"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ҚЎШАЛОҚ ДАХМАЗА

Ўқилди: 616

Ҳикоя

Чошгоҳга яқин иссиққина сандалда ўтириб нонушта қилаётган эдим. Кутилмаганда эшик шарақлаб очилиб, хотин ҳовлиққанча уйга бостириб кирди. Унинг қўлидаги қурум босган тандир косовни кўриб, шошиб қолганимдан пиёладаги қайноқ чойни тўкиб юборай дедим.

— Тинчликми, хотинжон? – дедим ҳар эҳтимолга қарши ҳимояга чоғланиб.

— Тез ташқарига чиқинг! Итимиз қутурибди!

— Нима?.. Эсинг жойидами? Мушукдай беозор кучукчаям қутурарканми?

Хотинимнинг қўрққанидан қулоқлари битиб қолган шекилли, гапимни эшитмади. Лойга ботган кавушини ечмасдан дераза томон юрди. Мен эса лунжимдаги луқмани чайнамасдан ютиб, шоша-пиша ҳовлига чиқдим.

Кучугимизнинг қутургани рост, шекилли. Бояқиш аянчли ангиллаганча ҳовлида у ёқдан-буёққа зир чопяпти. Тили тумшуғидан чиқиб, бир қарич тасмадай осилиб қолган.

—  Симба, баҳ-баҳ.

Жонивор югуришдан тўхтаб, менга қаради. Ё, тавба! Қутурса, муштдайгина лайча ҳам кўзингга йўлбарсдай ваҳший бўлиб кўринаркан. Симбанинг менга қадалган митти кўзлари совуқ йилтирар, иркит тумшуғидан тинимсиз кўпик оқарди. Унинг важоҳатини кўриб баданимдан муздай тер чиқиб кетди.  Яхшиям вақтида уйга кириб, эшикни ёпишга улгурдим. Сал имилласам, ташланиб қоларди-ёв.

— Оббо, палакат-ей! Бу бало қаердан ёпишди экан унга…

—  Бўлар иш бўлди, — деди анча ўзига келиб олган хотиним. – Қутурган ҳайвон қайтиб тузалмайди. Тезроқ бу шўртумшуқни бир ёқлик қилинг.

Ташқарига чиқишга ҳечам оёғим тортмаётган эди.

—  Озгина кутиб турсак, ўзи бирёқлик бўлиб қолар…

—  Ҳадемай болалар мактабдан қайтади! – жеркиб берди хотиним. – Унгача мерган тоғангизни чақириб келиб, кучукни оттириб ташланг.

Ўйлаб кўрсам, шундан бошқа чораси йўқ экан. Хотиннинг қўлидан тандир косовни олиб, истар-истамас ташқарига  чиқдим. Бахтимга оғилхонанинг ёнида ғужанак бўлиб ётган Симба мени пайқамади. Эҳтиёткорлик билан юриб дарвозадан чиқиб олдиму, оёғимни қўлимга олиб тоғамникига чопдим.

Қодир тоғам бу хабарни эшитгач, деворга осиғлиқ милтиғини олиб обдон тозалади. Кейин ўқлаб, беш-олтита патронни чўнтагига солди.

—  Тағин кучугинг тишлаб олиб, зиён етказмасин, — дея эгнига қалин жун   чакмон кийиб, бошига мўйи тўкилган эски телпакни бостирди.

Уйга етиб келишимиз билан Қодир тоғам милтиқ ўқталганча дарвозадан мўралаб, ҳовлини кузата бошлади. Мен эса гумбурлаган ўқ овози қулоғимга зарар етказмасин деган ниятда беш-ўн қадам нарида юрак ҳовучлаб турибман.

—  Кучугинг кўринмайди-ку? – деди  бир маҳал тоғам елка қисиб.

Тоға-жиян ҳушёрликни сусайтирмай ҳовлига кирдик. Боягина ҳовлини бошига кўтариб чопиб юрган Симбадан ном-нишон йўқ эди. Шу пайт тандирхона тарафдан аллақандай куйинди ҳиди келаётганини пайқаб қолдим.

—  Шўринг қурғур Симба жонҳайбатда ўзини ёниб турган тандирга урганга ўхшайди!

Тоғам милтиғини шайлаб тандирга мўралади.

—  Расво бўпти, – деди у жаҳл билан. — Келиннинг кўзи қаёқда эди?

Бечора Симба! Қутургани етмагандай, пешонасига оловда жизғанак бўлиб ўлиш ҳам битилган экан-да… Энди тандирнинг ҳам баҳридан ўтишга тўғри келади.

Кўнглим бузилиб, кўзларимдан ёш чиқиб кетай деди. Истар-истамас  тандирга энгашдим. Ҳайрият, адашибман. Чўғи ланғиллаб турган тандирда куйиб, қоп-қора кўмирга айланиб қолган нонлар тутаётган экан.

Шу пайт эшик ғийқиллаб очилиб, хотиним уйдан чиқди.

—  Симба қани? – сўрадим ундан.

—  Ҳозиргина кўчага югуриб кетди, — деди у тушкун кайфиятда. – Қутурмай ҳар бало бўлсин. Шунинг касрига бир тандир нондан айрилдим.

—  Тағин битта-яримта одамга ташланиб қолса-я! – дедим капалагим учиб.

Тоғам билан Симбани ахтариб қишлоқни кезиб чиқдик. Бироқ лайча ҳеч қаерда йўқ эди. Йўлимизда учраган одамларга вазиятни тушунтириб, эҳтиёт бўлишни тайинладик.

—  Кучугинг бирон кавакда ўлиб-нетиб қолмаган бўлса, уйга қайтиб боради, — деди тоғам.

Икковимиз дарвоза ёнидаги катакнинг панасига бекиниб олиб, Симбани кута бошладик. Тоғамнинг қўлида милтиқ, менда эса тандир косов. Хотин билан болалар эшик-туйнукни беркитиб, деразадан мўралаб ўтиришибди. Симба дарвозадан кириши билан тоғам уни отиб ташлайди. Мободо ўқи хато кетса ёки лайча енгилроқ яраланиб, ҳужумга ўтса, милтиғини қайта ўқлагунича камина уни ҳимоя қилишим зарур. Ўйлашимча, менинг аралашишимга ҳожат қолмаса керак. Чунки тоғам чумчуқни кўзидан урадиган мерганлар тоифасидан.

Дарвозага тикилиб ўтириб Симбага раҳмим келиб кетди. Жонивор қандай ақлли кучук эди-я! Катта ўғлим уни муштдай кучукбачча пайтида аллақаёқлардан топиб келувди. Уч-тўрт ойда бинойидайгина лайчага айланди. Бўйи бир қарич, миттигина бўлгани билан ҳовлимизни унча-мунча бўрибосардан яхшироқ қўриқларди. Дарвозадан бегона одам кирса, шердай ташланарди ўзиям! Унинг шарофати билан қўшниларнинг дардисар товуқлари-ю, ярим оқшом ошхонани ағдар-тўнтар қилиб кетадиган дайди мушукларнинг ҳам қораси кўринмай қолувди.

Қурғурнинг турқи чиройли эди. Таканикидек узун, оқиш тусли жуни нуқрадай ялтираб, кўрган кўзни қувнатарди. Киноларда ажнабий хотинлар бунақа кучукчаларни боласидай бағрига босиб, папалаб юришади.

Шундай кучукдан жудо бўлиш оғир ботади-да одамга! Яқин дўстимнинг ити ўлиб қолганида хотини-ю, болалари билан қаттиқ қайғурганини кўриб кулгим қистаган эди. Энди билсам, унгаям осон бўлмаган экан…

Тоға-жиян анчадан бери дарвозага ҳушёр термилиб ўтирибмиз. Бу орада осмондаги булутлар янаям қуюқлашиб, изғирин шамол эса бошлади. Тоғам-ку қалин чакмонга ўраниб олган, аммо мен юпунроқ кийинганим учун совуқ суяк-суягимдан ўтиб кетиб, оёқ-қўлим тарашадай қотиб қолди. Бунинг устига, очликдан ошқозоним қулдираб, кўнглим беҳузур бўла бошлади. Оғилхонада эса кун бўйи қаровсиз қолган ғунажиннинг овози ўчмайди. Худди мен еб, у қуруқ қолгандай! Тезроқ Симбани бирёқлик қилсак, кейин иссиққина сандалга кириб олиб, тўйиб овқатланардим. Аксига олиб, бу касофатдан шу пайтгача дарак йўқ.

Шомга яқин Қодир тоғамнинг тоқати тоқ бўлиб, ўрнидан турди.

—  Қоронғида мўлжални яхши ололмайман, — деди у. – Лекин сен ҳушёр бўлиб тур. Мободо кучугинг кечқурун қайтиб келса, йўлини қилиб, устидан  сув қуйиб юбор. Қутурган жондорнинг баданига сув тегса, тил тортмай ўлади.

Ҳар эҳтимолга қарши болаларни ҳам тоғамга қўшиб юбордик.  Сўнг хотин билан маслаҳатлашиб, уйга икки челак сув киритиб қўйдик.

Ё, тавба! Жўрттага қилгандай, тоғам кетиши билан Симба ҳовлида пайдо бўлиб қолса денг! Ўзи жуда зийрак кучук эди. Уни отиб  ташламоқчи бўлганимизни сезганга ўхшайди.

Симба деразадан қараб турганимизни кўриб, аста олдимизга келди. Бадбахтнинг аҳволини кўриб баттар эзилиб кетдим. Бир кунда озиб-тўзиб, кумуш тусли жунлари кул сепилгандай хира тортиб қолибди. Паҳмоқ думини осилтириб, шарпадай судралиб юрибди. Тумшуғидан чиқиб қолган тили кўкариб, дўмбирадай шишиб кетган. Ангиллашга ҳам ҳоли келмай, ора-сира бўғиқ товушда хириллаб қўяди.

— Вой, бечора! Адойи тамом бўпти-ку, – деди хотиним йиғламоқдан бери бўлиб.

—  Бояқишга ёрдам беришимиз керак, — дедим хўрсиниб. – Сувни бер менга.

— Балки қутурмагандир? Эртагача шошмай турсак бўлармиди…

— Сенга бундан ортиқ қанақа исбот керак? – дедим баттар жаҳлим чиқиб. – Кўзлари ҳаммасини айтиб турибди-ку.

Хотиним сув тўла челакни қўлимга тутқазиб, нари кетди. Мен аста деразани очдим. Симба шундоққина рўпарамда чўнқайганча менга маъюс қараб турибди.

—  Биздан рози бўл, Симба! – дедим кўнглим бузилиб. Сўнг челакдаги сувни устидан шариллатиб қуйиб юбордим. Симба чап беришга улгурмади. Бошидан тортиб, паҳмоқ думигача жиққа ҳўл бўлди. Ожизгина хириллаб, жонҳолатда дарвоза томонга югурди.

Кечқурун хотиним билан анча пайт Симбанинг қилиқлари, яхши хислатларини эслаб ўтирдик. Икковимизнинг ҳам кайфиятимиз тушиб кетган эди. Хотиним орада бир-икки марта кўзёши ҳам қилиб олди.

Ўлгудай чарчаган эдим. Гапириб ўтириб ухлаб қолибман. Алламаҳалда  хотиним турткилаб уйғотди.

—  Ҳовлида биров юрганга ўхшайди, — деди у ваҳима билан. – Боядан бери аллақандай шовқин эшитиляпти.

Нафасимни ичимга ютиб қулоқ солдим. Ташқарида шамол увиллар, ора-сира ҳовлининг гоҳ у бурчагидан, гоҳ бу бурчагидан сон-саноқсиз шишаларнинг жаранг-журингини эслатадиган овоз эшитилиб қолади.  Майингина, заифгина, лекин юракка қўрқув соладиган сирли бир товуш!

—  Чироқни ёқ-чи, — дедим кийина туриб.

—  Қуриб кетсин! Шу пайтда свет ўчиб қолибди.

Тимирскиланиб деразани топдим-да, ташқарига мўраладим. Ҳаммаёқ зим-зиё, йилт этган ёруғлик йўқ. Нуқул шишаларнинг шалдираши-ю, аллақандай тапир-тупур овоз эшитилади. Бир пайт сирли шовқин дераза томонга яқинлашиб кела бошлади. “Балодан ҳазар” дея шу заҳоти пардани ёпиб, тўшакка кириб олдим.

—  Нима экан? – сўради хотиним хавотир билан.

—  Билмасам… Қоронғида ҳеч нарса кўринмаяпти.

Кутилмаганда шалдир-шулдир овоз шундоққина деразанинг ортидан эшитилиб, ойна қитирлагандай бўлди. Яна аллақандай хириллаш ҳам қўшилди. Хотин шўрлик мени маҳкам қучоқлаб олди. Иситмаси кўтарилган беморга ўхшаб аъзойи-бадани дағ-дағ титрайди. Тўғрисини айтсам, ўзимнинг ҳам аҳволим уникидан пеш эмас. Шалдир-шулдир овозлар сира тинай демайди. Кун бўйи қутурган кучук машмашаси, кечқурун бу дахмаза… Роса бошоғриқ кун бўлди-да ўзиям.

—  Чиқиб қарамайсизми? – деди хотиним зарда билан. – Эркак кишисиз, ахир!

Тоғамнинг милтиғини олиб қолиш эсимга келмаганини қаранг. Ҳечқурса тандир косов ёнимда бўлганида ҳам майли эди. Ақли бор одам бундай пайтда қуруқ қўл билан ташқарига чиқмайди. Истар-истамас ўрнимдан турдим. Аста бориб, деразанинг рафига мушт туширдим.

—  Йўқол бу ердан! – дея бақирдим томоғим бўғилиб. — Йўқса, ҳозир милтиқ билан пешонангдан дарча очиб қўяман!

Сирли махлуқ ҳайбатимдан чўчиди шекилли, ойнани тимдалашни бас қилиб, шалдир-шулдир қилиб қочиб қолди. Ўзимга бўлган ишончим ортиб, анча енгил тортдим.

—  Қўрқма, хотин, махлуқни ҳайдаб юбордим, — дедим салмоқлаб. — Қайтиб уйга яқинлашмайди!

Шу куни эрталабгача ҳовлимизда шалдир-шулдир овоз тинмади. Бунақа пайтда кўзга уйқу келармиди? Бир-биридан ваҳимали ўйлардан миям ғовлаб кетди. Бир пайтлар бувам раҳматлидан эшитган эдим, шомдан сўнг жин-ажиналар ер юзига чиқиб, тонггача изғиб юраркан. Битта-яримта одам йўлида учраб қолса, зиён-заҳмат етказишдан тоймас эмиш. Янаям ким билади дейсиз. Бу дунёда одам боласининг ақли етмайдиган синоатлар оз эмас. Ишқилиб, эртага хўроз-пўроз сўйиб, қон чиқариб юбормасак бўлмайди-ёв!

Аксига олиб, тун аччиқ ичакка ўхшаб  чўзилгандан-чўзилди. Эр-хотин бир-биримизнинг пинжимизга кириб, нафасимизни ичимизга ютганча сирли шовқинга қулоқ тутиб ётибмиз. Кутилмаган синов икковимизни бир-биримизга жуда яқинлаштириб қўйган эди. Бу орада шамол тиниб, шишаларнинг жаранги онда-сонда эшитила бошлади.

Ниҳоят, катакдаги қизил хўроз чўзиб-чўзиб қичқирди. Унинг хирқироқ овози қулоғимга найнинг садосидай ёқимли эшитилди. Парданинг тирқиши ёриша бошлаганда елкамдан тоғ ағдарилгандай енгил тортдим.

Хотиним тонгга яқин ухлаб қолган эди. Уни уйғотиб юбормаслик учун эҳтиёткорлик билан ўрнимдан туриб, эшикни очдим. Ташқарида гупиллаб қор ёғар, ҳаммаёқ оппоқ тусга кириб улгурган эди.

Туйқус таниш шалдир-шулдир овоз шундоққина ёнимда эшитилса бўладими! Ўрнимда қўрқоқроқ одам бўлганида юраги ёрилиб кетиши тайин эди. Не кўз билан кўрайки, остонада Симба менга ялтоқланиб қараб турарди.

Кечаги важоҳатидан асар ҳам йўқ. Дўмбирадай шишиб кетган тили аллақачон ўз ҳолига қайтган. Таканикидай узун жунларига осилиб турган сон-саноқсиз сумалакчалар юрганида бир-бирига урилиб, шалдир-шулдир овоз чиқаради. Аввалига ҳеч нарсага тушунолмай, унга бақрайиб қараб қолдим. Оқшом Симбанинг устидан бир челак сув қуйиб юборганим эсимга тушди-ю, ҳаммасини тушундим. Бечоранинг жиққа ҳўл бўлган жунлари кечаги совуқда музлаб қолибди…

Симба қутурмаган экан.

Маълум бўлишича, лайчаси қурғур қўшнимиз Баҳром аканинг ҳовлисида молларга пиширилаётган қайноқ кунжарани ялаб қўйиб, тилини куйдириб олган экан. Муштдайгина кучукнинг баднафслиги шунча ташвишга сабаб бўлиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз?

Симба-ку омон қолди, лекин унинг дастидан  катакдаги товуқлар азият чекадиган бўлди. Чунки ўша куниёқ қизил хўрозни сўйиб, ихчамгина маросим ўтказиб юбордик.

 

                                                                            

ЮҚУМЛИ  ОДАТ

 

 

Қаранг, ҳаётда баъзи бемаза одатлар ҳам юқумли бўларкан. Бир воқеани айтиб берсам, бунга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қиласиз.

Нормурод ҳам кўп қатори ичиб туради. Лекин кишини хурсанд қиладигани, у баъзиларга ўхшаб “ўчиб” қолмайди. Давраларда ўтириб қолса, шерикларини бирма-бир йиқитиб, ҳеч нарса кўрмагандай туриб кетаверади. Шунга яраша эл-улуснинг орасида ҳурмати баланд. Баъзи хотинлар маст бўлавериб безор қилиб юборган эрини “Нормуродга ўхшаб ичсангиз ўласизми?” дея қарғашади.

Бунинг устига, Нормурод жуда меҳмондўст. Бот-бот улфатларини уйига чорлаб, зиёфат беришни яхши кўради. Ўзи камбағалгина йигит, лекин ҳиммати унча-мунча бойларникидан зиёд. Бир марта тузини тотган одам анча вақтгача уни оғзидан бол томиб мақтаб юради.

Яқинда Нормуродникига узоқроқда яшайдиган жияни Мирзабой меҳмон бўлиб келди. Бундан унинг боши осмонга етди. Тоға-жиян анчадан бери кўришмагани учун бир-бирини соғиниб қолган экан. Кечқурун тўкин дастурхон устида роса ҳангома қилишди. Бирин-кетин бўшаётган шишалар икковининг ҳам қулфи-дилини очиб юборди. Лекин кўп ўтмай Мирзабойнинг кўзлари сузилиб, ўтирган жойида чайқала бошлади. Гап-сўзларидан ҳам маза қочди. Нормуроднинг икки йилча ўсал ётиб, бултур қазо қилган онасини эслаб кўзига ёш олди.

—  Битта-ю битта момомнинг қадрига етмадим, тоға! – деди у кўксига муштлаб. – Уни ҳали-бери ўлади деб ўйламабман. Билганимда кунда-кунора келиб аҳволидан хабар олмасмидим… Моможоним-ов!

Аслида маст бўлишнинг ижобий жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Баъзилар тўйиб ичса, кўнгли юмшаб, анча одамшаванда бўлиб қолишади. Мирзабой ҳам раҳматли момоси касал ётганида бирон марта қорасини кўрсатмаган эди. Ичкиликнинг шарофати билан ана шу хатосини тан олиб, чин дилдан надомат чекиб ўтирибди.

Лекин шакарнинг ҳам ози яхши дейишган. Қўйиб берса, Мирзабойнинг марҳум кампирга атаб марсия айтадиган шашти бор. Нормурод уни тўшакка ётқизди-да, гўдакка алла айтгандай бир амаллаб ухлатди.

Нормуроднинг озгина иримкашлиги ҳам бор. У очилган шишадаги ароқ охиригача ичилмаса, рўзғордан барака кўтарилади деган гапга ишонади.  Шунинг учун яримлаб қолган “яримта”ни ўзи бўшатиб қўйишга қарор қилди.

Хуллас, айвонда ёлғиз ўзи базм қуриб ўтирган эди. Кутилмаганда меҳмонхонадан аллақандай увиллаган овоз эшитилгандай бўлди. У аввалига қўшнимизнинг кучуги улиётган бўлса керак деган хаёлда унчалик эътибор бермади. Аммо ваҳимали овоз тобора забтига олиб, бир чеккада ухлаб ётган хотини ҳам уйғониб кетди.

— Ичкарида бўри увиллаяптими?

Меҳмонхонада жияни ётгани эсига тушиб, Нормуроднинг капалаги учиб кетди. Хонтахтанинг тагида юмалаб ётган бўш шишани қўлига олиб ўшаёққа югурди. Эшикни шарақлатиб очиб, меҳмонхонанинг чироғини ёқди.  Ҳайрият, уйда бўри йўқ экан…

Унда ваҳимали овоз қаердан келаётган экан, дейсизми? Гап шундаки, қават-қават кўрпачада ялпайиб ухлаб ётган Мирзабой уйқусида осмонга қараб ув тортаётган экан.

Одам боласи чин дилдан увилласа, бўри-ю шоқоллар ҳам уятдан ер чизиб қоларкан. Мирзабой ҳам бу ишнинг жуда ҳадисини олган шекили, чўзиб-чўзиб, оҳангдор нола қиляпти. Баъзан нафас олмасдан бирига  иккинчисини улаб юборади. Овозида чексиз ғам-ғусса, ҳасрат бор. Эшитган одамнинг кўнгли бузилиб, кўзига ёш келади.

Нормурод хотинининг олдида жуда изза бўлди. Жиянини турткилаб-силталаб бир амаллаб уйғотди.

— Нега увиллайсан? Ёки бирон жойинг оғрияптими? – деб сўради ундан.

Кайфи тарқаб улгурмаган Мирзабой жавоб ўрнига қонталаш  кўзларини хунук олайтириб қўйиб, яна ўзини тўшакка ташлади. Нормурод бир текис ётса овози ўчар деган умидда унинг бошидан ёстиқни олиб қўйди. Лекин хаял ўтмай жияни ёқимсиз хонишини қолган жойидан давом эттирди. Унинг дастидан Нормурод эрталабгача мижжа қоқмай чиқди.

Мирзабой чошгоҳга яқин ҳеч нарса бўлмагандай бардам-хушчақчақ бўлиб уйғонди. Афтидан, оқшом увиллаганида ичидаги ғуборлари ювилиб кетган бўлса керак. Лекин Нормуроднинг аҳволи мақтагулик эмас эди. Уйқусизликдан улкан калласи баттар оғирлашиб, қовоқлари дўмбирадай шишиб кетган. Қулоқларининг тагида қовоғарининг ғўнғиллашига ўхшаган овоз эшитилади. Наҳорликда бир-икки пиёла ичсам ўзимга келарман деб умид қилган эди. Лекин бу тадбир ҳам кор қилмади. Мирзабойнинг эса баттар қулфи-дили очилиб кетди. У анча вақт бир нималарни валдираб ўтирди, бироқ Нормуроднинг калласига ҳеч нарса киргани йўқ.

Ниҳоят Мирзабой тоғасининг дастурхони энигаям-бўйигаям кенгайишини тилаб дуо қилиб, ўрнидан турди.

— Бир-биримиздан узоқлашиб кетмайлик, тоға, — деди у кета туриб. – Вақт топиб сиз ҳам бизникига ётадиган бўлиб боринг. Мириқиб гурунглашамиз.

— Насиб… – дея ғулдиради Нормурод ён томонга қийшая бошлаган калласини қўли билан тўғрилаб қўйиб. Мирзабой у билан қуюқ хайрлашиб, уйига жўнади.

Нормурод кун бўйи жиянининг аҳволидан қайғуриб юрди.

— Одам ҳаддини билиб ичмаса қийин-да, — деди у кечқурун хотинига афсус билан. – Шўртумшуқ бу кетишда адойи тамом бўлади. Бугунча меҳмон деб иззатини қилдим. Бирон кун уйига бориб, яхшилаб насиҳат қилиб келмасам бўлмайдиганга ўхшайди. Жондай жияним, ичим ачийди-да.

Кўп ўтмай Нормурод тоғалик бурчини адо этиш учун жияниникига йўл олди. Шу кетганича эртаси куни шомга яқин чайқала-чайқала уйига кириб келди. Тоға-жияннинг тупроғи бир жойдан олинган, дейишади. Мирзабойникида ҳам меҳмондорчилик қуюқ бўлгани кўриниб турарди.

— Жиянни роса тузладим, — деди у  хотинига мақтаниб. – Бизникида қилган бемазагарчилигини… рўй-рост бетига айтдим. Одам деган бўрига ўхшаб улиса, ҳайвондан нима фарқи қолади… дедим. Оғзимга келганини қайтармадим. Насиҳатим таъсир қилди каллаварамга! Шўрқиллаб йиғлаб қўяверди… “Келининингиз ҳам шу одатимни юзимга солавериб безор қилди. Тавба қилдим, тоғажон, эртадан бошлаб ичишни камайтираман” деб сўз берди… Ишқилиб, борганим яхши бўлди, хотин…

— Ҳа, қойиллатибсиз, — уни маъюс кузатиб ўтирган хотини маъноли бош чайқаб қўйди.

Нормурод жиянига панд-насиҳат қилавериб чарчаган шекилли, бир пиёла чой ичишга ҳам ҳоли келмай ухлаб қолди. Хотини одатдагидай рўзғор ташвишлари билан андармон бўлиб кечроқ ётди. Лекин у кўзи илинар-илинмас шундоққина ёнида эшитилаётган аллақандай қўрқинчли овоздан чўчиб уйғониб кетди. Не кўз билан кўрсинки, қаватида чалқанча ухлаб ётган эри дўрдоқ лабларини чўччайтирганча бўри бўлиб увларди…

Хуллас, бояқиш Нормурод савоб иш қиламан деб кутилмаганда шундай иллатга дучор бўлиб ўтирибди. У жуда ориятли йигит. Кунда-кунора увиллаб, уйдагиларнинг ҳам, қўшниларнинг ҳам тинчини бузаётганидан доим кўнгли хижил бўлиб юради. Ўзини дами ўткир домлага ўқитди, қўшноч кампирга аласлатди, лекин фойдасини сезмади. Яқинда азза-базза шаҳарга бориб, катта дўхтирларга ҳам кўриниб келди. “Ҳозирча бу касалликнинг давоси топилгани йўқ,  — дейишибди улар. – Бирон янгилик бўлса, ўзимиз хабар берамиз. Унгача сиз бемалол увиллайверинг, бунинг ҳеч қандай зарари йўқ”. Шундан бери Нормурод умид билан дўхтирларнинг хабарини кутиб юрибди.

          

Ғафур Шермуҳаммад

 

Сайт бўлими: Ўзбек насри

Қўшимча:

БОЙЧЕЧАК – БАҲОР ҚЎШИҒИ ЭМАС БОЙЧЕЧАК – БАҲОР ҚЎШИҒИ ЭМАС
Уйғониш, уйғониш буюк уйғониш Уйғониш, уйғониш буюк уйғониш
ТОИР АКА КУТГАН ТОНГЛАР ТОИР АКА КУТГАН ТОНГЛАР
ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ! ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!