"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Маҳмуд ТОИР. ҚАДРИЯТИМИЗ ҚУДРАТИ

Ўқилди: 612

МУНОСАБАТ

Тил — дилнинг сўздаги саодати. Тил — изҳори дил учун Яратгандан бандаларга ато этилган ноёб неъмат. Ўз орзу-ўйлари, ҳайрату ҳавасларини она тилида бийрон ифода қилаётган инсон том маънода бахтли. Боиси, олам сўздан яралган, одам сўздан яралган. Сўз — гулдан нафис, тиғдан ўткир. Ҳазрат Навоий лутф қилганларидек:

Ҳам сўз ила элга ўлимдан нажот,

Ҳам сўз ила топиб ўлик тан ҳаёт.

Сўздаги бу ҳаёт — норасида гўдак учун она сути билан тенг қувватга эга, она алласи ҳам шу билан мужассам. Сўздаги ҳаёт — куч-қудратга тўлган, ўзлигини англаган фарзанд учун нафс ноз-неъмати ила ёнма-ён тургувчи қалб неъмати — ота-она дуосида ҳам нурланиб туради.

Шу боис она ҳурмати — она тилига бўлган эъзоздан бошланади. Ҳар элнинг овозаси шу эл тили билан жаранг топади. Бугун Ўзбек деган сўзнинг жарангини дунё аҳли ўзга товушлардан ажратиб олди. Чунки бу миллат тилида яратилган маънавий-маърифий, бадиий мерос дунё халқларининг меросига айланиб бўлган. Ўз авлодларига ўз тилида шундай улкан хазина қолдирган аждодлар ҳамиша эъзозу эътирофга муносиб. Шу улуғ аждодларнинг аввалида турган буюк бобокалонимиз Алишер Навоий айтадилар:

Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз.

Афсуски, мустабид тузум нафақат тилимизга, аввало, халқ сифатида барча эътиборсизликни ўзимизга кўрсатди. Қора тарих йилларида халқимиз ҳеч муболағасиз бу дунёнинг бор азоб-уқубати, хору зорлигини бошдан кечирди. Жамики инон-ихтиёримиз ўзимиздан тортиб олинди. ўуруримиз топталди, қадриятларимиз оёқ ости қилинди. Биз орзуси армонга айланган, кўзи очиқ, аммо дунёни кўришдан маҳрум, тили бор, лекин сўзлаш таъқиқланган халққа айландик.

Дилни тирнаб, тилни тишлаб яшаган 80-йилларнинг поёни, мустақиллигимиз остонасида миллатимизнинг қалб кўзини очадиган, лоқайдлик уйқусидан уйғотадиган, ўз тилида баралла жаранглайдиган  бир сўз керак эди: Энди бундай яшаб бўлмайди. Тўғрироғи, шу сўзни айта оладиган улкан, шижоатли қалб керак эди халқимизга.

Бу сўзни муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримов айтдилар. Бу сўз аввал дилдан тилга кўчди. Кейин эл ичра яхлит зиё бўлиб ястаниб таралди. Элни уйғотгувчи уйғоқ сўз.

Ишонч — инсон қалб тубидаги бир пўртана. Агар у юз очса, унинг соҳибига ғойибдан куч ато этади, томирида қони қалқийди, чеҳрасида офтоб юз очади. Жисмида қудрат, йўлида нур пайдо бўлади. Шу боис ўзига ишонган одамни енгиш анчайин мушкул. Бундай инсон улуғ мақсадлар сари йўл бошласа унга бутун эл эргашади.

Қалтис замоннинг қаҳр қалқонини парчалаб ўтиш қийин бўлган йилларда Юрт эгаси эл қалбига шу ишончни жойлаштиради. Бу юртимизда 1989 йили «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ва ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши бўлди. Миллат сифатида ўз Ватанимизда эркин нафас оладиган, овозимизни баралла қўйиб, ўз тилимизда гапирадиган кунларга етиб келганимизнинг шукронаси янгради.

ўурур — аслида мавжуд имкон ортидаги туйғу. Қолаверса, ғурурни уйғотувчи имконият қонун йўли билан тасдиқланса янада гўзал. Демоқчимизки, нафақат ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди, мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг ўз она тилини ривожлантириш ва ундан эркин фойдаланиш имкони Конституциямизда ўз ифодасини топди. Бугунги кунда юртимизда таълим-тарбия муассасалари ва оммавий ахборот воситалари еттита тилда фаолият олиб бораётгани фикримизнинг ёрқин исботидир.

Давлатимиз раҳбарининг оқил ва доно сиёсати, бевосита раҳнамолигида бизга аждодларимиздан мерос бўлиб қолган, аммо мустабид тузум даврида қадр топмаган, унутишга, унутилишга маҳкум қилинган барча моддий ва маънавий бойликларимиз кунма-кун, ойма-ой, йилма-йил ўз қадри, ўз номи билан элимизга қайтарилди. Қайтарилганда ҳам қадимий улуғлигига улуғлик қўшиб, буюк аждодларимизнинг қутлуғ номлари оқланиб, асарлари қайта нашр этилиб, манзиллари улуғ зиёратгоҳларга айлантирилиб қайтарилди.

Шу ўринда биз қалам аҳлига, эл ардоғидаги устозларимизга давлатимиз томонидан кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун алоҳида мамнунлигимизни изҳор қилиш ҳамиша катта қувонч бағишлайди. Айни пайтда юртимиз шоир ва ёзувчилари, маърифат соҳиблари зиммасидаги вазифаларни тўла-тўкис кўрсатиб берган, Президентимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч», «Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор» рисолаларини ҳар бир ижодкор ўзи учун дастуриламал деб билади, албатта.

Бошқа касб соҳибларининг меҳру муҳаббати билан эътирофини заррача чекламаган ҳолда айтиш жоизки, ижодкор халқи учун ўз она тилига берилган эътибор қалбларга ёқилган машъала билан баробар. Халқимиз маънавиятининг ривожи йўлида қилинаётган барча эзгу ишларнинг узвий давоми сифатида Президентимиз Ислом Каримовнинг «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармони биз ижодкорларга беҳад чексиз қувонч бахш этди.

Чунки мустақил юртимизнинг эртанги эгалари, дунёга бўйлаётган ёш авлод учун ўз она тилини мукаммал билиш сув ва ҳаводек зарур. Қолаверса, ўзлигини англаган, она тили гўзаллигидан завқ ололган, уни улуғлигини ҳис қилган инсонгина бошқаларни бу сарчашмадан баҳраманд қила олади. Шу ўринда университет таркибида ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш факултетларига қўшимча ўзбек-инглиз таржима факултетининг ҳам ташкил этилиши ижодкорларимизнинг асрий-азалий орзу армони эди. Чунки миллатимиз адабиётининг сара намуналарини дунёга олиб чиқадиган моҳир таржимонларнинг ўзимизда камол топиши қанчалар қувончли ва ғурурбахш.

Албатта, яратилган барча имкониятлар кишига ҳузур бағишлайди. Шукур қиласан. Аммо бу ҳузур ва шукронанинг замиридаги масъулиятни унутмаслик зарур. Меҳнаткаш, оқкўнгил ва хоксору камтар халқимиз ўз ижодкорларидан инсоннинг қалб кўзини очадиган, дардига малҳам бўладиган, ёшларни фидойиликка, ватанпарварликка ўргатадиган, асрий қадриятларимизга эъзозу эътибор билан қарашга даъват этувчи асарлар кутмоқда.

Чунки жаҳон аллақачон кенг бағрларини очиб турибди, биз ижодкорлар жаҳонга қачон чиқамиз, қандай чиқамиз, деган савол бизни ўйлантиради. Унга жўяли жавоб топиш учун эса жўшқин қалб, тийрак нигоҳ, нурли қалам керак. Дунё адабиётининг улуғ алломалари қаторида турган улуғ боболаримизга ҳамиша муносиб бўлайлик.

 

Маҳмуд ТОИР,

Ўзбекистон халқ шоири

Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси 2016-йил 20-май (4368)

/p

Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

Шоир Носиржон Жўраев ёш ижодкорлар даврасида Шоир Носиржон Жўраев ёш ижодкорлар даврасида
Озод ва обод Ватан мадҳи Озод ва обод Ватан мадҳи
Китобсиз қалб – чироқсиз уй Китобсиз қалб – чироқсиз уй
«Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти «Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти