"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Муҳаббат

Ўқилди: 1 035

ҳикоя 

Ўткир Ҳошимов

Узоқ, энтикиб ўпишдилар. Қизнинг соч толалари Тиркашнинг юзига тегиб турар, алланечук нотаниш, аммо тотли ис анқир, унинг бутун вужуди таранг тортилиб, оёқлари титрар, қизнинг ҳам елкалари билинар-билинмас силкинаётганини ҳис қилиб турарди. Тўсатдан қиз силтаниб қаддини ростлади-ю, зарб билан итариб юборди уни.
Тиркаш лайлак қилиб қўйилган аравага суяниб қолди. У ҳамон ўзига келолмас, аллақандай ички бир тўлқин борган сайин қаттиқроқ жўш урарди.
— Дадам сўйиб ташлайди, — деди қиз тўзиб кетган сочларини кафти билан текисларкан. Аммо дадасидан ҳеч қачон ҳайиқмаганлиги, бундан кейин ҳам ҳайиқмаслиги унинг овозидан билиниб турарди.
Тиркаш аравадан уч-тўрт қадам нарида, майсалар устига ташлаб қўйилган бир парча намат устида ухлаб ётган чолга қаради. Чол ола-була хуржунга бошини ташлаб, оёқларини керганича, чалқанча ётар, қоронғида юзи аниқ кўринмасди. Ундан ҳам нарироқда бир туп дўлананинг тўкилган хазонини шитирлатиб, шарпадай қоп-қора эшак ўтлаб юрарди.
Тиркаш қаддини ростлаб, қизга тикилиб қолди. Унинг катта-катта кўзлари ёниб турар, узун-узун киприклари, қирра бурни қоронғида янаям жозибали кўринар, Тиркаш ҳали ҳам ҳаяжонини босиб ололмас эди. Икковлари анчагача жимиб қолишди. Арслонбоб тоғининг чўққиси ёниб кетди. Зум ўтмай дум-думалоқ тўлин ой чиқди. Чор атрофга нур аралаш сукунат сели қуйилгандай, ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди. Япроқлари тўкила бошлаган дўлана соядай қорайиб кўринар, ҳавода хазон, ғўзапоя иси анқирди.
Қиз сочини қайтадан ўриб, орқасига ташлади. Тиркашнинг ёнига келди-да, ниҳолдай нозик гавдасини эгиб, арава ичидан пахталик нимча олиб кийди. Тиркашга бир қараб қўйди-ю, оёқларини осилтириб, аравага ўтириб олди. У энди ҳамма нарсани унутгандай, Тиркашни кўрмаёттандай эди. Бошини баланд кўтариб, ойга тикилиб ўтирар, чеҳрасида бепарволик кўриниб турарди. Бояги тўлқин яна жўш уриб кетди. Тиркаш нима қилаётганини ўзи ҳам сезмай, тиз чўкиб, қизнинг оёқларидан маҳкам қучоқлаб олди.
— Дилор, кетма. Илтимос қиламан, ялинаман… — У қизнинг тиззасига бош қўйди. Негадир шу топда қизнинг қўллари сочини силашини кутар, орзу қиларди. Дилор эгилиб унинг елкасидан итарди.
— Кет бу ердан!
— Тушунсанг-чи, ахир, қаёққа борасан?! Нимага борасан? — Тиркаш қизнинг оёқларини маҳкамроқ қисиб илтижо билан бош чайқади. — Йўқ дема, Дилор. Иккаламиз бирга ишлаймиз. Сен нимани хоҳласанг…
— Кет, мен ухлайман! — Дилор тағин унинг елкасидан итарди.
Тиркаш қизнинг чимирилган қошларига, қатъият билан қимтилган лабларига қараб, энди гапириш ортиқча эканини тушунди. Аста қаддини ростлаб, бошини қуйи солди. Ўзига ҳам эриш туюлган паст, ўкин овозда пичирлади:
— Кетиб қолманглар, тонготарда келаман.
Шартта бурилди-да, тасмадай оқариб ётган тупроқ кўчадан соясини босиб, чопиб кетди. Ой коптокдай сакраб-сакраб унга эргашиб келаётгандек бўлар, қишлоқ томондан итларнинг акиллагани эшитилар, сой шовиллар эди. Қир устига чиққанида олд томондан қишлоқ чироқлари кўринди. У тўхтаб қолди. Орқасига бурилиб қаради. Пастлиқда, йўл ёқасидаги ўша бир туп дўлана қорайиб кўринар, Дилор ҳам, отаси хам дарахт кўланкаси тагида қолиб кетганди.
Тиркаш тез юрганидан нафаси қисиб, терлаб кетганини энди сезди. Кўйлагини ечиб елкасига ташлади-да, тағин қишлоқ томонга қаради. Катта йўлдан нур занжири билан боғланиб қолгандай қатор-қатор машиналар ўтиб борарди. «Пунктга пахта олиб кетишяпти», деб ўйлади у. Бирдан кўнгли чўкди. «Йўқ! — деди у пичирлаб. — Ҳеч қаёққа бормайман. Бормайман! Уйга ҳам, Дилорнинг олдига ҳам. Ҳеч нима керакмас менга, ҳеч нима!»
У кўйлагини ерга ташлаб, қуриб, сарғайиб қолган кўкатлар устига ўтирди.
«Нима бўляпти ўзи? Қаёқданам шу қизни учратдим?! Наҳотки энди ҳамма нарсадан — уйим, қишлоғим, отамдан айрилсам? Наҳотки энди Тентаксойдан бир умр бош олиб кетсам? Нима бўляпти ўзи?»
У диққат билан қулоқ сола бошлади. Бу сафар сойнинг шовиллаши аниқ эшитилди. Кейин хўрозлар чўзиб-чўзиб қичқира бошлади. Эҳтимол, уларнинг ҳовлисидаги тождор хўроз ҳам қўноқда туриб бўйнини чўзганча жўр бўлаётгандир. Эҳтимол, Қосим ота хирмондан қайтиб, унинг келишини кутиб, супада нос чекиб мудраб ўтиргандир.
Тиркашнинг хаёлида Қосим отанинг оппоқ қоши остидан ўйчанлик, мулойимлик билан боқиб турган кўзлари, сўлғинроқ, аммо нуроний юзи, чўққи соқоли жонланди. Шу кўзларнинг нурини олган Тиркашнинг ўзи эмасмикин? Шу соч-соқолга қиров қўндирган Тиркашнинг ўзи эмасмикин! Ахир уни одам қилган, ота ўрнида ота бўлган киши шу эмасмиди?.. Тиркашдан бошқа суянчиғи борми унинг…
Кошки эди, Тентаксойга ўша эски арава кириб келмаган бўлса… Кошки эди, Тиркаш шу аравада келаётган лўли қизни — Дилорни кўрмаган бўлса…
Тиркаш бирданига ўрнидан сакраб тургиси, қишлоқ томонга югуриб кетгиси келди. Лекин қачонлардир гўдаклик хотирасига маҳкам ўрнашиб қолган, унутилаёзган соғинч бир туйғу устун келди-ю, чалқанча ётиб олди. Ой ҳаволаб кетган, қатлам-қатлам куз булутлари оҳиста сузиб ўтар, намхуш тупроқ иси анқир эди.

II

Бу воқеага анча йил бўлиб кетган. Анча йиллар…
Тиркаш эсини танибдики, шу тупроқ вояга етказди уни. Дунёга қайси куни келганини, отаси ким, онаси ким эканини ҳалиям билмайди. Тўрт-беш ёшида одам ажратадиган бўлиб қолганида лўлилар чодирида кўрди ўзини. Ота-онаси аллақачон кўз юмиб кетганини шулардан эшитди. Ҳаммага эргашиб юргани учун Тиркаш деб чақиришаркан уни. Улар Тиркашни қўлма-қўл кўтариб катта қилишибди… Тиркаш ҳам шу лўлилардан биттаси эди. Ярим кечагача чилдирма чалиб, базм қилишни, қизил кўйлагининг этагини ҳилпиратиб рақс тушишни ҳеч нимага алишмайдиган хотинларнинг ҳаммаси унинг онаси эди. Гулхан атрофида давра қуриб ўтирган лўлиларнинг ҳаммаси ота эди унга.
Ҳазин қўшиқлар оғушида мудраган оқшомлар, ой нурига ғарқ бўлган осмон… Тиркаш дунёга келиб энг аввал шуларни кўрганди. Кун ботар-ботмас уларнинг элати кўкаламзор бир ерга чодир тикар, Тиркаш кўкатлар устига чалқанча тушиб оларди-да, чилдирманинг гумбирлашига, қувноқ қаҳқаҳаларга қулоқ солиб ётар, гулхан атрофида лип-лип айланаётган соялардан кўзи тиниб ухлаб қоларди.
Эрта тонгда одамларнинг ғовур-ғувури, эшакларнинг ҳанграшидан уйғониб кетарди. Шудрингдан ҳўл бўлиб кетган жингалак сочларини силаб ўрнидан турар, увушиб қолган қўлларини уқалаб-уқалаб қўярди.
Яна ўша узун-узун йўллар бошланарди. Дунёда йўлларнинг нега шунчалик кўплигига унинг ақли етмас, лўлилар элати бўлса бир зум ҳам тўхтамас, қаёққа кетишаётганини ҳеч ким билмасди.
Тиркашнинг сўнгсиз-ниҳоясиз йўллари Тентаксойда тўхтади. Баҳор оқшомларидан бирида лўлилар элати шундоққина сойнинг бўйига, тошлоқ соҳилга чодир тикди. Тентаксой сон-саноқсиз оролчалар ҳосил қилиб ҳайқирар, осмони фалакка марварид сочарди.
Тиркаш ўшанда етти-саккизларга бориб қолган, тишлари бир марта тўкилиб чиққан эди. Кун бўйи йўл юравериб чарчаганиданми, ҳаммадан олдин ухлаб қолибди.
Тонготарга яқин энтикиб уйғониб кетди. Уйғонди-ю, тўлқинлар кетма-кет урилиб, сув қаърига тортиб кетаётганини билиб чинқириб юборди. Аммо овозини ўзи ҳам эшитолмади. Оғзига сув тўлиб ўқчий бошлади. Сой даҳ-шатли гулдуросдан титрар, еру кўк қоп-қора тўлқинларга кўмилган эди. Тиркаш сувдан қалқиб чиқиб, қоп-қора осмонни сўнгги марта кўрди-ю, типирчилаб чўкиб кетди.
У кўзини очганида бошига эгилиб турган нотаниш кишини кўрди. Элатида бундай одам йўқ эди. Бошига кўк духоба дўппи кийиб олибди. Юзлари қизариб кетган, оқ оралаган мўйлови ҳўл бўлиб, чўққи соқолига ёпишиб қблибди. У жиққа сув кўйлагининг этагини қайириб, Тиркашнинг пешанасини артди.
— Отинг нима, ўғлим?
Тиркаш ўзини шу одам сувдан олиб чиққанини энди тушунди.
— Кетаман!
У ўрнидан турмоқчи бўлган эди, мажоли келмади. Нотаниш киши унинг устига кўрпа ташлади.
— Элатларинг кетиб қолишди. Сени аллақачон ўлдига чиқаришган бўлса керак. — Нотаниш киши чуқур хўрсинди. — Сел ёмон қутурди-да! Тентаксой шунақа ўзи. Ҳар баҳорда жиловини йўқотиб қўяди.
Тиркаш бегона уйнинг гулдор қоғоз ёпиштирилган шифтига тикилиб ёта-ёта кўзлари илинди.
…Бу воқеага анча йил бўлиб кетган… Анча йиллар…
Агар уч кун аввал қишлоққа яна битта лўли арава кириб келмаганида, агар Дилорни кўрмаганида, қиз кетаман деб туриб олмаганида, ўша дамларни эслаб ўтирмасди.

III

Қуёш уфққа лаб босди. Кичкина шалақ арава тупроқ йўлдан имиллаб борар эди. Қора эшак чиллакдай ингичка оёқлари билан тупроқ чангитиб, аравани судраб борар, ғилдираклар нола чеккан каби ҳазин ғийқилларди.
Аравада ўтирган чолнинг ингичка, буришиқ бўйнидаги чуқурчаси, оқ оралаган сочи Тиркашга кўриниб турарди. Дилорнинг отаси ҳеч қаёққа шошилмаётганини шама қилгандай эшакни қистамас, бошини ташлаб, мудраб борарди. Эрталабдан бери чол Тиркашга бир оғиз ҳам гапирмади. Фақат аҳён-аҳёнда милки қизариб кетган кўзлари билан унга синчиклаб қараб қўяр, яна индамасдан тескари қараб оларди.
Араванинг кетида Тиркаш билан ёнма-ён келаётган Дилор унга қараб жилмайиб қўяр, аллақаёқдан синдириб олган тол хивичи билан йўл четидаги гиёҳларни савалаб борарди. Унинг шапалоқ гулли қизил куйлаги шафакда ловиллар, ўзи ҳам ўт бўлиб ёниб кетаётгандай кўринарди. Тиркаш шу топда қизнинг нима ўйлаётганини билолмас, аммо бир кўзини сал қисиб, истеҳзоли, жозибали жилмайишидан ўзининг гўзаллигидан, йигитни эргаштириб келаётганидан мамнун эканлигини кўриб турарди.
Қуёш ер ортига юмалаб кетди. Оқшом шамоли уфқда ёниб турган шафақ алангасини пуфлаб ўчирди. Ҳамон ғилдираклар нола чекар, шалақ арава тепаликка чиқиб борарди.
Тиркаш қишлоқдан чиқиб кетаётганида ҳозиргидек кўнгли ғаш бўлишини ўйламаганди. У Қосим отанинг кўзига кўринишдан қўрққан, Тентаксойдан чиқиб олгунча таниш шофёрларнинг учраб қолишидан юрак ҳовучлаб турганди. Йўқ, ҳеч ким учрамади… У Дилорни энди ўзиники деб ўйлар, шу қиз учун дунёнинг нариги чеккасигача боришга ҳам тайёр эди. Лекин қишлоқдан узоқлашган сайин унинг қадами секинлашар, ўзи қилаётган гуноҳини энди тушунаётгандай бўларди. Гўё кимдир кўзга кўринмас нозик, жуда нозик иплар билан уни Тентаксойга боғлаб қўйгану, бу иплар борган сайин таранг тортилар, яна бир қадам юрса, узилиб кетаётгандай бўларди.
Шалақ арава тепалик устига чиққанда тўхтади. Тиркаш тағин бурилиб орқага қаради. Пастда қишлоқни тасмадай ўраб олган сой ялтиллаб кўринар, аммо уйлар кўзга ташланмас, қуюқ дарахтзор устига оқшом шарпаси қўнганди. Узоқда — катта йўл устида қуюқ чанг кўринди.
— Пода қайтяпти, — пичирлади у. Бирдан кўз ўнги қоронғилашиб, хотиралар қуюнидан боши айланиб кетди.
Бир вақтлар ўзи ҳам каттакон тарғил сигирни тонг-саҳарда подага қўшиб юборар, кечқурун сигирнинг ўзи эшикдан маъраб кириб келарди. Сигирни қўшни келин соғиб берар, Қосим отанинг кампири ўлиб кетган, сўққабош эди. Чолнинг ўзидан бошқа овунчоғи йўқлигини, унинг умиди ёлғиз Тиркашдан эканини эндигина тушун-диу.
Ўша, сувдан олиб чиққан йилиёқ Қосим ота унга папка, «Алифбе» олиб берган, Тиркаш мактабга қатнай бошлаган эди. Тонг-саҳарлаб шудринг қўнган далалардан мактабга югурганлари, ёзлари колхоз боғида болалар билан узум узишгани, бултур ўнинчини битирганида мактабда ўтказилган кеча унинг хаёлида жонланди-ю, юраги гупиллаб уриб кетди.
Тиркаш куз кечалари хирмонда ишлашни яхши кўрарди. У баланд хирмон устига чиқиб, чалқанча ётиб олар, назарида осмон борган сайин пастлашиб тушаётгандай бўлар, пахтанинг елкаларига илиққина, юмшоққина бо-тиши ҳам, салқин шамолдан жунжикиб, сесканиб кетиши ҳам — ҳамма-ҳаммаси жуда лаззатли эди.
У роҳат қилиб ётганида пастдан машинанинг бўғиқ овози эшитилар, кабина эшиги тарақлаб очиларди.
— Ухлаб қолдингми, ҳой лўли!
Тиркаш шофёрларнинг қўполлигига парво қилмас, ўзини шу қишлоқнинг бир ўзбеги, бир фарзанди ҳисобларди. У хирмон устидан сакраб тушарди-да, кузовга паншаха билан пахта ортарди…
Кейин тракторчига шогирд тушди. У омочларни тўғрилаб борар, палахса-палахса бўлиб кўчаётган тупроқ иси, керосин ҳиди маст қилиб қўйгандай боши айланиб кетар, моторнинг гувиллаши ҳам, трактор атрофида парвонадай айланаётган қарғаларнинг қағиллаши ҳам гаштли туюларди унга.
Йигит ўша тупроқ исини, баҳор қўнғироғидан уйғонган ернинг илиқ нафасини, Тентаксойнинг тишни қамаштириб юборувчи муздай сувларини ҳеч қачон, ҳеч нимага алишмаслигини, алиша олмаслигини энди тушунди. Тушунди-ю, тишлари ғижирлаб кетди.
…Тиркаш елкасига келиб тушган хивич зарбидан сесканиб кетди.
— Юрмайсанми?
Дилор бир қўлини биқинига тираб, бир қўлида хивич ўйнатиб жилмайиб турарди. Атроф қоронғилашиб қолган, шалақ арава аллақачон пастга тушиб кетганди.
Дилорнинг ҳокимона жилмайиб туриши ҳам, ўтдай ёниқ кўзлари, қирра бурни ҳам биринчи марта хунук кўриниб кетди унга.
— Туртмасдан гапир! — деди у бўғилиб. Ғазабдан юзлари ловиллаб кетганини ўзи ҳам сезиб турарди.
— Бечора ошиқ! — Дилор бирдан қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Сукунат чўккан адирлар устидан оқшом шарпасидай сирли, бўғиқ акс-садо келди.
Тиркаш бир силтаниб қизнинг хивичини тортиб олдида, майда-майда қилиб ерга отди. Дилор ҳеч нима бўлмагандай ҳамон жилмайиб турарди.
— Қишлоққа қайтамиз! — Тиркаш жуда муҳим, азиз бир нарсани тушунтирмоқчи бўлгандай, қизнинг елкала-ридан ушлаб ўтинч билан силай бошлади. — Илтимос, Дилор, йўқ демагин! Кетишимиздан нима фойда, қаёққа борамиз? Жон Дилор, хўп дегин, — у бирдан қизни бағрига босиб шивирлай бошлади: — Тентаксойга қайтамиз. У ерда менинг отам, ўртоқларим, тракторим бор, биласанми, — у негадир бўғилиб кетди. Томоғига тиқилиб қолган илиқ бир нарсани ютиб аранг шивирлади, — биласанми, Дилор, у ерда менинг… менинг ватаним бор. — Қизнинг соч толалари яна юзига тегиб кетди. Яна ўша, кишини маст қилиб юборувчи майин ис гуркиради. — Дилор, хўп дегин, битта хўп дегин…
Қиз силтаниб чекинди. Энди у жилмаймас, кўзлари ўт бўлиб ёнарди.
— Ҳеч ким сени судраб кетаётгани йўқ. Ўзинг келяп-сан, — у бирдан чинқириб юборди. — Сен лўли эмассан, анқовсан! — кейин кўзлари қисилиб киноя билан овозини пасайтирди. — Ким қўйибди сенга дуч келган қизга эргашиб юришни? Бор, қишлоғингга боравер! Сен билан ишим йўқ. Мен билан ҳам ишинг бўлмасин!
Дилор тупроқ йўлдан пастга қараб чопиб кетди. Тиркаш унинг шамолда ҳилпираб узоқлашиб бораётган кўйлагини кўриб турар, аммо нима бўлаётганига ҳали ҳам тушунолмасди. У бир нафас иккиланиб турди-да, қизнинг кетидан югурди. Тепанинг ярмига борганда, ҳаллослаб етиб олиб, қўлидан тортди.
— Дилор!
— Қоч! — қизнинг кўзлари нафрат билан ёниб турарди.
— Кетма, Дилор!
— Қоч, лайча!
Бирдан Тиркашнинг.вужуди музлаб қолди. Бояги қайноқ ҳислар ўрнини аллақандай ёввойи куч эгаллади-ю, тарсакилаб юборди уни.
— Йўқол! — деди хириллаб, — йўқол!
У Дилорнинг кафти билан юзини ушлаб қолганини кўрди. Кейин кескин бурилди-да, қишлоқ йўлини мўлжаллаб чопиб кетди. Бир марта ҳам орқасига қарамади.
Арслонбоб чўққисидан қип-қизариб ой чиқиб келар, тупроқ йўл оқариб кўринар, Тиркашнинг соясигача қалтирарди.

IV

Қиш эрта тушди. Ҳали ғўзапоялар йиғиштириб олинмасдан қор ёғди. Эртасига ҳаво чарақлаб очилиб кетди.
Тиркаш қор кўрпасига бурканиб эндигина уйқуга кетган ерни чўчитиб трактор ҳайдар, қор босган далалар офтоб нурида кўзни қамаштириб ярқирар, яккам-дуккам ғўзапоялар тақдиридан нолигандай шумшайиб турарди. Трактор ҳали яхламаган далада енгилгина сузиб, музёрар кемадай орқасидан қоп-қора из қолдириб борарди.
У тушликка чиқиш учун моторни ўчириб, кабинадан сакраб тушди-ю, пайкал бошидаги тутзор ёнида турган қизни кўриб қолди. Боя, моторга сув қуяётганида ҳам кўргандай бўлганди. Қиз сариқ пахталик кийиб, бошига кўк рўмол ўраб олганди. Унинг бир қўлини биқинига тираб туриши танишдай кўринди йигитга.
«Ўткинчилардан бўлса керак». Тиркаш шийпон томонга бурилиб кетаётган эди, қиз қўл силтаб имо қилди.
Тиркаш кирза этиклари билан қор кечиб, беш-ўн қадам юрди-ю, қизни таниб қолиб, югуриб кетди. Юраги яна ўша соғинч ҳислар билан жўш урар, этикнинг сирғанишига ҳам, ғўзапояларга қоқилишига ҳам парво қилмасди. «Дилор, Дилор!» — дерди у пичирлаб. Негадир қувончдан энтикар, нимага қувонаётганини ўзи ҳам билмасди.
У нафаси тиқилиб югуриб келди-ю, Дилорнинг нозик, аммо чайир қўлларини кафтига олди.
«Қўли музлаб кетибди», — деб ўйлади қизнинг юзига тикиларкан. Дилорнинг ранги сўлғинлашган, кўзлари чўккан, аммо ҳамон жозибали табассум билан жилмайиб турарди. У исиб кетгандай пахмоқ рўмолининг тугунини ечаркан, тирсаги билан Тиркашнинг кўкрагига туртди.
— Ҳайдаб юбормайсанми?
— Қачон келдинг?
— Эрталаб.
— Бутунлайми?
— Бутунлай! — деди Дилор бепарво. Тиркаш қизнинг кўзларига бир қаради-ю, шу бир оғиз сўзга ишониш мумкинлигини тушунди.
— Жинни! — деди у кулиб.
Қизнинг елкасига оҳиста қўл ташлади-да, қор босган дала йўлидан қишлоққа — ўз ҳаётига бошлаб кетди.

 

1964 йил.

Сайт бўлими: Ўзбек насри

Қўшимча:

Ёшлар кутган учрашув Ёшлар кутган учрашув
Беларусь диёрининг севинч ва соғинчлари Беларусь диёрининг севинч ва соғинчлари
Абу Райҳон Беруний ҳақидаги янги романлар тақдимоти Абу Райҳон Беруний ҳақидаги янги романлар тақдимоти
“Зулфияхоним қизлари” клуби маҳорат дарслари бўлиб ўтди “Зулфияхоним қизлари” клуби маҳорат дарслари бўлиб ўтди