"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Азиз ҚАЮМОВ. ЗАЛВОРЛИ БОСҚИЧ

Ўқилди: 685

МУНОСАБАТ

Юртбошимизнинг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисидаги” фармони “Ҳар қайси халқнинг она тили ва адабиёти унинг миллий руҳи ва ўзлигининг, маданий-маърифий олами, миллий ғоясининг асоси ҳисобланади”, деган сўзлар билан бошланади. Бениҳоят ҳақ гап. Ушбу фармон давлатимиз томонидан ўзбек тили ва адабиётига диққат-эътиборнинг юксак ва ёрқин намунасидир. Она тилимиз Давлат тилига айланди, бу асосда кўплаб ишлар қилинди. Аммо ҳали олдимизда катта вазифалар турибди. Бу университет эса, ўзбек тили ва адабиётини тараққий эттиришда асосий таянч даргоҳ бўлади. Айни пайтда ўзбек-инглиз таржима факултети очилиши ҳам ғоят муҳим аҳамиятга эга. Зеро, бу ўзбек тилини халқаро мулоқот воситаси даражасига етказиш йўлларидан биридир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаолияти дунёдаги саноқли тиллардагина олиб борилади. Аммо уларнинг орасига туркий тиллардан бирортаси киритилмаган. Ўзбек тили туркий тиллар орасида энг бой ва қадимийси. Бугун унинг келажаги сари ҳам дадил одимлар ташланяпти. Жаҳон бўйлаб бизнинг тилни ўрганишни истаганларга ҳам ёрдам беришимиз, ўзбек тилининг халқаро обрў-эътиборини кўтаришимиз,  дунёга ёйишимиз керак. Шундай даврлар келди.

Фанлар академияси қошидаги институтнинг университет таркибига киритилиши айни муддао. Илмий тадқиқотлар ўқув жараёнидан айри бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, ўқув жараёни илмий тадқиқотлар асосида ташкил этилиши мақсадга мувофиқдир.

Таъкидлаш жоизки, келгусида биз туркий тиллар оиласига кирувчи қардош тиллар бўйича ҳам илмий тадқиқотларни амалга оширишимиз учун кенг имкониятлар очилади.

Мазкур Фармон ўзбек тили ва адабиёти тараққиётида янги босқични бошлаб беришига ишонаман.

 Азиз ҚАЮМОВ, академик,

“Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби

Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси 2016-йил 20-май (4368)

Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти
Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим
Мард ўғлонлар номи барҳаёт! Мард ўғлонлар номи барҳаёт!
Адиб даҳосига эҳтиром Адиб даҳосига эҳтиром