"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ТЕНГДОШЛАРИМ – ТУЙҒУДОШЛАРИМ

Ўқилди: 760

СЕВИНЧОЙ ЁҚУБОВА

(Адабий-танқидий мақолалар)

 

 Севинч

 

Севинчой Ёқубова – 1996-йилда Урганч шаҳрида туғилган.

Ҳозирги кунда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Ўзбек тили ва

адабиёти факультети талабаси. “Истеъдод мактаби” VII республика семинари

иштирокчиси.

 

 

Кўнгил дафтари

 

Тенгдошларимизнинг “Биринчи китобим” рукни остида нашр этилган айрим тўпламлардан ўрин олган шеърлари ёш қаламкашлар яқин келажакда юксак парвозларни кўзлаётганидан мужда беради. Ана шундай умидли қалам соҳибларидан бири Шоди Отамуроддир.

Шоирнинг “Соғинч ранглари”[1] номли илк китобига жамланган шеърлар поэтик жозибаси ва ижодкорнинг одам, ижтимоий ҳаёт ва кенг борлиқ ҳақидаги фикр-мушоҳадалари анча жиддий экани билан эътиборни тортади. Зотан, шоир қўллаган оҳорли ташбеҳлар, бетакрор образли ифодалар чиндан ҳам ўзига хослиги билан диққатга моликдир. Биз уларни мутолаа қилар эканмиз, шоир дарди, қалб кечинмалари, кўнгил талпинишлари, умуман маънавий-руҳий оламига хос рангин жилвалар қалбимизга кўчади. Натижада, улар бизни ҳам жиддий мушоҳадалар сари ундайди. Жумладан, мен ушбу китобни ўқиш жараёнида манзумалар сеҳри оғушида муаллифнинг соҳир туйғулари покиза, фикр-мушоҳадалари анчагина теран эканлигини англадим. Сиз ҳам бунга ишонч ҳосил қилишингиз учун Шоди Отамуроднинг айрим шеърларини кузатиш фойдадан холи бўлмайди.

Муаллиф “Соғинч ранглари” китобини марҳум отаси Улуғбек Отамурод ўғлининг ёрқин хотирасига бағишлаган. Бинобарин, муаллифнинг қалбида ота меҳридан етарлича қонмаган бир бўшлиқ мавжуд. Айни пайтда, падари бузрук азиз хотираси олдидаги қарздорлик туйғуси залвори ҳам ҳукмрон. Шоди Отамурод дастлабки шеърига А.Қаҳҳорнинг “Адабиёт — атомдан кучли”,  деган фикрини эпигрф сифатида танлаши бежиз эмас. Чамаси, бу эпиграфда неча минг йиллар оша мағлубият нелигини билмай мағрур қоядай қад ростлайвергану инсониятга гўзаллик, диёнат, одамийлик, самимиятдан сабоқ беришдан асло чарчамаган СЎЗга эргашиш тилаги жо бўлган. Зотан, ёш шоир аҳдидан аён бўладики, у соҳир сўздан тикланган ўша муаззам қалъанинг содиқ бир фуқароси бўлишдан ғоятда бахтиёр. Фуқароки, ўз нафислигию ҳарорати билан қалбига бокиралик баробарида, илиқ тафт ҳам беролган маъвога интиқлик билан талпинади. У СЎЗ га сиғинади, унга хиёнат қилмасликка аҳд қилади. Фақат шу манзилдагина ўзини бехавотир сезади:

Шеърият! Сен ўзинг гўзал диёнат,

Майли сенда яшай кам-у кўст билан.

Шеърият! Мен сенга қилсам хиёнат,

Юрагим портлатиб юбор сўз билан.

Шоди Отамурод – ўз-ўзига талабчан ва шеъриятнинг улуғ қудратига ишонган шоир. У ёзганлари ҳозирча тўла мукаммал эмаслигини-да илғайди, аммо сўзга нисбатан қилинган зиғирча хиёнатни кўнгилга, юракка нисбатан диёнатсизлик – жазога маҳкум аъмол деб билади. Қаламкашнинг ўз бурчига бўлган садоқати, масъуллик туйғулари изҳоридаги ифода кескинлиги ва кескирлиги унинг қалбида етилган аҳду-жаҳднинг ишончлилик даражасини ҳам кучайтиради.

Китобга кирган шеърлар мавзу йўналишига кўра ранг-баранг. Шоир беғубор болалик, мунис она, меҳрибон ватан, интиқтирувчи бокира севги, гўзал табиат каби бир-бирини тўлдирувчи ва инсон аталмиш яратиқ қалбида уйғунлашиб, унга ўзликдан хабар берувчи тушунчалар ҳақидаги қалб кечинмалари, орзу-армонларидан сўз очади. Шоир лирик қаҳрамони миллат боласи олис-яқин тарихини фикран таҳлил ва тафтиш қилар экан, лаҳзанинг ўзида бутун бир ХХ аср: боболар жасорати, момолар армони ҳамда адаштирилган авлод фожиаларию не-не талотўмлар билан бўйлашади. Қўрқув салтанати қалбларга чўктирган ҳурликни авайлаб асраш бобида миллат тийнатидаги мислсиз сабр-бардош, синовлардан омон чиққан покиза эътиқод ҳақидаги лирик қаҳрамоннинг гоҳ куйиниб, гоҳ суюниб сўзлаши китобхонни бефарқ қолдирмайди:

Дўпписин кийганда боши омонлар,

Руҳларда ёришди тоза имонлар,

Имонга бош эгиб келди замонлар,

Боши ҳам эркликка тегди боланинг.

Чинакам шоир фикр, туйғу ва кечинмани ифодага кўчирибгина қолмай, китобхонга таъсир этиш ҳақида ҳам қайғуриши керак. Яратиқларида ўқувчи қалбига етиб бора оладиган маънавий куч, кечинилган туйғу бўлиши нақадар муҳим эканини англамоғи лозим. Зотан, профессор Абдурауф Фитрат “Шеър ва шоирлиқ” номли мақоласида Шеър надур? — деган саволга жавоб бериб, шеърда жўшқинлик ва ҳарорат бўлмоғи, фикр ҳамда туйғуга таъсир этувчи қудрат, амалий ҳаракатга даъват этувчи куч, қалам соҳиби юрак сезимлари ўз ифодасини топиши муҳимлигини таъкидлаган эди. “Шеърда,- деб ёзади олим, кишиларнинг қонини қайнатғувчи, сингирларини ўйнатғувчи, миясини титратгувчи, сезгусини қўзғатғувчи бир куч, маънавий бир куч бор. Шундай бир кучи бўлмаган сўз “вазн” ва “қофия”си бўлсун, шеър бўла олмайдур… Чин шеър юрак сезувларини кўрсатмакдир. Вазн, қофия эса сўзнинг безагидир.”[2] Бизнингча, Шоди Отамурод шеърлари юқоридаги талабларга дош бера олади.

Устоз Озод Шарафиддинов ҳақли равишда таъкидлаганидек, “Лирикадаги поэтик образ фикр ва туйғунинг узвий бирикишидан туғилади[3]. Демак, шеърда бундай уйғунлик фазилати бўлмас экан, уни юксак бадиият намунаси ҳисоблаш ҳам мумкин эмас. Зотан, лирика учун фикр ва туйғу қанчалик зарур бўлса, уларни юзага чиқарувчи поэтик образ ҳам шунчалик муҳимдир.

Англашиладики, муайян шоир яхлит ижоди ёхуд алоҳида асаридаги поэтик образлар маъносини тушуниш унинг фалсафий-эстетик олами, руҳий туғёнлари, воқеликка, инсонга, жамиятга муносабатини тўғри англамоқдир.

Бир сиқим тупроқдан Ватан яралгай,

Бир тоза меҳрдан яралгай Ватан.

Шунингчун азалдан иссиқ дийдордай

Меҳрибон она деб аталгай Ватан.

Бутун ва қисм узвий алоқаси асосидаги маъно кўчишининг миқдорий кўриниши бўлган синекдоха қўллаш одатда, нисбат бериш орқали юзага чиқади. Шоир бир сиқим тупроқ ва бир тоза меҳр каби моддий ҳамда маънавий тушунчалар замирида Ватан тимсолини кўради. Бу бизга ҳар қанча анъанавий туюлмасин, тупроқ ва меҳр (қисм) орқали бутун (Ватан)ни ифода этиш ва унинг бағрида умргузаронлик қилишни меҳрибон она қучоғига менгзаш шоир кечинмалари миллий қадриятлардан униб чиқишини кўрсатиши, фикр ихчам ҳамда лўнда ифодаланиши жиҳатидан характерлидир.

Улуғ рус шоири Сергей Есенин бир шеърида: “Шоир бўлмоқ – бу-ку тайин гап…”, деб ёзган эди. Шу фикрни давом эттирган Шоди Отамурод:

“Шоир бўлмоқ – бу-ку тайин гап…”

Танимоқдир ўзни, ўзликни.

Яшашим шарт, телба кўнглимга

Бағишланган дафтар тузгани.

деб ёзади. Биз шоирга кўнглининг майл ва оҳангларини майин ва содда, таъсирчан ҳамда самимий ифодалаш йўлида собитқадамлик тилаймиз. Токи у тузишга аҳдланган “дафтар” ўзга кўнгилларнинг ҳам дил мулкига айлансин.

 

 

Юлдузларга талпинувчи гул

 

Жўрабек Жаҳон – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетини тамомлаган. У ҳозирда “Маърифат” газетасида фаолият олиб бормоқда. Ёш шоирнинг “Туйғулар шаҳарчаси”[4] номли шеърлар тўплами чоп этилган. Китобдан ўрин олган шеърларда туйғу ва кечинма ўзига хос тарзда ифодаланади.

Шоир “Умр манзаралари” шеърида ногаҳон қарсиллаб қулаган дарахтга бўлган муносабатини турли хил касб, ҳар хил ёшдаги, ҳаёт йўли турлича кечган, қалби ва дунёқараши ҳам бир-бирига мутлақо ўхшамайдиган кишилар: (ошпаз, олим, чол, уруш ваҳшатларини кўрган фахрий, фарзандидан бевақт жудо бўлган она ) нигоҳлари билан кузатади. Қарангки, “қулаган дарахт” да ошпаз яхшигина ўтинни кўради. Уруш фахрийси суянчиқсиз одам умрининг фожиали якуни, она эса сўнгсиз изтироб сифатида ҳиссий қабул қилишади. Бу фожеий манзара ёшини яшаб, ошини ошаб бўлган чолнинг наздида умр ўткинчи экани рамзига айланади.

Демак, китобга кирган дастлабки шеър мутоласиданоқ ёш шоир фалсафий фикрлаш, ҳодисани турли ракурслардан кузатишга мойил эканини пайқаш мумкин. Зотан, биз қисматнинг ногаҳоний, кутилмаган ҳамда инсонга боғлиқ эмаслигини қанчалик теранроқ англаганимиз сари унинг фалсафаси ва умр аталмиш неъмат қадри шунчалик чуқурлашиб бораверади:

Эй, осмонга суянган дарахт,

Юлдузларни қитиқлаган гул,

Сен не дея қилган эдинг аҳд,

Тутиндингми қуёшга ўғил?

Жўрабек Жаҳон табиатнинг ҳар бир узвидан маъно ва мазмун ахтаради. Улар билан мулоқотга киришаркан, пировардида муаззам борлиқ моҳиятини англашга талпинади. Шоир фикр-туйғулари орзу (ибтидо) ва армон (интиҳо) оралиғида ҳаракатланади. У дарахт самога талпиниши ва бир олам бокира романтик орзулари армонга айланиб, кексалик манзилига етиб келиш йўлини хаёлан тасаввур қилади. Чиндан ҳам, тимсолий “дарахт” не-не куну тунларни безаб, кўк тоқига тиргак, ойга қўнимгоҳ бўлишида қандай асрор ниҳон. Одам боласи буни жўн нигоҳ билан эмас, ботин кўзи билангина илғаши, қалбан туймоғи мумкин эмасми? Шунинг учун ҳам шоир:

Сени англаш учун камида

Юрак керак, осмондай юрак.

деб ёзади. Дарҳақиқат, ҳаёт фалсафасини тимсолли англаш учун теран фалсафий нигоҳ, образли ифодалаш учун эса соҳир юрак лозим. Жўрабек Жаҳон ўтмиш ва бугунни қиёслар экан, ҳар бир товуш ва оҳангга қулоқ тутади. Ёмғир шивирлари қорга, қор эса дўлга айланиши билан боғлиқ мажозий тамсиллар шафқатсиз реалликни босқичма-босқич кучайтира боради. Аслида, улкан меросий ҳуқуқ билан қалам тебратаётган шоир ва унинг лирик қаҳрамони бизга инсоний бағритошлик, дўстликка хиёнатдан зада бўлган қалбини очади. Меҳр-мурувват, покиза муҳаббат соғинчидан ўртаниб – ҳикмат ва ибрат сўзлайди.

Лирик қаҳрамон – олис шаҳардаги йигит. Қишлоқ тепалигидаги мўъжаз ва ғариб ҳовлига элтувчи ёлғизоёқ сўқмоқ, истиқболига интиқ ялпизлар унинг ошуфта дилида Ватан тимсолига айланади. Чунки йигит ёлғизликда ғамгузор, соғинганда дилкаш, йиқилганда суянчиқ бўлгувчи ҳамроз излайди. Аммо ҳаёт ва қисмат ҳикмати шуки, одамзод охири бир кун айрилиқ ҳамда ёлғизликка маҳкум. Бу фикр яланғоч ифодаланмайди. Шоир талқинидаги: йиғидан ҳўл бўлган кўйлак, ғазабдан сарғайган сурат, бағри тиғланган дастрўмол, номаълум манзилга интиқ пойабзал деталлари ёлғизлик кунжида дунёга сиғмаётган йигит жунуни ҳиссий миқёсларини янада кучайтиради. Бинобарин, инсон ички олами англаш мушкул бўлган беҳудуд поёнсизликдир.

Сўзни худди қадрдон укаси янглиғ ардоқлай оладиган, маънавиятни моддиятдан устун биладиган, тўкис бахт соғинган лирик қаҳрамон қайсидир манзил-маъвода ўзини тушунувчи, ардоқловчи ҳамдам борлигига қаттиқ ишонади. Шунинг учун ҳам:

Билсангиз, дунёда ёмонлар бисёр,

Ишонинг, яхшилар улардан-да кўп.

деб ёзади. Шунингдек, унинг дилидаги ҳиссий кечинмаларга хос эзгин оҳангларни ҳам пайқаш мумкин. Бу эзғинлик уни муттасил тарзда одамлардан қочиш, сукунат бағрига чекинишга ундаб туради. Гарчанд, бу ҳолатни ҳамиша оқлаб бўлмаса-да, унинг шеър яралаётган оний лаҳзага хос ижодий-психологик кайфият эканига ишонгимиз келади. Зотан, айни ёшдаги инсон курашчан, фидойи ва яратувчан бўлиши лозимлиги, умидсизлик унга бегона экани хусусида шоирнинг ўзи топиб айтганидай:

Минг йиқилсанг, минг бора туриб,

Тик қаролсанг – бахтдир қуёшга.

 

 

Юртга бахшида туйғулар

 

Беҳзод Бийболаев – 2013 йилда Тошкент Молия институти Молия-иқтисод факультетини тугатган. Ёш шоирнинг “Ишқ васфи”[5] шеърлар тўплами чоп этилган.

Ўз иқтидор ва салоҳиятини озод ва фаровон она заминга бахшида этишни ният қилган қаламкаш “Шукрона” номли шеърида аждодлар шони, қадимий диёр наволаридан илҳом олганини изҳор этаркан:

Шу юрт учун, шу эл учун яшагайман,

Юрагимда битта қўшиқ бошлагайман.

деб ёзади. Дарҳақиқат, юрт меҳри юракка нақшланса ва кўнгилда теран ҳис қилиниб, унинг шонли ўтмишидан ғурур, бугунги эркинлигидан ифтиҳор ва нурли истиқболига некбин умид билан боқилсагина чинакам миллий шеъру қўшиқлар яралгай.

Юз чақирим олис Бекобод туманидан азим Тошкент шаҳрига учирма бўлиб, меҳрибон ҳамдаму ҳамроз ахтараётган Беҳзод Бийболаев совуқ қиш чилласидан баҳорий илиқ кунларга чиқаркан, кўклам ёмғирлари билан сирлашади. Зотан, сим-сим шивалаб ёғаётган ёмғир товушлари шоирнинг бедор юрагидаги маҳзун муштоқлик, илҳақ-интизорлик кайфият-ҳоллари, дилидаги соғинч ҳисларига вобаста.

Сени муштоқ кутди

Юрагим бедор,

Сен мени соғиниб

Келдингми, баҳор?!

Лирик қаҳрамон кўнглига ташриф буюрган баҳорда отамакон – қишлоқ қирларидаги бедазорлар ифори анқийди. Ўз дилбарини соғинган ошиқ ҳижронлари қайтадан барқ уриб ўсади. Шунинг учун ҳам, у кўклам насимлари орқали қадрдон буғдойзорлару саҳоватли кўҳна тутга бўлган меҳрини изҳор этади. Демак, кўклам тарих ва бугун, қишлоқ ва шаҳар сингари маконий ва замоний тушунчаларни лирик қаҳрамон кўнглида бирлаштирувчи ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди.

Шоирнинг “Кўнгил соҳили” номли шеъри лирик қаҳрамони гўзал бир манзил кўзлаб йўлга чиққан. У манзили бениҳоя олис ва машаққатли эканини яхши англайди. Бироқ, жафолардан наво, сарғайган майсалардан даво олиб, парқу булутларга айланса-да, қоғоз ва қаламга юкинишдан зинҳор чарчамайди. Илло, бордию умр бевафолик қилса ҳам, самимий айтилган нафис Сўз ўша манзил – кўнгил соҳилига етажагига ишонади:

Сўзлар кўпайгайдир сўз сарфимиздан,

Манзил яқинлашгай ҳар ҳарфимиздан.

 

Ўтинчим – юракни қувватлаб тургил,

Кўнгил соҳилига еткунча, эй дил.

Шоир ҳиссий оламида маънавий кучлар оқими шиддат билан оқади. У табиат ва жамият ҳодисаларидан завқ олади ва шодланади. Беҳзод Бийболаев ни эрта баҳор даракчиси бўлган бинафшанинг йирик, тўқ сафсар, оқ, сариқ, ҳаворанг гулларию хушбўй атри мафтун этади:

Бинафша, бағрингга ботгим келади,

Қаддингга тикилиб ётгим келади,

Лабингдан шудринглар тотгим келади.

Сен пари қизларнинг дудоғимисан?

деб ёзади шоир. Демак, шоир табиатни гўзаллик қонунлари асосида кашф этиш, уни имкон қадар “инсонийлаштириш” – манзарали тасвирлар яратишга уринади. Бизнингча, бу ҳол Беҳзод Бийболаев эстетик идеали меҳварига гўзаллик ҳақидаги покиза орзулар, улуғвор тасаввурлар жамлангани нишонасидир.

Дарёга тикилдим, гўзал дарёга,

Энг тоза ҳисларим қўзғолди бир зум.

Энг нафис мавжини пойимга тўшаб,

Дарё шивирлади: кўзларингни юм…

Аслида, ўша ўйноқи тўлқинлар беҳад сулувлиги, уларнинг гўзал қиқирлашига хос дилбар кулгилар жилвасидан зинҳор кўз юмиб бўлмайди. Аммо, инсон ўз ички дунёси ҳақида фикр юритса, мушоҳадага берилмоғи ва кўзларини юммоғи тайин. Кўринадики, шоир лирик қаҳрамони нигоҳи тийран. Муроқаба дарёсига чўмган ҳолатдаги лирик қаҳрамон қалби дарёдай жўшқин ва пўртанавор. Зотан унинг дилига борлиқдаги улуғворлик шивирини ҳиссий туйишга қодир тоза ҳис-туйғулар ҳамроҳлик қилади.

Беҳзод Бийболаев шеъриятнинг ижтимоий-эстетик, маънавий-руҳий, ахлоқий-маърифий қудратини қамровли тарзда англайди. Унинг учун шеър – ҳақ ва ҳақиқат даракчиси, келажак насллар кўнглига меҳр-мурувват уруғларини қадаб, бокира ҳаёлларини сарҳадсиз кенгликларга элтувчи куч. Шеър – дилга она шафқати ва Ватан ифтихорини солгувчи қудрат. Шеър – нафосат ва бахт даракчиси. Шеър – илм-маърифат бўстони. Шеър – мардлик ва ботирликка даъват. Шеър – тил ва миллат ифтихори. Шу боисдан  ҳам, шоир ўзининг “Маслаҳат” номли манзумасида шундай сатрларни битади:

Гуллаётган гул – шона ҳақда,

Ватан ҳақда ё она ҳақда,

Ё Машраби девона ҳақда

Болангизга шеър ўқиб беринг.

Истагимиз шуки, Беҳзод Бийболаев кўнглини нафосатга лиммо-лим ўша гўзал туйғулар ва метиндай мустаҳкам сабот ҳеч қачон тарк этмасин.

 



[1] Шоди Отамурод. Соғинч ранглари. Шеърлар. –Тошкент: ADIB, 2014.

[2] Абдурауф Фитрат. Шеър ва шоирлиқ. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси. 1995 йил, 16 июнь.

[3] Шарафиддинов О. Талант – халқ мулки. -Т.: Ёш гвардия, 1979. –Б.147.

[4] Жўрабек Жаҳон. Туйғулар шаҳарчаси. Шеърлар. – Т.: ADIB, 2014.

 

[5] Бийболаев Б. Ишқ васфи.Шеърлар.  – Т.: ADIB, 2014.

 

Сайт бўлими: Ёшлар ижодидан

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ