"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЁМҒИР ОСТИДА, ТИЛЛА БАЛДОҚ

Ўқилди: 1 095

ЁМҒИР ОСТИДА               

ИККИ ҲИКОЯ

НОДИРАБЕГИМ ИБРОҲИМОВА

Дарсдан шошиб чиқдим. “Ана, холос”, – деб юбордим ёмғир аёвcиз қуяётганини кўриб. Аксига олиб, бугун бир кўргазма ташкилотчилари билан суҳбат уюштиришим керак эди.

Шундай ёмғирда бориш шартмикан-а? Бугун бормай қўяверсам-чи?

Йўқ, эртанги дарсга бирор “нарса” тайёр бўлиши керак! Мени фикримдан қайтармоқчи бўлгандай ёмғир ҳам савалаб қуярди. Соябонимни очдим-у, бекатга югурдим. Бироз кутдим… Кутиш асносида бекатнинг ортида ёмғир ивитиб юборган бир йигитга кўзим тушди. Соябони ҳам йўқ экан, бекат ичкарисига кирса бўлмасмикин? Анчадан бери турибдиёв, қалин, қоп-қора сочлари сувга яхшигина бўккан. Нигоҳи эса бир нуқтадан узилмайди – баланд оппоқ девор…

Деворда бирор нима борми, деб роса тикилдим – бегард. Нотаниш охири зерикдими ёки чарчадими, бекат ўриндиғига – ёнимга чўкди. Шу пайт кўргазма томон борувчи автобус ҳам келди. Чиқишим керак… Ўрнимдан турдим. Нотаниш хўрсинди… Тўхтадим. Автобус кетди. Мен жойимга қайтиб ўтирдим. Шу дамда менга кўргазмадан ҳам кўпроқ нотаниш қизиқ эди. Балки у ҳам бир дардкашга муҳтождир…

– Бирор мушкул ишга рўпара келдингизми?

У “менга гапираяпсизми” дегандай қаради. Бироз ўтиб сўз қотди:

– Нима, сиз муаммога дуч келмайсизми?

– Бўлиб туради. Лекин… уни енгиш керак. Сиз эса ўзингизни…

– Хароб қиляпманми?

– Ўзингиз ҳам биларкансиз-ку! Нега бундай бўлди, деб ўйланавермай муаммони ҳал этиш йўлларини излаш керакдир, балки…

– Йўқ, нега бундай бўлди, деб ўйлайман мен. Чунки шундай бўлиши керак эди. Уни ҳал этиш йўли ҳам йўқ. У энди ёнимга қайтмайди…

– Ҳа… демак, севги дарди денг?

– Севги! Эҳтимол, севги бу туйғум олдида ожиздир.

– Муҳаббатингиз шунчалик кучли экан, нега ундан айрилдингиз?

– Ким билади? Бу фақат Яратганга маълум. Ўзи шундай – гўзал хилқат бевафо бўлади.

– Демак, севганингизга вафо етишмабди-да?

– Ҳа… у мени жилмайибгина ташлаб кетди. Усиз яшолмаслигимни биларди… Севгимиздан кечиб кетди-я! Жавоҳирингни ташладинг-кетдинг!

Нотанишнинг кўзларидан ҳам томчилар ёға бошлади, худди бугунги ёмғирдай… Йигит киши йиғлаганини кўрмаганман. Нима деяримни, нима қиларимни билмай қолдим. “Бир қизга ҳам шунчаликми?” – деб ўйладим.

– Нега мана бу деворга тикилиб тургандингиз?

– Чунки… девор ортида унинг уйи бор.

– Чиқишини пойладингизми?

– Йўқ… У чиқмайди. Ёмғирни яхши кўрарди, шунинг учун ёнига келдим. Аммо девор ортига ўтиш…

– Ҳа, одамлар кўрса яхши бўлмайди. Бировнинг уйига берухсат кириш…

– Менга рухсат шарт эмас. Энди керакмас… Шу пайтгача иккимиз кимларнингдир рухсатию буйруқларига бўйсуниб яшадик. Охири нима бўлди?! Ҳатто бирор марта қўлидан ҳам тутолмадим…

– У ҳозир… турмушга чиққанми?

– Турмушга чиқсаям розийдим. Ахир бир кун қолганди тўйига. Лекин у истамади! Менга хиёнат қилолмади…

– Ундай бўлса… Нега мунча қийналасиз?

Нотаниш ўрнидан турди.

– Мен ундан хабар олиб келай…

– Майли… Унга салом айтинг.

Нотаниш кетди. Девор ёқалаб кетди… Эшиги қаердайкин, билмадим. Мен ҳам кетдим. Кўргазмага эмас, уйимга. Бирор “нима” ҳам ёздим: “Девор ортида”.

Менга ҳануз жумбоқ эди, не бор эди девор ортида? Нотанишни эса бу ерда бошқа учратмадим. Балки ёмғир яна ёққанида кўрарман уни. Жавобсиз саволларимга жавоб берар у.

Ёмғир шу бўйи бошқа ёғмади… Орадан бир ой ўтди. Ҳаво иссиқ, ўша бекатдаман. Девор оқланаяпти. Ҳашарчилардан сўрадим:

– Девор ортида ким яшайди?

– Ҳеч ким яшамайди. Бу ер безабонлар макони. Қабристон…

“Қабристон?!”

Мен бекатга қайтдим. Ўриндиққа оғиргина чўкдим. Ёнимда бир онахон. Деворга қараб оғир хўрсинади: “Эҳ, болам-а… нималар қилиб қўйдинг? Тўйингни кўролмаган онанг ўлса бўлмасмиди? Оҳ, Жавоҳирим…”

Муюлишда автобус кўринди…

 

 ТИЛЛА БАЛДОҚ

 

– Ўғил кўрсам, тилла зирак олиб берасиз-а? – эркаланиб сўради Зулайҳо эридан.

– Шунча зиракларинг бор-ку… Ҳа, майли, агар боламиз менга ўхшаса, олиб берганим бўлсин! – Тўйларига уч йил тўлиб, хотини ниҳоят биринчи фарзандига ҳомиладор бўлганини эшитган Акбар ҳам эриб кетди.

Бу гап Акбарнинг ёдидан ҳам кўтарилиб кетган эди. Аммо Зулайҳо эрининг ваъдасини унутмаганди. Туғруқхонада интизор кутилган фарзандини бағрига босганча, эрининг бир олам қувонч ҳамда тилла балдоқ билан кириб келишини тасаввур қилган аёлнинг шодлиги янада кўпайди. Зулайҳонинг ширин хаёлларини ҳар куни уларнинг палатасини тозалаб юрадиган фаррош аёл – Санобар опа бузиб юборди.

– Эсон-омон қутулганинг рост бўлсин, қизим. Бунинг жажжилигини қаранглар… Менгаям шунақа неваралар насиб этсин!

– Илойим, опажон. Ўзингиз тузукмисиз?

– Раҳмат. Мана бу лаш-лушларни олиб чиқиб кетаверайми? Кераклиси йўқмиди ичида?

– Йўқ, бемалол, – Зулайҳо икки-уч кундан бери ўзига яқин бўлиб қолган аёл билан бир оз суҳбатлашгиси келди.

– Опа, тунов кунги совчилик яхши ўтдими? Рози бўлишдими ишқилиб?

Санобар опа Зулайҳога яккаю ягона ўғли суйиб қолган қизнинг эшигини тақиллатиб бормоқчилигини айтганди.

– Ҳа, бордик, кўрдик. Қиз чиройликкина экан. Фақат… шу… ота-онасининг орзу-ҳаваслари каттагина кўринади. Йўқ, дейишмади-ю лекин… анча баланддан келишди.

Санобар опа ҳам дардини кимга айтишни билмай турган эканми, палатада Зулайҳодан бошқа биров йўқлиги учун дарҳол стулга ўтириб гап бошлади.

– Йўғ-э? Шароитим шундай-шундай эди, деб айтмадингизми ўзингиз ҳам? Ахир “хўжайин”ингиз оламдан ўтган, ўғлингиз эндигина ишга кирган бўлса…

– Ўғлим иккимизнинг анча йилдан бери йиғиб қўйганимиз бор. Аммо улар айтган тўйни қилишга бу урвоқ ҳам бўлмаса керак. Қизнинг олдида ўғлимнинг боши хам бўлмасин деб индамадим. Нон синдирилди. Ўғилгинамнинг бу хушхабардан боши осмонда. Болам учун ҳамма бойлигимни сарфлашга тайёрман. Аммо қани ўша пул зорманда?

– Кўпам сиқилманг, опа, Худо етказади. Муҳими рози бўлишибди-ку? Қариндош-уруғлар ҳам қараб туришмас…

– Шундоғам улардан анча қарздор бўлиб қолганман. Уч йил аввал қизимни чиқарганимда… Хуллас, энди икки ойга қолмай тўйни ўтказишимиз керак. Онамдан қолган тилла балдоқларни сотсаммикин, деяпман. Аслида-ку, уни тўй куни келинимнинг қулоғига тақиб қўйишим керак эди. Аммо начора…

Зулайҳо унинг қулоқларидаги қадимийлиги, асл тиллалиги билиниб турган, кўзларни ял-ял оладиган балдоқларга ачиниш билан боқди.

– Онангиздан мерос экан-да, афсус…

Уларнинг суҳбатини эшикдан кириб келган ҳамшира бузди. Санобар опа “Ҳай, майли”, – деди-да, яна ишига шўнғиди. Ҳамшира Зулайҳога ташқаридан эри киритиб юборган халтани тутқазди. Аёл дарҳол халтага кўз югуртирди: егуликлар, кийим-кечак, дори-дармон ва мактуб. Шоша-пиша мактубга кўз югуртирган Зулайҳо балдоқ ҳақида лом-лим дейилмаганидан ранжиди. Шу заҳоти бўшаган идиш ва ортиқча буюмларга қўшиб жавоб хати чиқазиб юборди. Гиналарга тўлган мактубда ўша берилган ваъда эслатилган ва ўғилчаси унга қуйиб қўйгандек ўхшаши айтилганди. Уни ўқиган Акбар рўзғор ишларида эсарлиги панд берадиган хотинининг бунақа нарсаларда хотираси кучлилигига тан бериб кулиб қўйди. Сўнг паҳлавондек ўғил қувончи сабаб ваъдасини бажаришга киришди…

Зулайҳо туғруқхонадан чиқар куни ҳамма билан бир-бир хайрлашди. Аммо Санобар опага кўзи тушмади. Дарвоза тагида уни эри, ота-оналари ва яқинлари кутиб турар, Зулайҳо истаганидек, хорижий машина, гуллар, видеокамера, ҳаммаси тахт эди. Қўлида гўдаги билан зинадан тушиб келаётган аёлни эри гулдаста билан қарши олди. Ўғлини бағрига оларкан, чўнтагидан мўъжаз қутичани чиқариб Зулайҳога тутқазди. Қувончи ичига сиғмаган аёл дарҳол қутичани очди.

– Вуй, мунча чиройли…

У шундай деди-ю балдоқларга бир мунча вақт тикилиб қолди. Аввалига қизарди, сўнг кўзлари пирпиради.

– Қаердан… олдингиз буни?

Акбар хотининг ўзгариб қолганини тушунмай, жавоб берди:

– Кеча тилла бозорда бир аёлдан сотиб олдим. Асл тилла деди… Сенга ёқмадими?

Ҳа, худди ўзи. Санобар опанинг балдоқлари эди булар!

– Бу энди меники, а? Нима қилсам ихтиёримми? – сўради аёл.

Акбар ҳайрон бўлди.

– Ҳа… Тинчликми?

– Мени кечиринг…

Зулайҳо бу гапни кимга ва нега айтганини Акбар тушунмади.

– Юрақол энди, яқинларимиз кутиб қолишди, – у дарвоза томон имо қилди.

– Ҳозир бир дақиқа, опа билан хайрлашиб келай… – гулзор атрофини супураётган Санобар опага кўзи тушган Зулайҳо ўша ёққа шошди. Акбар болани олиб, машина томон кетди.

– Опа… – Зулайҳо тезгина аёлнинг қулоқларига назар ташлади. Санобар опанинг қулоқларида балдоқлар йўқ эди.

– Менда бир нарсангиз қолиб кетибди, – Зулайҳо Санобар опага қутичани тутқазди. – Яхши кунларга ишлатинг!

Санобар опа бир нима дейишга улгурмай, Зулайҳо чопганча машина томон кетиб қолди. Уни ортидан ҳайрон кузатиб қолган опа қўлидаги қутичани очди-ю йиғлаб юборди…

 

 

Ёнимизда кечган тақдирлар тасвири

 

Нодирабегим Иброҳимованинг ҳикоялари тўплам ҳолида хулоса чиқариш учун Кенгашга келиб тушганида даставвал папка устидаги ёзув диққатни тортди: “Ёнингдаги бахт”. Ҳолбуки, мазкур тўпламдаги ҳикояларда бахт деган сўзнинг ўзи учрамайди.

Дарҳақиқат, ҳикояларга қаҳрамон этиб танланган одамларнинг ўзига яраша тақдири ва кўзга кўринар-кўринмас бахти ёки бахтсизлиги бор. Энг қизиғи, қаҳрамонларнинг бахтсизлик деб ўйлаган кечмишлари ортида ҳам бахт мўралаб турган бўлади. Шу жиҳатдан бу ҳикояларни ён-веримизда кечаётган тақдирларнинг мўъжазгина тасвири дейиш тўғрироқ бўлар.

Н.Иброҳимованинг қалами эндигини чархланиб келяпти. Унинг ёзмишларида баъзан тажрибасизлик, ёшларга хос “думбуллик” сезилиб қолади. Аммо сатрлари оралаб кўриниб турган самимийлик бу нуқсонни ювиб юборади.

Нодирабегимнинг ҳикояларини ўқувчиларга тавсия қилар эканмиз, синглимизга изланишдан тўхтамасликни тилаймиз.

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наср кенгаши

Сайт бўлими: Ўзбек насри

Қўшимча:

Ёшлар кутган учрашув Ёшлар кутган учрашув
Беларусь диёрининг севинч ва соғинчлари Беларусь диёрининг севинч ва соғинчлари
Абу Райҳон Беруний ҳақидаги янги романлар тақдимоти Абу Райҳон Беруний ҳақидаги янги романлар тақдимоти
“Зулфияхоним қизлари” клуби маҳорат дарслари бўлиб ўтди “Зулфияхоним қизлари” клуби маҳорат дарслари бўлиб ўтди