга таклиф қилишар, навқирон қўноқ қамчинни кўксига босиб, узр сўрамоқчи бўлса, мезбонлар эшитишни ҳам хоҳламай уни отдан судрагудек тушириб, ўтовга олиб киришарди. Истамин олдига қўйилган сутли ва гўштли таомлардан, ўчоқда пишган нонлардан татиб кўрарди-ю, лекин қимизни қатъиян рад этарди.

Истамин кимнинг ўғли эканлигини, не мақсадда йўлга тушганини билган мезбонлардан ёши улуғроғлари “зўрламанглар, йигит зиёратга чиққан экан”, дейишарди. Шундан кейин мезбонлар йигитга бошқа алоҳида келишни тайинлаганча, хуржунига алланималарни солиб беришар, рад этишдан фойда йўқлигини билган Истамин кулиб қўяр, миннатдорчилик билдириб таъзим қилиб, ҳозиргина танишган мезбонлари билан қучоқлашиб хўшлашарди. Мезбонлар эса унинг уруғидан ёки оғайни қариндошларидан кимни танишса, ўшани қайта-қайта сўрашар, салом айтишни тайинлаб, Истамин билан қадрдон биродардай хўшлашишарди.

Сафарнинг тўртинчи куни тоғ этагидаги чўпоннинг ўтовида тунаган Истамин отини унга омонат қолдирди-да, елкасига хуржунини ташлаганча, олға интилди.

 

* * *

Ўнгирдан ўнгирга, қияликдан тикликка ўрлаб бораётган Истамининг юраги яна безовта бўла бошлади. Бироқ бу безовталик ёр висолига интиқ ошиқнинг интизорлиги бўлиб, Истаминни яна тезроқ, юқорироқ, илдамроқ юришга ундарди. Белига от ёлидан ўрилган арқонни боғлаб олган ёш забткор арқоннинг нариги учидаги чангакни юқорига отар, у илингач, тортиб-тортиб қўяр, тушиб кетмаслигига ишонч ҳосил қилгач, икки қўллаб арқонга осилганча, оёқларини ишга солиб, юқорига ўрларди. Чиқиб олгач, яна шу ҳаракатни такрорлаб, юксакка интиларди.

Йўлида учраган олқорлар, тоғ каптарлари бу табиат қўноғидан ҳуркиб, ўзларини панага уришар, бироқ уларни овлаш Истаминнинг хаёлига келмас, хуржунидаги қотган нонни жилғага ивитиб еб, яхна гўшту қурут билан қорнини тўйғизарди-да, яна олға интиларди.

Тоққа кўтарилишининг учинчи куни Истамин булутларга яқин келди. Совуқ забтига олди, ҳаво етишмай, нафаси қиса бошлади. Аввалги кучи бўлганда йигит буларга парво қилмасди, лекин ҳозир вужуди анча заифлашган, чарчоқ ўз кучини кўрсата бошлаган эди. Зиёратчининг руҳи тушиб кетди. “Чўққига етиб бормай, ўлсам керак”, – беихтиёр ўйлади у ҳолдан тойиб, каттакон тош тагига йиқилган пайти. – Нега келдим ўзи? Қабилада қанча қизлар бор эди-ку, тушимда кўрган, бор-йўқлиги номаълум бир қизни деб ўзимни ўтга уришим шартмиди? Балки у чўпчаклардаги паридир, одамни эсдан оғдиргувчи жодугардир. Ким билади?”

Кеч кира бошлади. Қорайиб турган чўққи Истаминнинг кўзига балодай кўриниб кетди. Унга қарамасликка ҳаракат қилиб, кичик бир ғорга кирди. Устидаги йўлбарс терисига ўраларкан, тиши тишига тегмай такиллади. Хуржунига солиб олган чўп-хасак билан олов ёқмоқчи эди, эплолмади. Совуқдан қотиб қолган қўллари унга бўйсунмади. “Тамом, ўламан шу ерда, – ўйлади Истамин. – Алвидо эй ота, она, оғайни-қариндошлар, мендан рози бўлинглар! Хайр, гўзалим Равшаной!”

Шу пайт ғор оғзидан қандайдир бир ҳайвон ўтиб кетди. Истамин беихтиёр ташқарига мўралади. Катта бир бўри чўққи томон ўрлаб борарди. Йигит бўрининг важоҳатига қараб, ҳайрат ва завқдан қотиб қолди. Тўлин ой ёғдусида унинг чўнг калласи, катта қулоқлари, улкан гавдаси, ҳатто кўм-кўк ёли ҳам аниқ кўринарди. Бўри чўққига жойлашиб ўтириб олди-да, тўлин ойга қараб чўзиб-чўзиб увлади. Туркийларнинг афсонавий онаси бўлган бу жонивор, элатнинг охирги авлодини сақлаб қолиб, бир эл бўлишига кўмаклашган бу қутлуғ яратиқ, Истамин хоқоннинг ҳарбу зарбига, Бумин баҳодирнинг қўшинига қувват берган бу қутлуғ мавжудот кишининг ҳаваси келадиган даражада чиройли эди. Унинг киши этини жунжиктирувчи ваҳшати одам кўнглида даҳшат билан бирга завқ ҳам уйғотар, ажабки, қараган киши кўзини узолмасди. Ҳарқалай Истамин шундай бўлди. Балки унинг қулоғидаги афсоналар, кўнглидаги эътиқод бунга сабаб бўлгандир. Ҳарқалай, йигит танининг совуқ қотганини ҳам, олов ёқолмаганини-ю, “ўлсам керак” деган тахмини ҳам, “бу ерга нега келдим” деган афсусини ҳам унутиб, бу ажиб манзарадан кўз узолмай қолди.

Кўк Бўри эса ҳамон ойга қараб чўзиб-чўзиб увларди. Нима деб нола қилаяпти экан у Кўк Тангрига? Қайси ҳолидан арз қилаяпти экан? Ё Истаминга ўхшаб ёрини сўроқламоқдами?.. Балки арз эмас, шукроналик бордир бу нолада? “Кўк Тангри, мени аянч мавжудот эмас, чиройли ва кучли бўри қилиб яратганинг учун ўзингга қуллуқ! Мени одамларнинг-да корига ярайдиган, улуғ ва қутлуғ халқнинг онаси этганинг учун Ўзингга шукр! Омон қолиши учун мени восита қилганинг улусни энди ўзинг асрагайсан!”

Бўри увлаб-увлаб секингина пастга тушиб кетди. Сеҳрланиб қолган Истамин анчагача ўзига келолмай ўтирди. Ғор ичига ой нури тушди. Йигит, ниҳоят, қони жўшиб, танасига иссиқлик югурганини сезди. Қутлуғ бу ҳолат унга яхшиликдан, яхшилик бўлганда ҳам улуғ эзгуликдан, ёруғ бир бахтдан дарак берарди. Истамин ғор ичидан бир чақмоқ тош топди. Ўтинларни тўплаб ўт ёқди. Тонг отишини бесабр кутаркан, тез-тез чўққига қарар, уфқ ёришса бўлгани, уни шаксиз ишғол этажагига ишонарди. Кўнглида шу ишонч билан кўзи илинди.

Истамин уйғонганида тонг бўзариб келаётганди. Ёққан ўти ўчган эди. Лекин у энди совқотмаётганди, ҳаво етишмаслиги ҳам қийнамасди. Табиат билан ҳамнафаслик улғайган ўғлоннинг вужуди ердан қувват олиб, об-ҳавога мослашиб улгурганди.

Тушга қолмай Истамин Тангритоғнинг энг баланд чўққисига чиқди. Тоғнинг мағрур шамоли унинг сочларини ўйнаб ҳилпиратар, адл қадди-ю, ўктам вужудига ором бераркан, ғалаба шавқидан маст ва масрур йигит тўрт томонга қаради. Шунда… шунда воажаб, қуйида, тоғнинг нариги томонида Истамин жайронни қувиб юрган пайти кўзига кўринган ўша шаҳар, ўша манзара қўр тўкиб турарди. Истамин кўзларини қайта-қайта юмиб-очди. Манзара сароб эмас эди, йўқолмади. Аксинча, шаҳарнинг катта-катта саройлари, баланд минорлари, тому деворлари қуёш ёғдусида нурланиб кўринди. Истамин мақсадга етганини англади. Бу ёғдуларга чўмган юрт – Уструшона эди. Тўғри, Уструшонага бормаслик ҳақида хоқонлик билан аҳдлашув бор. Лекин ошиқ қалби чегараю деворларни, аҳдлашуву битимларни тан олармиди? Унга тоғнинг икки томони эмас, икки-ю, уч дунё бир қадам-ку, ахир.

Ҳа, Бургут баҳодир айтганидек Кўк Тангри унинг ниятини берган эди. “Ўзингга қуллуқ, Тангрим!” – кўнглидан шукроналик ўтди йигитнинг. Кейин у чуқур нафас олди ва бор овози билан наъра тортиб, ҳайқирди:

– Равшан-ой-увввввв!

Айни шу пайтда ўша нурафшон шаҳарда яшаётган, қалбига чироқ ёқса ёришмаётган бир қиз – Равшанак “ялт” этиб қаради. Атрофда ҳамма ўз иши билан андармон, садо эса унинг қалбиданми ёки олис-олисданми, келарди. Унинг мовий кўзлари атрофга оташхонадаги мангу оловдай аланга сочди. Лаблари бетоқат пичирлади:

– Истамин. Истамин! Хайрият…

 

 

 

 

 

ЗУҲРА МАМАДАЛИЕВАНИНГ ҲИКОЯЛАРИ ҲАҚИДА

 

Жиззахлик ёш адиба Зуҳра Мамадалиеванинг ҳикоялари адабиёт мухлисларига кўп ҳам маълум эмас. Боиси камсуқум бу ижодкор республика матбуотида кўп ҳам кўринмаган. Унинг танишиб чиқиш учун топширган бир нечта ҳикоялари ўзининг сюжети, воқеалар ривожи ва кутилмаган ечими билан эътиборни тортдики, носиралар сафига яна бир истеъдод эгаси қўшилганига амин бўлдик.

Ҳикоялар сюжети олис ўтмишга, зардуштийлик даврига бориб тақалади. Йўқ, Зуҳранинг ҳикояларида аниқ, конкрет бир тарихий сиймо кўринмайди. Ҳикояларнинг қаҳрамонлари тўқима шахслар. Бу асарларда фақат макон, муҳитгина олис мозийдан дарак беради. Ҳикояларда ҳаракат қилаётган қаҳрамонларни бир сўз билан ўзлигини излаётганлар, ўз қадрини англаш йўлида азият чекаётганлар, умр, адолат ва қондошлик моҳиятини билишга интилувчилар деб атаган маъқул.

Ўз мақсади нима эканини англай олмай қийналган, охири отасининг маслаҳати билан Тангритоққа жўнаган Истамин, ўғли Тангритоғдан қайтиб келмаслиги мумкинлигини англаса-да, нажот фақат мана шу тоғда эканига ишонган Бургут баҳодир (“Тангритоққа ўрлаётган ўғлон”), умри давомида аждодлари удумига кўра белгиланган бир қанча маросимларни бошидан кечирган, ота-боболари каби яшаб, ўзидан яхши из – қабиласи удумлари ва одатларини ҳурмат қилувчи фарзандлар қолдириш умидида яшаган Ариймаз, шижоаткор, исёнкор Азамат (“Маросим”) – буларнинг бари боболаримизнинг қиёфаларидир.

Зуҳра Мамадалиеванинг мазкур икки ҳикоясини “Шарқ юлдузи” журналига тавсия этар эканмиз, умидли бу носирага изланишдан тўхтамасликни, толмасликни тилаймиз.

 

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наср кенгаши

 

 

 

 

 

 

 


 Умай она – қадим туркийлар эътиқоди бўйича оила, болалар ва аёлларнинг ҳимоячиси, Кўк Тангрининг рафиқаси бўлган илоҳа, оққуш қиёфасида тасаввур қилинган.

Кўк Тангри – қадимий  туркийлар эътиқоди бўйича улуғ Тангри, ер, осмон, жами мавжудотни яратган қодири қудрат, бургут қиёфасида тасаввур қилинган.

Сайт бўлими: Ўзбек насри

Қўшимча:

Туркийтилли ёшлар мушоираси Туркийтилли ёшлар мушоираси
Аъзолик гувоҳномалари топширилди Аъзолик гувоҳномалари топширилди
Мен нечун севаман Ўзбекистонни? Мен нечун севаман Ўзбекистонни?
«Маънавият соати» – ҳаёт дарси «Маънавият соати» – ҳаёт дарси