"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ. ОЛАМШУМУЛ ЭҲТИЁЖ

Ўқилди: 502

МУНОСАБАТ

Давлатимиз раҳбарининг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони ўзбек тили ва адабиётининг ривожланиш жараёнида туб бурилиш ясайдиган тарихий ҳужжат бўлди.

Ўзбек тили ва  адабиётини энди факултет ё институт миқёсида эмас, балки университет миқёсида, фундаментал тарзда ўрганиш, она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур тад­қиқ қилиш, унинг кенг имкониятларини ҳаётнинг турли жабҳаларида татбиқ этиш, қўлланиш доирасини кенгайтириш мақсадида чиқарилган фармон биз филолог олимларни чексиз руҳлантириш баробарида, зиммамиздаги масъулиятни ҳам оширмоқда.

Фармонда белгилаб берилган вазифалар фақат янги очилаётган университет ходимларигина эмас, балки ўзбек тилининг бугуни ва келажаги ҳақида қайғурадиган зиёлилар, олимлар ва ижодкорларнинг, қолаверса, ҳар бир юртдошимизнинг қалб амри, виждон садосига айланиши лозим. Турли соҳаларда хизмат қилаётган ҳар бир ходим ўз соҳасини ривожлантириш баробарида ўзбекча атама ва иборалар, тушунча ва истилоҳларни излаб топиш ва амалиётга жорий этишни ўзининг маънавий бурчи деб ҳисобламоғи даркор.

Иккинчидан, ўзбек тили ва адабиётининг таълими ва тадқиқига ихтисослашган олий ўқув юртининг очилиши республикамизнинг бошқа олий ўқув юртларидаги филология факултетлари фаолиятининг янги сифат босқичига кўтарилишини тақозо этади. Янги университетнинг битирувчи кадрлари билан бемалол бўйлаша оладиган, ўзбек тили ва адабиётининг хос хусусиятлари, илмий-назарий асослари ва тарихий илдизларини теран ўзлаштирган, янги таълим технологияларидан самарали фойдалана оладиган мутахассисларни етиштириш учун вилоятлардаги университет ва педагогик институтларда фаолият юритаётган профессор ўқитувчиларимиз ҳам ўзбек адабиёти тарихи, ўзбек тили, фольклоршунослик, ўзбек тили ва адабиёти таълими, жаҳон адабиёти, адабиёт назарияси ва таржимачилик асослари каби кафедраларда бирлашиб, изланишлар олиб боришлари мақсадга мувофиқ. Чунки қарорда белгилаб берилган вазифаларни бирлашган кафедраларда, умумийлик ва юзакиликка олиб борадиган тузилмаларда амалга ошириш имконсиз. Ҳар бир кафедра ўзига юклатилган вазифани аниқ белгилаб олиши ҳамда таъбир жоиз бўлса, ўз илмий стратегиясини ишлаб чиқиши лозим бўлади.

Учинчидан, бугунги кунгача илмий доираларда нисбатан тарқоқ, “автоном” тарзда фаолият олиб бориш тамойили устунлик қилиб келаётгани, адабиётшунослик ва тилшуносликда қўлга киритилган талай илмий янгиликлар ана шу тарқоқлик сабабли оммалашмагани, умумлаштирувчи, фундаментал тадқиқотлар жуда кам амалга оширилгани ҳеч кимга сир эмас. Янги университет илмий кучларни бирлаштиришга, пойтахтдаги филолог олимларнинг ягона илмий ва таълимий муассасада бир ёқадан бош чиқариб фаолият юритишларига имконият яратиб беради. Минтақалардаги олий ўқув юртлари ҳам етакчи университетлар қошида бирлашиб, вилоятлардаги кадрларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш, ўзбек тилининг асл табиати ва хусусиятларини акс эттиришга ёрдам берадиган тадқиқотлар яратиш, мавжуд илмий мактаблар, анъаналарни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳам фармонда назарда тутилган мақсад-муддаоларни амалга оширишга кўмаклашади.

Айниқса, узоқ йиллар давомида ўзбек адабиётшунослиги ва тилшунослигининг асосий марказларидан бўлган Самарқанд давлат университетининг филология факултетидаги  илмий мактаб замон талабларига мувофиқ ҳар томонлама ривожланишига мустаҳкам маънавий асос бор. Қолаверса, она халқимиз шуҳратини оламга ёйган қайси улуғ аждодимизнинг ҳаёт йўлига назар ташламайлик Самарқанд шаҳри, Самарқанд муҳити, Самарқанд мактаби бу зотларнинг умр йўлларида муайян мақомга эга бўлганига гувоҳ бўламиз. Рудакий ва Имом Бухорийдан бошлаб Соҳибқирон Амир Темур ва Мирзо Улуғбеккача, Абдураҳмон Жомий ва Хожа Аҳрор Валийдан тортиб Мир Алишер Навоий ҳамда Мирзо Бобургача ўз қисматларини Самарқанд тақдири билан муштарак, деб билганлар, илм-фан, дину диёнат, маданият ва санъатнинг бешиги бўлган бу муқаддас маконга ҳамиша ўз эҳтиромларини изҳор этиб турганлар. Ўз навбатида, Самарқанд аҳли ва Самарқанд мактаби намояндалари бу улуғ зотларнинг шуҳратини оламга ёйишга баҳоли қудрат ҳисса қўшганлар.

Жумладан, миллий маънавиятимизнинг яловбардори, ўзбек мумтоз адабиётининг асосчиси Мир Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганишда самарқандлик олимларнинг ҳиссаси беқиёс. Алишер Навоийнинг сиёсий фаолиятини ёритувчи илк тарихий манба Абдураззоқ Самар­қандийнинг “Матлаъи саъдайн ва мажмаъи баҳрайн” асари бўлса, унинг ижодий фаолияти ва шоирлик салоҳияти ҳақида қимматли маълумот берувчи илк манба муаллифи бошқа бир самарқандлик шоир ва олим – Давлатшоҳнинг “Тазкират уш-шуаро” тазкирасидир. Самарқандлик бу икки олим ҳали Мир Алишер ҳаётлиги пайтидаёқ навоийшуносликни бошлаб берганлар ва ушбу анъана асрлар давомида бошқа олимлар томонидан изчил давом эттирилиб келинмоқда.

ХХ асрнинг биринчи чорагидан бошлаб, навоийшунослик фаннинг алоҳида тармоғи сифатида шакллана бошлади. Камоли қониқиш билан қайд қилиш лозимки, Алишер Навоий ҳақидаги дастлабки мақола ва тад­қиқотлар айнан Самарқанд илмий ва адабий мактаби намояндалари томонидан яратилди. Абдурауф Фитрат ва Вадуд Маҳмуднинг мақолалари бу соҳадаги дастлабки қадамлар бўлди. Кейинчалик бу жараёнга Садриддин Айний, Абдураҳмон Саъдий, Воҳид Абдуллаевлар қўшилиб, Самарқандда том маънодаги навоийшунослар мактабига асос солдилар.  Бу устозларнинг давомчилари – Содиқ Мирзаев, Ботирхон Валихўжаев, Раҳмонқул Орзибеков ва бошқаларнинг тадқиқотларида ҳам Навоийнинг шахсияти, ижоди ва дунёқарашининг турли қирралари тадқиқ этилди. Самарқанд навоийшунослик мактабида камол касб этиб, Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги илмий марказларда фаолият олиб борган ва олиб бораётган олимлар ҳақида ҳам кўп ва хўб гапириш мумкин. Уларнинг бу соҳадаги изланишлари ва тадқиқотларини алоҳида эътироф этган ҳолда бемалол айтиш мумкинки, мустақилликдан кейин ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида кузатилгани каби Самарқаддаги навоийшунослик мактаби ҳам ривожланишнинг янги палласига қадам қўйди. Навоий асарлари бўйича учта  докторлик ва бир нечта номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинди, ўнлаб китоб ва монографиялар, ўқув қўлланма ва дарсликлар нашр этилди. Республика миқёсида навоийшуносликнинг долзарб масалаларига бағишланган турли илмий-амалий конференциялар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Университет қошидаги Шарқ қўлёзмалари хазинасида 5000 га яқин қўлёзма, 6000 нусхадан ортиқ тошбосма (литография) китоблари жамланган бўлиб, улар орасида ҳали илмий муомалага киритилмаган, тадқиқ этилмаган асарлар ҳам талайгина. Шу сабабли, самарқандлик ўзбек филологлари зиммасида замонавий ўзбек тили ва адабиётининг долзарб масалаларини ўрганиш баробарида тилимиз ва адабиётимизнинг тарихий тадрижи ҳақида манбалар асосида янги тадқиқотларни амалга оширишдек устувор вазифалар турибди.

Фармонда кўрсатилгандек, ушбу муҳим тарихий ҳужжат ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш ва уни ривожлантириш йўлида 1989 йилдан бери изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг мантиқий давоми сифатида юзага келган. Айниқса, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”га мувофиқ, мамлакатимизда таълим етти тилда олиб борилаётгани ҳамда бошқа миллат ва элат вакилларининг тили ҳақида ҳам ғамхўрлик қилинаётгани мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, бағрикенг­лик тамойиллари устувор бўлишини таъминлаб келмоқда. Қўшимча равишда шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, араб ва форс-тожик адабиётларини пухта ўрганмай туриб,  ўзбек мумтоз тили ва адабиётининг шаклланиши ва ривожланиш босқичлари ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш қийин. Чунки асрлар давомида туркий адабиёт араб ва форс адабиётлари билан бақамти ривожланиб, муштарак анъаналар заминида шаклланган ва бир-бирини бойитиб, тўлдирган. Мумтоз шоир ва адибларимизнинг аксари зуллисонайн — икки тилда (айримлари уч тилда) баракали ижод қилганини, ўзбек тили ва адабиёти таълим жараёнида ўарб тиллари билан бир қаторда Шарқ тиллари, айниқса, араб ва форс тилларини ўқитиш, адабий алоқалар масаласига алоҳида аҳамият бериш долзарб вазифалардан эканлигини кўрсатиб турибди. Шунингдек, ўзбек мумтоз адабиёти, айниқса, Навоий ижоди таъсирида шаклланган қардош туркийзабон адабиётларни ҳам қиёсий равишда ўрганиш адабиётшунослигимизнинг навбатдаги вазифалардан ҳисобланади.

Фармонда Университет таркибида ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш факултетлари қатори ўзбек-инглиз таржима факултетининг ташкил этилиши белгиланган. Халқаро адабий алоқаларни, бадиий таржима соҳасини янги, юқори босқичга кўтаришда бу факултетнинг ўрни ва аҳамияти катта бўлишига ишончимиз комил.

Умуман олганда, тилимиз ва адабиётимиз ривожи, тадқиқи ва тарғиби йўлида ҳал қилувчи вазифалар жуда кўп. Оғриқли нуқталаримиз ҳам талайгина. Бу табиий ҳол, албатта. Чунки тил ҳам, адабиёт ҳам қотиб қолган ақидалар мажмуи эмас. Авлодлар янгилангани каби тил ва адабиётдаги қарашлар, мезон ва меъёрлар ҳам янгиланиб, ривожланиб бораверади. Бизнинг вазифамиз берилган имкониятдан фойдаланиб, Фармонда белгиланган вазифаларни тезроқ ҳал этиб, янги-янги марраларни забт этишга шай турмоғимиз лозим. Ҳаёт ҳақиқати, давр талаби ҳам шу, аслида.

 

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,

Самарқанд давлат университети профессори,

филология фанлари доктори

Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси 2016-йил 20-май (4368)

Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ