"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ШОИРНИНГ СОЗИ ТИНМАЙДИ

Ўқилди: 944

“Муҳаммад Юсуф замондошлар хотирасида” китобидан

  Тошкент, “АДИБ” нашриёти. 2014

Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси,

Халқ ёзувчиси

ШОИРНИНГ СОЗИ ТИНМАЙДИ

 

Адабиёт, бадиий адабиёт халқнинг руҳий оламини, ички дунёсини сўз воситасида очиб берадиган, кишиларни рухлантира олишга, қанотлантиришга қодир буюк бир санъат. У инсоннинг касбидан қатъи назар, каттадан-кичик барчага бирдай азиз ҳисобланадиган неъматдир. Зеро, у – кўнгил фани. Кўнгиллар рўшнолиги ўшандандир.  DSC_9895

Ўзбекнинг замини бебаҳо ва дунёда ўхшаши топилмас ўлка. Унинг замини пок, ҳавоси тоза, осмони мусаффо, одамлари оқ кўнгил, танти. Бу заминда туғилган одамнинг шеър ёзмай иложи йўқ. Шу сабабдан ҳам, ўзбек халқининг юз бўлмаса ҳам, нақ тўқсон беш фоизи шеър ёзади, қалам тебратади. Бу аксиома. Бу халқнинг Лутфий ва Навоий, Бобур ва Нодира, Машраб ва Огаҳий, Чўлпон ва Ойбек, Ғафур Ғулом ва Зулфия, Миртемир ва Усмон Носир, Абдулла Ориф ва Эркин Воҳид сингари ҳар бири дунёга татирлик шоирлари бор. Бундай заминда шоир бўлиш осон иш эмас.

Лекин бир ҳикмат ҳам бор: Ўзбекистон замини сеҳрли, фазилатларга бой. У ўз фарзандларига куч-қувват бераверади, шижоатлар ато этаверади, кўнгилларга илҳомлар солаверади, шоирлар туғилаверади, ўтли шоирлар етишаверади. Ўтли шоирлар!

Муҳаммад Юсуф ана шундай она заминини суйган ўтли шоирлардан бири эди. У шу тупроқда туғилди, шу тупроқни севди, шу тупроққа жонини фидо қилди. Анди- жоннинг танти ва жўмард ўглонларидан бири Муҳаммад Юсуф ўз шеърларини куйлаб ёзар эди, унинг шеърлари мусиқадай қуйилиб келар, ҳали сиёҳи қуримай қўшиқ бўлиб кетарди. Қўшиқлари шунчалар самимий ва табиий эдики, ўз-ўзингдаи хиргойи қилиб юборганингни билмай қолардинг киши. У чинакам халқ шоири, мустақиллик учун курашган ижодкорлардан биридир. Ўзбек, миллат, Ватан, озодлик, ўзбеклик ғурури, улуг боболарга ворислик туйғуси унинг шеърларида гупуриб туради. Шеърлар номига эътибор беринг: «Ўзбекистон», «Ўзбек», «Ўзбекнинг аёллари», «Ўзбекмомо», «Ўзбек қизлари», «Ватан», «Ватан мадҳи», «Ватан, ягонасан», «Ватанни севинг», «Менинг Ватаним»…

Зиё оққан мен юрган йўл-йўлакка,

         Шому Ироқ зор термулган ўзбекман.

Дунёларни ўрантирган ипакка,

              Тилла қўнгироқли карвон ўзбекман! —

деб ёзади шоир ғурур билан «Ўзбекман» номли шеърида.

Шоир кам гапирарди, кўпроқ эшитарди, ўзини бўрттириб кўрсатиш касалидан мутлоқ йироқ, самимий инсон эди, шу сабабдан ҳам ҳамиша шеърият мухлислари унинг атрофида парвона бўлардилар.

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Ёзувчилар уюшмасида катта мушоира бўлди. Қорачадан келган бир йигитча минбарга чиқиб, таниқли шоирлар қаторида шеър ўқиди, ўқиди-ю улоқни олиб кетгани билинди! Бу ёш шоир Муҳаммад Юсуф эди, унинг шеъри дўппига бағишланганди. «Бош қолмади дўппига лойиқ» сатрини келтирганда, зал олқишларга тўлди. Назокат билан айтилган, чуқур рамзий маънога эга бу шеър ўзбекликни, ўзбекни улуғловчи, ғуруримизни юксакка кўтарувчи тимсол сифатида жаранглаганди. Ҳа, шоир дўппига лойиқ одамлар бўлишини, шуларнинг сафида шахдам юришни орзу қилди. Ўз шеъридан қиёс келтириб айтиш мумкинки, Муҳаммад Юсуф халқимизнинг «дўппига лойиқ бош»ларидан – инсонларидан бири бўлиб камолга етди.

Муҳаммад Юсуф шеъриятининг энг олий фазилати, фикримча, бу унинг соф ва пок самимиятида мужассамдир. Самимият, халқона руҳ унинг шеърларини жилолантириб, безаб, уларга бетакрор кўрку тароват бағишлайди. Энг яхши фазилатларидан яна бири – лоқайдликдан йироқлик, ҳаётга бефарқ эмаслик. Куйканак кўнгил, аммо йиғлоқилик, қўл қовуштириб, тақдирга тан бериб ўлтириш унга ёт. У кўрган, завқланган ёки нафратланган нарсасини дарҳол ифодалашга интилади, қўлига қалам олади. Ижодининг тематикаси ҳам кенг. Шоир Бобораҳим Машраб («Шоҳ Машрабни қучгим келур» — дейди «Менга беринг» шеърида), Сергей Есенин каби ва бошқа мумтоз улуғ шоирларнинг асарларини севиб ўқирди, ўрганарди.

Шоир ижодида бўй чўзиб турган муҳташам образ – бу, албатта, Ватан образи, Ўзбекистон тимсоли. Унинг Ватанга муҳаббати жуда ғаройиб… «Ватанни ғаройиб ишқла севаман» — деб ёзган эди рус шоири Михаил Лермонтов. Муҳаммад Юсуф «юрагининг Олампаноҳи бўлган» Ватан ҳақида ҳамиша жўшиб ёзади. У том маънода Ватан куйчиси. Шоир назарида, Ватанга муҳаббат — Ватан учун фидо бўлмоққа тайёр туриш, ўзига ҳеч нарса тиламаслик, буюк садоқат, ихлосдан иборат.

Дўстлар, оғиз тўлдириб Ватан

Дея олмоқ ўзи бахт экан! —

дея ҳайқиради «Ҳур ўлкам» шеърида. Бу ёруг оламнинг жаннатлари борлигини, кўплигини айтиб, аммо Ватандан бўлаги бари миннат эканини таъкидлайди. Бунда теран фалсафа мужассам. Ватан, бу – «той қоқилиб, от бўлгувчи яйловдир», дейди. «Юртнинг этагини ўпишга (ҳатто! — М.А.) осмон энгашган…»ини кўриб ғурурланади шоир.

Бу Ватанда «кулгичида офтоб чиқиб, офтоб ботган» гўзаллар яшайди, дея шавқу сурурга тўлади шоир калби. «Зоҳиринг сувдай тиниқ, ботининг зарбулмасал…» дея васф этади «Ҳайрат» шеърида. «Алла айтсанг айвонингда ухлар қуёш…», дея ғурурланади.

«Изҳори дил» шеърида шундай сатрлар бор:

Кўҳна тол бешикдан

Боғланар олам,

Сенга иддаолар

Қилмай севаман.

Бир куни синглим, деб,

Бир куни онам, —

Ватан, Кимлигингни

Билмай севаман.

Шоирнинг Ватанга муҳаббати ғаройиблиги худди ана шунда, яъни: «…иддаолар қилмай севаман!» дейишида! Бу, айниқса, ёшлар учун катта ибрат намунасидир.

Муҳаммад Юсуф шеъриятининг хусусиятларидан бири унинг мавзуни ўйлаб чиқармаслигида, балки бевосита ҳаётнинг ўзидан олишида кўринади. Шоир учун мавзунинг катта-кичиги йўқ, ҳар қандай мавзуда маҳорат кўргизиб, зарур хулоса чиқара олади. Бир куни уйига қайтаётиб, шоир бир чирқиллаб ётган карғанинг оёғи дарахтда айри новдага илиниб қолганини кўради. Атрофга одамлар йиғилади. Лекин дарахтга чиқиб қушни қутқариб олишга бир ёш бола керак, аммо у топилмайди. Хуллас, қуш ҳолдан тояди, ҳамма уй-уйига кириб кетади… Шоир эрталаб туриб қараса, қарға жойида йўқ, қузғунлар қушни қутқариб олиб кетишибди!

Бошга кулфат тушган кунда шеригинг

Ташлаб кетмас экан қузгунлар ҳатто! —

деган ҳаётий хулоса ясайди шоир, унинг тагида беоқибат инсонларга шама борлиги шундоққина кўриниб турибди.

«Кўкламойим» деб табиатни эркалайди, ўзини табиатга жуда яқин олади, кейин «Кўкингдан бер бир чимдим…», дея эркаланиб қўяди ҳам. «Ўзим қўчқор шоирман», дейди «Оқ қўчқор» шеърида тантилик, чапанилик қилиб. Умуман, шоирнинг «Қарға», «Мунчоқ», «Қалдиргоч», «Оқ қўчқор», «Чўлоқ турна», «Жайрон», «Эрка кийик» номли бир қатор шеърлари тил-забонсиз жониворларга меҳр, табиатга муҳаббат туйғулари билан суғорилганини кўрамиз.

Муҳаммад Юсуф шеърларининг яна бир фазилати унинг соддалигидадир. У ўз шеърлари учун ҳар хил шакллар ҳам қидириб юрмайди, халқ қўшиқлари йўлида, гоҳида мурабба шаклида қалам тебратишни хуш кўради. Шунда шеърлар қоғозга равон ва содда тушади, маъносини тушуниш ҳам осон кечади. Чунончи, «Ўзбек» шеърида шундай сатрлар бор:

Ёмон шеър ёзсанг ҳам, бетингдан ўпиб,

Кам бўлма, болам, деб яшайди ўзбек…

Бунда халқимизнинг кенгфеъл, кечиримли, танти ва жўмардлиги жуда чиройли акс этдирилган. Ёки «Андижон» номли шеърида шоир ёзади:

Бобурга илинсанг, менга қовун сўй,

Чўлпонни соғинсанг, мени қучоқла…

Мана шу содда сатрларда оддий сўзлар билан шоир бутун тарихни ифодалаб беришга эришади. Хаёлимиз ўз-ўзидан Андижоннинг фарзандлари тақдирига кетади, олис тарих йилларига бориб уланади… Бу шоирнинг улкан маҳоратидан хабар беради. Шоир ижодида бундай мисолларни кўплаб топиш мумкин.

Умуман, шоир шеъриятида халқимизга хос ҳаётсеварлик, деҳқонча руҳ, тантилик, чапанилик, шарқона донишмандлик, соддалик, майин лиризм, шўхлик каби хислатлар бир-бирига омухта бўлиб, ранго-ранг манзаралар ҳосил қилади.

Мустақиллигимизни баланд пардаларда куйлаган Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф шарафли умр кечирди. Бугун шоирнинг «Лолақизғалдоқ», «Иқрор», «Муҳаммадқодир», «Мен дардимни кимга айтаман», «Меҳр қолур, муҳаббат қолур», «Биз бахтли бўламиз», «Ўзбекман», «Дўппи» сингари ва яна кўп илиги тўқ, мукаммал, оҳанрабоси кучли гўзал шеърлари шеъриятимиз саройини безаб турибди. Мамлакатимизда шоир таваллуди 60 йиллигининг кенг нишонланаётгани унинг шарафли умр кечирганини яққол намоён этмокда.

Ҳикматли шоир Шавкат Раҳмон хотирасига бағишланган «Лолақизғалдоқ» шеърида:

Мендан нима қолар,

Икки мисра шеър,

Икки сандиқ китоб,

Бир уюм тупроқ… —

деган сатрларни келтиради.

Йўқ, шоирдан бир уюм тупроқ эмас, катта маънавий хазина, гўзал шеърият, Ватанга садоқат, она халқига ихлос, ҳаётга мангулик муҳаббат қолди…

Кечагина ёнимизда яшаб юриб, бугун тирик тарихга айланган оташин шоир ҳамиша биз билан, халқ билан, юрти, Ватани билан бирга, ҳамиша давлатимиз раҳбари назарида, эътиборида, эл ардоғида, ўқувчилар қалбида…

Ўтли шоирнинг сози созланган, у ҳеч қачон тинмайди, ўлмас бўлиб ҳамиша жаранг бериб тураверади.

Саид АҲМАД,

Ўзбекистон Қаҳрамони,

Халқ ёзувчиси

Муҳаммад Юсуф покиза инсои эди. У одамларни ўйлатган, кулдирган, йиғлатган, топган-тутганини одамлар устидан сочган сахийлик тимсоли эди.Said-Ahmad-Husanhodzhaev-604x345

Муҳаммад ҳаммани ўзига дўст деб биларди. Ҳеч кимни бегона қилмасди. Қўлида борини дўстларига тарқатмагунча, чўнтаги бўшаб қолмагунча кўнгли тўлмасди.

Муҳаммад Юсуф тез оғизга тушди. Бирорта шоир унингдек тез ном чиқармаган, номдор бўлмаган. Очиғини айтсам, Муҳаммадга кўз тегди. Аслини олганда, асл шоирлар узоқ яшамайдилар. Аммо ортидан абадий яшайдиган мерос қолдириб кетадилар. У мана шундай ўлмас мерос қолдирди.

Муҳаммад мухлисларининг юрагини ўртаб кетди. Энди шоирнинг ўзи йўқ. Аммо Муҳаммад Юсуф деб аталмиш Шеърият бор.

Бу шеърият асло завол билмайди.

 

Озод ШАРАФИДДИНОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони

Муҳаммад Юсуф деган шоир шеъриятга қандай кириб келганини адабиётимиз сезмай ҳам қолди. Аммо у тезда, ҳаммани ҳайрон қолдириб, оғизга тушиб кетди. Унинг ижоди ҳақида гап кетганда, кўпинча кўшиқларини тилга оладилар. У қўшиқ ёзган ҳам, ўзининг қўшиқчи шоир ҳисоблаган ҳам эмас. Унинг ёзганлари ниҳоятда долзарб мавзуда ўта жиддий, аммо халқ дилига жуда яқин ва равон тилда ёзилган. Шунинг учунми, ҳофизлар уларни қўшиққа солиб юрадилар. Бу қўшиқлар қўшиқчиликни ҳам баланд поғоналарга олиб чиқди. Қанча-қанча хонандаларни элга танитди.osharof

Муҳаммад Юсуф қўшиқлари билан эмас, аввало халқ дардини баралла айтган, юрт муҳаббатини ҳеч кимга ўхшамаган мисраларда таърифлаган шеърлари билан танилди, шуҳрат қозонди.

Муҳаммаднинг шеърлари бир қарашда жуда содда, жўн ёзилганга ўхшаб туюлади. Аммо унга ўхшатиб ёзиб кўринг-чи? Қўлингиздан келмайди! Унинг осон ёзиладиганга ўхшаб кўринган мисралари мухлисларини йиғлатади, кулдиради, ўз оғушига тортиб олади.

Одамлар унинг китобларини дўконлардан қидириб юрадиган бўлдилар.

Муҳаммад Юсуф Худо берган қобилият эгаси эканлигига ўзим гувоҳ бўлганман. Бир даврада Чўлпоннинг «Кўклам» шеъри тўғрисида гап борди. У менинг таърифимдан таъсирланиб кетдими, ичкари хонага кириб кетдида, 10-15 дақиқа ўтгач чиқиб, қўлимга «Кўкламойим» шеърини тутқазди. Уни менга бағишлаганини айтди. Шеърни ўқиб, кўзимдан ёш чиқиб кетганди ўшанда.

Муҳаммаджон камдан-кам туғиладиган истеъдод эгаси бўлиши билан бирга, камдан-кам шоирда учрайдиган хислат эгаси – шуҳратдан қочадиган камсуқум инсон эди. У шуҳратнинг эмас, шуҳрат унинг ортидан қувиб юрарди.

Муҳаммаджоннинг ёшлик, йигитлик йиллари Тошкентдай шаҳри азимда ўтди. У шу ерда омадини, бахтини, шон-шуҳратини топди. Шошнинг болохоналарида «шоир» деган унвонга эришди:

Мени шоир қилган қумсувоқ

Болохоналаринг бор бўлсин.

Ва бу юртда бир умр бурчдор эканлигини ҳис қилиб яшади:

Қирқ йил қуллуқ қилсам ҳам агар

Узолмасман сендан қарзимни.

Муҳаммад Юсуф бахтли, омадли шоир. Унга мустақил юртни, озод халқини кўриш насиб этди. Юртнинг энг улуғ байрамларида унинг қўшиқлари баралла янграйдиган бўлди. Ўзбекистон ҳақидаги шеърини ёшлар ҳатто ўз мадҳияларига айлантириб юбордилар. Шу ўринда ҳурматли Юртбошимизнинг бу камсуқум шоирга шахсан эътиборини айтмай бўлмайди. Шоир Муҳаммад Юсуфга Президентимизнинг меҳрлари бобомиз Улуғбек ҳақидаги қўшиқни эшитган пайтларидаёқ тушган эди. «Халқ шоири» унвонини ҳам мамнуният билан унга ўзлари топширган эдилар.

Шоирнинг умри унинг шеърларида давом этмокда.

Абдулла ОРИПОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири

Ажал якка ов қилади дейишади. У ҳеч ким билан маслаҳатлашмас, бошқаларнинг иродасини назар-писанд қилмас экан. Бевақт ўлим адабиётимиз гулшанида барқ уриб очилиб, яшнаб турган бир чечакни уздию кетди.

Муҳаммаджонни марҳум дейишга ҳеч тилимиз бормайди. Аммо начораки, бу бор гап. Чинакам шоирнинг қалбида соҳир қуш доимо сайраб туради, деган гапни кўп бора эшитгандик. Уша қуш айнан Муҳаммаджоннинг юрагида ошён қурганига мен астойдил ишонганман. Унинг кўзлари ҳам, чеҳраси ҳам ҳамиша латиф бир куйни хониш қилаётгандай эди.Abdulla O.

Мен Муҳаммаджон билан узоқ йиллар ёнма-ён яшаб, ёнма-ён ишладим. Ҳали ёшлик йилларидаёқ бунчалик кўп мухлис орттирган, дўст-оғайниси бисёр ижодкорни кам кўрганман. Санъаткорлар-ку, унинг ҳар бир мисрасини созга олишга тайёр эдилар. Буларнинг сабаби нимада? Биринчи навбатда Муҳаммаджон яхши инсон эди. Яхши инсонларга бошқалар ҳамиша талпинадилар. Одамдан одам узоқлашинини Худойим ҳеч кимга кўрсатмасин.

У обрў талашмас, иззатини сўроқлаб югуриб юришдан ор қиларди. Худди шундоқ яхши инсонгина яхши ижодкор бўлиши табиий ва қонунийдир. Шу каби юксак фазилатлар туфайли Муҳаммад Юсуфни халқимиз ардоқлади. Юртбошимиз унга оталарча меҳр кўргазди, хизматларини давлатимиз муносиб баҳолади.

Муҳаммад Юсуф қисқа умр кечирди. Ундан чинакам бетакрор ижодий мерос қолди. Ҳақиқий маънодаги барҳаётлик, завол билмаслик Муҳаммад Юсуф ижодига тааллуқли бўлган десам, иншооллоҳ, хато қилмагайдирман.

Жойинг жаннатда бўлсин, укажоним!

 

Эркин ВОҲИДОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири

ШОИР ҚАЛБИНИНГ ОТАШИ

Шоир Муҳаммад Юсуфнинг олтмиш йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисидаги муҳтарам Президентимиз Қарори маданий ҳаётимизда улкан воқеа, давлатимиз раҳбарининг адабиёт ва санъатга юксак эътибори ва ғамхўрлиги белгиси бўлди ва ижод аҳли, шеърият мухлисларини бениҳоя қувонтирди.

Муҳаммад Юсуфни халқимиз севиб дилида сақлайди, Ватан куйчиси, Истиқлол куйчиси деб ардоқлайди, ўзбек элига улуғ меҳр, садоқат сингиб кетган назокатли, самимият тўла шеърларини қадрлайди, қўшиқ қилиб айтади. Унинг шеъриятини чин маънода қанотли шеърият, юрт осмонида баланд парвоз қилувчи, юракларга қанот бер- гувчи шеърият деса бўлади.3-erkin-vohidov

Ҳар бир ҳунар умр давомида ўрганиб борилади. Лекин ижодий ҳунарнинг ўз хусусияти бор. Истеъдод туғма бўлади. Инсоннинг зуваласида ижодкор фазилати, олови бўлмаса, ҳавас билан, меҳнат билан шоир бўлиш мумкин эмас. Муҳаммад Юсуф туғма шоир эди. Илк шеърлари биланоқ эл назарига тушган, мухлислар орттирган эди.

Ёдимдан чиқмайди. Саксонинчи йиллар бошида мен «Ёшлик» журналида ишлар эдим. Журналимизга Муҳаммаджон Юсупов имзоси билан бир ёш ҳаваскор шоирнинг шеърлари келди. Шеърларнинг ҳаммаси мағзи тўқ, фикрга бой, теран ва самимий эди. Лекин у замонда белгиланган тартибга кўра ёш ҳаваскорнинг фақат битта, нари борса иккита шеъри босилар, газета ва журналларда катта ўрин фақат катталарга, таниқли шоирларга бериларди. Биз таҳрир ҳайъатида маслаҳатлашиб бу қуюшқонни бузишга қарор бердик. Муҳаммаджоннинг ҳамма шеърлари тўла саҳифа бўлиб «Ёшлик» журналида чикди. Биз бу ишни ёш шоирга марҳамат сифатида эмас, балки журналнинг обрў-эътибори учун, ёшлар ичида кенг тарқалиши учун қилган эдик. Дарҳақиқат, ўша туркум шеърлар овоза бўлди. Ёш шоир биринчи қадамданоқ эл оғзига тушди. «Тошкент оқшоми», «Ўзбекистон овози» газеталарида босилган шеъру лавҳалари севиб ўқиладиган бўлди.

Муҳаммад Юсуф Истиқлол йилларида баракали ижод қилди. Унинг шеърлари таниқли бастакорлар назарига тушди. Эл севган хонандалар ижросида юракларни забт этди. Шоир, бастакор ва хонанда истеъдодлари туташган жойда қўшиқ дунёга келади. Бунга Муҳаммад Юсуф шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар ёрқин мисолдир.

Муҳаммаджон қисқа умр кўрди. Шам сингари ёниб яшади ва ўзидан сўнмас оташ, ёруғ из қолдирди. Бу оташ шоирнинг ёдини, иккинчи умрини асрларга туташтиражак.

Муҳаммад Юсуф ижодидан

УЛУҒИМСАН ВАТАНИМ

Мен дунёни нима қилдим,
Ўзинг ёруғ жаҳоним,
Ўзимга бек,
Ўзим султон,
Сен тахти Сулаймоним,
Ёлғизим,
Ягонам дейми,
Топинган кошонам дейми,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан.

Сен Ҳўжандсан,
Чингизларга
Дарвозасин очмаган,
Темур Малик орқасидан
Сирдарёга сакраган,
Муқаннасан қорачиғи
Оловларга сачраган,
Широқларни кўрган чўпон
Чўлиғимсан, Ватаним.

Шодон куним гул отган сен,
Нолон куним юпатган сен,
Юзинг босиб юзимга.
Синглим дейми,
Онамми,
Илиғимсан, Ватаним, ўзингсан,

Сен – шохлари осмонларга
Тегиб турган чинорим,
Ота десам,
Қизим деб,
Бош эгиб турган ўзинг,
Улуғимсан, ВАТАНИМ !

Ким Қашқарни қилди макон,
Ким Энасой томонда,
Жалолиддин – Қурдистонда,
Бобуринг – Ҳиндистонда,
Бу қандай юз қаролиғ деб
Ётарлар зимистонда,
Тарқаб кетган тўқсон олти
Уруғимсан, Ватаним…

Қизим деса осмонларга
Ғирот бўлиб учгайман,
Чамбил юртда Алпомишга
Қайлиқ бўлиб тушгайман,
Падаркушдан пана қилиб
Улуғбегинг қучгайман,
Ғичир-ғичир тишимдаги
Сўлиғимсан, Ватаним…

Шодон куним гул отган сен,
Нолон куним юпатган сен,
Юзинг босиб юзимга.
Синглим дейми,
Онамми,
Илиғимсан, Ватаним, ўзингсан,

Сен – шохлари осмонларга
Тегиб турган чинорим,
Ота десам,
Қизим деб,
Бош эгиб турган ўзинг,
Улуғимсан, ВАТАНИМ !

Шодон куним гул отган сен,
Нолон куним юпатган сен,
Юзинг босиб юзимга.
Синглим дейми,
Онамми,
Офтобимсан, Ватаним, ўзингсан,

Сен – шохлари осмонларга
Тегиб турган чинорим,
Ота десам,
Қизим деб,
Бош эгиб турган ўзинг,
Улуғимсан, ВАТАНИМ !

МЕҲР ҚОЛУР

Ўтар қанча йиллар тўзони,

Юлдузлар — кўзёши самони.

Ўтар инсон яхши-ёмони,

Меҳр қолур, муҳаббаг қолур.

Қорачиғда порлаган ўша,

Иқболига чорлаган ўша.

Дунёни тор айлаган ўша

Меҳр қолур, муҳаббат қолур.

Анор сенинг юзларинг, сулув,

Хумор сенинг кўзларинг, сулув,

Ёдда қолмас сўзларинг сулув,

Меҳр қолур, муҳаббат қолур.

Оқиб кетди сувларда Тоҳир,

Зуҳро йиғлаб қолди қон бағир.

Келганда ҳам қиёмат охир,

Меҳр қолур, муҳаббат қолур.

Нима дейсан, эй, ғаюр инсон?

Ғийбатларинг қилди мени қон.

Сен ҳам бир кун ўтурсан, инон,

Меҳр қолур, муҳаббат қолур.

1989

 

БИЗ БАХТЛИ БЎЛАМИЗ

Майли-да, кимгадир

Ёқса,

Ёқмаса,

Уларга қўшилиб Йиғлашармидик.

Биз бахтли бўламиз

Худо хоҳласа,

Худо хоҳламаса Учрашармидик…

Райҳон ҳидларингни Йўлларимга сеп,

Кут мени,

Ҳар оқшом,

Кўкка ой чиққан.

Фақат,

Йиғламагин,

Гуноҳим не деб,

Айбинг —

Онанг сени

Чиройли туққан!..

Менга

Бир табассум

Хддя эт, эй ёр,

Нур томсин

Лабларинг

Соҳилларидан.

Ўзинг айт,

Сендай қиз

Яна қайда бор,

Киприклари узун —

Кокилларидан?..

Ийманиб яшама

Хаёл пинжида,

Ейил,

Яйра жоним,

Ўртанма ғамда.

Ғийбатларга чида,

Туҳматга чида,

Сен биттасан, ахир,

Ёруғ оламда.

Мен эса

Ошиғинг сенинг —

Энг ғариб.

Тундан сўз

Қарз олиб,

Тонгга тутгувчи.

Сенинг ёнингда ҳам

Сени ахтариб,

Сенинг ёнингда ҳам

Сени кутгувчи.

Иста,

Тиз чўкаман

Ҳозир олдингда,

Севдим,

Севганимдан

Уялмоқ нечун.

Барча фаришталар

Сенииг қалбингда

Ижарада турган

Қизлар мен учун!..

Биз бахтли бўламиз

Худо хоҳласа,

Худо хоҳламаса,

У чрашармидик?!

2000

СИР

Шамолдек беқарор шоир севгиси,

Унинг бор давлати — савлати.

Соғинчдан ёқар-у райҳонлар иси,

Мени танлаганинг ғалати…

На бир ширин калом минг заҳматингга,

На бир саломингга алик олади.

Муҳаббатинг нима Муҳаммадингга?..

Қаламни қучоқлаб ухлаб қолади.

Қасри шуҳрат аро қон йиғлар юрак,

Кўксингда нимадир ғижжак чалади.

Унга шеър керакдир,

Сенга эр керак.

Кошки тушунса у валади…

У сўз кутар, уни сен кутиб ойлаб,

Бир умр йўл қараб кўзинг толади.

Севгилим, фариштам… тентагим, ё раб,

Бахтингни ярмини шеърим талади!..

Гуноҳинг не эди, эй мунглиғ дилбар,

Сени танлаганим ғалати…

Асл шоир асли уйланмай ўтар,

Уйланса ҳам кўрмай хотин олади.

1991

МУҲАББАТ СЕН

Муҳаббат, сен чиройли,

Муҳаббат, сен гўзалсан.

Тағин бир зум турайлик,

Гапирмайман, уялсанг…

Сўнг кетармиз. Сездимки

Мен орзуга етмадим.

Сени шундай севдимки

Қўлингдан ҳам тутмадим.

Қўлинг… сенинг қўлларинг,

Мулойимдир эҳтимол.

Айри тушди йўлларим,

Севар ёрим, яхши қол.

Муҳаббат, унут мени,

Ва мен ҳам… унутмайман.

Тушларингда кут мени,

Тушларингга киргайман…

Муҳаббат, сен чиройли,

Муҳаббат, сен гўзалсан.

Кел, кўришиб турайлик,

Саломлашмай, уялсанг.

1991

СИНГЛИМГА МАКТУБ

Қачон хат ёзганднм сенга, билмайман,

Қофия билан банд бугун тош кўнглим.

Ёлғиз аканг бўлиб,

Ёнингда юрмайман…

Кечир мени, синглим,

Кечир мени, синглим.

У ёқда шотутлар

Тўкилар сувга,

Қовунлар ёрилар,

Сен йўл қарайсан.

Тупроқ кўчаларда,

Муштоқ кечаларда,

Ёз — мени соғиниб сарғайган майса.

Умримни юлқилаб,

Йилларим ўтар,

Юрак йиғлайди-ю,

Айтмас дардини.

Мен шеърим қўлтиғлаб,

Кун бўйи излайман,

Адабий ходимнинг битта мардини.

Бирига қандайдир туроқлар дастак,

Бирин ўйлантирар ҳали ёшлигим:

Нега бу шеърингиз отлар ҳақида,

Уларни ёқтирмас, менинг бошлиғим!..

Гоҳ тўлиб кетаман,

Қандай гап ахир.

Қўйгил мени дейман, эй ширин азоб.

Қуёшга термулай,

Ерга босай бағир,

Кўшиқлар куйлашга бошқа одам топ…

Яна қайсар руҳим Жонимни чўқир,

Ёз дейди,

Сингилжон, қўрқай нимадан?..

Энг гўзал шеър — Сенинг ёрилган қўлинг,

Ҳамма бошлиқларнинг

Бошлиғи — Ватан!..

У ёкда шотут тўкилар тағин,

Беҳилар ҳидига тўлади хонам.

Айвонда, хирмонда, Андижон томонда

Куз — мени соғиниб сарғайган онам

Йиғлайди, бу йил ҳам келмади болам…

Қачон хат ёзгандим сенга, Билмадим,

Қофия билан банд менинг тош кўнглим.

Ёлғиз аканг бўлиб,

Ёнингда юрмадим…

Кечир, мени синглим,

Кечир, мени синглим.

1987

       ПАЛАХМОН

Осмон ерга энгашиб,

Булут соғди кун бўйи,

Ёлғончи ёр тўйида

Ёмғир ёғди кун бўйи.

Ёмғир эмас, бу ҳалқоб

Келинчак кўз ёшидир.

Йиғлама ёр, қиз бола

Палахмониииг тошидир.

Қайғурмагил қўй, чорбоқ

Айланамиз, юр, дўстим,

Пешонанг шу экан, бу —

Такдир, деди бир дўстим…

Такдир эмас, айирган,

Ёрнинг қалам қошидир.

Қолаверса, қиз бола

Палахмоннинг тошидир.

Эгилмаган ерларга

Эгиб йигит бошимни,

Палахмон-ей қайларга

Отдинг ёқут тошимни!

1994

Сайт бўлими: Ўзбек адиблари

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ