"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Миразиз Аъзам. ШАРҚДА МУҲАББАТ ТАРИХЛАРИ

Ўқилди: 604

ШАРҚДА МУҲАББАТ ТАРИХЛАРИ

ЮСУФ ила ЗУЛАЙҲО

1. Юсуф

Оллоҳ, Одам Атонинг тавбаларини қабул қилгандан кейин унга ниҳонбинликни ато этганди. «Ниҳонбин» дегани «кўринмас нарсаларни кўрувчи» дегани бўлиб, бир куни ўзларидан бўлажак авлодларини бирма-бир кўра бошладилар. Насллари орасида пайғамбарлар, авлиёлар, ҳукмдорлар, хилма-хил билим соҳиблари — олимлар, катта мулкдорлар, қавм ё жамоа раислари ва бошқа катта- кичик инсонлар бор эди. Бир маҳал Одам Алайҳиссалом кўз ўнгида Юсуф сиймоси гавдаланди. Бу қадар гўзал инсонни кўриб: — Эй Раббим, қандай гулшан гули бу? — дея ҳайратдан ёқа ушладилар.

—    Бу сенинг зотингдан бўлажак фарзанд! — деган нидо келди. Сўнгра Оллоҳ, Одам Алайҳиссаломга шундай деди:

—         Мен ўз ҳуснимни уч бўлакка бўлдим, икки бўлагини Юсуфга бердим, бири ер юзининг бошқа гўзалларига қолди…

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи вассаллам эса, бир ҳадисларида Юсуф борасида «Карим ўғли карим ўғли карим ўғли карим» дея марҳамат қилганлар. Арабча «карим» атамаси — «эҳсон ва иноят соҳиби», «шарафли ва иззатли», «муҳтарам ва сахий», «мукаррам» маъноларида келади. Кўпроқ пайғамбарларга, Қуръонга ва Оллоҳга нисбатан ишлатилади. Демак, юқоридаги калимани «пайғамбар ўғли пайғамбар ўғли пайғамбар ўғли пайғамбар» деб тушуниш керак. Яъни Иброҳим ўғли Исҳоқ ўғли Ёқуб ўғли Юсуфдир. Бу шажаранинг тарихи мана бундай:

Иброҳим пайғамбар — ул зотга Оллоҳнинг саломи бўлсин! — дастлабки хотинлари Сорадан 30 йил фарзанд кўрмадилар. Эрамиздан 1500 йил бурунги топилган никоҳ шартномаларида: Агар хотин бола кўрса, эрнинг иккинчи уйланишга ҳаққи йўқ, агар бола кўрмаса, хотиннинг ўзи эрига жориялардан бирини олиб беради ва туғилган чақалоқни ўз боласидай тарбиялайди, дейилган. Сора она, шу таомилга кўра, ўз устларига мисрлик бошқа хотинни олиб бердилар.Унинг оти Ҳожар бўлиб, ундан ҳам ўн йилгача фарзанд бўлмади. Ривоятга кўра, бир куни Ҳожарнинг шундоқ кўз ўнгида ердан сув отилиб чиқиб, оқиб кета бошлади.

— Зам, зам! — дедилар. Бу ўзбекчасига, «Тўхта, тўхта!» деганидир.

Сув тўхтади, чўмилса бўладиган ҳовуз даражасидаги булоққа айланди. Ҳожар она шу булоқда чўмилдилар ва Иброҳим Халилуллоҳдан ҳомилали бўлдилар. Шундан кейин Сора она ҳам шу булоқда чўмилиб, ҳомиладор бўлдилар. Ҳожар онадан туғилган ўғилга Исмоил, Сора онадан туғилган ўғилга Исҳоқ дея от қўйдилар. Шифобахш булоқнинг оти эса, Замзам бўлиб кетди.

Исмоил ҳам, Исҳоқ ҳам кейинчалик пайгамбар бўлишди. Исмоилдан тарқалган қавмлар Исмоилийлар, бир неча асрлар ўтгандан сўнг мусулмонлар бўлишди. Исҳоқнинг ўғли Ёқубнинг иккинчи оти Исроил эди, улар Исроилийлар, Исроилнинг Яҳудо деган бир ўғлидан тарқалган қавмлар яҳудийлар бўлишди.

Иброҳим пайғамбар, ўғиллари Исмоил билан Каъбага асос солишганини ва бизнинг Расулимиз Муҳаммад Алайҳиссаломнинг зоти шу пайғамбардан эканлигини яхши биламиз. Исҳоқ пайғамбарнинг оти Қуръоннинг ўн сурасида келтирилган бўлиб, ул зот ҳам кароматсоҳиб бўлганлиги маълум.

Қадимий хабарларга кўра, Исҳоқ пайғамбарнинг Рафиқа (баъзан Рафоқа ҳам келади, Тавротда эса Ревекка) исмли жуда қаттиқ суйган хотини эгиз ўғил туғади: биринчисини Исав, иккинчисини Ёқуб деб атайдилар. Юсуф эса ана шу Ёқубнинг ўн биринчи ўғлидир. Юсуфнинг бошидан кечирганлари бизга озми-кўпми таниш, албатта.

Қуръонда келтирилган хабарга кўра, Юсуф ёшлигида бир туш кўради.

—        Мен тушимда 11 юлдузни, яна Қуёш ва Ойни кўрдим. Ҳам- малари менга сажда қилишаётган эди, — дейди у отасига. Ҳазрати Ёқуб:

—  Бу тушингни акаларингга айтма, — дейдилар. Чунки Юсуфни қаттиқ яхши кўрганлиги учун, акалари рашкдан, шайтоннинг сўзига кириб, унга зиён етказиши мумкинлигини ҳис қилардилар, Юсуфни уларга ишонмасдилар.

—    Юсуфни нега бизга ишонмайсиз? — дейишарди катта ўғиллари.

—         Уни эртага биз билан айланишга юборинг. Биз уни қўриқлаймиз, — дейди акаларидан бири.

—        Сизлар ғафлатда қолиб, уни бўри еб кетишидан қўрқаман…

Қуръондаги хабарларга кўра, акалар Юсуфни ўзлари билан олиб кетиб, уни қудуққа ташлайдилар, бир қўйни сўйишиб, ўшанинг қонига Юсуфнинг кўйлагини бўяб, оталари олдига келтирадилар ва Юсуфни бўри еб кетди, дейдилар.

Соғлом фикрли одам, наҳотки, ўн нафар ака, ўз укасига шу қадар шафқатсизлик қилса, дея турли гумонларга бориши мумкин. Аммо қадимий ислом ва яҳудий манбаларини синчиклаб ўрганилса, бу гумон ўз-ўзидан тарқалиб кетади.

Гап шундаки, Ҳазрати Ёқуб, отасига меросхўрлик юзасидан, акаси Исав билан урушиб қолиб, Харронга (Канъон юртига), тоғаси Лаванникига қочиб борганди. Тоғасининг икки қизи бор эди: Лия деган каттасининг кўзи доим шамоллашданми, шилпиқланиб юрарди. Роҳила исмли иккинчи қизи бениҳоя гўзал эди. Ёқуб тоғасига чўпонлик қилиб юраркан, Роҳилани севиб қолади ва тоғасидан унинг қўлини сўрайди. Лаван сўзда рози бўлади-ю, аммо тўй охирида уни ичириб қўйиб, чироқлар ўчганда маст Ёқубга катта қизи Лияни қўшиб қўяди. Эрталаб Ёқуб тўполон кўтарганда, бизда катта қиз туриб, кичигини узатмайдилар, меникида етти йил хизмат қилиб молларимни кўпайтириб берсанг, Роҳилани ҳам сенга иккинчи хотин қилиб бераман, дейди. Қайнота-куёв (тоға-жиян) шу сўзда аҳдлашадилар. Етти йил ичида Ёқуб ва Лия 4 ўғиллик бўладилар. Аммо Ҳазрат Ёқуб орадан етти йил ўтгандан кейин Роҳилага уйланганларида ундан ўн йилгача фарзанд кўрмайдилар. Роҳила, давр қонунларига кўра, устига бир жорияни эрига олиб беради. Жория кетма-кет ўғиллар туғиб беради. Бу орада Лия ҳам бола туғишдан тўхтаб қолади ва эрига жория олиб беради, бу ҳам кетма-кет туға бошлайди. Шу тариқа Ёқуб Алайҳиссалом 10 ўғиллик бўлганларида, ниҳоят Роҳила ҳам ўғил кўради, отини Юсуф қўядилар, кетидан яна ўғил
кўради, Бенямин (Ибн Ямин) қўядилар. Аммо Роҳила Беняминни туғишда вафот этади.

4 нафар турли хотинлардан бўлган 12 ўғил ва 1 қиз ўртаси ноаҳил бўлиши табиий эди, айниқса, оталарининг Юсуфга нисбатан бошқача меҳри бу рақобатни кучайтириб юборганди. Одамда нафрат кучайса, гўзаллик ҳам хунуклик бўлиб кўринади, шунинг учун акалари Юсуфни ҳеч ачинмай қудуққа ташлагандилар.

2. Зулайҳо

Қуръондаги хабарларга кўра, Юсуф қудуққа ташланганининг учинчи куни, очликдан азобланиб ётганида, бир карвон келади, сув изловчи қудуққа челак туширса, сув ўрнига челакка осилиб Юсуф чиқади. Карвондаги савдогарлар Мисрга етиб келганда Юсуфни арзон баҳода бир кишига сотиб юборадилар. Олган киши уйига келиб хотинига: «Уни яхшилаб жойлаштиргин. Шояд бизга бирон фойдаси тегиб қолса ёки уни ўзимизга бола қилиб олармиз», дейди. Қуръон оятларида сотиб олган кишининг ўз оти ҳам, хотинининг оти ҳам айтилмаган. Аммо айрим тафсирчилар сотиб олган киши Миср шаҳри ҳокими Қитфир, хотини Зулайҳо деб, бошқа тафсирчилар молия вазири, хотини Залиҳа деб изоҳлайдилар. Тавротда эса Юсуфни (Иосифни) олган киши Потифар — фиръавннинг шахсий соқчилари бошлиғи, дейилади-ю, хотинининг оти айтилмайди. Баъзи Таврот тафсирчилари уни Зельфа десалар, баъзилари Роил дейдилар.

«Юсуф ва Зулайҳо» отлиғ достонларнинг аксариятида Зулайҳо Мағриб ҳукмдори Таймусшоҳнинг (балки, Тунисшоҳдир) қизидир.

Анъанавий шарқ достонларида бўлганидай, Зулайҳо Юсуфни тушида кўриб севиб қолади. Таймусшоҳ, Зулайҳонинг тушига кирган одам — Миср шаҳар ҳокими Қитфир (Азиз) бўлиши ҳам эҳтимол, деб, Зулайҳони ўшанга узатиб юборади. Зулайҳо бу — тушида кўрган одами эмаслигини кўриб, Азизга кўнгилсиз бўлади. Аммо орадан йиллар ўтсада, бирга яшайверадилар.

Кунларнинг бирида Қитфир (Потифар) Юсуфни сотиб олади. Юсуф ҳикмат ва билим соҳиби бўлиб вояга етади. Шунда Зулайҳо уни севиб қолади ва ётоғига олиб кириб мақсадига етишмоқчи бўлади. Юсуф буни рад этади. Икковлари эшик томон чопадилар. Зулайҳо Юсуфнинг кўйлагини орқа томондан йиртиб, бир парчасини ғижимлаб олиб қолади. Зулайҳо воқеа устига келиб қолган эрига: У мени йўлдан урмоқчи бўлди, деб, Юсуфни зиндон қилдирмоқчи бўлади. Юсуф, унинг ўзи мени йўлдан урмоқчи бўлди, дейди. Қитфир (Азиз) Юсуфнинг кўйлаги орқа томондан йиртилганидан, айб хотинида эканлигини англайди ва Юсуфга, бу ишни унут, деб, хотинига, қилган гуноҳингга истиғфор айт — тавба қил, деб можарони босди-босди қилмоқчи бўлади. Аммо Зулайҳонинг қилмиши ҳамма ёққа овоза бўлиб, шаҳардаги аёллар уни маломат қиладилар. Бундан аччиқланган Зулайҳо иғвогар хонимларни бир зиёфатга, мева-чевали, тўкин дастурхонга таклиф қилиб, ҳар бирининг олдига биттадан пичоқ қўяди ва, қани, олмаларни арчиб олиб ўтиринглар, дея даъват этади, ҳаммалари олма арчиб ўтиришганда, Юсуфни бу ерга таклиф қилади, уни кўрган хонимлар ҳаяжонланиб, беихтиёр қўлларини кесиб оладилар. Шунда Зулайҳо, мана шу йигит истагимга бўйсунмади, қасамки, агар амримни бажармас экан, мен уни зиндонга ташлаттираман, дейди. Ва Юсуф зиндонга ташланади. Юқорида Юсуфнинг ҳикмат ва билим соҳиби бўлганини айтган эдик. Чунончи, у кўрилган тушларни ҳам жуда тўғри таъбирлар эди. Зиндонда ётаркан, ҳамзиндонларининг бир қанча тушларини таъбирлаб бериб, кўп таҳсинлар олган эди.

Бир замон Миср подшоҳи Райён бинни-л-Валид (Тавротда фиръавн) туш кўради. «Тушимда 7 ориқ сигир 7 семиз сигирни еяётганини ва 7 яшил бошоқ билан бирга бошқа қуриган 7 бошоқни кўрдим» деб, бунинг таъбирини суриштиради. Аммо ҳеч ким буни айтолмайди. Шунда яқинда зиндондан чиққан бир аъён шоҳга зиндондаги уста таъбирчи Юсуф ҳақида хабар беради. Зиндондан келтирилган Юсуф, Мисрда 7 йил серҳосил йиллар бўлади, 7 йил қурғоқчилик ва очлик йиллари бўлади. Тўкин йилларда ҳосилнинг бешдан бир қисмини омборга йиғиб бориш керак, бу — очарчилик йилларида асқотади, дейди ва хазинабонликка ўткир кишини қўйишни маслаҳат беради. Райён бу ишга Юсуфнинг ўзини қўяди. Бу орада Қитфир ҳам вафот этган бўлиб, Юсуф ҳали-ҳануз бокиралиги сақланиб қолган Зулайҳога уйланади ва улар икки фарзанд кўрадилар.

3. Юсуфнинг кейинги ҳаёти ва тарихий ҳақиқатлар

Юсуф омборга йиғдирган ғалласи туфайли очлик ҳукм сурган йилларда қўшни мамлакатларга ҳам ғалла сотиб, Мисрнинг иқтисодий аҳволи кўтарилишига бош-қош бўлади. Отасини ҳам оила аъзолари билан кўчиртириб келади. Бунинг учун Канъонга 200 туя йўллайди. Кейин 70 кишилик карвон билан келган қондошларини Миср атрофига жойлаштиради. Орадан 17 йил ўтиб, отаси вафот этганда, васиятига кўра, уни бобоси Исхоқ пайғамбар ёнига, Канъонга дафн этадилар. Юсуф Пайғамбарнинг ўзи 110 ёшида вафот этган бўлиб, жасади мармар сандикда Нил дарёси тагига жойлаштирилади.

Тарихий манбаларни ўрганган олимларнинг фикрича, Юсуф ва Зулайҳо воқеаси эрадан аввалги 1730 ва 1630 йилларга оиддир.

Эрадан аввалги XVII асрда, аниқроғи, Юсуф ва Зулайҳо во- қеасидан 50 йил олдин Мисрни Месопотамиялик хиксослар («хиксос» — «саҳройи доҳийлар» ёки «чўпон подшоҳлар» маъносини билдиради) босиб олган ва бу ерда 200 йил ҳукмронлик қилгандилар. Олимларнинг фикрича, Мисрга 70 исроилликнинг кўчиб келган вақти хиксослар ҳукмронлиги вақтига тўғри келади. Бу даврда Мисрнинг иқтисодий аҳволи ночор аҳволга тушиб қолган ва мисрликлар бу юзйилликлар давомида хиксосларга қарши муттасил кураш олиб борган эдилар. Юсуф ана шу тарихий йилларда, қаттиқ сиёсат олиб бориши туфайли, Мисрнинг бир мунча юксалишига сабабчи бўлган эди. Аммо тарихий солномаларда Юсуфнинг фаолияти ва Мисрга кўчиб келган Исроилликларнинг ҳаётига оид ҳеч қандай маълумотнинг йўқлиги олимларни Юсуф ва Зулайҳо воқеаси — халқ оғзаки ижоди маҳсули бўлса керак, деган фикрда тўхташига сабаб бўлиб келарди. Лекин поляк ёзувчиси Зенон Косидовскийнинг фикрича, миллий ғурури баланд бўлган Мисрликлар хиксослар даври ҳақида шундай қаттиқ нафрат билан ёзардиларки, Юсуфнинг фаолиятига оид маълумотларни солномалардан ўчириб ташлаганлар ва йўқотганлар. Чунки тарихий солномаларда милоддан олдинги 1730 йилдан кейинги воқеалар узилиб қолган, воқеаларнинг давоми фақат эрадан олдинги 1580 йилдан бошланади. Демак, Юсуф билан Зулайҳо воқеаси эрадан аввалги 1730 йил билан эрадан аввалги 1530 йиллар оралиғида юз берган…. ва 150 йиллик тарих саҳифаларининг ўчириб ташланиши оқибатида Юсуф ва Зулайҳо тарихига оид ҳужжатлар йўқ бўлишга юз тутган.

Аммо бу воқеа халқ хотирасида узоқ сақланиб қолган. Шарқда араб, турк, форс, урду, уйғур ва бошқа тилларда, Ғарбда немис, инглиз, француз, латиш ва бошқа тилларда Юсуф, унинг оғалари ва Зулайҳо ҳақида 150 дан ортиқ асар яратилди. Туркий тилларнинг ўзида Юсуф-Зулайҳо воқеаси 70 дан ортиқ асар яратилишига сабабчи бўлган.

Булар орасида энг биринчи асар Хоразм салтанатига қарашли олис шимолий ҳудудда яшаган шоир Қул Алининг достони бўлиб, у 1233 йилда ёзилган. 1409 йилда шоир Дурбек ҳам бу мавзуни катта маҳорат билан қаламга олган. Нозим Ҳикматнинг драмаси ҳам ўз вақтида катта шуҳрат қозонганди. Форс адабиётида Фирдавсий, Деҳлавий, Жомий ва бошқаларнинг намуналарини, Ғарб адабиётидан эса катта ва энг муҳим асарлар сифатида немис ёзувчиси Томас Маннинг «Юсуф ва унинг оғалари» номли тетралогиясини, Ян Райниснинг шу номли драматик асарини кўрсатиш мумкин.

Сайт бўлими: Мақолалар, Ўзбек насри

Қўшимча:

БОЙЧЕЧАК – БАҲОР ҚЎШИҒИ ЭМАС БОЙЧЕЧАК – БАҲОР ҚЎШИҒИ ЭМАС
Уйғониш, уйғониш буюк уйғониш Уйғониш, уйғониш буюк уйғониш
ТОИР АКА КУТГАН ТОНГЛАР ТОИР АКА КУТГАН ТОНГЛАР
ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ! ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!