"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Кумуш АБДУСАЛОМОВА. АБАДИЯТ ИЛДИЗЛАРИ

Ўқилди: 461

МУНОСАБАТ

“Алишер Навоий” метро бекати. Бир гуруҳ сайёҳлар бекатни томоша қилиб, ҳайратланиб юрибди. Фар­ҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун гўёки “Хамса” достонидан чиқиб ушбу манзилни макон тутгандек таассурот уйғотади кишида. Меҳмонлардан бири — хушсурат француз хоними ўз тилида таржимон йигит билан мутафаккир бобомизнинг бой мероси ҳақида фикр­лаша бошлади. Уларга ғурур билан қараб қўйдим: улуғ бобомизни бутун дунё танийди! Бекатдан чиқишим билан рўпарамда Алишер ­Навоий номидаги адабиёт музейи намоён бўлди! Шеърият мулкининг султони бўлган бобомиз шу жойдаги ҳайкал тимсолида бахтиёр набираларига меҳр ила тикилиб, тил ва сўз ҳақида шундай деяётгандек:

Эй сўз, не бало ажаб гуҳарсен,

Гуҳар неки, баҳри мавжварсен.

Шу беназир сатрлар сабаб барча ёшларни бирдай хушнуд этган Президентимизнинг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ёдимга тушди.

1989 йил 21 октябр Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган муборак кун. Бу кун қандай қутлуғ бўлса, мен учун янги университетни ташкил этиш борасидаги фармон қабул қилинган сана ҳам худди шундай азиз ва мукаррамдир. Ўзбек тили ва адабиётига меҳр қўйган, она тилимизни мукаммал ўрганган ҳолда адабиётимизни инглиз тили орқали дунёга олиб чиқмоқчи бўлган ёшлар ушбу университетда таҳсил олишлари қандай яхши. Университет ҳовлисини тил тилсимининг беназир билимдони, бобомиз ҳазрат Навоийнинг ҳайкали безаб туриши қувончимизни икки карра оширгани ҳам рост. Ушбу янги олий ўқув юрти уч дарёдан тўйинадиган денгизга ўхшайди. Бу денгиз халқимизнинг асрлар давомида авайлаб, асраб келган хазинаси — она тилимиздир.

Фармонда белгиланишича, янги университет уч факултетдан иборат  бўлади. Бундан ташқари, университет қошида Илмий-тадқиқот институти ҳам фаолият олиб борар экан. Ҳаяжонли янгиликларни ўқишда давом этамиз. Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи янги университет таркибига кириб, унинг асосида Ўзбек тили ва адабиёти музейи ташкил этилади. Она тилимиз учун ташкил этиладиган муҳташам музейни тезроқ кўргим келиб кетди. Кўз ўнгимда асрлар давомида вақт тўфонларига бардош бериб келаётган минг йиллик қўлёзмалар пайдо бўлди.

Юртбошимиз томонидан қабул қилинган Фармонни ўқир эканман, она тилимизнинг илдизлари абадият заминига янада чуқурроқ кириб боришига астойдил ишондим.

Метродаги француз хонимни эсладим. Уни тўхтатиб: “Кечирасиз, хоним! Яна бир хайрли ишдан, хушхабардан сизни хабардор этмоқчиман! Юртимизда янги университет ташкил этилмоқда. Унда ўзбек-инглиз таржимаси факултети ҳам бор. Навоий бобомнинг ва бошқа забардаст ўзбек адабиёти вакилларининг асарларини бемалол инг­лиз тилида ўқишингиз мумкин!” дегим келди.

Йўлимда давом этдим. Мана, Алишер Навоий номидаги Миллий боғ, Алишер Навоий номидаги кинотеатр, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона! Энди йўлимда учраган ҳар бир ватандошимнинг юрагида Ул буюк зот бўй кўрсатгандек бўлаверади.

Кумуш АБДУСАЛОМОВА,

ЎзМУ талабаси

Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси 2016-йил 20-май (4368)

Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ