"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Адҳамбек Алимбеков.Муҳаммад Юсуфнинг латиф шеърияти ( М. Юсуф бадиияти)

Ўқилди: 952

Шеърим-қароғимдан оққан `ёшларим,

                                                 Англармисиз уни, ҳеч кўзим етмайди…

                                                 Баракалла сизга, замондошларим,

                                                 Келажак авлодлар бизни унитмайди!

                                                                         М. Юсуф. “Тараққиёт”

Шоир дилида, тилида эл мадҳи

Адабиётга чақмоқдек  кириб  келган Муҳаммад Юсуф ижодининг бошидаёқ шеърият йўли  осон йўл эмаслигини англаб етган ва  шу йўлга мардона  қадам қўйган шоирдир. У  шеъриятнинг  баланд  чўққисига  етиш учун  мунтазам  изланди. Шеърият  сўқмоғидан  катта  йўлига  чиққунча  истеъдодини  тарашлаб  борди.

Шеърият бу қадим буюк

Сўқмоқ экан,

Кийиксўқмоқ экан, кийик

Сўқмоқ экан.

Ширин азоб экан, жонни

Ёқмоқ экан,

Бир қўлда гул, бир қўлингда

Чақмоқ экан…

Кийик сўқмоқдан фақат кийикларгина юра олиши мумкин бўлганидек, шеърият йўлида улкан истеъдодларгина азобларига дош бериб юраолади. Айтиш  мумкинки Муҳаммад Юсуф қисқа умрида бу йўлни елдиримдек босиб ўтди. Шоир ижодида жуда кўп ўринларда шеърият ҳақидаги ўйларини, кечинмаларини айтиб кетади.”Сен абадий яшайсан, шеърим”, “Шеърият, сен бир малҳам, сен бир ширин ғам…”, “Ахир, менинг дардим шеър эмас фақат”,  “Мен шеърим қўлтиқлаб…”, “Энг гўзал шеър — Сенинг ёрилган қўлинг”( синглиси ҳақида), “Тўпори байтларим битар пайтим гоҳ”, “Мен шеърлар ўқидим, кўнглингиз тўлмади” (Ота), ”Субҳидамда шеърим битди…”,  “Сен яхши ниятсан. Шеърият”, “Шеърга ёр бўлдим, у бир юҳо янглиғ домига тортар”,  “Қовурғамнинг тагида бир қумри йиғлар”, “Доскадан мени айирсанг-ШЕЪР бўлади” (Математика дарси). Буларнинг ҳаммасини мағзида Муҳаммад Юсуфдаги шеърга бўлган муносабат акс этган. Бу шунчаки муносабат эмас. Умрини шу йўлга тиккан, шеърсиз яшай олмайдиган инсоннинг муносабати. Улкан истеъдод, зуваласи шеърият нури билан тўйинтиринган шоирнинг дил сўзларидир. Мана шунинг учун Муҳаммад Юсуф  бадиий жиҳатдан юксак, гўзал  шеърлар  ярата олди.

Унинг шеърларини таровати нимада?. Ҳар бир шоирнинг ўзига хос овози бўлади деймиз. Бу қандай шаклда акс этади ?. Аввало, шоирнинг бадииятида,  фикрларининг айтиш услубида, сўз қўллашию туйғуларини таъсирли тарзда ифодаланишида. Маъно теранлиги, шакл ва мазмун уйғунлигида. Муҳаммад Юсуф шеърлари ўзин

Latif Sheriyat Muqova

инг майинлиги, теран фикрларни содда ( жўн эмас)  қуйма мисраларда бера олиши билан ажралиб туради. Куйдек оҳанглар сингармониясида жаранглайди. Муҳаммад Юсуф ҳеч качон туйғуларга тўлмай, илҳомсиз шеър ёзмайди. Унинг қалбида шеърият маъбуди шивирлаб тургандек.

Ўзбекситон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов Муҳаммад Юсуфнинг “Халқ бўл, элим” китобига ёзган “Бетакрор шоир” сўз бошисида  Муҳаммаджоннинг сийратини кўрсатиб шундай ёзади: “Чинакам шоирнинг қалбида аллақандай соҳир қуш сайраб туради, деган гапни кўп бора эшитгандик. Ўша қуш айнан Муҳаммаджоннинг, Муҳаммад Юсуфнинг юрагига ошён қурганига мен астойдил ишонаман. Унинг кўзлари ҳам, чеҳраси ҳам ҳамиша латиф бир куйни хониш қилгандай эди” (“Халқ бўл, элим” .”Ўзбекистон”.Тошкент-2009. 3-бет). Унинг шеърларини ўқиганингизда, мана шундай кўнгил қушининг овози қулоғингизга киргандай, худди сиз айтмоқчи бўлган фикрни, янада бошқачароқ қилиб айтсак сизнинг ўйларингизни қоғозга туширгандек бўлади шоир. Шунинг учун унинг  сатрлари китобхон кўнглига яқин.

Муҳаммад Юсуф ижодининг энг ўткир қирраларидан бири  она юрт , эл, ватан ҳақида меъёрига етказиб, бошқаларга ўхшатмай ёза олишидир. Шоир шунчаки мақтовлар тизмасини тизмайди. У кўнгидаги  юртга бўлган садоқати, миллатга бўлган меҳри, фидойи туйғуларини қўшиқ қилиб куйлайди. “Биздан озод ватан қолади”, “Фидойилар”, “Ватан”, “Иншооллоҳ”, “Тилак”, “Она Туркистон”, “Ватан мадҳи”, “Алпомишлар юрти бу диёр”, “Ҳайрат”, “Изҳори дил”, “Бободеҳқоним”, “Ўзбекман”, “Ватан ягонасан”, “Тавалло”, “Ўзингдан қўймасин халқим”, “Менинг ватаним”, “Иншооллоҳ”, “Сизга  айтсам”, “Ҳур ўлкам”, “Ўзбекистон” ва яна бошқа кўплаб ватан мавзусидаги шеърларида шоир  баландпарвозликдан қочиб, самимий сатрларда юртига дил изҳори қилади. “Иқрор” (2007 йилда чиққан шоир “Сайланма”сида бу шеър “Ўзбекистон” номида берилган) шеъридаги қуйидаги сатрлар қайси кўнгилга сурур бағишламайди дейсиз:

О, ота маконим,

Онажон ўлкам,

Ўзбекистон, жоним тўшай соянга.

Сендай меҳрибон йўқ,

Сенингдек кўркам,

Римни алишмасман бедапоянга.

Шоир  шу руҳда  давом этиб: “Парижнинг энг гўзал ресторанларин, битта тандирингга алишмасман мен. Баҳорда Бахмалда туғилган қўзинг, араб оҳусидан азизроқ менга” дея кўнглини очаркан  шеърни ўзбекона камтарлик ҳамда ғурур билан: “Сени билганларга қиламан таъзим, сени билмаганга раҳмим келади” деб тугатади.

Шоирнинг бунингдек   таъсирли мисрали билан китобхон кўнглидаги юртсеварлик дарахтининг илдизи янада мустаҳкамланади, барглари кўркамлашади. Зотан, яхши шеър мудроқ кўнгилларни уйғотиши, уйғоқ кўнгилларнинг ҳиддатини ошириши даркор.

Ватан ҳақида умимий руҳда ёзилган шеърлар адабиётимизда истаганча топилади. Муҳаммад Юсуф шеърлариниг улардан фарқли жиҳати, бу ҳассос шоирнинг ватан ҳақақидаги шеърларини ўқиганингизда бевосита Ўзбекистон ҳақида сўз кетаётганини сезиб турасиз. Шоир шеърни “Ўзбекистон” дея номлаши, унга бериладиган таъриф ёрқинроқ ҳис қилиниши учундир:

 Ялпизлари

Кўкка туташ,

Тунлари зар,

Тонги маржон.

Юлдузлари-қотган қуёш,

Қуёшлари куйдирмажон.

Олтин тупроқ,

Зумрад далам,

Ипак карвон,

Олмос қалъам.

Кузда кетган қушлари ҳам,

Баҳор қўмсаб қайтган айвон-

Ўзбекистон, Ўзбекистон!

Бу банддаги ҳар бир муболаға, ўхшатишни бадиий топилма дейиш мумкин. Ўхшатиш, қиёслаш, муболаға каби бадиий тасвир воситаларидан кетма-кет, ўринли тарзда Ўзбекистоннинг сувратини сўзларла чизган муаллиф, энди  Ўзбекистонинг характерин очиш учун, ўзбекка хос феълий хусусиятларга    ўтади:

 Дунё ичра

Тенгсиз дунё,

Зарчапон қалб

Ялагтўшим.

Қўли очиқ,

Меҳри дарё,

Мушти қаттиқ,

Кўнгли бўшим.

Ўғлига от бўлиб чўкиб,

Қизларига алла айтган,

Белбоғига борин тўкиб,

Тўйга бориб тўймай қайтган.

О, болафеъл,

О, болажон-

Ўзбекистон, Ўзбекистон!

Шоир эҳтирос билан  бекорга “О, болафеъл, о, болажон” демайди. Болафеъллик — кўнгил софлиги, ишонувчанлик, бошқаларнида ўзидек ўйлашнинг аломати. Болажонлик – ниҳоятда болани яхши кўриш, ўзи емай едириш,  ўзи киймай боласига кийдириш дегани. Шоир Ўзбекистонни мана шундай бир инсонга қиёслаётир. Шу 15 мисранининг сўнгисидагина шоир Ўзбекистон номини атайди, аммо аввалги 14 мисрадаёт сиз сўз ўзбек ҳақида, Ўзбекистон ҳақида кетаётганини ҳис қилиб турасиз. Мана шоирнинг маҳорати. “Тўйга бориб тўймай қайтган” мисрасига эътибор беринг. Нима тўйда овқат бермайдими?. Ўзбек бўлмаган одам буни тушуниши қийин. Ўзбек ҳеч қачон тўйда бўккунича овқат емайди. Шарқда тўйгами ё бирор меҳмондорчиликками бориб ўтиришнинг, овқатланишнинг ўз одоби бор. Шоир ана шундай одоб — ўзбекона камсуқумлик ҳақида гапираётир. Бир сатрда бутун милатнинг  тийнатини кўрсатаётир.

Муҳаммад Юсуф ватанни шунчаки мадҳ қилмайди. Ватан тарихида ўчмас из қолдирган, юртпарвар улуғларини эслаб, хотирани уйғотади. Элим деган эр миллат байроғини юракка қадашини  “Ватан мадҳи” шеърида  поэтик  қиёсда  шундай айтади:

 Ўпинг, кўзингизга суринг тупроғин,

Ҳар сўзин муқаддас дуодек севинг.

Қаданг юракларга миллат байроғин

Ватанни Нажмиддин Кубродек севинг.

Шоир тарихий шахс Нажмиддин Кубро номини эслаш билан шонли тарихга ишора қилса, “дуо” архаик сўзини қўллаш билан шеърнинг таъсирчанлигини орттираётир. Дуо ҳар бир ўзбек учун муқаддаслиги аён. Ватанни севган, меҳрини  жонига  жо қилганларни ватан  ҳам  онадек бағрига босади:

 Шодон куним гул отган сен,

Чечак отган изимга,

Нолон куним юпатган сен,

Юзинг босиб юзимга.

Синглим дейми,

Онам дейми,

Ҳамдарду ҳамхонам дейми,

Офтобдан ҳам ўзинг меҳри –

Илиғимсан, Ватаним.

Парча келтирганимиз “Ватаним” шеъри шоирнинг шу мавзудаги яхши шеърларидан бўлиб, ватаннинг улуғлардан улуғлиги жуда моҳирона ифодаланган. У ватанни, халқини қандай бўлса шундайлигича севади. Ҳар недан азиз деб билади.

Муҳаммад Юсуфнинг ватан, халқ тарихи  ҳақидаги шеърларида кўнгли жилва қилиб, туйғу самимийлиги силқиб тургани, мантиқий изчиллик кучли бўлгани учун ҳам ўқувчинида дилига ўрнашади. Ўзбекистон  халқ ёзувчиси, таниқли  адиб Муҳаммад Али  “Шоирнинг сози тинмайди” (“Халқ сўзи” газетаси. 2014.25январь) мақоласида  шоирнинг ватанпарварлик мавзусидаги шеърлари ҳақида  жуда топиб қуйидагиларни битади: “Муҳаммад Юсуф шеъриятининг энг олий фазилати, фикримча, бу унинг  соф ва пок самимиятида мужассамдир.  Самимият, халқона руҳ унинг шеърларини жилолантириб, безаб, уларга бетакрор кўрку  тароват  бағишлайди. Энг яхши фазилатларидан яна бири – лоқайдликдан йироқлик, ҳаётга бефарқ эмаслик.  Куйканак кўнгил, аммо йиғлоқилик, қўл қовуштириб тақдирга тан бериб ўлтириш унга ёт. У кўрган, завқланган ёки нафратланган нарсасини  дарҳол ифодалашга интилди, қўлига қалам олди. Шоир  ижодида  бўй чўзиб  турган муҳташам образ – бу, албатта, Ватан образи, Ўзбекистон тимсоли. Муҳаммад Юсуф “юрагининг Олампаноҳи  бўлган” Ватан ҳақида ҳамиша  жўшиб  ёзади”.

                      Менга еринг суюк,

                      Осмонинг суюк.

                      Боқсам, тенг

                      Тўрттала

                      Томонинг суюк.

                      Товонимга кирган

                       Тиконинг суюк–

                       Кафтдан

                        Зирпчанг ҳам

                       Юлмай севаман.

                                                            “Ватан”

Инсоннинг кучи унинг юрагида бўлади. Юрагида қудрати бор инсон ғурурли бўлади. Аввало юрак дов бўлиши керак. Муҳаммад Юсуфнинг ватанпарварлик руҳидаги шеърларида мана шу юракнинг кучи беқиёслиги сезилиб туради. Ватан ҳақида ёзилган айрим шеърларни муаллифи номини ўзгартирсанг, ҳудди шу сўзларни бошқа миллат вакили айтса ҳам бўлаверадигандек. Муҳаммад Юсуфнинг ватан, юрт ҳақидаги шеърларини бошқа бирор шоирники билан алмаштириб бўлмайди, адаштириб бўлмайди. Бунинг сабаби Муҳаммад Юсуф фақат юрт табиатига хос, миллатга хос сўзларни (мн: бедапоя, тандир, тўн в.б.) қўллашида эмас, унинг шеърларига миллат руҳини сингиб кетганида. Халқ кўнглини акс этдира олганидадир. Шунинг учун ҳам Муҳаммад Юсуфнинг ватан ҳақидаги шеърлари ўзликни англашимизда  таъсири сезиларли. Айниқса, ёшлар қалбида ватанпарварлик, милатсеварлик туйғусини тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. Бунинг сабаби Муҳаммад Юсуф,  аввало,  ўзлигини тушуниш  учун ўз  ички  тийнатига кўп эътибор қилади. У шоир сифатида ўзини англагани учун ҳам унинг шеърлари бошқаларнида ўзлигини англашга ундайди. Миллий ғурурни камол топтиришда  ватан учун, халқ учун ифтихор туйғусини ўстиришда  Муҳаммад Юсуф шеърлари улкан маънавий озиқдир.  “Қуёшистоним”, Ўзингдан қўймасин, халқим”, “Қайда бор”, “Ватан ягонасан”, “Ўзбекман”, “Ўзбек палвонларига”, “Муҳаммадқодир”, “Чаманистоним”  каби кўплаб шеърларида, “Юлдузлар билан сирлашган, тилла қўнғироқли карвон ўзбек”ман  деган шоир кўнглида юртга меҳр, фахр туйғуси нақадар юксаклигини кўрамиз. Истиқлолга  етишгач, тарихимиздан ифтихорланишнинг ўзи камлик қилади. Энди ўзбек деган ном жаҳонга таралиши,  дунёни  қучиши керак. Шоирнинг  мана  шундай  эзгу нияти

“Дунёларни қучди ўзбек деган ном” шеърида аксини топган:

Бошин не тошларга урди бу диёр,

Неча вайрон бўлди, қурди бу диёр.

Тожмаҳал меъмори, Нилнинг мироби

Имом Бухорийлар юрти бу диёр.

Бизни йўқлаганга биздан ҳам салом.

Дунёларни қучди ўзбек деган ном!

Юқоридаги шеърнинг мантиқий давомидай бўлган “Ҳур ўлкам” шеъридаги қуйидаги мисралар эса  ватан, дунёни қучган ўзбек деган ном учун ўтда куйиш, сувда чўкиш тайёр қалб нидосидек садо  беради. Миллат учун, ҳурликни, эркни сақлаб қолиш учун жон фидолик ҳар бир миллат вакилига безак бўларли ҳусусият эканлиги  шеър мазмунидан англашилиб туради ва  фидойиликка даъватдек  янграйди:

Ватан!

Қандай сеҳрли куйсан,

Пойингга жон тиксам арзийди.

Сенинг учун ўтларда куйсам,

Дарёларга чўксам арзийди!

Ёки  юртмиз обрўсига  обрў қўшган,  бокс бўйича  жаҳон чемпионимизга бағишланган  “Муҳаммадқодир” шеърида  ватандошнинг ғалабасидан туйган ғурур, китобхон қалбинида  жунбушга келтириб юборади. Ўзбекистонда  ҳамиша эр ўғлонлар  бўлганлиги кишини руҳлантиради.

Асл чемпион ҳар

Ўзбек бўлолган,

Даладир дунёда

Асли катта ринг

.                                       Деҳқоннинг  қўлига

Кишанлар солган,

Миллат душманлари

Сенинг рақибинг.

Зарбингдан қалқисин

Кулаётганлар,

Юмшоқ ўрнидан бир

Туриб қўйсинлар.

……..

Қай рақибинг йиқсанг,

Улар тарафга

Бир кулиб қараб қўй,

Муҳаммадқодир.

Украин халқининг машҳур шоири Тарас Шевченконинг “В ком нет любви к стране родной, те сердцем нишие калеки” деган сатрлари бор. Яъни қалби ғариб, қусурли одамнинг юрагидагина юрт севгиси бўлмайди. Муҳаммад Юсуфнинг она ватанни куйлаган шеърларининг ўқувчи қалбига етиб бориши ҳам, тоза юрак билан,  меҳр билан  самимий сатрларда тизганидадир.

Умуман Муҳаммад Юсуфнинг ватан мавзусидаги шеърларида ватаннинг бутун бир гўзал поэтик қиёфасини яратилган. Сўзлардан ватанга ҳайкал қўйган. Юртнинг шанини ҳадди аълосига кўтариб куйлаган. Шоир сифатида ҳақиқий шеъриятда ватан тимсолини ўрнак бўларли даражада ифодалаган.   “Синдир қаламни, сўзи ўтмаса. Ватан деса ўпканг тўлиб кетмаса” мисралари  Муҳаммад Юсуфнинг шоирона ўлчовидир. Бу шеърлар шакл ва мазмун уйғунлигида яратилганлиги учун ҳам ундаги эҳтирос китобхон кўнглига кўчиб ўтади. Муҳаммад Юсуфнинг шоир сифатидаги маҳорати шундаки у ўз кўнглидаги туйғуларини ўқирманга юқтира олади. Чунки бор нарса сидқи дилдан самимиятла  ифодаланса кўнгилдан кўнгилларга кўчади. Яна ҳам аниқроқ  айтганда шоир мисраларда акс этган юртга меҳр, фарзандлик бурчи ҳисси китобхон кўнглида ҳам акс-садо бергандек бўлади. Сабаби, шоир сўзларида сохталик йўқ.   Ватанга самимий  меҳрдан туғилган самимий сатрлар ҳеч кимни бепарво қолдирмайди.  Муҳаммад Юсуф  халқ  ҳақидаги  яхши  шеърларидан  бири “Тилак”да “Мен бу шеърни ёзганим йўқ атай ўйлаб” деганида ватан, миллат ҳақидаги шеърлари  қуйилиб келган туйғулар ифодаси эканлигига, дилини минг куйга солиб ёзганига  ишорадир. “Ҳайрат”да ўқиймиз:

Мен нетиб шоир ўлай,

Бир қалам ўйнатмасам.

Жон қадар бир сўз сўраб,

Бир калом шеър айтмасам.

Дилни минг куйга солиб,

Жонни минг  тебратмасам,

Иншооллоҳ, иншооллоҳ,

Аслингга қайтгил, Ватан.

Дилга  қувват берадиган,  руҳни ўстирадиган ҳақиқий шеър шундай бўлади.

“Ҳақиқий шеър – одамлар орасида” суҳбатида (Суҳбатдош Ориф Тўхташ) Муҳаммад Юсуфга берилган —  Шеърни ҳар ким ҳар хил талқин этади. Сизнинг-ча, шеър нима? деган саволга шундай жавоб берган эди:“

—Шеър, бу — ширин дард, азоб. Шоир шу дард бемори. Юракдаги ўша шеър қоғозга тушмагунча баъзида уйқу келмайди. Уни ёзиб битирганингдан кейинги роҳат бошқача бўлади. Яхши китоб ўқисангиз мазза қиласиз-ку! Энди бир илиқ жумла топиб олишни тасаввур қилиб кўринг. Катта-катта асарларнинг яратилишига ҳам биргина жумла сабаб бўлиши табиий. Бир шеърни қоғозга тушира олмай ойлаб қийналиб юриш мумкин, лекин бир куни, «ажойиб кунларнинг бирида» мақсад  рўёбга  чиқади  ва  ўқиб туриб

қувониб кетасиз. Баъзилар борки, мен ёзолмай қоляпман, мажбуран бўлсада, ёзиб турмасам, «қўлим чиқиб кетади» дейишади. Мен бунга асло қўшилмайман. Ўзим кўнглим буюрмагунча ёзмайман ҳам”. Шоирнинг бу сўзлари шеърият ҳақидаги қарашларининг мужассами десак хато бўлмас. Катта истеъдод эгасигина “Қўли чиқиб кетишидан” қўрқмайди, кўнгли буюрмаса ёзмайди. Наср ҳақида берилган саволга жавобда ҳам шеърга бўлган меҳрни кўрамиз:

  Насрга қўл уриб кўрганмисиз?

—Тўғриси, ёзсам, қўлимдан келадиган иш. Лекин мен учун энг муҳими — шеър, уни қизғанаман. Агар насрга ўтиб, кўп ўралашиб қолсам, шеър мендан ўч олади. Чунки у — менинг жон дўстим. Хиёнатни кечирмайди. Наср бўлса, улфатим…” ( “Муҳуаммад Юсуф сабоқлари”. Тошкент-2012. 10-11 бетлар).

Шоир шеърга хиёнат қилмади. Хиёнат унинг табиатига ёт эди. Худди шунингдек шеърият ҳам шоирнинг муносабатига яраша бағрини кенг очди ва гўзал шеърлар туғилди.

Мана шундай гўзал шеърларидан бири “Қайда бор”. Шеър мана бундай мисралар билан бошланади:

Ёмғир ёғар шитирлаб,

Нурми, ипак толалар.

Баҳор келса қиқирлаб,

Қирга чиқар лолалар.

Лолалар ҳар жойда бор,

Бизда бори қайда бор…

Кўринганни дуолар

Қилар бизнинг момолар.

Ғанимга ҳам омонлик

Тилар бизда момолар.

Момолар ҳар жойда бор,

Бизда бори қайда бор…

Шеър “Ўзбекистон қайда бор!” мисраси билан тугайди. Ҳар банднинг сўнги сатрларини сўроқ оҳангида  тугаллаш шоирнинг ўзига хос услубидир. Бу тарздаги шеърларда саволнинг ичида таъкид, тасдиқ бўлади. Яъни, бизда бори қайда бор дейиш билан шоир, биздакаси ҳеч жойда йўқ демоқчи. Бу юртнинг табиатигада, инсонларигада тегишлидир.

Шоирларни халқ нега севади? — деган оддийгина  саволга ҳар кимда ўзича жавоб бор. Ҳар бир элнинг ўз кайвонилари, оқсоқоллари, ютрбошилари бўлади. Халқ уларнинг ҳурматини жойига қўйади. Сабаб?.  Юрт кайвонилари ўша юрт учун куйинади, яхши-ёмон кунларда ҳар бир қавмдошининг ёнида бўлади, керагида маслаҳат беради. Уларнинг бошини қовуштириб юради. Бир сўз билан айтсак ўз тақдирини ҳамюртлари тақдиридан айри билмайди. Ҳатто ўз ғамидан кўпроқ юрт ғамини ейди. Менинг назаримда  ҳақиқий шоирлар ҳам мана шундай миллат бирлигини ўйлайдиган, ўз ташвишидан кўра халқ ташвишини қиладиган инсонлардир. Улар сўз воситасида эл дардига дармон излайди. Кўнгиларни поклашни, узилган ришталарни боғлашни орзулайди. Шоирлар дилларни обод қиладиган, қалбларни  қовуштирадиган  кўнгил кайвониларидир. Мана шунинг учун эл ҳам, элим деган ҳақиқий шоирларини ҳамиша эъзозда тутадилар. Муҳаммад Юсуф шеърларида биз қалбларни боғловчи ришталарнинг энг пишиқ ҳамда нафисларини кўрамиз. Кўнгилдаги ватанга бўлган муҳаббат оловини янада ёлқинлантирадиган руҳий қувватни сезамиз. Мана шунинг ўзи ватанга, ота маконга хизматдир. Муҳаммад Юсуфнинг ватан мавзусидаги шеърларининг ҳар бир сатрини ғурурли сатрлар дейиш мумкин.

Шоирнинг ватанпарварлик руҳидаги шеърларидаги ижтимоийликка келсак Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги сўзлари бунга жавоб: “

Шеър — шоир кўнгил кечинмаларининг тафсилотими ёки ижтимоийликка дахлдор битикларми?

— Биласизми, мени нимагадир қўшиқчи шоир деб тан олишади. Фақат муҳаббатдан ёзади, дейишади. Лекин мен адабиётга ижтимоий шоир бўлиб кириб келганман. Эсингизда бўлса, ўша пайтларда ёзилган «Самарқандга борсам мен агар…», «Дўппи», Гдлян ҳақидаги шеърларим ана шундай сифатларга эга эди.

Энди саволингизги келсак, шеър кўнгилни ижтимоийликка боғлайдиган ришта ҳам бўлмоғи керак. Шунда шеърият ўз куч-қудратини намоён қилади” ( Муҳаммад Юсуф сабоқлари. 11-бет).

Шоир мана шуни тушуниб етгани учун ҳам шоир  қайси мавзуда ёзмасин шеърлари дилга ўтиримли. Унинг мисраларида шеърият ўз куч-қудратини намоён қилаётгандек. Шоирдаги яна бир ўзига хослик, ҳуррият, эрк ватан, халқ, миллат каби сўзларни қўллар экан, мана шу сўзга мос сифат топишга интилади. Сўзнинг мазмунидаги залворни янада ортдирадиган сўзларни ёнма-ён қўяди. “Миллат юки”  дейишининг ўзиёқ шоирнинг миллатга бўлган муносабатини, дардига дармон бўлиш истагини кўрсатиб турибди.

Муҳаммад Юсуф шеърларида  ватанининг, юртининг фахр фарзандлари – Аҳмад Яссавий, Жалолиддин Румий, Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Бобораҳим Машраб каби мумтоз адабиётимизнинг буюк намояндалари, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Саид Аҳмад сингари ХХ аср ўзбек адабиётида ўз ўрни бўлган ижодкорларнинг номлари ҳурмат билан тилга олинади. Шоир уларнинг айримларига атаб  ёзган шеърларида ўзининг дилини куйдирган ўйларини устозлар тимсоли баҳона айтиб кетади. “Навоий” шеъридаги қуйидаги мисралар миллий ғурури бўлган бирор кимсани бефарқ қолдирмайди, аксинча иллатларга қарши нафрат уйғотади:

Юм-юм йиғлаб ётмасми устоз,

Қабрида ҳам юрак бағри қон –

Шоирлари сўйламаса рост,

Олимлари талашса унвон?…

Мангу назм гулшани сўлмас,

Навоий-ку яшар то абад.

Оқибатсиз элда эрк бўлмас,

Мурувватсиз юртда саодат…

“Бобур нидоси”, “Машраб хиргойиси”, “Усмон Носир”  шеърларида ҳам шоир шахс тақдири мисолида  давр талотумини файласуфона тасвирлайди. Айниқса “Машраб хиргойиси”ни том маънода фалсафий шеър дейиш мумкин:

Донишни қийнаб тўймаган,

Ҳоли-жонига қўймаган,

Нодон билан кулиб ўйнаган,

Пихини ёрган дунёсан.

Ўтга бостириб далани,

Сувга чўктириб қалъани,

Отадан олдин болани

Жонини олган дунёсан.

Муҳаммад Юсуф ижодидаги бу каби шеърлар, тарихимизни яхши билишидан, шоирнинг фалсафий қарашларининг кенглигидан, мушоҳадалари теранлигидан нишонадир.

Шунгдек милатимиз ижтимоий  тарихида   муҳим аҳамият касб этиб, ўчмас из қолдирган соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик,  Файзулла Хўжаев, халқни босқинчиларга қарши  оёқлантирган Муқанна, Дукчи эшон ва бошқа тарихий шахслар номи тез тез тилга олинади. Тарихий сиймолар тақдиридаги айрим ҳолатлардан дили озурда бўлади. “Амир Темур” шеърида отанинг боласига етмаган ноласи, ўша дамда миллатпарварлар қайда эди деган ўкинч  катта армон билан эсланади. Боболар руҳи олдида тазаррудек эшитилади:

Ўшал кун сен қайда эдинг, болам, дер.

Қулоғингга етмадими нолам, дер.

Мени қўзғаб нима топди олам, дер?..

Амир Темур руҳи мени азоблар.

Дунё топдим дейди, дунё йиғмадим,

Мен эл учун от устида ухладим

Наҳот энди ўз гўримга сиғмадим,

Амир Темур руҳи мени азоблар.

Бу мисралардаги оловдек куйдурувчи — отасини гўрини очганда, кўнгли йиғласада қўлидан ҳеч нима келмаган фарзанднинг дарди юрагингизга ништардек ботади. Шеърда Муҳаммад Юсуф собиқ шўролар даврида миллат камситилгани фожеасини давр ҳақида бир сўз демай кўрсатаётир. Мана шоир маҳорати. Шоир миллат тарихидаги порлоқ сиймоларни тасвирлаш  орқали  китобхонда тарихга эҳтиром туйғусини уйғотади, ғуруруни ўстиради. Инсон  аждодларини, илдизини унитмасагина кимлигини англаб етаолишини шууримизга сингдиради.

Муҳаммад Юсуфнинг “Лаганбардорлар”,  “Турғунлик”, “Гдлян”  шеърларида ижтимоий руҳнинг устунлиги  сезилиб турсада, элнинг бошига кулфат келтирганлар юртдан чиққан  “иблис билан тили бир, Азроилга чопар” лаганбардорлар эканлиги  мардона ифодаланган. “Йиғласанг  ҳам пахта териб йиғладинг”да мутеликни қоралаш, “сен бир кун тинган кун олам оч қолар” мисраларидаги  ўз қадрига етишлик,  йиғлоқиликдан қочишга чорлов, ғурурни тиклашга ундов бор. Шоир ижтимоий мавзудаги шеърларида  миллатга кулфат келтирадиганлар асли кимларлигини поэтик жиҳатдан  яхши тасвирлаган. Кўринадики Муҳаммад  Юсуф   шеърияти мавзу жиҳатдан ранг-баранг. “Иймон қўшиғи”, “Аллоҳ гўзал” шеърлари бу фикримизни янада тасдиқлайди.

Муҳаммад Юсуфнинг маълум бир жой, кентларга бағишланган  —

“Тошкент”, “Мингтепа”, “Андижон”, “Самарқанд”,  “Марғилон”, “Ўғлингман Тошкент”, “Шаҳрихон” шеърларида  ҳам  ватанга, элга  меҳр туйғуси устуворлигини, оқибатсизликдан  афсусни сезамиз. “Андижон” шеърида:

Бевафо дунёнинг ишларин кўрсанг –

Сен қурган саройга ҳинд меҳмон танлар

Балки  аҳил бўлсанг, сал кенгроқ  бўлсанг,

Бағрингда  бўларди Тожимаҳаллар.

Муҳаммад Юсуф шеърларида ишорага алоҳида аҳамият беради. Унинг шеърларида  “Бағрингда бўларди Тожимаҳаллар” каби бутун бир тарихнинг мазмунини берувчи сатрлар истаганча топилади. Муҳаммад Юсуфнинг бу руҳдаги шеърларини  мағзини  ўтмишни яхши билган китобхон теран тушунади.

Шоирдаги миллатга ҳурмат акс этган манзумалардан бири  “Она тилим” шеъридир. Шоирнинг тил орқали элига бўлган меҳрини  ифодалар экан, тилга ўтказилган зулм халққа бўлган зулмнинг энг ашаддийси эканлигини кўрсатади. Лирк қаҳрамон  тилидан кўнглидаги аламли  дардларини тўкиб солади, ўша вақтдаги ожизлигидан кечирим сўрайди:

Гарчи зуғум қилганларни ёқтирмадим,

Шеър ёздиму бўлак ишни қотирмадим,

Тилим туриб ўз тилимда гапирмадим,

Бир эсласам эзилади бағри-дилим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

Онам “эркам” эркам деб қучганда тунлар ярим,

Эрким йўқ деб зирқирарди бир жойларим,

Паровозни ҳансиратган буғдойларим,

Олтинларим, маъданларим, ипакларим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

 Шеър бадиий ўхшатишларга бойлиги билан ҳам  диққатни тортади. “Топганимиз ҳандалакдек тилим-тилим”,  “Кимдир майда миллат бўлди, кимдир катта, катта миллат-Афандиси йўқдир ҳатто, биз пиёда, биз боққанлар юрди отда” каби  контрас тарздаги  сатрларда  олам-олам маъно бор. Шоир энг салмоқли фикрини шеър сўнгида айтади. Шеваларида минг жилолар бўлган, муқаддас она тилига қарата: ”Сенинг қайтган кунинг мен туғилган йилим” дер экан, бунда  биз тилга эътиборнинг энг юқори нуқтасини кўрамиз.

Муҳаммад Юсуф  ватанпарварлик, миллатпарварлик мавзусидаги шеърларида юрт мадҳини баланд пардаларда ўта самимий, тўлқинланиб, ёниб,  айта олди. Ватанни эъзозлаб, халқ, миллат ғуруруни ошуфта дил билан улуғлади. Тарихий шахсларга, она тилига, ватанга, миллатга мансуб ҳар бир нарсага эътибори ва бу эҳтиром билан баланд бадиий савияда ифодалай  олгани  шеърларининг  таъсирчанлигини янада оширди.

Муҳаммад Юсуфнинг Ватан мавзусидаги шеърларининг аҳамияти шундаки, у ватан ҳақида шунчаки ёзиб бўлмаслигини, дилилингда юрт севгиси балқиб турмаган бўлса, ёзганларинг  шунчаки тизмалар бўлиб қолишини исботлади. У ХХ1 аср бошидаги ўзбек шеъриятида ватанпарварлик мавзусидаги шеърларнинг энг гўзал намуналарини яратиши билан ватанпарварлик лирикасини юксак пағонага олиб чиқди.  Муҳаммад Юсуфнинг  ватанпарварлик лирикасини  халқ оғзаки ижоди, ёзма адабиётимизда юрт мавзусида битилган асарларнинг энг  яхши жиҳатларини уйғунлаштирган тарзда давом этдириб, янгилаган шеърлар дейиш мумкин. Бир сўз билан айтганда Муҳаммад Юсуф  шоир сифатида ватан ҳақида, халқ ҳақида қандай ёзиш кераклигининг юксак намунасини кўрсатди.

Муҳаммад Юсуф достонлари

Шеърий жанрлар  кўп. Достон мана шу жанрларнинг гултожидир десак адашмаймиз. Ўзбек халқ оғзаки ижодида, мумтоз адабиётимзда , ХХ аср ўзбек  шеъриятида  достонларнинг гўзал намуналари яратилган. Демак, ўзбек ўқирманига достон ёзиб манзур қилиш осон эмас. Достон ёзиш шоирдан улкан малака талаб қилади. Энг муҳими шоирнинг  достон  шаклида айтадиган сўзи,  асарга  яраша  бадиий юк  бўлиш керак.

Муҳаммад Юсуф бешта достон яратди. “Эй, дил”, “Қора қуёш”,”Кўҳна қудуқ”, “Темирлар нидоси”, “Осмоннинг охири”  каби  асарларида Муҳаммад Юсуф  талантининг яна бир қирраси –достоннавислиги  зуҳурланган.  М.Юсуф  достонлари кўпроқ лирик  планда. Лирик қаҳрамоннинг кечинмалари ифодаси  етакчидир. Шоир воқеабандликдан кўра ичкин туйғуларни ифодалашни доминанд қилгани ҳам, унинг қарашларидан, айтмоқчи бўлган фикрларига мос шакл излаганидан. Муҳаммад  Юсуф айни вақтда эпик, драматик достон унсурларини ҳам қўллайдики, бу  унинг  достон жанри  табиатини  яхши  билганлигининг далолати. “Ўтмишингни ўйлаб ўртанар жоним, тошларни йиғлатган достонларинг бор” сатрларини битган  шоир  достонларида  бир ўғлон сифатига  халққа, ватанга бўлган меҳри силқиб туради. Шоирнинг руҳоний маданияти, дилидаги фикрлар достонларида  янада  теран акс этади.

Муҳаммад Юсуф  кўнгил билан мулоқот тарзда ёзилган, фалсафий-ҳиссий  “Эй, дил” достонида шоир фарзанд сифатида юрти учун нима қилганини, элнинг корига ярадими, йўқми саволларини қўйиб, ўзини –ўзи тафтиш қилаши  ҳолатидаги ички монолог билан бошланади:

                             Бўйи райҳон юртимнинг

                             Қадрин билиб юрдимми.

                             Кулганда шод,

                             Куйинганда

                             Бағрим куйиб юрдимми?

                             Дардин олай дедим,

                             Лекин

                             Дардин билиб юрдимми?..

                              Эй дил, сен айт!

Достон бошламасидаги мана шу руҳ ундов оҳангида ўз дилига  хитоб асарнинг бутун моҳиятига сингдирилган. Лирик қаҳрамонни она бўлган юртга фарзанд сифатида нима беролгани ўйлантиради. Сўроқ оҳангидаги сатрларда ўзидан қониқмаслик, ўзига юк қўйиш, бурчни англашга чорлов бор. Шоир бунда кўнглига мурожаат қилаяпти. Достоннинг “Эй, дил” дея номланиши ҳам бежизга эмас. Инсон ҳеч қачон ўзини ўзи алдаёлмайди. Ҳар қандай  ҳолатда  ҳам  виждон  овози  сўзини  айтиб туради. Дилга мурожаат виждонга мурожаатдир. Бошқача  қилиб  айтганда  шоир  қалбидаги туйғулар,  онгидаги  фикрлар  достон  диалогларида  акс этади. Тўмарис, Мангуберди, Улуғбек  каби  ватан  фидойиларининг номини эслаганда дилини соғинч ўртаса, Чингиздек босқинчи номини  тутганда  кўнгли йиғлайди. “Гиёҳ унмай, ер йиғлайди, Чингиз ўтган жойларда. Кўксимда бир шеър йиғлайди  Чингиз  ўтган жойларда”. Шоирнинг Чингизхон  эмас,  Чингиз деб аташининг ўзида муносабат бор.

Ўтмишдаги аждодлар олдида авлодларнинг бурчдорлиги, уларнинг  хотирасини  азиз тутиш  даркорлиги тарихий сиймолар мисолида  уқдирилади. Аммо, замона зайли билан ўшандай  қилолмаганликдан надомат қилади:

                            Боболаринг

                            Дастингдан дод

                            Уриб келса, нетарсан,

                             Унутдинг деб

                             Устингга от

                              Суриб келса, нетарсан?

                              Мирзо Бобур

                              Мозоридан

                              Туриб келса нетарсан?-

                              Эй  дил,  сен  айт!

 Бу тарих талотўпларида  бир-бирига яроғ кўтарганлар учун, бирлашиш ўрнига  ажралиб  ўзгаларга  қарам бўлиб қолганликнинг армонидаир. “Бўлар  элнинг зоғи лочин, қуёни ҳам шер экан.  Бўлмас  элнинг  болалари бир-бирини ер экан”. Шоир халқ  мақолига асосланиб  мана шундай ўхшатишлар билан достоннинг  бадиий пухталигинида, фалсафий салмоғинида оширади.

 Ватанни шамсимоҳ, паноҳ билган шоир ватаннинг ўтмишигада келажагигада бефарқмасдир, бундай бўлиши мумкинам эмас.

                              Юракда бир

                            Армоним бор,

                             Тугамайди сўйласам,

                              Юракда ҳур

                              Достоним бор,

                              Офтоб тинглар куйласам.

                               Юртим, сенга

                               Фидоларнинг

                               Ёдига мангу машъал-

                               Тупроққўрғон

                               Узра алвон

                                Байроқ ёнар бўйласам.

 Шоирнинг “Офтоб тинглар куйласам” мисрасида унинг қалбидаги қат-қат аламларнинг нидоси бор. Асарда мозий лавҳалари  поғонама поғона юқорилаб, шоир ҳам  даврга мос таърифларни бериб боради.  ХХ аср шундай тафсифланади: “Асрим темир, асрим чўян, ботмайди дил бўзлари,  асрим  доно, асрим нодон – йигирмада ўзлари. Ўйга  ботиб “Уҳ”лар отиб, лабда қотиб сўзлари,  Она  замин  айланади – бир тугмада кўзлари”. Бу тугма

атом тугмаси. Шоир ўтмиш ,  мўғил босқини  ҳақида сўз кетганда “ой нурида ханжардек ялтирайди майсалар” ташбеҳини  топса,  ХХ аср  даҳшати   атом тугмасини  ваҳшаттугма,  даҳшаттугма  дейди.  Муҳаммад Юсуф  бадиий санъатлардан   нафосат учунгина эмас, давр  руҳини беришда ҳам моҳирона  фойдаланади. Юқорида келтирганимиз икки ташбеҳ   ёрқин мисолдир. 

 Достонда қўшиқдаги нақоратдай такрорланиб келадиган:

                            Бизга Ватан

                            Шамсимоҳдир,

                            Бизга паноҳ шу Ватан.

                            Доим огоҳ

                            Шу Ватандир,

                            Доим ҳамроҳ шу Ватан.

                             Энди кимдир

                             Оғир кунда

                              Қўлтиғига кирмаган-

                              Эй дил, сен айт!

сатрлари  асар  руҳини  белгилайди. Достонинг ҳар бир сатрида она юртга меҳт тафти сезилиб туради. “Ардоғида ўсдим, уни  суйиб  яшай нондай ман. Кўксимдаги  имонимдай, кўксимдаги  жондай ман. Ўз онамга севаман деб,  айтай лекин  қандай  ман- Эй дил, сен айт!” мисралари билан тугалланган “Эй, дил” достони юрти учун фидойиларга айтилган алёр қўшиқдай, айни пайтда  хиёнакорлар,  падаркушлар  каби халқ кўнглида ўчмас жароҳат қолдирганларга лаънатдай янграйди. Ҳеч ким ҳеч қачон халқ олдидаги бурчини  унитмасликка чорлайди.

                   «Қора қуёш» (1988) достони ёзилишига  Акмал исмли  йигитнинг синглиси  Қумрига ёзган хати туртки бўлган. Муаллиф бу хатни тасодифан топиб олганини  ва бир  муштипар аёлга акасидан ёлғиз ёдгорликни қайтараётганидан хурсандлигини айтиб, асарни  фалсафий  диалог  билан бошлайди:

                                   -Умр нима, эй одам?

                                — Умр йўлдир бир қулоч.

                                -Армон нима, эй одам?

                                — Армон ҳам бир эҳтиёж.

                                 -Ёлғон нима, эй одам?

                                 -Ёлғон- ўт ўсмас дала.

                                 -Ҳақ нимадир, эй одам?

                                  -Ҳақиқат- етим бола…

Омад нима,  бахт  нима, севги нима, толкоса  нима саволларига  лирик қаҳрамон жавоб берса,  атала нима деганда  “Сталин бободан  сўра!..” деб  фалсафий савол  жавобни  достон  мавзуси билан боғлаб кетади муаллиф.

 Бу ҳам шоирнинг услуби бўлиб, достон бошидаги  беш банддаги фалсафий фикрлар асар давомида  ривожлантирилади.. Сталин  даврида  ҳақиқатнинг етим боладек бўлганини поэтик тасвирларда  очиқлайди. Соқовлигидан Сталин номини  тўғри  айтолмай “Ишталин” дегани учун ўрмонда отиб ташланган йигитнинг фожеали тақдири орқали замон қабоҳати жуда таъсирли кўрсатилган. Асарда халқ достонлари каби  насрий ва шеърий тизимлар аралаш келади. Насрий парчаларда  қатағонга учраганлар ҳақида далиллар келтирилиб, ҳар бир шахс тақдири мисолида 37-йилларнинг даҳшати поэтик тасвирланади. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир сингари талантларнинг  “жуда ноёб истеъдоди” учун айбдор бўлиб қатағон қилингани  дардла, армонла тасвирланади. “Дунёда мен ёлғиз сиғинганим шу-элимдир маҳзун. Ўйлайман. Уфқлар  ортидан  бир кун, у  аста  бўйлару кўз тушар кўзга: Бегуноҳ узлатга кетганлар учун ким жавоб беради, ўртоқлар, бизга?..”. Бу сатрлар ёзилган вақт эътибори ила қарасак Муҳаммад Юсуфни шоир сифатида янада теранроқ  англаймиз. Муҳаммад  Юсуф  ёзувчи  Галина Серебрякованинг “Семья” газетасидаги (1988 йил март сони) кўчирмани бериб “…Қизим Зоряни  НКВД  ходимлари  автомобилда  Малая Лубянкага олиб кетган экан. Буни биз кейин  билдик. Москванинг бу  бурчагида   2 ёшдан 16 ёшгача бўлган болар қамоқхонаси жойлашганди.Ундаги  режим  катталарникидан фарқ қилмас, болалар  саҳарда  уйғотилар, йигирма минутлик сайрдан сўнг эса сўроққа — терговчи ҳузурига олиб кетиларди…”

Шоирнинг ўйловларини жунбушга келтирган  мана шу ахборот таъсирида ёзилган мисралар қоғозни куйдургудек:

                               Ўлтирар келишгандек боғчасига,

                               Қўлларини қўйиб оёқчасига.

                                Мўлтирар терговчи таёқчасига-

                               Икки яшар “халқ душманлари”.

Қатағон йилларининг даҳшатини бундан орттириб тасвирлаш мушкул Киши юрагини куйдирворадиган тасвир. Бу тўрт мисрада,  оддий ахбарот сифатида айтилган фикрлар  шеърга солингач таъсир кучининг  нақадар ошганлигини  ҳис  қиламиз. Шеърнинг сеҳрини  сезамиз.

. “…Уйлари ёғоч, ярми қамоқхона, ярми яланғоч” бўлган  империянинг  “халқлар қуёши”  деб улуғланган  “инсон суягидан солган иморат…”  Сталиннинг аслида  “қора қуёш”лини бутун даҳшатила тасвирланган достон қадрини қадрлаган бирор инсонни бефарқ қолдирмайди. Бадиий бўёқлари  қуюқ  қуйидаги мисраларни ўқиганда дили куймаган ўзбек ўзбекми? Қайинлар  ҳўнграшига  қўшилмаган  юрак юракми?

                              Қабрлар қабрга бирлашиб кетган,

                            Қўллар бўйинларга чирмашиб кетган.

                            Бамисли шохдан дув тўкилган бодом,

                            Ётибди бепоён майдон тўла одам…

                            Рутубатли  Шимол  ўрмонларида

                            Қайинлар ҳўнграб қуёшни уйғотар.

                            Қаранг, Чўлпонингиз сўнгги маконида

                            Беқасам чопонин ёпиниб ётар.

Достон қатағон қурбонлари руҳини эъзозлаш, юрт  дардига  дармон излаганларни ҳеч қачон унитмаслигимиз, бугунги фаровон тутмуш учун улар олдида  қарздорлигимиз руҳидаги сатрлар билан якунланади:

                                  Уларнинг саноғи юлдуздан ҳам кўп,

                                  Юртим , дилбандингдир ҳар гиёҳ, ҳар чўп.

                                  Фидоларинг бўлган фарзандларингдир,

                                   Номдору номсизин хоки пойин ўп!..

Муҳаммад  Юсуфнинг  “Қора  қуёш” достонини  собиқ шўролар мустабидлигидан азоб чекиб, ҳаётдан бевақт кетганлар руҳига ёқилган  шеърий  машъала десак  муболаға бўлмайди.

  Юқоридаги икки достон ритмикаси халқ достонлари оҳангига яқинроқ бўлса, “Кўҳна қудуқ” достонида  шоир  бошқа йўлдан боради. Сарбаст шеър шаклини кўпроқ қўллайди. Достонни кўҳна, шариф шаҳар Бухорога қасида ҳам дейиш мумкин. Аммо, бу фақат мақтов эмас, аксинча, Бухоро бошидан кечирган заҳматларнинг дардли қўшиғидир. Бухорони кўрмаган шоир шоир эмас ақидасига  амал  қилган  муаллиф, бу шаҳарнинг ҳар бир ғиштига шоир кўзи билан қараб, синчиклаб кузатади. Минораларга бир инсон тақдирига қарагандек  қараб  тасвирлайди. Қадимий  шаҳарда  вояга  етган азизларнинг улуғворлигидан қалби нурланса, Файзуллодек фарзандлари тақдиридан эзилади. “Эътиқоди ўлик кишиларгина  ҳеч  кимга  ва  ҳеч  нимага сиғинмайдилар… куфр  Ер юзида эмас, кўнгилда. Мен  барча тоза дилга сиғинаман. Илло, тоза дилда  куфрга  жой йўқ…”. Шоирга  ҳамрох  бўлган, маълум маънода рамзий образ ҳофиз тилидан айтилган бу сўзларла Муҳаммад  Юсуф  инсонни, пок  кўнглини  улуғлайди. Ҳазрат  Жалолиддин Румий айтганларидек  инсон кўнглидан муқаддасроқ  Каъба йўқ.

 Шоир шаҳарни  улкан  Инсонга  менгзайди.. Унинг ҳам ўз қиёфаси, ҳатти ҳаракати, сажияси (характер) бор:

                                    Бухоро, Ҳотамга ўхшайсан,

                                    Ёв келса ҳам тўшак тўшайсан.

                                    Қўлинг очиқ, кўзларинг юмуқ-

                                    Сен менинг отамга ўхшайсан.

 Ёки муқаддас  макон сифатидаги  тасвир:

                                     Бухорои шариф, муқаддас бешик,

                                     Не-не алломалар дунёга келган.

                                      Бунга шоҳлар кирган кавушин ечиб,

                                     Бу жойга амирлар пиёда келган.

Мана  шундай  муқаддас  шаҳарни  “туйғусиз диллар” пайҳон этгани, тиллаларини ташиб  ўзини  абгор ҳолатга  солгани  шоир  дилини куйдирадики, бу ҳар бир миллат вакили  учун ибрат  бўлмоғи  лозим. Бухоро мисолида ватаннинг қадрига етиш, қадриятларни асраш муқаддас бурчлиги таъкидланади. Собиқ шўроларнинг Бухорога ўтказган зулмини Орол денгизига қилинган зулмга қиёслайди.

 Муҳаммад  Юсуф  достонларида тарихий  шаҳарлар, шахслар, қатағон қурбонлари номини тилга олар экан, бу  билан ўқувчи хотирасига таъсир қилади, хотирани уйғотади.  Бу аввало халқ тарихини ҳурматлаши, чуқур англашидан  бўлса,  иккинчидан уйғоқ хотира эса инсон ўзлигини англашга қадриятларининг қадрига етишга хизмат қилади. Ғурурни юксалтади.

Муҳаммад  Юсуф  достонларида  лирик чекиниш  қилиб, фалсафий  фикр- мушоҳадалари асар қатига сингриб юборилади. Бу ҳолат “Кўҳна қудуқ” достонида , айниқса, яққол кўринади:

                                  “Дарёлар қурийди.

                                    Тоғлар чўкади.

                                     Китоблар ёнади.

                                     Дунёда фақат бир нарса-

                                             саволаргина абадий.

                Саволлар кийик сўқмоққа элтувчи йўллардир.

                             Кўксингда саволинг бўлмаса дунёга

                             нега келдинг, отингдан айланай Инсон!

Зотан  Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам  донолар кўпгина масалалар ечимини саволдан бошлаганлар. Инсоннинг ўзига  ўзи савол бериши покланиш йўлидаги қадамдир. Савол  ҳақиқатга яқинлашувдир.

Достонда халқона  йўлда ёзилган парчалар анчагина. Бу достоннинг умимий  ритми  ранг – баранглигини таъминлаган:

                                        Бу дунёнинг

                                      Ширин дарди

                                      Шеърлар экан,

                                      Менга забон

                                      Берган – манов

                                      Ерлар экан.

                                      Қоним унинг

                                      Ҳаяжони,

                                      Туйғулари,

                                      Кулгилари,

                                      Қайғулари,

                                      Йиғилари,

                                      Тушларимда

                                      Бухоронинг оҳулари…

Муҳаммад  Юсуф ижодига хос хусусият сўзларнинг мисраларга айланишининг яхши намунаси бўлган бу  матний парчада,  ватансеварлик, қону жони  туғилган она замин эканлиги урғулаш  сўзларнинг маъно  қатламида  бўй бериб турибди.

 Шоир армонлари,  айтолмаган сўзлари кўплигини, бу сўларни тушингизда Бухоро  оҳулари  айтсин деб, мақбара  олдида  райҳонни  кўриб  эккан одамга  миннатдорчилик билдирар экан, ўзининг севимли образларини  жойини топиб достонга ҳам олиб киради. Бунда шоирнинг эстетик  ўрнини ( позициясини ) кўрамиз.Достон якунида лирик қаҳрамон  ҳамроҳи  ҳофизнинг:  “Мен ҳам Оролман. Бухоро ҳам – Орол”-дея  орол ҳақидаги  қўшигини  Бухорога бағишлашида  рамзий маъно бор.  “Биз баримиз Орол ва оролчалармиз, токи  бир  биримизни  асрашни  билмас эканмиз,  битта —  битта қурийверамиз”

      “Темирлар нидоси”  аллегорик йўлда ёзилган достон дейиш мумкин. Аллегорик “…Образлилик типи.  Аллегорик  образнинг  тасвир  плани билан мазмун  плани бир-бирига мос  келмайди.Яъни аллегорик  образда  тасвирланаётган  нарса ўзини эмас,  муаллиф кўзда тутган  маънони  ифодалайди” ( Д. Қуронов ва бқ. Адабиётшунослик луғати. Тошкент. “Академнашр”. 2010. 26-бет). Достонда  тилга  кириб гапираётган темир (аллегорик образ) ўзининг эмас, муаллифнинг фикрларини ифода этаётир. Бошқача айтганда шоир темирни гапиртираётир. Мумтоз адабиётимизда “интоқ” саънати яъни жонсиз нарсаларни гапиртириш  саънатидан кенг фойдаланганлар. Муҳаммад Юсуф темирни сўзлатиб билвосита ўзининг давр ҳақидаги қарашларини  ҳаётий мушоҳадаларни беради. Шоирнингбу йўлдан фойдаланиши асарнинг эмоционал таъсир кучини ошишига хизмат қилган. Дардини айтишга забони йўқ,  йиғлаётган темирлар одамзотга қарата шундай илтижо қилади:

                                         Забоним йўқ,

Тилим йўқ,

Дардим кимга айтурман.

Менга тегма эй одам,

Сенга тегмай ётурман.            

Ўз ҳолимга қўймасанг,

Чўққа тоблаб тўймасанг,

Темир жисмим қўлиннгга,

Қилич бўлиб қайтурман…

Шоирнинг мақсади  темирдан  фақат қирғин келтирувчи қурол ясайдиганларни қоралаш. Темир метал сифатида  турмуш учун ниҳоятда зарур. Темирдан   омоч ҳам, қилич ҳам ясаш  мумкин. Бу ерда инсоният бало офатни ўзи учун ўзи яратиши  нишонга олинаётир. Достонда  изчил  сюжет  тизими йўқ. Мантиқан бир бирига  боғланган парчаларни асосий боғлаб турувчи мажозий тимсол  темирдир. Дунё қабоҳатлари  темирдил одамлардан эканини айтиш. Темирдиллик инсоният учун, жамият учун вабодан ҳам баттар:

                                         Ҳақсизлик ўтган жойда,

                                         Тошлардан ҳам садо бор,

                                         Дунёда жисмларга

                                         Ном қўйишда хато бор.

                                         Асли темир биз эмас,

                                         На пўлат,

                                         На мис эмас,

                                          Темирдил одамлардан

                                         Даҳшат қандай вабо бор?..

“Темирдил  одамлар”гина  ўз манфаати  йўлида  ваҳшийга айланадилар, бу эса жамиятни  таназзулга  етаклайди.

Одамларнинг  бешафқатлиги, гўдаклар  ўлимию юрт вайронагарчилигига  ўзлари сабабчилиги  темир тилидан берилиши бежиз эмас. Бегуноҳлар  ҳалокати, сотқинликнинг фалокатини  кўрганда  ҳиссиз  темир йиғлаяпти ю сен қаёққа қараяпсан инсоният дея  бонг уради шоир қалби.

                                                   Мен йиғладим фашистлар

                                             Гўдакни ҳам отганда,

                                             Гоҳ одам деб юрганим

                                            Ўз юртини сотганда.

Муҳаммад Юсуфнинг бу достони  бугунги кундаги  юртфурушлар, одамфурушлар, гўзалликни  кўролмайдиган, ёмонлик қилмаса туролмайдиганларга  нафрат уйғотиши билан  эзгуликка даъват этади. Дунёнинг қайсидир бурчагида  ўқ отилаётган, номус, имон сотилаётган экан “Темирлар  нидоси” каби  асарларнинг  ижтимоий аҳамияти камаймайди, аксинча  қалби кўр кимсаларнинг  кўзини очишга хизмат қилади.

 “Уруш, эй, одамфуруш. Сенга гўдак нимадир?  Замин  узра  чақалоқ, яйраб кўкрак эмадур. Сен уни кўролмайсан, қон ичмай туролмайсан, Гитлермисан, Наполеон, Шоҳмисан, Қиролмисан, энг ваҳшат қуролмисан, Энг даҳшат қуролмисан, ҳаммани қиролмайсан, ҳаммани қиролмайсан!..”. Бу эзгуликнинг ҳеч қандай куч, ҳеч  қачон маҳв  қилолмаслигига  ишончдир.

 Дунёнинг бутун фожеасига  сабабчи “темирдиллар”дан фориғ  бўлиш, инсониятнинг  тотувликда  умр кечириши шоирнинг орзуси. Шунинг учун ҳам ёмонликни кўрсатиб, унга нафрат уйғотишнинг ўзи эзгуликка хизматдир.

“Осмоннинг охири” асари  Муҳаммад  Юсуфнинг “Халқ бўл, элим” тўпламида достонлар рукнида берилган.   Иккита шеърий парча ҳисобга олмаганда асар, тўлиқ сажда, оқ шеърда  ёзилган достондир. “Осмоннинг  охири” шоир фалсафий мушоҳадаларини, унинг руҳий дунёсини ёрқин акс этдирган асарларидан бири. Мозаика  шаклида фикрлар тарқоқдек кўринсада, асар зимнида  шоир айтмоқчи бўлган  поэтик фикр яхлитлиги  сезилиб туради. Бу изланиш, кўнгилдаги саволларга қониқарли жавоб топиш, дунёга очиқ кўнгил кўзи билан қарашдан келиб чиқадиган яхлитликдир.  Достон муқаддимаси шундай:

 “Осмоннинг охири қаерда, дедим бир донишга. У миқ

этмади.

Менга жуда ёқди бу жавоб.

Осмоннинг охири йўқ, ахир!

Ирмоқнинг охири дарё. Дарёнинг охири денгиз.

Осмоннинг эса охири йўқ.

Йўл четида юмалаб ётган тошни тепдим.

Тошдан садо чиқмади.

Худога солдим, дегани бу”.

     Кичик-кичик  тўққиз қисмли  “Омоннинг  охири” асарида  шоир шеър хусусида ёзади:  “Мен биринчи шеъримни қачон ёзганимни ўзим

 билмайман.

Хўш, қани ким айтади, охиргисини қачон ёзаман?…

                  Билиб туриб бировга озор беришдан ёмони йўқ.Ўзинг

ҳам билмасдан бировга яхшилик қилишдан ортиқ яхшилик йўқ.

Шеър ёзиш ҳам ўзинг билмай бировга яхшилик

қилишдай гап.

Ҳақиқий шеърият хамиша оёқ остида. Мисралар

қулунлар каби тупроққа ағанаб ётишибди. Тур, тойчоқ,

 чопамиз, десанг бас. Биз ҳар замон бир оёқ остига

 боқиб шеър топамиз. Кейин уни чангини қоқамиз ва

қанча кўп қоқсак-шунча кўп шеър йўқотамиз…

Барча буюк зотларнинг буюклиги ҳам ҳокисорлигидир!.”

Достонда осмоннинг охири қаерда деган савол турли ёшдаги кимсаларга берилади. Табиийки жавоблар ҳам шунга яраша. Асарда  кўринишдан бериб бўлмайдиган саволларни  атайлаб бераётгандек фикр туғилади. Аммо, бунинг тагида кишини ўйлантирадиган нимадир бор. Мана ўша нимадир шоирнинг нияти. Достондаги айрим қисмларни модернистик асарларга ҳам қиёслаш мумкин. Муҳаммад Юсуф  ижодидаги нисбатан кам зуҳр бўладиган мураккаблик “Осмоннинг  охирида”дир.

“Момақалдироқ дунёни бошига кўтариб ҳайқиради.Юлдузлар қўрқиб қочиб қолишади.Булутлар йиғлашга тушади. Ер юзида қўзиқоринлар туғилади. Ҳар қандай ҳайқириқ сўнгида нимадир дунёга келади. Нимадир дунёдан кетади.

Кулиб гул очилади- йиғлаб шабнам тўкилади”. Бу парчадаги бадиийликка эътибор берсак. Шоир жонлантириш, метонимия санъатларидан усталик билан фойдаланади. Момақалдироқ овозини ҳайқириққа қиёс, юлдузларнинг қочиши, булутнинг йиғлашига  кўчма поэтик мазмун юкланган “Ҳайқириқ”дан нимадир дунёга келиши. Шоирнинг ҳар бир қиёсида таг маъно бор, ишора бор. Буни қандай тушуниш эса китобхон савиясига боғлиқ. Ёки асардаги  “Уйқу-ҳам насияга берилган умр, уйқинг ортган сайин қарзинг ҳам ортар…” сингари ақлимизни тўлиштирадиган  фикрлари, “Осмоннинг охири эса, ялпизнинг елкасида. Бир елкасида. Унинг бошқа елкаси тўла соғинч, мурувват, муҳаббат” каби ишоралари кишини  ўйлантирмай  қўймайди. Асардаги фикр қуюқлиги  достонни мағзи тўқ асарлардан дейиш имконини беради.

Муҳаммад Юсуф достонларида шоирни юрагини ўртаган ички дардлари бот-бот таъсирли  мисраларда  овоз бераётгандек таассурот уйғотади. Китобхон тафаккурини ўстириши билан шуурига ҳам таъсир қилади.  Сиз ундан ҳам ақлан, ҳам руҳан нимадир оласиз ва ўйга толасиз. Инсонни жабрлагувчида ўзига ўхшаганлар эканлигидан дилингиз  вайрон бўлиб, бунинг сабабини қидирасиз. Беихтиёр қабоҳат  илдизларини  излайсиз  ва  сизда ўша қабоҳатга қарши нафрат пайдо бўлади, уни йўқотиш истаги  уйғонади. Ҳақиқий  шеъриятнинг кучида инсон кўнглига таъсир қилиши  билан  белгиланишига Муҳаммад  Юсуф  достонларини ўқиб яна бир бор амин бўласиз. Муҳаммад  Юсуф  достонларини  воқебандлик асосига қурмайди. Бунда кўпроқ шоирни ўйлантирган, дилини тирнаган саволларга жавоб излашни ҳис қиласиз. Шоир ўзида  ҳоли қудрат бу сўроқларга дилидан жавоб излайди ва китобхонни ҳам шунга ундайди. Достонлардаги маҳзунлик тарихимиздаги қора доғлардан кўнгилга кўчган изтироблар аксидир. Тарихимизда миллатни сотганлар, бир – бирини оёғидан тортганлар озмунча бўлганми?. Шоир юрагини қийнаган дардлар – ўз тарихини яхши билмаслик, оғизбирлик йўқлиги. Муҳаммад Юсуф достонларида ҳар бир сўзнинг ўз ўрни бор. Шоирнинг сўз қўллаш маҳорати мазмун моҳиятига  мос  сўзларни  керакли жойда  ишлатишида кўринади. Достонларда архаизмлардан ҳам, шева сўзларидан ҳам меъёрда фойдаланади муаллиф. Умуман асар тили, китоб ҳақида сўз кетганда профессор Низомиддин Маҳмудовнинг қуйидаги фикрларини эслаш ўринли бўлурди: “Китобдаги сўз рост ва расо  бўлиши, китохонни ишонтириши, туйғуларига таъсир қилиши ёки, камида, бу туйғуларни қийнамаслиги шарт. Акс ҳолда, китобнинг сариқ чақалик қиймати қолмайди. Китоб бадиий бўладими, илмий бўладими, бундан қатьи назар, ундаги тил тугал, тил идроки интизоми учун ибрат мақомида бўлмоғи лозим” (“ЎзАС”. 2014 йил 10 январ). Муҳаммад Юсуф шеърларида ҳам, достонларида ҳам китобхон туйғусини қийнамаслик, аксинча уни ёлқинлаштириш устиворлигини сезамиз. Ишонтириш қудратини  туямиз.

Шоир достонларида Ватанга бўлган муҳаббатни, эл-юрт олдидаги фарзандлик бурчини ҳамиша ҳис қилиб яшаш туйғусини, ўз қадримизга ўзимиз етишимиз, бўламан деган эл ботирим деб яшаши даркорлигини таъсирли мисраларда қалбга қўр соладиган қилиб ифодалайди. Ватан сувратини кўнглимизда янада жилолантириб, бир-биримизни авайлаб меҳрла умр кечириш истагини ловуллатади. Юрт тинчлиги энг улуғ неъматлиги ва бунинг қадрига етиш масъулиятини сездиради. Муҳаммад Юсуф  достонлари унинг  истеъдодининг кўлами,  шеъриятнинг катта – кичик жанрларида, ҳар қандай мавзуда  бадиий жиҳатдан пухта, фикрий  теран  асарлар ёза олишининг исботидир.

Сайт бўлими: Адабий-бадиий нашрлар, Мақолалар, Ўзбек адиблари

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ